Maqsud Shayxzodaga bag’ishlov

044

25 октябрь — Ўзбекистон халқ шоири Мақсуд Шайхзода таваллуд топган кун.

Ўзбек адабиётининг буюк намояндалари – Ғафур Ғулом ва Ойбек каби оташнафас санъаткорлар сафида ижод қилган Мақсуд Шайхзода зуваласи шеърият шуъласи билан ёрилган куйчи эди. Унинг асарларида буюк инқилобий идеаллар, жўшқин ватанпарварлик туйғулари, чинакам ижодий ҳиссиётлар билан яшаган ёниқ қалбнинг гулдурос акс садоси мужассам топган (Мирзо Иброҳимов,Озарбайжон халқ ёзувчиси).

012

Йиллар ўтиб кетар биздан сўрамай,
Якшанба, душанба, сешанба каби!
Кундузлар тунларнинг сочин тарамай
Ўполмас тонгларнинг пушти ранг лабин.
Ҳа, йиллар ўтади, замонлар кетади,
Сен ва мен қоламиз, азиз биродар
Юрт қолар, эл-улус қолар абадий
Ва биз қувонч ташиб почтальон қадар
Йилларнинг саломин йилларга элтиб,
Борамиз йўллардан йўлларга ўтиб.

022
МАҚСУД ШАЙХЗОДА ҲАҚИДА
07

001

… Шайхзода шеърларининг шакли ранг-барангдир. У рубоий (фалсафий мазмундаги тўртлик), баллада, поэма ва лирик шеърлар шаклидан фойдаланади. Ўз фикрларини ифода этиш тарзи Маяковскийнинг тасвирий воситаларига ўхшаб кетади. У ҳам Маяковский сингари порлоқ ва кутилмаган образлар яратган.

Ойбек

001

Шайхзода фикрлар шоиридир. У сиёсий шеърлар яратадиган санъаткордир.

Ҳамид Олимжон

001

Шайхзода бу дунёдан роҳат кўрмай ўтиб кетди. Лекин у барибир бахтли инсон эди. Уни эл шоирим дерди. Шайх акам, дерди. Ёшлар уни устозим дерди. Ёш шоирлар тўда-тўда бўлиб унга эргашиб юрардилар.
У олим эди. У муҳтожларга ёрдам қўлини чўзган сахий инсон эди. У ғамда қолганларга ғамгузор эди. У суҳбати жонон одам эди. У нолишни билмасди. Тақдир зарбаларига сабот

билин туриб берарди. Бир сўз билан айтганда у дилбар инсон эди.
Бир одамда шунча фазилат бўлиши мумкинлигини Шайхзода тимсолида кўрганман.

У олим шоир эди.
У шоир олим эди.
Бундай инсонлар дунёга камдан-кам келади.

Саид Аҳмад

001

Дўстга содиқлик, инсонни ҳамиша иззат-ҳурмат қилиш, уни ўлганда эмас, тирик вақтида қадрлаш шоир асарларининг асосий йўналишигина бўлиб қолмай, Шайх аканинг ўзи ҳам бутун ҳаёти бўйи мана шунга амал қилган одам эди. Агарда Шайхзода ижоди ёки унинг қиёфасини яна ҳам қисқароқ қилиб айтиш керак бўлса, икки оғиз сўз билан Мақсуд Шайхзода бу – донолик, меҳрибонлик, табассум, деб баралла айтардим.

Шукрулло

001

Шайхзода шундай одамлар тоифасидан эдики, у билан бир марта ҳамсуҳбат бўлган одам унинг жозибасига мафтун бўлиб қоларди, у билан яна кўришгиси, суҳбатларини эшитгиси, лоақал асарлари орқали унинг теран ўйларига, қайноқ ҳисларига шерик бўлгиси келарди. Шайхзода ўзида кўп фазилатларни мужассамлаштирган гўзал инсон эди. Унинг маънавий дунёси ғоят бой бўлиб, бу бойликни у сахийлик билан одамларга улашишга ҳамиша тайёр эди.

Озод Шарафиддинов

001

Ўзбек адабиётининг буюк намояндалари – Ғафур Ғулом ва Ойбек каби оташнафас санъаткорлар сафида ижод қилган Мақсуд Шайхзода зуваласи шеърият шуъласи билан ёрилган куйчи эди. Унинг асарларида буюк инқилобий идеаллар, жўшқин ватанпарварлик туйғулари, чинакам ижодий ҳиссиётлар билан яшаган ёниқ қалбнинг гулдурос акс садоси мужассам топган.

Мирзо Иброҳимов
Озарбайжон халқ ёзувчиси

099
МАҚСУД ШАЙХЗОДАГА БАҒИШЛОВЛАР
01

001

Усмон Азим
МАҚСУД ШАЙХЗОДА

Суратимни чизмоқ учун
Оппоқ бўёқ танладинг.
Бу дунёга нега келиб,
Кетганимни англадинг.

Қўлларимнинг тасвирига
Югуртирдинг оқ бўёқ.
Юзимни ҳам оққа бўя,
Юзим доим бўлган оқ.

Курашларда гарчи ёндим,
Шукур, виждон беямоқ.
Чизавергин имонимни:
Имонгоҳ — юрак оппоқ!

Хўш, нимани ўйлаб қолдинг,
Қандай бўлур теварак?
Ҳа, суратнинг тевараги
Бу дунёи чархпалак!

Бу дунёни тушунтирай:
Менга яхши сўз бўлди,
Мен дуч келсам қай одамга,
Бир умрга дўст бўлди…

Йўқ, бекор гап, дўстларимдан
Фақат яхшилик топдим.
Демак, сурат теварагин
Оппоқ бўёқда ёпгин!

Қора рангга қўл тегизма,
Шафқат ҳам керак андак!
Мен кечирдим, наҳотки, сен
Кечирмайсан, келажак…

001

Хуршид Даврон
ШАЙХЗОДА ХОТИРАСИГА

Кўкка зийрак қулоқ тутарди,
Айлантириб  юрагин созга,
Қиз юзига энгашган каби
Эгиларди  оппоқ  қоғозга .

Кечалари ойнинг шуъласи
Ёритаркан шеър қоғозини,
Ўчиб қолган қалами билан
Ёндирарди папиросини.

1983

099
МАҚСУД ШАЙХЗОДА ҲАҚИДАГИ ХОТИРАЛАРДАН
01

001

Урушдан кейинги қийинчилик йиллари ҳозирги Сайилгоҳ кўчасининг хиёбонига яқин жойида бир гадой ўтирарди, Ҳазрат Шайхзода домла хиёбоннинг нариги томонидаги Ёзувчилар уюшмасига борадиган бўлса, шу бечорага уч-тўрт сўм берай деб, атайин кўчанинг ўша гадой ўтирган томонидан юрарди. Бу одат бўлиб кетиб, гадой ҳам шунга ўрганиб қолган экан.
Бир куни домла ўша жойга яқин қолганда чўнтакка қўл солса, пул йўқ — костюмини алмаштирганида пул аввалги кийимида қолибди. Сир бой бермай “Салом” деб ўта бошлабди. “Эй, биродар”, деб қолибди шунда гадой. Домла мақсадга тушуниб: “Пулим йўқ” деса, “Ишлаш керак!”, дебди гадой.

001

Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмондаги ижод уйи-боғида дам олаётган Мақсуд Шайхзода бир кун таомга қовурилган товуқ гўшти тортилганини кўриб, чеҳраси ёришиб, ёнидаги ҳамдастурхонларига: — Товуқни еганлар раҳматини бизга айтишсин,-дебди.
Бу гапнинг маъносини баъзилар тушунибди, баъзилар тушунмай ҳайрон бўлишибди. Гапнинг тагида гап бор эди. Бундан бир неча кун бурун эрталабки нонуштага уст-устига тухум берганларида, Шайх ака тухумни егиси келмай, ўтирган ерида ўчоқ бошидаги хизматчи аёлларга қарата: — Ахир бунинг мамашасидан ҳам бўладими?-деган экан.
— Мамашаси ҳам бўлиб қолади, лекин ҳозир товуқлар жўжа очишяпти,-деб аёллар ҳазилга ҳазил билан жавоб беришибди.

001

Шайхзода ҳазилни, шоирона ташбеҳларни яхши кўрарди. Бир куни телефон жиринглаб қолди. Мен унинг салмоқдор овозини тингладим:
— Биласанми, мен қаердан гапиряпман?
— Биламан, Тошкентнинг 9 январь кўчасидан, 18 уйнинг 4
қаватидан.
— Й-ў-ўқ, яна билмадинг. Мен Мовароуннаҳрдан гапиряпман.
— Наҳотки!
— Ҳа, тушунмадинг-а! Уч дарё ўртасидаги уй, десак Мовароуннаҳрдан-да, ха, ха, ха…- Жарангдор кулгудан сўнг Мовароуннаҳрга тушундим. Биз яшаб турган уй уч анҳор ўртасига жойлашганидан домла ўзларича шундай ташбеҳ қилган эдилар.

Эътибор Охунова хотираларидан

001

Газета-журналлар чиқарадиган босмахонамизнинг олд томонидаги йўлакда матбаа маҳсулотлари сотадиган дўконча бўларди. Бир куни эрталаб шу ердан ўтиб кетаётганимда Шайхзода домлани кўриб қолдим. Ёмғир яхшигина савалаб турарди. Домла дўкончанинг ён томонида, ёмғирни писанд қилмай, газетани кенг очиб ниманидир ўқирди. Яқин бориб, салом бердим. Алик олиб: — Йўл бўлсин! Жаббор ўғли қаёққа кетаётибдилар?-деди. Саволга жавоб ўрнига мен: — Юринг, панароқ жойга ўтайлик, ёмғир кучаяётибди, — дедим. Босмахонага кирадиган дарвозанинг соябони тагига ўтирдик. Билсам, домла боя ўзининг шу бугунги газетада босилган шеърларини ўқиётган экан.
— Ёмғирда ўқиш шартмиди? – десам, у киши:
— Биронта шеърни ёзиб тугатсангиз, худди янги фарзанд кўргандек бўласиз. Шу шеърингиз газетадами, журналдами босилиб чиққанда уни ўқисангиз, худди ўша фарзандингиз бошини силагандек ҳузур қиласиз, — дедилар-да, кейин:-Бундай ҳузурни ҳеч ким, ҳатто ёмғир ҳам буза олмайди, — деб қўшиб қўйдилар.

Эркин Жабборов хотираларидан

066
Тошпўлат Аҳмад
МАРДЛИК ҲАЙКАЛИ

— Мақсуд Шайхзода деган улуғ шоир бор эди. Ундан ажойиб асарлар бизга мерос қолган.
— Биламан, бобожон. Уларнинг «Яхшилар қадри» деган шеърларини доим айтиб юрасиз. Мен ҳам уни ёдлаганман. Айтиб берайми?
— Айт, болам!

— Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг,
«Салом» деган сўзнинг салмоғин оқланг.
Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан,
Уни тиригида бир соат йўқланг.

— Яхши қилибсан, болам, бу тўртликни ёдлаб. Шоир бу сатрларни шунчаки эмас, бутун умр йўлига қараб битган. Э, нима дейин? Билсанг, Мақсуд бобонинг бутун ҳаёти ғам-андуҳ, таҳлика ичра кечган. Шунга қарамай, шоир мардлик ва шижоатни юрагида атиргулдай илдизлатган. Шунинг учун Мақсуд Шайхзода ўзбек адабиётининг ХХ асрдаги байроқдорларидан бири ҳисобланади.

— Сиз у кишини кўрган бўлсангиз керак-а, бобожон?!

— Самарқандда ўқирдим, университетда! 1962 йилнинг сентябрь кунларидан бирида у киши билан учрашганмиз. Қўлларини олганмиз. Шеърларини тинг¬лаб, хурсанд бўлганмиз. Хусусан, «Тошкентнома» достонидан гўзал парчаларни айтиб берганлари ёдимда. Уларда ўзбек халқининг гўзал фазилатлари, Тошкентнинг сўлим боғ-роғлари-ю муҳташам кўчалари таърифи уфуриб турган самимий сатрлар бисёр эди. Устозимиз тарихнавис шоир сифатида ном қозонгани — айни ҳақиқат. Болам, ушбу достонни албатта ўқишинг керак. Ахир, у киши дунё тарихини, Турон тарихини ҳам ниҳоятда яхши билганлар. Адибнинг «Мирзо Улуғбек», «Жалолиддин Мангуберди» каби драмалари ана шу пухта билим, огоҳлик маҳсули. Шукрулло деган шоир бобомиз шундай деганлар: «Ўзбек адабиётининг тўрт устуни бор. Булар — Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор ва Ойбек!» Шу тўрт буюк адиб ўзбек адабиётини буюкларга хос асарлар билан бойитишган. Билсанг, улар виждон амри билан асар ёзишган.

— Хўш, бошқалар-чи, бобожон?
— Э, болам, бошимни кўп айлантирма. Ҳар ким ўзининг дуторини чертади. Бири баланд, бири паст, дегандай, хамирни узоқ қор, гапни қисқа қил, дейишади.
— Бобожон, бундай сўзларингизни эшитгач, ўйлаб қоламан. Гапларингиз шираси мени ҳушёр қилади, ёки…
— Тушундим, болам. ҳадисда бир чиройли гап бор, яъни «Яхши суҳбатдош атирфурушга ўхшайди, гарчи у сенга атиридан бермаса ҳам, хушбўй ҳиди сенга етиб боради…» Сен ҳам ана ўша атирфурушга ўхшаган суҳбатдошсан мен учун. Тўғрисини айтайин! Шайхзода домла ниҳоятда бағри кенг инсон, машҳур навоийшунос, атоқли драматург, истеъдодли шоир, талантли адабиётшунос, таниқли таржимон ҳам эдилар. У кишининг бу даражада серқирра истеъдод соҳиби эканлигини пайқаган айрим ғаламислар устозни «йўқотиш»га киришадилар. Айниқса, Мильчаков ва унинг атрофидаги гумашталари шоирга «миллатчи», «аксилинқилобчи» тамғаларини ёпиштирадилар.

— Бобожон, «миллатчи» дегани ким?
— Э, болам, «миллатчи» дегани ўз халқини, юртини, Ватанини, унинг ғурурини, шуурини бағрига босган, юртнинг эрку озодлигини мағрур куйлаган, миллатпарвар, ватанпарвар киши деганидир.
— Демак, Шайхзода бобомиз миллатпарвар эканлар-да?!
— Отангга раҳмат, болам. Шайхзода домла ҳақиқий элсевар, эрксевар киши эдилар. Шундай одамни 1952 йилда 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишади.
— Йигирма беш йил?! Бу даҳшат-ку, бобожон?!
— Шундай, болам. Ўша Мильчаков деган қизил иблис қанчадан-қанча шоир-ёзувчиларнинг бошига етган. Шулар қатори устоз Шайхзоданинг ҳам.
— Ўша қизил иблис деганингиз қаердан келган, бобожон?
— Узоқдан, болам. Ўзбек деган миллат дунёда кўкармасин, қўшиғи, куйи, алласи янграмасин деб, шапкасини ғижимлаб, сенларга кўрсатиб қўяман, деб юртимизга келган. Ёзувчилар уюшмасида уя қуриб, «Эвезда Востока» журнали бош муҳаррири, сўнгра партком раҳбари сифатида адиблар, шоирларга қарши фитналар уюштирган, туҳматчилиги билан «ном қозонган». Ахийри, Абдулла Қаҳҳор бобомиз ўша олчоқнинг ниқобини йиртиб ташлайдилар. Агар билсанг, халқ уқувсиз, ҳасадгўй, ёвуз раҳбарни, мен ёзувчиман деб юрган талантсиз кишини ҳеч қачон тан олмайди. Мильчаковга ўхшаган разиллар ҳаёт чархпалагидан тушиб кетади. Шундай, болам! Шайхзода бобомиз эса сургундан қайтиб келадилар. Ажойиб асарлар яратишда давом этадилар…

Устоз ҳаётига оид мана бу воқеани ҳам эшит: 1959 йилнинг февраль ойида Москвада ўзбек адабиёти ва санъати ўн кунлиги бўлиб ўтади. Йигирмага яқин адиблар учрашувларда қатнашадилар. Москвадан қайтишгач, бир гуруҳ ёзувчилар ўн кунлик ҳисоботи муносабати билан Фарғона водийси меҳнаткашлари ҳузурига боришади. Бу гуруҳда Саид Аҳмад, Шуҳрат, Асқад Мухтор, Туроб Тўла ва Шайхзодалар ҳам бўлишган. Учрашувлар жуда чиройли ўтади. Меҳмонхонада дам олишаётганда радиодан бир хушхабар таралади. Ўн кунлик қатнашчиларидан баъзилари орден, медаль ва Фахрий ёрлиқлар билан тақдирланадилар. Лекин рўйхатда Шайхзоданинг исм-шарифи йўқ… Эртасига газетани кўриб, устоз анча хафа бўлишини ҳис қилган Саид Аҳмад бу кўнгилсизликни юмшатиш мақсадида сўз қотади:

— Шайх ака, давлат сиз билан менга мукофот бермаса керак. Менимча, ёруғ дунёда яшаётганимизнинг ўзи — катта мукофот…
— Тўғри, одам мукофотсиз ҳам яшай олади. Лекин талабаларим мени мукофотга лойиқ кўрилдимикин, дея интиқиб кутишмоқда, — дейдилар маҳзунлик ила Шайхзода бобомиз.

— Хўш, бобожон, у кишига нима учун мукофот берилмаган?
— Бу дунёда дўстидан кўп душмани, ҳамкору ҳаммаслагидан кўра рақиби кўп бўлади, одамнинг. Бу ҳам ана шундай разил одамларнинг иши-да, болам. Тинимсиз «думалоқ» хатлар гирдобида қолган одам мукофотга лойиқ кўрилармиди? Аммо Шайхзода бобомиз унвону мукофотларсиз ҳам ажойиб асарлари, юксак инсоний фазилатлари билан хал¬қимиз қалбидан мустаҳкам ўрин ола билдилар. Кел, болам, устознинг яна бир тантилиги ҳақида сўзлаб берай сенга!

— Айтинг, айтинг, бобожон.
— 1954 йил июнида сургундан қайтган устоз бир хонали уйда қийналиб яшай бошлайдилар. Ниҳоят, ўн йилдан сўнг у кишига беш хонали уй берилади. Лекин устоз бу уйда яшашни хоҳламайдилар. Чунки бўшаган уй вазифасидан туширилган собиқ раҳбарга тегишли эди. «Мен бошқаларнинг бахтсизлиги устига ўз бахтимни қуришни истамайман» дейдилар устоз. Мен бу ҳақда шеър ҳам ёзганман. Ҳа, болам, Шайхзода бобомиз ана шундай мард, алп Инсон эдилар!

— Бобожон, кеча иш столингиз устида кичкина бир китобни кўриб қолдим. «Корейс халқ мақоллари» экан. Менга, айниқса, биттаси жуда маъқул бўлди: «Ким яхши ёзса, қаламидан шикоят қилмайди». Шундай эмасми, бобожон?

— Ажойиб мақолни топибсан! Шайх бобомиз ҳам ана шундай буюк ёзувчи эдилар. Меҳнат, изланиш у кишининг доимий шиори эди. Гўзал шеъру достонлар, бетакрор илмий тадқиқотлар ана шу меҳнат натижаси. Мангуберди ва Улуғбекни халқимизга такрор танитган ҳам Шайхзода бобомиз бўладилар, болам. Устоз Мирзо Улуғбек номидан дунё¬га қарата шундай нидо қиладилар: «Эй, дунё, дунё, бевафосан, биламан сени, лекин сенга ёмон фарзанд эмасдим-ку!..» Бу сўзларда бутун умри андуҳ-надомат, азоб-уқубат ичра ўтган улуғ шоирнинг дил фарёди мужассам. Ёру дўстларнинг қандайдир сабаблар билан бевафолик қилиши у кишини доим қийнаган. Ҳатто, дўстларидан бирига хат ёзиб, шундай деганлар устоз: «Кошки, барча ошноларим сен каби вафодор бўлса…» Начора, тақдирларида шундай кўргуликлар бор экан. Аммо мен устоз ўзларини бахтсиз ҳисоблаган, деб айтолмайман. У кишининг мана бу сатрларини ўз умрига берган баҳоси деб биламан:

Умрлар бўладики,
Тиригида ўликдир.
Ўлимлар бўладики,
Ўлган одам тирикдир.

1967 йилнинг 19 февралида Шайхзода бобомиз ҳаёт билан видолашдилар. Шу куни бутун шеърсевар халқимиз кўнглига оғир мотам чўкди…

Юртбошимиз 2001 йили — Мустақиллигимизнинг ўн йиллиги олдидан тарихий Фармонга имзо чекдилар. Унга кўра адабиётимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшган бир гуруҳ фидойилар вафотидан кейин «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирландилар. Улар қатори атоқли шоир Мақсуд Шайхзодага ҳам шундай олий мукофот берилди. Бундан эллик йил олдин собиқ шўро ҳукумати устозга кичкина бир медални раво кўрмаганди…

Ҳа, Истиқлол бизга жуда кўп нарсани ўргатди! Устоз Шайхзода каби ўнлаб фидойилар хизматининг қадри ғоят баланд эканлигини, улар маънавий мероси халқимизнинг улуғ қадрияти ўлароқ асрлар оша ўз муносиб баҳосини топаверишини исбот этди! Зеро, донишманд боболаримиз тўғри топиб айтишган: «ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди!»

Мана, Истиқлолимизнинг қутлуғ йигирма йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Не бахтки, бугун Шайхзода бобомиз ўз шеъру достонлари, ажойиб лутфлари билан бизга гўё даврадош бўлиб турибдилар. Бу эса устоз сиймосининг, бетакрор асарларининг мангу боқийлигидан шаҳодатдир:

Миллатнинг боғбони — камтарин, хоксор,
Хуршиди тобонсиз — меҳрибон, ҳушёр.
Ахир Сиз чинорсиз — Мақсуд Шайхзода,
Ахир Сиз минорсиз — боқийликка ёр!

021

(Tashriflar: umumiy 421, bugungi 1)

1 izoh

  1. Мен бир ҳолатнинг сабабини билмайман, яъни нега ва қандай мақсадда Мақсуд Шайзода Озарбайжонни ташлаб Ўзбекистонга келган7 Яна бир нарсани тўлиқ англай олмаганман: Нега Мақсуд Шайзода, бошқа замонда яшаган Хўжа Аҳрор Валийни Улуғбек даврига кўчириб, уни жамиятга ёмонлик қилувчи, қора кучлар раҳбари қилиб тасвирлаган? Унинг яна бир иши Жалолиддин Менкбурни тарихини идеаллаштирганини Наим Каримов ўзининг «Ойбек» асарида тушунтириб берган. Менинг икки саволимга жавоб берувчилар борми?

Izoh qoldiring