Bahodir Qobul. Sunbula & Ena shamol

044  Граф Лев Николаевич Толстой: “Ғарбликлар бошқаларни ўлдирмоқ ва ўзларини ҳалок қилмоқ учун Шарққа қараб йўл олдилар. Сабаблар бир-бирига мос келиш қонунига кўра”,–деб ёзганда давр бир бўлса-да макон бошқа эди. Бир даврнинг бўлак маконида сафар йўналиши ўзгача бўлди. Шимолликлар Жанубга қараб йўл олдилар.

Аввалига чучмал ҳаракат бўлиб туюлган, искабтопар олимлар ёрдамида ўлжанинг чўғи аниқланиб, сўлакни келтирадиган иштаҳа йўли очилиб, уруш ўчоғига ўтин қаланган, кейинги очиқ босқин яраларига пўстин кийдириш учун келтирилган пойинтар, бачкана сабаблар бир-бирига тўғри келмаса-да, келгандек кўринганини исташгани учунгина оқиям-сариғиям ўйлаб кўришни ўзига эп кўрмасди…

Баҳодир Қобул
СУНБУЛА
002

1-дафтар

Иссиқ-совуқнинг дамини, тўртта ёмғирнинг намини, бир парча булутнинг ғамини кўтаролмай, бўлар-бўлмасга ҳовлиқиб, ҳишмаланиб, оғзи кўпириб келадиган довдир сел Аймоқ қалъасида Македония подшоси Файлакуснинг ўғлидан қолган манжаниқнинг бутини айириб қўйнига солгандаям, Чингизхон Сартюзи қўрғонига узунасига экиб кетган учи айри сихнайзаларни тун қоронғусида занг-панги билан кураклари орасига қарсиллатиб қадагандаям, Қутайба Новқа Ота чиннихонаси кўксини чил-чил қилиб, исқотига тортилган чироқ синиқларини сидириб, куппа-кундуз кўзларига қуйгандаям бунчалик хўрланмаганди…

Ойқору Шунқор тоғларининг қишин-ёзин қиличдай ялтираб турадиган қорларининг оёқ учларидан бошлаб ўрмалайдиган булоқлар жилғага, саноғига биров етмаган жилғалар сойларга, Каттасой-у, Жум-жумсойлар Санглоғу, Кўкжарга бўй берадилар. Кўкжар-у Санглоқ Сангзорга дўнишини, шаҳар кўрган Сангзор ранги синиб, қучоқ етмас бели қилдай бўлиб, бир аҳволда Қили отини олишини, кейин Арнасой, Тузкон, Айдаркўл оралаб Сирдарёга, Сирдарёдан булутга кўчишини, булут осмонларни айланиб-айланиб қор бўлишини, яна келиб Ойқору Шунқорга тўдаланиши, тоғларга сингиши, арчазорларни яйратиши, булоқ бўлиб кўз очиши, жилға бўлиб тил чиқариб чулдираши, Санглоқда тошлар билан қучоқлашиб қўшиқ айтиши, Кўкжарда қизларга қўшилиб, бўрвакларига ёпишиб чопиши, Сангзорга келиб этакларини йиғиштириб, эрта-индин келин бўладиган бўйсиралардек малоҳат билан юришини, азалий ҳаёти шундай кечгани, ўйин-кулги билан ўтганини туш кўргандай бўлади. Ёр Яйлоқ ўтакасини ёриб келган тулпорлар хилват қирғоқда лабига лаб босишини, не бир баҳодирлар юзларини ювиб, одам зотига айтмаган тушларини у билан сирлашганини ёдга олганда юраги ўйнаб, димоғи чоғ бўлади. Қучоғига қайноқ тўшини урган яланғоч-яйдоқ айғирларнинг елкасига осилиб, суйкаланиб, бўйниларидан эркаланиб ошганлари, ёлларини ялаб-юлқаб тушганларини қўмсайди. Бир вақтлар Бобуршоҳ бирров қўнган, ўша даврлар отдоши бўлган, ҳозирда “Сукунат қўрғони” атоғлиқ тепаликка уғруқ қароси кўринармикан, деганча кўз тикиб ўтади.

Ҳадди сиғмаса-да, аҳён-аҳёнда, йўли ўнг келиб Туркқишлоқ оралаган селова севишганлар яширинган, пана топган, масти-мустариқ ризқ терган, машойихлар булутдай, қароқчилар қуюндек ўтган, жаҳонгирлар чонғи (от устидаги тезкор кенгаш) чақирган, девоналар давра солган, парилар парда осган, лўлилар капа тиккан, шаҳидлар чироқ ёққан, оёғи Каттасойда, боши Авлиё Отага етган Жаркўча шавкату савобини буйнига мунчоқ қилганча гарду гуноҳини ювиб Каттасойга солади. Каттасой Жаркўча оёғини ювганидан ўзида йўқ талтаяди. Хурсандлигини кўкси қалқиб ён-теваракка билдирган бўлади. Ўқотар ялангига, Ўртабаланд қирига, Дунётепага. Ёқалаган сариқтол, жийда, ёнғоқларга кўз-кўзлаган бўлади. Жийдалар шундоқ ҳам очилмаган кўзларини баттар юмиб, кўрмасликка оладилар. Сариқтол кўринганга сарғайганча елкаси қисилиб, ким нима деса оғзига қарайди. Ундан гап чиққандаям биров елкалаб, ўтин қилмаган. Кетмондастаям. Ушлови йўқ. Қадими ёнғоқ яшинлар билан олишаверганидан, чақмоқ уравериб каллакланган, баҳайбат чандиқлари узоқдан кўриниб турадиган муштига иягини тираганча ҳаммасини кўрганлигини шамолга қўшилиб бошини хиёл хам қилганча билдирган бўлади.

Най нағмани тош билан ўйнаган тўлқинлардан, карнай довруқ солмоқни шарраклардан, доира зарб сеҳрини томчилардан, танбур нола тортмакни доманага юзини ургандаги сасдан, ғижжак оҳ урмакни ҳансираган ҳарсанг тошларни ўзаро гурунгидан илиб олганини билмаганга олиб, кулиб-кулиб хотирлайди. Не бир ёвни йўлига пишқириб чиққанча ғов бўлган кунларни ўпкаси тўлиб тиниқ эслайди. Удамали бўйлаб Балхга етиб, қуюқ жийдазор оралаганда бирдан шўхлиги тутади. Ёш демай, ёши ўтган демай мажнунтоллар сочини тортқилаб, юлқилаб ўйнайди. Нуширавон, Кўчмаариқ, Мулкиушр ёқалаб ўйноқлайди. Совуқбулоқ билан учрашганда сунбулалар йўлдан уради. Сунбул исига бурканиб, сунбулга қўшилиб сумбуланади. Бир исга, бир ҳисга чайқалиб эшилади. Ўтган-қайтганни хаёлини олади. Қилиғи ўзига ёқиб қолади. Кейин яна қўшиқ айтиб, ўйнаб-ўйнаб энади. Шамол энди бунақа шўхликлар ярашмаслигини, мавриди эмаслигини қир ташлаб билдирган бўларди.

Новқа Ота сувини ичганда ич-ичи бошқача бўлиб кетади. Ер қолиб, осмонда учишни илғаб олади. Хаёллари тезлашгани баробар, эсиям тиниқлашади. Зарафшон қаватига киргандан кейин Туятортар кучи билан дунёга сиғмайди. Бундай кучга тенг турган, икки кифтини танг тўлдириб суворий макон қилган, лашкаргоҳ бўлган кунларни эс-эс эслайди. Бир нарсасини йўқотиб қўйган-у, нимасини йўқотганини ўзиям билмайдиган бўйқиздек орқасига қараб-қараб келганча, Чолкўндига етганда ихтиёр-беихтиёр гапга кўнади. Сокин тортади. Шундай бўлиш кераклигини ўзиям сезади.

2-дафтар

Эгасиз уйнинг эшигига дайди ит ҳам чот кўтарармиш…

Эга эга бўлмаса, нега?

Устма-уст бўлаётган талотўп, ур-йиқит, ушла-ушла, қува-қув, қама-қамалардан юрак олдирилиб, қўрадан қочирилган, қочган, улоққан, беэга ҳайдов қўйлар кўзпана сойлар, арнаю ўнгирлар, шамол етмас камарларда битта-иккита бўлиб йиғилдилар.

Ҳаворда қолганларга эгаси ўлгандай тўқими осилиб, нўхтаси узилиб, айили судралган, афтидан эскидан чўпон эшаги ва эшак етовидаги озиб-тўзиб кетган ит келиб қўшилди. Жонлиқлар эшакни қора тортдилар. Ҳайдов бўлганлар чўпон-чўлиқли сурувдек кўринди…

Қасд кун экан, ой оғиш оқшомида жондор дориди. Дўлталар давра олишди. Қашқирлар тўдани тўрт тарафдан ўраб келди. Бир бошига қўш қашқир келган жонлиқнинг кунига тўзим берсин. Жондорлар аввалига жонлиқларни ҳуркитиб, қувалаб ўйнади. Кейин базм бошланди. Энасини ортидан зориллаб эргашган қўзининг йўлидан бир эмас икки бўри чиқди. Бошқаси довдираб, йўлини йўқотиб, оёқ остида ўрмалашган тусоқ човини шарт узиб шеригининг олдига ташлади. Кучини қаерга қўйишини билмаганлар сутдан ажраб, кўкни таъмини билиб, диркиллаб қолган тухлиларни эрмакка ёнбошига олиб ўтакасини ёрди. Кўпни кўрганлар кўзларга кўз қадаб жон суғурди. Оз бўлса-да, ҳидини олганлар дағ-дағ қалтираётган жонлиқларни панжалари остида ушлаб, қўрқувдан юраги ёрилишини баҳузур томоша қилдилар. Қон тўлиб ёрилган юрак ширин бўлармиш.

Қўрққанидан вовуллашниям унутган, қоча-қочни ваҳимасида қўйларни ўртасига кириб, ўмгагини ердан кўтаролмай қолган итни бўрилар аввалига ё тош, ё кесак деб ўйлашди. Итлигини билиб ёппасига ташланишди. Жон чиқар титроғида кўзлари жовдираб, аввалига ялтоқланиб, жон умиди-да ғингшиши-ю, лаҳзада бўлари бўлганлигини англаб, итлиги қўзиб, эсига тушиб ириллаши бўғзидан аримай ичаклари талош бўлди.

Қашқир шовурини сезган эчки борки, турган жойида тўрт оёқда сакрашга тушади. Бу қилиқ жондорларга аввалига бироз қизиқ туюлса-да, қизиқнинг қизиғи қон оқизиш, қонли лаб-лунжларни тилни бир қарич чиқариб, тамшаниб-тамшаниб ялаш эканлигини унутмадилар. Серсоқоллар зўр келганда жонҳолатда бақирилса-да, товуш чиқмаслигини шунда ё билдилар, ё билмадилар.

Эшак зоти борки, бўрини кўрса, бўри мени кўрмасин, деб қулоқларини тушириб, кўзларини беркитади. Қош-кўзидан тўдабоши, дўлтабўрилиги билиниб тургани кўзини беркитиб турган жонворга яқинлашди. Бошқалар иш ўргамчи шогирддек қараб турдилар. Дўлта хотиржам, каштасини келтириб аввал бўйнини, кейин навбатма-навбат орқа оёқларини керди. Ов бунақа бўлади, деганча совуқ босиқлик билан бир ҳамлада жонлиқнинг кекиртагига тиш босди. Ақлни қулоқдан олган бошнинг оғир дамсар уриб хўрсинишини ҳеч ким эшитмади. Чиройли ва қоп-қора кўзлардан оқаётган эгасизлик ёшларининг сўнгги бор йилтиллашидек кўргуликдан бўзарганча авзойи бузуқ келган Жавзо ойи ўзига тинч, элга нотинч бўлиб беланчак осди.

3-дафтар

Икки бошли калхат сурати туширилган хос вагонни етаклаган паровоз бир нарсадан қуруқ қолгандек ҳансираб, Самарқанддан саҳар мардонлаб ҳаллослаганча йўлга чиқди. Атрофни аччиқ-сассиқ ҳид босди. Хайрлашаётган баҳорнинг намтоб ҳавосига ўралашган қора тутун ичра поезд юрар йўлини тусмоллаб борарди. Яна сон текканидан ўзида йўқ хурсанд, истеъфодаги полковник, суд ҳайъати раиси Александр Николаевич Соколов вагон-ресторанда. Игна ютган итдай ориқ поручик-прокурор ва ҳуқуқ илмидан бехабар юзлаб аскарлар орасидан танлаб олинган тўрт нафар зобит – ҳайъат аъзолари раиснинг қош-қовоғига қарайдилар. Ҳайъат базми жамшид устида. Қурдагилар Жиззахга юборилган. Шаҳарни тозалаш буюрилган.

Анчадан буён ишсиз юрган, қозонга қоровуллик қилиб қолган полковник яна қўл остига одам берганликлари, униям эсга олиб қолганликларини шу вақтгача сездирмай келган бўлса-да, ичига икки томчи киргач жиловини бўш қўйди. Қўлидан ҳали кўп иш келишини, келгандаям катта ва довруқли ишлар келишини унутмаганликларини ҳар бир аъзога қайта-қайта уқтирди. Ҳазрати Олийларига таҳсинлар ўқиди.

Большой Михайловка станциясида сувхонасини сувга тўлдириб ҳаяллаган поезд яна йўлга тушди. Милютинскийда ўтинхонасига ўтин ғамлайди.

– Мени шахсан суд ҳайъатига бошчилик этиш учун таклиф қилдилар,–деди, худди бошқалар буни билмайдигандек. Судда бу итларни чивиндек эзиб ташлайман. Жиззахнинг ҳар бир дарахтига буларнинг ҳаром жасадини осиб қўяман…

Полковник шундай деганча, елкасида зўрға илиниб турган, беўхшов қизариб кетган бошини аранг кўтариб, рестораннинг у бошидан-бу бошига қараган, кўзи ўтмаса-да, қора-қуроларни тусмоллаб тикилган бўлди. Ўрнидан турганди тиззалари илкисдан букилди. Кўзойнаги отилди. Тик турганча, ичмоқчи бўлганини оғзига олиб боролмай, ёнбошга ағанади. Шунда поручик жонига ора тушди. Суяб қолди. Прокурор бош бўлди. Аъзолар раисни кўтарганча хос вагонга олиб жўнадилар.
Куропаткино разъездидан шитоб билан ўтган поезд Ломакино станцияси томон елдек учиб борар, Қароқчитоғ ортда қолган, Ғубдин этаклари босиб ўтилаётган, ҳадемай Милютинск станцияси қўнғироғи овози эшитилади. Поезднинг тўсатдан тўхтаётганлигини билдирган, боласини йўқотган аёлдай чинқириғи ва вагонларнинг орқама-кетин бир-бирларига қарсиллаб урилиши йўловчиларнинг ҳушини учирди. Темир изнинг адир тирсагидаги бурилиш ортида, йўл устидаги кўзга қадалган талотўп поезд ҳайдовчиси-ю бошлиғиниям шошириб, гангитиб қўйган, шундан шошилинч дастакларини босишган, йўл сон-саноқсиз жутга тўлган, узоқдан худди бир қишлоқ одамни қатор қилиб, текис отиб ташлагандек тасаввур уйғотарди. Унинг наздида Оқпошшо аскарларини қўзғолончилар йўлга олиб чиқиб ўлдиргандек туюлган, қўзғолон иштирокчиларини суд қилувчи ҳайъатнинг шу поездда бораётганидан хабар топганлар интиқом учун поездни тўхтатмоқда эдилар. Яна Жиззах қўзғолони олдидан эгасиз авом темир йўллар бузилса аскар келолмайди, деганча Тошкентдан келадиган Кауфман йўналишидаги Урсатовск ва Обручево станциялари изини бузганлари ёдига тушганди.

Поезд тўхтагач, бир муддат ҳеч ким тушмади. Деразаю туйнуклардан ҳарбий ҳийла ишлатилган, деган фикрда обдан кузатилди. Тирик жон қимирлагани сезилмагач, қўриқчи аскарлар ҳарбий интизом билан икки-иккитадан тушишди. Милтиқларини дуч келган томонга нуқиб-нуқиб душман қидиришди. Топилмади. Кейин сўкиниб-сўкиниб, жутларни судраб четга олишди. Поручик қўриқчи аскарлардан хушёрликни оширишни, “туземец”лардан ҳар нарсани кутиш мумкинлигини бир қўлида тўппонча кўтарганча поезд зинасида туриб, ярим танасини чиқарганча бот-бот такрорларди.

4-дафтар

Ўйинни зўри ё бозорда, ё мозорда бўлади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Катта, зўр ўйинларни сопи ҳамиша ўзидан чиқарилган. Ҳали Жиззах Ўрдасида қирғин бўлмасдан олдин, Ўрданинг шундоқ биқинидаги бозорнинг икки қоровули “отасидан қолган мулк”ни бўлиша олмай жанжаллашганди. Бозорни кирди-чиқдисидан топадиган бир парча қаттиқ нон кўп кўринди. Худо урган шундай ношукурлик кунларнинг бирида ур калтак, сур калтак бошланди. Қоровуллар жанжал нимадан бошланганиниям, нимага Ўрда ўт ичида қолганиниям билишмади. Бозорда кунда ўн уриш, юз жанжал. Шулардан бири бўлса керак, дейишганди. Кейин билишдики, Ўрдадаги жанг катта жанглардан. Бозор кўрганлар бундай кунларда бировни ўйламайдилар. Бошни бирор панага тиққан маъқул. Сассиқ бўлсаям. Тирик қолса бўлди. Бошқанинг кўзи оқиб тушсаям киприги қил этмайдиган бозор кўрган қоровуллар жангга ўзларича аралашдилар. Тўғрироғи, бирови олдинроқ ҳаракат қилди. Пайтдан фойдаланди. Занг босган ва тўппончалиги қолмаган темирни адоватдаги қоровулнинг ҳовличасига кўмди. Фалончиям қўзғолонга аралашган, қатнашган, ҳовлисининг пистон жойида тўппончаси бор, деб маъмурларга чақув етказган. Солдатлар келган, кўрсатилган жойни ковлашган, тўппончани топишган. Қўшиб ҳовлини эгасиниям олиб кетишган.

Шаҳарга адоғсиз дабдабаю асъаса билан кириб келган суд ҳайъати бошламасига шу ишни кўриши, кўзини пишитиши, Оқ пошшо одамларининг гапини икки қиладиганларни кўзини мошдай очиб қўйиши керак эди. Ҳайъат кўрадиган ишларнинг гуноҳкорлари кўча, раста, бозорлардан тутиб келинган, оддий тирикчилик куйида куймаланиб юрган кишилар бўлиб, чақувга учраб охранка агентларига пора беролмай қамалган, баъзи бир бойлар ҳукуматга садоқатларини кўрсатиш учун ушлаб берилган камбағаллар, бемаврид бу масканда макон топганлар эди.

“Ўта муҳим жиноятчини” солдатлар қуршовида олиб кирдилар. Оқловчининг қорасиям кўринмади. Суд бошланди. Тўққиллатиб стол устига қўйилган бир энлик занг босган темирнинг тўппонча эканлигини фақат уни кўтариб юрганларгина илғашди. Сўров бошланди.

– Тўппонча сеникими?

Собиқ қоровул тўппонча деган нарсани иккинчи бор яқиндан кўраётганидан қўрқиб кетди. Бир марта уйидан ушлаб кетишаётганда қўлига бериб қўйишганди. Қўни-қўшни ўртасидан қўл бойлиқ, бўйинда тўппонча билан солдатлар олдига тушганди ўшанда. Солдатларнинг биқинидаги тўппончаларга қарашга юрак бўлмаган. Ранг дам оқарди, дам кўкарди.

– Тўппонча меники эмас.
– Бу душманлик ва туҳматдан бошқа нарса эмас,–ўшқирди прокурор.

Банди яна нимадир демоқчи бўлганди, тақиқлашди. Бўғзига келган сўз ҳолини ўзгартириб, бўғилганидан ёш бўлиб тирқиради. Аъзойи баданини қуюқ қора тер босди.

Кейин тўппончани ундоғига-бундоғига айлантириб кўришди. Бир зобитни чақириб, унинг ишлаш-ишламаслигини текшириб кўришни буюрдилар. Зобит шошиб қолди. Тўппончанинг ишламаслигига ақли етмайдиганлар қандай суд ўтказаётганига ҳайрон бўлиб раисга қараганди, заҳриолуд башарага дуч келиб, ҳайрон хаёлиям эсхонасидан чиқиб кетди. Орадан бир соатдан ортиқ вақт ўтди. Ҳайъат бетоқатланди. Яна бир зобитни гап нимадалигини билишга жўнатдилар. Сукунат.

Тўппончанинг овози чиқмаётганлигидан бандининг бетига қон югургандек бўлди. Тетикланди. Қани энди шу ҳолатда бўлсаям умрини ўтказаверса. Шунда, шунда бирдан осмону ерни ларзага солиб ўқ овози эшитилди. Назарида, худди тўп оғзига уни боғлаб отишгандек ҳуши қолмади. Ташқарида, қаердадир, қандайдир қуролдан отилган дайди ўқ бехато келиб шакар томирига урилгандек, тик бўй йиқилди. Ҳайъат аъзолари масала ҳал, дегандек, бир-бирларига ройиш бериб қарадилар. Раис икки соатдан буён ниманидир расмини солиб ўтирган, китоб деса китобга, супра деса супрага ўхшамайдиган бесунақай икки бетли жилдни бир-бирига қарсиллатиб уриб, стол устидаги кумуш қўнғироқчани каштасини келтириб чалганча, суд якунланганини билдирди.

5-дафтар

Поездлар қоп-қора дудга ботиб, эрмакка совуқ шамол қувиб келади.

Граф Лев Николаевич Толстой: “Ғарбликлар бошқаларни ўлдирмоқ ва ўзларини ҳалок қилмоқ учун Шарққа қараб йўл олдилар. Сабаблар бир-бирига мос келиш қонунига кўра”,–деб ёзганда давр бир бўлса-да макон бошқа эди. Бир даврнинг бўлак маконида сафар йўналиши ўзгача бўлди. Шимолликлар Жанубга қараб йўл олдилар.

Аввалига чучмал ҳаракат бўлиб туюлган, искабтопар олимлар ёрдамида ўлжанинг чўғи аниқланиб, сўлакни келтирадиган иштаҳа йўли очилиб, уруш ўчоғига ўтин қаланган, кейинги очиқ босқин яраларига пўстин кийдириш учун келтирилган пойинтар, бачкана сабаблар бир-бирига тўғри келмаса-да, келгандек кўринганини исташгани учунгина оқиям-сариғиям ўйлаб кўришни ўзига эп кўрмасди: Николайнинг тупроғи тилла Туркистон заминига ишқивозлиги ва бу ишқивозликнинг, биринчи навбатда, тийиқсиз генераллар, тажовузкор зобитлар, оч аскарларнинг кайфиятига мос келиши; ҳам Ғарб, ҳам Шарқ урушларида шарманда бўлган Чор армиясининг қуролсиз аҳолини эзишга ва айни вақтда бароқ кўппакдан қўрқар, суманги санқини қувар қудратини намойиш этишга бўлган чегара билмас завқи; ақли танг қотиб, қиличи занг босган тор кўнгилли бекларнинг зарни кўрганда кўзини зарнигор касали бутунлай қоплашининг мутлоқ аниқлиги; тўрт овора бир бутундан кўра яримта-юримта бўлсаям азони бетаҳорат чақирилган номи айтилиб туришни исташдек ҳаром хаёллар оғушининг устун келиши; қандайдир оломоннинг бундай саховатли ерларда яшашликка аллақачон ҳуқуқи бекор қилинганлигини гўллигига бориб англамаётганликларини англатиш ҳирси; серсув, унумдор ерларда мужиклар эгалик қилишларига шахсан Олий ҳазратнинг ўзи фатво берганлиги; шунинг учун, айтайлик, Жиззахдек геосиёсий, барча йўллар учрашадиган, қуруқ чўп ҳам гуллаб тилла туғадиган ерда, яна шаҳарда сартлар (ўзбеклар) нинг яшашлари тўғри эмаслигини тушунмаётганликлари; қирғинга дин эмас, зулм ва зўравонлик сабаб бўлганлигини англашни истамаслик; бангумонликнинг сиёсатга айланганлиги; ҳукм юритишда мантиқнинг айният қонуни бузилган тимсоҳ софизми кундан-кунга саноқсиз тишини қайраб, қон тепган кекирдагини кўрсатаётгани ва бу бузуқиликнинг тарафдорлари зўравонлар эканлиги; малака ҳосил бўлиш эгри чизиқлари тўғридан-тўғри найзаларга, қиличларга айланганлиги; эгоизмнинг эгоцентризмга аллақачон ем бўлганлиги; уят ва ҳаёсизлик ҳиссидан маҳрумликнинг ҳукумат деб аталиши; яхлит рефлектор ҳаракатлар системасидаги қисмларнинг ўз ишини бирин-кетин бажаришдан иборат функционал қонуниятнинг бузилиши; ҳис-туйғулар уйғотувчи манбаларнинг тубанлашганлиги; босиб олмишларнинг босиб олинмишлардан савод ва одоб даражасининг пастлиги сезилганлиги ва бунақа савод анчадан буён савод саналмаслигини англамаётганликлари; Андижон қўзғолонида Британия, Жиззах қўзғалишида Туркиянинг қўли бор, деб айюҳаннос солиниши ва охир-оқибатда бу гап-сўзларнинг пилта милтиқ сассиғидек жийиғи чиққанлиги; баҳамжиҳат бўлиб, тинч-тотув яшашни хуш кўрадиган Туркистон аҳлини ўзини-ўзи ейдиган олаканалар маконига айлантириш истаги; ҳақиқатни билиш санъатининг мантиқий усуллар ва методик қоидалар системасининг худбинлик манфаатларига бўйсундирилиши каби миллион-миллионлаб сабаблари бор эди.

Поездлар ҳайҳотдек вагонларни юкка тўлдириб зўриққанча, ҳавони булғаганча келган ерига қайтади…

6-дафтар

Раис қачондир, нимадандир, жуда қаттиқ қўрқиб, юзи шу ҳолатда қотиб қолганлиги, киприк қоқмаслиги, мудом бақрайиб туриши, томоқ қиришидан заҳар томиши билан ном чиқарган эди. Прокурор саводсизлигини эгнидаги ҳашамдор формаси бекитиб туради, деб ўйлайдиганлардан бўлиб, зобитларни нақшинкор хумларга ўхшатганлар хато қилмасди.

Сўроқ пайтида раис бандилардан бир-икки оғиз гап сўраган бўлиб, бошини аввал ўнг томонга, кейин чап томонга буриб, навбатни ҳайъат аъзоларига ҳавола этар, бироқ уларда ҳам гапириш истаги топилмасди. Рўйхатга белги, чизиқ чизиш билан овора эдилар. Прокурор ва ҳимоячининг гапларидан сўнг қўлларидаги қалам билан бандига ўтир ишорасини қилишар, сўроқ навбати бошқасига келарди. Шу зайилда бир кунда режага асосан юз одамнинг ишини кўриш вазифаси зиммаларига юкланганди.

Савол-сўровнинг қаттиғи саводсизда бўлади. Гўштга етган итдай навбат прокурорга тегиши билан кўзойнаги ва сап-сариқ қоши оралатиб аввал рўйхатга, кейин бандига бошдан-оёқ тикбўйин қараб, қурбақани авраётган илондек бўйнини беўхшов чўзиб-чўзиб, аввал ўнг бош бармоғини чап енгига, кейин чап бош бармоғини ўнг енгига тиқиб, худди билакларига тегиб кетган енгларини ажратгандек киборлар қилиғини қилиб, кўнгилни айнитар даражада қўсқи-қўлансиқ-палағда товуш билан ишини бошларди. Одатда, банди прокурорнинг саволига тушунмас, қайта сўрашга журъат қилолмас, қайта сўраш мумкинлигини ўйлаб кўрмаган ҳам ёки жавоб берса-да, прокурорнинг найранг тўрига ўз ихтиёри билан бўлмаса-да, қатъиятсизлиги, гўлу овсарлиги ортидан илиниб қолардики, гапираётган гапи ўзига зарар келтираётганлигини фаҳмламасди. У энди қаердан билсинки, бир “гап” учун наинки бир уй ё ўн уй, балки минглаб уйлар куйиб кетса, хонумонлар тутаса, нафақат бир шаҳар, балки бутун бошли бир мамалакат ҳароб бўлса…

Аммо, таржимон прокурорнинг айёрлигини пайқаб қолиб, саволларга шарҳ бериб, авом тушунадиган тилга ўгира бошлайди. Шу тариқа уч-тўрт банди прокурор чангалидан қутилишга эришди.

Прокурор билди. Энди таржимоннинг кўзига қаттиқ тикилиб, саволларини дона-дона қилиб талаффуз қилар, лекин таржимон диққат қаратмас, ишига собит турарди…

Прокурор кўрдики, ов бароридан келмаяпти. Таржимонга ташланди.

– Сиз, Мирзо Абдуҳолиқзода, менимча, саволларимни нотўғри таржима қилаяпсиз. Бир оғиз гапимни достон қилиб етказишни нима зарури бор. Гапимга гап қўшмай, айнан таржима қилишингизни талаб қиламан!

– Прокурор жаноблари. Сиз адабий тилда гапиряпсиз, агар мен гапингизни айнан ва сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсам, қишлоқ одами сизга нима деб жавоб беради? Жавоб берган тақдирда ҳам саволга мувофиқ келмайди, англашилмовчилик юзага келади. Агар саволингизни очиқроқ, аниқроқ баён қилсангиз, менинг шарҳ бериб ўтиришимга ҳожат қолмасди.

– Бу ёғи сизнинг ишингиз эмас! Вазифангиз айнан таржима қилиш, тушундингизми? Сиз менга йўл кўрсатманг! Мен ўз ишимни яхши биламан.

– Кечирасиз, жаноб прокурор, менинг вазифам саволингизни бандига тушунтириб бериш, токи у саволга тушуниб жавоб берсин, зеро, бу ерда инсоннинг тақдири, хаёт-мамоти хақида гап кетаяпти.

– Такрор айтаман, саволимга илова қилманг, мен нима десам, айнан таржима қилинг, сизни бу ерга таржима қилиш учун олиб келганлар,– деганча қаҳр билан столга мушт солди.

Ҳайъат, бандию соқчилар, текинидан қуруқ қолгандек йиғилган томошабинлар бир чўчиб тушди.

Таржимон суд раисига мурожаат этди:

– Раис жаноблари, мени ҳарбий суд мажлиси таржимонлигидан озод қилишингизни сўрайман. Мен прокурор талабини бажара олмайман ва виждоним олдида гуноҳкор бўлишни истамайман.

Суд танаффус эълон қилади. Кейин маслаҳат хонасига прокурорни чорлади.

– Александр Николаевич, таржимоннинг хатти-ҳаракати жонимга тегди.

– Бу ерда ҳиссиётга берилмаслик керак, азизим Василий Петрович. Маълумотингиз, унвонингиз вазифангизга тўғри келмаслиги важидан Тошкентда озмунча одам билан сану манга бориб сизни сўрамаганмидим. Мана, кўриб турибмиз, тажрибангиз ҳам ҳаминқадар…

– Александр Николаевич, ўзингиз биласиз, бунча одамни айбдор деб топиш учун начальник охранканинг бир протоколи камлик қилади. Биргина гувоҳимиз бор. Лекин, унинг “танимайман” дейиши ҳам асоссизга ўхшаяпти. Шунинг учун мен юристча гаплар билан уларнинг бошини гангитиб, ўз тилидан илинтирмоқчи бўлаяпман. Таржимон эса ишимга халал бераяпти, агар у халақит бермаганда қанчасини тумшуғидан илинтирардим. Бунинг ўрнига русчани яхши гапира олмайдиган чаласавод таржимон топганимизда яхши бўларди.

– Василий Петрович, жуда соддасиз-да, нима, Тошкент қароридан хабарингиз йўқми? “Бу итларнинг ҳеч бирига омонлик йўқ”, деган гапни эшитмаганмисиз?

– Қандай хабарим бўлмасин. Юристлик маҳоратингни ишга сол, деган эдингиз, шунга амал қилиб…

– Яхши, тайинлаганимдек, чалкаш саволлар билан чалғитинг, гапга олинг. Прокурор деган номингиз бор. Русчани тушунмайдиган маҳаллийларга эътибор қаратмайман. Сиз ҳам шундоқ қилинг, бироқ русчани биладиган адвокатлар ва томошабинлар чатоқ. Улар қанақа одамлигини билиб бўлмайди, демакки, ишониб ҳам. Мабодо масала қандай ҳал бўлаётганининг исини олсалар ҳукумат шаънига бўлмағур овозалар тарқатадилар. Албатта, ҳукумат бундайлардан қўрқмайди, лекин ҳарбий судимизнинг нозик жиҳатлари бор. Тушунгандирсиз? Қанчалик оғир бўлмасин, ҳозир чиқиб, таржимондан кечирим сўрайсиз. Бу шахсий иш эмас, умум иши. Умумга фойда кетириш учун шахсийнинг баҳридан ўтиш керак. Шу ишингиз билан очилган пардани ёпган бўласиз,–деди дўлтабўридай ёвуз босиқлик билан. Кейин қўшиб қўяди. –Бу ерни ҳозирча Туркистон дейдилар.

7-дафтар

Юлдузлар, минглаб юлдузлар тартиб билан Ғарбдан Шарққа айланади. Ер шари миллионлаб жондору жонлиқлар бошини елкалаб, ўз ўқи атрофида Шарқдан Ғарбга томон ўгрилади. Бир танасига бир бош берилган одам қаёққа юришини билмай, кўринганга қўшилишиб жўнайди.

Аввалига йигирма мингдан зиёд эркак зотини сўроқ-сўровсиз ўққа дучор қилган, кейин ўқ ҳам ҳайф деб ҳисобланиб, совун суртилган дорларга тортилган шаҳар ва шаҳар атрофи бўри талаган қўрадек ҳувиллаб қолди. Кундуз куни қидириб, қари чол ва норасида гўдаклардан ўзга эркак зоти топилмас бўлди. Қочгандан қирилган кўп бўлди. Эгасиз экинзорлар одам бўйи ғалласини кўтаролмай ер билан битта бўлиб ётар, ишлашга қурби етганларни илингани ўлдирилган, қочолгани бедарак, ушлангани турмада, суд бўлгани Сибир, “омади чопгани” мардикорликка олиниб, учи-қийри йўқ ўрмонзорларнинг гадой топмас, борса келмас хилватларига жўнатилган эди. Шаҳарнинг ушланган жойидан вагонларга урилган дайди-дуйди, оч-яланғоч, соч-соқоли битлаб, ҳадемай етиб келадиган мужикларга бўшатиш лозим.

Жиззах шаҳри, Боғдон ва Сангзор вулусларида қариялару ёши қайтганлар, аёллару болалардан бўлак қўзғолонда иштирок этганлигини гумон қилиш мумкин бўлган ҳеч бир зот қолмади. Эгасизларга қўзғолон иштирокчиларини зудлик билан тутиб беришлари ҳақида буйруқ берилди. Мабодо уч кунда буйруқ бажарилмайдиган бўлса, аҳоли уй-жойидан мосуво бўлиб, чўлу биёбонга бадарға этилиши олдиндан тузилган режага асосан маълум қилинди.

1916 йил 7 август. Соат ўн икки. Фармон ўқиб берилди. Унга кўра эгасиз эл биёбонга сургун қилинган. Кун қизигандан қизиган. Саллотлар ва отлиқ казаклар қиличу найзаларини яланғочлаб, милтиқларини ўқталиб, нотавонларни тўрт томонга ҳайдаб шаҳар четидаги дала–Учтепага тўпладилар. Оч саллотлар аҳолининг охирги бурда нонини қўлидан юлқиб, шу жойнинг ўзида кавш қайтарар, бир бурда қотган нони бор одам гуноҳкор саналган кун эди.

Эгасидан ихлоси қайтган итдек бўйни эгилган ҳардамхаёл улус отлиқлар олдига тушди. Номигагина кўйлак-иштон вазифасини бажарадиган латта-путтага ёпинганлар гирёну нолон даштга қараб судралди. Бадбахт далага юзланган гўдаклар, аёллар ва кексаларнинг оҳу воҳи оламни бузди. Ташналик азобидан лаблари гезариб судралаётган минглаб қари-қартанг, аёлу гўдакларни осмондан офтоб, ерда тош куйдиради. Олдинда гиёҳ ҳам унмайдиган, ўз оти ўзи билан Бадбахт дала. Орқада милтиқ ва қилич ўйнатган саллоту отлиқ. Бир бошга қўшотлиқ мирзо тиғ кўтарган. Мадорсиз, йиқилганни қўндоғ ва тепкини зўри ўзига келтириб қўяр, отлиғининг оғзидан “собаки” тушмас, соллоти “сукина дети” деганча бет-кўзинг демасди.

Асад ойи димиққанча ярми сенга, ярми менга дегандек қиличини тик кўтариб чиқди.

8-дафтар

Поездлар жанубдан шимолга сургун этилганларни, шимолдан жанубга янги ер эгаларини пешма-пеш ташийди. Шимолга кетаётган вагонлардан чаккилаб қон, заҳардек ялтираб зардоб томади. Зардоблар темир изларни тешиб юборгудек бўлади. Поездларнинг қилиғи шамолга ёқмайди. Уни таг-туги билан азот кўтариб ургиси, айниқса энг бошида келаётган, қора тутуни билан дунёни булғаётган қозонқоринни ёмон кўради. Ичи дардга тўлиб кетади. Дарди чанг-тўзон бўлиб осмонга ўрлайди. Тентираб тўрт томонга чопади. Дардларини дарё тушунади. Дарёнинг дарди шамолникидан зиёд эканлигини сарғайган икки бети–доманаси билдиради. Дарё дарё бўлиб бунчалик хўрланмаганди. Ҳушини эсхонасидан чиқарган нарса Каттатоғнинг қадим арчаларини ғарот этилиши, Ўсмат Ота, Навқа Ота, Боғмозор Ота мозоротлари устигача ястаниб келган арчазорнинг бир бошидан кесилиб юзига отилиши эди.

Неча бир босқинда арчалар элни асраганди. Пана бўлганди. Бир туп тизза бўйи арчани биров кесолмасди. Бир арчада қирқ йигитнинг ризқи бўлади, деганча эл арчани асрар, арча тоғни безар, шодликлар булоқ бўлиб, қўшиғи дарёга оқарди. Каттатоғнинг бир шохидан энган сувга Самарқанду Бухоро, бир шохига кунчиқиш бетдагилар тирикчилиги қараб қолган. Поездман дегани шақилдоқ илондек билтанглаб келдию, ҳамманинг ранги ўчди. Эга, эга бўлмаса нега,–деган гаплар шу вақтларники дейишади.

Дарё ўз онаси, ўз болаларини оқизиб кетаётганидан, қутқара олмаётганидан, қутқаришга кучи етмаслигидан қирғоқларга бош уриб югуради. Дард оғир, кўргулик зил келади. Балолиғ босинқиратади. Аламини кимдан олишга, ҳасратини кимга айтишга ақли етмай қўлига илинганни олиб чопади. Қирғоқлар этагини тошга тўлдириб ортидан эргашади. Минг йиллар олдин икки тоғни муросага келтириб, орадан йўл очганига пушаймон бўлай дейди-ю, шаштидан қайтади. Шамол бир дарё бетида, бир қирғоқларда ялангоёқ изиллайди. Кўз кўрган еридан ажраган, камига етти бўлакка нимталанган, йўргакдек ғўлаланган арчанинг дарди бу дунёга сиғмайди. Ғўлалар сув юзида, пўртаналарда айланишар экан, бир-бирига бош қўйишиб, гоҳ гирдобда, сувўрада уймаланиб қолишади, гоҳ шарракларда юракларини ҳовучлаб, кўзларини чирт юмиб олишади. Ҳали дарёдан чангакда томоғидан тортиб чиқарилиб, сергитиб, қуритилиб, поездларнинг ўчоғига ўтин бўларлариям бор. Ўшанда уларнинг оҳини биров эшитмайди. Эшитган тушунмайди. Тушунган тескари қарайди.

Зорланган Сангзор бўлади. Зорлангандан Сангзор зорланади.

Шундай кунларнинг бирида темир йўлнинг икки чеккасини, сассиқ шпаллар орасини ёриб қизғалдоқлар бош чиқаради. Бир-бирининг қўлидан маҳкам ушлаган қизғалдоқлар. Худди вагонлардан чаккилаб томган қонларнинг изсиз йўқолиб кетмаганлигини таъкидлагандек, қад ростлайдилар. Шаҳидлар чироғидек, йўқ бошидек қип-қизил бўлади. Шамол уларни танийди. Кела-сола юзларини силайди. Сувсаб қолган бўлса керак, деб шошганча булутни қувиб, олдига солиб келади. Қизғалдоқзор тўйинган бўлади. Тоғлар кўзларини ишқалаб ҳайратдан ёқа ушлолмай қоладилар. Уларга қўшилгиси келади. Тошлар такбир айтадилар. Тухумбошлар тошча бўлмайдилар. Шунда икки тоғдан ўзига ёқа ясаб олган Темир Қопқани Илонўти тарафдан келган паровознинг ҳаммаёқни жийитиб ўтиши бузади. Кўзи ачиб, нафаси тиқилган дара ёқа тутамлаганча данг қотади. Қизғалдоқзор тик туриб қарши олади. Қўрқмайди. Бу бошлар темир изларга қўйилиш учун яратилмаганлигини билдириб қўймоқчи бўлади. Хаёл қилади. Хаёлида борлиқ алвондан-алвон эмиш. Ҳатто Бадбахтдалаям. Шамолга айтмоқчи бўлганди, Яланғоч кўрсатгич бармоғини лабига босди. Қизғалдоқзор тушунган бўлди, елкаларига парчинланган изларни шамолга қўшилиб бир силтаб олади. Кўпни кўрган шамол яна ўнг эсишидан умидвор бўлади. Ҳуриллаб, ям-яшил арчаларни қадимгидек пирпиратгиси келади. Яланғоч оёқларини сувга солиб, бир қўлини Танги, бир кафтини Чонғи қирларига тираганча тек қотади. Бир кўнгли дарадаги ғорга кир, дейди. Бошқаси қўли бойлиқ бўлмаган бир ўзи қолганини иддао қилади. Дунёларни тентираб-тентираб, айланиб-айланиб келаркан, йўлма-йўл саболар сочини маҳкам ўриб юпатади, шаббода кўнглини ёритади, муштипардек ҳилпиллабгина турган елпин кўнглини кўтаради, гармселни ҳовурдан тушуради, сурон солишга силласи етмай қолган тўзонларга тўзим тилайди, довулга айланмоқ орзусидагиларга қувват бўлади, камонларга ўқ бўлиш ғайрати билан ўсаётган новдаларни силаб-сийпаб ўтади, елкасига кун, кўксига эпкин тегишига илҳақ мустаринларга нигоҳ ташлаганча, кўпга қўшилганлар оҳудек улиб, шерболадек кулиб, дарёни дардидан дамма-дам дарак олгани қайтиб келаверади.

Катта айрилиқлар ва улуғ топишишлар ҳақидаги қўшиқ ёлғиз айтилмаслигини сағаналардаги ёзиқлар эслатади. Куйиниям.

Янги Ой — Сунбула элга тинч, ўзига нотинч бўлганча, аҳли асрорга сир улашиб ёсин тортади. Катта юлдузлар азалий ўринларида итоат билдириб, ҳурмат ва сукут билан бўйин эгадилар. Йўқолган юлдузлар ўрни ўпирилиб тушган эгасиз очиқ гўрдек мунғаяди. Чархи фалак, оғма фалак отига ярашиғ йўлида давом этади. Юлдузларнинг ўтиш йўлидаги тўғри кўтарилиш ҳисобини топиш ҳамманиям қўлидан келавермайди. Чўмич юлдуз тўнкарилиғлиқ қозонда юлдуз шопириб тураверади…

Эркалик эгалик уйга ярашармиш..

Graf Lev Nikolayevich Tolstoy: “G‘arbliklar boshqalarni o‘ldirmoq va o‘zlarini halok qilmoq uchun Sharqqa qarab yo‘l oldilar. Sabablar bir-biriga mos kelish qonuniga ko‘ra”,–deb yozganda davr bir bo‘lsa-da makon boshqa edi. Bir davrning bo‘lak makonida safar yo‘nalishi o‘zgacha bo‘ldi. Shimolliklar Janubga qarab yo‘l oldilar.
Avvaliga chuchmal harakat bo‘lib tuyulgan, iskabtopar olimlar yordamida o‘ljaning cho‘g‘i aniqlanib, so‘lakni keltiradigan ishtaha yo‘li ochilib, urush o‘chog‘iga o‘tin qalangan, keyingi ochiq bosqin yaralariga po‘stin kiydirish uchun keltirilgan poyintar, bachkana sabablar bir-biriga to‘g‘ri kelmasa-da, kelgandek ko‘ringanini istashgani uchungina oqiyam-sarig‘iyam o‘ylab ko‘rishni o‘ziga ep ko‘rmasdi…

Bahodir Qobul
SUNBULA
002

1-daftar

Issiq-sovuqning damini, to‘rtta yomg‘irning namini, bir parcha bulutning g‘amini ko‘tarolmay, bo‘lar-bo‘lmasga hovliqib, hishmalanib, og‘zi ko‘pirib keladigan dovdir sel Aymoq qal’asida Makedoniya podshosi Faylakusning o‘g‘lidan qolgan manjaniqning butini ayirib qo‘yniga solgandayam, Chingizxon Sartyuzi qo‘rg‘oniga uzunasiga ekib ketgan uchi ayri sixnayzalarni tun qorong‘usida zang-pangi bilan kuraklari orasiga qarsillatib qadagandayam, Qutayba Novqa Ota chinnixonasi ko‘ksini chil-chil qilib, isqotiga tortilgan chiroq siniqlarini sidirib, kuppa-kunduz ko‘zlariga quygandayam bunchalik xo‘rlanmagandi…

Oyqoru Shunqor tog‘larining qishin-yozin qilichday yaltirab turadigan qorlarining oyoq uchlaridan boshlab o‘rmalaydigan buloqlar jilg‘aga, sanog‘iga birov yetmagan jilg‘alar soylarga, Kattasoy-u, Jum-jumsoylar Sanglog‘u, Ko‘kjarga bo‘y beradilar. Ko‘kjar-u Sangloq Sangzorga do‘nishini, shahar ko‘rgan Sangzor rangi sinib, quchoq yetmas beli qilday bo‘lib, bir ahvolda Qili otini olishini, keyin Arnasoy, Tuzkon, Aydarko‘l oralab Sirdaryoga, Sirdaryodan bulutga ko‘chishini, bulut osmonlarni aylanib-aylanib qor bo‘lishini, yana kelib Oyqoru Shunqorga to‘dalanishi, tog‘larga singishi, archazorlarni yayratishi, buloq bo‘lib ko‘z ochishi, jilg‘a bo‘lib til chiqarib chuldirashi, Sangloqda toshlar bilan quchoqlashib qo‘shiq aytishi, Ko‘kjarda qizlarga qo‘shilib, bo‘rvaklariga yopishib chopishi, Sangzorga kelib etaklarini yig‘ishtirib, erta-indin kelin bo‘ladigan bo‘ysiralardek malohat bilan yurishini, azaliy hayoti shunday kechgani, o‘yin-kulgi bilan o‘tganini tush ko‘rganday bo‘ladi. Yor Yayloq o‘takasini yorib kelgan tulporlar xilvat qirg‘oqda labiga lab bosishini, ne bir bahodirlar yuzlarini yuvib, odam zotiga aytmagan tushlarini u bilan sirlashganini yodga olganda yuragi o‘ynab, dimog‘i chog‘ bo‘ladi. Quchog‘iga qaynoq to‘shini urgan yalang‘och-yaydoq ayg‘irlarning yelkasiga osilib, suykalanib, bo‘ynilaridan erkalanib oshganlari, yollarini yalab-yulqab tushganlarini qo‘msaydi. Bir vaqtlar Boburshoh birrov qo‘ngan, o‘sha davrlar otdoshi bo‘lgan, hozirda “Sukunat qo‘rg‘oni” atog‘liq tepalikka ug‘ruq qarosi ko‘rinarmikan, degancha ko‘z tikib o‘tadi.

Haddi sig‘masa-da, ahyon-ahyonda, yo‘li o‘ng kelib Turkqishloq oralagan selova sevishganlar yashiringan, pana topgan, masti-mustariq rizq tergan, mashoyixlar bulutday, qaroqchilar quyundek o‘tgan, jahongirlar chong‘i (ot ustidagi tezkor kengash) chaqirgan, devonalar davra solgan, parilar parda osgan, lo‘lilar kapa tikkan, shahidlar chiroq yoqqan, oyog‘i Kattasoyda, boshi Avliyo Otaga yetgan Jarko‘cha shavkatu savobini buyniga munchoq qilgancha gardu gunohini yuvib Kattasoyga soladi. Kattasoy Jarko‘cha oyog‘ini yuvganidan o‘zida yo‘q taltayadi. Xursandligini ko‘ksi qalqib yon-tevarakka bildirgan bo‘ladi. O‘qotar yalangiga, O‘rtabaland qiriga, Dunyotepaga. Yoqalagan sariqtol, jiyda, yong‘oqlarga ko‘z-ko‘zlagan bo‘ladi. Jiydalar shundoq ham ochilmagan ko‘zlarini battar yumib, ko‘rmaslikka oladilar. Sariqtol ko‘ringanga sarg‘aygancha yelkasi qisilib, kim nima desa og‘ziga qaraydi. Undan gap chiqqandayam birov yelkalab, o‘tin qilmagan. Ketmondastayam. Ushlovi yo‘q. Qadimi yong‘oq yashinlar bilan olishaverganidan, chaqmoq uraverib kallaklangan, bahaybat chandiqlari uzoqdan ko‘rinib turadigan mushtiga iyagini tiragancha hammasini ko‘rganligini shamolga qo‘shilib boshini xiyol xam qilgancha bildirgan bo‘ladi.

Nay nag‘mani tosh bilan o‘ynagan to‘lqinlardan, karnay dovruq solmoqni sharraklardan, doira zarb sehrini tomchilardan, tanbur nola tortmakni domanaga yuzini urgandagi sasdan, g‘ijjak oh urmakni hansiragan harsang toshlarni o‘zaro gurungidan ilib olganini bilmaganga olib, kulib-kulib xotirlaydi. Ne bir yovni yo‘liga pishqirib chiqqancha g‘ov bo‘lgan kunlarni o‘pkasi to‘lib tiniq eslaydi. Udamali bo‘ylab Balxga yetib, quyuq jiydazor oralaganda birdan sho‘xligi tutadi. Yosh demay, yoshi o‘tgan demay majnuntollar sochini tortqilab, yulqilab o‘ynaydi. Nushiravon, Ko‘chmaariq, Mulkiushr yoqalab o‘ynoqlaydi. Sovuqbuloq bilan uchrashganda sunbulalar yo‘ldan uradi. Sunbul isiga burkanib, sunbulga qo‘shilib sumbulanadi. Bir isga, bir hisga chayqalib eshiladi. O‘tgan-qaytganni xayolini oladi. Qilig‘i o‘ziga yoqib qoladi. Keyin yana qo‘shiq aytib, o‘ynab-o‘ynab enadi. Shamol endi bunaqa sho‘xliklar yarashmasligini, mavridi emasligini qir tashlab bildirgan bo‘lardi.

Novqa Ota suvini ichganda ich-ichi boshqacha bo‘lib ketadi. Yer qolib, osmonda uchishni ilg‘ab oladi. Xayollari tezlashgani barobar, esiyam tiniqlashadi. Zarafshon qavatiga kirgandan keyin Tuyatortar kuchi bilan dunyoga sig‘maydi. Bunday kuchga teng turgan, ikki kiftini tang to‘ldirib suvoriy makon qilgan, lashkargoh bo‘lgan kunlarni es-es eslaydi. Bir narsasini yo‘qotib qo‘ygan-u, nimasini yo‘qotganini o‘ziyam bilmaydigan bo‘yqizdek orqasiga qarab-qarab kelgancha, Cholko‘ndiga yetganda ixtiyor-beixtiyor gapga ko‘nadi. Sokin tortadi. Shunday bo‘lish kerakligini o‘ziyam sezadi.

2-daftar

Egasiz uyning eshigiga daydi it ham chot ko‘tararmish…

Ega ega bo‘lmasa, nega?

Ustma-ust bo‘layotgan taloto‘p, ur-yiqit, ushla-ushla, quva-quv, qama-qamalardan yurak oldirilib, qo‘radan qochirilgan, qochgan, uloqqan, beega haydov qo‘ylar ko‘zpana soylar, arnayu o‘ngirlar, shamol yetmas kamarlarda bitta-ikkita bo‘lib yig‘ildilar.

Havorda qolganlarga egasi o‘lganday to‘qimi osilib, no‘xtasi uzilib, ayili sudralgan, aftidan eskidan cho‘pon eshagi va eshak yetovidagi ozib-to‘zib ketgan it kelib qo‘shildi. Jonliqlar eshakni qora tortdilar. Haydov bo‘lganlar cho‘pon-cho‘liqli suruvdek ko‘rindi…

Qasd kun ekan, oy og‘ish oqshomida jondor doridi. Do‘ltalar davra olishdi. Qashqirlar to‘dani to‘rt tarafdan o‘rab keldi. Bir boshiga qo‘sh qashqir kelgan jonliqning kuniga to‘zim bersin. Jondorlar avvaliga jonliqlarni hurkitib, quvalab o‘ynadi. Keyin bazm boshlandi. Enasini ortidan zorillab ergashgan qo‘zining yo‘lidan bir emas ikki bo‘ri chiqdi. Boshqasi dovdirab, yo‘lini yo‘qotib, oyoq ostida o‘rmalashgan tusoq chovini shart uzib sherigining oldiga tashladi. Kuchini qayerga qo‘yishini bilmaganlar sutdan ajrab, ko‘kni ta’mini bilib, dirkillab qolgan tuxlilarni ermakka yonboshiga olib o‘takasini yordi. Ko‘pni ko‘rganlar ko‘zlarga ko‘z qadab jon sug‘urdi. Oz bo‘lsa-da, hidini olganlar dag‘-dag‘ qaltirayotgan jonliqlarni panjalari ostida ushlab, qo‘rquvdan yuragi yorilishini bahuzur tomosha qildilar. Qon to‘lib yorilgan yurak shirin bo‘larmish.

Qo‘rqqanidan vovullashniyam unutgan, qocha-qochni vahimasida qo‘ylarni o‘rtasiga kirib, o‘mgagini yerdan ko‘tarolmay qolgan itni bo‘rilar avvaliga yo tosh, yo kesak deb o‘ylashdi. Itligini bilib yoppasiga tashlanishdi. Jon chiqar titrog‘ida ko‘zlari jovdirab, avvaliga yaltoqlanib, jon umidi-da g‘ingshishi-yu, lahzada bo‘lari bo‘lganligini anglab, itligi qo‘zib, esiga tushib irillashi bo‘g‘zidan arimay ichaklari talosh bo‘ldi.

Qashqir shovurini sezgan echki borki, turgan joyida to‘rt oyoqda sakrashga tushadi. Bu qiliq jondorlarga avvaliga biroz qiziq tuyulsa-da, qiziqning qizig‘i qon oqizish, qonli lab-lunjlarni tilni bir qarich chiqarib, tamshanib-tamshanib yalash ekanligini unutmadilar. Sersoqollar zo‘r kelganda jonholatda baqirilsa-da, tovush chiqmasligini shunda yo bildilar, yo bilmadilar.

Eshak zoti borki, bo‘rini ko‘rsa, bo‘ri meni ko‘rmasin, deb quloqlarini tushirib, ko‘zlarini berkitadi. Qosh-ko‘zidan to‘daboshi, do‘ltabo‘riligi bilinib turgani ko‘zini berkitib turgan jonvorga yaqinlashdi. Boshqalar ish o‘rgamchi shogirddek qarab turdilar. Do‘lta xotirjam, kashtasini keltirib avval bo‘ynini, keyin navbatma-navbat orqa oyoqlarini kerdi. Ov bunaqa bo‘ladi, degancha sovuq bosiqlik bilan bir hamlada jonliqning kekirtagiga tish bosdi. Aqlni quloqdan olgan boshning og‘ir damsar urib xo‘rsinishini hech kim eshitmadi. Chiroyli va qop-qora ko‘zlardan oqayotgan egasizlik yoshlarining so‘nggi bor yiltillashidek ko‘rgulikdan bo‘zargancha avzoyi buzuq kelgan Javzo oyi o‘ziga tinch, elga notinch bo‘lib belanchak osdi.

3-daftar

Ikki boshli kalxat surati tushirilgan xos vagonni yetaklagan parovoz bir narsadan quruq qolgandek hansirab, Samarqanddan sahar mardonlab halloslagancha yo‘lga chiqdi. Atrofni achchiq-sassiq hid bosdi. Xayrlashayotgan bahorning namtob havosiga o‘ralashgan qora tutun ichra poyezd yurar yo‘lini tusmollab borardi. Yana son tekkanidan o‘zida yo‘q xursand, iste’fodagi polkovnik, sud hay’ati raisi Aleksandr Nikolayevich Sokolov vagon-restoranda. Igna yutgan itday oriq poruchik-prokuror va huquq ilmidan bexabar yuzlab askarlar orasidan tanlab olingan to‘rt nafar zobit – hay’at a’zolari raisning qosh-qovog‘iga qaraydilar. Hay’at bazmi jamshid ustida. Qurdagilar Jizzaxga yuborilgan. Shaharni tozalash buyurilgan.

Anchadan buyon ishsiz yurgan, qozonga qorovullik qilib qolgan polkovnik yana qo‘l ostiga odam berganliklari, uniyam esga olib qolganliklarini shu vaqtgacha sezdirmay kelgan bo‘lsa-da, ichiga ikki tomchi kirgach jilovini bo‘sh qo‘ydi. Qo‘lidan hali ko‘p ish kelishini, kelgandayam katta va dovruqli ishlar kelishini unutmaganliklarini har bir a’zoga qayta-qayta uqtirdi. Hazrati Oliylariga tahsinlar o‘qidi.

Bolshoy Mixaylovka stansiyasida suvxonasini suvga to‘ldirib hayallagan poyezd yana yo‘lga tushdi. Milyutinskiyda o‘tinxonasiga o‘tin g‘amlaydi.

– Meni shaxsan sud hay’atiga boshchilik etish uchun taklif qildilar,–dedi, xuddi boshqalar buni bilmaydigandek. Sudda bu itlarni chivindek ezib tashlayman. Jizzaxning har bir daraxtiga bularning harom jasadini osib qo‘yaman…

Polkovnik shunday degancha, yelkasida zo‘rg‘a ilinib turgan, beo‘xshov qizarib ketgan boshini arang ko‘tarib, restoranning u boshidan-bu boshiga qaragan, ko‘zi o‘tmasa-da, qora-qurolarni tusmollab tikilgan bo‘ldi. O‘rnidan turgandi tizzalari ilkisdan bukildi. Ko‘zoynagi otildi. Tik turgancha, ichmoqchi bo‘lganini og‘ziga olib borolmay, yonboshga ag‘anadi. Shunda poruchik joniga ora tushdi. Suyab qoldi. Prokuror bosh bo‘ldi. A’zolar raisni ko‘targancha xos vagonga olib jo‘nadilar.
Kuropatkino razyezdidan shitob bilan o‘tgan poyezd Lomakino stansiyasi tomon yeldek uchib borar, Qaroqchitog‘ ortda qolgan, G‘ubdin etaklari bosib o‘tilayotgan, hademay Milyutinsk stansiyasi qo‘ng‘irog‘i ovozi eshitiladi. Poyezdning to‘satdan to‘xtayotganligini bildirgan, bolasini yo‘qotgan ayolday chinqirig‘i va vagonlarning orqama-ketin bir-birlariga qarsillab urilishi yo‘lovchilarning hushini uchirdi. Temir izning adir tirsagidagi burilish ortida, yo‘l ustidagi ko‘zga qadalgan taloto‘p poyezd haydovchisi-yu boshlig‘iniyam shoshirib, gangitib qo‘ygan, shundan shoshilinch dastaklarini bosishgan, yo‘l son-sanoqsiz jutga to‘lgan, uzoqdan xuddi bir qishloq odamni qator qilib, tekis otib tashlagandek tasavvur uyg‘otardi. Uning nazdida Oqposhsho askarlarini qo‘zg‘olonchilar yo‘lga olib chiqib o‘ldirgandek tuyulgan, qo‘zg‘olon ishtirokchilarini sud qiluvchi hay’atning shu poyezdda borayotganidan xabar topganlar intiqom uchun poyezdni to‘xtatmoqda edilar. Yana Jizzax qo‘zg‘oloni oldidan egasiz avom temir yo‘llar buzilsa askar kelolmaydi, degancha Toshkentdan keladigan Kaufman yo‘nalishidagi Ursatovsk va Obruchevo stansiyalari izini buzganlari yodiga tushgandi.

Poyezd to‘xtagach, bir muddat hech kim tushmadi. Derazayu tuynuklardan harbiy hiyla ishlatilgan, degan fikrda obdan kuzatildi. Tirik jon qimirlagani sezilmagach, qo‘riqchi askarlar harbiy intizom bilan ikki-ikkitadan tushishdi. Miltiqlarini duch kelgan tomonga nuqib-nuqib dushman qidirishdi. Topilmadi. Keyin so‘kinib-so‘kinib, jutlarni sudrab chetga olishdi. Poruchik qo‘riqchi askarlardan xushyorlikni oshirishni, “tuzemes”lardan har narsani kutish mumkinligini bir qo‘lida to‘pponcha ko‘targancha poyezd zinasida turib, yarim tanasini chiqargancha bot-bot takrorlardi.

4-daftar

O‘yinni zo‘ri yo bozorda, yo mozorda bo‘ladi. Bu safar ham shunday bo‘ldi. Katta, zo‘r o‘yinlarni sopi hamisha o‘zidan chiqarilgan. Hali Jizzax O‘rdasida qirg‘in bo‘lmasdan oldin, O‘rdaning shundoq biqinidagi bozorning ikki qorovuli “otasidan qolgan mulk”ni bo‘lisha olmay janjallashgandi. Bozorni kirdi-chiqdisidan topadigan bir parcha qattiq non ko‘p ko‘rindi. Xudo urgan shunday noshukurlik kunlarning birida ur kaltak, sur kaltak boshlandi. Qorovullar janjal nimadan boshlanganiniyam, nimaga O‘rda o‘t ichida qolganiniyam bilishmadi. Bozorda kunda o‘n urish, yuz janjal. Shulardan biri bo‘lsa kerak, deyishgandi. Keyin bilishdiki, O‘rdadagi jang katta janglardan. Bozor ko‘rganlar bunday kunlarda birovni o‘ylamaydilar. Boshni biror panaga tiqqan ma’qul. Sassiq bo‘lsayam. Tirik qolsa bo‘ldi. Boshqaning ko‘zi oqib tushsayam kiprigi qil etmaydigan bozor ko‘rgan qorovullar jangga o‘zlaricha aralashdilar. To‘g‘rirog‘i, birovi oldinroq harakat qildi. Paytdan foydalandi. Zang bosgan va to‘pponchaligi qolmagan temirni adovatdagi qorovulning hovlichasiga ko‘mdi. Falonchiyam qo‘zg‘olonga aralashgan, qatnashgan, hovlisining piston joyida to‘pponchasi bor, deb ma’murlarga chaquv yetkazgan. Soldatlar kelgan, ko‘rsatilgan joyni kovlashgan, to‘pponchani topishgan. Qo‘shib hovlini egasiniyam olib ketishgan.

Shaharga adog‘siz dabdabayu as’asa bilan kirib kelgan sud hay’ati boshlamasiga shu ishni ko‘rishi, ko‘zini pishitishi, Oq poshsho odamlarining gapini ikki qiladiganlarni ko‘zini moshday ochib qo‘yishi kerak edi. Hay’at ko‘radigan ishlarning gunohkorlari ko‘cha, rasta, bozorlardan tutib kelingan, oddiy tirikchilik kuyida kuymalanib yurgan kishilar bo‘lib, chaquvga uchrab oxranka agentlariga pora berolmay qamalgan, ba’zi bir boylar hukumatga sadoqatlarini ko‘rsatish uchun ushlab berilgan kambag‘allar, bemavrid bu maskanda makon topganlar edi.

“O‘ta muhim jinoyatchini” soldatlar qurshovida olib kirdilar. Oqlovchining qorasiyam ko‘rinmadi. Sud boshlandi. To‘qqillatib stol ustiga qo‘yilgan bir enlik zang bosgan temirning to‘pponcha ekanligini faqat uni ko‘tarib yurganlargina ilg‘ashdi. So‘rov boshlandi.

– To‘pponcha senikimi?

Sobiq qorovul to‘pponcha degan narsani ikkinchi bor yaqindan ko‘rayotganidan qo‘rqib ketdi. Bir marta uyidan ushlab ketishayotganda qo‘liga berib qo‘yishgandi. Qo‘ni-qo‘shni o‘rtasidan qo‘l boyliq, bo‘yinda to‘pponcha bilan soldatlar oldiga tushgandi o‘shanda. Soldatlarning biqinidagi to‘pponchalarga qarashga yurak bo‘lmagan. Rang dam oqardi, dam ko‘kardi.

– To‘pponcha meniki emas.
– Bu dushmanlik va tuhmatdan boshqa narsa emas,–o‘shqirdi prokuror.

Bandi yana nimadir demoqchi bo‘lgandi, taqiqlashdi. Bo‘g‘ziga kelgan so‘z holini o‘zgartirib, bo‘g‘ilganidan yosh bo‘lib tirqiradi. A’zoyi badanini quyuq qora ter bosdi.

Keyin to‘pponchani undog‘iga-bundog‘iga aylantirib ko‘rishdi. Bir zobitni chaqirib, uning ishlash-ishlamasligini tekshirib ko‘rishni buyurdilar. Zobit shoshib qoldi. To‘pponchaning ishlamasligiga aqli yetmaydiganlar qanday sud o‘tkazayotganiga hayron bo‘lib raisga qaragandi, zahriolud basharaga duch kelib, hayron xayoliyam esxonasidan chiqib ketdi. Oradan bir soatdan ortiq vaqt o‘tdi. Hay’at betoqatlandi. Yana bir zobitni gap nimadaligini bilishga jo‘natdilar. Sukunat.

To‘pponchaning ovozi chiqmayotganligidan bandining betiga qon yugurgandek bo‘ldi. Tetiklandi. Qani endi shu holatda bo‘lsayam umrini o‘tkazaversa. Shunda, shunda birdan osmonu yerni larzaga solib o‘q ovozi eshitildi. Nazarida, xuddi to‘p og‘ziga uni bog‘lab otishgandek hushi qolmadi. Tashqarida, qayerdadir, qandaydir quroldan otilgan daydi o‘q bexato kelib shakar tomiriga urilgandek, tik bo‘y yiqildi. Hay’at a’zolari masala hal, degandek, bir-birlariga royish berib qaradilar. Rais ikki soatdan buyon nimanidir rasmini solib o‘tirgan, kitob desa kitobga, supra desa supraga o‘xshamaydigan besunaqay ikki betli jildni bir-biriga qarsillatib urib, stol ustidagi kumush qo‘ng‘iroqchani kashtasini keltirib chalgancha, sud yakunlanganini bildirdi.

5-daftar

Poyezdlar qop-qora dudga botib, ermakka sovuq shamol quvib keladi.

Graf Lev Nikolayevich Tolstoy: “G‘arbliklar boshqalarni o‘ldirmoq va o‘zlarini halok qilmoq uchun Sharqqa qarab yo‘l oldilar. Sabablar bir-biriga mos kelish qonuniga ko‘ra”,–deb yozganda davr bir bo‘lsa-da makon boshqa edi. Bir davrning bo‘lak makonida safar yo‘nalishi o‘zgacha bo‘ldi. Shimolliklar Janubga qarab yo‘l oldilar.

Avvaliga chuchmal harakat bo‘lib tuyulgan, iskabtopar olimlar yordamida o‘ljaning cho‘g‘i aniqlanib, so‘lakni keltiradigan ishtaha yo‘li ochilib, urush o‘chog‘iga o‘tin qalangan, keyingi ochiq bosqin yaralariga po‘stin kiydirish uchun keltirilgan poyintar, bachkana sabablar bir-biriga to‘g‘ri kelmasa-da, kelgandek ko‘ringanini istashgani uchungina oqiyam-sarig‘iyam o‘ylab ko‘rishni o‘ziga ep ko‘rmasdi: Nikolayning tuprog‘i tilla Turkiston zaminiga ishqivozligi va bu ishqivozlikning, birinchi navbatda, tiyiqsiz generallar, tajovuzkor zobitlar, och askarlarning kayfiyatiga mos kelishi; ham G‘arb, ham Sharq urushlarida sharmanda bo‘lgan Chor armiyasining qurolsiz aholini ezishga va ayni vaqtda baroq ko‘ppakdan qo‘rqar, sumangi sanqini quvar qudratini namoyish etishga bo‘lgan chegara bilmas zavqi; aqli tang qotib, qilichi zang bosgan tor ko‘ngilli beklarning zarni ko‘rganda ko‘zini zarnigor kasali butunlay qoplashining mutloq aniqligi; to‘rt ovora bir butundan ko‘ra yarimta-yurimta bo‘lsayam azoni betahorat chaqirilgan nomi aytilib turishni istashdek harom xayollar og‘ushining ustun kelishi; qandaydir olomonning bunday saxovatli yerlarda yashashlikka allaqachon huquqi bekor qilinganligini go‘lligiga borib anglamayotganliklarini anglatish hirsi; sersuv, unumdor yerlarda mujiklar egalik qilishlariga shaxsan Oliy hazratning o‘zi fatvo berganligi; shuning uchun, aytaylik, Jizzaxdek geosiyosiy, barcha yo‘llar uchrashadigan, quruq cho‘p ham gullab tilla tug‘adigan yerda, yana shaharda sartlar (o‘zbeklar) ning yashashlari to‘g‘ri emasligini tushunmayotganliklari; qirg‘inga din emas, zulm va zo‘ravonlik sabab bo‘lganligini anglashni istamaslik; bangumonlikning siyosatga aylanganligi; hukm yuritishda mantiqning ayniyat qonuni buzilgan timsoh sofizmi kundan-kunga sanoqsiz tishini qayrab, qon tepgan kekirdagini ko‘rsatayotgani va bu buzuqilikning tarafdorlari zo‘ravonlar ekanligi; malaka hosil bo‘lish egri chiziqlari to‘g‘ridan-to‘g‘ri nayzalarga, qilichlarga aylanganligi; egoizmning egotsentrizmga allaqachon yem bo‘lganligi; uyat va hayosizlik hissidan mahrumlikning hukumat deb atalishi; yaxlit reflektor harakatlar sistemasidagi qismlarning o‘z ishini birin-ketin bajarishdan iborat funksional qonuniyatning buzilishi; his-tuyg‘ular uyg‘otuvchi manbalarning tubanlashganligi; bosib olmishlarning bosib olinmishlardan savod va odob darajasining pastligi sezilganligi va bunaqa savod anchadan buyon savod sanalmasligini anglamayotganliklari; Andijon qo‘zg‘olonida Britaniya, Jizzax qo‘zg‘alishida Turkiyaning qo‘li bor, deb ayyuhannos solinishi va oxir-oqibatda bu gap-so‘zlarning pilta miltiq sassig‘idek jiyig‘i chiqqanligi; bahamjihat bo‘lib, tinch-totuv yashashni xush ko‘radigan Turkiston ahlini o‘zini-o‘zi yeydigan olakanalar makoniga aylantirish istagi; haqiqatni bilish san’atining mantiqiy usullar va metodik qoidalar sistemasining xudbinlik manfaatlariga bo‘ysundirilishi kabi million-millionlab sabablari bor edi.

Poyezdlar hayhotdek vagonlarni yukka to‘ldirib zo‘riqqancha, havoni bulg‘agancha kelgan yeriga qaytadi…

6-daftar

Rais qachondir, nimadandir, juda qattiq qo‘rqib, yuzi shu holatda qotib qolganligi, kiprik qoqmasligi, mudom baqrayib turishi, tomoq qirishidan zahar tomishi bilan nom chiqargan edi. Prokuror savodsizligini egnidagi hashamdor formasi bekitib turadi, deb o‘ylaydiganlardan bo‘lib, zobitlarni naqshinkor xumlarga o‘xshatganlar xato qilmasdi.

So‘roq paytida rais bandilardan bir-ikki og‘iz gap so‘ragan bo‘lib, boshini avval o‘ng tomonga, keyin chap tomonga burib, navbatni hay’at a’zolariga havola etar, biroq ularda ham gapirish istagi topilmasdi. Ro‘yxatga belgi, chiziq chizish bilan ovora edilar. Prokuror va himoyachining gaplaridan so‘ng qo‘llaridagi qalam bilan bandiga o‘tir ishorasini qilishar, so‘roq navbati boshqasiga kelardi. Shu zayilda bir kunda rejaga asosan yuz odamning ishini ko‘rish vazifasi zimmalariga yuklangandi.

Savol-so‘rovning qattig‘i savodsizda bo‘ladi. Go‘shtga yetgan itday navbat prokurorga tegishi bilan ko‘zoynagi va sap-sariq qoshi oralatib avval ro‘yxatga, keyin bandiga boshdan-oyoq tikbo‘yin qarab, qurbaqani avrayotgan ilondek bo‘ynini beo‘xshov cho‘zib-cho‘zib, avval o‘ng bosh barmog‘ini chap yengiga, keyin chap bosh barmog‘ini o‘ng yengiga tiqib, xuddi bilaklariga tegib ketgan yenglarini ajratgandek kiborlar qilig‘ini qilib, ko‘ngilni aynitar darajada qo‘sqi-qo‘lansiq-palag‘da tovush bilan ishini boshlardi. Odatda, bandi prokurorning savoliga tushunmas, qayta so‘rashga jur’at qilolmas, qayta so‘rash mumkinligini o‘ylab ko‘rmagan ham yoki javob bersa-da, prokurorning nayrang to‘riga o‘z ixtiyori bilan bo‘lmasa-da, qat’iyatsizligi, go‘lu ovsarligi ortidan ilinib qolardiki, gapirayotgan gapi o‘ziga zarar keltirayotganligini fahmlamasdi. U endi qayerdan bilsinki, bir “gap” uchun nainki bir uy yo o‘n uy, balki minglab uylar kuyib ketsa, xonumonlar tutasa, nafaqat bir shahar, balki butun boshli bir mamalakat harob bo‘lsa…

Ammo, tarjimon prokurorning ayyorligini payqab qolib, savollarga sharh berib, avom tushunadigan tilga o‘gira boshlaydi. Shu tariqa uch-to‘rt bandi prokuror changalidan qutilishga erishdi.

Prokuror bildi. Endi tarjimonning ko‘ziga qattiq tikilib, savollarini dona-dona qilib talaffuz qilar, lekin tarjimon diqqat qaratmas, ishiga sobit turardi…

Prokuror ko‘rdiki, ov baroridan kelmayapti. Tarjimonga tashlandi.

– Siz, Mirzo Abduholiqzoda, menimcha, savollarimni noto‘g‘ri tarjima qilayapsiz. Bir og‘iz gapimni doston qilib yetkazishni nima zaruri bor. Gapimga gap qo‘shmay, aynan tarjima qilishingizni talab qilaman!

– Prokuror janoblari. Siz adabiy tilda gapiryapsiz, agar men gapingizni aynan va so‘zma-so‘z tarjima qiladigan bo‘lsam, qishloq odami sizga nima deb javob beradi? Javob bergan taqdirda ham savolga muvofiq kelmaydi, anglashilmovchilik yuzaga keladi. Agar savolingizni ochiqroq, aniqroq bayon qilsangiz, mening sharh berib o‘tirishimga hojat qolmasdi.

– Bu yog‘i sizning ishingiz emas! Vazifangiz aynan tarjima qilish, tushundingizmi? Siz menga yo‘l ko‘rsatmang! Men o‘z ishimni yaxshi bilaman.

– Kechirasiz, janob prokuror, mening vazifam savolingizni bandiga tushuntirib berish, toki u savolga tushunib javob bersin, zero, bu yerda insonning taqdiri, xayot-mamoti xaqida gap ketayapti.

– Takror aytaman, savolimga ilova qilmang, men nima desam, aynan tarjima qiling, sizni bu yerga tarjima qilish uchun olib kelganlar,– degancha qahr bilan stolga musht soldi.

Hay’at, bandiyu soqchilar, tekinidan quruq qolgandek yig‘ilgan tomoshabinlar bir cho‘chib tushdi.

Tarjimon sud raisiga murojaat etdi:

– Rais janoblari, meni harbiy sud majlisi tarjimonligidan ozod qilishingizni so‘rayman. Men prokuror talabini bajara olmayman va vijdonim oldida gunohkor bo‘lishni istamayman.

Sud tanaffus e’lon qiladi. Keyin maslahat xonasiga prokurorni chorladi.

– Aleksandr Nikolayevich, tarjimonning xatti-harakati jonimga tegdi.

– Bu yerda hissiyotga berilmaslik kerak, azizim Vasiliy Petrovich. Ma’lumotingiz, unvoningiz vazifangizga to‘g‘ri kelmasligi vajidan Toshkentda ozmuncha odam bilan sanu manga borib sizni so‘ramaganmidim. Mana, ko‘rib turibmiz, tajribangiz ham haminqadar…

– Aleksandr Nikolayevich, o‘zingiz bilasiz, buncha odamni aybdor deb topish uchun nachalnik oxrankaning bir protokoli kamlik qiladi. Birgina guvohimiz bor. Lekin, uning “tanimayman” deyishi ham asossizga o‘xshayapti. Shuning uchun men yuristcha gaplar bilan ularning boshini gangitib, o‘z tilidan ilintirmoqchi bo‘layapman. Tarjimon esa ishimga xalal berayapti, agar u xalaqit bermaganda qanchasini tumshug‘idan ilintirardim. Buning o‘rniga ruschani yaxshi gapira olmaydigan chalasavod tarjimon topganimizda yaxshi bo‘lardi.

– Vasiliy Petrovich, juda soddasiz-da, nima, Toshkent qaroridan xabaringiz yo‘qmi? “Bu itlarning hech biriga omonlik yo‘q”, degan gapni eshitmaganmisiz?

– Qanday xabarim bo‘lmasin. Yuristlik mahoratingni ishga sol, degan edingiz, shunga amal qilib…

– Yaxshi, tayinlaganimdek, chalkash savollar bilan chalg‘iting, gapga oling. Prokuror degan nomingiz bor. Ruschani tushunmaydigan mahalliylarga e’tibor qaratmayman. Siz ham shundoq qiling, biroq ruschani biladigan advokatlar va tomoshabinlar chatoq. Ular qanaqa odamligini bilib bo‘lmaydi, demakki, ishonib ham. Mabodo masala qanday hal bo‘layotganining isini olsalar hukumat sha’niga bo‘lmag‘ur ovozalar tarqatadilar. Albatta, hukumat bundaylardan qo‘rqmaydi, lekin harbiy sudimizning nozik jihatlari bor. Tushungandirsiz? Qanchalik og‘ir bo‘lmasin, hozir chiqib, tarjimondan kechirim so‘raysiz. Bu shaxsiy ish emas, umum ishi. Umumga foyda ketirish uchun shaxsiyning bahridan o‘tish kerak. Shu ishingiz bilan ochilgan pardani yopgan bo‘lasiz,–dedi do‘ltabo‘riday yovuz bosiqlik bilan. Keyin qo‘shib qo‘yadi. –Bu yerni hozircha Turkiston deydilar.

7-daftar

Yulduzlar, minglab yulduzlar tartib bilan G‘arbdan Sharqqa aylanadi. Yer shari millionlab jondoru jonliqlar boshini yelkalab, o‘z o‘qi atrofida Sharqdan G‘arbga tomon o‘griladi. Bir tanasiga bir bosh berilgan odam qayoqqa yurishini bilmay, ko‘ringanga qo‘shilishib jo‘naydi.

Avvaliga yigirma mingdan ziyod erkak zotini so‘roq-so‘rovsiz o‘qqa duchor qilgan, keyin o‘q ham hayf deb hisoblanib, sovun surtilgan dorlarga tortilgan shahar va shahar atrofi bo‘ri talagan qo‘radek huvillab qoldi. Kunduz kuni qidirib, qari chol va norasida go‘daklardan o‘zga erkak zoti topilmas bo‘ldi. Qochgandan qirilgan ko‘p bo‘ldi. Egasiz ekinzorlar odam bo‘yi g‘allasini ko‘tarolmay yer bilan bitta bo‘lib yotar, ishlashga qurbi yetganlarni ilingani o‘ldirilgan, qocholgani bedarak, ushlangani turmada, sud bo‘lgani Sibir, “omadi chopgani” mardikorlikka olinib, uchi-qiyri yo‘q o‘rmonzorlarning gadoy topmas, borsa kelmas xilvatlariga jo‘natilgan edi. Shaharning ushlangan joyidan vagonlarga urilgan daydi-duydi, och-yalang‘och, soch-soqoli bitlab, hademay yetib keladigan mujiklarga bo‘shatish lozim.

Jizzax shahri, Bog‘don va Sangzor vuluslarida qariyalaru yoshi qaytganlar, ayollaru bolalardan bo‘lak qo‘zg‘olonda ishtirok etganligini gumon qilish mumkin bo‘lgan hech bir zot qolmadi. Egasizlarga qo‘zg‘olon ishtirokchilarini zudlik bilan tutib berishlari haqida buyruq berildi. Mabodo uch kunda buyruq bajarilmaydigan bo‘lsa, aholi uy-joyidan mosuvo bo‘lib, cho‘lu biyobonga badarg‘a etilishi oldindan tuzilgan rejaga asosan ma’lum qilindi.

1916 yil 7 avgust. Soat o‘n ikki. Farmon o‘qib berildi. Unga ko‘ra egasiz el biyobonga surgun qilingan. Kun qizigandan qizigan. Sallotlar va otliq kazaklar qilichu nayzalarini yalang‘ochlab, miltiqlarini o‘qtalib, notavonlarni to‘rt tomonga haydab shahar chetidagi dala–Uchtepaga to‘pladilar. Och sallotlar aholining oxirgi burda nonini qo‘lidan yulqib, shu joyning o‘zida kavsh qaytarar, bir burda qotgan noni bor odam gunohkor sanalgan kun edi.

Egasidan ixlosi qaytgan itdek bo‘yni egilgan hardamxayol ulus otliqlar oldiga tushdi. Nomigagina ko‘ylak-ishton vazifasini bajaradigan latta-puttaga yopinganlar giryonu nolon dashtga qarab sudraldi. Badbaxt dalaga yuzlangan go‘daklar, ayollar va keksalarning ohu vohi olamni buzdi. Tashnalik azobidan lablari gezarib sudralayotgan minglab qari-qartang, ayolu go‘daklarni osmondan oftob, yerda tosh kuydiradi. Oldinda giyoh ham unmaydigan, o‘z oti o‘zi bilan Badbaxt dala. Orqada miltiq va qilich o‘ynatgan sallotu otliq. Bir boshga qo‘shotliq mirzo tig‘ ko‘targan. Madorsiz, yiqilganni qo‘ndog‘ va tepkini zo‘ri o‘ziga keltirib qo‘yar, otlig‘ining og‘zidan “sobaki” tushmas, solloti “sukina deti” degancha bet-ko‘zing demasdi.

Asad oyi dimiqqancha yarmi senga, yarmi menga degandek qilichini tik ko‘tarib chiqdi.

8-daftar

Poyezdlar janubdan shimolga surgun etilganlarni, shimoldan janubga yangi yer egalarini peshma-pesh tashiydi. Shimolga ketayotgan vagonlardan chakkilab qon, zahardek yaltirab zardob tomadi. Zardoblar temir izlarni teshib yuborgudek bo‘ladi. Poyezdlarning qilig‘i shamolga yoqmaydi. Uni tag-tugi bilan azot ko‘tarib urgisi, ayniqsa eng boshida kelayotgan, qora tutuni bilan dunyoni bulg‘ayotgan qozonqorinni yomon ko‘radi. Ichi dardga to‘lib ketadi. Dardi chang-to‘zon bo‘lib osmonga o‘rlaydi. Tentirab to‘rt tomonga chopadi. Dardlarini daryo tushunadi. Daryoning dardi shamolnikidan ziyod ekanligini sarg‘aygan ikki beti–domanasi bildiradi. Daryo daryo bo‘lib bunchalik xo‘rlanmagandi. Hushini esxonasidan chiqargan narsa Kattatog‘ning qadim archalarini g‘arot etilishi, O‘smat Ota, Navqa Ota, Bog‘mozor Ota mozorotlari ustigacha yastanib kelgan archazorning bir boshidan kesilib yuziga otilishi edi.

Necha bir bosqinda archalar elni asragandi. Pana bo‘lgandi. Bir tup tizza bo‘yi archani birov kesolmasdi. Bir archada qirq yigitning rizqi bo‘ladi, degancha el archani asrar, archa tog‘ni bezar, shodliklar buloq bo‘lib, qo‘shig‘i daryoga oqardi. Kattatog‘ning bir shoxidan engan suvga Samarqandu Buxoro, bir shoxiga kunchiqish betdagilar tirikchiligi qarab qolgan. Poyezdman degani shaqildoq ilondek biltanglab keldiyu, hammaning rangi o‘chdi. Ega, ega bo‘lmasa nega,–degan gaplar shu vaqtlarniki deyishadi.

Daryo o‘z onasi, o‘z bolalarini oqizib ketayotganidan, qutqara olmayotganidan, qutqarishga kuchi yetmasligidan qirg‘oqlarga bosh urib yuguradi. Dard og‘ir, ko‘rgulik zil keladi. Balolig‘ bosinqiratadi. Alamini kimdan olishga, hasratini kimga aytishga aqli yetmay qo‘liga ilinganni olib chopadi. Qirg‘oqlar etagini toshga to‘ldirib ortidan ergashadi. Ming yillar oldin ikki tog‘ni murosaga keltirib, oradan yo‘l ochganiga pushaymon bo‘lay deydi-yu, shashtidan qaytadi. Shamol bir daryo betida, bir qirg‘oqlarda yalangoyoq izillaydi. Ko‘z ko‘rgan yeridan ajragan, kamiga yetti bo‘lakka nimtalangan, yo‘rgakdek g‘o‘lalangan archaning dardi bu dunyoga sig‘maydi. G‘o‘lalar suv yuzida, po‘rtanalarda aylanishar ekan, bir-biriga bosh qo‘yishib, goh girdobda, suvo‘rada uymalanib qolishadi, goh sharraklarda yuraklarini hovuchlab, ko‘zlarini chirt yumib olishadi. Hali daryodan changakda tomog‘idan tortib chiqarilib, sergitib, quritilib, poyezdlarning o‘chog‘iga o‘tin bo‘larlariyam bor. O‘shanda ularning ohini birov eshitmaydi. Eshitgan tushunmaydi. Tushungan teskari qaraydi.

Zorlangan Sangzor bo‘ladi. Zorlangandan Sangzor zorlanadi.

Shunday kunlarning birida temir yo‘lning ikki chekkasini, sassiq shpallar orasini yorib qizg‘aldoqlar bosh chiqaradi. Bir-birining qo‘lidan mahkam ushlagan qizg‘aldoqlar. Xuddi vagonlardan chakkilab tomgan qonlarning izsiz yo‘qolib ketmaganligini ta’kidlagandek, qad rostlaydilar. Shahidlar chirog‘idek, yo‘q boshidek qip-qizil bo‘ladi. Shamol ularni taniydi. Kela-sola yuzlarini silaydi. Suvsab qolgan bo‘lsa kerak, deb shoshgancha bulutni quvib, oldiga solib keladi. Qizg‘aldoqzor to‘yingan bo‘ladi. Tog‘lar ko‘zlarini ishqalab hayratdan yoqa ushlolmay qoladilar. Ularga qo‘shilgisi keladi. Toshlar takbir aytadilar. Tuxumboshlar toshcha bo‘lmaydilar. Shunda ikki tog‘dan o‘ziga yoqa yasab olgan Temir Qopqani Ilono‘ti tarafdan kelgan parovozning hammayoqni jiyitib o‘tishi buzadi. Ko‘zi achib, nafasi tiqilgan dara yoqa tutamlagancha dang qotadi. Qizg‘aldoqzor tik turib qarshi oladi. Qo‘rqmaydi. Bu boshlar temir izlarga qo‘yilish uchun yaratilmaganligini bildirib qo‘ymoqchi bo‘ladi. Xayol qiladi. Xayolida borliq alvondan-alvon emish. Hatto Badbaxtdalayam. Shamolga aytmoqchi bo‘lgandi, Yalang‘och ko‘rsatgich barmog‘ini labiga bosdi. Qizg‘aldoqzor tushungan bo‘ldi, yelkalariga parchinlangan izlarni shamolga qo‘shilib bir siltab oladi. Ko‘pni ko‘rgan shamol yana o‘ng esishidan umidvor bo‘ladi. Hurillab, yam-yashil archalarni qadimgidek pirpiratgisi keladi. Yalang‘och oyoqlarini suvga solib, bir qo‘lini Tangi, bir kaftini Chong‘i qirlariga tiragancha tek qotadi. Bir ko‘ngli daradagi g‘orga kir, deydi. Boshqasi qo‘li boyliq bo‘lmagan bir o‘zi qolganini iddao qiladi. Dunyolarni tentirab-tentirab, aylanib-aylanib kelarkan, yo‘lma-yo‘l sabolar sochini mahkam o‘rib yupatadi, shabboda ko‘nglini yoritadi, mushtipardek hilpillabgina turgan yelpin ko‘nglini ko‘taradi, garmselni hovurdan tushuradi, suron solishga sillasi yetmay qolgan to‘zonlarga to‘zim tilaydi, dovulga aylanmoq orzusidagilarga quvvat bo‘ladi, kamonlarga o‘q bo‘lish g‘ayrati bilan o‘sayotgan novdalarni silab-siypab o‘tadi, yelkasiga kun, ko‘ksiga epkin tegishiga ilhaq mustarinlarga nigoh tashlagancha, ko‘pga qo‘shilganlar ohudek ulib, sherboladek kulib, daryoni dardidan damma-dam darak olgani qaytib kelaveradi.

Katta ayriliqlar va ulug‘ topishishlar haqidagi qo‘shiq yolg‘iz aytilmasligini sag‘analardagi yoziqlar eslatadi. Kuyiniyam.

Yangi Oy — Sunbula elga tinch, o‘ziga notinch bo‘lgancha, ahli asrorga sir ulashib yosin tortadi. Katta yulduzlar azaliy o‘rinlarida itoat bildirib, hurmat va sukut bilan bo‘yin egadilar. Yo‘qolgan yulduzlar o‘rni o‘pirilib tushgan egasiz ochiq go‘rdek mung‘ayadi. Charxi falak, og‘ma falak otiga yarashig‘ yo‘lida davom etadi. Yulduzlarning o‘tish yo‘lidagi to‘g‘ri ko‘tarilish hisobini topish hammaniyam qo‘lidan kelavermaydi. Cho‘mich yulduz to‘nkarilig‘liq qozonda yulduz shopirib turaveradi…

Erkalik egalik uyga yarasharmish..

98

(Tashriflar: umumiy 401, bugungi 1)

Izoh qoldiring