Мақола билан баробар тақдим этилаётган 21 қисмли «Темурнома» видеофильмининг «Гўри Мир», «Бузилган қабрлар» ва «Безовта руҳ» номли уч қисмни ҳам (1996 йили ТВда эфирга узатилган) мазкур мавзу билан нечоғли қизиқишимнинг олис бир намоёни сифатида қабул қилинг.
АЖДОДЛАРИМИЗ ҚАБРЛАРИ
Хуршид ДАВРОН
Миллий тарихимизнинг энг аччиқ саҳифаларидан бўлмиш воқеа хусусида турли интернет манбалари ҳамда «Амир Темур қарғиши» фильми материаллари асосида тайёрланган мазкур мақолани тақдим этар эканман, у билан танишишдан олдин буюк юнон шоири Яннис Рицоснинг бир пайтлар таржима қилганим «Аждодларимиз қабрлари» шеърини ўқишингизни истардим:
Аждодлар қабрларин асрамоғимиз керак,
асрамоғимиз керак умидларини.
Бўлмаса,
даҳшатли бир сония келар
душман келар, қазиб олар қабрлардан
бизга мерос қолган
аждодларимиз умидларини.
Шунда биз ночор қоламиз.
Ҳеч ким бизга беролмас мадад –
хавф-хатар бошимиз устида турар.
Шундан кейин қандай яшаймиз –
уйсиз, ўчоқсиз, далаларсиз, кўзимиз ўрганган,
бир вақтлари жангда, илмда машҳури замон
аждодларимиз қабрларисиз?
Ёдимизга олайлик,
бир пайтлари спарталиклар Теганда кўмилган
Орест қабрин очиб, сўнгакларин ўғирлашганин.
Шундай экан, душман билмасин
аждодларимиз қабрлари қайдалигини.
Фақат бизлар қайдан биламиз
душман кимлигини ва у қай тарафдан
бостириб келишин қайдан биламиз?
Ёлғиз бир чора бор:
қабрлар устидан қўпоринг ҳашам тошларни,
Ўчиринг тошлардан зарҳол ёзувларни
– улар фақат диққатни тортар.
Аждодларимизга
уларнинг кераги йўқ – уларга бари бир,
улар камтар,
улар абадиян сукутда ётар.
уларни қизиқтирмас зарҳал ёзувлар,
қурбонликлар,
садақалар,
мадҳу санолар.
Яхшиси, оддий тош қўяйлик,
устига қўяйлик бир жуфт ёронгул
ва тағин ҳеч ким билмас яширин белги,
аслида ҳеч нарса бўлмаса яна яхшироқ.
Яхшиси, юракларда асрамоқ керак,
яна яхшиси ўзимиз ҳам мутлақ билмасак
аждодлар мозори қайдалигини.
Лекин бу дунёда ғалат ишлар бўлиб туради —
Тағин ким билади,
балки аллақачонлар жадларимиз қабрларини
биз ўзимиз очиб ташлаб
халос бўлгандирмиз мурдаларидан…
Шеърдан қандай хулоса ясашни ҳар бирингизга қўйиб бериб, мухтасар бўлса-да айрим фикрларимни баён этмоқчиман.
Энг аввало, айтишим лозимки, мақолада акс этган воқеалар билан ўтган асрнинг 80-йиллариданоқ қизиқиб, турли тарихий ҳужжатлар, илмий мақолалар асосида ўрганганман. Ҳатто воқеанинг айрим гувоҳлари билан учрашиб, суҳбатлашганман. Тарихий ҳақиқат юзасидан қараб баҳо берганда, думбул нуқтаи назар билан тайёрланган «Амир Темур қарғиши» фильмининг асоси бўлган Малик Қаюмов хотираларини ҳам илк марта ўзим «Сомон йўли» мажмуасида эълон қилганман. Фильм бугунга келиб авжига чиққан «олди-қочди»-ю сенсация ясашга берилиш мавжуд бўлса-да, юқорида ёзиб ўтганимдек, тарихимизнинг энг аччиқ саҳифаларидан бирига диққатни қаратгани билан муҳим аҳамиятга эга.
Мен 20 йилдан буён ушбу мавзуда бир киноқисса ёзиш билан овораман. Бугунги кунда у кўп қисмли телесериал шаклини олиб бўлди. Бу киноқиссада Соҳибқирон ва унинг авлодлари қабрларини очиш билан боғлиқ мавзу илк марта мухтасар тарзда кўринган «Бибихоним қиссаси»идаги айрим воқеалар билан бирга Гўри Мир билан боғлиқ тарихий ҳужжатлардан илғаб олинган воқеаларни бадиий тарзда ифода этишга уриняпман.
Мақола билан баробар тақдим этилаётган 21 қисмли «Темурнома» видеофильмининг «Гўри Мир», «Бузилган қабрлар» ва «Безовта руҳ» номли уч қисмни ҳам (1996 йили ТВда эфирга узатилган) мазкур мавзу билан нечоғли қизиқишимнинг олис бир намоёни сифатида қабул қилинг. Мабодо бу видеоқисмларни бугун тайёрлаганимда у бутунлай бошқача бўларди, албатта. Улар ТВга келишим арафасида суратга олинган бўлса, мабодо бугун тайёрлайдиган асарда ТВда кечган 20 йиллик тажрибам ўз аксини топиши табиий. Нима бўлгандаям, орадан ўтган 22 йиллик вақтга қарамай ушбу мавзуни кенгроқ ва теранроқ, энг муҳими, бадиий мақомда ифодалаш истаги мени асло тарк этгани йўқ.
Саҳифамизда Соҳибқирон мақбараси ва қабрларнинг очилиши тарихи ёрқин акс этган китоблардан бири: таниқли олим Амриддин Бердимуродовнинг «Гўри Амир мақбараси» асариям тақдим этмоқдамиз.
P. S. Ҳамидбек Юсуповнинг мазкур мақоласи турли нашрларда, жумладан, 2015 йилнинг 9 апрелида «Ҳуқуқ оламида» газетасида ҳам чоп этилган. Бироқ уларда нашр талабига кўра мақолага қисқартиш ва ўзгартишлар киритилган. Бу ердагиси эса мақоланинг энг тўлиқ вариантидир.
Ҳамидбек дўстимга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
март, 2018 йил
ТЕМУР ТИНЧИ БУЗИЛГАНДА*
Ҳамидбек ЮСУПОВ
Халқимиз азалдан бундай ножўя ишлардан тийилган, аммо даҳриёна тузум даврида қадимий анъаналарга амал қилинмаганлиги ҳам маълум. Юрт бошига ёғилган катта офатларнинг айримлари айнан мана шундай кирдикорлар оқибати эканлиги эса кейинчалик юз кўрсатаётир.
Шу мавзудаги мақоламиз минтақамизни мўғуллар истибдодидан халос этган буюк шахс тинчининг бузилиши ва бунинг мудҳиш оқибатлари хусусидадир. Шу кунларда бу воқеага етмиш йилдан ошган бўлса-да, унинг ибратли жиҳатлари асрларга татигулик…
САҒАНАДАН ХАЗИНА ИЗЛАГАНЛАР
Иккинчи жаҳон урушида фашистлар тобора шарққа юриш қилиб, собиқ Иттифоқнинг ғарбий чегараларига яқинлашиб қолишганди. Гарчи Германия билан ўртада тинчлик шартномаси бўлса-да, шўролар халқни ватанпарварликка ундовчи ҳаракатларни кучайтиришди. Бунда асосан тарихда ўтган қаҳрамонлар фаолиятини ўрганишга зўр берилди, улар ҳақида асарлар ёзилди. «Эътиборли кишилар ҳаёти» («Жизнь замечательных людей») туркумида китоблар чоп этила бошлаганди, 1937 йили мазкур рўйхатга Амир Темур ҳам киритилди. У дунёни мўғуллар истибдодидан қутқарган шахс сифатида қайд этилиб, тарих китобларига ўзгартиш киритилди. Энди олимлар буни илмий жиҳатдан исботлашлари керак эди.
Орадан икки ой ўтиб, Қозоғистон ҳудудидан катта қора харсанг топилди, ривоятларга кўра, у кўкдан тушган эмиш. Бу тошга битилган қадимги уйғур тилидаги ёзувда эса, ушбу харсанг Амир Темурнинг Олтин Ўрда хони Тўхтамиш устидан қозонган ғалабаси ёдгорлиги эканлиги қайд этилганди. Харсангтош зудлик билан Эрмитажга олиб келинди, у темурийларга бағишланиб очилажак янги кўргазманинг биринчи экспонати бўлиши керак эди.
Марказий комитет маданият бўлимининг 1941 йилнинг 21 мартидаги илтимоснома-хати асосида Фанлар академияси ходимлари Самарқанддаги Гўри Амир мажмуасида экспедиция бошлашлари лозим эди. Эрмитажда ташкил этиладиган кўргазма иштиёқида экспедицияни шу йил ёздан кечиктирмаслик ҳақида буйруқ бўлди. Айрим тахминларга кўра, бу экспедиция, биринчи навбатда, Темурнинг хазинасини топиб, фашистларга қарши эҳтимолий жангда ундан фойдаланиш учун керак эди.
БУНИ ШАРАФ САНАШГАНДИ!
Гўри Амир мажмуасида ўтказилажак экспедицияга май ойининг охирларидаёқ ҳамма нарса тахт қилиб қўйилганди. Амир Темурнинг қабрини очишга сафарбар этилган экспедиция гуруҳи раҳбари этиб академик Қори-Ниёзий тайинланди, унинг қўли остида етук олимлар – шарқшунос Александр Семёнов, антрополог ва ҳайкалтарош Михаил Герасимов, олим ва ёзувчи Садриддин Айний, шунингдек, ёш оператор Малик Қаюмов ҳам бўлишган. М.Қаюмовдан онаси бу ишда қатнашмасликни илтимос қилган, лекин у «юқори»нинг ишончини оқлаш ҳақида кўпроқ ўйларди. Айний эса буюк саркарда ҳақида янги замон талаблари асосида роман ёзишни ният қилганди.
Хулласи калом, 1941 йил 27 майда гуруҳ Самарқандга етиб келиб, иш бошлади, уларнинг ишларини кузатгани минглаб одамлар келишганди. 1 июнь куни гуруҳ раҳбари Қори-Ниёзий экспедициянинг мақсадини расман эълон қилди: «Ўрта аср Шарқи, темурийлар даври маданияти ва санъатини ўрганиш». Шунингдек, Герасимов бу ерда кимлар дафн этилганлигини аниқлаштириб, ҳужжатлаштириш ҳам назарда тутилганлигини айтган. Гап шундаки, Амир Темурнинг қабри ҳақида олимлар бир тўхтамга келишмаганди. Айний саркарданинг мана шу мақбарага дафн этилганини айтарди, Семёнов эса уни вафот этган жойи – Ўтрорда кўмилган, дерди. Қори-Ниёзий унинг хокини ўғли Шоҳрух Мирзо Ҳиротга кўчирган, деса, яна биров туғилган шаҳри – Кешда, деб тахмин қиларди.
Гўри Амир бу тахминлар орасида ҳақиқатга яқинроғи эди, бундан ташқари, академик Михаил Массон ҳали 1925 йилиёқ бу мақбарада аллақандай парамагнит ҳодисаларини кузатган ва ичкарида нурланувчи сирли объект мавжудлиги фаразини илгари сурганди. У ўшандаёқ бу ерда экспедиция ташкиллаштиришни сўраб «юқори»га мурожаат этган, лекин у пайтлари ёш давлатнинг бундан бошқа муаммолари етарли эди. Мана, орадан ўн олти йил ўтиб, бу шараф (ўшанда буни ҳамма шараф деб билган) бошқа олимлар гуруҳига насиб этаётганди.
Шундай қилиб, 1 июнда гуруҳ йиғилиб, режа ишлаб чиқилди, асбоб-анжомлар созлиги текширилди ва тайёргарлик кўрилди. Эртасига эрталаб соат саккизда Шоҳрух Мирзонинг қабрини очишга келишилди, ёрдамга халқ усталари жалб этилди, ҳар эҳтимолга қарши, ёзувларни кўчириб олиш учун икки нафар кекса кишини чақиришди.
Иккинчи июнь тонгида прожекторлар ёқилиб, қабр устидаги мармар плитани кўтаришди, ичидаги жасаднинг қолдиқлари жуда ёмон сақланган экан. Герасимов ўрганиш учун унинг фақат бош суягини ва умуртқа поғонаси суякларидан биттасини олди, скелетнинг қолган қисмларини яшикка жойлашди. Шоҳрух Мирзонинг скелетини тиклашга уч кун вақт сарфланди.
Мирзо Улуғбекнинг қабрини очишга 5 июнда киришилди, унинг суяклари нисбатан яхшироқ сақланганди. Бошнинг ўз жойида эмас, балки скелет ёнида турганлиги, шунингдек боши кесилгандаги тиғ изи сабабли олимнинг шахсини аниқлаш қийин бўлмади. Унинг скелетини батафсил ўрганиш учун икки ҳафта вақт сарфланди. Ниҳоят, экспедициянинг энг асосий қисмига навбат келганди – Амир Темурнинг қабри!..
СИРЛИ НИШОНАЛАР
Амир Темурники, дея тахмин қилинган учинчи қабр устига ёпилган мармар плитада эски араб тилидаги ёзувлар бор эди. Халқ орасидаги ишончларга кўра, айни шу битик Темурнинг қабрини асраб тургувчи сеҳрли қалқон эмиш. Шарқшунос Семёнов 17 июнь куни ёзувларни тўлиқ ўқиб тугатди, унда Темурнинг ўн олтита исми ҳамда Қуръони карим оятлари ёзилганди. Бу тобутни очмоқ истагида бўлганларга аталган огоҳлантириш ёзуви ҳам эди: «Ҳаммамиз ўлгувчилардирмиз, вақти келади ва биз кетамиз. Бизгача ҳам буюклар бўлган ва биздан кейин ҳам бўлади. Агар кимда-ким кибрга берилса ва бошқалардан баланд кўтарилса, ёки аждодлар хокини безовта қилса, уни энг қўрқинчли қарғиш урсин!» дейилганди унда. Даҳшатли сўзлар тадқиқотчиларни чўчитиб қўйди, экспедицияни тўхтатмоқчи ҳам бўлишди, лекин энди кеч эди. Барча газеталар оламшумул экспедиция тўғрисида ёзишар, унинг боришини бутун мамлакат аҳли кузатарди. Шу сабабли барибир 1941 йилнинг 21 июнида қабрни очишга қарор қилинди.
Ўша куни соат еттидаёқ ҳамма йиғилди, аммо иш юришмай кўп қийналишди – ярим соатдан сўнг тош кўтарувчи мослама – чиғир синиб қолди. Плитани қўлда кўтаришди, унинг остида эса фақат тупроқ бор эди. Ҳамманинг кўнглига шубҳа оралади, бундан ташқари, экспедициянинг барча аъзолари лоҳас бўлиб, бошлари айлана бошлади. Сал ўтиб, тупроқни кавлашга киришилди, соат бирда кўндаланг қўйилган учта мармар плитага етиб боришди. Шу пайт ҳукумат делегацияси келиб қолиши иш жараёнини тўхтатди, «юқоридаги»лар ғалаба рапортини кутишарди. Бироқ олимлар ҳали мақтанадиган бирор натижага эришганларича йўқ эди. Усмон Юсупов, Абдураҳмонов, Охунбобоев, шунингдек бир неча олим ва адиблардан иборат делегация аъзолари ишларни беш дақиқагина кўздан кечириб, чиқиб кетишди.
Экспедиция ишини давом эттирди, ниҳоят, плита остида тобутнинг қора қопқоғи кўринди, лекин шу заҳотиёқ ҳамма прожекторлар ўз-ўзидан ўчиб қолди. Кимлардир қўрқувдан қичқира бошлашди, ичкарида нафас олиш қийинлашиб кетди. Нима бўлаётганини ҳеч ким тушунмасди, ҳаммани даҳшат босганди. Ҳаттоки кейинчалик урушда не-не офатларга гувоҳ бўлган Малик Қаюмов ҳам ўша лаҳзани хотирласа, аъзойи бадани жимирлаб кетишини эслайди. Хулласи калом, ноилож экспедиция ишида танаффус эълон қилинди, бу орада электрикка генераторни тузатишни буюришди. У бечоранинг эса боши қотганди: ҳамма нарса жойида, асбоблар соз, лекин ток беришни истамаётгандек эди!
ШУНДАЯМ ИШОНИШМАДИ!
Бу пайтда М.Қаюмов сал ўзига келиб олиш учун мақбара яқинидаги чойхонага борди. Шу ерда бир-бирига қуйиб қўйгандай ўхшайдиган уч нафар қария ўтирар, биттасининг қўлида аллақандай китоб бор эди. Улардан бири операторга мурожаат қилди: «Ўғлим, мақбарадаги қазишмаларга сен ҳам алоқадормисан?» Қаюмов ўз ичидаги қўрқувини босиш мақсадида ҳазиллашди: «Бу ерда мен энг асосийсиман, менсиз бу олимлар ҳеч нима қила олишмайди». «Ҳали Темурнинг қабрини очмадингларми?» деб сўрашди қариялар. Малик: «Ҳозирча йўқ», дегач, улар дарҳол: «Темурнинг қабрини очиш мумкин эмас, акс ҳолда уруш бошланади!» дея огоҳлантиришди. «Қаердан олдингиз бу гапларни?» – Малик Қаюмовнинг ҳайрати ортарди. «Мана бу китобда ёзилган», деди отахон. Китобда арабчада қуйидаги сўзлар ёзилганди: «Буюк қўмондоннинг хокига тегиш мумкин эмас, бўлмаса уруш бошланади».
Буни ўқиган Малик сўнгги кунлардаги руҳий аҳволини, мармартошдаги ёзувни эслаб, ҳақиқатан ҳам қўрқиб кетди. Дарҳол бориб, шерикларига бу ҳақда хабар қилди. Қори-Ниёзий ёнига Айний ва Семёновни олиб, Қаюмов билан бирга чойхонага борди. Қариялар билан суҳбатлашиб, китобдаги огоҳлантиришни ўқиб чиқишса-да, ёши катта олимлар унга ишонишмади. Чоллар шунда ҳам олимларни ниятидан қайтаришга уринишгач, Айний уларни ҳайдай бошлади. Кексалар хафа бўлиб, ноилож ўринларидан туришди, икки оғиз «ширин» гап айтиб, жўнаворишди.
Энг қизиғи, улар муюлишга бориб ҳавога сингиб кетгандай кўздан ғойиб бўлишганини фақат операторгина пайқаб қолди! Ёш Малик бир неча дақиқа сеҳрлангандай қараб қолгач, ўзига келди ва қариялар орқасидан чопди. Аммо улар йўқ бўлишганди… Сўнг Қаюмов шу ерликлардан ўша қариялар ва китоб тўғрисида сўрай бошлади. Маълум бўлишича, китоб ҳақида кўпчилик эшитган, аммо уни ҳеч ким қўлига олиб кўрмаган экан.
Яна бир ҳайратланарли томони – қариялар билан бўлган учрашувдан сўнг ҳам барибир қабрни очишга қарор қилингач, чироқлар ўз-ўзидан ишлаб кетди! Экспедициянинг барча аъзолари муҳим тарихий кашфиётда иштирок этиш учун яна қабр ёнига тушишди. Герасимов тобут ёнига тушиб, унинг устки ёғочларини эҳтиётлаб олиб, узата бошлади. Шу ондаёқ тобут ичидан чиққан, атиргул ҳидига монанд аллақандай ёқимли ифор ҳамма ёқни қоплади.
Гарчи мўмиёланган бўлса-да, тобутдаги тана яхши сақланмаган, фақат суякларгина қолган эди. У баланд бўйли, боши катта бўлиб, баҳодирлиги шундоққина сезилиб турарди. Олимларнинг энди шубҳаси қолмаганди: уларнинг олдида Темур ётарди! Герасимов унинг бош суягини олиб, атрофдагиларга намойиш қилди, тиззасидан жароҳатланганлигини билдирувчи суягини кўздан кечиришди. Шунингдек, барча темурийларга хос бўлган ирсий хусусият – умуртқа поғонасидаги еттинчи суякнинг патологияси ҳам скелетда яққол кўриниб турарди. Экспедициянинг бош мақсадига эришилганди, Амир Темурнинг қабри жойлашуви борасидаги тахмини тўғри чиққан Садриддин Айнийнинг қувончи эса чексиз эди…
ҚЎШХАБАР
Ўта чарчаган бўлишса-да, кечқурун археологлар хурсанд ҳолда меҳмонхонага йўл олишди. Улар шу куни бўлиб ўтган воқеалар ҳақида Тошкент киностудияси директори Николай Ким билан бирга муҳокамага берилишди. Унинг ёнида радиоприёмник бўлиб, унда ҳам шўро олимлари Амир Темурнинг қабрини топганлиги ҳақида жар солишарди. Киностудия директори бошқа каналларни ҳам эшитар экан (у инглизчани бирмунча биларди), бирданига ранги оқарди ва: «Уруш бошланибди, фашистлар Иттифоқ ҳудудига ҳужумга ўтишибди!» деди.
Энди ҳамма гангиб қолди, Айний домла эса бир бурчакда чўккалаганича мунғайган эди, бирон нима деёлмасди. Экспедиция аъзолари маслаҳатлашиб, Қори-Ниёзийга қўнғироқ қилиб уйғотишди, уруш бошланганини айтишди. Раҳбар У.Юсуповга қўнғироқ қилди, у эса экспедицияни тўхтатиб, Тошкентга қайтишларини буюрди. Александр Семёнов ва Михаил Герасимов ўрганиш учун скелетлар қолдиқларини олиб, Москвага қайтишди, бошқалар эса – Тошкентга. Фақат М.Қаюмов яна бир неча кунга Самарқандда қолди – у уруш бошланажагини башорат қилган ўша отахонларни сўраб-суриштирди. Лекин ҳеч ким улар ҳақда эшитмаган экан, чойхоначи эса қарияларни ўша куни биринчи ва охирги марта кўрганини айтарди. Ноилож Тошкентга қайтган Малик урушга кетишга қарор қилди.
Бироқ урушнинг олдини олишга жон куйдирмаганлиги, экспедицияни тўхтатишга олимларни кўндира олмаганлиги учун айбдорлик ҳисси уни тинч қўймасди. Шу сабабли фронтга жўнаш олдидан у Усмон Юсупов қабулига киришга муваффақ бўлди. Ҳамма гапдан хабар топган У.Юсупов дарҳол Қори-Ниёзийни ҳузурига чақирди, «Нега вақтида менга хабар қилмадингиз», дея койиди. Экспедиция раҳбари эса, «Буларни унчалик муҳим, деб ўйламагандим», дея ўзини оқларди. Негадир У.Юсуповнинг ўзи ҳам бу ҳақда «юқори»га хабар қилишга шошилмади.
ФРОНТДАГИ ФИДОКОРЛИК
М.Қаюмовни ҳарбий оператор сифатида фронтга олишди, у дастлаб Калининград жангларига борди, сўнгра қадрдон камераси билан бирга кўп қирғинларга гувоҳ бўлди. Ўша машъум экспедиция хотираси, Темурнинг хокини жойига қайтариш зарурати унга ҳеч тинчлик бермасди. Шу сабабли у мамлакат раҳбариятидан ким биландир боғланиб, масалани тушунтириб беришни истарди. Ниҳоят, фронт қўмондони Георгий Константинович Жуков шу яқин атрофда эканидан хабар топиб, унинг олдига кирди. Ўз блиндажида уни қабул қилган Жуков ҳаммасини зўр қизиқиш билан тинглади, саволлар берди, чой билан сийлади. Жонкуяр Малик Қаюмов ҳатто унга: «Токи Амир Темурнинг хоки қайта дафн этилмас экан, шўро аскарлари енга олишмайди!» дейишга ҳам журъат топди ва бу ҳақда мамлакат раҳбарига хабар беришни илтимос қилди. Жуков унинг гапларини жиддий қабул қилиб, илтимосини бажаришга ваъда берди. Лекин вазият тақозоси туфайлими, ёки бошқа сабаб биланми, негадир бу иш кечикди.
Бу орада Москвада Герасимов Амир Темурнинг, Шоҳрух ва Улуғбек Мирзоларнинг бош суяклари асосида уларнинг қиёфасини тиклаш билан машғул эди (айтиб ўтиш керакки, у айни шу усулнинг муаллифи сифатида оламшумул шуҳрат қозонган). У 1941 йил августидан 1942 йил октябрига қадар ҳукумат топшириғига кўра шу иш устида ишлаган олим 400 дан зиёд макетлар ясаган, ҳар бир деталь устида бош қотирган. Фанлар академияси раҳбарияти ундан ишни имкон қадар тез якунлашни талаб этгач, Герасимов бош чаноқларини уйига олиб келиб ишлаган. Қизи Маргарита Михайловнанинг айтишича, отаси деярли узлуксиз меҳнат қилиб, соҳибқирон ва унинг авлодлари қиёфасини тиклаган.
М. Қаюмов эса жангнинг энг қизғин паллаларини суратга олар экан, атрофдагиларнинг ўлимига ўзи ҳам айбдорлигини ўйлаб эзиларди. 1942 йил октябрда у Жуков билан иккинчи бор учрашишга эришди. Шундан кейингина қўшин қўмондони давлат раҳбари билан бўлган учрашувда унга бу ҳақда айтиб берган. Ўз навбатида раҳбар ҳам У.Юсуповга қўнғироқ қилиб, Амир Темур ва унинг авлодлари хокини қайта дафн этиш вазифасини топширган.
ЖАНГДА СОҲИБҚИРОН ЁРДАМИ
Герасимов ўз ишини 28 октябрда якунлади, 15 ноябрда эса давлат комиссияси Амир Темур ва авлодлари хокини қайта дафн этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Иш тўғрисидаги илмий далиллару ҳужжатлар ҳамда суяклар Герасимов лабораториясидан ўша куниёқ олиб кетилди, лекин қайта дафн негадир орадан бир ой ўтгачгина амалга оширилди. Бу орада хоклар қаерда сақланганлиги, нима қилинганлиги ҳақида эса бирор ҳужжатда маълумот йўқ.
Айнан шу сабабли ҳам халқ орасида бу тўғрида турли миш-мишлар кўпайганки, улардан айримлари ҳақиқатга яқин. Масалан, бир тахминга кўра, урушда мудофаанинг янгича, ғайриоддий усулини қўллаш учун Амир Темур суякларидан фойдаланишган. Яъни, темурийларнинг хоки ортилган самолёт фронт чизиғи бўйлаб, Сталинград остонасидаги жангда шўроларнинг ғалабасини таъминлаш учун учиб ўтган. Баъзи тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, фронтнинг оғир жойларида шу каби мўъжиза келтирувчи иконалар пайдо бўлар, шунда собиқ Иттифоқ қўшинларига омад кулиб боқар эди. Гарчи собиқ тузум даҳрийликка асосланган бўлса-да, «дўппи тор келиб қолган» маҳалларда мана шундай азиз-авлиёлардан мадад олинган ҳоллар ҳам бўлганлигини кўпчилик таъкидлайди.
Яна бир тахминга кўра, Темур ва авлодлари хоки таркиби асосан осиёлик жангчилардан иборат бўлган ҳарбий бўлинмалар устидан учириб ўтказилган ва бу билан мусулмон аскарларнинг жанговар руҳини кўтаришган. Гўри Амир мажмуаси директори, тарихчи Абдулло Абдуллаевнинг айтишича, урушда бўлиб қайтган қариялар унга айни шу ҳақда гапиришган, аммо олим бунинг илмий ва расмий исботини бирон жойда топа олмаган.
Ниҳоят, 1942 йил 20 декабрда Амир Темур ва авлодларининг хоки ҳурмат билан яна Гўри Амирда дафн этилди. Олимлар бу иш ҳақида тўрт тилда – ўзбек, рус, форс ва инглиз тилларида батафсил далолатнома ёзиб, комиссия аъзоларидан ҳар бири уни имзолади. Тарихий ҳужжатнинг бир нусхасини герметик капсулага жойлаб, Амир Темур скелети билан бирга кўмишди. Худди шуни кутиб тургандек, икки кундан сўнг қизил аскарлар Сталинградни озод қилишди. Умуман, уруш бошланганидан бери шўро аскарларининг қўли энди баланд келиб, фронтда уларнинг қувончли ҳайқириқлари эшитила бошлади. Малик Қаюмов буларнинг бари ҳақида урушдан кейин эшитди ва саналардаги мосликлардан ажабланмади…
Темур сағанаси саргузаштлари шу билан тугагани йўқ. 1943 йил ёзда Гўри Амирга яна экспедиция жўнатилади – бу сафар уни таъмирлаш учун. Курск остонасидаги жанглар арафасида мазкур мажмуанинг реставрацияси учун бир миллион рубль миқдорида маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинганди. Бу эса ўн олтита танк ясашга ёки бир дивизия аскарни бир ой давомида озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлашга етадиган маблағ эди! Таъмирлаш давомида кимдир мақбарани ёпиш ва уни очса уруш бошланиши ҳақида огоҳлантирув ёзиб қўйиш таклифини киритади. Аммо бошқалар буни бир овоздан рад этишган – онгли инсоният бир хатони иккинчи бора такрорламаслигига ҳамманинг ишончи комил эди.
Қаҳрамонимиз Малик Қаюмов эса жангнинг охиригача борди, Берлиндаги ғалаба намойишини кинотасмага муҳрлади. 1945 йил июнда тарихнинг яна бир каромати зоҳир бўлди – бир замонлар уруш бошланиши ҳақида олимларни огоҳлантирган Малик Қаюмов ўша урушнинг тугаши ва ғалаба тўғрисида оламга жар солди.
ХУЛОСА
Шундан кейин Амир Темур ва унинг авлодларини бошқа безовта қилишга ҳеч ким журъат этмади, Эрмитаждаги кўргазма ҳам ташкил этилмай қолди. Садриддин Айний эса мозийдаги буюк саркарда ҳақида замонавий роман ёза олмади.
Малик Қаюмов эса орадан бир неча йил ўтгач, яна қадрдон камерасини қўлтиқлаб Самарқандга йўл олди, у энди мана шу сирли воқеалар тўғрисида «Амир Темурнинг қарғиши» номли фильм ишлади. Унда дунёдан ўтганлар руҳини чирқиратмаслик, мақбара ва қабрларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш лозимлиги ҳам қайд этилган.
Кейинчалик М.Қаюмовнинг фаолияти, ўзбек кино маданиятини ривожлантириш йўлидаги самарали хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, у «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди. Шунингдек, Нью-Йорк, Венеция ва Лейпциг халқаро кинофестиваллари олтин медалларига лойиқ кўрилган, «Ника» мукофотининг «Шон-шуҳрат» номинацияси ғолиби, «Олтин кабутар» мукофоти совриндори бўлган, собиқ Иттифоқнинг энг юксак мукофоти – Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвонини ҳам олган Малик Қаюмов 2010 йилнинг 29 апрель куни 98 ёшида вафот этди.
Юртимиз истиқлолга эришгач, аждодларимизнинг, азиз-авлиёларнинг номлари, шаъни қайта тикланди, асарлари қайтадан ўрганишга киришилди. Бугина эмас, балки уларнинг мақбаралари, муқаддас қадамжолар обод этилиб, яна зиёратгоҳлар сифатида фаолият кўрсата бошлади. Зеро, ўтмишини улуғлаган юртнинг келажаги ҳам буюкликка дахлдордир. Бунда ўтган буюк аждодларимизнинг руҳлари ҳам бизни қўллаб, мададкор бўлиб турган бўлса, не ажаб.
* Турли интернет манбалари ҳамда «Амир Темур қарғиши» фильми материаллари асосида тайёрланган.
Манба: Ҳамидбек Юсуповнинг шахсий блоги
Maqola bilan barobar taqdim etilayotgan 21 qismli “Temurnoma” videofilmining “Go‘ri Mir”, “Buzilgan qabrlar” va “Bezovta ruh” nomli uch qismni ham (1996 yili TVda efirga uzatilgan) mazkur mavzu bilan nechog‘li qiziqishimning olis bir namoyoni sifatida qabul qiling.
AJDODLARIMIZ QABRLARI
Xurshid DAVRON
Milliy tariximizning eng achchiq sahifalaridan bo‘lmish voqea xususida turli internet manbalari hamda “Amir Temur qarg‘ishi” filmi materiallari asosida tayyorlangan mazkur maqolani taqdim etar ekanman, u bilan tanishishdan oldin buyuk yunon shoiri Yannis Ritsosning bir paytlar tarjima qilganim “Ajdodlarimiz qabrlari” she’rini o‘qishingizni istardim:
Ajdodlar qabrlarin asramog‘imiz kerak,
asramog‘imiz kerak umidlarini.
Bo‘lmasa,
dahshatli bir soniya kelar
dushman kelar, qazib olar qabrlardan
bizga meros qolgan
ajdodlarimiz umidlarini.
Shunda biz nochor qolamiz.
Hech kim bizga berolmas madad –
xavf-xatar boshimiz ustida turar.
Shundan keyin qanday yashaymiz –
uysiz, o‘choqsiz, dalalarsiz, ko‘zimiz o‘rgangan,
bir vaqtlari jangda, ilmda mashhuri zamon
ajdodlarimiz qabrlarisiz?
Yodimizga olaylik,
bir paytlari spartaliklar Teganda ko‘milgan
Orest qabrin ochib, so‘ngaklarin o‘g‘irlashganin.
Shunday ekan, dushman bilmasin
ajdodlarimiz qabrlari qaydaligini.
Faqat bizlar qaydan bilamiz
dushman kimligini va u qay tarafdan
bostirib kelishin qaydan bilamiz?
Yolg‘iz bir chora bor:
qabrlar ustidan qo‘poring hasham toshlarni,
O‘chiring toshlardan zarhol yozuvlarni
– ular faqat diqqatni tortar.
Ajdodlarimizga
ularning keragi yo‘q – ularga bari bir,
ular kamtar,
ular abadiyan sukutda yotar.
ularni qiziqtirmas zarhal yozuvlar,
qurbonliklar,
sadaqalar,
madhu sanolar.
Yaxshisi, oddiy tosh qo‘yaylik,
ustiga qo‘yaylik bir juft yorongul
va tag‘in hech kim bilmas yashirin belgi,
aslida hech narsa bo‘lmasa yana yaxshiroq.
Yaxshisi, yuraklarda asramoq kerak,
yana yaxshisi o‘zimiz ham mutlaq bilmasak
ajdodlar mozori qaydaligini.
Lekin bu dunyoda g‘alat ishlar bo‘lib turadi —
Tag‘in kim biladi,
balki allaqachonlar jadlarimiz qabrlarini
biz o‘zimiz ochib tashlab
xalos bo‘lgandirmiz murdalaridan…
She’rdan qanday xulosa yasashni har biringizga qo‘yib berib, muxtasar bo‘lsa-da ayrim fikrlarimni bayon etmoqchiman.
Eng avvalo, aytishim lozimki, maqolada aks etgan voqealar bilan o‘tgan asrning 80-yillaridanoq qiziqib, turli tarixiy hujjatlar, ilmiy maqolalar asosida o‘rganganman. Hatto voqeaning ayrim guvohlari bilan uchrashib, suhbatlashganman. Tarixiy haqiqat yuzasidan qarab baho berganda, dumbul nuqtai nazar bilan tayyorlangan “Amir Temur qarg‘ishi” filmining asosi bo‘lgan Malik Qayumov xotiralarini ham ilk marta o‘zim “Somon yo‘li” majmuasida e’lon qilganman. Film bugunga kelib avjiga chiqqan “oldi-qochdi”-yu sensatsiya yasashga berilish mavjud bo‘lsa-da, yuqorida yozib o‘tganimdek, tariximizning eng achchiq sahifalaridan biriga diqqatni qaratgani bilan muhim ahamiyatga ega.
Men 20 yildan buyon ushbu mavzuda bir kinoqissa yozish bilan ovoraman. Bugungi kunda u ko‘p qismli teleserial shaklini olib bo‘ldi. Bu kinoqissada Sohibqiron va uning avlodlari qabrlarini ochish bilan bog‘liq mavzu ilk marta muxtasar tarzda ko‘ringan “Bibixonim qissasi”idagi ayrim voqealar bilan birga Go‘ri Mir bilan bog‘liq tarixiy hujjatlardan ilg‘ab olingan voqealarni badiiy tarzda ifoda etishga urinyapman.
Maqola bilan barobar taqdim etilayotgan 21 qismli “Temurnoma” videofilmining “Go‘ri Mir”, “Buzilgan qabrlar” va “Bezovta ruh” nomli uch qismni ham (1996 yili TVda efirga uzatilgan) mazkur mavzu bilan nechog‘li qiziqishimning olis bir namoyoni sifatida qabul qiling. Mabodo bu videoqismlarni bugun tayyorlaganimda u butunlay boshqacha bo‘lardi, albatta. Ular TVga kelishim arafasida suratga olingan bo‘lsa, mabodo bugun tayyorlaydigan asarda TVda kechgan 20 yillik tajribam o‘z aksini topishi tabiiy. Nima bo‘lgandayam, oradan o‘tgan 22 yillik vaqtga qaramay ushbu mavzuni kengroq va teranroq, eng muhimi, badiiy maqomda ifodalash istagi meni aslo tark etgani yo‘q.
Sahifamizda Sohibqiron maqbarasi va qabrlarning ochilishi tarixi yorqin aks etgan kitoblardan biri: taniqli olim Amriddin Berdimurodovning “Go‘ri Amir maqbarasi” asariyam taqdim etmoqdamiz.
P. S. Hamidbek Yusupovning mazkur maqolasi turli nashrlarda, jumladan, 2015 yilning 9 aprelida “Huquq olamida” gazetasida ham chop etilgan. Biroq ularda nashr talabiga ko‘ra maqolaga qisqartish va o‘zgartishlar kiritilgan. Bu yerdagisi esa maqolaning eng to‘liq variantidir.
Hamidbek do‘stimga o‘z minnatdorchiligimni bildiraman.
mart, 2018 yil
TЕMUR TINCHI BUZILGANDA*
Hamidbek YUSUPOV
Xalqimiz azaldan bunday nojo‘ya ishlardan tiyilgan, ammo dahriyona tuzum davrida qadimiy an’analarga amal qilinmaganligi ham ma’lum. Yurt boshiga yog‘ilgan katta ofatlarning ayrimlari aynan mana shunday kirdikorlar oqibati ekanligi esa keyinchalik yuz ko‘rsatayotir.
Shu mavzudagi maqolamiz mintaqamizni mo‘g‘ullar istibdodidan xalos etgan buyuk shaxs tinchining buzilishi va buning mudhish oqibatlari xususidadir. Shu kunlarda bu voqeaga yetmish yildan oshgan bo‘lsa-da, uning ibratli jihatlari asrlarga tatigulik…
SAG‘ANADAN XAZINA IZLAGANLAR
Ikkinchi jahon urushida fashistlar tobora sharqqa yurish qilib, sobiq Ittifoqning g‘arbiy chegaralariga yaqinlashib qolishgandi. Garchi Germaniya bilan o‘rtada tinchlik shartnomasi bo‘lsa-da, sho‘rolar xalqni vatanparvarlikka undovchi harakatlarni kuchaytirishdi. Bunda asosan tarixda o‘tgan qahramonlar faoliyatini o‘rganishga zo‘r berildi, ular haqida asarlar yozildi. “E’tiborli kishilar hayoti” (“Jizn zamechatelnыx lyudey”) turkumida kitoblar chop etila boshlagandi, 1937 yili mazkur ro‘yxatga Amir Temur ham kiritildi. U dunyoni mo‘g‘ullar istibdodidan qutqargan shaxs sifatida qayd etilib, tarix kitoblariga o‘zgartish kiritildi. Endi olimlar buni ilmiy jihatdan isbotlashlari kerak edi.
Oradan ikki oy o‘tib, Qozog‘iston hududidan katta qora xarsang topildi, rivoyatlarga ko‘ra, u ko‘kdan tushgan emish. Bu toshga bitilgan qadimgi uyg‘ur tilidagi yozuvda esa, ushbu xarsang Amir Temurning Oltin O‘rda xoni To‘xtamish ustidan qozongan g‘alabasi yodgorligi ekanligi qayd etilgandi. Xarsangtosh zudlik bilan Ermitajga olib kelindi, u temuriylarga bag‘ishlanib ochilajak yangi ko‘rgazmaning birinchi eksponati bo‘lishi kerak edi.
Markaziy komitet madaniyat bo‘limining 1941 yilning 21 martidagi iltimosnoma-xati asosida Fanlar akademiyasi xodimlari Samarqanddagi Go‘ri Amir majmuasida ekspeditsiya boshlashlari lozim edi. Ermitajda tashkil etiladigan ko‘rgazma ishtiyoqida ekspeditsiyani shu yil yozdan kechiktirmaslik haqida buyruq bo‘ldi. Ayrim taxminlarga ko‘ra, bu ekspeditsiya, birinchi navbatda, Temurning xazinasini topib, fashistlarga qarshi ehtimoliy jangda undan foydalanish uchun kerak edi.
BUNI SHARAF SANASHGANDI!
Go‘ri Amir majmuasida o‘tkazilajak ekspeditsiyaga may oyining oxirlaridayoq hamma narsa taxt qilib qo‘yilgandi. Amir Temurning qabrini ochishga safarbar etilgan ekspeditsiya guruhi rahbari etib akademik Qori-Niyoziy tayinlandi, uning qo‘li ostida yetuk olimlar – sharqshunos Aleksandr Semyonov, antropolog va haykaltarosh Mixail Gerasimov, olim va yozuvchi Sadriddin Ayniy, shuningdek, yosh operator Malik Qayumov ham bo‘lishgan. M.Qayumovdan onasi bu ishda qatnashmaslikni iltimos qilgan, lekin u “yuqori”ning ishonchini oqlash haqida ko‘proq o‘ylardi. Ayniy esa buyuk sarkarda haqida yangi zamon talablari asosida roman yozishni niyat qilgandi.
Xullasi kalom, 1941 yil 27 mayda guruh Samarqandga yetib kelib, ish boshladi, ularning ishlarini kuzatgani minglab odamlar kelishgandi. 1 iyun kuni guruh rahbari Qori-Niyoziy ekspeditsiyaning maqsadini rasman e’lon qildi: “O‘rta asr Sharqi, temuriylar davri madaniyati va san’atini o‘rganish”. Shuningdek, Gerasimov bu yerda kimlar dafn etilganligini aniqlashtirib, hujjatlashtirish ham nazarda tutilganligini aytgan. Gap shundaki, Amir Temurning qabri haqida olimlar bir to‘xtamga kelishmagandi. Ayniy sarkardaning mana shu maqbaraga dafn etilganini aytardi, Semyonov esa uni vafot etgan joyi – O‘trorda ko‘milgan, derdi. Qori-Niyoziy uning xokini o‘g‘li Shohrux Mirzo Hirotga ko‘chirgan, desa, yana birov tug‘ilgan shahri – Keshda, deb taxmin qilardi.
Go‘ri Amir bu taxminlar orasida haqiqatga yaqinrog‘i edi, bundan tashqari, akademik Mixail Masson hali 1925 yiliyoq bu maqbarada allaqanday paramagnit hodisalarini kuzatgan va ichkarida nurlanuvchi sirli obyekt mavjudligi farazini ilgari surgandi. U o‘shandayoq bu yerda ekspeditsiya tashkillashtirishni so‘rab “yuqori”ga murojaat etgan, lekin u paytlari yosh davlatning bundan boshqa muammolari yetarli edi. Mana, oradan o‘n olti yil o‘tib, bu sharaf (o‘shanda buni hamma sharaf deb bilgan) boshqa olimlar guruhiga nasib etayotgandi.
Shunday qilib, 1 iyunda guruh yig‘ilib, reja ishlab chiqildi, asbob-anjomlar sozligi tekshirildi va tayyorgarlik ko‘rildi. Ertasiga ertalab soat sakkizda Shohrux Mirzoning qabrini ochishga kelishildi, yordamga xalq ustalari jalb etildi, har ehtimolga qarshi, yozuvlarni ko‘chirib olish uchun ikki nafar keksa kishini chaqirishdi.
Ikkinchi iyun tongida projektorlar yoqilib, qabr ustidagi marmar plitani ko‘tarishdi, ichidagi jasadning qoldiqlari juda yomon saqlangan ekan. Gerasimov o‘rganish uchun uning faqat bosh suyagini va umurtqa pog‘onasi suyaklaridan bittasini oldi, skeletning qolgan qismlarini yashikka joylashdi. Shohrux Mirzoning skeletini tiklashga uch kun vaqt sarflandi.
Mirzo Ulug‘bekning qabrini ochishga 5 iyunda kirishildi, uning suyaklari nisbatan yaxshiroq saqlangandi. Boshning o‘z joyida emas, balki skelet yonida turganligi, shuningdek boshi kesilgandagi tig‘ izi sababli olimning shaxsini aniqlash qiyin bo‘lmadi. Uning skeletini batafsil o‘rganish uchun ikki hafta vaqt sarflandi. Nihoyat, ekspeditsiyaning eng asosiy qismiga navbat kelgandi – Amir Temurning qabri!..
SIRLI NISHONALAR
Amir Temurniki, deya taxmin qilingan uchinchi qabr ustiga yopilgan marmar plitada eski arab tilidagi yozuvlar bor edi. Xalq orasidagi ishonchlarga ko‘ra, ayni shu bitik Temurning qabrini asrab turguvchi sehrli qalqon emish. Sharqshunos Semyonov 17 iyun kuni yozuvlarni to‘liq o‘qib tugatdi, unda Temurning o‘n oltita ismi hamda Qur’oni karim oyatlari yozilgandi. Bu tobutni ochmoq istagida bo‘lganlarga atalgan ogohlantirish yozuvi ham edi: “Hammamiz o‘lguvchilardirmiz, vaqti keladi va biz ketamiz. Bizgacha ham buyuklar bo‘lgan va bizdan keyin ham bo‘ladi. Agar kimda-kim kibrga berilsa va boshqalardan baland ko‘tarilsa, yoki ajdodlar xokini bezovta qilsa, uni eng qo‘rqinchli qarg‘ish ursin!” deyilgandi unda. Dahshatli so‘zlar tadqiqotchilarni cho‘chitib qo‘ydi, ekspeditsiyani to‘xtatmoqchi ham bo‘lishdi, lekin endi kech edi. Barcha gazetalar olamshumul ekspeditsiya to‘g‘risida yozishar, uning borishini butun mamlakat ahli kuzatardi. Shu sababli baribir 1941 yilning 21 iyunida qabrni ochishga qaror qilindi.
O‘sha kuni soat yettidayoq hamma yig‘ildi, ammo ish yurishmay ko‘p qiynalishdi – yarim soatdan so‘ng tosh ko‘taruvchi moslama – chig‘ir sinib qoldi. Plitani qo‘lda ko‘tarishdi, uning ostida esa faqat tuproq bor edi. Hammaning ko‘ngliga shubha oraladi, bundan tashqari, ekspeditsiyaning barcha a’zolari lohas bo‘lib, boshlari aylana boshladi. Sal o‘tib, tuproqni kavlashga kirishildi, soat birda ko‘ndalang qo‘yilgan uchta marmar plitaga yetib borishdi. Shu payt hukumat delegatsiyasi kelib qolishi ish jarayonini to‘xtatdi, “yuqoridagi”lar g‘alaba raportini kutishardi. Biroq olimlar hali maqtanadigan biror natijaga erishganlaricha yo‘q edi. Usmon Yusupov, Abdurahmonov, Oxunboboyev, shuningdek bir necha olim va adiblardan iborat delegatsiya a’zolari ishlarni besh daqiqagina ko‘zdan kechirib, chiqib ketishdi.
Ekspeditsiya ishini davom ettirdi, nihoyat, plita ostida tobutning qora qopqog‘i ko‘rindi, lekin shu zahotiyoq hamma projektorlar o‘z-o‘zidan o‘chib qoldi. Kimlardir qo‘rquvdan qichqira boshlashdi, ichkarida nafas olish qiyinlashib ketdi. Nima bo‘layotganini hech kim tushunmasdi, hammani dahshat bosgandi. Hattoki keyinchalik urushda ne-ne ofatlarga guvoh bo‘lgan Malik Qayumov ham o‘sha lahzani xotirlasa, a’zoyi badani jimirlab ketishini eslaydi. Xullasi kalom, noiloj ekspeditsiya ishida tanaffus e’lon qilindi, bu orada elektrikka generatorni tuzatishni buyurishdi. U bechoraning esa boshi qotgandi: hamma narsa joyida, asboblar soz, lekin tok berishni istamayotgandek edi!
SHUNDAYAM ISHONISHMADI!
Bu paytda M.Qayumov sal o‘ziga kelib olish uchun maqbara yaqinidagi choyxonaga bordi. Shu yerda bir-biriga quyib qo‘yganday o‘xshaydigan uch nafar qariya o‘tirar, bittasining qo‘lida allaqanday kitob bor edi. Ulardan biri operatorga murojaat qildi: “O‘g‘lim, maqbaradagi qazishmalarga sen ham aloqadormisan?” Qayumov o‘z ichidagi qo‘rquvini bosish maqsadida hazillashdi: “Bu yerda men eng asosiysiman, mensiz bu olimlar hech nima qila olishmaydi”. “Hali Temurning qabrini ochmadinglarmi?” deb so‘rashdi qariyalar. Malik: “Hozircha yo‘q”, degach, ular darhol: “Temurning qabrini ochish mumkin emas, aks holda urush boshlanadi!” deya ogohlantirishdi. “Qayerdan oldingiz bu gaplarni?” – Malik Qayumovning hayrati ortardi. “Mana bu kitobda yozilgan”, dedi otaxon. Kitobda arabchada quyidagi so‘zlar yozilgandi: “Buyuk qo‘mondonning xokiga tegish mumkin emas, bo‘lmasa urush boshlanadi”.
Buni o‘qigan Malik so‘nggi kunlardagi ruhiy ahvolini, marmartoshdagi yozuvni eslab, haqiqatan ham qo‘rqib ketdi. Darhol borib, sheriklariga bu haqda xabar qildi. Qori-Niyoziy yoniga Ayniy va Semyonovni olib, Qayumov bilan birga choyxonaga bordi. Qariyalar bilan suhbatlashib, kitobdagi ogohlantirishni o‘qib chiqishsa-da, yoshi katta olimlar unga ishonishmadi. Chollar shunda ham olimlarni niyatidan qaytarishga urinishgach, Ayniy ularni hayday boshladi. Keksalar xafa bo‘lib, noiloj o‘rinlaridan turishdi, ikki og‘iz “shirin” gap aytib, jo‘navorishdi.
Eng qizig‘i, ular muyulishga borib havoga singib ketganday ko‘zdan g‘oyib bo‘lishganini faqat operatorgina payqab qoldi! Yosh Malik bir necha daqiqa sehrlanganday qarab qolgach, o‘ziga keldi va qariyalar orqasidan chopdi. Ammo ular yo‘q bo‘lishgandi… So‘ng Qayumov shu yerliklardan o‘sha qariyalar va kitob to‘g‘risida so‘ray boshladi. Ma’lum bo‘lishicha, kitob haqida ko‘pchilik eshitgan, ammo uni hech kim qo‘liga olib ko‘rmagan ekan.
Yana bir hayratlanarli tomoni – qariyalar bilan bo‘lgan uchrashuvdan so‘ng ham baribir qabrni ochishga qaror qilingach, chiroqlar o‘z-o‘zidan ishlab ketdi! Ekspeditsiyaning barcha a’zolari muhim tarixiy kashfiyotda ishtirok etish uchun yana qabr yoniga tushishdi. Gerasimov tobut yoniga tushib, uning ustki yog‘ochlarini ehtiyotlab olib, uzata boshladi. Shu ondayoq tobut ichidan chiqqan, atirgul hidiga monand allaqanday yoqimli ifor hamma yoqni qopladi.
Garchi mo‘miyolangan bo‘lsa-da, tobutdagi tana yaxshi saqlanmagan, faqat suyaklargina qolgan edi. U baland bo‘yli, boshi katta bo‘lib, bahodirligi shundoqqina sezilib turardi. Olimlarning endi shubhasi qolmagandi: ularning oldida Temur yotardi! Gerasimov uning bosh suyagini olib, atrofdagilarga namoyish qildi, tizzasidan jarohatlanganligini bildiruvchi suyagini ko‘zdan kechirishdi. Shuningdek, barcha temuriylarga xos bo‘lgan irsiy xususiyat – umurtqa pog‘onasidagi yettinchi suyakning patologiyasi ham skeletda yaqqol ko‘rinib turardi. Ekspeditsiyaning bosh maqsadiga erishilgandi, Amir Temurning qabri joylashuvi borasidagi taxmini to‘g‘ri chiqqan Sadriddin Ayniyning quvonchi esa cheksiz edi…
QO‘SHXABAR
O‘ta charchagan bo‘lishsa-da, kechqurun arxeologlar xursand holda mehmonxonaga yo‘l olishdi. Ular shu kuni bo‘lib o‘tgan voqealar haqida Toshkent kinostudiyasi direktori Nikolay Kim bilan birga muhokamaga berilishdi. Uning yonida radiopriyomnik bo‘lib, unda ham sho‘ro olimlari Amir Temurning qabrini topganligi haqida jar solishardi. Kinostudiya direktori boshqa kanallarni ham eshitar ekan (u inglizchani birmuncha bilardi), birdaniga rangi oqardi va: “Urush boshlanibdi, fashistlar Ittifoq hududiga hujumga o‘tishibdi!” dedi.
Endi hamma gangib qoldi, Ayniy domla esa bir burchakda cho‘kkalaganicha mung‘aygan edi, biron nima deyolmasdi. Ekspeditsiya a’zolari maslahatlashib, Qori-Niyoziyga qo‘ng‘iroq qilib uyg‘otishdi, urush boshlanganini aytishdi. Rahbar U.Yusupovga qo‘ng‘iroq qildi, u esa ekspeditsiyani to‘xtatib, Toshkentga qaytishlarini buyurdi. Aleksandr Semyonov va Mixail Gerasimov o‘rganish uchun skeletlar qoldiqlarini olib, Moskvaga qaytishdi, boshqalar esa – Toshkentga. Faqat M.Qayumov yana bir necha kunga Samarqandda qoldi – u urush boshlanajagini bashorat qilgan o‘sha otaxonlarni so‘rab-surishtirdi. Lekin hech kim ular haqda eshitmagan ekan, choyxonachi esa qariyalarni o‘sha kuni birinchi va oxirgi marta ko‘rganini aytardi. Noiloj Toshkentga qaytgan Malik urushga ketishga qaror qildi.
Biroq urushning oldini olishga jon kuydirmaganligi, ekspeditsiyani to‘xtatishga olimlarni ko‘ndira olmaganligi uchun aybdorlik hissi uni tinch qo‘ymasdi. Shu sababli frontga jo‘nash oldidan u Usmon Yusupov qabuliga kirishga muvaffaq bo‘ldi. Hamma gapdan xabar topgan U.Yusupov darhol Qori-Niyoziyni huzuriga chaqirdi, “Nega vaqtida menga xabar qilmadingiz”, deya koyidi. Ekspeditsiya rahbari esa, “Bularni unchalik muhim, deb o‘ylamagandim”, deya o‘zini oqlardi. Negadir U.Yusupovning o‘zi ham bu haqda “yuqori”ga xabar qilishga shoshilmadi.
FRONTDAGI FIDOKORLIK
M.Qayumovni harbiy operator sifatida frontga olishdi, u dastlab Kaliningrad janglariga bordi, so‘ngra qadrdon kamerasi bilan birga ko‘p qirg‘inlarga guvoh bo‘ldi. O‘sha mash’um ekspeditsiya xotirasi, Temurning xokini joyiga qaytarish zarurati unga hech tinchlik bermasdi. Shu sababli u mamlakat rahbariyatidan kim bilandir bog‘lanib, masalani tushuntirib berishni istardi. Nihoyat, front qo‘mondoni Georgiy Konstantinovich Jukov shu yaqin atrofda ekanidan xabar topib, uning oldiga kirdi. O‘z blindajida uni qabul qilgan Jukov hammasini zo‘r qiziqish bilan tingladi, savollar berdi, choy bilan siyladi. Jonkuyar Malik Qayumov hatto unga: “Toki Amir Temurning xoki qayta dafn etilmas ekan, sho‘ro askarlari yenga olishmaydi!” deyishga ham jur’at topdi va bu haqda mamlakat rahbariga xabar berishni iltimos qildi. Jukov uning gaplarini jiddiy qabul qilib, iltimosini bajarishga va’da berdi. Lekin vaziyat taqozosi tufaylimi, yoki boshqa sabab bilanmi, negadir bu ish kechikdi.
Bu orada Moskvada Gerasimov Amir Temurning, Shohrux va Ulug‘bek Mirzolarning bosh suyaklari asosida ularning qiyofasini tiklash bilan mashg‘ul edi (aytib o‘tish kerakki, u ayni shu usulning muallifi sifatida olamshumul shuhrat qozongan). U 1941 yil avgustidan 1942 yil oktyabriga qadar hukumat topshirig‘iga ko‘ra shu ish ustida ishlagan olim 400 dan ziyod maketlar yasagan, har bir detal ustida bosh qotirgan. Fanlar akademiyasi rahbariyati undan ishni imkon qadar tez yakunlashni talab etgach, Gerasimov bosh chanoqlarini uyiga olib kelib ishlagan. Qizi Margarita Mixaylovnaning aytishicha, otasi deyarli uzluksiz mehnat qilib, sohibqiron va uning avlodlari qiyofasini tiklagan.
M. Qayumov esa jangning eng qizg‘in pallalarini suratga olar ekan, atrofdagilarning o‘limiga o‘zi ham aybdorligini o‘ylab ezilardi. 1942 yil oktyabrda u Jukov bilan ikkinchi bor uchrashishga erishdi. Shundan keyingina qo‘shin qo‘mondoni davlat rahbari bilan bo‘lgan uchrashuvda unga bu haqda aytib bergan. O‘z navbatida rahbar ham U.Yusupovga qo‘ng‘iroq qilib, Amir Temur va uning avlodlari xokini qayta dafn etish vazifasini topshirgan.
JANGDA SOHIBQIRON YORDAMI
Gerasimov o‘z ishini 28 oktyabrda yakunladi, 15 noyabrda esa davlat komissiyasi Amir Temur va avlodlari xokini qayta dafn etish to‘g‘risida qaror qabul qildi. Ish to‘g‘risidagi ilmiy dalillaru hujjatlar hamda suyaklar Gerasimov laboratoriyasidan o‘sha kuniyoq olib ketildi, lekin qayta dafn negadir oradan bir oy o‘tgachgina amalga oshirildi. Bu orada xoklar qayerda saqlanganligi, nima qilinganligi haqida esa biror hujjatda ma’lumot yo‘q.
Aynan shu sababli ham xalq orasida bu to‘g‘rida turli mish-mishlar ko‘payganki, ulardan ayrimlari haqiqatga yaqin. Masalan, bir taxminga ko‘ra, urushda mudofaaning yangicha, g‘ayrioddiy usulini qo‘llash uchun Amir Temur suyaklaridan foydalanishgan. Ya’ni, temuriylarning xoki ortilgan samolyot front chizig‘i bo‘ylab, Stalingrad ostonasidagi jangda sho‘rolarning g‘alabasini ta’minlash uchun uchib o‘tgan. Ba’zi tadqiqotchilarning ta’kidlashicha, frontning og‘ir joylarida shu kabi mo‘jiza keltiruvchi ikonalar paydo bo‘lar, shunda sobiq Ittifoq qo‘shinlariga omad kulib boqar edi. Garchi sobiq tuzum dahriylikka asoslangan bo‘lsa-da, “do‘ppi tor kelib qolgan” mahallarda mana shunday aziz-avliyolardan madad olingan hollar ham bo‘lganligini ko‘pchilik ta’kidlaydi.
Yana bir taxminga ko‘ra, Temur va avlodlari xoki tarkibi asosan osiyolik jangchilardan iborat bo‘lgan harbiy bo‘linmalar ustidan uchirib o‘tkazilgan va bu bilan musulmon askarlarning jangovar ruhini ko‘tarishgan. Go‘ri Amir majmuasi direktori, tarixchi Abdullo Abdullayevning aytishicha, urushda bo‘lib qaytgan qariyalar unga ayni shu haqda gapirishgan, ammo olim buning ilmiy va rasmiy isbotini biron joyda topa olmagan.
Nihoyat, 1942 yil 20 dekabrda Amir Temur va avlodlarining xoki hurmat bilan yana Go‘ri Amirda dafn etildi. Olimlar bu ish haqida to‘rt tilda – o‘zbek, rus, fors va ingliz tillarida batafsil dalolatnoma yozib, komissiya a’zolaridan har biri uni imzoladi. Tarixiy hujjatning bir nusxasini germetik kapsulaga joylab, Amir Temur skeleti bilan birga ko‘mishdi. Xuddi shuni kutib turgandek, ikki kundan so‘ng qizil askarlar Stalingradni ozod qilishdi. Umuman, urush boshlanganidan beri sho‘ro askarlarining qo‘li endi baland kelib, frontda ularning quvonchli hayqiriqlari eshitila boshladi. Malik Qayumov bularning bari haqida urushdan keyin eshitdi va sanalardagi mosliklardan ajablanmadi…
Temur sag‘anasi sarguzashtlari shu bilan tugagani yo‘q. 1943 yil yozda Go‘ri Amirga yana ekspeditsiya jo‘natiladi – bu safar uni ta’mirlash uchun. Kursk ostonasidagi janglar arafasida mazkur majmuaning restavratsiyasi uchun bir million rubl miqdorida mablag‘ ajratish to‘g‘risida qaror qabul qilingandi. Bu esa o‘n oltita tank yasashga yoki bir diviziya askarni bir oy davomida oziq-ovqat va kiyim-kechak bilan ta’minlashga yetadigan mablag‘ edi! Ta’mirlash davomida kimdir maqbarani yopish va uni ochsa urush boshlanishi haqida ogohlantiruv yozib qo‘yish taklifini kiritadi. Ammo boshqalar buni bir ovozdan rad etishgan – ongli insoniyat bir xatoni ikkinchi bora takrorlamasligiga hammaning ishonchi komil edi.
Qahramonimiz Malik Qayumov esa jangning oxirigacha bordi, Berlindagi g‘alaba namoyishini kinotasmaga muhrladi. 1945 yil iyunda tarixning yana bir karomati zohir bo‘ldi – bir zamonlar urush boshlanishi haqida olimlarni ogohlantirgan Malik Qayumov o‘sha urushning tugashi va g‘alaba to‘g‘risida olamga jar soldi.
XULOSA
Shundan keyin Amir Temur va uning avlodlarini boshqa bezovta qilishga hech kim jur’at etmadi, Ermitajdagi ko‘rgazma ham tashkil etilmay qoldi. Sadriddin Ayniy esa moziydagi buyuk sarkarda haqida zamonaviy roman yoza olmadi.
Malik Qayumov esa oradan bir necha yil o‘tgach, yana qadrdon kamerasini qo‘ltiqlab Samarqandga yo‘l oldi, u endi mana shu sirli voqealar to‘g‘risida “Amir Temurning qarg‘ishi” nomli film ishladi. Unda dunyodan o‘tganlar ruhini chirqiratmaslik, maqbara va qabrlarga hurmat bilan munosabatda bo‘lish lozimligi ham qayd etilgan.
Keyinchalik M.Qayumovning faoliyati, o‘zbek kino madaniyatini rivojlantirish yo‘lidagi samarali xizmatlari davlatimiz tomonidan munosib taqdirlanib, u “O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan san’at arbobi”, “O‘zbekiston xalq artisti” faxriy unvonlari, O‘zbekiston Respublikasi Davlat mukofoti, “El-yurt hurmati” ordeni bilan mukofotlandi. Shuningdek, Nyu-York, Venetsiya va Leypsig xalqaro kinofestivallari oltin medallariga loyiq ko‘rilgan, “Nika” mukofotining “Shon-shuhrat” nominatsiyasi g‘olibi, “Oltin kabutar” mukofoti sovrindori bo‘lgan, sobiq Ittifoqning eng yuksak mukofoti – Sotsialistik Mehnat Qahramoni unvonini ham olgan Malik Qayumov 2010 yilning 29 aprel kuni 98 yoshida vafot etdi.
Yurtimiz istiqlolga erishgach, ajdodlarimizning, aziz-avliyolarning nomlari, sha’ni qayta tiklandi, asarlari qaytadan o‘rganishga kirishildi. Bugina emas, balki ularning maqbaralari, muqaddas qadamjolar obod etilib, yana ziyoratgohlar sifatida faoliyat ko‘rsata boshladi. Zero, o‘tmishini ulug‘lagan yurtning kelajagi ham buyuklikka daxldordir. Bunda o‘tgan buyuk ajdodlarimizning ruhlari ham bizni qo‘llab, madadkor bo‘lib turgan bo‘lsa, ne ajab.
* Turli internet manbalari hamda “Amir Temur qarg‘ishi” filmi materiallari asosida tayyorlangan.
Manba: Hamidbek Yusupovning shaxsiy blogi