Toshtemir Turdiyev. Nevaram bilan suhbat & Toshtemir Turdiyev ‘E’zoz’ teledasturida

005  Неварам Тошкентдаги университетда таҳсил олади. Таътил кунларининг бирида ҳозирги йилларнинг аҳволини билмоқ учун гапга солдим…

НЕВАРАМ БИЛАН СУҲБАТ
Тоштемир Турдиев
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
007

003Тоштемир Турдиев Денов туманининг Тўхтамиш қишлоғида туғилган.  Филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Халқ оғзаки ижоди, Сурхондарё ва Денов тарихига оид  кўплаб илмий тадқиқот китобларининг, шу жумладан «Денов: Эътироф ва эҳтиром» китобининг муаллифи. Яқинд йилда машҳур Хўшбоқ бахши Мардонақул ўғлидан “Алпомиш” достонини ёзиб олиб, “Ёзувчи” нашриётида ўн минг нусхада чоп этди.

007

Неварам Тошкентдаги университетда таҳсил олади. Таътил кунларининг бирида ҳозирги йилларнинг аҳволини билмоқ учун гапга солдим:

— Адабиёт назариясини қайси китоб бўйича ўрганяпсилар?

— “Адабиёт назарияси” деган дарслик бор экан, домлаларимиз шу китобни ўқинглар деди, ўқияпмиз.

— Яхши эканми?
— Яхши.

— Нимаси яхши?! – дедим тутоқиб. – Билиб қўй. У китобларни биз ўқиганимиз ҳам етади!

— Бошқа китоб йўқ-да?

— Нега йўқ! – дедим баттар тутоқиб, — Агар адабиётнинг қандай бўлиши кераклигини билмоқчи бўлсанг фақат ҳадис ўқи, билдингми?

— Ҳадисларнинг адабиётга нима алоқаси бор?

— Энг буюк Адабиёт назарияси – ҳадислар, яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳи алайҳи вассаломнинг суннатларидир. Дунёда бундан бўлак илм ҳам, фан ҳам йўқ билдингми?!
— У билдим демади, менга ҳайрон бўлиб қаради.

— Сўнг мен Тавҳид фақатгина “Ла илаҳа иллаллаҳ” калимасиданда иборат эмаслиги ҳақида ўзимни босолмай узоқ гапирдим , у номозхон талаба сифатида одоб билан менинг куйиб – пишишларимга қараб ўтирди.

— Нимаики ёзсанг, нимаики иш қилсанг кўз олдингда доим ҳадислар турсин, чунки муборак ҳадисларда одамзод боласи дуч келадиган ҳамма саволларга жавоб берилган. Сен билан бизнинг вазифамиз эса амал қилмоқдир. Бунинг учун уларни сўнгсиз муҳаббат билан ўрганмоқ, минг миллион марта ўқимоқ керак. Ҳадисларни сен кеча кундуз, хатто тушингда ҳам… ўқишинг керак. Улар ёд бўлиб қолгандан сўнг ҳатто китобларнинг ҳам кераги бўлмай қолади. Муҳаббатинг шу даражага етсинки, ҳадислар кўнглинга келиши билан кўзларингдан тирқираб ёш чиқиб, кўксинг иккига бўлиниб кетадигандай бўлаверсин, билдингми? Кўзимдаги ёшнинг ҳурматини қилибми Неварам бу марта “билдим!” деди.

— Билган бўлсанг… Шундан кейин сен бошқача ёза бошлайсан. Биласанми, тўғри сўзнинг гавҳари, оҳанробаси бўлади. Ҳар бир одамда нурафшон ёруғликка мойиллик бор. Шунинг учун улар ёзганларингни ўқиб дил роҳатини туядилар. Ҳаммамиз ҳам оловга қўлимизни тутиб, исинишни яхши кўрамиз, аммо ҳеч ким ўзининг… аввал ўтин, сўнг олов бўлишини истамайди. “Ҳеч ким” деганим нотўғри, бу дунёда оловдай ёниб ётган одамлар кўп ва ўшалар туфайли бизнинг кўнгилларимиз музлаб, тўнгнаб қолгани йўқ. Ана шундай одамлардан биттаси Шох Машраб ҳазратлари иккинчиси шоир Рауф Парфидир. Айтмоқчи, шоҳ Машраб катта гулханнинг ўртасига кириб ўтирганларини биласанми?

— Шундай бўлганми?

— Ҳамма гап шунда-да. Аммо у кишининг бир туклари ҳам куймаган. Сабабини биласанми?

— Шуни билмас эканман.

— Олов – оловда ёнмайди- да! Сенга яна бир гап айтайинми?
— Айтинг,- деди бу марта неварам.

— Биласанми, бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо солиоллоҳи алайҳи вассаломнинг соялари… бўлмаган! Ойнинг ёруғида ҳам қуёшнинг нурида ҳам соялари ерга тушганини ҳеч ким кўрган эмас! Сабабини биласанми?

— Билмас эканман.

— Чунки нурнинг… сояси бўлмайди-да!

009Яна бир гапни эслаб қол, — неварамга юзланиб, дедим: Шоир Рауф Парфи 1996 йилнинг ёзида Деновда бир неча кун меҳмон бўлдилар. Денов туман ҳокими Тилло Менглиев шоирга кўп эҳтиром кўрсатдилар. Ўша йиллари мен Денов туман ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлардим. Рауф Парфининг Денов сафарида ҳамроҳлик қилганман.

Ўша таассуротлардан эшит:

Биз бу тўрт кунлик дунёда уйимизни, машинамизни… нақшлашга зўр берамиз, Рауф Парфи эса юрагига нақш берди, шунинг учун шоир битган ҳар бир сўз жавоҳирга айланди – унинг ҳар бир китоби менинг кўзимга жавоҳир тўла сандиққа ўхшаб кўринади.

Бировнинг кимлигини билмоқчи бўлсанг уни гапиртириб кўр дейишади. 1970 йилда ёзилиб,

1975 йили “Хотирот” китобига кирган “Шоир” деган шеърида Рауф Парфи ўзининг бу дунёдаги вазифаси ва ўрнини аниқ кўрсатиб қўйган:

...Не эллар, ва танлар гулханда ёниб,
Шоир кўз ўнгидан ўтади бир-бир.
Барчанинг дардини ўзига олиб,
Мажнун бўлиб юрар шунинг-чун шоир.

Ҳали бўғизларда бўғилар нафас,
Эски яралардан чак-чак томар қон.
Шоирни куйлатган табиат эмас,
Шоирни куйлатган Ҳазрати Инсон.

Тиккандир жонини ватанига у,
Бу сўз қаршисида титрама, эй жон.
Юзма-юз келгандек гўё ўт ва сув,
Юзма-юз келодир шоир ва замон.

Буюк эътиқоддир бу даҳр аро йўл.
Буюк эътиқоддир муборак илҳом.
Шоир юрагида очилмагин гул,
Шоир юрагида собит интиқом.

Шеър “Абдуллажонга” дейилгани билан ҳам гап шоирнинг ўзи – Рауф Парфи ҳақида: Шоир ва Замоннинг ўт билан Сувдай эканлигини овоза қилмоқ учун бағишлаб шунчаки чалғитувчи қалқон вазифасини ўтаганлигини фахмламоқ учун кўп ақл шарт эмас.

Рауф Парфи шундай ва бундан бошқа ваъдаларининг устидан чиқди-то умрининг охиригача ўзи эгаллаган, минг машаққатлар билан забт этган марралардан бир қадам ҳам чекинмади. Шеърият чўққисида собит қолди.

Ёши элликдан ўтган шоир аҳволини мана бундай баён қилган эди:

Саҳроларнинг подшоси қани?
Қани вишиллаган ёвуз илонлар?
Наҳотки бир ўзим қолдим саҳрода…

Биласанми, бу ёлғизлик одамни ҳаволантиради. Мен сенга шоир Шўро салтанатининг Ўзбекистондаги энг гуллаган 1983 йили ёзган “Абдулҳамид Чўлпонга муҳаммас”ини ўқиб берай:

Юзлашдинг балоларга, аламлар ичра кўзлашдинг,
Ўзинг куйдинг, ўзинг ёндинг ўзгалар ҳаққи ўзлашдинг.
Бу қул бозорида изғиб қумрилар каби бўзлашдинг,
Кўнгил, сен бунчалар кишанлар билан дўстлашдинг.
На фарёдинг, на додинг бор, нечун сен бунча сустлашдинг.

Кўзимга ҳоки туроним, озодлик гарди инмасми,
Бу кунлардан умид йўқми? Йўлларинг қаро тунмасми,
Ҳазон бўлган баҳор сенми нишон ҳурликдан унмасми,
Ҳақорат дилни оғритмас, тубанлик мангу тинмасми,
Кишанлар парчаланмасми, қиличлар энди синмасми?!

Аллоҳ, аллоҳ йиғларсан булутдек бағри сўзонсан,
Мунавварсан, муқаррамсан, рисолат туғида шонсан.
Сен Каъбамсан – Туркистонсан, хунимсан сен ахир қонсан,
Тириксан, ўлмағонсан, сен-да одам, сен-да инсонсан,
Бўйин эгма, кишан кийма, ки сен ҳам ҳур туғилғонсан.

Кўряпсанми, бундай сатрларни битмоқ учун фақат шоир бўлишнинг ўзи жудаям камлик қилади:
Саҳрода… Ёлғиз қолиш эса аслида саодатдир.

Қанчадан-қанча истеъдодлар бу… Саодатнинг… юкини кўтаролмай-моддий олам азоб уқубатлари, йўқчиликлар, камситишлар, оёқ ости бўлишлар, эътиборсизликлар ва бундан бошқа кўп ташвишларга чидамасдан шайтоннинг лашкарига қўшилиб кетди – Рауф Парфи “Наҳотки бир ўзим қолдим саҳрода” деб балки ана шундай йўқотишларни назарда тутмадимикан?

Рауф Парфи шеър ўқиганда деворга ҳам жон кирар эди. Рауф Парфининг нақадар буюк шоирлигини, нақадар улуғ инсонлигини бировларга тушунарли қилиб тушунтириб беролмаслигим барибир баъзан менга алам қилади.

Рауф Парфи ўта миллий шоир бўлганлиги учун ҳам… умуминсонийдир, шунинг учун, у бирон марта ўзбекни, Ўзбекистонни бошқа миллатлардан, бошқа давлатлардан баланд кўрмайди, яъни айрим замондошларига ўхшаб миллатга ва мамлакатга муҳаббатини кўрсатмоқ учун миллатчилик қилмаган: Шоирнинг бу эстетик концепсияси жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо Солиоллоҳу алайи ва салламнинг “Арабнинг ажамдан афзаллиги йўқ – қайсисида тақво кучли бўлса, ўша афзалдир” деган муборак ҳадислари билан барқарорлашади.

Неварамга Рауф Парфи ҳақида яна кўп гапларни айтиб бердим. Суҳбатимиз мароқли кечди.

Nevaram Toshkentdagi universitetda tahsil oladi. Taʼtil kunlarining birida hozirgi yillarning ahvolini bilmoq uchun gapga soldim…

NЕVARAM BILAN SUHBAT
Toshtemir Turdiyev
Oʻzbekistonda xizmat koʻrsatgan madaniyat xodimi
007

Toshtemir Turdiyev Denov tumanining Toʻxtamish qishlogʻida tugʻilgan. Filologiya fanlari nomzodi, Oʻzbekistonda xizmat koʻrsatgan madaniyat xodimi. Xalq ogʻzaki ijodi, Surxondaryo va Denov tarixiga oid koʻplab ilmiy tadqiqot kitoblarining, shu jumladan «Denov: Eʼtirof va ehtirom» kitobining muallifi. Yaqind yilda mashhur Xoʻshboq baxshi Mardonaqul oʻgʻlidan “Alpomish” dostonini yozib olib, “Yozuvchi” nashriyotida oʻn ming nusxada chop etdi.

007

Nevaram Toshkentdagi universitetda tahsil oladi. Taʼtil kunlarining birida hozirgi yillarning ahvolini bilmoq uchun gapga soldim:

— Adabiyot nazariyasini qaysi kitob boʻyicha oʻrganyapsilar?

— “Adabiyot nazariyasi” degan darslik bor ekan, domlalarimiz shu kitobni oʻqinglar dedi, oʻqiyapmiz.

— Yaxshi ekanmi?
— Yaxshi.

— Nimasi yaxshi?! – dedim tutoqib. – Bilib qoʻy. U kitoblarni biz oʻqiganimiz ham yetadi!

— Boshqa kitob yoʻq-da?

— Nega yoʻq! – dedim battar tutoqib, — Agar adabiyotning qanday boʻlishi kerakligini bilmoqchi boʻlsang faqat hadis oʻqi, bildingmi?

— Hadislarning adabiyotga nima aloqasi bor?

— Eng buyuk Adabiyot nazariyasi – hadislar, yaʼni Paygʻambarimiz Muhammad Mustafo sallallohi alayhi vassalomning sunnatlaridir. Dunyoda bundan boʻlak ilm ham, fan ham yoʻq bildingmi?!
— U bildim demadi, menga hayron boʻlib qaradi.

— Soʻng men Tavhid faqatgina “La ilaha illallah” kalimasidanda iborat emasligi haqida oʻzimni bosolmay uzoq gapirdim , u nomozxon talaba sifatida odob bilan mening kuyib – pishishlarimga qarab oʻtirdi.

— Nimaiki yozsang, nimaiki ish qilsang koʻz oldingda doim hadislar tursin, chunki muborak hadislarda odamzod bolasi duch keladigan hamma savollarga javob berilgan. Sen bilan bizning vazifamiz esa amal qilmoqdir. Buning uchun ularni soʻngsiz muhabbat bilan oʻrganmoq, ming million marta oʻqimoq kerak. Hadislarni sen kecha kunduz, xatto tushingda ham… oʻqishing kerak. Ular yod boʻlib qolgandan soʻng hatto kitoblarning ham keragi boʻlmay qoladi. Muhabbating shu darajaga yetsinki, hadislar koʻnglinga kelishi bilan koʻzlaringdan tirqirab yosh chiqib, koʻksing ikkiga boʻlinib ketadiganday boʻlaversin, bildingmi? Koʻzimdagi yoshning hurmatini qilibmi Nevaram bu marta “bildim!” dedi.

— Bilgan boʻlsang… Shundan keyin sen boshqacha yoza boshlaysan. Bilasanmi, toʻgʻri soʻzning gavhari, ohanrobasi boʻladi. Har bir odamda nurafshon yorugʻlikka moyillik bor. Shuning uchun ular yozganlaringni oʻqib dil rohatini tuyadilar. Hammamiz ham olovga qoʻlimizni tutib, isinishni yaxshi koʻramiz, ammo hech kim oʻzining… avval oʻtin, soʻng olov boʻlishini istamaydi. “Hech kim” deganim notoʻgʻri, bu dunyoda olovday yonib yotgan odamlar koʻp va oʻshalar tufayli bizning koʻngillarimiz muzlab, toʻngnab qolgani yoʻq. Ana shunday odamlardan bittasi Shox Mashrab hazratlari ikkinchisi shoir Rauf Parfidir. Aytmoqchi, shoh Mashrab katta gulxanning oʻrtasiga kirib oʻtirganlarini bilasanmi?

— Shunday boʻlganmi?

— Hamma gap shunda-da. Ammo u kishining bir tuklari ham kuymagan. Sababini bilasanmi?

— Shuni bilmas ekanman.

— Olov – olovda yonmaydi- da! Senga yana bir gap aytayinmi?
— Ayting,- dedi bu marta nevaram.

— Bilasanmi, bizning Paygʻambarimiz Muhammad Mustafo soliollohi alayhi vassalomning soyalari… boʻlmagan! Oyning yorugʻida ham quyoshning nurida ham soyalari yerga tushganini hech kim koʻrgan emas! Sababini bilasanmi?

— Bilmas ekanman.

— Chunki nurning… soyasi boʻlmaydi-da!

004Yana bir gapni eslab qol, — nevaramga yuzlanib, dedim: Shoir Rauf Parfi 1996 yilning yozida Denovda bir necha kun mehmon boʻldilar. Denov tuman hokimi Tillo Mengliyev shoirga koʻp ehtirom koʻrsatdilar. Oʻsha yillari men Denov tuman hokimining birinchi oʻrinbosari boʻlib ishlardim. Rauf Parfining Denov safarida hamrohlik qilganman.

Oʻsha taassurotlardan eshit:

Biz bu toʻrt kunlik dunyoda uyimizni, mashinamizni… naqshlashga zoʻr beramiz, Rauf Parfi esa yuragiga naqsh berdi, shuning uchun shoir bitgan har bir soʻz javohirga aylandi – uning har bir kitobi mening koʻzimga javohir toʻla sandiqqa oʻxshab koʻrinadi.

Birovning kimligini bilmoqchi boʻlsang uni gapirtirib koʻr deyishadi. 1970 yilda yozilib,

1975 yili “Xotirot” kitobiga kirgan “Shoir” degan sheʼrida Rauf Parfi oʻzining bu dunyodagi vazifasi va oʻrnini aniq koʻrsatib qoʻygan:

...Ne ellar, va tanlar gulxanda yonib,
Shoir koʻz oʻngidan oʻtadi bir-bir.
Barchaning dardini oʻziga olib,
Majnun boʻlib yurar shuning-chun shoir.

Hali boʻgʻizlarda boʻgʻilar nafas,
Eski yaralardan chak-chak tomar qon.
Shoirni kuylatgan tabiat emas,
Shoirni kuylatgan Hazrati Inson.

Tikkandir jonini vataniga u,
Bu soʻz qarshisida titrama, ey jon.
Yuzma-yuz kelgandek goʻyo oʻt va suv,
Yuzma-yuz kelodir shoir va zamon.

Buyuk eʼtiqoddir bu dahr aro yoʻl.
Buyuk eʼtiqoddir muborak ilhom.
Shoir yuragida ochilmagin gul,
Shoir yuragida sobit intiqom.

Sheʼr “Abdullajonga” deyilgani bilan ham gap shoirning oʻzi – Rauf Parfi haqida: Shoir va Zamonning oʻt bilan Suvday ekanligini ovoza qilmoq uchun bagʻishlab shunchaki chalgʻituvchi qalqon vazifasini oʻtaganligini faxmlamoq uchun koʻp aql shart emas.

Rauf Parfi shunday va bundan boshqa vaʼdalarining ustidan chiqdi-to umrining oxirigacha oʻzi egallagan, ming mashaqqatlar bilan zabt etgan marralardan bir qadam ham chekinmadi. Sheʼriyat choʻqqisida sobit qoldi.

Yoshi ellikdan oʻtgan shoir ahvolini mana bunday bayon qilgan edi:

Sahrolarning podshosi qani?
Qani vishillagan yovuz ilonlar?
Nahotki bir oʻzim qoldim sahroda…

Bilasanmi, bu yolgʻizlik odamni havolantiradi. Men senga shoir Shoʻro saltanatining Oʻzbekistondagi eng gullagan 1983 yili yozgan “Abdulhamid Choʻlponga muhammas”ini oʻqib beray:

Yuzlashding balolarga, alamlar ichra koʻzlashding,
Oʻzing kuyding, oʻzing yonding oʻzgalar haqqi oʻzlashding.
Bu qul bozorida izgʻib qumrilar kabi boʻzlashding,
Koʻngil, sen bunchalar kishanlar bilan doʻstlashding.
Na faryoding, na doding bor, nechun sen buncha sustlashding.

Koʻzimga hoki turonim, ozodlik gardi inmasmi,
Bu kunlardan umid yoʻqmi? Yoʻllaring qaro tunmasmi,
Hazon boʻlgan bahor senmi nishon hurlikdan unmasmi,
Haqorat dilni ogʻritmas, tubanlik mangu tinmasmi,
Kishanlar parchalanmasmi, qilichlar endi sinmasmi?!

Alloh, alloh yigʻlarsan bulutdek bagʻri soʻzonsan,
Munavvarsan, muqarramsan, risolat tugʻida shonsan.
Sen Kaʼbamsan – Turkistonsan, xunimsan sen axir qonsan,
Tiriksan, oʻlmagʻonsan, sen-da odam, sen-da insonsan,
Boʻyin egma, kishan kiyma, ki sen ham hur tugʻilgʻonsan.

Koʻryapsanmi, bunday satrlarni bitmoq uchun faqat shoir boʻlishning oʻzi judayam kamlik qiladi:
Sahroda… Yolgʻiz qolish esa aslida saodatdir.

Qanchadan-qancha isteʼdodlar bu… Saodatning… yukini koʻtarolmay-moddiy olam azob uqubatlari, yoʻqchiliklar, kamsitishlar, oyoq osti boʻlishlar, eʼtiborsizliklar va bundan boshqa koʻp tashvishlarga chidamasdan shaytonning lashkariga qoʻshilib ketdi – Rauf Parfi “Nahotki bir oʻzim qoldim sahroda” deb balki ana shunday yoʻqotishlarni nazarda tutmadimikan?

Rauf Parfi sheʼr oʻqiganda devorga ham jon kirar edi. Rauf Parfining naqadar buyuk shoirligini, naqadar ulugʻ insonligini birovlarga tushunarli qilib tushuntirib berolmasligim baribir baʼzan menga alam qiladi.

Rauf Parfi oʻta milliy shoir boʻlganligi uchun ham… umuminsoniydir, shuning uchun, u biron marta oʻzbekni, Oʻzbekistonni boshqa millatlardan, boshqa davlatlardan baland koʻrmaydi, yaʼni ayrim zamondoshlariga oʻxshab millatga va mamlakatga muhabbatini koʻrsatmoq uchun millatchilik qilmagan: Shoirning bu estetik konsepsiyasi janob Paygʻambarimiz Muhammad Mustafo Soliollohu alayi va sallamning “Arabning ajamdan afzalligi yoʻq – qaysisida taqvo kuchli boʻlsa, oʻsha afzaldir” degan muborak hadislari bilan barqarorlashadi.

Nevaramga Rauf Parfi haqida yana koʻp gaplarni aytib berdim. Suhbatimiz maroqli kechdi.

009

(Tashriflar: umumiy 236, bugungi 1)

Izoh qoldiring