Abdulla Sher. Atrofimiz lojuvard olam.

099
Абдулла Шер «Атрофимда ложувард олам»  шеърий  туркуми учун 2013 йил «Шарқ юлдузи» журналида эълон қилинган «Энг яхши бадиий ва илмий асарлар» танлови ғолиби бўлди.

   Абдулла Шернинг биринчи шеърлар тўплами “Кўклам табассуми” 1973 йили чоп этилган. Шундан кейин у “Алёр” (1977), “Атиргул сояси” (1979), “Роз” (1980), “Куз ҳилоли” (1983), “Қадимги куй” (1987), “Нуқтадан сўнг” (1989), “Тоқат” (1997), “Ёнаётган йўл” (2007), “Ёмғирлар оралаб” (2009), “Сарбаст қўшиқлар” (2010), “Севги олмоши” (2010), “Севилмаган менинг севгилим” (2010), “Гул йиллар, булбул йиллар” (Сайланма, 2012) шеърий китобларининг ва “Асрларнинг асраганлари” насрий тўпламининг муаллифи. Шунингдек, у Байроннинг Дон Жуан, Ҳ. Ҳайненинг “Қўшиқлар китоби” олмон тилидан таржима қилган.

08

Абдулла ШЕР

АТРОФИМИЗ ЛОЖУВАРД ОЛАМ

* * *

Ниманидир доимо кутиб,
Қаергадир доим шошамиз.
Кимни эслаб, кимни унутиб,
Йиллар деган ғовдан ошамиз.

Умр ўтар, шундай сезилмай:
Гоҳо Шарққа, гоҳ Ғарбга чопиб.
Йўқотганни бир пиёла май
Тубидан гоҳ оламиз топиб.

Жуфтимизга боқамиз комрон,
Атроф баҳор, иқбол ёр бизга.
Ва тун бўйи юлдузли осмон
Қўниб яшар тўшагимизга.

Сўнг, кўрпани тортқилару тонг,
Уйғотади яланғоч ҳаёт:
Яна чорлар бизни бефарқ тонг –
Турмуш деган қадим сирсирот.

* * *

Менсиз бўшаб қолмайди, шаксиз,
Мен билан тўлмаган бу олам.
Лекин мен одамман, мен одам,
Мен яшай олмайман эртаксиз.

Эртакнамо хаёлларимда
Бошимга қўндириб Ҳумони –
Билсам ҳам – ҳаммаси яримта,
Бут қилиб юраман дунёни.

Ёш булбулдек ҳис этиб ўзни,
Тунларни қўшиққа кўмаман.
Гоҳида юмганча мен кўзни,
Ботинда ёғдуга чўмаман.

Менсиз бўшаб қолмайди, шаксиз,
Мен билан тўлмаган бу олам.
Лекин мен одамман, мен одам,
Мен яшай олмайман эртаксиз.

* * *

Икки қайиқ чайқалар тинмай,
Атрофимиз ложувард олам.
Умримизни, сира ачинмай,
Дарё билан кўрамиз баҳам.

Дарё гўзал, дарё мовийдир,
Ранг бағишлар умидимизга.
Қадим ўзан кекса ровийдир –
Ривоятлар сўйлайди бизга.

Лекин, мавжлар ўжардан-ўжар,
Бўй бермайди бизларга, асло.
Икки вужуд бўлиб чайқалар
Омонат бахт қайиқлар аро.

Чайқалади бир ширин ғусса,
Чайқалади ҳатто титроқлар.
Ёрти қолар лабларда бўса,
Олиб кетар бизни қирғоқлар.

Дарё гўё қисматдаги йўл,
Бизни бошлар энди йироққа.
У ерларда энди ҳижрон мўл,
Биз яшаймиз тўйиб фироққа.

Энди сира учрашмаймиз, биз,
Икки қирғоқ риштани узар.
Ва чайқалган қайиқларимиз
Энди фақат тушларда сузар.

* * *

Мен кўпларга ачиндим,
Менга ачинган борми?
Мен сўз бўлиб сочилдим,
Мендек сочилган борми?

Саволларим кўпдир, мен,
Кимга берай уларни?
Балки ўзим чўпдирман –
Шарафлайман гулларни.

* * *

Синфдош дўстим Мухтор
Қўчқоров хотирасига

Марҳумликка ўрганолмасдан
Тушларимга кирасан, дўстим.
Ўйчангина, шовқин солмасдан
Бирга-бирга юрасан, дўстим.

Бақатерак остида гоҳо
Майсазорда ётиб чалқанча,
Ўй сурамиз: иккимиз даҳо,
Биз яшаймиз довруқ солганча.

Очилади икки юракнинг
Ҳеч ким билмас сирлар дафтари.
Қўллаб бизни бақатеракнинг
Қарсак чалар кумуш кафтлари.

Гоҳ ётамиз – дурдек тиш билан
Чирт-чирт узиб ўт поясини.
Гоҳ тинглаймиз қизиқиш билан
Шамолларнинг ҳикоясини.

Гоҳ ойдинда суҳбат қурамиз,
Сувга қараб қулоқбошида.
Гоҳ ўлтириб хаёл сурамиз
Тегирмоннинг эски тошида.

Ағанаймиз курашиб гоҳо
Майсаларнинг ҳидига тўйиб.
Яқинлашиб келади, аммо,
Йилдан-йилга ўлим от қўйиб.

Мингаштирар у сени ногоҳ,
Қувончимни олиб кетасан.
Уйғонаман ҳар гал тортиб оҳ:
Сен тушимда қолиб кетасан.

Қўшни қиз ҳақида баллада

Кели туяр қўшни қиз
Ҳовлига бериб чирой.
Юрагимда тошган ҳис
Тилимга чиқар: “Вой, вой!”

Нозик белга ярашиб,
Қўш ўрими чўлғанар.
Нимчадан жой талашиб,
Икки кўкрак тўлғанар.

Қошига берар ғурур
Тонгда қўйган ўсмаси:
(Эҳ, келисоп қурмағур
Мунча кўзни тўсмаса?)

Нураган пахса девор
Ўртамизда пардадир.
Ҳар бир зарбда маъно бор,
Эҳтимол, бу зардадир.

Бўса билмаган дудоқ
Ҳар зарбда ним очилар.
Сўрашга қўймас титроқ:
“Қачон борсин совчилар?” –

Нима қилай, тортинчоқ
Хаёлпараст боламан.
Қандай бўлмасин, бироқ,
Шу қизни мен оламан!..

Лекин бир кун у, ногоҳ,
Қанот қоқди қуш бўлиб.
Энди келади гоҳ-гоҳ
Тунда ширин туш бўлиб.

Энди ўша гулдек вақт
Хаёлимни тарк этмас:
Қочиб кетди мендан бахт,
Тутай десам, қўл етмас!..

Дераза

Шаҳримдаги бир деразада
То тонггача ўчмайди чироқ.
Унда нотинч ўйлардан зада
Уйқу билмас тўлмаган қучоқ.

То тонггача кўзимни, ҳайҳот,
Қамаштирар ўша дераза.
Ўз кўчамда ўзимни бот-бот
Адаштирар ўша дераза.

Пардасига унинг осилиб
Яшайман дер бу ўжар хаёл…
Қилма мени, қилма бенасиб,
Бир дераза нур бўлган аёл!

Совқотган одам ҳақида баллада

Ташқарида қиш кезар мағрур,
Изғиринда кукунланар қор.
Деразадан тушиб турган нур
Бамисоли бир қучоқ баҳор.

Йўл четидан совқотган одам
Тикилади келиб ҳаваси:
Ичкарида иссиқ, ёш олам –
Эр-хотиннинг бахтли давраси.

Тикилару бир муддат, сўнгра,
Бирдан тиз чўкарди у қорга.
Ва боладек ўкиниб, ҳўнграб
Кўзёшини тўкарди қорга.

Дераза-чи, сочганича нур
Кўз-кўз қилар оила тафтин.
Ёлғиз одам эса беҳузур
Юзга босар иккала кафтин.

Сўнг, довдираб кетар у беҳол
Дала бўйлаб, унутиб йўлни.
Тортқилайди бешафқат шамол
Ҳўл юзларни беркитган қўлни.

Рубоий

Гул бўлиб силкинар, миллар бу кеча,
Гапирмас лаблару тиллар бу кеча.
Энг ширин сўзларни айтар шу сабаб,
Бармоқлар тилида қўллар бу кеча.

Муаллиф ҳақида

055 Абдулла Шер 1943 йил 5 августда Тошкент вилояти Чиноз туманининг Йўлтушган қишлоғида ҳунарманд-мисгар оиласида туғилди. Ўрта мактабни 1960 йил тугатиб, дастлаб бошланғич мактаб ўқитувчиси, кейин Ленин байроғи туман газетасида адабий ходим бўлиб ишлади. 1962-65 йилларда Шарқий Олмонияда ҳарбий хизматни ўтади. 1965-70 йилларда Тошкент Давлат Университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиди. 1969 йилдан бошлаб “Гулистон” журналининг адабий ҳодими, бўлим мудири, масъул котиби, Ўзбекистон Физкультурачиси газетаси муҳаррири ўринбосари лавозимида ишлади. 1970-81 йилларда Москвада Олий адабиёт курсида ўқиди. 1981 йилдан бошлаб “Ёшлик” журналининг масъул котиби 1984 йиллар мобайнида “Ёшлик” журналининг масъул котиби, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси биринчи котиби ўринбосари, Ёзувчилар Уюшмаси Тошкент вилояти бўлимининг масъул котиби лавозимида ишлади. 1984-89 йилгача эркин ижодкор, 1989 йилдан 2011 йилгача Ўзбекистон Миллий университети Фалсафа факультети Этика ва эстетика кафедрасида катта ўқитувчи, доцент ва кафедра мудири лавозимларида ишлади. 2011 йилдан ҳозирги пайтгача эркин ижодкор. У 1975 йилдан буён Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг, 1977 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси. 2000 йилдан Олий таълим аълочиси.

У 1958 йилдан бошлаб бадиий ижод билан шуғулланади. 1959 йили илк марта шеъри матбуотда эълон қилинган. Унинг биринчи шеърлар тўплами “Кўклам табассуми” 1973 йили чоп этилган. Шундан кейин у “Алёр” (1977), “Атиргул сояси” (1979), “Роз” (1980), “Куз ҳилоли” (1983), “Қадимги куй” (1987), “Нуқтадан сўнг” (1989), “Тоқат” (1997), “Ёнаётган йўл” (2007), “Ёмғирлар оралаб” (2009), “Сарбаст қўшиқлар” (2010), “Севги олмоши” (2010), “Севилмаган менинг севгилим” (2010), “Гул йиллар, булбул йиллар” (Сайланма, 2012) шеърий китобларининг ва “Асрларнинг асраганлари” насрий тўпламининг муаллифи. Шунингдек, у Байроннинг Дон Жуан, Ҳ. Ҳайненинг “Қўшиқлар китоби” олмон тилидан таржима қилган. Рус тилидан Пушкин, Лермонтов, Некрасов, Ахматова, Чаренц, Твардовский шоирлар асарларини ҳам ўзбек тилига ўгирган. Унинг шеърлар ва достонлари рус, литва, инглиз, испан, озарбайжон, турк, қозоқ, қрим татар ва бошқа тилларга таржима қилинган.
Айни пайтда Абдулла Шер файласуф олим сифатида ҳам машҳур. У “Ахлоқшунослик”, “Эстетика” фанларидан ўқув қўлланмалар ва дарсликлар муаллифи.
Ҳозирги пайтда у эркин ижодкор сифатида бир қатор бадиий ва фалсафий асарлар устида иш олиб бормоқда.

(Tashriflar: umumiy 171, bugungi 1)

Izoh qoldiring