Xurshid Davron. Shahidlar shohi yoxud Najmiddin Kubro tushlari. Ma’rifiy qissa (4).

042     Шайх умрининг ярмини илм излаб ўтказган бўлса, қолганини Ҳаққа етишиш даъвосига сарфлади, тариқатда бўлди. Бу йўлдан мақсад – Оллоҳ Таоло, Оллоҳдан мақсад – камолот, камолотдан мақсад – Оллоҳ ишқи, Ҳақ нури, Ёр жамоли. Жамики мавжудот ва маҳлуқот ва заррадан қуёшгача, еру кўк, собиту сайёра шу нур билан ёритилади, шу ишқ билан ҳаракатланади, шу жамол билан муайян уйғунлик ичра ривожланади.

ХУРШИД ДАВРОН
ШАҲИДЛАР ШОҲИ
ЁХУД НАЖМИДДИН КУБРО ТУШЛАРИ
II қисмнинг давоми (4)
022

033Шайх Кубро қамал давомида ҳам сўнгги ойларда орттирган шогирдларига сабоқ беришни тўхтатмади. Ҳар гал шогирдлари тўпланаркан, у бу сўнгги мажлис бўлиши мумкинлигини ўйлар, аммо ичидаги нотинчликни зоҳир этмас, давра қуриб ўтирган йигитларга тариқат моҳиятини англатишга бериларди. Бу галги мажлис ўтган сабоқларни такрорлаш, хотира битилган ўгитларни қайта эслашга бағишланди. Шу сабабдан бўлса керак, суҳбат мавзуи тез-тез ўзгариб турди.

Мажлис ўртасида шайх муридларини ёлғиз қолдириб ташқарига чиқди. Гужум остидаги супада ўтириб ҳаёлга ботди. У ҳеч қачон мажлисни бевақт тарк этган эмас, бу гал нима учун шундай қилганидан ўзи ҳам ҳайрон эди. Қушлар товуши эшитилмайдиган, тун ҳукми тўла қарор топган бир пайт. Шаҳар узра темир, олов ва қон ҳидига булутларнинг, ачимтил ҳиди қўшилиб анқийди. Патила булутларнинг ора-орасида кичик-йирик юлдузлар чарақлаб турарди. Аммо шарқ томондан шакл-шамойили аждарҳолар тўдасини эслатадиган, қўрқинчли, қават-қават булутлар силжиб келар, улар юлдузлардан қуйида вазмин-вазмин судралиб, мағриб томонга оқарди.

Бу темир, олов ва қон ҳидлари шаҳардан ташқаридагиларни ҳам безовта қилаётганмикан? Узоқ қамал давомида ором нималигини унутган кўзларида ғазаб ва ёвузлик чақнаган, пўрсилдоқ лаблари орасидан тупук сачратиб, олисда қолган юртни соғиниб хирқироқ қўшиқ айтаётган, кундуз иссиғидан лоҳас тортган, тун салқинидан хурсанд бўлаётган, ловиллаб ёнаётган гулхан атрофида давра қуриб ўтирган, сасиган мурдаларнинг бадбўй ҳидига аллақачонлар кўниккан, тезак ва тер ҳиди анқиб турган бу ғайридинлар балокаш дунёдан нимани истайдилар?

Уларнинг шаҳар деворлари, томлар устида уйқусиз кўзларини қаршидаги саноқсиз гулханларга тикилиб ўтирган йигитлару-чоллардан, дарвозахоналарда тор чертиб, сармаст қўшиқ айтаётган ўспиринлардан, очликдан шишиб кетган набираларига эртак айтиб ўтирган момойлардан, кўзларини мўлтиратиб сутсиз кўкракларни беҳуда эмаётган чақалоқлардан, унинг даргоҳида давра қуриб ўтирган бу ёш-ялангдан нима истайдилар, уларга қандай қасдлари бор?

Худойим, ўзинг мададкор бўлғайсен, ожиз бандаларингни бу мусибатлардан ўзинг асрагайсан! Ахир, Сен мўминларнинг дўстисан-ку, Худойим! Уларни қоронғи зулматлардан ёруғликка, нурга чиқараман, деб айтгансан-ку, Парвардигоро!

Шайх бирдан ҳушёр тортди. Наҳотки, у суюкли Маждиддин хуни эвазига товон тилаганида, шу балоларни истаган бўлса? Йўқ, асло! Унинг кўкси кучли бир йиғига тўлди. Йўқ, минг карра йўқким, у ҳеч қачон бундай офату-фитналарни тилаган эмас! Зулм қилганга зулм қилинишини тилаганди, холос. Бу балои оташларни бошлаганлар ўзларини дунёнинг султонлари деб санаган кимсалар эканлигини билса-да, у тўсатдан кўксига йиғилган фарёдга ихтиёр берди-ю, кўзларидан тирқираб ёш оқиб, овозсиз, елкалари силкиниб йиғлай бошлади.

Шайх бу ўтар дунёда етмиш беш йилдан ортиқ яшаяпти. Шунча вақт давомида қирқ йил мусофирлик бирла бўлди, етти бор ҳаж қилди, минг мартаба хатми Қуръон амаллади, етмиш мартаба ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.)ни тушида кўрди, муборак юзларига қараб тўймади, муборак каломларини қалбига жойлади. Умрининг ярмини илм излаб ўтказган бўлса, қолганини Ҳаққа етишиш даъвосига сарфлади, тариқатда бўлди. Бу йўлдан мақсад – Оллоҳ Таоло, Оллоҳдан мақсад – камолот, камолотдан мақсад – Оллоҳ ишқи, Ҳақ нури, Ёр жамоли. Жамики мавжудот ва маҳлуқот ва заррадан қуёшгача, еру кўк, собиту сайёра шу нур билан ёритилади, шу ишқ билан ҳаракатланади, шу жамол билан муайян уйғунлик ичра ривожланади.

Оллоҳ билан инсон ўртасидаги робита Қалб орқалидир. Илло Қалб ҳам нур манбаидир, фақат у Оллоҳ нури акс этган кўзгудир, яъни:

Улки ҳусн этти баҳона элни шайдо қилгали,
Кўзгудек қилди сени, ўзини пайдо қилгали.  (Лутфий)

…Қалб Парвардигорнинг ўз бандаларига ато этган неъмати илоҳиятдир. Бу неъмат инсоннинг асл моҳиятидирким, инсон бутун илму-маърифатга Қалб воситасида етишади ва хитоб, азоб, танбеҳ ва талаблар унга қаратилган бўлади. Сўфийлар назарида, Қалб – Оллоҳ руҳининг тахти. Саҳл Тустарий беҳуда “Дил – Арш, кўкрак курсидур”, деб айтмаган эди. Лекин бундан Оллоҳнинг Арши ва Курсиси ирода қилингани йўқ, чунки бу имконсиздир. Балки мурод Қалб инсоннинг биринчи мамлакати ва барча тадбир-тасарруфларнинг илк манбаи эканини таъкидлашдир. Шайх Кубро назарида, Худо борлиқдаги барча нарсада тажассум бўлганидек, у инсонда ҳам, энг аввало унинг Қалбида ҳам мужассамдур, яъни унинг ботиний моҳияти илоҳийдур.

Шайх Шабустарий таъкидлаганларки: “Боргил, сен кўнгил уйингни ораста қил, маъшуқанг келиши учун жой тузат, қачон сен чиқиб кетсанг (яъни, ўзлигингни тарк этсанг), шундан сўнг”. Маъшуқанг (яъни, Оллоҳ) у ерга киради ва жамолини сенга сенсиз зоҳир этади. Бу ҳикматдаги “Сенга сенсиз зоҳир этади” иборасининг маъноси жуда терандир. Бу ибора Оллоҳнинг қудрати, ҳар неки бор нарса унинг иродаси билан яралиши, ҳар неки амал унинг ихтиёри билан содир бўлиши ҳақидадир.

Қалб маъносида яна Имом Ғаззолий бундай ёзадилар: “Улуғлик эгаси, буюк Аллоҳ ҳаққи-ҳурмати, мен Исо алайҳиссаломга нозил бўлган Инжилда кўрдим: “Мурдани жанозага қўйган вақтдан то қабр бошига элтгунча Аллоҳ ўз улуғлиги билан қирқ савол сўрайди. Энг биринчи саволда Аллоҳ айтадики: “Эй бандам, сен неча йиллар давомида бандалар назари тушадиган жойларни поклаб, тозалаб юрдингу, аммо менинг назарим тушадиган Қалбингни ақалли бирон соат ҳам пок тутмадинг. Мен эса умидвор бўлиб, ҳар кун сенинг қалбингга қарайман. Эй бандам, эҳсону карамларига ўрганиб олиб, мендан бошқалар билан нималар қилмадинг. Ҳолбуки, мендан бошқанинг ёди билан нафас олиш ҳам лойиқ иш эмас. Гапир, ё бирор сўз эшитолмайдиган кармисан?!” (Имом Ғаззолий, “Охиратнома”).

Оллоҳ Таоло Арши ва курсисини ирода қилмоқ имконсиз бўлганидек, Оллоҳ висолига етмоқ, у билан гаплашмоқ ҳам бу дунёда имконсиз бир ҳаракатдир. Яъни: “Оллоҳ башар билан гаплашмайди, илло, ваҳий ёки парда орқасидан туриб ёки фаришта юбориб, ўзи хоҳлаган нарсасини ваҳий орқали билдиради. У улуғ ва ҳаким зотдир” (“Шўро” сураси, 51-оят). Парда орқасидан гаплашиш шундай бўлади: Оллоҳ ўзи хоҳлаб мартабасини кўтарган инсоннинг қалбида баъзи сўзларни жо қилади. Қалб пардаси ўраган бу сўзларни эшитиш учун сўфийлар бу пардани кўтармоққа уринадилар. Шу боис сўфийлик моҳияти ғайб асрорини англамоқ ҳаракатидир, у ҳаракат иштиёқ ва изтироб эвазигадир ва шунинг эвазига илоҳият шууридан нишона кўришдур. Сўфий назарида, ўзни Ҳаққа етказиш унинг висолини кўриш эмас, чунки бу имконсиздир, мақсад Ҳақдан нишона – унинг дилидаги аксини кўрмоққа муяссар бўлмоқдир. Аммо Мавлоно Румий айтганларидек: “Бўй гул бошад далели гулистон”.

Шайх Кубро назарида, Инсон Оллоҳ яратган мўъжизалар ичида мўъжизадир – олам ичра оламдир. Бу митти олам борлиқ инъикосидир. Шундай экан, у Оллоҳ сифатларидан бўлак ҳамма унсурларни ўзида акс эттиради. Оллоҳ ўз Курсисини етти қат осмон устида тиклаган экан, сўфий ҳам унга етишмоқ учун неча қат синовлардан ўтмоғи, бунинг учун тариқатда қабул қилинган талаб ва қоидаларни адо этмоғи, зарур сифатларга эришмоғи лозим бўлади. Яъни: Абу Ҳомид Ғаззолий “Ал-мунқиз мин аз-залол” рисоласида ёзганидек, “Ақл билан эришиб бўлмайдиган ҳодисаларни билиш, тушунишнинг алоҳида йўли имконияти бордирким, бу йўлларнинг бири тасаввуф – сўфийлик йўлидир.

Шайх Нажмиддин Кубро тариқатга оид қарашини ўзининг “Ал-усул ал-ашара”, “Рисола тул-туруқ”, “Вусулу иллоллоҳ”, “Фи одоби соликин” ва бошқа рисолаларида ўз аксини топган сифатлар ва талаблар асосида белгилади. Шайхнинг назарида Худога эришишнинг уч йўли бордир. Уларнинг ичида энг самаралиси учинчи йўл – “тариқушшаттор” (бебок ва мардлар йўли) деб ҳисобланади. Шайх бу йўлни ўташинг ўнта асосий қоидасини кўрсатиб ўтади:

1. Тариқат аввали тавбадир. Бу надомат қилиш, азм билан тарки одат қилмоқ, хусуматдан пок бўлмоқ, қилган гуноҳлардан пушаймон бўлиб, тавба келтирмоқ, тавба дегани эса қайтиш ва тозаланиш демакдир. Бу сифат ва талаблар Қуръоннинг ушбу оятлари асосида бўлиши лозим эди:

“Ким зулм қилгандан сўнг тавба қилиб, яхши ишларга тутинса, албатта Оллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Албатта, Оллоҳ гуноҳларни кечувчи ва раҳмлидир” (“Моида” сураси, 39-оят).

“Албатта мен ким тавба қилса, имон келтирса, яхши ишларни қилса, сўнгра ҳидоятда юрса, мағфират қиламан” (“Тадо” сураси, 72-оят).

“Магар қайсилари тавба қилиб, ўзларини ўнглаб очиқ айтсалар, бас, уларнинг тавбаларини қабул қиламан. Ва фақат Менгина тавбаларини қабул қиламан” (“Бақара” сураси, 160-оят).

Ҳикоят: Саҳл ибни Абдуллоҳи Пустарийдан сўрадиларким: “Тавба нимадир?”
Айтдиким: “Тавба гуноҳни унутмоқдир”.

Сўраган киши айтдиким: “Тавба гуноҳни унутмаслик эмасми?”
Айтдиким: “Йўқ, жафо баёнини вафо айёмида қилмоқ жафодир”.

“Тавба” сўзи шу билан баробар тасаввуф илмида сўфийнинг тариқатга киришига сабаб бўлган воқеани ҳам билдирадики, тазкираларда бу ҳақда кўп нақллар келтирилади.

2. Зуҳд фид-дунйа. Бу тарки зийнат, тарки ҳаво, тарки дунё қилиш, ўзни ҳайвоний нафсониятдан тута билишдир.

Бу сифат Қуръони каримнинг қуйидаги оятларидандир:
“Билингки, бу дунё ҳаёти ўйин-кулги, зийнат, ўзаро фахрланиш, кўп мол ёки фарзанд билан мақтанишдан ўзга нарса эмас: Бу худди бир ёмғирга ўхшайдики, у ёғиб ўтгандан сўнг ўсимликлар қурийди, сарғаяди. Охиратда эса қаттиқ азоб ёки Оллоҳнинг мағфирати ва розилиги бор. Бу дунё ҳаёти ғурурдан иборатдир” (“Ҳадид” сураси, 20-оят).

“Агар сенинг чақириғингга жавоб бермасалар, билки, улар ҳавои нафсларига эргашмоқдалар. Оллоҳнинг ҳидоятини қўйиб, ҳавои нафсига эргашган кишидан ҳам адашганроқ одам борми? Албатта, Оллоҳ золим кишиларни ҳидоятга бошламайди” (“Қасос” сураси, 50-оят).

“Золимлар илмни қўйиб, ҳавои нафсга эргашадилар” (“Рум” сураси, 29-оят).

Шайх ур-раис Абу Али ибн Сино айтганларким: “Зуҳд – бу Тангридан бошқасидан юз ўгирмак демакдир”. Яна айтган эканларким: “Зуҳд, бу нафсни покламоқ эрур”.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор айтар эдиларким: “Менинг сизларга дунёни ман этишим, дунёни сизлардан дариғ тутиш маъносида эмас, балки сизларни дунёдан асрамоқ маъносидадур…”

Ҳикоят: Бир пайтлар Балхда Иброҳим Адҳам деган подшоҳ ўтган экан. Бир куни у шикорга чиқиб, кулонга дуч келиб, уни қувибди. У қулонга яқинлашиб, энди ўқ узай деганда, қулон тилга кириб: “Эй подшоҳ, наҳотки ҳимоясиз жониворларни қирғин қилиш учун онадан туғилган бўлсанг?” – дебди. Шоҳ Иброҳим бу гапни эшитиб, кўп надоматлар чекибди. Саройга қайтиб, кеча-кундузни тоат-ибодатда ўтказа бошлабди.

Кунларнинг бирида одатдагидек ибодат билан машғул экан, кимдир сарой томида юрганини сезади ва навкарларга уни тутиб келишни буюрибди. Сарой томида юрган бир саҳройи чўпон экан. Подшоҳ чўпондан: “Сарой томида не қилиб юрибсан?” – деб сўраган экан, чўпон: “Йўқолган туямни излаб юрибман”, — деб жавоб берибди. Бу жавобдан ҳайратга тушган подшоҳ яна сўрабди: “Саҳрода йўқотиб қўйган туянгни сарой томидан излайсанми?” Шунда чўпон: “Бошда тожу-тахтда ўтириб, Тангри излаб бўладими?” – деб айтибди. Чўпоннинг бу гапини эшитган подшоҳ Иброҳим Адҳам тавба келтириб, подшоҳликни ташлаб, зарбоф хилъатнинг ўрнига эски палос кийиб, вайроналарни ихтиёр этди, Ҳақ субҳану ва таолонинг ризосини қидирди.

3. Таваккул аллаллоҳ. Бу барча ишда ёлғиз Оллоҳга таваккал қилиш, ўтганни эсламаслик, эрта келмасдан унинг ғамини емаслик, шу билан бирга муриднинг муваккилга (пирга) ихтиёрини бериши, улар мисоли ота-боладек муносабатда бўлиши деганидир.

Бу сифат Қуръондаги ушбу оятларидандир:

“Бас, мўминлар ёлғиз Оллоҳгагина суянсинлар!” (“Оли Имрон” сураси, 122-оят).

“Оллоҳнинг изнисиз ҳеч бир шафоат қилгувчи йўқдир” (“Юнус” сураси, 3-оят).

“Оллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Эмди қасд қилсангиз, Оллоҳга суянинг – таваккал қилинг!” (“Оли Имрон” сураси, 159-оятдан).

Шайх Абу Жаъфар Фарғоний дебтурки: “Таваккулни тил билан эмас, дил ила қил. Тил билан қилинган таваккул қуруқ даъво, дил билан қилинган таваккул асл маънодир”.

Носир Хусрав эса хитоб қилганким:

Таваккул қил ҳама ишда ҳамиша,
Аксини қилмагил, ани қил пеша…

4. Қаноат. Бу қаноатда бўлиб, фақирликда яшаш, дунё молига танаффур, ўткинчи матолару ҳавасларга берилмаслик, шоҳлигу-фақирликнинг баробарлиги, бу ишда Пайғамбар (с.а.в.)и исломдан ибрат олиш деганидир.

Бу сифат Қуръондаги ушбу оятлардан мужассам бўлган:

“Албатта, инсон бойлик орттирса, ҳаддидан ошади” (“Алақ” сураси, 6-оят).

“Фақирнома”дан: “Ҳазрати Расули акрам саллаллоҳу алайҳи вассалам айтдилар: “Ал-қаноату канзул лояфни”, яъни қаноат – ганжадурким, ҳаргиз туганмас ва молнинг фойдаси йўқтур, ўлум вақтида мунқатиъ бўлур”.

Мавлоно Жалолиддин Румий айтибдурлар: “Қаноат туганмас бир хазинадир, бунинг ҳақиқатини яхши англашга ғайрат қил. Қаноатнинг фақат номигагина ўрганиб, бир қанча хатоларга, ранж ва азиятларга тушишдан сақлан. Қаноат аҳли ҳар жиҳатдан Оллоҳ ҳузурида хурсанд ва мамнундир”.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний насиҳат қилибтурларким: “Агар сенда дунё талаби кўпайса, дилингни барбод берарсан”,

Ҳазрат Навоий хитоб қилибдурларким:

Шоҳ ул эмаским, бошига қўйди тож,
Шоҳ ани билким, йўқ анга эҳтиёж…

Ҳикоят: “Биров Абу Абдуллоҳ Санжарийдан сўради: “Агар сенга бир филури берсам, нечук бўлғай?” Абу Абдуллоҳ айтдиким: “Агар берсанг сенга яхши бўлғай ва агар бермасанг, менга яхши бўлғай”. Филури танга демакдир.

Қаноат фақр мақомидир.

Ҳикоят: Абу Абдуллоҳ ибн Жилодан фақр хусусида савол бердилар. У хомуш бўлди. Сўнг ташқарига чиқиб кетди ва яна қайтиб кирди. Айтдиларким: “Бу нима қилганингиз?”

Айтдиким: “Уч дона сим (танга) бор эди. Улар ёнимда бўлиб, фақрлик ҳақида сўз айтишдан уялдим. Уларни садақа қилиб қайтдим”.

5. Узлат. Бу хилватга чекиниб юракни поклаш, оломон суҳбатидан кўнгил узмоқ, кўп гапирмаслик, кўп тингламаслик, кўп кўрмаслик деганидир.

Шайх Абулҳасан Харақоний айтибдурким: “Биров билан суҳбат тутмангиз, сиз ҳақ деб турсангизу, ул бошқа бир сўзни айтиши мумкин”. Шайх Абубакр Варроқ Тирмизий айтибдурким: “Кўп сўз айтмоқ кўнгилни қаттиқ қилур”.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний насиҳат қилибдурким: “Халқдан ёввойи шердан қочгандай қоч, хилватни кўзла, бесоқоллар, хотинлар, биъатлар, бойлар ва умуман оми кишилар суҳбатидан йироқлаш”.

Ҳазрати Шамсиддин Табризий айтибдурларким: “Бегоналар суҳбатини истамаслик, муридликни қабул қилишдан аломатдир. Агар киши ногоҳ бегоналар суҳбатига тушиб қолса, шундоқ ўтирсинким, бамисоли масжиддаги мунофиқ, мактабдаги гўдак ва зиндондаги маҳбусга ўхшасин”.

6. Мулозамат аз-зикр. Бу хилватда танҳо ва товушсиз Оллоҳ номини ёд – зикр қилиш, бу билан қалбни ғазаб, ҳасад, беҳуда гап ва амалдан, очкўзликдан, яъни залолатдан тўсиш деганидир.

Бу талаб Қуръони каримдаги ушбу оятлар сабабидандир:

“Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва мени инкор қилмангиз” (“Бақара” сураси, 152-оят).

“Эй мўминлар, Оллоҳни кўп зикр қилинглар! Ва эртаю-кеч у зотни поклаб тасбеҳ айтинглар” (“Азҳоб сураси, 41-42-оятлар).

Парвардигорингизнинг ичингизда ёлвориб, қўрқиб, дилдан эртаю-кеч ёд қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг!” (“Аъроф” сураси, 205-оят).

Зикр қилмоқ ҳамма фикрларнинг хулосасидур. Қуръондаги “Ичингизда ёд қилинг” хитобига асосланган айрим сўфийлар, шу жумладан Ҳазрати Кубро ҳам товушсиз зикр – зикри хуфия, зикри дилга амал қилардилар. Шайх Кубро: “Тилға олинган саноъ ёлғондур”, — деб айтарди.

Машойих шарҳича, энг яхши зикр “Ла илоҳа иллаллоҳ” калимасидур. Ушбу зикр моҳиятида “Ҳар доим Оллоҳни ўзинг билан бирга, ҳамма жойда ҳозиру-нозир, у ҳар нарсадан хабардор ва огоҳ, хилватда бўлсанг ҳам, анжуманда ўтирсанг ҳам, нафасингни ичингга қамаб ихлос билан Унинг номини тилга олиб ёд эт” деган ҳикмат мавжуд.

“Рашаҳоту айнал-ҳаёт” муаллифи Фахруддин Али ас-Сафий ёзади: “Ҳазрати Махдуми Нуриддин Абдураҳмон ал-Жомийнинг айтишларича, Шайх Абулжанноб Нажм ал-Кубро ўзиниг “Фавотиҳ ал-Жамол” рисоласида ёзганларидек, ҳайвонларнинг нафас олиши бир табиий зарурат туфайли нафас оладилар. Лекин ўшандай танаффус, яъни нафас олиш жараёнида инсон ғойибона Ҳақи Субҳонаҳунинг муборак номини зикр қилади. Истаса-истамаса одам нафас олиб, нафас чиқараётган пайтида Оллоҳ Таолонинг муборак номини зикр этади”.

“Ла илоҳа иллаллоҳ” зикри хусусида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори Валий айтмишларки:

Вирди азкор (зикрлар) ичида, эй огоҳ,
Афзали “Ла илоҳа иллаллоҳ”.

Мунда мисраъ бу суврат бўлди,
Вази тағйири зарурат бўлди…

Зикри мазкурга бўлғил машғул,
Бу йўсунликка дегумдур санга йўл.

Нафидин ҳар неки бордур жуз ҳақ,
Йироқ этгил кўнглингдан мутлақ.

Нафйидан сўнгра ки бор илоллоҳ,
Мунда етганда эшит бу дур роҳ.

Билки, маҳбуб ила маъбуд улдур,
Бори эли сожиду масжуд улдур…

Йўқтурур ҳеч илоҳ илло Ҳақ,
Муни тарк айламагайсан мутлақ…

Камина (яъни ушбу қисса муаллифи) XV-асрда яшаб ўтган буюк пири комил – она авлодим, нақшбандия тариқати пешволаридан бири, тасаввуф ҳақида йигирмадан ортиқ рисолалар битган, дастлаб Мирзо Бобурга, ундан сўнг шайбоний султонларга муршидлик қилган, Махдуми Аъзам, Имом ал-Косоний, Хожаи Косоний, Хожагон Аҳмад номлари билан машҳур Саййид Аҳмад Даҳбедийнинг “Рисолаи зикр гуфтан” (“Зикр айтиш рисоласи”) асаридан бу зикр амалини мухтасар ҳолда қайд этаман.

Махдуми Аъзам Худони ёдлаш йўлларидан бири “Ла илоҳа иллаллоҳ”, дейишдир, деб таъкидлайди. Бу зикр мақоми Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг муборак ҳадисларига, яъни “Кимки юракдан “Ла илоҳа иллаллоҳ” деган эрса ва унинг юрагида буғдой донасичалик яхшилик (иймон) бор эрса, дўзахдан чиққусидир”, — деганларига асосланган. Хожаи Косоний ўз рисоласида шайбонийзода Убайдуллахон (Убайдий)нинг бир туркий тўртлигини келтиради:

Эй солик, Тангрини ўзингга ҳамроҳ де,
Ҳозир кўруб, нозир ани, огоҳ де,

Ҳибси нафас айлаб анжуману хилватда,
Ихлос айла, “Ла илоҳа иллаллоҳ” де.

Махдуми Аъзам зикр қилиш ҳақида шундай насиҳат қилади:

Зикр қил, зикр, токи тирик жон,
Худо зикри – бу пок дилингдан нишон.

Хожаи Косонийнинг нақл этишича, зикр пайтида солик эришган даражасига кўра турли ҳолатларга тушади, гоҳ ўздан ғойиб бўлиб, гоҳ ўзларига қайтиб туради. Ўздан кетишни хожа “лобил”, яъни ўзига нозиру Ҳаққа ҳозир, деб айтди.

“Ла илоҳа иллаллоҳ” зикри амали (ҳаракатлари) қуйидагичадир: Энг аввал “Ла” деб бошни юқори кўтариш ва “илоҳа” деганча танани ўнг қўл томонга майл этиш, сўнг “иллаллоҳ” деган ҳамон нафасни ичга қамаб, танани чап томонга бор куч билан ташлаш, яъни ўзни дил томонга отиш. Бу ҳаракатларни “ҳаракати саласа”, яъни “уч ҳаракат” деб атайдилар. Шу тарзда йигирма маротаба “Ла илоҳа иллаллоҳ” дейиш шарт саналган. Бундай зикр айтган киши сўфийлар назарида ўз қалбига яқинлашар, унда огоҳ бўлар, ўзида бехудликлар, мастликлар, кашфиёту ҳайратлар сезар, кўз ўнгида рангин кўринишлар ва ғайбдан хитоб эшитишлар зоҳир бўлар экан.

Зикр айтиш билан эришиладиган ҳолат – ҳолнинг олийси – яқинга етишган сўфийнинг камолот ойнаси қаёнга боқсаям, Худони кўради, деб ёзади Махдуми Аъзам.

Султонул-орифин – Боязид Бистомий айтган эканларки: “Ҳар гал “Ла илоҳа иллаллоҳ” калимасини зикр этишдан олдин оғзимни етмиш бор мушку гулоб билан юваман”. Яна бир улуғ сўфий Хожа Фағнавий эса айтмишларким: “Зикр айтмоқ тили ёлғондан ва ғийбатдан, тамоғи ҳаромдан, дили риё ва хусуматдан пок бўлган кишигагина муносибдур”.

Шоҳ Неъматуллохи Валий эса хитоб қилганким:

Зикр қил, чиқсин ул юрагу жондан,
Ўша пайт айри туш, икки жаҳондан…

“Зикр қилмоқ Оллоҳга етишмоқдир”, — деб ёзган Шайх Саъдий.

Ҳадисдан: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Оллоҳ таоло айтдилар “Агар у менга жамоа орасида сано келтирса, Мен ҳам унга жамоа орасида сано келтираман. Агар банда Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир қулоч юраман. Агар у Мен томон юра бошласа, Мен унга томон югураман”.

Ҳикоят: Хожа Аҳмад Яссавийнинг Иброҳим Ота исмли инисининг ўғли бўлмиш Исмоил Ота муриднинг қўлини ушлаб шундай деган экан: “Эй дарвеш, бир-биримизга тариқат биродарлари бўлдик, мендан бир насиҳатни қабул эт ва бу дунёни бир яшил гумбаз тарзида хаёл қил ва кўз олдингга келтирки, бу гумбазда сен ва Худодан ўзга йўқдур. Шундай зикр қилғилким, на сен қолгил ва на бу яшил гумбаз қолсин – фақат Худонинг ўзи қолсин.

7. Таважжуҳ иллоллоҳ. Бу Оллоҳга бутун вужуд билан интилиш, ҳамма нарсани унутиш деганидир. Ёлғиз Оллоҳга диққатни қаратиш, Оллоҳ билан юзма-юз туриш.

Ушбу талаб Қуръони каримдаги ушбу кўп такрорланадиган оятдандир: “Оллоҳдан ўзга ҳеч қандай Тангри йўқ. Фақат унинг ўзи бордир” (“Бақара” сураси, 255-оятдан).

“Айтгин, Оллоҳдан, осмонлару ерни яратувчидан бошқа дўст ахтарайми…” (“Анъом” сураси, 14-оят).

“Оллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳга ибодат қилма. Ундан бошқа ибодатга сазовор зот йўқ…” (“Қасос” сураси, 88-оятдан).

Али ибн Муҳаммад Вафо айтадиким: “Таважжуҳдан мурод қалбни пок тутмоқ, токим маҳбуб – Оллоҳ унда акс этсин”. “Маҳбуб бўлмиш Оллоҳ муҳиб учун ойна бўлур ва муҳиб бўлмиш сўфий Маҳбуб ойнаси бўлур ва муҳиб айтур:

Тарабфизо чеҳранг сани жоми жаҳонбиним менинг,
Гарчи менинг ҳақиқатим жоми жаҳонбининг сенинг”,

— деб ёзади Шайх Ироқий “Ламаъот” китобининг тўққизинчи ламъасида.

Ҳикоят: Боязид Бистомийнинг бир муриди бор эдиким, йигирма йил давомида шайхнинг хизматини қиларди. Ва ҳар куни тонгда шайх уни кўрганда сўрарди: Эй ўғлон, исминг недир?”
Бир кун мурид айтди: “Эй шайх, ҳар куни чақириб исмимни сўрайсиз, йигирма йилдирки, хизматингизни қиламану, исмимни билмайсизми?”

Шайх Боязид айтдики: “Эй ўғлон, мен сени калака қилмайман. Ёлғиз қолишим билан Оллоҳ номи вужудимни чулғаб, дилимдаги бор нарсаларнинг ҳаммасини сиқиб чиқаради. Сенинг номингни сўраб оламану, унутиб қўяман”.

Таважжуҳ пиру-муршидга ҳам нисбатандир, яъни таважжуҳ орқали улуғ шайхлар руҳига етишишлари мумкин. Ҳазрати Хожа Баҳовуддин Нақшбанд дер эмишларки: “Ҳар қачон қидватул авлиё Хожа Муҳаммад Али Ҳаким Тирмизий руҳиға таважжуҳ воқеъ бўлур эрди. Ул таважжуҳ асари маҳзи бесифатлиғ зуҳури эрди, ҳеч асаре ва гарде ва санаъате мутолаа тушмас эрди”.

8. Сабр. Бу Оллоҳга бутун вужуди билан интилиш йўлида дуч келган машаққату-изтиробларга тоқат қилиш, қийинчиликлардан бўйин товламаслик, сабр билан баробар шукр қилиш деганидир.

Бу талаб Қуръони каримдаги ушбу оятлар (Сабр Қуръоннинг етмиш жойида зикр қилинган) асосидадир:

“Албатта сабрлилар ўз савобларини ҳисоб-китобсиз тўлиқ оладилар” (“Зумар” сураси, 10-оят).

“Сабр қилинглар, албатта, Оллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (“Анфол” сураси, 46-оят).

“Сабр қилмоғингиз ва тақводор бўлмоғингиз улкан ишлардан ҳисобланади” (“Оли Имрон” сураси, 186-оят).

Шайх Кубронинг улуғ шогирдларидан бири, Мавлоно Жалолиддин Румийнинг падари Султон ул-Уламо Баҳовуддин Валадга мансуб “Маориф” асарида битилишича: “Сабр одамга қадр-қиммат бағишлайди ва унинг аҳлоқини бебаҳо гавҳарга айлантиради. Офтоб шуури ва иссиғу-совуқ ва турли шамоллар хом ғўраларни ширин меваларга айлантиргани каби, сабрли кишининг мартабаси улуғ бўлади”.

Ҳазрати Навоий сабрга шундай таъриф берадилар: “Ҳажр шомидек тийра ва узун, аммо ғояти субҳи висол, ҳаж йўлидек қаттиғ ва йироқ, аммо ниҳояти каъбаи иқбол”.

Ҳикоят: Бир куни Сирри Соқатий сабр ҳақида сўзлар эди. бир чаён унга ниш ура бошлади. Айтдиларким: “Нега уни ўлдирмайсан?”
Айтдиким: “Уялдим, чун сабр ҳақида сўзлаётган эдим”.

9. Муроқабаъ. Бу дунёга оид барча фикрдан узилиб, покланишдан камолотга эришган Қалб воситасида Оллоҳ Таолони мушоҳида қилиш, ғайб асроридан огоҳ бўлиш, Оллоҳнинг нури ва жамолини қалб кўзи билан илғаш, фикру-таамул деганидир.

Ҳикоят: Шиблий бир куни Абулҳусайн Нурий қошига етди. Кўрдики, у муроқабаъда ўтирибди. Шундай ўтирибдики, баданидаги бирор тук ҳам қилт этмасмиш”.

Шиблий сўради: “Сен бундай муроқабат қилмоқни кимдан ўргандинг?” Абулҳусайн Нурий айтдики: “Сичқон пойлаб ўтирган мушукдан”.

Шайх Кубро мулозимат аз-зикр ва муроқабаъ мақомида сўфий етишган ҳол пайтида кўзга кўринадиган ранг шуурга ҳам эътибор беришни талаб қиларди. Унинг назарида ҳар бир ранг, ҳар бир шуур маълум маънога эга эдики, улар қалбнинг ҳол пайтидаги сезгиларини акс эттиради.

Кубравия аҳли назарида қора ранг – ишқни, Аллоҳ Таолога интилишни, оқ ранг – Аллоҳ нурини, яшил ранг – Аллоҳдан келадиган ваҳийни, яшил ранг – Аллоҳдан доимий ёғилиб турган билимни англатади. Яшил ранг – ислом рангидир, шунингдек, у сўфий аҳлининг руҳоний устози саналган ҳазрати Хизрнинг рамзи, у зот кийимининг ранги ҳамдир. Бир қатор тасаввуфшунослар “Хизр” калимаси арабча “ҳадира”, яъни “яшилланмоқ”, “яшил бўлмоқ”, “яшиллик” дан деб кўрсатадилар.

Тасаввуфда ранг ва рангсизлик тушунчаси кўп маънода қўлланилган. Баъзи сўфийлар ўлимнинг турларини ҳам ранглар билан ифода этсалар, бошқалари нафснинг етти мақоми саналган: нафси аммора, нафси лавомма, нафси мулҳама, нафси мутмана, нафси розия, нафси марзия, нафси комила (нафси закия) каби етти мақомидаги ҳолларни ҳам маълум ранглар билан тақаббул этадилар.

1. Нафси аммора – олди қалин пардалар билан ёпилган нафс. У ашроқ – мовий рангдадир.
2. Нафси – лавомма – олди ҳарир ва юпқа пардалар билан ёпилган нафс. У асфар сариқ рангдадир.

3. Нафси мулҳама – олди нур-зулмат аралаш пардали нафс. У аҳмар – қизил ранг билан сифатланади.
4. Нафси мутмана – нурли пардалар пайдо қилган нафс. Бу мақом асвад – қора рангдадир.

5. Нафси розия – нурли пардалари кўпайган, қора пардалар озайган нафс. Бу аҳзар – яшил рангдадир.

6. Нафси марзия – олдинги мақомдаги ҳолнинг тараққиёти, яъни нур кўпайиб, қоронғилик озайиб бораётган нафсдирки, унинг ранги абъяз – оқдир.
7. Нафси комила – пардаларнинг тамоман кўтарилиши, зулматнинг йўқолиши. Нафснинг бу мақоми биловат – рангсизлик билан сифатланади.

Биринчи мақомдан еттинчи мақомгача бўлган тараққий чоғида жисмият, зулмоният, касофат камайиб, руҳоният, нуроният, латифат ортиб боради. Ҳар бир нафснинг бир олами, бир сайри, бир ҳоли, бир вориди (дохил бўлмоғи), бир сифати, бир мушоҳадаси, бир исми, бир нури – ранги бордир.

Етти ранг (мовий, сариқ, қизил, қора, яшил, оқ, рангсизлик) етти нурнинг рангидир. Кубравия, нақшбандия тариқатлари ақидасига кўра, зикр билан машғул бўлган сулук юрагида бирин-кетин қизил, сариқ, оқ, яшил ва мовий рангда нурлар зуҳур бўлади. (Бу ҳақда “Рисолаи баҳоия”да батафсил ёзилган.) “Якранг”, “кофирбачча”, “Кўҳи Қоф” каби атамалари билан англатилган рангсизлик ёки якранглик эса Ваҳдат оламидан иборатдур. Шунингдек, ваҳдати вужудни мутасаввифлар динлар орасидаги фарқларни бир ранг фарқидан иборат деб биладилар, ҳаммасининг аслини рангсизлик (беранглик) эканини сўйлайдилар, шу сабабдан ҳаммасига тенг, бир кўз билан боқадилар.

Қосим Ғоний “Тарихи тасаввуф”да ёзади: “Рангларнинг асли – рангсизлик, савашларнинг асли тинчликдир. Рангсизлик рангга асир бўларкан, муссавий муссавий билан савашади. Ранг ўртадан қалқигунча, Мусо Фиръавн билан сулҳдадир”.

Қарийб уч ярим асрдан сўнг Туркистоннинг улуғ шоири Мир Алишер Навоий бу сирли рангларга бағишлаб дилбар ғазал яратди:

Хилъатин то айламиги жонон қизил, сориғ, яшил,
Шуълайи оҳим эсар ҳар ён қизил, сориғ, яшил.

Гулшан этдим ишқ саҳросин самуми оҳдин,
Ким эса ул дашт аро ҳар он қизил, сориғ, яшил.

Орази, холинг била хаттинг ҳаёлидин эрур,
Кўзларимнинг олдида даврон қизил, сориғ, яшил.

Шишадек кўнглимдадир гулзори ҳуснинг ёдидин,
Тобадонинг аксидек алвон қизил, сориғ, яшил.

Лаългун май тутқил олтин жом бирлан сабзада,
Ким булардин яхши йўқ, имкон қизил, сориғ, яшил.

Фақр аро беранглик душвор эрур беҳад, валек,
Хирқада тикмак эрур осон қизил, сориғ, яшил.

Эй Навоий, олтину шингарфу зангор истама,
Бўлди назминг рангидин девон қизил, сориғ, яшил…

10. Ризо. Бу Оллоҳ Таоло жамолини қалб кўзи билан кашф қилиш, Оллоҳ нуридан нишона кўриш даражасига етишгач, тақдирга тан бериш; нима бўлса, уни Худодан билиб, рози бўлиш деганидир. Бу талаб мақомидан сўнг Ишқ сўфийлик ҳолатидан сўфийлик сифатига, яъни доимийликка ўтади – Ризо Кубравия тариқатининг сўнгги мақомидир ва унга етишган солик ўзини Оллоҳга етишган, Унга сингиб кетган, ихтиёрини Ҳаққа топширган деб билади. Унинг руҳи моддий оламдан узилган, ундан заррача умиди қолмаган бўлади.

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг фикрича, ризо сўфий учун энг зарур сифатлардан биридир. Бу сифатнинг маъноси “Ҳамма нарса Худодан экан, барчасига ризо бўлиш керак” деганидир, дейди у. Аммо шу билан баробар, унинг назарида, ризо Оллоҳдан марҳамат тилаш йўлини тўсмайди. Абу Абдуллоҳ Антокий дебтурки: “Икки жаҳон жамоли кашф ва ризодур”. Носир Хисрав эса айтганларким:

Эй дил, ҳар лаҳзада ризо бирла бўл,
Қай ҳолда бўлмагил, худо-бирла бўл…

Шайх Кубро бу ўн талаб ва сифатни жамлаб, ўзининг “Фақирлик ҳақида рисола”сида шундай ёзади: “Бу йўлга кирган мурид дунёю-охиратда озод бўлиб, ёлғиз Оллоҳ Таолонинг ризолигинигина исташи, дилини ўнглаши ва ҳолатини тавба билан гуноҳлар нажосатларидан истиҳлол ва рад этиш билан эса халқнинг зулмларидан халос этиши, дунёю дунё эгаларидан қочиши, охиратга ва унга олиб борадиган воситаларни топишга интилиши, бутун вужуди ва қалби билан Оллоҳнинг ҳузурига юзланиши, зоҳирдагию ботиндаги ҳамма истаклардан воз кечиши, хомуш, сокин, илтижо қилувчи, йиғловчи, ожиз, ҳаёли, фақир, холис, шариатни маҳкам тутувчи, Оллоҳ Таолонинг ҳукмларини билувчи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига эргашувчи бўлмоғи керак”.

Шайх Кубро бу сифатларга эришиш, талабларни тўкис адо қилиш ва синовлардан ўтишда – тариқатда муршиднинг раҳбарлик масъулияти ва заруратини алоҳида таъкидлайди. Унинг фикрича, ёлғиз пир ва муршид назоратида синовлардан ўтиб, Оллоҳнинг ҳузурига юзланиш мумкиндир. Агар Абу Абдуллоҳ Ҳафиф рамзий маънода тасаввуфни саҳро ва тоғлар ошмоқдир, деганини эсласак, пир йўлни аниқ билувчи йўлбошчидир. Пир тоғ ва саҳронинг қай ерида қудуқ борлигини, қаерида манзил қурмоқ мумкинлигини билгани туфайли адашмайди, унга эргашган ҳам йўл йўқотиб, ҳалокатга учрамайди. Шу сабабдан ҳам тариқат остонасида турган солик энг аввал муршидни интихоб қилмоғи, яъни тўғри сайлай билмоғи жуда муҳим саналган. Пирига қўл берган онданоқ солик тўла унинг ихтиёрига ўтади ва итоатдан чекинган мурид гумроҳ саналади, боғбонсиз қолган дарахтга ўхшатилади.

Шунингдек, Шайх Кубро асос солган тариқатда тушни Оллоҳ билан юзланмоқ воситаси билиб, тушни шарҳлай билиш – ваҳийни англаш йўли саналарди. Кубравия машойихи назарида инсон тушида, баъзан ҳол пайтидагидек, ўтмиш, ҳозир ва келажакдан нишоналар кўради. Мўмин киши туши Оллоҳнинг иноятларидан биридир, деб билган сўфийлар тушни беш турга ажратадилар:

1. Хаёлий туш. Бундай тушда одам ўйлаб, хаёл қилиб юрган нарсаларини кўради.

2. Қалбий туш. Бундай туш кўрган одам ўйламаган, билмаган нарсаларини кўради.

3. Нақший туш. Бундай тушда маълум нақш билан белгиланган кароматларни кўрадики, уларни ёлғиз орифларгина шарҳлай биладилар.

4. Руҳий туш. Бундай тушда албатта содир бўладиган воқеалар олдиндан намоён бўлади ва бундай туш орифларга хосдир.

5. Илҳомий туш. Бундай тушда эса ёзувлар ёки малойиклар товуши, кўриниши билан Оллоҳ ваҳийси етказиладики, бу ёлғиз пайғамбарларга хосдир. Қуръони каримнинг кўп оятлари шундай йўл билан Ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.)га етказилган эди.

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Ал-мунқиз мин аз-залал” – “Янг-лишувлардан қутқарувчи” рисоласидан: “Оллоҳ Таоло (баъзи одамларга) пайғамбарликни ато қилиши жуда осон: бундай одамларга Ҳақ субҳонаҳу ва таоло кароматли, хосиятли тушларни кўрсатади. Уйқудаги (бундай) одам ниҳоний, ғойибона келажакда юз берадиган воқеаларни ё аниқ равишда, ё қандайдир мажозий, рамзий йўл билан кўради ёки доно таъбирчилар ёрдамида тушунади”.

…Супачада ўтирган Шайх Кубро шамол кучайганини сезди. Ногоҳ бутун фалакни ялт-юлт ёғдуга чулғаб, чақмоқ чақнади, кетма-кет момогулдурак овози қулоқни қоматга келтирди. Само бир зумда булутлар билан тўсилиб қолди, улар ҳамон шарқ томондан сузиб келар, борган сари қуюқлашиб борарди:

Булутлар жуда пастлаб хуруж қилгани боисиданми, димиққан ҳавога тоқат қилиб бўлмасди. Кучайган шамол қоронғи ва кимсасиз кўчаларда изғиб юрар, чангни тўзғитиб, ойналарни зириллатарди, дарвозаларни ғижирлатарди. Шайх хонақоҳга кириш учун ўрнидан туриб, бир-икки қадам босган эди, яна борлиқни ёғдуга чулғаб чақмоқ чақнади, момогулдурак янгради. Ўша замон хонақоҳ ҳовлиси этагида юксалиб турган гужумга чақмоқ тушиб, унинг қуриган шохлари ёна бошлади. Бирпасда дарахт машъалага айланди. Шамол олов билан ўйнай бошлади. Умрида биринчи марта яшнаб турган дарахтнинг бундай ёна бошлаганини кўрган шайх тўхтаган жойида қотиб қолди. “Оллоҳ менга нималарга ишора қилмоқчи”, — дея ўйларди у даҳшатга тушиб. Ёнаётган гужум узра фарёд кўтариб уча бошлаган қушлар галаси диққатини тортди-ю, ўша лаҳза эрта-индин шаҳар душманлар – оташ фитнаси томонидан ишғол қилинишини, фалак шаҳидларнинг оҳу ноласига тўлишини англади.

Ёмғир қуйиб юборди. Бирпасда ёнаётган дарахт олови босилиб, сўна бошлади. Шивалаб майин, илиқ ёмғир ёғар, шайх уст-боши шалаббо бўлаётганини сезмагандек, ҳовли ўртасида турар, ҳаёли эса юксак-юксакларда чарх айланарди. Ёмғирнинг тинадиган афти йўқ эди. Чақмоқлар оташин қилич каби осмонни бўлаклар, гулдураги билан атрофга дағдаға қиларди.

— Эртага жанг бўлади, сен ўлимга ҳозирмисан?! – дея шивирлади ўз-ўзига шайх тўсатдан. Кейин саволига жавоб топгандек, хотиржам ортига қайрилди ва эшикка қараб юрди.

У хонақоҳ даҳлизига кираркан, ичкаридан келаётган овозларни эшитиб, тўхтаб, қулоқ солди. Шогирдлари ташқарида бўлаётган ҳодисалардан мутлақо бехабар – улар дур излаб денгиз қаърига шўнғиган ғаввослар сингари ҳавас ва иштиёқ ичида эдилар.

У мажлисхона эшигига яқинлашди-ю, келганига бир ярим ойча бўлган Маҳмуд исмли косиб йигитнинг ҳар гал ўзи билан бирга олиб юрадиган укасига нималарнидир шавқ билан уқтираётганини кўриб, яна тўхтади. Уларнинг ота-оналари қамалнинг бошидаёқ оламдан ўтган, бу дунёда яккаю-ёлғиз эдилар. Маҳмуд куни билан мудофаа ишларида бўлар, кеч тушиши билан шайх даргоҳига келиб, бир чеккада укасини ўтқазиб, сабоқ тингларди. Шайх уларнинг суҳбатига қулоқ тутди.

— Мана, бунга қара, — Маҳмуд қўйнидан бир дона шафтоли чиқариб, укасига кўрсатди. – Мана шу шафтолининг данаги бор, данакнинг ичида дарахт бор. Худди шунингдек, буғдой бошоғида дон бор, ҳар бир донда бошоқ бор.

Одам ҳам шундай. Пиримизнинг нақлича, одам олам учун данакдай гап, унинг вужудида бутун олам мужассам. Данак қуёш нурисиз дарахтга айланолмайди, одам эса Оллоҳ нурисиз олам асрорини англаёлмайди. Данак нурга интилиб тупроқ ёрса, дарахтга айланиб камолотга эришса; одам нурга интиларкан, залолатли вужудидан кечади, Оллоҳ нурига қоришиқ руҳига эргашиб, инсон комил бўлади.

— Оллоҳ нурини кўриб бўладими? – деб сўради бола чақноқ кўзларини катта-катта очиб.

Маҳмуд бир лаҳза ўйланиб қолди, сўнг оғиз очди:
— Мана бу чироққа эътибор бер, у ёнаяпти, чор-атрофимизни ёритиб турибди. Аммо нурнинг ўзини кўрмаяпмиз. Оллоҳ Таоло таратган нур ҳам шундай кўринмайди. Сен билан иккимизнинг ҳам қалбимизда шундай нур яширин. Оллоҳ нури билан Қалбдаги нур айнидир, бу икки нур оламнинг безагидир.

Оллоҳ нури бутун борлиқни ёритса, қалб нури одам вужудини, уни Худо ҳузурига етакловчи йўлни ёритади. Уқдингми, Саййид?

Ўн-ўн икки яшар бола акасига жилмайиб, “Ҳа” дегандек бош силкиди. Шайх боланинг исми Саййид эканини энди билди.

Ака-ука суҳбатини эшитаркан, бу сўзлар қанчалар ибтидоий ва содда бўлиб туюлмасин, шайхнинг аламзада бўлиб, ҳувиллаб қолган юрагини ажиб бир нашъа чулғади. Маҳмудда суюкли Маждиддин

Бағдодийнинг исини сезгандек бўлди. Ичида “Сен энди фарзандимизсан ва биз сени қабул қилдик”, — деб ўйлади ва маҳзун шивирлади:
— Агар мен шаҳид бўлиб, сен тирик қолсанг, кун келиб бу рўзғорнинг муқтадоси бўлғайсан. У ёғини Оллоҳ билади, мен билмайман…

Сўнг ботинан “Менга қара!” дея амр қилди. Дам ўтмай, укасига гапириб турган Маҳмуд ялт этиб шайхга қаради. Шайх йигитнинг кўзларига диққат билан тикиларкан, унинг қалбида сокин жилваланиб турган нурни аён кўрди. У шу нур устида чарх айланиб уча бошлади. Чарх ургани сайин нурнинг шиддати орта бошлади.

Маҳмуд ўрнидан туриб кетди. У жисман ерда тураркан, қандайдир бир куч уни юқорига тортаётганини сезди, кўнгли беҳузур бўла бошлади, кўзини юмди. Кўп ўтмай бутун вужудини енгиллик ва фароғат чулғади. Кўзини очдию, бутун атрофида чарақлаб ёниб турган кучли нур уммонини кўрди. “Бу Оллоҳ нуридир!” – деди кимдир қулоғи остида. Маҳмуд қамашиб, ҳеч нимани кўрмай қолган кўзларини юмиб олди. Кўзлари ачишиб, ёш оқа бошлади. У ўзининг бутун ихтиёрини бўш қўйди.

Маҳмуд ўзига қайтиб, кўзини очганида, Шайх Кубро унинг ёнида турарди.

— Кўзинг ҳеч нимани кўрмай қолгани дилинг ойнаси хиралигидандур, — деб гап бошлади шайх. – Уни поклаш йўлини тут.

Шайх тўрдаги ўз ўрнини эгаллаб, даврага кўз ташлади. Мўғуллар келиши арафасида жавоб берган шогирдлари ўрнини олган бу йигитларнинг кўпчилиги унинг даргоҳига Оллоҳга етишишни эмас, илм излаб келган. Аммо, илм излаш ҳам Оллоҳни излаш эмасми! Шу боис шайх бу толиблар даврасида ўзини зулматда адашиб қолган нур заррасидек, ёлғиз ва есир ҳис этмасди. У зулматда адашиб қолган нур заррасидек, ўзининг асл манбаига интиларкан, мана шу саргашталарни ҳам ўз ортидан етакламоқчи бўларди.

У аввал гавҳарларга сайқал берган бўлса, энди лойдан сопол идишлар ясашдан ор қилмайди. Агар ул гавҳарларда Оллоҳ Таоло нури жилваланишини истаган бўлса, энди бу безаксиз идишларни ўзи англаб кетган илму-ҳақиқат билан тўлдирмоқни истайди. Аслида сўфий учун шоҳлик билан фақирлик баробар бўлганидек, гавҳар билан лой идиш ҳам баробар эмасми?! Одамнинг ўзи ҳам лойдан бунёд бўлган, сўнг Оллоҳ бағишлаган нурли руҳ билан безанган эмасми?!

Ҳа, у дунё ҳақида билиши мумкин бўлган ҳамма нарсани билиб олди, Оллоҳ ато қилган Ақлга муяссар ҳамма нарса унга муяссар эди. Аммо куффорлар илкида шаҳид бўлишдан олдин бу ақл-идрокни зарраларга бўлиб бўлса-да, бошқаларга улашишни истайди.

У ўзи ҳақида, ўзгалар ҳақида билиш мумкин бўлган барча нарсаларни ҳам билди. Энди ўзгаларга ўзини билдирмоқни истайди. Нима, у аввал бундай қилмаганмиди! Маждиддинга, Сайфиддину-Саъдиддинга ўз билганларини – ўзини билдирмаганмиди? Билдирганди. Тасаввуф, энг аввало, ўзни англамоқ, ўзни англамоқ эса Худони англамоқдир, — деб билган шайх бу ҳаракат асло тўхтамаслигини, фақат руҳ танни тарк этиши билан тўхашини ҳам биларди.

У узоқ вақт хилватда яшади, хилватдагина ўзини англади, хилватдагина қалбининг энг ботиний қатламларида яширин шуурларда жилваланган нишоналарни кўрди. Энди у энг узоқ хилватга чекиниш арафасида турибди. У бу узоқ хилват якунида Оллоҳ Таоло жамолини рўйи-рост кўриши мумкин бўлади. Шунда унинг номаи аъмолида мана шу унга иқтидо этган кўнгилларни ёритгани ҳам ёзилган бўлади. Иншооллоҳ, шундай бўлади.

У даргоҳига қадам қўйган ҳар бир шогирдига қанот бериб осмонга учирди. “Биз асли тупроқдан бўлсак-да, руҳимиз нурдандир, нурга интилинг!” – деди. “Шу нур ичида жилваланган Ҳақнинг жамолини кўрмоқ мақомини изланг!” – деди. Улар учиб кетдилар. У илон кулча бўлиб ўраб олган қуш инидаги полапондек, душман ҳалқаси ўраган шаҳарда одамлар орасида яккаю-ёлғиз қолди. Аммо кўп ўтмай, ўзига дилнишин, содда ва тўпори дўстлар – шогирдлар орттирди. Ҳозир у ўзини шогирдларга муршиди комил эмас, уларнинг отаси каби сезарди. Ногоҳ унинг кўзлари ўзига диққат билан тикилиб турган Саййиднинг кўзлари билан тўқнашди.

Бола кўзлар сўради: “Оллоҳ Таоло қаерда яшайди?”

Маҳзун кўзлар айтди: “У сенда яшайди, менда яшайди!”

Бола кўзлар сўради: “Оллоҳ Таоло неча ёшда?”

Маҳзун кўзлар айтди: “У сенинг ёшингда, у менинг ёшимда!”

Бола кўзлар сўради: “Умрдан маъно нимадур?”

Маҳзун кўзлар айтди: “Аҳдга вафодур!”

Бола кўзлар сўради: “Аҳд нима эди?”

Маҳзун кўзлар айтди: “Оллоҳни суймоқ эди!”

041

XURSHID DAVRON
SHAHIDLAR SHOHI
YOXUD NAJMIDDIN KUBRO TUSHLARI
II qismning davomi (4)
022

033Shayx Kubro qamal davomida ham so’nggi oylarda orttirgan shogirdlariga saboq berishni to’xtatmadi. Har gal shogirdlari to’planarkan, u bu so’nggi majlis bo’lishi mumkinligini o’ylar, ammo ichidagi notinchlikni zohir etmas, davra qurib o’tirgan yigitlarga tariqat mohiyatini anglatishga berilardi. Bu galgi majlis o’tgan saboqlarni takrorlash, xotira bitilgan o’gitlarni qayta eslashga bag’ishlandi. Shu sababdan bo’lsa kerak, suhbat mavzui tez-tez o’zgarib turdi.

Majlis o’rtasida shayx muridlarini yolg’iz qoldirib tashqariga chiqdi. Gujum ostidagi supada o’tirib hayolga botdi. U hech qachon majlisni bevaqt tark etgan emas, bu gal nima uchun shunday qilganidan o’zi ham hayron edi. Qushlar tovushi eshitilmaydigan, tun hukmi to’la qaror topgan bir payt. Shahar uzra temir, olov va qon hidiga bulutlarning, achimtil hidi qo’shilib anqiydi. Patila bulutlarning ora-orasida kichik-yirik yulduzlar charaqlab turardi. Ammo sharq tomondan shakl-shamoyili ajdarholar to’dasini eslatadigan, qo’rqinchli, qavat-qavat bulutlar siljib kelar, ular yulduzlardan quyida vazmin-vazmin sudralib, mag’rib tomonga oqardi.

Bu temir, olov va qon hidlari shahardan tashqaridagilarni ham bezovta qilayotganmikan? Uzoq qamal davomida orom nimaligini unutgan ko’zlarida g’azab va yovuzlik chaqnagan, po’rsildoq lablari orasidan tupuk sachratib, olisda qolgan yurtni sog’inib xirqiroq qo’shiq aytayotgan, kunduz issig’idan lohas tortgan, tun salqinidan xursand bo’layotgan, lovillab yonayotgan gulxan atrofida davra qurib o’tirgan, sasigan murdalarning badbo’y hidiga allaqachonlar ko’nikkan, tezak va ter hidi anqib turgan bu g’ayridinlar balokash dunyodan nimani istaydilar?

Ularning shahar devorlari, tomlar ustida uyqusiz ko’zlarini qarshidagi sanoqsiz gulxanlarga tikilib o’tirgan yigitlaru-chollardan, darvozaxonalarda tor chertib, sarmast qo’shiq aytayotgan o’spirinlardan, ochlikdan shishib ketgan nabiralariga ertak aytib o’tirgan momoylardan, ko’zlarini mo’ltiratib sutsiz ko’kraklarni behuda emayotgan chaqaloqlardan, uning dargohida davra qurib o’tirgan bu yosh-yalangdan nima istaydilar, ularga qanday qasdlari bor?

Xudoyim, o’zing madadkor bo’lg’aysen, ojiz bandalaringni bu musibatlardan o’zing asragaysan! Axir, Sen mo’minlarning do’stisan-ku, Xudoyim! Ularni qorong’i zulmatlardan yorug’likka, nurga chiqaraman, deb aytgansan-ku, Parvardigoro!

Shayx birdan hushyor tortdi. Nahotki, u suyukli Majdiddin xuni evaziga tovon tilaganida, shu balolarni istagan bo’lsa? Yo’q, aslo! Uning ko’ksi kuchli bir yig’iga to’ldi. Yo’q, ming karra yo’qkim, u hech qachon bunday ofatu-fitnalarni tilagan emas! Zulm qilganga zulm qilinishini tilagandi, xolos. Bu baloi otashlarni boshlaganlar o’zlarini dunyoning sultonlari deb sanagan kimsalar ekanligini bilsa-da, u to’satdan ko’ksiga yig’ilgan faryodga ixtiyor berdi-yu, ko’zlaridan tirqirab yosh oqib, ovozsiz, yelkalari silkinib yig’lay boshladi.

Shayx bu o’tar dunyoda yetmish besh yildan ortiq yashayapti. Shuncha vaqt davomida qirq yil musofirlik birla bo’ldi, yetti bor haj qildi, ming martaba xatmi Qur’on amalladi, yetmish martaba hazrati Rasululloh (s.a.v.)ni tushida ko’rdi, muborak yuzlariga qarab to’ymadi, muborak kalomlarini qalbiga joyladi. Umrining yarmini ilm izlab o’tkazgan bo’lsa, qolganini Haqqa yetishish da’vosiga sarfladi, tariqatda bo’ldi. Bu yo’ldan maqsad – Olloh Taolo, Ollohdan maqsad – kamolot, kamolotdan maqsad – Olloh ishqi, Haq nuri, Yor jamoli. Jamiki mavjudot va mahluqot va zarradan quyoshgacha, yeru ko’k, sobitu sayyora shu nur bilan yoritiladi, shu ishq bilan harakatlanadi, shu jamol bilan muayyan uyg’unlik ichra rivojlanadi.

Olloh bilan inson o’rtasidagi robita Qalb orqalidir. Illo Qalb ham nur manbaidir, faqat u Olloh nuri aks etgan ko’zgudir, ya’ni:

Ulki husn etti bahona elni shaydo qilgali,
Ko’zgudek qildi seni, o’zini paydo qilgali. (Lutfiy)

…Qalb Parvardigorning o’z bandalariga ato etgan ne’mati ilohiyatdir. Bu ne’mat insonning asl mohiyatidirkim, inson butun ilmu-ma’rifatga Qalb vositasida yetishadi va xitob, azob, tanbeh va talablar unga qaratilgan bo’ladi. So’fiylar nazarida, Qalb – Olloh ruhining taxti. Sahl Tustariy behuda “Dil – Arsh, ko’krak kursidur”, deb aytmagan edi. Lekin bundan Ollohning Arshi va Kursisi iroda qilingani yo’q, chunki bu imkonsizdir. Balki murod Qalb insonning birinchi mamlakati va barcha tadbir-tasarruflarning ilk manbai ekanini ta’kidlashdir. Shayx Kubro nazarida, Xudo borliqdagi barcha narsada tajassum bo’lganidek, u insonda ham, eng avvalo uning Qalbida ham mujassamdur, ya’ni uning botiniy mohiyati ilohiydur.

Shayx Shabustariy ta’kidlaganlarki: “Borgil, sen ko’ngil uyingni orasta qil, ma’shuqang kelishi uchun joy tuzat, qachon sen chiqib ketsang (ya’ni, o’zligingni tark etsang), shundan so’ng”. Ma’shuqang (ya’ni, Olloh) u yerga kiradi va jamolini senga sensiz zohir etadi. Bu hikmatdagi “Senga sensiz zohir etadi” iborasining ma’nosi juda terandir. Bu ibora Ollohning qudrati, har neki bor narsa uning irodasi bilan yaralishi, har neki amal uning ixtiyori bilan sodir bo’lishi haqidadir.

Qalb ma’nosida yana Imom G’azzoliy bunday yozadilar: “Ulug’lik egasi, buyuk Alloh haqqi-hurmati, men Iso alayhissalomga nozil bo’lgan Injilda ko’rdim: “Murdani janozaga qo’ygan vaqtdan to qabr boshiga eltguncha Alloh o’z ulug’ligi bilan qirq savol so’raydi. Eng birinchi savolda Alloh aytadiki: “Ey bandam, sen necha yillar davomida bandalar nazari tushadigan joylarni poklab, tozalab yurdingu, ammo mening nazarim tushadigan Qalbingni aqalli biron soat ham pok tutmading. Men esa umidvor bo’lib, har kun sening qalbingga qarayman. Ey bandam, ehsonu karamlariga o’rganib olib, mendan boshqalar bilan nimalar qilmading. Holbuki, mendan boshqaning yodi bilan nafas olish ham loyiq ish emas. Gapir, yo biror so’z eshitolmaydigan karmisan?!” (Imom G’azzoliy, “Oxiratnoma”).

Olloh Taolo Arshi va kursisini iroda qilmoq imkonsiz bo’lganidek, Olloh visoliga yetmoq, u bilan gaplashmoq ham bu dunyoda imkonsiz bir harakatdir. Ya’ni: “Olloh bashar bilan gaplashmaydi, illo, vahiy yoki parda orqasidan turib yoki farishta yuborib, o’zi xohlagan narsasini vahiy orqali bildiradi. U ulug’ va hakim zotdir” (“Sho’ro” surasi, 51-oyat). Parda orqasidan gaplashish shunday bo’ladi: Olloh o’zi xohlab martabasini ko’targan insonning qalbida ba’zi so’zlarni jo qiladi. Qalb pardasi o’ragan bu so’zlarni eshitish uchun so’fiylar bu pardani ko’tarmoqqa urinadilar. Shu bois so’fiylik mohiyati g’ayb asrorini anglamoq harakatidir, u harakat ishtiyoq va iztirob evazigadir va shuning evaziga ilohiyat shuuridan nishona ko’rishdur. So’fiy nazarida, o’zni Haqqa yetkazish uning visolini ko’rish emas, chunki bu imkonsizdir, maqsad Haqdan nishona – uning dilidagi aksini ko’rmoqqa muyassar bo’lmoqdir.

Ammo Mavlono Rumiy aytganlaridek: “Bo’y gul boshaddaleli guliston”.

Shayx Kubro nazarida, Inson Olloh yaratgan mo»jizalar ichida mo»jizadir – olam ichra olamdir. Bu mitti olam borliq in’ikosidir. Shunday ekan, u Olloh sifatlaridan bo’lak hamma unsurlarni o’zida aks ettiradi. Olloh o’z Kursisini yetti qat osmon ustida tiklagan ekan, so’fiy ham unga yetishmoq uchun necha qat sinovlardan o’tmog’i, buning uchun tariqatda qabul qilingan talab va qoidalarni ado etmog’i, zarur sifatlarga erishmog’i lozim bo’ladi. Ya’ni: Abu Homid G’azzoliy “Al-munqiz min az-zalol” risolasida yozganidek, “Aql bilan erishib bo’lmaydigan hodisalarni bilish, tushunishning alohida yo’li imkoniyati bordirkim, bu yo’llarning biri tasavvuf – so’fiylik yo’lidir.

Shayx Najmiddin Kubro tariqatga oid qarashini o’zining “Al-usul al-ashara”, “Risola tul-turuq”, “Vusulu illolloh”, “Fi odobi solikin” va boshqa risolalarida o’z aksini topgan sifatlar va talablar asosida belgiladi. Shayxning nazarida Xudoga erishishning uch yo’li bordir. Ularning ichida eng samaralisi uchinchi yo’l – “tariqushshattor” (bebok va mardlar yo’li) deb hisoblanadi. Shayx bu yo’lni o’tashing o’nta asosiy qoidasini ko’rsatib o’tadi:

1. Tariqat avvali tavbadir. Bu nadomat qilish, azm bilan tarki odat qilmoq, xusumatdan pok bo’lmoq, qilgan gunohlardan pushaymon bo’lib, tavba keltirmoq, tavba degani esa qaytish va tozalanish demakdir. Bu sifat va talablar Qur’onning ushbu oyatlari asosida bo’lishi lozim edi:

“Kim zulm qilgandan so’ng tavba qilib, yaxshi ishlarga tutinsa, albatta Olloh uning tavbasini qabul qiladi. Albatta, Olloh gunohlarni kechuvchi va rahmlidir” (“Moida” surasi, 39-oyat).

“Albatta men kim tavba qilsa, imon keltirsa, yaxshi ishlarni qilsa, so’ngra hidoyatda yursa, mag’firat qilaman” (“Tado” surasi, 72-oyat).

“Magar qaysilari tavba qilib, o’zlarini o’nglab ochiq aytsalar, bas, ularning tavbalarini qabul qilaman. Va faqat Mengina tavbalarini qabul qilaman” (“Baqara” surasi, 160-oyat).

Hikoyat: Sahl ibni Abdullohi Pustariydan so’radilarkim: “Tavba nimadir?”
Aytdikim: “Tavba gunohni unutmoqdir”.

So’ragan kishi aytdikim: “Tavba gunohni unutmaslik emasmi?”
Aytdikim: “Yo’q, jafo bayonini vafo ayyomida qilmoq jafodir”.

“Tavba” so’zi shu bilan barobar tasavvuf ilmida so’fiyning tariqatga kirishiga sabab bo’lgan voqeani ham bildiradiki, tazkiralarda bu haqda ko’p naqllar keltiriladi.

2. Zuhd fid-dunya. Bu tarki ziynat, tarki havo, tarki dunyo qilish, o’zni hayvoniy nafsoniyatdan tuta bilishdir.

Bu sifat Qur’oni karimning quyidagi oyatlaridandir:
“Bilingki, bu dunyo hayoti o’yin-kulgi, ziynat, o’zaro faxrlanish, ko’p mol yoki farzand bilan maqtanishdan o’zga narsa emas: Bu xuddi bir yomg’irga o’xshaydiki, u yog’ib o’tgandan so’ng o’simliklar quriydi, sarg’ayadi. Oxiratda esa qattiq azob yoki Ollohning mag’firati va roziligi bor. Bu dunyo hayoti g’ururdan iboratdir” (“Hadid” surasi, 20-oyat).

“Agar sening chaqirig’ingga javob bermasalar, bilki, ular havoi nafslariga ergashmoqdalar. Ollohning hidoyatini qo’yib, havoi nafsiga ergashgan kishidan ham adashganroq odam bormi? Albatta, Olloh zolim kishilarni hidoyatga boshlamaydi” (“Qasos” surasi, 50-oyat).

“Zolimlar ilmni qo’yib, havoi nafsga ergashadilar” (“Rum” surasi, 29-oyat).

Shayx ur-rais Abu Ali ibn Sino aytganlarkim: “Zuhd – bu Tangridan boshqasidan yuz o’girmak demakdir”. Yana aytgan ekanlarkim: “Zuhd, bu nafsni poklamoq erur”.

Xoja Ubaydulloh Ahror aytar edilarkim: “Mening sizlarga dunyoni man etishim, dunyoni sizlardan darig’ tutish ma’nosida emas, balki sizlarni dunyodan asramoq ma’nosidadur…”

Hikoyat: Bir paytlar Balxda Ibrohim Adham degan podshoh o’tgan ekan. Bir kuni u shikorga chiqib, kulonga duch kelib, uni quvibdi. U qulonga yaqinlashib, endi o’q uzay deganda, qulon tilga kirib: “Ey podshoh, nahotki himoyasiz jonivorlarni qirg’in qilish uchun onadan tug’ilgan bo’lsang?” – debdi. Shoh Ibrohim bu gapni eshitib, ko’p nadomatlar chekibdi. Saroyga qaytib, kecha-kunduzni toat-ibodatda o’tkaza boshlabdi.

Kunlarning birida odatdagidek ibodat bilan mashg’ul ekan, kimdir saroy tomida yurganini sezadi va navkarlarga uni tutib kelishni buyuribdi. Saroy tomida yurgan bir sahroyi cho’pon ekan. Podshoh cho’pondan: “Saroy tomida ne qilib yuribsan?” – deb so’ragan ekan, cho’pon: “Yo’qolgan tuyamni izlab yuribman”, — deb javob beribdi. Bu javobdan hayratga tushgan podshoh yana so’rabdi: “Sahroda yo’qotib qo’ygan tuyangni saroy tomidan izlaysanmi?” Shunda cho’pon: “Boshda toju-taxtda o’tirib, Tangri izlab bo’ladimi?” – deb aytibdi. Cho’ponning bu gapini eshitgan podshoh Ibrohim Adham tavba keltirib, podshohlikni tashlab, zarbof xil’atning o’rniga eski palos kiyib, vayronalarni ixtiyor etdi, Haq subhanu va taoloning rizosini qidirdi.

3. Tavakkul allalloh. Bu barcha ishda yolg’iz Ollohga tavakkal qilish, o’tganni eslamaslik, erta kelmasdan uning g’amini yemaslik, shu bilan birga muridning muvakkilga (pirga) ixtiyorini berishi, ular misoli ota-boladek munosabatda bo’lishi deganidir.

Bu sifat Qur’ondagi ushbu oyatlaridandir:

“Bas, mo’minlar yolg’iz Ollohgagina suyansinlar!” (“Oli Imron” surasi, 122-oyat).

“Ollohning iznisiz hech bir shafoat qilguvchi yo’qdir” (“Yunus” surasi, 3-oyat).

“Ollohdan mag’firat so’rang va ishlaringizda ularga maslahat soling! Emdi qasd qilsangiz, Ollohga suyaning – tavakkal qiling!” (“Oli Imron” surasi, 159-oyatdan).

Shayx Abu Ja’far Farg’oniy debturki: “Tavakkulni til bilan emas, dil ila qil. Til bilan qilingan tavakkul quruq da’vo, dil bilan qilingan tavakkul asl ma’nodir”.

Nosir Xusrav esa xitob qilgankim:

Tavakkul qil hama ishda hamisha,
Aksini qilmagil, ani qil pesha…

4. Qanoat. Bu qanoatda bo’lib, faqirlikda yashash, dunyo moliga tanaffur, o’tkinchi matolaru havaslarga berilmaslik, shohligu-faqirlikning barobarligi, bu ishda Payg’ambar (s.a.v.)i islomdan ibrat olish deganidir.

Bu sifat Qur’ondagi ushbu oyatlardan mujassam bo’lgan:

“Albatta, inson boylik orttirsa, haddidan oshadi” (“Alaq” surasi, 6-oyat).

“Faqirnoma”dan: “Hazrati Rasuli akram sallallohu alayhi vassalam aytdilar: “Al-qanoatu kanzul loyafni”, ya’ni qanoat – ganjadurkim, hargiz tuganmas va molning foydasi yo’qtur, o’lum vaqtida munqati’ bo’lur”.

Mavlono Jaloliddin Rumiy aytibdurlar: “Qanoat tuganmas bir xazinadir, buning haqiqatini yaxshi anglashga g’ayrat qil. Qanoatning faqat nomigagina o’rganib, bir qancha xatolarga, ranj va aziyatlarga tushishdan saqlan. Qanoat ahli har jihatdan Olloh huzurida xursand va mamnundir”.

Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniy nasihat qilibturlarkim: “Agar senda dunyo talabi ko’paysa, dilingni barbod berarsan”,

Hazrat Navoiy xitob qilibdurlarkim:

Shoh ul emaskim, boshiga qo’ydi toj,
Shoh ani bilkim, yo’q anga ehtiyoj…

Hikoyat: “Birov Abu Abdulloh Sanjariydan so’radi: “Agar senga bir filuri bersam, nechuk bo’lg’ay?” Abu Abdulloh aytdikim: “Agar bersang senga yaxshi bo’lg’ay va agar bermasang, menga yaxshi bo’lg’ay”. Filuri tanga demakdir.

Qanoat faqr maqomidir.

Hikoyat: Abu Abdulloh ibn Jilodan faqr xususida savol berdilar. U xomush bo’ldi. So’ng tashqariga chiqib ketdi va yana qaytib kirdi. Aytdilarkim: “Bu nima qilganingiz?”

Aytdikim: “Uch dona sim (tanga) bor edi. Ular yonimda bo’lib, faqrlik haqida so’z aytishdan uyaldim. Ularni sadaqa qilib qaytdim”.

5. Uzlat. Bu xilvatga chekinib yurakni poklash, olomon suhbatidan ko’ngil uzmoq, ko’p gapirmaslik, ko’p tinglamaslik, ko’p ko’rmaslik deganidir.

Shayx Abulhasan Xaraqoniy aytibdurkim: “Birov bilan suhbat tutmangiz, siz haq deb tursangizu, ul boshqa bir so’zni aytishi mumkin”. Shayx Abubakr Varroq Tirmiziy aytibdurkim: “Ko’p so’z aytmoq ko’ngilni qattiq qilur”.

Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniy nasihat qilibdurkim: “Xalqdan yovvoyi sherdan qochganday qoch, xilvatni ko’zla, besoqollar, xotinlar, bi’atlar, boylar va umuman omi kishilar suhbatidan yiroqlash”.

Hazrati Shamsiddin Tabriziy aytibdurlarkim: “Begonalar suhbatini istamaslik, muridlikni qabul qilishdan alomatdir. Agar kishi nogoh begonalar suhbatiga tushib qolsa, shundoq o’tirsinkim, bamisoli masjiddagi munofiq, maktabdagi go’dak va zindondagi mahbusga o’xshasin”.

6. Mulozamat az-zikr. Bu xilvatda tanho va tovushsiz Olloh nomini yod – zikr qilish, bu bilan qalbni g’azab, hasad, behuda gap va amaldan, ochko’zlikdan, ya’ni zalolatdan to’sish deganidir.

Bu talab Qur’oni karimdagi ushbu oyatlar sababidandir:

“Bas, Meni eslangiz, Men ham sizni eslayman va Menga shukr qilingiz va meni inkor qilmangiz” (“Baqara” surasi, 152-oyat).

“Ey mo’minlar, Ollohni ko’p zikr qilinglar! Va ertayu-kech u zotni poklab tasbeh aytinglar” (“Azhob surasi, 41-42-oyatlar).

Parvardigoringizning ichingizda yolvorib, qo’rqib, dildan ertayu-kech yod qiling va g’ofil kimsalardan bo’lmang!” (“A’rof” surasi, 205-oyat).

Zikr qilmoq hamma fikrlarning xulosasidur. Qur’ondagi “Ichingizda yod qiling” xitobiga asoslangan ayrim so’fiylar, shu jumladan Hazrati Kubro ham tovushsiz zikr – zikri xufiya, zikri dilga amal qilardilar. Shayx Kubro: “Tilg’a olingan sano’ yolg’ondur”, — deb aytardi.

Mashoyix sharhicha, eng yaxshi zikr “La iloha illalloh” kalimasidur. Ushbu zikr mohiyatida “Har doim Ollohni o’zing bilan birga, hamma joyda hoziru-nozir, u har narsadan xabardor va ogoh, xilvatda bo’lsang ham, anjumanda o’tirsang ham, nafasingni ichingga qamab ixlos bilan Uning nomini tilga olib yod et” degan hikmat mavjud.

“Rashahotu aynal-hayot” muallifi Faxruddin Ali as-Safiy yozadi: “Hazrati Maxdumi Nuriddin Abdurahmon al-Jomiyning aytishlaricha, Shayx Abuljannob Najm al-Kubro o’zinig “Favotih al-Jamol” risolasida yozganlaridek, hayvonlarning nafas olishi bir tabiiy zarurat tufayli nafas oladilar. Lekin o’shanday tanaffus, ya’ni nafas olish jarayonida inson g’oyibona Haqi Subhonahuning muborak nomini zikr qiladi. Istasa-istamasa odam nafas olib, nafas chiqarayotgan paytida Olloh Taoloning muborak nomini zikr etadi”.

“La iloha illalloh” zikri xususida Xoja Ubaydulloh Ahrori Valiy aytmishlarki:

Virdi azkor (zikrlar) ichida, ey ogoh,
Afzali “La iloha illalloh”.

Munda misra’ bu suvrat bo’ldi,
Vazi tag’yiri zarurat bo’ldi…

Zikri mazkurga bo’lg’il mashg’ul,
Bu yo’sunlikka degumdur sanga yo’l.

Nafidin har neki bordur juz haq,
Yiroq etgil ko’nglingdan mutlaq.

Nafyidan so’ngra ki bor ilolloh,
Munda yetganda eshit bu dur roh.

Bilki, mahbub ila ma’bud uldur,
Bori eli sojidu masjud uldur…

Yo’qturur hech iloh illo Haq,
Muni tark aylamagaysan mutlaq…

Kamina (ya’ni ushbu qissa muallifi) XV-asrda yashab o’tgan buyuk piri komil – ona avlodim, naqshbandiya tariqati peshvolaridan biri, tasavvuf haqida yigirmadan ortiq risolalar bitgan, dastlab Mirzo Boburga, undan so’ng shayboniy sultonlarga murshidlik qilgan, Maxdumi A’zam, Imom al-Kosoniy, Xojai Kosoniy, Xojagon Ahmad nomlari bilan mashhur Sayyid Ahmad Dahbediyning “Risolai zikr guftan” (“Zikr aytish risolasi”) asaridan bu zikr amalini muxtasar holda qayd etaman.

Maxdumi A’zam Xudoni yodlash yo’llaridan biri “La iloha illalloh”, deyishdir, deb ta’kidlaydi. Bu zikr maqomi Rasululloh (s.a.v.)ning muborak hadislariga, ya’ni “Kimki yurakdan “La iloha illalloh” degan ersa va uning yuragida bug’doy donasichalik yaxshilik (iymon) bor ersa, do’zaxdan chiqqusidir”, — deganlariga asoslangan. Xojai Kosoniy o’z risolasida shayboniyzoda Ubaydullaxon (Ubaydiy)ning bir turkiy to’rtligini keltiradi:

Ey solik, Tangrini o’zingga hamroh de,
Hozir ko’rub, nozir ani, ogoh de,

Hibsi nafas aylab anjumanu xilvatda,
Ixlos ayla, “La iloha illalloh” de.

Maxdumi A’zam zikr qilish haqida shunday nasihat qiladi:

Zikr qil, zikr, toki tirik jon,
Xudo zikri – bu pok dilingdan nishon.

Xojai Kosoniyning naql etishicha, zikr paytida solik erishgan darajasiga ko’ra turli holatlarga tushadi, goh o’zdan g’oyib bo’lib, goh o’zlariga qaytib turadi. O’zdan ketishni xoja “lobil”, ya’ni o’ziga noziru Haqqa hozir, deb aytdi.

“La iloha illalloh” zikri amali (harakatlari) quyidagichadir: Eng avval “La” deb boshni yuqori ko’tarish va “iloha” degancha tanani o’ng qo’l tomonga mayl etish, so’ng “illalloh” degan hamon nafasni ichga qamab, tanani chap tomonga bor kuch bilan tashlash, ya’ni o’zni dil tomonga otish. Bu harakatlarni “harakati salasa”, ya’ni “uch harakat” deb ataydilar. Shu tarzda yigirma marotaba “La iloha illalloh” deyish shart sanalgan. Bunday zikr aytgan kishi so’fiylar nazarida o’z qalbiga yaqinlashar, unda ogoh bo’lar, o’zida bexudliklar, mastliklar, kashfiyotu hayratlar sezar, ko’z o’ngida rangin ko’rinishlar va g’aybdan xitob eshitishlar zohir bo’lar ekan.

Zikr aytish bilan erishiladigan holat – holning oliysi – yaqinga yetishgan so’fiyning kamolot oynasi qayonga boqsayam, Xudoni ko’radi, deb yozadi Maxdumi A’zam.

Sultonul-orifin – Boyazid Bistomiy aytgan ekanlarki: “Har gal “La iloha illalloh” kalimasini zikr etishdan oldin og’zimni yetmish bor mushku gulob bilan yuvaman”. Yana bir ulug’ so’fiy Xoja Fag’naviy esa aytmishlarkim: “Zikr aytmoq tili yolg’ondan va g’iybatdan, tamog’i haromdan, dili riyo va xusumatdan pok bo’lgan kishigagina munosibdur”.

Shoh Ne’matulloxi Valiy esa xitob qilgankim:

Zikr qil, chiqsin ul yuragu jondan,
O’sha payt ayri tush, ikki jahondan…

“Zikr qilmoq Ollohga yetishmoqdir”, — deb yozgan Shayx Sa’diy.

Hadisdan: Rasululloh sallollohu alayhi vasallam aytdilar: “Olloh taolo aytdilar “Agar u menga jamoa orasida sano keltirsa, Men ham unga jamoa orasida sano keltiraman. Agar banda Menga bir qarich yaqinlashsa, Men unga bir quloch yuraman. Agar u Men tomon yura boshlasa, Men unga tomon yuguraman”.

Hikoyat: Xoja Ahmad Yassaviyning Ibrohim Ota ismli inisining o’g’li bo’lmish Ismoil Ota muridning qo’lini ushlab shunday degan ekan: “Ey darvesh, bir-birimizga tariqat birodarlari bo’ldik, mendan bir nasihatni qabul et va bu dunyoni bir yashil gumbaz tarzida xayol qil va ko’z oldingga keltirki, bu gumbazda sen va Xudodan o’zga yo’qdur. Shunday zikr qilg’ilkim, na sen qolgil va na bu yashil gumbaz qolsin – faqat Xudoning o’zi qolsin.

7. Tavajjuh illolloh. Bu Ollohga butun vujud bilan intilish, hamma narsani unutish deganidir. Yolg’iz Ollohga diqqatni qaratish, Olloh bilan yuzma-yuz turish.

Ushbu talab Qur’oni karimdagi ushbu ko’p takrorlanadigan oyatdandir: “Ollohdan o’zga hech qanday Tangri yo’q. Faqat uning o’zi bordir” (“Baqara” surasi, 255-oyatdan).

“Aytgin, Ollohdan, osmonlaru yerni yaratuvchidan boshqa do’st axtaraymi…” (“An’om” surasi, 14-oyat).

“Ollohdan boshqa hech bir ilohga ibodat qilma. Undan boshqa ibodatga sazovor zot yo’q…” (“Qasos” surasi, 88-oyatdan).

Ali ibn Muhammad Vafo aytadikim: “Tavajjuhdan murod qalbni pok tutmoq, tokim mahbub – Olloh unda aks etsin”. “Mahbub bo’lmish Olloh muhib uchun oyna bo’lur va muhib bo’lmish so’fiy Mahbub oynasi bo’lur va muhib aytur:

Tarabfizo chehrang sani jomi jahonbinim mening,
Garchi mening haqiqatim jomi jahonbining sening”,

— deb yozadi Shayx Iroqiy “Lama’ot” kitobining to’qqizinchi lam’asida.

Hikoyat: Boyazid Bistomiyning bir muridi bor edikim, yigirma yil davomida shayxning xizmatini qilardi. Va har kuni tongda shayx uni ko’rganda so’rardi: Ey o’g’lon, isming nedir?”
Bir kun murid aytdi: “Ey shayx, har kuni chaqirib ismimni so’raysiz, yigirma yildirki, xizmatingizni qilamanu, ismimni bilmaysizmi?”

Shayx Boyazid aytdiki: “Ey o’g’lon, men seni kalaka qilmayman. Yolg’iz qolishim bilan Olloh nomi vujudimni chulg’ab, dilimdagi bor narsalarning hammasini siqib chiqaradi. Sening nomingni so’rab olamanu, unutib qo’yaman”.

Tavajjuh piru-murshidga ham nisbatandir, ya’ni tavajjuh orqali ulug’ shayxlar ruhiga yetishishlari mumkin. Hazrati Xoja Bahovuddin Naqshband der emishlarki: “Har qachon qidvatul avliyo Xoja Muhammad Ali Hakim Tirmiziy ruhig’a tavajjuh voqe’ bo’lur erdi. Ul tavajjuh asari mahzi besifatlig’ zuhuri erdi, hech asare va garde va sana’ate mutolaa tushmas erdi”.

8. Sabr. Bu Ollohga butun vujudi bilan intilish yo’lida duch kelgan mashaqqatu-iztiroblarga toqat qilish, qiyinchiliklardan bo’yin tovlamaslik, sabr bilan barobar shukr qilish deganidir.

Bu talab Qur’oni karimdagi ushbu oyatlar (Sabr Qur’onning yetmish joyida zikr qilingan) asosidadir:

“Albatta sabrlilar o’z savoblarini hisob-kitobsiz to’liq oladilar” (“Zumar” surasi, 10-oyat).

“Sabr qilinglar, albatta, Olloh sabr qiluvchilar bilan birgadir” (“Anfol” surasi, 46-oyat).

“Sabr qilmog’ingiz va taqvodor bo’lmog’ingiz ulkan ishlardan hisoblanadi” (“Oli Imron” surasi, 186-oyat).

Shayx Kubroning ulug’ shogirdlaridan biri, Mavlono Jaloliddin Rumiyning padari Sulton ul-Ulamo Bahovuddin Valadga mansub “Maorif” asarida bitilishicha: “Sabr odamga qadr-qimmat bag’ishlaydi va uning ahloqini bebaho gavharga aylantiradi. Oftob shuuri va issig’u-sovuq va turli shamollar xom g’o’ralarni shirin mevalarga aylantirgani kabi, sabrli kishining martabasi ulug’ bo’ladi”.

Hazrati Navoiy sabrga shunday ta’rif beradilar: “Hajr shomidek tiyra va uzun, ammo g’oyati subhi visol, haj yo’lidek qattig’ va yiroq, ammo nihoyati ka’bai iqbol”.

Hikoyat: Bir kuni Sirri Soqatiy sabr haqida so’zlar edi. bir chayon unga nish ura boshladi. Aytdilarkim: “Nega uni o’ldirmaysan?”
Aytdikim: “Uyaldim, chun sabr haqida so’zlayotgan edim”.

9. Muroqaba’. Bu dunyoga oid barcha fikrdan uzilib, poklanishdan kamolotga erishgan Qalb vositasida Olloh Taoloni mushohida qilish, g’ayb asroridan ogoh bo’lish, Ollohning nuri va jamolini qalb ko’zi bilan ilg’ash, fikru-taamul deganidir.

Hikoyat: Shibliy bir kuni Abulhusayn Nuriy qoshiga yetdi. Ko’rdiki, u muroqaba’da o’tiribdi. Shunday o’tiribdiki, badanidagi biror tuk ham qilt etmasmish”.

Shibliy so’radi: “Sen bunday muroqabat qilmoqni kimdan o’rganding?” Abulhusayn Nuriy aytdiki: “Sichqon poylab o’tirgan mushukdan”.

Shayx Kubro mulozimat az-zikr va muroqaba’ maqomida so’fiy yetishgan hol paytida ko’zga ko’rinadigan rang shuurga ham e’tibor berishni talab qilardi. Uning nazarida har bir rang, har bir shuur ma’lum ma’noga ega ediki, ular qalbning hol paytidagi sezgilarini aks ettiradi.

Kubraviya ahli nazarida qora rang – ishqni, Alloh Taologa intilishni, oq rang – Alloh nurini, yashil rang – Allohdan keladigan vahiyni, yashil rang – Allohdan doimiy yog’ilib turgan bilimni anglatadi. Yashil rang – islom rangidir, shuningdek, u so’fiy ahlining ruhoniy ustozi sanalgan hazrati Xizrning ramzi, u zot kiyimining rangi hamdir. Bir qator tasavvufshunoslar “Xizr” kalimasi arabcha “hadira”, ya’ni “yashillanmoq”, “yashil bo’lmoq”, “yashillik” dan deb ko’rsatadilar.

Tasavvufda rang va rangsizlik tushunchasi ko’p ma’noda qo’llanilgan. Ba’zi so’fiylar o’limning turlarini ham ranglar bilan ifoda etsalar, boshqalari nafsning yetti maqomi sanalgan: nafsi ammora, nafsi lavomma, nafsi mulhama, nafsi mutmana, nafsi roziya, nafsi marziya, nafsi komila (nafsi zakiya) kabi yetti maqomidagi hollarni ham ma’lum ranglar bilan taqabbul etadilar.

1. Nafsi ammora – oldi qalin pardalar bilan yopilgan nafs. U ashroq – moviy rangdadir.
2. Nafsi – lavomma – oldi harir va yupqa pardalar bilan yopilgan nafs. U asfar sariq rangdadir.

3. Nafsi mulhama – oldi nur-zulmat aralash pardali nafs. U ahmar – qizil rang bilan sifatlanadi.
4. Nafsi mutmana – nurli pardalar paydo qilgan nafs. Bu maqom asvad – qora rangdadir.

5. Nafsi roziya – nurli pardalari ko’paygan, qora pardalar ozaygan nafs. Bu ahzar – yashil rangdadir.

6. Nafsi marziya – oldingi maqomdagi holning taraqqiyoti, ya’ni nur ko’payib, qorong’ilik ozayib borayotgan nafsdirki, uning rangi ab’yaz – oqdir.
7. Nafsi komila – pardalarning tamoman ko’tarilishi, zulmatning yo’qolishi. Nafsning bu maqomi bilovat – rangsizlik bilan sifatlanadi.

Birinchi maqomdan yettinchi maqomgacha bo’lgan taraqqiy chog’ida jismiyat, zulmoniyat, kasofat kamayib, ruhoniyat, nuroniyat, latifat ortib boradi. Har bir nafsning bir olami, bir sayri, bir holi, bir voridi (doxil bo’lmog’i), bir sifati, bir mushohadasi, bir ismi, bir nuri – rangi bordir.

Yetti rang (moviy, sariq, qizil, qora, yashil, oq, rangsizlik) yetti nurning rangidir. Kubraviya, naqshbandiya tariqatlari aqidasiga ko’ra, zikr bilan mashg’ul bo’lgan suluk yuragida birin-ketin qizil, sariq, oq, yashil va moviy rangda nurlar zuhur bo’ladi. (Bu haqda “Risolai bahoiya”da batafsil yozilgan.) “Yakrang”, “kofirbachcha”, “Ko’hi Qof” kabi atamalari bilan anglatilgan rangsizlik yoki yakranglik esa Vahdat olamidan iboratdur. Shuningdek, vahdati vujudni mutasavviflar dinlar orasidagi farqlarni bir rang farqidan iborat deb biladilar, hammasining aslini rangsizlik (beranglik) ekanini so’ylaydilar, shu sababdan hammasiga teng, bir ko’z bilan boqadilar.

Qosim G’oniy “Tarixi tasavvuf”da yozadi: “Ranglarning asli – rangsizlik, savashlarning asli tinchlikdir. Rangsizlik rangga asir bo’larkan, mussaviy mussaviy bilan savashadi. Rang o’rtadan qalqiguncha, Muso Fir’avn bilan sulhdadir”.

Qariyb uch yarim asrdan so’ng Turkistonning ulug’ shoiri Mir Alisher Navoiy bu sirli ranglarga bag’ishlab dilbar g’azal yaratdi:

Xil’atin to aylamigi jonon qizil, sorig’, yashil,
Shu’layi ohim esar har yon qizil, sorig’, yashil.

Gulshan etdim ishq sahrosin samumi ohdin,
Kim esa ul dasht aro har on qizil, sorig’, yashil.

Orazi, xoling bila xatting hayolidin erur,
Ko’zlarimning oldida davron qizil, sorig’, yashil.

Shishadek ko’nglimdadir gulzori husning yodidin,
Tobadoning aksidek alvon qizil, sorig’, yashil.

La’lgun may tutqil oltin jom birlan sabzada,
Kim bulardin yaxshi yo’q, imkon qizil, sorig’, yashil.

Faqr aro beranglik dushvor erur behad, valek,
Xirqada tikmak erur oson qizil, sorig’, yashil.

Ey Navoiy, oltinu shingarfu zangor istama,
Bo’ldi nazming rangidin devon qizil, sorig’, yashil…

10. Rizo. Bu Olloh Taolo jamolini qalb ko’zi bilan kashf qilish, Olloh nuridan nishona ko’rish darajasiga yetishgach, taqdirga tan berish; nima bo’lsa, uni Xudodan bilib, rozi bo’lish deganidir. Bu talab maqomidan so’ng Ishq so’fiylik holatidan so’fiylik sifatiga, ya’ni doimiylikka o’tadi – Rizo Kubraviya tariqatining so’nggi maqomidir va unga yetishgan solik o’zini Ollohga yetishgan, Unga singib ketgan, ixtiyorini Haqqa topshirgan deb biladi. Uning ruhi moddiy olamdan uzilgan, undan zarracha umidi qolmagan bo’ladi.

Abu Homid G’azzoliyning fikricha, rizo so’fiy uchun eng zarur sifatlardan biridir. Bu sifatning ma’nosi “Hamma narsa Xudodan ekan, barchasiga rizo bo’lish kerak” deganidir, deydi u. Ammo shu bilan barobar, uning nazarida, rizo Ollohdan marhamat tilash yo’lini to’smaydi. Abu Abdulloh Antokiy debturki: “Ikki jahon jamoli kashf va rizodur”. Nosir Xisrav esa aytganlarkim:

Ey dil, har lahzada rizo birla bo’l,
Qay holda bo’lmagil, xudo-birla bo’l…

Shayx Kubro bu o’n talab va sifatni jamlab, o’zining “Faqirlik haqida risola”sida shunday yozadi: “Bu yo’lga kirgan murid dunyoyu-oxiratda ozod bo’lib, yolg’iz Olloh Taoloning rizoliginigina istashi, dilini o’nglashi va holatini tavba bilan gunohlar najosatlaridan istihlol va rad etish bilan esa xalqning zulmlaridan xalos etishi, dunyoyu dunyo egalaridan qochishi, oxiratga va unga olib boradigan vositalarni topishga intilishi, butun vujudi va qalbi bilan Ollohning huzuriga yuzlanishi, zohirdagiyu botindagi hamma istaklardan voz kechishi, xomush, sokin, iltijo qiluvchi, yig’lovchi, ojiz, hayoli, faqir, xolis, shariatni mahkam tutuvchi, Olloh Taoloning hukmlarini biluvchi, Payg’ambar alayhissalomning sunnatlariga ergashuvchi bo’lmog’i kerak”.

Shayx Kubro bu sifatlarga erishish, talablarni to’kis ado qilish va sinovlardan o’tishda – tariqatda murshidning rahbarlik mas’uliyati va zaruratini alohida ta’kidlaydi. Uning fikricha, yolg’iz pir va murshid nazoratida sinovlardan o’tib, Ollohning huzuriga yuzlanish mumkindir. Agar Abu Abdulloh Hafif ramziy ma’noda tasavvufni sahro va tog’lar oshmoqdir, deganini eslasak, pir yo’lni aniq biluvchi yo’lboshchidir. Pir tog’ va sahroning qay yerida quduq borligini, qaeridamanzil qurmoq mumkinligini bilgani tufayli adashmaydi, unga ergashgan ham yo’l yo’qotib, halokatga uchramaydi. Shu sababdan ham tariqat ostonasida turgan solik eng avval murshidni intixob qilmog’i, ya’ni to’g’ri saylay bilmog’i juda muhim sanalgan. Piriga qo’l bergan ondanoq solik to’la uning ixtiyoriga o’tadi va itoatdan chekingan murid gumroh sanaladi, bog’bonsiz qolgan daraxtga o’xshatiladi.

Shuningdek, Shayx Kubro asos solgan tariqatda tushni Olloh bilan yuzlanmoq vositasi bilib, tushni sharhlay bilish – vahiyni anglash yo’li sanalardi. Kubraviya mashoyixi nazarida inson tushida, ba’zan hol paytidagidek, o’tmish, hozir va kelajakdan nishonalar ko’radi. Mo’min kishi tushi Ollohning inoyatlaridan biridir, deb bilgan so’fiylar tushni besh turga ajratadilar:

1. Xayoliy tush. Bunday tushda odam o’ylab, xayol qilib yurgan narsalarini ko’radi.

2. Qalbiy tush. Bunday tush ko’rgan odam o’ylamagan, bilmagan narsalarini ko’radi.

3. Naqshiy tush. Bunday tushda ma’lum naqsh bilan belgilangan karomatlarni ko’radiki, ularni yolg’iz oriflargina sharhlay biladilar.

4. Ruhiy tush. Bunday tushda albatta sodir bo’ladigan voqealar oldindan namoyon bo’ladi va bunday tush oriflarga xosdir.

5. Ilhomiy tush. Bunday tushda esa yozuvlar yoki maloyiklar tovushi, ko’rinishi bilan Olloh vahiysi yetkaziladiki, bu yolg’iz payg’ambarlarga xosdir. Qur’oni karimning ko’p oyatlari shunday yo’l bilan Hazrati Rasululloh (s.a.v.)ga yetkazilgan edi.

Abu Homid G’azzoliyning “Al-munqiz min az-zalal” – “Yang-lishuvlardan qutqaruvchi” risolasidan: “Olloh Taolo (ba’zi odamlarga) payg’ambarlikni ato qilishi juda oson: bunday odamlarga Haq subhonahu va taolo karomatli, xosiyatli tushlarni ko’rsatadi. Uyqudagi (bunday) odam nihoniy, g’oyibona kelajakda yuz beradigan voqealarni yo aniq ravishda, yo qandaydir majoziy, ramziy yo’l bilan ko’radi yoki dono ta’birchilar yordamida tushunadi”.

…Supachada o’tirgan Shayx Kubro shamol kuchayganini sezdi. Nogoh butun falakni yalt-yult yog’duga chulg’ab, chaqmoq chaqnadi, ketma-ket momoguldurak ovozi quloqni qomatga keltirdi. Samo bir zumda bulutlar bilan to’silib qoldi, ular hamon sharq tomondan suzib kelar, borgan sari quyuqlashib borardi:

Bulutlar juda pastlab xuruj qilgani boisidanmi, dimiqqan havoga toqat qilib bo’lmasdi. Kuchaygan shamol qorong’i va kimsasiz ko’chalarda izg’ib yurar, changni to’zg’itib, oynalarni zirillatardi, darvozalarni g’ijirlatardi. Shayx xonaqohga kirish uchun o’rnidan turib, bir-ikki qadam bosgan edi, yana borliqni yog’duga chulg’ab chaqmoq chaqnadi, momoguldurak yangradi. O’sha zamon xonaqoh hovlisi etagida yuksalib turgan gujumga chaqmoq tushib, uning qurigan shoxlari yona boshladi. Birpasda daraxt mash’alaga aylandi. Shamol olov bilan o’ynay boshladi. Umrida birinchi marta yashnab turgan daraxtning bunday yona boshlaganini ko’rgan shayx to’xtagan joyida qotib qoldi. “Olloh menga nimalarga ishora qilmoqchi”, — deya o’ylardi u dahshatga tushib. Yonayotgan gujum uzra faryod ko’tarib ucha boshlagan qushlar galasi diqqatini tortdi-yu, o’sha lahza erta-indin shahar dushmanlar – otash fitnasi tomonidan ishg’ol qilinishini, falak shahidlarning ohu nolasiga to’lishini angladi.

Yomg’ir quyib yubordi. Birpasda yonayotgan daraxt olovi bosilib, so’na boshladi. Shivalab mayin, iliq yomg’ir yog’ar, shayx ust-boshi shalabbo bo’layotganini sezmagandek, hovli o’rtasida turar, hayoli esa yuksak-yuksaklarda charx aylanardi. Yomg’irning tinadigan afti yo’q edi. Chaqmoqlar otashin qilich kabi osmonni bo’laklar, gulduragi bilan atrofga dag’dag’a qilardi.

— Ertaga jang bo’ladi, sen o’limga hozirmisan?! – deya shivirladi o’z-o’ziga shayx to’satdan. Keyin savoliga javob topgandek, xotirjam ortiga qayrildi va eshikka qarab yurdi.

U xonaqoh dahliziga kirarkan, ichkaridan kelayotgan ovozlarni eshitib, to’xtab, quloq soldi. Shogirdlari tashqarida bo’layotgan hodisalardan mutlaqo bexabar – ular dur izlab dengiz qa’riga sho’ng’igan g’avvoslar singari havas va ishtiyoq ichida edilar.

U majlisxona eshigiga yaqinlashdi-yu, kelganiga bir yarim oycha bo’lgan Mahmud ismli kosib yigitning har gal o’zi bilan birga olib yuradigan ukasiga nimalarnidir shavq bilan uqtirayotganini ko’rib, yana to’xtadi. Ularning ota-onalari qamalning boshidayoq olamdan o’tgan, bu dunyoda yakkayu-yolg’iz edilar. Mahmud kuni bilan mudofaa ishlarida bo’lar, kech tushishi bilan shayx dargohiga kelib, bir chekkada ukasini o’tqazib, saboq tinglardi. Shayx ularning suhbatiga quloq tutdi.

— Mana, bunga qara, — Mahmud qo’ynidan bir dona shaftoli chiqarib, ukasiga ko’rsatdi. – Mana shu shaftolining danagi bor, danakning ichida daraxt bor. Xuddi shuningdek, bug’doy boshog’ida don bor, har bir donda boshoq bor.

Odam ham shunday. Pirimizning naqlicha, odam olam uchun danakday gap, uning vujudida butun olam mujassam. Danak quyosh nurisiz daraxtga aylanolmaydi, odam esa Olloh nurisiz olam asrorini anglayolmaydi. Danak nurga intilib tuproq yorsa, daraxtga aylanib kamolotga erishsa; odam nurga intilarkan, zalolatli vujudidan kechadi, Olloh nuriga qorishiq ruhiga ergashib, inson komil bo’ladi.

— Olloh nurini ko’rib bo’ladimi? – deb so’radi bola chaqnoq ko’zlarini katta-katta ochib.

Mahmud bir lahza o’ylanib qoldi, so’ng og’iz ochdi:
— Mana bu chiroqqa e’tibor ber, u yonayapti, chor-atrofimizni yoritib turibdi. Ammo nurning o’zini ko’rmayapmiz. Olloh Taolo taratgan nur ham shunday ko’rinmaydi. Sen bilan ikkimizning ham qalbimizda shunday nur yashirin. Olloh nuri bilan Qalbdagi nur aynidir, bu ikki nur olamning bezagidir.

Olloh nuri butun borliqni yoritsa, qalb nuri odam vujudini, uni Xudo huzuriga yetaklovchi yo’lni yoritadi. Uqdingmi, Sayyid?

O’n-o’n ikki yashar bola akasiga jilmayib, “Ha” degandek bosh silkidi. Shayx bolaning ismi Sayyid ekanini endi bildi.

Aka-uka suhbatini eshitarkan, bu so’zlar qanchalar ibtidoiy va sodda bo’lib tuyulmasin, shayxning alamzada bo’lib, huvillab qolgan yuragini ajib bir nash’a chulg’adi. Mahmudda suyukli Majdiddin

Bag’dodiyning isini sezgandek bo’ldi. Ichida “Sen endi farzandimizsan va biz seni qabul qildik”, — deb o’yladi va mahzun shivirladi:
— Agar men shahid bo’lib, sen tirik qolsang, kun kelib bu ro’zg’orning muqtadosi bo’lg’aysan. U yog’ini Olloh biladi, men bilmayman…

So’ng botinan “Menga qara!” deya amr qildi. Dam o’tmay, ukasiga gapirib turgan Mahmud yalt etib shayxga qaradi. Shayx yigitning ko’zlariga diqqat bilan tikilarkan, uning qalbida sokin jilvalanib turgan nurni ayon ko’rdi. U shu nur ustida charx aylanib ucha boshladi. Charx urgani sayin nurning shiddati orta boshladi.

Mahmud o’rnidan turib ketdi. U jisman yerda turarkan, qandaydir bir kuch uni yuqoriga tortayotganini sezdi, ko’ngli behuzur bo’la boshladi, ko’zini yumdi. Ko’p o’tmay butun vujudini yengillik va farog’at chulg’adi. Ko’zini ochdiyu, butun atrofida charaqlab yonib turgan kuchli nur ummonini ko’rdi. “Bu Olloh nuridir!” – dedi kimdir qulog’i ostida. Mahmud qamashib, hech nimani ko’rmay qolgan ko’zlarini yumib oldi. Ko’zlari achishib, yosh oqa boshladi. U o’zining butun ixtiyorini bo’sh qo’ydi.

Mahmud o’ziga qaytib, ko’zini ochganida, Shayx Kubro uning yonida turardi.

— Ko’zing hech nimani ko’rmay qolgani diling oynasi xiraligidandur, — deb gap boshladi shayx. – Uni poklash yo’lini tut.

Shayx to’rdagi o’z o’rnini egallab, davraga ko’z tashladi. Mo’g’ullar kelishi arafasida javob bergan shogirdlari o’rnini olgan bu yigitlarning ko’pchiligi uning dargohiga Ollohga yetishishni emas, ilm izlab kelgan. Ammo, ilm izlash ham Ollohni izlash emasmi! Shu bois shayx bu toliblar davrasida o’zini zulmatda adashib qolgan nur zarrasidek, yolg’iz va yesir his etmasdi. U zulmatda adashib qolgan nur zarrasidek, o’zining asl manbaiga intilarkan, mana shu sargashtalarni ham o’z ortidan yetaklamoqchi bo’lardi.

U avval gavharlarga sayqal bergan bo’lsa, endi loydan sopol idishlar yasashdan or qilmaydi. Agar ul gavharlarda Olloh Taolo nuri jilvalanishini istagan bo’lsa, endi bu bezaksiz idishlarni o’zi anglab ketgan ilmu-haqiqat bilan to’ldirmoqni istaydi. Aslida so’fiy uchun shohlik bilan faqirlik barobar bo’lganidek, gavhar bilan loy idish ham barobar emasmi?! Odamning o’zi ham loydan bunyod bo’lgan, so’ng Olloh bag’ishlagan nurli ruh bilan bezangan emasmi?!

Ha, u dunyo haqida bilishi mumkin bo’lgan hamma narsani bilib oldi, Olloh ato qilgan Aqlga muyassar hamma narsa unga muyassar edi. Ammo kufforlar ilkida shahid bo’lishdan oldin bu aql-idrokni zarralarga bo’lib bo’lsa-da, boshqalarga ulashishni istaydi.

U o’zi haqida, o’zgalar haqida bilish mumkin bo’lgan barcha narsalarni ham bildi. Endi o’zgalarga o’zini bildirmoqni istaydi. Nima, u avval bunday qilmaganmidi! Majdiddinga, Sayfiddinu-Sa’diddinga o’z bilganlarini – o’zini bildirmaganmidi? Bildirgandi. Tasavvuf, eng avvalo, o’zni anglamoq, o’zni anglamoq esa Xudoni anglamoqdir, — deb bilgan shayx bu harakat aslo to’xtamasligini, faqat ruh tanni tark etishi bilan to’xashini ham bilardi.

U uzoq vaqt xilvatda yashadi, xilvatdagina o’zini angladi, xilvatdagina qalbining eng botiniy qatlamlarida yashirin shuurlarda jilvalangan nishonalarni ko’rdi. Endi u eng uzoq xilvatga chekinish arafasida turibdi. U bu uzoq xilvat yakunida Olloh Taolo jamolini ro’yi-rost ko’rishi mumkin bo’ladi. Shunda uning nomai a’molida mana shu unga iqtido etgan ko’ngillarni yoritgani ham yozilgan bo’ladi. Inshoolloh, shunday bo’ladi.

U dargohiga qadam qo’ygan har bir shogirdiga qanot berib osmonga uchirdi. “Biz asli tuproqdan bo’lsak-da, ruhimiz nurdandir, nurga intiling!” – dedi. “Shu nur ichida jilvalangan Haqning jamolini ko’rmoq maqomini izlang!” – dedi. Ular uchib ketdilar. U ilon kulcha bo’lib o’rab olgan qush inidagi polapondek, dushman halqasi o’ragan shaharda odamlar orasida yakkayu-yolg’iz qoldi. Ammo ko’p o’tmay, o’ziga dilnishin, sodda va to’pori do’stlar – shogirdlar orttirdi. Hozir u o’zini shogirdlarga murshidi komil emas, ularning otasi kabi sezardi. Nogoh uning ko’zlari o’ziga diqqat bilan tikilib turgan Sayyidning ko’zlari bilan to’qnashdi.

Bola ko’zlar so’radi: “Olloh Taolo qayerda yashaydi?”

Mahzun ko’zlar aytdi: “U senda yashaydi, menda yashaydi!”

Bola ko’zlar so’radi: “Olloh Taolo necha yoshda?”

Mahzun ko’zlar aytdi: “U sening yoshingda, u mening yoshimda!”

Bola ko’zlar so’radi: “Umrdan ma’no nimadur?”

Mahzun ko’zlar aytdi: “Ahdga vafodur!”

Bola ko’zlar so’radi: “Ahd nima edi?”

Mahzun ko’zlar aytdi: “Ollohni suymoq edi!”

041

(Tashriflar: umumiy 1 440, bugungi 1)

Izoh qoldiring