Ahmad A’zam. Kuni bizga qolgan bayroq.

011
Бу воқеани айтиб берсамми, йўқми ё тарихий обидаларимизга ҳурматимиз катта, осори атиқаларимизни ниҳоятда эъзозлаймиз деганимиз билан аслида аҳволимиз шундай деб ўкиниб юравериш керакми деган иштибоҳларга бораман. Йўқ, айтмасам бўлмас экан, энди фойдаси йўқдир, лекин кўпчилик билиб қўйгани яхши. Кейин, яна балки, шояд деган умидлар ҳам тарк этмайди.

035

Аҳмад Аъзам
КУНИ БИЗГА ҚОЛГАН БАЙРОҚ
“Гапхона” туркумидан

Бу воқеани айтиб берсамми, йўқми ё тарихий обидаларимизга ҳурматимиз катта, осори атиқаларимизни ниҳоятда эъзозлаймиз деганимиз билан аслида аҳволимиз шундай деб ўкиниб юравериш керакми деган иштибоҳларга бораман. Йўқ, айтмасам бўлмас экан, энди фойдаси йўқдир, лекин кўпчилик билиб қўйгани яхши. Кейин, яна балки, шояд деган умидлар ҳам тарк этмайди

Тўқсон саккиз ё тўқсон тўққизинчи йили, “Ўзлик” кўрсатуви авжида пайтлари исми ҳам эскичасига, ҳам янгичасига чиройли бир Гулпошша деган аёл телефон қилди. Фамилияси Эргашхўжаева экан. Шунга қараб негадир тегли-тугли оиладан, камида хўжалардан деган фикр келди хаёлимга, бу ҳам бежизга эмас экан. Аёл келди, рисоладагидек бежирим кийинган, жиддий, ўқимишли экани ўзини тутишидан ҳам билиниб турибди, Дипломатия ва халқаро иқтисодий муносабатлар университетида ишлайди ва ҳақиқатан ҳам томири Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам қишлоғида ётган азизу авлиёларга бориб тақалар экан. Албатта, аждоди репрессияга учраган ва албатта, қатағон ҳақидаги навбатдаги кўргуликларни эшитаман деб ўйладим…

Йўқ, Гулпошша опа тамомила бошқа гапни кўтариб келибди ва бу гап бошда менга ривоятга ўхшаб туюлди: соҳибқирон Амир Темур буюк мутассаввуф Аҳмад Яссавий бобокалонимиз қабри устига ёпган табаррук байроқ бугунгача асраб келиниб, ҳозир ҳам бир яхши одамлар қўлида сақланаётган эмиш. Ана холос, дедим ичимда. Жуда ишонгим келди, лекин ичимда шубҳа бор. Эсласангиз, ўша пайтлари башоратчию экстрасенслар сафи селгимаган, ҳаммасида камида биттадан каромат бор, Тошкентда тинчиган миш-миш Фарғонадан чиқиб турар эди. Опа шунақа бир таъсирчан ривоятни эшитган, ривоят Амир Темур ва Аҳмад Яссавийга тааллуқ бўлгани учун жуда ишонгиси келган ва ўйлаб-ўйлаб ишонган ҳам деб ўйладим. Бошда унинг гапларини ана шундай шубҳа-гумонлар кўчасига кириб-чиқиб эшитдим. Илм одамлари орасида соддалари камми, кейин, олти юз йилдан бери не-не осори атиқалар xоку туроб бўлиб кетди-ю, Амир Темур бобомиз Аҳмад Яссавий қабри устига ёпган байроқ тилла толадан тўқилган бўлса-да, ҳалигача омон қолар эканми, хуллас, ишониш ҳам қийин-да. Лекин Гулпошша опа бу байроқ ўз аждодларида сақланган ва ҳозир ҳам бор, деяпти! Опанинг гаплари мўъжизага тортиб кетади-ю, лекин тарих тубидан чиқиб келяпти, аввалбошдаги шубҳаларим энди ҳайратга айланди: бордию ривоят эмас, рост бўлиб чиқса-чи!

Опа сувратини ҳам олиб келганман, деди, видеотасвирда! Ана, энди ҳақиқатан ҳам мўъжизани кўргандек VHS тасмасига туширилган тасвирларни кўриб олдим. Йўқ, бу уруш ялови, ҳарбий байроқ эмас, жуда катта учбурчак, икки киши икки учидан тортиб турибди, шунга қараганда тенг томонлари икки метрча чиқади, ўртаси нимадир кўк-яшил материал, ғиж-ғиж арабча матнга тўла ҳошияси йигирма сантиметрлар келади. Бу нимадир диний, тариқат мақоми акс этган байроқ, шунинг учун безаксиз. Зиёратларга борган жойларимда азизу авлиёларнинг марқадига ёпилган сўзана, гулдор чойшаб, гиламчаларни кўрганман, баъзилари жуда эски, лекин бунақа байроққа дуч келмаганман. Ўзим варақлаб кўрган тарих китобларидаги суратлар, альбомларда ҳам бунақасига кўзим тушмаган. Бу байроқ ноёб эди: матоси ўша даврлар Каъба устига ёпилган бахмалнинг бир бўлаги экан. Энди табиийки, жуда эскириб кетган.

Йўқ, буни ҳозир кўрсатмаймиз, унга бошқаларнинг эътибори тушмасдан олиб келамиз, кейин бамаслаҳат бир йўли топилар. Ҳозир у билмагани билан бошқа давлатнинг мулки, жория қилсак, ўша ернинг ўзидан олиб кетиб қолади, олиб келгандан кейин билдирсак, қайтариб беришни талаб қилади. Аммо уни бу ҳолда ҳам қолдириб бўлмайди.

025

024

Бугунги кунда янги мустақил давлатлар ўз тарихини яратишга интилиб, ҳақиқий умум тарих кўрпасини ўз устига тортиб ётган давр, айниқса Аҳмад Яссавий бобомиз икки миллатнинг ҳам бирдек табаррук ҳазрати. Кейин Амир Темур бобомиз Яссавий бобомиз қабри устига маҳобатли мақбара тиклаганини, жуда кўп ҳожатмандларнинг кунига ярайдиган баҳайбат дошқозон қуйдирганини тарих китобларидан биламиз, қозон ҳозир ҳам бор, зиёратга борганда кўрганман, ичи тўла содда халқимиз ташлаган хайр-эҳсон пули, бир давр Петербургдаги Эрмитаж музейида бўлиб яна қайтиб келган, лекин у тунж, яъни бронзадан қуйилган, яна минг йиллар туриш беради, аммо қабр устига ёпилган байроқ матодан тикилган, бу мато ҳар қанча пишиқ бўлмасин олти юз йилдан бери сақланиб келаётгани, бари бир, кўнгилнинг туб-тубида иштибоҳ туғдиради ҳам. Шунинг учун байроқ ҳақида кўрсатув қилишга ҳали бор, деган фикрга бордим. Энг асосийси – байроқнинг ўзини кўриш, иложини қилиб яна Тошкентга олиб келиш (яна деганимнинг тагида кўп гап бор, расамади билан буни ҳам айтаман). Албатта, бекитиқча, билдирмай келтириш керак. Унгача Гулпошша опанинг аждодлари бошига тушган кўргуликларини ёзиб турамиз.

Ими-жимида бир ўзим бораман, нима қилиб бўлса ҳам қайтариб олиб келаман!

Байроқ жуда азиз, лекин назаримда тақдири омонат эди.
Бир мўъжиза юз берадигандек ва ўзим аралашиб, мушкулотни ечадигандек ишонч уйғонди. Шундай табаррук нарсанинг тақдирига аралашиш бир шарафга эришиш имкониятидек ва бу имконият олдимга келиб тургандек туюлди.

Тўғриси, бориб олиб келаман деган фикрдан кўнглим ёришиб, ёш боладек серҳаяжон бўлиб қолдим. Қаранг-а, шундай табаррук нарсани билдирмай олиб келиш менинг чекимга тушса-я! Худо ол, қулим, дегани шу-да.

Аммо у Тошкентга бир келган, сейфда қулфланиб ётиб-ётиб яна қайтиб кетган. Айтсам ишонмайсиз-а? Шундай бўлган! Уни олиб келган отахоннинг гапларига ҳам, байроққа ҳам ишонмаганлар, буни тарих музейига топширинг-да, Сайрамингизга қайтиб кетаверинг, дейишган. Отахоннинг дили озор топиб, байроқни қайтариб олган-да, Сайрамига жўнаб юборган. Ишонмайсиз-а? Албатта, ишониш қийин, лекин шундай бўлган.

Байроққа ана шу муносабат ўйлантиради, одамни кўп нохуш хулосаларга тортиб кетади. Унгача бундай бўлмаган, Туркистон, хусусан Сайрам аҳли бу байроқни Амир Темур бобомиздан мерос деб кўз қорачиғидек сақлаб келган.

Гулпошша опанинг айтишича бундай бўлган. Соҳибқирон Амир Темур буюк мутасаввуф Аҳмад Яссавий қабри устига мақбара тиклагандан сўнг унинг қабри устига бу байроқни ёпган. Байроқ чор Россияси босқинигача қабрга ёпиғли турган, зиёратга келган халқ тавоф қилиб юрган. Ясси – Туркистон шаҳри истило қилинишидан олдин, чор қўшини яқинлашиб қолганидан хавотирга тушиб, байроқни руслар олиб қўяди, деган ўйда уни олиб яширганлар, қаерда, кимдалигини оғзига маҳкам хос одамларгина билган. Тўғри қилинган, чунки руслар келгандан кейин Яссавий бобомизга тегишли ҳамма нарса хатга олиниб олиб кетилган. Билмаган одамга кўримсиз туюладиган байроқнинг тақдири аянчли бўлиши турган гап эди.
Дошқозонни биласиз, тортиб олиниб, Петербургга олиб кетилган. Руслар олиб кетган ашёларнинг икки жилдлик альбоми Қозоғистонда нашр этилган, улар орасида, табиийки, байроқ тасвири йўқ. Шунга қараганда. байроқ Туркистонга руслар кирмасидан олдин олиб яширилган. Шу билан авлодма-авлод, сандиқма сандиқ ўтиб келаверган.

Мустақилликдан кейин ҳам байроқдан ажралиш хавфи сақланиб, яна сир тутилган, қабрга, ўз жойига ёпсак, давлат олиб қўйиши, пойтахтдаги бирон музейга бериши ва музейларнинг бу аҳволида шу билан бадар кетиши мумкин деган хавотирда. Бу орада Тошкентда Амир Темур музейи қурилади. Шу билан Туркистон аҳлининг кўнглида умид ҳам кўтарилади: ана энди байроқнинг ўрни топилди – Амир Темур бобомиз ёпган байроқ унинг музейида туриши керак!

Байроқ очиқланади, оқсоқолларга маслаҳат солинади: уни ўзимиз бундай сақлаб туролмаймиз, Тошкентга олиб бориб, соҳибқирон бобомиз музейига берайлик, унинг шунча вақт сандиқларда бекиниб ётгани етар, энди бутун ўзбек халқи кўрсин, фахрлансин. Бу маслаҳат ҳаммага маъқул тушади ва охирги марта байроқ уйида сақланаётган отахон халқнинг дуоси ва розилигини олиб уни Тошкентга олиб келган…

Отахон байроқни очилажак музейга келтирган ва бу соҳибқирон Амир Темурнинг байроғи деб, унинг тарихини айтиб берган, буни музейга қўйсангиз-да, эвазига битта гилам берсангиз, мен гиламни олиб бориб масжидимизга, халқнинг пойига тўшасам, деган.

Ана, бюрократиями, илмий шубҳачиликми ё лоқайдликми шу ердан бошланади. Аввалига байроқнинг Амир Темур давридан бери сақланиб келаётганига ишонишмаган ва бу ҳам тўғри туюлади, кейин Амир Темур музейига қўядиган бўлгандан кейин албатта ишончли экспертизадан ўтказиш керак. Гулпошша опанинг югур-югури билан байроқ тарихчи ва бошқа мутахассис олимларга кўрсатилиб, уларнинг жуда қадимий деган хулосаси олинган. Уни экспертизадан ўтказишнинг техник имконияти бўлмаганми, ишқилиб қилинмаган, фақат ҳошия қисмидаги ёзувлар Шарқшунослик институтида кўчириб олиниб, таржима қилинган. Олимлар байроқ тарихи борасида қатъий фикрга келганми, келмаганми, ишқилиб, у ўша пайтлардаги катта бир раҳбар ҳукмига топширилган. Совет комсомолининг шонли юришлари мавзуида докторлик диссертацияси ёқлаган бу раҳбарга байроқ жўн бир эски латта бўлиб туюлганми ё Амир Темур билан Аҳмад Яссавийга тегишли деган гапни оми халқ тўқиган бир чўпчак-да, деб ўйлаганми, ишқилиб, уни икки-уч ой сейфига ташлаб қўйган. Айтишларича, уни Амир Темур музейи залларида намойиш этиладиган осори атиқалар сафига киритмаган ҳам. Балки ишонмагандир, балки иккилангандир, бу ёғини ўзи билади, ишқилиб, бобойга айтинглар, бу нарсасини олиб бориб тарих музейига топширсин-да, Сайрамига кетаверсин, деган. Вассалом, отахонга битта гилам бериш, тарих музейида ҳам экспонат қилиб қўйилиши ҳақида гап бўлмаган Ҳолбуки, бунақа байроқ на Ўзбекистоннинг, на Марказий Осиё давлатларининг бирон жойида, эҳтимолки бутун ислом оламида йўқлиги ҳақиқат эди. Кейин, халқнинг Аҳмад Яссавийдек улкан диний арбоб, тариқат пирига тегишли ашё ҳақида ривоят тўқиши ҳам ақлга сиғмайди. Умуман бу байроқнинг Тошкентга келиши ва қадр топмай қайтиб кетиши ҳам ақлга сиғмайди.

Бу ёқда қазилмалардан чиқиб қолган ҳар бир ашёни пуфлаб кўзга суртиб ётибмиз, чет эллардан тадқиқотчилар келиб, бир сопол кўза синиғида безак топса, дўпписини осмонга отяпти-ю, соҳибқирон бобомизнинг байроғига муносабат шу бўлса! Байроқ нима бўлганда ҳам узоқ тарихда Аҳмад Яссавий қабрига ёпиб келингани билан ҳам табаррук осори атиқа-ку!

“Ўзлик” кўрсатуви от устига миндирган пайтлар, ўзимга ишончим ўзимдан ҳам баланд. Шу ишончимга таяндим, ўша отахонни топаман, у киши қайтиш бўлган бўлса, авлодини топаман, нима қилиб бўлса ҳам байроқни беришга кўндираман! “Ўзлик”ни гапираётганим бу кўрсатувнинг машҳурлиги байроқ борасидаги музокараю гуфту-гўларда кўп қўл келган.

Гулпошша опанинг аждодлари бошига тушган репрессия кўргуликларини ёзиб олдим-да, эртаси куни кассетани қўлтиқлаб бош вазир ўринбосари Ҳамидулла Кароматов ҳузурига кирдим. У киши бир йиғилишга отланиб турган, гаплашишга вақти йўқ экан, ака, кейинроқ келинг, деди. Кўп вақтингизни олмайман, атиги икки дақиқа, бир нарсага кўз ташлаб беринг, илтимос, деб кассетани кабинет қуйисида турган магнитофонга тиқдим. Ҳамидулла Кароматов сал диққат бўлиб магнитофонни қўшди ва байроқни кўриб, ҳайрону лол бўлиб қолди: нима бу, бор нарсами? Мен шоша-пиша икки оғиз изоҳ бердим. Бош вазир ўринбосари тарихни яхши биладиган одам, ҳайратга чўмди, бунақасини кўрмаганман, дунё кезиб юрибман, шарқ мамлакатларидаги кўп азиз авлиёларнинг қабрини зиёрат қилдим, аммо бунақа байроқни кўрмадим, ўзимизда ҳам йўқ, жуда эскилигига қараганда ноёб дурдона, Амир Темур бобомиздан мерос бўлиши бор гапга ўхшайди, биздан олдингилар чатоқ иш қилган экан, қанийди қайтариб олиб келсак, деди. Мен бориб олиб келаман, дедим. Қандай қилиб, чегарадан қандай олиб ўтасиз, деб хавотирланди у киши. Машинамнинг ўриндиғига тўшаб, устида ўтириб ўтавераман, қайси чегарачи билиб ўтирибди, бу бир эски латта экан, деб ўтказиб юбораверади, дедим. Бош вазир ўринбосари ўйланиб қолди, маъқул, олиб келолсангиз, зўр иш бўлар эди, лекин тез бориш керак, у ёқнинг ўзи эга чиқмасдан, деди. Бир оз харажати чиқиши мумкин, байроқни сотиб олсам, катта пул сўрашса, дедим, топинг, қайтганингиздан кейин ҳаммасини ўзим қоплаб бераман, деди Ҳамидулла Кароматов.

Шундай қилиб борадиган бўлдим. Хаёлимда ҳар хил ҳисоб-китоб, ҳаммаси тўғри бўладигандек, аммо байроқнинг қадри баландлигини энди билиб, ростдан ҳам катта пул сўрашса-чи? Масалан, минг-икки минг… балки ўн минг доллар берасан деб қолишса, бу ёғи чатоқ. Ана шу чатоқликни ҳал қиламан деб, валломат, фидойи дўстим, “Матбуот тарқатувчи”нинг бош директори Рустам Қосимов олдига бордим. Унга масалани тушунтирган эдим, катта савоб иш экан, хўп десангиз, бирга борамиз, деб қолди. Зўр бўларди, дедим, фақат ёнингизга каттароқ пул олиб оласиз-да, кўкидан, дедим.

Келишдик-да, эртаси куни эрталаб Рустам аканинг “Эсперо”сида қайдасан Сайрам деб йўлга отландик, Ғишткўприк божхона постига етай деганда чегарадан паспортсиз ўтказмаслиги эсга тушиб, орқага қайтиб, ҳужжатдан камимизни тўлдириб олдик. Ўзимизнинг божхонадан беишкал ўтдик, Қозоғистон божхонаси ҳужжатларни текширди, машинага рухсатномани ичкаридан оласизлар, деди аскар йигит. Ичкари кирсак, машина учун олти минг тўлашимиз керак экан, зобит йигит, ТВнинг кучи-да, мени таниб қолди, ҳам депутатлик гувоҳномамни кўриб, сиздан пул олмайман деб, текинга рухсатнома ёзиб берди. “Эсперо”нинг тумшуғини Чимкент йўлига тўғрилаб, газни босдик…

Йўл бўйи биронта “дан”чи кўрмадик, ҳеч ким тўхтатмади. Сайрам йўлига бурилиб, қишлоқлардан оралаб ўтаётганимизда бу ерларнинг нимасидир ғалати туюлди: ҳар бир ҳовлидан жуда узун, ўттиз-қирқ метрлик қувур ё тўғри улама хода қўтарилган. Аввал бу ерларда кўп чақмоқ чақади шекилли, яшинқайтарғичмикан, лекин нимага бунча баланд деб ўйладим. Кейин разм солсам, ҳаммасининг учида “мўйлови” бор: антенна экан, бари Ўзбекистонга тўғриланган. Борганда сўрадим, бу ердагиларнинг ҳаммаси шунақа узун антенна билан “Ўзбекистон” телеканалини тутар экан. Демак, бу ёғидан кўнгил тинч: “Ўзлик”ни кўрадилар, мени кўпчилик танийди.

Сайрамда тўғри тарих музейига бордик. Олдин ҳам бир келганман. Музей директори Мираҳмад ака ишлаб ўтирган экан. Кўришиб-сўрашиб, байроқни суриштиришга тушдик.

Байроқни отахон Тошкентдан қайтариб олиб боргандан кейин, менда турса бир кор-ҳол бўлиб қолмасин деб, Сайрам тарих музейига, Мираҳмад акага топширган. Орадан вақт ўтиб, чол вафот қилган, байроқ музейда қолган. Яна орадан сал вақт ўтиб, чолнинг яқинлари байроқ ўзимизда турсин, халқ Сайрамда қолиб кетадими деб безовта бўляпти деб, сўраб ўзларига олиб кетган. Кейин яна нимадир бўлиб, нимадир қўйиб, байроқ бир одамнинг қўлига ўтган ва Манкент қишлоғининг тарих музейидан қўним топган. Байроқ ҳозир шу музей деворида осиғли экан. Бу гапни эшитиб юрагим тушиб қолай деди: шундай ноёб нарсани қанақасига очиққа осиб қўйишади! Яна қишлоқ музейида!

Бир гапни айтиш керак: Қозоғистондаги кўп ўзбек қишлоқларида тарих музейи бор, уларда ўз тарихини билишга қизиқиш жуда катта. Музейларки мослаштирилган биноларда эмас, кўпи учун алоҳида иморатлар қурилган, кўплаб осори атиқалар йиғилган. Аҳолининг ўзи тиклаган, ўзи ғамхўрлик қиладиган бу музейлар четдан борганга жуда қизиқ, одамнинг ҳавасини, нимага бизда бунақа эмас деган озгина ҳасадини ҳам уйғотади.

Хай, майли, бу алоҳида мавзу, биз учун асосийси, байроқ омон, музейда осиғли, музей Манкент деган қишлоқда. Манкентга етгунча бир неча қишлоқ ораладик, Оқсувми деган сой ёқалаб юрдик, биздагига қараганда уч-тўрт даража салқинлиги учунми, ҳавоси хушёқим, умуман чиройли жойлар экан. Манкент ҳам баҳаво, ҳовлилари пасту баланд, кўчалари иланг-биланг, истарали бир қишлоқ экан. Музейни топиб борсак, берк, кўчадан юрганлар бизга қизиқсиниб ўраб олишди, Рустам ака бу қадар эътиборга тушганимиздан ҳайрон, менга эса сабаби маълум – осмонга баландлаб кетган антенналар. Шу одамлар айтди, музей директори, Нормаматми, Тошмаматми, деган одам экан, очиғи,исми аниқ эсда йўқ, шунинг учун, келинг, Нормамат дейлик, хуллас, шу кишининг бугун музейга келиш-келмаси даргумон, ҳозир –масжидда бўлса эҳтимол. Урим-бурим кўчадан масжидни топиб бордик, намоз вақти бўлмагани учун одам йўқ, қўшни ҳовлидан бир ёши ўтган киши чиқиб қолган эди, ундан музей директорининг уйини сўрадик. “Э-э, Нормамат аками?” деганига қараганда, Нормамат ака бизга ака эмас, отахон бўлар экан. Яна бир бурилмали қўчага бурилдик. Салдан кейин бу кўча ҳам торайиб, олдинга юрсак, орқага бурилиб олишимиз гумон, “Эсперо”дан тушиб, икки оёққа миндик. Кўчанинг охирларига бордик, учта дарвозагга тақалдик. Айтдим-ку, бу ердаги ҳовлилар пасту баландлигини. Шу одам бўйи пастликдаги чўп-чўқир билан ўралган томорқасида бир кампир куймаланиб ётган экан, кўча лабида туриб чақирдим, салом бериб, Нормамат отахоннинг эшигини сўрадим.

Кампир бошини кўтарди-да, бир муддат каловланиб қолди, кейин “Вой! Вой! Аҳмад Аъзам! Аҳмад Аъзам! Бугун ўнг ёғим билан турган эканман. Бу томонларда нима қилиб юрибсиз? Вой, айнониб кетай” деб биз томонга келаверди. Мени таниётгани телевизор туфайли эканини билсам ҳам кўнглим бошқача бўлиб кетди. Эътибор кимга ёқмайди дейсиз! Рустам ака ҳам жуда ҳайрон: “Э-э, шу ерда ҳам сизни билишадими?” деб ғуруримга мой сепади. Кампир гапни “Ўзлик”дан олди. Аҳмад Аъзамдек одамки ўз оёғи билан келиб қолган экан, бир пиёла чой қилиб бермасдан қўйиб юбормаслигини билдирди. Ичимда бу ердагилар шу кампиригача мени билса, демак, сиздек одамки ўзи сўраб келибдики, манг, байроқ сизга, деб қўлимга тутқазиб юборишадигандек туюлди. Шу-да, ким ўзини яхши кўрмайди, бу ёқда бошқа мамлакатнинг овлоқ қишлоғида кампирларгача таниб турса! Ишқилиб худойимнинг ўзи ишимизни ўнглаб тургани рост бўлиб чиқсин-да. деб юрагим пўкиллаган.

Сал наридаги уй ўша Нормамат отахонники экан, ҳали ўзини кўрмай, отахон деб ғойибдан хушомадни бошлаб юбордим. Аммо отахони тушмагур уйида ҳам йўқ экан.

Яна музейга қайтиб келдик, энди нима қилдик деб бошимиз қотиб ўтирганда бир отахон келиб музей эшигини очди. Ана, ниҳоят мақсадга эришдик! Ўзи экан!

Нормамат отахон соқоли бежирим кузалган, бошида дўппи, эгнида пўрим яктак, босиқ-вазмин, ҳадеганда очилавермайдиган киши экан, менга ичимдагини топ деган қувлардан туюлди. Майли, бу ҳақда кейин.

Музейга киришимиз билан аланглаб байроқни топдим. Мана, шунча орзиқтирган нарса кўз олдимда турибди! Томонлари икки метрча, чеккасига йигирма сантиметрлар келадиган пишиқ бўз ҳошия тикилган, қолган жойи, яъни ўртаси пати тўкилиб, тўқ яшил ранги унниқиб кетган бахмал. Бахмали Маккада Каъбага ёпилиб, ҳар ҳайитдан кейин янгиланадиган бахмалдан махсус олиб келтирилган, четидаги ҳошия бу ерда тикилиб, эскирганда янгилаб турилган. Бахмал байроқ шунча эскилигига қарамай салобати билан босади, кўнгилга бир маҳобат солади. Фақат… очиқ деворга қоқилган! Ҳа, ишонаверинг, ҳалиги дераза шишасини қотирадиган бир сантиметрлик майда мих бор-ку, тортиб шу билан қоқиб чиқилган. Пастга осилган қисмига қўл етади, ана шу қўл етадиган қисми титилай деб турибди – ким кирса тавоф қилади-да.

Музей биноси ялангликда янги қурилган, деразалари кенг, баланд, лекин панжараси йўқ. Турган гап, байроқни шу шароитда шундай сақлаётган, яна ёши катта одамга бунақа қилиш нотўғри, уни махсус иқлим муҳитида, қулфланадиган экспонат сифатида сақлаш лозим деб ақл ўргатишдан фойда йўқ. Ҳозир унинг кўнглини ранжитмай, иш битишини ўйлаш керак.

Отахон Тошкентдан келганимизни эшитиб чой дамлади, қанд-қурс қўйилган столига манзират қилди. Мен сипориш олиб, секин байроқ ҳақида гап бошладим. Ҳали мақсадга ўтганим йўғ-у, аммо отахон бирдан сергак тортди, мисоли осмонга хира булут пардаси тортилди. Гапларимни ҳар замонда ҳа, ҳм деб эшитгани билан буқиниб олаверди. Ҳа, осиб қўйибмиз-да, халқда шунақа қадимги деган гап бор, энди худо билади, бизлар билмасак, одамлар кириб тавоб қилади, бир нарса дейиш ноқулай, ўзларининг мулки-да, биз бир қоровул… байроқни сал пачакилаб, келганларингга ҳам унча арзимайди, демоқчи. Менга ўхшаганининг кўпини кўриб, ичдан пишиб кетган чол, энди уни отахон дегим келмай қолди. Гаплашгани сайин руҳим тушиб боряпти: ҳай, бу чолнинг байроқни берадиган сиёғт йўғ-ов. Бўлмаса, ваъдани катта қиляпман: байроқни Амир Темур музейига қўямиз, чолнинг ўзига “Ўзлик”нинг икки сонини бағишлаймиз, Манкент ҳақида ҳужжатли фильм яратамиз, туман оқсоқолларини тўплаб суҳбат уюштирамиз… Йўқ, чол синини бузай демайди. Хўп, бўлмаса, қанча десангиз, пулини берайлик, долларда? Йўқ, байроқ халқнинг мулки экан, сотилмайди. Камина ҳам чоллар билан гаплашишга устаси фаранг бўлиб кетганман, Рустам ака ҳам қўллаб турди, буни ҳам бурчакка қисиб боравердик. Охири у юмшагандек бўлди, майли, мен халқимизнинг олдидан бир ўтай, туман оқсоқоллар кенгашига келганингизни айтиб, розилигини олай, сизни бу ерда ҳамма танийди, йўқ дейишмайди, лекин ҳозир эмас, кейин ўзим олиб бораман, Тошкентда иккита фарзандим туради, шуларникига борганда, ўзим сизга телефон қиламан…

Маъқул дейишдан бошқа илож йўқ. Чолга байроқни олиб боргунча ҳам бунақа кўргазмадан олиб, эҳтиётлаб қўйишни илтимос қилиб Сайрамга қайтдик. Яна Мираҳмад акага учрашдик. Мираҳмад ҳикоямизни эшитиб, бошини чайқаб қолди, бизга таскин берди. Бу қув бобойни кўпчилик бўлиб ўртага оламиз, инсофга чақирамиз, ишқилиб, байроқни сизга етказамиз, деди. Гулпошша опанинг Аҳмаджон деган укаси йўқлаб келди, у ҳам дардимизга шерик бўлди, бир пиёла чой қилиб берди, катта тадбиркор одам экан, ҳаммага таниқли, у ҳам бизни умидлантирди. Энди сизнинг келганингизни халқимиз ўз кўзи билан кўрсин, байроқни ўзингизга беришимизга ишонсин деб, бир катта маъракага олиб борди. Ана кўрдингизми одамларнинг ҳурматини, худо хоҳласа, байроқ сизники, етказамиз, деб кузатиб қолди тадбиркор дўстимиз ҳам.

Бари бир, кайфиятимиз тушиб. “Эсперо”ни Тошкент йўлига солдик.

Ҳеч ишни битиролмай қайтдиг-у, лекин у ёқда катта ҳаракатлар бошланиб кетди. Тадбиркор дўстимиз Манкентга бориб, чолга хўп ишлов берган, чол бизга берган ваъдасини пеш қилиб, бошқа гапга унамаган. Мираҳмад ака гапни туман оқсоқоллар кенгашига қўйган, чолни ўртага олишган, ҳаммамиз рози, беринг Тошкентга деб, чол бу ерда ҳам ваъда билан чап берган. Бу ёқдан режиссёримиз Маҳкам ака Маҳамедов ҳам аралашди. Бир неча марта бориб келди, ўз туғилган қишлоғи Қорабулоқ қарияларини ҳам ишга солди, чол тушмагур ўша журналистга айтган гапим – гап, шу гапимда турибман, ўз қўлим билан обориб топшираман деяпман-ку, деган гапини такрорлашдан бу ёққа бир қадам ҳам силжимаган. Кўп одамлар аралашди, кўп уринишлар бўлди, чол ҳам қайсарларнинг қайсари экан, ҳеч кимга бўй бермади.

Ҳатто бир куни бир дам келди, қайси тоифадан эканини айтмай, ҳар қалай, тутган жойидан кесадиганлардан, шу киши, ука, музей директори сизга ўхшаганнинг ўнтасига дарс беради, сувга олиб бориб, суғормай қайтариб келадиган одам, шунинг учун мен йигитларимга айтай, кечаси музейга тушиб, байроқни олсинлар, бир-икки кунда қўлингизда бўлади, деди. Менинг кайфим учиб кетди, шундай табаррук байроқни ўғирлатишга… очиғи, гуноҳидан, Туркистон аҳлининг кўнглини оғритишдан қўрқдим. Ўзим тушмаганим билан, ким туширганини билади-ку одамлар деб ўйладим. Йўқ, дедим ўшанда, ҳозирлари ўйлаб афсус ҳам қилиб қўяман, унинг гапи тўғри эди…

Кутиб юравердим, одамларнинг ҳаракати тўхтаганидан ва айни пайтда Нормамат аканинг келишидан дарак йўқ. Орадан анча муддат ўтди.

Маҳкам акага яна Манкетга бориб келсамми, деган эдим, у киши йўқ, борманг, боролмайсиз ҳам – Қозоғистон ҳудудига киришингиз билан ҳибсга олинасиз, деди. Ий-э, бовурларимизга қарши нима қилибман, деб ҳайрон бўлдим. Байроқ йўқолган, ана шу йўқолиши юзасидан жиноий иш очилган, айбланувчилар орасида сиз ҳам борсиз, деди Маҳқам ака.

Кўп эмиш-мемишлар чиқди: байроқни музей директори пуллаган, байроқ чет элга чиқиб кетган, байроқ у ёқда кимнингдир шахсий коллекциясида, байроқни олиб яна бекитиб қўйишган, бир куни чиқиб қолади… Биласиз-ку, бунақа пайтлари ишнинг тепасида ўзлари тургандек тўқиб ташлайверадилар.

Яқинда Гулпошша опадан сўрадим: йўқ, янги гап йўқ. Байроқ ўзидан кейин кўп миш-миш қолдириб, изсиз ғойиб бўлган.

Бизнинг уни излаб борганимиз, деворга қоқилган ҳолида кўрганимиз, қув чолни кўндиришга уринганларимиз энди бир чўпчакка ўхшаб қоляпти.

Ҳангома бахтли якун топмагани учун узр албатта. Лекин кўнгилда умид сўнмайди: балки бу муқаддас байроқ орадан эллик-юз йил ўтиб яна кимнингдир сандиғидан чиқиб қолар, ҳар ҳолда соҳибқирон бобомиз буюк мутафаккир яна бир бобомиз қабрига ёпган, халқимизга мерос қолган ноёб осори атиқа шундай йўқолиб кетавермас, уни йўқотиб юбориш гуноҳи азим эканини, бунинг қиёматда бўлса ҳам жавоби борлигини қўли эгрилар ҳам билар…

Яна умид шуки, уни ўғирлаган бўлсалар, демак, қадр-қимматини билганлар, йўқотиб юбормайдилар, сотган бўлсалар, катта пулга, уни олган одам ҳам нимани олаётганини билган, авайлаб асрайди ва ҳоқазо-ҳоказо. Энди бу ёғи чиндан кўнгилни юпатадиган ривоятлар.

Лекин ўкинч ўша-ўша – кўплашиб шундай табаррук мулкимизни олдириб ўтирганимиз…

2013 й.

www.ahmadazam.com

088

567

ДОШҚОЗОННИНГ “САРГУЗАШТЛАРИ”

Собиқ Иттифоқ даврида Марказий Осиёдаги жуда кўплаб тарихий аҳамиятга эга қимматбаҳо буюмлар марказга, яъни Москвага олиб кетилган. Айни пайтда ҳам уларнинг аксарияти Россия музейларида сақланмоқда. Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий мақбарасида асрлар давомида сақланган улкан дошқозон ҳам 1935 йилда Эрмитажга олиб кетилганди. Оғирлиги 2 тонна, эни 2,5 метрдан иборат бу дошқозон Аҳмад Яссавий мақбарасига туҳфа қилиш мақсадида шахсан Амир Темурнинг буйруғи билан ясалган. 7 хил металл қотишмасидан тайёрланган дошқозонни қуйиш учун Табриздан уста Абдулазиз Табризий чақирилган. Эронлик уста қозонни 1393-1399 йиллари 6 йил мобайнида Туркистоннинг Қарноқ қишлоғида қуйган. Кейинчалик мазкур қишлоқда муқим яшаб қолган табризлик устанинг авлодлари бугунги кунда боболари билан фахрланади. Қарноқлик 42 ёшли рассом Шукуржон Разанов ҳам табризлик устанинг авлодларидан. “Онам шажара бўйича шу эронлик устанинг авлодларидан. Биз дунёга машҳур қозонни боболаримиз қуйганидан фахрланамиз”, — дейди рассом. Тарихий манбаларга кўра, узоқ йиллар давомида дошқозонда новвот аралаштирилган ширин сув сақланиб, у жума намозларидан кейин муридларга шифобахш сув сифатида тарқатилган. 1935 йилда Совет Иттифоқида Эрон санъати кунлари ўтказилиши муносабати билан дошқозон Эрмитаж музейига олиб кетилади ва шу бўйи қайтарилмайди. 1985 йилда Эркин Жўрабеков Туркистон шаҳри ижроия қўмитаси раислигига сайланади. У дошқозонни қайтариш учун 5 йил мобайнида ҳаракат қилган. Ўзининг айтишича, бу ҳаракатлари учун уни “Дон Кихот” деб мазах қилганлар ҳам бўлган. Дошқозонни қайтариш масаласида СССР маданият ишлари вазири В.Захаровнинг олдига кирганида вазир уни хонасидан ҳайдаб чиқарган. “Вазир билан айтишиб қолдик. У дошқозон Эрмитажда тургани учун фахрланишим кераклигини айтди. Мен унда Қизил майдондаги сариқ пушкани менга беринг, уни Туркистонга олиб кетай, дедим. Пушканинг ўрнига бу ерда пушка бор эди, ҳозир Туркистонда, деб ёзиб қўйинглар, чунки Аҳмад Яссавий мақбарасидаги қозоннинг ўрнига шундай мазмундаги ёзув бор, деб айтдим. Шу гапларимдан кейин у мени хонасидан ҳайдаб чиқарди. Қозонни қайтариш учун қандай йўл бўлса, қилиб кўрдик. 5 йил давомида ёзмаган жойимиз, мурожаат қилмаган одамимиз қолмади”, — деб эслайди Э.Жўрабеков. Тинимсиз мурожаатлар, тўхтовсиз ҳаракатлар ниҳоят кутилган самарани берди. 1989 йил 4 июлда СССР маданият ишлари вазирининг дошқозонни Туркистонга қайтариш ҳақидаги 283-буйруғи эълон қилинади. Дошқозонни олиб келиш учун Эркин Жўрабеков бошчилигидаги бир гуруҳ туркистонликлар Эрмитажга йўл олди. Эркин ака россияликларга совға қилиш учун битта юк машинасида Туркистон тарвузидан олиб кетди. “Бир машина тарвузни тарқатиб бердик. Лекин 5 кун давомида қозонни Эрмитаждан чиқара олмадик. Эшикларга сиғмади. Ўша пайтлари Александр Невзоровнинг “60 секунд” деган кўрсатуви бўларди. Биз қозонни чиқара олмай қийналиб юрганимизни яширинча тасвирга олиб кетибди. Туркистон шаҳри ҳокими қозонини олиб кета олмаяпти, деб мени телевизорда кўрсатишди. 5 кун деганда финлар қозонни деразадан кран билан чиқариб берди. Туркистонга олиб келсак, Яссавий мақбараси олдига халқ тўпланиб турган экан. Одамлар милицияга ҳам қарамай, қозонни бориб кўзларига суртиб, тавоф қилди. Эртасига бир амаллаб қозонни ўз жойига қўйдик”, — дейди Э.Жўрабеков. Хуллас, 54 йил деганда қозон жойига қайтарилди. Бироқ дошқозон билан бирга олиб кетилган иккита чироғдон ҳали ҳам Эрмитажда сақланади. Э.Жўрабеков кейинги 15 йил мобайнида чироғдонларни қайтаришга кўп уринган. Бироқ ҳозиргача ҳеч қандай натижага эришилгани йўқ. “Бир умидим президентимиз Нурсултон Назарбоевдан. Агар унинг ёрдамида чироқни олиб келсак, катта худойи қилиб, халққа ош берамиз ва Яссавий бобомизнинг чироғини қайта ёқамиз”, — дейди Эркин ака.

Манба: karachik.kz

09

УСТА АБДУЛАЗИЗ АВЛОДЛАРИ

Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий зиёратгоҳида сақланган оғирлиги икки тонна, эни икки ярим метрли дошқозонни соҳибқирон Амир Темур ясаттирган. Етти хил металл қотишмасидан тайёрланган ушбу дошқозонни қуйиш учун Эрондан уста Абдулазиз Табризий чақирилган. Эронлик уста қозонни 1393–1399 йиллари – олти йил мобайнида Туркистоннинг Қарноқ қишлоғида тайёрлаган. Бу ҳақда қозоннинг ўзига ёзиб қўйилган.

Қозон овқат пиширишга мўлжалланмаган. Тарихий манбаларга кўра, узоқ йиллар давомида унда новвот аралаштирилган ширин сув сақланиб, жума намозидан кейин муридларга тарқатилган.1935 йили Совет Иттифоқида Эрон санъати кунлари ўтказилиши муносабати билан дошқозон Эрмитаж музейига олиб кетилади ва шу бўйи қайтарилмайди. 1985 йили Эркин Жўрабеков Туркистон шаҳри ижроия қўмитаси раислигига сайланади. У дошқозонни қайтариш учун беш йил мобайнида ҳаракат қилади. Ўзининг айтишича, бу ҳаракатлари учун уни “Дон Кихот” деб мазах қилганлар ҳам бўлган. Дошқозонни қайтариш масаласида СССР маданият ишлари вазири В.Захаровнинг олдига кирганида вазир уни хонасидан ҳайдаб чиқарган. “Вазир билан айтишиб қолдик. У дошқозон Эрмитажда тургани учун фахрланишим кераклигини айтди. Мен унда Қизил майдондаги сариқ пушкани менга беринг, уни Туркистонга олиб кетай, дедим. Пушканинг ўрнига “Бу ерда пушка бор эди, ҳозир Туркистонда” деб ёзиб қўйинглар, чунки Аҳмад Яссавий мақбарасидаги қозоннинг ўрнида шундай мазмундаги ёзув бор, деб айтдим. Шу гапларимдан кейин у мени хонасидан ҳайдаб чиқарди. Қозонни қайтариш учун қандай йўл бўлса, қилиб кўрдик. Беш йил давомида ариза ёзмаган жойимиз, мурожаат қилмаган одамимиз қолмади”, деб эслайди Эркин Жўрабеков.

Тинимсиз мурожаатлар, тўхтовсиз ҳаракатлар ниҳоят кутилган самарани беради. 1989 йил 4 июлда СССР маданият ишлари вазирининг дошқозонни Туркистонга қайтариш ҳақидаги 283-сонли буйруғи эълон қилинади. Дошқозонни олиб келиш учун Эркин Жўрабеков бошчилигидаги бир гуруҳ туркистонликлар Эрмитажга йўл олади: “Беш кун давомида қозонни Эрмитаждан чиқара олмадик. Эшикларга сиғмади. Ўша пайтлари Александр Невзоровнинг “60 дақиқа” деган кўрсатуви бўларди. Биз қозонни чиқара олмай қийналиб юрганимизни яширинча тасвирга олиб кетибди. Туркистон шаҳри ҳокими қозонини олиб кета олмаяпти деб мени телевизорда кўрсатишди. Беш кун деганда финлар қозонни деразадан кран билан чиқариб берди. Туркистонга олиб келсак, Яссавий мақбараси олдига халқ тўпланиб турган экан. Одамлар милицияга ҳам қарамай, қозонни бориб кўзларига суртиб, тавоф қилди. Эртасига бир амаллаб қозонни ўз жойига қўйдик”.

Хуллас, эллик тўрт йил деганда қозон жойига қайтарилди. Бироқ дошқозон билан бирга олиб кетилган чироғдон ҳали ҳам Эрмитажда сақланади. Кейинги ўн беш йил мобайнида чироғдонни қайтаришга кўп уринилган. Бироқ ҳозиргача ҳеч қандай натижага эришилмади.

Абдулазиз Табризийнинг авлодлари фақат Туркистонда эмас, балки Тошкент шаҳрида ҳам бор. Камина ҳам уларнинг бириман.

Шу ўринда таъкидлашни истардим тарих тўғрисида ёзаётган муаллиф асл манбаларга асосланиши керак. Янглиш маълумотлар тарихий ҳақиқатни чалкаштириши, ўқувчиларда хато фикрлар уйғотиши мумкин.

Абдисамат ВАСИДОВ,
Ўзбекистон ФА ядро-физика институти катта илмий ходими

Манба: www.hidoyat.uz/

055

028

(Tashriflar: umumiy 201, bugungi 1)

Izoh qoldiring