Abdulla Qahhorning «Kartina» hikoyasi, «Maftuningman» kinokartinasi va konfliktsizlik «nazariya»si

045     Абдулла Қаҳҳор ҳикоясидан тўққиз йил ўтиб, Йўлдош Аъзамовнинг “Мафтунингман” кинофильми экранларга чиқди. Ўзбек санъатининг бундан ярим аср аввалги ютуқлари ёрқин акс этган мазкур картина ҳаммага яхши таниш бўлгани учун тафсиллаб ўтирмаймиз. Аммо айни фильмнинг Абдулла Қаҳҳор ҳикояси билан бир ўхшаш жиҳати бор: унисида ҳам, бунисида ҳам “ўзбек халқининг бахтли ҳаёти”, “ҳамма ўйнаб-кулиб ҳаёт кечираётгани”, “ҳеч бир муаммо ва можаронинг йўқлиги” асосий ғоя сифатида келади, кино режиссёрининг сафарга чиқиб сюжет қидириши эса, бу асар фабуласини ташкил этади.

Зуҳриддин Исомиддинов
АБДУЛЛА ҚАҲҲОРНИНГ “КАРТИНА” ҲИКОЯСИ,
“МАФТУНИНГМАН” КИНОКАРТИНАСИ ВА КОНФЛИКТСИЗЛИК “НАЗАРИЯ”СИ

07

1949 йилда Абдулла Қаҳҳор “Картина” ҳикоясини эълон қилди. Асар бошида қўнғизнусха бир автомобиль колхоз правлениеси олдида тўхтаб, ундан икки киши тушади. Бир шоир ва бир кинорежиссёр кинокартина олиш учун “Пахтакор” колхозига келишган экан. Улар кечгача қишлоқ ҳаёти билан танишишади: ҳаёт – фаровон, турмуш – қийқириқ, албатта. Уларнинг нияти ҳам қишлоқнинг ободлигини, одамларнинг бахтли эканини кўрсатиш. Аммо, шу орада, муаммо пайдо бўлди. Картина учун каттами-кичикми, ишқилиб – бир воқеа керак, воқеа учун эса қарама-қаршилик бўлиши шарт. Қарама-қаршилик қидириб, картина ижодкорларининг ҳам, колхоз фаолларининг ҳам боши қотади, аммо қурғур конфликтни топиб бўлмайди: “– Балки механизацияга қарши одамлар бордир? – Йўқ. – Лоақал чоллар-чи? – Улар бир маҳаллар қийналиб қўш омоч билан ер ҳайдашган, шунинг учун механизация қадрини ёшлардан яхшироқ билишади…”

Хуллас, қарама-қаршилик деган нарса йўқ бўлиб, патарат топиб кетган экан. Картинанинг олиниши даргумон бўлиб қолади. Чунки воқеа йўқ. Шунда Қундузхон деган донгдор звено бошлиғи: “Мулла акалар, беадабчилик бўлса ҳам, менинг бир таклифим бор эди, колхозни кўрсатишга воқеа керак бўлса, шу келишларинг ўзи бир воқеа эмасми?” деб қолади. Ҳамма кулиб юборади, аммо, пировардида, шу таклиф асосида кинога сюжет топилади. Яъни орадан уч ойлар ўтиб, кинони суратга олиш бошланганида дастлабки кадрларда қўнғизнусха бир автомобиль колхоз правлениеси олдига келиб тўхтайди ва ундан икки ижодкор тушиб келади, улар колхоз ҳаёти билан обдан танишишади, кечқурун раис ва колхоз фаоллари билан бирга асарга конфликт ахтаришади, муаммо ҳеч ҳал бўлмагач, Қундузхон ечим топиб беради…

Абдулла Қаҳҳор ҳикоясидан тўққиз йил ўтиб, Йўлдош Аъзамовнинг “Мафтунингман” кинофильми экранларга чиқди. Ўзбек санъатининг бундан ярим аср аввалги ютуқлари ёрқин акс этган мазкур картина ҳаммага яхши таниш бўлгани учун тафсиллаб ўтирмаймиз. Аммо айни фильмнинг Абдулла Қаҳҳор ҳикояси билан бир ўхшаш жиҳати бор: унисида ҳам, бунисида ҳам “ўзбек халқининг бахтли ҳаёти”, “ҳамма ўйнаб-кулиб ҳаёт кечираётгани”, “ҳеч бир муаммо ва можаронинг йўқлиги” асосий ғоя сифатида келади, кино режиссёрининг сафарга чиқиб сюжет қидириши эса, бу асар фабуласини ташкил этади. Яъни кино тафсилотлари эмас, шу тафсилотлар учун режиссёрнинг материал қидириш жараёни асар сюжетидир.

“Мафтунингман” – биринчи ўзбек мусиқали кинокомедияси. Фильм сценарийси шоир Туроб Тўла ва Михаил Мелкумов қаламига мансуб. Сценарийнинг қайси қисмини ким ёзганини аниқлаш, ҳозир амри маҳол, албатта. Аммо бундан қатъи назар, Абдулла Қаҳҳорнинг “Картина” ҳикояси мазкур кинофильм сюжети учун хамиртуруш вазифасини бажарганини айтиш керак. Мазкур ҳикоя мутолаасидан кейин “Мафтунингман” киносини кўрган ҳар бир киши бунга амин бўлади. Асарда айнан кинофильм сюжети ҳақида гап боради ва сюжет қидириш тафсилотларининг ўзи – тайёр сюжет экани таъкидланади. Бизнингча, бояги аёл тилидан айтилган ғоя “Мафтунингман” сценарийси муаллифларига туртки берган. Абдулла Қаҳҳор ҳатто олинажак кинонинг жанрини ҳам белгилаб, “жуда қизиқ кинокомедия қилиш мумкин”, деб таъкидлаган эди. Чиндан ҳам эътибор берсангиз, Абдулла Қаҳҳор “Картина”сида ҳам, “Мафтунингман” киносида ҳам айтарли тугун ва шунга яраша ечим йўқ – бари асарнинг ичи – ўртасида, қидириш тафсилотларида.

Нега шунақа?

Бу кулгили ва қизиқ лавҳалар ортида қаттол тузумнинг қонли манзаралари акс этиб турибди десак, ҳозирги ёшлар ишонишармикин?..
Ёдингизда бўлса, 1946 йилга келиб адиблар, санъаткорлар ва олимларни қатл этишдан хумори босилмаган давлат энди адабиёт ва санъатнинг ўзини қирғин қилишга киришди: август ойида “Звезда” ва “Ленинград” журналлари тўғрисида ВКП(б) Марказий Комитетининг қарори чиқди. Унда рус адабиётининг икки забардаст вакили – машҳур шоира Анна Ахматова билан ҳажвчи Михаил Зошченко ижоди ғоясизлик, тутуруқсизликда айбланади. Орадан ўн кунча ўтиб ВКП(б) Марказий Комитетининг мазкур қарорига “лаббай” дея “Қизил Ўзбекистон” газетасида “Шарқ юлдузи” журнали ҳақида” деган мақола босилди. “Марказ”нинг бояги қарорида адабий-бадиий журналлар ва уларда чоп этилган асарлар танқид қилингани боис, Ўзбекистонда ҳам ана шундай нашрларга “эътибор қаратиш” лозим бўлар эди. Аммо Республикада мунтазам чоп этилиб турган адабий-бадиий журналнинг ўзи йўқ эди, уруш асоратлари ҳали босилмаганди. Нима қилиш керак? Ноилож, яқинда таъсис этилган, бор-йўғи бешта сони босилиб чиққан “Шарқ юлдузи” журнали ҳужумга нишон бўлди. Мақолада, гўё “холислик” учун Ойбек ва Абдулла Қаҳҳор асарлари “дуруст” дея тилга олиб ўтилади, аммо Зулфия, Уйғун, Собир Абдулла, Шукрулло, Ўткир Рашид, Ҳомил Ёқубов каби адиб ва олимлар ижоди вульгар социологик “таҳлил” қилиниб, Ўзкомпартиянинг марказий нашри томонидан аёвсиз “уриб” ташланди.

Мана, Уйғуннинг севги мавзуидаги лирик шеърлари ҳақидаги ҳукмни қаранг: “Совет воқелигида ҳам севгининг маъноси жуда кенг. Биз ҳаммадан бурун Ватан севгисини, халқ севгисини куйлашимиз керак. Ёр севгиси Ватанга бўлган буюк севгимизнинг ажралмас бир бўлаги сифатида яшамоғи лозим. Уйғун каби шоиримизнинг қуруқ, ҳаётдан, умумий курашимиздан ажралган ишққа бир эмас, тўртта шеър бағишлаши… китобхонларни таажжубга солмасдан қололмайди”.

Бу даврга келиб адабиётда статистик ҳисобот қабилидаги мақолалар кўпайди. Уларда, айтайлик, бирон шоир ё икки квартал давомида металлургия ёхуд пахта ҳақида “нечта шеър бергани”ни айтиб, пўстагини қоқиш етакчи ўринга чиқди. Бадиийлик, адиб маҳорати ҳисобга олинмас, асарга “ғоявий соғлом”лигидан, қайси темада неча юз мисра “маҳсулот” топширилганидан келиб чиқиб баҳо берилар, адиблар “товуш борича” замона берган бахту иқболни тараннум этиши лозим эди.

Кўрамизки, мамлакатда таъқиб ва тазйиқнинг янги тўлқини ёпирилиб келди. 1937 йил қатағонидан, Иккинчи жаҳон уруши талотўпларидан омон чиқиб, эндигина кўкрагини кўтариб юра бошлаган ижодкорларнинг яна нафаси ичига тушиб кетди. Шуниси ҳам борки, даврни куйламай туриш ҳам шубҳа уйғотар эди.
Мана шундай вазиятда адабиётшунослик ва умуман санъат соҳасида янги ғоя ўйлаб топилди. Унга кўра, социализм ғалабаси кучайиб боргани сари ижтимоий ҳаётдаги қарама-қаршиликлар, зиддиятлар таг-томири билан йўқолиб кетиши лозим эди. Бу шароитда бадиий ижодида ижтимоий зиддиятларни рўйирост кўрсатадиган адибларга қийин бўлди. Ундайлар бадбинлик ва нохолисликда, хориждаги душманларнинг тегирмонига сув қуйишда айбланар эдилар. Қатағоннинг совуқ нафаси адабиёт боғига хазон фаслини бошлаб келди. Энг истеъдодли адиблар узлатга чекинишга мажбур бўлдилар. Боя айтганимиз, шоира Анна Ахматованинг номи хийлагача тилга ҳам олинмай қўйди; 35 яшарлигида олти жилдлик “Танланган асарлар”и чоп бўлган Михаил Зошченкодай истеъдодли ҳажвчи бадиий ижоддан қўл ювиб, очеркчилик ва таржима ишига ўтиб кетди; номлари кўпчиликка таниш бўлган неча ўнлаб ижодкорлар эса айнан шу даврда ичкилик ва маишат кўйидан ўзларига овунч ва тасалли қидирадиган бўлиб қолдилар. Уларнинг асарларида ҳам, азбаройи замонасозлик учун, “Элимизнинг толеига улуғ доҳий омон бўлсин” йўсинидаги тилаклар изҳор этилар эди.

Абдулла Қаҳҳорнинг “Картина” ҳикояси ана шу давр маҳсули бўлиб майдонга келди. Унда ўша йиллардаги бошқа асарлар каби, “бахтли ҳаёт” тараннум этилади, дафъатан нақ идиллия шароитини кўрасиз – ҳаммаёқ боғ-бўстон, ҳамма бир-биридан мамнун, келажак эса янада фаровон ва ҳоказо. Аммо, назаримизда, атоқли адибнинг бу асари ботинида машъум конфликтсизлик “назария”сига қарши бир исён ҳам йўқ эмас. Асардаги бир қаҳрамон дангал қилиб: “Асар бўлиши учун бизга нима керак? Бизга воқеа керак. Воқеа бўлиши учун нима керак? Қарама-қаршилик керак”, деб айтади.

Аммо… қарама-қаршилик йўқ эди. Ҳамманинг бахти кулган эди. Тракторчилар, шофёрлар, зардўзлар, колхозчилар… сартарошгача – барча саодатманд. Трактор гулдуроси остида пахтакорлар ўйнаб-кулади, шофёр йўлда ашула айтса, даладаги деҳқонлар унга жўр бўлишади, зардўз қизлар иш ўрнига қўшиқ айтиб, рақсга тушадилар: гўё иш дегани – меҳнат эмас, бир байрам… Аммо бундай лавҳалар ғирт сохта ва хўжакўрсинга тайёрланар, амалда эса одамлар каналлар қазиш, сув омборлари қуриш, чўлларни обод қилиш, ботқоқ қуритиб завод барпо этиш каби улкан экстенсив тадбирларга ёппа сафарбар қилиниб, оғир, ноинсоний шароитларда касалликларга чалиниб, пашшадай қирилар, кинофильмларда эса улар ўрнига энг хушбичим, латофатли артистлар қаҳрамонлик жасоратини амалга оширар, халқ гўё ғалабалардан ғалабаларга, байрамлардан байрамларга ўтиб бораётгандай тасвирланар эди. Аксар назариётчилар социализм ғалаба қилгач, “нафақат антагонистик, балки ноантагонистик қарама-қаршиликлар ҳам ҳаётдан йўқ бўлиб кетгани”ни зўр қувонч билан маълум қилардилар.

Тўғри, орадан камида ярим аср ўтди, бунақа қалбаки “ҳаёт лавҳалари” ҳам, уни ёқлайдиган ғайриилмий ғоя ҳам ҳозир йўқ, улар ўтмиш ахлатхонасида қолиб кетди. Аммо ўша даврда даврон сурган бу ҳукмрон “назария” адабиётга, санъат ва маданият тараққиётига, матбуот равнақига кўп зиён етказиб, ана шундан кейин бартараф бўлди.
Шундайликка шундай. Аммо ҳаётни алвон рангларга бўяб кўрсатиш ўттизинчи-эллигинчи йилларгагина хос ҳодиса эмас экан. Қачонки сўз санъатида ялтоқланиш, хушомад муҳити шаклланса, мадҳиябозлик яна пайдо бўларкан. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллар бошида баъзи адибларнинг асарларида барча муаммолар ЦКнинг салобатли кабинетида, республика раҳбари томонидан энг одилона ҳал этилиши, бошида тегирмон тоши юрғизилган жафокаш қаҳрамоннинг ҳаёти ўша онда 180 даражага ўзгариб, бахту омад симфониялари чалиниб кетишини тасвирлаш удумга айлана бошлаган эди. Озод Шарафиддинов “Ҳаётийлик жозибаси ва схематизм инерцияси” деган мақола ёзиб, уни кескин танқид қилиб чиққани, шундан кейин бу тенденция бир қадар пасайгани ёдимизда.

“Бир қадар” деган калимани бежиз қўшмадик. Ҳаётни гулчамбар ичига солиб тасвирлаш тамойили бир мақола билан бартараф бўлиб қолмас экан. Чунки конфликтсизлик – бу адабиёт шумғиясининг иккита ўқ томири бўларкан: бир илдизи подабузарликда айбланмаслик учун ҳадик-ҳавотир, иккинчиси эса “соғлом ғояли, чин ватанпарвар ижодкор” сифати билан танилиб, эътибор топишга бўлган таъма – илинж. Ҳар икки ҳолда ҳам ижод эркинлигига путур етади.

Шу ўринда, ёзувчининг эркинлиги ҳақида икки оғиз сўз юритсак. Ижодкор эркинлиги деганда, мен асар яратиш жараёнида адибнинг ўзини тўла эркин ҳис қилиши, турли мавзуда, турли тарзда бемалол экспериментлар ўтказиш эркинлигини тушунаман. Ана шундай шароитда, адабиётда янги бадиий ғоялар, янги оқимлар, янги жанрлар юзага келади ва миллий бадиий тафаккур даражаси юксакка кўтарилади. Бироқ қайси мавзуда ёзиш мумкин ё йўқ, бу гапни шу тарзда ифодалаб бўлармикин, кимдир – биров қарши чиқмасмикин, дея Чеховнинг “Ғилоф бандаси” қаҳрамонига ўхшаб, ҳадеб ўзни чеклаш, ҳаккадай ҳадиксираш нафақат асарни ва ижодкорни, балки бутун адабиётни боши берк кўчага киритиб қўяди. Зеро, табиий ўсаётган дарахт аллеялардаги оғочлар сингари мақбул форма олиб эмас, бутун танаси бўйлаб шох-бутоқлар чиқариб, борлиғи билан гуллаб-яшнаб қулф уриб кўкаради-ку! Шуниси билан у – тирик дарахт. Ҳеч бир дарёнинг ўзани нивелир билан тортилган каналга ўхшаб бир чизиқ бўйлаб эмас, минг хил буралиб, ададсиз қайрилишлар билан оқади ва теваракдаги борлиққа жон ато этади. Зеро, бусиз дарё – дарё эмас. Инчунун, адабиёт ҳам ЦК қарорлари асосида эмас, ўз ички стихияси билан ривожлансагина кўзларни яшнатувчи ям-яшил дарахтга, кўнгилларга обиҳаёт етказувчи дарёи азимга айланади.

Аммо иккинчи “ўқ илдиз” – эътибор топишга интилиш мулоҳазаталаб масала. Гап фақат орден-медал, унвон ва мукофот тамасида ижод қилиш ҳақида кетаётгани йўқ. Ҳар қандай соғлом жамиятда нафақат ўта истеъдодли, балки ўртамиёна бир ёзувчи ҳам бошқа тирикчилик кўйига тушмасдан, бемалол бола-чақа боқиб, кун кўра олиши керак. Бунинг аксича, китобини чоп эттириш учун адиб квартирасини ё бир маҳаллар олган машинасини бозорга чиқаришга мажбур бўлса ва бу кундалик воқеликка айланса, ижодкор эртакдаги каби уч йўлдан бирини танлашга мажбур бўлади: у ё рўзғорини ўйлаб бошқа касб танлаши лозим ёхуд боя айтганимиздай, ичкиликка, сархушликка берилади ва ё “замонабоп” асарлар ёзиб ўзини тақдим этишга ўтади. Бу эса машъум конфликтсизлик яна майдонга чиқди дегани, у организмда летент ҳолда яширин туриб, ниш урган хасталик сингари шароит юзага келиши билан ўзини такрор-такрор кўрсата беради…

Кўрамизки, бадиий заифлик конфликтсизликдан, конфликтсизлик эса хўжакўрсин ватанпарварликдан пайдо бўлар экан. Бу ҳолат баъзиларнинг “ўзгалар ишонса зора”, дея сохта ҳисларини ҳам изҳор этаверишига ўхшаб кетади. Чунончи, телевидение бот-бот намойиш қиладиган, давлат байроғи фонида “Вата-ан, вата-ан!” дея ҳайқираётган, аммо дили тубидаги “зора назарларга тушсак, зора хизмат кўрсатганимиз тақдирланса”, деган илинжи аён сезилиб турган хонандаларнинг қўшиғи одамларга таъсир қилади, деб ўйлайсизми?..
Қишлоқлар ободончилигига, янги кўприкларга, довон йўллари, конлар очилишига атаб улкан адабий полотнолар яратиш мумкин, керак ҳам, аммо бунинг учун шу мавзу, шу объектнинг қаламга олинганининг ўзи кифоя эмас-да…

Яна “Мафтунингман” кинофильмига қайтайлик. Бу картинани ҳамма яхши кўради. Чунки у гўё улкан бир панорама – ўзбек санъати энг ривож топган бир палла ҳақида зўр таассурот беради. Ҳар гал бу кинофильмни кўриб, шундай гўзал, бетакрор санъатимиз борлигидан, шундай юксак маданиятга эга бўлган халқнинг бир вакили эканимдан фахрланиб кетаман.
Аммо уни бу даражага кўтарган нарса сюжети эмас, балки “сюжет” ипига тизиб қўйилган санъат асарларининг ўзидир, асар фабуласининг ўзида эса ҳеч қандай ўсиш – ўзгариш, кулминация ва ечим йўқ.
Ҳолбуки, ўша даврда одамларнинг турмуши қандай қийинчиликлар, йўқотиш ва уқубатлар билан ўтаётган бўлмасин, ҳукмрон сиёсат ижодкорлардан фақат “бахт шодиёнаси” бўлган асарлар яратишни беҳаёларча талаб қилар эди. Оқибати эса – маълум. Даврнинг кўзи ва қулоғи, сўзи ва овози бўлган бадиий адабиёт, санъат, матбуот реал воқеликни кўрмаслик учун кўзларини юмиб, қулоғини беркитиб олса, номига овоз чиқариб, ҳеч ким ишонмайдиган тарзда “ҳаммаёқ фаровон, ҳамма ишимиз беш” деб уқтира берса, ҳатто инсоний севгини ҳам инкор этиб, “умумижтимоий севги”ни талаб қилса, сохта ватанпарварлигу ватанни севиш туйғусини одамнинг тумшуғига тиқиштира берса, шу адабиёт, шу санъатгина эмас, ундан шуни талаб қилган ҳукмрон тузумнинг ҳам таназзули тезлашиб кетар экан.

Чинакам адабиёт, асл санъат, ҳаққоний матбуот жамиятнинг санитари ўлароқ, ҳаётда юз бераётган нуқсону иллатларни рўйирост очади, хаспўшламайди, мадҳиябозлик қилмайди. Шундагина ижтимоий ҳаёт соғлом, мўътадил равишда кечади. Ва бунинг аксича, айтайлик, жамиятда порахўрлик илдиз ота бошлаганини кўриб, ўз ҳаётий позициясидан чекинмаган ёзувчи, “Тобутдан товуш” ёки “Сўнгги нусхалар” дея вазиятдан келиб чиқиб юмшатувчи номлар қўйиб бўлса-да, драма ёзса, ҳукмрон мафкура лаббайгўйлари бунга жавобан “Абдулла Қаҳҳорнинг “Тобутдан товуши” тарзида ҳақоратомуз сарлавҳалар билан фельетонлар чиқариб, адибни оёғидан чалишга киришса ва… бу ҳеч ким эътироз қила олмайдиган одатий, ҳамма ўрганган бир ҳолга айланса, наинки адабиёт, балки шундай носоғлом муҳитни барпо этган тузумнинг ўзи ҳам тубидан уқаланиб-уваланиб кета бошлайди ва уни тўхтатадиган куч топилмай қоларкан.

Яқинда улуғ ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг “Картина” ҳикоясини такрор ўқидим. Интернет орқали “Мафтунингман” кинокартинасини яна бир бор томоша қилдим. Ва шундай хулосага келдимки, асл санъат асарларида ҳаққоният ва гўзаллик бир-бирига пайваста бўлиб кетаркан. Шунинг учун ҳам бундай асарлар ўлмас экан. Зўраки, мадҳиясевар тузумлар, ўшандай давр-давронларни алқайдиган асарлар, уларга “илмий” асос бўлган сохта “назария”лар эса совун кўпигичалик давр суриб, йўқликка юз тутиб кетавераркан…

…Тарих – ибратдан иборат. Биз шунинг учун уни ўрганамиз. Бу ибрат биздан ҳур замонда теваракка очиқ кўз билан назар ташлашни, юз бераётган катта-кичик ўзгаришлар моҳиятига теранроқ кириб боришни ва уни бадиий инкишоф этишни тақазо этади.

06

(Tashriflar: umumiy 505, bugungi 1)

Izoh qoldiring