Ozod Mo’min Xo’ja. Yangi «Indamadi» qo’shig’iga indamaslik mumkin emas

099

     Яқинда радиодан янграётган бир қўшиқнинг бошланиш аккордлари эътиборимни тортди. Сабаби, у композитор Имомжон Икромов томонидан басталанган, менинг дадамлар Пўлат Мўминнинг сўзлари билан эллик йилдан бери Неъматжон Қулабдуллаев томонидан бетиним жаранглаб келаётган маълум-у машҳур “Индамади” қўшиғи оҳангларининг янги аранжировкаси эди. Биринчи байт дадамларнинг сўзлари билан бошланди. Кейинига мени таажжуб ҳисси қамради. Чунки, қўшиқда умуман бошқача сўзлар қатори кетди.

07
Озод МЎЪМИН ХЎЖА
ЯНГИ “ИНДАМАДИ” ҚЎШИҒИГА ИНДАМАСЛИК МУМКИН ЭМАС
005

Мен бундан роппа-роса ўн йил илгари “Сардор “Бешагаческий” – тоза ўғри” номли биринчи криминал қиссамни чоп этган эдим. Кейин уни республикамиздаги бир қанча газеталар ўз саҳифаларида қайта-қайта ўқувчилар эътиборига ҳавола этишди. Ўша асарда “тоза ўғри” ифодасини шарҳлангандим. Яъни, ўғриларнинг қонунига бўйсунадиган, хамда чунончи, ўз яқин биродарларининг, қўни-қўшниларининг, таниш-билишларнинг ва ўз “ҳамкасаба”ларининг мол-мулкларини ўзлаштиришни ор биладиганлар “тоза ўғри” ҳисобланишини айтиб ўтгандим. Ўша қиссани ёзишимга сабаб, кейинчалик персонажларимнинг бирининг прототипи бўлиб хизмат қилган кимса билан танишганим ва у ўзининг касбининг қандай эканлигини яширмаганлиги, ҳаётини қисқача бўлса-да, ҳикоя қилиб бергани бўлганди. Ўша инсон ўзининг тоза ўғри эканлигини менга ғурур билан маълум қилганига бироз ҳайратга ҳам тушгандим. Бу ғурурнинг сабабини кейинроқ англадим.

Ўтган йили радиодан янграётган бир қўшиқнинг бошланиш аккордлари эътиборимни тортди. Сабаби, у композитор Имомжон Икромов томонидан басталанган, менинг дадамлар Пўлат Мўминнинг сўзлари билан эллик йилдан бери Неъматжон Қулабдуллаев томонидан бетиним жаранглаб келаётган маълум-у машҳур “Индамади” қўшиғи оҳангларининг янги аранжировкаси эди. Биринчи байт дадамларнинг сўзлари билан бошланди. Кейинига мени таажжуб ҳисси қамради. Чунки, қўшиқда умуман бошқача сўзлар қатори кетди. Бу ашулани битта-яримта янги ҳаваскор ўзича янги шеър тўқиб айтаётгандир деб ўйладим. Аммо, ёнимдаги одамлар ашула айтаётган кимса элга танилиб улгурган Равшан Комилов исмли кимса деб айтишди. Мен шубҳамни билдирдим, балки у эмасдир, жиддий санъаткорлар бундай қилиқ қилмайдилар, дедим. Афсуски, улар менинг янглишаётганимни, унинг айни Равшан Комилов эканлигини айтишди. Бу шубҳам бир неча кун ўтгач, бошқа қўшиқсеварлар суҳбатидан сўнг бутунлай тарқалди. Ва ўша Равшан Комиловга нисбатан қалбимда савол пайдо бўлди: “Ҳей, ашулачи! Нега менинг дадамнинг, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пўлат Мўминнинг, санъат аҳли орасида катта эътибор қозонган адибнинг сатрларини ва буюк бастакор Имомжон Икромовнинг ижод маҳсулини ўғирлаб, ёнига ўзингча сўзларни қўшиб, ватанимиз аҳлига ҳавола этаётирсан? Ким сенга бундай маънавий ва расмий ҳуқуқни берди?”

088 Шу ўринда бу қўшиқнинг яратилиши тарихини қисқача баён этаман. 1960 йилнинг кунларидан бирида дадамлар Тошкент шаҳрининг қадимий даҳаларининг бири – Эскижўвада Имомжон акани учратиб қолибдилар. Ҳол-аҳвол сўрашишибди. У зот бу мулоқотдан хурсанд бўлиб, сўз қотибдилар: “Пўлатхўжа, вақтингиз бўлса, анави ердаги чойхонага кириб бир пиёладан чой ичайлик!” Икки ижодкор озроқ суҳбатлашишгандан сўнг, Имомжон ака бир таклиф киритибдилар:

-Менга “Индамади” радифли, қўшиқ бўладиган шеър керак, ёзиб бера оласизми?
-Уриниб кўраман, — жавоб берибдилар дадам.
-Биласизми, бундай радифли ашула илгари бўлган, аммо у унутилиб кетган, сабаби сўзлари шалоқ, мазмунан ҳам жуда саёз битилган. Биз шундай асар яратишимиз керакки, у ўзбек қўшиқчилиги тарихида муносиб жой олсин!
-Мен бу ишга жиддий киришаман, — ваъда қилибдилар дадам.
Вақт ўтиб, дадамлар ёзган шеърларини композиторга олиб борибдилар.

Имомжон Икромов жуда талабчан композитор бўлганлари учун шеърни синчиклаб ўқибдилар, вазни ва туроғини мақтабдилар.
-Басталаган куйимга шундоқ тушади. Лекин, мазмунга бир мантиқ керак! – дебдилар.
-Нима камчилиги бор? – сўрабдилар дадам.
-Мана, қаранг:

“Эй, гўзал, номинг на деб бердим савол, индамади.
Маҳлиё этди тамом, офтобжамол, индамади…
Боғида танҳо ўзи гулми терар тонг чоғида,
Гулдайин кулган чирой бўлдими лол, индамади.
Боғини қилган экан, санъатидан гулга макон,
Кокилин аста силаб ўтса шамол, индамади.
Қўлида гулдастасин менга берар деб ўйласам,
Бағрига босди гулин, кулди ҳиёл, индамади…

ва ҳакозо. Аммо, бу гўзалнинг сизга нега индамаётганлигининг сабаби йўқ!
Сиз бу жиҳатни ҳам ёритишингиз лозим. – маслаҳат берибдилар Имомжон ака.

Дадамлар “Хўп!”, дебдилар ва бир неча кундан сўнг, қуйидаги якунловчи байтни ёзиб борибдилар:

“Дер эдим мен ўзима беҳудага ташлама гап,
Билмадим, у ким ила айлар висол, индамади.
Ёрини таъриф этиб, куйлар эди кўнглида у,
Жовдирар эрди кўзи, сурди ҳаёл, индамади.
Кўнглида бошқа биров севган вафодори яшар,
Шу сабаб барча сўзим келди малол, индамади.”

Бу сатрларни ўқиган Имомжон Икромовнинг кўзларида учқун чақнабди.
-Ана, энди ҳар бир байт жой-жойига тушган, шеърда қиёмига етган мазмун ва ҳолат бор. Худо хоҳласа, зўр қўшиқ бўлади…

08 Ушбу, “Индамади” ашуласи 60-йилларнинг бошида, ҳозирги давр ибораси билан айтганда “суперхит” бўлганди. Уни қиёмига етказиб айтган Неъматжон Қулабдуллаевнинг эҳтиросли ва оҳангдор товуши ҳар куни радиотўлқинларидан янграрди. Телевизорда тез-тез кўрсатиларди. Ўша даврга хос, ушбу ашула ёзилган граммпластинкалар дўконларда чанг босиб ётмасди. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган одамлар уни хиргойи қилишарди.
Ушбу қўшиқ баҳона бу санъаткор элга янада танилганди.

Бу қўшиқ, ҳақиқатдан ўзбек мусиқачилигида классик, яъни мумтоз қўшиқ бўлиб қолганди.
Энди, Равшан Комилов айтаётган сўзларни қараб чиқайлик.

Эй гўзал, номинг на деб бердим савол индамади,
Маҳлиё этди тамом, офтобжамол индамади.
Даврада ўйнар эди нозлари дилни куйдириб,
Ёнига чорлар эди, минг бир ҳаёл индамади.
Барчанинг кўзи шошиб, гаплар отар сўзи тошиб,
Қошларин сал учириб, қоши ҳилол, индамади.
Қомати соллона қиз, лабзи ҳалол, индамади,
Қаддига зимдан боқиб бўлдим-у лол, индамадим.
Бўйлари бўйимга мос, жоним олар жононани,
Сочларин бир сийпалаб қўйдим ҳиёл, индамади.
Йўл аро бир даста гул тутсам-да, ул олди ёниб,
Бир кулиб гулдай гўзал рози мисол, индамади.
Сўзи ҳар кимга ёқар, шу қизгина индамади,
Ҳар гўзал нозли бўлар, у жимгина индамади.
Қоши ҳилол индамади,
Офтобжамол индамади,
Бердим савол индамади.
Мен ҳам унга индамадим,
Мен ҳам сизга индамадим.

Кўриб турибсизки, бу қўшиққа янгича сўзлар битилган. Биринчи байт шундоққина ўғирланган. Сўнг, офтобжамолнинг даврада рақс тушаётгани маълум қилинади ва у “минг бир ҳаёл” (билан шекилли,) индамай, дили куяётган йигитни ёнига чорлайди, қошларини учиради, бўйи-бастини чамалатади ва яна индамайди. Биринчи қўшиқда шамол гўзалнинг кокилларини силаб ўтса, “янгисида” ашулачининг қўллари даврада ўйнаётган аёлнинг сочларини сийпалайди. Кейин, улар тўсатдан даврадан чиқиб, йўл аро пайдо бўлиб қолишади-да, ишқибоз йигит қаердандир бир даста гул олиб унга тутади. Аёл ишқий таклифга рози бўлгандай юзлари ёниб уни олади. Лекин, у яна жимгина индамайди. Эркак бу ҳолатни нозга йўйади. Ва, негадир, мағлубиятини тан олибми ё хафсаласи пир бўлибми, ўзи ҳам индамай кетади. Бизга ҳам миқ этмаганини таъкидлайди.

Кўриб турибсизки, шеърда оддий мантиқ йўқ. Ҳамда, бу сатрлардаги “кўзи шошиб”, “қомати соллона қиз”, “жоним олар жононани” иборалари нимани билдиради, билмайман. Айтайлик, “одамнинг шошишини”, гўзалларнинг “соллона юриш”ни тушунаман, “жонона жонни олишини” англайман. Лекин, келтирилган иборалар қандай тил қонунлари асосида ифодаланган, аниқлай олмадим.

Умуман олганда, қўшиқ сўзлари, қайтадан, Имомжон Икромов айтганларидек, шалоқлаштирилган. Маданиятдан узоқлаштирилган. Янги “ижодкорлар”нинг савияларига мослаштирилган. Ашула мазмуни суюқ йигитнинг учраб қолган аёлга гап отишига ўхшаб қолган. Ҳаммасидан ҳам таажжжубга соладигани, Ўзбекистон радиоканаллари, хаттоки давлатга қарашлилари ҳам, тўхтамай шу “ашула”ни бериб келишаяпти. Ўзбекистон телевидениеси каналларида эса ушбу қўшиқ клипи дам-бадам кўрсатиб борилаяпти. У ерларда маънавий етук ва жиддий муҳаррирлар йўқми? Устига устак, ушбу клипдаги Равшан Комиловнинг ёнида муқом қилиб ўтирган ким экан, деб қизиқсам, шу “шеър”ни ёзиб берган “шоир” дейишди.

Бошқаларнинг ижодидан бирон бир рухсатсиз фойдаланаётган ҳеч бир санъаткор, мардларча, ўзини ўғри деб тан олмайди. Аммо, ҳеч кимга сир эмас, истеъдоди хаминқадар қўшиқчилар Туркия, Эрон, Озарбайжон, араб ва хатто Ғарб мамлакатлари қўшиқларидаги оҳангларини ўғирлаб, ўзбекча сўзлар билан турли нодавлат радиостанциялари орқали эфирга тарқатадилар. Бундай чала қўшиқчилар, минг бора: “Биз чет эл санъаткорларига ижодий ёндошаяпмиз!”- десалар-да, уларни бемалол маънавий мулк ўғриси деб аташимиз мумкин. Жиноят олами тушунчалари бўйича, улар тоза ўғрилардир. Аммо, ўз юртининг санъаткорлари маҳсулини тап тортмай ўзлаштириб, уларни истаганча ўзгартириб куйлаётганларни қандай ўғри деб аташ керак?!

Шу ўринда ўзимнинг шахсий бир фикримни ҳам билдирмоқчиман. Ўзбекистон республикаси Маданият Вазирлиги турли радиостанциялардан исталган оҳангдаги, исталган сўзлардаги қўшиқларни эфирга тарқатиш эркинлигини тартибга солса бўлмайдими? Мисол тариқасида, тасодифан тинглаб қолган қўшиғимдаги баъзи сўзларни келтираман:
“Ҳой, палончи исмли қиз, дугонанг пистончига айт – мен уни севаман, унга уйланмоқчиман. Мабодо, у йўқ деса, мен ўзингга уйланаман!” Кўпчилик ёшлар тинглайдиган хусусий радиостанцияларни тингласангиз, бу хилдаги “қўшиқлар” кам эмас. Буюк келажак сари шаҳдам қадамлар билан одимлаётган ҳалқимизнинг, ёшларимизнинг савиясини Равшан Комилов каби “псевдоюлдузлар” ўғирланган оҳангларга солинган шундай “сўз”лари билан пасайтириб ташлашаяпти-ку! Бундайларни ким тартибга чақиради?

09

065Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пўлат Мўмин 1922 йил 24 декабрда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У аввал педагогика билим юртида таҳсил олади. Сўнг Тошкент Давлат педагогика институтини тугатиб (1944), ўқитувчилик қилади. 1948-1950 йилларда газеталарда адабий ходим, 1951-1952 йилларда Ўзбекистон Давлат нашриётида болалар адабиёти бўлимининг мудири бўлиб ишлайди. 1954-1960 йилларда Ёзувчилар уюшмасида, 1962-1964 йилларда Маданият вазирлиги қошидаги Санъат ишлари бошқармасида хизмат қилади.Пўлат Мўминнинг адабиёт олдидаги хизматлари халқ ва ҳукумат томонидан юқори баҳоланган. 1992 йилда унга Ўзбекистон халқ ёзувчиси фахрий унвони берилган. 1998 йилда эса «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.
Унинг «Сайранг, қушлар», «Бўл, тайёр!», «Тиш чўткаси эртаги» (1955), «Ҳунардан унар» (1958), «Тўғри ўсган гул бўлар» (1960), «Ақл қаерда бўлар?» (1962), «Олтин най» (1967), «Раҳматга раҳмат!» (1969), «Эсон ва Омон» (1971), «Одоб ва офтоб» (1971), «Яхшиларга ўхшасам», «Гул ва Пиёз», «Кулди хиёл», «Мен севаман, сен севасанми?», «Олтин бошоқлар», «66 олтин қўл», «Эртақдан эртакка» (1990), «Фардлар китоби» (1993),«Болажон, болажоним» (2004) ва бошқа тўпламлари нашр этилади. Бу тўпламларнинг ҳаммасида ёшларнинг беғубор руҳий дунёлари, қалб ҳарорати ва изтироблари ифодаланган.  Пўлат Мўмин драматург сифатида ҳам «Қовоқвой билан Чаноқвой» (1970), «Суқатой ва Конфетвой», «Баҳодирнинг жасорати» каби асарларини яратган.У, айниқса, моҳир қўшиқчи шоир сифатида элга танилган. Шоирнинг «Индамади», «Онадур ул, онадур», «Сенга бир гап айтаман» каби ўнлаб қўшиқлари ўзининг содда ва равонлиги, мусиқий ва халқчиллиги билан халқимиз юрагидан ўрин олган.  Пўлат Мўмин 2003 йилда вафот этган.

02Икромов Имомжон (1891.29.4-Тошкент —1980.29.8) — созанда (ғижжак), бастакор. Ўзбекистон халқ артиста (1953). Туркистон халқ консерваториясида (1918—22), Москва ўзбек опера студиясида (1939) таълим олган. Самарканд педагогика билим юртида ўқитувчи, Самарқанд мусиқали драма театрида созанда (1924-27). Ўзбекистон радиоси миллий чолғу ансамбли ташкилотчиларидан, концертмейцтер, мусиқа раҳбари (1927— 41), бадиий раҳбари (1941—47), яна концертмейцтер (1947—53). Турли жанрларда 200 га яқин куй ва қўшиқ яратган. «Колхоз қизи», «Сўлим» (1933), «Тортадур» (1939) қўшиқлари Икромовнинг илк асарларидан. «Ватан қўшиғи» (1951), «Индамади» (1958), «Ўйнасин» (1959), «Қўлда раъноси билан» (1960), «Серқуёш Ўзбекистоним» (1965), «Гул тераман саралаб» (1971), «Зебога хос» (1979) каби қўшиклари оддийлиги, таъсирчанлиги, оҳангдорлиги, кўтаринки руҳи билан ажралиб туради. Икромовнинг кўпгина қўшиқлари (мас, «Тез теринг», «Шер йигит», «Дарёси кўп, дардга даво ялияли») халқ яллаларига айланиб кетган. У «Муножот», «Чўли Ироқ», «Ажам» каби чолғу куйларининг ашула йўлларини яратган. Санъаткорга бағишланган телефильм («Имомжон Икромов») ишланган (1991).

033

(Tashriflar: umumiy 944, bugungi 1)