Rajab Xolbek. She’rlar

089    Ражаб Холбек шеърларини сайтимизнинг Сурхон воҳасидаги вакили Сирожиддин Иброҳим тавсия қилди. Уларни ўқир эканман, яқиндагина «Термиз оқшоми» газетаси веб-саҳифасида асарлари эълон қилинган бир неча шоирлар ичида Ражаб Холбек ншеърларини ўқиганимни, улар диққатимни тортганини эсладим. Бугун эса унинг шеърларини сизнинг диққатингизга ҳавола этмоқдаман.

Ражаб ХОЛБЕК
ШЕЪРЛАР
045

Ражаб ХОЛБЕК (Мамаражаб Холов)- 1956 йил 10 март куни Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида туғилган. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг гидромелорация факультетини тугатган. Қишлоқ хўжилигининг турли соҳаларида, вилоят телерадиокомпанияси радиоэшиттиришлар бўлимида ишлаган. Айни вақтда ЎзЛиДеПнинг Термиз туман Кенгаши аппарат раҳбари вазифасида ишламоқда.

045

***

Лаҳзада бордирман,
Лаҳзада йўқман
Бу кун мендан-мени сўраманг.
Дунёнинг бор ташвиши билан
Саволларга бошим ўраманг.

Лаҳзада бордирман,
Лаҳзада йўқман
Чимзор майса ёлин тарайди.
Сузаётган оппоқ булутлар
Кўзин қисиб менга қарайди.
Лаҳзада бордирман,
Лаҳзада йўқман
Гангиб ётар бошим метин тош.
Яшил майса кўксимни бериб
Тилаяпман ўзимга бардош.

Лаҳзада бордирман,
Лаҳзада йўқман
Дунё шодлик, ғамлари ўчар.
Юрагимнинг олов тиллари
Кўзларимга бирдайин кўчар.

Лаҳзада бордирман,
Лаҳзада йўқман…

***
Деновдан,
Вахшиворга қадар
Минг битта сўқмоқлар кетар бирлашиб.
Кузатганинг сайин, узун йўлларда
Тепаликлар келар бир-бир мингашиб.
Кеч қолсанг шомларда,
Бу йўллар аро
Хира ёғду сочар ёнар чироқлар.
Катта йўллар томон чиқар ҳовлилар
Тунги йўловчилар йўлин сўроқлаб…

Аммо, сен инжима
Боравер илдам
Тўрт фасл сўроқлаб ўсар тасаввур.
Меҳмон учун, тоғлар бағридир очиқ
Минг битта шоирлар макон топган ер.

Деновдан,
Вахшиворга қадар
Адирлар ястаниб, ётибди чангиб.
Кундузлар тоғлари салобат солар
Тунлари юлдузлар нур сочар гангиб.

***

Сен юракда олов ёққан кун
Сакраб тушди токчадан бир-бир.
Менинг кўнглим овламоқ учун
Рауф Парфи ва Мирзо Бедил…

Мисраларда товланди юрак
Олиб кетди хаёлларимни.
Сени қандай севишим керак?
Кўзинг ўйнар саволларимни.

Кечаларнинг саволи узун
Кечаларнинг саволи қисқа.
Айтаверсам, юракнинг сўзин
Бир хиргойи чалар мусиқа.

Лекин қалбим эртаклар айтар
Кўзларимдан толавераман.
Тун адашар, йўлларим қайтар
Кўнгил билан қолавераман.

***

Расмлар чизаман,
Ғалат расмлар
Ўзим тушунмайман чизганларимни.
Чизгилар оралаб яшайвераман
Бор қилиб, йўқ қилиб тизганларимни.

Сен мени ёзғирма,
Арзимасман мен
Жизғанак жонингни қақшатишингга.
Мардларнинг йўллари кўп йўлдан холи
Ўхшарми, бир нуқта ўхшатишингга.

Хаёлан қураман,
Хаёлан бузиб
Бу узун йўлларнинг ярмидан ўтдим.
Одамлар ўзгарди, дунё ўзгарди
Билмадим, дунёдан нималар кутдим.

Нималар кутмадим,
Нималар бўлди
Тонглар ўхшаверди гўзал тонгларга.
Ҳамон чизгиларим тугагани йўқ
Таъсир этмаса-да, юксак онгларга.

***

Энг гўзал йиғи эди,
Бизнинг йиғимиз.
Атрофни ўраган лолазор.
Кўзларимиз боқар термулиб
Иккимизга айланган бозор.

Энг гўзал йиғи эди,
Бизнинг йиғимиз.
Ёниб турар юлдузлар жавлон.
Шодлигимиз тўрваси йўқдир
Йиғмоққа ҳам йўқ эди имкон.

Энг гўзал йиғи эди,
Бизнинг йиғимиз.
Сокин дунё, сокин ўтарди.
Иккимизга айланган дунё
Фаришталар кўзёш тўкарди.

Энг гўзал йиғи эди,
Бизнинг йиғимиз…

***

Оҳиста-оҳиста қора тун ўтди
Оқариб-оқариб кўринди саҳар.
Кўксимни тонг янглиғ ғулғула кутди
Қандай яшадим-а, мен тонгга қадар…

Қандайин яшадим, бутун тун ўлмай
Тонгнинг ҳар лаҳзаси босар салобат.
Тўрт деворга боқдим соғинчдан кулмай
Маҳзун хаёллардан қолдим саломат.

Азизим, нафисдир дунё хаёли
Нафисдир гўзаллик келтирган лаҳза.
Ҳеч қачон тугамас унинг саволи
Фақат, юракларга беради ларза…

***

Мен сени кутяпман:
Ғамлардан холироқ
Қувончдан холи
Ўлим йўлларига чиқмаган йўлда.

Мен сени кутяпман:
Шамоллар ҳилпираб
Ойлар мўлтираб
Кафтимда гулдайин сўлиб борар гул.

Мен сени кутяпман:
Кўзларимда дард
Оқиб келар гард
Ҳеч қачон келмайсан энди, эҳтимол…

***

Энг гўзал йиғига ўзимни бердим
Бир чирой юзлига кўзимни бердим
Сукутга, жимликка сўзимни бердим
Девонаман, мендан-мени сўраманг.

Аслида, дунёда лаҳзалар гўзал
Юракка урилган ларзалар гўзал
Кўнгилга тўкилган марзалар гўзал
Телбаман, бу дамлар мени сўраманг.

Қандайин яхшидир, яшаш суръати
Олам гўзаллиги- ернинг сурати
Шу бўлса керакдир кўнгил хизмати
Тирикман, сиз мени-мендан сўраманг.

Кетяпман, кўнгилда қуёшдан нур бор
Сизлар англамаган минг битта сир бор
Бу –кўнгил,бунда ҳам бақир-чақир бор
Девонаман, мендан-мени сўраманг.

***

Ҳақорот қилдингиз,
Сиз мени кеча
Бош эгиб тингладим, мен орсиз.
Қулликка ўрганган бу бошим
Ит каби суйкалди вафодор…

Жимгина тангладим,
Жимгина
Гўёки ҳад билдим, бу яхши.
Ҳамиша эгилган бу бошим
Чиқолмади бир сўзга қарши.

Сезмадингиз,
(Асло сезмайсиз)
Кўксимда туғилди бир исён.
Ер-ерлигича қолар, лекин
Чорлаб турар гоҳида осмон.

Дунё нима ўзи,
Тенглик, адолат
Ахир, ёзуқ эмас кесаклик.
Тарк этмаган буткул орият
Чорлаб турар гоҳи юксаклик.

***

Ҳурлик керак,
Эркинлик керак
Бир пиёла чойни хотиржам
Ичмоқ учун танинг яйратиб
Атрофингга қараб дамо-дам.

Ҳурлик керак,
Эркинлик керак
Айтар бўлсанг агар сўзингни.
Шубҳаларга қўймаслик учун
Эл ичида кўриб ўзингни.

Ҳурлик керак,
Эркинлик керак
Севмоқ учун ҳатто, кимнидир
Қурбон қилиш шарт эмас, ахир
Бунинг учун, албат ненидир.

Ҳурлик керак,
Эркинлик керак
Кўтармоқ-чун, ҳар нарсадан шаън.
Ўзинг яшаб турган тупроқни
Дейиш учун, ҳаттоки, Ватан…

***

Бошимни кўтардим,
Қушдайин эркин
Ўнгу-сўлга бурдим жисмимни.
Гиёҳларга боқиб тоғларда
Такрор-такрор айтдим исмимни.

Исмим ўзимники,
Ўзгармади, йўқ
Сув ичдим тишларим музлади.
Минг йиллик хиргойи қўшиқлар
Жонимда жимгина бўзлади.

Ва қайтар чоғ,
Қуёш энтикиб
Сояларга айланди тошлар.
Ўсаверар кўксимда дардлар
Энди мендан синаб бардошлар…

***
Бу аёл,
Кўзимга гулдай кўринар…
Кўрсам, бу оламни бўйлайвераман.
Ортидан тикилиб, бир телбадайин
Ўн саккиз ёшини ўйлайвераман.
Бу ишқми,
Ёки нафс
Баҳорий чечакка айланар сўзим.
Кўзларим мўлтираб, кўнгилдан тониб
Гуноҳлар ичида гуноҳкор ўзим.
Кўзлари қорадир,
Сарғиш сочлари
Асранди туйғулар айланар қулга.
Ўзи ҳам сезмайди, мен ҳам сезмайман
Бу телба кўнгилда экади гуллар…
Бир ҳадик яшайди,
Лекин кўнгилда
Туғилиб турса-да, минг битта савол.
Қанча истамасин, уни бу кўнгил
Бировга тегишли эди бу аёл…

1.07.2015 й.

***

Ҳар тонг шеър ёзаман мен сенга атаб
Ҳар тонг зорларимни айтавераман.
Ҳар тонг қадамимни тошларга қадаб
Ярим йўлларимдан қайтавераман.

Бу йўллар тугамас, сен ҳамон олис
Қайтмайсан, бу йўлдан ёниб мен каби.
Тунлар ой, юлдузлар бўлгандек фонус
Тугамас, бу ишқнинг асло матлаби.

Сен борсан,
Мен борман
Бўлмадик биз ҳали севгилим тупроқ.
Ўзимни ўйламай қўйганим сайин
Негадир, мен сени ўйлайман кўпроқ.

1.07.2015 й.

***
Бир куним -жудаям узундир
Жуда қисқа-қўлим етмайди.
Кўрай десам, осмоннинг юзин
Кўзларимдан ғубор кетмайди.

Қандай берай, бу кунни сенга
Ғариблардан бўлса, ғариброқ.
Тортиқ қилган Худойим менга
Ўзим бу кун қолдим қариброқ.

Кунлар узун,
Кунларим қисқа
Истакларга умрим етмайди.
Мен ғарибман, жуда ҳам ғариб
Армонларим дилдан кетмайди.

***

Бу кун мендан кетди,
Қўйиб юбордим
Оғушимга қайтмагай энди.
Шодлигу, ғамлари бирдайин
Ёғиб ўтган ёмғирдек тинди.

Бу кун мендан кетди,
Аросат йўли
Гўзалликдан юзин ўгирди.
Уфқ томон бораркан аста
Шомга томон тезроқ югурди.

Бу кун мендан кетди,
Армони билан
Пешонага ажинлар битди.
Қарамади менга қайрилиб
Бу кун ўтди, чопқилаб кетди.

***

Шошма дўстим, шошилма зинҳор
Ўлимгача вақт бор ҳали.
Қара, ҳаёт қанча бетакрор
Яшамоқнинг келмоқда гали.

Шиғил-шиғил меваси билан
Йўлимизни пойлайди боғлар.
Ўркач-ўркач туяси билан
Ой йўлини доғлаган чоғлар.

Сену, менга қолгани, фақат
Ёниб яшаш, ёниб яшамоқ.
Ўн саккиз минг бу олам ичра
Жисмимизни йўлга бошламоқ.

Кўринади ҳаёт кулгуси
Бирам завқли, бирам таъсирчан.
Уйғотганда нозик улгуси
Атрофингга боқасан ўйчан.

Дунё гўзал, дунёларда сен
Ёниб-ёниб яшашинг керак.
Яна гўзал бўлмоғи учун
Бераолсак басдир биз юрак.

***

Хазонлиғ ҳам тушди боғларга
Бир амаллаб кузларга етди.
Ҳасратларин кўмиб чоғларга
Бу дунёдан эртароқ кетди…

Эрта эди, анчайин эрта
Очилмаган эди гуллари.
Фақат, кўнгли бўлиб яримта
Етмаганди кўкка қўллари.

Ҳоритганди лекин таъқиблар
Ўлган кундан лаби куларди.
Қийнамаса магар, рақиблар
Бемалол яшаса бўларди…

***

Яқинлашиб борганим сайин
Узоқлашиб боряпсан, она.
Боқаверар кўзларинг майин
Лекин ғамлар қилар тантана.

Судралади қадамим жонсиз
Қоронғулик босар кўзимни.
Имконсизлар ичра имконсиз
Ғариблардек сездим ўзимни.

Олдда эса, фақат тупроқ бор
Бир жимликлар қилар қироат.
Ҳар гал шундай бўлади такрор
Соғинч бўлиб йиғлайди оят…

***
(Рауф Парпи хотирасига)

Энди ҳеч ким айтолмас,
Айтолмайди сенингдек
Қордай оқарган сочлар
Ёнган кўз азобини…

Далалар оқ, кўз қора
Йиқилади булутлар
Ёмғирлар шивиридан
Айрилмиш оппоқ сукут.

Бахтсиз атади кимдир,
Бахтли атади кимдир
Туркистон-Ватан дединг
Бахт деган ўзи шудир.

Кўзим юмсам,
Дунё оппоқ
Оқ сукутга эш бўлар.
Кетар қўлида ҳасса
Оқ кийинган мўйсафид…

23.05.2015 й.

***

Гулласанг, баҳорга ўхшайсан
Чўлласанг, саробга ўхшайсан
Келгин, яна бир айтишамиз
Менингсиз харобга ўхшайсан.

Жимлик йиғдим, сукунат йиғдим
Хатжилдларим қорайиб кетди.
Кўзларимни нурларга тиқсам
Дунё кўзга торайиб кетди.

Кетаверсам, бораман қаён?
Пешонамдан чиқд-ку, терлар.
Энди менга ҳаммаси аён
Нечун, қора кўринар ерлар…

***

Туғилишим менга боғлиқ бўлмаган
Ўлимим-да, менга боғлиқ эмасдир.
Балки бахтим кулган, балки кулмаган
Ҳеч кимса, мени ҳам бахтсиз демасдир.
Мен эса, дунёни сўраб турибман
Тўрт фасл кўзимга ташлайди ранглар.
Гоҳ олдин, гоҳ ортда бўзлаб юрибман
Овозимдан эса, кун-тун жаранглар.

***

Кумушранг туғади
Кўкда ой
Шуъласига кўнгил бойланар.
Ечилмаган сочлар ўрими
Қўллар эрмагига айланар.

Ер талашган
Яшил ранглардан
Ой нурида кўринади доғ.
Қоронғулик тортган бу тунда
Қизарганин сезмайди дудоғ.

Бир жилвакор,
Бу тунда фусун
Жодулайди кўзлар сеҳрини.
Сочлар аро ўйнар бармоқлар
Ой нурида тўкиб меҳрини.

***

Парвардигорим,
Кўриб турибсан:
Бу оламга боққаним сайин
Юракка ўт ёққаним сайин
Дарё каби оққаним сайин
Гуллардан гул таққаним сайин
Ёлғизман…

Ўйнаб ўтар кунимни вақт
Ўйнаб ўтар тунимни вақт
Лекин вақт ўтгани сайин
Кўзим нигор кутгани сайин
Бўғзим қўшиқ ютгани сайин
Хаёл-хаёл сўтгани сайин
Ёлғизман.

Тонг кулар кўзимда-Ёлғизман
Сўз тўлар сўзимга-Ёлғизман
Келмасман ўзимга-Ёлғизман…

***
Бир оҳанг етмайди,
Бир куй етмайди
Қўшиқ қилай десам, ҳар сўзим.

Кунларим етмайди,
Тунлар етмайди
Юксаклардан қарасам ўзим.

Дунё ташвишлари,
Ўраган мени
Тасаввурдан йироқмас кўзим.

Баъзида,
Дунёга сиғмайман
Шўр туйилар ўзимга тузим…

***
Тупроқни силадим,
Кўзёшим билан
Энг гўзал йиғидан уйғонди юрак.

Хаёллар сўрадим
Бардошим билан
Билмадим, бу энди нимага керак?

Тупроққа бош қўйдим,
Сесканиб кетдим
Гул иси келарди баҳор оралаб.

Вужуд ўзимники,
Қайга элтаман?
Уваланиб борар юрак поралаб…

***

Пасту-баланд дунёни
Бўйлабгина боряпман.
Кетаётган йўлларни
Ўйлабгина боряпман.
Сизга яхши-ёмондан
Сўйлабгина боряпман.
Соғинчингиз тутмаса
Юрагимни тилай ман.
Ўтаётган йўлларда
Энди нима қилай ман?

Йўл юрдим, йироқ юрдим
Товонларим ёрилди.
Икки дунё кўзимга
Жаҳаннамдек қорилди.
Елкаларим титранди
Оғриқлардан оғринди.
Эсласангиз мабода
Ўз йўлимдан кетай ман.
Ҳижрон азоби оғир
Бу оғриқни нетай ман?

Товуш бердим, товушим
Йироқларга кетди-ё.
Ковушим қўлтиқласам
Қўлтиғимдан йитди-ё.
Энди, бу кун армонлар
Юрак қадар битди-ё.
Армонларнинг йўлидан
Дўстим, қандай ўтай ман.
Қиёматли лаҳзани
Сенинг билан кутай ман.

(Маҳмуд Абулфайзга)

Маҳмуд ака,
Олтмишдан ўтдингиз
Мақтасам бўлади энди сизни ҳам.
Ҳаволаниш,
Ё бироз кибр
Сизнинг феълингизда бўлолмайди жам.
Дарёдай оқдингиз,
Дарё бўлди дил
Қай битта кўнгилда ёқолдингиз шам.
Дарахтдай кўкариб,
Ҳосил бердингиз
Юксак дарахтлардан бўлмадингиз кам.

Фақат,
Терс қараган
Кўнгиллар йиғларми изларингиздан?
Маънолар изларми,
Ёруғлик тилаб
Ғарибларга айтган сўзларингиздан?
Мен эса,
Хотиржам кетаётирман
Олтмиш байт топгандек кўзларингиздан.
Фақат, рози бўлинг
Кўнгил шод бўлинг
Беминнат улашган тузларингиздан.

***
Ажабланманг, бир кун дарвоза қоқиб
Дунёда борлигим билдирсам сизга.
Балки ташналикдан келганман боқиб
Ёки келгандирман тик боқиб кузга.

Мусофир дунёда юрибман ғариб
Бу ташна кўнгилдан ўтавераман.
Ҳар битта кўчадан ўзим ахтариб
Кўнгилдан бир кўнгил кутавераман.

Кўнгилни қамаган баланд деворлар
Очиб юборолмас дарвозаларин.
Гоҳида саҳарлар ютиб юборар
Деворлар асраган овозаларин.

***

Кўнгилга тушса ҳам,
Қонга тушмаган
Киприкка тушмаган
Жонга тушмаган
Абадийлик сўзи
Нисбий тушунча…

Кўнгилга тушса ҳам,
Қонга тушмаган
Қандай Абадийлик
Қолдирай сенга.

Мени кечир…
Айтолмайман:
Йўқни, бор,- дея
Ҳаммаси ёлғондир
Ҳаммаси нисбий
Кўнгилга тушса ҳам
Жонга тушмаган.

Етти қават ер бор
Тупроқни титсам.
Осмон бордир
Чексиздан-чексиз.
Дарахтлар думалаб
Кулга айланар.
Шамоллар айланиб
қулга айланар.

Кўнгилга тушса ҳам,
Қонга тушмаган
Қандай Абадийлик
Қолдирай сенга…

***

Энг гўзал йиғидан уйғондим яна:
Яна товонимга шудринг ёпишди.
Кўксимда севинчлар қилди тантана
Баҳор билан кўнгил тонгда топишди.

Борарканман, майин шамолдай оқиб
Эртаклар жодулаб қўяр сеҳрини.
Лаҳза сувратида юрагим ёқиб
Сезгандай бўламан баҳор меҳрини.

Сезаман: туйғулар гуллайди беҳад
Шудринглар баргларнинг кўзёшларидир.
Ё кўнгил куйига тутиб турган қад
Энг гўзал йиғининг бардошларидир.

***

Юлдузларга бошим қўяман
Рангпардалар тортаман кўзга.
Туйғуларим ишққа йўяман
Кўз остимдан қараб бир қизга.

Қиз ўтади ёнимдан бефарқ
Қарашларим унга ботмайди.
Билмайдики, лаҳзада бир завқ
Хаёлисиз тонглар отмайди.

Кечалари қулоғим тутсам
Кўксим ёниб сайрар бир булбул.
Энди қандай уни унутай
Энди қандай узаман кўнгил?

***

Ҳар бир аёл битта қизил гул
Ҳар бир аёл ёзилмаган шеър.
Ҳар бир аёл оловли кўнгил
Ҳар бир аёл сўнгсиз тасаввур.

Гулга қараб шеър айтдим такрор
Шеърларимда баҳор айланди.
Соғинчлардан бўлиб интизор
Руҳиятим дилга бойланди.

Кечир мени, кечир қизил гул
Қизил қондан ранглар олибсан.
Шунданмикин, ўртанмиш кўнгил
Юракларга ғавғо солибсан.

Ношукрлик қилмасмиз, зотан
Дунё асли шундай яралган.
Бу дунёнинг гўзал бўйлари
Билиб қўйинг, гулдан таралган.

(Муҳаммад Раҳмон хотирасига)

Шундай бўлган, шундай бўлади
Кетмай туриб қадринг билинмас.
Ғам тортмаган кўзлар кулади
Кўп нарсалар ошкор қилинмас.

Қулагандек бир куни осмон
Кечмишлардан келасан ғолиб.
Фақатгина, бир нарса ёмон
Кулмагайсан қаҳқаҳа солиб.

Энди тупроқ орасида жим
Кузатасан:недир бетайин.
Ҳаёт эса, билмайди тиним
Сени эслар кимдир атайин.

Хайриятки, бор экан соғинч
Сени эслаб тургувчилар бор.
Гарчи, сўздан тўлмайди ҳовуч
Сени эслаб йиғлайди баҳор…

089 Rajab Xolbek she’rlarini saytimizning Surxon vohasidagi vakili Sirojiddin Ibrohim tavsiya qildi. Ularni o’qir ekanman, yaqindagina «Termiz oqshomi» gazetasi veb-sahifasida asarlari e’lon qilingan bir necha shoirlar ichida Rajab Xolbek nshe’rlarini o’qiganimni, ular diqqatimni tortganini esladim. Bugun esa uning she’rlarini sizning diqqatingizga havola etmoqdaman.

Rajab XOLBEK
SHE’RLAR
045

Rajab XOLBEK (Mamarajab Xolov)- 1956 yil 10 mart kuni Surxondaryo viloyati Oltinsoy tumanidagi Katta Vaxshivor qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent irrigatsiya va qishloq xo’jaligini mexanizatsiyalashtirish muhandislari institutining gidromeloratsiya fakul`tetini tugatgan. Qishloq xo’jiligining turli sohalarida, viloyat teleradiokompaniyasi radioeshittirishlar bo’limida ishlagan. Ayni vaqtda O’zLiDePning Termiz tuman Kengashi apparat rahbari vazifasida ishlamoqda.

045

***

Lahzada bordirman,
Lahzada yo’qman
Bu kun mendan-meni so’ramang.
Dunyoning bor tashvishi bilan
Savollarga boshim o’ramang.

Lahzada bordirman,
Lahzada yo’qman
Chimzor maysa yolin taraydi.
Suzayotgan oppoq bulutlar
Ko’zin qisib menga qaraydi.
Lahzada bordirman,
Lahzada yo’qman
Gangib yotar boshim metin tosh.
Yashil maysa ko’ksimni berib
Tilayapman o’zimga bardosh.

Lahzada bordirman,
Lahzada yo’qman
Dunyo shodlik, g’amlari o’char.
Yuragimning olov tillari
Ko’zlarimga birdayin ko’char.

Lahzada bordirman,
Lahzada yo’qman…

***
Denovdan,
Vaxshivorga qadar
Ming bitta so’qmoqlar ketar birlashib.
Kuzatganing sayin, uzun yo’llarda
Tepaliklar kelar bir-bir mingashib.
Kech qolsang shomlarda,
Bu yo’llar aro
Xira yog’du sochar yonar chiroqlar.
Katta yo’llar tomon chiqar hovlilar
Tungi yo’lovchilar yo’lin so’roqlab…

Ammo, sen injima
Boraver ildam
To’rt fasl so’roqlab o’sar tasavvur.
Mehmon uchun, tog’lar bag’ridir ochiq
Ming bitta shoirlar makon topgan yer.

Denovdan,
Vaxshivorga qadar
Adirlar yastanib, yotibdi changib.
Kunduzlar tog’lari salobat solar
Tunlari yulduzlar nur sochar gangib.

***

Sen yurakda olov yoqqan kun
Sakrab tushdi tokchadan bir-bir.
Mening ko’nglim ovlamoq uchun
Rauf Parfi va Mirzo Bedil…

Misralarda tovlandi yurak
Olib ketdi xayollarimni.
Seni qanday sevishim kerak?
Ko’zing o’ynar savollarimni.

Kechalarning savoli uzun
Kechalarning savoli qisqa.
Aytaversam, yurakning so’zin
Bir xirgoyi chalar musiqa.

Lekin qalbim ertaklar aytar
Ko’zlarimdan tolaveraman.
Tun adashar, yo’llarim qaytar
Ko’ngil bilan qolaveraman.

***

Rasmlar chizaman,
G’alat rasmlar
O’zim tushunmayman chizganlarimni.
Chizgilar oralab yashayveraman
Bor qilib, yo’q qilib tizganlarimni.

Sen meni yozg’irma,
Arzimasman men
Jizg’anak joningni qaqshatishingga.
Mardlarning yo’llari ko’p yo’ldan xoli
O’xsharmi, bir nuqta o’xshatishingga.

Xayolan quraman,
Xayolan buzib
Bu uzun yo’llarning yarmidan o’tdim.
Odamlar o’zgardi, dunyo o’zgardi
Bilmadim, dunyodan nimalar kutdim.

Nimalar kutmadim,
Nimalar bo’ldi
Tonglar o’xshaverdi go’zal tonglarga.
Hamon chizgilarim tugagani yo’q
Ta’sir etmasa-da, yuksak onglarga.

***

Eng go’zal yig’i edi,
Bizning yig’imiz.
Atrofni o’ragan lolazor.
Ko’zlarimiz boqar termulib
Ikkimizga aylangan bozor.

Eng go’zal yig’i edi,
Bizning yig’imiz.
Yonib turar yulduzlar javlon.
Shodligimiz to’rvasi yo’qdir
Yig’moqqa ham yo’q edi imkon.

Eng go’zal yig’i edi,
Bizning yig’imiz.
Sokin dunyo, sokin o’tardi.
Ikkimizga aylangan dunyo
Farishtalar ko’zyosh to’kardi.

Eng go’zal yig’i edi,
Bizning yig’imiz…

***

Ohista-ohista qora tun o’tdi
Oqarib-oqarib ko’rindi sahar.
Ko’ksimni tong yanglig’ g’ulg’ula kutdi
Qanday yashadim-a, men tongga qadar…

Qandayin yashadim, butun tun o’lmay
Tongning har lahzasi bosar salobat.
To’rt devorga boqdim sog’inchdan kulmay
Mahzun xayollardan qoldim salomat.

Azizim, nafisdir dunyo xayoli
Nafisdir go’zallik keltirgan lahza.
Hech qachon tugamas uning savoli
Faqat, yuraklarga beradi larza…

***

Men seni kutyapman:
G’amlardan xoliroq
Quvonchdan xoli
O’lim yo’llariga chiqmagan yo’lda.

Men seni kutyapman:
Shamollar hilpirab
Oylar mo’ltirab
Kaftimda guldayin so’lib borar gul.

Men seni kutyapman:
Ko’zlarimda dard
Oqib kelar gard
Hech qachon kelmaysan endi, ehtimol…

***

Eng go’zal yig’iga o’zimni berdim
Bir chiroy yuzliga ko’zimni berdim
Sukutga, jimlikka so’zimni berdim
Devonaman, mendan-meni so’ramang.

Aslida, dunyoda lahzalar go’zal
Yurakka urilgan larzalar go’zal
Ko’ngilga to’kilgan marzalar go’zal
Telbaman, bu damlar meni so’ramang.

Qandayin yaxshidir, yashash sur’ati
Olam go’zalligi- yerning surati
Shu bo’lsa kerakdir ko’ngil xizmati
Tirikman, siz meni-mendan so’ramang.

Ketyapman, ko’ngilda quyoshdan nur bor
Sizlar anglamagan ming bitta sir bor
Bu –ko’ngil,bunda ham baqir-chaqir bor
Devonaman, mendan-meni so’ramang.

***

Haqorot qildingiz,
Siz meni kecha
Bosh egib tingladim, men orsiz.
Qullikka o’rgangan bu boshim
It kabi suykaldi vafodor…

Jimgina tangladim,
Jimgina
Go’yoki had bildim, bu yaxshi.
Hamisha egilgan bu boshim
Chiqolmadi bir so’zga qarshi.

Sezmadingiz,
(Aslo sezmaysiz)
Ko’ksimda tug’ildi bir isyon.
Yer-yerligicha qolar, lekin
Chorlab turar gohida osmon.

Dunyo nima o’zi,
Tenglik, adolat
Axir, yozuq emas kesaklik.
Tark etmagan butkul oriyat
Chorlab turar gohi yuksaklik.

***

Hurlik kerak,
Erkinlik kerak
Bir piyola choyni xotirjam
Ichmoq uchun taning yayratib
Atrofingga qarab damo-dam.

Hurlik kerak,
Erkinlik kerak
Aytar bo’lsang agar so’zingni.
Shubhalarga qo’ymaslik uchun
El ichida ko’rib o’zingni.

Hurlik kerak,
Erkinlik kerak
Sevmoq uchun hatto, kimnidir
Qurbon qilish shart emas, axir
Buning uchun, albat nenidir.

Hurlik kerak,
Erkinlik kerak
Ko’tarmoq-chun, har narsadan sha’n.
O’zing yashab turgan tuproqni
Deyish uchun, hattoki, Vatan…

***

Boshimni ko’tardim,
Qushdayin erkin
O’ngu-so’lga burdim jismimni.
Giyohlarga boqib tog’larda
Takror-takror aytdim ismimni.

Ismim o’zimniki,
O’zgarmadi, yo’q
Suv ichdim tishlarim muzladi.
Ming yillik xirgoyi qo’shiqlar
Jonimda jimgina bo’zladi.

Va qaytar chog’,
Quyosh entikib
Soyalarga aylandi toshlar.
O’saverar ko’ksimda dardlar
Endi mendan sinab bardoshlar…

***
Bu ayol,
Ko’zimga gulday ko’rinar…
Ko’rsam, bu olamni bo’ylayveraman.
Ortidan tikilib, bir telbadayin
O’n sakkiz yoshini o’ylayveraman.
Bu ishqmi,
Yoki nafs
Bahoriy chechakka aylanar so’zim.
Ko’zlarim mo’ltirab, ko’ngildan tonib
Gunohlar ichida gunohkor o’zim.
Ko’zlari qoradir,
Sarg’ish sochlari
Asrandi tuyg’ular aylanar qulga.
O’zi ham sezmaydi, men ham sezmayman
Bu telba ko’ngilda ekadi gullar…
Bir hadik yashaydi,
Lekin ko’ngilda
Tug’ilib tursa-da, ming bitta savol.
Qancha istamasin, uni bu ko’ngil
Birovga tegishli edi bu ayol…

1.07.2015 y.

***

Har tong she’r yozaman men senga atab
Har tong zorlarimni aytaveraman.
Har tong qadamimni toshlarga qadab
Yarim yo’llarimdan qaytaveraman.

Bu yo’llar tugamas, sen hamon olis
Qaytmaysan, bu yo’ldan yonib men kabi.
Tunlar oy, yulduzlar bo’lgandek fonus
Tugamas, bu ishqning aslo matlabi.

Sen borsan,
Men borman
Bo’lmadik biz hali sevgilim tuproq.
O’zimni o’ylamay qo’yganim sayin
Negadir, men seni o’ylayman ko’proq.

1.07.2015 y.

***
Bir kunim -judayam uzundir
Juda qisqa-qo’lim yetmaydi.
Ko’ray desam, osmonning yuzin
Ko’zlarimdan g’ubor ketmaydi.

Qanday beray, bu kunni senga
G’ariblardan bo’lsa, g’aribroq.
Tortiq qilgan Xudoyim menga
O’zim bu kun qoldim qaribroq.

Kunlar uzun,
Kunlarim qisqa
Istaklarga umrim yetmaydi.
Men g’aribman, juda ham g’arib
Armonlarim dildan ketmaydi.

***

Bu kun mendan ketdi,
Qo’yib yubordim
Og’ushimga qaytmagay endi.
Shodligu, g’amlari birdayin
Yog’ib o’tgan yomg’irdek tindi.

Bu kun mendan ketdi,
Arosat yo’li
Go’zallikdan yuzin o’girdi.
Ufq tomon borarkan asta
Shomga tomon tezroq yugurdi.

Bu kun mendan ketdi,
Armoni bilan
Peshonaga ajinlar bitdi.
Qaramadi menga qayrilib
Bu kun o’tdi, chopqilab ketdi.

***

Shoshma do’stim, shoshilma zinhor
O’limgacha vaqt bor hali.
Qara, hayot qancha betakror
Yashamoqning kelmoqda gali.

Shig’il-shig’il mevasi bilan
Yo’limizni poylaydi bog’lar.
O’rkach-o’rkach tuyasi bilan
Oy yo’lini dog’lagan chog’lar.

Senu, menga qolgani, faqat
Yonib yashash, yonib yashamoq.
O’n sakkiz ming bu olam ichra
Jismimizni yo’lga boshlamoq.

Ko’rinadi hayot kulgusi
Biram zavqli, biram ta’sirchan.
Uyg’otganda nozik ulgusi
Atrofingga boqasan o’ychan.

Dunyo go’zal, dunyolarda sen
Yonib-yonib yashashing kerak.
Yana go’zal bo’lmog’i uchun
Beraolsak basdir biz yurak.

***

Xazonlig’ ham tushdi bog’larga
Bir amallab kuzlarga yetdi.
Hasratlarin ko’mib chog’larga
Bu dunyodan ertaroq ketdi…

Erta edi, anchayin erta
Ochilmagan edi gullari.
Faqat, ko’ngli bo’lib yarimta
Yetmagandi ko’kka qo’llari.

Horitgandi lekin ta’qiblar
O’lgan kundan labi kulardi.
Qiynamasa magar, raqiblar
Bemalol yashasa bo’lardi…

***

Yaqinlashib borganim sayin
Uzoqlashib boryapsan, ona.
Boqaverar ko’zlaring mayin
Lekin g’amlar qilar tantana.

Sudraladi qadamim jonsiz
Qorong’ulik bosar ko’zimni.
Imkonsizlar ichra imkonsiz
G’ariblardek sezdim o’zimni.

Oldda esa, faqat tuproq bor
Bir jimliklar qilar qiroat.
Har gal shunday bo’ladi takror
Sog’inch bo’lib yig’laydi oyat…

***
(Rauf Parpi xotirasiga)

Endi hech kim aytolmas,
Aytolmaydi seningdek
Qorday oqargan sochlar
Yongan ko’z azobini…

Dalalar oq, ko’z qora
Yiqiladi bulutlar
Yomg’irlar shiviridan
Ayrilmish oppoq sukut.

Baxtsiz atadi kimdir,
Baxtli atadi kimdir
Turkiston-Vatan deding
Baxt degan o’zi shudir.

Ko’zim yumsam,
Dunyo oppoq
Oq sukutga esh bo’lar.
Ketar qo’lida hassa
Oq kiyingan mo’ysafid…

23.05.2015 y.

***

Gullasang, bahorga o’xshaysan
Cho’llasang, sarobga o’xshaysan
Kelgin, yana bir aytishamiz
Meningsiz xarobga o’xshaysan.

Jimlik yig’dim, sukunat yig’dim
Xatjildlarim qorayib ketdi.
Ko’zlarimni nurlarga tiqsam
Dunyo ko’zga torayib ketdi.

Ketaversam, boraman qayon?
Peshonamdan chiqd-ku, terlar.
Endi menga hammasi ayon
Nechun, qora ko’rinar yerlar…

***

Tug’ilishim menga bog’liq bo’lmagan
O’limim-da, menga bog’liq emasdir.
Balki baxtim kulgan, balki kulmagan
Hech kimsa, meni ham baxtsiz demasdir.
Men esa, dunyoni so’rab turibman
To’rt fasl ko’zimga tashlaydi ranglar.
Goh oldin, goh ortda bo’zlab yuribman
Ovozimdan esa, kun-tun jaranglar.

***

Kumushrang tug’adi
Ko’kda oy
Shu’lasiga ko’ngil boylanar.
Yechilmagan sochlar o’rimi
Qo’llar ermagiga aylanar.

Yer talashgan
Yashil ranglardan
Oy nurida ko’rinadi dog’.
Qorong’ulik tortgan bu tunda
Qizarganin sezmaydi dudog’.

Bir jilvakor,
Bu tunda fusun
Jodulaydi ko’zlar sehrini.
Sochlar aro o’ynar barmoqlar
Oy nurida to’kib mehrini.

***

Parvardigorim,
Ko’rib turibsan:
Bu olamga boqqanim sayin
Yurakka o’t yoqqanim sayin
Daryo kabi oqqanim sayin
Gullardan gul taqqanim sayin
Yolg’izman…

O’ynab o’tar kunimni vaqt
O’ynab o’tar tunimni vaqt
Lekin vaqt o’tgani sayin
Ko’zim nigor kutgani sayin
Bo’g’zim qo’shiq yutgani sayin
Xayol-xayol so’tgani sayin
Yolg’izman.

Tong kular ko’zimda-Yolg’izman
So’z to’lar so’zimga-Yolg’izman
Kelmasman o’zimga-Yolg’izman…

***
Bir ohang yetmaydi,
Bir kuy yetmaydi
Qo’shiq qilay desam, har so’zim.

Kunlarim yetmaydi,
Tunlar yetmaydi
Yuksaklardan qarasam o’zim.

Dunyo tashvishlari,
O’ragan meni
Tasavvurdan yiroqmas ko’zim.

Ba’zida,
Dunyoga sig’mayman
Sho’r tuyilar o’zimga tuzim…

***
Tuproqni siladim,
Ko’zyoshim bilan
Eng go’zal yig’idan uyg’ondi yurak.

Xayollar so’radim
Bardoshim bilan
Bilmadim, bu endi nimaga kerak?

Tuproqqa bosh qo’ydim,
Seskanib ketdim
Gul isi kelardi bahor oralab.

Vujud o’zimniki,
Qayga eltaman?
Uvalanib borar yurak poralab…

***

Pastu-baland dunyoni
Bo’ylabgina boryapman.
Ketayotgan yo’llarni
O’ylabgina boryapman.
Sizga yaxshi-yomondan
So’ylabgina boryapman.
Sog’inchingiz tutmasa
Yuragimni tilay man.
O’tayotgan yo’llarda
Endi nima qilay man?

Yo’l yurdim, yiroq yurdim
Tovonlarim yorildi.
Ikki dunyo ko’zimga
Jahannamdek qorildi.
Yelkalarim titrandi
Og’riqlardan og’rindi.
Eslasangiz maboda
O’z yo’limdan ketay man.
Hijron azobi og’ir
Bu og’riqni netay man?

Tovush berdim, tovushim
Yiroqlarga ketdi-yo.
Kovushim qo’ltiqlasam
Qo’ltig’imdan yitdi-yo.
Endi, bu kun armonlar
Yurak qadar bitdi-yo.
Armonlarning yo’lidan
Do’stim, qanday o’tay man.
Qiyomatli lahzani
Sening bilan kutay man.

(Mahmud Abulfayzga)

Mahmud aka,
Oltmishdan o’tdingiz
Maqtasam bo’ladi endi sizni ham.
Havolanish,
YO biroz kibr
Sizning fe’lingizda bo’lolmaydi jam.
Daryoday oqdingiz,
Daryo bo’ldi dil
Qay bitta ko’ngilda yoqoldingiz sham.
Daraxtday ko’karib,
Hosil berdingiz
Yuksak daraxtlardan bo’lmadingiz kam.

Faqat,
Ters qaragan
Ko’ngillar yig’larmi izlaringizdan?
Ma’nolar izlarmi,
Yorug’lik tilab
G’ariblarga aytgan so’zlaringizdan?
Men esa,
Xotirjam ketayotirman
Oltmish bayt topgandek ko’zlaringizdan.
Faqat, rozi bo’ling
Ko’ngil shod bo’ling
Beminnat ulashgan tuzlaringizdan.

***
Ajablanmang, bir kun darvoza qoqib
Dunyoda borligim bildirsam sizga.
Balki tashnalikdan kelganman boqib
Yoki kelgandirman tik boqib kuzga.

Musofir dunyoda yuribman g’arib
Bu tashna ko’ngildan o’taveraman.
Har bitta ko’chadan o’zim axtarib
Ko’ngildan bir ko’ngil kutaveraman.

Ko’ngilni qamagan baland devorlar
Ochib yuborolmas darvozalarin.
Gohida saharlar yutib yuborar
Devorlar asragan ovozalarin.

***

Ko’ngilga tushsa ham,
Qonga tushmagan
Kiprikka tushmagan
Jonga tushmagan
Abadiylik so’zi
Nisbiy tushuncha…

Ko’ngilga tushsa ham,
Qonga tushmagan
Qanday Abadiylik
Qoldiray senga.

Meni kechir…
Aytolmayman:
Yo’qni, bor,- deya
Hammasi yolg’ondir
Hammasi nisbiy
Ko’ngilga tushsa ham
Jonga tushmagan.

Yetti qavat yer bor
Tuproqni titsam.
Osmon bordir
Cheksizdan-cheksiz.
Daraxtlar dumalab
Kulga aylanar.
Shamollar aylanib
qulga aylanar.

Ko’ngilga tushsa ham,
Qonga tushmagan
Qanday Abadiylik
Qoldiray senga…

***

Eng go’zal yig’idan uyg’ondim yana:
Yana tovonimga shudring yopishdi.
Ko’ksimda sevinchlar qildi tantana
Bahor bilan ko’ngil tongda topishdi.

Borarkanman, mayin shamolday oqib
Ertaklar jodulab qo’yar sehrini.
Lahza suvratida yuragim yoqib
Sezganday bo’laman bahor mehrini.

Sezaman: tuyg’ular gullaydi behad
Shudringlar barglarning ko’zyoshlaridir.
YO ko’ngil kuyiga tutib turgan qad
Eng go’zal yig’ining bardoshlaridir.

***

Yulduzlarga boshim qo’yaman
Rangpardalar tortaman ko’zga.
Tuyg’ularim ishqqa yo’yaman
Ko’z ostimdan qarab bir qizga.

Qiz o’tadi yonimdan befarq
Qarashlarim unga botmaydi.
Bilmaydiki, lahzada bir zavq
Xayolisiz tonglar otmaydi.

Kechalari qulog’im tutsam
Ko’ksim yonib sayrar bir bulbul.
Endi qanday uni unutay
Endi qanday uzaman ko’ngil?

***

Har bir ayol bitta qizil gul
Har bir ayol yozilmagan she’r.
Har bir ayol olovli ko’ngil
Har bir ayol so’ngsiz tasavvur.

Gulga qarab she’r aytdim takror
She’rlarimda bahor aylandi.
Sog’inchlardan bo’lib intizor
Ruhiyatim dilga boylandi.

Kechir meni, kechir qizil gul
Qizil qondan ranglar olibsan.
Shundanmikin, o’rtanmish ko’ngil
Yuraklarga g’avg’o solibsan.

Noshukrlik qilmasmiz, zotan
Dunyo asli shunday yaralgan.
Bu dunyoning go’zal bo’ylari
Bilib qo’ying, guldan taralgan.

(Muhammad Rahmon xotirasiga)

Shunday bo’lgan, shunday bo’ladi
Ketmay turib qadring bilinmas.
G’am tortmagan ko’zlar kuladi
Ko’p narsalar oshkor qilinmas.

Qulagandek bir kuni osmon
Kechmishlardan kelasan g’olib.
Faqatgina, bir narsa yomon
Kulmagaysan qahqaha solib.

Endi tuproq orasida jim
Kuzatasan:nedir betayin.
Hayot esa, bilmaydi tinim
Seni eslar kimdir atayin.

Xayriyatki, bor ekan sog’inch
Seni eslab turguvchilar bor.
Garchi, so’zdan to’lmaydi hovuch
Seni eslab yig’laydi bahor…

045

(Tashriflar: umumiy 260, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ажойиб шеърлар экан. Адабиётимизда шоирлар кўп-у, кўпларини кечроқ кашф этамиз. Шоирнинг «Бу аёл кўзимга гулдай кўринар» деган мисра билан бошланган шеърига Шавкат Раҳмоннинг «Бу аёл кўзимга қушдай кўринди» деган мисрасини эпиграф қилиб олинса яхши бўлади, менимча. (Гулноз)

  2. Шоир бу юрак демакдир..агар шоирда дард булмаса езганлари еч кимга таьсир килмайди ..Ражаб Холбекни шерларида согинч , дард бор …мен шоирга битмас туганмас хайрат тилайман!!Таникли ШОИРАМИЗ Кутлибека Рахимбоева езганидек:»Хайратимнинг умри ишкимнинг умри узимнинг умримдан узунрок булсин!»Ва соглик тилайман !!

Izoh qoldiring