Ayzek Azimov. Hayot, jamiyat va ijod haqida hikmatlar & Ayzek Azimov. Koinot oqimlari. Roman

Ashampoo_Snap_2017.03.13_15h54m07s_002_.png Тарихий жараён шундай нуқтага келдики, энди инсониятга душманлик қилиш, ёвлашиш мумкин эмас. Ердаги одамлар бир-бирлари билан дўстлашишлари лозим. Мен, шу ғояни ўз асарларимда алоҳида таъкидлаб келаман…

АЙЗЕК АЗИМОВ
ҲАЁТ, ЖАМИЯТ ВА ИЖОД ҲАҚИДА ҲИКМАТЛАР

Озод Мўъмин Хўжа тайёрлаган
005

 00IsaacAsimov.jpg  Айзек Азимов 1920 йил 2 январда Россиядаги Смоленск шаҳрига яқин қишлоқда туғилган. 1923 йили унинг ота-онаси Америка Қўшма Штатларига кўчиб, Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида яшай бошлаганлар. 1935 йилда ўрта мактабни тугатган Айзек бир йил коллежда таълим олади, сўнг ўз шаҳридаги Колумбия университетининг кимё факультетига ўқишга киради. У 1939 йилда биокимё бакалаври, 1941 йилда биокимё магистри даражаларини ёқлайди. У ўз мутахассислиги бўйича бир қанча муддат ишлагач, 1945 йилда ҳарбий хизматга чақирилади. 1946 йили уйига қайтади ва аспирантурага киради. 1948 йили уни тугатиб, биокимё доктори даражасини олади. 1949 йилдан Бостон шаҳри университетининг медицина факультетида дарс бера бошлади. 1951 йилда ассистентлик, 1955 йилда доцентлик унвонига сазовор бўлди. Бу масканда, у 1958 йилдан маош олмай фаолият юрита бошлади, сабаби адабиёт жабҳасида яхшигина пул топаётган эди. 1979 йилда унга профессор унвони берилган.
    Азимовнинг биринчи ““Вест”да қолиб кетганлар” фантастик ҳикояси 1939 йилда “Amazing Stories” (“Ажабтовур воқеалар”) журналида чоп этилди. Шундан сўнг, у яна ўнтача кичик асарларини эълон қилди. Лекин, 1941 йилда босилган “Туннинг бошланиши” ҳикояси довруғ қозонди ва у машҳур ёзувчига айланди. Айтиб ўтиш жоизки, 1968 йилда Америка фантаст-ёзувчилари ассоциацияси ушбу асарни бутун тарихдаги энг зўр ҳикоя деб танлади. У икки марта экранлаштирилди ҳам. Шу даврдан Айзек Азимовнинг ижоди гуллаб-яшнай бошлади. У бирин-кетин роботлар ҳақидаги ном қозонган асарларини ёза бошлади. Роботехниканинг уч қонунини ишлаб чиқди. Турли мукофотларга сазовор бўлган “Асосланиш” номли романлар туркумини бошлади. У то 1958 йилга қадар жуда сермаҳсул ижод қилди. Шу даврдан бошлаб эса илмий-оммабоп рисолалар ҳам бита бошлади.
   Айзек Азимов 1992 йил 6 апрелда юрак ва буйрак хасталигидан вафот этди.

005

Тарихий жараён шундай нуқтага келдики, энди инсониятга душманлик қилиш, ёвлашиш мумкин эмас. Ердаги одамлар бир-бирлари билан дўстлашишлари лозим. Мен, шу ғояни ўз асарларимда алоҳида таъкидлаб келаман…

Майли, барча кишилар бир-бирларини яхши кўрмасинлар, бироқ улар орасидаги нафратни албатта йўқотиш шарт.

Илмий фантастика барча одамларнинг бирлашишларига ёрдам берувчи соҳа деб қаттиқ ишонаман.

Бизнинг фантастик асарларда кўтараётган муаммоларимиз бутун инсониятнинг долзарб муаммоларидир…

Фантаст-ёзувчи, фантастик асарларни ўқувчилар ва фантастиканинг ўзи инсоният тараққиётига хизмат қиладилар.

Ҳар бир одам истаган нарсасига ишонаверсин. Лекин, ҳаммани бир нарсага ишонтиришга қаршиман.

Илм-фанда ифода этиладиган энг ҳаяжонли сўз “Эврика!” эмас, “Мана бу ажойиб-ку!”дир.

Баҳслашмайдиган аёлларни камчиликлардан холи деб ҳисоблайман.

Агар овқат ширин бўлса, у зарарлидир.

Масъулиятлилик – оғир иш эмас.

Келажакда ҳам китобнинг ўрнини ҳеч нарса эгаллай олмайди, худди ўтмишда эгаллай олмаганидек.

Инсоният тарихини англаш қийин. Кичик ўзгаришлар катта кутилмаган натижаларга олиб келган.

Яратган Зот ҳаммамизни севади, лекин ҳеч биримизга қойил эмас.

Жаҳли чиқиб турган одамнинг ҳақоратларидан хафа бўлманг. Агар, у тинчланиб, ҳақоратларини яна қайтарса, шундагина ранжишингиз мумкин.

Ҳаётда турли саволларга тўғри жавоб топишдан қизиқарлироқ иш борми?

Балоғатга етганимиздан сўнг, биз ўзгармаймиз, фақат ёшимиз улғаяди ва ажинларимиз кўпаяди. Аммо, бу ташвиш чекишга арзимайди.

Агар шифокор менга беш минут умрим қолганини айтса, ваҳимага тушмайман. Фақат тезроқ нимадир ёзиб қолишга уринаман.

Кам дегани, умуман йўқ, дегандан кўра яхшироқдир.

Одамлар ўзларини қўшниларидан яхшироқ, маданиятлари қадимийроқ ва юқорироқ, бошқа ерларга тарқалган жамики яхши жиҳатлар улардан олинган, ёмонликлар эса ўзга мамлакатларда ўйлаб топилган, деб ҳисоблашга ўрганиб қолганлар.

Қаришни ҳам билиш керак. Сиз қариганингиз сари мулойимроқ, одамларга меҳрибонроқ бўлиб боринг. Асосийси, атрофдагилар сиз ўз ҳаётингиздан қониқаётганингизни ва роҳатланиб яшаётганингизни кўришсин.

Севги бобида ўзингизни қийнаманг. Оддий йўл тутинг, яъни севгили қизингиздан унинг чин муносабатини сўранг-қўйинг. Севиш ва севилиш қандай яхши.

Жамият бошида турувчи робот яратилганда, у энг яхши сиёсатчи бўлган бўларди. Роботехника қонунига мувофиқ, у одамларга зиён етказа олмасди, зўравонлик ва порахўрлик қилмасди. У қаримас ва ўлмас эканлигини билса ҳам, вақтида истеъфога чиқарди.
Аввал ўйла, кейин индама.

– Ҳеч қачон одамларни тушунмаганман, – хўрсинди Пилорат.
– Бу жуда осон. Сен аввал ўзингга боқ, ўзингни англа. Шунда бошқаларни тушуна бошлайсан. Инсонлар бир-бирларидан кўп ҳам фарқ қилмайдилар.

Сени ким деб ҳисоблашлари эмас, сен ўзингни ким деб ҳис қилишинг муҳимдир.

Ишонч ва матонат доимо мукофотланади. Ўсимлик поясини ушлаб, шаҳд билан ҳамла қилинг, у душманга тўқмоқдек туюлади.

Тараққиёт фақат ихтиролар орқалигина амалга ошади.

Ҳаёт – йўқотишлар занжиридир. Ёшлигингни, ота-онангни, дўстларингни, соғлиғингни ва охирида ҳаётнинг ўзини ҳам йўқотасан.

Фантаст-ёзувчилар нима қилаётганликларини ўзлари ҳам аниқ билмайдилар. Уларнинг кўпчилиги ўз ижодларини тирикчилик манбаи деб айтишлари мумкин. Аммо, мен учун, улар – номаълум ва хавфли келажакка боқишга жазм этаётган инсоният кўзларидир.

Тарихчиларнинг маълумотига кўра Македония шоҳи Филипп қўшни Спарта давлатига бундай мактуб юборган: “Агар, мен юртингизга кирсам, Спартани ер билан битта қилиб ташлайман!” Улар битта сўз билан жавоб қайтарганлар:“Агар!” Бу инсоният тарихидаги энг қисқа жавоб хати ҳисобланади.
Бир марта сотқинлик қилган, яна қилаберади. Бу – ҳаёт қонунидир.

Қадимда Миср ҳудудида яшаган шумерлар ўзларининг икки минг йиллик ҳаёт жараёнларида ғилдиракли транспортни, астрономияни, математикани, тижорат ташкилотларини, ғиштни, ундан муҳташам бинолар қуришни, ёзувни ихтиро қилганлар. Улар инсоният тараққиётини ихтиро қилганлар деса ҳам бўлади. Ҳозир улар йўқлар. Троя урушига етти юз йил, Рим номли қишлоқнинг вужудга келишига бир минг бир юз йил қолганда йўқолганлар. Уларнинг мавжудлиги 19 асрнинг охирларида олиб борилган археологик қазиш ишларига қадар номаълум эди.

Математикадан бошқа ҳеч вақони билмасанг, буюк математик деб ҳисобланишинг мумкинми?

Яхши илмий-фантастик асар ўқувчини ҳаяжонлантиради, лекин бундан ташқари, у келажак ҳақида ўйлашга ҳам мажбур қилади.

Олға қадам ташлаш учун доимо сабаб бор. Фақат уни ўз вақтида топиб туриш лозим.

Одамларга бир ўйин ўйнашга рухсат берилган: “Мен сендан яхшироқман”, деган. Уни миядан чиқариб ташлаш жуда мушкул.

1976 йилдаги келажак башорати: “Телевизор уйдаги марказий жойни эгаллайди. Телефонларда суҳбатлашаётган одамни кўриб туриш учун телеэкранлар ўрнатилади.”

Кўпчилик ҳозир худди асалари инининг уяларида яшаётган ва ишлаётгандеклар. Ёритқичлар сунъий, ҳаво кондиционер орқали келади. Бу одамларни ер остидаги шундай уяларга кўчиринг, фарқини деярли сезмайдилар. Бундан ташқари, ер тагининг ижобий жиҳатлари бор: у ерда ҳаво иссиқлиги кескин ўзгармайди, қишда иситиш, ёзда совутиш муаммолари йўқ. Транспорт йўлини ёмғир-у қорлар тўсиб қўймайди. Ишлаб чиқариш кўлами ҳам катталашади, сабаби кун ва туннинг фарқи бўлмаганлиги учун, уни узлуксиз уюштириш мумкин.

Ишонч ақлдан устун.

Одамзотни биологик таҳлил қилсак, аёлларда қирқ олтита хромосома, эркакларда эса қирқ беш-у ва яримта (Y-хромосома) мавжуд. Хромосомалар нуқтаи назаридан қараганда, эркак чала, ярим хромосомаси кам аёлдир. Балки, шунинг учун аёллар эркакларга нисбатан чидамлироқлар ва умрлари ҳам олти-етти йилга узоқроқ.

Ернинг оғирлиги қанча? Жавоб оддий. Ер эркин тушиш ҳолатидадир. Бундай ҳолатдаги ҳар бир жисмга атрофдаги гравитация майдонлари тўлиқ таъсир кўрсатади. Лекин, Ерга бундай таъсирларнинг натижаси йўқ. Шунинг учун, Ернинг оғирлиги йўқ, у нолга тенг.

Ҳаёт, умуман олганда, антиқадир. Антиқалик унга тўлиқ мос келувчи ягона сифатдир.

Мен ҳеч нарсага кўр-кўрона ишонмайман. Ҳар бир ғоя, фикр, маълумот мантиққа асосланиши лозим. Акс ҳолда, унинг қиймати бир пул.

Инсон шундай тузилганки, у маълум бир ёшга етганда, ўлимга бефарқ бўлиб қолади. У бирон мақсад сари интилмайди, ўз устида ишламай қўяди. Бундай ҳолат яхшими ё ёмонми, лекин у ҳаётини яшаб бўлганлигини, ўзи ва дунё учун қўлидан келган барча ишларни қилиб улгурганлигини англайди ва бунга кўникади.

Пластмассани ҳаётга татбиқ қилиш бильярдхоналардан бошланган. Ўша пайтда бильярд шарлари фил суякларидан тайёрланган, бу эса уларни жуда қимматлаштирган. XIX асрнинг 60 — йилларида, кимки фил суяги ўрнига ишлатиш мумкин бўлган қаттиқ, эластик, синиб кетмайдиган, сувга чидамли ва текисласа бўладиган маҳсулот кашф қилса, 10 000 доллар мукофот берилиши эълон қилинган. Ва кўп олимлар ҳаракатга тушиб кетганлар.

Салжуқийларнинг буюк ҳукмдори Маликшоҳ узоқроқ яшаганда ёки истеъдодли тахт ворисига эга бўлганда, салб юришлари аввал бошданоқ ҳалокатга учрарди. Умуман олганда, салбчиларнинг айрим муваффақиятлари мусулмонлар орасидаги келишмовчиликлар туфайли юз берган.

Францияда, қирол Людовик VII даврида, шамол тегирмонлари қурилиши бошланган. Бу ғоя ўша пайтларда технология соҳасида анча илғор бўлган Шарқ мамлакатларидан ортга қайтаётган салбчилар томонидан олиб келинган. Салб юришлари натижасида, у ерларда ўрганилган янгича тафаккур ва етук ғояларнинг қиммати, ютқизилган ёки ютилган жанглар аҳамиятидан анча юқори бўлган.

“Иш мана бундай бўлиши мумкин эди!”, деб афсусланишдан фойда йўқ. Мавжуд ҳолатлар билангина ҳисоблашиш керак.

Мен амалдорларнинг кўпини кўрдим, аммо уларнинг орасида бахтлиларини учратмадим. Амал – полга қоқиб қўйилган курси эмас. Шунинг учун, амалдор доимо курсини кимдир силжитмаслигидан огоҳ бўлиб, ҳамиша хавотирда ишлайди.

Муаммони ҳал қилишнинг энг осон йўли – уни йўқ деб фараз қилишдан иборат.

Олти – “аъло сонлар”нинг биринчисидир. Унинг бўлинувчиларининг йиғиндиси ўзига тенг. Яъни, 6 да улар учта: 1, 2 ва 3. Уларнинг йиғиндиси 6 га тенг. Бундай сонлар кўп эмас. Ундан сўнг, 28 келади: 1+2+3+7+14=28. Кейингилари, 496 ва 8128 сонларидир. Бу нарсани қадимги математиклар яхши билишган.

Илмий ҳақиқат қонуний ёки ноқонуний каби тушунчалардан ташқаридадир.

Насронийлик қатор асрларда илм-фаннинг ривожланишига йўл бермаган. Ушбу дин Иония файласуфлари ғояларидан чуқур фарқ қилган. Насронийларнинг фикрича, инсон учун ўзи кўраётган, ҳис қилаётган дунё эмас, “Илоҳий дунё” муҳимдир. У жойга бориш учун йўл кўрсатувчилар черков намояндалари томонидан битилган “Инжил” китобидир ва черковнинг ўзининг руҳий ташвиқоти таъсиридир.

Файласуф бўлиш учун олийгоҳда ўқиш шарт эмас. Ўткир ақл ва ҳаётий тажриба керак.

Озод бўлишни истаган одамгина озод бўла олади.

Истамай олинган билим – фойдаси йўқ билимдир.

Ҳеч қачон – бу жуда узоқ вақтдир.

Қўрқув – инсонга керак. У эҳтиёткор бўлишни ўргатади ва ҳаётни асрайди.

Биз қандай усулда ризқ-насиба топаётганимиз, қай ҳолатлардан завқланаётганимиз, қандай ғояга ишонаётганлигимиз, нималарни яхши, нималарни ёмон, деяётганимиз – маданиятдир.

Бу сайёрада биргина ишлаб чиқариш ривожланган эди, яъни давлат томонидан биргина маҳсулот – қонун чиқариларди. Бутун ҳаёт жараёни бетиним бошқариларди. Сайёрада одамлар, уй ҳайвонлари ва паразит-текинхўрлар яшардилар. Транторда бошқача ҳаёт йўқ эди.

Ёмон хабарлар бургут қанотида келади, яхшилари эса тошбақа оёқларида.

Айни ҳаётдан қониқмаслик инсониятни тараққиётга ва маданият ривожланишига ундаган. Ҳолатидан қониқиб ўтирабериш – ортга кетишдир.

Пулнинг жозибаси – жуда кучли. Лекин, ҳаётга жиддий қараган одам учун пулнинг ўзи етарли эмас.

Кимнидир севсанг, унинг кўзларида ҳамиша қувонч чақнаётганлигини кўргинг келади.

Атиргул – лой ва ифлос тупроқда ўсади.

Куч майдони нима? Бу жуда оддий нарса. Масалан, жисм атомлардан ташкил топади. Атомлар эса бир-бирлари билан ўзаро таъсир кучлари орқали боғланганлар. Энди, ана шу атомларни олиб ташланг! Нима қолади? Куч майдони.

Ўтган замонни бутунлай унитиш мумкин эмас, чунки у бугунни келтириб чиқарган.

Миш-мишларни барча замонларда тўхтата олишмаган.

Сен кўпҳужайралик организм сифатида тахминан эллик триллион ҳужайрадан иборатсан. Лекин, шахс сифатида, айтилган барча ҳужайралар аҳамияти йиғиндисидан муҳимроқсан.

Ишларни ривожлантириш учун режалар тузишнинг ўзи камлик қилади. Уларни вақт келганда ўзгартиришни ҳам билиш керак.

Мен тўсатдан, одамлар аҳмоқдир, деган фикрга келиб қолдим. Ўйлаб кўринг, инсонлар хатти-ҳаракатларини тартибга солувчи қонун-қоидалар йўқ эди, уларни ўйлаб топишди. Аммо, одамлар, шу, ўзлари ўрнатган қоидаларга риоя қилишмайди. Ажаб!..

Манба: Айзек Азимов. Коинот оқимлари. Тошкент, «Davr-Press» NMU. 2017

Ashampoo_Snap_2017.03.13_15h55m33s_003_.png   Tarixiy jarayon shunday nuqtaga keldiki, endi insoniyatga dushmanlik qilish, yovlashish mumkin emas. Yerdagi odamlar bir-birlari bilan do‘stlashishlari lozim. Men, shu g‘oyani o‘z asarlarimda alohida ta’kidlab kelaman…

Ayzek AZIMOV
HAYOT, JAMIYAT VA IJOD HAQIDA HIKMATLAR
Ozod Mo‘’min Xo‘ja tayyorlagan
005

Ayzek Azimov 1920 yil 2 yanvarda Rossiyadagi Smolensk shahriga yaqin qishloqda tug‘ilgan. 1923 yili uning ota-onasi Amerika Qo‘shma Shtatlariga ko‘chib, Nyu-York shahrining Bruklin tumanida yashay boshlaganlar. 1935 yilda o‘rta maktabni tugatgan Ayzek bir yil kollejda ta’lim oladi, so‘ng o‘z shahridagi Kolumbiya universitetining kimyo fakultetiga o‘qishga kiradi. U 1939 yilda biokimyo bakalavri, 1941 yilda biokimyo magistri darajalarini yoqlaydi. U o‘z mutaxassisligi bo‘yicha bir qancha muddat ishlagach, 1945 yilda harbiy xizmatga chaqiriladi. 1946 yili uyiga qaytadi va aspiranturaga kiradi. 1948 yili uni tugatib, biokimyo doktori darajasini oladi. 1949 yildan Boston shahri universitetining meditsina fakultetida dars bera boshladi. 1951 yilda assistentlik, 1955 yilda dotsentlik unvoniga sazovor bo‘ldi. Bu maskanda, u 1958 yildan maosh olmay faoliyat yurita boshladi, sababi adabiyot jabhasida yaxshigina pul topayotgan edi. 1979 yilda unga professor unvoni berilgan.
Azimovning birinchi ““Vest”da qolib ketganlar” fantastik hikoyasi 1939 yilda “Amazing Stories” (“Ajabtovur voqealar”) jurnalida chop etildi. Shundan so‘ng, u yana o‘ntacha kichik asarlarini e’lon qildi. Lekin, 1941 yilda bosilgan “Tunning boshlanishi” hikoyasi dovrug‘ qozondi va u mashhur yozuvchiga aylandi. Aytib o‘tish joizki, 1968 yilda Amerika fantast-yozuvchilari assotsiatsiyasi ushbu asarni butun tarixdagi eng zo‘r hikoya deb tanladi. U ikki marta ekranlashtirildi ham. Shu davrdan Ayzek Azimovning ijodi gullab-yashnay boshladi. U birin-ketin robotlar haqidagi nom qozongan asarlarini yoza boshladi. Robotexnikaning uch qonunini ishlab chiqdi. Turli mukofotlarga sazovor bo‘lgan “Asoslanish” nomli romanlar turkumini boshladi. U to 1958 yilga qadar juda sermahsul ijod qildi. Shu davrdan boshlab esa ilmiy-ommabop risolalar ham bita boshladi.
Ayzek Azimov 1992 yil 6 aprelda yurak va buyrak xastaligidan vafot etdi.

005

113251547_isaac_asimov.jpgTarixiy jarayon shunday nuqtaga keldiki, endi insoniyatga dushmanlik qilish, yovlashish mumkin emas. Yerdagi odamlar bir-birlari bilan do‘stlashishlari lozim. Men, shu g‘oyani o‘z asarlarimda alohida ta’kidlab kelaman…

Mayli, barcha kishilar bir-birlarini yaxshi ko‘rmasinlar, biroq ular orasidagi nafratni albatta yo‘qotish shart.

Ilmiy fantastika barcha odamlarning birlashishlariga yordam beruvchi soha deb qattiq ishonaman.

Bizning fantastik asarlarda ko‘tarayotgan muammolarimiz butun insoniyatning dolzarb muammolaridir…

Fantast-yozuvchi, fantastik asarlarni o‘quvchilar va fantastikaning o‘zi insoniyat taraqqiyotiga xizmat qiladilar.

Har bir odam istagan narsasiga ishonaversin. Lekin, hammani bir narsaga ishontirishga qarshiman.

Ilm-fanda ifoda etiladigan eng hayajonli so‘z “Evrika!” emas, “Mana bu ajoyib-ku!”dir.

Bahslashmaydigan ayollarni kamchiliklardan xoli deb hisoblayman.

Agar ovqat shirin bo‘lsa, u zararlidir.

Mas’uliyatlilik – og‘ir ish emas.

Kelajakda ham kitobning o‘rnini hech narsa egallay olmaydi, xuddi o‘tmishda egallay olmaganidek.

Insoniyat tarixini anglash qiyin. Kichik o‘zgarishlar katta kutilmagan natijalarga olib kelgan.

Yaratgan Zot hammamizni sevadi, lekin hech birimizga qoyil emas.

Jahli chiqib turgan odamning haqoratlaridan xafa bo‘lmang. Agar, u tinchlanib, haqoratlarini yana qaytarsa, shundagina ranjishingiz mumkin.

Hayotda turli savollarga to‘g‘ri javob topishdan qiziqarliroq ish bormi?

Balog‘atga yetganimizdan so‘ng, biz o‘zgarmaymiz, faqat yoshimiz ulg‘ayadi va ajinlarimiz ko‘payadi. Ammo, bu tashvish chekishga arzimaydi.

Agar shifokor menga besh minut umrim qolganini aytsa, vahimaga tushmayman. Faqat tezroq nimadir yozib qolishga urinaman.

Kam degani, umuman yo‘q, degandan ko‘ra yaxshiroqdir.

Odamlar o‘zlarini qo‘shnilaridan yaxshiroq, madaniyatlari qadimiyroq va yuqoriroq, boshqa yerlarga tarqalgan jamiki yaxshi jihatlar ulardan olingan, yomonliklar esa o‘zga mamlakatlarda o‘ylab topilgan, deb hisoblashga o‘rganib qolganlar.

Qarishni ham bilish kerak. Siz qariganingiz sari muloyimroq, odamlarga mehribonroq bo‘lib boring. Asosiysi, atrofdagilar siz o‘z hayotingizdan qoniqayotganingizni va rohatlanib yashayotganingizni ko‘rishsin.

Sevgi bobida o‘zingizni qiynamang. Oddiy yo‘l tuting, ya’ni sevgili qizingizdan uning chin munosabatini so‘rang-qo‘ying. Sevish va sevilish qanday yaxshi.

Jamiyat boshida turuvchi robot yaratilganda, u eng yaxshi siyosatchi bo‘lgan bo‘lardi. Robotexnika qonuniga muvofiq, u odamlarga ziyon yetkaza olmasdi, zo‘ravonlik va poraxo‘rlik qilmasdi. U qarimas va o‘lmas ekanligini bilsa ham, vaqtida iste’foga chiqardi.
Avval o‘yla, keyin indama.

– Hech qachon odamlarni tushunmaganman, – xo‘rsindi Pilorat.
– Bu juda oson. Sen avval o‘zingga boq, o‘zingni angla. Shunda boshqalarni tushuna boshlaysan. Insonlar bir-birlaridan ko‘p ham farq qilmaydilar.

Seni kim deb hisoblashlari emas, sen o‘zingni kim deb his qilishing muhimdir.

Ishonch va matonat doimo mukofotlanadi. O‘simlik poyasini ushlab, shahd bilan hamla qiling, u dushmanga to‘qmoqdek tuyuladi.

Taraqqiyot faqat ixtirolar orqaligina amalga oshadi.

Hayot – yo‘qotishlar zanjiridir. Yoshligingni, ota-onangni, do‘stlaringni, sog‘lig‘ingni va oxirida hayotning o‘zini ham yo‘qotasan.

Fantast-yozuvchilar nima qilayotganliklarini o‘zlari ham aniq bilmaydilar. Ularning ko‘pchiligi o‘z ijodlarini tirikchilik manbai deb aytishlari mumkin. Ammo, men uchun, ular – noma’lum va xavfli kelajakka boqishga jazm etayotgan insoniyat ko‘zlaridir.

Tarixchilarning ma’lumotiga ko‘ra Makedoniya shohi Filipp qo‘shni Sparta davlatiga bunday maktub yuborgan: “Agar, men yurtingizga kirsam, Spartani yer bilan bitta qilib tashlayman!” Ular bitta so‘z bilan javob qaytarganlar:“Agar!” Bu insoniyat tarixidagi eng qisqa javob xati hisoblanadi.
Bir marta sotqinlik qilgan, yana qilaberadi. Bu – hayot qonunidir.

Qadimda Misr hududida yashagan shumerlar o‘zlarining ikki ming yillik hayot jarayonlarida g‘ildirakli transportni, astronomiyani, matematikani, tijorat tashkilotlarini, g‘ishtni, undan muhtasham binolar qurishni, yozuvni ixtiro qilganlar. Ular insoniyat taraqqiyotini ixtiro qilganlar desa ham bo‘ladi. Hozir ular yo‘qlar. Troya urushiga yetti yuz yil, Rim nomli qishloqning vujudga kelishiga bir ming bir yuz yil qolganda yo‘qolganlar. Ularning mavjudligi 19 asrning oxirlarida olib borilgan arxeologik qazish ishlariga qadar noma’lum edi.

Matematikadan boshqa hech vaqoni bilmasang, buyuk matematik deb hisoblanishing mumkinmi?

Yaxshi ilmiy-fantastik asar o‘quvchini hayajonlantiradi, lekin bundan tashqari, u kelajak haqida o‘ylashga ham majbur qiladi.

Olg‘a qadam tashlash uchun doimo sabab bor. Faqat uni o‘z vaqtida topib turish lozim.

Odamlarga bir o‘yin o‘ynashga ruxsat berilgan: “Men sendan yaxshiroqman”, degan. Uni miyadan chiqarib tashlash juda mushkul.

1976 yildagi kelajak bashorati: “Televizor uydagi markaziy joyni egallaydi. Telefonlarda suhbatlashayotgan odamni ko‘rib turish uchun teleekranlar o‘rnatiladi.”

Ko‘pchilik hozir xuddi asalari inining uyalarida yashayotgan va ishlayotgandeklar. Yoritqichlar sun’iy, havo konditsioner orqali keladi. Bu odamlarni yer ostidagi shunday uyalarga ko‘chiring, farqini deyarli sezmaydilar. Bundan tashqari, yer tagining ijobiy jihatlari bor: u yerda havo issiqligi keskin o‘zgarmaydi, qishda isitish, yozda sovutish muammolari yo‘q. Transport yo‘lini yomg‘ir-u qorlar to‘sib qo‘ymaydi. Ishlab chiqarish ko‘lami ham kattalashadi, sababi kun va tunning farqi bo‘lmaganligi uchun, uni uzluksiz uyushtirish mumkin.

Ishonch aqldan ustun.

Odamzotni biologik tahlil qilsak, ayollarda qirq oltita xromosoma, erkaklarda esa qirq besh-u va yarimta (Y-xromosoma) mavjud. Xromosomalar nuqtai nazaridan qaraganda, erkak chala, yarim xromosomasi kam ayoldir. Balki, shuning uchun ayollar erkaklarga nisbatan chidamliroqlar va umrlari ham olti-yetti yilga uzoqroq.

Yerning og‘irligi qancha? Javob oddiy. Yer erkin tushish holatidadir. Bunday holatdagi har bir jismga atrofdagi gravitatsiya maydonlari to‘liq ta’sir ko‘rsatadi. Lekin, Yerga bunday ta’sirlarning natijasi yo‘q. Shuning uchun, Yerning og‘irligi yo‘q, u nolga teng.

Hayot, umuman olganda, antiqadir. Antiqalik unga to‘liq mos keluvchi yagona sifatdir.

Men hech narsaga ko‘r-ko‘rona ishonmayman. Har bir g‘oya, fikr, ma’lumot mantiqqa asoslanishi lozim. Aks holda, uning qiymati bir pul.

Inson shunday tuzilganki, u ma’lum bir yoshga yetganda, o‘limga befarq bo‘lib qoladi. U biron maqsad sari intilmaydi, o‘z ustida ishlamay qo‘yadi. Bunday holat yaxshimi yo yomonmi, lekin u hayotini yashab bo‘lganligini, o‘zi va dunyo uchun qo‘lidan kelgan barcha ishlarni qilib ulgurganligini anglaydi va bunga ko‘nikadi.

Plastmassani hayotga tatbiq qilish bilyardxonalardan boshlangan. O‘sha paytda bilyard sharlari fil suyaklaridan tayyorlangan, bu esa ularni juda qimmatlashtirgan. XIX asrning 60 — yillarida, kimki fil suyagi o‘rniga ishlatish mumkin bo‘lgan qattiq, elastik, sinib ketmaydigan, suvga chidamli va tekislasa bo‘ladigan mahsulot kashf qilsa, 10 000 dollar mukofot berilishi e’lon qilingan. Va ko‘p olimlar harakatga tushib ketganlar.

Saljuqiylarning buyuk hukmdori Malikshoh uzoqroq yashaganda yoki iste’dodli taxt vorisiga ega bo‘lganda, salb yurishlari avval boshdanoq halokatga uchrardi. Umuman olganda, salbchilarning ayrim muvaffaqiyatlari musulmonlar orasidagi kelishmovchiliklar tufayli yuz bergan.

Fransiyada, qirol Lyudovik VII davrida, shamol tegirmonlari qurilishi boshlangan. Bu g‘oya o‘sha paytlarda texnologiya sohasida ancha ilg‘or bo‘lgan Sharq mamlakatlaridan ortga qaytayotgan salbchilar tomonidan olib kelingan. Salb yurishlari natijasida, u yerlarda o‘rganilgan yangicha tafakkur va yetuk g‘oyalarning qimmati, yutqizilgan yoki yutilgan janglar ahamiyatidan ancha yuqori bo‘lgan.

“Ish mana bunday bo‘lishi mumkin edi!”, deb afsuslanishdan foyda yo‘q. Mavjud holatlar bilangina hisoblashish kerak.

Men amaldorlarning ko‘pini ko‘rdim, ammo ularning orasida baxtlilarini uchratmadim. Amal – polga qoqib qo‘yilgan kursi emas. Shuning uchun, amaldor doimo kursini kimdir siljitmasligidan ogoh bo‘lib, hamisha xavotirda ishlaydi.

Muammoni hal qilishning eng oson yo‘li – uni yo‘q deb faraz qilishdan iborat.

Olti – “a’lo sonlar”ning birinchisidir. Uning bo‘linuvchilarining yig‘indisi o‘ziga teng. Ya’ni, 6 da ular uchta: 1, 2 va 3. Ularning yig‘indisi 6 ga teng. Bunday sonlar ko‘p emas. Undan so‘ng, 28 keladi: 1+2+3+7+14=28. Keyingilari, 496 va 8128 sonlaridir. Bu narsani qadimgi matematiklar yaxshi bilishgan.

Ilmiy haqiqat qonuniy yoki noqonuniy kabi tushunchalardan tashqaridadir.

Nasroniylik qator asrlarda ilm-fanning rivojlanishiga yo‘l bermagan. Ushbu din Ioniya faylasuflari g‘oyalaridan chuqur farq qilgan. Nasroniylarning fikricha, inson uchun o‘zi ko‘rayotgan, his qilayotgan dunyo emas, “Ilohiy dunyo” muhimdir. U joyga borish uchun yo‘l ko‘rsatuvchilar cherkov namoyandalari tomonidan bitilgan “Injil” kitobidir va cherkovning o‘zining ruhiy tashviqoti ta’siridir.

Faylasuf bo‘lish uchun oliygohda o‘qish shart emas. O‘tkir aql va hayotiy tajriba kerak.

Ozod bo‘lishni istagan odamgina ozod bo‘la oladi.

Istamay olingan bilim – foydasi yo‘q bilimdir.

Hech qachon – bu juda uzoq vaqtdir.

Qo‘rquv – insonga kerak. U ehtiyotkor bo‘lishni o‘rgatadi va hayotni asraydi.

Biz qanday usulda rizq-nasiba topayotganimiz, qay holatlardan zavqlanayotganimiz, qanday g‘oyaga ishonayotganligimiz, nimalarni yaxshi, nimalarni yomon, deyayotganimiz – madaniyatdir.

Bu sayyorada birgina ishlab chiqarish rivojlangan edi, ya’ni davlat tomonidan birgina mahsulot – qonun chiqarilardi. Butun hayot jarayoni betinim boshqarilardi. Sayyorada odamlar, uy hayvonlari va parazit-tekinxo‘rlar yashardilar. Trantorda boshqacha hayot yo‘q edi.

Yomon xabarlar burgut qanotida keladi, yaxshilari esa toshbaqa oyoqlarida.

Ayni hayotdan qoniqmaslik insoniyatni taraqqiyotga va madaniyat rivojlanishiga undagan. Holatidan qoniqib o‘tiraberish – ortga ketishdir.

Pulning jozibasi – juda kuchli. Lekin, hayotga jiddiy qaragan odam uchun pulning o‘zi yetarli emas.

Kimnidir sevsang, uning ko‘zlarida hamisha quvonch chaqnayotganligini ko‘rging keladi.

Atirgul – loy va iflos tuproqda o‘sadi.

Kuch maydoni nima? Bu juda oddiy narsa. Masalan, jism atomlardan tashkil topadi. Atomlar esa bir-birlari bilan o‘zaro ta’sir kuchlari orqali bog‘langanlar. Endi, ana shu atomlarni olib tashlang! Nima qoladi? Kuch maydoni.

O‘tgan zamonni butunlay unitish mumkin emas, chunki u bugunni keltirib chiqargan.

Mish-mishlarni barcha zamonlarda to‘xtata olishmagan.

Sen ko‘phujayralik organizm sifatida taxminan ellik trillion hujayradan iboratsan. Lekin, shaxs sifatida, aytilgan barcha hujayralar ahamiyati yig‘indisidan muhimroqsan.

Ishlarni rivojlantirish uchun rejalar tuzishning o‘zi kamlik qiladi. Ularni vaqt kelganda o‘zgartirishni ham bilish kerak.

Men to‘satdan, odamlar ahmoqdir, degan fikrga kelib qoldim. O‘ylab ko‘ring, insonlar xatti-harakatlarini tartibga soluvchi qonun-qoidalar yo‘q edi, ularni o‘ylab topishdi. Ammo, odamlar, shu, o‘zlari o‘rnatgan qoidalarga rioya qilishmaydi. Ajab!..

Manba: Ayzek Azimov. Koinot oqimlari. Toshkent, “Davr-Press” NMU. 2017

006

(Tashriflar: umumiy 1 428, bugungi 1)

Izoh qoldiring