Abdurauf Fitrat. Najot yo’li (4).

008  Йирик давлат арбоби, шоир ва олим, носир ва драматург, маърифатпарвар Абдурауф Фитрат таваллудининг 130 йиллиги олдидан

Муқаррарки, салим ақл доимо соғлом баданда бўлади. Бинобарин, сиҳат ва офият дунёвий саодатнинг асоси деб айтиш мумкин. Фақат бу дунё саодати учунгина эмас, балки охират саодати учун ҳам сиҳат ва офият лозим. Зеро, биз сайъ-ҳаракатсиз икки дунё саодатига эришиб бўлмайди, деб такрор ва такрор айтдик.

Абдурауф ФИТРАТ
НАЖОТ ЙЎЛИ (04)
044

045Мутаммима (қўшимча) фазилатлар.

Аммо шу учта фазилатлар баркамол бўлиши учун учта бошқа фазилатларга эга бўлиш керакки, улар мутаммима фазилатлар деб номланади.

Булар: 1) сиҳат-саломатлик; 2) сарват; 3) аҳли аёлдан иборат.

Сиҳат-саломатлик.
Бу сўз бутун оламни мафтуну саргардон қилган. Дунёда бирор-бир одам йўқки, сиҳат ва офиятни бирор нарсага алмаштирса. Ҳакимларнинг баъзилари дунёвий саодат — тўғри фикрлаш ва салим, соғлом баданда, дейдилар.

Шу ҳам муқаррарки, салим ақл доимо соғлом баданда бўлади. Бинобарин, сиҳат ва офият дунёвий саодатнинг асоси деб айтиш мумкин. Фақат бу дунё саодати учунгина эмас, балки охират саодати учун ҳам сиҳат ва офият лозим. Зеро, биз сайъ-ҳаракатсиз икки дунё саодатига эришиб бўлмайди, деб такрор ва такрор айтдик. Албатта, сиҳат ва офияти бор одамнинг ҳаракати бемор одамнинг ҳаракатидан ортиқ бўлади-да. Ўз сиҳат ва тинчлигини муҳофаза қилолмаган миллат, шак-шубҳа йўқки, ҳаётнинг кураш майдонида орқада қолиб, оқибат хоҳласа (хоҳламаса) ҳалок бўлиши мумкин. Шунинг учун маданиятли давлатлар ҳукумати ўз миллатларининг соғлиғини сақлашда ҳимматларини аямайдилар. Русия ва Фарангистон шаҳарларидаги боғи Эрамдек жойлар, хушҳаво майдонлар, озода кўчалар бирон-бир шахснинг ҳою ҳаваси учун эмас, балки халқ соғлиғини муҳофазаси учун қилинган.

Фарангистон ва Русия ҳукуматлари бир мушфиқ ота каби раиятнинг саломатлиги тўғрисида қайғурадилар. Биз бечора бухоролилар қай тарафга юз бурмайлик, мисоли чўпонсиз қўйлар бўрига дуч келгандек, турли касалликларга чалинамиз, бирор киши аҳволимиздан хабар олмайди. Лекин, андак диққат қилиб назар солсак, айб ўзимизда эканлиги намоён бўлади. Зеро, биз бошқа халқларга ўхшаб саломатлигимизни муҳофаза қилишда ҳукуматнинг тарғиб ва ташвиқига муҳтож эмасмиз. Ислом динимиз бизни борлиғимизни сақлашга амр қилади. Ислом динининг саломатликка қанчалик эътибор беришини қуйидаги ҳадисларда кўрасиз:

«Бешта нарсани бешта нарсадан олдин ғанимат бил: ўлимдан олдин тирикликни, касалликдан олдин соғлиқни, машғулликдан олдин бўш вақтни, кексаликдан олдин ёшликни, фақирликдан олдин бойликни».

«Сиҳат-саломатлик ва офиятингни сўраб кўпроқ дуо қил».

«Омонлик ва офият икки катта неъматким, кўпчилик уларнинг қадрига етмайди».

Сиҳат-саломатлик ва офиятни ислом назари билан кўриб чиқдик. Энди асримиз ҳакимларининг инсонийликни муҳофаза этиш учун тавсия этган қоидалари устида баҳс юритсак. Одамнинг жисми турли хил чархлари, қисмлари, асбоблари бўлган машинага ўхшайди. Мазкур асбоб, қисмларни доим асл ҳолатидек тутилса, яъни парвариш қилинса, ўша машина жаҳду жадал билан ўз ишини бажаради. Агар унинг бирор-бир чархига зарар етса, дарҳол машина ҳам ишдан чиқиб бузилади.

Айрим ва аксар ҳайвонларнинг жисмида шундай турли хил қувват ва моддалар мавжудки, булар ўз ҳолатларини муҳофаза қилиб турганда, одам кучдан ва ишдан толмайди. Лекин четдан етган бир сабаб туфайли уларнинг бирига халал етса, одам ишдан чиқади ёки олдинги интизом ва тартибини йўқотади. Мазкур қувват моддалар ўз ўрнида дуруст ишлаб турган ҳолда одам соғлом ҳолатда бўлади. Аммо четдан етган бир сабаб орқали бу қувват ва моддаларнинг бирига зарар ва бизда шундай бир ҳолат пайдо бўладики, уни касаллик деб атаймиз. Дунёда хилма-хил касалликлар мавжуд. Бугунга келиб фан тадқиқотлари шуни исботладики, бу касалликларнинг асосий қисми, яъни безгак, сил, ришта, қизамиқ, сувчечак, чубушак245 ва бошқалар четдаги сабаб орқали одамга юқиб, бошқага ҳам ўтади. Умумий фан ҳайъати бу сабабни микроб атамаси билан қабул қилишган.

Микроб нима? Коинотда биз кўра оладиган махлуқлардан ташқари кўз кўра олмайдиган махлуқлар ҳам бор. Лекин асримиз ҳакимлари энг кичик заррачаларни кўрувчи мукаммал асбоблар билан бу кўзга кўринмас махлуқларни кўриб, уларни бир-биридан фарқлашади. Бу гапимиз мазкур махлуқотлар тўғрисида эшитмаган одамларга ажабтовур туюлиши мумкин. Аммо таажжубга ўрин йўқ, чунки ҳазрати

Халлоқи қодир бу каби махлуқотларни яратишдан ожиз эмас, албатта. Микроблар иккита гуруҳга ажратилади: биринчиси, фойдали микроблар, улар махлуқларнинг мавжудлигини ва саломатликни таъминлаб туради, иккинчи гуруҳ микроблар эса турли касалликлар тарқатиб юради.

Қандай микроблар вужудимизда беморликка сабаб бўларкин? Аввало, уларнинг конини, яшаш жойини, кейин эса қай тариқа кўчиб юришини билиб олиш керак. Банда тоқат қадар шулардан баҳс юритаман.

Сув. Микроблар кўпроқ сувда яшайди. Шаҳар ташқарисидаги чашмалар, ариқлар атрофи турли хил ахлатлардан холи бўлганлиги учун сувида микроб бўлмайди. Лекин шаҳар ичкарисидаги ариқлар, хусусан, бизнинг шаҳардаги ариқлар халажойларнинг тагидан ўтади, қудуқ ва ҳовузлар очиқ туради, кўллар суви назорат қилинмайди ва жойлар, албатта, турли микробларнинг кони, бешиги ҳисобланади.

Мен Бухорода ёз ойларида хуруж қиладиган безгак касаллиги хусусида Истанбулдаги дўхтурлар билан суҳбатлашганимда, улар Бухорони кўрмай туриб, дарҳол Бухоро атрофида кўллар бор экан-да, дедилар.

Тиб фани қоидаси безгак ва Бухоро риштасига сабаб Бухоронинг суви эканлигини шак-шубҳасиз тасдиқлайди. Зарарли микроблар сувдан одамга бир неча хил тарзда ўтадилар. Аввало, сувни ичиш орқали ўтади. Биз туркистонлиларнинг кўпчилигимиз халажойларнинг ёнидан ўтган сувни ҳовузларда тўплаб, унинг бир тарафида юз, қўл, оёқ ювиб, бурун қоқиб, иккинчи тарафидан эса, завқ билан чанқоғимизни қондирамиз! Ваҳоланки, бу сувда тўпланган микроблар ичган сувимиз орқали ҳалқумдан ёки тишнинг милкларидан қонга сурилиб, жигаргами, юракками ёки бошқа бир аъзога бориб ўрнашади, у ерда гуркираб, кўпайиб турли касалликлар келтириб чиқаради.

Кўп одамларимиз ҳовлиларида қудуқ қаздириб, шунинг сувидан ичадилар. Агар қудуқни тоза жойда қаздириб, покиза сақлаб, устини доим ёпиб қўйилса, шубҳаланмай, сувини ичса бўлади. Лекин бунақа қудуқларни қазиш мушкул иш, айниқса, шаҳар ичида. Чунки шаҳар ичидаги қудуқлар баъзан гўристонларга яқин ва доимо халажойга яқин жойларда қазилади, бундай ҳолда, шубҳасиз, ифлос оқимлар ернинг тагидан йўл топиб, қудуқ сувига аралашиб кетади ва ичганимизда ундаги микроблар бизга ўтади.

Иккинчидан, зарарли микроблар пашша ва чивинлар орқали бизга юқадилар. Пашша ва чивин микроб ташувчилардир. Микробли сувларга қўниб, уларни ўзларига ёпиштириб, биз еяётган таомлар, идишларга қўниб бизга ўтказадилар. Ҳашаротларнинг чақиши орқали ҳам микроблар баданга, ундан қонга ўтади. Шунинг учун баъзи табиблар бир халқнинг саломатлик даражаси у ичаётган сувининг тозалик даражасига боғлиқ, дейдилар. Бир мамлакат суви қанчалик ифлос бўлса, у ердаги аҳолининг соғлиғи ҳам яхши бўлмайди.

Масъала жуда қизиқ бўлди-ку! Агар сув ичмасак, нима ичамиз?! Бу масъала Оврўпа мамлакатларида шов-шувга сабаб бўлган. Фаранг олимлари, табиблари бунинг олдини олиш учун роса ҳаракат қилиб, одамлар микробсиз сув ичишлари учун бир қанча ҳайратомуз машиналар ишлаб чиқдилар, лекин уларнинг ҳеч бири батамом фойда бермади. Энг яхши ва фойдали чора шуки, ичадиган сувимизни яхшилаб қайнатиб, бир тоза идишга солиб, ўзимизга керагини истеъмол қилишликдир.

Мумкин қадар ҳовуз ва ариқларимизни ифлосликлардан сақлайлик. Ислом дини ҳам сувларни муҳофаза қилишга фармон беради. Бу хусусда Имом Бухорий ва Имом Муслимлардан кўплаб ҳадислар келган.

«Уйқунгиздан тургач, қўлингизни уч марта ювмай туриб идишга сув солманг, зеро, ухлаганингизда қўлингизнинг қаерда тунаганини билмайсиз».

«Турган сувга қўлингизни ювиб уни ифлос қилманг».

Тупроқ. Микробларнинг яна бир яшаш жойи тупроқ. Нега ҳам бўлмасин, қачонки, ҳамма ҳайвонларнинг чиқиндилари ва одамларнинг сийдигу ахлатлари тупроққа тушса. Ҳамма махлуқларнинг мурдаси ҳам ерда ётади. Булар вақт ўтиши билан ҳавонинг ҳароратига қараб, чириб- бижғиб атрофга минг хил зарарли микробларни тарқатадилар. Бу микроблар тупроқдан одамга қандай ўтади? Аввало, юқорида айтганимиздек, чивин, пашшалар орқали, кейин сув орқали. Сув қайнатилса (ундан микроблар) ўтмайди. Учинчидан, ҳаво орқали ўгади.

Ер юзидаги мавжуд микроблар шамол ва чанг-ғубор билан ердан кўтарилиб, ҳавода жавлон уриб, ҳаводан бир неча йўллар орқали бизга кўчади. Аввало, таомимизга, хусусан, мева-чевага қўнади, шунинг учун уларни ювиб ейиш керак. Тўртинчидан, нафас олишимиз билан ичимизга кириб, бирор-бир ички аъзоларимизда ўрнашиб олади. Бунинг чораси шаҳар кўчаларини покиза сақлаб, ҳавосини тоза тутиш керак. Фаранг ва Русиядаги кенг ва озода кўчаларни кўриб, ҳайрон қолиб лабингизни тишларсиз, уларнинг ҳеч бири кўзбўямачилик учун эмас, балки ҳукуматлари бунинг учун тўғри, зарур қонун тайинлаганлар.

Бахтга қарши бизнинг кўчаларимиз ифлослиги бизда шундай нафрат уйғотадики, тасвирда ожизмиз. Ваҳоланки, шаҳарларнинг тоза ва озодалиги ҳар бир миллат ҳаёти учун муҳимдир. Дини ислом кўчаларни тоза тутишга амр этган!

«Кўчаларингизни тоза сақланг, зеро яҳудларнинг кўчалари ифлосдир».

«Масжидларингизни паст қилиб, шаҳарларингизни эса баланд қилиб қуринглар».

«Аллоҳ таййиб ва покдир. Карим ва кечирувчидир, (У) покизалик ва карамни хуш кўради. Бас, ҳовлиларингизни тоза сақланг, яҳудларга ўхшаманг».

«Йўлда ётган шохни олиб ташлаган одамдан Аллоҳ хушнуд бўлиб, гуноҳларини афв этади».

«Мусулмонларга ранж етказган нарсани уларнинг йўлидан узоқ қил».

Барчага маълумки, ёзнинг уч ойида шаҳримиздаги кўпчилик одамлар касал бўладилар. Бу бечораларнинг кўпчилигига йигирма-ўттизта ришта чиқиб, бошдан оёқларигача қон ва йирингга ғарқ бўлиб юрадилар.

Ҳар бир хонадонда тўрт-бешта одам 30—40 кунлаб иситмалаб ётадилар. Кўпинча, бир хонадон аҳлининг ҳаммаси касал бўлади. Бу ҳолатларни яшириб, инкор этиб бўлмайди. Биласизки, шаҳримиздаги кўпчилик савдогарлар ҳар йили тижорат учун Русия тарафга кетиб, маълум муддат яшаб келадилар. Марҳамат қилиб, шуларнинг олдига бориб сўранг-чи, мазкур касалликлар Русияда ҳам бормикан? Албатга, сизга «йўқ» деб жавоб берадвдар. Тўғри, у мамлакатдагилар ҳам гоҳ касал бўладилар, лекин дарҳол ҳозиқ246 табибларга бориб даволанадилар.

Ана энди бир нозик масъалага келдик, сиздан сўрасак, бизнинг мамлакатимиз ва Русиядаги бу фарқ қаердан, сабаби нима? Нега энди бизнинг миллат заҳмату дард чекса, бошқалар роҳатда соғлом юрадилар? Албатта, сиз «Худонинг иши» дейсиз.

Офарин сизга, офарин! Зотан, бундан бошқа жавоб беролмайсиз-да. Аллоҳни назарингизда ғайб кўриб, уятсизларча ҳар бир гуноҳни унга ҳавола қиласиз? Сиз бемор бўлсангиз Аллоҳдан, мазлум бўлсангиз Аллоҳдан, фақир бўлсангиз Аллоҳдан, мусибат кўрсангиз ҳам Аллоҳдан. Азбаройи Худо… унда сизга нима қолади? Сизнинг ҳам бу дунёда бирор вазифангиз борми ё йўқми! Аллоҳ сизга бўйин томирингиздан ҳам яқин туради-я, унга бўҳтон қилманг… Чунки «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар», — дейилган Қуръони каримда247.

Бугунги кунда бошимизга тушган ва тушаётган бадбахтликларнинг ҳаммаси шум амалларимиздандир, Аллоҳ бандасининг ҳақига зулм қилмайди.

Аҳли аёл. Мутаммима фазилатларнинг учинчи гуруҳи аҳли аёл бўлишини талаб қилади, биз ушбу рисоламизнинг иккинчи қисмида бу ҳақда узоқ гапирдик.

САРВАТ

Мазкур фазилатларнинг учинчи қисми сарватдан иборат. Қачондан бери жон куйдириб айтиб келяпманки, одам табиатан ҳар нарсага муҳтож махлуқ, яъни эҳтиёж одамнинг табиий интилишидир.

Шу ерда масъалага умумийроқ қарасак, табиатдаги жамики махлуқлар муҳтож ва мажбурлар, то тирик эканлар, эҳтиёжларини қондиришга ҳаракат қиладилар. Одамзод ёки махлуқ эҳтиёжларининг ҳужумига қарши турса, бошқача ибора билан айтганда, танбаллик ёки сустлик туфайли эҳтиёжларини қондирмаса, бешубҳа маҳв ва нобуд бўлади. Масъалан, ҳар бир егуликка муҳтож жондор агар сайъ-ҳаракат қилиб, нарса топиб емаса, кўпи билан икки-уч кун яшаб кейин ўлади.

Бу хусусда ҳамма махлуқлар баробарлар, лекин одамнинг ва махлуқнинг эҳтиёжлари ўртасида бир фарқ бор. Махлуқнинг эҳтиёжлари доимо бир хилда бўлади. Бундан бир неча йил илгари оташаробага муҳтож эмас эдик. Бугун эса оташароба одамларнинг заруриятига айланди. Бугун одамлар тайёраларга унча муҳтож эмаслар. Лекин, шубҳа йўқки, бир неча йилдан сўнг бу ҳам одамзоднинг заруриятига айланади. Шу ерда хотирангизга одамзод эҳтиёжининг тараққий этишига сабаб нимада, деган савол келади. Ҳозир шу жиҳатга эътиборимизни қаратсак.

Аслида башарнинг эҳтиёжи тараққий этмайди ва ўзгармайди. Одамларнинг эҳтиёжлари азалдан қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундай. Эҳтиёжларнинг сабабини бартараф этиш усулларигина тараққий этиб, ўзгариб туради. Масъалан, одамлар кийимга доим муҳтож. Аммо ибтидоий одамлар бу эҳтиёжларини махлуқ терилари ёпиниб, кейинроқ тикилмаган дағал бўзга ўраниб қондиришган. Бугун эса бу эҳтиёж турли-туман, ранго-ранг кийимлар кийиш орқали қондирилмоқда. Одамлар яратилишларидан бошлаб баъзи ишларни бажариш учун асбоб-анжом ва нақлиёт воситаларига муҳтожлик сезганлар. Аввало, бу эҳтиёжларни ўзлари юриб, аста-секин махлуқлар воситасида, кейинроқ аравалар ясаб, кейин оташаробалардан фойдаланиб дафъ қилганлар. Яна бир неча йиллардан сўнг бу эҳтиёжларини тайёралар орқали қондиришга мажбур бўладилар.

Ушбу муқаддимадан сўнг эҳтиёжларни қондириш сабабларининг тараққиётини ҳам тушунишимиз осон бўлади. Маълумки, бу дунё умумий бир жадалгоҳ, кураш майдонидир. Бу майдонда ғолиб чиққан ҳар бир одам бошқаларни ўзига ҳаммол ва мардикор қилиб олади. Масалан, инсонлар ақлий қувватлари туфайли махлуқот дунёсидан ғолиб чиқиб, улардан фойдаланиб келадилар.

Инчунун, кураш майдонида ғолиб чиққан бир қавм ёки миллат бошқа қавмларни ўзига тобеъ қилиб олиши табиий бир ҳолдир. Ҳеч бир куч у қавмни бу ҳақдан манъ этолмайди. Бу умумий жадалгоҳда эҳтиёжларини тезлик ва осонлик билан ҳал қилган миллат ғалабага муяссар бўлади. Бас, кураш майдонида ғолиб чиқишни истаган ҳар бир миллат эҳтиёжларини тезроқ қондириш мақсадида ҳаракат қилиб, бунга муваффақ ҳам бўладилар. Яъни ақл ва илм соясида эҳтиёжларни қондириш сабаблари усулларини мукаммаллаштириб, бунинг натижасида турмуш лавозимларини зудлик билан яхшилаб, ўз ғалабаларини таъминлайдилар. Мағлуб бўлишни истамаган жуда кўп халқлар эҳтиёжларини қондириш сабабларини ривожлантириб, бошқа миллатлардан орқада қолмасликка ҳаракат қиладилар.

Эҳтиёжларнинг дафъ қилиш сабабларининг тараққиёти ва такомили айнан шундадир. Гарчи башарнинг эҳтиёжлари ва уларнинг дафъ этиш сабаблари баёнимиз ичига сиғмайди, аммо олам билиттифоқ шу қарорга келганки, эҳтиёжларни қондиришнинг асосий сабаби сарват илмини, сарват фазилатини ўрганишдадир. Ҳар бир сарватни эгаллаган миллат тезда ва осонликча эҳтиёжлардан қутула олади ва бу кураш майдонида ғолибликни қўлга киритади. Сарват таҳсили ҳамма учун зарур ва умумийдир. Ҳеч ким ундан халос бўлолмайди. Ҳар ким қай тариқа яшамасин, сарват таҳсили учун ҳаракат қилмаган бўлиши мумкин эмас.

Бас, энди айтиш мумкинки, таркидунёчилик қобил ва дуруст эмас, мубин ислом дин бизни сарват таҳсилини олишга чақиради. Гарчи биз бу муддаонинг исботи учун китобимизнинг талай жойларида оят ва ҳадисларни зикр қилган бўлсак-да, бу ерда ҳам ояти кариманинг таржимасини келтирамиз: «Ва Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) охират ободлигини истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин»248.

«Жомеъ ус-сағир»да ҳам шундай ҳадис келган: «Ҳалолнинг талабида бўлиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир».

Хуллас, сарват шаръан ва ақлан лозимдир. Зеро, башар ҳаётининг давоми бусиз мумкин эмас, зотан бу дунёда сарват таҳсилидан юз ўгирган кишининг ўзи йўқ. Лекин баъзи одамлар шу хусусда сустлик қилиб эҳтиёжлари учун сарватни эгалламайдилар. Бинобарин, булар доимо муҳтожлик, эҳтиёж юки остида қолиб кетиб, бора-бора нобуд бўладилар. Уларнинг бу ҳолатларини, фақирлик ҳолатларини саодат билиб, ҳатто ислом дини бизни шундай яшашга буюрган, дейдилар. Буларнинг бу гаплари ғирт ёлғондир. Мубин ислом дини бунақа камбағалликни ва бебизоатлик249ни асло амр қилмаган, аксинча, музаммат қилади. «Яҳудийлар қаерда бўлмасин хору зордирлар, агарда Аллоҳ ва мўъминлар паноҳига кирмасалар, улар илоҳий ғазабга гирифтор бўладилар. Уларга қашшоқлик ва мискинлик тайин бўлгандир, чунки улар кофирдирлар»250.

Мискинлик Аллоҳнинг ғазаби ва иймонсизлик натижасидир. Бу ҳақда «Жомеъ ус-сағир»да ҳадислар келтирилган: фақирликдан, бечораликдан, золимлик ва мазлумликдан Аллоҳдан паноҳ сўранг: «Эй бор Худоё, фақирлик ва хорликдан ўзингдан паноҳ сўрайман» денг.

Энди фақирлик қораланганлигини билганимиздан сўнг сарват таҳсилига машғул бўлишимиз лозим. Бас, шундай экан, сарват таҳсили учун қайси йўл шаръий ва муносиб, қайси йўл эса ғайришаръий ва номуносиблигини билиб олишимиз зарур. Маълумки, сарватга эришишнинг жуда кўп йўллари бор.

Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам шаръан дуруст эмас. Шаръан дуруст ва муносиб йўл сайъ ва ҳаракат қилишдир. Сайъ ва ҳаракати бўлмаган йўл эса ақлан ва шаръан ҳаромдир. Чунончи, рибо масъаласига келганда арз қилган эдикки, рибо, ўғрилик ва қиморбозлик ҳам сарватга эришишга киради. Лекин сайъ ва ҳаракат бўлмаганлиги учун ҳаром ҳисобланади.

Гадойлик ҳам сарват топишнинг бир йўлига киради, лекин унда ҳам сайъ-ҳаракат йўқ экан (шаръий узри бўлмаса), ҳаромга киради. Гадойлик икки хил бўлади: биринчи хили барчага маълум бўлиб, бизнинг гадойларимиз каби эшикма-эшик, дўконма-дўкон юриб нарса топадилар. Бу хилдаги гадойлик, агар шаръий узри бўлса, жоиз ва ҳаром ҳисобланмайди. Бу хил гадойликнинг шаръий узрларини ҳазрати Ҳакими мутлақ Қуръони каримда баён қилиб қўйган: «(Садақот-эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тўсилган (яъни, ўзларини ушлаган) бирор ерга сафар қилишга қодир бўлмайдиган, қаноатлари сабабли билмаган одамга бой-бадавлат бўлиб кўринадиган камбағаллар учундир. Уларнинг фақирликларини сиймоларидан билиб оласиз…»251

Бу ояти карима гадойлик беш ҳолатда жоиз бўлишлигини маълум қилади:

1) гадой нафсини шу қадар Аллоҳ йўлида сарфлаганидан қўли ишга бормаса;

2) кору касб ва сафар қилишга ҳам илож-имкони бўлмаса;

3) ҳеч кимдан таъма қилмаса, ҳатго одамлар уни мулки бор деб ўйласалар;

4) унинг муҳтожлиги тилидан эмас, балки аҳволидан, ранги-рўйидан кўриниб турса;

5) одамларни гадойлик қилиб безор қилмаса.

Кимда шу бешта шарт бўлса, гадойлик қилиши жоиз ва ҳаром қилинмагандир, унга нарса бериш савобдир. Ҳазрати Пайғамбар мазкур ояти каримани қуйидаги ҳадислар билан тафсир қилганлар: «Сендан бир-иккита хурмо ва бир-икки луқма олган одам мискин эмас. Мискин одамлардан бирор нарса истамайдиган одамдир».

«Эй мусулмонлар, гадойлик уч тоифа кишиларга ҳалол қилинган. Биринчиси, амри хайр, солиҳ амал учун одамларнинг ёрдамига муҳтож бўлса. Одамлардан нарса, пул талаб қилиб, етарли миқдорни йиғиб бўлгач, ўша савоб ишга сарфлаб, кейин гадойликни тарк этса. Иккинчи тоифадаги одамнинг молу мулки талон-торож қилинган бўлса, у ҳам фақат зарурият чегарасида гадойлик қилиши мумкин. Учинчи тоифадаги одам ниҳоятда фақир бўлса ва қавмидан уч киши унинг фақирлигига гувоҳ бўлса, унга ҳам гадойлик ҳалол қилинган. Эй мусулмонлар, шу уч хил гадойликдан бошқаси ҳаром ва унинг соҳиби ҳаромхўр ҳисобланади».

«Ҳар ким мол йиғиш ниятида гадойлик қилса, унинг шу йўлда топган моли хоҳ кам, хоҳ кўп бўлсин, қиёматда оташга айланиб, унга азоб беради».

Гадойликнинг иккинчи хили шу қадар усталик ва моҳирлик билан ижро этиладики, бу хилдаги гадой кўчадаги тиланчилардек обрўйини тўкиб юрмайди, лекин ўзининг инсонлик шарафини поймол қилади. Бахтга қарши бу хилдаги одамлар мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида, хусусан, Бухорода ҳам кўплаб учрайди. Жуда кўп эътиборли одамларимиз андак фойда учун бировларнинг остонасини туну кун саждагоҳга айлантириб олганлар. Хусусан, баъзи уламою машойихларимиз қози ва қушбегиларнинг нимтабассуми учун ўзларининг йигирма йиллик таҳсил ва ибодатларини сотиб юборадилар. Булар ислом шариатига мухолиф шахслардир. Ислом дини сарватга эришиш учун ҳар кимга бир йўл кўрсатган, у ҳам бўлса сайъ-ҳаракатдир. Таъмагирлик ва ниқобланган гадойликни ислом дини манъ этган…

Шу ерда яна Имом Муслим ва Имом Бухорийлар тўплаган ҳадислардан мисол келтирамиз: «Нафсим унинг қудрати қўлида бўлган Зот билан қасамки, бировнинг сиздан арқон олиб, ўтин териб, уни орқалаб келиб сотгани одамлардан нарса талаб қилганидан кўра яхшироқдир».

«Агар гадойликнинг гуноҳ эканлигини билганингизда эди, гадойлик қилмас эдингиз».

«Менга одамлардан нарса талаб қилмайман, деган аҳдни берган одам учун мен ҳам жаннатни ўз зиммамга оламан».

Энди биз гадойликнинг ҳаром эканлигини тушуниб етганимиздан кейин сарват ҳосил қилиш учун ҳам муносиб ва шаръий мумкин бўлган йўл борлигини билиб олишимиз керакки, бу йўл сайъ-ҳаракат йўлидир. Бу йўлни иқтисодиёт лафзида санъат деб аташ мумкин.

Инсоният оламида бу хилдаги санъатнинг етти тури мавжуд:

1) ихрож (ер ости бойликларидан фойдаланиш) санъати;
2) зироат санъати;
3) аъмол (касбу кор);
4) тижорат;
5) нақлиёт санъати;
6) турли хил санъатлар;
7) шахсий хизматлар.

Маъданлардан фойдаланиш санъати.

Бугунги кунда башарият оламининг асосий қисми фойдали қазилмаларни топиб, уларни керакли равишда ишлатиб, шунинг орқасидан кун кечириб келмокда.

Масалан, нефть (лампа мойи) бугун дунёнинг ҳар бир чеккасида ишлатилади, тошкўмир эса ҳар бир маданийлашган мамлакатга зарур: оташаравалар, кемалар, фабрикалар шу неъмат соясида ишлайди.

Инглиз давлати ўзидаги бойликларни ана шу икки маъдан: темир ва тошкўмир орқали қўлга киритган. Ҳатго Инглиз давлатининг жаҳонгирлиги ҳам шу тошкўмир маъдани сабаблидир, чунки Инглиз давлатининг қўлга киритилган жанговар кемалари тошкўмирсиз ҳаракатланмайди. Агар Инглиз давлатида тошкўмир маъданлари бўлмаганда эди, ҳозиргидек ҳарбий кемаларни ярата олмаган бўларди.

Темир маъданлар орасида муҳим ўрин эгаллайди, башарият дунёси ўзининг эҳтиёжларини шу маъдан орқали қондириб туради. Темир маъданларининг фойдаси тўғрисидаги шу қуйидаги бир оят етади: «…Яна бир темир туширдик — яратдик. Унда куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бордир»252.

Маълумки, тез-тез сарфланиб турадиган молнинг харидори бисёр бўлади, нарсанинг харидори кўп бўлса, бозори чаққон бўлади, бозори чаққон савдогарнинг давлати кўпаяди. Фаранг давлатининг санаш ожиз бўлган хазиналари шу маъданлар туфайли қўлга киритилган. Биз бадбахтлар эса ҳалиям шу санъатдан, шу касбдан бехабар юрибмиз. Шу маъданларнинг қайси бири бизнинг юртда йўқ, дейсиз?

Аминманки, Туркистоннинг турли нуқталари ва Бухоро заминида ҳам яшириниб ётган нефть, темир, тошкўмир каби кўпгина маъданлар мавжуд ва уларнинг ҳаммаси мисол келтирганимиз ояти карима ҳукмига биноан биз учун, бизнинг фойдамиз учун яратилган. Лекин биз бу маъданларни топиб, ишлатиш хусусида ўйламаяпмиз ва бу раббоний неъматларга куфр келтирамиз.

Бизнинг бойларимиз бу барча Худо берган неъматларнинг зоеъ бўлишига инсоният олами рози бўлмаслигини биладилар. Биноанлайҳ, агар улар итгифоқ бўлиб, маъданларни топиб, улардан фойдаланмас эканлар, бугун ё эрта дунёнинг бир тарафидан бегоналар келиб, маъданларни қазиб, дунё-дунё фойда топади, бойларимиз эса ҳасрат бармоқларини тишлаб қолаверадилар. Лекин, у вақтда ҳасратнинг фойдаси бўлмайди.

Зироат санъати.

Кимёвий ва тиббий усуллар орқали табиат қўйнидан олинган, одамлар учун фойдали бўлган нарсаларни ишлаб чиқаришга зироат санъати дейилади.

Инсоният ҳаётида зироат ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Башарият ўзига зарур моддаларнинг кўпчилигини шу санъат воситасида қўлга киритди. Оламнинг ҳар бир нуқтасида, хусусан, бизнинг мамлакатимизда ҳам зироат юқори ўринда туради. Ҳа, мамлакатимизда зироатга катта аҳамият берилгандир. Зеро, мамлакатимиз, энг аввало, зироатга мослашган (аграр) давлатдир ва одамларимизнинг кўпчилиги зироат билан шуғулланишади.

Фарангистон ва, хусусан, Япон ерлари зироатга мослашмаган. Бинобарин, уларнинг серғайрат аҳолиси тоғлар этагига турли хил дорилар сепиб, деҳқончилик қилишади. Биз бечоралар эса шу деҳқонбоп ерларимиздан ҳам фойдаланишни билмаймиз. Агар бизникидақа ерлар японларда бўлганда борми, қисқа вақт ичида у ернинг деҳқонлари милйўнлаб даромадларни қўлга киритишарди.

Шундай муборак ерларнинг эгаси бўлмиш бизнинг деҳқонларимиз эса дунёда энг камбағал одамлар бўлиб юришибди. Оврўпа мамлакатлари ва Японияда зироатнинг фойдалари қай даражада бўлишини билганликларидан, уларнинг ҳукуматлари зироатни ривожлантириш ва тараққий эттириш йўлида турли қонун ва низомлар ишлаб чиққанлар, ҳайратомуз машиналар яратиб, зироатчиликдан таҳсил берадиган мактаблар очганлар. Бошқа тарафдан эса, бу давлатларда бу соҳанинг ривожи ва такомили учун жамиятлар таъсис қилиниб, улар доим фидокорлик билан ҳаракат қилиб келадилар.

Бахтга қарши бизнинг мамлакатда Бухоро ва Хива ҳукуматлари ўзларининг бутун куч-қувватларини деҳқончиликнинг зарарига ишлатадилар. Ҳа, Бухоронинг идора ташкилотларидаги амлокдорлик усулларидан деҳқонлар хароб бўладиларки, фойда ололмайдилар.

Камоли журъат билан айтаманки, Бухоро қишлоқларига бориб турадиган амлокдор ва қозиларнинг ҳар бири гўёки деҳқонларнинг хирмонига тушган жаҳаннам оташига ўхшайдилар. Бир тарафдан, бизнинг аҳолимиз экиш-йиғиш ишларига унча аҳамият бермайдилар ва ҳиммат қилмайдилар. Ваҳоланки, деҳқонларимиз самимият билан ишларини тартибга солиб зўр берсалар, зарбахш ерларимиз қисқа фурсат ичида яхши даромад бериб, ер соҳиблари сарват эгаларига айланган бўлардилар.

Мубин ислом дини ҳам мусулмонларни зироат билан шуғулланишга тарғиб қилади. Пайғамбаримиздан Имом Бухорий қуйидаги ҳадисларни келтирган: «Мусулмон дарахт экиб, экин-тикин қилса ва унинг ҳосилидан одамлар, ҳайвонлар ё паррандалар еса, бу ўша мусулмоннинг садақа бергани каби» бўлади.

«Кимнинг ери бўлса унда ишласин, агар ишлашга қуввати бўлмаса, бировга берсинки, у ишлатсин. Агар буларни қилмаса, унинг ери мен ундан ҳеч яхшилик кўрмадим, дейди».

Аъмол санъати.

Ер ости бойликлари ва зироат маҳсу-лотларини қўл ё табиий куч воситасида бошқа шаклга келтиришга аъмол санъати (касб-ҳунар) дейилади.

Бу санъат ёки бу соҳа маҳсулотлари турли дастгоҳлар, фабрика-зовудларда зарур ашёларга айлантирилиб, олди-сотди учун бозорга олиб чиқилади. Масъалан, буғдой зироатчилик маҳсулоти. Уни ун, унни эса нон қилиб сотиш аъмол санъатига киради. Бу саноат инсон ҳаёти учун ниҳоятда зарурдир.

Агар соҳалар орасида шу хилдагилари бўлмаганда одамларнинг иши мушкул кечарди. Шу сабабдан ҳазрат Расулуллоҳ бизга бу санъатни тарғиб қилади. Кишининг ўз касбидан топган таомидек ширин таом бўлмайди. Довуд Пайғамбар қўл амалидан (яъни, ҳунардан) еб-ичарди, «Касбларнинг покизаси одамнинг қўл кучи ишлатиб қилган амалидир».

Одамлар орасида бу санъат ҳам ихрож санъати ва зироатчилик каби кўҳна ва шулар билан боғлиқ соҳадир. Лекин кундан-кунга тараққий этмоқда. Илгари одамлар қўл меҳнатлари билан бу санъатни ижро этишган бўлса, эндиликда катта-катта фабрикаларда кишини ҳайратга солувчи машиналар бажаради. Бугун Оврўпа ва Амриқонинг кўпгина сарватдор, бойларининг фабрикаси бор.

Уларнинг ҳар бир фабрикалари муболағасиз бизнинг бир қишлоғимизга тенг келади. Бундай фабрикаларда саккиз минг, ўн минг ишчи ишлаб, насибасини топади. Ҳар йили Осиёнинг турли шаҳарларидан минглаб одам Оврўпа ва Амриқога ишлаш ва яшаш учун бориб, у ердаги фабрикаларда хизмат қиладилар. Шу баҳонада бу давлатларнинг нуфузи зиёда бўлиб, бозорлари равнақ топади. Шу йўл билан ҳам давлат, ҳам одамлар дунё-дунё фойда топадилар.

Биз туркистонлилар бир вақтлар аъмол санъатимизни, яъни турли соҳаларни ривожлантириб, ўзимизга зарур нарсаларни ўзимиз сифатли қилиб ишлаб чиқарардик, ўзимиздан ортиб қолган молларни хорижий давлатларга юборар эдик, улар мамнуният билан сотиб олардилар. [Масъалан] аббосий халифалар даврида халифалар учун либослар Бухородан олиб кетилар эди. Ҳозир ҳам қадимий ҳунарларимиз ҳар бир жойда мавжуд, йўқолиб кетгани йўқ. Масъалан, алача, яхши сифатли гиламлар бизда тўқилади, тўқилган ҳарир матоларимиз алача ва гилам каби жаҳонни ҳозир ҳам ҳайратга солади. Саноатимизнинг аввалги ҳолати бугунга келиб қолмаган, зеро, биз қадимда ўзимизга зарур барча нарсаларни ўзимиз тайёрлаб чиқарар эдик. Бугун эса бутунлай бошқача: барча зарур нарсаларни бошқалардан сотиб оламиз. Бир неча йил илгари бўз ва қаламидан либос киярдик, бу матолар учун хом ашё ўзимиздан чиқарди. Яъни ўзимиз пахта экиб, пахтадан ип йигириб, ўзимиз ясаган дастгоҳларда шу иплардан мато тўқиб, шу матодан кийим тикиб кияр эдик. Хулласи калом, либосларимизни бошдан охиригача бегонага бир тийин бермасдан ўзимиз ҳозирлардик.

Ўзимиздан ортиб қолган нарсаларни чет элга чиқарардик, қимматга сотиб фойда олардик. Аммо атрофдаги фабрикадорлар кўзни қамаштирувчи парча ва бошқа турдаги ранго-ранг матоларни бизнинг юртимизга келтирганларидан кейин бизнинг бўз ва қаламиларимиз уларга тенглаша олмай қисқа фурсатда муомаладан чиқиб кетди.

Бу табиий ва зарурий бир амрдир, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки одамлар доимо нафис ва чиройли нарсаларга ўч бўладилар. Бас, шундай экан, касбу корининг ривож топишини хоҳлаган ҳар бир киши ўзининг меҳнат маҳсули бошқаларникидан паст бўлиб, назардан четда қолмаслиги учун ҳаракат қилиши зарур. «Жомеъ ус-сағир»да ҳам Пайғамбаримиздан ривоят қилинганки: «Ишларини ўнглаб, ривожлантириб юрганларни Аллоҳ ҳам дўст тутади».

Лекин бизнинг ота-боболаримиз шу андишани эътиборга олмадилар ва одамлар нима бўлсаям бизнинг тўқиган бўз ва қаламимизни хоҳлаб олаверадилар деб ўйлаб, бу матоларни ўзгартирмадилар, ривожлантирмадилар. Шу боис ўзларини ҳам, санъатларини ҳам йўқотдилар, бизларни эса бегона фабрикачиларга муҳтож қилиб қўйдилар. Мен «Ҳинд сайёҳи» номли рисоламда бу хусусда айтиб ўтган эдим, бу ўринда эса шуни арз қилмоқчиманки, агар биз ҳам жаҳон халқлари орасида хору зор юришни, миллатимизни тушкун ва паришон ҳолда кўришни истамасак, саодатли, бахтиёр ҳаётни орзу қилсак, ҳар қанча кетса ҳам боқий қолиши керак бўлган ҳунаримизни ҳимоя қилишимиз, тараққий эттириб, такомиллаштиришимиз керак. Равшанроқ қилиб айтадиган бўлсам, касбу коримиз ва амалий санъатимизни ҳимоя қилиш ҳаётий вазифамиз ҳам динда фарз қилингандир. Бу вазифани ҳар биримиз адо этишимиз лозим. Аввало, шу санъат соҳибларининг ўзлари ақлларини ишлатиб, касблари хусусида мулоҳаза юритиб, диққат қилиб санъатларининг зоеъ бўлмаслиги ва ўзлари тараққиётдан қолиб кетган усталаримиздек нонгадой бўлиб қолмасликлари учун чоралар кўришлари зарур.

Иккинчидан, Русия ва Фарангистон давлатларига бориб-келиб юрадиган савдогарларимиз у давлатларнинг саноат тараққиётидан воқиф бўлганликларини бизнинг саноатчиларимизга ҳам айтиб, тушунтириб берсинлар, токи усталаримиз янги барпо бўлган фабрикаларнинг ишлаш ва идора қилиш тарзларидан, саноатдаги янгиликлардан хабар топсинлар.

Учинчидан, барча аҳолига лозимки, усталаримиз қўлидан чиқаётган газламаларни дағал ва қиммат-арзонлигига қарамасдан мамнунлик билан сотиб олсинлар. Миллий саноатимизнинг тараққиёти ва боқий қолиши учун аслида энг муҳим чора шудир, зеро, ҳар бир санъатнинг ривож топиши, боқий қолиши унинг харидорига боғлиқдир. Устанинг қўлидан чиқаётган матонинг харидори бўлмас экан, ундан фойда ҳам бўлмайди.

Нақлиёт санъати.

Хом ашё ва тайёр маҳсулотларни бир жойдан иккинчи жойга етказиш нақлиёт санъатига ёки нақлиёт соҳасига киради.

Биз юқорида тилга олган учта санъат бир мамлакатнинг бойлигини зиёда қилмайди, балки ҳимоя қилади, сақлайди. Ваҳоланки, ҳар бир миллат ўз хазинасини кундан-кун кўпайиши хусусида ўйлаши лозим.

Зироатчилик билан шуғулланувчи, фабрикадорлик қилувчи ва ерости бойликларини қазиш билан шуғулланувчи халқлар касблари келтирган маҳсулотларни бир-бирларига сотсалар, бу ҳам уларнинг давлатини зиёда қилмайди. Бир миллатнинг давлати қачон зиёда бўлади, қачонки бошқа хорижий давлатлардан пул кела бошласа.

Масъалан, фараз қилинг: бир кишининг беш юз танга пули ва бешта чўнтаги бор. У бу пулларни чўнтакларининг биридан иккинчисига ўтказиб тургани билан то қиёматгача пули беш юз тангалигича қолаверади. Бу кишининг пули қачон беш юз эллик танга бўлади, қачонки четдан чўнтагига эллик танга тушса. Бир давлатнинг ҳам хазинаси шунга ўхшаш, пули кўпайишини истаган миллат чет эллардан пул келтириши керак. Ажабо, бу қай тариқа бўлиши мумкин?

Фарангистон олимлари оташарава ва кемаларни шу муддаони ҳал қилиш учун яратганлар. Биз эса бутун оламдагиларни ўзимизга ўхшатиб, оврўпалилар бу оташарава ва кемаларни ҳою ҳаваслари учун яратган бўлсалар керак, деб ўйлаймиз, лекин аслида ундай эмас. Улар машина ва кемаларни ўзларидаги санъат ва деҳқончилик маҳсулотларини атрофга чиқариб сотиб, пул қилиб, шу йўсинда хазиналарини бойитиш учун (ҳаракат) қиладилар. Уларнинг зироати ва саноатининг кундан-кунга тараққий топиши шу оташарава орқасидандир.

Ҳа, бир мулкнинг зироати ва саноатининг равнақ топишида оташарава ниҳоятда катга аҳамият касб этади. Масъалан, Афғонистонда оташарава йўқ, фараз қилинг-а, Афғонистоннинг ҳамма ерларига ишлов берилса, ҳар йили 200 минг ман буғдой беради. Лекин афғон халқига бир йилда эллик минг буғдой кифоя қилади. Шу ҳолатда афғон халқи фақат ўзига керакли бўладиган миқдорда буғдой етиштириб, қолган ерлар бекор ётаверади, агар бундан кўп етиштирсалар, ортиб қолган буғдой нобуд бўлиши мумкин. Лекин, ҳар бир шаҳарида оташаравага эга бўлган миллат қувватлари етгунча деҳқончилик қилиб ва йиғилган ҳар бир маҳсулотнинг ўзларидан ортганини оташараваларга юклаб, бошқа давлатларга олиб бориб сотсалар, фойда оладилар. Демак, ҳар бир давлат сарвати зиёда бўлиши учун ўзининг молини хорижга чиқариб сотиши зарур экан, бусиз сарват ҳосил бўлмайди.

Ҳозир хотирамга ажойиб воқеа келди, шуни айтиб ўтмоқчиман. Бухорода эканлигимда бир нечта хориждан келган ажнабийлар баъзи бир меваларимизни хомлигича арзонроқ баҳода сотиб олмоқчи бўлдилар. Бухоро ҳукумати амалдорлари уларга рухсат беришмади. Нега? Чунки агар улар меваларимизни хомлигича арзон баҳода олиб кетсалар, Бухорода мева қиммат бўлар эмиш… Ким нима деса десин-у, лекин менинг фикримча, ҳукумат арбобларимизнинг бу ажойиб тадбири фақат кулгуни қистатади, холос. Бир инсоф билан ўйланг-а, фалон бир шаҳарнинг одами келиб, бир оз хом ўрикни икки пул арзонига олиб еса нима қилибди, унга манъ этиб, юзлаб деҳқонларимизни ҳалол пул топишдан маҳрум қилишда не маъно бор экан?

Шу ергача оташараваларнинг баъзи бир умумий фойдаларини зикр қилдик. Оташаравада хусусий фойдаларнинг борлигига ҳам заррача шубҳа йўқдир. Масъалан, бир неча давлатманд одам кенгашиб, бирлашиб, оташаравага имтиёз олиб, уни яратиб, кейин ўзлари бошқарсалар, бир оз муддат ўтмай милйўнлаб сарват эгасига айланадилар.

Бинобарин, бу хусусда кўп гапирдик. Агар бизнинг бойларимиз ҳам кенгашиб катта ишларга қўл урсалар эди, дунё-дунё фойда олган бўлар эдилар, аммо (бу гапларни) «Эшитишга қулоқ қани, кўришга эътибор қани?».

Тижорат санъати.

Биз юқорида айтиб ўтган уч хил санъат маҳсулотларини нақлиёт воситасида ҳар тарафга олиб бориш, олиб келиш ва одамларнинг талаблари учун керакли нарсаларни етказиб беришга тижорат санъати дейилади.

Биз юқорида нақлиётнинг фойдаларини арз қилдик, лекин шуни ҳам муҳтарам ўқувчиларимизга айтиб ўтишимиз лозим, нақлиёт ҳамма жойда, ҳамма ҳолатларда ҳам фойда келтиравермайди, нақлиётдан билиб фойдаланмаса, албатта, зарар кўриш мумкин. Зотан, дунёдаги ҳар бир ишда ҳам шундай суиистеъмол қилинса, зарар кўрилади.

Масъалан, тўйда кўп фойдалар бор, аммо биз туркистонлилар уни суиистеъмол қилишдан тўхтамас эканмиз, зарар топамиз. Намознинг ҳам фойдалари кўп, лекин риёкорлик билан ўқилган намоз зарар келтиради, яъни гуноҳкор бўламиз.

Оташарава ва кемалар ҳам шундай: савдогарлар уларга ўз мамлакатларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни юклаб, четга чиқариб сотиб, четдан имкон қадар мол олиб келиб, ўз юртларида сотсалар нақлиётдан фойда кўрадилар.

Агар бегоналар хорижий молни уларнинг мулкига келтириб сотса ва савдогарларнинг молини хорижга олиб бориб сотса, савдогарларнинг ўзи бу хусусда ўзлари ҳаракат қилмасалар, шубҳа йўқки, шу давлат ўзида бор оташаравадан фойда кўрмайди.

Тижоратнинг фойдалари фақат олди-сотдидан эмас, балки бир давлатнинг хилма-хил саноатининг тараққий топиши, миллатнинг равнақу осойишталиги, унинг улуғлиги ва эътибори тижоратга боғлиқдир.

Башар тоифаси тижоратга доимо эҳтиёж сезиб келган, агар бу муборак санъат бўлмаса эди, одамлар Аллоҳ неъматларининг бир қисмидан маҳрум бўлиб қолаверарди. Шу тижорат борки, мамлакатимизга Ҳинд диёридан чойлар, Русиядан шакарлар келиб туради, шу тижорат сабаб пахтамиз ва қоракўл териларимизни жаҳон бозорига чиқариб сотамиз.

Тижорат ибтидоий даврлардан то ҳозиргача ҳар бир миллат орасида баланд мавқега эга бўлиб келган, лекин, хусусан, бизнинг замонга келиб янада эътибори ортиб кетди. Ҳар бир қавмнинг боқийлиги, ҳар бир давлатнинг қувват ва шавкати батамом унинг тижоратига тобеъдир. Яҳудийлар ўзларининг паришонликларига, тарқалиб кетишларига қарамай миллатларини ана шу тижорат соясида ҳимоя қиладилар, ўзларининг яриммустақил давлатлари бўлмай туриб ҳам Фарангнинг аксар ҳукуматлари уларни тан олиб, қулоч очиб кўришадилар, чунки уларнинг пуллари бор, тижоратлари ривожланган.

Шу эътибордан ислом дини бизга тижорат билан шуғулланишни буюради… «Аллоҳ (денгиздаги) кемалар ўзининг амри билан жорий бўлиши ҳамда сизлар (у кемаларда) Унинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) исташларингиз ва шукр қилишларингиз учун сизларга денгизни бўйсундириб қўйган зотдир»253.

Бу оят қаторида Пайғамбаримиздан ҳадислар ҳам ривоят қилинган: «Ҳалол иш қилиб, тўғрисўз бўлган тожир қиёматда шаҳидлар билан баробар мукофот олади».

«Ҳалол иш қилувчи тожир Пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидларга ҳамроҳдирлар».

Инсоф қилинг, бу дунёда ислом динигина тижоратга шу қадар баланд мартаба ва олий даража тайин этган. Бахтга қарши, бугун орамизда эътибори йўқ касблардан бири шу тижоратдир. Шуни ҳам яхши билиш керакки, тижоратдан фойда кўриш керак, фақат олди-сотди билан чегараланмасдан.

Бугунга келиб тижоратдан яхши фойда олиш учун бир қанча илмларни билиш зарур. Одат юзасидан ёки минг йиллик ношудлигимизни ошкор қилмаслик учун тижорат билан шуғулланиш фойда келтирмайди, шунинг учун ҳам миллий тижоратимиз кундан-кунга таназзулга юз тутиб бормоқда. Мен аниқ ишонаманки, миллатимизнинг ҳаёт мамоти савдогарларимиз қўлида.

Ҳа, бундан бир неча йил муқаддам бизнинг идора тизимимиз уламолар қўлида эди, лекин улар бизга раҳбарлик қилишга ожиз қолдилар, бизни ҳалокат гирдобидан нажот соҳилига чиқариш ўрнига, улар нажот соҳилидан ҳалокат гирдобига ташладилар.

Шу сабабдан хоҳу нохоҳ бу миллатга раҳнамолик қилишдек муқаддас вазифа уларнинг қўлидан чиқиб, замон тақозосига кўра бойларимиз қўлига ўтди. Биноанлайҳ, бугун бойларимиз олдида турган вазифалар ҳам улуғ бўлиб, ислом наздида уларнинг мартабалари ҳам ортди.

Бас, уларга вазифаларини тушуниб, раҳбарлик қилишларига муҳтож бўлган миллатларига ёрдам кўрсатиб, раҳбарлик қилсинлар. Лекин улар ҳам ўз ишларини замон талаби ва хоҳишларига қараб тартибга солмасалар, бу вазифани адо этолмайдилар.

Мен шунинг учун уч йилдан бери фарёд уриб, уларни ҳушёрликка даъват қилиб келсам-да, ҳайҳот, уларнинг ҳушёрлигини тушимдан бошқа ҳеч ерда кўрмаяпман.

Турли хил санъатлар.

Бу санъат соҳибларига табиблар, муҳаррирлар, муаллимлар, мирзолар, ҳукумат маъмурлари ва бошқалар кирадилар. Маълумки, юқоридаги уч хил касб ва соҳалар учун анча сармоя керак, шунинг учун у соҳаларни бир киши ишғол қила олмайди. Сармояси ҳисобли бўлган шахслар шу турли хил соҳаларга эга бўлишлари зарур, зеро ҳалолни талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Шу соҳаларнинг ҳар бирида жамият учун турли фойдалар мавжуд. Бир миллат орасида бир қанча табиб, бир қанча муаллим, бир қанча муҳаррирлик, бир талай ҳукумат маъмурлари борлигига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак. Уларсиз бир миллатнинг боқийлиги, умуман, мавжудлиги мумкин эмас. Биноанлайҳ, Имом Ғаззолий «Иҳё-ул-улум» китобининг аввалида бу соҳаларнинг ҳар бирини, ҳатто сартарошлик санъати ва дарбонликни ҳам фарзи кифоя деб ҳисоблайди. Лекин, диққатга сазовор жиҳати шуки, ҳар ким қўлидан келмайдиган касбни ташлаб, қўлидан келадиган ҳунарни қилиши керак, токи дунёю охиратда расво бўлмасин. Масъалан, баъзи бир табибларнинг мешкоблик (сув ташишлик) қилиши шу қадар бемаъно ва номуносиб; бир хил мурч сотиб ўтирганларнинг табиблигини кўриб ҳам кулгинг, ҳам нафратинг келади; бир хил мударрислар сарбозлик қилишлари қанча нолойиқ бўлса, бир нафр бесаводни мударрислиги ҳам танқиду дашномга лойиқдир.

Қуръони каримда шундайлар ҳақида қуйидаги оят келган: «Билмаган ишнинг кетидан юрма, зеро кўз-қулоқларинг ва қалбинг шу ишга масъулдирлар»

Шахсий хизматларни хизматкорлар, ҳаммоллар, ва бошқалар бажаришади. Юқорида таърифи келтирилган касб ва соҳаларни эгаллашга қудрати етмаганлар мумкин қадар ўз инсоний шарафларини паймол этмасдан, одамлардан нарса тамаъ қилиб гадойлик қилмасдан, бирор-бир шахсий хизмат билан шуғуллансинлар. Аммо доимо тараққиёт умидида бўлиб, мартабаларини кўтариш учун мудом ҳаракатда бўлсинлар. Бунга эса сидқу ростлик билан эришиш мумкин.

ИЗОҲЛАР

245. Чубушак — тошма касаллиги.
246.Ҳозиқ — билимдон.
247.Қуръони карим, Нахл сураси, 116-оят.
248.Қуръони карим, Қасос сураси, 76—77-оятлар.
249.Бебизоатлик — бисотсиз, камбағаллик.
250.Қуръони карим, Оли Имрон сураси, 112-оят.
251.Қуръони карим, Бақара сураси, 273-оят.
252. Қуръони карим, Ҳадид сураси, 273-оят.
253.Қуръони карим, Жосия сураси, 12-оят.

004

Abdurauf FITRAT
NAJOT YO’LI (04)
044

Mutammima (qo’shimcha) fazilatlar.

Ammo shu uchta fazilatlar barkamol bo’lishi uchun uchta boshqa fazilatlarga ega bo’lish kerakki, ular mutammima fazilatlar deb nomlanadi.

Bular:  1) sihat-salomatlik;  2) sarvat;  3) ahli ayoldan iborat.

Sihat-salomatlik.
Bu so’z butun olamni maftunu sargardon qilgan. Dunyoda biror-bir odam yo’qki, sihat va ofiyatni biror narsaga almashtirsa. Hakimlarning ba’zilari dunyoviy saodat — to’g’ri fikrlash va salim, sog’lom badanda, deydilar.

Shu ham muqarrarki, salim aql doimo sog’lom badanda bo’ladi. Binobarin, sihat va ofiyat dunyoviy saodatning asosi deb aytish mumkin. Faqat bu dunyo saodati uchungina emas, balki oxirat saodati uchun ham sihat va ofiyat lozim. Zero, biz say’-harakatsiz ikki dunyo saodatiga erishib bo’lmaydi, deb takror va takror aytdik. Albatta, sihat va ofiyati bor odamning harakati bemor odamning harakatidan ortiq bo’ladi-da. O’z sihat va tinchligini muhofaza qilolmagan millat, shak-shubha yo’qki, hayotning kurash maydonida orqada qolib, oqibat xohlasa (xohlamasa) halok bo’lishi mumkin. Shuning uchun madaniyatli davlatlar hukumati o’z millatlarining sog’lig’ini saqlashda himmatlarini ayamaydilar. Rusiya va Farangiston shaharlaridagi bog’i Eramdek joylar, xushhavo maydonlar, ozoda ko’chalar biron-bir shaxsning hoyu havasi uchun emas, balki xalq sog’lig’ini muhofazasi uchun qilingan.

Farangiston va Rusiya hukumatlari bir mushfiq ota kabi raiyatning salomatligi to’g’risida qayg’uradilar. Biz bechora buxorolilar qay tarafga yuz burmaylik, misoli cho’ponsiz qo’ylar bo’riga duch kelgandek, turli kasalliklarga chalinamiz, biror kishi ahvolimizdan xabar olmaydi. Lekin, andak diqqat qilib nazar solsak, ayb o’zimizda ekanligi namoyon bo’ladi. Zero, biz boshqa xalqlarga o’xshab salomatligimizni muhofaza qilishda hukumatning targ’ib va tashviqiga muhtoj emasmiz. Islom dinimiz bizni borlig’imizni saqlashga amr qiladi. Islom dinining salomatlikka qanchalik e’tibor berishini quyidagi hadislarda ko’rasiz:

«Beshta narsani beshta narsadan oldin g’animat bil: o’limdan oldin tiriklikni, kasallikdan oldin sog’liqni, mashg’ullikdan oldin bo’sh vaqtni, keksalikdan oldin yoshlikni, faqirlikdan oldin boylikni».

«Sihat-salomatlik va ofiyatingni so’rab ko’proq duo qil».

«Omonlik va ofiyat ikki katta ne’matkim, ko’pchilik ularning qadriga yetmaydi».

Sihat-salomatlik va ofiyatni islom nazari bilan ko’rib chiqdik. Endi asrimiz hakimlarining insoniylikni muhofaza etish uchun tavsiya etgan qoidalari ustida bahs yuritsak. Odamning jismi turli xil charxlari, qismlari, asboblari bo’lgan mashinaga o’xshaydi. Mazkur asbob, qismlarni doim asl holatidek tutilsa, ya’ni parvarish qilinsa, o’sha mashina jahdu jadal bilan o’z ishini bajaradi. Agar uning biror-bir charxiga zarar yetsa, darhol mashina ham ishdan chiqib buziladi.

Ayrim va aksar hayvonlarning jismida shunday turli xil quvvat va moddalar mavjudki, bular o’z holatlarini muhofaza qilib turganda, odam kuchdan va ishdan tolmaydi. Lekin chetdan yetgan bir sabab tufayli ularning biriga xalal yetsa, odam ishdan chiqadi yoki oldingi intizom va tartibini yo’qotadi. Mazkur quvvat moddalar o’z o’rnida durust ishlab turgan holda odam sog’lom holatda bo’ladi. Ammo chetdan yetgan bir sabab orqali bu quvvat va moddalarning biriga zarar va bizda shunday bir holat paydo bo’ladiki, uni kasallik deb ataymiz. Dunyoda xilma-xil kasalliklar mavjud. Bugunga kelib fan tadqiqotlari shuni isbotladiki, bu kasalliklarning asosiy qismi, ya’ni bezgak, sil, rishta, qizamiq, suvchechak, chubushak245 va boshqalar chetdagi sabab orqali odamga yuqib, boshqaga ham o’tadi. Umumiy fan hay’ati bu sababni mikrob atamasi bilan qabul qilishgan.

Mikrob nima? Koinotda biz ko’ra oladigan maxluqlardan tashqari ko’z ko’ra olmaydigan maxluqlar ham bor. Lekin asrimiz hakimlari eng kichik zarrachalarni ko’ruvchi mukammal asboblar bilan bu ko’zga ko’rinmas maxluqlarni ko’rib, ularni bir-biridan farqlashadi. Bu gapimiz mazkur maxluqotlar to’g’risida eshitmagan odamlarga ajabtovur tuyulishi mumkin. Ammo taajjubga o’rin yo’q, chunki hazrati

Xalloqi qodir bu kabi maxluqotlarni yaratishdan ojiz emas, albatta. Mikroblar ikkita guruhga ajratiladi: birinchisi, foydali mikroblar, ular maxluqlarning mavjudligini va salomatlikni ta’minlab turadi, ikkinchi guruh mikroblar esa turli kasalliklar tarqatib yuradi.

Qanday mikroblar vujudimizda bemorlikka sabab bo’larkin? Avvalo, ularning konini, yashash joyini, keyin esa qay tariqa ko’chib yurishini bilib olish kerak. Banda toqat qadar shulardan bahs yuritaman.

Suv. Mikroblar ko’proq suvda yashaydi. Shahar tashqarisidagi chashmalar, ariqlar atrofi turli xil axlatlardan xoli bo’lganligi uchun suvida mikrob bo’lmaydi. Lekin shahar ichkarisidagi ariqlar, xususan, bizning shahardagi ariqlar xalajoylarning tagidan o’tadi, quduq va hovuzlar ochiq turadi, ko’llar suvi nazorat qilinmaydi va joylar, albatta, turli mikroblarning koni, beshigi hisoblanadi.

Men Buxoroda yoz oylarida xuruj qiladigan bezgak kasalligi xususida Istanbuldagi do’xturlar bilan suhbatlashganimda, ular Buxoroni ko’rmay turib, darhol Buxoro atrofida ko’llar bor ekan-da, dedilar.

Tib fani qoidasi bezgak va Buxoro rishtasiga sabab Buxoroning suvi ekanligini shak-shubhasiz tasdiqlaydi. Zararli mikroblar suvdan odamga bir necha xil tarzda o’tadilar. Avvalo, suvni ichish orqali o’tadi. Biz turkistonlilarning ko’pchiligimiz xalajoylarning yonidan o’tgan suvni hovuzlarda to’plab, uning bir tarafida yuz, qo’l, oyoq yuvib, burun qoqib, ikkinchi tarafidan esa, zavq bilan chanqog’imizni qondiramiz! Vaholanki, bu suvda to’plangan mikroblar ichgan suvimiz orqali halqumdan yoki tishning milklaridan qonga surilib, jigargami, yurakkami yoki boshqa bir a’zoga borib o’rnashadi, u yerda gurkirab, ko’payib turli kasalliklar keltirib chiqaradi.

Ko’p odamlarimiz hovlilarida quduq qazdirib, shuning suvidan ichadilar. Agar quduqni toza joyda qazdirib, pokiza saqlab, ustini doim yopib qo’yilsa, shubhalanmay, suvini ichsa bo’ladi. Lekin bunaqa quduqlarni qazish mushkul ish, ayniqsa, shahar ichida. Chunki shahar ichidagi quduqlar ba’zan go’ristonlarga yaqin va doimo xalajoyga yaqin joylarda qaziladi, bunday holda, shubhasiz, iflos oqimlar yerning tagidan yo’l topib, quduq suviga aralashib ketadi va ichganimizda undagi mikroblar bizga o’tadi.

Ikkinchidan, zararli mikroblar pashsha va chivinlar orqali bizga yuqadilar. Pashsha va chivin mikrob tashuvchilardir. Mikrobli suvlarga qo’nib, ularni o’zlariga yopishtirib, biz yeyayotgan taomlar, idishlarga qo’nib bizga o’tkazadilar. Hasharotlarning chaqishi orqali ham mikroblar badanga, undan qonga o’tadi. Shuning uchun ba’zi tabiblar bir xalqning salomatlik darajasi u ichayotgan suvining tozalik darajasiga bog’liq, deydilar. Bir mamlakat suvi qanchalik iflos bo’lsa, u yerdagi aholining sog’lig’i ham yaxshi bo’lmaydi.

Mas’ala juda qiziq bo’ldi-ku! Agar suv ichmasak, nima ichamiz?! Bu mas’ala Ovro’pa mamlakatlarida shov-shuvga sabab bo’lgan. Farang olimlari, tabiblari buning oldini olish uchun rosa harakat qilib, odamlar mikrobsiz suv ichishlari uchun bir qancha hayratomuz mashinalar ishlab chiqdilar, lekin ularning hech biri batamom foyda bermadi. Eng yaxshi va foydali chora shuki, ichadigan suvimizni yaxshilab qaynatib, bir toza idishga solib, o’zimizga keragini iste’mol qilishlikdir.

Mumkin qadar hovuz va ariqlarimizni iflosliklardan saqlaylik. Islom dini ham suvlarni muhofaza qilishga farmon beradi. Bu xususda Imom Buxoriy va Imom Muslimlardan ko’plab hadislar kelgan.

«Uyqungizdan turgach, qo’lingizni uch marta yuvmay turib idishga suv solmang, zero, uxlaganingizda qo’lingizning qaerda tunaganini bilmaysiz».

«Turgan suvga qo’lingizni yuvib uni iflos qilmang».

Tuproq. Mikroblarning yana bir yashash joyi tuproq. Nega ham bo’lmasin, qachonki, hamma hayvonlarning chiqindilari va odamlarning siydigu axlatlari tuproqqa tushsa. Hamma maxluqlarning murdasi ham yerda yotadi. Bular vaqt o’tishi bilan havoning haroratiga qarab, chirib- bijg’ib atrofga ming xil zararli mikroblarni tarqatadilar. Bu mikroblar tuproqdan odamga qanday o’tadi? Avvalo, yuqorida aytganimizdek, chivin, pashshalar orqali, keyin suv orqali. Suv qaynatilsa (undan mikroblar) o’tmaydi. Uchinchidan, havo orqali o’gadi.

Yer yuzidagi mavjud mikroblar shamol va chang-g’ubor bilan yerdan ko’tarilib, havoda javlon urib, havodan bir necha yo’llar orqali bizga ko’chadi. Avvalo, taomimizga, xususan, meva-chevaga qo’nadi, shuning uchun ularni yuvib yeyish kerak. To’rtinchidan, nafas olishimiz bilan ichimizga kirib, biror-bir ichki a’zolarimizda o’rnashib oladi. Buning chorasi shahar ko’chalarini pokiza saqlab, havosini toza tutish kerak. Farang va Rusiyadagi keng va ozoda ko’chalarni ko’rib, hayron qolib labingizni tishlarsiz, ularning hech biri ko’zbo’yamachilik uchun emas, balki hukumatlari buning uchun to’g’ri, zarur qonun tayinlaganlar.

Baxtga qarshi bizning ko’chalarimiz iflosligi bizda shunday nafrat uyg’otadiki, tasvirda ojizmiz. Vaholanki, shaharlarning toza va ozodaligi har bir millat hayoti uchun muhimdir. Dini islom ko’chalarni toza tutishga amr etgan!

«Ko’chalaringizni toza saqlang, zero yahudlarning ko’chalari iflosdir».

«Masjidlaringizni past qilib, shaharlaringizni esa baland qilib quringlar».

«Alloh tayyib va pokdir. Karim va kechiruvchidir, (U) pokizalik va karamni xush ko’radi. Bas, hovlilaringizni toza saqlang, yahudlarga o’xshamang».

«Yo’lda yotgan shoxni olib tashlagan odamdan Alloh xushnud bo’lib, gunohlarini afv etadi».

«Musulmonlarga ranj yetkazgan narsani ularning yo’lidan uzoq qil».

Barchaga ma’lumki, yozning uch oyida shahrimizdagi ko’pchilik odamlar kasal bo’ladilar. Bu bechoralarning ko’pchiligiga yigirma-o’ttizta rishta chiqib, boshdan oyoqlarigacha qon va yiringga g’arq bo’lib yuradilar.

Har bir xonadonda to’rt-beshta odam 30—40 kunlab isitmalab yotadilar. Ko’pincha, bir xonadon ahlining hammasi kasal bo’ladi. Bu holatlarni yashirib, inkor etib bo’lmaydi. Bilasizki, shahrimizdagi ko’pchilik savdogarlar har yili tijorat uchun Rusiya tarafga ketib, ma’lum muddat yashab keladilar. Marhamat qilib, shularning oldiga borib so’rang-chi, mazkur kasalliklar Rusiyada ham bormikan? Albatga, sizga «yo’q» deb javob beradvdar. To’g’ri, u mamlakatdagilar ham goh kasal bo’ladilar, lekin darhol hoziq246 tabiblarga borib davolanadilar.

Ana endi bir nozik mas’alaga keldik, sizdan so’rasak, bizning mamlakatimiz va Rusiyadagi bu farq qaerdan, sababi nima? Nega endi bizning millat zahmatu dard cheksa, boshqalar rohatda sog’lom yuradilar? Albatta, siz «Xudoning ishi» deysiz.

Ofarin sizga, ofarin! Zotan, bundan boshqa javob berolmaysiz-da. Allohni nazaringizda g’ayb ko’rib, uyatsizlarcha har bir gunohni unga havola qilasiz? Siz bemor bo’lsangiz Allohdan, mazlum bo’lsangiz Allohdan, faqir bo’lsangiz Allohdan, musibat ko’rsangiz ham Allohdan. Azbaroyi Xudo… unda sizga nima qoladi? Sizning ham bu dunyoda biror vazifangiz bormi yo yo’qmi! Alloh sizga bo’yin tomiringizdan ham yaqin turadi-ya, unga bo’hton qilmang… Chunki «Alloh sha’niga yolg’on to’qiydigan kimsalar hech najot topmaslar», — deyilgan Qur’oni karimda247.

Bugungi kunda boshimizga tushgan va tushayotgan badbaxtliklarning hammasi shum amallarimizdandir, Alloh bandasining haqiga zulm qilmaydi.

Ahli ayol. Mutammima fazilatlarning uchinchi guruhi ahli ayol bo’lishini talab qiladi, biz ushbu risolamizning ikkinchi qismida bu haqda uzoq gapirdik.

SARVAT

Mazkur fazilatlarning uchinchi qismi sarvatdan iborat. Qachondan beri jon kuydirib aytib kelyapmanki, odam tabiatan har narsaga muhtoj maxluq, ya’ni ehtiyoj odamning tabiiy intilishidir.

Shu yerda mas’alaga umumiyroq qarasak, tabiatdagi jamiki maxluqlar muhtoj va majburlar, to tirik ekanlar, ehtiyojlarini qondirishga harakat qiladilar. Odamzod yoki maxluq ehtiyojlarining hujumiga qarshi tursa, boshqacha ibora bilan aytganda, tanballik yoki sustlik tufayli ehtiyojlarini qondirmasa, beshubha mahv va nobud bo’ladi. Mas’alan, har bir yegulikka muhtoj jondor agar say’-harakat qilib, narsa topib yemasa, ko’pi bilan ikki-uch kun yashab keyin o’ladi.

Bu xususda hamma maxluqlar barobarlar, lekin odamning va maxluqning ehtiyojlari o’rtasida bir farq bor. Maxluqning ehtiyojlari doimo bir xilda bo’ladi. Bundan bir necha yil ilgari otasharobaga muhtoj emas edik. Bugun esa otasharoba odamlarning zaruriyatiga aylandi. Bugun odamlar tayyoralarga uncha muhtoj emaslar. Lekin, shubha yo’qki, bir necha yildan so’ng bu ham odamzodning zaruriyatiga aylanadi. Shu yerda xotirangizga odamzod ehtiyojining taraqqiy etishiga sabab nimada, degan savol keladi. Hozir shu jihatga e’tiborimizni qaratsak.

Aslida basharning ehtiyoji taraqqiy etmaydi va o’zgarmaydi. Odamlarning ehtiyojlari azaldan qanday bo’lgan bo’lsa, hozir ham shunday. Ehtiyojlarning sababini bartaraf etish usullarigina taraqqiy etib, o’zgarib turadi. Mas’alan, odamlar kiyimga doim muhtoj. Ammo ibtidoiy odamlar bu ehtiyojlarini maxluq terilari yopinib, keyinroq tikilmagan dag’al bo’zga o’ranib qondirishgan. Bugun esa bu ehtiyoj turli-tuman, rango-rang kiyimlar kiyish orqali qondirilmoqda. Odamlar yaratilishlaridan boshlab ba’zi ishlarni bajarish uchun asbob-anjom va naqliyot vositalariga muhtojlik sezganlar. Avvalo, bu ehtiyojlarni o’zlari yurib, asta-sekin maxluqlar vositasida, keyinroq aravalar yasab, keyin otasharobalardan foydalanib daf’ qilganlar. Yana bir necha yillardan so’ng bu ehtiyojlarini tayyoralar orqali qondirishga majbur bo’ladilar.

Ushbu muqaddimadan so’ng ehtiyojlarni qondirish sabablarining taraqqiyotini ham tushunishimiz oson bo’ladi. Ma’lumki, bu dunyo umumiy bir jadalgoh, kurash maydonidir. Bu maydonda g’olib chiqqan har bir odam boshqalarni o’ziga hammol va mardikor qilib oladi. Masalan, insonlar aqliy quvvatlari tufayli maxluqot dunyosidan g’olib chiqib, ulardan foydalanib keladilar.

Inchunun, kurash maydonida g’olib chiqqan bir qavm yoki millat boshqa qavmlarni o’ziga tobe’ qilib olishi tabiiy bir holdir. Hech bir kuch u qavmni bu haqdan man’ etolmaydi. Bu umumiy jadalgohda ehtiyojlarini tezlik va osonlik bilan hal qilgan millat g’alabaga muyassar bo’ladi. Bas, kurash maydonida g’olib chiqishni istagan har bir millat ehtiyojlarini tezroq qondirish maqsadida harakat qilib, bunga muvaffaq ham bo’ladilar. Ya’ni aql va ilm soyasida ehtiyojlarni qondirish sabablari usullarini mukammallashtirib, buning natijasida turmush lavozimlarini zudlik bilan yaxshilab, o’z g’alabalarini ta’minlaydilar. Mag’lub bo’lishni istamagan juda ko’p xalqlar ehtiyojlarini qondirish sabablarini rivojlantirib, boshqa millatlardan orqada qolmaslikka harakat qiladilar.

Ehtiyojlarning daf’ qilish sabablarining taraqqiyoti va takomili aynan shundadir. Garchi basharning ehtiyojlari va ularning daf’ etish sabablari bayonimiz ichiga sig’maydi, ammo olam bilittifoq shu qarorga kelganki, ehtiyojlarni qondirishning asosiy sababi sarvat ilmini, sarvat fazilatini o’rganishdadir. Har bir sarvatni egallagan millat tezda va osonlikcha ehtiyojlardan qutula oladi va bu kurash maydonida g’oliblikni qo’lga kiritadi. Sarvat tahsili hamma uchun zarur va umumiydir. Hech kim undan xalos bo’lolmaydi. Har kim qay tariqa yashamasin, sarvat tahsili uchun harakat qilmagan bo’lishi mumkin emas.

Bas, endi aytish mumkinki, tarkidunyochilik qobil va durust emas, mubin islom din bizni sarvat tahsilini olishga chaqiradi. Garchi biz bu muddaoning isboti uchun kitobimizning talay joylarida oyat va hadislarni zikr qilgan bo’lsak-da, bu yerda ham oyati karimaning tarjimasini keltiramiz: «Va Alloh senga ato etgan mol-davlat bilan (avvalo) oxirat obodligini istagin va dunyodan bo’lgan nasibangni ham unutmagin»248.

«Jome’ us-sag’ir»da ham shunday hadis kelgan: «Halolning talabida bo’lish har bir musulmon uchun vojibdir».

Xullas, sarvat shar’an va aqlan lozimdir. Zero, bashar hayotining davomi busiz mumkin emas, zotan bu dunyoda sarvat tahsilidan yuz o’girgan kishining o’zi yo’q. Lekin ba’zi odamlar shu xususda sustlik qilib ehtiyojlari uchun sarvatni egallamaydilar. Binobarin, bular doimo muhtojlik, ehtiyoj yuki ostida qolib ketib, bora-bora nobud bo’ladilar. Ularning bu holatlarini, faqirlik holatlarini saodat bilib, hatto islom dini bizni shunday yashashga buyurgan, deydilar. Bularning bu gaplari g’irt yolg’ondir. Mubin islom dini bunaqa kambag’allikni va bebizoatlik249ni aslo amr qilmagan, aksincha, muzammat qiladi. «Yahudiylar qaerda bo’lmasin xoru zordirlar, agarda Alloh va mo»minlar panohiga kirmasalar, ular ilohiy g’azabga giriftor bo’ladilar. Ularga qashshoqlik va miskinlik tayin bo’lgandir, chunki ular kofirdirlar»250.

Miskinlik Allohning g’azabi va iymonsizlik natijasidir. Bu haqda «Jome’ us-sag’ir»da hadislar keltirilgan: faqirlikdan, bechoralikdan, zolimlik va mazlumlikdan Allohdan panoh so’rang: «Ey bor Xudoyo, faqirlik va xorlikdan o’zingdan panoh so’rayman» deng.

Endi faqirlik qoralanganligini bilganimizdan so’ng sarvat tahsiliga mashg’ul bo’lishimiz lozim. Bas, shunday ekan, sarvat tahsili uchun qaysi yo’l shar’iy va munosib, qaysi yo’l esa g’ayrishar’iy va nomunosibligini bilib olishimiz zarur. Ma’lumki, sarvatga erishishning juda ko’p yo’llari bor.

Lekin ularning hammasi ham shar’an durust emas. Shar’an durust va munosib yo’l say’ va harakat qilishdir. Say’ va harakati bo’lmagan yo’l esa aqlan va shar’an haromdir. Chunonchi, ribo mas’alasiga kelganda arz qilgan edikki, ribo, o’g’rilik va qimorbozlik ham sarvatga erishishga kiradi. Lekin say’ va harakat bo’lmaganligi uchun harom hisoblanadi.

Gadoylik ham sarvat topishning bir yo’liga kiradi, lekin unda ham say’-harakat yo’q ekan (shar’iy uzri bo’lmasa), haromga kiradi. Gadoylik ikki xil bo’ladi: birinchi xili barchaga ma’lum bo’lib, bizning gadoylarimiz kabi eshikma-eshik, do’konma-do’kon yurib narsa topadilar. Bu xildagi gadoylik, agar shar’iy uzri bo’lsa, joiz va harom hisoblanmaydi. Bu xil gadoylikning shar’iy uzrlarini hazrati Hakimi mutlaq Qur’oni karimda bayon qilib qo’ygan: «(Sadaqot-ehsonlar) Allohning yo’lida to’silgan (ya’ni, o’zlarini ushlagan) biror yerga safar qilishga qodir bo’lmaydigan, qanoatlari sababli bilmagan odamga boy-badavlat bo’lib ko’rinadigan kambag’allar uchundir. Ularning faqirliklarini siymolaridan bilib olasiz…»251

Bu oyati karima gadoylik besh holatda joiz bo’lishligini ma’lum qiladi:

1) gadoy nafsini shu qadar Alloh yo’lida sarflaganidan qo’li ishga bormasa;

2) koru kasb va safar qilishga ham iloj-imkoni bo’lmasa;

3) hech kimdan ta’ma qilmasa, hatgo odamlar uni mulki bor deb o’ylasalar;

4) uning muhtojligi tilidan emas, balki ahvolidan, rangi-ro’yidan ko’rinib tursa;

5) odamlarni gadoylik qilib bezor qilmasa.

Kimda shu beshta shart bo’lsa, gadoylik qilishi joiz va harom qilinmagandir, unga narsa berish savobdir. Hazrati Payg’ambar mazkur oyati karimani quyidagi hadislar bilan tafsir qilganlar: «Sendan bir-ikkita xurmo va bir-ikki luqma olgan odam miskin emas. Miskin odamlardan biror narsa istamaydigan odamdir».

«Ey musulmonlar, gadoylik uch toifa kishilarga halol qilingan. Birinchisi, amri xayr, solih amal uchun odamlarning yordamiga muhtoj bo’lsa. Odamlardan narsa, pul talab qilib, yetarli miqdorni yig’ib bo’lgach, o’sha savob ishga sarflab, keyin gadoylikni tark etsa. Ikkinchi toifadagi odamning molu mulki talon-toroj qilingan bo’lsa, u ham faqat zaruriyat chegarasida gadoylik qilishi mumkin. Uchinchi toifadagi odam nihoyatda faqir bo’lsa va qavmidan uch kishi uning faqirligiga guvoh bo’lsa, unga ham gadoylik halol qilingan. Ey musulmonlar, shu uch xil gadoylikdan boshqasi harom va uning sohibi haromxo’r hisoblanadi».

«Har kim mol yig’ish niyatida gadoylik qilsa, uning shu yo’lda topgan moli xoh kam, xoh ko’p bo’lsin, qiyomatda otashga aylanib, unga azob beradi».

Gadoylikning ikkinchi xili shu qadar ustalik va mohirlik bilan ijro etiladiki, bu xildagi gadoy ko’chadagi tilanchilardek obro’yini to’kib yurmaydi, lekin o’zining insonlik sharafini poymol qiladi. Baxtga qarshi bu xildagi odamlar mamlakatimizning har bir go’shasida, xususan, Buxoroda ham ko’plab uchraydi. Juda ko’p e’tiborli odamlarimiz andak foyda uchun birovlarning ostonasini tunu kun sajdagohga aylantirib olganlar. Xususan, ba’zi ulamoyu mashoyixlarimiz qozi va qushbegilarning nimtabassumi uchun o’zlarining yigirma yillik tahsil va ibodatlarini sotib yuboradilar. Bular islom shariatiga muxolif shaxslardir. Islom dini sarvatga erishish uchun har kimga bir yo’l ko’rsatgan, u ham bo’lsa say’-harakatdir. Ta’magirlik va niqoblangan gadoylikni islom dini man’ etgan…

Shu yerda yana Imom Muslim va Imom Buxoriylar to’plagan hadislardan misol keltiramiz: «Nafsim uning qudrati qo’lida bo’lgan Zot bilan qasamki, birovning sizdan arqon olib, o’tin terib, uni orqalab kelib sotgani odamlardan narsa talab qilganidan ko’ra yaxshiroqdir».

«Agar gadoylikning gunoh ekanligini bilganingizda edi, gadoylik qilmas edingiz».

«Menga odamlardan narsa talab qilmayman, degan ahdni bergan odam uchun men ham jannatni o’z zimmamga olaman».

Endi biz gadoylikning harom ekanligini tushunib yetganimizdan keyin sarvat hosil qilish uchun ham munosib va shar’iy mumkin bo’lgan yo’l borligini bilib olishimiz kerakki, bu yo’l say’-harakat yo’lidir. Bu yo’lni iqtisodiyot lafzida san’at deb atash mumkin.

Insoniyat olamida bu xildagi san’atning yetti turi mavjud:

1) ixroj (yer osti boyliklaridan foydalanish) san’ati;
2) ziroat san’ati;
3) a’mol (kasbu kor);
4) tijorat;
5) naqliyot san’ati;
6) turli xil san’atlar;
7) shaxsiy xizmatlar.

Ma’danlardan foydalanish san’ati.

Bugungi kunda bashariyat olamining asosiy qismi foydali qazilmalarni topib, ularni kerakli ravishda ishlatib, shuning orqasidan kun kechirib kelmokda.

Masalan, neft` (lampa moyi) bugun dunyoning har bir chekkasida ishlatiladi, toshko’mir esa har bir madaniylashgan mamlakatga zarur: otasharavalar, kemalar, fabrikalar shu ne’mat soyasida ishlaydi.

Ingliz davlati o’zidagi boyliklarni ana shu ikki ma’dan: temir va toshko’mir orqali qo’lga kiritgan. Hatgo Ingliz davlatining jahongirligi ham shu toshko’mir ma’dani sabablidir, chunki Ingliz davlatining qo’lga kiritilgan jangovar kemalari toshko’mirsiz harakatlanmaydi. Agar Ingliz davlatida toshko’mir ma’danlari bo’lmaganda edi, hozirgidek harbiy kemalarni yarata olmagan bo’lardi.

Temir ma’danlar orasida muhim o’rin egallaydi, bashariyat dunyosi o’zining ehtiyojlarini shu ma’dan orqali qondirib turadi. Temir ma’danlarining foydasi to’g’risidagi shu quyidagi bir oyat yetadi: «…Yana bir temir tushirdik — yaratdik. Unda kuch-quvvat va odamlar uchun manfaatlar bordir»252.

Ma’lumki, tez-tez sarflanib turadigan molning xaridori bisyor bo’ladi, narsaning xaridori ko’p bo’lsa, bozori chaqqon bo’ladi, bozori chaqqon savdogarning davlati ko’payadi. Farang davlatining sanash ojiz bo’lgan xazinalari shu ma’danlar tufayli qo’lga kiritilgan. Biz badbaxtlar esa haliyam shu san’atdan, shu kasbdan bexabar yuribmiz. Shu ma’danlarning qaysi biri bizning yurtda yo’q, deysiz?

Aminmanki, Turkistonning turli nuqtalari va Buxoro zaminida ham yashirinib yotgan neft`, temir, toshko’mir kabi ko’pgina ma’danlar mavjud va ularning hammasi misol keltirganimiz oyati karima hukmiga binoan biz uchun, bizning foydamiz uchun yaratilgan. Lekin biz bu ma’danlarni topib, ishlatish xususida o’ylamayapmiz va bu rabboniy ne’matlarga kufr keltiramiz.

Bizning boylarimiz bu barcha Xudo bergan ne’matlarning zoe’ bo’lishiga insoniyat olami rozi bo’lmasligini biladilar. Binoanlayh, agar ular itgifoq bo’lib, ma’danlarni topib, ulardan foydalanmas ekanlar, bugun yo erta dunyoning bir tarafidan begonalar kelib, ma’danlarni qazib, dunyo-dunyo foyda topadi, boylarimiz esa hasrat barmoqlarini tishlab qolaveradilar. Lekin, u vaqtda hasratning foydasi bo’lmaydi.

Ziroat san’ati.

Kimyoviy va tibbiy usullar orqali tabiat qo’ynidan olingan, odamlar uchun foydali bo’lgan narsalarni ishlab chiqarishga ziroat san’ati deyiladi.

Insoniyat hayotida ziroat nihoyatda katta ahamiyatga ega. Bashariyat o’ziga zarur moddalarning ko’pchiligini shu san’at vositasida qo’lga kiritdi. Olamning har bir nuqtasida, xususan, bizning mamlakatimizda ham ziroat yuqori o’rinda turadi. Ha, mamlakatimizda ziroatga katta ahamiyat berilgandir. Zero, mamlakatimiz, eng avvalo, ziroatga moslashgan (agrar) davlatdir va odamlarimizning ko’pchiligi ziroat bilan shug’ullanishadi.

Farangiston va, xususan, Yapon yerlari ziroatga moslashmagan. Binobarin, ularning serg’ayrat aholisi tog’lar etagiga turli xil dorilar sepib, dehqonchilik qilishadi. Biz bechoralar esa shu dehqonbop yerlarimizdan ham foydalanishni bilmaymiz. Agar biznikidaqa yerlar yaponlarda bo’lganda bormi, qisqa vaqt ichida u yerning dehqonlari milyo’nlab daromadlarni qo’lga kiritishardi.

Shunday muborak yerlarning egasi bo’lmish bizning dehqonlarimiz esa dunyoda eng kambag’al odamlar bo’lib yurishibdi. Ovro’pa mamlakatlari va Yaponiyada ziroatning foydalari qay darajada bo’lishini bilganliklaridan, ularning hukumatlari ziroatni rivojlantirish va taraqqiy ettirish yo’lida turli qonun va nizomlar ishlab chiqqanlar, hayratomuz mashinalar yaratib, ziroatchilikdan tahsil beradigan maktablar ochganlar. Boshqa tarafdan esa, bu davlatlarda bu sohaning rivoji va takomili uchun jamiyatlar ta’sis qilinib, ular doim fidokorlik bilan harakat qilib keladilar.

Baxtga qarshi bizning mamlakatda Buxoro va Xiva hukumatlari o’zlarining butun kuch-quvvatlarini dehqonchilikning zarariga ishlatadilar. Ha, Buxoroning idora tashkilotlaridagi amlokdorlik usullaridan dehqonlar xarob bo’ladilarki, foyda ololmaydilar.

Kamoli jur’at bilan aytamanki, Buxoro qishloqlariga borib turadigan amlokdor va qozilarning har biri go’yoki dehqonlarning xirmoniga tushgan jahannam otashiga o’xshaydilar. Bir tarafdan, bizning aholimiz ekish-yig’ish ishlariga uncha ahamiyat bermaydilar va himmat qilmaydilar. Vaholanki, dehqonlarimiz samimiyat bilan ishlarini tartibga solib zo’r bersalar, zarbaxsh yerlarimiz qisqa fursat ichida yaxshi daromad berib, yer sohiblari sarvat egalariga aylangan bo’lardilar.

Mubin islom dini ham musulmonlarni ziroat bilan shug’ullanishga targ’ib qiladi. Payg’ambarimizdan Imom Buxoriy quyidagi hadislarni keltirgan: «Musulmon daraxt ekib, ekin-tikin qilsa va uning hosilidan odamlar, hayvonlar yo parrandalar yesa, bu o’sha musulmonning sadaqa bergani kabi» bo’ladi.

«Kimning yeri bo’lsa unda ishlasin, agar ishlashga quvvati bo’lmasa, birovga bersinki, u ishlatsin. Agar bularni qilmasa, uning yeri men undan hech yaxshilik ko’rmadim, deydi».

A’mol san’ati.

Yer osti boyliklari va ziroat mahsu-lotlarini qo’l yo tabiiy kuch vositasida boshqa shaklga keltirishga a’mol san’ati (kasb-hunar) deyiladi.

Bu san’at yoki bu soha mahsulotlari turli dastgohlar, fabrika-zovudlarda zarur ashyolarga aylantirilib, oldi-sotdi uchun bozorga olib chiqiladi. Mas’alan, bug’doy ziroatchilik mahsuloti. Uni un, unni esa non qilib sotish a’mol san’atiga kiradi. Bu sanoat inson hayoti uchun nihoyatda zarurdir.

Agar sohalar orasida shu xildagilari bo’lmaganda odamlarning ishi mushkul kechardi. Shu sababdan hazrat Rasululloh bizga bu san’atni targ’ib qiladi. Kishining o’z kasbidan topgan taomidek shirin taom bo’lmaydi. Dovud Payg’ambar qo’l amalidan (ya’ni, hunardan) yeb-ichardi, «Kasblarning pokizasi odamning qo’l kuchi ishlatib qilgan amalidir».

Odamlar orasida bu san’at ham ixroj san’ati va ziroatchilik kabi ko’hna va shular bilan bog’liq sohadir. Lekin kundan-kunga taraqqiy etmoqda. Ilgari odamlar qo’l mehnatlari bilan bu san’atni ijro etishgan bo’lsa, endilikda katta-katta fabrikalarda kishini hayratga soluvchi mashinalar bajaradi. Bugun Ovro’pa va Amriqoning ko’pgina sarvatdor, boylarining fabrikasi bor.

Ularning har bir fabrikalari mubolag’asiz bizning bir qishlog’imizga teng keladi. Bunday fabrikalarda sakkiz ming, o’n ming ishchi ishlab, nasibasini topadi. Har yili Osiyoning turli shaharlaridan minglab odam Ovro’pa va Amriqoga ishlash va yashash uchun borib, u yerdagi fabrikalarda xizmat qiladilar. Shu bahonada bu davlatlarning nufuzi ziyoda bo’lib, bozorlari ravnaq topadi. Shu yo’l bilan ham davlat, ham odamlar dunyo-dunyo foyda topadilar.

Biz turkistonlilar bir vaqtlar a’mol san’atimizni, ya’ni turli sohalarni rivojlantirib, o’zimizga zarur narsalarni o’zimiz sifatli qilib ishlab chiqarardik, o’zimizdan ortib qolgan mollarni xorijiy davlatlarga yuborar edik, ular mamnuniyat bilan sotib olardilar. [Mas’alan] abbosiy xalifalar davrida xalifalar uchun liboslar Buxorodan olib ketilar edi. Hozir ham qadimiy hunarlarimiz har bir joyda mavjud, yo’qolib ketgani yo’q. Mas’alan, alacha, yaxshi sifatli gilamlar bizda to’qiladi, to’qilgan harir matolarimiz alacha va gilam kabi jahonni hozir ham hayratga soladi. Sanoatimizning avvalgi holati bugunga kelib qolmagan, zero, biz qadimda o’zimizga zarur barcha narsalarni o’zimiz tayyorlab chiqarar edik. Bugun esa butunlay boshqacha: barcha zarur narsalarni boshqalardan sotib olamiz. Bir necha yil ilgari bo’z va qalamidan libos kiyardik, bu matolar uchun xom ashyo o’zimizdan chiqardi. Ya’ni o’zimiz paxta ekib, paxtadan ip yigirib, o’zimiz yasagan dastgohlarda shu iplardan mato to’qib, shu matodan kiyim tikib kiyar edik. Xullasi kalom, liboslarimizni boshdan oxirigacha begonaga bir tiyin bermasdan o’zimiz hozirlardik.

O’zimizdan ortib qolgan narsalarni chet elga chiqarardik, qimmatga sotib foyda olardik. Ammo atrofdagi fabrikadorlar ko’zni qamashtiruvchi parcha va boshqa turdagi rango-rang matolarni bizning yurtimizga keltirganlaridan keyin bizning bo’z va qalamilarimiz ularga tenglasha olmay qisqa fursatda muomaladan chiqib ketdi.

Bu tabiiy va zaruriy bir amrdir, boshqacha bo’lishi ham mumkin emas, chunki odamlar doimo nafis va chiroyli narsalarga o’ch bo’ladilar. Bas, shunday ekan, kasbu korining rivoj topishini xohlagan har bir kishi o’zining mehnat mahsuli boshqalarnikidan past bo’lib, nazardan chetda qolmasligi uchun harakat qilishi zarur. «Jome’ us-sag’ir»da ham Payg’ambarimizdan rivoyat qilinganki: «Ishlarini o’nglab, rivojlantirib yurganlarni Alloh ham do’st tutadi».

Lekin bizning ota-bobolarimiz shu andishani e’tiborga olmadilar va odamlar nima bo’lsayam bizning to’qigan bo’z va qalamimizni xohlab olaveradilar deb o’ylab, bu matolarni o’zgartirmadilar, rivojlantirmadilar. Shu bois o’zlarini ham, san’atlarini ham yo’qotdilar, bizlarni esa begona fabrikachilarga muhtoj qilib qo’ydilar. Men «Hind sayyohi» nomli risolamda bu xususda aytib o’tgan edim, bu o’rinda esa shuni arz qilmoqchimanki, agar biz ham jahon xalqlari orasida xoru zor yurishni, millatimizni tushkun va parishon holda ko’rishni istamasak, saodatli, baxtiyor hayotni orzu qilsak, har qancha ketsa ham boqiy qolishi kerak bo’lgan hunarimizni himoya qilishimiz, taraqqiy ettirib, takomillashtirishimiz kerak. Ravshanroq qilib aytadigan bo’lsam, kasbu korimiz va amaliy san’atimizni himoya qilish hayotiy vazifamiz ham dinda farz qilingandir. Bu vazifani har birimiz ado etishimiz lozim. Avvalo, shu san’at sohiblarining o’zlari aqllarini ishlatib, kasblari xususida mulohaza yuritib, diqqat qilib san’atlarining zoe’ bo’lmasligi va o’zlari taraqqiyotdan qolib ketgan ustalarimizdek nongadoy bo’lib qolmasliklari uchun choralar ko’rishlari zarur.

Ikkinchidan, Rusiya va Farangiston davlatlariga borib-kelib yuradigan savdogarlarimiz u davlatlarning sanoat taraqqiyotidan voqif bo’lganliklarini bizning sanoatchilarimizga ham aytib, tushuntirib bersinlar, toki ustalarimiz yangi barpo bo’lgan fabrikalarning ishlash va idora qilish tarzlaridan, sanoatdagi yangiliklardan xabar topsinlar.

Uchinchidan, barcha aholiga lozimki, ustalarimiz qo’lidan chiqayotgan gazlamalarni dag’al va qimmat-arzonligiga qaramasdan mamnunlik bilan sotib olsinlar. Milliy sanoatimizning taraqqiyoti va boqiy qolishi uchun aslida eng muhim chora shudir, zero, har bir san’atning rivoj topishi, boqiy qolishi uning xaridoriga bog’liqdir. Ustaning qo’lidan chiqayotgan matoning xaridori bo’lmas ekan, undan foyda ham bo’lmaydi.

Naqliyot san’ati.

Xom ashyo va tayyor mahsulotlarni bir joydan ikkinchi joyga yetkazish naqliyot san’atiga yoki naqliyot sohasiga kiradi.

Biz yuqorida tilga olgan uchta san’at bir mamlakatning boyligini ziyoda qilmaydi, balki himoya qiladi, saqlaydi. Vaholanki, har bir millat o’z xazinasini kundan-kun ko’payishi xususida o’ylashi lozim.

Ziroatchilik bilan shug’ullanuvchi, fabrikadorlik qiluvchi va yerosti boyliklarini qazish bilan shug’ullanuvchi xalqlar kasblari keltirgan mahsulotlarni bir-birlariga sotsalar, bu ham ularning davlatini ziyoda qilmaydi. Bir millatning davlati qachon ziyoda bo’ladi, qachonki boshqa xorijiy davlatlardan pul kela boshlasa.

Mas’alan, faraz qiling: bir kishining besh yuz tanga puli va beshta cho’ntagi bor. U bu pullarni cho’ntaklarining biridan ikkinchisiga o’tkazib turgani bilan to qiyomatgacha puli besh yuz tangaligicha qolaveradi. Bu kishining puli qachon besh yuz ellik tanga bo’ladi, qachonki chetdan cho’ntagiga ellik tanga tushsa. Bir davlatning ham xazinasi shunga o’xshash, puli ko’payishini istagan millat chet ellardan pul keltirishi kerak. Ajabo, bu qay tariqa bo’lishi mumkin?

Farangiston olimlari otasharava va kemalarni shu muddaoni hal qilish uchun yaratganlar. Biz esa butun olamdagilarni o’zimizga o’xshatib, ovro’palilar bu otasharava va kemalarni hoyu havaslari uchun yaratgan bo’lsalar kerak, deb o’ylaymiz, lekin aslida unday emas. Ular mashina va kemalarni o’zlaridagi san’at va dehqonchilik mahsulotlarini atrofga chiqarib sotib, pul qilib, shu yo’sinda xazinalarini boyitish uchun (harakat) qiladilar. Ularning ziroati va sanoatining kundan-kunga taraqqiy topishi shu otasharava orqasidandir.

Ha, bir mulkning ziroati va sanoatining ravnaq topishida otasharava nihoyatda katga ahamiyat kasb etadi. Mas’alan, Afg’onistonda otasharava yo’q, faraz qiling-a, Afg’onistonning hamma yerlariga ishlov berilsa, har yili 200 ming man bug’doy beradi. Lekin afg’on xalqiga bir yilda ellik ming bug’doy kifoya qiladi. Shu holatda afg’on xalqi faqat o’ziga kerakli bo’ladigan miqdorda bug’doy yetishtirib, qolgan yerlar bekor yotaveradi, agar bundan ko’p yetishtirsalar, ortib qolgan bug’doy nobud bo’lishi mumkin. Lekin, har bir shaharida otasharavaga ega bo’lgan millat quvvatlari yetguncha dehqonchilik qilib va yig’ilgan har bir mahsulotning o’zlaridan ortganini otasharavalarga yuklab, boshqa davlatlarga olib borib sotsalar, foyda oladilar. Demak, har bir davlat sarvati ziyoda bo’lishi uchun o’zining molini xorijga chiqarib sotishi zarur ekan, busiz sarvat hosil bo’lmaydi.

Hozir xotiramga ajoyib voqea keldi, shuni aytib o’tmoqchiman. Buxoroda ekanligimda bir nechta xorijdan kelgan ajnabiylar ba’zi bir mevalarimizni xomligicha arzonroq bahoda sotib olmoqchi bo’ldilar. Buxoro hukumati amaldorlari ularga ruxsat berishmadi. Nega? Chunki agar ular mevalarimizni xomligicha arzon bahoda olib ketsalar, Buxoroda meva qimmat bo’lar emish… Kim nima desa desin-u, lekin mening fikrimcha, hukumat arboblarimizning bu ajoyib tadbirifaqat kulguni qistatadi, xolos. Bir insof bilan o’ylang-a, falon bir shaharning odami kelib, bir oz xom o’rikni ikki pul arzoniga olib yesa nima qilibdi, unga man’ etib, yuzlab dehqonlarimizni halol pul topishdan mahrum qilishda ne ma’no bor ekan?

Shu yergacha otasharavalarning ba’zi bir umumiy foydalarini zikr qildik. Otasharavada xususiy foydalarning borligiga ham zarracha shubha yo’qdir. Mas’alan, bir necha davlatmand odam kengashib, birlashib, otasharavaga imtiyoz olib, uni yaratib, keyin o’zlari boshqarsalar, bir oz muddat o’tmay milyo’nlab sarvat egasiga aylanadilar.

Binobarin, bu xususda ko’p gapirdik. Agar bizning boylarimiz ham kengashib katta ishlarga qo’l ursalar edi, dunyo-dunyo foyda olgan bo’lar edilar, ammo (bu gaplarni) «Eshitishga quloq qani, ko’rishga e’tibor qani?».

Tijorat san’ati.

Biz yuqorida aytib o’tgan uch xil san’at mahsulotlarini naqliyot vositasida har tarafga olib borish, olib kelish va odamlarning talablari uchun kerakli narsalarni yetkazib berishga tijorat san’ati deyiladi.

Biz yuqorida naqliyotning foydalarini arz qildik, lekin shuni ham muhtaram o’quvchilarimizga aytib o’tishimiz lozim, naqliyot hamma joyda, hamma holatlarda ham foyda keltiravermaydi, naqliyotdan bilib foydalanmasa, albatta, zarar ko’rish mumkin. Zotan, dunyodagi har bir ishda ham shunday suiiste’mol qilinsa, zarar ko’riladi.

Mas’alan, to’yda ko’p foydalar bor, ammo biz turkistonlilar uni suiiste’mol qilishdan to’xtamas ekanmiz, zarar topamiz. Namozning ham foydalari ko’p, lekin riyokorlik bilan o’qilgan namoz zarar keltiradi, ya’ni gunohkor bo’lamiz.

Otasharava va kemalar ham shunday: savdogarlar ularga o’z mamlakatlarida ishlab chiqarilgan mahsulotlarni yuklab, chetga chiqarib sotib, chetdan imkon qadar mol olib kelib, o’z yurtlarida sotsalar naqliyotdan foyda ko’radilar.

Agar begonalar xorijiy molni ularning mulkiga keltirib sotsa va savdogarlarning molini xorijga olib borib sotsa, savdogarlarning o’zi bu xususda o’zlari harakat qilmasalar, shubha yo’qki, shu davlat o’zida bor otasharavadan foyda ko’rmaydi.

Tijoratning foydalari faqat oldi-sotdidan emas, balki bir davlatning xilma-xil sanoatining taraqqiy topishi, millatning ravnaqu osoyishtaligi, uning ulug’ligi va e’tibori tijoratga bog’liqdir.

Bashar toifasi tijoratga doimo ehtiyoj sezib kelgan, agar bu muborak san’at bo’lmasa edi, odamlar Alloh ne’matlarining bir qismidan mahrum bo’lib qolaverardi. Shu tijorat borki, mamlakatimizga Hind diyoridan choylar, Rusiyadan shakarlar kelib turadi, shu tijorat sabab paxtamiz va qorako’l terilarimizni jahon bozoriga chiqarib sotamiz.

Tijorat ibtidoiy davrlardan to hozirgacha har bir millat orasida baland mavqega ega bo’lib kelgan, lekin, xususan, bizning zamonga kelib yanada e’tibori ortib ketdi. Har bir qavmning boqiyligi, har bir davlatning quvvat va shavkati batamom uning tijoratiga tobe’dir. Yahudiylar o’zlarining parishonliklariga, tarqalib ketishlariga qaramay millatlarini ana shu tijorat soyasida himoya qiladilar, o’zlarining yarimmustaqil davlatlari bo’lmay turib ham Farangning aksar hukumatlari ularni tan olib, quloch ochib ko’rishadilar, chunki ularning pullari bor, tijoratlari rivojlangan.

Shu e’tibordan islom dini bizga tijorat bilan shug’ullanishni buyuradi… «Alloh (dengizdagi) kemalar o’zining amri bilan joriy bo’lishi hamda sizlar (u kemalarda) Uning fazlu marhamatidan (rizqu ro’z) istashlaringiz va shukr qilishlaringiz uchun sizlarga dengizni bo’ysundirib qo’ygan zotdir»253.

Bu oyat qatorida Payg’ambarimizdan hadislar ham rivoyat qilingan: «Halol ish qilib, to’g’riso’z bo’lgan tojir qiyomatda shahidlar bilan barobar mukofot oladi».

«Halol ish qiluvchi tojir Payg’ambarlar, siddiqlar va shahidlarga hamrohdirlar».

Insof qiling, bu dunyoda islom dinigina tijoratga shu qadar baland martaba va oliy daraja tayin etgan. Baxtga qarshi, bugun oramizda e’tibori yo’q kasblardan biri shu tijoratdir. Shuni ham yaxshi bilish kerakki, tijoratdan foyda ko’rish kerak, faqat oldi-sotdi bilan chegaralanmasdan.

Bugunga kelib tijoratdan yaxshi foyda olish uchun bir qancha ilmlarni bilish zarur. Odat yuzasidan yoki ming yillik noshudligimizni oshkor qilmaslik uchun tijorat bilan shug’ullanish foyda keltirmaydi, shuning uchun ham milliy tijoratimiz kundan-kunga tanazzulga yuz tutib bormoqda. Men aniq ishonamanki, millatimizning hayot mamoti savdogarlarimiz qo’lida.

Ha, bundan bir necha yil muqaddam bizning idora tizimimiz ulamolar qo’lida edi, lekin ular bizga rahbarlik qilishga ojiz qoldilar, bizni halokat girdobidan najot sohiliga chiqarish o’rniga, ular najot sohilidan halokat girdobiga tashladilar.

Shu sababdan xohu noxoh bu millatga rahnamolik qilishdek muqaddas vazifa ularning qo’lidan chiqib, zamon taqozosiga ko’ra boylarimiz qo’liga o’tdi. Binoanlayh, bugun boylarimiz oldida turgan vazifalar ham ulug’ bo’lib, islom nazdida ularning martabalari ham ortdi.

Bas, ularga vazifalarini tushunib, rahbarlik qilishlariga muhtoj bo’lgan millatlariga yordam ko’rsatib, rahbarlik qilsinlar. Lekin ular ham o’z ishlarini zamon talabi va xohishlariga qarab tartibga solmasalar, bu vazifani ado etolmaydilar.

Men shuning uchun uch yildan beri faryod urib, ularni hushyorlikka da’vat qilib kelsam-da, hayhot, ularning hushyorligini tushimdan boshqa hech yerda ko’rmayapman.

Turli xil san’atlar.

Bu san’at sohiblariga tabiblar, muharrirlar, muallimlar, mirzolar, hukumat ma’murlari va boshqalar kiradilar. Ma’lumki, yuqoridagi uch xil kasb va sohalar uchun ancha sarmoya kerak, shuning uchun u sohalarni bir kishi ishg’ol qila olmaydi. Sarmoyasi hisobli bo’lgan shaxslar shu turli xil sohalarga ega bo’lishlari zarur, zero halolni talab qilish har bir musulmon uchun vojibdir. Shu sohalarning har birida jamiyat uchun turli foydalar mavjud. Bir millat orasida bir qancha tabib, bir qancha muallim, bir qancha muharrirlik, bir talay hukumat ma’murlari borligiga hech kim shubha qilmasa kerak. Ularsiz bir millatning boqiyligi, umuman, mavjudligi mumkin emas. Binoanlayh, Imom G’azzoliy «Ihyo-ul-ulum» kitobining avvalida bu sohalarning har birini, hatto sartaroshlik san’ati va darbonlikni ham farzi kifoya deb hisoblaydi. Lekin, diqqatga sazovor jihati shuki, har kim qo’lidan kelmaydigan kasbni tashlab, qo’lidan keladigan hunarni qilishi kerak, toki dunyoyu oxiratda rasvo bo’lmasin. Mas’alan, ba’zi bir tabiblarning meshkoblik (suv tashishlik) qilishi shu qadar bema’no va nomunosib; bir xil murch sotib o’tirganlarning tabibligini ko’rib ham kulging, ham nafrating keladi; bir xil mudarrislar sarbozlik qilishlari qancha noloyiq bo’lsa, bir nafr besavodni mudarrisligi ham tanqidu dashnomga loyiqdir.

Qur’oni karimda shundaylar haqida quyidagi oyat kelgan: «Bilmagan ishning ketidan yurma, zero ko’z-quloqlaring va qalbing shu ishga mas’uldirlar»

Shaxsiy xizmatlarni xizmatkorlar, hammollar, va boshqalar bajarishadi. Yuqorida ta’rifi keltirilgan kasb va sohalarni egallashga qudrati yetmaganlar mumkin qadar o’z insoniy sharaflarini paymol etmasdan, odamlardan narsa tama’ qilib gadoylik qilmasdan, biror-bir shaxsiy xizmat bilan shug’ullansinlar. Ammo doimo taraqqiyot umidida bo’lib, martabalarini ko’tarish uchun mudom harakatda bo’lsinlar. Bunga esa sidqu rostlik bilan erishish mumkin.

IZOHLAR

245. Chubushak — toshma kasalligi.
246.Hoziq — bilimdon.
247.Qur’oni karim, Naxl surasi, 116-oyat.
248.Qur’oni karim, Qasos surasi, 76—77-oyatlar.
249.Bebizoatlik — bisotsiz, kambag’allik.
250.Qur’oni karim, Oli Imron surasi, 112-oyat.
251.Qur’oni karim, Baqara surasi, 273-oyat.
252. Qur’oni karim, Hadid surasi, 273-oyat.
253.Qur’oni karim, Josiya surasi, 12-oyat.

07

(Tashriflar: umumiy 71, bugungi 1)

Izoh qoldiring