Ahmad Eshqurbon. Bir chaqin ko’ksimni solur larzaga yoxud ustoz Rauf Parfi bilan.

099
Аҳмад Эшқурбоннинг ёзганларини ўқир эканман, ичимда «Шогирд укалари томонидан Рауф ака ҳақида ёзилган энг яхши хотира шу бўлса керак» деган ўй пайдо бўлди. Аҳмаджон Рауф акани қандай кўрган,билган бўлса шундай, бошқа шогирдлар кўп фойдаланадиган «бадиий тўқима»дан умуман фойдаланмай,ёлғон «чўпчак» қўшмай, ёзади. Унинг хотираларида мен ўзим яхши билган инсон қиёфасини рўйи рост кўрдим.

Хуршид Даврон

034

Аҳмад Эшқурбон
“БИР ЧАҚИН КЎКСИМНИ СОЛУР ЛАРЗАГА” ЁХУД УСТОЗ РАУФ ПАРФИ БИЛАН…

Хомқон. Бойсун туманига қарашли кичкина қишлоқ. Қирлардан, тепаликлардан, сойликлардан иборат, арчазор билан қопланган кенг майдон.
Менинг болалигим шу қишлоқда, ўрмонда қўзи-улоқ, қўй-эчки боқиш билан ўтган. Бу қишлоқда электр чироқлари йўқ эди. Бизнинг синфда етти нафар ўқувчи бор эди. Қўй-қўзиларни боқиш билан биргаликдан қўлимиздан китоб, газета-журнал тушмас, қўлга тушган китобни ўқиб ташлайверардик.
Мен эса математика фанига қизиқардим, шеъриятни севардим. Ўзим ҳам шеър ёзишга ҳаракат қилардим. Олтинчи синфда ўқиган кезларимда шеър ёзиб, «Гулхан» журналига жўнатдим. Куз пайти, еттинчи синфга ўтганимда журналдан менга хат кедди. Ўқитувчимиз хатни менга тутқазар экан, конверт бетидаги гулхан суратига кўзим тушди, қувончим чексиз эди. Хатда “Ёш қаламкашга эслатма” рукни остида маслаҳат ва “Аҳмаджон, шеър ёзишингиз умуман ёмон эмас. Шеър ёзиш техникасини билмайсиз. Кўпроқ машқ қилинг. Салом билан Қулбоев” деб ёзилган эди.
Бу хат қишлоқда анча-мунча гапга сабаб бўлди. Шундан сўнг ўзимча бекитиб шеър машқ қиладиган бўлдим. Шеър ёзиш техникасини изладим.

Вақти келиб Тошкент автомобил йўллари институтига ўқишга кирдим. Курсдошларимнинг қистови билан шеъларимдан намуналарни ёзувчилар уюшмасига олиб бордим.
Уюшма биносига ҳаяжон, билгисиз ҳислар гирдобида, ўзгача ҳурмат билан қадам қўяр эканман, киришдаги китобларни кўздан кечириб, ҳурматли шоиримиз Абдулла Ориповни суриштирдим. У киши Ёзувчилар уюшмасининг раиси вазифасида ишлар эди.
Юқори қаватга кўтарилдим. Абдулла ака ўз хонасида ким биландир гаплашиб турарди. Улар хайрлашишгач, мен тортиниброқ саломлашдим. “Хўш, хизмат, укам”, – деди Абдулла ака менга юзланиб. Мен муддоани айтиб, шеьр ёзилган ён дафтарчамни узатдим. У киши ён дафтарчани қўлига олиб, “Бизда ёшлар билан шуғулланадиган ходимларимиз бор. Пастга тушиб Азим Суюн ёки Рауф Парфи билан учрашинг. Сизга йўл-йўриқ кўрсатишади. Агар улардан қониқмасангиз олдимга келарсиз”, – деди.

Мен раҳмат айтиб Азим аканинг хонасига бордим. У кишининг бетоблигини эшитиб, Рауф акани излай бошладим.
Рауф аканинг хонасини кўрсатишди. Хонада Отаёр, Мурод Хидир (уларни кейинчалик билдим) ўтирар эди. Менга Рауф аканинг ҳозир келиб қолишларини айтишиб, ўтиришга таклиф қилишди.
Хонани бир муддат кўздан кечирдим. Бўш стол ва стулнинг орқа тарафидаги деворда афиша осиғлиқ эди. Ҳамид Олимжон номидаги давлат мукофоти лауреати. Ҳойнаҳой, бу жой Рауф Парфининг жойи эди.
Бир оздан сўнг хонага соч-соқоли оппоқ, истараси ёқимли бир киши кириб келди. Мурод ака: “Ана излаган одамингиз”, – деди. Рауф ака хонага кириши билан. “Бу одам рассоммикан”, – деган ўй хаёлимдан ўтди.
Рауф акага ўзимни таништирдим. Абдулла ака билан учрашганимни айтиб, ён дафтарчамни узатдим. Рауф ака дафтарчанинг бир-икки варағини очди. “Нима дер эканлар”, – деб ички титроқ билан кузатдим.
“Аҳмаджон, бу шеъларни ёзув машинкасида кўчириб олиб келасиз, кўрамиз. Менинг юришим кўп. Ён дафтарчангизни йўқотиб қўйишим мумкин. Хўпми? – деди самимий жилмайиб.

Улуғ ва миллатпарвар шоир, самимий инсон Рауф Парфи билан илк танишувим ана шундай бошланган эди.
Тезда шеърларимни ёзув машинкасида кўчириб Рауф аканинг ҳузурига шошилдим. Рауф ака рўйхатдан ўтказиб олиб қўйди. Мен эса ўқиб кўриб бирон сўз дермиканлар деб интиқ бўламан. Лекин сўрашга ботина олмайман. Рауф ака эса шеър ҳақида лом-мим демайди.

Мен эса шеърлар ёзиб олиб боришда давом этдим. Рауф ака ҳали ҳануз ўша-ўша. Лекин хар учрашувимиз турли воқеаларга бой, қизиқарли кечар, менга янги-янги сабоқлар берар, ниманидир ўрганар эдим.
Қўлимда китоблар тўла сумка ва чизмалар ўрами жойлашган ғилоф. Институтга йўл олдим. Аммо, Рауф акани кўришни истаб, Ёзувчилар уюшмасига бурилдим. Рауф ака ўзларида экан. “Э-э, Аҳмаджон, булар нима? –дедилар. Мен чизмаларимни (йўл қурилиш лойиҳаларимни) ўқитувчимизга кўрсатиш учун олиб бораётганимни айтдим. “Қўйинг, булар тура-турсин, сафарга борамиз. Дўстларимиз Сирдарёдан келибди, сиз ҳам борасиз”, – деб қолди.
Автобусга чиқиб Гулистон томонга йўл олдик. Рауф ака турли воқеалардан сўзлаб, даврани қизитиб борди. Мен нима учун бораётганимизни ҳам билмайман. Бизни бир мактабга олиб бордилар. Рауф Парфининг ижодий кечаси уюштирилган экан. Ўқувчилар шеърлар ўқишди. Рауф ака шеър ўқиди. Рауф ака менга юзланиб таништирди. “Ёш шоир, даҳшатли шоир, исми Аҳмаджон, шогирдим!” Мен Рауф аканинг шеърлари олдида, давра олдида қимтиниб, уялинқираб шеърларимдан ўқидим. Шеърларим жуда ночор, ялонғочдек туюлади менга. Рауф ака кўнглим учунми мақтаб қўяди. Қўлимда сумкам, чизмалар тўла ғилоф яна Тошкентга қайтаман.
“Алло, Рауф ака уйдамисиз?” – деб телефонда сўрайман. “Ҳа, уйдаман. Аҳмаджонмисиз? Қаерда турибсиз?” “ОДОнинг ёнидаман”, – дейман. («ОДО – зобитлар уйи). “Аҳмаджон, шундоққина ОДОнинг ёнида ўтирасиз, қуролланиб кела қолинг. Мен жигар-пигар қилиб тураман, бир отишамиз”, –дейди.
Мен ҳам тезда “қуролланиб” бораман. Гурунг қизийди. “Отишамиз”. Лекин шеърларим ҳақида ҳеч гап бўлмайди. Мен эса сўрашга ботина олмайман.

Бир куни устозни излаб борсам Янгийўлга боришга ҳозирлик кўраётган экан. Мени кўриб: “Келганингиз яхши бўлди. Тўйга борамиз. Шу баҳона Янгийўлни кўриб келасиз. Айтмоқчи, Раҳимбой Жуманиёзовнинг “Эски ўзбек ёзуви” китоби чиққан. Араб алифбосини ўрганишга жуда қулай китоб-да. Юзтача олсак, сотардик. Иккимизнинг юриш-туришимизга етарди-да”, – деб қолди. Китобни уюшмадан харид қилдик. ГАЗ-24 маркали “Волга”га жойлашдик.

Икки санъаткор-қўшиқчи, телевидениенинг машҳур сухандони Фарҳод Бобожонов, Рауф ака, мен йўлга тушдик. Кечқурун тўйхонага етиб бордик. Ҳурмат билан кутиб олишди, даврада Фарҳод ака мендан “Қаерликсиз? – деб сўрайдилар. Мен Сурхондарёлик Абдиназар бахши Поёновнинг укаси эканлигимни айтаман, чунки Фарҳод ака бахшининг уйида меҳмон бўлганлигидан хабарим бор эди-да. “Ҳа, бу даврада юрганлигингизни энди тушундим”, – дейди Фарҳод ака.
Қиз чиқариш тўйи экан. Фарҳод ака даврани очиб бериб, сўз навбатини Рауф акага берди. У киши табриклаб, шеьр ўқиди. “Ассалом алайкум, дорнинг оғочи”. Шеърни тинглаганлар бутун вужуди қулоққа айланиб эшитмоқда. Лекин кўпчилик, айниқса, ёшлар ғала-ғовур қилишиб, шеърга эътибор ҳам беришмади. Мен эса “Кунтуғмиш” достонидаги дор тагидаги оломон ва йиғлаб турган шўрлик Холбека, Гуркибой, Моҳибойларни кўргандек бўлдим гуё. Рауф ака келиб ўтирди. Қўшиқлар авжида. “Шоир, сиз ҳам шеър ўқийсиз” – деб қолди Рауф ака. “Шеър ўқиш шартмикан, устоз, давра тингламаяпти-ку. Сизни яхши тинглашмади, мени-ку умуман эшитишмайди, – дедим. Рауф ака: “Мана шу даврадаги шунча кишидан лоақал бир-иккитаси тинглаётгандир. Шеърни бир киши тингласа ҳам ўқиш керак, Аҳмаджон”, – деди насиҳатомуз. Мен шеър ўқидим. Кўпчилик биз билан бирга келишган ҳофизларга шоир Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасини қайта-қайта ижро қилдиришди. Даврада миллий руҳ, миллийлик, нақадар жозибали!

Эртасига чойхонада ўтирдик. Келганларнинг барчаси Рауф ака би¬лан қуюқ сўрашар, қучоқ очиб кўришар эди. “Турсунбой ака хуш келибсиз”, –дейишарди. Шунда Рауф аканинг асл исми Турсунбой эканлигини билдим. Радиодан оғир, мумтоз қўшиқ таралиб турар, Рауф ака қўшиқни гоҳ кўз юмиб, гоҳ тебраниб тинглар экан: “Бундай қўшиққа, бундай сокинликка нима етсин” – деб қўяр, менинг хаёлимни қўшиққа жалб қилар эди.
Раҳимбой Жуманиёзовнинг китобини сотиб олганлар ҳам бўлди.

Қолганларини чойхонада қолдириб, озроқ бозорлик қилдик-да: “Онажонимни кўриб кетмасак бўлмайди” – деган Рауф аканинг таклифи билан билан уйига жўнадик. Бизни Сакина ая кутиб олдилар. Рауф Парфи — Турсунбойнинг болалиги шу хонадонда, шу ерда ўтган эди.
Қулоқлари анча оғирлашиб қолган ая билан бақиришиб сўзлашдик. Ая хурсандчилигидан ўзини қўярга жой топа олмай қолгандек туюлди, менинг назаримда. Хонадонда яна бир келинчак ҳам бор эди, биз билан саломлашди. Бу келинчак Рауф аканинг келинлари экан.
“Ўғлимни ўзим Фарғонадан уйлантирдим.Ўзим совчи бўлиб бордим, бир дўстим билан қуда бўлдик. Яқинда бобо бўламан. Рауф бобо”, – деб куладилар Рауф ака.

Кечқурун бизни шу ерлик бир йигит иссиқхонасига олиб борди. Иссиқхона олдида катта бир ит занжирбанд турарди. Йигит итни бир четга олиб боғлади-да, бизни иссиқхонага киритди. Турли-туман гуллар қийғос очилиб ётарди. Йигит ҳар йили фалон пул даромад қилишини айтиб: “Сизлар шоирсизлар! Шу гуллар ичига келиб шеър ёзсанглар бўлмайдими? Сизларга шундай шароит керак-да, илҳом беради” – деди. Рауф акани йигитнинг топган пули асло қизиқтирмайди. Иссиқхонани айланиб чиқдик. Йигит ҳам сахий эканми, ё Рауф аканинг уйига ташрифидан қувондими, ҳар қалай гуллардан олишимизни, эртага 8-март – халқаро хотин-қизлар байрами эканлигини таъкидлади. Ўзи бир қучоқ турли гуллардан узиб берди ва бизни автобекатга олиб бориб қўйди. Хайрлашдик. Янгийўлдан Тошкентга жўнаш учун таксига учрашдим. Таксига Рауф ака ўтиргандан сўнг, мен ҳайдовчига секин шивирладим: “Бy инсонни танийсизми? Янгийўллик катта шоир бўладилар” – дедим ғурурланиб. Ҳайдовчи елка қисиб, танимаслигини айтди. Мен эса шундай улуғ инсонни ўз тумандошлари танимаслигидан жудаям ажабландим, ачиндим.

Бир қучоқ гул билан Тошкентга қайтдик. Кечаси соат 10 лар атрофи. Метрога кириш олдидан ажрашадиган бўлдик. Payф ака эринмай гулларни иккига ажратди. Ярмини менга тутказди ва хижолатомуз: “Аҳмаджон, менинг чўнтагимда метрога етарлик ҳам пул йўқ, яна бир ўтиришгаям боришим керак эди” – деди. Мен чўнтагимни ковлайман. Хайрият, иккита уч сўмлик пул бор. Уч сўмни Рауф ака, уч сўмни мен олиб ўз йўлимизга кетамиз.
“Эски ўзбек ёзуви” китобидан иккимиз юз донани 280 сўмга олган эдик, китобларни сота олмай “камбағаллашиб” қайтдик. Кейин китоблар тақдири билан қизиқмадик. Рауф ака гулларни нима қилди, кимларни табриклади, билмадим. Мeн институтнинг Юнусободдаги 8-ётоқхонасига соат 11-12 лар атрофида кириб бориб, навбатчи опани ва курсдош қизларни байрам билан табриклаб, тарқатдим.

Рауф ака билан тез-тез учрашиб турар эдим, шеърларимга бирор фикр айтар деган илинжда, яна қолаверса ҳар бир учрашувда бирон нарса ўрганиш, билиш умидида.
Менинг назаримда, улкан шоирнинг чўнтаги кўпинча қуруқ бўлар, пулсиз юрар, иқтисоди ҳақида ўйламасди ҳам. Иккимиз чой устида суҳбатлашмоқ учун чўнтагимизни ковлаймиз. Иккимизнинг ҳамёнимиздан ширин суҳбатлашмоқ учун етарли маблағ чиқади. Битта нон, бир чойнак чой, бир шиша ароқ ва газак учун бир дона бодринг. Биз маънан бой эдик. Суҳбатимиз жудаям қизиқ кечарди.
– Аҳмаджон, сизни бир жойга олиб бораман, кетдик, – деб қолардилар бир учрашувимизда устоз. Биз рассомлар уйига йўл олдик.
– Шеър ёзган одам, расмларни ҳам ўқий олиши керак, – деб сўзлаб борди Рауф ака.

Улуғ рассом Рўзи Чориевнинг ижодхонасига борар эдик, лекин у киши йўқ экан. Рауф ака кўп қаватли биноларнинг бирига бошлади. Хонага кирар эканмиз бўёқ ҳиди димоққа урилди. Бизни буғдой ранг, ўрта бўйли, озғинроқ, сочлари ўсиқроқ бир киши кутиб олди. Хона четига катта-кичик, турли ўлчамдаги расмлар қалаштириб ташланганлигига кўзим тушади. Салом-аликдан сўнг, стол атрофида ўтирдик.
– Бирон нарсангиз борми, рассом? – сурайди Рауф ака. Мезбон эскироқ дастурхон ёзиб, бўлакланган, бироз суви қочган нон қўяди. Эски диван тагидан бир шиша вино чиқаради.
Рауф ака таништиради: – Аҳмаджон, бу киши буюк рассом Исфандиёр Ҳайдар бўладилар, расмлари даҳшат!
– Кейин мени кўрсатиб: Рассом, бу киши Аҳмаджон, катта шоир. Шеърларини ўқисангиз, даҳшат! – тантанали сўзлайди. Мeнинг юзимга қизиллик югуради. Расмларга ҳайратланиб тикиламан. Жозибали, сеҳрли, сирли, мўьжиза. Ҳа, мўъжиза! Суҳбат орасида Исфандиёр ака мендан сўрайди: — Сиз қўнғиротмисиз? Мендан тасдиқ ишорасини олгач, қўшиб қўяди. – Юз тузилишингиздан билса бўлади.

Шунда рассомларнинг ўта синчков, ҳар бир нарсани тез илғай олиши, кўзи ўткир инсонлар бўлишини ҳис қиламан. Худонинг бергани-да.
Гоҳ шеър ҳақида, гоҳ расм ҳақида суҳбат бўлади. Рауф ака: — Аҳмаджон, шеър ўқинг, бир эшитайлик, даҳшат! – деб мени шеър ўқишга рағбатлантиради: Ҳаяжон билан шеър ўқийман:

Ў, бағримни қилиб жизғанак,
Ўзимни ишқ қўйнига отдим.
Ўз кўксимга ўзим ағанаб,
Юрагимни қучоқлаб ётдим.

“Яхши!”, “Яхши!” даврадошларим олқишлашади.
– Аҳмаджон, рассомлар уйига олти ойда бир боришади. Оиласи, болалари шу ерга келиб хабарлашиб туришади. Хоналарни улар келиб супуриб-сидиришади-да. Илҳоми келгандан барча нарсаларни унутишади. Расмлар билан суҳбатлашиб қолишади, – дейди Рауф ака ҳазилнам тўзғиган хонага юз-кўз югуртириб, — Буларнинг соч-соқолини олишга ҳам вақтлари бўлмайди. Қаранг, шу бўлак-бўлак қотган нони билан ичкилиги ҳам бор-а!
Шу суҳбат чоғида Рауф аканинг умр йўлдоши Дилором опа излаб бориб қолди. Рауф ака: – Ҳа, Қоравой, қандай топиб келдинг бизларни? ¬- дейди илиқ табассум билан.
– Мен сизларнинг шу ёққа кетаётганликларингизни сезгандим, келавердим, – деб жавоб беради Дилором опа.
– Нима қилардинг излаб, борардим. Қоравой, сенга ҳам озодлик, менга ҳам озодлик. Ҳа-ҳа, озодлик-ку! – дейди Рауф ака «озодлик» сўзига алоҳида урғу бериб. Бирга қайтамиз.

Шеърларим ҳақида Рауф аканинг фикрини билмоқ учун у кишининг уйига шошиламан. Эшик тугмасини босаман.
“Кимлардан?” – Рауф аканинг овози эшитилади. “Ўзимиздан”, – дейман одатдагидек. Рауф ака эшикни очиб, жилмайиб кутиб олади. Аҳволлашиб, бир оз суҳбатлашгач, сабрим чидамай, минг турлик хил хижолатомуз оҳангда шеърларим ҳақида сўрайман.
– Шеърларми? – дейди Рауф ака ҳозир ёдига тушиб қолгандек, – мана турибди, ўқиймиз, кўрамиз. Бир даста шеърларимни олиб ўқий бошлайди. Мени қўрқувми, ҳадикми, ҳаяжонми – билгисиз бир титроқ босади. Рауф ака ўқиш баробарида деярли барча мисраларнинг тагига қалам билан чизиб, “Ўзгартиш керак, бошқачароқ ёзиш керак, яхши эмас, нима бу, дуруст”, каби сўзлар билан тез-тез ўкиб чиқади. Мен эса тушкун бир кайфиятда Рауф аканинг кўзига қарай олмай, ерга тикиламан. Рауф аканинг таҳририга учраган шеърларимнинг бир қанчаси Бойсун тумани “Ғалаба” газетасида босилиб чиққан эди-да.
– Энди, Аҳмаджон, чизилган жойларини қайта ўзгартириб келасиз. Яна кўриб чиқамиз. Яхши шеърлар чикади, – дейди Рауф ака. Менда умид учқунлари пайдо бўлиб тез кунлар ичида шеърларимни қайта кўриб чиқдим.

Қиш кунларининг бири эди. Кун анчагина совуқ. Рауф ака билан учрашмоқ учун Ёзувчилар уюшмасига йўл оламан. Устоз Фарғонадан келган меҳмонлар билан биргa экан. Meни кўриб хурсанд бўлиб кетди. “О шоир, келинг. Водийдан қадрдонлар келишибди. Бир суҳбатлашамиз”, – деди.
Рауф ака бир-икки киши билан “Боксёрская” кўчасидаги чойхонага жўнади. Мен эса икки меҳмон билан Олой бозоридан у-бу нарса харид қилмоқ учун қолдик. Меҳмонлар анча-мунча нарса харид қилдилар:
Мой, гўшт, девзира гуруч, қишда сақлаб қўйилган осма қовун, турли-туман газаклар.
Мен талабалигим учун камхаржлигимдан тўрт-беш сўмлик нарса олдим, холос. Улар менга харид шарт эмаслигини айтсалар ҳам чексиз хижолатлар билан илтимос қилиб, ўз ҳиссамни қўшдим.
Биз ҳам таксида чойхонага етиб бордик. У ерда Рауф ака меҳмонлар билан суҳбатлашиб ўтиришар эди. Тезда ош тайёрлашга тушдик. Кимдир пиёз тўғради, кимдир гуруч тозалади. Мен энг ёш бўлганлигим сабабли ўтин тайёрладим. Орада устоз чақириб қоладилар, “эллик-юз отиб” ҳам қўйдик. Ош тайёр бўлгунича анчагина сархушландик. Мен пойгакроқдан жой эгаллаган эдим. Орқамда печ гувуллаб ёнар, елкамни қиздирарди. Ташқари чиқсам совуқ, ер музлаган.
Лаганга сузилган ошни олиб келиш менинг зиммамда эди. Мен бироз кайф билан ош тўла лаганни гоҳ бу ёнга, гоҳ у ёнга қийшайтириб кўтариб келаётган эканман, шекилли, тўрда ўтирган Рауф аканинг: “Эҳтиёт бўлинг, Аҳмаджон! Нима бўлса ҳам ош тўкилмасин, эҳтиёт бўлинг!” – деган сўзлари мани хушёр торттирди. Ичкаридаги иссиқлик, ташқаридаги совуқ ҳаво менга анча таъсир қилган эди.

Рауф ака мен ҳақимда ҳам сўзлади. Meн уларга қишлоғимиз ҳақида сўзлаб бердим. “Бойсун тумани Хомкон қишлоғида ўсганман. У ерлар ўрмон-арчазордан иборат бўлиб, ҳали электр чироқлари етиб бормаган. Мен ўрта мактабни шу қишлоқда тугатдим. Ҳамманинг уйида лампа чироқ ёнади. Мактабимизда бор-йўғи 60-65 ўқувчи ўқийди. Юзлаб булоқлардан чучук сувлар қайнаб чиқиб ётибди. Тоғнинг тепасида каттагина кўл ҳам бор”, – десам, ўтирганлар қизиқсиниб: “йўғ-э, ҳали ҳам электр чироқсиз жойлар борми?” – дейишди ва ён дафтарларига нималарнидир ёзиб қўйишди.
Ёзувчилар уюшмасининг ГАЗ-24 русумли машинаси Рауф акаларни олиб борган экан. Ҳайдовчи рус миллатига мансуб киши эди. Зиёфатдан сўнг, биргаликда мен турадиган Юнусободдаги ТАЙИ нинг 8-ётоқхонасига бордик. Шоирлар ётоқхона олдида мен билан хайрлашдилар. Талабалар оппоқ сочли Рауф акани ва бошқа шоирларни кўриб: “Аҳмад ака шоирлар билан келибди”, – деб ўзаро суҳбатлашаётганларини эшитиб, ич-ичимдан бошқача туйғуни, ифтихорни туйгандим.
Бу ошхўрликни кейин ҳам бир неча бор Рауф ака: “Аҳмаджон, ошни тўкмай олиб келдингиз, сизники марра”, – деб кулиб эслар, мен анчагина хижолатланардим.

Ёз кунларининг бирида устоз билан бирга Рўзи Чориевнинг расмхонасига йўл олдик. Буюк рассом бир неча меҳмонлар билан боғида ўтирган экан. Саломлашдик. Рўзи Чориевнинг боғи тахтадан узун ўтирғичлар қилинган, ўртага ҳам тахтадан узун стол ясалган, бир неча дарахтлар билан ўралган, қувур суви резина шланг ёрдамида дарахтга осилтириб, шаршара қилиб қўйилган чоғроққина суҳбат жойи экан.
Барчаси ўрнидан туриб, ҳурмат ва самимий табассум билан кутиб олишди.
Рауф акага қадаҳ узатишди. “Шоир, олинг”, – дейди соч-соқоли ўзига ярашиб турган рассом жилмайиб, – лекин шарти бор шоир. Шишанинг охири бу. Бажара олсанг, яна бир мукофотим бор сенга”. Рауф ака менга қаради. Мен ҳам олинг дегандай имо қиламан. Рауф ака оҳиста сипқаради. Менинг бозорга чиқиб келишимга тўғри келди.
Рўзи Чориев қулоғига қалам қистириб олган, қандайдир операданми қисқа-қисқа қўшиқ қилиб қўяди. Сўзлари ҳам русча аралаш, лекин талаффузи ёқимли эди.

Ўртада дастурхон ёзиғлиқ. Нону газаклар етарли. Бир пайт Рўзи ака қаламини қўлига олиб, дастурхонга расм чиза бошлади. Олти-етти кишининг сурати чизилди. Рауф акани олд томондан, мени ён томондан, Жавлон Умарбековни, Исфандиёр Ҳайдарни ва бошқа даврадошларни ҳам турли томондан тасвирлади. Кимдир: “Светлана опадан гап эшитасиз, дастурхоннинг аҳволига қаранг”, – дейди. Аммо рассом чизишда давом этади.
Ҳамма тарқалишди. Буюк рассом, буюк шоир ва мен. Рауф акага мукофот нима экан деб кутаман. Рўзи Чориев бизни расмхонасининг олдига эргаштириб борди. Ва ўзи ичкарига кириб бир расм кўтариб чиқдилар. Расмда дарахтга суяниб ўтирган Рауф ака тасвирланган эди. Рауф ака ниҳоятда хурсанд бўлиб кетди. Расм бағоят чиройли чизилган эди. Шу маҳал йўлакда, 40-50 метрлар чамаси узоқда бир киши кўринди. Рўзи Чориев тезда: “Ғаламислар кўриши шарт эмас, деб йиғиштириб олиб кириб кетди. Мен эса бу инсоннинг кимлигини ва нима учун расмни кўриши мумкин эмаслигини на рассомдан, на шоирдан сўрай олдим. Ботина олмадим.

Яна Рауф аканинг уйидамиз. Бу гал кексароқ киши ҳам бор эди. Рауф ака: “Тоғам бўладилар, Илмий коммунизмдан номзодлик ишини ёқлаганлар”, – деб “илмий коммунизм” сўзини истеҳзо аралаш тантанали сўзлаб таништиради. Рауф акани йўқлаб келувчилар талайгина экан. Кимдир давлат автомобил назоратчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олдиргани, шуни олиб беришни илтимос қилиб келган бўлса, кимдир бошқа юмуш билан келиб кетарди. Рауф ака барча илтимосларни қондиришга ҳаракат қилади. Кимлар биландир телефонлашади.
“Энди, Аҳмаджон, чойхонага чиқиб ўтирмаймиз”, – дейди Рауф ака менинг чойхонага чиқиб келишим ҳақидаги таклифимни мулойимлик билан рад этиб, – қўшнимиз Исроилда қадоқланган зўр ичкилик бор. Олиб келасиз, газак бўлса топилар”. Суҳбатимиз қизғин кечади. “Аҳмаджон, магнитофон олиб юришингиз керак эди. Менинг суҳбатларимни ёзиб олардингиз. Кейинчалик сизга асқотарди-да. Ҳар ким билан ҳам очилиб суҳбатлашавермайман. Ҳали менинг шеърларимнинг бир неча мисрасидан “Рауф ундай демоқчи бўлган, йўқ бундай демоқчи бўлган” деб фан номзодлари таҳлил қилади”, – дея ғурур ва ифтихор билан тантанали сўзлайди ҳазил аралаш. Мен магнитофоним йўқлигидан афсусланаман.

Рауф ака ошхонага, ё у хонадан бу хонага юрар экан, тоғасига қараб, “Улуғ рус оғамиз” деб чўзиб хиргойи қилади ва менга қараб: “Туроб акага (Туроб Тўла) ҳар гал шу мадҳияни бошласам, “Қўй, Рауф, энди шу ёзилган-да”, – дерди хижолатомуз, – деб қўярди.
Орада пайт пойлаб, Рауф акадан шеърларим ҳақида минг истиҳола билан сўрайман. Устоз шеърларимни олиб: “Энди Аҳмаджон, оқ йўл тиласак бўлади. Шогирдларим кўп, лекин энг охиргиси сиз бўлсангиз керагов”, – деб “Оқ йўл” тилади. Тез-тез ёзиб бўлдилар-да: “Аҳмаджон, иложи борича “ди” дан қочинг. Сиз шеърнинг бошида кучли сўзларни қўллайсиз. Бу эса шеър давомини сусайтиради. Шеър аста-секин кучайиб бориши керак, шунда шеърхонни зериктирмайди. Фикрни кучайтириш зарур-да”, – дейди. Мен эса: “Устоз, шу маслаҳатларни олдинроқ айтсангиз бўлмасмиди, бир неча йиллар ўтиб кетди-ку”, – дейман.
“Ҳа, шоир, бирданига барча камчиликларни айтсам, сиз шеър ёзишни ташлаб юборардингиз-да”, – деб кулади устоз.
Шу тунда алламаҳалгача суҳбатлашдик. Магнит пластинкада Шоберди бахши Болтаевнинг “Сулувхон” достонидан парча янграйди. Рауф ака жойларидан туриб, куйга монанд сакраб-сакраб, жазава билан дарвешона ўйнайди. Мен завқ билан томоша қиламан.
Чарчоқ енгди. Иккаламиз ҳам ухлаб қолдик. Саҳар чоғи эди, чамаси. Рауф ака туриб, дастурхонни йиғиштириб, турли чиқиндилардан тозалаб, яна дастурхон тузамоқда. Мен ҳам уйғониб кетдим. “Э-э, Аҳмаджон, турганингиз зўр бўлди. Бўлмаса маҳаллада дув-дув гап бўлар эди-да. “Рауф билан Аҳмад бир шишани ухлата олмай, ўзлари ухлаб қолибди”. Жуда яхши бўлди-да”, – дейдилар ёш боладек азбаройи қувонганидан. Иккимиз суҳбат билан шишани “ухлатамиз”.

Мен институтни тамомлаб, Сурхондарёга қайтдим. Бир сафар Тошкентга йўлим тушиб, “Дўстлик” меҳмонхонасидан жой олдим. Икки кунни шу ерда ўтказдим. Шеригим жамоа хўжалигида ҳисобчи эди.
Икки кундан сўнг Рауф акани излаб уйига бордим. Уйда экан. Одатдагидай “кимлардан?”, – деб кутиб олдилар. Суҳбат давомида келганимга икки кун бўлганини меҳмонхонада турганимни айтдим. Рауф ака “Тўғри келавермайсизми уйга. Нима қилардингиз пул сарфлаб, ўша пулга “қуролланиб” келсангиз, ширин суҳбат бўлар эди”, – дейди астойдил мендан хафа бўлиб. Мен эса шеригим борлигини айтаман. “Уни ҳам олиб келиш керак эди. Дарвоқе, шеригингиз нима касб қиладилар”, – деб сўрайдилар. Ҳисобчи эканлигини айтаман. “Олиб келмаганингиз яхши бўлибди. Шеригингиз бизнинг тоифадан эмас экан-да”, – дейди афсусланиб.

Шундай қилиб, буюк шоир сўзбошиси билан илк китобчам “Қанотланган қалб” номи остида нашрдан чиқди.
Барча ҳою-ҳаваслардан биргина сўзни устун қўя олган, биргина сўзга сиғинган, умрбод шу сўзни излаган, эрк, озодлик тушунчаларини ўзида мужассамлаштирган, замонасининг Машраби – Рауф Парфидек буюк инсон билан ҳамсуҳбат бўлганимдан бағоят бахтиёрман.

* * *

Кишанлар зарбидан суяклар қақшаб,
Чириб бораётир кўзим қаърида.
Минг мунглар ингранар бўғиқли, даҳшат,
Тириклик азоби – ботқоқликларида.
Мудроқ қабоқларга лоқайдлик қўнган,
Карахтлик домидан уйғониш азоб,
Нечун юракларда титраклар тинган,
Қалбимни босади чексиз изтироб.
Сийратлар яланғоч, суврат ялтироқ,
Нигоҳимни қилди ёлғонлар зада.
Бирдан осмонимда портлар қалдироқ,
Бир чақин кўксимни солур ларзага.
Титранар, уйғонар юрак қатлари,
Томирда югурар, олов, аланга.
Уча бошлар руҳим фароғат сари,
Ҳақиқат осмони – эркка, ватанга.
Жасорат, ҳақгўйлик, буюк муҳаббат,
Ловуллар қалбларга ташланган ҳар чўғ.
Бир сўзга сиғиниб, қилиб ибодат,
Кетиб бораяпман, юрагим-бир туғ.

Сурхондарё вилояти, Қизириқ тумани, Хомқон қишлоғи, 15-мактаб

(Tashriflar: umumiy 70, bugungi 1)

Izoh qoldiring