Abduqayum Yo’ldoshev. Yuqoridagi odam & Umr mazmuni — o’zni anglab yashash. Suhbat

Ashampoo_Snap_2017.12.09_19h08m24s_006_.png    Инсон дунёда бутун онгли ҳаёти давомида мазмунли умр кечиришга интилиши керак. Ҳеч ким бу дунёга устун бўлолмайди. Бинобарин, ҳар бир одам қўлидан келганича яхшилик қилиши, ҳеч бўлмаса, бошқаларга яхшилик соғиниши, зарари тегмаслиги керак. Китоб мутолааси, маърифатни эгаллаш бу борада инсоннинг асосий таянчларидир. Маърифатли инсонгина ўзини англаб яшашга қодир.

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ
ЮҚОРИДАГИ ОДАМ
05

…Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари.
Журналда иш бошлаган кезларим.

Бу киши ҳақида довруқли гап-сўзларни эшитиб қолардим:

«Ўқимаган китоби қолмаган…»;
«Икки оёқли қомус…»;
«Таҳрир санъатининг сўнгги могиканларидан…»;

«Ҳар куни овқатланмаслиги мумкин, лекин албатта китоб сотиб олади…»;
«Сўзни тишлаб, таъмини тотиб кўради…»

Биласиз, аксарият қаламкаш иш столида ўзини камида даҳо ҳис этади. Шундай экан, бошқа касб-ҳунарлардан фарқли ўлароқ, ижодкорнинг ижодкорга тан бериши сал мушкулроқ кечадиган жараён. Аммо камина Маҳмуд ака ҳақида эшитган эътирофларнинг ҳаммасида ҳавас аралаш ҳайрат унсурлари бисёрроқдай эди.

Ўрис биродарларимизда «Кимнинг аслида кимлигини билиш учун бир пуд тузни бирга ейиш керак», деган нақл бор. Бироқ бизнинг тезкор асримиз бу жараённи анча тезлаштирди, шекилли. Дейлик, ижодкорнинг нималарга қодирлигини англаш, унинг салоҳиятини ҳис этиш учун озроқ муддат бирга ишлашнинг ўзи кифоя қилиши мумкин экан.

e0d599434e668d1b39fd080a17890669.pngДомла Маҳмуд Саъдий билан тўқсонинчи йилларнинг охирларида «Ҳуррият» газетасида икки йилга яқин бирга ишладик. Туғилган кун баҳона у кишининг китоб, китоб ва яна китоб тўла хонадонида бирров қўноқ бўлдик.

Маҳмуд ака ҳақида ўйларканман, қадимдан маълум аксиома (назаримда, бу сўзга кўзлари тушиб қолса, домла нордон нарса егандай афтларини буриштириб, пешоналарини тириштирганларича дарҳол ручкани оладилару «маъқулот» дея тўғрилаб қўядилар) хаёлимдан ўтади: яхшиям Адабиёт аталмиш Буюк Мўъжиза бор. Акс ҳолда, инсон ҳаёти нақадар ғариб ва туссиз бўлишини тасаввур этишнинг ўзи даҳшат. Маҳмуд ака шу мўъжизага фидойиларча, эҳтимолки, ижобий маънода мутаассибларча хизмат қилаётган инсон.

Балки адашаётгандирман, аммо, назаримда, Маҳмуд ака учун ҳаётда биринчи, иккинчи, учинчи… ўринларда Адабиёт туради. Қолгани кейин.

У киши билан гурунглашиб қолсангиз, суҳбатнинг дастлабки уч-тўрт дақиқаси анчайин сокин, турмушбоп, заминбоп мавзуларда кечиши мумкиндир. Аммо гап айланиб, барибир, яна сўз санъатига бориб тақалади ва шундан кейин домлани тўхтатиб қолиш амримаҳол: ёзувчиларнинг номлари, асарлари, қаҳрамонлари қуйилиб келаверади, келаверади… ҳатто айрим исмлар ва китоблар ўзингизга мутлақо нотаниш эканлигидан хижолатга туша бошлайсиз; «энди ўқиб, маза қиларканман-да» деган тасалли ҳам иш бермай қолади. Зеро, ҳатгоки тилга олинган асарни ўқиб, кейинги гурунгга «қуролланиб» келганингизда ҳам, барибир, енгиласиз: Маҳмуд ака бу сафар яна бутунлай янги муаллифларни ва янги китобларни автоматдек тариллатиб айтиб ташлайдилар…

Туриб-туриб ҳайрон қоласиз: бу одам ухлайдими ўзи? Ёки ётиб олиб ўқигани-ўқиганми?..

Дарвоқе, «Ҳуррият»да бирга ишлаганимиз тўғрисида. Ҳақиқатан ҳам, таҳрир санъатининг асл намуналарини мен ўшанда кўрганман. Маҳмуд ака ҳар битта жумла, ҳар битта сўзга ўзига хос талабчанлик ва инжиқлик билан ёндашар, то уларни ўзининг кўнгли сал-пал (шундаям бутунлай эмас!) тўладиган даражага келтирмагунча эринмасдан, қайта-қайта таҳрир қилар, шу сабабли топширилган мақолаларни вақтида қайтармай, масъул котибни юрак ўйноғи қиларди. Албатта, «компьютер саҳифалайди» деган баҳона остида бугун айрим нашрларнинг ҳар саҳифасида ғиж-ғиж имловий, стилистик хатолар учраб турган бир шароитда ёш журналистларнинг бундай талабчанликка кўникиши қийин кечар. Аммо аслида шундай бўлиши керак. Ахир, биз мактабда ўқиб юрган кезларимиз айрим сўзлар қандай ёзилишини туман газетасига қараб билиб олардик…

Бир пайтлар «Белорусь вокзали» деган бадиий фильм бўларди. Шунда кекса бир ҳисобчи ўзидан баъзи бир хатоликлардан кўз юмишни талаб қилиб турган ёш раҳбарга қарата «Бугун кичкина бир хатоликка эътибор бермасак, эртага каттароғи чиқиб келади», дейди. Маҳмуд аканинг журналистикага муносабатида шундай принципиаллик, куюнчаклик кўзга «ярқ» этиб ташланади. Яъни, бугун кичкина бир тиниш белгиси тушиб қолса ёки ортиқча қўйилса, эътибор бермасак, эртага бир ҳарфни назар-писанд қилмаймиз, индинга эса бутун бошли сўзга беписанд қараймиз, кейин навбат жумлага келади…

Мен атайлабдан Маҳмуд аканинг ўзи ёзган мақолаларни, суҳбатларни, у киши уюштирган давра суҳбатлари матнини қайта-қайта ўқиб чиқаман, ҳар гал қандайдир даражада сабоқ оламан, энг муҳими, «Шундай ёзса ҳам бўлар экан-ку», деган хулосага келаман.

Айни пайтда Маҳмуд ака бирон мақолада «йилт» этган истеъдод учқунини пайқаб қолса, дарҳол муаллифини қидириб қоларди. Эсимда бор, газеталардан бирида ҳар ҳафта бир муаллифнинг анчайин эркин услубда, ўйноқи тилда ёзилган хабарлари чоп этиларди. Маҳмуд ака шу хабарларни завқ билан ўқир, муаллифини кўкларга кўтариб мақтарди, адашмасам, талабалардан бирига газета саҳифасидан бир парча жой эгаллаган мазкур мақолалар бўйича диплом иши мавзусини ҳам бермоқчи бўлиб қолгандилар.

…Чин гап, аввалига Маҳмуд Саъдийнинг замонавий ўзбек адабиётида яратилаётган асарларга жуда-жуда талабчанлик билан ёндашиши, таъбир жоиз бўлса, «планкани жуда баланд қўйиши» сабабларини унчалик тушунмай юрдим. У-бу нарса қоралаб юрган қаламкаш сифатида эса, ўзимча домланинг баъзи кескин баҳоларига қўшилмадим ҳам. Лекин бора-бора бир ҳақиқатга иқрор бўлдим. Адабиётга ҳам, муаллифга ҳам худди Маҳмуд Саъдий каби имтиёзларсиз, чегирмаларсиз, холисона ёндашиш керак экан. Домла айтганларидай, ортиқча шира мевани, кўп мақтов эса адабиётни ва истеъдодни ўлдиради.

Яқинда Ницшенинг «Зардўшт таваллоси» насрий достонини Иброҳим Ғафуров таржимасида ўқиб қолдим. Унда, жумладан, шундай фикр бор: «Сиз юқорига интилганда, юқорига қарайсиз. Мен эса пастга қарайман, зотан, юқорига чиқиб бўлганман». Узлуксиз мутолаа, ҳаётий тажриба, истеъдод, холислик, талабчанлик, масъулият, ҳалоллик, журъат, жасорат…

Буларнинг ҳаммаси домла Маҳмуд Саъдийни юқорига олиб чиққан. Юқоридаги одамга эса қуйидаги мавжудлик анчайин кичикроқ кўриниши мумкиндир. Демак, бугунги журналистикамизнинг, адабиётимизнинг вазифаларидан бири зудлиқда, домланинг таваллуд кунлари нишонланадаган санагача, наинки Маҳмуд Саъдий эришган юксакликни забт этадиган, балки янада юқорироққа кўтарилиб кетадиган мақолалар, асарлар яратишдир. Токи буларни ўқиб, Маҳмуд ака ҳайрат бармоқларини тишлаб қолаверсинлар… Назаримда, ҳақиқий адабиётшунос, ҳақиқий адабий танқидчи, ҳақиқий журналист ва устоз учун бундан ортиқроқ совға бўлмаса керак…

УМР МАЗМУНИ — ЎЗНИ АНГЛАБ ЯШАШ!
Устоз Маҳмуд Саъдий билан суҳбат
05

— Ёшликда эгалланган билимни тошга ўйиб ёзилган битикка қиёслайдилар. Албатта, эсини таниган ҳар қандай бола ўз-ўзидан китобга ёпишиб, ҳарф ўрганиб, саводхон бўлиб қолмайди. Атроф-муҳитнинг, оила, қолаверса, мактабнинг таъсири, тарбияси бу борада етакчи омил ҳисобланади. Бу жараён сизнинг тақдирингизда қандай кечган? Сизга ҳарф танитган биринчи ўқитувчингиз ким бўлган?

Mahmud-Sadiy.jpg— Менинг биринчи ўқитувчим — отам мулла Холиқул Саъдин ўғли. У киши Бухорода мадрасани тугатиб келиб, қишлоғимизда болаларни ўқитган. Ҳозир ҳам кечагидай эсимда: уйимизда бир сандиқ муқовалари чиройли китоблар бўларди. Бу арабча, форсча китоблардан ташқари, яна бошқа китоблар ҳам бор эди. Баъзан кечқурунлари уйимизга қишлоқдошлар йиғилишар, отам китоб ўқиб берганда айримлари таъсирланиб, йиғлаб ўтирарди.

Кирилл алифбосини ҳам менга отам ўргатганди. Мактабга бормагандим у пайтда. Бу алифбода китоб-газета ўқий олардим.

Биринчи синфдалигимда отам ҳам вафот этиб, синглим иккаламиз ғирт етим бўлиб қолдик. Шунда амаки акам Мамарасул Олломуродов ўз паноҳига олиб, оталик қилди — тарбия берди. Ўрта мактабни битиргунимча акамникида яшадим.

Мамарасул акамни отамдан кейинги иккинчи мураббийим, деб биламан.

Мактабда яхши дарс берадиган ўқитувчиларнинг ҳаммасини яхши кўрардим. Албатта, бошланғич синфларда сабоқ берган муаллимлар хотирада жуда ёруғ из қолдирадилар.

Қишлоғимиз — Олтиўғилдаги идорада кутубхона бўларди. Мен шу кутубхонага қатнаб, кичик-кичик китобларни олиб ўқирдим. Бир куни Ойбекнинг «Навоий» романини ўқимоқчи бўлиб олдим. Қўлимдаги китобни кўриб, кутубхоначи: «Бу китоб сенга ҳали оғирлик қилади», деди. Шунда Назаров муаллим: «Маҳмуд ўқиса бўлади», деди. Бу менинг кўнглимни тоғдай кўтарди.

Қизиқ, ўша пайтлари одамлар орасида ёш бола катта китоб ўқиса, мияси суюлиб қолармиш, деган гаплар юрарди. Кутубхоначи, балки ана шу миш-мишларга ишонганидан менга эътироз билдиргандир… Хуллас, мен «Навоий» романини ўқиб чиққим ва бу асар менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Назаров муаллимнинг кутубхонада менга билдирган ишончи «катта китоб»ни ўқиб чиқишимга руҳлантирган бўлса, ажабмас.

Шундан кейин рўй берган бир воқеа сабаб бўлиб, мен муаллимимнинг ишончини оқладим. Бу шундай бўлган эди. Бир куни мени директор хонасига чақириб қолишди. Бордим. Хонада директор, Назаров муаллим, бошқа ўқитувчилар бор эди. Маълум бўлишича, мактаб директори билан Назаров муаллим «Навоий» романидаги бир эпизод мазмуни борасида баҳслашиб қолган эканлар. Улар: «Сен романни ўқигансан, қани айт-чи, бу масалада қайси биримизнинг фикримиз тўғри?» деб сўрашди. Мен бир оз ийманиб туриб: «Ўзларингиз биласизлар», дедим. Шунда улар: «Ростини айтавер, урушмаймиз, ўқувчи тўғрисини айтиши керак! Кимнинг фикри тўғри?» дейиўди. Мен: «Назаров муаллимнинг фикри…» дедим. Ҳақиқатан ҳам, директорнинг фикри нотўғри эди.

Ўқитувчим Назаров Хўжаёр, тоғам Ҳасанов Бобохолнинг қунт билан, эринмай, меҳрини бериб дарс ўтишлари ёдимдан чиқмайди. Улар ҳар бир боланинг қобилиятини яхши билишарди.

Мени тил ўрганишга қизиқтирган, шу билан бирга, тўғри сўзлашни талаб қилган, шунга одатлантирган барча устозларимни, хусусан, билими ҳам ўзидай чиройли рус тили ва адабиёти ўқитувчимиз Гулчеҳра опа Тўпиевани, тарих ўқитувчимиз Ортиқ Жумаев, физика ўқитувчимиз Эшқобил Шароповни миннатдор бўлиб эслайман. Бу ўқитувчиларга хос етакчи хусусият шунда эдики, улар ўқувчини ўзларига тенг кўриб муносабатда бўлишарди. Биз улардан фақат билим эмас, ҳаётда жуда зарур бўлган тарбияни ҳам олганмиз… Кейинчалик ҳам ҳаётимда кўплаб чинакам муаллимларни, устозларни учратдим. Бу, назаримда, бошқа бир суҳбатнинг мавзуи.

— Сиз таълим олган даврда мактабда тартиб бошқача бўлган, тўғрими? Ўқитувчининг айтгани — айтган, дегани — деган, ўзгача фикрларга, дейлик, ўқувчиларнинг эътироз ёки эркин фикрлашларига унчалик ўрин қолдирилмаган.

 Эндиликда бундай авторитар педагогика инкор этилди. Ўқувчига эркинлик бериш, унинг ўз мустақил фикрини эмин-эркин баён этишига, жоиз бўлса, ўқитувчи билан тенгма-тенг мунозарага киришишига имкон яратиш лозим. Бу болада мустақил шахс камол топиши учун зарур омил, дейилмоқда. Бу масалаларга сиз қандай қарайсиз?

— Мен боланинг эркинлиги деганда нимани тушунаман?

Бола тўғри иш қилса, уни қувватлаш керак, ўзига қўйиб бериш керак. Ақлли болалар бор, сал бундайроқ болалар бор. Ҳаммасига бир хил тарбия бериб бўлмайди. Ҳар бир болага феъл-атвори, ақл-идрокига мос тарбия берилса, ўринли бўлади, деб ўйлайман. Умуман, болалар табиатан қизиқувчан бўлишади. Ҳамма нарсани билгиси, қилгиси келади. Одамлар уни мақташини хохлайди, ўзини кўрсатгиси келади. Менингча, унга бу йўлда одоб доирасидан чиқмагунча қўйиб бериш керак. Эркинлик — шу.

Айтайлик, бола кўп ўқийди, ёшига нисбатан кўп нарсани билади. Лекин у билимини пеш қилиб, ўзидан катталарни беҳурмат қилса, билмайсан, деб гапини бўлиб ташласа, бу энди эркинлик эмас, бошбошдоқлик!

Ҳозирги тарбияда ўқувчининг эркин, мустақил фикрлашига даъват қилиш яхши. Бу боланинг ташаббусини уйғотишга, унинг ҳаётда мустаҳкам оёққа туриб олишига ёрдам беради.

— Албатта, одам боласи онадан ўғри ёки тўғри бўлиб туғилмайди. Бироқ неки бўлса, асли — наслида бўлган, деган гап бор. Одамни одам қиладиган омиллар ҳам кўп. Улар орасида китоб, китобхонлик, адабиёт ва санъатнинг ўрнини босадиган бошқа бир қудратли омилни тасаввур этиш қийин. Сиз бола тарбиясида ҳозир ҳам китоб етакчи мавқега эга, китобхонлик болада шахсни тарбиялайди, бадиий адабиёт унинг қалбини, дунёқарашини, ахлоқ-одобини камол топтиради, деб ўйлайсизми? Ҳозирги фан-техника ривожланган шароитда, тан олиб айтиш керак, бурунгидай достон айтишлар, достон ўқитиб тинглашлар, афсуски, аста-секин унутилаётган бир замонда бу ноёб тарбия мактабининг таъсири сусайиб қолмадимикан?

— Инсондаги яхши фазилатлар ҳам, ёмон хислатлар ҳам қонга, наслга боғлиқ. Демак, илмга, китобга муҳаббат ҳам, аввало, қондан ўтади. Агар қайси оилада китобхонлик, китобга меҳр кучли бўлса, бу ўша оилада туғилган фарзандларга ҳам ўтади. Бундан қандай хулоса келиб чиқади? Энг аввало, ота-онанинг ўзи китобга меҳр қўйган, китобхон бўлиши керак! Ана шунда болаларнинг китобхон бўлиши тайин.

Шубҳасиз, ўзини билган, ўзлигини англаган ҳар бир оилада китобхонлик муҳити яратиш, китобхонлик руҳи ҳукмронлик қилиши шарт! Ота-она болани китоб ўқишга ўргатишда, даставвал, ишни нимадан бошлаши керак?

Болага гўдаклигида гўзал аллалар айтилиши, уйда миллий мусиқа доимо янграб туриши лозим. Кейинчалик — болаларнинг тили чиқиб, эсини таний бошлагач, эртаклар, ҳикоятлар, ривоятларни овоз чиқариб, ифодали ўқиб бериш зарур. Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, халқ оғзаки ижоди намуналари — термалар, қўшиқлар, эртаклар, мақол-маталлар, достонлар ҳар бир хонадонда бўлиши керак ва тез-тез уларни ўқиб, ота-она болалар билан суҳбатлар ўтказиб туриши лозим. Булар ҳаммаси китобхонлик муҳитини яратади. Албатта, ҳар бир хонадонда оила кутубхонаси бўлиши шарт. Бу кутубхонада ўзбек халқ оғзаки ижоди, мумтоз ва ҳозирги замон адибларининг асарлари, турли луғатлар, қомуслар бўлсин. Яна такрорлаб айтаман, халқ оғзаки ижоди намуналарини болалар кўп ўқишлари шарт. Халқнинг, миллатнинг ўзлигини англашида бу асарларнинг аҳамияти тенгсиздир…

— Киши обрў топса ҳам, гап орттирса ҳам, бунга кўпинча танлаган касб-кори сабаб бўлади, дейишади. Сиз бугун таниқли муҳаррир сифатида жуда кўплаб ёшларга устозсиз. Адабий, илмий жамоатчилик, саньаткорлар, матбуотчилар сизнинг меҳнатингизни ғоятда қадрлашади, муҳаррирлик маҳоратингизга тан беришади. Кўпчилик «Устоз» деб мурожаат этса, ижод заҳматидан хабари борлар «Таҳрирнинг пири» дейишади Сиз ҳақингизда. Айтинг-чи, устоз, таҳрир нима? Таҳрирчи ёхуд муҳаррир ким?

— Аслида таҳрир адабиётимизда қадимдан бўлган. Навоий замондошларининг асарларидан маълумки, улуғ шоиримиз кўп буюк асарларни замонасининг машҳур адиб ва олимларига ёздиртирган. Ўша асарларнинг юзага келиши учун зарур шарт-шароитни яратиб берган. Уларни ўқиб, йўл-йўриқ кўрсатган, яъни муҳаррирнинг ишини қилган. Навоий билан Жомийнинг, Навоий билан Ҳусайн Бойқаронинг ўзлари ёзган асарларини бир-бирларига ўқитиб, маслаҳатлар олиб, таҳрир этишлари ўқимишли одамларнинг барчасига маълум, деб ўйлайман. Улар доим бир-бирларининг асарларини ўқиб, муҳокама қилиб борганлар, бир-бирларидан ўринли маслаҳатларини аямаганлар. Хусусан, Ҳусайн Бойқаронинг Навоий асарларига муҳаррирлик қилганини улуғ шоиримизнинг ўзи қайта-қайта айтган. Масалан, «Хазойин ул-маоний» куллиётига киритилган асарлар таҳририда Ҳусайн Бойқаронинг хизмати катга бўлганини Навоий кўп эътироф этган.

Хулоса шуки, қадимда ўзбек классик шоирлари бир-бирларининг асарларини таҳрир қилганлар. Бинобарин, ўзбек маданиятида таҳрир санъати жуда қадимги пайтларда ҳам анча ривож топган.

Таҳрир санъатига, айниқса, XIX аср рус классиклари катта эътибор берганлар. Рус адабиёти даҳолари ўз муҳаррирларининг фикрларини ғоятда қадрлашган. Масалан, Пушкин дўсти Плетнёвга ёзган бир хатида «Евгений Онегин» қўлёзмасини Жуковский, Гнедич, Делвиг билан биргаликда ўқиб чиқиб, нимаики камчилиги бўлса, юзинг-кўзинг демай танқид қилишларини талаб қилган. Гениал Николай Гоголь эса Пушкин вафот этганидан хабар топганида ўзини қўярга жой тополмай: «Энди ёзган асарларимни кимнинг ҳукмига ҳавола этаман!» деб дод солган, «Мен ҳар бир асаримни ёзаётганимда кўз ўнгимда у турарди. Энди менинг ёзганим нимаю ҳаётимнинг маъниси нима!» деб қаттиқ изтироб чеккан экан. Гоголь бошқа бир хатида эса, «Ўлик жонлар» қўлёзмасидаги камчиликларни кимда-ким танқид қилмас экан, бу катга гуноҳдир, дейди. Тургеневдек буюк ёзувчи бўлса: «Мен Гоголь эмасманки, ёзганларимнинг нимаси яхшию нимаси ёмон эканлигини билсам», деб эътироф этади.

Бу гапларни эслашдан мурод нима?

Демак, таҳрир санъати адабиётнинг гуллаб-яшнаши учун, матбуот фикрининг халқ қалбидан жой олиши учун ғоятда зарур санъатдир.

Мен ҳам онгли ҳаётимнинг асосий қисмини ана шу юксак санъатга хизмат қилишга бағишлаганимдан сира афсусланмайман. Баҳоли қудрат қилган меҳнатим ўзбек маданияти, ўзбек адабиёти ва санъати равнақига озми-кўпми яраган бўлса, демак, умрим бекорга ўтмаётган экан.

Инсон дунёда бутун онгли ҳаёти давомида мазмунли умр кечиришга интилиши керак. Ҳеч ким бу дунёга устун бўлолмайди. Бинобарин, ҳар бир одам қўлидан келганича яхшилик қилиши, ҳеч бўлмаса, бошқаларга яхшилик соғиниши, зарари тегмаслиги керак. Китоб мутолааси, маърифатни эгаллаш бу борада инсоннинг асосий таянчларидир. Маърифатли инсонгина ўзини англаб яшашга қодир.

Умримнинг шу довонига келиб, ҳаётдан чиқарган хулосаларимнинг айримлари шулардан иборат.

Аҳмад ОТАБОЕВ суҳбатлашди

Inson dunyoda butun ongli hayoti davomida mazmunli umr kechirishga intilishi kerak. Hech kim bu dunyoga ustun bo‘lolmaydi. Binobarin, har bir odam qo‘lidan kelganicha yaxshilik qilishi, hech bo‘lmasa, boshqalarga yaxshilik sog‘inishi, zarari tegmasligi kerak. Kitob mutolaasi, ma’rifatni egallash bu borada insonning asosiy tayanchlaridir. Ma’rifatli insongina o‘zini anglab yashashga qodir.

Abduqayum YO‘LDOSHЕV
YUQORIDAGI ODAM
05

…O‘tgan asrning to‘qsoninchi yillari.
Jurnalda ish boshlagan kezlarim.

Bu kishi haqida dovruqli gap-so‘zlarni eshitib qolardim:

«O‘qimagan kitobi qolmagan…»;
«Ikki oyoqli qomus…»;
«Tahrir san’atining so‘nggi mogikanlaridan…»;

«Har kuni ovqatlanmasligi mumkin, lekin albatta kitob sotib oladi…»;
«So‘zni tishlab, ta’mini totib ko‘radi…»

Bilasiz, aksariyat qalamkash ish stolida o‘zini kamida daho his etadi. Shunday ekan, boshqa kasb-hunarlardan farqli o‘laroq, ijodkorning ijodkorga tan berishi sal mushkulroq kechadigan jarayon. Ammo kamina Mahmud aka haqida eshitgan e’tiroflarning hammasida havas aralash hayrat unsurlari bisyorroqday edi.

O‘ris birodarlarimizda «Kimning aslida kimligini bilish uchun bir pud tuzni birga yeyish kerak», degan naql bor. Biroq bizning tezkor asrimiz bu jarayonni ancha tezlashtirdi, shekilli. Deylik, ijodkorning nimalarga qodirligini anglash, uning salohiyatini his etish uchun ozroq muddat birga ishlashning o‘zi kifoya qilishi mumkin ekan.

Domla Mahmud Sa’diy bilan to‘qsoninchi yillarning oxirlarida «Hurriyat» gazetasida ikki yilga yaqin birga ishladik. Tug‘ilgan kun bahona u kishining kitob, kitob va yana kitob to‘la xonadonida birrov qo‘noq bo‘ldik.

0_1bb960_842c3e1e_orig.jpgMahmud aka haqida o‘ylarkanman, qadimdan ma’lum aksioma (nazarimda, bu so‘zga ko‘zlari tushib qolsa, domla nordon narsa yeganday aftlarini burishtirib, peshonalarini tirishtirganlaricha darhol ruchkani oladilaru «ma’qulot» deya to‘g‘rilab qo‘yadilar) xayolimdan o‘tadi: yaxshiyam Adabiyot atalmish Buyuk Mo‘jiza bor. Aks holda, inson hayoti naqadar g‘arib va tussiz bo‘lishini tasavvur etishning o‘zi dahshat. Mahmud aka shu mo‘jizaga fidoyilarcha, ehtimolki, ijobiy ma’noda mutaassiblarcha xizmat qilayotgan inson.

Balki adashayotgandirman, ammo, nazarimda, Mahmud aka uchun hayotda birinchi, ikkinchi, uchinchi… o‘rinlarda Adabiyot turadi. Qolgani keyin.

U kishi bilan gurunglashib qolsangiz, suhbatning dastlabki uch-to‘rt daqiqasi anchayin sokin, turmushbop, zaminbop mavzularda kechishi mumkindir. Ammo gap aylanib, baribir, yana so‘z san’atiga borib taqaladi va shundan keyin domlani to‘xtatib qolish amrimahol: yozuvchilarning nomlari, asarlari, qahramonlari quyilib kelaveradi, kelaveradi… hatto ayrim ismlar va kitoblar o‘zingizga mutlaqo notanish ekanligidan xijolatga tusha boshlaysiz; «endi o‘qib, maza qilarkanman-da» degan tasalli ham ish bermay qoladi. Zero, hatgoki tilga olingan asarni o‘qib, keyingi gurungga «qurollanib» kelganingizda ham, baribir, yengilasiz: Mahmud aka bu safar yana butunlay yangi mualliflarni va yangi kitoblarni avtomatdek tarillatib aytib tashlaydilar…

Turib-turib hayron qolasiz: bu odam uxlaydimi o‘zi? Yoki yotib olib o‘qigani-o‘qiganmi?..

Darvoqe, «Hurriyat»da birga ishlaganimiz to‘g‘risida. Haqiqatan ham, tahrir san’atining asl namunalarini men o‘shanda ko‘rganman. Mahmud aka har bitta jumla, har bitta so‘zga o‘ziga xos talabchanlik va injiqlik bilan yondashar, to ularni o‘zining ko‘ngli sal-pal (shundayam butunlay emas!) to‘ladigan darajaga keltirmaguncha erinmasdan, qayta-qayta tahrir qilar, shu sababli topshirilgan maqolalarni vaqtida qaytarmay, mas’ul kotibni yurak o‘ynog‘i qilardi. Albatta, «kompyuter sahifalaydi» degan bahona ostida bugun ayrim nashrlarning har sahifasida g‘ij-g‘ij imloviy, stilistik xatolar uchrab turgan bir sharoitda yosh jurnalistlarning bunday talabchanlikka ko‘nikishi qiyin kechar. Ammo aslida shunday bo‘lishi kerak. Axir, biz maktabda o‘qib yurgan kezlarimiz ayrim so‘zlar qanday yozilishini tuman gazetasiga qarab bilib olardik…

Bir paytlar «Belorus vokzali» degan badiiy film bo‘lardi. Shunda keksa bir hisobchi o‘zidan ba’zi bir xatoliklardan ko‘z yumishni talab qilib turgan yosh rahbarga qarata «Bugun kichkina bir xatolikka e’tibor bermasak, ertaga kattarog‘i chiqib keladi», deydi. Mahmud akaning jurnalistikaga munosabatida shunday prinsipiallik, kuyunchaklik ko‘zga «yarq» etib tashlanadi. Ya’ni, bugun kichkina bir tinish belgisi tushib qolsa yoki ortiqcha qo‘yilsa, e’tibor bermasak, ertaga bir harfni nazar-pisand qilmaymiz, indinga esa butun boshli so‘zga bepisand qaraymiz, keyin navbat jumlaga keladi…

Men ataylabdan Mahmud akaning o‘zi yozgan maqolalarni, suhbatlarni, u kishi uyushtirgan davra suhbatlari matnini qayta-qayta o‘qib chiqaman, har gal qandaydir darajada saboq olaman, eng muhimi, «Shunday yozsa ham bo‘lar ekan-ku», degan xulosaga kelaman.

Ayni paytda Mahmud aka biron maqolada «yilt» etgan iste’dod uchqunini payqab qolsa, darhol muallifini qidirib qolardi. Esimda bor, gazetalardan birida har hafta bir muallifning anchayin erkin uslubda, o‘ynoqi tilda yozilgan xabarlari chop etilardi. Mahmud aka shu xabarlarni zavq bilan o‘qir, muallifini ko‘klarga ko‘tarib maqtardi, adashmasam, talabalardan biriga gazeta sahifasidan bir parcha joy egallagan mazkur maqolalar bo‘yicha diplom ishi mavzusini ham bermoqchi bo‘lib qolgandilar.

…Chin gap, avvaliga Mahmud Sa’diyning zamonaviy o‘zbek adabiyotida yaratilayotgan asarlarga juda-juda talabchanlik bilan yondashishi, ta’bir joiz bo‘lsa, «plankani juda baland qo‘yishi» sabablarini unchalik tushunmay yurdim. U-bu narsa qoralab yurgan qalamkash sifatida esa, o‘zimcha domlaning ba’zi keskin baholariga qo‘shilmadim ham. Lekin bora-bora bir haqiqatga iqror bo‘ldim. Adabiyotga ham, muallifga ham xuddi Mahmud Sa’diy kabi imtiyozlarsiz, chegirmalarsiz, xolisona yondashish kerak ekan. Domla aytganlariday, ortiqcha shira mevani, ko‘p maqtov esa adabiyotni va iste’dodni o‘ldiradi.

Yaqinda Nisshening «Zardo‘sht tavallosi» nasriy dostonini Ibrohim G‘afurov tarjimasida o‘qib qoldim. Unda, jumladan, shunday fikr bor: «Siz yuqoriga intilganda, yuqoriga qaraysiz. Men esa pastga qarayman, zotan, yuqoriga chiqib bo‘lganman». Uzluksiz mutolaa, hayotiy tajriba, iste’dod, xolislik, talabchanlik, mas’uliyat, halollik, jur’at, jasorat…

Bularning hammasi domla Mahmud Sa’diyni yuqoriga olib chiqqan. Yuqoridagi odamga esa quyidagi mavjudlik anchayin kichikroq ko‘rinishi mumkindir. Demak, bugungi jurnalistikamizning, adabiyotimizning vazifalaridan biri zudliqda, domlaning tavallud kunlari nishonlanadagan sanagacha, nainki Mahmud Sa’diy erishgan yuksaklikni zabt etadigan, balki yanada yuqoriroqqa ko‘tarilib ketadigan maqolalar, asarlar yaratishdir. Toki bularni o‘qib, Mahmud aka hayrat barmoqlarini tishlab qolaversinlar… Nazarimda, haqiqiy adabiyotshunos, haqiqiy adabiy tanqidchi, haqiqiy jurnalist va ustoz uchun bundan ortiqroq sovg‘a bo‘lmasa kerak…

UMR MAZMUNI — O‘ZNI ANGLAB YASHASh!
Ustoz Mahmud Sa’diy bilan suhbat
05

— Yoshlikda egallangan bilimni toshga o‘yib yozilgan bitikka qiyoslaydilar. Albatta, esini tanigan har qanday bola o‘z-o‘zidan kitobga yopishib, harf o‘rganib, savodxon bo‘lib qolmaydi. Atrof-muhitning, oila, qolaversa, maktabning ta’siri, tarbiyasi bu borada yetakchi omil hisoblanadi. Bu jarayon sizning taqdiringizda qanday kechgan? Sizga harf tanitgan birinchi o‘qituvchingiz kim bo‘lgan?

86597596dc2f66c6e157767c60d4b064.jpg— Mening birinchi o‘qituvchim — otam mulla Xoliqul Sa’din o‘g‘li. U kishi Buxoroda madrasani tugatib kelib, qishlog‘imizda bolalarni o‘qitgan. Hozir ham kechagiday esimda: uyimizda bir sandiq muqovalari chiroyli kitoblar bo‘lardi. Bu arabcha, forscha kitoblardan tashqari, yana boshqa kitoblar ham bor edi. Ba’zan kechqurunlari uyimizga qishloqdoshlar yig‘ilishar, otam kitob o‘qib berganda ayrimlari ta’sirlanib, yig‘lab o‘tirardi.

Kirill alifbosini ham menga otam o‘rgatgandi. Maktabga bormagandim u paytda. Bu alifboda kitob-gazeta o‘qiy olardim.

Birinchi sinfdaligimda otam ham vafot etib, singlim ikkalamiz g‘irt yetim bo‘lib qoldik. Shunda amaki akam Mamarasul Ollomurodov o‘z panohiga olib, otalik qildi — tarbiya berdi. O‘rta maktabni bitirgunimcha akamnikida yashadim.

Mamarasul akamni otamdan keyingi ikkinchi murabbiyim, deb bilaman.

Maktabda yaxshi dars beradigan o‘qituvchilarning hammasini yaxshi ko‘rardim. Albatta, boshlang‘ich sinflarda saboq bergan muallimlar xotirada juda yorug‘ iz qoldiradilar.

Qishlog‘imiz — Oltio‘g‘ildagi idorada kutubxona bo‘lardi. Men shu kutubxonaga qatnab, kichik-kichik kitoblarni olib o‘qirdim. Bir kuni Oybekning «Navoiy» romanini o‘qimoqchi bo‘lib oldim. Qo‘limdagi kitobni ko‘rib, kutubxonachi: «Bu kitob senga hali og‘irlik qiladi», dedi. Shunda Nazarov muallim: «Mahmud o‘qisa bo‘ladi», dedi. Bu mening ko‘nglimni tog‘day ko‘tardi.

Qiziq, o‘sha paytlari odamlar orasida yosh bola katta kitob o‘qisa, miyasi suyulib qolarmish, degan gaplar yurardi. Kutubxonachi, balki ana shu mish-mishlarga ishonganidan menga e’tiroz bildirgandir… Xullas, men «Navoiy» romanini o‘qib chiqqim va bu asar menga juda qattiq ta’sir qildi. Nazarov muallimning kutubxonada menga bildirgan ishonchi «katta kitob»ni o‘qib chiqishimga ruhlantirgan bo‘lsa, ajabmas.

Shundan keyin ro‘y bergan bir voqea sabab bo‘lib, men muallimimning ishonchini oqladim. Bu shunday bo‘lgan edi. Bir kuni meni direktor xonasiga chaqirib qolishdi. Bordim. Xonada direktor, Nazarov muallim, boshqa o‘qituvchilar bor edi. Ma’lum bo‘lishicha, maktab direktori bilan Nazarov muallim «Navoiy» romanidagi bir epizod mazmuni borasida bahslashib qolgan ekanlar. Ular: «Sen romanni o‘qigansan, qani ayt-chi, bu masalada qaysi birimizning fikrimiz to‘g‘ri?» deb so‘rashdi. Men bir oz iymanib turib: «O‘zlaringiz bilasizlar», dedim. Shunda ular: «Rostini aytaver, urushmaymiz, o‘quvchi to‘g‘risini aytishi kerak! Kimning fikri to‘g‘ri?» deyio‘di. Men: «Nazarov muallimning fikri…» dedim. Haqiqatan ham, direktorning fikri noto‘g‘ri edi.

O‘qituvchim Nazarov Xo‘jayor, tog‘am Hasanov Boboxolning qunt bilan, erinmay, mehrini berib dars o‘tishlari yodimdan chiqmaydi. Ular har bir bolaning qobiliyatini yaxshi bilishardi.

Meni til o‘rganishga qiziqtirgan, shu bilan birga, to‘g‘ri so‘zlashni talab qilgan, shunga odatlantirgan barcha ustozlarimni, xususan, bilimi ham o‘ziday chiroyli rus tili va adabiyoti o‘qituvchimiz Gulchehra opa To‘piyevani, tarix o‘qituvchimiz Ortiq Jumayev, fizika o‘qituvchimiz Eshqobil Sharopovni minnatdor bo‘lib eslayman. Bu o‘qituvchilarga xos yetakchi xususiyat shunda ediki, ular o‘quvchini o‘zlariga teng ko‘rib munosabatda bo‘lishardi. Biz ulardan faqat bilim emas, hayotda juda zarur bo‘lgan tarbiyani ham olganmiz… Keyinchalik ham hayotimda ko‘plab chinakam muallimlarni, ustozlarni uchratdim. Bu, nazarimda, boshqa bir suhbatning mavzui.

— Siz ta’lim olgan davrda maktabda tartib boshqacha bo‘lgan, to‘g‘rimi? O‘qituvchining aytgani — aytgan, degani — degan, o‘zgacha fikrlarga, deylik, o‘quvchilarning e’tiroz yoki erkin fikrlashlariga unchalik o‘rin qoldirilmagan.

Endilikda bunday avtoritar pedagogika inkor etildi. O‘quvchiga erkinlik berish, uning o‘z mustaqil fikrini emin-erkin bayon etishiga, joiz bo‘lsa, o‘qituvchi bilan tengma-teng munozaraga kirishishiga imkon yaratish lozim. Bu bolada mustaqil shaxs kamol topishi uchun zarur omil, deyilmoqda. Bu masalalarga siz qanday qaraysiz?

— Men bolaning erkinligi deganda nimani tushunaman?

Bola to‘g‘ri ish qilsa, uni quvvatlash kerak, o‘ziga qo‘yib berish kerak. Aqlli bolalar bor, sal bundayroq bolalar bor. Hammasiga bir xil tarbiya berib bo‘lmaydi. Har bir bolaga fe’l-atvori, aql-idrokiga mos tarbiya berilsa, o‘rinli bo‘ladi, deb o‘ylayman. Umuman, bolalar tabiatan qiziquvchan bo‘lishadi. Hamma narsani bilgisi, qilgisi keladi. Odamlar uni maqtashini xoxlaydi, o‘zini ko‘rsatgisi keladi. Meningcha, unga bu yo‘lda odob doirasidan chiqmaguncha qo‘yib berish kerak. Erkinlik — shu.

Aytaylik, bola ko‘p o‘qiydi, yoshiga nisbatan ko‘p narsani biladi. Lekin u bilimini pesh qilib, o‘zidan kattalarni behurmat qilsa, bilmaysan, deb gapini bo‘lib tashlasa, bu endi erkinlik emas, boshboshdoqlik!

Hozirgi tarbiyada o‘quvchining erkin, mustaqil fikrlashiga da’vat qilish yaxshi. Bu bolaning tashabbusini uyg‘otishga, uning hayotda mustahkam oyoqqa turib olishiga yordam beradi.

— Albatta, odam bolasi onadan o‘g‘ri yoki to‘g‘ri bo‘lib tug‘ilmaydi. Biroq neki bo‘lsa, asli — naslida bo‘lgan, degan gap bor. Odamni odam qiladigan omillar ham ko‘p. Ular orasida kitob, kitobxonlik, adabiyot va san’atning o‘rnini bosadigan boshqa bir qudratli omilni tasavvur etish qiyin. Siz bola tarbiyasida hozir ham kitob yetakchi mavqega ega, kitobxonlik bolada shaxsni tarbiyalaydi, badiiy adabiyot uning qalbini, dunyoqarashini, axloq-odobini kamol toptiradi, deb o‘ylaysizmi? Hozirgi fan-texnika rivojlangan sharoitda, tan olib aytish kerak, burungiday doston aytishlar, doston o‘qitib tinglashlar, afsuski, asta-sekin unutilayotgan bir zamonda bu noyob tarbiya maktabining ta’siri susayib qolmadimikan?

— Insondagi yaxshi fazilatlar ham, yomon xislatlar ham qonga, naslga bog‘liq. Demak, ilmga, kitobga muhabbat ham, avvalo, qondan o‘tadi. Agar qaysi oilada kitobxonlik, kitobga mehr kuchli bo‘lsa, bu o‘sha oilada tug‘ilgan farzandlarga ham o‘tadi. Bundan qanday xulosa kelib chiqadi? Eng avvalo, ota-onaning o‘zi kitobga mehr qo‘ygan, kitobxon bo‘lishi kerak! Ana shunda bolalarning kitobxon bo‘lishi tayin.

Shubhasiz, o‘zini bilgan, o‘zligini anglagan har bir oilada kitobxonlik muhiti yaratish, kitobxonlik ruhi hukmronlik qilishi shart! Ota-ona bolani kitob o‘qishga o‘rgatishda, dastavval, ishni nimadan boshlashi kerak?

Bolaga go‘dakligida go‘zal allalar aytilishi, uyda milliy musiqa doimo yangrab turishi lozim. Keyinchalik — bolalarning tili chiqib, esini taniy boshlagach, ertaklar, hikoyatlar, rivoyatlarni ovoz chiqarib, ifodali o‘qib berish zarur. Bu o‘rinda shuni alohida ta’kidlash joizki, xalq og‘zaki ijodi namunalari — termalar, qo‘shiqlar, ertaklar, maqol-matallar, dostonlar har bir xonadonda bo‘lishi kerak va tez-tez ularni o‘qib, ota-ona bolalar bilan suhbatlar o‘tkazib turishi lozim. Bular hammasi kitobxonlik muhitini yaratadi. Albatta, har bir xonadonda oila kutubxonasi bo‘lishi shart. Bu kutubxonada o‘zbek xalq og‘zaki ijodi, mumtoz va hozirgi zamon adiblarining asarlari, turli lug‘atlar, qomuslar bo‘lsin. Yana takrorlab aytaman, xalq og‘zaki ijodi namunalarini bolalar ko‘p o‘qishlari shart. Xalqning, millatning o‘zligini anglashida bu asarlarning ahamiyati tengsizdir…

— Kishi obro‘ topsa ham, gap orttirsa ham, bunga ko‘pincha tanlagan kasb-kori sabab bo‘ladi, deyishadi. Siz bugun taniqli muharrir sifatida juda ko‘plab yoshlarga ustozsiz. Adabiy, ilmiy jamoatchilik, sanatkorlar, matbuotchilar sizning mehnatingizni g‘oyatda qadrlashadi, muharrirlik mahoratingizga tan berishadi. Ko‘pchilik «Ustoz» deb murojaat etsa, ijod zahmatidan xabari borlar «Tahrirning piri» deyishadi Siz haqingizda. Ayting-chi, ustoz, tahrir nima? Tahrirchi yoxud muharrir kim?

— Aslida tahrir adabiyotimizda qadimdan bo‘lgan. Navoiy zamondoshlarining asarlaridan ma’lumki, ulug‘ shoirimiz ko‘p buyuk asarlarni zamonasining mashhur adib va olimlariga yozdirtirgan. O‘sha asarlarning yuzaga kelishi uchun zarur shart-sharoitni yaratib bergan. Ularni o‘qib, yo‘l-yo‘riq ko‘rsatgan, ya’ni muharrirning ishini qilgan. Navoiy bilan Jomiyning, Navoiy bilan Husayn Boyqaroning o‘zlari yozgan asarlarini bir-birlariga o‘qitib, maslahatlar olib, tahrir etishlari o‘qimishli odamlarning barchasiga ma’lum, deb o‘ylayman. Ular doim bir-birlarining asarlarini o‘qib, muhokama qilib borganlar, bir-birlaridan o‘rinli maslahatlarini ayamaganlar. Xususan, Husayn Boyqaroning Navoiy asarlariga muharrirlik qilganini ulug‘ shoirimizning o‘zi qayta-qayta aytgan. Masalan, «Xazoyin ul-maoniy» kulliyotiga kiritilgan asarlar tahririda Husayn Boyqaroning xizmati katga bo‘lganini Navoiy ko‘p e’tirof etgan.

Xulosa shuki, qadimda o‘zbek klassik shoirlari bir-birlarining asarlarini tahrir qilganlar. Binobarin, o‘zbek madaniyatida tahrir san’ati juda qadimgi paytlarda ham ancha rivoj topgan.

Tahrir san’atiga, ayniqsa, XIX asr rus klassiklari katta e’tibor berganlar. Rus adabiyoti daholari o‘z muharrirlarining fikrlarini g‘oyatda qadrlashgan. Masalan, Pushkin do‘sti Pletnyovga yozgan bir xatida «Yevgeniy Onegin» qo‘lyozmasini Jukovskiy, Gnedich, Delvig bilan birgalikda o‘qib chiqib, nimaiki kamchiligi bo‘lsa, yuzing-ko‘zing demay tanqid qilishlarini talab qilgan. Genial Nikolay Gogol esa Pushkin vafot etganidan xabar topganida o‘zini qo‘yarga joy topolmay: «Endi yozgan asarlarimni kimning hukmiga havola etaman!» deb dod solgan, «Men har bir asarimni yozayotganimda ko‘z o‘ngimda u turardi. Endi mening yozganim nimayu hayotimning ma’nisi nima!» deb qattiq iztirob chekkan ekan. Gogol boshqa bir xatida esa, «O‘lik jonlar» qo‘lyozmasidagi kamchiliklarni kimda-kim tanqid qilmas ekan, bu katga gunohdir, deydi. Turgenevdek buyuk yozuvchi bo‘lsa: «Men Gogol emasmanki, yozganlarimning nimasi yaxshiyu nimasi yomon ekanligini bilsam», deb e’tirof etadi.

Bu gaplarni eslashdan murod nima?

Demak, tahrir san’ati adabiyotning gullab-yashnashi uchun, matbuot fikrining xalq qalbidan joy olishi uchun g‘oyatda zarur san’atdir.

Men ham ongli hayotimning asosiy qismini ana shu yuksak san’atga xizmat qilishga bag‘ishlaganimdan sira afsuslanmayman. Baholi qudrat qilgan mehnatim o‘zbek madaniyati, o‘zbek adabiyoti va san’ati ravnaqiga ozmi-ko‘pmi yaragan bo‘lsa, demak, umrim bekorga o‘tmayotgan ekan.

Inson dunyoda butun ongli hayoti davomida mazmunli umr kechirishga intilishi kerak. Hech kim bu dunyoga ustun bo‘lolmaydi. Binobarin, har bir odam qo‘lidan kelganicha yaxshilik qilishi, hech bo‘lmasa, boshqalarga yaxshilik sog‘inishi, zarari tegmasligi kerak. Kitob mutolaasi, ma’rifatni egallash bu borada insonning asosiy tayanchlaridir. Ma’rifatli insongina o‘zini anglab yashashga qodir.

Umrimning shu dovoniga kelib, hayotdan chiqargan xulosalarimning ayrimlari shulardan iborat.

Ahmad OTABOYEV suhbatlashdi

07

(Tashriflar: umumiy 638, bugungi 1)

Izoh qoldiring