Bahodir Qobul. Qayroqtosh. «Tosh bitiklar ohangida» turkumidan

07   Деярли ҳар нашр этилган китобимда кўҳна турк битиктошлари ҳақида шеър бор. Бугун Баҳодир Қобулнинг шу мавзу-ю шу оҳангдаги туркумини ўқиб, баайни ўзим ёзгандай қувондим…

Хуршид ДАВРОН

Баҳодир ҚОБУЛ
ҚАЙРОҚТОШ
“Тош битиклар оҳангида” туркумидан
06

  055 Баҳодир Қобул (Баҳодир Қобулов) 1966 йилда Бахмал туманида, Ўсмат қишлоғида туғилган. Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг ўзбек ва тожик тили филологияси, шунингдек мазкур университетнинг ҳуқуқшунослик факультетларида таҳсил олган.
   Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Энашамол”, «Энайўл» номли китоблари чоп этилган. Ёзувчи ўз асарларида она тилимизнинг бетакрор тароватини , инсон қалбининг жозиб кечинмаларини ўзгача завқу ҳаяжон, меҳр ва муҳаббат ила гўзал тасвирлар воситасида ифодалай олади.

МАНҒЛАЙ БИТИГИ

Тонглари қуёшли, пешона терли…
Турк Алп Эр Баҳодир…
….Бўмини ҳоқон.
… Истами… Элтариш…
… Билга …Кул тигин
…Соҳибқирон Темур…
…Улуғбек султон …
тўқсон авлоди етишган ирқ.
Кундуз ухламас, кеча ухламас,
қизил қонин тугатиб,
қора терин югуртиб,
қўнғир қўйи,
оқ отини катта килади.
Ҳоқон оталар карами ва ғазаби
кўнгилдагидай…
Бу яхши.

КАФТ БИТИГИ

Кўнгли кўнглингга қараб турар кўкдан.
Тепадаги осмон айтар:
“Турк халқи йўқолмасин”.
Ел кирган тешик — қулоқ,
жизиллаган без — кўз бўлолмас.
Қадимий ёруғликни танидингми?
Қиличдай кескир, қаламдай содиқ,
бир вақтлар илкингда бўлган,
Эски жўрангни.

Хаёлингга қўндими,
кифтингга, кафтинггачи?
Бошини бошингга қўймоққа,
бўйнингга бўйин бермоққа,
аччиқдан-аччиқ, кўз ёшин ютиб,
кафтингга дардини тўкмакка,
кифту-кафт тозами?
Кўнгилчи?
Жон болам, ўзингни ўзинг алдама,
тиладим.
Бу-ёмон.

ЮКУНЧ БИТИГИ

Балбаллар – боши учган сағана тошлар,
тош китоблар кўтариб юрган,
ўйиқ кўз косасидан шўрлари оққан
ёзиққинани тусмолладингми?
Ярим қаторгинасига кўз югурттингми?
Ўзи ўзиникка сув қуйиб турса,
супраси-қўраси,
қўрғони хомталаш бўлса,
униурвоқлари ҳар ён сочилса,
бегона-ю кўр,
етти ёт ғаним
тарихин ёзса
варақлар тутаб, ранглар куймасми?
Ўқи!
Отанг ёзиб кетган ёзиғни ўқи.
Ўқимасанг бўлмас бовурим,
жигарим, айнам, болажоним:
“Сизни отингиз …бек…
Ўкинмадингиз, кўрмадингиз, бутламадингиз.
Сизнинг баҳодирлик исмингиз … ”.
Кишанланган фикр,
қўрқитилган хаёл,
қулф урилган оғиз,
тилкаланган тил,
чўғи олинган кўз мунғаяр.
Дайди ел ин қўйган бош чаноқлар уввосин,
буғилган нафас,
ХЎР ва СИНИҚ сўзни,
ХЎРСИНИҚни илғадими,
тинкагинаси қуриган
ярғингинаси яғиргина кўнгил дегани?
Отасин хаёлин таниган.
Билиб қўйки: бу яхши.

САРҒАРГАН БИТИК

Тош қотган хотиралар сарғаяр,
Кўнгли сув ичмаган боладай.
Лапанглар, бир чўқиб, бир қўйиб,
олақарға, қора қарға, гўнг қарға,
ҳаммасиям ўз отин айтиб-чақириб,
қарғиш теккан елкаси оша
қарғаниб,
қур солиб айланар иту-итирқин,
итлиқу ислиқи кўзлар чақчайиб
сағана сағиру,
эга чиққандай,
кўнгил деганниям тирриқ қилганча.
Илмда аталар қалдирғочсимон…
Илминггаям қоил қолмадим.
Айвонда вал-фажр ўқиган,
қалдирғоч номуси қарғага қолса,
қирланғич иснодин қаробош чўқиб,
қарлуғоч оқини қарғалар ювса.
қарлиғач орини қарға эгаллаб,
қалдирғоч отини қузғун кўтарса?
Кўтарсинда бундай илмни.
Қарғишиям ўзига урсин,
Ўз кўзини чўқисин ўзи.
Илмиям бошида қолсин,
Илм демайдилар бундай жодуни.
Жодугарлик: бу — жуда ёмон.

КЎР БИТИК

Тошдай совуган хотиралар,
тошдай тош қотган хотиралар,
тошкўмирга айланган хотиралар,
тош хотираларнинг тоши,
кўнглини кўнглингга қўйиб,
тегирмон тошидай эзғилар,
саноқсиз йилдирки кўзлик ахтариб
димоғин тўйдиргиси келиб буйига,
дардин куйдиргиси келиб бўйига.
кўнгил узолмайин кун санар,
икки кўз жаланглар келар йўлига.
Кўксига кашталар уриб ташлаган,
безотлар қиличин изин,
сотқинлар сўзининг заҳрин,
ямонга яқинлиқ нуқсин сездингми,
Хоинлар урчутган сояларничи?!
Жонсарак сўзлардек ҳасратлар инграр,
Нўхталанган кўнгил тўқимин кўрдингми?
Олдими хаёлинг, кўзинг ўтдими?
Олмаса, ўтмаса ўринмас.
Кўр жўра.
Кўргин жўра.
Кўргин-да, тезроқ.
Кўр бўлмасанг.
Кўр.
Кўрмасанг бўлмас!
Кўримингни кўрмасдан,
Кўрарини кўп кўрмай,
Бориниям кўтармасидан.
Кўр бўлмоқ.
Билиб қўй: бу — ёмон!

ҚОРАШОМ БИТИГИ

Оҳанглар тафтига бардошлар йиғиб,
Ранглар ҳамласига ҳаддингни чоғла.
Ичингдаги, қошинг-қабоғинг,
кўзингдаги душманлараро,
тил учида дўстманлараро,
Ота супасидан безорлараро.
Кўнгил душман дегандай,
Иссиғу совуқ кўнгиллараро.
Саҳарда ҳамтавоқ,
шомда кўнгилхўр,
Қорашомлараро,
оқшомлараро.
Вақт кутмас!
Дам ғаним, дамлар ғанимат!
Уммонни унутган, эсдан чиқарган,
эси олмай қўйган, ҳуши оққандан
қарога қўшилиб қорилиб кетган,
томчининг қўтир кўнглила,
занг босган хаёллар, қурум урган ўй,
тилини йўқотган,
кўнглини бой берган дарё ёқалаб,
муз кесган хотира устида тентир
яйлов тўла бузов,
қашқатаёқ қўй, дейишса…
Билиб қўйки: бу — ёмон!

ТАНГЛАЙ БИТИГИ

Кўп сўроққа қўймагин, шамол.
Уятдан кўзларим очилмаётир,
кўнгилдагидай…
Ёғий ёғдай сўзлар, ишни пишиқлар,
илик қоқиб берар эринмай,
ипак уст-бош кийдириб, башанглар.
Этаглар остини пайпаслаб,
Чангаллаб ҳам қўяр уялмай.
Енг ичида суяк — калтак таёқдай.
Тарс ёрилгиси келар, усталигидан.
Бир отари томоқ топганига хурсанд,
талмовсирабгина тасрайиб.
Бир қўши ош-ошдан ошмайин боши,
меровланибгина анграйиб.
Тўймаслик касали тутган йўргакда.
Беўйлик касрати қучган қўшқўллаб,
Кафтини-кафтига ишқалар,
дам ҳам солиб қўяр, куф-суфлаб:
“ -Боши қўшилмасин ишқилиб,
Эл бўлмасин, тоза сув ичирма,
тариқдай тарқасин туркнинг уруғи,
қирмочдай тўкилсин тухуми.
Шунда кўнгилдагидай қул чиқади,
бир-бирига гўштини едириб боқсанг.
Шапиталаб ҳам қўй ийиганингда,
Итдаям кўнгил бўлади-ку.
Отасин отини тутмагин ҳеч вақт,
Отасин кимлигин эслатма фақат,
Душман қилиб кўрсат, қўлингдан келса”.
Тўймаслик! Танимаслик!
Билиб қўй: бу жуда ёмон.

ҚУРОҚ БИТИГ

Китобдан сўз очма, дафтарни ёпгин!
Очсанг, лаб-лунж осилиб, хўмраяр,
ғашиқар, ғижинар, ғудраниб қошлар қовоқда,
саҳардан шомгача ютум ўйлови,
ювуқсиз икки қўл эски ялоқда,
“Етти авлодини билмаган-қул”дай.
Элдан бурун,
элбурутдан кўнгил ўлгандай…
Кўз сарғайиб кетган, кузга етмайин,
ботарига ботиб чала чириган
япурғоч анқуви келади,
иситма аралаш қуроқ кўнглидан.
Қаншари қани деб сўрамагин, қўй,
ютумга қўшилиб ютилиб кетган.
Ҳар не бўлгандаям, кўнгил дегандай…
Эл бошида тегирмон айланар,
катта-кичик бошоғу-бошни эзғилар.
Бандага бандалик
еру осмонни фитнага тўлдирар,
ўзинг-ўзинга душмансан холос.
Билиб қўй: бу- ёмон.

БЕКЛИК БИТИГИ

Кўк осмон ярлақаган,
қўнғир ер ўстирган,
боши борни таъзим қилдирган,
тиззаси борни чўккалаттирган,
кунотардан ойботаргача
беклик қоши имосига илҳақ қаратган,
оталар нигоҳи ўтади, кўнгилдан…
Энасойда оққан оҳларнинг,
Ком Суида ками йўқ ғамнинг,
қуш тилини қуш билганидек,
ҳоқон ногоҳини илғаган даминг,
… кўнгилга яхшилик уруғин экдим,
мен оддий тупроқман, бор-йўғим шу, де.
Шамол, сенга бердим, хаёлларимни,
Ўзимни Ўзига топширганман де…
Кўнгилда қул сурат бекликдан,
Бек кўнгилли қул бўлган бегрок!
Энасойда чўмилмоқ яхши,
Ширяйдоқ.

ЧАҚМОҚ БИТИГИ

Турк Алп Эр…баҳодир
…. Истами… ҳоқон…
етти авлодини билганни,
еру-осмон хуш кўрар,
чақмоқ қаҳ-қаҳ урар қувонганидан,
қўлин қўлга берган қўлочиқ,
жон жўра чақмоққа бўлсин саломлар!
Унингда оти кўп: бири Елдирим,
бири Шақмоқ…
Ухлаган бошларни ўйғотиб,
тош қотган тошларни турткилаб,
сарғайган сўзларни саралаб,
йиқилганни суяб, ҳимолаб,
кул босган кўзларни чўғлатиб,
қўтир қўнган чўғларни қўзғалаб,
тариғдай сочилган уруғин тергилаб,
кўртугун тушган тил курмовин ечиб,
ўз ишидан ўзи хурсанд,
кўнглидагидай…

ИЛТИЖО БИТИГИ

Хаёлингни
қўқиган, қўқитилган,
қўрқитилган, ҳуркитилган
хаёлингни йиғ!
Ўксинма.
Бир шундай бўлди, бўлдида.
Кечирмайди деган гумонда бўлма,
ўзингга ўхшатма чиғдагиларни.
Сенга ёлғон, Худога чин.
Худо кечиримли, Худо меҳрибон!
Тургин!
Тиз чўкма!
Бет-қўлингни юв.
Тоғлар илҳақ,
сойлар илҳақ,
сувдан сулув
қизлар илҳақ.
Қошлари қўш қилич кўтарган.
Оламни қиличлар сасимас,
Ювуқсиз югурдаклар шеърнамосимас,
чақалоқ овози босса,
ўғирланган қизлар қўзилатилса,
қандай яхши.

СОАТ БИТИГИ

Кўзни оч!
Кўзинг очилдими, аво,
авоғамни авоғаси.
Ўйғондингми жўра.
Танидингми Эгангни будун.
Ўзингга қўшиб биттагинани
Ўйғотолсанг қанийди, оғаси?
Иккитани ўйғотиш оғир.
Вақт ҳисобли.
Соат-қиёмат.
Соат шоширади соатига қараб.
Вақтни ўриб борар қиртишлаб.
Ўроқ тушган даланинг ҳиди бўлак,
Вақт ўрган ўранинг аҳволи бошқа.
Машҳурлик қадаминг машҳарга ўтмас.
Миллар қувиб келар ликкиллаб
даврадан чиқ-чиқ, чиқ-чиқ дегандай.
Билиб қўй-бу яхши: билмасанг — ёмон.

ОТАСЎЗ БИТИГИ

Тонглари қуёшли, пешона терли,
ўчоқлар совимас, қўралар қўрли,
суруви ўрласа, энмаса…
Отасўзда тоғ қураётган,
болаларин бошини ҳидлаб тўймаса,
қилиғидан қувнаб, хотиржам,
кўнгли тинч йўлбарсдай
қўллари устига бошини қўйиб
ўйин-ирғишларга мароқ-ла боқса,
отасин от қилиб минса,
қиқирлаб,
отлари отдайин кишнаса.
Бир сўзин тушиниб, бирин ангнимай,
қулоқ осса ота тилда чулдирашига.
Отасин сўзин қулоққа олибди,
отасин китобин ушлабди,
кўтарибди отасин китобин,
китобга уммат тушибди,
китобга бўйин берибди,
ёзиқ ёзармиш боласи,
севинчдан шодланди ота-онаси,
дейишса — “Ёзиқ — ёруғлиқ!”
Билиб қўйки: бу яхши.
Жуда яхши.
Кўнгилдагидек.
Кўнгилдагидан-да зиёд…
Шамолнинг димоғи бир чоғ бўлади,
ўзини қўярга жой тополмайин,
тўрт томон чопқилар суюнчи сўраб,
кўкдан- кўк кўкларга сиғмайин.
Заминни опичлаб, югурар, чопар
ҳайратдан тирқирар кўзида ёши,
кўнглини олдирган,
қадим қулдайин.

КУН БИТИГИ

Юрган тун тўхтамас,
юрган кун тўхтамас.
Юқоридан кўк босмаган,
пастдан қаро қисмаган бўлса,
сени ким урди?
Бир нафас алдовсиз яшаб бўлмаса,
бир оғиз тўғри сўз бўлсалар қаҳат,
макрсиз кун кеч ўтмаса
итлар ҳам қуриққа кунга чиқмаса.
Назмғарни атама шоир,
нағмағарни ҳофиз демагин.
Шоирлари ўлмаган элнинг,
Ёзарлари битмаган юртнинг.
Дунёлардаги энг улуғлик
сўзни илғаш:
тиригини, нафасини,
чаласини, чамасини,
чошини, тошини,
чоғини қарашини,
ёшини қарисини,
чоғдошини, қурдошини.
Бу яхши.
Қўрқ!
Осмондагидан қўрқ
ерга кирмасингдан бурун.
Барибир ямламай ютилсан,
ютаман деб ўйлама,
бекдурсан, бийдурсан ҳозирча.
Одам зотин хаёли хом.
Одам Ато юрган йўлдан қолма.
Йўлингни йўқотма. Тўхтама.
Юрган кун тўхтамас,
юрган тун тўхтамас.
Бу яхши.

КАПГИР БИТИГИ

Туғёнга тобе,
тобеликка кўнгил суст кетган,
хоинликка моил кўз жизиллар,
оғиз сув очган, кўпириб,
фақат
етти тур, етти қур қарсакдан
кафтлар ҳижолат,
ажратувчи сўз қошида.
Бақувват,
девқомат,
серсавлат,
каттадан катта калла,
қисқа ақл,
фикр қозонидан капгири катта-
Хай ва Калга сиғинган зўрнинг
кўрган кўргилигин унутма.
Бу ямон.
Яхшиям одам ўлади.
Худо меҳрибон.
Бир яхши.

СУВ БИТИГИ

Тошга боқ,
Сувга боқ,
Кунга боқ,
бир ҳовуч гилдаги қирқ минг кўзга боқ.
Кун йўлдан чиқмаган,
тун йўлдан чиқмаган,
тош тошлигидан тонмади,
сув сувлигидан кечмади.
Турклигингданчи?

НУР ВА СОЯ БИТИГИ

Тирик кундаги,
тирик дарахтнинг,
тирик барглари
эркин шамолда ер бетига соядан
нақш уриб, гул солиб жилмаяр, юракдан.
Иккисинда димоғи чоғ.
Одам замонидагидай.
Қувлаш қувалаш ўйнар
қийқиришар.
Нур ва соя
ҳур яратилгани,
нимага яратилганини унутмаган.
Бу яхши.

ШАРАФ БИТИГИ

Ҳурлигингни,
ҳур яратилганлигинг хаёлдан қочирма!
Ўзидан қолма!
Ёдда тут!
Яратган Бор ва Бир.
Кўкайга жойла.
Кўзларингга қўрқмай ўйиб-ўйиб ёз.
Турклигинг унутдинг, тукча қадринг йўқ!
Сен Турон эгаси, қадим ва улуғ
Туркнинг боласисан кўнгли, кўзи тўқ!
Тонглари қуёшли, пешона терли…
Ўзингни улуғ ишларга қайра,
Ғанимжон ўзингни ўзингга қайрамасидан.

Энанг шому-саҳар йўл қараб турса
хаёлингнинг бир чаккасидан,
“Мен эснаётган йўлбарсман”ни ёдлаётган,
бир қўлида мой суртилган нон,
бир қўлида китоб,
Арлон жўрасига ўқиб бераётган,
киприк тўла Жаркўча гарди болангни,
ўпиб қўйгин қоқ чеккасидан.
Бу яхши.
Яхшидан яхши.
Кўнгилдагидай.

03Deyarli har nashr etilgan kitobimda ko’hna turk bitiktoshlari haqida she’r bor. Bugun Bahodir Qobulning shu mavzu-yu shu ohangdagi turkumini o’qib, baayni o’zim yozganday quvondim…

Xurshid DAVRON

Bahodir QOBUL
QAYROQTOSH
“Tosh bitiklar ohangida” turkumidan
06

02    Bahodir Qobul (Bahodir Qobulov) 1966 yilda Baxmal tumanida, Oʻsmat qishlogʻida tugʻilgan. Alisher Navoiy nomidagi Samarqand Davlat universitetining oʻzbek va tojik tili filologiyasi, shuningdek mazkur universitetning huquqshunoslik fakultetlarida tahsil olgan.
   Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi aʼzosi. “Enashamol”, “Enasyo’l” nomli kitoblari chop etilgan. Yozuvchi oʻz asarlarida ona tilimizning betakror tarovatini , inson qalbining jozib kechinmalarini oʻzgacha zavqu hayajon, mehr va muhabbat ila goʻzal tasvirlar vositasida ifodalay oladi.

MANG’LAY BITIGI

Tonglari quyoshli, peshona terli…
Turk Alp Er Bahodir…
….Bo’mini hoqon.
… Istami… Eltarish…
… Bilga …Kul tigin
…Sohibqiron Temur…
…Ulug’bek sulton …
to’qson avlodi yetishgan irq.
Kunduz uxlamas, kecha uxlamas,
qizil qonin tugatib,
qora terin yugurtib,
qo’ng’ir qo’yi,
oq otini katta kiladi.
Hoqon otalar karami va g’azabi
ko’ngildagiday…
Bu yaxshi.

KAFT BITIGI

Ko’ngli ko’nglingga qarab turar ko’kdan.
Tepadagi osmon aytar:
“Turk xalqi yo’qolmasin”.
Yel kirgan teshik — quloq,
jizillagan bez — ko’z bo’lolmas.
Qadimiy yorug’likni tanidingmi?
Qilichday keskir, qalamday sodiq,
bir vaqtlar ilkingda bo’lgan,
Eski jo’rangni.

Xayolingga qo’ndimi,
kiftingga, kaftinggachi?
Boshini boshingga qo’ymoqqa,
bo’yningga bo’yin bermoqqa,
achchiqdan-achchiq, ko’z yoshin yutib,
kaftingga dardini to’kmakka,
kiftu-kaft tozami?
Ko’ngilchi?
Jon bolam, o’zingni o’zing aldama,
tiladim.
Bu-yomon.

YUKUNCH BITIGI

Balballar – boshi uchgan sag’ana toshlar,
tosh kitoblar ko’tarib yurgan,
o’yiq ko’z kosasidan sho’rlari oqqan
yoziqqinani tusmolladingmi?
Yarim qatorginasiga ko’z yugurttingmi?
O’zi o’zinikka suv quyib tursa,
suprasi-qo’rasi,
qo’rg’oni xomtalash bo’lsa,
uniurvoqlari har yon sochilsa,
begona-yu ko’r,
yetti yot g’anim
tarixin yozsa
varaqlar tutab, ranglar kuymasmi?
O’qi!
Otang yozib ketgan yozig’ni o’qi.
O’qimasang bo’lmas bovurim,
jigarim, aynam, bolajonim:
“Sizni otingiz …bek…
O’kinmadingiz, ko’rmadingiz, butlamadingiz.
Sizning bahodirlik ismingiz … ”.
Kishanlangan fikr,
qo’rqitilgan xayol,
qulf urilgan og’iz,
tilkalangan til,
cho’g’i olingan ko’z mung’ayar.
Daydi yel in qo’ygan bosh chanoqlar uvvosin,
bug’ilgan nafas,
XO’R va SINIQ so’zni,
XO’RSINIQni ilg’adimi,
tinkaginasi qurigan
yarg’inginasi yag’irgina ko’ngil degani?
Otasin xayolin tanigan.
Bilib qo’yki: bu yaxshi.

SARG’ARGAN BITIK

Tosh qotgan xotiralar sarg’ayar,
Ko’ngli suv ichmagan boladay.
Lapanglar, bir cho’qib, bir qo’yib,
olaqarg’a, qora qarg’a, go’ng qarg’a,
hammasiyam o’z otin aytib-chaqirib,
qarg’ish tekkan yelkasi osha
qarg’anib,
qur solib aylanar itu-itirqin,
itliqu isliqi ko’zlar chaqchayib
sag’ana sag’iru,
ega chiqqanday,
ko’ngil deganniyam tirriq qilgancha.
Ilmda atalar qaldirg’ochsimon…
Ilminggayam qoil qolmadim.
Ayvonda val-fajr o’qigan,
qaldirg’och nomusi qarg’aga qolsa,
qirlang’ich isnodin qarobosh cho’qib,
qarlug’och oqini qarg’alar yuvsa.
qarlig’ach orini qarg’a egallab,
qaldirg’och otini quzg’un ko’tarsa?
Ko’tarsinda bunday ilmni.
Qarg’ishiyam o’ziga ursin,
O’z ko’zini cho’qisin o’zi.
Ilmiyam boshida qolsin,
Ilm demaydilar bunday joduni.
Jodugarlik: bu — juda yomon.

KO’R BITIK

Toshday sovugan xotiralar,
toshday tosh qotgan xotiralar,
toshko’mirga aylangan xotiralar,
tosh xotiralarning toshi,
ko’nglini ko’nglingga qo’yib,
tegirmon toshiday ezg’ilar,
sanoqsiz yildirki ko’zlik axtarib
dimog’in to’ydirgisi kelib buyiga,
dardin kuydirgisi kelib bo’yiga.
ko’ngil uzolmayin kun sanar,
ikki ko’z jalanglar kelar yo’liga.
Ko’ksiga kashtalar urib tashlagan,
bezotlar qilichin izin,
sotqinlar so’zining zahrin,
yamonga yaqinliq nuqsin sezdingmi,
Xoinlar urchutgan soyalarnichi?!
Jonsarak so’zlardek hasratlar ingrar,
No’xtalangan ko’ngil to’qimin ko’rdingmi?
Oldimi xayoling, ko’zing o’tdimi?
Olmasa, o’tmasa o’rinmas.
Ko’r jo’ra.
Ko’rgin jo’ra.
Ko’rgin-da, tezroq.
Ko’r bo’lmasang.
Ko’r.
Ko’rmasang bo’lmas!
Ko’rimingni ko’rmasdan,
Ko’rarini ko’p ko’rmay,
Boriniyam ko’tarmasidan.
Ko’r bo’lmoq.
Bilib qo’y: bu — yomon!

QORASHOM BITIGI

Ohanglar taftiga bardoshlar yig’ib,
Ranglar hamlasiga haddingni chog’la.
Ichingdagi, qoshing-qabog’ing,
ko’zingdagi dushmanlararo,
til uchida do’stmanlararo,
Ota supasidan bezorlararo.
Ko’ngil dushman deganday,
Issig’u sovuq ko’ngillararo.
Saharda hamtavoq,
shomda ko’ngilxo’r,
Qorashomlararo,
oqshomlararo.
Vaqt kutmas!
Dam g’anim, damlar g’animat!
Ummonni unutgan, esdan chiqargan,
esi olmay qo’ygan, hushi oqqandan
qaroga qo’shilib qorilib ketgan,
tomchining qo’tir ko’nglila,
zang bosgan xayollar, qurum urgan o’y,
tilini yo’qotgan,
ko’nglini boy bergan daryo yoqalab,
muz kesgan xotira ustida tentir
yaylov to’la buzov,
qashqatayoq qo’y, deyishsa…
Bilib qo’yki: bu — yomon!

TANGLAY BITIGI

Ko’p so’roqqa qo’ymagin, shamol.
Uyatdan ko’zlarim ochilmayotir,
ko’ngildagiday…
Yog’iy yog’day so’zlar, ishni pishiqlar,
ilik qoqib berar erinmay,
ipak ust-bosh kiydirib, bashanglar.
Etaglar ostini paypaslab,
Changallab ham qo’yar uyalmay.
Yeng ichida suyak — kaltak tayoqday.
Tars yorilgisi kelar, ustaligidan.
Bir otari tomoq topganiga xursand,
talmovsirabgina tasrayib.
Bir qo’shi osh-oshdan oshmayin boshi,
merovlanibgina angrayib.
To’ymaslik kasali tutgan yo’rgakda.
Beo’ylik kasrati quchgan qo’shqo’llab,
Kaftini-kaftiga ishqalar,
dam ham solib qo’yar, kuf-suflab:
“ -Boshi qo’shilmasin ishqilib,
El bo’lmasin, toza suv ichirma,
tariqday tarqasin turkning urug’i,
qirmochday to’kilsin tuxumi.
Shunda ko’ngildagiday qul chiqadi,
bir-biriga go’shtini yedirib boqsang.
Shapitalab ham qo’y iyiganingda,
Itdayam ko’ngil bo’ladi-ku.
Otasin otini tutmagin hech vaqt,
Otasin kimligin eslatma faqat,
Dushman qilib ko’rsat, qo’lingdan kelsa”.
To’ymaslik! Tanimaslik!
Bilib qo’y: bu juda yomon.

QUROQ BITIG

Kitobdan so’z ochma, daftarni yopgin!
Ochsang, lab-lunj osilib, xo’mrayar,
g’ashiqar, g’ijinar, g’udranib qoshlar qovoqda,
sahardan shomgacha yutum o’ylovi,
yuvuqsiz ikki qo’l eski yaloqda,
“Etti avlodini bilmagan-qul”day.
Eldan burun,
elburutdan ko’ngil o’lganday…
Ko’z sarg’ayib ketgan, kuzga yetmayin,
botariga botib chala chirigan
yapurg’och anquvi keladi,
isitma aralash quroq ko’nglidan.
Qanshari qani deb so’ramagin, qo’y,
yutumga qo’shilib yutilib ketgan.
Har ne bo’lgandayam, ko’ngil deganday…
El boshida tegirmon aylanar,
katta-kichik boshog’u-boshni ezg’ilar.
Bandaga bandalik
yeru osmonni fitnaga to’ldirar,
o’zing-o’zinga dushmansan xolos.
Bilib qo’y: bu- yomon.

BEKLIK BITIGI

Ko’k osmon yarlaqagan,
qo’ng’ir yer o’stirgan,
boshi borni ta’zim qildirgan,
tizzasi borni cho’kkalattirgan,
kunotardan oybotargacha
beklik qoshi imosiga ilhaq qaratgan,
otalar nigohi o’tadi, ko’ngildan…
Enasoyda oqqan ohlarning,
Kom Suida kami yo’q g’amning,
qush tilini qush bilganidek,
hoqon nogohini ilg’agan daming,
… ko’ngilga yaxshilik urug’in ekdim,
men oddiy tuproqman, bor-yo’g’im shu, de.
Shamol, senga berdim, xayollarimni,
O’zimni O’ziga topshirganman de…
Ko’ngilda qul surat beklikdan,
Bek ko’ngilli qul bo’lgan begrok!
Enasoyda cho’milmoq yaxshi,
Shiryaydoq.

CHAQMOQ BITIGI

Turk Alp Er…bahodir
…. Istami… hoqon…
yetti avlodini bilganni,
yeru-osmon xush ko’rar,
chaqmoq qah-qah urar quvonganidan,
qo’lin qo’lga bergan qo’lochiq,
jon jo’ra chaqmoqqa bo’lsin salomlar!
Uningda oti ko’p: biri Yeldirim,
biri Shaqmoq…
Uxlagan boshlarni o’yg’otib,
tosh qotgan toshlarni turtkilab,
sarg’aygan so’zlarni saralab,
yiqilganni suyab, himolab,
kul bosgan ko’zlarni cho’g’latib,
qo’tir qo’ngan cho’g’larni qo’zg’alab,
tarig’day sochilgan urug’in tergilab,
ko’rtugun tushgan til kurmovin yechib,
o’z ishidan o’zi xursand,
ko’nglidagiday…

ILTIJO BITIGI

Xayolingni
qo’qigan, qo’qitilgan,
qo’rqitilgan, hurkitilgan
xayolingni yig’!
O’ksinma.
Bir shunday bo’ldi, bo’ldida.
Kechirmaydi degan gumonda bo’lma,
o’zingga o’xshatma chig’dagilarni.
Senga yolg’on, Xudoga chin.
Xudo kechirimli, Xudo mehribon!
Turgin!
Tiz cho’kma!
Bet-qo’lingni yuv.
Tog’lar ilhaq,
soylar ilhaq,
suvdan suluv
qizlar ilhaq.
Qoshlari qo’sh qilich ko’targan.
Olamni qilichlar sasimas,
Yuvuqsiz yugurdaklar she’rnamosimas,
chaqaloq ovozi bossa,
o’g’irlangan qizlar qo’zilatilsa,
qanday yaxshi.

SOAT BITIGI

Ko’zni och!
Ko’zing ochildimi, avo,
avog’amni avog’asi.
O’yg’ondingmi jo’ra.
Tanidingmi Egangni budun.
O’zingga qo’shib bittaginani
O’yg’otolsang qaniydi, og’asi?
Ikkitani o’yg’otish og’ir.
Vaqt hisobli.
Soat-qiyomat.
Soat shoshiradi soatiga qarab.
Vaqtni o’rib borar qirtishlab.
O’roq tushgan dalaning hidi bo’lak,
Vaqt o’rgan o’raning ahvoli boshqa.
Mashhurlik qadaming mashharga o’tmas.
Millar quvib kelar likkillab
davradan chiq-chiq, chiq-chiq deganday.
Bilib qo’y-bu yaxshi: bilmasang — yomon.

OTASO’Z BITIGI

Tonglari quyoshli, peshona terli,
o’choqlar sovimas, qo’ralar qo’rli,
suruvi o’rlasa, enmasa…
Otaso’zda tog’ qurayotgan,
bolalarin boshini hidlab to’ymasa,
qilig’idan quvnab, xotirjam,
ko’ngli tinch yo’lbarsday
qo’llari ustiga boshini qo’yib
o’yin-irg’ishlarga maroq-la boqsa,
otasin ot qilib minsa,
qiqirlab,
otlari otdayin kishnasa.
Bir so’zin tushinib, birin angnimay,
quloq ossa ota tilda chuldirashiga.
Otasin so’zin quloqqa olibdi,
otasin kitobin ushlabdi,
ko’taribdi otasin kitobin,
kitobga ummat tushibdi,
kitobga bo’yin beribdi,
yoziq yozarmish bolasi,
sevinchdan shodlandi ota-onasi,
deyishsa — “Yoziq — yorug’liq!”
Bilib qo’yki: bu yaxshi.
Juda yaxshi.
Ko’ngildagidek.
Ko’ngildagidan-da ziyod…
Shamolning dimog’i bir chog’ bo’ladi,
o’zini qo’yarga joy topolmayin,
to’rt tomon chopqilar suyunchi so’rab,
ko’kdan- ko’k ko’klarga sig’mayin.
Zaminni opichlab, yugurar, chopar
hayratdan tirqirar ko’zida yoshi,
ko’nglini oldirgan,
qadim quldayin.

KUN BITIGI

Yurgan tun to’xtamas,
yurgan kun to’xtamas.
Yuqoridan ko’k bosmagan,
pastdan qaro qismagan bo’lsa,
seni kim urdi?
Bir nafas aldovsiz yashab bo’lmasa,
bir og’iz to’g’ri so’z bo’lsalar qahat,
makrsiz kun kech o’tmasa
itlar ham quriqqa kunga chiqmasa.
Nazmg’arni atama shoir,
nag’mag’arni hofiz demagin.
Shoirlari o’lmagan elning,
Yozarlari bitmagan yurtning.
Dunyolardagi eng ulug’lik
so’zni ilg’ash:
tirigini, nafasini,
chalasini, chamasini,
choshini, toshini,
chog’ini qarashini,
yoshini qarisini,
chog’doshini, qurdoshini.
Bu yaxshi.
Qo’rq!
Osmondagidan qo’rq
yerga kirmasingdan burun.
Baribir yamlamay yutilsan,
yutaman deb o’ylama,
bekdursan, biydursan hozircha.
Odam zotin xayoli xom.
Odam Ato yurgan yo’ldan qolma.
Yo’lingni yo’qotma. To’xtama.
Yurgan kun to’xtamas,
yurgan tun to’xtamas.
Bu yaxshi.

KAPGIR BITIGI

Tug’yonga tobe,
tobelikka ko’ngil sust ketgan,
xoinlikka moil ko’z jizillar,
og’iz suv ochgan, ko’pirib,
faqat
yetti tur, yetti qur qarsakdan
kaftlar hijolat,
ajratuvchi so’z qoshida.
Baquvvat,
devqomat,
sersavlat,
kattadan katta kalla,
qisqa aql,
fikr qozonidan kapgiri katta-
Xay va Kalga sig’ingan zo’rning
ko’rgan ko’rgiligin unutma.
Bu yamon.
Yaxshiyam odam o’ladi.
Xudo mehribon.
Bir yaxshi.

SUV BITIGI

Toshga boq,
Suvga boq,
Kunga boq,
bir hovuch gildagi qirq ming ko’zga boq.
Kun yo’ldan chiqmagan,
tun yo’ldan chiqmagan,
tosh toshligidan tonmadi,
suv suvligidan kechmadi.
Turkligingdanchi?

NUR VA SOYA BITIGI

Tirik kundagi,
tirik daraxtning,
tirik barglari
erkin shamolda yer betiga soyadan
naqsh urib, gul solib jilmayar, yurakdan.
Ikkisinda dimog’i chog’.
Odam zamonidagiday.
Quvlash quvalash o’ynar
qiyqirishar.
Nur va soya
hur yaratilgani,
nimaga yaratilganini unutmagan.
Bu yaxshi.

SHARAF BITIGI

Hurligingni,
hur yaratilganliging xayoldan qochirma!
O’zidan qolma!
Yodda tut!
Yaratgan Bor va Bir.
Ko’kayga joyla.
Ko’zlaringga qo’rqmay o’yib-o’yib yoz.
Turkliging unutding, tukcha qadring yo’q!
Sen Turon egasi, qadim va ulug’
Turkning bolasisan ko’ngli, ko’zi to’q!
Tonglari quyoshli, peshona terli…
O’zingni ulug’ ishlarga qayra,
G’animjon o’zingni o’zingga qayramasidan.

Enang shomu-sahar yo’l qarab tursa
xayolingning bir chakkasidan,
“Men esnayotgan yo’lbarsman”ni yodlayotgan,
bir qo’lida moy surtilgan non,
bir qo’lida kitob,
Arlon jo’rasiga o’qib berayotgan,
kiprik to’la Jarko’cha gardi bolangni,
o’pib qo’ygin qoq chekkasidan.
Bu yaxshi.
Yaxshidan yaxshi.
Ko’ngildagiday.

03

(Tashriflar: umumiy 275, bugungi 1)

Izoh qoldiring