Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniy. Maqomoti Yusuf Hamadoniy

Ashampoo_Snap_2016.10.05_22h02m05s_005_.png    Мусулмон Шарқида машҳур тариқат пири, хожагон-нақшбандия силсиласининг асосчиси Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллигига бағишлаб чоп этилган ушбу мўъжаз рисола Марказий Осиё халқлари маънавий ҳаётида ёрқин из қолдирган хожагон тариқати буюк намояндаларининг ҳаёти, фаолияти, фикр-қарашлари, кашфу кароматлари ва ижод намуналари билан мухтасар тарзда таништиришни кўзда тутади. Бирламчи манбаларга таяниб ёзилган, ишончли ва янги маълумотларга бой, тасаввуфнинг кўплаб назарий ва амалий масалаларини ойдинлаштиришга ёрдам берадиган, Аллоҳ, олам, ҳаёт ва инсон камолоти билан боғлиқ ибратли ривоят-ҳикоятлар, валий зотларнинг теран фалсафий фикрлари ва бебаҳо ҳикматли сўзлари илова қилинганлиги жиҳатидан у кенг ўқувчилар оммасига манзур бўлади, деган умиддамиз.

Таржимон, нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифлари:
Сайфидқин САЙФУЛЛОҲ,
Нодирхон ҲАСАН,
филология фанлари номзодлари

Масъул муҳаррир:
Иброҳим ҲАҚҚУЛ,
филология фанлари доктори, профессор

Гулшани жаҳон ичра сарви навниҳолим бор,
Етмайин висолига нолаи фиғоним бор.
Бори фурқати бирла қомати камоним бор,
Арзу додим айтурга саломатли хоним бор.
Бошима Ҳумо янглиғ, шукр, соябоним бор,
Ғавси муршиди комил — Хожаи Жаҳоним бор…

Мухлис Намангоний

ХОЖАИ ЖАҲОН  —
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
Сайфиддин Сайфуллоҳ, Нодирхон Ҳасан

009

i_018.jpgХожагон тариқатининг асосчиси Хожаи Жаҳон — Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари она-Ватанимизнинг маънавий, маданий ривожига салмоқли ҳисса қўшган улуғ алломалардандир. У зоти шариф 1103 йил Бухоройи шарифнинг Ғиждувон туманида таваллуд топиб, 1179 йил шу диёрда вафот этганлар. Оталари — Имом Молик наслидан бўлган малатялик Имом Абдулжамил ҳам олим ва ориф киши бўлган.

Абдураҳмон Жомий ҳазратларининг «Нафаҳот ул-унс» асарида ёзилишича, аҳлуллоҳдан Хизр алайҳиссалом ёш Абдулхолиқни маънавий фарзандликка қабул қилади ва унга «зикри дил» (қалб зикри)ни ўргатади1. Бу зикр вазифасини доимий равишда бажаришга одатланган Хожа Абдулхолиқ улуғ файзу футуҳга эришадилар. Унга қалб зикриии таълим берган ва маънавий фарзандликка қабул қилган устози Хизр алайҳиссалом бўлса, суҳбат ва хирқа пири улуғ шайх Хожа Юсуф Ҳамадонийдир. Шайх ҳазратлари Бухоройи шарифга ташриф буюрганларида йигирма икки ёшли Хожа Абдулхолиқ Хизр алайҳиссаломнинг тавсияси билан унга мурид бўлади, суҳбатларидан баҳра топиб, тез орада маънавий камолот хосил қиладилар. Юсуф Ҳамадонийнинг халифаларидан Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари Яссига қайтаркан, устозининг васиятига биноан муридларини Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийга топширадилар. Шундан кейин Бухорода муршидлик қила бошлаган бу улуғ зотнинг муридлари сафига оддий халқ қатори, кўплаб амалдорлар, ҳатто Бухоро ҳукмдорларидан Муҳаммад Умар Садр ҳам қўшилади. Хожа Абдулхолиқ ҳазратларининг обрў-мартабалари фақатгина Ўрта Осиё ҳудуди билан чекланмайди. Шом диёрида ҳам ул зот хонақоҳ барпо этиб, муридлар тарбияси билан шуғулланганликлари ривоят қилинади.

Алишер Навоий ҳазратпари «Насойимул-муҳаббат»да бошқа улуғ машойихлар қатори, Хожа  Абдулхолиқ Ғиждувонийни ҳам юксак эҳтиром билан тилга олади. Хожаи Жаҳоннинг тутган йўллари тариқатда ҳужжат ва намуна ҳисобланганлиги, Ҳақ билан ноҳақни ажратувчи, адолатли кишилар наздида мақбул ва мўътабар бўлиб, ҳамиша садоқат ва софлик йўлида юрганлиги, шариат ва суннатга риоя қилганлиги, турли бидъату хурофотларга қариш тинимсиз курашганлигини қайд этади 2.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний хожагон-нақшбандия тариқатининг етук муршидридан. Унинг ривожига улкан ҳисса қўшган пирикомилдир. Улзот, биринчидан, хожагон сулукида хафий зикрни бошлаб берган бўлса, иккинчидан, устози Хожа Юсуф Ҳамадоний томонидан ишлаб чиқилган ва хожагон-нақшбандия тариқатининг бош шиорларига айланиб кетган «ҳуш дар дам», «назар бар қадам», «сафар дар ватан», «хилват дар анжуман» қоидаларига яна тўртта: «ёдкард», «бозгашт», «нигоҳдошт», «ёддошт» каби рашҳаларни илова қилди. «Калимоти қудсия» деб аталадиган бурашҳа-қоидаларга унинг издоши ва маънавий фарзанди Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари яна учта: «вуқуфи замоний», «вуқуфи ададий» ва «вуқуфи қалбий» қоидаларини илова қилиб, нақшбандиянинг яхлит назарий тизим тамойилини шакллантирганлар ва сулук тарбиясини янада ривожлантирадилар. Шу боис Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари «сарҳалқаи силсилаи нақшбандия» номи билан улуғланганлар. Хожа Абдулхолиқ ҳазратлари пайгамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бошланган тариқат силсиласида Юсуф Ҳамадонийдан кейин ўнинчи ҳалқа пир эдилар. Хожа ҳазратлари бу ҳалқанинг давом этиши учун вафотидан олдин Хожа Аҳмад Сиддиқ, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Авлиёйи Кабир (Авлиёйи Калон), Хожа Сулаймон Карманийларга халифалик ижозати берганлар. Бу зотларнинг ҳар бири иршод ишларига машғул бўлишган. Нақшбандиянинг олий ҳалқасини эса Хожа Ориф Ревгарий ҳазратлари давом эттирганлар…

Хожа Абдулхолиқнинг муборак руҳи шарифлари Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларини тарбият қилганлиги учун у зот Баҳоуддин Нақшбанднинг увайсий-маънавий пири ҳисобланади.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларига зикри хуфя (овоз чиқармай зикр қилиш)ни ўргатган ҳам ул зоти азиздир.Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари тариқат пири, муридлар тарбиячиси бўлиш билан бир қаторда, «Васоё» («Васиятнома», «Одоби тариқат», «Ҳақойиқ ул-иймон», «Дақойиқ ул-ирфон» деган номлар билан ҳам аталади), «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний», «Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» каби асарлар муаллифи ҳамдир.

Хожаи Жаҳон ҳазратларининг панд-насиҳатлари ўзликни англаш, ахлоқни, ботинни тузатиш, қалб имкониятларига йўл очиш, маърифат сирридан воқиф бўлиб, сайру сулукни камолга етказишда муҳим асослардан ҳисобланиб,инсонни Ҳақнинг суюкли бандаларидан бўлишга даъват этади.

Ушбу китобча уч мустақил қисмдан иборат. Аслида, ҳар бир қисм мустақил бир асар — рисоладир. Биринчи қисмда Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг форс тилида битилган «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний» номли асар таржимаси берилган. Биз бу асарни таржима қилишда Эронда нашр қилинган «Рисолаи соҳибия» 3,Туркияда сақланаётган «Тибён» 4, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти (ЎзРФАШИ) қўлёзмалар хазинасидаги «Мақомот»5 нусхаларидан фойдаландик. Матнларнинг тўғри вариантини танлашда ўрни-ўрни билан учала нусхани муқояса этиб, тарихий ва илмий ҳақиқатга мувофиқроқ бўлганини танладик.

Мазкур асарида Абдулхолиқ Ғиждувоний устози Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг сурат ва сийрати, гўзал ахлоқи, юриш-туриши, ибодати, ҳаёт фаолияти ва шогирдларига муносабати хусусида атрофлича маълумот беради. Шунингдек, тариқат аҳлларини Юсуф Ҳамадонийнинг намунали ҳаёт тарзидан ибрат олишга чақиради.

Дарҳақиқат, асарни ўқир эканмиз, кўз олдимизда илоҳий файзга тўлиб-тошган нуроний пир, Ҳақ ишқига ғарқ бўлган, илму маърифатда етук, инсонларга меҳр-шафқатли, валий, комил бир инсон сиймоси гавдаланади. Бу каби мақомотларни ўқиган ҳар бир китобхон қалбида улуғларимизга нисбатан муҳаббат уйғонади. Уларнинг изидан боришга, улардан ҳар жиҳатдан ўрнак олишга, охират ишини дунё иши билан баробар юритишга, тақво аҳлидан бўлишга ғайрат қилади.

Рисоланинг иккинчи қисми «Хожагон-нақшбандия машойихлари» деб юритилади (бу қисмни саҳифа якунида берилган тўпламнинг тўлиқ матнида ўқишингиз мумкин).

Маълумки, юртимиздан нақшбандия тариқатининг бир қанча комил вакиллари етишиб чиққан. Нақшбандия тариқатининг бош ҳалқаси — асосий силсиласида диёримизда фаолият кўрсатган ва қабри шарифлари шу заминда бўлган ўн бир нафар раҳнамоларининг номлари қайд этилади. Тасаввуф тарихига оид тадқиқотларда бу ўн бир зоти шарифнинг ҳаёт ва фаолиятлари, фикр ва қарашлари кенг тадқиқу таҳлил қилинган. Улардан етти нафарининг муборак қабрлари Бухоройи шарифда, биттаси Сурхондарё, яна биттаси Самарқанд, иккитаси Қашқадарёдадир.

Биз мазкур рисолада мухтасар тарзда бўлса ҳам улар ҳақида арабий, форсий ва туркий манбалардан мавжуд маълумотларни тўплаб, ўқувчилар ҳукмига ҳавола этишга ҳаракат қилдик. Сир эмаски, нақшбандия билан қизиқувчи кўп кишилар бу зотлар тўғрисида ўқиган ва эшитган бўлсалар-да, уларнинг ҳаёт фаолиятларидан, ҳатто қабрларининг қаерда эканлигидан хабардор эмаслар. Бу зотларга доир катта тадқиқотлар қилинган ва бундан кейин ҳам кўплаб ишлар қилиш мумкин. Мазкур мўъжаз рисола китобхонларимизнинг бу улуғ машойихлар ҳаёт ва фаолиятларидан етарли даражада хабардор бўлишларига яқиндан ёрдам беради, деб умид қиламиз.

Рисоланинг охирги қисмида Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг устози Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг «Одоби тариқат» рисоласини форс тилидан, «Инсон ва коинот ҳақида рисола»сини араб тилидан таржима қилиб, табаррукан илова этдик (Бу асарлар сайтда алоҳида тарзда тақдим этилади) . Ҳар иккала рисола тасаввуфнинг муҳим масалаларига бағишланган. «Тариқат одоби»да сулук йўлига кирган ҳар бир муриднинг қалб поклиги, нафс тарбияси, зикр вазифалари, шайхи билан муносабати ва ҳоказо мавзулар мухтасар ва асосли баён этилган. «Инсон ва коинот ҳақида рисола» («Рисола фи ан-нал-кавна мусаххарун лил инсон» — «Коинотнинг инсонга бўйсунганлигига доир рисола»)да муаллиф инсоннинг мулку борлиққа бўлган муносабати, махлуқот орасида тутган юксак ўрни, ҳар бир инсоннинг коинотдаги зарурий ашёлардан истифода этиши ва унумли фойдаланиш даражалари ҳамда йўлларини кўрсатиб беради.

Муаллифнинг фикрича, ҳар бир инсон коинотга меъёри билан, тўғри муносабатда бўлса, коинот ҳам инсонга фойдали муносабатда бўлиб, унга хизмат қилади. Биз табиатга: сув, тупроқ, ҳаво қатламларига ва бошқа ҳаётий заруратларга эҳтиёж юзасидан муомала кўрсатсак, ҳаётимиз, яшашимиз ҳам шунга яраша хотиржамлик ва фаровонликда давом этади. Юсуф Ҳамадонийиинг ушбу рисоласидан шу нарса маълум бўладики, ўз даврида машойихларимиз ҳам, ҳозирги тил билан айтганда, экология масалаларига, табиат ва уни авайлаб-асрашга катта аҳамият берганлар.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоиий ва Хожа Юсуф Ҳамадоний асарларини таржима қилишимизда бизга яқиндан ёрдам берган, рисолаларнинг асл матни ксеро кўчирмаларини бизга жўнатган ҳамда ўзи нашр эттирган китобни6 қиёслаш учун лутфан тақдим этган туркиялик нақшбандияшунос олим, доктор Наждат Тўсунга самимий миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.

Хуллас, илк бор таржима қилиниб, китобхонларимизга тақдим этилаётган Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Юсуф Ҳамадоний рисолалари ҳамда диёримиздан етишиб чиққан хожагон- нақшбандия машойихлари ҳақидаги рисола Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллиги анжумани арафасида халқимизга қимматли бир туҳфа бўлади, деган умиддамиз. Яратгандан барчамизга улуғларимизга ихлосу муҳаббатли, улар каби илму ирфонли, муносиб издошлардан бўлишни насиб айлашини тилаб қоламиз. Мутасаввиф адиб Султон Аҳмад Ҳазиний таъкидлаганидек, Хожаи Жаҳон таълимоти ва маърифати юртимизга ҳамиша қуёш каби нурли зиёсини сочиб туражак:

Хожа Абдулхолиқ — ул пири худо,
Нақшбандияда шайхи порсо…

Нақшбандийларни бар нақшу мурод, Хожа Абдулхолиқ — ул пири рашод Баҳравар қилди хафий асроридан, Будир анвар нақшсиз анворидан.

ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
МАҚОМОТИ ЮСУФ ҲАМАДОНИЙ
009

МУҚАДДИМА (7)

11541180_10153423914633899_870376048_n.jpgИлоҳо, энг сара сифатларинг, улуғвор жалолинг, пайғамбарларингнинг азамати, шаҳидларнинг 8 қони ва мумтоз бандаларингнинг нафаси-жони ҳурмати, Сендан илмда камолот, ризқда баракот, ўлмасдан бурун тавба қилиш, ўлар вақтда кечирилиш, ўлгандан кейин роҳат, жаҳаннамдан нажот, жаннатга кириш ва дунёю охиратда офият тилаймиз.

Аҳадият саройи бандаларининг энг заифи, Самадият мартабаси ожизларининг энг кучсизи Абдулхолиқ ибн Абдулжамил (Аллоҳ уни соликларнинг ғоялари ва орифларнинг мақомларига эриштирсин, омин, рабб ул-оламин) дейдики: «Алданиш, нашъаланиш, нафсоний туйғулар ва шайтоний васвасаларнинг ғолиб келиш даври бўлган ёшлик йилларида бу фақирнинг кўнглида бир онда «Фазлу марҳамат Аллоҳнинг қўлида бўлиб, уни фақат Ўзи хоҳлаган кишшшрга ато этади» (Ҳадид сураси, 29-оят) оятининг жазбаси ва ҳақиқатни талаб қилиш (муридлик) истаги туғилди. «Аллоҳ шарафли ишларни севади» жумласининг 9 тақозоси ва «Аллоҳ билан суҳбат қур (агар Аллоҳ билан суҳбат қуролмасанг, У билан суҳбат қилганлар билан суҳбат қур» сўзини идрок этиш азми мени бир қарорга келтирди. Ғайбнинг илҳом бағишловчиси бу бечоранинг фикр саҳифасига ҳидоят қалами билан шуни нақш этарди: бу (илоҳий) икрому улуғ насибага ва бу саодатга ҳақиқий бир соликка эргашмасдан, шафқатли бир хожанинг этагини тутмасдан эришиш мумкин эмас. «Ким бир нарсани истаса ва жидду жаҳд қилса, албатта, уни қўлга киритади» ҳадисининг тўғри ҳукми ва «Аллоҳ Ўзининг бу нурига Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур» (Нур сураси,35-оят) оятининг равшанлиги билан муридлик бошимни у валийлик сардори, ҳидоят қуббаси ва у ҳамадонлик муршид, шайхлар шайхи Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг (унга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин) оёғига қўйдим. Иродат остонасининг эътикофчилари билан ва у ҳақиқат хонадонида севги даргоҳининг мулозимлари билан бирга бу йўлга кирдим. Бир муддат бу тўғри йўлда у тариқат сайёҳи ва ҳақиқат денгизининг ғаввоси, пайғамбарларнинг хожаси (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шариатига эргашган, ғайб сирларининг кашшофи (Абу) Юсуф ибн Яъқуб ибн Абдулвоҳид ибн Абдулбосит ибн Тамтом ибн Боқир ибн Муҳаммад10 ибн Исмоил ибн Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит…11 пайғамбар ҳазратларига мутобаат йўлида ният, тобелик ва муҳтожлик билан қадам босдим. Хизр алайҳиссаломшшг ҳавола ва тавсияси билан у авлиёлар султони бу ожиз заифни ва кучсиз фақирни қалб зикрининг талқини билан шарафлантирди.

Худди шу тарзда барча инсонлар — подшоҳ, вазир, олим, зоҳид, дарвиш, хуллас, авому хос ҳамма тоифа бу улуғ хожа ва олими раббоний Шайх Юсуф Ҳамадонийга эргашишлари керак. Чунки бу азиз шайх қатъиян ҳазрати пайғамбар алайҳиссаломнинг динига қарши чиқмаганлар.

Саҳоба, тобеин, табаъа тобеин ва салафи солиҳинга эргашиб яшаганлар, Ҳамадон шаҳрида ҳам, бошқа яшаган жойларида ҳам доимо ушбу муборак сўзни такрорлар эдилар: «Тўғри йўл — Аллоҳ расули ҳазрати Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидир. Чунки оламлар сарвари бундай марҳамат қилганлар: «Эй Абу Ҳурайра, инсонларга менинг суннатимни ўргат ва сен ҳам амал қил, токи қиёмат кунида порлоқ бир нурга эга бўлурсан».

Ҳазрати пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишорати шундай бўлгани боис, йўли пок бу буюк шайх ҳам дўстларини ва ўзига эргашганларни, яъни Ҳасан Андоқий, Хожа Абдуллоҳ Баррақий, Хожа Аҳмад Яссавий,Хожа Алийёна,бу фақир Абдулхолиқ ибн Абдулжамил ва хизмат қилувчи бошқа дарвишларни ҳам набавий шариат шоҳкўчасига чақирардилар. Нафсоний орзуларга бўйинсунишдан, бидъатдан, шариатга қарши чиқишдан,ботил ва фитна аҳлининг йўлидан ва муқаллидларнинг тақлидларидан муҳофаза этар, огоҳлантирардилар. Бу азизларнинг йўли барча офатлардан холидир. Унда на таътил (бўшлиқ) ранги, на ташбиҳ ҳиди бор (Аллоҳнинг сифатларини инкор этмайдилар ва Уни бошқа нарсага ўхшатмайдилар). Аксинча, фақат холис ҳидоят ва маърифат нуридан иборатдир.

ЮСУФ ҲАМАДОНИЙНИНГ МУБОРАК ЎГИТЛАРИ

Шайхимиз муборак сўзлари билан бундай дейдилар: «Бу (тариқат) йўли ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳудан бизгача етиб келган ва қиёматга қадар давом этажакдир. Шу боис барча мўъминлар ва соликлар бу танланган йўлга эргашиши, бу хонадон билан суҳбат қуриши, уларнинг йўлига сулук этиб, улар билан бирга бўлишдан ва унсиятдан узоқ қолмаслиги керак».
Шаҳзода Қусам ибн Аббос (Шоҳи Зинда)нинг мақоми (қабри)да айтдиларки: «Кимда ким бу йўл (тариқат)га амал қилиб, унга маҳкам ёпишса, албатта ҳамма қоронғуликлардан хотиржам бўлур ва бидъат денгизининг тўлқинидан халос бўлур».

Сўнгра менга дедиларки: «Эй Абдулхолиқ! Билгинки, Ҳақ йўлининг йўлчилиги, яъни сулук икки қисмдир: сулуки зоҳир ва сулуки ботин. Биринчиси, сулуки зоҳир бўлиб, у ҳар ҳолу корда илоҳий амр ва таъқиқларга риоят этиш, имкон доирасида диний мезонларни сақлаш ва нафс орзуларидан қочишдир. Ўз аъзоларини ҳавою нафсдан сақлаб, шариат ҳудудида муҳофаза қилишдир. Иккинчи қисм бўлган сулуки ботин эса қалбни поклашга ҳаракат қилиш ва нафсоний ёмон сифатларни йўқотиш учун ғайрат сарфлашдир. Ботиний таҳорат — қалбнинг Ҳақ зикри билан гўё бўлишлиги учун зикрда беҳад жидду жаҳд қилиш. Бу зикр талқини дастлаб ҳазрати Абу Бакр разийаллоҳу анҳунинг қалбига, ундан Салмон Форсийга12, ундан Жаъфари Содиққа, ундан Султон Боязид (Бастомий)га, ундан Шайх Абул Ҳасан Харақонийга, ундан буюк шайх13 Абу Али Формадий Тусийга ва ундан эса бизга қадар етиб келган».

Шундай дегач, пешин намозининг азонига қадар муборак бошларини қуйи солиб турдилар. Пешин намозини адо этгач, дедилар: «Эй дарвишлар, азиз инсонлар кўп, лекин бу силсиладаги улуғларнинг Ҳақ таоло томонидан танланишига сабаб, ушбу силсилада улар мукошафа ва мушоҳадада юксак шахсиятлар эдилар».

Кейин муборак юзларини бу фақирга буриб, инжу таратувчи табаррук сўзлари билан дедилар: «Эй Абдулхолиқ, улуғ шайх Абу Али Формадий дунёдан охиратга риҳлат этгач 14  (ҳижрий 477/милодий 1084 йил), шариат ва тариқатда бир муаммога дуч келсам, унинг руҳониятидан15 ёрдам сўрардим ва шу ондаёқ шайх ҳазратларининг руҳонияти у муаммони ҳал этарди. Бу йўлда буюк хожа Абу Али Формадийдан бизга қадар етиб келган ирфон ва маънавиятни тариқат соликларига ва Ҳақ даргоҳининг муҳтожларига етказяпман».

Кейин муборак юзларини яна менга қаратиб, дедилар: «Эй Абдулхолиқ, Хожа Абу Али (Формадий)нинг тўртинчи халифаси бўлганим каби, сен ҳам бизнинг тўртинчи халифамиз бўлгайсан». Қарасам, кўзлари ёшга тўлиб турибди. Мен сўрадим: «Сиздан кейин ким халифа бўлғуси?» Шайх ҳазрат дедилар: «Биздан кейин ўрнимизга Хожа Абдуллоҳ Баррақий ўтади, кейин Хожа Ҳасан Андоқий, ундан кейин Хожа Аҳмад Яссавий. Хожа Аҳмад Яссавий Туркистон диёрига кетгач, сен халифа бўласан. Албатта, ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломнинг шариати йўлида бўл ва шариат чегарасидан заррача чиқма, ким динга қарши мухолифлик қилса, унга монеъ бўл. Аллоҳ таоло яхшисини билур».

САНЖАР ИБН МАЛИКШОҲНИНГ МАКТУБИ

Ҳижрий 504 йил Рамазон ойининг ўн биринчи куни чоршанбада Санжар ибн Маликшоҳ Самарқанддаги Қосим ибн Жўқийга бир мактуб юборди. У мактубда шундай ёзган эди: «Шайх ул-машойих вал-муслимин Али ибн Муҳаммад, Қози Алоуддин ибн Умар, Хожа Имодуддин, Амир Абдулваҳҳоб16 каби Самарқанд улуғларининг билдиришларича, муҳтарам Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг ёши камолга етибди. Унинг ҳузурига бориш учун бизнинг фурсатимиз йўқ. Зеро, Сулаймоншоҳ буюк бир лашкар билан бу тарафга келаётган экан. Шу боис мамлакатни ташлаб, Самарқанд вилоятига бориб келолмаймиз. Дарвишларнинг такя харажатлари учун Қосим ибн Жўқий17га ҳалол йўлдан қўлга киритилган эллик минг динор юборилди. Сиз бизнинг ишимиз учун Фотиҳа ўқисангиз. Сизлардан асосан мақсадимиз шуки, ҳазрати шайх (Ҳамадоний)нинг ахлоқ ва аҳволи хусусида ёзиб, бизга жўнатинг. Чунки эшитишимизча, ҳазрати шайхнинг йўли ва атвори саҳобалар (уларнинг барчасидан Аллоҳ рози бўлсин) йўлидек экан. Албатта, бунга эътибор бериб, дуогўйингизни ҳам бу давлатдан насибадор қилинглар».

Кейин ҳазрати шайх ул-ислом азизларнинг ҳузурига, Хожа Абдуллоҳ Баррақийнинг уйига бордилар. Хожа Ҳасан Андоқийни, Хожа Аҳмад Яссавийни, Хожа Шоҳ Ғатфарийни18 ва бу фақир Абдулхолиқни йиғдилар. Султон Санжар масаласини тушунтирдилар. Сўнг барча Шайх Юсуф Ҳамадоний ҳузурига кирдилар. Санжар ибн Маликшоҳнинг орзусини шайхга арз қилдилар. Шайх унинг иши учун Фотиҳа ўқиб, бундай дедилар: «Эй дарвишлар, бизнинг хатодан бошқа амалимиз йўқки, уни Санжарга юборсак?». Шунда Хожа Алийёна: «Ҳазрат, дарвишлар сизнинг рухсат беришингизни сўрамоқдалар», — деганида, шайхимиз: «Биздан Аллоҳ расулининг шариатига мувофиқ нима кўрган бўлсангиз, шуни ёзинг!» — дедилар.

ШАЙХНИНГ ТАВАЛЛУДИ, АХЛОҚ ВА ШАМОИЛИ

504 йил Зулқаъда ойининг йигирма саккизинчи куни сешанбада шайхимизнинг умридан бир минг тўққиз ой ва йигирма олти кун ўтган эди 19. Шайхимиз душанба куни — Сафар ойининг иккинчи кунида таваллуд топганлар: Пиёда ўттиз икки марта ҳаж қилган, ҳафс қироати билан минг марта Қуръонни хатм этган эдилар 20. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, фуруъ ва каломга доир етти юзта китобни ёд олган, икки юз ўн уч нафар машойих билан суҳбат тутганлар. Кўп вақтлар рўзадор бўлардилар. Саккиз минг бутпарастни мусулмон қилишга муваффақ бўлган, тавба қилдириб, тўғри йўлга солган кишиларининг саноғини ҳеч ким билмасди.

Муборак оёқларидан бири иккинчисига нисбатан бир оз калта эди. Юзларида чечак (доғи обила) хасталигидан излар қолганди. Соқоллари узун ва қизғиш эди. Жуссалари озғинроқ эди. Кимни кўрсалар, «хожа» деб мурожаат қилардилар. Сафарга кўп чиқардилар. Либослари жундан ва ямоқли бўларди. Арпа унидан тайёрланган нон, тариқли нон, уруғ ёғи ва қовун истеъмол қилардилар. Қирқ кунда бир марта товуқ гўшти, баъзан туя ва қўй гўштлари ҳам ер эдилар. Этикдўзлик ва деҳқончилик билан шуғулланар, Ҳақ таоло нима берса, камбағал, етим- есир, ғариб, бемор ва аёлманд (серфарзанд), муҳтож, йўқсил оилаларга тарқатар эдилар. Умрларида бирон марта тиланчилик қилмаган, муридларини ҳам бундан қайтарардилар. Доимо Аллоҳга суянар, дунёни обод қилишга уринмас, бошқаларни ҳам бу йўлдан манъ қилар эдилар. Ҳар йил қирқ кун амри маъруф, наҳйи мункар қилар, инсонларга яхшиликни тавсия этардилар. Подшоҳ ва бойларнинг уйларига бормас эдилар. Етмиш беш йил бўйдоқ яшадилар 21.

Кўзларининг устида бир нишона бор эди. Вафотларидан кейин ихтилоф чиқди. Баъзилар  «ўнг тарафида», баъзилар «чап тарафида эди», дедилар. Муборак кўзлари қатъиятли эди. Номаҳрам, болалар ва аёлларга тикилиб қарамас эдилар. Хизр алайҳиссаломнинг изни билан Ражаб ойининг ўнинчи куни Самарқандга келдилар. Хушовоз, ўрта бўйли, бармоқлари узун эди. Туркийни билмас эдилар. Кўпинча шиппак ва ямоқ кийим киярдилар. Муридларидан ямалган кийим кийганларни ёқтирар, уларга ҳурмат кўрсатардилар. Умрларида бирон марта оёқларини узатмаганлар.Доимо Ҳақ таолодан қўрқибйиғлардилар.Ширинсўз,табассум билан гапирардилар. Очликдан ва риёзатдан беллари букилган эди. Баланд овоз билан (жаҳрий) зикр қилмасдилар. Зеро, уларнинг замонида жаҳрий зикр йўқ эди. Муридлари жуда кўп эди. Шайхининг шайхи бўлган Абул Ҳасан Харақонийни (425/1034 йил вафот этган) кўрган эдилар. Ҳамадоннинг Ғунайма маҳалласида туғилган эдилар. Кўп вақт яёв юрардилар.
Пайшанба, жума ва байрам кунларида оқшом чоғи улуғ зотларни зиёрат қилардилар. Бошқа шаҳардан келган мусофирдан қайси шаҳардан келганлиги, у ерда қандай сўфийлар яшаётганлиги ва у жойда дафн этилган орифларнинг номларини сўраб-суриштирар эдилар. Нафасни тутиб, қалбий зикр қилганлари учун аъзойи баданлари доим терларди. Кундалик ўқийдиган авроддан ташқари, ҳар фарз намозидан кейин бир пора Қуръон тиловат қилардилар.

Масжиди жомеъга боргунга қадар Қуръони каримни хатм қилардилар. Масжиддан Хожа Ҳасан Андоқий ва Хожа Аҳмад Яссавийнинг уйларига қадар Бақара сурасини ўқир, масжидга қайтишда эса Оли имрон сурасини тиловат қилардилар. Шайхимизнинг масжидидан бу дарвишларнинг уйларигача бўлган масофа бир юз етти қадам эди. Намознинг икки ракъатида бир пора Қуръон ўқирдилар.

Шайхимиз юзини баъзан Ҳамадон тарафига буриб, кўп йиғларди. Ҳақ таолодан солиҳ бир ўғил фарзанд сўрар эди. Доимо Хожа Абдурраҳмон Деҳмард Алийёнагийнинг ваъзига борарди. Қиш мавсумида сочларини кам тарошларди. Ул зот Салмони Форсийнинг асоси ва салласини сақлардилар. Янги ой кирганда, Самарқанд пешволарини чақирар, улар билан шариат илмидан баҳс ўтказарди. Самарқанд улуғлари ҳам унинг суҳбатидан баҳраманд бўлардилар. «Хожаи зиндадилон» («тирик қалблар хожаси») Хожа Хизр алайҳиссалом билан суҳбат қиларди. Яхши ўқ отар, мол-мулк сотиб олмас, доим ёнида Қуръон, жойнамоз, тароқ, мисвок, хушбўйлик ва сочиқ олиб юрарди. Кўз оғриғи ва яралар учун дорию малҳам тайёрлар, бадан ҳарорати учун суюқ дору берарди. Чата ва Тўқмоқ23 лашкарлари бостириб келганида уларга қарши жанг қиларди. Доим таҳоратли юрар, узрсиз жумъа ва жамоат билан намоз қилишни тарк этмас эди. Кимдан жафо ва азият кўрган бўлса, унга яхшилик билан жавоб қайтарарди.
Таомини ўзи пиширар, кийимларини ўзи ювар, йиртилса ҳам ўзи тикиб-ямарди. Бозорда пиширилган овқатлардан емасди. Салласини катта қилиб боғларди. Либосининг енги кенг ва калта бўларди. Кийимларини совун билан камдан-кам юварди. Овоз чиқариб кулмасди. Бировнинг насибасига ва луқмасига кўз олайтирмас, тўсқинлик қилмас эди. Мулойим сўзлар, юраётганда оҳиста қадам ташларди. Саловоту истиғфорни кўп такрорлар, витр, таҳажжуд ва тасбеҳ намозларини бир-бирига яқин вақтда адо этарди. Кўп дуо қилар, суҳбатдошларига ҳам кўп-кўп дуо қилишни тавсия этарди. Каромату валийлигини намойиш қилмасди. Мўъминлардан бирортаси ул зотни уйига таклиф қилса, ким бўлишидан қатъи назар борарди. Ҳеч кимни ва ҳеч нарсани камситмас эди. Бировга асло мақтанмасди. Тез-тез қабр зиёратларига борар, қабристонни ялангоёқ кезар, қабр аҳлига салом берар, оят-ҳадисларда нақл этилган дуоларни ўқирди. Кўпинча нонни сиркага қўшиб истеъмол қиларди. «Дуои Сайфий», «Қасидаи Бурда», «Чиҳил исми аъзам» ва Қуръон оятларини кўп мутолаа этарди. Кечалари соқолини кўп тарарди. Кўп фойдали ишлар буюрарди. Отга кам минар, кўпроқ эшак ва туяга минарди. Бозорга кам борарди. Исломдаги илк тўрт халифа — чаҳорёрларнинг фазилатларини кўп тилга олар, уларнинг манқабаларини ҳикоя қилиб берарди. Ҳалол еб, ҳалол меҳнат қилувчиларни дўст тутарди. Ўлимни, қиёматни, жон беришни, қабрдаги савол-жавобни, қайта тирилишни, амал китобининг ўқилишини, амалларнинг тарозида тортилишини ва Сирот кўпригидан ўтишни кўп эслар ва йиғларди. Халқни ҳалолдан кийишга ва ҳалол меҳнат билан кун кечиришга ташвиқ этарди. Мўъминлар билан бирга бир идишдан овқат ер, овқатланишдан аввал ва кейин қўлларини ювар, таомни туз билан бошлар ва яна туз билан тугатар эдилар. Калимаи радди куфрни доим такрорлаб юрарди24. Бамдод намозидан кейин доим «Ёсин» сурасини ўқишни асло тарк қилмасди. Жумодий ус-соний ойининг охирги кунлари билан Ражаб ойида рўза тутишни канда қилмасди. Мис, кумуш ва олтин идишларда таҳорат ва ғусл қилмас эди.

Фирибгар, айёр, фосиқ, мутакаббир, лақма, ҳийлакор, золим кишиларни ва ота-онасини ранжитувчи, жанжалкаш, бидъатчи, феъли бузуқ, бенамоз, беҳуда сўзловчи, маддоҳ, сохтакор, судхўр, ёлғончи, очкўз, бозорда тентировчи ҳаромхўр, одамларга ёмон лақаблар қўювчи, жамият ишларида ўз манфаатини кўзловчи, макр, қаттиқ сўзлилик ва товламачилик билан ҳақни ноҳаққа чиқарувчи, ўзини халқ орасида мўъмин, зоҳид, диндор, суннатга боғлиқ, дарвиш, олим, тақводор, обид, амри маъруф ва наҳй мункар қилувчи бир инсон сифатида кўрсатувчи риёкор, дунёвий мақсадлар билан ўзини омма орасида яхши ва зоҳиран шариатга риоя қилувчи киши қилиб намойиш этувчи кимсаларга суҳбатларида тавба қилишни тавсия этарди. Тавба қилмаса, ўзига душман тутар ва ўз мажлисидан қувиб юборарди.

Нонни сув билан кам истеъмол қиларди, лекин кўпроқ қуруқ нон ер эди. Гапираётганда «мен» демасди. Агар эҳтиёж бўлса, «бечора» дерди. Бирон кишини «кўппак, тўнғиз, бадбахт, лаънати, бенасиб» сингари сўзлар билан сўкмасди. «Иссиқ совуқ» демасди. Ҳаммомга бормасди. Ҳеч кимни қарғамас, учраган мўъминга салом берар, ҳар бир кириб келган киши учун оёққа турарди. Доим фикр сурар, ғамгин эди. Адад ҳисобини билмасди. Хати гўзал эди. Мўйловларини қисқартириб юрар, муридлари ҳам шундай қилишарди. Танҳоликни, хилвату узлатни ихтиёр этарди. Кўпинча ёвғон (гўштсиз, ёғсиз тайёрланган суюқ овқат) ер эди. Доимий равишда мужоҳада ва риёзатли эди. Халқнинг таомини емас, авом билан суҳбатлашишдан сақланарди. Қора этик кияр, салласини донишмандларга ўхшаб ўрар ва учини икки елкаси орасига ташларди. Яхши кетмон чопарди. Ишсиз, текинхўр ва еявериб семириб кетган одамларни дўст тутмасди.

Табобат илми билан алоқадор нарсалардан сўзларди. Йўлда кетаётиб, ҳар томонга алангламасди. Мажлисда барчага тааллуқли сўзлардан гапирарди. Масжидга, хонақоҳга ва уйига ўнг оёқ билан кириб, чап оёқ билан чиқарди. Ўнг қўл билан овқатланар, кам таом ер эди, бошяланг намоз ўқимас ва овқатланмас эди. Баланд овозда қироат қилмасди. Агар кунда юз марта таҳорати синса ҳам қайта таҳорат қиларди. Масжид, саҳро, маҳалла, қишлоқ ва тоғларга кўп чиқар, у ерда яшовчи турк, тожик, араб, эркагу аёл, хожа, дарвиш, қул, савдогар, хўжайин, чўпон, туякаш, таниш-нотаниш ҳар хил тоифадаги кишиларга Исломдаги фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, одоб, ҳаром, ҳалол, мубоҳ ва макруҳ нарсалар, ҳайз, нифос, истиҳоза, олди-сотди ва ҳоказо муомалалардан сўз юритар, имкон ва тоқатларига кўра тушунтирар эди.

Кимдан бир яхшилик кўрса, уни бир неча баробар қилиб қайтарарди. Ёнида доимо хурмо,йирик майиз ва кулча олиб юрар, атрофидагиларга улашарди. Шайхининг ҳузурида гапирмас эди. Одамларнинг экинзорларидан ўтмасди. Намозни чўзиб юбормасди. Уй-рўзғор ишларини ўзи бажарар, тегирмонга ўзи борарди. Баҳорда кўп саёҳат қиларди. Бамдод, ишроқ, аввобин, таҳажжуд ва истихора намозларини тарк этмас эди. Шаҳид бўлишни орзу қиларди. Садақа ва закот берар, эътикофга кирар, қурбонлик қилар, қул озод этарди. Ҳақ таолонинг таҳдидидан қўрқар, ваъдасига умидвор бўларди. Кўнгилдан севувчи ва севилувчи, сидқу сафо аҳлига мансуб бир инсон эди. Ихлосли, ҳалим ва саховатли зот эди. Аллоҳга доим шукр қилар, асло шикоят этмасди. Ҳақ қисматига рози, ҳар лаҳза ўлимга тайёр эди. Атрофидагиларга меҳру шафқатли, қарияларни ҳурмат қилар, норасидаларни эркалатарди. Омонатга хиёнат этмас, қариндош-уруғларини тез-тез зиёрат қилар, ҳар қандай хавф-хатардан Аллоҳга сиғинарди. Доимий равишда охиратни талаб қилар, Аллоҳдан тавфиқу тоат тиларди. Қўни-қўшничилик ҳақига риоя қиларди. Йўлларни йуловчиларга азият етказувчи нарсалардан тозалаб юрарди.
Иймонига шубҳа йўқ, «ҳақиқатан мўъминман» дер эди. Мусулмон жамоалар билан тортишмас, яхши-ёмон ҳар қандай инсоннинг орқасида туриб намоз ўқир, қибла аҳлидан бирортасини «кофир» демасди. Катта-кичикнинг жаноза намозини ўқирди. «Яхши ва ёмон ҳар қандай қадар Аллоҳдан» дерди. Ҳукмдорга бўйсунарди. «Иймон Жаноби Ҳақнинг лутфидир», — дер эди. «Банда бутун азамати ва мукаррамлигига қарамай барибир махлуқдир… Қуръон Аллоҳнинг бандаларига айтган сўзидир, махлуқ эмасдир», дер эди. «Қабр азоби, Мункар ва Накир (савол-жавоби) ҳақдир. Тирикларнинг дуосидан ўликларга наф етади, — дер эди.

«Пайғамбар алайҳиссаломнинг шафоати ва меърожи ҳақдир. Амал китоби ўқиш ва сирот кўприги ҳақдир. Ўн саҳоба (ашараи мубашшара) жаннатийдирлар. Кофир доим азобда25. Ўликнинг суягидаги оташ тошдаги оташ кабидир», — деб айтарди. «Аллоҳ таолонинг дийдорини кўриш ҳақдир. Пайғамбарларнинг мартабаси авлиёнинг мартабасидан баланддир. Авлиёнинг каромати ҳақдир. Пайғамбарларнинг ақли авлиёнинг ақлидан устундир. Мўъминларнинг ақли кофирларникидан афзалдир. Ҳақ таоло ҳақиқий маънода билувчи ва қудрати билан қувватли», — дерди.

«Инсонлар беш тоифага бўлинадилар: мўъмин, кофир, мунофиқ, гуноҳкор ва мушрик. Иймон ҳақиқийдир, мажозий эмас», — дер эди. «Душманларингни хурсанд қилинглар», — дер эдилар. «Ҳақнинг тавфиқи банданинг феъли ва ғайратига боғлиқдир. Иймон икки аъзодаги бир нарсадир. Аллоҳ таоло ҳеч нарсага ўхшамайди, бошқа нарсалар ҳам унга ўхшамайди. У муайян бир маконда эмас. Балки маконни Яратувчидир. Унга макон ҳожат эмас. Касб қилиб кун кечириш фарздир. Солиҳ амал иймондандир. Иймон тоатдир, аммо ҳар қандай тоат иймон эмас. Ҳар қандай гуноҳ иш куфр бўлавермайди. Пайғамбарлар, валийлар, мўъминлар, солиҳ зотлар ва гуноҳкорларнинг иймони билан Жаброил алайҳиссаломнинг иймони бир хил. Имомнинг нуқси қавмга уради. Иймон ортмайди ва камаймайди.Аллоҳнинг севикли бандаларидан бу меҳнат ва муҳаббатлари туфайли илоҳий амрлар соқит бўлмайди», — дер эдилар 26.

Суи хотима (иймонсиз кетиш)дан қўрқарди. Тутган йўли ва танлаган мезони юқорида зикр қилинган тарзда эди27. Мазҳаби (Имоми Аъзам) Абу Ҳанифа ва асҳоби тутган йўл эди. Фақирлик ва йўқсилликни хуш кўрарди. Баъзи дарвишлар чориқ киярдилар ва ҳазрати шайх масҳ тортишни буюрардилар.Таомни ейишдан аввал «бисмиллоҳ»,ниҳоясида «алҳамдулиллаҳ» дер эди. «Ҳуш дар дам» (Ҳар бир нафасни идора этиш, онгли тарзда чиқариш), «назар бар қадам» (оёғингиз остига ва олдингизга қаранг), «сафар дар ватан» (ватанда сафар қилинг) ва «хилват дар анжуман» (халқ орасида Ҳақ билан бирга бўлинг)», — дер эди. Зоҳирда ва ботинда машойих ҳузурида адаб, таъзим ва икром билан ўтирарди. Суҳбатдош, ҳаммаслак ва хизматдош биродарларига нисбатан қўли очиқ эди, уларни ўзидан устун кўрарди. Барча махлуқотдан рози эди. Ҳеч кимга ҳасад қилмас, бойликдан қўрқарди. Гоҳида: «Эй азаматли подшоҳлар ва нодону ғофил, жоҳиллар, дарвишларнинг хилватдаги руҳий лаззатларидан ғофилсизлар. Бошқаларни дил зикри билан баҳраманд қилинг. Нафсни танишга ва кўнгилга келадиган тушунча (хавотир)ларни билишга ҳаракат қилинг», — дер (ва қўшимча қилиб: «Эй Абдулхолиқ, хавотирни билиш иши сенга ҳавола қилинди»)28, «Зоҳирингизни парокандаликлардан халос этинг, чунки зоҳиран пароканда кишининг ботини ва кўнгли ундан ҳам баттар пароканда бўлади», — дер эди.

Кофирлар, насроний, оташпараст ва зардуштийларнинг уйларига борар, уларга ҳазрати пайғамбар алайҳиссаломнинг фазилатларини тушунтирар, жаннат ва дўзах ҳақида сўзлар,огоҳлантирар, исломни қабул қилишга даъват этарди. Натижада, улар исломни қабул қилишарди. Кейин улар шайх учун совға-салом инъом этишар, шайх ҳазрат ҳам уларга ҳадя билан жавоб қайтарардилар. Уларга диний амр ва таъқиқларни ўргатар, муридларига: «Уларни ҳурмат-иззат қилинг!», — дер эди. Муридлари билан бирга сайёҳатга чиқишни ёқтирар, «Ақлга эргашинг, нафсга мухолифлик қилинг, ақл ва нафс бир жойда жам бўлмайдиган бир-бирига зид икки нарсадир. Тоатга мағрурланманг. Дунёга берилманг ва дунёвий безакларга майл этманг», — дер эди. Доим шайхининг орқасида туриб намоз ўқирди-ю, ёнида турмасди. Аввал ўнг пойабзалини кийиб, тўпиғига эътибор берар, сўнг чап оёқ кийимини кияр эди.

Фарз намозидан кейин ўтириб «Оятул курсий», «Аманар расулу»,«Қулиллаҳумма маликал мулк» оятлариниўқир, сўнг суннат намозини адо этарди.Намозни ўз вақтида ўқир,кечиктирмасди. Қиш кечаларида ёстиқ ишлатар, ёзда эса бўйра устида суяниб ётарди. «Илоҳи,бизни нафсимиз билан ёлғиз ташлаб қўйма, бизга рози бўлганинг нарсаларни насиб айла,оқибатимизни хайрли қил, инсон шаклидаги шайтонлардан бизни узоқ тут!» — деб муножот қиларди. Муридларининг ҳурматини жойига қўяр, мажлисга келган-келмаган ва бир-бирини шикоят қилганларни бир-бири билан юзлаштириб, яраштириб қўяр, бир кишининг сўзига қараб, бошқасини ранжитмасди. Мабодо бириси келиб: «Фалон киши сизни менсимай тилга олди, ҳақорат қилди», — деса, «унинг айтганига розиман», — дер эди.

Қози, муфти, раис, имом, муаззин ва қоровулларга қилган хизматларининг савобини тушунтирар, уларни эзгуликка ташвиқ этиб: «Ҳақ томонида бўлинг!»,—дея насиҳат қиларди. Самарқанд пешволарига қалъа қуриш лозимлигини айтар эди. Агар капча -чўмич орқали қозонга чанг-тупроқ тушган бўлса, у таомдан емас эди. Касалларни зиёрат қилар, муҳтожларга қарз берар, лекин қайтиб олмасди. Шаҳзода Қусам ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)нинг қабрини зиёрат этарди. Дўстларидан бирортаси Чата, Тўқмоқ ва Урус қўшинларига қарши жангларда шаҳид бўлганини эшитса, жаноза намозини ўқирди. Бирон нарса ёки бирор кишини лаънатламас ва Чингизни дуоибад қилмасди. Муридларини гўшт ейиш (ғийбат) ва кўп сўзлашишдан манъ этарди. Ўзи ҳам кўп гапирмасди. Ҳужрасида бўйра, кигиз, кўза, икки ёстиқ ва қозондан бошқа нарса йўқ эди. Бойни мол-давлати туфайли камбағалдан устун кўрмасди. Ҳар доим фақир ва бой саҳобаларнинг аҳволларидан сўз юритар, муридларига ҳам уларга эргашишни буюрарди.

Қон олдирар, ништар урдирар, дору ичарди. (Ўзи ташкил этган) мадрасада талабаларга дарс берарди. Доимо таҳоратли юриб, овқатни ҳам таҳоратли ҳолда ерди29. Ишларида шошилмас, бапо ва қийинчиликларга сабр қилар, ҳар кимга сиррини ошкор этмас, ўзининг одатий ишларини тарк этмас, бир ишга кучи етмаса, ўзидан ранжиб, истиғфор этарди. Ҳар оқшом ўтган кунининг ҳисоб-китобини қиларди. Ризқ ғамини емасди. Кўп намоз ўқир, рўза тутар, муридларини инс, жин ва шайтон каби душманлардан огоҳлантириб: «Бу душманлар доимо таҳоратли юриш ва зикр қилиш билан даф этилади», — дер эди. Шайхидан нима эшитган ва кўрган бўлса, шуларни муридларига тавсия қиларди. Тўғри келган жойга ҳожат қилмасди. Гиёҳ ўсган жойларга бавл қилмас ва тупурмас эди. «Ҳақ» исмини кўп айтар, Аллоҳ таолони зикр қилмасдан таомга қўл узатмас ва: «Луқма ейиш бу — уруғ сепишдир. Уруғни онгли ва ҳушёр ҳолатда экиш керакки, қуввати таом бўлсин», — дер эди.

Либосини пешобдан эҳтиёт қилар эди. Бирон кишига ваъда берган бўлса, сўзининг устидан чиқарди.Мусулмонларга қўли ва тили билан зиён етказмасликка ҳаракат қиларди. Муҳтожларга ёрдам берарди. Бурнига хушбўй ҳид таралса, саловот келтирар, «Ла илаҳа иллаллоҳ ал-Малик ул-Ҳаққ ул-Мубин» ва «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи субҳаналлоҳил-азим ва биҳамдиҳи астағфируллоҳа мин кулли занбин ва атубу илайҳ» дуоларини, «Субҳаналлоҳ» калимасини охиригача кўп ўқирди. Доимий равишда бош оғриғидан қийналарди. Бир кун Хожа Ҳамидуддин Мултонийнинг мақоми (қабри)да: «Менга бу дард берилганига қирқ уч йил бўлди. Саҳобалардан баъзилари ҳам доим бир дард билан оғриб юрар, аммо улар буни халқдан яширар эди», — дедилар. Бева, ғариб, етим ва мусофирларнинг аҳволини сўраб-суриштирар, уларни қўллаб-қувватлар эди.

ШАЙХНИНГ САМАРҚАНДГА КЕЛИШ САБАБИ

Ҳамадон шаҳридан ҳазрати шайх билан бирга (қуйидаги) ўн бир киши келган эди: 1. Абу Мусо Ходим. 2. Бу ожиз банда Абдулхолиқ30. 3. Имом Яҳъё Ғатфарий. 4. Хожа Исҳоқ. 5. Хожа Рибот. 6. Хожа Закариёнинг акасининг ўғли. 7. Хожа Одам Шодворий. 8. Хожа Муҳаммад Ҳаким Сарпулий Балхий. 9. Хожа Муҳаммад Чилла31. 10. Хожа Қурайш. 11. Бобо Сулаймон Орифи Туркий.

Шайхимиз Юсуф Ҳамадонийнинг Самарқандга келиш сабаби шундай эди: Хожа Ҳамидуддин Мултоний вилоятга кетади, орадан олти йил ўтади. Хожа Хизр алайҳиссалом Малатяда эди. У ерда Имом Молик наслидан Абдулжамил исмли бир юз ўн уч ёшли бир одам яшарди. Ҳақ таолодан бир фарзанд тиларди. Ўша аснода Малатя подшоҳига қарши душман пайдо бўлиб, уни мамлакатидан қувиб чиқариб, мол-мулкини эгаллаб олади. Малатя подшоҳи дашту саҳрода кезар, соқоли ва қошларини тарошлаган эди. Тасодифан йўлда Абдулжамилнинг уйига кўзи тушади. Бир неча кундан бери ҳеч нарса емагани учун бу хонадон аҳлидан егулик сўраш хаёлига келди. Уйга яқинлашганида дўстлик бўйи димоғига урилди. Кекса бир ота-хонга кўзи тушди, унга салом бергач, рум тилида: «Бу вилоятнинг лашкариданман. Бир неча кундан бери ҳеч нарса еганим йўқ», — деди. Хожа Абдулжамил: «Уйга киринг», — деди. Подшоҳ уйга киргач, уни ўтқазиб, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. Сув келтириб: «Таҳорат қилинг», — деди. Подшоҳ таҳорат олгач, кекса Абдулжамил «таҳорат учун шукр намози ўқинг», — деди. Подшоҳ намозни адо этгач, Абдулжамил турли неъматларга гўла бир дастурхон келтириб, подшоҳнинг олдига ёзди. Подшоҳ истаганича тановул қилди.

Кейин унинг кийимларини ювдилар. Соч-соқолини тартибга келтирдилар ва: «Истироҳат қилинг», — дедилар. Подшоҳ уйқуга кетади. Уйғонгач, йиғлай бошлади. Кўп йиғлади. Хожа Абдулжамил подшоҳнинг кўп йиғлаганини кўриб, бунинг сабабини сўради.Подшоҳ:

«Айтолмайман», — деди. Хожа Абдулжамил қасам ичди ва: «Айт, уялма», — деди. Подшоҳ унга қараб: «Мени танийсизми?» — деди. Хожа: «Малатя подшоҳи бўлсанг керак», — деди. Подшоҳ: «Ҳа», — деди. Хожа Абдулжамил: «Вилоятингни қайтариб олмоқчимисан?», — деб сўради.

«Албатта, оилам, бола-чақам номаҳрамларнинг қўлида», — дейди подшоҳ. Хожа: «Агар вилоятингни қайтариб олсанг, менга қизингни берасанми?» — деб сўраганида, подшоҳ бу таклиф-шартни қабул қилди. Хожа деди: «Сен падаримиз Имом Молик мақбарасига бориб, у ерда қирқ кун чилла ўтиришинг керак». Подшоҳ қабул қилди ва Имом Молик мақбарасига равона бўлди.

Вилоятни қўлга киритган золим ҳукмдор эса халққа зулм қилар, мусулмонларнинг мол- мулкини, бола-чақаларини тортиб олиб, истаганича тасарруф этарди. Шу боис халқ қийин аҳволда қолган эди. Эски подшоҳни эса излаб тополмасдилар. Халқнинг оқсоқоллари Хожа Абдулжамилнинг ҳузурига келиб, аҳволни тушунтирдилар. Хожа: «Мен сизларга аввал айтгандим, подшоҳингиз билан бирга бўлинг, у билан бирга жанг қилинг, дегандим. Аммо танбаллик қилдингиз, энди қилган хатоингизнинг жазосини тортяпсизлар», — деб койиди. Шунда халқ пешволари: «Бизга ўша подшоҳимиз керак, маънавий ҳиммат кўрсатинг, уни топиб беринг», — дея илтижо қилдилар. Хожа: «Кечаси зирҳларингизни кийиб, қуролланинг. Подшоҳга ҳужум уюштиринг, уни ва одамларини асир олинг, мен эса подшоҳингизни олиб келаман», — деди. Хожа шундай дегач, одамларни жўнатди ва Имом Моликни зиёрат қилишга йўл олди. Зиёратгоҳда подшоҳни кўрди, у анча озиб қолган эди. Подшоҳ Хожани кўриб, ўрнидан турди, ҳурмат кўрсатди ва ундан Малатя вилоятини қайтариб олишда ёрдам беришини сўради. Хожа: «Вилоятингни сенга топширдик, ўрнингдан тур ва уловингга мин», — деди. Румнинг пешволари унинг (подшоҳнинг) истиқболига чиқдилар ва Хожанинг айтганини қилиб, подшоҳни кутишарди. Подшоҳнинг келганини эшитиб, дарҳол шаҳар ташқарисига чиқишди, уни тахтга ўтқазишди. Душманларни оғир занжирларга солиб олиб келишди ва ҳукмдорнинг буйруғи билан қатл этишди. Шаҳар ичига киргунга қадар тантана қилиб, қизни Хожага узатиш тараддудини кўрдилар. Подшоҳ Хожага: «Қизимни қабул қилинг!»,—деди. Хожа подшоҳ қизини никоҳлади ва Рум диёрига йўналди. Ҳақ таолонинг тақдири билан у қиз Хожа Абдулжамилга бир ўғил туғиб берди. Унга Хожа Абдулхолиқ деб ном қўйдилар.
«Муҳтарам отам исмимни Хожа Хизр алайҳиссалом танлаганини айтарди. Йигирма икки ёшга тўлганимда Хожа Хизр алайҳиссалом мени ҳазрати шайх Юсуф Ҳамадонийга олиб борди.

Шайх Хизр алайҳиссаломнинг олдида менга қалб зикрини талқин этдилар. Кейин Хизр алайҳиссалом ҳазрати шайхга: «Сиз Самарқанд шаҳрига боришингиз керак», — деди. Шундай кейин Шайх Юсуф Ҳамадоний исмлари юқорида айтиб ўтилган азизлар билан бирга  Самарқандга келдилар. Ғатфар туманининг Хушвуруд маҳалласида яшай бошладилар. Уч ой ўтиб, Хожа Ҳасан Андоқий ва Хожа Аҳмад Яссавийлар шайхнинг суҳбатига келиб қўшилдилар.

Шайх уларга ҳам қалб зикрини талқин этдилар. Тўққиз ойдан кейин Хожа Абдуллоҳ Баррақий келиб, мурид бўлди.Бу азизларнинг даврида Самарқанд, ҳатто Амударё бўйидаги  вилоятлардан тортиб, Қора Хожагача, Хоразм вилоятидан то Бадахшонгача бўлган минтақада бидъатчи ва нафсу ҳавосига тобеъ бўлган бирон эътиқоди бузуқ киши қолмади.

ШАЙХНИНГ ВАФОТ ТАРИХИ

Ҳазрати шайх Юсуф Ҳамадоний Муҳаррам ойининг йигирма саккизинчи куни пайшанбада вафот этганлар.Тафсилоти шундай:Пешин намозини адо этгач, меҳробга суяниб, муридларига: «Сув иситинг!» — дедилар. Муридлар йиғладилар. Шайх ҳазратлари Абдуллоҳ Баррақий, Ҳасан Андоқий, Аҳмад Яссавий ва бу фақир Абдулхолиққа ҳамда ўша ерда ўтирган қолган дўстларига қараб шундай дедилар: «Биз ўрнимизга вакил сифатида Хожа Абдуллоҳ Баррақийни ихтиёр этдик. Унга эргашингиз, мухолафат этмангиз. Иршод навбати сизга келгач, гўзал ва саодатли ҳаёт кечиринглар, муридларга қалб зикри қилишларини, баланд овоз билан зикр этмасликни тушунтиринг. Султон Санжар ибн Маликшоҳ учун ёзилган одоб ҳақидаги хусусларни муридларингизга ҳам англатинг!»

Кейин муборак юзларини Хожа Аҳмад Яссавийга ўгириб: «Фотир,Ёсин ва Нозиат сураларини тиловат қилинг!» —дедилар. Хатм тугагач, дўстлардан бир фарёд кўтарилди. Шунда шайх ҳазратлари: «Ҳақ таолонинг шундай бандалари борки, уларнинг жон беришини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди», — деб қуйидаги байтни ўқидилар:

Ошиқон чунон жон бидиҳанд,
К-он жо малак ул-мавт нагунжад ҳаргиз.

(маъноси: Сенинг диёрингда ошиқлар шундай жон берурларки, У ерга ўлим фариштаси асло сиғмайди)

Кейин улуғ шайхнинг юзларида бир ўзгариш рўй берди. Хожа Абдуллоҳ Баррақий муридларга боқиб: «Сизлар чиқингиз!», — деди. Шайх: «Мени шу уйга дафн этингиз, жанозамни Масжиди жомеъда қилинг, қизимни Саййид Шарофуддиннинг ўғлига никоҳланг», — дедилар. Шайх ҳазратнинг рафиқаси у зотдан қирқ кун аввал вафот этган эдилар. Уни Чокардизага дафн этишганди. Кейин дедилар: «Мени Хожа Абдуллоҳ Баррақий ғусл қилдирсин, қабрга Ҳасан Андоқий қўйсин». Шу онда Хизр, Илёс, Абдол, Ғавс ва Қутб кириб келдилар. Бу эранларнинг ҳар бири ҳазрати шайх билан видолашдилар. Кейин Хожа Хизр алайҳиссалом қўлини узатиб, шайхга оппоқ олма берди. Шайхимиз олмани ҳидлаб, Ғавсга бердилар, Ғавс ҳам ҳидлагач, шайхимиз: «Эй дўстлар, жаноза намозига тайёргарлик кўринглар, Аллоҳнинг бандаларига меҳрибон бўлинг, Ғавсни менинг ёнимга дафн этинг!» — дедилар. Васияти тугагач, шайхимизнинг жон қуши охират оламига қанот қоқти. Ғавс ҳам шайхимизга мувофиқ баданини бўшатди, жон берди. Пешқадам улуғлар32 ўша ерда эдилар, шайхнинг васиятини адо этдилар, жаноза намозини ўқидилар,қабрга дафн этгач, «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз» (Бақара сураси 156-оят), дедилар. Ғавсни ҳам ўша уйга кўмдилар. У уйни очиб, суффа иморат қурдик.

Рисола тугади

ИЗОҲЛАР

1 Абдураҳмон Жомий. Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-ҳудс. Теҳрон, 1370. с. 383.
2 Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. Ўн еттинчи жилд, Насойим ул-муҳаббат. Тошкент, 2001. 253-бет.
3 Абдулхолиқ Ғиждувоний. Рисолаи соҳибия. Нашрга тайёрловчи Саид Нафисий. Фарҳанги Эронзамин, I (1332/1953),78-101-б.
4 Камолиддин Афанди Ҳаририйзода. Тибёну васоилил-ҳақойиқ фи баёни салосилит-тароиқ. Сулаймония кутубхонаси, Иброҳим афанди бўлими, № 430 (I, 379 а-389 б).
5 Абдулхолиқ Ғиждувоний, Мақомоти Юсуф Ҳамадоний, Ўз Р ФАШИ, № 2533, 20-37 в.
6 Доктор Наждат Тўсун нашрга тайёрлаган «Ҳаёт нима?» («Рутбатул-ҳаёт») Аҳмад Яссавийнинг устози Хожа Юсуф Ҳамадоний» (Истанбул. 1998) китобида Юсуф Ҳамадонийнинг «Рутбат ул-ҳаёт», «Тариқат одоби» «Инсон ва коинот ҳақида рисола» асарларининг туркча таржималари билан бир қаторда, Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний» таржимаси ҳам ўрин олган бўлиб, муаллиф ушбу таржималарни юқорида тилга олганимиз учта нусха асосида амалга оширган.
7 «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний»нинг тўрт нусхаси мавжуд: 1. Саид Нафисий томонидан ягона нусхага асосланиб, «Рисолаи соҳибия» номи билан нашр этилган (Абдулхолиқ Ғиждувоний. Рисолаи соҳибия. Фарҳанги Эронзамин, I. 1953. 78-101-6.) 2. Камолиддин Ҳаририйзоданинг «Тибёну васоилил-ҳақойиқ фи баёни салосил ит-тароиқ» асари ичида (Истанбул, Супаймония кутубхонаси, Иброҳим афанди бўлими, № 30.1. 379 а-389-б. Бу нусха Нафисий нашридан анча мукаммал). 3. Абдулхолиқ Ғиждувоний. Мақомоти Юсуф Ҳамадоний. Ўз РФАШИ№ 2533,20-37-в. (Маҳмуд Ҳасаний ва Гулбаҳор Музаффар қизи бу асардан баъзи парчаларни эълон қилишган. Қаранг: «Хожаи Жахон Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» (Тошкент, 1994,18-22-6). 4. Мулла Абдулҳаким тайёрлаган ва Ираж Афшар томонидан нашр этилган форсча «Қандия» асарида қисқача нақл этилган (Теҳрон. 1955, 6-16-6.) Қўлингиздаги ўзбекча таржима «Рисолаи соҳибия», «Тибён» ва ЎзРФАШИ нусхаларини қиёслаган ҳолда амалга оширилди. ЎзРФАШИдаги қўлёзма (бундан кейин бу нусха «Т.н.» (яъни, Тошкент нусхаси) қисқартмаси билан берилади) ҳижрий 1235 (мил. 1720) йил Ражаб ойида кўчирилган бўлиб, настаълиқ хатида битилган. Қўлёзмадан бир неча рисолалар ўрин олган. Илк рисоланинг (1-19-в) Истанбуллик Мавлоно Афанли Румий Биркий қаламига мансублиги қайд этилган. Бу эса қўлёзманинг Истанбулдаги «Тибён» нусхаси билан яқиндан ўхшашлигини кўрсатади. Ушбу рисолага мавзуларга қараб шартли равишда сарлавҳачалар қўйдик (Тарж.)
8 Т.н.да «авлиёларнинг» дейилган.
9 Т.н.: «оятининг».
10 Т.н.да «Муҳаммад» исми учрамайди.
11 «Тибён» нусхасида бу шажара Абу Ҳанифа ибн Собитга қадар давом этган. Т.н.да эса Одам алайҳиссаломгача боради. Биз таржимада шажара номларини қисқартириб бердик (тарж.).
12 Т.н.да шу сўздан кейин: «Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакри Сиддиқ» исми қайд этилган. «Соҳибия»да эса қайд этилмаган.
13 Т.н.да «Абулқосим Гургоний» исми ҳам бор.
14 Т.н.да шу сўздан кейин: «ўзларидан кейин тўртта яқин кишиларини халифа қилиб қолдирдилар: 1. Хожа Абдуллоҳ Фаромукий Шерозий, 2. Хожа Исҳоқ Фахр Насрободий, 3. Хожа Ҳамидуддин Мултоний, 4. Ва мен — Хожа Юсуф ибн Яъқуб Ҳамадоний. Хожа Али Калон Формадий Тусий вафотидан сўнг Хожа Абдуллоҳ Фаромуқий халқни Ҳақ йўлига даъват қилдилар. Бизлар уч киши ва қолган ёронлар адаб юзасидан у кишига мулозамат килардик. Чунки пешқадам ёр ҳузурида адаб сақлаш сулук заруратларидан эди. Хожа Абдуллоҳнинг охират сафари яқинлашганда муридларини Хожа Исҳоқ Насрободийга топширдилар. Ўз навбатида, Хожа Исқоққа ҳам охират сафари яқинлашганда юқоридаги тартибга биноан муридларини Хожа Ҳамидуддин Мултонийга қолдирдилар. Муридларнинг барчаси Хожа Ҳамидуддин Мултоний хизматига ҳозир бўлдилар. У зот халқни тўғри йўлга даъват қилиб, қалб зикрини талқин қиларди, фойдали васиятлари оламга ёйилган эди. Хожа Али Калоннинг руҳониятлари у кишини Мултон вилоятига боришга амр қилди. Хожа Ҳамидуддин Ҳинд диёрига сафар қилдилар. Сафардан сўнг Хожа Али Калон Формадий Тусийдан зоҳиру ботин илмида камол топган мухлис ва муридларидан Имом Муҳаммад Ғаззолий ва унинг биродари Аҳмад Ғаззолий, Юнус Сижовандий Тусий, Саййид Аҳмад Байдостоний, Хожа Сулаймон Форобийларким, камина фақир (Юсуф Ҳамадоний)га ишорат қилиб, Хожа Ҳамидуддин Мултонийнинг ўрнига қойиммақом — халифа бўлишни, улуғ шайх (Хожа Али Формадий) қабрида халқни Худога итоат қилишга, ҳою хавас, бидъатлардан қайтаришга даъват қилдилар. Хожа Ҳамидуддин Мултоний сафаридан кейин Хожа Али Калон Формадий турбатида бўлган эдим».
15 «Тибён» нусхасида «Ҳамидуддин Мултоний руҳидан» деб ёзилган.
16 Т.н.да шу сўздан кейин: «Хожа Деҳқон, Шайх Бакриддин, Шайх Умриддин, Шайх Абулқосим бин Юсуф, Шайх Лолойи Чокар, Шайх Муҳаммад (уларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин) каби»
17 Т.н.да «Хожагий».
18 Т.н.да шу сўздан кейин: «Хожа Алийёна, Хожа ал-Ҳакам, Хожа Шамсиддин Ғатфарий, Шайх Низомиддин Мотрудий, Хожа Мухаммад, Хожа Козируний Гулободий, Хожа Шаръий Муҳаммад, Хожа бул Ғатфарий, Абу Мусо, Имом Яҳё Ғатфарий, Хожа Исҳоқ, Хожа Сулаймон Орифи Туркий, Хожа Жуқла, Хожа Қурайш, Хожа Одам Шавдорий, Хожа Работ».
19 «Тибён» нусхасида «йигирма кун» дейилган.
20 «Тибён»да «ўн минг» дейилган.
21 Кейин уйланганлар (Тарж.)
22 Манбаларда Юсуф Ҳамадонийнинг қабри Туркманистоннинг Марв шаҳрида эканлиги айтилади. Дарҳақиқат, бугунги кунда у ерда Ҳамадонийнинг зиёратгоҳ қабри мавжуд. Абдулхолиқ Ғиждувоний устозининг қабрини Самарқанддаги Ғатфар тумани, Хушвуруд маҳалласида деб кўрсатмоқда. Бу маълумотни ва Ҳамадоний ҳазратларининг дафн этилган ерини тўғри аниқлаш келгусидаги тадқиқотлар мавзусидир (Тарж.).
23 Т.н.да: «Луқмот».
24 Калимаи радди куфр: «Аллоҳумма инний аъузу бика мин ан ушрика бика шайъан ва ана аъламу вастағфирука лима ла аълам. Иннака анта алламул ғуюб» (мазмуни: Аллоҳим, сенга бирон нарсани шерик қилиб қўйишдан паноҳ тилайман. Билганим ва билмаганим мавзуларда сендан мағфират сўрайман. Албатта, сен яширин нарсаларни энг яхши билувчисан).
25 Т.н.да шу сўздан кейин: «Худойи таоло мўъминлардан (бирортасини) хоҳлаган мнқдорда азоблайди».
26 Т.н.да бу жумла йўқ.
27 Т.н.да шу ерда: «Суннат шудирки, Расул алайхиссалом буюрган ва қилган ишдир. Жамоат шудирки…» жумласи бор.
28 Қавс ичидаги жумла «Рисолаи соҳибия»дан киритилди.
29 Т.н.да шу сўздан кейин: «таомни туз билан бошларди».
30 Демак, Абдулхолиқ Ғиждувоний Бухородан Юсуф Ҳамадоний ҳузурига бориб мурид бўлган ва мазкур кишилар билан бирга қайтиб Бухорога келган (тарж.)
31 Т.н.: жўҳла.

promise1142015120611Show.jpg
Musulmon Sharqida mashhur tariqat piri, xojagon-naqshbandiya silsilasining asoschisi Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniy tavalludining 900 yilligiga bag’ishlab chop etilgan ushbu mo»jaz risola Markaziy Osiyo xalqlari ma’naviy hayotida yorqin iz qoldirgan xojagon tariqati buyuk namoyandalarining hayoti, faoliyati, fikr-qarashlari, kashfu karomatlari va ijod namunalari bilan muxtasar tarzda tanishtirishni ko’zda tutadi. Birlamchi manbalarga tayanib yozilgan, ishonchli va yangi ma’lumotlarga boy, tasavvufning ko’plab nazariy va amaliy masalalarini oydinlashtirishga yordam beradigan, Alloh, olam, hayot va inson kamoloti bilan bog’liq ibratli rivoyat-hikoyatlar, valiy zotlarning teran falsafiy fikrlari va bebaho hikmatli so’zlari ilova qilinganligi jihatidan u keng o’quvchilar ommasiga manzur bo’ladi, degan umiddamiz.

Tarjimon, nashrga tayyorlovchi va so’zboshi mualliflari:
Sayfidqin SAYFULLOH,
Nodirxon HASAN,
filologiya fanlari nomzodlari

Mas’ul muharrir:
Ibrohim HAQQUL,
filologiya fanlari doktori, professor

Gulshani jahon ichra sarvi navniholim bor,
Yetmayin visoliga nolai fig’onim bor.
Bori furqati birla qomati kamonim bor,
Arzu dodim ayturga salomatli xonim bor.
Boshima Humo yanglig’, shukr, soyabonim bor,
G’avsi murshidi komil — Xojai Jahonim bor…

Muxlis Namangoniy

XOJAI JAHON —
XOJA ABDULXOLIQ G’IJDUVONIY
Sayfiddin Sayfulloh, Nodirxon Hasan

009

i_018.jpgXojagon tariqatining asoschisi Xojai Jahon — Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniy hazratlari ona-Vatanimizning ma’naviy, madaniy rivojiga salmoqli hissa qo’shgan ulug’ allomalardandir. U zoti sharif 1103 yil Buxoroyi sharifning G’ijduvon tumanida tavallud topib, 1179 yil shu diyorda vafot etganlar. Otalari — Imom Molik naslidan bo’lgan malatyalik Imom Abduljamil ham olim va orif kishi bo’lgan.

Abdurahmon Jomiy hazratlarining «Nafahot ul-uns» asarida yozilishicha, ahlullohdan Xizr alayhissalom yosh Abdulxoliqni ma’naviy farzandlikka qabul qiladi va unga «zikri dil» (qalb zikri)ni o’rgatadi1. Bu zikr vazifasini doimiy ravishda bajarishga odatlangan Xoja Abdulxoliq ulug’ fayzu futuhga erishadilar. Unga qalb zikriii ta’lim bergan va ma’naviy farzandlikka qabul qilgan ustozi Xizr alayhissalom bo’lsa, suhbat va xirqa piri ulug’ shayx Xoja Yusuf Hamadoniydir. Shayx hazratlari Buxoroyi sharifga tashrif buyurganlarida yigirma ikki yoshli Xoja Abdulxoliq Xizr alayhissalomning tavsiyasi bilan unga murid bo’ladi, suhbatlaridan bahra topib, tez orada ma’naviy kamolot xosil qiladilar. Yusuf Hamadoniyning xalifalaridan Xoja Ahmad Yassaviy hazratlari Yassiga qaytarkan, ustozining vasiyatiga binoan muridlarini Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniyga topshiradilar. Shundan keyin Buxoroda murshidlik qila boshlagan bu ulug’ zotning muridlari safiga oddiy xalq qatori, ko’plab amaldorlar, hatto Buxoro hukmdorlaridan Muhammad Umar Sadr ham qo’shiladi. Xoja Abdulxoliq hazratlarining obro’-martabalari faqatgina O’rta Osiyo hududi bilan cheklanmaydi. Shom diyorida ham ul zot xonaqoh barpo etib, muridlar tarbiyasi bilan shug’ullanganliklari rivoyat qilinadi.

Alisher Navoiy hazratpari «Nasoyimul-muhabbat»da boshqa ulug’ mashoyixlar qatori, Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniyni ham yuksak ehtirom bilan tilga oladi. Xojai Jahonning tutgan yo’llari tariqatda hujjat va namuna hisoblanganligi, Haq bilan nohaqni ajratuvchi, adolatli kishilar nazdida maqbul va mo»tabar bo’lib, hamisha sadoqat va soflik yo’lida yurganligi, shariat va sunnatga rioya qilganligi, turli bid’atu xurofotlarga qarish tinimsiz kurashganligini qayd etadi 2.

Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniy xojagon-naqshbandiya tariqatining yetuk murshidridan. Uning rivojiga ulkan hissa qo’shgan pirikomildir. Ulzot, birinchidan, xojagon sulukida xafiy zikrni boshlab bergan bo’lsa, ikkinchidan, ustozi Xoja Yusuf Hamadoniy tomonidan ishlab chiqilgan va xojagon-naqshbandiya tariqatining bosh shiorlariga aylanib ketgan «hush dar dam», «nazar bar qadam», «safar dar vatan», «xilvat dar anjuman» qoidalariga yana to’rtta: «yodkard», «bozgasht», «nigohdosht», «yoddosht» kabi rashhalarni ilova qildi. «Kalimoti qudsiya» deb ataladigan burashha-qoidalarga uning izdoshi va ma’naviy farzandi Xoja Bahouddin Naqshband hazratlari yana uchta: «vuqufi zamoniy», «vuqufi adadiy» va «vuqufi qalbiy» qoidalarini ilova qilib, naqshbandiyaning yaxlit nazariy tizim tamoyilini shakllantirganlar va suluk tarbiyasini yanada rivojlantiradilar. Shu bois Abdulxoliq G’ijduvoniy hazratlari «sarhalqai silsilai naqshbandiya» nomi bilan ulug’langanlar. Xoja Abdulxoliq hazratlari paygambarimiz Muhammad alayhissalomdan boshlangan tariqat silsilasida Yusuf Hamadoniydan keyin o’ninchi halqa pir edilar. Xoja hazratlari bu halqaning davom etishi uchun vafotidan oldin Xoja Ahmad Siddiq, Xoja Orif Revgariy, Xoja Avliyoyi Kabir (Avliyoyi Kalon), Xoja Sulaymon Karmaniylarga xalifalik ijozati berganlar. Bu zotlarning har biri irshod ishlariga mashg’ul bo’lishgan. Naqshbandiyaning oliy halqasini esa Xoja Orif Revgariy hazratlari davom ettirganlar…

Xoja Abdulxoliqning muborak ruhi shariflari Xoja Bahouddin Naqshband hazratlarini tarbiyat qilganligi uchun u zot Bahouddin Naqshbandning uvaysiy-ma’naviy piri hisoblanadi.

Bahouddin Naqshband hazratlariga zikri xufya (ovoz chiqarmay zikr qilish)ni o’rgatgan ham ul zoti azizdir.Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniy hazratlari tariqat piri, muridlar tarbiyachisi bo’lish bilan bir qatorda, «Vasoyo» («Vasiyatnoma», «Odobi tariqat», «Haqoyiq ul-iymon», «Daqoyiq ul-irfon» degan nomlar bilan ham ataladi), «Maqomoti Yusuf Hamadoniy», «Az guftori Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniy» kabi asarlar muallifi hamdir.

Xojai Jahon hazratlarining pand-nasihatlari o’zlikni anglash, axloqni, botinni tuzatish, qalb imkoniyatlariga yo’l ochish, ma’rifat sirridan voqif bo’lib, sayru sulukni kamolga yetkazishda muhim asoslardan hisoblanib,insonni Haqning suyukli bandalaridan bo’lishga da’vat etadi.

Ushbu kitobcha uch mustaqil qismdan iborat. Aslida, har bir qism mustaqil bir asar — risoladir. Birinchi qismda Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniyning fors tilida bitilgan «Maqomoti Yusuf Hamadoniy» nomli asar tarjimasi berilgan. Biz bu asarni tarjima qilishda Eronda nashr qilingan «Risolai sohibiya» 3,Turkiyada saqlanayotgan «Tibyon» 4, O’zbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Abu Rayhon Beruniy nomidagi Sharqshunoslik instituti (O’zRFASHI) qo’lyozmalar xazinasidagi «Maqomot»5 nusxalaridan foydalandik. Matnlarning to’g’ri variantini tanlashda o’rni-o’rni bilan uchala nusxani muqoyasa etib, tarixiy va ilmiy haqiqatga muvofiqroq bo’lganini tanladik.

Mazkur asarida Abdulxoliq G’ijduvoniy ustozi Shayx Yusuf Hamadoniyning surat va siyrati, go’zal axloqi, yurish-turishi, ibodati, hayot faoliyati va shogirdlariga munosabati xususida atroflicha ma’lumot beradi. Shuningdek, tariqat ahllarini Yusuf Hamadoniyning namunali hayot tarzidan ibrat olishga chaqiradi.

Darhaqiqat, asarni o’qir ekanmiz, ko’z oldimizda ilohiy fayzga to’lib-toshgan nuroniy pir, Haq ishqiga g’arq bo’lgan, ilmu ma’rifatda yetuk, insonlarga mehr-shafqatli, valiy, komil bir inson siymosi gavdalanadi. Bu kabi maqomotlarni o’qigan har bir kitobxon qalbida ulug’larimizga nisbatan muhabbat uyg’onadi. Ularning izidan borishga, ulardan har jihatdan o’rnak olishga, oxirat ishini dunyo ishi bilan barobar yuritishga, taqvo ahlidan bo’lishga g’ayrat qiladi.

Risolaning ikkinchi qismi «Xojagon-naqshbandiya mashoyixlari» deb yuritiladi (bu qismni sahifa yakunida berilgan to’plamning to’liq matnida o’qishingiz mumkin).

Ma’lumki, yurtimizdan naqshbandiya tariqatining bir qancha komil vakillari yetishib chiqqan. Naqshbandiya tariqatining bosh halqasi — asosiy silsilasida diyorimizda faoliyat ko’rsatgan va qabri shariflari shu zaminda bo’lgan o’n bir nafar rahnamolarining nomlari qayd etiladi. Tasavvuf tarixiga oid tadqiqotlarda bu o’n bir zoti sharifning hayot va faoliyatlari, fikr va qarashlari keng tadqiqu tahlil qilingan. Ulardan yetti nafarining muborak qabrlari Buxoroyi sharifda, bittasi Surxondaryo, yana bittasi Samarqand, ikkitasi Qashqadaryodadir.

Biz mazkur risolada muxtasar tarzda bo’lsa ham ular haqida arabiy, forsiy va turkiy manbalardan mavjud ma’lumotlarni to’plab, o’quvchilar hukmiga havola etishga harakat qildik. Sir emaski, naqshbandiya bilan qiziquvchi ko’p kishilar bu zotlar to’g’risida o’qigan va eshitgan bo’lsalar-da, ularning hayot faoliyatlaridan, hatto qabrlarining qaerda ekanligidan xabardor emaslar. Bu zotlarga doir katta tadqiqotlar qilingan va bundan keyin ham ko’plab ishlar qilish mumkin. Mazkur mo»jaz risola kitobxonlarimizning bu ulug’ mashoyixlar hayot va faoliyatlaridan yetarli darajada xabardor bo’lishlariga yaqindan yordam beradi, deb umid qilamiz.

Risolaning oxirgi qismida Abdulxoliq G’ijduvoniyning ustozi Shayx Yusuf Hamadoniyning «Odobi tariqat» risolasini fors tilidan, «Inson va koinot haqida risola»sini arab tilidan tarjima qilib, tabarrukan ilova etdik (Bu asarlar saytda alohida tarzda taqdim etiladi) . Har ikkala risola tasavvufning muhim masalalariga bag’ishlangan. «Tariqat odobi»da suluk yo’liga kirgan har bir muridning qalb pokligi, nafs tarbiyasi, zikr vazifalari, shayxi bilan munosabati va hokazo mavzular muxtasar va asosli bayon etilgan. «Inson va koinot haqida risola» («Risola fi an-nal-kavna musaxxarun lil inson» — «Koinotning insonga bo’ysunganligiga doir risola»)da muallif insonning mulku borliqqa bo’lgan munosabati, maxluqot orasida tutgan yuksak o’rni, har bir insonning koinotdagi zaruriy ashyolardan istifoda etishi va unumli foydalanish darajalari hamda yo’llarini ko’rsatib beradi.

Muallifning fikricha, har bir inson koinotga me’yori bilan, to’g’ri munosabatda bo’lsa, koinot ham insonga foydali munosabatda bo’lib, unga xizmat qiladi. Biz tabiatga: suv, tuproq, havo qatlamlariga va boshqa hayotiy zaruratlarga ehtiyoj yuzasidan muomala ko’rsatsak, hayotimiz, yashashimiz ham shunga yarasha xotirjamlik va farovonlikda davom etadi. Yusuf Hamadoniyiing ushbu risolasidan shu narsa ma’lum bo’ladiki, o’z davrida mashoyixlarimiz ham, hozirgi til bilan aytganda, ekologiya masalalariga, tabiat va uni avaylab-asrashga katta ahamiyat berganlar.

Xoja Abdulxoliq G’ijduvoiiy va Xoja Yusuf Hamadoniy asarlarini tarjima qilishimizda bizga yaqindan yordam bergan, risolalarning asl matni ksero ko’chirmalarini bizga jo’natgan hamda o’zi nashr ettirgan kitobni6 qiyoslash uchun lutfan taqdim etgan turkiyalik naqshbandiyashunos olim, doktor Najdat To’sunga samimiy minnatdorchiligimizni izhor etamiz.

Xullas, ilk bor tarjima qilinib, kitobxonlarimizga taqdim etilayotgan Abdulxoliq G’ijduvoniy va Yusuf Hamadoniy risolalari hamda diyorimizdan yetishib chiqqan xojagon- naqshbandiya mashoyixlari haqidagi risola Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniy tavalludining 900 yilligi anjumani arafasida xalqimizga qimmatli bir tuhfa bo’ladi, degan umiddamiz. Yaratgandan barchamizga ulug’larimizga ixlosu muhabbatli, ular kabi ilmu irfonli, munosib izdoshlardan bo’lishni nasib aylashini tilab qolamiz. Mutasavvif adib Sulton Ahmad Haziniy ta’kidlaganidek, Xojai Jahon ta’limoti va ma’rifati yurtimizga hamisha quyosh kabi nurli ziyosini sochib turajak:

Xoja Abdulxoliq — ul piri xudo,
Naqshbandiyada shayxi porso…

Naqshbandiylarni bar naqshu murod, Xoja Abdulxoliq — ul piri rashod Bahravar qildi xafiy asroridan, Budir anvar naqshsiz anvoridan.

XOJA ABDULXOLIQ G’IJDUVONIY
MAQOMOTI YUSUF HAMADONIY
009

MUQADDIMA (7)

11541180_10153423914633899_870376048_n.jpgIloho, eng sara sifatlaring, ulug’vor jaloling, payg’ambarlaringning azamati, shahidlarning 8 qoni va mumtoz bandalaringning nafasi-joni hurmati, Sendan ilmda kamolot, rizqda barakot, o’lmasdan burun tavba qilish, o’lar vaqtda kechirilish, o’lgandan keyin rohat, jahannamdan najot, jannatga kirish va dunyoyu oxiratda ofiyat tilaymiz.

Ahadiyat saroyi bandalarining eng zaifi, Samadiyat martabasi ojizlarining eng kuchsizi Abdulxoliq ibn Abduljamil (Alloh uni soliklarning g’oyalari va oriflarning maqomlariga erishtirsin, omin, rabb ul-olamin) deydiki: «Aldanish, nash’alanish, nafsoniy tuyg’ular va shaytoniy vasvasalarning g’olib kelish davri bo’lgan yoshlik yillarida bu faqirning ko’nglida bir onda «Fazlu marhamat Allohning qo’lida bo’lib, uni faqat O’zi xohlagan kishshshrga ato etadi» (Hadid surasi, 29-oyat) oyatining jazbasi va haqiqatni talab qilish (muridlik) istagi tug’ildi. «Alloh sharafli ishlarni sevadi» jumlasining 9 taqozosi va «Alloh bilan suhbat qur (agar Alloh bilan suhbat qurolmasang, U bilan suhbat qilganlar bilan suhbat qur» so’zini idrok etish azmi meni bir qarorga keltirdi. G’aybning ilhom bag’ishlovchisi bu bechoraning fikr sahifasiga hidoyat qalami bilan shuni naqsh etardi: bu (ilohiy) ikromu ulug’ nasibaga va bu saodatga haqiqiy bir solikka ergashmasdan, shafqatli bir xojaning etagini tutmasdan erishish mumkin emas. «Kim bir narsani istasa va jiddu jahd qilsa, albatta, uni qo’lga kiritadi» hadisining to’g’ri hukmi va «Alloh O’zining bu nuriga O’zi xohlagan kishilarni hidoyat qilur» (Nur surasi,35-oyat) oyatining ravshanligi bilan muridlik boshimni u valiylik sardori, hidoyat qubbasi va u hamadonlik murshid, shayxlar shayxi Shayx Yusuf Hamadoniyning (unga Allohning rahmati bo’lsin) oyog’iga qo’ydim. Irodat ostonasining e’tikofchilari bilan va u haqiqat xonadonida sevgi dargohining mulozimlari bilan birga bu yo’lga kirdim. Bir muddat bu to’g’ri yo’lda u tariqat sayyohi va haqiqat dengizining g’avvosi, payg’ambarlarning xojasi (sallallohu alayhi vasallam)ning shariatiga ergashgan, g’ayb sirlarining kashshofi (Abu) Yusuf ibn Ya’qub ibn Abdulvohid ibn Abdulbosit ibn Tamtom ibn Boqir ibn Muhammad10 ibn Ismoil ibn Abu Hanifa No»mon ibn Sobit…11 payg’ambar hazratlariga mutobaat yo’lida niyat, tobelik va muhtojlik bilan qadam bosdim. Xizr alayhissalomshshg havola va tavsiyasi bilan u avliyolar sultoni bu ojiz zaifni va kuchsiz faqirni qalb zikrining talqini bilan sharaflantirdi.

Xuddi shu tarzda barcha insonlar — podshoh, vazir, olim, zohid, darvish, xullas, avomu xos hamma toifa bu ulug’ xoja va olimi rabboniy Shayx Yusuf Hamadoniyga ergashishlari kerak.
Chunki bu aziz shayx qat’iyan hazrati payg’ambar alayhissalomning diniga qarshi chiqmaganlar.

Sahoba, tobein, taba’a tobein va salafi solihinga ergashib yashaganlar, Hamadon shahrida ham, boshqa yashagan joylarida ham doimo ushbu muborak so’zni takrorlar edilar: «To’g’ri yo’l —
Alloh rasuli hazrati Muhammad sallallohu alayhi vasallamning yo’lidir. Chunki olamlar sarvari bunday marhamat qilganlar: «Ey Abu Hurayra, insonlarga mening sunnatimni o’rgat va sen ham amal qil, toki qiyomat kunida porloq bir nurga ega bo’lursan».

Hazrati payg’ambar sallallohu alayhi vasallamning ishorati shunday bo’lgani bois, yo’li pok bu buyuk shayx ham do’stlarini va o’ziga ergashganlarni, ya’ni Hasan Andoqiy, Xoja Abdulloh Barraqiy, Xoja Ahmad Yassaviy,Xoja Aliyyona,bu faqir Abdulxoliq ibn Abduljamil va xizmat qiluvchi boshqa darvishlarni ham nabaviy shariat shohko’chasiga chaqirardilar. Nafsoniy orzularga bo’yinsunishdan, bid’atdan, shariatga qarshi chiqishdan,botil va fitna ahlining yo’lidan va muqallidlarning taqlidlaridan muhofaza etar, ogohlantirardilar. Bu azizlarning yo’li barcha ofatlardan xolidir. Unda na ta’til (bo’shliq) rangi, na tashbih hidi bor (Allohning sifatlarini inkor etmaydilar va Uni boshqa narsaga o’xshatmaydilar). Aksincha, faqat xolis hidoyat va ma’rifat nuridan iboratdir.

YUSUF HAMADONIYNING MUBORAK O’GITLARI

Shayximiz muborak so’zlari bilan bunday deydilar: «Bu (tariqat) yo’li hazrati Abu Bakr Siddiq raziyallohu anhudan bizgacha yetib kelgan va qiyomatga qadar davom etajakdir. Shu bois barcha mo»minlar va soliklar bu tanlangan yo’lga ergashishi, bu xonadon bilan suhbat qurishi, ularning yo’liga suluk etib, ular bilan birga bo’lishdan va unsiyatdan uzoq qolmasligi kerak».
Shahzoda Qusam ibn Abbos (Shohi Zinda)ning maqomi (qabri)da aytdilarki: «Kimda kim bu yo’l (tariqat)ga amal qilib, unga mahkam yopishsa, albatta hamma qorong’uliklardan xotirjam bo’lur va bid’at dengizining to’lqinidan xalos bo’lur».

So’ngra menga dedilarki: «Ey Abdulxoliq! Bilginki, Haq yo’lining yo’lchiligi, ya’ni suluk ikki qismdir: suluki zohir va suluki botin. Birinchisi, suluki zohir bo’lib, u har holu korda ilohiy amr va ta’qiqlarga rioyat etish, imkon doirasida diniy mezonlarni saqlash va nafs orzularidan qochishdir. O’z a’zolarini havoyu nafsdan saqlab, shariat hududida muhofaza qilishdir. Ikkinchi qism bo’lgan suluki botin esa qalbni poklashga harakat qilish va nafsoniy yomon sifatlarni yo’qotish uchun g’ayrat sarflashdir. Botiniy tahorat — qalbning Haq zikri bilan go’yo bo’lishligi uchun zikrda behad jiddu jahd qilish. Bu zikr talqini dastlab hazrati Abu Bakr raziyallohu anhuning qalbiga, undan Salmon Forsiyga12, undan Ja’fari Sodiqqa, undan Sulton Boyazid (Bastomiy)ga, undan Shayx Abul Hasan Xaraqoniyga, undan buyuk shayx13 Abu Ali Formadiy Tusiyga va undan esa bizga qadar yetib kelgan».

Shunday degach, peshin namozining azoniga qadar muborak boshlarini quyi solib turdilar. Peshin namozini ado etgach, dedilar: «Ey darvishlar, aziz insonlar ko’p, lekin bu silsiladagi ulug’larning Haq taolo tomonidan tanlanishiga sabab, ushbu silsilada ular mukoshafa va mushohadada yuksak shaxsiyatlar edilar».

Keyin muborak yuzlarini bu faqirga burib, inju taratuvchi tabarruk so’zlari bilan dedilar: «Ey Abdulxoliq, ulug’ shayx Abu Ali Formadiy dunyodan oxiratga rihlat etgach 14
(hijriy 477/milodiy 1084 yil), shariat va tariqatda bir muammoga duch kelsam, uning ruhoniyatidan15 yordam so’rardim va shu ondayoq shayx hazratlarining ruhoniyati u muammoni hal etardi. Bu yo’lda buyuk xoja Abu Ali Formadiydan bizga qadar yetib kelgan irfon va ma’naviyatni tariqat soliklariga va Haq dargohining muhtojlariga yetkazyapman».

Keyin muborak yuzlarini yana menga qaratib, dedilar: «Ey Abdulxoliq, Xoja Abu Ali (Formadiy)ning to’rtinchi xalifasi bo’lganim kabi, sen ham bizning to’rtinchi xalifamiz bo’lgaysan». Qarasam, ko’zlari yoshga to’lib turibdi. Men so’radim: «Sizdan keyin kim xalifa bo’lg’usi?» Shayx hazrat dedilar: «Bizdan keyin o’rnimizga Xoja Abdulloh Barraqiy o’tadi, keyin Xoja Hasan Andoqiy, undan keyin Xoja Ahmad Yassaviy. Xoja Ahmad Yassaviy Turkiston diyoriga ketgach, sen xalifa bo’lasan. Albatta, hazrati Muhammad alayhissalomning shariati yo’lida bo’l va shariat chegarasidan zarracha chiqma, kim dinga qarshi muxoliflik qilsa, unga mone’ bo’l. Alloh taolo yaxshisini bilur».

SANJAR IBN MALIKSHOHNING MAKTUBI

Hijriy 504 yil Ramazon oyining o’n birinchi kuni chorshanbada Sanjar ibn Malikshoh Samarqanddagi Qosim ibn Jo’qiyga bir maktub yubordi. U maktubda shunday yozgan edi: «Shayx ul-mashoyix val-muslimin Ali ibn Muhammad, Qozi Alouddin ibn Umar, Xoja Imoduddin, Amir Abdulvahhob16 kabi Samarqand ulug’larining bildirishlaricha, muhtaram Shayx Yusuf Hamadoniyning yoshi kamolga yetibdi. Uning huzuriga borish uchun bizning fursatimiz yo’q. Zero, Sulaymonshoh buyuk bir lashkar bilan bu tarafga kelayotgan ekan. Shu bois mamlakatni tashlab, Samarqand viloyatiga borib kelolmaymiz. Darvishlarning takya xarajatlari uchun Qosim ibn Jo’qiy17ga halol yo’ldan qo’lga kiritilgan ellik ming dinor yuborildi. Siz bizning ishimiz uchun Fotiha o’qisangiz. Sizlardan asosan maqsadimiz shuki, hazrati shayx (Hamadoniy)ning axloq va ahvoli xususida yozib, bizga jo’nating. Chunki eshitishimizcha, hazrati shayxning yo’li va atvori sahobalar (ularning barchasidan Alloh rozi bo’lsin) yo’lidek ekan. Albatta, bunga e’tibor berib, duogo’yingizni ham bu davlatdan nasibador qilinglar».

Keyin hazrati shayx ul-islom azizlarning huzuriga, Xoja Abdulloh Barraqiyning uyiga bordilar. Xoja Hasan Andoqiyni, Xoja Ahmad Yassaviyni, Xoja Shoh G’atfariyni18 va bu faqir Abdulxoliqni yig’dilar. Sulton Sanjar masalasini tushuntirdilar. So’ng barcha Shayx Yusuf Hamadoniy huzuriga kirdilar. Sanjar ibn Malikshohning orzusini shayxga arz qildilar. Shayx uning ishi uchun Fotiha o’qib, bunday dedilar: «Ey darvishlar, bizning xatodan boshqa amalimiz yo’qki, uni Sanjarga yuborsak?». Shunda Xoja Aliyyona: «Hazrat, darvishlar sizning ruxsat berishingizni so’ramoqdalar», — deganida, shayximiz: «Bizdan Alloh rasulining shariatiga muvofiq nima ko’rgan bo’lsangiz, shuni yozing!» — dedilar.

SHAYXNING TAVALLUDI, AXLOQ VA SHAMOILI

504 yil Zulqa’da oyining yigirma sakkizinchi kuni seshanbada shayximizning umridan bir ming to’qqiz oy va yigirma olti kun o’tgan edi 19. Shayximiz dushanba kuni — Safar oyining ikkinchi kunida tavallud topganlar: Piyoda o’ttiz ikki marta haj qilgan, hafs qiroati bilan ming marta Qur’onni xatm etgan edilar 20. Tafsir, hadis, fiqh, usul, furu’ va kalomga doir yetti yuzta kitobni yod olgan, ikki yuz o’n uch nafar mashoyix bilan suhbat tutganlar. Ko’p vaqtlar ro’zador bo’lardilar. Sakkiz ming butparastni musulmon qilishga muvaffaq bo’lgan, tavba qildirib, to’g’ri yo’lga solgan kishilarining sanog’ini hech kim bilmasdi.

Muborak oyoqlaridan biri ikkinchisiga nisbatan bir oz kalta edi. Yuzlarida chechak (dog’i obila) xastaligidan izlar qolgandi. Soqollari uzun va qizg’ish edi. Jussalari ozg’inroq edi. Kimni ko’rsalar, «xoja» deb murojaat qilardilar. Safarga ko’p chiqardilar. Liboslari jundan va yamoqli bo’lardi. Arpa unidan tayyorlangan non, tariqli non, urug’ yog’i va qovun iste’mol qilardilar. Qirq kunda bir marta tovuq go’shti, ba’zan tuya va qo’y go’shtlari ham yer edilar. Etikdo’zlik va dehqonchilik bilan shug’ullanar, Haq taolo nima bersa, kambag’al, yetim- yesir, g’arib, bemor va ayolmand (serfarzand), muhtoj, yo’qsil oilalarga tarqatar edilar. Umrlarida biron marta tilanchilik qilmagan, muridlarini ham bundan qaytarardilar. Doimo Allohga suyanar, dunyoni obod qilishga urinmas, boshqalarni ham bu yo’ldan man’ qilar edilar. Har yil qirq kun amri ma’ruf, nahyi munkar qilar, insonlarga yaxshilikni tavsiya etardilar. Podshoh va boylarning uylariga bormas edilar. Yetmish besh yil bo’ydoq yashadilar 21.

Ko’zlarining ustida bir nishona bor edi. Vafotlaridan keyin ixtilof chiqdi. Ba’zilar «o’ng tarafida», ba’zilar «chap tarafida edi», dedilar. Muborak ko’zlari qat’iyatli edi. Nomahram, bolalar va ayollarga tikilib qaramas edilar. Xizr alayhissalomning izni bilan Rajab oyining o’ninchi kuni Samarqandga keldilar. Xushovoz, o’rta bo’yli, barmoqlari uzun edi. Turkiyni bilmas edilar. Ko’pincha shippak va yamoq kiyim kiyardilar. Muridlaridan yamalgan kiyim kiyganlarni yoqtirar, ularga hurmat ko’rsatardilar. Umrlarida biron marta oyoqlarini uzatmaganlar.Doimo Haq taolodan qo’rqibyig’lardilar.Shirinso’z,tabassum bilan gapirardilar. Ochlikdan va riyozatdan bellari bukilgan edi. Baland ovoz bilan (jahriy) zikr qilmasdilar. Zero, ularning zamonida jahriy zikr yo’q edi. Muridlari juda ko’p edi. Shayxining shayxi bo’lgan Abul Hasan Xaraqoniyni (425/1034 yil vafot etgan) ko’rgan edilar. Hamadonning G’unayma mahallasida tug’ilgan edilar. Ko’p vaqt yayov yurardilar.
Payshanba, juma va bayram kunlarida oqshom chog’i ulug’ zotlarni ziyorat qilardilar. Boshqa shahardan kelgan musofirdan qaysi shahardan kelganligi, u yerda qanday so’fiylar yashayotganligi va u joyda dafn etilgan oriflarning nomlarini so’rab-surishtirar edilar. Nafasni tutib, qalbiy zikr qilganlari uchun a’zoyi badanlari doim terlardi. Kundalik o’qiydigan avroddan tashqari, har farz namozidan keyin bir pora Qur’on tilovat qilardilar.

Masjidi jome’ga borgunga qadar Qur’oni karimni xatm qilardilar. Masjiddan Xoja Hasan Andoqiy va Xoja Ahmad Yassaviyning uylariga qadar Baqara surasini o’qir, masjidga qaytishda esa Oli imron surasini tilovat qilardilar. Shayximizning masjididan bu darvishlarning uylarigacha bo’lgan masofa bir yuz yetti qadam edi. Namozning ikki rak’atida bir pora Qur’on o’qirdilar.

Shayximiz yuzini ba’zan Hamadon tarafiga burib, ko’p yig’lardi. Haq taolodan solih bir o’g’il farzand so’rar edi. Doimo Xoja Abdurrahmon Dehmard Aliyyonagiyning va’ziga borardi. Qish mavsumida sochlarini kam taroshlardi. Ul zot Salmoni Forsiyning asosi va sallasini saqlardilar. Yangi oy kirganda, Samarqand peshvolarini chaqirar, ular bilan shariat ilmidan bahs o’tkazardi. Samarqand ulug’lari ham uning suhbatidan bahramand bo’lardilar. «Xojai zindadilon» («tirik qalblar xojasi») Xoja Xizr alayhissalom bilan suhbat qilardi. Yaxshi o’q otar, mol-mulk sotib olmas, doim yonida Qur’on, joynamoz, taroq, misvok, xushbo’ylik va sochiq olib yurardi. Ko’z og’rig’i va yaralar uchun doriyu malham tayyorlar, badan harorati uchun suyuq doru berardi. Chata va To’qmoq23 lashkarlari bostirib kelganida ularga qarshi jang qilardi. Doim tahoratli yurar, uzrsiz jum’a va jamoat bilan namoz qilishni tark etmas edi. Kimdan jafo va aziyat ko’rgan bo’lsa, unga yaxshilik bilan javob qaytarardi.
Taomini o’zi pishirar, kiyimlarini o’zi yuvar, yirtilsa ham o’zi tikib-yamardi. Bozorda pishirilgan ovqatlardan yemasdi. Sallasini katta qilib bog’lardi. Libosining yengi keng va kalta bo’lardi. Kiyimlarini sovun bilan kamdan-kam yuvardi. Ovoz chiqarib kulmasdi. Birovning nasibasiga va luqmasiga ko’z olaytirmas, to’sqinlik qilmas edi. Muloyim so’zlar, yurayotganda ohista qadam tashlardi. Salovotu istig’forni ko’p takrorlar, vitr, tahajjud va tasbeh namozlarini bir-biriga yaqin vaqtda ado etardi. Ko’p duo qilar, suhbatdoshlariga ham ko’p-ko’p duo qilishni tavsiya etardi. Karomatu valiyligini namoyish qilmasdi. Mo»minlardan birortasi ul zotni uyiga taklif qilsa, kim bo’lishidan qat’i nazar borardi. Hech kimni va hech narsani kamsitmas edi. Birovga aslo maqtanmasdi. Tez-tez qabr ziyoratlariga borar, qabristonni yalangoyoq kezar, qabr ahliga salom berar, oyat-hadislarda naql etilgan duolarni o’qirdi. Ko’pincha nonni sirkaga qo’shib iste’mol qilardi. «Duoi Sayfiy», «Qasidai Burda», «Chihil ismi a’zam» va Qur’on oyatlarini ko’p mutolaa etardi. Kechalari soqolini ko’p tarardi. Ko’p foydali ishlar buyurardi. Otga kam minar, ko’proq eshak va tuyaga minardi. Bozorga kam borardi. Islomdagi ilk to’rt xalifa — chahoryorlarning fazilatlarini ko’p tilga olar, ularning manqabalarini hikoya qilib berardi. Halol yeb, halol mehnat qiluvchilarni do’st tutardi. O’limni, qiyomatni, jon berishni, qabrdagi savol-javobni, qayta tirilishni, amal kitobining o’qilishini, amallarning tarozida tortilishini va Sirot ko’prigidan o’tishni ko’p eslar va yig’lardi. Xalqni haloldan kiyishga va halol mehnat bilan kun kechirishga tashviq etardi. Mo»minlar bilan birga bir idishdan ovqat yer, ovqatlanishdan avval va keyin qo’llarini yuvar, taomni tuz bilan boshlar va yana tuz bilan tugatar edilar. Kalimai raddi kufrni doim takrorlab yurardi24. Bamdod namozidan keyin doim «Yosin» surasini o’qishni aslo tark qilmasdi. Jumodiy us-soniy oyining oxirgi kunlari bilan Rajab oyida ro’za tutishni kanda qilmasdi. Mis, kumush va oltin idishlarda tahorat va g’usl qilmas edi.

Firibgar, ayyor, fosiq, mutakabbir, laqma, hiylakor, zolim kishilarni va ota-onasini ranjituvchi, janjalkash, bid’atchi, fe’li buzuq, benamoz, behuda so’zlovchi, maddoh, soxtakor,
sudxo’r, yolg’onchi, ochko’z, bozorda tentirovchi haromxo’r, odamlarga yomon laqablar qo’yuvchi, jamiyat ishlarida o’z manfaatini ko’zlovchi, makr, qattiq so’zlilik va tovlamachilik bilan haqni nohaqqa chiqaruvchi, o’zini xalq orasida mo»min, zohid, dindor, sunnatga bog’liq, darvish, olim, taqvodor, obid, amri ma’ruf va nahy munkar qiluvchi bir inson sifatida ko’rsatuvchi riyokor, dunyoviy maqsadlar bilan o’zini omma orasida yaxshi va zohiran shariatga rioya qiluvchi kishi qilib namoyish etuvchi kimsalarga suhbatlarida tavba qilishni tavsiya etardi. Tavba qilmasa, o’ziga dushman tutar va o’z majlisidan quvib yuborardi.

Nonni suv bilan kam iste’mol qilardi, lekin ko’proq quruq non yer edi. Gapirayotganda «men» demasdi. Agar ehtiyoj bo’lsa, «bechora» derdi. Biron kishini «ko’ppak, to’ng’iz, badbaxt, la’nati, benasib» singari so’zlar bilan so’kmasdi. «Issiq sovuq» demasdi. Hammomga bormasdi. Hech kimni qarg’amas, uchragan mo»minga salom berar, har bir kirib kelgan kishi uchun oyoqqa turardi. Doim fikr surar, g’amgin edi. Adad hisobini bilmasdi. Xati go’zal edi. Mo’ylovlarini qisqartirib yurar, muridlari ham shunday qilishardi. Tanholikni, xilvatu uzlatni ixtiyor etardi. Ko’pincha yovg’on (go’shtsiz, yog’siz tayyorlangan suyuq ovqat) yer edi. Doimiy ravishda mujohada va riyozatli edi. Xalqning taomini yemas, avom bilan suhbatlashishdan saqlanardi. Qora etik kiyar, sallasini donishmandlarga o’xshab o’rar va uchini ikki yelkasi orasiga tashlardi. Yaxshi ketmon chopardi. Ishsiz, tekinxo’r va yeyaverib semirib ketgan odamlarni do’st tutmasdi.

Tabobat ilmi bilan aloqador narsalardan so’zlardi. Yo’lda ketayotib, har tomonga alanglamasdi. Majlisda barchaga taalluqli so’zlardan gapirardi. Masjidga, xonaqohga va uyiga o’ng oyoq bilan kirib, chap oyoq bilan chiqardi. O’ng qo’l bilan ovqatlanar, kam taom yer edi, boshyalang namoz o’qimas va ovqatlanmas edi. Baland ovozda qiroat qilmasdi. Agar kunda yuz marta tahorati sinsa ham qayta tahorat qilardi. Masjid, sahro, mahalla, qishloq va tog’larga ko’p chiqar, u yerda yashovchi turk, tojik, arab, erkagu ayol, xoja, darvish, qul, savdogar, xo’jayin, cho’pon, tuyakash, tanish-notanish har xil toifadagi kishilarga Islomdagi farz, vojib, sunnat, mustahab, odob, harom, halol, muboh va makruh narsalar, hayz, nifos, istihoza, oldi-sotdi va hokazo muomalalardan so’z yuritar, imkon va toqatlariga ko’ra tushuntirar edi.

Kimdan bir yaxshilik ko’rsa, uni bir necha barobar qilib qaytarardi. Yonida doimo xurmo,yirik mayiz va kulcha olib yurar, atrofidagilarga ulashardi. Shayxining huzurida gapirmas edi. Odamlarning ekinzorlaridan o’tmasdi. Namozni cho’zib yubormasdi. Uy-ro’zg’or ishlarini o’zi bajarar, tegirmonga o’zi borardi. Bahorda ko’p sayohat qilardi. Bamdod, ishroq, avvobin, tahajjud va istixora namozlarini tark etmas edi. Shahid bo’lishni orzu qilardi. Sadaqa va zakot berar, e’tikofga kirar, qurbonlik qilar, qul ozod etardi. Haq taoloning tahdididan qo’rqar, va’dasiga umidvor bo’lardi. Ko’ngildan sevuvchi va seviluvchi, sidqu safo ahliga mansub bir inson edi. Ixlosli, halim va saxovatli zot edi. Allohga doim shukr qilar, aslo shikoyat etmasdi. Haq qismatiga rozi, har lahza o’limga tayyor edi. Atrofidagilarga mehru shafqatli, qariyalarni hurmat qilar, norasidalarni erkalatardi. Omonatga xiyonat etmas, qarindosh-urug’larini tez-tez ziyorat qilar, har qanday xavf-xatardan Allohga sig’inardi. Doimiy ravishda oxiratni talab qilar, Allohdan tavfiqu toat tilardi. Qo’ni-qo’shnichilik haqiga rioya qilardi. Yo’llarni yulovchilarga aziyat yetkazuvchi narsalardan tozalab yurardi.
Iymoniga shubha yo’q, «haqiqatan mo»minman» der edi. Musulmon jamoalar bilan tortishmas, yaxshi-yomon har qanday insonning orqasida turib namoz o’qir, qibla ahlidan birortasini «kofir» demasdi. Katta-kichikning janoza namozini o’qirdi. «Yaxshi va yomon har qanday qadar Allohdan» derdi. Hukmdorga bo’ysunardi. «Iymon Janobi Haqning lutfidir», — der edi. «Banda butun azamati va mukarramligiga qaramay baribir maxluqdir… Qur’on Allohning bandalariga aytgan so’zidir, maxluq emasdir», der edi. «Qabr azobi, Munkar va Nakir (savol-javobi) haqdir. Tiriklarning duosidan o’liklarga naf yetadi, — der edi.

«Payg’ambar alayhissalomning shafoati va me’roji haqdir. Amal kitobi o’qish va sirot ko’prigi haqdir. O’n sahoba (asharai mubashshara) jannatiydirlar. Kofir doim azobda25. O’likning suyagidagi otash toshdagi otash kabidir», — deb aytardi. «Alloh taoloning diydorini ko’rish haqdir. Payg’ambarlarning martabasi avliyoning martabasidan balanddir. Avliyoning karomati haqdir. Payg’ambarlarning aqli avliyoning aqlidan ustundir. Mo»minlarning aqli kofirlarnikidan afzaldir. Haq taolo haqiqiy ma’noda biluvchi va qudrati bilan quvvatli», — derdi.

«Insonlar besh toifaga bo’linadilar: mo»min, kofir, munofiq, gunohkor va mushrik. Iymon haqiqiydir, majoziy emas», — der edi. «Dushmanlaringni xursand qilinglar», — der edilar. «Haqning tavfiqi bandaning fe’li va g’ayratiga bog’liqdir. Iymon ikki a’zodagi bir narsadir. Alloh taolo hech narsaga o’xshamaydi, boshqa narsalar ham unga o’xshamaydi. U muayyan bir makonda emas. Balki makonni Yaratuvchidir. Unga makon hojat emas. Kasb qilib kun kechirish farzdir. Solih amal iymondandir. Iymon toatdir, ammo har qanday toat iymon emas. Har qanday gunoh ish kufr bo’lavermaydi. Payg’ambarlar, valiylar, mo»minlar, solih zotlar va gunohkorlarning iymoni bilan Jabroil alayhissalomning iymoni bir xil. Imomning nuqsi qavmga uradi. Iymon ortmaydi va kamaymaydi.Allohning sevikli bandalaridan bu mehnat va muhabbatlari tufayli ilohiy amrlar soqit bo’lmaydi», — der edilar 26.

Sui xotima (iymonsiz ketish)dan qo’rqardi. Tutgan yo’li va tanlagan mezoni yuqorida zikr qilingan tarzda edi27. Mazhabi (Imomi A’zam) Abu Hanifa va as’hobi tutgan yo’l edi. Faqirlik va yo’qsillikni xush ko’rardi. Ba’zi darvishlar choriq kiyardilar va hazrati shayx mas’h tortishni buyurardilar.Taomni yeyishdan avval «bismilloh»,nihoyasida «alhamdulillah» der edi. «Hush dar dam» (Har bir nafasni idora etish, ongli tarzda chiqarish), «nazar bar qadam» (oyog’ingiz ostiga va oldingizga qarang), «safar dar vatan» (vatanda safar qiling) va «xilvat dar anjuman» (xalq orasida Haq bilan birga bo’ling)», — der edi. Zohirda va botinda mashoyix huzurida adab, ta’zim va ikrom bilan o’tirardi. Suhbatdosh, hammaslak va xizmatdosh birodarlariga nisbatan qo’li ochiq edi, ularni o’zidan ustun ko’rardi. Barcha maxluqotdan rozi edi. Hech kimga hasad qilmas, boylikdan qo’rqardi. Gohida: «Ey azamatli podshohlar va nodonu g’ofil, johillar, darvishlarning xilvatdagi ruhiy lazzatlaridan g’ofilsizlar. Boshqalarni dil zikri bilan bahramand qiling. Nafsni tanishga va ko’ngilga keladigan tushuncha (xavotir)larni bilishga harakat qiling», — der (va qo’shimcha qilib: «Ey Abdulxoliq, xavotirni bilish ishi senga havola qilindi»)28, «Zohiringizni parokandaliklardan xalos eting, chunki zohiran parokanda kishining botini va ko’ngli undan ham battar parokanda bo’ladi», — der edi.

Kofirlar, nasroniy, otashparast va zardushtiylarning uylariga borar, ularga hazrati payg’ambar alayhissalomning fazilatlarini tushuntirar, jannat va do’zax haqida so’zlar,ogohlantirar, islomni qabul qilishga da’vat etardi. Natijada, ular islomni qabul qilishardi. Keyin ular shayx uchun sovg’a-salom in’om etishar, shayx hazrat ham ularga hadya bilan javob qaytarardilar. Ularga diniy amr va ta’qiqlarni o’rgatar, muridlariga: «Ularni hurmat-izzat qiling!», — der edi. Muridlari bilan birga sayyohatga chiqishni yoqtirar, «Aqlga ergashing, nafsga muxoliflik qiling, aql va nafs bir joyda jam bo’lmaydigan bir-biriga zid ikki narsadir. Toatga mag’rurlanmang. Dunyoga berilmang va dunyoviy bezaklarga mayl etmang», — der edi. Doim shayxining orqasida turib namoz o’qirdi-yu, yonida turmasdi. Avval o’ng poyabzalini kiyib, to’pig’iga e’tibor berar, so’ng chap oyoq kiyimini kiyar edi.

Farz namozidan keyin o’tirib «Oyatul kursiy», «Amanar rasulu»,«Qulillahumma malikal mulk» oyatlarinio’qir, so’ng sunnat namozini ado etardi.Namozni o’z vaqtida o’qir,kechiktirmasdi. Qish kechalarida yostiq ishlatar, yozda esa bo’yra ustida suyanib yotardi. «Ilohi,bizni nafsimiz bilan yolg’iz tashlab qo’yma, bizga rozi bo’lganing narsalarni nasib ayla,oqibatimizni xayrli qil, inson shaklidagi shaytonlardan bizni uzoq tut!» — deb munojot qilardi. Muridlarining hurmatini joyiga qo’yar, majlisga kelgan-kelmagan va bir-birini shikoyat qilganlarni bir-biri bilan yuzlashtirib, yarashtirib qo’yar, bir kishining so’ziga qarab, boshqasini ranjitmasdi. Mabodo birisi kelib: «Falon kishi sizni mensimay tilga oldi, haqorat qildi», — desa, «uning aytganiga roziman», — der edi.

Qozi, mufti, rais, imom, muazzin va qorovullarga qilgan xizmatlarining savobini tushuntirar, ularni ezgulikka tashviq etib: «Haq tomonida bo’ling!»,—deya nasihat qilardi. Samarqand peshvolariga qal’a qurish lozimligini aytar edi. Agar kapcha -cho’mich orqali qozonga chang-tuproq tushgan bo’lsa, u taomdan yemas edi. Kasallarni ziyorat qilar, muhtojlarga qarz berar, lekin qaytib olmasdi. Shahzoda Qusam ibn Abbos (raziyallohu anhu)ning qabrini ziyorat etardi. Do’stlaridan birortasi Chata, To’qmoq va Urus qo’shinlariga qarshi janglarda shahid bo’lganini eshitsa, janoza namozini o’qirdi. Biron narsa yoki biror kishini la’natlamas va Chingizni duoibad qilmasdi. Muridlarini go’sht yeyish (g’iybat) va ko’p so’zlashishdan man’ etardi. O’zi ham ko’p gapirmasdi. Hujrasida bo’yra, kigiz, ko’za, ikki yostiq va qozondan boshqa narsa yo’q edi. Boyni mol-davlati tufayli kambag’aldan ustun ko’rmasdi. Har doim faqir va boy sahobalarning ahvollaridan so’z yuritar, muridlariga ham ularga ergashishni buyurardi.

Qon oldirar, nishtar urdirar, doru ichardi. (O’zi tashkil etgan) madrasada talabalarga dars berardi. Doimo tahoratli yurib, ovqatni ham tahoratli holda yerdi29. Ishlarida shoshilmas, bapo va qiyinchiliklarga sabr qilar, har kimga sirrini oshkor etmas, o’zining odatiy ishlarini tark etmas, bir ishga kuchi yetmasa, o’zidan ranjib, istig’for etardi. Har oqshom o’tgan kunining hisob-kitobini qilardi. Rizq g’amini yemasdi. Ko’p namoz o’qir, ro’za tutar, muridlarini ins, jin va shayton kabi dushmanlardan ogohlantirib: «Bu dushmanlar doimo tahoratli yurish va zikr qilish bilan daf etiladi», — der edi. Shayxidan nima eshitgan va ko’rgan bo’lsa, shularni muridlariga tavsiya qilardi. To’g’ri kelgan joyga hojat qilmasdi. Giyoh o’sgan joylarga bavl qilmas va tupurmas edi. «Haq» ismini ko’p aytar, Alloh taoloni zikr qilmasdan taomga qo’l uzatmas va: «Luqma yeyish bu — urug’ sepishdir. Urug’ni ongli va hushyor holatda ekish kerakki, quvvati taom bo’lsin», — der edi.

Libosini peshobdan ehtiyot qilar edi. Biron kishiga va’da bergan bo’lsa, so’zining ustidan chiqardi.Musulmonlarga qo’li va tili bilan ziyon yetkazmaslikka harakat qilardi. Muhtojlarga yordam berardi. Burniga xushbo’y hid taralsa, salovot keltirar, «La ilaha illalloh al-Malik ul-Haqq ul-Mubin» va «Subhanallohi va bihamdihi subhanallohil-azim va bihamdihi astag’firulloha min kulli zanbin va atubu ilayh» duolarini, «Subhanalloh» kalimasini oxirigacha ko’p o’qirdi. Doimiy ravishda bosh og’rig’idan qiynalardi. Bir kun Xoja Hamiduddin Multoniyning maqomi (qabri)da: «Menga bu dard berilganiga qirq uch yil bo’ldi. Sahobalardan ba’zilari ham doim bir dard bilan og’rib yurar, ammo ular buni xalqdan yashirar edi», — dedilar. Beva, g’arib, yetim va musofirlarning ahvolini so’rab-surishtirar, ularni qo’llab-quvvatlar edi.

SHAYXNING SAMARQANDGA KELISH SABABI

Hamadon shahridan hazrati shayx bilan birga (quyidagi) o’n bir kishi kelgan edi: 1. Abu Muso Xodim. 2. Bu ojiz banda Abdulxoliq30. 3. Imom Yah’yo G’atfariy. 4. Xoja Is’hoq. 5. Xoja Ribot. 6. Xoja Zakariyoning akasining o’g’li. 7. Xoja Odam Shodvoriy. 8. Xoja Muhammad Hakim Sarpuliy Balxiy. 9. Xoja Muhammad Chilla31. 10. Xoja Quraysh. 11. Bobo Sulaymon Orifi Turkiy.

Shayximiz Yusuf Hamadoniyning Samarqandga kelish sababi shunday edi: Xoja Hamiduddin Multoniy viloyatga ketadi, oradan olti yil o’tadi. Xoja Xizr alayhissalom Malatyada edi. U yerda Imom Molik naslidan Abduljamil ismli bir yuz o’n uch yoshli bir odam yashardi. Haq taolodan bir farzand tilardi. O’sha asnoda Malatya podshohiga qarshi dushman paydo bo’lib, uni mamlakatidan quvib chiqarib, mol-mulkini egallab oladi. Malatya podshohi dashtu sahroda kezar, soqoli va qoshlarini taroshlagan edi. Tasodifan yo’lda Abduljamilning uyiga ko’zi tushadi. Bir necha kundan beri hech narsa yemagani uchun bu xonadon ahlidan yegulik so’rash xayoliga keldi. Uyga yaqinlashganida do’stlik bo’yi dimog’iga urildi. Keksa bir ota-xonga ko’zi tushdi, unga salom bergach, rum tilida: «Bu viloyatning lashkaridanman. Bir necha kundan beri hech narsa yeganim yo’q», — dedi. Xoja Abduljamil: «Uyga kiring», — dedi. Podshoh uyga kirgach, uni o’tqazib, unga hurmat-ehtirom ko’rsatdi. Suv keltirib: «Tahorat qiling», — dedi. Podshoh tahorat olgach, keksa Abduljamil «tahorat uchun shukr namozi o’qing», — dedi. Podshoh namozni ado etgach, Abduljamil turli ne’matlarga go’la bir dasturxon keltirib, podshohning oldiga yozdi. Podshoh istaganicha tanovul qildi.

Keyin uning kiyimlarini yuvdilar. Soch-soqolini tartibga keltirdilar va: «Istirohat qiling», — dedilar. Podshoh uyquga ketadi. Uyg’ongach, yig’lay boshladi. Ko’p yig’ladi. Xoja Abduljamil podshohning ko’p yig’laganini ko’rib, buning sababini so’radi.Podshoh:

«Aytolmayman», — dedi. Xoja Abduljamil qasam ichdi va: «Ayt, uyalma», — dedi. Podshoh unga qarab: «Meni taniysizmi?» — dedi. Xoja: «Malatya podshohi bo’lsang kerak», — dedi. Podshoh: «Ha», — dedi. Xoja Abduljamil: «Viloyatingni qaytarib olmoqchimisan?», — deb so’radi.

«Albatta, oilam, bola-chaqam nomahramlarning qo’lida», — deydi podshoh. Xoja: «Agar viloyatingni qaytarib olsang, menga qizingni berasanmi?» — deb so’raganida, podshoh bu taklif-shartni qabul qildi. Xoja dedi: «Sen padarimiz Imom Molik maqbarasiga borib, u yerda qirq kun chilla o’tirishing kerak». Podshoh qabul qildi va Imom Molik maqbarasiga ravona bo’ldi.

Viloyatni qo’lga kiritgan zolim hukmdor esa xalqqa zulm qilar, musulmonlarning mol- mulkini, bola-chaqalarini tortib olib, istaganicha tasarruf etardi. Shu bois xalq qiyin ahvolda qolgan edi. Eski podshohni esa izlab topolmasdilar. Xalqning oqsoqollari Xoja Abduljamilning huzuriga kelib, ahvolni tushuntirdilar. Xoja: «Men sizlarga avval aytgandim, podshohingiz bilan birga bo’ling, u bilan birga jang qiling, degandim. Ammo tanballik qildingiz, endi qilgan xatoingizning jazosini tortyapsizlar», — deb koyidi. Shunda xalq peshvolari: «Bizga o’sha podshohimiz kerak, ma’naviy himmat ko’rsating, uni topib bering», — deya iltijo qildilar. Xoja: «Kechasi zirhlaringizni kiyib, qurollaning. Podshohga hujum uyushtiring, uni va odamlarini asir oling, men esa podshohingizni olib kelaman», — dedi. Xoja shunday degach, odamlarni jo’natdi va Imom Molikni ziyorat qilishga yo’l oldi. Ziyoratgohda podshohni ko’rdi, u ancha ozib qolgan edi. Podshoh Xojani ko’rib, o’rnidan turdi, hurmat ko’rsatdi va undan Malatya viloyatini qaytarib olishda yordam berishini so’radi. Xoja: «Viloyatingni senga topshirdik, o’rningdan tur va ulovingga min», — dedi. Rumning peshvolari uning (podshohning) istiqboliga chiqdilar va Xojaning aytganini qilib, podshohni kutishardi. Podshohning kelganini eshitib, darhol shahar tashqarisiga chiqishdi, uni taxtga o’tqazishdi. Dushmanlarni og’ir zanjirlarga solib olib kelishdi va hukmdorning buyrug’i bilan qatl etishdi. Shahar ichiga kirgunga qadar tantana qilib, qizni Xojaga uzatish taraddudini ko’rdilar. Podshoh Xojaga: «Qizimni qabul qiling!»,—dedi. Xoja podshoh qizini nikohladi va Rum diyoriga yo’naldi. Haq taoloning taqdiri bilan u qiz Xoja Abduljamilga bir o’g’il tug’ib berdi. Unga Xoja Abdulxoliq deb nom qo’ydilar.
«Muhtaram otam ismimni Xoja Xizr alayhissalom tanlaganini aytardi. Yigirma ikki yoshga to’lganimda Xoja Xizr alayhissalom meni hazrati shayx Yusuf Hamadoniyga olib bordi.

Shayx Xizr alayhissalomning oldida menga qalb zikrini talqin etdilar. Keyin Xizr alayhissalom hazrati shayxga: «Siz Samarqand shahriga borishingiz kerak», — dedi. Shunday keyin Shayx Yusuf Hamadoniy ismlari yuqorida aytib o’tilgan azizlar bilan birga Samarqandga keldilar. G’atfar tumanining Xushvurud mahallasida yashay boshladilar. Uch oy o’tib, Xoja Hasan Andoqiy va Xoja Ahmad Yassaviylar shayxning suhbatiga kelib qo’shildilar.

Shayx ularga ham qalb zikrini talqin etdilar. To’qqiz oydan keyin Xoja Abdulloh Barraqiy kelib, murid bo’ldi.Bu azizlarning davrida Samarqand, hatto Amudaryo bo’yidagi
viloyatlardan tortib, Qora Xojagacha, Xorazm viloyatidan to Badaxshongacha bo’lgan mintaqada bid’atchi va nafsu havosiga tobe’ bo’lgan biron e’tiqodi buzuq kishi qolmadi.

SHAYXNING VAFOT TARIXI

Hazrati shayx Yusuf Hamadoniy Muharram oyining yigirma sakkizinchi kuni payshanbada vafot etganlar.Tafsiloti shunday:Peshin namozini ado etgach, mehrobga suyanib, muridlariga: «Suv isiting!» — dedilar. Muridlar yig’ladilar. Shayx hazratlari Abdulloh Barraqiy, Hasan Andoqiy, Ahmad Yassaviy va bu faqir Abdulxoliqqa hamda o’sha yerda o’tirgan qolgan do’stlariga qarab shunday dedilar: «Biz o’rnimizga vakil sifatida Xoja Abdulloh Barraqiyni ixtiyor etdik. Unga ergashingiz, muxolafat etmangiz. Irshod navbati sizga kelgach, go’zal va saodatli hayot kechiringlar, muridlarga qalb zikri qilishlarini, baland ovoz bilan zikr etmaslikni tushuntiring. Sulton Sanjar ibn Malikshoh uchun yozilgan odob haqidagi xususlarni muridlaringizga ham anglating!»

Keyin muborak yuzlarini Xoja Ahmad Yassaviyga o’girib: «Fotir,Yosin va Noziat suralarini tilovat qiling!» —dedilar. Xatm tugagach, do’stlardan bir faryod ko’tarildi. Shunda shayx hazratlari: «Haq taoloning shunday bandalari borki, ularning jon berishini Allohdan boshqa hech kim bilmaydi», — deb quyidagi baytni o’qidilar:

Oshiqon chunon jon bidihand,
K-on jo malak ul-mavt nagunjad hargiz.

(ma’nosi: Sening diyoringda oshiqlar shunday jon berurlarki, U yerga o’lim farishtasi aslo sig’maydi)

Keyin ulug’ shayxning yuzlarida bir o’zgarish ro’y berdi. Xoja Abdulloh Barraqiy muridlarga boqib: «Sizlar chiqingiz!», — dedi. Shayx: «Meni shu uyga dafn etingiz, janozamni Masjidi jome’da qiling, qizimni Sayyid Sharofuddinning o’g’liga nikohlang», — dedilar. Shayx hazratning rafiqasi u zotdan qirq kun avval vafot etgan edilar. Uni Chokardizaga dafn etishgandi. Keyin dedilar: «Meni Xoja Abdulloh Barraqiy g’usl qildirsin, qabrga Hasan Andoqiy qo’ysin». Shu onda Xizr, Ilyos, Abdol, G’avs va Qutb kirib keldilar. Bu eranlarning har biri hazrati shayx bilan vidolashdilar. Keyin Xoja Xizr alayhissalom qo’lini uzatib, shayxga oppoq olma berdi. Shayximiz olmani hidlab, G’avsga berdilar, G’avs ham hidlagach, shayximiz: «Ey do’stlar, janoza namoziga tayyorgarlik ko’ringlar, Allohning bandalariga mehribon bo’ling, G’avsni mening yonimga dafn eting!» — dedilar. Vasiyati tugagach, shayximizning jon qushi oxirat olamiga qanot qoqti. G’avs ham shayximizga muvofiq badanini bo’shatdi, jon berdi. Peshqadam ulug’lar32 o’sha yerda edilar, shayxning vasiyatini ado etdilar, janoza namozini o’qidilar,qabrga dafn etgach, «Albatta biz Allohning (bandalarimiz) va albatta biz u zotga qaytguvchilarmiz» (Baqara surasi 156-oyat), dedilar. G’avsni ham o’sha uyga ko’mdilar. U uyni ochib, suffa imorat qurdik.

Risola tugadi

IZOHLAR

1 Abdurahmon Jomiy. Nafahot ul-uns min hazarot il-huds. Tehron, 1370. s. 383.
2 Alisher Navoiy. Mukammal asarlar to’plami. Yigirma jildlik. O’n yettinchi jild, Nasoyim ul-muhabbat. Toshkent, 2001. 253-bet.
3 Abdulxoliq G’ijduvoniy. Risolai sohibiya. Nashrga tayyorlovchi Said Nafisiy. Farhangi Eronzamin, I (1332/1953),78-101-b.
4 Kamoliddin Afandi Haririyzoda. Tibyonu vasoilil-haqoyiq fi bayoni salosilit-taroiq. Sulaymoniya kutubxonasi, Ibrohim afandi bo’limi, № 430 (I, 379 a-389 b).
5 Abdulxoliq G’ijduvoniy, Maqomoti Yusuf Hamadoniy, O’z R FASHI, № 2533, 20-37 v.
6 Doktor Najdat To’sun nashrga tayyorlagan «Hayot nima?» («Rutbatul-hayot») Ahmad Yassaviyning ustozi Xoja Yusuf Hamadoniy» (Istanbul. 1998) kitobida Yusuf Hamadoniyning «Rutbat ul-hayot», «Tariqat odobi» «Inson va koinot haqida risola» asarlarining turkcha tarjimalari bilan bir qatorda, Abdulxoliq G’ijduvoniyning «Maqomoti Yusuf Hamadoniy» tarjimasi ham o’rin olgan bo’lib, muallif ushbu tarjimalarni yuqorida tilga olganimiz uchta nusxa asosida amalga oshirgan.
7 «Maqomoti Yusuf Hamadoniy»ning to’rt nusxasi mavjud: 1. Said Nafisiy tomonidan yagona nusxaga asoslanib, «Risolai sohibiya» nomi bilan nashr etilgan (Abdulxoliq G’ijduvoniy. Risolai sohibiya. Farhangi Eronzamin, I. 1953. 78-101-6.) 2. Kamoliddin Haririyzodaning «Tibyonu vasoilil-haqoyiq fi bayoni salosil it-taroiq» asari ichida (Istanbul, Supaymoniya kutubxonasi, Ibrohim afandi bo’limi, № 30.1. 379 a-389-b. Bu nusxa Nafisiy nashridan ancha mukammal). 3. Abdulxoliq G’ijduvoniy. Maqomoti Yusuf Hamadoniy. O’z RFASHI№ 2533,20-37-v. (Mahmud Hasaniy va Gulbahor Muzaffar qizi bu asardan ba’zi parchalarni e’lon qilishgan. Qarang: «Xojai Jaxon Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniy» (Toshkent, 1994,18-22-6). 4. Mulla Abdulhakim tayyorlagan va Iraj Afshar tomonidan nashr etilgan forscha «Qandiya» asarida qisqacha naql etilgan (Tehron. 1955, 6-16-6.) Qo’lingizdagi o’zbekcha tarjima «Risolai sohibiya», «Tibyon» va O’zRFASHI nusxalarini qiyoslagan holda amalga oshirildi. O’zRFASHIdagi qo’lyozma (bundan keyin bu nusxa «T.n.» (ya’ni, Toshkent nusxasi) qisqartmasi bilan beriladi) hijriy 1235 (mil. 1720) yil Rajab oyida ko’chirilgan bo’lib, nasta’liq xatida bitilgan. Qo’lyozmadan bir necha risolalar o’rin olgan. Ilk risolaning (1-19-v) Istanbullik Mavlono Afanli Rumiy Birkiy qalamiga mansubligi qayd etilgan. Bu esa qo’lyozmaning Istanbuldagi «Tibyon» nusxasi bilan yaqindan o’xshashligini ko’rsatadi. Ushbu risolaga mavzularga qarab shartli ravishda sarlavhachalar qo’ydik (Tarj.)
8 T.n.da «avliyolarning» deyilgan.
9 T.n.: «oyatining».
10 T.n.da «Muhammad» ismi uchramaydi.
11 «Tibyon» nusxasida bu shajara Abu Hanifa ibn Sobitga qadar davom etgan. T.n.da esa Odam alayhissalomgacha boradi. Biz tarjimada shajara nomlarini qisqartirib berdik (tarj.).
12 T.n.da shu so’zdan keyin: «Qosim ibn Muhammad ibn Abu Bakri Siddiq» ismi qayd etilgan. «Sohibiya»da esa qayd etilmagan.
13 T.n.da «Abulqosim Gurgoniy» ismi ham bor.
14 T.n.da shu so’zdan keyin: «o’zlaridan keyin to’rtta yaqin kishilarini xalifa qilib qoldirdilar: 1. Xoja Abdulloh Faromukiy Sheroziy, 2. Xoja Is’hoq Faxr Nasrobodiy, 3. Xoja Hamiduddin Multoniy, 4. Va men — Xoja Yusuf ibn Ya’qub Hamadoniy. Xoja Ali Kalon Formadiy Tusiy vafotidan so’ng Xoja Abdulloh Faromuqiy xalqni Haq yo’liga da’vat qildilar. Bizlar uch kishi va qolgan yoronlar adab yuzasidan u kishiga mulozamat kilardik. Chunki peshqadam yor huzurida adab saqlash suluk zaruratlaridan edi. Xoja Abdullohning oxirat safari yaqinlashganda muridlarini Xoja Is’hoq Nasrobodiyga topshirdilar. O’z navbatida, Xoja Isqoqqa ham oxirat safari yaqinlashganda yuqoridagi tartibga binoan muridlarini Xoja Hamiduddin Multoniyga qoldirdilar. Muridlarning barchasi Xoja Hamiduddin Multoniy xizmatiga hozir bo’ldilar. U zot xalqni to’g’ri yo’lga da’vat qilib, qalb zikrini talqin qilardi, foydali vasiyatlari olamga yoyilgan edi. Xoja Ali Kalonning ruhoniyatlari u kishini Multon viloyatiga borishga amr qildi. Xoja Hamiduddin Hind diyoriga safar qildilar. Safardan so’ng Xoja Ali Kalon Formadiy Tusiydan zohiru botin ilmida kamol topgan muxlis va muridlaridan Imom Muhammad G’azzoliy va uning birodari Ahmad G’azzoliy, Yunus Sijovandiy Tusiy, Sayyid Ahmad Baydostoniy, Xoja Sulaymon Forobiylarkim, kamina faqir (Yusuf Hamadoniy)ga ishorat qilib, Xoja Hamiduddin Multoniyning o’rniga qoyimmaqom — xalifa bo’lishni, ulug’ shayx (Xoja Ali Formadiy) qabrida xalqni Xudoga itoat qilishga, hoyu xavas, bid’atlardan qaytarishga da’vat qildilar. Xoja Hamiduddin Multoniy safaridan keyin Xoja Ali Kalon Formadiy turbatida bo’lgan edim».
15 «Tibyon» nusxasida «Hamiduddin Multoniy ruhidan» deb yozilgan.
16 T.n.da shu so’zdan keyin: «Xoja Dehqon, Shayx Bakriddin, Shayx Umriddin, Shayx Abulqosim bin Yusuf, Shayx Loloyi Chokar, Shayx Muhammad (ularga Allohning rahmati
bo’lsin) kabi»

17 T.n.da «Xojagiy».
18 T.n.da shu so’zdan keyin: «Xoja Aliyyona, Xoja al-Hakam, Xoja Shamsiddin G’atfariy, Shayx Nizomiddin Motrudiy, Xoja Muxammad, Xoja Koziruniy Gulobodiy, Xoja Shar’iy Muhammad, Xoja bul G’atfariy, Abu Muso, Imom Yahyo G’atfariy, Xoja Is’hoq, Xoja Sulaymon Orifi Turkiy, Xoja Juqla, Xoja Quraysh, Xoja Odam Shavdoriy, Xoja Rabot».
19 «Tibyon» nusxasida «yigirma kun» deyilgan.
20 «Tibyon»da «o’n ming» deyilgan.
21 Keyin uylanganlar (Tarj.)
22 Manbalarda Yusuf Hamadoniyning qabri Turkmanistonning Marv shahrida ekanligi aytiladi. Darhaqiqat, bugungi kunda u yerda Hamadoniyning ziyoratgoh qabri mavjud. Abdulxoliq G’ijduvoniy ustozining qabrini Samarqanddagi G’atfar tumani, Xushvurud mahallasida deb ko’rsatmoqda. Bu ma’lumotni va Hamadoniy hazratlarining dafn etilgan yerini to’g’ri aniqlash kelgusidagi tadqiqotlar mavzusidir (Tarj.).
23 T.n.da: «Luqmot».
24 Kalimai raddi kufr: «Allohumma inniy a’uzu bika min an ushrika bika shay’an va ana a’lamu vastag’firuka lima la a’lam. Innaka anta allamul g’uyub» (mazmuni: Allohim, senga biron narsani sherik qilib qo’yishdan panoh tilayman. Bilganim va bilmaganim mavzularda sendan mag’firat so’rayman. Albatta, sen yashirin narsalarni eng yaxshi biluvchisan).
25 T.n.da shu so’zdan keyin: «Xudoyi taolo mo»minlardan (birortasini) xohlagan mnqdorda azoblaydi».
26 T.n.da bu jumla yo’q.
27 T.n.da shu yerda: «Sunnat shudirki, Rasul alayxissalom buyurgan va qilgan ishdir. Jamoat shudirki…» jumlasi bor.
28 Qavs ichidagi jumla «Risolai sohibiya»dan kiritildi.
29 T.n.da shu so’zdan keyin: «taomni tuz bilan boshlardi».
30 Demak, Abdulxoliq G’ijduvoniy Buxorodan Yusuf Hamadoniy huzuriga borib murid bo’lgan va mazkur kishilar bilan birga qaytib Buxoroga kelgan (tarj.)
31 T.n.: jo’hla.

Abdulxoliq G’Ijduvoniy. Maqomoti Yusuf Hamadoniy by Khurshid Davron on Scribd

033

(Tashriflar: umumiy 1 898, bugungi 1)

Izoh qoldiring