Beqiyos edi u she’r lochini. Maqsud Shayxzoda tavalludining 110 yilligiga

110Мақсуд Шайхзода таваллудининг 110 йиллигига

  Мақсуд Шайхзоданинг жўшқин шеърлари, шекспирона руҳ билан суғорилган драмалари, теран фикрлар ва нозик кузатишларга бой илмий-танқидий асарлари, куюнчак публицистикаси, юксак дид билан амалга оширилган таржималари ҳеч қачон қимматини йўқотмайди.

“БЕҚИЁС ЭДИ  У  ШЕЪР ЛОЧИНИ…”
Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул билан суҳбат
04

009Гулноз Сатторова: Бу йил (25 октябрь куни) буюк истеъдод соҳиби, ўзбек ва озарбайжон халқининг севимли фарзанди Мақсуд Шайхзода туғилган кунга 110 йил тўлади. Бу сана ўзбек адабиёти ва маданияти учун катта аҳамиятга эга. Шу маънода Мақсуд Шайхзоданинг босиб ўтган умр йўли, илмий ва ижодий фаолияти ҳақида биз билган ва билмаган маълумотлар бор. Биз тенги ва биздан кейинги авлодлар Шайхзоданинг мураккаб ҳаёти, серқирра ижоди, илмий фаолияти билан жуда яхши таниш дея олмаймиз. Шу маънода суҳбатимизни Шайхзода шахсияти ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак.

Иброҳим Ҳаққул: Мустақил ва бутун Шахс илмда ҳам, ижодда ҳам бош омил. Улуғ немис шоири Гёте “Ёзувчининг адабиётга олиб кирадиган янгилиги унинг шахсидир”, дейди. Мен бу фикрни кўп эслайман. Ва у ёки бу қаламкаш ижодини баҳолаш мезони деб ҳам биламан. Шахсият инсоннинг ахлоқий сифати, тафаккур иқтидори, руҳий имтиёзи ва иродий куч-қуввати. Мухтасар айтганда, ўзига хос моҳияти.

Ўзининг асл моҳияти ва истеъдод имкониятларини тўғри тушуниб, чуқур ҳис эта олган шоир ё ёзувчи шамолга қараб эгилиб-букилиб чопавермаганидек, ким, қаёнга қувса, ўша томонга қуёндай қочавермайди. Демак, моҳият – собитлик, қатъият, журъат ҳамдир. Айтайлик, Оллоҳ булбулни бойқушга топшириб, қарғаю қузғунларга даврадош этганда, унинг зотий сифатларини синовдан ўтказиб, уларга нечоғлик содиқ қола билишига қараб, ҳиммат ва ҳикматини ундан дариғ тутмайди. Йирик истеъдод ҳам қайғу ва кадар, туҳмат ва ҳақсизлик гирдобига тушганида ўзини йўқотиб, қандайдир муроса, чиркиндан чиркин мунофиқлик ёки риё йўлига кирмайди. Чунки у моддий ва жисмоний ҳукмронликка бўйин эгишдан кўра “мағлуб”лик роҳатини афзал кўради. Донишманд шоир, беназир драматург, улкан адабиётшунос, басирати очиқ файласуф Мақсуд Шайхзода ана шундай сиймолардандир.

Шайхзода домла ҳақида ўйлаганимда Абдулла Орифнинг “Баҳор” шеъридаги унга аталган мана бу мисраларни четлаб ўтолмайман:

Беқиёс эди у шеър лочини!
Хаёли бамисли Кўрагонийдек.
Гар тарих эврилса шуҳрат тожини
Унга кийгизарди султон Улуғбек.

Балхдан ҳориб қайтган Алишер мисол,
Энди тўлғизганди чўккан давотин.
Кетди пок бир сиймо, теран бир хаёл,
Қолдириб дунёда ҳеч ўчмас отин.

Шайхзода, ҳақиқатда, шеър лочини – орзую амоли ва тахайюлига яраша парвози баланд шоир эди. Унинг тарихий хотирасини бир уммонга менгзаш мумкин. Тарих чини билан ҳам бир эврилса, , унга шон-шуҳрат тожини Мирзо Улуғбек кийгизишига ким ишонмайди?! Уни “Балхдан ҳориб қайтган” Навоийга қиёслаш жуда ўринли…

Шайхзода домлани мен кўрмаганман. Аммо у кишининг руҳи ва кўнгли чинакам шайх, ботини файзи илоҳийга очиқ пир ва муршидларга хос кенглик, поклик, ҳиммат, тантилик, энг муҳими, ирфон ва ҳикматга тўлиб-тошган деб ўйлайман. Ижодкорнинг шахси авомникидан фарқланмай қолган, айнан шахсиятсизлик адабиётнинг заволига айланган бир шароитда Мақсуд Шайхзода каби тафаккур ва мушоҳада пешволарининг шахсият сир-асроридан воқифлик ғофиллик ва манманликка қарши бир тадбирдир.

Г.С: Мақсуд Шайхзода дўстлари, сафдошлари бўлган Ҳамид Олимжон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Уйғун, Комил Яшин, Абдулла Қаҳҳор ижодига муносабати қандай бўлган деб ўйлайсиз? Ўқиганимиз баъзи манбалар, ёки айрим ижодкорларимизнинг хотираларида ёзилишига қараганда унинг атрофида бўлганлар шоир қамалган пайтида унга ҳам, турмуш ўртоғи Сакинахонимга ҳам яхши муносабатда бўлмаган, дейилади.

И.Ҳ: Сиз эслатаётган ўша “баъзи манбалар”ни мен ўқимаганман ва билмайман. Демак, ҳакамлик нари турсин, бу тўғрида аниқ бир нима деёлмайман. Бироқ тилга олганингиз ижодкорларнинг на шахси, на ижодига нисбатан Шайхзодада зарра қадар ҳам бахиллик, қитмирлик ё ҳасад бўлмаган. Бунга мен ишонаман. Кўнгил поклиги, холислик ва тантиликда, менимча, Шайхзода ва Ойбек “мусобақадош” бўлишган. Яхшилик, эзгулик, меҳр-муҳаббат, самимият ва садоқатнинг куч-қудратига Шайхзода чин дилдан ишонган. Ёмонликка ёмонлик, разилликка разиллик, майдаликка майдалик билан жавоб қайтариш унинг хаёлига ҳам келмаган. Унинг ботин олами камдан-кам ижодкорларга насиб этадиган хосият, фазилат ва шукуҳи билан нурланиб турган.

Г.С: Мирзо Улуғбек трагедияси Шайхзода ижодининг энг юксак чўққиси десак, Навоий ҳақидаги, мумтоз адабиётимизга доир тадқиқотлари ундаги илмга бўлган зўр муҳаббатни кўрсатади. Сизнингча, адабиётда олим Шайхзода устунми ёки шоир Шайхзода?

И.Ҳ: Шайхзоданинг буюк салафларидан бири, завқ ва илҳом даҳоси Муҳаммад Фузулий “Илмсиз шеър асоси йўқ девордир, асоси йўқ девор эса беэътибордир”, дейди. Ижодни илмдан, шоирликни олимликдан ажратиб ўртани “девор” билан ажратиш йигирманчи асрлда пайдо бўлган бир ноқислик ва маҳдудликдир. Ўтмишда тил, адабиёт, тарих мусиқа, дин, тасаввуф, фалсафа сингари илмлардан пухта хабардор бўлмай бадиий ижод билан шуғулланиш уят саналган. Бу ҳақиқатни чуқур билган ва унга амал қилганларнинг пешровларидан бири устоз Шайхзодадир. Шу боис ҳам шоир Шайхзодани олим ва муаррих Шайхзодадан, аллома ва файласуф Шайхзодани санъаткор Шайхзодадан йироқлаштиришга асло уринмаслик лозим. Қолаверса, шоирнинг шеърида шеършунослиги, илмида шоирлиги акс этмаса, маънавий қиёфасидаги ўзига хослик тўла тўкис очилмайди. Бу ўринда эътиборга олиш керак бўлган бир жиҳатни ҳам қайд этиб ўтмоқчиман. Ўз даври ва замонасининг фарзанди сифатида сафдошлари қатори Шайхзода ҳам коммунистик партия, доҳий Ленин, шўро давлати, инқилоб, коммунизм мавзуларида кўп ва изчил қалам тебратган. Унинг олимлигида синфийлик ва партиявийлик манзараси бўртиб кўринмайди.

Г.С: агар Шайхзода Ўзбекистонга келмасдан ўз она юртида ижод қилганда ҳам шу қадар шуҳрат топармиди?

И.Ҳ: Шайхзода “Шеърсиз қалбларга ачинаман мен” деб бошланувчи шеърида :

Шеърсиз кўчани толе қарғаган,
Бу жойда севгининг манзили бекик…

дейди. Ишончим комилки, толе қарғаган ва севги-муҳаббатдан мосуво кўчада Шайхзода яшамас, у истиқомат қилган манзил, албатта, шеърият, адабиёт хиёбони ўлароқ эътибор топарди. У бир ўринда “Толе мени доим эркаламади”, дея ўксиб яна бундай дейди: “Саҳроларга дуч келдимки, на ирмоқ, на кўл, сургунларга юборилдим на уфқ ва на йўл…” Киндик қони томган она диёрида ҳам, шоир балки шу кулфатдан қочиб қутулолмасди. Чунки бешафқат давр ва қаттол замон ҳамма юрт, барча ўлкаларда шахсияти кучли, фикри эркин истеъдодларга қарши ҳужум бошлаб бирларини қатл қилган бўлса, бошқа бирларини ҳибсхоналарга тиққан эди. Ҳақ ва Ҳақиқат ишқи буюк муҳофиз – ҳар қандай очиқ ва қалтис вазиятда ҳам истеъдодни қўллаб-қувватлаб зиммасидаги вазифани бажаришагн имкон яратади. Шайхзодада ҳам шундай бўлган. Шунинг учун у Озорбайжонда яшаб ижод этганида ҳам Ҳусайн Жовид, Муҳаммад Ҳоди, Самад Вурғун, Бахтиёр Ваҳобзодаларга ўхшаб туркий халқларнинг машҳур санъаткорлари қаторидан муносиб ўрин эгалларди.

Г.С: Шайхзода архиви билавн қизиққанимда унинг илмий ишлари орасида Алишер Навоий ижоди билан боғлиқ бир қанча маърузалари, номзодлик ва доктолик ишларининг номлари ва режалари борлигининг гувоҳи бўлдим. Ўзбек навоийшунослиги, ва умуман, мумтоз адабиёти тадқиқига Мақсуд Шайхзоданинг қўшган ҳиссасини қандай баҳолайси?

И.Ҳ: Қисқа қилиб айтганда, жуда зўр деб баҳолайман ва адабиётшунослик, айниқса, навоийшуносликдаги мустасно бир ҳодиса деб қарайман. Нега? Биласизми, сохта, ёлғон, сиёсатлашган илм-фан ўз ҳийла, ёлғон ва алдамчилигининг ҳамиша қурбони бўлган. Тасаввуфда шундай бир фикр бор: “Илм ишққа таянса лоҳутий, бўлмаса тоғутийдир”. Бу нима дегани? Илм ва олимлик ишқ билан боғлансагина, у холис, тоза, илоҳий хусусият ва фазилатларга эга бўлади, акс ҳолда ҳар қандай илм ғайриинсоний, тубан ва шайтоний мақсаду иддаоларга хизмат этади деганидир. Сўфи Оллоёр бежиз “Аё толиб, кўзинг ибрат билан оч, муҳаббатсиз кишидан қуш бўлиб қоч”, демаган. Илмни кашф ва ирфондан ажратиб, олимни ботиний мушоҳададан маҳрум қилиниши йигирманчи асрнинг эн оғир фожиаларидан саналади. Ҳатто адабиёт ва санъатни ўрганишда руҳониятсизлик, маънавий сўқирликка парво қилинмаслигининг асосий сабаби ҳам ана шу. Хўш натижа нима бўлди? Биринчидан, мумтоз адабиётга муносабатдаги сохтакорлик илмий тадқиқ ва талқинларни нотўғри томонларга буриб юборди. Иккинчидан, адабиётшунослик ва адабий танқидни марксча-ленинча таълимот қолипларидан четлашмасликка кўниктирди. Буни англаган, хусусан, шоир, мутафаккир, мутасаввиф Алишер Навоий шеъриятига бағишланган тадқиқотларида сиёсат ва мафкурадан яралган “методология”га тобеликдан қочишга уринган навоийшунослардан бири устод Мақсуд Шайхзода бўлган. Унинг бирор бир илмий ишида даҳрийлик, манфаатпарастлик, ғайриилмий иддаолардан юзага келган интилиш, Навоий таъбири билан айтганда, “илмни воситаи жоҳ” этиш майли йўқ. Бу холислик ва самимиятни ўзимча ҳис қилиб Шайхзода домланинг Навоий шеъриятига доир тадқиқотлари, айниқса, буюк шоирнинг санъаткорлигидан баҳс юритилган мақоласини такрор-такрор ўқиб ўрганганман. Бу эса у кишига нисбатан менда алоҳида эҳтиром ҳиссини уйғотганки, 2016 йилда нашр этилган “Навоийга қайтиш” китобимнинг учинчи жилдини устод Шайхзлда хотирасига бағишлаганман.

Г.С: Бугун ўзбек адабиётшунослигидаги Шайхзода ижоди юзасидан қилинаётган тадқиқотлар ҳақида нима дея оласиз?

И.Ҳ: Ўзбек адабиётшунослигида шайхзодашунослик деган бир тармоқ бор десам, хато бўлмас. Ёзувчи, олим ва зиёлилар орасида Шайхзода шахсиятига меҳр ва эҳтиром баланд. Мустақилликдан кейин Шайхзода ҳаёти, шеърий ва драматик меросига доир ўнлаб мақола, алоҳида китоблар яратилди. Академик Наим Каримовнинг китоби ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Аммо бу буюк донишманд ижодкорнинг илмий-адабий мероси ва шахсиятини чинакамига кашф қлиш, унинг ижод тажрибасини етарли даражада ўзлаштиришга киришилганича йўқ. Ўзбек адабиётининг маъно ва тасвир кўлами ҳамда тараққиётини Шайхзода шеър ва драмаларисиз тасаввур этиб бўлмаганидек, мумтоз ва муоссир бир қанча шоирлар ижод намуналарининг ўрганилишини, унинг илмий, илмий-танқидий асарлардан ажратиб бўлмайди. Хуллас, адабиётимизнинг барҳаёт сиймолари сафида Мақсуд Шайхзода мангуликка томон одимлаш ва эл-юртга хизмат қилишдан Шайхзода асло тўхтамайди.

Суҳбатдош: филология фанлари номзоди Гулноз Сатторова

2018

MAQSUD SHAYXZODA TAVALLUDINING 110 YILLIGIGA

Maqsud Shayxzodaning joʻshqin sheʼrlari, shekspirona ruh bilan sugʻorilgan dramalari, teran fikrlar va nozik kuzatishlarga boy ilmiy-tanqidiy asarlari, kuyunchak publitsistikasi, yuksak did bilan amalga oshirilgan tarjimalari hech qachon qimmatini yoʻqotmaydi.

“BЕQIYOS EDI U SHEʼR LOCHINI…”
Adabiyotshunos olim Ibrohim Haqqul bilan suhbat
04

Gulnoz Sattorova:003 Bu yil (25 oktabr kuni) buyuk isteʼdod sohibi, oʻzbek va ozarbayjon xalqining sevimli farzandi Maqsud Shayxzoda tugʻilgan kunga 110 yil toʻladi. Bu sana oʻzbek adabiyoti va madaniyati uchun katta ahamiyatga ega. Shu maʼnoda Maqsud Shayxzodaning bosib oʻtgan umr yoʻli, ilmiy va ijodiy faoliyati haqida biz bilgan va bilmagan maʼlumotlar bor. Biz tengi va bizdan keyingi avlodlar Shayxzodaning murakkab hayoti, serqirra ijodi, ilmiy faoliyati bilan juda yaxshi tanish deya olmaymiz. Shu maʼnoda suhbatimizni Shayxzoda shaxsiyati haqidagi fikrlaringiz bilan boshlasak.

Ibrohim Haqqul: Mustaqil va butun Shaxs ilmda ham, ijodda ham bosh omil. Ulugʻ nemis shoiri Gyote “Yozuvchining adabiyotga olib kiradigan yangiligi uning shaxsidir”, deydi. Men bu fikrni koʻp eslayman. Va u yoki bu qalamkash ijodini baholash mezoni deb ham bilaman. Shaxsiyat insonning axloqiy sifati, tafakkur iqtidori, ruhiy imtiyozi va irodiy kuch-quvvati. Muxtasar aytganda, oʻziga xos mohiyati.

Oʻzining asl mohiyati va isteʼdod imkoniyatlarini toʻgʻri tushunib, chuqur his eta olgan shoir yo yozuvchi shamolga qarab egilib-bukilib chopavermaganidek, kim, qayonga quvsa, oʻsha tomonga quyonday qochavermaydi. Demak, mohiyat – sobitlik, qatʼiyat, jurʼat hamdir. Aytaylik, Olloh bulbulni boyqushga topshirib, qargʻayu quzgʻunlarga davradosh etganda, uning zotiy sifatlarini sinovdan oʻtkazib, ularga nechogʻlik sodiq qola bilishiga qarab, himmat va hikmatini undan darigʻ tutmaydi. Yirik isteʼdod ham qaygʻu va kadar, tuhmat va haqsizlik girdobiga tushganida oʻzini yoʻqotib, qandaydir murosa, chirkindan chirkin munofiqlik yoki riyo yoʻliga kirmaydi. Chunki u moddiy va jismoniy hukmronlikka boʻyin egishdan koʻra “magʻlub”lik rohatini afzal koʻradi. Donishmand shoir, benazir dramaturg, ulkan adabiyotshunos, basirati ochiq faylasuf Maqsud Shayxzoda ana shunday siymolardandir.

Shayxzoda domla haqida oʻylaganimda Abdulla Orifning “Bahor” sheʼridagi unga atalgan mana bu misralarni chetlab oʻtolmayman:

Beqiyos edi u sheʼr lochini!
Xayoli bamisli Koʻragoniydek.
Gar tarix evrilsa shuhrat tojini
Unga kiygizardi sulton Ulugʻbek.

Balxdan horib qaytgan Alisher misol,
Endi toʻlgʻizgandi choʻkkan davotin.
Ketdi pok bir siymo, teran bir xayol,
Qoldirib dunyoda hech oʻchmas otin.

Shayxzoda, haqiqatda, sheʼr lochini – orzuyu amoli va taxayyuliga yarasha parvozi baland shoir edi. Uning tarixiy xotirasini bir ummonga mengzash mumkin. Tarix chini bilan ham bir evrilsa, , unga shon-shuhrat tojini Mirzo Ulugʻbek kiygizishiga kim ishonmaydi?! Uni “Balxdan horib qaytgan” Navoiyga qiyoslash juda oʻrinli…

Shayxzoda domlani men koʻrmaganman. Ammo u kishining ruhi va koʻngli chinakam shayx, botini fayzi ilohiyga ochiq pir va murshidlarga xos kenglik, poklik, himmat, tantilik, eng muhimi, irfon va hikmatga toʻlib-toshgan deb oʻylayman. Ijodkorning shaxsi avomnikidan farqlanmay qolgan, aynan shaxsiyatsizlik adabiyotning zavoliga aylangan bir sharoitda Maqsud Shayxzoda kabi tafakkur va mushohada peshvolarining shaxsiyat sir-asroridan voqiflik gʻofillik va manmanlikka qarshi bir tadbirdir.

G.S: Maqsud Shayxzoda doʻstlari, safdoshlari boʻlgan Hamid Olimjon, Oybek, Gʻafur Gʻulom, Uygʻun, Komil Yashin, Abdulla Qahhor ijodiga munosabati qanday boʻlgan deb oʻylaysiz? Oʻqiganimiz baʼzi manbalar, yoki ayrim ijodkorlarimizning xotiralarida yozilishiga qaraganda uning atrofida boʻlganlar shoir qamalgan paytida unga ham, turmush oʻrtogʻi Sakinaxonimga ham yaxshi munosabatda boʻlmagan, deyiladi.

I.H: Siz eslatayotgan oʻsha “baʼzi manbalar”ni men oʻqimaganman va bilmayman. Demak, hakamlik nari tursin, bu toʻgʻrida aniq bir nima deyolmayman. Biroq tilga olganingiz ijodkorlarning na shaxsi, na ijodiga nisbatan Shayxzodada zarra qadar ham baxillik, qitmirlik yo hasad boʻlmagan. Bunga men ishonaman. Koʻngil pokligi, xolislik va tantilikda, menimcha, Shayxzoda va Oybek “musobaqadosh” boʻlishgan. Yaxshilik, ezgulik, mehr-muhabbat, samimiyat va sadoqatning kuch-qudratiga Shayxzoda chin dildan ishongan. Yomonlikka yomonlik, razillikka razillik, maydalikka maydalik bilan javob qaytarish uning xayoliga ham kelmagan. Uning botin olami kamdan-kam ijodkorlarga nasib etadigan xosiyat, fazilat va shukuhi bilan nurlanib turgan.

G.S: Mirzo Ulugʻbek tragediyasi Shayxzoda ijodining eng yuksak choʻqqisi desak, Navoiy haqidagi, mumtoz adabiyotimizga doir tadqiqotlari undagi ilmga boʻlgan zoʻr muhabbatni koʻrsatadi. Sizningcha, adabiyotda olim Shayxzoda ustunmi yoki shoir Shayxzoda?

I.H: Shayxzodaning buyuk salaflaridan biri, zavq va ilhom dahosi Muhammad Fuzuliy “Ilmsiz sheʼr asosi yoʻq devordir, asosi yoʻq devor esa beeʼtibordir”, deydi. Ijodni ilmdan, shoirlikni olimlikdan ajratib oʻrtani “devor” bilan ajratish yigirmanchi asrlda paydo boʻlgan bir noqislik va mahdudlikdir. Oʻtmishda til, adabiyot, tarix musiqa, din, tasavvuf, falsafa singari ilmlardan puxta xabardor boʻlmay badiiy ijod bilan shugʻullanish uyat sanalgan. Bu haqiqatni chuqur bilgan va unga amal qilganlarning peshrovlaridan biri ustoz Shayxzodadir. Shu bois ham shoir Shayxzodani olim va muarrix Shayxzodadan, alloma va faylasuf Shayxzodani sanʼatkor Shayxzodadan yiroqlashtirishga aslo urinmaslik lozim. Qolaversa, shoirning sheʼrida sheʼrshunosligi, ilmida shoirligi aks etmasa, maʼnaviy qiyofasidagi oʻziga xoslik toʻla toʻkis ochilmaydi. Bu oʻrinda eʼtiborga olish kerak boʻlgan bir jihatni ham qayd etib oʻtmoqchiman. Oʻz davri va zamonasining farzandi sifatida safdoshlari qatori Shayxzoda ham kommunistik partiya, dohiy Lenin, shoʻro davlati, inqilob, kommunizm mavzularida koʻp va izchil qalam tebratgan. Uning olimligida sinfiylik va partiyaviylik manzarasi boʻrtib koʻrinmaydi.

G.S: agar Shayxzoda Oʻzbekistonga kelmasdan oʻz ona yurtida ijod qilganda ham shu qadar shuhrat toparmidi?

I.H: Shayxzoda “Sheʼrsiz qalblarga achinaman men” deb boshlanuvchi sheʼrida :

Sheʼrsiz koʻchani tole qargʻagan,
Bu joyda sevgining manzili bekik…

deydi. Ishonchim komilki, tole qargʻagan va sevgi-muhabbatdan mosuvo koʻchada Shayxzoda yashamas, u istiqomat qilgan manzil, albatta, sheʼriyat, adabiyot xiyoboni oʻlaroq eʼtibor topardi. U bir oʻrinda “Tole meni doim erkalamadi”, deya oʻksib yana bunday deydi: “Sahrolarga duch keldimki, na irmoq, na koʻl, surgunlarga yuborildim na ufq va na yoʻl…” Kindik qoni tomgan ona diyorida ham, shoir balki shu kulfatdan qochib qutulolmasdi. Chunki beshafqat davr va qattol zamon hamma yurt, barcha oʻlkalarda shaxsiyati kuchli, fikri erkin isteʼdodlarga qarshi hujum boshlab birlarini qatl qilgan boʻlsa, boshqa birlarini hibsxonalarga tiqqan edi. Haq va Haqiqat ishqi buyuk muhofiz – har qanday ochiq va qaltis vaziyatda ham isteʼdodni qoʻllab-quvvatlab zimmasidagi vazifani bajarishagn imkon yaratadi. Shayxzodada ham shunday boʻlgan. Shuning uchun u Ozorbayjonda yashab ijod etganida ham Husayn Jovid, Muhammad Hodi, Samad Vurgʻun, Baxtiyor Vahobzodalarga oʻxshab turkiy xalqlarning mashhur sanʼatkorlari qatoridan munosib oʻrin egallardi.

G.S: Shayxzoda arxivi bilavn qiziqqanimda uning ilmiy ishlari orasida Alisher Navoiy ijodi bilan bogʻliq bir qancha maʼruzalari, nomzodlik va doktolik ishlarining nomlari va rejalari borligining guvohi boʻldim. Oʻzbek navoiyshunosligi, va umuman, mumtoz adabiyoti tadqiqiga Maqsud Shayxzodaning qoʻshgan hissasini qanday baholaysi?

I.H: Qisqa qilib aytganda, juda zoʻr deb baholayman va adabiyotshunoslik, ayniqsa, navoiyshunoslikdagi mustasno bir hodisa deb qarayman. Nega? Bilasizmi, soxta, yolgʻon, siyosatlashgan ilm-fan oʻz hiyla, yolgʻon va aldamchiligining hamisha qurboni boʻlgan. Tasavvufda shunday bir fikr bor: “Ilm ishqqa tayansa lohutiy, boʻlmasa togʻutiydir”. Bu nima degani? Ilm va olimlik ishq bilan bogʻlansagina, u xolis, toza, ilohiy xususiyat va fazilatlarga ega boʻladi, aks holda har qanday ilm gʻayriinsoniy, tuban va shaytoniy maqsadu iddaolarga xizmat etadi deganidir. Soʻfi Olloyor bejiz “Ayo tolib, koʻzing ibrat bilan och, muhabbatsiz kishidan qush boʻlib qoch”, demagan. Ilmni kashf va irfondan ajratib, olimni botiniy mushohadadan mahrum qilinishi yigirmanchi asrning en ogʻir fojialaridan sanaladi. Hatto adabiyot va sanʼatni oʻrganishda ruhoniyatsizlik, maʼnaviy soʻqirlikka parvo qilinmasligining asosiy sababi ham ana shu. Xoʻsh natija nima boʻldi? Birinchidan, mumtoz adabiyotga munosabatdagi soxtakorlik ilmiy tadqiq va talqinlarni notoʻgʻri tomonlarga burib yubordi. Ikkinchidan, adabiyotshunoslik va adabiy tanqidni markscha-lenincha taʼlimot qoliplaridan chetlashmaslikka koʻniktirdi. Buni anglagan, xususan, shoir, mutafakkir, mutasavvif Alisher Navoiy sheʼriyatiga bagʻishlangan tadqiqotlarida siyosat va mafkuradan yaralgan “metodologiya”ga tobelikdan qochishga uringan navoiyshunoslardan biri ustod Maqsud Shayxzoda boʻlgan. Uning biror bir ilmiy ishida dahriylik, manfaatparastlik, gʻayriilmiy iddaolardan yuzaga kelgan intilish, Navoiy taʼbiri bilan aytganda, “ilmni vositai joh” etish mayli yoʻq. Bu xolislik va samimiyatni oʻzimcha his qilib Shayxzoda domlaning Navoiy sheʼriyatiga doir tadqiqotlari, ayniqsa, buyuk shoirning sanʼatkorligidan bahs yuritilgan maqolasini takror-takror oʻqib oʻrganganman. Bu esa u kishiga nisbatan menda alohida ehtirom hissini uygʻotganki, 2016 yilda nashr etilgan “Navoiyga qaytish” kitobimning uchinchi jildini ustod Shayxzlda xotirasiga bagʻishlaganman.

G.S: Bugun oʻzbek adabiyotshunosligidagi Shayxzoda ijodi yuzasidan qilinayotgan tadqiqotlar haqida nima deya olasiz?

I.H: Oʻzbek adabiyotshunosligida shayxzodashunoslik degan bir tarmoq bor desam, xato boʻlmas. Yozuvchi, olim va ziyolilar orasida Shayxzoda shaxsiyatiga mehr va ehtirom baland. Mustaqillikdan keyin Shayxzoda hayoti, sheʼriy va dramatik merosiga doir oʻnlab maqola, alohida kitoblar yaratildi. Akademik Naim Karimovning kitobi oʻquvchilarda katta qiziqish uygʻotdi. Ammo bu buyuk donishmand ijodkorning ilmiy-adabiy merosi va shaxsiyatini chinakamiga kashf qlish, uning ijod tajribasini yetarli darajada oʻzlashtirishga kirishilganicha yoʻq. Oʻzbek adabiyotining maʼno va tasvir koʻlami hamda taraqqiyotini Shayxzoda sheʼr va dramalarisiz tasavvur etib boʻlmaganidek, mumtoz va muossir bir qancha shoirlar ijod namunalarining oʻrganilishini, uning ilmiy, ilmiy-tanqidiy asarlardan ajratib boʻlmaydi. Xullas, adabiyotimizning barhayot siymolari safida Maqsud Shayxzoda mangulikka tomon odimlash va el-yurtga xizmat qilishdan Shayxzoda aslo toʻxtamaydi.

Suhbatdosh: filologiya fanlari nomzodi Gulnoz Sattorova

2018

Maqsud Shayxzoda. Asarlar. 3-jild. Mirzo Ulug’bek. 5-pardali tarixiy fojia.

07

(Tashriflar: umumiy 503, bugungi 1)

Izoh qoldiring