Abdulla O’rozboev. Ogahiyning “Riyoz ud-davla” (“Davlat bog’lari”) asarida ijtimoiy-siyosiy leksika

044     Ўзбек тилидаги ижтимоий-сиёсий лексика тизими шаклланиш ва ривожланиш босқичларини ўрганишда нодир илмий манбалар ҳисобланган “Девону луғотит турк” , “Муқаддимат ул-адаб”, “Китоб ал-идрок ли-лисон ал-атрок”, “Аттуҳфату закийату филлуғатит туркия”, “Таржумон”, “Муҳокат ул-луғатайн”, “Санглох”, “Бадоеъ ул-луғат”, “Келурнома”, “Мажмаа ал-арқом” каби кўплаб асарларда, шу жумладан, Огаҳийнинг “Риёз уд-давла” (“Давлат боғлари”) асарида  баён қилинган фактлар, назарий фикрлар муҳим тутади.

АБДУЛЛА ЎРОЗБОЕВ
ОГАҲИЙНИНГ “РИЁЗ УД-ДАВЛА” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ЛЕКСИКА
08

Мустақиллик арафасидаги тарихий жараённи кўз олдимизга келтирар эканмиз, 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун истиқлолнинг маънавий пойдевори бўлди, деб бемалол айтишимиз мумкин. Ушбу Қонун миллатнинг тарихий хотирасини уйғотишда муҳим тарихий аҳамиятга эга бўлди. “Мустақилликка эришганимиздан кейин халқимизнинг ўз юрти, тили, маданияти, қадриятлари тарихини билишга, ўзлигини англашга қизиқиши ортиб бормоқда ” деганда Юртбошимиз мутлақ ҳақдир. Мустақилликни қўлга киритиш миллатнинг ҳар бир вакилидан беқиёс хизматлар талаб қилса, уни мустаҳкамлаш ҳам шу қадар масъулиятлидир. Шу маънода бугунги ўзбек тилшунослиги олдида фанимизни бутунжаҳон ютуқларига асосланиб ривожлантириш, жумладан, ўзбек тилининг тарихий лексикасини чуқур илмий таҳлил қилиш, хусусан, ижтимоий-сиёсий лексика тизимини тўла тадқиқ қилиш вазифаси турибди.

Ўзбек миллати дунёнинг барча халқларига ҳам насиб этавермаган катта маънавий меросга эга. “Бешафқат давр синовларидан омон қолган, энг қадимги тош ёзувлар, битиклардан тортиб, бугун кутубхоналаримиз хазиналарида сақланаётган 20 мингдан ортиқ қўлёзма, уларда мужассамлашган тарих, тил ва адабиёт, санъат, сиёсат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, физика, кимё, астрономия, меъморчилик, деҳқончиликка оид ўн минглаб асарлар бизнинг беқиёс маънавий бойлигимиз, ифтихоримиздир” . Ана шундай туганмас беқиёс маънавий хазинадан тўлақонли фойдаланиш учун ижтимоий-сиёсий лексикани чуқур билиш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Тилшунослигимизда ижтимоий-сиёсий лексикани лингвистик жиҳатдан ўрганиш ҳали ўз ечимини тўла топган масала эмас. Хусусан, уларнинг этимологик жиҳати анчайин мураккаб масала бўлиши билан бирга бу борада мунозарали ўринларга кўплаб дуч келинади. Ижтимоий-сиёсий лексиканинг ясалиш хусусиятларини улар тарихан мансуб бўлган тиллар хусусиятига боғлиқ ҳолда ўрганмасликнинг имкони йўқ. Шу жиҳатдан тадқиқот туркий, араб, эроний (хусусан, дарий, тожик, форс) тилларининг грамматик хусусиятларини ҳисобга олишни талаб қилади. Бундан ташқари, ижтимоий-сиёсий лексика жуда узоқ ва мураккаб тараққиёт маҳсули эканлигини эътиборга олсак, унда субстрат элементлар сақланиб қолмаслиги мумкин эмас, деган мантиқий хулоса чиқади. Бу эса мавзу тадқиқида яна бир мураккаб масалани ўртага ташлайди. Уларнинг яна бир жиҳати шундаки, кўп ҳолларда муайян бир сўзнинг турли ижтимоий формация, давлат қурилмаси, шунингдек, муаррих ва адибларнинг индивидуал услубига кўра ҳамда тилнинг турли тарихий этапларида ўзига хос маъно касб этганлигидир. Шунингдек, ижтимоий-сиёсий лексика ўзига хос сабабларга кўра, муайян тартибга солинган эмас. Демак, буларни лингвистик ва тарихий фактларга асосланган ҳолда чуқур тадқиқ қилиш натижасидагина аниқлаштириш мумкин бўлади. Ижтимоий-сиёсий лексиканинг мавзуий-семантик таснифининг ҳам маълум чегараларини белгилаш зарурати бор. Юқорида қайд қилинган долзарб масалалар тарихий асарларда бир-бирига боғлиқ ҳолда энг кўп қўлланилган ижтимоий-сиёсий лексикага оид сўзларни муайян адиб (муаррих) ёки асар мисолида лингвистик тадқиқ қилиш эҳтиёжини юзага келтиради ва ана шу зарурат натижасида ушбу иш юзага келди. Тадқиқот объекти сифатида Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг “Риёз уд-давла” (“Давлат боғлари”) асари танланди. Лингвистик жиҳатдан деярли ўрганилмаган адиб асарининг тадқиқот объекти сифатида танланиши ва юқорида таъкидланган мураккаб илмий масалалар мавзунинг долзарблигини белгилай олади.

Маълумки,Огаҳий асарларидаги ижтимоий-сиёсий лексика ўзбек тилшунослигида махсус тадқиқот объекти бўлган эмас. Ўзбек тилшунослигида Огаҳий асарлари тадқиқига доир ишлар салмоғи унча катта эмас. Булар С.Долимов , З.Дўсимов , Ҳ.Дадабоев , Р.Йўлдошев ишларида кузатилади.

Бизнинг ушбу тадқиқотимизнинг асосий вазифалари:
– асардаги ижтимоий-сиёсий лексиканинг мавзуий-семантик гуруҳларини белгилаш ва ушбу гуруҳларга кирувчи cўзларни таснифлаш;
– ижтимоий-сиёсий лексикани луғавий қатламларга ажратиш, уларни ўзбек тили тарихий лексикасининг умумий тизими билан қиёслаш;
– ижтимоий-сиёсий лексикага мансуб сўзларнинг ўзаро қариндош бўлмаган, лекин яқин маданий, сиёсий, географик, диний муштаракликка эга бўлган халқлар тилларида бир-бирига ўзлашиш ва сингиш сабаблари, лингвистик ва экстралингвистик факторларни аниқлаш;
– ижтимоий-сиёсий лексика тизимига мансуб сўзларнинг таркибий таҳлилини диахрон ва синхрон аспектлар асосида тадқиқ қилиш. Бунда улар тарихан мансуб бўлган тиллардаги ўзига хос ясалиш хусусиятини эътиборга олиш;
– ижтимоий-сиёсий лексиканинг ҳозирги ўзбек адабий тилида турли лисоний ҳодисалар (маъно торайиши, маъно кенгайиши ва ҳ.к.)га учраши, уларда рўй берадиган фонетик ўзгаришлар кабиларга эътибор қаратиш.

Ишнинг тадқиқот объекти сифатида Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг “Риёз уд-давла” асари қўлёзмаси танланди. Қўлёзманинг умумий ҳажми 419 варақ. Ҳажми 30х40 см. Варақларда сатрлар сони 25. Ушбу нусха ва “Риёз уд-давла”нинг мавжуд яна 5 та қўлёзмаси (3 таси Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институти фондида) Ф.Ғанихўжаев томонидан тавсифланган .
Мазкур ишдаги асосий ҳолатлар:

1. “Риёз уд-давла”даги ижтимоий-сиёсий лексикани ўрганиш Огаҳийнинг нафақат тарихий асарлари, балки унинг бутун лексик фонди тадқиқида муҳим ўрин тутади.
2. Огаҳий асарларидаги ижтимоий-сиёсий лексикани тадқиқ этиш кейинчалик бошқа асарлар мисолида ҳам ушбу муаммони ўрганишда муҳим амалий манба сифатида хизмат қилиши мумкин.
3. Асардаги туркий, эроний ва арабий қатламларга хос ижтимоий-сиёсий лексикага мансуб сўзларнинг таркибий таҳлили улар тарихан мансуб бўлган тилларнинг морфологик хусусиятларини ўзида акс эттиради ва уларни айни шу жиҳатдан ўрганиш тарихий лексика тадқиқида муҳимдир.
4. Тадқиқотда ўрганилган ўз қатламга тегишли ва тарихан форс, араб, хитой, мўғул, хоразмий, сўғд тилларига хос ижтимоий-сиёсий лексикани этимологик жиҳатдан таҳлил қилиш ўзбек тилшунослигидаги мазкур соҳа ривожи учун аҳамиятлидир.

Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилар билан белгиланади:
–“Риёз уд-давла”даги ижтимоий-сиёсий лексикага мансуб сўзлар кенг таҳлил қилинди ;
– ушбу луғавий бирликлар мавзуий-семантик гуруҳларга ажратилди;
– уларнинг генетик таҳлилига оид кузатишлар баён қилинди;
– Огаҳийнинг ижтимоий-сиёсий лексикадан фойдаланиш маҳорати очиб берилди;
– асардаги ижтимоий-сиёсий лексика грамматик жиҳатдан таҳлил қилинди. Хусусан, араб тилига оид ижтимоий-сиёсий лексиканинг қолиплари кўрсатилди;
– “Риёз уд-давла”даги ижтимоий-сиёсий лексикага мансуб айрим сўзларнинг ўзига хос маънолари очиб берилди.

МУҚАДДИМА ЎРНИДА

Бирор халқнинг муайян соҳада эришган тарихий ютуқлари ўша халқ тилининг ижтимоий-сиёсий лексикасида ўз аксини топади. Шу маънода ўзбек тили ижтимоий-сиёсий лексикасининг салмоқли ва кўпқирралиги аждодларимизнинг илм-фаннинг турли соҳаларида пешқадам бўлганликлари ҳамда жаҳон ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутганликлари билан изоҳланади. Ўзбек тилидаги ижтимоий-сиёсий лексика тизими шаклланиш ва ривожланиш босқичларини ўрганишда нодир илмий манбалар ҳисобланган “Девону луғотит турк” , “Муқаддимат ул-адаб”, “Китоб ал-идрок ли-лисон ал-атрок”, “Аттуҳфату закийату филлуғатит туркия”, “Таржумон”, “Муҳокат ул-луғатайн”, “Санглох”, “Бадоеъ ул-луғат”, “Келурнома”, “Мажмаа ал-арқом” каби кўплаб асарларда баён қилинган фактлар, назарий фикрлар муҳим тутади . Қўлёзма манбалардаги ижтимоий-сиёсий лексика тадқиқида туркий тиллар, жумладан, ўзбек тили тарихининг турли сатҳлари бўйича илмий тадқиқот олиб борган Л.З.Будагов , В.В.Радлов , И.И.Березин , П.М.Мелиоранский , А.Семенов , А.К.Боровков , Н.А.Баскаков , Э.В.Севортян , Э.И.Фозилов , Г.Дёрфер , А.Матғозиев , Б.Бафоев каби олимлар томонидан бажарилган лексикологик ва лексикографик ишлар катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби адиблар тилига оид луғатларда ҳам, табиийки, ижтимоий-сиёсий лексикага мансуб жуда кўплаб сўзларнинг изоҳини топамиз . Таъкидлаш жоизки, Навоий ёки Бобур асарлари учун яратилган луғатларда уларнинг мазкур ижодкорлар тилида мавжуд маъноларигина берилиши табиийдир. Мавзуга дахлдор тадқиқотлар Б.Аҳмедов, Р.Мукминова, З.Чориев каби тарихчилар томонидан ҳам амалга оширилган . Кейинги йилларда ўзбек тилшунослигида ижтимоий-сиёсий лексикани ўрганиш борасида муҳим тадқиқотлар амалга оширилди. Хусусан, бу борада Ҳ.Дадабоев , И.Йўлдошев , А.Иброҳимов А.Мўъминова , Б.Абдушукуров , З.Холманова каби олимлар томонидан бажарилган ишлар диққатга сазовордир. Муҳими, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ижтимоий-сиёсий лексикага жиддий эътибор берилганини кўрамиз. Турли ижтимоий тузум ва тарихнинг маълум паллаларида ижтимоий-сиёсий лексикага мансуб сўзларнинг маънолари ўзгариши мумкин. Шунинг учун тарихимизнинг катта бир даврини ўзида мужассамлаштирган тарихий асарлар тилини лисоний тадқиқ қилиш, хусусан, уларнинг ижтимоий-сиёсий лексикаси тизимини ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Ўзбек заминининг ажралмас бир қисми, ўзбек халқининг катта бир қисми тарихи аслича баён қилинган Мунис, Огаҳий ва Баёнийларнинг тарихий асарларини лингвистик тадқиқ қилиш, биринчи навбатда улардаги ижтимоий-сиёсий лексикани лингвистика ва тарих фани материаллари асосида пухта ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Ватанимиз замини жаҳон цивилизациясига муҳим ҳисса қўшган минглаб даҳолар бешигини тебратган. Ана шу заминнинг бир қисми бўлган қадимий Хоразм воҳасида минглаб алломалар туғилиб, яшаб ижод қилдилар. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек, Хоразм ва Хива заминида яшаган Паҳлавон Маҳмуд, Султон Увайс, Носириддин Рабғузий, Сулаймон Боқирғоний, Баҳоуддин Валад ва унинг буюк фарзанди Жалолиддин Румий, Абул Қосим ал-Хоразмий, Исмоил Журжоний, Сирожиддин Саккокий, Мунис, Огаҳий, Баёний, Сафо Муғанний, Чокар, Шерозий, Ҳожихон, Бола бахши каби ўнлаб ва юзлаб алломалар, шоир ва санъаткорлар номини биз бугунги авлод вакиллари чексиз эҳтиром билан тилга оламиз ва бошимизга кўтарамиз .

Муҳаммад Ризо Огаҳий шахси ва ижодига илк муносабатларни унинг ўз замондошлари асарларида учратамиз . Огаҳий ижодини адабиётшунослик нуқтаи назаридан ўрганиш шоир таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан В.Абдуллаев , А.Қаюмов , В.Зоҳидов , Ғ.Каримов, С.Долимов каби забардаст ўзбек олимлари бошлаб бердилар. Албатта, бу жараёнда рус шарқшуносларининг ҳам ўзига хос ҳиссалари бор. Жумладан, В.В.Бартольд фикрича, “Мунис ва Огаҳий томонидан яратилган адабий ва тарихий асарларнинг қанчалик камчилиги бўлмасин, тарихий воқеаларни баён этиш ва уларда келтирилган фактик материалларнинг кўплиги жиҳатидан Қўқон ва Бухоро хонликларига доир бизгача етиб келган ҳамма асарларни ўзидан ортда қолдиради” . Бизнингча, В.В.Бартольд Мунис ва Огаҳий каби муаррихлар услубидаги мураккаблик, бадиий бўёқдорлик кўплиги каби жиҳатларни “камчилик” ҳисоблаган. Ҳолбуки, бу Шарқ муаррихларининг ўзига хос услубларидан саналади.

“Таъвиз ул-ошиқин” девонининг нашр қилинишини огаҳийшуносликда жиддий силжиш сифатида баҳолаш мумкин . Огаҳийшунослик ривожида Р.Мажидийнинг хизматларини алоҳида таъкидлаш лозим. Р.Мажидий Огаҳий лирикасини илмий таҳлил қилар экан, Хоразм адабий муҳити ва ундаги адабий таъсир масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Огаҳийшуносликнинг бугунги даражадаги ривожида С.Долимов олиб борган илмий тадқиқотлар нинг аҳамияти катта. Огаҳий асарларининг қўлёзмаларини ўрганишда Ф.Ғанихўжаев томонидан амалга оширилган тадқиқотларни алоҳида эътироф этиш керак. Шу билан бирга Ф.Ғанихўжаев Огаҳий асарларини рус тилига таржима қилишда ҳам фаоллик кўрсатди. Олим 1998 йилда “Огаҳийнинг “Таъвиз-ул-ошиқин” девони ва унинг илмий-танқидий матни” мавзусидаги докторлик диссертациясини адабий манбашунослик ва матншунослик йўналишида ҳимоя қилди . Бундан ташқари Ф.Ғанихўжаев ўзининг “Огаҳий Хоразмийнинг форсий шеърларига бир назар” мақоласи билан Огаҳийнинг форсий меросига жаҳон эроншунослари эътиборини тортишига ҳам ҳисса қўшди . Огаҳийнинг ҳаёти ва ижодига оид монографик тадқиқотлар Қ.Султонова, А.Примқулов , М.Матёқубова , Г.Холлиева , Т.Матёқубова томонидан амалга оширилди. Шунингдек, Огаҳий форсий меросининг бир қисми А.Аҳмедов томонидан ўрганилган бўлса, уларнинг аксари шоир М.Абдулҳаким томонидан бадиий таржима қилинди . Огаҳий асарларининг Ғ.Каримов, С.Долимов, Хуршид ва кейинчалик А.Абдуғофуров раҳбарлигида нашр қилиниши маданий ҳаётимизда катта воқеа бўлди . Огаҳий таваллудининг 190 йиллиги муносабати билан “Огаҳий абадияти” номли мақола ва эсселар тўпламининг ҳамда “Атоқли шоир, тарихнавис ва таржимон” китобининг нашр қилиниши огаҳийшуносликда муҳим воқеалардан бири бўлди.

Ўзбек таржимашунослигида Огаҳийнинг таржимонлик маҳоратига боғлиқ монографик тадқиқотлар амалга оширилган . Огаҳийнинг тарихий асарларидан В.В.Бартольд, П.П.Иванов, Я.Ғ.Ғуломов, М.Йўлдошевлар ўз тадқиқотларида унумли фойдаланганлар . Қ.Муниров XIX аср ва XX аср бошларидаги Хива хонлигидаги тарихнавислик масаласини тадқиқ қилиш билан бирга Огаҳийнинг ҳаёти ва ижодига оид махсус рисола ҳам ёзган . Огаҳий ижодининг  М.Сафарбоев томонидан фалсафий нуқтаи назардан тадқиқ қилиниши буюк мутафаккирнинг ижтимоий-сиёсий ва эстетик қарашларини ўрганишда муҳим босқич бўлди .

Лекин Огаҳий асарларини лингвистик жиҳатдан ўрганиш ҳанузгача долзарб муаммолигича турибди. Огаҳий асарлари тил хусусиятларига бағишланган илк мақола С.Долимов томонидан эълон қилинган . Ушбу мақолада олим Огаҳийнинг омоним ва синоним сўзлардан фойдаланишдаги поэтик маҳоратини очиб беради. У.Турсунов ва Н.Ражабовлар таъкидлаганидек, “ушбу иш соф амалий характерга эга” . З.Дўсимовнинг “Огаҳийнинг “Зубдатут-таворих” асарининг лексик-грамматик хусусиятлари ҳақида” мақоласида эса мазкур асарнинг лисоний ўзига хосликлари кўрсатиб берилган . Олим “Зубдат ут-таворих”, умуман, Огаҳийнинг барча тарихий асарларига хос бўлган лексик ва синтактик хусусиятлар ҳақида мулоҳаза юритар экан, жумладан, уларда форсий изофа ва изофий занжирнинг кенг қўлланганлиги, мураккаб синтактик қурилмаларда форс тили синтактик қурилишининг таъсири катта эканлигини мисоллар орқали кўрсатиб беради. Бу фикрларга қўшилган ҳолда, Х.Назарованинг XV аср охири XVI аср бошлари насрий асарлари тили синтаксиси борасида билдирган кўпгина фикрларини Огаҳий тарихий асарлари синтаксисига ҳам татбиқ этиш мумкин, деб ҳисоблаймиз. XVII-XIX асрлар эски ўзбек тили морфологик хусусиятларини текширган А.Матғозиев кўплаб объектлар қатори Мунис ва Огаҳий қаламига мансуб “Фирдавс ул-иқбол”, Огаҳийнинг “Зубдат ут-таворих”, “Гулшани давлат”, “Шоҳид ул-иқбол” каби асарларини мавжуд қўлёзмаларидан фойдаланган ҳолда таҳлилга тортган . Ҳ.Дадабоев ўзбек тили тарихий ҳарбий терминларини тадқиқи асносида Огаҳий тарихий асарларига кўплаб мурожаат қилган ва татовул, қароқчиламоқ, чаповулчиламоқ, никомиш, арғишчи каби сўзларнинг фақат Огаҳий тарихий асарларида учрашини таъкидлайди . Олимнинг “Огаҳий тарихий асарларидаги ижтимоий-сиёсий терминлар тизими хусусида” номли мақоласида баён қилинган назарий фикр ва амалий таклифлар шоир, муаррих ва таржимон ижодкор тили лексикасини ўрганишда муҳимдир. Жумладан, олим Огаҳий тарихий асарлари тилидаги ижтимоий-сиёсий терминлар таркибида қадимги туркий тил ва эски туркий тил давридан фаол қўлланиб келаётган асл туркийча истилоҳлар ўз ифодасини топгани, бу сўз-терминлар бирламчи маъносини деярли айнан сақлаб қолишга эришгани, айни пайтда VII–XIV асрларда кенг ишлатилган туб туркийча истилоҳларнинг маълум қисми Огаҳий даври ўзбек адабий тили сўз бойлигидан чиқиб кетгани, бунинг сабаби эса кўп сонли ўзлашмалар ва янгидан ясалган лексик бирликларнинг фаоллашуви эканлигини тўғри таъкидлайди . Огаҳийнинг тарихий асарлари нашрига илова луғат тузган Н.Норқулов хизматларини ҳам шоир, муаррих ва таржимон ижодкор асарлари тилида ижтимоий-сиёсий лексикани ўрганишга қўшилган ўзига хос ҳисса сифатида баҳолаш мумкин . Унда Огаҳий тарихий асарларида ишлатилган 400 га яқин сўз изоҳланган. Яқинда шоир таваллудининг 200 йиллиги арафасида Огаҳийнинг сўнгги асари “Шоҳид ул-иқбол” нашрдан чиқди . Асарга илова қилинган луғатда 500 дан ортиқ сўзнинг изоҳи берилган. Кейинги йилларда Огаҳий асарлари тилини монографик планда тадқиқ қилиш бошланди. Бу эса огаҳийшуносликнинг муҳим бир йўналиши ривожига йўл очиб беради. Жумладан, Р.Йўлдошевнинг бир неча мақоласи эълон қилинган . Огаҳий тилини лексикологиядан бошқа сатҳлар доирасида ҳам монографик ўрганиш бугунги кунда тилшунослигимизнинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.

АСАРНИ ТЎЛИҚ ҲОЛДА CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ
Юқоридаги қисм изоҳлари билан ҳам дастур ёрдамида танишинг
08

06

(Tashriflar: umumiy 193, bugungi 1)

Izoh qoldiring