Мурод Муҳаммад Дўст «прозада оҳангга кўп эътибор берадиган» ёзувчи. Суҳбатда унинг Сўз ва асарлари хусусидаги мулоҳазалари билан бирга дунё ва мамлакатнинг бугунги тўхтами билан боғлиқ қарашлари акс этган.
ЮКСАК ДАРАЖАДА ФИКРЛАЙДИГАН ШАХСЛАР
БОР ЭКАН, ҲАММАЁҚ «ЛОЛАЗОР» БЎЛИБ КЕТМАЙДИ
Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст билан суҳбат
Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг 1976 йили «Қайдасан, қувонч садоси» номли илк китоби нашр этилгач, «Мустафо», «Истеъфо», «Дашту далаларда», «Галатепа қиссалари», «Чоллардан бири», «Бир тойчоқнинг хуни» каби ҳикоя, қиссалари чоп этилган. 1983 йилда «Галатепага қайтиш» номли романи яратилди. Шундан сўнг у турғунлик даврининг маънавий, иқтисодий ва сиёсий таназзулидан ҳикоя қилувчи «Лолазор» (1988) романини яратди. Бу роман 1990 йилда Ҳамза мукофотига лойиқ топилди. У маълум вақт Ўзбекистон Республикаси президенти матбуот маркази раҳбари бўлиб фаолият олиб борган. Ёзувчининг фикрича, одамнинг дардини, жамиятнинг дардини ёзган одам ютади. Журналист Иқбол Қўшшаева билан бўлган суҳбатда ёзувчи ижодкор ва унинг жамиятда тутган ўрни хусусида сўз юритди.
Иқбол ҚЎШШАЕВА: Мурод ака, сиздаги аччиқ истеҳзо Ошно билан Мойра муносабатида очиқ кўринади. Мойра гўё Ошно ор-номусининг баҳоси. У эзгулик деб ишонган нарсаларнинг қадр- қиммати кўча қизи Мойранинг иффати каби рўёдир. Дунёга партиявий обрў, давлат нуфузи деган тутумлар орқали қараш чекланган, тор одамга хос. Эҳтимол, ошноларнинг омади шундадир, балки фожиаси ҳам….
Мурод МУҲАММАД ДЎСТ: “Лолазор” романидаги Ошно ҳақида гапирадиган бўлсак, тўғрисини айтсам Ошнога ҳам, Яхшибоевга ҳам, айниқса, ёшлик пайтларига айрича бир меҳру муҳаббат билан қараганман. Ошно соддароқ, қув Яхшибоевга нисбатан тозароқ. Унинг тадрижига келсак, Ошнонинг ўрнига бошқа одам бўлганда ҳам айни шу аҳволга тушарди. Мойрани жуда юксакларга кўтариб қўяди, бениҳоя гўзал аёл этиб кўради. Балки у ҳақ бўлгандир. Рости, Ошнонинг ўрнига мен ўзим бўлганимда ҳам шу аҳволга тушардим. Асар охирида қутқу ҳақида бекорга ёзилмаган экан. Мен ҳам озгина амалдор бўлиб кўрдим. Ўшандаям шуни сездим. Бир гап бор-ку: “Власть портит человека, а абсолютная власть портит абсолютно ”. Ошнони ҳокимият буздими? Бундай қараганда, ҳокимият мавҳум тушунча. Ҳокимият ёки ҳоким қайдан пайдо бўлади? Ошнога биров рост гапирмай қўйди. Ҳатто Яхшибоев ҳам. Атроф шунақа одамлар билан ўралган. Балки ишонмассиз, лекин энг каззоб одам ҳам Худо ёрлақаб амалга, ҳукумат тепасига келса, яхши ният билан келади. Лекин келгандан кейин унинг мавқеи, кучи орқали яхши-ёмон ниятларини амалга оширишга интиладиган гуруҳлар пайдо бўлади. Тушунганим шуки, мавқега олийжаноб орзулар билан келган одам, эзгу ниятларини амалга ошириш ўрнига, ҳокимиятини ҳимоя қилиш ҳақида ўйлай бошлайди. Ҳаммаёққа шубҳа билан қарай бошлайди. Унинг умри хароб қишлоқни лолазор қилиш эмас, ўзини ҳимоя қилиш билан ўтади. Ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Атрофдагиларни биласиз, сиз зўрсиз, сиздан яхшиси бўлиши мумкин эмас, деб мадҳия ўқийди. Хуллас, ҳокимиятнинг моҳияти ҳеч қачон ўзгармайди.
И.Қ.: «Ошнога ҳатто Назар Яхшибоев ҳам тўғри гапни айтмай қўйди», дедингиз. Бу шоҳларнинг қисматими?
М.М.Д.: Ҳа.
И.Қ.: Наҳот, бундан озод бўлолмаса?
М.М.Д.: Қийин. Жуда қийин. Бир кун Ислом ака раҳматли “Мурод, мен баъзида қўрқиб кетаман, ҳеч ким менга эътироз билдирмайди. Ахир, мен Худо эмасман-ку” деб қолди. “Чекингизга тушгани шу, сизга ҳеч ким рост гапирмайди”, дедим. Балким одам ўзини ўзи кўпроқ тергаши керакдир. Дастлабки пайтларда у одамларни эшита оларди. Тўқсонинчи йилларда “федерацияга ўтамизми ёки конфедерациягами” деган савол туғилди. У киши гўё федерация тарафдори бўлди. Биз конфедерация деб туриб олдик. Тўрт киши эътироз билдиравердик. Ниҳоят “сизлар енгдиларинг, конфедерация бўлгани маъқул экан”, деганди. Бир–икки марта мени мақтаманглар, хушомад қилманглар, танқид қилинглар деб ҳам айтганди. “Йўқ, эътироз билдирамиз! Сиз қилаётган тарихий ишларга муносиб баҳо бериш керак”, деб тескариси қилинди. Туппа-тузук одамни ҳам йўлдан урамиз.
И.Қ.: Истайсанми-йўқми, таққосларда ҳақиқат кўринади. Собиқ Иттифоқ даврида арманлар ўзининг мусиқий қобилиятини Арам Хачатурян, Арно Бабажанян, Микэл Таривердиев билан кўрсатди. Озарларда Рашид Бейбутов, Муслим Магомаев ва Кара Караев бор эди. Грузинларнинг руҳий қудратини бир-биридан истеъдодли кино ва театр режиссёрлари олиб чиқди. Қирғизлардан Чингиз Айтматов ўз сўзини айтиб чиқди. Биз-чи? Бизнинг маънавий-маданий ўрнимиз қай аҳволда эди?
М.М.Д.: Бу ҳақида мен ҳам кўп ўйлаганман. Грузин кинематографиясини итальянларнинг неореализмига таққослаш мумкин. Бизнинг одамларимиз характерида ҳам грузинларникидек чапанилик бор. Лекин бу на адабиётимизда, на киномизда чиққан. Асарларимизда одамларимиз қўйдай ювош бўлиб қолган. Зора, бизнинг ёзганларимиз далада сепилган ўғитга айланса, яъни гўнгга ўхшатиб сепилса, шу ерда янги оғочлар, янги гуллар ўсиб чиқса, бизнинг хатоларимиздан хулоса чиқарган авлод етишиб чиқса.
Асосий муаммо адабий-маданий муҳитнинг йўқлигида. Ҳозир саводсизлик тантана қилаётган давр. Савия жуда паст. Коэло билан Муракамини катта ёзувчи, деб айтишади. Менимча, буюк ёзувчилар Маркес билан тугаган. Лекин Пауло Коэло ёки Харуки Мураками етишиб чиқиши учун ҳам муҳит керак. Бу жамиятнинг умумий саводи билан боғлиқ. Адабий муҳитни ёки кинематографик муҳитнинг ёзувчилар ёки киночилар уюшмаси доирасида яратилишига ишонмайман. Ҳар бир одам саводи, диди юксалаётганини ўзи сезсин. Барибир бу масалада оптимистман. Биз қўйдай ювош қилиб тасвирлаган халқ аслида асов ва чапани. У ўз сўзини барибир айтади.
И.Қ.: Асов қилиб тасвирлашга нима халал беради?
М.М.Д.: Ички цензурани енгиб ўтиш керак. Лекин менда бўлмаган. Биласизми, шўро давридан бошлаб жамиятни ҳадик билан яшашга ўргатиб қўйдик. Бу ҳадик ҳали кўнгилдан чиқиб кетгани йўқ. Ижтимоий-сиёсий пассивликни оқлайдиган ўзбек халқининг мақоллари кўп: “Оч қорним – тинч қулоғим” , “Яримта нон – роҳати жон”. Буларни фазилат санашади. Аслида бу фазилат эмас, қусур.
И.Қ.: Узр, дунёни қабул қилиш борасида гўдаклик босқичида тургандекмиз. Сўзга ҳожат йўқ. Гўё томошабин, аниқроғи, халқ “тегма куяди” босқичида турган бола…
М.М.Д.: Менимча, бу раҳбарларнинг қўрқоқлиги билан боғлиқ. Қўрқоқ. Масалан, мен неча марта кўрдим, бизнинг фильмларимизни — ўзим ёзган сценарийларни телевидения қирқиб ташлаган. Тўлиқ-тўлиқ эпизодларни қирқиб кўрсатади. Эпизод тушиб қолгандан кейин фильм тўлиқ бўлмай қолади-ку! Жуда бўлмаса “пий-пий” қўйиб, сигнал бериб қўй. “Бир нарса бўлиб қолмасин-да, бир нарса бўлиб қолмасин”. Қачон биз дадилликни ўрганамиз? Қачон?! Ўзим ҳам бир нарсани олиб ташлаганман. Шукур Холмирзаев ҳақида ҳужжатли фильм қилишганди. Шукур ака гапириб туриб, “Ёзолмай қолсам, ўзимни отиб ташлайман” дедилар. Кейин мен “Шукур акага айтинглар, ёзолмай қолсалар ўзим бориб отиб келаман”, дедим. Қарасам умуман ёпишмаяпти. Ғалати. Азбаройи “ўзимни отаман” деган гапдан қўрққанимдан қилмаганман.Энди биласиз, Шукур акам озгина рол ўйнар эдилар. Лекин яхши ёзувчи. Ёзганларидаям артистизм сезилади-да.
“Кучукваччанинг кўзини ўтини олиб қўй, қўрқадиган бўлади”, дейишади. Журналистларга бундай муомала қилмасдан, эрк бериш керак. Умуман телевидение дидни тарбиялашига ишонмайман. Телевидение ўзининг вазифасини бажаряпти. Хоҳлаймизми-йўқми, ҳокимиятнинг ғояларини халққа сингдириш учун хизмат қилади. Биттагина умид — ҳокимиятнинг ғоялари юқорироқ, яхшироқ бўлишни одам хоҳлайди. Яъниким кинога, адабиётга, телевидениега қўйиладиган талабнинг юқорироқ бўлишини хоҳлайсан.
И.Қ.: Назар Яхшибоев адабиётда ўрни йўқ, лекин истеъдодидан анча юксак эътироф этилган бир гала миллий классикларнинг ўлмас образи. Ҳамон “Юлдузни кўзлаган қиз” нуқсидаги мақолалар рағбатлантирилади, қурбонойларнинг ўлани эса ҳеч тугамайди. Лекин “Лолазор” романи қаҳрамонининг ҳақиқатларида Сизнинг истагингиз акс этган. У Мурод Муҳаммад Дўстнинг Назар Яхшибоеви. Бу сизнинг орзунгиз…. Яхшибоевнинг биз билган издошлари ҳам ҳеч бўлмаса ичида ўзининг ким эканини тан олармикан?
М.М.Д.: Адабиётдаги типлар сюжетлар каби ўзгармайди, шекилли. Яхшибоев фаросатли одам, ўзининг неччи пуллик тош эканини билади. Барибир у талантли. Ялтироқ унвонларга, амалларга берилиб, гавҳарни тошга урган одам-да. Лекин бугунги яхшибоевларга қараб, буларда фаросат борлигини билмайман. Фаросат кўрмайман. Яхшибоевда бир гап бор-ку “Худо бўлганда бундай қилолмасдим” дейди. Атеист эди-да у. Буларнинг ҳам кўпи худосиз. Ҳар бир одамнинг кўнглида орият бўлса, ўзини ҳурмат қилса ялоқхўрлик қилолмайди. Хушомад қилаётган одамда мен шахс кўрмайман, ҳурмат қилмайман! Билиниб турибди-ку, таг-тагда илинж ётибди. Замонавий яхшибоевлар ўзидан, ўтаётган умридан мамнун. Улар ўзининг аҳмоқлигини билмайди! ….Ва шуниси билан бахтиёр. Бир замонлар биттаси “Қўшиқ ёзсанг Акмал акадай ёзсанг-да”, деганди. Акмал Пўлатни менга мезон қилиб кўрсатганди. Ҳозир Акмал акаларнинг замони келди. Кинода ҳам, журналисткада ҳам, адабиётда ҳам. Баъзида уларга ҳавасинг ҳам келади. Ўзидан мамнун, дунёдан мамнун, у ёзмаса ким ёзади?! Доим ҳозиржавоб туради. Мен яхши гапни айтишга ҳам истиҳола қиламан. Улар яхши бўлсаям мақтайди, ёмон бўлсаям.
И.Қ.: Бир суҳбатингизда “Муҳаббат борасида ёзмасликка ҳаракат қиламан. Муҳаббат деганлари шу қадар буюк ва нозик туйғу-ки, унга муносиб қаҳрамонлар ва улар айтадиган сўзларни топиш қийин…” ва “Яхшибоевни оқлайдиган ягона нарса — Олияга муҳаббати”дегансиз. Хуллас, муҳаббатга муносиб бўлмоқлик! Бу ҳақиқатга қачон келгансиз?
М.М.Д.: Одам бутун умрини қайтадан титкилашига тўғри келади. Муҳаббат ҳақида ёзган ягона нарсам “Дашту далалар” бўлса керак. Лекин бу ҳам иддао билан ёзилган. Қаҳрамонни атай оддий чўпон қилиб олганман. Яхшибоевнинг Олияга муҳаббати ҳам кўзёши билан ёзилган. Ҳа, у — ўзим. Лекин буни расшифровка қилиш керак эмас. Ҳар бир одам ўзининг ҳаётидан келиб чиқади. Муҳаббат одамни чиройли қилади. Яхши кўрган одам жиннига ўхшайди. Сенинг кўнглинг дунёнинг марказига айланиб қолади. Ўша пайтдаги ҳолатни эслаб қолиб, кўнгилга жойлаб, кейин ҳам жуда узоқлаб кетмасанг, ўшанда яхши оила туғилса керак.
И.Қ.: Лев Толстой мусиқани қалбнинг ибодатига менгзайди, Мурод Муҳаммад Дўст эса “Галатепага қайтиш” асарида “бева кўзёшидай пок” деб таърифлайди. Қалб бу даражага етиб келиб, оҳангни бундай инжаликда баҳолаши ўз-ўзидан эмас, албатта. Буни мен маҳорат эмас, дид деб ўйлайман.
М.М.Д.: Бу менинг эсимдан чиқиб кетган экан. Ўзи келган. “Беванинг кўз ёшидай пок”. Аёлнинг ичидаги айрилиқнинг азоблари йиғлаб-йиғлаб охири тиниқ бир нарсага айланса керак-да. Бу оғир кўзёш томчиси бўлса керак. Биласизми, гўёки таннозлик-олифталик қилаётганга ўхшайсан, лекин ёзаётган пайтда ўзи келиб қолади, буни тушунтириб беролмайсан. Мен прозада оҳангга кўп эътибор бераман. Сўзларнинг ўзидан манзара пайдо қилиш мумкин. Баъзи сўзларнинг ўзида манзара бор, ҳаракат бор. Энди дид масаласига келсак. Дид балким талантдир. Балким талант диддир. Уч-тўрт кундан бери “фаросат” сўзига изоҳ излайман. Дид дедик, зийраклик дедик, зеҳн дедик, луғатларни бугун кўриб чиқдим. Ақл, дид, фаросат, талант… Лекин деҳқонча фаросат ҳам бўлади, саводи бўлмаслиги мумкин, лекин унда бир фаросат борки, бошқаларни қойил қолдиради. Ўзини тутишида, обрў сақлашида, кераксиз сўзни ишлатмаслигида кўринади.
И.Қ.: Дид пачоқ бўлиб туриб, яхши нарса ёзиш қийин бўлса керак…
М.М.Д.: Йўқ, ёзиб бўлмайди! Аввал дидни тарбиялаш керак. Шунинг учун ҳам жамиятнинг — адабий муҳитнинг, кинематографик муҳитнинг, мусиқий муҳитнинг шаклланиши-юксалиши учун биринчи ўринда дид керак. Мен бекорга додлаётганмим йўқ, ўртамиёна нарсаларни мезон қилиб олаётганимиз бизнинг дидимиз тушиб кетаётганини кўрсатиб турибди. Бўлажак актёрлар, ёш театршунослар билан гаплашганим сайин қайғуга чўмиб боряпман. Кўп нарса билмайди, кўп нарса ўқимаган. Афсус, мажбур қилолмайсан.
Яхши асарнинг миллати бўлмайди. Чукча ўқиса ўзининг чукчачасига тушунади, ўзбек ўқиса ўзбекона тушунади. Ўтиш даврида яшаган одамларнинг шўри қурсин, деган гап бор. Сизларнинг авлодларингизнинг чекига шундай давр тушди. Парокандалик бошланди, қалайи-қалбаки даҳолар пайдо бўлди. Ватанпарварликка ортиқча урғу бериб, ҳеч кераксиз фанларни киритиб ташладик. Ура-патриотизм авж олди. “Мустақиллик” сўзини хор қилиб ташламаслик керак. “Мустақиллигимиз” деб бошлаши билан, демак, сен ҳали тўлиқ мустақил эмассан, деб ўйлайман. Нима кераги бор? Сўзнинг қадри йўқолиб кетди. Қанчалик кам ишлатсак, бу тушунчанинг қадри ўшанча баланд бўлади. Дидсизлик расмий даражага кўтарилган, шиорларга айлантирилган. Наҳотки, фаросатли одамлар йўқ? Бор. Лекин айтгани қўрқади.
Ҳукумат, яъни ҳокимият ўзининг манфаатига — ғояларига мослаб байрам ўтказиши мумкин, лекин бунинг учун ярим йил тайёргарлик кўриш керак эмас…
И.Қ.: Мурод Муҳаммад Дўстнинг шахси қайси қаҳрамонида кўпроқ кўринади: Назар Яхшибоев, Саидқул Мардон, Самад ёки олим йигит Ғайбаровдами?
М.М.Д.: Билмадим, балки Ғайбаровдир… Балким… Қиссага кирмай қолган жой бор. Шаҳарга келган қишлоқи йигит Ғайбаров ўзича култур бўлиб, болалигини — эски чориғини унутади. Ўзим ҳам оддий колхозчининг боласиман. Ўзимизча кечаги кунимизга “пуф сассиқ” деб қараган пайтларимиз бўлган. Афанди лайлакнинг оёғи билан тумшуғини қирқиб, “ана энди қушга айландинг” дейди…Биз ҳам ўзимизнинг оёғимиз билан тумшуғимизни қирқиб “ана энди қушга ўхшадик” деб юрган пайтларимиз бўлган. Қиссадан тушиб қолган бу саҳифаларни яқинда топиб олдим…
И.Қ.: Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст, арбоб Мурод Муҳаммад Дўст, шахс Мурод Муҳаммад Дўст – қайси бири кўпроқ ўзлигига хиёнат қилди?
М.М.Д.: Ютқизганда ёзувчи ютқизди. Амалдор бўлиб гўрам қилганим йўқ. Фақат вақт кетгани қолди. Амалдор-памалдор бўлиб юрган пайтимда ҳам ўзимга ярим мазах билан қарардим. Ўзимга кулиб қараш одати болаликдан бери бор. Доим ўзимни чеккада туриб томоша қилганман. Баъзида эсдан чиққан — ҳаволанган пайтлар ҳам бўлган. Барибир одамга мансаб ёқади. Жиянларим бирам кўпайиб кетган. Қариндош кўпаяди, дўстлар кўпаяди. Кўтариш жуда қийин. Ҳамма сени талантлисан, дейди. Ўзимнинг талантли эмаслигимни билардим-у, лекин ёқарди-да. Ишонгим келарди. Сиёсатчи Маҳатма Гандига ўхшаши керак. Битта довоти, битта ручкаси, лекин шиппаги иккита бўлган! Ҳа, шиппаги иккита бўлган экан. Яна бир “нотўғри” ишга йўл қўйганлар, Лондонга борганда плашч кийганлар. Чунки совуқ. Одамнинг атрофида қариндош-уруғлар бўлмаса жуда катта ишлар қилиши мумкин. Ўшанда халқ ҳам ишонади. Ганди манфаатларни сидириб ташлаб, ўзини ҳиндиларнинг равнақига бағишлаган ШАХС-да! У — идеал! Етиб бўлмайди. Лекин унга етишиш ҳақида ўйлаш керак. Ҳа, ёзувчи ютқазди. Кўп нарсаларни тушунаверсангиз ҳафасала пир бўла бошларкан, завқ ҳам йўқолади. Шундай қарайсиз-да, бу хатти-ҳаракат тагида нима ётганини тушунасиз. Мен шу ҳикояни ёзсам дунё ўзгарадими деб ўйлайсан. Ҳеч нарса ўзгармайди. “Лолазор”нинг давоми бўладими деб кўп сўрашади. Давоми бўляпти-ку! Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ… Ҳукумат тепасига ҳалол-тоза одамлар келса халқ ютади. Ҳалолликдан ҳам кўпроқ юксак дид керак. Дунё сиёсатини, дунё маданиятини, дунё цивилизациясини тушунадиган, кенг фикрлайдиган, юксак даражада фикрлайдиган шахслар… Ўшандаям ҳаммаёқ лолазор бўлиб кетмайди. Ҳам маданиятни, ҳам адабиёт ва санъатни, камида дипломатияни тушуниш жуда қийин иш-да.. Путин “Ганди ўлгандан кейин гаплашадиган одам ҳам қолмади”, деганди…
И.Қ.: Мурод Муҳаммад Дўст ким?
М.М.Д.: Яхши боғбон бўлгим келади, яхши уста бўлгим келади. Ёзувчиман деб айтиш мен яхши одамман дейиш билан баробар. Адабиётни, яхши қўшиқни, яхши кинони хуш кўрадиган ҳаваскорман. Маърифатли бўлишга имкон қадар ҳаракат қиламан. Яхши ота бўлишга интиламан. Одам етмишга кирсаям ҳаракат қилавераркан-а…
Унвон, орденлар ҳеч нарса бермайди. Совет давридан ҳам тўғри гапни ёзганларнинг китоби қолди. Тўғонлар, электростанциялар, кенг пахтазорлар ҳақида ёзилган достону романлар қолиб кетди. Одамнинг дардини, жамиятнинг дардини ёзган одам ютади. Амал, унвон — булар ҳеч нарса эмас. Одамзотнинг кўзи бир ҳовуч тупроққа туяди-ку. Қаноат қилган одам ютади. Бир замонлар Қашқадарёда 108 ёшли чол билан учрашган эдим. Қандай қилиб шунча ёшга кирдингиз деб сўраганимда, “Болам, мен ўзимни ҳаммадан паст олдим” деганди. Одамзот озига шукур қилиш керак. Ҳамма нарсага эришишнинг иложи йўқ. Битта яхши ҳикоя ёзсанг ёки ўқисанг, бир шеърдан таъсирлансанг шунга хурсанд бўл. Фақат бадбин бўлмасанг, ҳасадгўй бўлмасанг — бировнинг боғи сеникидан яхшироқ, яшилроқ туюлмаса бўлди.
Матн ва видео манбаи: www.turon24.uz
Murod Muhammad Doʻst “prozada ohangga koʻp eʼtibor beradigan” yozuvchi. Suhbatda uning Soʻz va asarlari xususidagi mulohazalari bilan birga dunyo va mamlakatning bugungi toʻxtami bilan bogʻliq qarashlari aks etgan.
YUKSAK DARAJADA FIKRLAYDIGAN SHAXSLAR
BOR EKAN, HAMMAYOQ “LOLAZOR” BOʻLIB KЕTMAYDI
Yozuvchi Murod Muhammad Doʻst bilan suhbat
Yozuvchi Murod Muhammad Doʻstning 1976 yili “Qaydasan, quvonch sadosi” nomli ilk kitobi nashr etilgach, “Mustafo”, “Isteʼfo”, “Dashtu dalalarda”, “Galatepa qissalari”, “Chollardan biri”, “Bir toychoqning xuni” kabi hikoya, qissalari chop etilgan. 1983 yilda “Galatepaga qaytish” nomli romani yaratildi. Shundan soʻng u turgʻunlik davrining maʼnaviy, iqtisodiy va siyosiy tanazzulidan hikoya qiluvchi “Lolazor” (1988) romanini yaratdi. Bu roman 1990 yilda Hamza mukofotiga loyiq topildi. U maʼlum vaqt Oʻzbekiston Respublikasi prezidenti matbuot markazi rahbari boʻlib faoliyat olib borgan. Yozuvchining fikricha, odamning dardini, jamiyatning dardini yozgan odam yutadi. Jurnalist Iqbol Qoʻshshayeva bilan boʻlgan suhbatda yozuvchi ijodkor va uning jamiyatda tutgan oʻrni xususida soʻz yuritdi.
Iqbol QOʻShSHAYEVA: Murod aka, sizdagi achchiq istehzo Oshno bilan Moyra munosabatida ochiq koʻrinadi. Moyra goʻyo Oshno or-nomusining bahosi. U ezgulik deb ishongan narsalarning qadr- qimmati koʻcha qizi Moyraning iffati kabi roʻyodir. Dunyoga partiyaviy obroʻ, davlat nufuzi degan tutumlar orqali qarash cheklangan, tor odamga xos. Ehtimol, oshnolarning omadi shundadir, balki fojiasi ham….
Murod MUHAMMAD DOʻST: “Lolazor” romanidagi Oshno haqida gapiradigan boʻlsak, toʻgʻrisini aytsam Oshnoga ham, Yaxshiboyevga ham, ayniqsa, yoshlik paytlariga ayricha bir mehru muhabbat bilan qaraganman. Oshno soddaroq, quv Yaxshiboyevga nisbatan tozaroq. Uning tadrijiga kelsak, Oshnoning oʻrniga boshqa odam boʻlganda ham ayni shu ahvolga tushardi. Moyrani juda yuksaklarga koʻtarib qoʻyadi, benihoya goʻzal ayol etib koʻradi. Balki u haq boʻlgandir. Rosti, Oshnoning oʻrniga men oʻzim boʻlganimda ham shu ahvolga tushardim. Asar oxirida qutqu haqida bekorga yozilmagan ekan. Men ham ozgina amaldor boʻlib koʻrdim. Oʻshandayam shuni sezdim. Bir gap bor-ku: “Vlast portit cheloveka, a absolyutnaya vlast portit absolyutno ”. Oshnoni hokimiyat buzdimi? Bunday qaraganda, hokimiyat mavhum tushuncha. Hokimiyat yoki hokim qaydan paydo boʻladi? Oshnoga birov rost gapirmay qoʻydi. Hatto Yaxshiboyev ham. Atrof shunaqa odamlar bilan oʻralgan. Balki ishonmassiz, lekin eng kazzob odam ham Xudo yorlaqab amalga, hukumat tepasiga kelsa, yaxshi niyat bilan keladi. Lekin kelgandan keyin uning mavqei, kuchi orqali yaxshi-yomon niyatlarini amalga oshirishga intiladigan guruhlar paydo boʻladi. Tushunganim shuki, mavqega oliyjanob orzular bilan kelgan odam, ezgu niyatlarini amalga oshirish oʻrniga, hokimiyatini himoya qilish haqida oʻylay boshlaydi. Hammayoqqa shubha bilan qaray boshlaydi. Uning umri xarob qishloqni lolazor qilish emas, oʻzini himoya qilish bilan oʻtadi. Oʻzi bilan oʻzi ovora boʻlib qoladi. Atrofdagilarni bilasiz, siz zoʻrsiz, sizdan yaxshisi boʻlishi mumkin emas, deb madhiya oʻqiydi. Xullas, hokimiyatning mohiyati hech qachon oʻzgarmaydi.
I.Q.: “Oshnoga hatto Nazar Yaxshiboyev ham toʻgʻri gapni aytmay qoʻydi”, dedingiz. Bu shohlarning qismatimi?
M.M.D.: Ha.
I.Q.: Nahot, bundan ozod boʻlolmasa?
M.M.D.: Qiyin. Juda qiyin. Bir kun Islom aka rahmatli “Murod, men baʼzida qoʻrqib ketaman, hech kim menga eʼtiroz bildirmaydi. Axir, men Xudo emasman-ku” deb qoldi. “Chekingizga tushgani shu, sizga hech kim rost gapirmaydi”, dedim. Balkim odam oʻzini oʻzi koʻproq tergashi kerakdir. Dastlabki paytlarda u odamlarni eshita olardi. Toʻqsoninchi yillarda “federatsiyaga oʻtamizmi yoki konfederatsiyagami” degan savol tugʻildi. U kishi goʻyo federatsiya tarafdori boʻldi. Biz konfederatsiya deb turib oldik. Toʻrt kishi eʼtiroz bildiraverdik. Nihoyat “sizlar yengdilaring, konfederatsiya boʻlgani maʼqul ekan”, degandi. Bir–ikki marta meni maqtamanglar, xushomad qilmanglar, tanqid qilinglar deb ham aytgandi. “Yoʻq, eʼtiroz bildiramiz! Siz qilayotgan tarixiy ishlarga munosib baho berish kerak”, deb teskarisi qilindi. Tuppa-tuzuk odamni ham yoʻldan uramiz.
I.Q.: Istaysanmi-yoʻqmi, taqqoslarda haqiqat koʻrinadi. Sobiq Ittifoq davrida armanlar oʻzining musiqiy qobiliyatini Aram Xachaturyan, Arno Babajanyan, Mikel Tariverdiyev bilan koʻrsatdi. Ozarlarda Rashid Beybutov, Muslim Magomayev va Kara Karayev bor edi. Gruzinlarning ruhiy qudratini bir-biridan isteʼdodli kino va teatr rejissyorlari olib chiqdi. Qirgʻizlardan Chingiz Aytmatov oʻz soʻzini aytib chiqdi. Biz-chi? Bizning maʼnaviy-madaniy oʻrnimiz qay ahvolda edi?
M.M.D.: Bu haqida men ham koʻp oʻylaganman. Gruzin kinematografiyasini italyanlarning neorealizmiga taqqoslash mumkin. Bizning odamlarimiz xarakterida ham gruzinlarnikidek chapanilik bor. Lekin bu na adabiyotimizda, na kinomizda chiqqan. Asarlarimizda odamlarimiz qoʻyday yuvosh boʻlib qolgan. Zora, bizning yozganlarimiz dalada sepilgan oʻgʻitga aylansa, yaʼni goʻngga oʻxshatib sepilsa, shu yerda yangi ogʻochlar, yangi gullar oʻsib chiqsa, bizning xatolarimizdan xulosa chiqargan avlod yetishib chiqsa.
Asosiy muammo adabiy-madaniy muhitning yoʻqligida. Hozir savodsizlik tantana qilayotgan davr. Saviya juda past. Koelo bilan Murakamini katta yozuvchi, deb aytishadi. Menimcha, buyuk yozuvchilar Markes bilan tugagan. Lekin Paulo Koelo yoki Xaruki Murakami yetishib chiqishi uchun ham muhit kerak. Bu jamiyatning umumiy savodi bilan bogʻliq. Adabiy muhitni yoki kinematografik muhitning yozuvchilar yoki kinochilar uyushmasi doirasida yaratilishiga ishonmayman. Har bir odam savodi, didi yuksalayotganini oʻzi sezsin. Baribir bu masalada optimistman. Biz qoʻyday yuvosh qilib tasvirlagan xalq aslida asov va chapani. U oʻz soʻzini baribir aytadi.
I.Q.: Asov qilib tasvirlashga nima xalal beradi?
M.M.D.: Ichki senzurani yengib oʻtish kerak. Lekin menda boʻlmagan. Bilasizmi, shoʻro davridan boshlab jamiyatni hadik bilan yashashga oʻrgatib qoʻydik. Bu hadik hali koʻngildan chiqib ketgani yoʻq. Ijtimoiy-siyosiy passivlikni oqlaydigan oʻzbek xalqining maqollari koʻp: “Och qornim – tinch qulogʻim” , “Yarimta non – rohati jon”. Bularni fazilat sanashadi. Aslida bu fazilat emas, qusur.
I.Q.: Uzr, dunyoni qabul qilish borasida goʻdaklik bosqichida turgandekmiz. Soʻzga hojat yoʻq. Goʻyo tomoshabin, aniqrogʻi, xalq “tegma kuyadi” bosqichida turgan bola…
M.M.D.: Menimcha, bu rahbarlarning qoʻrqoqligi bilan bogʻliq. Qoʻrqoq. Masalan, men necha marta koʻrdim, bizning filmlarimizni — oʻzim yozgan ssenariylarni televideniya qirqib tashlagan. Toʻliq-toʻliq epizodlarni qirqib koʻrsatadi. Epizod tushib qolgandan keyin film toʻliq boʻlmay qoladi-ku! Juda boʻlmasa “piy-piy” qoʻyib, signal berib qoʻy. “Bir narsa boʻlib qolmasin-da, bir narsa boʻlib qolmasin”. Qachon biz dadillikni oʻrganamiz? Qachon?! Oʻzim ham bir narsani olib tashlaganman. Shukur Xolmirzayev haqida hujjatli film qilishgandi. Shukur aka gapirib turib, “Yozolmay qolsam, oʻzimni otib tashlayman” dedilar. Keyin men “Shukur akaga aytinglar, yozolmay qolsalar oʻzim borib otib kelaman”, dedim. Qarasam umuman yopishmayapti. Gʻalati. Azbaroyi “oʻzimni otaman” degan gapdan qoʻrqqanimdan qilmaganman.Endi bilasiz, Shukur akam ozgina rol oʻynar edilar. Lekin yaxshi yozuvchi. Yozganlaridayam artistizm seziladi-da.
“Kuchukvachchaning koʻzini oʻtini olib qoʻy, qoʻrqadigan boʻladi”, deyishadi. Jurnalistlarga bunday muomala qilmasdan, erk berish kerak. Umuman televideniye didni tarbiyalashiga ishonmayman. Televideniye oʻzining vazifasini bajaryapti. Xohlaymizmi-yoʻqmi, hokimiyatning gʻoyalarini xalqqa singdirish uchun xizmat qiladi. Bittagina umid — hokimiyatning gʻoyalari yuqoriroq, yaxshiroq boʻlishni odam xohlaydi. Yaʼnikim kinoga, adabiyotga, televideniyega qoʻyiladigan talabning yuqoriroq boʻlishini xohlaysan.
I.Q.: Nazar Yaxshiboyev adabiyotda oʻrni yoʻq, lekin isteʼdodidan ancha yuksak eʼtirof etilgan bir gala milliy klassiklarning oʻlmas obrazi. Hamon “Yulduzni koʻzlagan qiz” nuqsidagi maqolalar ragʻbatlantiriladi, qurbonoylarning oʻlani esa hech tugamaydi. Lekin “Lolazor” romani qahramonining haqiqatlarida Sizning istagingiz aks etgan. U Murod Muhammad Doʻstning Nazar Yaxshiboyevi. Bu sizning orzungiz…. Yaxshiboyevning biz bilgan izdoshlari ham hech boʻlmasa ichida oʻzining kim ekanini tan olarmikan?
M.M.D.: Adabiyotdagi tiplar syujetlar kabi oʻzgarmaydi, shekilli. Yaxshiboyev farosatli odam, oʻzining nechchi pullik tosh ekanini biladi. Baribir u talantli. Yaltiroq unvonlarga, amallarga berilib, gavharni toshga urgan odam-da. Lekin bugungi yaxshiboyevlarga qarab, bularda farosat borligini bilmayman. Farosat koʻrmayman. Yaxshiboyevda bir gap bor-ku “Xudo boʻlganda bunday qilolmasdim” deydi. Ateist edi-da u. Bularning ham koʻpi xudosiz. Har bir odamning koʻnglida oriyat boʻlsa, oʻzini hurmat qilsa yaloqxoʻrlik qilolmaydi. Xushomad qilayotgan odamda men shaxs koʻrmayman, hurmat qilmayman! Bilinib turibdi-ku, tag-tagda ilinj yotibdi. Zamonaviy yaxshiboyevlar oʻzidan, oʻtayotgan umridan mamnun. Ular oʻzining ahmoqligini bilmaydi! ….Va shunisi bilan baxtiyor. Bir zamonlar bittasi “Qoʻshiq yozsang Akmal akaday yozsang-da”, degandi. Akmal Poʻlatni menga mezon qilib koʻrsatgandi. Hozir Akmal akalarning zamoni keldi. Kinoda ham, jurnalistkada ham, adabiyotda ham. Baʼzida ularga havasing ham keladi. Oʻzidan mamnun, dunyodan mamnun, u yozmasa kim yozadi?! Doim hozirjavob turadi. Men yaxshi gapni aytishga ham istihola qilaman. Ular yaxshi boʻlsayam maqtaydi, yomon boʻlsayam.
I.Q.: Bir suhbatingizda “Muhabbat borasida yozmaslikka harakat qilaman. Muhabbat deganlari shu qadar buyuk va nozik tuygʻu-ki, unga munosib qahramonlar va ular aytadigan soʻzlarni topish qiyin…” va “Yaxshiboyevni oqlaydigan yagona narsa — Oliyaga muhabbati”degansiz. Xullas, muhabbatga munosib boʻlmoqlik! Bu haqiqatga qachon kelgansiz?
M.M.D.: Odam butun umrini qaytadan titkilashiga toʻgʻri keladi. Muhabbat haqida yozgan yagona narsam “Dashtu dalalar” boʻlsa kerak. Lekin bu ham iddao bilan yozilgan. Qahramonni atay oddiy choʻpon qilib olganman. Yaxshiboyevning Oliyaga muhabbati ham koʻzyoshi bilan yozilgan. Ha, u — oʻzim. Lekin buni rasshifrovka qilish kerak emas. Har bir odam oʻzining hayotidan kelib chiqadi. Muhabbat odamni chiroyli qiladi. Yaxshi koʻrgan odam jinniga oʻxshaydi. Sening koʻngling dunyoning markaziga aylanib qoladi. Oʻsha paytdagi holatni eslab qolib, koʻngilga joylab, keyin ham juda uzoqlab ketmasang, oʻshanda yaxshi oila tugʻilsa kerak.
I.Q.: Lev Tolstoy musiqani qalbning ibodatiga mengzaydi, Murod Muhammad Doʻst esa “Galatepaga qaytish” asarida “beva koʻzyoshiday pok” deb taʼriflaydi. Qalb bu darajaga yetib kelib, ohangni bunday injalikda baholashi oʻz-oʻzidan emas, albatta. Buni men mahorat emas, did deb oʻylayman.
M.M.D.: Bu mening esimdan chiqib ketgan ekan. Oʻzi kelgan. “Bevaning koʻz yoshiday pok”. Ayolning ichidagi ayriliqning azoblari yigʻlab-yigʻlab oxiri tiniq bir narsaga aylansa kerak-da. Bu ogʻir koʻzyosh tomchisi boʻlsa kerak. Bilasizmi, goʻyoki tannozlik-oliftalik qilayotganga oʻxshaysan, lekin yozayotgan paytda oʻzi kelib qoladi, buni tushuntirib berolmaysan. Men prozada ohangga koʻp eʼtibor beraman. Soʻzlarning oʻzidan manzara paydo qilish mumkin. Baʼzi soʻzlarning oʻzida manzara bor, harakat bor. Endi did masalasiga kelsak. Did balkim talantdir. Balkim talant diddir. Uch-toʻrt kundan beri “farosat” soʻziga izoh izlayman. Did dedik, ziyraklik dedik, zehn dedik, lugʻatlarni bugun koʻrib chiqdim. Aql, did, farosat, talant… Lekin dehqoncha farosat ham boʻladi, savodi boʻlmasligi mumkin, lekin unda bir farosat borki, boshqalarni qoyil qoldiradi. Oʻzini tutishida, obroʻ saqlashida, keraksiz soʻzni ishlatmasligida koʻrinadi.
I.Q.: Did pachoq boʻlib turib, yaxshi narsa yozish qiyin boʻlsa kerak…
M.M.D.: Yoʻq, yozib boʻlmaydi! Avval didni tarbiyalash kerak. Shuning uchun ham jamiyatning — adabiy muhitning, kinematografik muhitning, musiqiy muhitning shakllanishi-yuksalishi uchun birinchi oʻrinda did kerak. Men bekorga dodlayotganmim yoʻq, oʻrtamiyona narsalarni mezon qilib olayotganimiz bizning didimiz tushib ketayotganini koʻrsatib turibdi. Boʻlajak aktyorlar, yosh teatrshunoslar bilan gaplashganim sayin qaygʻuga choʻmib boryapman. Koʻp narsa bilmaydi, koʻp narsa oʻqimagan. Afsus, majbur qilolmaysan.
Yaxshi asarning millati boʻlmaydi. Chukcha oʻqisa oʻzining chukchachasiga tushunadi, oʻzbek oʻqisa oʻzbekona tushunadi. Oʻtish davrida yashagan odamlarning shoʻri qursin, degan gap bor. Sizlarning avlodlaringizning chekiga shunday davr tushdi. Parokandalik boshlandi, qalayi-qalbaki daholar paydo boʻldi. Vatanparvarlikka ortiqcha urgʻu berib, hech keraksiz fanlarni kiritib tashladik. Ura-patriotizm avj oldi. “Mustaqillik” soʻzini xor qilib tashlamaslik kerak. “Mustaqilligimiz” deb boshlashi bilan, demak, sen hali toʻliq mustaqil emassan, deb oʻylayman. Nima keragi bor? Soʻzning qadri yoʻqolib ketdi. Qanchalik kam ishlatsak, bu tushunchaning qadri oʻshancha baland boʻladi. Didsizlik rasmiy darajaga koʻtarilgan, shiorlarga aylantirilgan. Nahotki, farosatli odamlar yoʻq? Bor. Lekin aytgani qoʻrqadi.
Hukumat, yaʼni hokimiyat oʻzining manfaatiga — gʻoyalariga moslab bayram oʻtkazishi mumkin, lekin buning uchun yarim yil tayyorgarlik koʻrish kerak emas…
I.Q.: Murod Muhammad Doʻstning shaxsi qaysi qahramonida koʻproq koʻrinadi: Nazar Yaxshiboyev, Saidqul Mardon, Samad yoki olim yigit Gʻaybarovdami?
M.M.D.: Bilmadim, balki Gʻaybarovdir… Balkim… Qissaga kirmay qolgan joy bor. Shaharga kelgan qishloqi yigit Gʻaybarov oʻzicha kultur boʻlib, bolaligini — eski chorigʻini unutadi. Oʻzim ham oddiy kolxozchining bolasiman. Oʻzimizcha kechagi kunimizga “puf sassiq” deb qaragan paytlarimiz boʻlgan. Afandi laylakning oyogʻi bilan tumshugʻini qirqib, “ana endi qushga aylanding” deydi…Biz ham oʻzimizning oyogʻimiz bilan tumshugʻimizni qirqib “ana endi qushga oʻxshadik” deb yurgan paytlarimiz boʻlgan. Qissadan tushib qolgan bu sahifalarni yaqinda topib oldim…
I.Q.: Yozuvchi Murod Muhammad Doʻst, arbob Murod Muhammad Doʻst, shaxs Murod Muhammad Doʻst – qaysi biri koʻproq oʻzligiga xiyonat qildi?
M.M.D.: Yutqizganda yozuvchi yutqizdi. Amaldor boʻlib goʻram qilganim yoʻq. Faqat vaqt ketgani qoldi. Amaldor-pamaldor boʻlib yurgan paytimda ham oʻzimga yarim mazax bilan qarardim. Oʻzimga kulib qarash odati bolalikdan beri bor. Doim oʻzimni chekkada turib tomosha qilganman. Baʼzida esdan chiqqan — havolangan paytlar ham boʻlgan. Baribir odamga mansab yoqadi. Jiyanlarim biram koʻpayib ketgan. Qarindosh koʻpayadi, doʻstlar koʻpayadi. Koʻtarish juda qiyin. Hamma seni talantlisan, deydi. Oʻzimning talantli emasligimni bilardim-u, lekin yoqardi-da. Ishongim kelardi. Siyosatchi Mahatma Gandiga oʻxshashi kerak. Bitta dovoti, bitta ruchkasi, lekin shippagi ikkita boʻlgan! Ha, shippagi ikkita boʻlgan ekan. Yana bir “notoʻgʻri” ishga yoʻl qoʻyganlar, Londonga borganda plashch kiyganlar. Chunki sovuq. Odamning atrofida qarindosh-urugʻlar boʻlmasa juda katta ishlar qilishi mumkin. Oʻshanda xalq ham ishonadi. Gandi manfaatlarni sidirib tashlab, oʻzini hindilarning ravnaqiga bagʻishlagan SHAXS-da! U — ideal! Yetib boʻlmaydi. Lekin unga yetishish haqida oʻylash kerak. Ha, yozuvchi yutqazdi. Koʻp narsalarni tushunaversangiz hafasala pir boʻla boshlarkan, zavq ham yoʻqoladi. Shunday qaraysiz-da, bu xatti-harakat tagida nima yotganini tushunasiz. Men shu hikoyani yozsam dunyo oʻzgaradimi deb oʻylaysan. Hech narsa oʻzgarmaydi. “Lolazor”ning davomi boʻladimi deb koʻp soʻrashadi. Davomi boʻlyapti-ku! Hech narsa oʻzgargani yoʻq… Hukumat tepasiga halol-toza odamlar kelsa xalq yutadi. Halollikdan ham koʻproq yuksak did kerak. Dunyo siyosatini, dunyo madaniyatini, dunyo sivilizatsiyasini tushunadigan, keng fikrlaydigan, yuksak darajada fikrlaydigan shaxslar… Oʻshandayam hammayoq lolazor boʻlib ketmaydi. Ham madaniyatni, ham adabiyot va sanʼatni, kamida diplomatiyani tushunish juda qiyin ish-da.. Putin “Gandi oʻlgandan keyin gaplashadigan odam ham qolmadi”, degandi…
I.Q.: Murod Muhammad Doʻst kim?
M.M.D.: Yaxshi bogʻbon boʻlgim keladi, yaxshi usta boʻlgim keladi. Yozuvchiman deb aytish men yaxshi odamman deyish bilan barobar. Adabiyotni, yaxshi qoʻshiqni, yaxshi kinoni xush koʻradigan havaskorman. Maʼrifatli boʻlishga imkon qadar harakat qilaman. Yaxshi ota boʻlishga intilaman. Odam yetmishga kirsayam harakat qilaverarkan-a…
Unvon, ordenlar hech narsa bermaydi. Sovet davridan ham toʻgʻri gapni yozganlarning kitobi qoldi. Toʻgʻonlar, elektrostansiyalar, keng paxtazorlar haqida yozilgan dostonu romanlar qolib ketdi. Odamning dardini, jamiyatning dardini yozgan odam yutadi. Amal, unvon — bular hech narsa emas. Odamzotning koʻzi bir hovuch tuproqqa tuyadi-ku. Qanoat qilgan odam yutadi. Bir zamonlar Qashqadaryoda 108 yoshli chol bilan uchrashgan edim. Qanday qilib shuncha yoshga kirdingiz deb soʻraganimda, “Bolam, men oʻzimni hammadan past oldim” degandi. Odamzot oziga shukur qilish kerak. Hamma narsaga erishishning iloji yoʻq. Bitta yaxshi hikoya yozsang yoki oʻqisang, bir sheʼrdan taʼsirlansang shunga xursand boʻl. Faqat badbin boʻlmasang, hasadgoʻy boʻlmasang — birovning bogʻi senikidan yaxshiroq, yashilroq tuyulmasa boʻldi.
Matn va video manbai: www.turon24.uz
Murod Muhammad Do’st. L… by on Scribd