Iqbol Qo’shshayeva. Botindan ko’chgan bo’ron

00517 август — бетакрор санъаткор Муслим Магомаев таваллуд топган кун

…Мовий чексизлик унинг оҳангида мангуга ўз тажассумини топди. Санъаткорнинг муҳаббат ҳақидаги қўшиқларида севганинг икки оёқ, икки қўлли чекланган бир мавжудот эмас, борлиқнинг бир парчаси, фақат мовий чексизликка дахлдор ҳур ШАХС, табиатнинг озод фарзанди бўлиб гавдаланади.

БОТИНДАН КЎЧГАН БЎРОН
Иқбол Қўшшаева
033

    Айтишларича, инсон ҳаётида муҳаббат битта бўлармиш. Биринчи ва иккинчи деган гаплар беҳуда, унгача ва ундан кейингилари ўша ягона тилсимни англаш йўлидаги ҳиссий изланишлардир. Яна ким билсин? Эҳтимол, бу ҳам бир юпанч илинжида айтилгандир?!… Муҳаббат нима? Билганим — мубталолик. Ўзингни ёлғиз сезсанг — соғинасан, жонинг оғриса, малҳамни ундан излайсан, бўшлиқни туйган заҳотинг маънога интиласан ва ҳайратингни бўлишгинг келади. Хуллас, муҳаббат қўшиқ бўлиб титратади, оҳанг бўлиб ўртайди, куй бўлиб овутади…

* * *

099Ўз қўшиғимни топгунча қанча нолаларга қалбимдан жой бердим. Ўйноқи эди, ҳазин эди, шикаста эди, изҳор эди, соғинч эди, мунг эди, фарёд эди… Ҳар бири азиз мен учун. Бари шовуллаётган денгиз томон — Муслим Магомаев туғёни сари олиб келди. Кечаги кун ҳайратини ҳам кечинаман, унутмаганман… Ботир Зокиров — шикастадил шоирим, мискин мажнуним. “Маро бибус”, “Сарбон” ё “Айт, қайдасан бахт”… буларда синиқ юрак сасини эшитардим. Узлатнишин кайфиятимнинг ҳамдами эди. Юксак эзгу ҳислар бари-бари ердаги хору сарсон шарпалар холос, деган фарёд эди.

Мен таниган Муслим — мен етиб келган манзил… Эҳтимол, эртам учун очилган эшикдир. Биламан, сизга эриш туюляпти. Худди ошнанг каби тўғридан-тўғри номини аташ… Шарқона одобга тўғри келмайди, деб койийсиз.

Қолаверса, ўтиб кетган буюк санъаткор бўлса?! Ахир, нима қилай, уни оламга машҳур марҳум хонанда эмас, дардга дармон дўст, юраги уриб турган замондошим деб билсам! Кўнгил қурғур расмана таомилларни тан олмаса, мен не қилай? Санъаткор қай тилда хониш этмасин — инглизми, озарми, русми — барибир… мен ва менинг жондошларим англаган тилда куйлади. Унинг лай-лай айтган азиз “Ана”си менинг алла айтган ОНАм эди. Алла оҳангидаги қўшиқдан юрак симиллар, руҳни бир маромда тебратганча аллалар… Бу қадар ичкинликнинг сири нима? Ранги сарғайиб бораётган соғинч юки қаёқдан ёпирилди?! Она боласига алла айтгандек сокин туғён, ичкин ҳарорат билан куйлангани учун ҳам юрак ибодатига айландими? Замондош ҳофизим, сен ҳам қачонлардир қалбингга қуйилган алла каби Она ҳақидаги “алла”нгни — дардингни додсиз айтсанг-чи… Ортиқ йиғламсирамасдан, кўз ёшларингни юрак тубига тўк. Тушун, ҳар бир қалбнинг ўз йиғиси, ўз фарёди бор… Сен мана шу ҳасрат билан сирлаш, уни юпат. …Озар йигитининг қўшиғидаги нола бу дунёда сенинг беғубор табассумингга интиқ бирдан-бир зот Она эканини қайта-қайта шивирлайди.

Туғён… Туғён… Лекин ҳалокатли тўфон эмас. Бўрон… Бўрон… Юракдан ўзга жойни маскан тутмас… Оқчарлоқларнинг чуғур-чуғури остида, оҳанг бағрида соҳил томон шошаётган тўлқинлар… Бебош туйғуларми улар? Ё саргашта орзулар? Ўзингни Коинот маҳсули эканингни, Еру Осмон билан бир тану бир жон эканингни идрок этасан. Сен ҳам мовий мангуликнинг бир мавжи, табиатнинг бир жилваси сифатида бир чиқиб, бир шўнғи-и-иб оқяпсан… Қаерга? Қай томон? Гоҳ шошасан, гоҳ имиллайсан. Манзилинг борми, ўзи? Қайда сенинг денгизинг?

Муслимнинг биринчи мухлиси денгиз эди. Илк бор уни денгиз тинглаган. Ўсмир ёшида қалбидан тошиб чиқаётган нолани денгиз тўлқинларига ишонди. Юрагини тўлқинларнинг кафтига топширди. Ўзгараётган овозидаги сакталикларни фақат денгизга ошкор этди. Шу сабаб ҳам у денгиз олдида, унинг кенглиги олдида ўзини қарздор ҳис этди. Ва йиллар ўтиб эҳтиромини куйга солди…

О, море… море…

Денгизнинг телбавор тўлқинига дош бергувчи қоялар…. Одам, Сенинг бардошингни қай бир қояга менгзай?!… Еру осмон бағирлаб учиб боряпман… У шундай тошқинки, сен ва сенга дахлдор инсонлар ҳаётини ҳам ўз домига тортиб кетяпти… Туғён, пўртана, ҳарорат, юракда бўронни ушлаб туриш санъати, тўлқинлар ҳар қанча ғалаён этмасин, сочилиб кетмаслик саботи… Бари Унда мужассам. Туйғуларни топтатмасдан ҳам, тошдан-да қаттиқ мана шу кулранг тупроқда яшаш мумкинлигига, қалбдаги қудрат ҳаёт ҳақиқатидан ғолиб келишига умид уйғотади.

…Мовий чексизлик унинг оҳангида мангуга ўз тажассумини топди. Санъаткорнинг муҳаббат ҳақидаги қўшиқларида севганинг икки оёқ, икки қўлли чекланган бир мавжудот эмас, борлиқнинг бир парчаси, фақат мовий чексизликка дахлдор ҳур ШАХС, табиатнинг озод фарзанди бўлиб гавдаланади. У гўё сиз билан менинг ҳиссиётларим чангалидаги инсон эмас. Муслим Магомаев куйлаётган севги мовий кенглик ичидан сизиб чиқмайди, аксинча, чексизлик унинг ишқи ичида айланади. Бу ишқ тақдирни борича қабул қилишга ва унга маҳкум ИНСОНга таъзим этишга ўргатади.

Cанъаткор бир интервьюсида “Муҳаббат ҳақидаги қўшиқларим, аниқ бир аёлга қаратилмаган. Куйлаётганимда хаёлимда ўзим яратган идеал аёлни кўз олдимга келтираман”, деб айтганди. Эҳтимол, лирик қаҳрамоннинг шахси аниқ бўлмагани боис, уни тинглаган ҳар бир аёл “Мен ҳақимда экан”, деб, бир эркакнинг ўзига эҳтироми сифатида қабул қилар, ҳаяжонланар, эркаланар. Табиийки, ўша онда тингловчининг ҳайратга ташна қалби ўз-ўзидан санъаткорнинг “Идеал АЁЛ”ига ошно бўлади, юксак туйғулар билан бўйлашади, идеаллар билан юзлашади, гўзал ҳислар сийратига қандай оқиб кираётганини, бошқатдан Аёл бўлиб яралаётганини сезмай ҳам қолади…

О, майли ўйланма, қайғурма зинҳор,
Бахт-иқбол ёр бўлсин кўркам муносиб…
Бироқ сен оҳ чексанг агарда бир бор,
Мен яна келурман қалбимни босиб…

Ҳар гал “Ноктюрн”ни тинглаганимда Рауф Парфи шеърининг мусиқий талқини, деб кўнглим шарҳлайди. Ўша изтироб, ўша нола, ўша мардонаворлик… Қисмат кўзига аламсиз тик боқиш. Фақат ўзга тил. “Я к тебе приду на помощь только позови/Просто позови, тихо позови” … Не бўлган тақдирдаям. Ўтинаман, сен бахтли бўл… Эҳтимол, Рауф Парфи бадиияти олдида рус тилидаги ифода содда туюлар, лекин сиз Арно Бабажанян мусиқаси ва Магомаев ижросида тинглаб кўринг! Агар кимда дард бўлмаса, хоҳ танбур ушласин, хоҳ най, барибир, у таёқдан ўзга нарса эмас. Лекин ошиқнинг қўлида ҳар қандай ёғочга ҳам жон киради.

Бўронни ўз ботинига бекитган маҳзун “Элегия”… Тақдирга бўйсунмоқчи бўлган-у, лекин буни эплолмаётган қалб драмаси. Еру кўк қаршисида юзма-юз қолган, ўзига ғарқ танҳо одам нидоси. “Муҳаббат нима?” деган саркаш саволга “Элегия”дан мутаассир кўнгил “қалбнинг инқилоби, юракнинг ўз-ўзига очган исёни”, деб жавоб беради.

…Сен — менинг куйимсан… Улар 1972 йилнинг кузида Бокуда учрашишди. Бу кунгача ҳам икки-уч бор Москвада бир-бирига дуч келганди-ю, лекин нигоҳ тўқнашмаган. Тамара Синявская — Катта театрнинг етакчи артисти. Ўз йўналишида эътироф этилган санъаткор. Ўттиз ёшли Муслим иттифоқ миқёсида машҳур, халқ артисти. Хуллас, бу учрашув икки ижодкорнинг ҳам ҳаётини ўзанидан чиқариб юборди. Ўша кўҳна дард — муҳаббат учбурчаги. Тамара — оилали аёл. Муслим эса бир неча йил олдин ажрашган, Марина исмли қизалоғи бор. Ғаддор тақдирнинг ўйинига чап бериш учун важ ҳам чиқиб қолади: Тамарага Миландаги Ла Скала театрида таҳсил олиш имкони туғилади. Муроса нелигини билмайдиган муҳаббатнинг кўзига хас ташлаш учун йўл… Машойихлар топиб айтган-да: ўзингдан қочиб қаерга ҳам борардинг?! Бу дардисар туйғуларни синовдан ўтказиш учун ҳижрондан-да адолатлироқ имтиҳон борми?! Тамара сабоқлар тугар-тугамас, хонасига ошиқар, интиқ дил Москвадан мужда кутарди. Чунки ошиқ биринчи куниёқ дараклаб, боёқиш аёлни ўргатиб қўйган. Бу сафар ҳозиргина янги қўшиқ ёзишганини, Тамара ҳам телефон орқали тинглаб кўриши мумкинлигини айтади…

Сен — менинг куйимсан,
Мен эса сенга содиқ Орфей…

“Сен — менинг куйимсан…” аччиқ айрилиққа қўйилган ёдгорлик бўлиб қолди. Ҳажрнинг бу ноласи ҳар бир хаста дилда ўз ҳайкалини тиклади. Орфей ўзининг яккахон концерти учун музанинг мусиқа масканидан қайтишини кутди. Асосан севги ҳақидаги қўшиқлардан иборат концерт дастури “Сен — менинг куйимсан…” деб номланарди. Лекин У концертга келмайди… Тизгинсиз туйғулар қаршисидаги қўрқув аёлнинг оёқ-қўлидан тутади. Чунки остона ҳатлаб чиқиш — ҳал этувчи қадам дегани. Ёнингдаги одамнинг кўксини пайҳон этиш дегани. Аёл аёллигини синдириб, бурчнинг амрига бўйсунди. Дунёси кулга айланган Муслим ўзига қайта-қайта айтади: “Энди сенинг ҳаётингда Тамара исмли аёл йўқ. У билан боғлиқ неки бўлса, барини ҳаётингдан ўчириб ташла”. Лекин кулрангдан кулранг кунларнинг бирида Тамаранинг ўзи унинг хонасига кириб келади…

Ёшликдаги муҳаббати, курсдоши, фарзандининг онаси Офелия билан ажрашгач, оилавий ҳаётдан безиб қолган йигит “Энди ҳеч қачон ЗАГС остонасини ҳатламайман”, деб ўзига сўз берганди. Лекин энди иккиси ҳам ўтмиш аламларини унутиши, ҳаётни оппоқ саҳифадан бошлаши зарур… Чин эркак сифатида Тамаранинг журъатига муносиб жавоб қайтариши шарт. Дарвоқе, уни режиссёр Александр Зархи “Анна Каренина” фильмига Вронский ролига таклиф этган. Синовсиз. Кейинчалик Вронский ролини ўйнаган актёр Василий Лановой ажабланганча, нега рад этганини сўраганида, хонанда мийиғида кулиб: “Қўйсанг-чи, ҳар ким ўз ишини қилсин, мен актёр эмасман. Мени кўрарга кўзи йўқ эрлар сонини яна кўпайтириб нима қиламан”, дейди.

Улар босиб ўтган йўлда ҳаётнинг ҳамма ранги мужассам. Ҳамнафасликда ўттиз тўрт йил — ҳавас қиларли умр кечиришди. Эрининг бетоблиги боис Тамара ижодининг айни камолот палласида саҳнани тарк этди. Театр унга муҳтожлигини айтишганида, аёл: “Ҳозир саҳнадан ҳам кўра, Муслимга кўпроқ керакман”, дейди.

Миннатдорман сендан, Сенинг меҳринг музлаб ётган дунёмни эритди.

Сен очган тилсим учун, уйғотган фарёдинг учун, берган азобларингу кулгуларинг учун… ҳамма-ҳаммаси учун ташаккур…

Муслим Магомаевдек таъби нозик, жўшқин феълли, кайфият одами билан яшаш фақат сабр эмас, санъат. Ҳамиша аёллар эътиборидаги кўркам ва машҳур шахс, бу жиддий хавф. Рафиқасидан “Узоқ йиллик оилавий ҳаётнинг сири нима?” деб кўп сўрашган. Ва унга Муслим ижодида ўз изини қолдирган аёл сифатида ҳам қарашади. Синявскаянинг ўзини тутишидаги табиийликни, эрининг хотираси учун қилаётган эзгу ишларини кузата туриб, интервьюларини тинглаганимда бир ҳақиқатни илғагандек бўламан: биз билган машҳур марҳумларнинг хотинларидан фарқли ўлароқ, эрнинг шуҳратига шериклик таъмасидан, “буюк бева” деган илинждан халос — озод аёл. Унинг Муслим Магомаев обрўсига муҳтож эмаслиги кўриниб туради. Аксинча, Аёл табиатидаги некбинлик Магомаев ҳодисасини янада ёрқинроқ кўрсатади. Балки Муслимсиз ҳам алоҳида шахс — Тамара Синявская бўлгани учундир. Аввалданоқ ким билан ҳаёт қураётганини англаган, ўзига яраша масъулиятни бўйнига олган, эри ҳаётлигидаёқ афсонага кўчган аёл. Озарбойжон ҳукуматидан тортиб то халқигача бу аёл билан “бизнинг гелин” деб фахрланиши бежиз эмас. Хўп, Тамара Синявскаянинг ўзи узоқ йиллик риштани қандай изоҳлайди. “Саҳнадагидек оилада ҳам оҳанг ҳал этувчи аҳамиятга эга. Муҳими, у самимий чиқсин. Ва бизни қизиқишларимиз ўртасидаги муштараклик боғлаб турарди. Муслим ижодидаги менинг ўрним? Қизиқ? Ахир, Муслимни учратгунимга қадар, у машҳур Магомаев эди! Демак, маслаҳатларимга ҳеч муҳтожлиги йўқ. Фақат менинг юмушим, унинг эркига соя солмаслик, халал бермаслик эди, холос. Ва унинг олдида оддий аёл эдим. Халқ артисти Тамара Синявская эшик ортида қоларди”.

031Магомаев ўз китобида “Тамара билан ўтган ҳаётимни озод қушнинг парвозига ўхшатаман”, деб ёзади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Бу каби хос инсонлар муносабатида эрк ва ҳаёт бир-бири билан зиддиятга киришган ондаёқ ҳар қандай муқаддас тушунча ўз жозибасини йўқота бошлайди. Кўнгли билан идрок этадиган одам учун жозибадан маҳрум ҳаёт таназзулдан ўзга нарса эмас.

Муслим Магомаев ҳақидаги китобларни ўқиб, санъаткорнинг ҳаётга муносабатини таҳлил этсангиз, ўзи куйлаган қўшиқларга мос маҳобатни туясиз. Ўйлаган ўйлари бутун виқори билан санъатига кўчган… Туйғуларга ғарқ, ўйчан юз. Дам маҳзун, дам ўктам қиёфасининг ўзи алоҳида қўшиқ. Мунгга чўмган санъаткор сиймосида “Йўқ, йиғламайман, йиғламайман”, деб тўлиб турган жўмард инсон бор, йиғлоқи эркак эмас. Ўзидаги улуғворликни сизга ҳам юқтиради. Ўша онда ўзи қадар баландликка олиб чиқа олади. “Элегия”, “Миннатдорман сендан…”, “Сен — менинг куйимсан”, “Айт, сенинг кўзларинг…”, “Агар дунёда муҳаббат бўлса…”, “Она”, “Йиллар ўтар…” ёки денгизга бағишланган қўшиқдаги туғёнли туйғулар юракка томиши учун изн бериб кўринг… Мўъжиза ташқарида эмас, ИЧда рўй беради! Туғёнли ичкин қўшиқлар. Маккор ёрни эслатувчи қўшиқлар. Минг бир тавозе билан ичингга кириб олади-да, кейин дунёнгни остин-устун қилиб ташлайди. Сен ўз нолангни, ҳеч кимга айтолмаган, ўзинг-да чўчийдиган изтиробинг сувратини кўрасан. Муҳаббатинг ўз маҳшари билан юзма-юз қолади.

Агар кўзингиз гул-гул ёниб хониш этаётган сип-силлиқ аллакимга тушиб қолса, у “Эй, ёр мени куйдирдинг, расвойи жаҳон этдинг” деган ҳасратми, ёки “Ўртар”ни лабининг қирғоғидан тошаётган севинчини эплолмай, шип-ширингина жилмайган кўйи айтса, “юлдуз”нинг ажабтовур авзойига ҳеч ажабланманг. Шўрлик ўттизни, борингки, қирқни уриб қўйса ҳам, лоақал бир бор куйиб кўрмаса, куйдирги жон кўйидан гангимаса, қисмат тиғи кўксини тилмаган бўлса, яна қай алпозда айтсин?! Менинг санъаткорим ўлмас дурдона “Сен — менинг куйимсан”ни ўттизда эмас, олтмиш ёшида айтганида ҳам яна бошқатдан кечиниб, дардчил туйғуларнинг жамики товланишини ўзидан ўтказарди, яшарди.

033У отасини кўрмади. Урушда ҳалок бўлган. Онаси Айшет хонимнинг ноёб овози бор эди. Худо бу аёлга истеъдодга яраша антиқа феъл-атвор ато этганди. Умри йўлларда ўтди. Бир театр ёқмадими, қўл силкирди-да, бошқа бир вилоят театрига ўтиб кетаверарди. Албатта, бундай ҳаётда бола сарсон бўлиши тайин. Бувиси ва амакисининг ардоғида улғайган санъаткор “Мендаги овоз ва эрксеварлик онамдан, лекин мусиқий қобилият билан орият туйғуси магомаевлардан мерос”, деб ёзади.

Ҳақиқатан ҳам, ўз даврида эрк ва орнинг тимсоли бўлган. Шу феъли туфайли машҳур Катта театрга таклиф этишганида кўнмайди. Чегараланган репертуарга тобе бўлиб, кимнингдир кайфиятига боғланиб қолишни сабрига сиғдиролмасди, ўзини банди бургутдек сезарди. Қолаверса, анъанавий совет операсини ҳам қабул қилолмасди.

Мавлоно Румийнинг “Сен олтин баҳосидасан, ўзингни мис чақага сотма” ҳикматини Санъаткор ҳаётининг ҳар бир саҳифасидан ўқиш мумкин. Муслим Магомаев ҳеч қачон партияга аъзо бўлмаганини кимки эшитса, ҳайрон қолади. Чунки ҳукумат раҳбарлари эътиборидаги эрка санъаткор. Бирор-бир тантанали маросим унинг иштирокисиз ўтмаса, ахир, қанақасига? Сир эмас, шўро даврида партия — улуғ бир мақом эди, одамлар учун. Бу борада Муслим Магомаев ҳурмат билан Ҳайдар Алиевни эслайди. Бир куни кулиб, арбобга “Нега менга “Партияга ўтасан!” деб ҳеч зуғум қилмайсиз?” деб сўраганида, у “Партия — тартиб-интизом. Сенинг феълинг ҳеч бир чекловга тўғри келмайди. Қолаверса, партия одамларнинг “ўсиш”и учун керак, бунақа “ўсиш”га сен муҳтож эмассан”, деб жавоб қайтаради. Ва Алиев кўп эмас, бир-икки бор “Биласан, сени Леонид Ильич яхши кўради, унвон берди, Ленин ҳақидами, ё ўзига бағишлаб, ҳеч қурса, партия ҳақида қўшиқ айтсанг, хурсанд бўларди”, деб хонанданинг юрагига қўл солиб кўради. Лекин санъаткор бу таклифни ҳеч ҳазм қилолмайди. Кўнгилга сажда этган, табиатга топинган, урушнинг фожиаси, инсоният тақдири ҳақида ёниб куйлаётган эҳтирос одами учун ҳар қандай доҳийларнинг шон-шавкатию шиорбоп қийқириқлар ёпишмаган гажак, холос. Майли, қофиябоз шоир-ку қоғозни бежаб бир амаллар. Ахир, тарки одат амримаҳол! Лекин қандай қилиб маълумдан маълум туссиз сўзларни самовий туҳфа — куйга ё оҳангга кўчириш мумкин? Денгизнинг исёнкор тўлқинлари билан биродар юракни бўйсундириб бўладими?! Айтинг?!

“Мен ниҳоятда чиройли ҳаёт кечирдим, у узоқ давом этиши сира мумкин эмас”… Бу бемор санъаткорнинг дўстига айтган гапи эди. У касалхонага боришни ҳеч хоҳламас, афсуски, жисму жонига арзон нигоҳ билан қарарди. Чиндан ҳам, чиройли ва мазмунли умр кечирди. Унинг тақдирида буюк шахслар ҳаётига хос чўнг изтиробли қисмат битилмаганди. Дарвоқе, “Тирик афсона” ҳужжатли фильмида Муслим Магомаев номли ҳодисага шундай баҳо беришади: “Бахт — эрка, тантиқ нозикойим. У кимни танлайди, ҳайронсан. Лекин бу галги танловида ҳеч адашмаганди.”

* * *

Денгизнинг бетиним ҳайқириғи ичга кўчди. Беомон тўлқинларнинг биллур ҳовучида жоним оқяпти. Кўнгилда ёт-бегона оҳангга жой қолмади. Ўз-ўзи билан андармон руҳ қалбни шу қадар банд этганки, руҳнинг парвозига тану жон шу қадар қарамки… ўзга ҳаво, ўгай нафас кириб келиши учун игнанинг кўзидек ҳам тирқиш йўқ…

Миннатдорман Сендан, мени халос этганинг учун,
Юҳо ҳаёт ютиб юбормасиданоқ қутқариб қолганинг учун, Ташаккур!

Сен туфайли яна юракка қайта бошладим…

M: “Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, май

005

BOTINDAN KO’CHGAN BO’RON
Iqbol Qo’shshaeva
033

Aytishlaricha, inson hayotida muhabbat bitta bo’larmish. Birinchi va ikkinchi degan gaplar behuda, ungacha va undan keyingilari o’sha yagona tilsimni anglash yo’lidagi hissiy izlanishlardir. Yana kim bilsin? Ehtimol, bu ham bir yupanch ilinjida aytilgandir?!… Muhabbat nima? Bilganim — mubtalolik. O’zingni yolg’iz sezsang — sog’inasan, joning og’risa, malhamni undan izlaysan, bo’shliqni tuygan zahoting ma’noga intilasan va hayratingni bo’lishging keladi. Xullas, muhabbat qo’shiq bo’lib titratadi, ohang bo’lib o’rtaydi, kuy bo’lib ovutadi…

* * *

099O’z qo’shig’imni topguncha qancha nolalarga qalbimdan joy berdim. O’ynoqi edi, hazin edi, shikasta edi, izhor edi, sog’inch edi, mung edi, faryod edi… Har biri aziz men uchun. Bari shovullayotgan dengiz tomon — Muslim Magomaev tug’yoni sari olib keldi. Kechagi kun hayratini ham kechinaman, unutmaganman… Botir Zokirov — shikastadil shoirim, miskin majnunim. “Maro bibus”, “Sarbon” yo “Ayt, qaydasan baxt”… bularda siniq yurak sasini eshitardim. Uzlatnishin kayfiyatimning hamdami edi. Yuksak ezgu hislar bari-bari yerdagi xoru sarson sharpalar xolos, degan faryod edi.

Men tanigan Muslim — men yetib kelgan manzil… Ehtimol, ertam uchun ochilgan eshikdir. Bilaman, sizga erish tuyulyapti. Xuddi oshnang kabi to’g’ridan-to’g’ri nomini atash… Sharqona odobga to’g’ri kelmaydi, deb koyiysiz.

Qolaversa, o’tib ketgan buyuk san’atkor bo’lsa?! Axir, nima qilay, uni olamga mashhur marhum xonanda emas, dardga darmon do’st, yuragi urib turgan zamondoshim deb bilsam! Ko’ngil qurg’ur rasmana taomillarni tan olmasa, men ne qilay? San’atkor qay tilda xonish etmasin — inglizmi, ozarmi, rusmi — baribir… men va mening jondoshlarim anglagan tilda kuyladi. Uning lay-lay aytgan aziz “Ana”si mening alla aytgan ONAm edi. Alla ohangidagi qo’shiqdan yurak simillar, ruhni bir maromda tebratgancha allalar… Bu qadar ichkinlikning siri nima? Rangi sarg’ayib borayotgan sog’inch yuki qayoqdan yopirildi?! Ona bolasiga alla aytgandek sokin tug’yon, ichkin harorat bilan kuylangani uchun ham yurak ibodatiga aylandimi? Zamondosh hofizim, sen ham qachonlardir qalbingga quyilgan alla kabi Ona haqidagi “alla”ngni — dardingni dodsiz aytsang-chi… Ortiq yig’lamsiramasdan, ko’z yoshlaringni yurak tubiga to’k. Tushun, har bir qalbning o’z yig’isi, o’z faryodi bor… Sen mana shu hasrat bilan sirlash, uni yupat. …Ozar yigitining qo’shig’idagi nola bu dunyoda sening beg’ubor tabassumingga intiq birdan-bir zot Ona ekanini qayta-qayta shivirlaydi.

Tug’yon… Tug’yon… Lekin halokatli to’fon emas. Bo’ron… Bo’ron… Yurakdan o’zga joyni maskan tutmas… Oqcharloqlarning chug’ur-chug’uri ostida, ohang bag’rida sohil tomon shoshayotgan to’lqinlar… Bebosh tuyg’ularmi ular? YO sargashta orzular? O’zingni Koinot mahsuli ekaningni, Yeru Osmon bilan bir tanu bir jon ekaningni idrok etasan. Sen ham moviy mangulikning bir mavji, tabiatning bir jilvasi sifatida bir chiqib, bir sho’ng’i-i-ib oqyapsan… Qaerga? Qay tomon? Goh shoshasan, goh imillaysan. Manziling bormi, o’zi? Qayda sening dengizing?

Muslimning birinchi muxlisi dengiz edi. Ilk bor uni dengiz tinglagan. O’smir yoshida qalbidan toshib chiqayotgan nolani dengiz to’lqinlariga ishondi. Yuragini to’lqinlarning kaftiga topshirdi. O’zgarayotgan ovozidagi saktaliklarni faqat dengizga oshkor etdi. Shu sabab ham u dengiz oldida, uning kengligi oldida o’zini qarzdor his etdi. Va yillar o’tib ehtiromini kuyga soldi…

O, more… more…

Dengizning telbavor to’lqiniga dosh berguvchi qoyalar…. Odam, Sening bardoshingni qay bir qoyaga mengzay?!… Yeru osmon bag’irlab uchib boryapman… U shunday toshqinki, sen va senga daxldor insonlar hayotini ham o’z domiga tortib ketyapti… Tug’yon, po’rtana, harorat, yurakda bo’ronni ushlab turish san’ati, to’lqinlar har qancha g’alayon etmasin, sochilib ketmaslik saboti… Bari Unda mujassam. Tuyg’ularni toptatmasdan ham, toshdan-da qattiq mana shu kulrang tuproqda yashash mumkinligiga, qalbdagi qudrat hayot haqiqatidan g’olib kelishiga umid uyg’otadi.

…Moviy cheksizlik uning ohangida manguga o’z tajassumini topdi. San’atkorning muhabbat haqidagi qo’shiqlarida sevganing ikki oyoq, ikki qo’lli cheklangan bir mavjudot emas, borliqning bir parchasi, faqat moviy cheksizlikka daxldor hur SHAXS, tabiatning ozod farzandi bo’lib gavdalanadi. U go’yo siz bilan mening hissiyotlarim changalidagi inson emas. Muslim Magomaev kuylayotgan sevgi moviy kenglik ichidan sizib chiqmaydi, aksincha, cheksizlik uning ishqi ichida aylanadi. Bu ishq taqdirni boricha qabul qilishga va unga mahkum INSONga ta’zim etishga o’rgatadi.

Can’atkor bir interv`yusida “Muhabbat haqidagi qo’shiqlarim, aniq bir ayolga qaratilmagan. Kuylayotganimda xayolimda o’zim yaratgan ideal ayolni ko’z oldimga keltiraman”, deb aytgandi. Ehtimol, lirik qahramonning shaxsi aniq bo’lmagani bois, uni tinglagan har bir ayol “Men haqimda ekan”, deb, bir erkakning o’ziga ehtiromi sifatida qabul qilar, hayajonlanar, erkalanar. Tabiiyki, o’sha onda tinglovchining hayratga tashna qalbi o’z-o’zidan san’atkorning “Ideal AYOL”iga oshno bo’ladi, yuksak tuyg’ular bilan bo’ylashadi, ideallar bilan yuzlashadi, go’zal hislar siyratiga qanday oqib kirayotganini, boshqatdan Ayol bo’lib yaralayotganini sezmay ham qoladi…

O, mayli o’ylanma, qayg’urma zinhor,
Baxt-iqbol yor bo’lsin ko’rkam munosib…
Biroq sen oh cheksang agarda bir bor,
Men yana kelurman qalbimni bosib…

Har gal “Noktyurn”ni tinglaganimda Rauf Parfi she’rining musiqiy talqini, deb ko’nglim sharhlaydi. O’sha iztirob, o’sha nola, o’sha mardonavorlik… Qismat ko’ziga alamsiz tik boqish. Faqat o’zga til. “YA k tebe pridu na pomosh` tol`ko pozovi/Prosto pozovi, tixo pozovi” … Ne bo’lgan taqdirdayam. O’tinaman, sen baxtli bo’l… Ehtimol, Rauf Parfi badiiyati oldida rus tilidagi ifoda sodda tuyular, lekin siz Arno Babajanyan musiqasi va Magomaev ijrosida tinglab ko’ring! Agar kimda dard bo’lmasa, xoh tanbur ushlasin, xoh nay, baribir, u tayoqdan o’zga narsa emas. Lekin oshiqning qo’lida har qanday yog’ochga ham jon kiradi.

Bo’ronni o’z botiniga bekitgan mahzun “Elegiya”… Taqdirga bo’ysunmoqchi bo’lgan-u, lekin buni eplolmayotgan qalb dramasi. Yeru ko’k qarshisida yuzma-yuz qolgan, o’ziga g’arq tanho odam nidosi. “Muhabbat nima?” degan sarkash savolga “Elegiya”dan mutaassir ko’ngil “qalbning inqilobi, yurakning o’z-o’ziga ochgan isyoni”, deb javob beradi.

…Sen — mening kuyimsan… Ular 1972 yilning kuzida Bokuda uchrashishdi. Bu kungacha ham ikki-uch bor Moskvada bir-biriga duch kelgandi-yu, lekin nigoh to’qnashmagan. Tamara Sinyavskaya — Katta teatrning yetakchi artisti. O’z yo’nalishida e’tirof etilgan san’atkor. O’ttiz yoshli Muslim ittifoq miqyosida mashhur, xalq artisti. Xullas, bu uchrashuv ikki ijodkorning ham hayotini o’zanidan chiqarib yubordi. O’sha ko’hna dard — muhabbat uchburchagi. Tamara — oilali ayol. Muslim esa bir necha yil oldin ajrashgan, Marina ismli qizalog’i bor. G’addor taqdirning o’yiniga chap berish uchun vaj ham chiqib qoladi: Tamaraga Milandagi La Skala teatrida tahsil olish imkoni tug’iladi. Murosa neligini bilmaydigan muhabbatning ko’ziga xas tashlash uchun yo’l… Mashoyixlar topib aytgan-da: o’zingdan qochib qaerga ham borarding?! Bu dardisar tuyg’ularni sinovdan o’tkazish uchun hijrondan-da adolatliroq imtihon bormi?! Tamara saboqlar tugar-tugamas, xonasiga oshiqar, intiq dil Moskvadan mujda kutardi. Chunki oshiq birinchi kuniyoq daraklab, boyoqish ayolni o’rgatib qo’ygan. Bu safar hozirgina yangi qo’shiq yozishganini, Tamara ham telefon orqali tinglab ko’rishi mumkinligini aytadi…

Sen — mening kuyimsan,
Men esa senga sodiq Orfey…

“Sen — mening kuyimsan…” achchiq ayriliqqa qo’yilgan yodgorlik bo’lib qoldi. Hajrning bu nolasi har bir xasta dilda o’z haykalini tikladi. Orfey o’zining yakkaxon kontserti uchun muzaning musiqa maskanidan qaytishini kutdi. Asosan sevgi haqidagi qo’shiqlardan iborat kontsert dasturi “Sen — mening kuyimsan…” deb nomlanardi. Lekin U kontsertga kelmaydi… Tizginsiz tuyg’ular qarshisidagi qo’rquv ayolning oyoq-qo’lidan tutadi. Chunki ostona hatlab chiqish — hal etuvchi qadam degani. Yoningdagi odamning ko’ksini payhon etish degani. Ayol ayolligini sindirib, burchning amriga bo’ysundi. Dunyosi kulga aylangan Muslim o’ziga qayta-qayta aytadi: “Endi sening hayotingda Tamara ismli ayol yo’q. U bilan bog’liq neki bo’lsa, barini hayotingdan o’chirib tashla”. Lekin kulrangdan kulrang kunlarning birida Tamaraning o’zi uning xonasiga kirib keladi…

Yoshlikdagi muhabbati, kursdoshi, farzandining onasi Ofeliya bilan ajrashgach, oilaviy hayotdan bezib qolgan yigit “Endi hech qachon ZAGS ostonasini hatlamayman”, deb o’ziga so’z bergandi. Lekin endi ikkisi ham o’tmish alamlarini unutishi, hayotni oppoq sahifadan boshlashi zarur… Chin erkak sifatida Tamaraning jur’atiga munosib javob qaytarishi shart. Darvoqe, uni rejissyor Aleksandr Zarxi “Anna Karenina” fil`miga Vronskiy roliga taklif etgan. Sinovsiz. Keyinchalik Vronskiy rolini o’ynagan aktyor Vasiliy Lanovoy ajablangancha, nega rad etganini so’raganida, xonanda miyig’ida kulib: “Qo’ysang-chi, har kim o’z ishini qilsin, men aktyor emasman. Meni ko’rarga ko’zi yo’q erlar sonini yana ko’paytirib nima qilaman”, deydi.

Ular bosib o’tgan yo’lda hayotning hamma rangi mujassam. Hamnafaslikda o’ttiz to’rt yil — havas qilarli umr kechirishdi. Erining betobligi bois Tamara ijodining ayni kamolot pallasida sahnani tark etdi. Teatr unga muhtojligini aytishganida, ayol: “Hozir sahnadan ham ko’ra, Muslimga ko’proq kerakman”, deydi.

Minnatdorman sendan, Sening mehring muzlab yotgan dunyomni eritdi.

Sen ochgan tilsim uchun, uyg’otgan faryoding uchun, bergan azoblaringu kulgularing uchun… hamma-hammasi uchun tashakkur…

Muslim Magomaevdek ta’bi nozik, jo’shqin fe’lli, kayfiyat odami bilan yashash faqat sabr emas, san’at. Hamisha ayollar e’tiboridagi ko’rkam va mashhur shaxs, bu jiddiy xavf. Rafiqasidan “Uzoq yillik oilaviy hayotning siri nima?” deb ko’p so’rashgan. Va unga Muslim ijodida o’z izini qoldirgan ayol sifatida ham qarashadi. Sinyavskayaning o’zini tutishidagi tabiiylikni, erining xotirasi uchun qilayotgan ezgu ishlarini kuzata turib, intervyularini tinglaganimda bir haqiqatni ilg’agandek bo’laman: biz bilgan mashhur marhumlarning xotinlaridan farqli o’laroq, erning shuhratiga sheriklik ta’masidan, “buyuk beva” degan ilinjdan xalos — ozod ayol. Uning Muslim Magomaev obro’siga muhtoj emasligi ko’rinib turadi. Aksincha, Ayol tabiatidagi nekbinlik Magomaev hodisasini yanada yorqinroq ko’rsatadi. Balki Muslimsiz ham alohida shaxs — Tamara Sinyavskaya bo’lgani uchundir. Avvaldanoq kim bilan hayot qurayotganini anglagan, o’ziga yarasha mas’uliyatni bo’yniga olgan, eri hayotligidayoq afsonaga ko’chgan ayol. Ozarboyjon hukumatidan tortib to xalqigacha bu ayol bilan “bizning gelin” deb faxrlanishi bejiz emas. Xo’p, Tamara Sinyavskayaning o’zi uzoq yillik rishtani qanday izohlaydi. “Sahnadagidek oilada ham ohang hal etuvchi ahamiyatga ega. Muhimi, u samimiy chiqsin. Va bizni qiziqishlarimiz o’rtasidagi mushtaraklik bog’lab turardi. Muslim ijodidagi mening o’rnim? Qiziq? Axir, Muslimni uchratgunimga qadar, u mashhur Magomaev edi! Demak, maslahatlarimga hech muhtojligi yo’q. Faqat mening yumushim, uning erkiga soya solmaslik, xalal bermaslik edi, xolos. Va uning oldida oddiy ayol edim. Xalq artisti Tamara Sinyavskaya eshik ortida qolardi”.

031Magomaev o’z kitobida “Tamara bilan o’tgan hayotimni ozod qushning parvoziga o’xshataman”, deb yozadi. Boshqacha bo’lishi mumkin ham emas. Bu kabi xos insonlar munosabatida erk va hayot bir-biri bilan ziddiyatga kirishgan ondayoq har qanday muqaddas tushuncha o’z jozibasini yo’qota boshlaydi. Ko’ngli bilan idrok etadigan odam uchun jozibadan mahrum hayot tanazzuldan o’zga narsa emas.

Muslim Magomaev haqidagi kitoblarni o’qib, san’atkorning hayotga munosabatini tahlil etsangiz, o’zi kuylagan qo’shiqlarga mos mahobatni tuyasiz. O’ylagan o’ylari butun viqori bilan san’atiga ko’chgan… Tuyg’ularga g’arq, o’ychan yuz. Dam mahzun, dam o’ktam qiyofasining o’zi alohida qo’shiq. Mungga cho’mgan san’atkor siymosida “Yo’q, yig’lamayman, yig’lamayman”, deb to’lib turgan jo’mard inson bor, yig’loqi erkak emas. O’zidagi ulug’vorlikni sizga ham yuqtiradi. O’sha onda o’zi qadar balandlikka olib chiqa oladi. “Elegiya”, “Minnatdorman sendan…”, “Sen — mening kuyimsan”, “Ayt, sening ko’zlaring…”, “Agar dunyoda muhabbat bo’lsa…”, “Ona”, “Yillar o’tar…” yoki dengizga bag’ishlangan qo’shiqdagi tug’yonli tuyg’ular yurakka tomishi uchun izn berib ko’ring… Mo»jiza tashqarida emas, IChda ro’y beradi! Tug’yonli ichkin qo’shiqlar. Makkor yorni eslatuvchi qo’shiqlar. Ming bir tavoze bilan ichingga kirib oladi-da, keyin dunyongni ostin-ustun qilib tashlaydi. Sen o’z nolangni, hech kimga aytolmagan, o’zing-da cho’chiydigan iztirobing suvratini ko’rasan. Muhabbating o’z mahshari bilan yuzma-yuz qoladi.

Agar ko’zingiz gul-gul yonib xonish etayotgan sip-silliq allakimga tushib qolsa, u “Ey, yor meni kuydirding, rasvoyi jahon etding” degan hasratmi, yoki “O’rtar”ni labining qirg’og’idan toshayotgan sevinchini eplolmay, ship-shiringina jilmaygan ko’yi aytsa, “yulduz”ning ajabtovur avzoyiga hech ajablanmang. Sho’rlik o’ttizni, boringki, qirqni urib qo’ysa ham, loaqal bir bor kuyib ko’rmasa, kuydirgi jon ko’yidan gangimasa, qismat tig’i ko’ksini tilmagan bo’lsa, yana qay alpozda aytsin?! Mening san’atkorim o’lmas durdona “Sen — mening kuyimsan”ni o’ttizda emas, oltmish yoshida aytganida ham yana boshqatdan kechinib, dardchil tuyg’ularning jamiki tovlanishini o’zidan o’tkazardi, yashardi.

033U otasini ko’rmadi. Urushda halok bo’lgan. Onasi Ayshet xonimning noyob ovozi bor edi. Xudo bu ayolga iste’dodga yarasha antiqa fe’l-atvor ato etgandi. Umri yo’llarda o’tdi. Bir teatr yoqmadimi, qo’l silkirdi-da, boshqa bir viloyat teatriga o’tib ketaverardi. Albatta, bunday hayotda bola sarson bo’lishi tayin. Buvisi va amakisining ardog’ida ulg’aygan san’atkor “Mendagi ovoz va erksevarlik onamdan, lekin musiqiy qobiliyat bilan oriyat tuyg’usi magomaevlardan meros”, deb yozadi.

Haqiqatan ham, o’z davrida erk va orning timsoli bo’lgan. Shu fe’li tufayli mashhur Katta teatrga taklif etishganida ko’nmaydi. Chegaralangan repertuarga tobe bo’lib, kimningdir kayfiyatiga bog’lanib qolishni sabriga sig’dirolmasdi, o’zini bandi burgutdek sezardi. Qolaversa, an’anaviy sovet operasini ham qabul qilolmasdi.

Mavlono Rumiyning “Sen oltin bahosidasan, o’zingni mis chaqaga sotma” hikmatini San’atkor hayotining har bir sahifasidan o’qish mumkin. Muslim Magomaev hech qachon partiyaga a’zo bo’lmaganini kimki eshitsa, hayron qoladi. Chunki hukumat rahbarlari e’tiboridagi erka san’atkor. Biror-bir tantanali marosim uning ishtirokisiz o’tmasa, axir, qanaqasiga? Sir emas, sho’ro davrida partiya — ulug’ bir maqom edi, odamlar uchun. Bu borada Muslim Magomaev hurmat bilan Haydar Alievni eslaydi. Bir kuni kulib, arbobga “Nega menga “Partiyaga o’tasan!” deb hech zug’um qilmaysiz?” deb so’raganida, u “Partiya — tartib-intizom. Sening fe’ling hech bir cheklovga to’g’ri kelmaydi. Qolaversa, partiya odamlarning “o’sish”i uchun kerak, bunaqa “o’sish”ga sen muhtoj emassan”, deb javob qaytaradi. Va Aliev ko’p emas, bir-ikki bor “Bilasan, seni Leonid Il`ich yaxshi ko’radi, unvon berdi, Lenin haqidami, yo o’ziga bag’ishlab, hech qursa, partiya haqida qo’shiq aytsang, xursand bo’lardi”, deb xonandaning yuragiga qo’l solib ko’radi. Lekin san’atkor bu taklifni hech hazm qilolmaydi. Ko’ngilga sajda etgan, tabiatga topingan, urushning fojiasi, insoniyat taqdiri haqida yonib kuylayotgan ehtiros odami uchun har qanday dohiylarning shon-shavkatiyu shiorbop qiyqiriqlar yopishmagan gajak, xolos. Mayli, qofiyaboz shoir-ku qog’ozni bejab bir amallar. Axir, tarki odat amrimahol! Lekin qanday qilib ma’lumdan ma’lum  tussiz so’zlarni samoviy tuhfa — kuyga yo ohangga ko’chirish mumkin? Dengizning isyonkor to’lqinlari bilan birodar yurakni bo’ysundirib bo’ladimi?! Ayting?!

“Men nihoyatda chiroyli hayot kechirdim, u uzoq davom etishi sira mumkin emas”… Bu bemor san’atkorning do’stiga aytgan gapi edi. U kasalxonaga borishni hech xohlamas, afsuski, jismu joniga arzon nigoh bilan qarardi. Chindan ham, chiroyli va mazmunli umr kechirdi. Uning taqdirida buyuk shaxslar hayotiga xos cho’ng iztirobli qismat bitilmagandi. Darvoqe, “Tirik afsona” hujjatli fil`mida Muslim Magomaev nomli hodisaga shunday baho berishadi: “Baxt — erka, tantiq nozikoyim. U kimni tanlaydi, hayronsan. Lekin bu galgi tanlovida hech adashmagandi.”

* * *

Dengizning betinim hayqirig’i ichga ko’chdi. Beomon to’lqinlarning billur hovuchida jonim oqyapti. Ko’ngilda yot-begona ohangga joy qolmadi. O’z-o’zi bilan andarmon ruh qalbni shu qadar band etganki, ruhning parvoziga tanu jon shu qadar qaramki… o’zga havo, o’gay nafas kirib kelishi uchun ignaning ko’zidek ham tirqish yo’q…

Minnatdorman Sendan, meni xalos etganing uchun,
Yuho hayot yutib yubormasidanoq qutqarib qolganing uchun, Tashakkur!

Sen tufayli yana yurakka qayta boshladim…

M: “Jahon adabiyoti” jurnali, 2016 yil, may

005

(Tashriflar: umumiy 144, bugungi 1)

Izoh qoldiring