Mahmud Sa’diy fenomeni: Ustozlar, hamkasblar va shogirdlar Mahmud Sa’diy haqida

044Саҳифа Устоз Маҳмуд Саъдийнинг 80 ёшга тўлишига бағишланади

  …Маҳмуд Саъдий босиб ўтаётган йўлга қараб комил ишонч билан айтиш мумкин: мустақил фикр эгаси бўлиш ҳамиша олижаноб, зиёли кишилар орасида ҳамиша қадрлидир.

МАҲМУД САЪДИЙ ФЕНОМЕНИ
Ҳалим САЙИД
“Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори

001

Умрини миллат маънавиятини юксалтиришга бағишлаётган журналист, адабиётшунос, тарихимиз билимдони, китоб шайдоси, қаттиққўл муҳаррир, қалбидарё УСТОЗ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, “Фидокорона хизматлари учун” ордени, “Олтин қалам” халқаро миллий мукофоти совриндори Маҳмуд Саъдий ҳақида “Қадр” номли китоб ёзилган, унда таниқли олимлар, ижодкорларнинг кўплаб мақолалари тўпланган, шунингдек, унинг шахси, фаолиятига оид қатор телепублицистик асарлар яратилган.

Лекин ҳаёт ва ижод чорраҳаларида бу бағрикенг инсон билан рўпара келган ҳар бир кишининг айтар сўзи, фикри бор. Камина ҳам уларнинг қаторида.

Маҳмуд ака 1990 йили, ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида талабалик чоғимда, мени «Ўқитувчилар газетаси»(ҳозирги «Маърифат»)га ишга жойлаштирмоқчи бўлганди. Арзимас бир сабаб бунга монелик қилган. Шунда “Сен ҳам жонтақмисан?” дея сўрагани ва бу гапнинг моҳиятида нима борлигини англолмай, каловланиб қолганим эсимда. Қисқаси, ўша кунлари «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси мусаҳҳиҳи штати бўшлиги боис бу ўрин Маҳмуд ака «танка»лигида каминага насиб этган.

Тарихнинг ўша унутилмас дамларида собиқ шўро давлати жон талвасасида эди. Миллий қадриятлар, ўзликни англаш эҳтиёжи кучайган дамлар. Факультет домлаларидан бири журналистика тарихи бўйича дарс ўтаётиб, ўзбек миллий матбуотининг сарчашмасини большевикларнинг «Искра»сига тақаганида у билан баҳсга киришиб кетдик. Домла жадидлар буржуа мафкурасини тарғиб этганлигини, бу эса партия ғоясига мутлақо зид эканлигини таъкидлаб, агар унинг айтганларига қўшилмасак, фикримизни илмий далиллар билан исботлаб беришимизни талаб қилди ва баҳсга ғолибона якун ясади.

Бу баҳсларнинг барчаси Устозга айтилар ва у ҳам ўз навбатида холис маслаҳатини аямасди. Маҳмуд аканинг отлантириши (И. Ғофуров фикри) натижаси ўлароқ максималист талаба кутубхонага шошди. Чунки у болалигида бобосидан эски алифбони ўрганиш жараёнида ертўлада сақланадиган китоблари орасидаги «Ойина» журналининг айрим сонларини яширинча ўқиган ва бу «доно»лиги учун гап эшитиб ҳам олган эди. Ман қилинган нарса доим қизиқарли бўлади. Нима учун дакки еганини англаш учун «Ойина»даги мақолаларни «тафтиш» қилгани сабабли журналдаги маънили фикрлар унинг ёдида қолган эди. Домлани тезроқ мот этиш мақсадида Марказий кутубхонанинг Нодир қўлёзмалар бўлимидаги баъзи эски газета-журналлар варақланди ва тезда мақола ёзилди. Бунинг ҳеч қандай илмий мавқеи йўқлигини таъкидлашгач, натижа – бешинчи курс охирида Устоз Саъдий раҳбарлигида «Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг публицистик ва муҳаррирлик фаолияти» мавзуида диплом иши ёқланди. Маҳмуд ака дипломни “ювиш” ошида бу илмий иш расман тан олиниши учун уни номзодлик диссертациясига айлантириш зарурлигини айтди. Газетада ишлаб жамиятдаги муаммоларни кўтариб чиқиш журналистнинг асосий вазифаси эканлиги, тадқиқот ишларининг ўз эгалари борлиги айтилиб, унинг таклифи рад этилди.

Қизишиб ҳам олдик. «Ўша «эга»ларининг ҳаммаси ҳам эски алифбони ўқий олмайди, қолаверса, боболар кимлигини англаб олиш йўлидаги тадқиқот газетада долзарб муаммо кўтаришдан кам эмас», деганди у қатъий ва бироз жаҳл билан. Шунда Маҳмуд ака дипломнинг ички муқовасига «келажакда оғирнинг устидан, енгилнинг остидан юрма»слигимни дастхат тариқасида ёзиб қўйдики, бу сўзлар бобомнинг «Ойина»сидаги мақолалар каби шууримда муҳрланди… Қисқаси, номзодлик диссертациясини биринчи ўқиган ҳам, тадқиқот асосида яратилган “Маърифат либосидаги озодлик” монографиясининг масъул муҳаррири ҳам Маҳмуд Саъдий бўлди. Мен каби беминнат ёрдамни яхши кўрадиган эътиборталаб илми толиблар эса унинг атрофида мўл эди…

Баъзи тадқиқотчилардан домлага “эътибор” берилмаса, илмий ишнинг ҳоли не кечишини эшитардик, лекин тушунишимиз қийин кечарди: қандай юз билан таъма қилишади аспирантдан?! Негаки, атрофимизда Маҳмуд ака сиймосида беғараз, миллат тараққиёти учун зарур бўлган кадрларни кўпайтириш йўлида шогирдлар бошини силаган, таъма нималигини билмайдиган фидойилар бор эди бахтимизга.

Меҳрибонлик баробарида Устознинг шогирдларга талаби қатъий эканлигини айтмасликнинг иложи йўқ. Аввало, танлаган касбига меҳр, унинг қийинчиликларига бардошли бўлиш кераклигини уқтиради.

– Ҳар ким қандайдир бир касбни танлайди. Менинг тушунишимча, одам бир касбни эгаллашга киришар экан, уни ипидан игнасигача билиб, шу ишнинг устаси, яъни профессионал бўлиши керак. Агарда инсон ўз соҳасида профессионал бўлса, ҳаётда қоқилмайди, қаерда бўлса ҳам, меҳнати орқасидан рўшнолик кўради, – дейди Маҳмуд Саъдий.

Маҳмуд ака шу даражага етишида китобнинг, адабиётнинг ўрни беқиёс бўлганини мунтазам такрорлаб туради.

“Китобдан биринчи мақсад – одамни шахс сифатида шакллантириш. Бунда биров келиб сизни камолга етказмайди. Ўзингиз бажаришингиз керак ҳамма ишни. Ўзингиз! Навоийнинг машҳур байтларидан бирини эсингизга солмоқчиман:

Ўз вужудингга тафаккур айлагил,
Ҳар не истарсен, ўзунгдин истагил.

Демак, Навоий инсоннинг ўзига даъват қиляпти. Исломда жузъий ихтиёр худодан, деган гап бор. Лекин бандасига ИМКОНИЯТ ҳам берилган. Ундан фойдаланиш керак. Шу имкониятдан фойдаланиб, Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя”ни яратди ва рисола ислом олами тараққиётида жуда катта аҳамият касб этди. Бу ҳам бизнинг заминимизда бўлди.

… Боболаримиз китобларни ўқиб, улуғ ишлар қилган, улуғ даражага етган”, дейди Устоз.

У миллат ёшларини боболарга муносиб бўлишга даъват этади. Бу фақат ўқиш-изланиш билан амалга ошиши мумкинлигини таъкидлайди. Ҳар бир ўзбек ўқиши керак бўлган миллий ва дунё адабиёти намуналаридан 100 тасини ажратиб, рўйхат тузиб, чоп эттирди. Касбга оид ва турли энциклопедик мазмундаги китобларни ўқиш заруратини тушунтириб берди. Китоб ўқишга, илм олишга монелик қиладиган ҳар қандай тўсиқларга қарши гоҳида мақолалари, гоҳида телерадио дастурлардаги чиқишлари орқали кураш олиб борди. Тарихни, аждодларни билмаслик, қизиқмаслик ҳолатларини кўрганда, миллат маънавиятига салбий таъсир этадиган ишларни қилаётган раҳбарларнинг юзига қаттиқ-қаттиқ айтди эътирозларини. Ўз соҳасида эплаб янги илмий мақола ёза олмайдиган академигу профессорлар устидан очиқчасига кулди. Шу боис уни хушламайдиганлар ҳам топилади…

Адабиёт, адабиётшунослик Маҳмуд Саъдий фаолиятининг ажралмас қисмидир. Унинг адабий-танқидий мақолалари ва суҳбатларини ўз ичига олган «Теран томирлар» китоби ҳақида Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов фикр юритар экан, китобнинг бошқа мунаққидлар китобларидан бир неча хусусиятлари билан ажралиб туришини, маданий ҳаётимизда ўз ўрнига эга эканлигини алоҳида таъкидлаганди.

Мунаққидлигидан ташқари Устознинг моҳир муҳаррирлиги “Шарқ юлдузи”, “Гулистон” журналлари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият” газеталарида сезиларли натижалар берганини ҳамкасблар таъкидлашади. Унинг маҳорати “Маърифат” газетасининг мазмунини яхшилашда ҳам иш бермоқда. Маҳмуд Саъдий 1998 йилдан буён ҳар йили уч ой давомида таҳририятнинг ёш журналистлари, журналистика факультетларининг маънавий-маърифий йўналишга ихтисослашишни ният қилган талабалари учун ўзининг маҳорат мактабини ўтиб берди, айтиш мумкинки, унинг ёрдамида мавзулар танлаш, мақолалар ёзиш, муаллифлар билан ишлаш, таҳрир масалалари анча яхшиланди. Сўзни ҳис қилиш ва англаш, уни ўз ўрнида қўллаш каби таҳрирнинг ўзига хос жиҳатларини устоздан ўрганган ёшлар жуда кўп. Муҳаррирлик журналистдан, аввало, билим ва малакани, энг асосийси ўз мустақил фикри, гражданлик позициясига эга бўлишни талаб этишини шогирдлари қулоғига қуяди Устоз.

Қуёш нуридан баҳра ололмаётган майсаларни кўрганмисиз? Улар қуёш нури берадиган гўзал рангни топа олмай сарғайиб, нимжон бўлиб ўсади. Муҳаррирлик бобида Устозни қуёшга ўхшатгим келади.

Гоҳида ўйланиб қоламан: “Нега?” ва “Нима учун?” деган саволни устоз неча марта такрорлаган экан-а? Булар инсон ўзини англашига, унинг ҳур ва мустақил бўлишига, фикрлашда давом этишига тинимсиз туртки, далда берадиган саволлардир. Йўқса, Маҳмуд ака шу пайтгача ўқиган китоблари қолиб, эртага фалон китобни топиб ўқишим керак, демаган бўларди. Демак, юқоридаги саволларни Маҳмуд ака ўзига яна саноқсиз равишда кўп беради.

Бир ойча аввал таҳририятга кетаётсам, метро томондан ишхонага интилаётган, иссиқда бироз толиққан Устозга кўзим тушди. Пешвоз чиқиб, елкасидан сумкасини олдим. Оғиргина. Норозилик билдирдим. “Китоблар, дорилар ҳам бор, яна талабалардан якуний назорат ишини олдим, кейинги йил озроқ дарс оламан шекилли”, дейди гапимга парво ҳам қилмай.

Бугун Маҳмуд Саъдий 80 ёшда. Ҳаракатдан тўхтамасликка ўзини чоғлаб, тирикликнинг ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланиб, ёшларга ибрат бўлиб яшамоқда. “Маърифат” газетасидаги бўлим муҳаррирлиги билан бирга Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаларига сабоқ бермоқда. Бундан ташқари “Филология масалалари” журнали таҳрир ҳайъати аъзоси. Шу кунларда ўзининг “Фикр қудрати” деб номланган китобини нашриётга топширди.

Устознинг ҳаёти фақат эзгу ишлар билан жўшқин. Бу жўшқинлик эса, манаман деган маърифатпарварнинг, ижодкорнинг ҳам ҳавасини келтиради. Жонкуяр, миллат манфаати йўлида тинмай изланадиган инсон – Маҳмуд Саъдийнинг мазмунли ва барчага фойдали фаолияти узоқ йиллар ана шу шиддатда давом этаверсин!

Манба: «Ma’rifat» газетаси, 2019 йил, 17 июль

МАҲМУД САЪДИЙ ҲАҚИДА
001

БИЗДА ФАҚАТ ШАЙХ САЪДИЙ ИШЛАЙДИ
Асқад МУХТОР

«Гулистон»да ишлар эдим. Маҳмуд Саъдий деган ходимимиз бозорда китоб айирбошлаётган экан, милиция ушлаб олиб кетибди. У жуда билимдон, китобхўр; биз уни Шайх деб атар эдик… Менинг илтимосим билан милиционер идорага келди, ёшгина лейтенант экан.
Гапни узоқдан бошламоқчи бўлдим:
– Ибн Сино Бухоронинг китоб растасида Форобийнинг Арастуга шарҳларини топиб олганда хурсандчилигидан бир зумга ҳушини йўқотган экан…
– Форобий деган шоирни эшитганман, у ҳам сизда ишлайдими?
– Йўқ, бизда фақат Шайх Саъдий ишлайди.
Ҳазил-мутойиба ўтмади. Аниқ гап қилдим.
– Бу йигит уйланганида келинни кухняга тушириб келган. Чунки уч хонали уйнинг ҳамма хоналари лиқ китоб бўлган. У шунақа китоб жинниси.
– Жиннилигига справкаси борми?..

МУСТАҚИЛ ФИКР ЭГАСИ
Иброҳим ҒАФУРОВ
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби

Маҳмуд Саъдийни танибманки, уни мустақил фикрли одам деб биламан. Мустақил одам, деб таниганман. У пайтлари «Шарқ юлдузи» журналида ишларди. «Шарқ юлдузи» журналида адабий ва ижтимоий танқид мустақил, ўзига хос жозибали корхона даражасига кўтарилиб кела бошлаган эди. Бу ёрқин корхонанинг юраги ва ақли Маҳмуд Саъдий эди.

…Маҳмуд Саъдийнинг отлантириш одати ва салоҳиятига кўп маҳал қойил қолардим. Ўша пайтдаги кўп яхши, тилга тушган мақолалар — муаммоларни миллий манфаатлар ва миллий назарлар билан ёритишга уринишлар баайни мана шу — Маҳмуд Саъдийнинг отлантириш, илҳомлантириш, қизиқтириш санъати ҳамда маҳорати боис юзага чиққан.

Отлантириш учун отланган ҳам бўлиш керак. Рағбатлантириш учун рағбатланган бўлиш керак. Маҳмуд Саъдий тарихий, адабий, сиёсий илмларни хўб яхши ўзлаштирган, улар ичида худди балиқдек сузар, океан тўлқинларидан ҳадиксирамас ва, умуман, ўзи ҳадиксираш нималигини билмас эди.

…Замон Маҳмуд билан кўп муроса қилишга уринди. Лекин у яна бир карра ҳеч муроса қилмайдиган одам билан тўқнашган эди. Маҳмуд шу муросасизлиги билан Маҳмуд Саъдий бўлди ва танилди. Унинг муросасизлиги яшаш учун ўзига йўл қидирди. Унинг муросасизлиги ўзига танқид майдонидан йўл топди.

…Маҳмуд Саъдий мустақил ҳаёт ичига кириб, газета ва журналларда иш бошлаб, ўз олдига фикр ўтказишни мақсад қилиб қўйди. Миллат манфаатлари ва тақдирига хизмат қиладиган фикрни у фикр деб билди. Шундай фикр учун у жон-жаҳди билан курашди. Шундай фикр эгаларини у ўзига маслакдош деб қаради. Шундай фикрни тирик сўз деб ҳар доим эъзозлади. Тирик сўзни — мустақил сўз ва фикрни у ўз идеали даражасига кўтарди.

…Ва, шулар билан бирга, Маҳмуд ҳамон ноқулай одам.
Ноқулай одам! Балки мен қийин одам демоқчидирман.

Ноқулай деганда, унинг ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам қулайлик изламаганлигини айтмоқчи бўламан. Қийин деганда, унинг ҳеч қачон осон йўл танламаганлиги, қидирмаганлиги, хоҳламаганлигини назарда тутаман.

Тўғри йўл — қийин йўл.
Ҳақ йўл — қийин йўл.

…Маҳмуд Саъдий босиб ўтаётган йўлга қараб комил ишонч билан айтиш мумкин: мустақил фикр эгаси бўлиш ҳамиша олижаноб, зиёли кишилар орасида ҳамиша қадрлидир.

ФИКРЛАР

Омон МУХТОР — адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби:
Маҳмуд акани талабалик йилларидан биламан. Кўпчилик талабалар китоб қўлтиқлаб юрарди. Табиий ҳол! Аммо Маҳмуд акани китобсиз юрган ҳолда тасаввур қилиш қийин эди. Ҳозир ҳам шундай! Балки, самимий кулиб юборарсиз, кўча-кўйми, ҳаттоки бирон тўй ёки маросимми, китоб қўлтиқлаб келган кишини кўрсангиз, билингки, бу – Маҳмуд Саъдий! Китоб – Маҳмуд ака вужудининг «ажралмас бир бўлаги»га айланиб кетган.

Маҳмуд ака катта маънода саводли олим. Шарқдан тушасизми, Ғарбданми, дуч келган мавзуда суҳбатлаша оласиз. Ҳар бир сўзни далил, исботи билан, мантиқ тарозисида тортиб гапиради. У казо-казо олимларни (яшириб нима қилдик, адибларни ҳам) «терлатиб» қўйган пайтларни кўрганман. Ҳаётда нодонлик ва билимсизлик ҳеч қачон баҳсда ақл ва билимдан ғолиб келолмайди! Маҳмуд Саъдий буни ўз мисолида кўрсатган шахс.

Маҳкам МАҲМУДОВ — адабиётшунос, “Эл-юрт ҳурмати” совриндори:
Маҳмуд Саъдий бадиий асарларга гуманизм, халқчиллик, ижтимоий ҳаёт муаммоларини ҳаққоний акс эттириш мавқеидан туриб баҳо берарди. Умарали Норматов, Иброҳим Ғафуров ва камина бадиий асарларни ҳиссиёт билан ўқир эдик, ҳайрат ва ҳаяжонимизни яширмасдик. Маҳмуд Саъдий эса жиддий, совуққонлик билан ўқирди. Бу жиҳатдан у Норбой Худойбергановга ва ҳатто Матёқуб Қўшжоновга устозлик қилгани рост.

Ёқубжон ИСҲОҚОВ — атоқли адабиётшунос олим, Беруний мукофоти лауреати:
Маҳмуд билан гурунглашганда оғзингизга эҳтиёт бўлинг: мабодо суҳбат асносида бирорта янги фикр ёки ғоянинг учини чиқара кўрманг! Акс ҳолда… Сиз тилга олган мавзу, қоралама тарзида бўлса ҳам, қўлига тушмагунча Сизни тинч қўймайди. Мабодо Сизни қидириб тополмаса, уйингизга «бостириб» боришдан ҳам тоймайди.

Далил керакми — марҳамат: 1985 йилнинг бошларидаги бир суҳбатда ахийлар ва ахийлик ҳаракати ҳақида «гуллаб қўйдим». «Таъқиб» бошланди: «Мақола тайёрми?», «Неча саҳифа бўлди?», «Қачон оламан?» ва ҳоказо. Ниҳоят, мендек беҳафсала одамга ҳам Оллоҳ инсоф бериб, қоралама тайёр бўлди. Лекин тазйиқ тўхтамади, балки таъқибга ўтди.
Ёз кунларининг бирида бизнинг хонадонда марҳум дўстимиз Шукур Холмирзаев билан чақчақлашиб ўтирган эдик. Кайфият аъло даражада… Баногоҳ дарвоза тақиллаб қолди.
Биз ҳеч кимни кутмаётган эдик.

Чақирилмаган меҳмон ким бўлди экан, деб эшикни очдим. Не кўз билан кўрайки, рўпарамда эски бир папкани қўлтиқлаб Маҳмуд турибди.

Салом йўқ, алик йўқ — сўроқ бошланди:

— Мақола қани?
— Ҳа, уйга кирайлик, мақола бир гап бўлар.
— Менга «бир гап» эмас, мақола керак.

Можарони эшитиб Шукур ҳам чиқди.

— Э, дўстим Маҳмудбий, тинчликми? Худди бир пайтлар папкасини қўлтиқлаб, эшикма-эшик юрадиган налогчиларга ўхшайсиз-ку!

— Сиз, Шолохов(Шукурни шундай атар эди), катталарнинг гапига аралашманг. Қачондан бери ваъдани бажармай қочиб юрасиз. Мана, энди сизнинг «подпольный» жойларингиздан бири фош бўлди.

Мақолани қўлига тутқазишга қасамёд қилиб, уйга олиб кирдик. Важоҳатида заррача ўзгариш сезилмади. Қораламани қўлига олгандан кейингина дастурхонга назар ташлади.

Умарали НОРМАТОВ -адабиётшунос олим, профессор:
Маҳмуджоннинг муҳаррирлик бобидаги заҳматларини эсласам, беихтиёр Эркин Аъзамнинг “Ёзувчи” ҳикояси қаҳрамони, унинг қисмати кўз олдимда намоён бўлади. Асли номи – исм-шарифи ҳам унутилган, “ёзувчи”, “муҳаррир”, “домла” деган ном остида бутун умри, билим, ақл-заковатини ўз асарларига эмас, ўзгаларнинг “қоралама”ларини “одам қилиш” – юзага чиқаришга фидо этган ғаройиб зот китобда эмас, ҳаётда ҳам бор! Ўзимизнинг Маҳмуджон шулардан бири. Бир гал “ЎзАС” таҳририятидаги Маҳмуджоннинг хонасига кирсам, мук тушиб бир қўлёзма устида ишлаб ўтирибди. Саломимга алик ҳам олмай, шунчаки бош силкитиб ишини давом эттираверди. Феълини билганим учун рўпарасидаги стулга ўтириб индамайгина ўз ишим билан шуғуллана бошладим. Ниҳоят, ярим соатлардан кейин қоғоздан бошини кўтарди ва таҳрирдан чиққан қўлёзмани олдимга ташлади. Ёши ҳам, илмий даражаси ҳам улуғ номдор адабиётшуноснинг мақоласи матнига кўз югуртирдим. Қалам тегмаган бирорта ҳам жумла йўқ… “Муаллиф буни қанча муддат ичида ёзганини билмайман, аммо уни “одам қилиш” учун бир ҳафта ўтирдим”, деди елкасидан тоғ ағдарилгандек енгил тортиб, айни пайтда афсус-надомат билан. Эртаси мақола газетада чиқди, одамларнинг оғзига тушди, таҳририятга, муаллиф хонадонига телефон орқали табриклар ёғилди. Аммо кўпчилик мақола қай тариқа шу ҳолга келганлигини билгани йўқ…

Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ — адабиётшунос, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти:
Маҳмуд Саъдий шоир эмас, аммо у шеъриятни яхши билади. Лойиқ бўлса, бу оқимни фойдали ўзанга солишгада қурби етади. Маҳмуд Саъдий ёзувчи эмас, лекин наср аталмиш серсалобат карвоннинг нима юклаб кетаётганини, қай манзил томон йўл тутганини яхши англайди. Уни йўл хатаридан огоҳ этишни ҳам эплайди. Маҳмуд Саъдий таржимон эмас, бироқ “Она тилини яхши билади”, деган сифат унга қарата айтилса, бу ибора мантиқли, маъноли жаранглайди. Чунки Маҳмуд Саъдий гап сингари инжиқ, сўз каби хасис, тиниш белгиларидек қаттиққўл одам.

Манба: Фиқра ва фикрлар “Қадр” китобидан қисқартириб олинди.


SAHIFA USTOZ MAHMUD SA’DIYNING 80 YOSHGA TO’LISHIGA BAG’ISHLANADI

…Mahmud Sa’diy bosib o’tayotgan yo’lga qarab komil ishonch bilan aytish mumkin: mustaqil fikr egasi bo’lish hamisha olijanob, ziyoli kishilar orasida hamisha qadrlidir.

MAHMUD SAЪDIY FENOMENI
Halim SAYID
“Oltin qalam” milliy mukofoti sovrindori
11

Umrini millat ma’naviyatini yuksaltirishga bag’ishlayotgan jurnalist, adabiyotshunos, tariximiz bilimdoni, kitob shaydosi, qattiqqo’l muharrir, qalbidaryo USTOZ, O’zbekiston Respublikasida xizmat ko’rsatgan jurnalist, “Fidokorona xizmatlari uchun” ordeni, “Oltin qalam” xalqaro milliy mukofoti sovrindori Mahmud Sa’diy haqida “Qadr” nomli kitob yozilgan, unda taniqli olimlar, ijodkorlarning ko’plab maqolalari to’plangan, shuningdek, uning shaxsi, faoliyatiga oid qator telepublitsistik asarlar yaratilgan.

Lekin hayot va ijod chorrahalarida bu bag’rikeng inson bilan ro’para kelgan har bir kishining aytar so’zi, fikri bor. Kamina ham ularning qatorida.

Mahmud aka 1990 yili, ToshDU(hozirgi O’zMU) jurnalistika fakulьtetida talabalik chog’imda, meni «O’qituvchilar gazetasi»(hozirgi «Ma’rifat»)ga ishga joylashtirmoqchi bo’lgandi. Arzimas bir sabab bunga monelik qilgan. Shunda “Sen ham jontaqmisan?” deya so’ragani va bu gapning mohiyatida nima borligini anglolmay, kalovlanib qolganim esimda. Qisqasi, o’sha kunlari «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasi musahhihi shtati bo’shligi bois bu o’rin Mahmud aka «tanka»ligida kaminaga nasib etgan.

Tarixning o’sha unutilmas damlarida sobiq sho’ro davlati jon talvasasida edi. Milliy qadriyatlar, o’zlikni anglash ehtiyoji kuchaygan damlar. Fakulьtet domlalaridan biri jurnalistika tarixi bo’yicha dars o’tayotib, o’zbek milliy matbuotining sarchashmasini bolьsheviklarning «Iskra»siga taqaganida u bilan bahsga kirishib ketdik. Domla jadidlar burjua mafkurasini targ’ib etganligini, bu esa partiya g’oyasiga mutlaqo zid ekanligini ta’kidlab, agar uning aytganlariga qo’shilmasak, fikrimizni ilmiy dalillar bilan isbotlab berishimizni talab qildi va bahsga g’olibona yakun yasadi.

Bu bahslarning barchasi Ustozga aytilar va u ham o’z navbatida xolis maslahatini ayamasdi. Mahmud akaning otlantirishi (I. G’ofurov fikri) natijasi o’laroq maksimalist talaba kutubxonaga shoshdi. Chunki u bolaligida bobosidan eski alifboni o’rganish jarayonida yerto’lada saqlanadigan kitoblari orasidagi «Oyina» jurnalining ayrim sonlarini yashirincha o’qigan va bu «dono»ligi uchun gap eshitib ham olgan edi. Man qilingan narsa doim qiziqarli bo’ladi. Nima uchun dakki yeganini anglash uchun «Oyina»dagi maqolalarni «taftish» qilgani sababli jurnaldagi ma’nili fikrlar uning yodida qolgan edi. Domlani tezroq mot etish maqsadida Markaziy kutubxonaning Nodir qo’lyozmalar bo’limidagi ba’zi eski gazeta-jurnallar varaqlandi va tezda maqola yozildi. Buning hech qanday ilmiy mavqei yo’qligini ta’kidlashgach, natija – beshinchi kurs oxirida Ustoz Sa’diy rahbarligida «Mahmudxo’ja Behbudiyning publitsistik va muharrirlik faoliyati» mavzuida diplom ishi yoqlandi. Mahmud aka diplomni “yuvish” oshida bu ilmiy ish rasman tan olinishi uchun uni nomzodlik dissertatsiyasiga aylantirish zarurligini aytdi. Gazetada ishlab jamiyatdagi muammolarni ko’tarib chiqish jurnalistning asosiy vazifasi ekanligi, tadqiqot ishlarining o’z egalari borligi aytilib, uning taklifi rad etildi.

Qizishib ham oldik. «O’sha «ega»larining hammasi ham eski alifboni o’qiy olmaydi, qolaversa, bobolar kimligini anglab olish yo’lidagi tadqiqot gazetada dolzarb muammo ko’tarishdan kam emas», degandi u qat’iy va biroz jahl bilan. Shunda Mahmud aka diplomning ichki muqovasiga «kelajakda og’irning ustidan, yengilning ostidan yurma»sligimni dastxat tariqasida yozib qo’ydiki, bu so’zlar bobomning «Oyina»sidagi maqolalar kabi shuurimda muhrlandi… Qisqasi, nomzodlik dissertatsiyasini birinchi o’qigan ham, tadqiqot asosida yaratilgan “Ma’rifat libosidagi ozodlik” monografiyasining mas’ul muharriri ham Mahmud Sa’diy bo’ldi. Men kabi beminnat yordamni yaxshi ko’radigan e’tibortalab ilmi toliblar esa uning atrofida mo’l edi…

Ba’zi tadqiqotchilardan domlaga “e’tibor” berilmasa, ilmiy ishning holi ne kechishini eshitardik, lekin tushunishimiz qiyin kechardi: qanday yuz bilan ta’ma qilishadi aspirantdan?! Negaki, atrofimizda Mahmud aka siymosida beg’araz, millat taraqqiyoti uchun zarur bo’lgan kadrlarni ko’paytirish yo’lida shogirdlar boshini silagan, ta’ma nimaligini bilmaydigan fidoyilar bor edi baxtimizga.

Mehribonlik barobarida Ustozning shogirdlarga talabi qat’iy ekanligini aytmaslikning iloji yo’q. Avvalo, tanlagan kasbiga mehr, uning qiyinchiliklariga bardoshli bo’lish kerakligini uqtiradi.

– Har kim qandaydir bir kasbni tanlaydi. Mening tushunishimcha, odam bir kasbni egallashga kirishar ekan, uni ipidan ignasigacha bilib, shu ishning ustasi, ya’ni professional bo’lishi kerak. Agarda inson o’z sohasida professional bo’lsa, hayotda qoqilmaydi, qayerda bo’lsa ham, mehnati orqasidan ro’shnolik ko’radi, – deydi Mahmud Sa’diy.

Mahmud aka shu darajaga yetishida kitobning, adabiyotning o’rni beqiyos bo’lganini muntazam takrorlab turadi.

“Kitobdan birinchi maqsad – odamni shaxs sifatida shakllantirish. Bunda birov kelib sizni kamolga yetkazmaydi. O’zingiz bajarishingiz kerak hamma ishni. O’zingiz! Navoiyning mashhur baytlaridan birini esingizga solmoqchiman:

O’z vujudingga tafakkur aylagil,
Har ne istarsen, o’zungdin istagil.

Demak, Navoiy insonning o’ziga da’vat qilyapti. Islomda juz’iy ixtiyor xudodan, degan gap bor. Lekin bandasiga IMKONIYaT ham berilgan. Undan foydalanish kerak. Shu imkoniyatdan foydalanib, Burhoniddin Marg’inoniy “Hidoya”ni yaratdi va risola islom olami taraqqiyotida juda katta ahamiyat kasb etdi. Bu ham bizning zaminimizda bo’ldi.

… Bobolarimiz kitoblarni o’qib, ulug’ ishlar qilgan, ulug’ darajaga yetgan”, deydi Ustoz.

U millat yoshlarini bobolarga munosib bo’lishga da’vat etadi. Bu faqat o’qish-izlanish bilan amalga oshishi mumkinligini ta’kidlaydi. Har bir o’zbek o’qishi kerak bo’lgan milliy va dunyo adabiyoti namunalaridan 100 tasini ajratib, ro’yxat tuzib, chop ettirdi. Kasbga oid va turli entsiklopedik mazmundagi kitoblarni o’qish zaruratini tushuntirib berdi. Kitob o’qishga, ilm olishga monelik qiladigan har qanday to’siqlarga qarshi gohida maqolalari, gohida teleradio dasturlardagi chiqishlari orqali kurash olib bordi. Tarixni, ajdodlarni bilmaslik, qiziqmaslik holatlarini ko’rganda, millat ma’naviyatiga salbiy ta’sir etadigan ishlarni qilayotgan rahbarlarning yuziga qattiq-qattiq aytdi e’tirozlarini. O’z sohasida eplab yangi ilmiy maqola yoza olmaydigan akademigu professorlar ustidan ochiqchasiga kuldi. Shu bois uni xushlamaydiganlar ham topiladi…

Adabiyot, adabiyotshunoslik Mahmud Sa’diy faoliyatining ajralmas qismidir. Uning adabiy-tanqidiy maqolalari va suhbatlarini o’z ichiga olgan «Teran tomirlar» kitobi haqida O’zbekiston Qahramoni, atoqli adabiyotshunos Ozod Sharafiddinov fikr yuritar ekan, kitobning boshqa munaqqidlar kitoblaridan bir necha xususiyatlari bilan ajralib turishini, madaniy hayotimizda o’z o’rniga ega ekanligini alohida ta’kidlagandi.

Munaqqidligidan tashqari Ustozning mohir muharrirligi “Sharq yulduzi”, “Guliston” jurnallari, “O’zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Hurriyat” gazetalarida sezilarli natijalar berganini hamkasblar ta’kidlashadi. Uning mahorati “Ma’rifat” gazetasining mazmunini yaxshilashda ham ish bermoqda. Mahmud Sa’diy 1998 yildan buyon har yili uch oy davomida tahririyatning yosh jurnalistlari, jurnalistika fakulьtetlarining ma’naviy-ma’rifiy yo’nalishga ixtisoslashishni niyat qilgan talabalari uchun o’zining mahorat maktabini o’tib berdi, aytish mumkinki, uning yordamida mavzular tanlash, maqolalar yozish, mualliflar bilan ishlash, tahrir masalalari ancha yaxshilandi. So’zni his qilish va anglash, uni o’z o’rnida qo’llash kabi tahrirning o’ziga xos jihatlarini ustozdan o’rgangan yoshlar juda ko’p. Muharrirlik jurnalistdan, avvalo, bilim va malakani, eng asosiysi o’z mustaqil fikri, grajdanlik pozitsiyasiga ega bo’lishni talab etishini shogirdlari qulog’iga quyadi Ustoz.

Quyosh nuridan bahra ololmayotgan maysalarni ko’rganmisiz? Ular quyosh nuri beradigan go’zal rangni topa olmay sarg’ayib, nimjon bo’lib o’sadi. Muharrirlik bobida Ustozni quyoshga o’xshatgim keladi.

Gohida o’ylanib qolaman: “Nega?” va “Nima uchun?” degan savolni ustoz necha marta takrorlagan ekan-a? Bular inson o’zini anglashiga, uning hur va mustaqil bo’lishiga, fikrlashda davom etishiga tinimsiz turtki, dalda beradigan savollardir. Yo’qsa, Mahmud aka shu paytgacha o’qigan kitoblari qolib, ertaga falon kitobni topib o’qishim kerak, demagan bo’lardi. Demak, yuqoridagi savollarni Mahmud aka o’ziga yana sanoqsiz ravishda ko’p beradi.

Bir oycha avval tahririyatga ketayotsam, metro tomondan ishxonaga intilayotgan, issiqda biroz toliqqan Ustozga ko’zim tushdi. Peshvoz chiqib, yelkasidan sumkasini oldim. Og’irgina. Norozilik bildirdim. “Kitoblar, dorilar ham bor, yana talabalardan yakuniy nazorat ishini oldim, keyingi yil ozroq dars olaman shekilli”, deydi gapimga parvo ham qilmay.

Bugun Mahmud Sa’diy 80 yoshda. Harakatdan to’xtamaslikka o’zini chog’lab, tiriklikning har lahzasidan unumli foydalanib, yoshlarga ibrat bo’lib yashamoqda. “Ma’rifat” gazetasidagi bo’lim muharrirligi bilan birga Toshkent davlat o’zbek tili va adabiyoti universiteti talabalariga saboq bermoqda. Bundan tashqari “Filologiya masalalari” jurnali tahrir hay’ati a’zosi. Shu kunlarda o’zining “Fikr qudrati” deb nomlangan kitobini nashriyotga topshirdi.

Ustozning hayoti faqat ezgu ishlar bilan jo’shqin. Bu jo’shqinlik esa, manaman degan ma’rifatparvarning, ijodkorning ham havasini keltiradi. Jonkuyar, millat manfaati yo’lida tinmay izlanadigan inson – Mahmud Sa’diyning mazmunli va barchaga foydali faoliyati uzoq yillar ana shu shiddatda davom etaversin!

Manba: «Ma’rifat» gazetasi, 2019-yil, 17-iyul

23MAHMUD SA’DIY HAQIDA
11

BIZDA FAQAT SHAYX SA’DIY ISHLAYDI
Asqad MUXTOR

«Guliston»da ishlar edim. Mahmud Sa’diy degan xodimimiz bozorda kitob ayirboshlayotgan ekan, militsiya ushlab olib ketibdi. U juda bilimdon, kitobxo’r; biz uni Shayx deb atar edik… Mening iltimosim bilan militsioner idoraga keldi, yoshgina leytenant ekan.
Gapni uzoqdan boshlamoqchi bo’ldim:
– Ibn Sino Buxoroning kitob rastasida Forobiyning Arastuga sharhlarini topib olganda xursandchiligidan bir zumga hushini yo’qotgan ekan…
– Forobiy degan shoirni eshitganman, u ham sizda ishlaydimi?
– Yo’q, bizda faqat Shayx Sa’diy ishlaydi.
Hazil-mutoyiba o’tmadi. Aniq gap qildim.
– Bu yigit uylanganida kelinni kuxnyaga tushirib kelgan. Chunki uch xonali uyning hamma xonalari liq kitob bo’lgan. U shunaqa kitob jinnisi.
– Jinniligiga spravkasi bormi?..

MUSTAQIL FIKR EGASI
Ibrohim G’AFUROV
O’zbekiston Respublikasi san’at arbobi

Mahmud Sa’diyni tanibmanki, uni mustaqil fikrli odam deb bilaman. Mustaqil odam, deb taniganman. U paytlari «Sharq yulduzi» jurnalida ishlardi. «Sharq yulduzi» jurnalida adabiy va ijtimoiy tanqid mustaqil, o’ziga xos jozibali korxona darajasiga ko’tarilib kela boshlagan edi. Bu yorqin korxonaning yuragi va aqli Mahmud Sa’diy edi.

…Mahmud Sa’diyning otlantirish odati va salohiyatiga ko’p mahal qoyil qolardim. O’sha paytdagi ko’p yaxshi, tilga tushgan maqolalar — muammolarni milliy manfaatlar va milliy nazarlar bilan yoritishga urinishlar baayni mana shu — Mahmud Sa’diyning otlantirish, ilhomlantirish, qiziqtirish san’ati hamda mahorati bois yuzaga chiqqan.

Otlantirish uchun otlangan ham bo’lish kerak. Rag’batlantirish uchun rag’batlangan bo’lish kerak. Mahmud Sa’diy tarixiy, adabiy, siyosiy ilmlarni xo’b yaxshi o’zlashtirgan, ular ichida xuddi baliqdek suzar, okean to’lqinlaridan hadiksiramas va, umuman, o’zi hadiksirash nimaligini bilmas edi.

…Zamon Mahmud bilan ko’p murosa qilishga urindi. Lekin u yana bir karra hech murosa qilmaydigan odam bilan to’qnashgan edi. Mahmud shu murosasizligi bilan Mahmud Sa’diy bo’ldi va tanildi. Uning murosasizligi yashash uchun o’ziga yo’l qidirdi. Uning murosasizligi o’ziga tanqid maydonidan yo’l topdi.

…Mahmud Sa’diy mustaqil hayot ichiga kirib, gazeta va jurnallarda ish boshlab, o’z oldiga fikr o’tkazishni maqsad qilib qo’ydi. Millat manfaatlari va taqdiriga xizmat qiladigan fikrni u fikr deb bildi. Shunday fikr uchun u jon-jahdi bilan kurashdi. Shunday fikr egalarini u o’ziga maslakdosh deb qaradi. Shunday fikrni tirik so’z deb har doim e’zozladi. Tirik so’zni — mustaqil so’z va fikrni u o’z ideali darajasiga ko’tardi.

…Va, shular bilan birga, Mahmud hamon noqulay odam.
Noqulay odam! Balki men qiyin odam demoqchidirman.

Noqulay deganda, uning o’ziga ham, o’zgalarga ham qulaylik izlamaganligini aytmoqchi bo’laman. Qiyin deganda, uning hech qachon oson yo’l tanlamaganligi, qidirmaganligi, xohlamaganligini nazarda tutaman.

To’g’ri yo’l — qiyin yo’l.
Haq yo’l — qiyin yo’l.

…Mahmud Sa’diy bosib o’tayotgan yo’lga qarab komil ishonch bilan aytish mumkin: mustaqil fikr egasi bo’lish hamisha olijanob, ziyoli kishilar orasida hamisha qadrlidir.

FIKRLAR

Omon MUXTOR — adib, O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan san’at arbobi:
Mahmud akani talabalik yillaridan bilaman. Ko’pchilik talabalar kitob qo’ltiqlab yurardi. Tabiiy hol! Ammo Mahmud akani kitobsiz yurgan holda tasavvur qilish qiyin edi. Hozir ham shunday! Balki, samimiy kulib yuborarsiz, ko’cha-ko’ymi, hattoki biron to’y yoki marosimmi, kitob qo’ltiqlab kelgan kishini ko’rsangiz, bilingki, bu – Mahmud Sa’diy! Kitob – Mahmud aka vujudining «ajralmas bir bo’lagi»ga aylanib ketgan.

Mahmud aka katta ma’noda savodli olim. Sharqdan tushasizmi, G’arbdanmi, duch kelgan mavzuda suhbatlasha olasiz. Har bir so’zni dalil, isboti bilan, mantiq tarozisida tortib gapiradi. U kazo-kazo olimlarni (yashirib nima qildik, adiblarni ham) «terlatib» qo’ygan paytlarni ko’rganman. Hayotda nodonlik va bilimsizlik hech qachon bahsda aql va bilimdan g’olib kelolmaydi! Mahmud Sa’diy buni o’z misolida ko’rsatgan shaxs.

Mahkam MAHMUDOV — adabiyotshunos, “El-yurt hurmati” sovrindori:
Mahmud Sa’diy badiiy asarlarga gumanizm, xalqchillik, ijtimoiy hayot muammolarini haqqoniy aks ettirish mavqeidan turib baho berardi. Umarali Normatov, Ibrohim G’afurov va kamina badiiy asarlarni hissiyot bilan o’qir edik, hayrat va hayajonimizni yashirmasdik. Mahmud Sa’diy esa jiddiy, sovuqqonlik bilan o’qirdi. Bu jihatdan u Norboy Xudoyberganovga va hatto Matyoqub Qo’shjonovga ustozlik qilgani rost.

Yoqubjon ISHOQOV — atoqli adabiyotshunos olim, Beruniy mukofoti laureati:
Mahmud bilan gurunglashganda og’zingizga ehtiyot bo’ling: mabodo suhbat asnosida birorta yangi fikr yoki g’oyaning uchini chiqara ko’rmang! Aks holda… Siz tilga olgan mavzu, qoralama tarzida bo’lsa ham, qo’liga tushmaguncha Sizni tinch qo’ymaydi. Mabodo Sizni qidirib topolmasa, uyingizga «bostirib» borishdan ham toymaydi.

Dalil kerakmi — marhamat: 1985 yilning boshlaridagi bir suhbatda axiylar va axiylik harakati haqida «gullab qo’ydim». «Ta’qib» boshlandi: «Maqola tayyormi?», «Necha sahifa bo’ldi?», «Qachon olaman?» va hokazo. Nihoyat, mendek behafsala odamga ham Olloh insof berib, qoralama tayyor bo’ldi. Lekin tazyiq to’xtamadi, balki ta’qibga o’tdi.
Yoz kunlarining birida bizning xonadonda marhum do’stimiz Shukur Xolmirzayev bilan chaqchaqlashib o’tirgan edik. Kayfiyat a’lo darajada… Banogoh darvoza taqillab qoldi.
Biz hech kimni kutmayotgan edik.

Chaqirilmagan mehmon kim bo’ldi ekan, deb eshikni ochdim. Ne ko’z bilan ko’rayki, ro’paramda eski bir papkani qo’ltiqlab Mahmud turibdi.

Salom yo’q, alik yo’q — so’roq boshlandi:

— Maqola qani?
— Ha, uyga kiraylik, maqola bir gap bo’lar.
— Menga «bir gap» emas, maqola kerak.

Mojaroni eshitib Shukur ham chiqdi.

— E, do’stim Mahmudbiy, tinchlikmi? Xuddi bir paytlar papkasini qo’ltiqlab, eshikma-eshik yuradigan nalogchilarga o’xshaysiz-ku!

— Siz, Sholoxov(Shukurni shunday atar edi), kattalarning gapiga aralashmang. Qachondan beri va’dani bajarmay qochib yurasiz. Mana, endi sizning «podpolьnыy» joylaringizdan biri fosh bo’ldi.

Maqolani qo’liga tutqazishga qasamyod qilib, uyga olib kirdik. Vajohatida zarracha o’zgarish sezilmadi. Qoralamani qo’liga olgandan keyingina dasturxonga nazar tashladi.

Umarali NORMATOV -adabiyotshunos olim, professor:
Mahmudjonning muharrirlik bobidagi zahmatlarini eslasam, beixtiyor Erkin A’zamning “Yozuvchi” hikoyasi qahramoni, uning qismati ko’z oldimda namoyon bo’ladi. Asli nomi – ism-sharifi ham unutilgan, “yozuvchi”, “muharrir”, “domla” degan nom ostida butun umri, bilim, aql-zakovatini o’z asarlariga emas, o’zgalarning “qoralama”larini “odam qilish” – yuzaga chiqarishga fido etgan g’aroyib zot kitobda emas, hayotda ham bor! O’zimizning Mahmudjon shulardan biri. Bir gal “O’zAS” tahririyatidagi Mahmudjonning xonasiga kirsam, muk tushib bir qo’lyozma ustida ishlab o’tiribdi. Salomimga alik ham olmay, shunchaki bosh silkitib ishini davom ettiraverdi. Fe’lini bilganim uchun ro’parasidagi stulga o’tirib indamaygina o’z ishim bilan shug’ullana boshladim. Nihoyat, yarim soatlardan keyin qog’ozdan boshini ko’tardi va tahrirdan chiqqan qo’lyozmani oldimga tashladi. Yoshi ham, ilmiy darajasi ham ulug’ nomdor adabiyotshunosning maqolasi matniga ko’z yugurtirdim. Qalam tegmagan birorta ham jumla yo’q… “Muallif buni qancha muddat ichida yozganini bilmayman, ammo uni “odam qilish” uchun bir hafta o’tirdim”, dedi yelkasidan tog’ ag’darilgandek yengil tortib, ayni paytda afsus-nadomat bilan. Ertasi maqola gazetada chiqdi, odamlarning og’ziga tushdi, tahririyatga, muallif xonadoniga telefon orqali tabriklar yog’ildi. Ammo ko’pchilik maqola qay tariqa shu holga kelganligini bilgani yo’q…

Uzoq JO’RAQULOV — adabiyotshunos, Toshkent davlat o’zbek tili va adabiyoti universiteti dotsenti:
Mahmud Sa’diy shoir emas, ammo u she’riyatni yaxshi biladi. Loyiq bo’lsa, bu oqimni foydali o’zanga solishgada qurbi yetadi. Mahmud Sa’diy yozuvchi emas, lekin nasr atalmish sersalobat karvonning nima yuklab ketayotganini, qay manzil tomon yo’l tutganini yaxshi anglaydi. Uni yo’l xataridan ogoh etishni ham eplaydi. Mahmud Sa’diy tarjimon emas, biroq “Ona tilini yaxshi biladi”, degan sifat unga qarata aytilsa, bu ibora mantiqli, ma’noli jaranglaydi. Chunki Mahmud Sa’diy gap singari injiq, so’z kabi xasis, tinish belgilaridek qattiqqo’l odam.

Manba: Fiqra va fikrlar “Qadr” kitobidan qisqartirib olindi.

045

(Tashriflar: umumiy 444, bugungi 1)

Izoh qoldiring