Bahodir Qobul. Ota chiroq.

Ashampoo_Snap_2016.10.15_13h50m09s_002_.png Елкам оша тоғлар, оталар нигоҳи, димоғим энамни ҳидига тўлганча Самарқандни, йўқ, Афросиёбни, йўқ, Отачироғни кўраман. Ёш тирқираб жўнайди. Этагимда адоғи кўринмайдиган булутлар соқолини силкиллатиб келаётганини хаёл қиламан. Оқ булут оқ отдай, кўк булут кўк отдай кўринади. Хаёлларим сувратини булутлардан ясаб кўрсатишларини томоша қилган бўламан. Бир қуш ортимдан ҳақлаб зорланганча эргашади. Зарафшон қучоқ очиб жилмаяди…

Баҳодир Қобул
ОТА ЧИРОҚ
02

009Баҳодир Қобул (Баҳодир Қобулов) 1966 йилда Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги Ўсмат қишлоғида туғилган. Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг ўзбек ва тожик тили филологияси, шунингдек мазкур университетнинг ҳуқуқшунослик факультетларида таҳсил олган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.Ёзувчи ўз асарларида она тилимизнинг бетакрор тароватини
Баҳодир Қобулнинг “Эна шамол” ва бошқа китоблари чоп этилган. «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида унинг унинг бир неча эссе, ҳикоя ва қиссалари эълон қилинган.

02

КУЛ БОСГАН ХАЁЛЛАР

1_o.jpgБир вақтлар, тонг эртаси шамолнинг ҳуриллаб келишини хуш кўрар, кўксига тегса гурилларди. Бўрон билан эрмакка олишарди. Кифти ўнг келган чоғлар кўтариб урарди. Ҳозир йўлини ҳовлиқиб кесиб ўтган боди ҳаводан ўзини зўрға четга олди. Шундоқ ҳам нафаси етмай, ўпкаси оғзига тиқилиб турувди. Адоғи кўринмайдиган, очиқ-ёпиқ, қўшни-қават мозорлараро ўзига макон, капа қидирди. Қарғиш қорайтмаган, сағирлик сарғайтмаган, эгасизликнинг юрак ютар ваҳимаси ис осмаган кулба, бошпана қидирди. Илғамаса-да, қуёш тафтидан тусмоллаб биров Михтепа, бошқаси Миғ, яна бири Миқтепа дейдиган, эскини одами Муғ аталмиш тоғ томон кўз тикди. Зориқди. Дамсар уришга қўрқди. Қўшилишиб жони чиқиб кетардек туюлди. Жардан дили сўлғиниб эмаклаб тушаркан, Саккокий ғорига бўйлади. Машкот, чироқ қўяр токчасидан сиғиндидай жой олди. Хомуш тортди. Хатар босди. Сесканди.

Кўнгли беҳузур, вужудини қаеридадир, нимадир безовта бўлди. Ичи тўкилиб бораётганини ҳис этди. Нақди еб бўлинган, насияси гаровга қўйилган умр кўзига йўлиқди. Шаънининг шами сўнган, куя тортган бевош бош, милтиллаб-мўлтиллаб на кетарга, на қўшилиб яшашга қўяди. Карахтлик мургилатди. Бир вақтлар шамхолнинг (пилта милтиқ) ёнари ёнмай, пистадай ўқни отишга қийналиб, туриш-турмуши тутаб кетишига гувоҳи бўлганда, пистон-пилталарнинг ҳолига кулганди. Дунё кулгулик эмаслигини кўздан нур, тилдан ҳукм, белдан куч, илкдан қувват кетганда англаганинг бефойда. Хоҳ кўм, хоҳ очиб йиғла.

Давлат ноғорасини чалганча тупроқ маҳалласида қолиб кетган, сонсиз шоҳларнинг саноқда йўқ мозорлари, тўплаган ҳисобсиз моли-дунёси эгасини топиб, қаричлаб ўлчаб ўралган кафанлар жиягининг чиригиям қолмаган қабрлари ёқалаб алғов-далғов кўнглини судраганча силласиз сирғалар экан, ор ўрнига ўрон, шон ўрнига нишон талашиб бир-бирини қисган, ер ютиб, қўшмозор бўлиб бирлашган оғзи очиқ лаҳатлар лабида тиккайган тикан-хори муғилон шохидан қовжираган жойтанламас-беномус арпабодиён чаноқларига тортилган, осилган эгасизлик байроғидек пирпираётган тўрларга тил солди, бир қават қайноқ ҳаво устига каштасини келтириб суркади-да, ямламай ютди. Шами шаън, чилласи чироқ кўрмаган уятли мозорлар бетига қарамай, гангираб, беихтиёр ортига ўрмалаганча қайтаркан, боягина қилган иши ўзига ёққандай бўлди. Обимашҳад дегич, бир маъниси Қабристон суви, бир маъниси Отамозор бўладиган ариқ ёқалаб сувлоққа тушган каптардек тизилишган ғорлар оғзидан ўғридек мўралади. Аввал, Мискин Ота отлиқ машойих, кейин бошқа ғорлар шифтларига беега юз йилликлар осган тортанак беланчакларини, ўргимчаклар эшган тўрларни милклари орасига олиб ямлади. Узиб ейишга камида тиш керак. Ғор оғзига тўр осиб, оёқ-қўллари ғужанак бўлиб, ичкаридан чиқаётган ҳовурда ҳалинчак учаётган ўргимчакларда қулоқ бормикан, эшитармикан, деган ўйда қарсак чалганди, саноқсиз ўргимчиклар оёқ-қўлларини аввалига баравар ёзганча сергак тортдилар. Бир зумлик саросимадан кейин арқонларига тортилганча югуриклаб, юқориладилар. Бехавотир, тинч деб ўйлаган манзилларида тўхтаб, овоз қаердан келганлигини қидирдилар.

Қари Олов ғор кунжига тиқилар экан, бордан кам, йўқдан кўра бор гуноҳни бўйнига олиб, алами ичида одамдек ютиниб, кўргуликлар битта қўймай қоқиб олган тишсиз, ташландиқ ўрадай ўпирилган беўхшов оғзини тилини чиқариб артган, тозалаган бўлди-да, чўғи пасайган кўзларини бамайлихотир юмди. Хотир майлича, хотир истагича, хотир изнича, хотир хоҳишича юмди. Дард улғайди. Хотир ғами улғайгандан улғайди. Оч канадай бостириб келди. Сўнгги салкам етти юз йилда биринчи бор ўз ҳовирини ўзи кўрди. Қора тер қуйилиб келди. Суст босди. Нимагадир токчалар қорасига пешонасини ишқаб-ишқаб, суркаб-суркаб олгиси, эркалангиси келди. Қачонлардир бу жойларда бўлганлик шарпаси лип этди. Ер бағирлаб келган сукунат қўл берганини сезди. Сезгиси тусмоллаб тўхтаган жойга — сукунат кўзига термилди. Тубсиз жарнинг қоронғулиғидан бошқа қаролик кўринмади. Қўшилишиб, бошини елкасига осилтирганча, Афросиёбни айлангани чиқишга юраги етмади. Шавкатли турк мозоридай мағрур қир, қадимий қаср култепаси ҳидига думоғини тўйдириб олгач, қачондир, ниманидир йўқотиб қўйганини, лекин нималигини эслолмаган боладай изига қайтди. Тенгқур, қурдош тополмади. Топгани, танигани Каттатоғ сувидан тикка бўлган деворлардаги ҳид бўлди. Давру замона тахма-тахт қилган, гадо гўри оёғи учида тизилишган шоҳлар мозорларига қаради. Гўр ҳам эгасига ўхшаб бораркан. Илма-тешик қабрлардан бир-бирини қувиб чиққан юмронқозиқлар инларига қайтиб, бошларини чиқарганча жўрттага мўраладилар.

Яғринигача яғирлашган, қўймичигача қўтирлашган, бироқ узайиб узилмаган умр устомонлигига ишониб, кечагина энди бу ерни елкамни чуқури кўрсин, деб этак қоққан ўрнидан ўзга тинч жой тополмаслигига иқрор бўлди. Ердан бўғзини зўрға чиқариб турган сағана тошларининг совуқ ва хира ялтирашидан ўзини олиб қочганча мункиллаб, милтиллабгина ётоғига ўрмалади. Айвондан Каттатоғ ёқалаган, бир вақтлар қўрларидаги чўғларга осмондаги юлдузлар ҳавас қилган Муғ ҳам, шуҳрати сўнмас шаҳар ҳам бирдек кўринади. Тушунадиган топилмаса ҳам шу икковгинасини кўриб турса бўлди. Шаштинг, ёнишинг ўзингникига ўхшамаса, тенгқурларинг тугул туғишганларинг, ўзингнида ўзинг танимас экансан.

Каттатоғ ва Самарқанд кўрганини ҳеч биров кўрмаган. Шаҳар неча бор харобага айланганини, на эркагу на аёл, на соғу на хиёл, на дарвешу на девона Шоҳ Жугузнинг: «Бор эдим Нуҳ вақтида, йўқ этмади тўфони ҳам… Тегма эранлар итига, бир бошига минг бош кетар», деганча ҳувиллаган кўчаларда ўзига-ўзи гапириб, ҳу-ҳулаб асрлар санаган вақти, бесалом, бехабарлар касрига қолган, бузуқилик даврони неча бор қайталанганини, қатордагини бари мард бўлмаслигини биров билмаса-да, ўзи кўрган. Совуқдан поча қоқаётган Шоҳга иссиқ бўлсин деб, моғорасига чўғ ташлаб кетиб, қаландарни тентакдек тентиратган, суюнтирган кунларниям тилини бир чиқариб эслади. Ўзи шунақа олов зоти сал ўнгланса, хурсанд бўлса ҳайратини яшира олмаган ёш боладай тилини бир чиқариб олади.

Таниш шамол сочи тўзиб, туртиниб-суртиниб аввал Турк Афросиёб ўтган кўчаларни тусмоллаб югурди. Отасини кўз олдида туюқсиндан ер ютган боладек изиллади. Ўзини ўнглаб, барча улуғлар улуғи, Ғарбу Шарқ чақмоғи Ҳиндистонни олиб қайтгандагидек, бошлаб Ҳазрат Шоҳни тавоф қилди. Туман оқо хонақосида нафасини ростлади. Боғи Чинор сари жўнади, ундан Боғи Беҳиштга қараб кетди. Боғи Баландга келиб қўнди. Катта эналар қўними-Ишратхона мозоротида йиғлагиси келди. Кўксарой, Бўстонсаройни ўраган Тошқўрғонда тош қотди. Нимани, кимни, не бирни изини изиллаб излаганини ўзида билмади. Самарқанд авоми бузуқилик давридан буён Жонмард қассоб мозори дейдиган Шердор мадрасаси супасидаги, аслида Турк пири наслидан бўлмиш машойих сағанасига минггинчи бор бош урди. «Девори қиёмат» устида оёғ учида тураркан, сўров бергандек узоқ вақт ўйга толди. Регистон ва Арки Олий ўртасидаги булоқни қидирганини, тополмагани, ишонимли от ва эркин шамол даврини қумсагани, юраги куйиб соғинчини совутгани, ўзини Зарафшонга бир ташлаб олгани, охирида, шаҳарни бало-қазолардан ҳимоялагандек тўрт томонига ўзича дам солиб, рўпарадаги хаёли равоқларидек айри тушган, тос тевваси ўйиқ иморатдан жой топганини кўзлари милтиллаб кузатиб турди. Шамолнинг ҳам унинг ҳолига кўзи тўрт бўлиб, тирикмикан, деб қараб турганлигини қўққисдан тусмоллади. Илкис илғади. Лип этганча гувиллаб етиб келишидан хавотирланди. Кўрмаганга олди, қўйди. Дард ҳам давр ғанимат деганча, қайрилган қаҳрини қайрарга тош топилмай дами қайтди. Хўрланган ҳурлик янғлиғ карахт, хўрлиққа йўлиққан ҳурликдай дирдиради. Хўрлик ва ҳурлик орасини ўлчарга етарлик ўй тополмади. Ҳурликдан хўрликка ўтар йўлларнинг қисқалигини чамаласа-да, хўрликдан ҳурликгача йўллар адоғи кўринмади. Ўпирилган яккамозор устидан ўтаркан, оёқ тиққан ковушидан чаён чиққан хотиндек ирғиб тушди. Соялар ортидан эргашди. Тўхтаса тўхтади. Ҳардамхаёл, судралганча капасига кираркан, ортидан қаро тортиб эргашган ҳар бир юзқаролиғ: тилдан кетиш, беўйлик, эътиборсизлик, она тилдан орланиш касридан бошланган орсиз жон талвасаси чандиғи, ютумга юз буриб оч қорин еб қўйган илм уволи, кўзи йилтиллаган мурдадил дўст хиёнати заҳри, зарари фойдасидан кўп соддалик нуқси, ҳаромтавоқлик ювиндиси юқи, кўнглини бўшидан этагини ҳўли қуримайдиган ишонувчанлик андуҳи, кибру ҳаво ювиқсизлиги, қарамлик ялоғининг қасмоғи, кўзни бир сиқим тупроққа тўлдиришга зор дарбадарлик оҳу зори, шармисор сиғиндилик шарпаси, дунё талашиш исноди иси, хунҳақи сўрар тили таги билан кесиб олинган қонлар изи, номардга муҳтожлик мустарлиги, маврид-бемаврид кайфу сафо сассиғи жамики сояйи-зиён қатордан ўз насли-насаби, мансабу мартабасига кўра жой-жойини эгаллади…

САМАРҚАНДНИ ЯХШИ КЎРИШ

— Самарқанни Самарқандай яхши кўрадилар,-дедилар Энам эгаси кўпкарига қўшадиган отига дам солиб қарагандек эгнимга бир сидра назар ташлар эканлар, сокин ва секин, бироқ минг йилдан кейин ҳам эшитилиб турадиган, эсдан чиқмайдиган, ўчмайдиган оҳанг ва маромда, нафақат менга, балки ҳамсуҳбат бўлаётганидан димоғи чоғ шамол, яна омон кўрганидан кўнгли ёришиб, эсанкираган кундуз, тепамизда бош эгганча ҳавас билан чапак чалиб турган тут, чиллани каттақоридан қолган музни кўтаролмай қийшайган тарновга илиниб, қилар иши ин қуриш ҳам эсидан чиқиб, тумшуғига қўндирган читирни нима қилишини билмай, гапга гоҳ чап, гоҳ ўнг қулоғини ўнглаётган мусичагаям айтгандек.

Қўшиб қўядилар: Тошканни донини еган чумчуқ Маккадан, Самарқанни кўрган жаннатдан.

Энам ўзлари шунақа. Гапирганда кун-тун, ой-юлдуз, тоғ-тош, ер-сув, иссиқ-совуқ, қуш-қузғун, дов-дарахт, қор-ёмғир билан одамдек гаплашадилар. Одам ўрнида кўрадилар. Ҳар бир гапларини ёд олишим зарурлигини товушларини паст-баланд қилиб билдирган, қарз гапни тайинлагандек бўладилар:

— Ё пирлар, деб оёқ босинг, балажон. Ё, отақўним, деб босинг, балажон. Ё оталар, денг, балажон.
— Энажонлар десам ҳам майлими?

Меҳмон киприклар аллақачон тарк этиб, фаришталар жой талашаётган мижжаларини тенг юмиб, вақтниям тўхтатиб қўйиб, бир майдондан кейин секин, бирдек баравар тенг очарканлар, розилик билдирган бўладилар. Кўнгилларини топганимдан хурсанд бўламан.

— Келдик, денг балажон.
Овоз чиқарсам эшитганлар кулишларини хаёл қиламан:
— Ичимда айтсам ҳам бўладими?
— Кўкайда айтганни етти қат осмон эшитади.
— Самарқанд ҳаммани танийдими?
— Ўзини таниганни танийди.

Кимга қўшилиб боришимни кўкайдан ўтказгандим:
— Лашкарни қўшинг, чироғ, дедилар.

Ёлғиз кетаётганимдан иккиланиб, гап тополмай, сиз орқамдан қараб турасизми, деган гапни қандай айтсамикан деб тургандим: Энам оғиз очмасалар ҳам аъзойи баданларидан овоз чиққандек, дасторни катта қўйган бошларини хам қилиб, ҳа, шундай, дегандек бўлдилар. Қўшилишиб осмон ҳам хам бўлгандек туюлди. Худди бировга гап қўшгандек қўшиб қўядилар: Ёлғизни ёри худо.

ШАРҚҚА ҲИЖРАТ

Эски ва янги мурдалар ҳиди қўшилишиб, уйқашиб-суйкашиб сузиб юрадиган, таппонига қараб тўғрисўздан тонмайдиган фоҳишалар макони Венецияга аввалига авраб чақирилган ва саккиз йиллик тутқунликда ушланиб, айтганидан қайтмаган, кейин Римнинг Гуллар майдонида ёқилган гулхан устига тикилган бандини икки ямлаб бир ютган олов, орадан минг йил ўтиб ҳам ўчмаган бўлса-да, ўшанда ундан сачраган учқунлар зум ўтмай шамолларга қўшилиб ер шарини аллақачон кезиб чиққан, Қуёш атрофида айланувчи сайёраларга хабар бериб улгурганди. Этагидаги кулни қоққан учқун хаёлини йиғиб олгани бир зум осмонга тикилди. Атрофни ўраган кардинал, епископлар оралаб ўтди.

Юлдузлар йўл кўрсатдилар, ёқасини ўйнаган эпкин кўнглини кўтарган бўлди. Текин томошага ўч оломондан узоқлашар экан, тириклай ёқилган юзлаб одамлар руҳлари изғиётган майдон четидаги яйдоқ эшакка кўзи тушди.

Авваллари, «Қурбонлик майдони», кейинчалик «Ватан саждагоҳи» аталган жойда ўрнатилган Ромул ҳайкалига бош эгди, қўл силкиди. Рим Форуми билан кесишадиган Муқаддас кўчанинг қайроқ тошларида мак-мак ўйнагандек сакради-да, Капитолий қирларига ўрлади. Чим босган Август хонадони, Император саройининг қарғиш йиқитган, арвоҳ ҳам кирмай қўйган харобларини пайпаслаган бўлди. Бўйма-бўй, қаватма-қават келадиган Микеланжело Буонарроти ва Абу Али ибн Сино кўчаларида бир вақтнинг ўзида бараварига югуриклади. Капеллада «Ёруғликнинг Тундан ажралиши», Қуёш ва Ой; дарё ва гиёҳлар; Одам Ато, Момо Ҳавонинг яратилишлари, «Гуноҳкор инсоннинг кўчиши», «Нуҳ қурбонлиги», «Катта тошқин» суратлари ёлқинлари билан аввал қўшилишиб, кейин айрилишди. Каракалла тепалиги теввасига чордона қуриб узоқ ўтирди. Орадан юз йилликлар ўтиб, ўзига қўйилган сағанадаги ёзиқларни овоз чиқариб ўқиди. «Ўша жойда, қаерким, гулхан ёқилган жойда, олдиндан кўрилган юзйилликлардан».

Бурро Ўтюракни чап кўзи оқиб тушган, оғзига ювиқли-ювиқсиз қўллар тиқилаверганидан кўнгли айниган Римнинг катта рапидадай «Тўғрисўз тақдир тоши» кузатиб қолди.

Келлин эшаги уни гулханга мубтало қилган, оловга олиб келган бўлса, буниси ҳижратга олиб кетишини сезди. Яйдоқ минганча, йўлга сиғмас дўлбаржиндай жўнади. Конигил қўриғи марзаларидаги қадим хумдонлар ёнида уловдан тушди. Хумдонларга бир-бир кириб исинди. Учрашувга тайёрланар экан, шами ёнишини истади. Жаҳонгирни мингини кўрган Суғд дарёси сувига бош-оёқ ювинди. Қадим замонларда олиб келинган элдошлари, элга эл бўлиб кетган милетликлар ватан қилган тоққа қаради. Шамолини туйди. Ўрниларида бўлгиси кеп-кетди. Юзини ой нури ялтираётган сувга солиб кўрди. Ўзи ўзига ёқди. Тенгқурлар саломини эгасига етказди. Самарқандга Римдан авваллари ҳам кўп саломлар келган. Яланг оёқларига ботган, илашган тангани қўлига олди. Антиохни таниди. Ватандошлик ҳисси қўзғолди. Артиб қўйнига солди.

Ўсмат ота этагидаги Дунётепа ғорини эслатадиган, бироқ йўлаклари узун, хоналари катта, чироқ токчалари кўп, ҳашамли-ҳашталали бўлган Сиёб елкасидаги ғорларга бош тиқиб кўраркан, Римнинг адоқсиз катакомбалари таъмини туйди. Қурум босиб паққос қорага бўялган деворларнинг унда — бунда кўчган жойидан мўралаган сап-сариқ жартупроқ баҳайбат махлуқ кўзидек бақрайиб ҳайиқтаради. Кўз етмас пучмоқларидан гуриллаб чиққан тўда каптарлар ваҳимасидан кейин юрак ютиб, қайтиб биров яқинига йўлолмайди. Каптарлар парвозидан Ўтюракнинг димоғи чоғ бўлди. Римдагидек каптарларга дон сепмоқчи бўлганда қўли калталиги эсига тушди. Дон сепиш ва теришнинг ўз вақти-соати бўлиши шунда сезилди.

САМАРҚАНД АФСОНАЛАРИ

Самарқанддан ўтмаган матал матал эмас. Маталлиги йўқ.

Қуёш уялганидан Самарқандга яқин келолмас эмиш. Кун ҳар кун қиёмда туриб кетармиш. Юлдузлар жой талашиб саф тортармишлар. Йигит кишининг бир қарашига ой интизор, юлдузлар илҳақ эмиш. Эр киши тик боқса қуёшнинг қуввати ошармиш. Самарқанддан туриб қараса, албатта. Фаришталар, ой-юлдузлар аввал бошдагидек сафда, саждада туришга зор эмишлар. Энам айтган.

«Бу дунё-гуноҳкор инсонлар учун қувончдир».
«Тушингдан ўзга дўсти содиқ бўлмас».
«Замин инсонлар елкасидаги, инсон замин гарданидаги юкдир».
«Йўқликка сайр этишдек яратишлик бўлмас».
«Ироқ шоҳи бўлсанг-да, Чин подшоси эрсанг-да, келаринг шу ер-эр ости. Нима учун қалбингни бу ўткинчи дунёга боғлайсан».
«Сен қалбларимизга нур, қабрлармизга нур, кўрарларимизга нур, эшитарларимизга нур… нур…нур… бағишладинг».
«Жаннат эшиклари эллар учун очиқ, меҳрибонларга меҳрибонлиги абаддир».
«Шоҳлар сенинг пойингга бош урадилар…. сенга муносиб бўлмоқ учун».
«Саждайи холис — на ҳокимият ва мол-мулк».

Бу ёзиқларни Мозори Шоҳ-Шоҳи Зиндадаги иморатлар пешоналари, бетлари, елкалари, кўксидан кўчириб олдим. Аввалига, дафтарчамга ёзиб олишга уялиб тургандим, қарасам, қарри-қурри ажнабийлар биноларни суратга туширар, ёзиқларини ўқишга, маънисига тишлари ўтмаса-да, кечиккан ҳайратларини ёшларига ярашмаган беписандлик билан яширмоқ бўлардилар. Сурат олгичим йўқ-да. Бўлмаса, мен ҳам суратга олардим. Энамга кўрсатардим. Лекин, шунда бирдан иморатлардаги ёзиқларни кўчириб олишни ўйлаб топдим. Ёзиқлар ораси узилиб тушган бўлса-да, кўз етганча кўчира бошладим. Биров нима қилаяпсан демади. Қайтага сайёҳлар ишимдан завқланиб томоша қилишди. Бир-иккитаси чиққиллатиб суратгаям олди. Шунда, чеккароқ жой топиб ёзиқларни кўчирганман. Кўп нуқта қўйилган ўринлар ёзиқларни кўчиб кетган жойлари. Аммам нарироқда қараб турганлар. Қачон ишим тугаса, шунда кетишимиз, ўтган-қайтганга эътибор бермай кўчираверишимни тайинлаганлар. Шундай қилсам Энам чин хурсанд бўлишлариниям. Буни ўзим ҳам биламан. Костюм-шим олиб бераман деганлар. Костюм-шимим бўлмаса-да, шошгандан бор деб юборганман, ўшанда. Катта шаҳарда ёлғон гапирганингни одамни ўзиям билмай қоларкан. Энам: кимки ёлғон гапирганда бировга зарари тегмаса, зарари ўзига бўлса, ҳечқиси йўқ, — деганлар. Қачон костюм-шим кийишимни сўраганимда Энам: шуям гап бўптими, балажон. Ҳали беклар беглаб чақирмас, пошшолар элчилаб сўрамас, шоҳлар тўн ёпмас экан, келганим ёлғон,-деганлар. Беклигиям. Мен ҳали боламан. Бунақа гапларни тушунмайман. Энамга кўз бўлиб, игнага ўзим ип ўтказган, энам ўз қўллари билан тикиб берган чийбахмал шолворим, ит ёқа, енгларига қўшбўғма урилган бўз кўйлагимни керак бўлса интуристлар роса томоша қилишган. Ушлатмаганман.

Дунё Самарқанднинг бир ёзиғига тенг келмас эмиш. Тарозининг бир палласига дунёни, бир ёғига Самарқанд ёзиғини қўйса, ёзиқ босиб кетармиш. Ёзиқнинг тоши оғирмиш. Аввал ёзиқ, охир ёзиқ эмиш. Энам шундай деган.

АФРОСИЁБ МЕҲМОНЛАРИ

0-afrasiab1.jpgМеҳмон олиб келар, меҳмондай олиб кетар шамоллар Афросиёб устидан майин ўтадилар. Унинг ҳар бир кесаги учун ҳисоб берар жой борлигини биладилар. Ҳар баҳор байроқлар меҳмонга келган бўладилар. Узун-калта, катта-кичик. Кўзларини катта-катта очиб эҳтиромли қўрқув ва рағбатдан умидворлик нигоҳи билан қарайдилар. Ям-яшил байроғини елкасига ташлаб чиққан Афросиёбни ўзигагина хос, ўзигагина ярашиғлиқ улуғворлик ва мурувватини туядилар. Ҳаммасиям эмас. Шамол париллатган бўлади. Меҳмонлар бўйларини бўйлаб кўришга ботинадилар. Азалиятдан шавкат ва шараф туғини кўтариб келаётган туғдоналар ҳидига тўйинмоқ истайдилар. Бу туришлариям азмойиш, таажувот, ғанимат эканлигини, унинг довруғига бир холчалик безов бўлолмасликларини, тоғлар ҳам бу тепаликлар билан тенглаша олмаслигини кўкайлари дириллаб, пириллаб англайдилар. Ҳолининг аҳволини кўтаролмайдилар. Самарқанд шамолига, азал ва абад шамолига муносиб бўлмоққа жон-жаҳдлари билан тиришадилар.

Мочаси ҳангисини қувадиган Москов Исмоил отлиқ қишлоғидан топган, бисотидаги яккаю ягона қадим Хоразм тангасини Кремл камончилари дастидан куйган кафтига омонатгина олганча келади. Бўйнида Туркистон босиб олинишининг 1,5,10,25 йилликларига тамғаланган тангалар бўлади. Оғир йилларда оч-яланғоч, сарғайган сағирларига бошпана бўлган, болалигига бориб, муаззам иморатларнинг девор-тўшларига номлари, қаердан, қачон келганликларини ёзиб қолдирган дарбадар, етимлари учун кечирим сўраган бўлади. Қавми одатича бир сув кечса ваъдасини унутадиган, Тўхтамиш дегич Московни кулини совургандан кейин етти йил ўтиб-ўтмай қилмишига ҳисоб бергани, тупурган тузлуғи тузи тутгани, ўшанда дарахтларигача кўсов бўлган, етти яшар гўдак, бола эканлигини, қарамлик ва хиёнатнинг аччиқ тутуни ичра ўзига келолмаганини, бирор-бир бошпанаси қўноқликка арзимай нон-туз тутолмаганлиги, пешвоз чиқолмаганини, орадан икки юз йил ўтиб шаҳар номини олган қўрғончага Ғарбу Шарқ хўжасининг ўшанда қараб қўйишни эп кўрмагани сабабини англайди. Етти яшар болакайга қилган муруввати, қулликдан озод этгани учун қуллуқда, тазарруда турган бўлади. Оталар кечиримли келади, ёнбошидан жой кўрсатган бўлади. Болаликка айб тақамайдилар.

Болалигида оти Олтин Су бўлган Самарқанднинг довруқли ўғли Муғупта ҳали Зардўшт номини олмасидан, оқ туяга минмасидан олдин Муғ тоғидан тушиб келгандаги илк таваллосини қабул этган Зарафшон не бир афсоналарни фақатгина ўзи билишидан писмайиб, ўнг тирсагини ерга, кафтини иягига тираб, ирмоғлари, аймоқлари Шунқор, Ойқор, Муғдан ҳам баланддан бошланадиган хилқатларга кўз тикиб, ёнбошлаганча талтаяди. Югурук эрка ел шўхлик қилиб этагини кўтариб қочади. Қисматга хушнуд аҳли беҳишт қироатида қўшиқ айтиб жўнайди. «Қадр маълум, жинс маълум, ажал маълум…»

Саркаш Искандар шаҳарни кунпаякун этиб, отасининг довруқли саройи залларини безаган қирмизи мармарлар Афросиёб кўчаларига оддий тош ўрнида тўшалганидан ғаши келгани, энсаси қотганини, деворлардаги суратларга маҳлиё бўлгани, малика Рассанога уйланиш тўйига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги суратни ҳавасга чиздирганини кимгадир айтгиси, Искандар ва Рухшона севгиси туғилган тепаликни ишонимли одамга кўрсатгиси келади. Муҳаббат бодасидан кайфи саҳбо тортган, Ер юзи жаннати отлиқ Самарқанд ва севишганлар жаннати аталмиш Римнинг дардлари дунёга сиғмайди. Ҳайрати ҳад билмас катта севгилар, севишганлар сурати ҳам. Жаҳонгир ва Малика суратлари Ватикан ертўласида кўкрагини захга бериб ётганини шамол хабар берган, муғтан уларни бирда бориб кўрган. Бировга айтгулиги йўқ. Асл суратлар Римда, ёзиқлар Самарқандда бўлармиш. Буни ким айтганини айтиб бўлмайди.

Афросиёб мингтепасини шахмат тахтаси ҳисоблаган қарғалар фил суягидан ясалган қачонлардир шоҳлар кўтарган, жаҳонгирлардан қолган доналарни, отларни сурадилар. Шахмат тахтаси катаклари бири оқ, бири қора бўлди. Қарғаларни-да бири оқ, бири қора бўлади. Рақиблар оқшомдан қорашомгача ўйин устида. Мозори Шоҳ зиналари ёқалаб, бир бало қилиб ташқарига чиққан ҳазориспанд, эҳтиёти шарт исириқ солган бўлади. Бир қулоғи суҳбатда. Гап-сўз бир вақтлар Беруний ва Сино бошлаган, орадан минг йил ўтиб Эйнштейн ва Борн деганлар давом эттирган суҳбатни судрашдек туюлади.

— Мен сенга айтсам Қоракалла, ақлдан ташқаридаги нарсани ўзи йўқ нарса. Борлиқ ақлда макон топади, дейди бўйнига «Эзоп» деб ёзилган тахтачани осиб олган ва ҳар замон жойида турибдими деганча ушлаб-ушлаб қўяётган Ола қарға.

— Бор ақлда ақл бўлса. Борсан бор, йўқсан йўқ. Кўчдинг ўчдинг.

— Ҳа, энди майдалашма. Одамлар, умуман жонлиқлар хаёлини ҳисоб- китоб қилиб бўлмайди. Фақат ортидан эргашиш, олдиндаги, ён-вердаги кўргулигу кўринишлардан керагини олган маъқул кўринади, дейди Ола қарға шляпаси қасирғасига қачондир кириб қолган ва болалаган сичқонни чап оёғи билан олиб ирғитиб ташлар экан, сичқончалар тум-тарақай қочадилар. Оёғи ерга тегиши билан биринчи қилаётган ишлари қочиш ва ковак, тешик ахтариш бўлади. Биров ўргатмаса ҳам. Кераксизидан қутилиш лозим ёки булардек қочиш керак, дейди шошгандан қанотларини бир силкиб сичқончаларга йўл бераркан, сўзида давом этиб Ола қарға. Ҳамма бало нафсни қондириш ҳаракати, ҳирсларини уялмай-нетмай меҳр деб билишларида. Меҳр билан манфаат, ҳирсни айрит қилишни истамасликларида.

— Ол-а, Ола. Гап Ақл ва Макон ҳақида эди. Ақлнинг макони ва маконларнинг Ақл майдонига сиғиши, ўзга, турфа оламлар ҳақида эди. Ҳар доим олиб қочасан. Гапим ҳам қочиб кетди. Шоҳ.
— Маълум ақллар маълум маконда қадр топадилар. Қочдим.
— Маълум маконнинг маълум даврини яна унутдинг. Шоҳ.
— Осмону заминда нарсалар бари, одамнинг фикридан эмас ташқари, дейишган. Қочдим.
— Ақл ва руҳ хотир истаса қувиб етмас макон бўлмас. Ўтганиниям, келариниям назарда тутаяпман. Шоҳ.
— Ўзга оламларга ола қаноту қора қанот билан етиб бўлмас. Фарзин.
— Ақл ариғидан ташқаридаги ариқлардан сув ичмагандан кейин қийин-да. Отни эшакдай юрмайдилар.
— Кўрмай қобман. Кўз кетибди.
— Пўстакни йиртиғини кўз демайдилар.
— Итдан бир суяк қарз шоҳлар оҳини эшитяпсанми?
— Бу сўров Қоравой, бу сўров. Битовлар сўрови. Битов кўз сўрови. Оҳдан бошланиб тугамайдиган ва очилиши даргумон кўзлар сўрови Қоравой.

Шохни мот қилиш пайида қарғалар ҳам кўз чўқишга тайёр кўринади. Оқ қарғага тахтадаги доналарнинг бари оқ кўринади. Қорасига қора. Бир-бирини кўрликда айблаб, тошларни тенг суришади.

Товус қадим қалъа девори ёриғидан илондай овоз чиқариб келди. Одамдай келадиган тошбақа тошини тескари кийиб чиқди. Қўллари кунни иссиғи урган кесакдек тўкилиб кетар кўринди. Тоши китоб кўринди. Китобда ёзиқ. Ёзиқни адоғи кўринмайди:

Элим будун эрди,
Элим энди қани?
Ботирли будун эрди,
Ботирлари қани?…
Алп Эр Тўнга ўлдиму?…

Яқин орадаги эски шамол йўлини тусмоллаб бўйнини чўзди. Бурни жимирилди. Юзага қайтганини аниқ ҳис этгандан кейингина иринди. Кулгуни эшитган ариқ суви шошгандан бир тўхтаб олди.

ХАЁЛ ОТИНИНГ УЙҒОНИШИ

Елкаси тиришган Қари Олов шашти сўниб бораётганини кўкайидан ўтказди. Беихтиёр Афросиёб девори устида ўзини кўрди. Пастга қараганди, боши айланди. Девор устида бораркан, кимдир қараб тургандек, илкисдан ўзига-ўзи аскарлар қўлидаги лов-ловдек кўрингиси келди. Ўхшамади. Аввал ўксинди, кейин кўнгли айниди. Сезди. Шунда, шундоққина кўз ўнгида, бирданига жиккакгина чўғ чўғланганни кўриб, чўлда сув топгандек анқайди. Митти чўғ ғайрати, тараддуди боши қаро тортиб яшаётган, ёнаётгани, тириклигини ўзидан бошқа билмаётган кекса вужуд вужурини қўзғади. Дунёга ўт қўйгудек ғайрат билан товланаётган чўғни узоқ ва яна узоқ томоша қилди. Шаштини сезди. Ҳидини олди. Ҳидлаб-ҳидлаб димоғини чоғлаб, кўнглигини ёшартирди.

Кўнгиллар кўкда кўкаришини, кўнгилни кўкка бермакликни, қорага ботирмасликни кимдир қулоғига шивирлаган бўлди. Кўнгли сувсади. Кўнгли сув ичди. Кўнгли сув бўлди. Кўнглида сел кўчди. Дили хун бойлади. Хотирига Шоҳ Бобур Ошиқонда аскарлари қасосига Кал Қошуқ ва Жомабофларни жазолаган кун гуриллаб келди. Мирзога қўшилиб кетган шон-шавкат, Самарқандда яримта ғиштни тикка қилолмаганлик, устма-уст қўёлмаганлик армон-андуҳи чуқур оҳ тортди.

Алишербек яшаган Улуғбек мадрасасининг ҳужрасида сихтади. Галатегирмонсой осмонида туғилганидан буён муаллақ турган эна тандир нонининг минг-минг йиллик таъми ва ҳиди ўзгармаганини, ўзини йўқотмаганини ақли танимаса-да, сезими сезди. Қадимда, қўрда кўмоч пиширганда, ҳар ким ўз кўмочига кул тортмаган вақтларда, пиширишга қўйган ҳар бир эга ўз нонини устига отини ёзишини ёки қавм белгисини қўйишини нақд эслади. Римликлар ҳам қоравой пиширганда худди шундай қилишини шамол бирда келиб айтганини-да илғади.

Бошланишда, Бедона қўриғида Қорасув атоғлиқ, кейин Сиёб аталадиган ариққа қўшилиб оқди. Оқиб-оқиб, келиб Ҳазрати Дониёр марқадига бош урди-да, дунёга лангар бўлгудек қабрга қоровуллик қилаётган, асрлар невараликкаям ўтмайдиган бута шохларига ўз оёқ-қўлларини ўзи боғлади. Бўшаб кетувди шамолга боғлатди. Йиғлари шиддатини эшитмаса-да, икки чеккасидан ширғираётган ёшдан билди. Шу аснода тонг отиш, кун ботиш барчасини елдек еб кетганини, қувончлар қочиб, қайғулар тошган кунларни эслайверишдан наф йўқлигини, Самарқанд отидан ғишт устига ғишт қўйиш, дарахт кўкартириш ҳар кимгаям насиб этавермаслигини ич-ичдан англади. Ёзиғларниям. Сутдан қимизга айланар асрлар келаётганидан бўронлар белги берди… тириклик руҳи қадри, қимирлаган ҳаёт қиммати, иссиқ-совуғини сеза бошлади. Айниқса, ҳамишаги довдир шамол келиб ўзини уриб ўтганда шошиб қолди. Лап этиб ёнди. Бу ёниш, ғайрат, ловуллаш, аланга, ўту нафас таниш кўринди. Бирда бир бошидан ўтгандек кўринди. Кашмири ўхшаб-ўхшаб кетди. Кўнгли хижил тортди. Ғашланди. Ўзига ўзи ғашиқди. Кейин қон қайнади. Қон тортди. Тортгандаям узиб-узиб тортди. Ўлик-тирик томирларни бир қилиб тортди. Оғриғи ёмон келди. Оғриқ оғир келди. Увол бўлаётган умрдек увуллатиб келди. Дардини ёйишга, сергитишга шамол, осмоққа дор қидирди. Кун қисди. Ютардек келди. Ўз дардига ўзи ёнди.

Даврларнинг давронхоналари йўлига зина бўлган қабрларга замбил қадамларини битта-битта қўяркан борган сари юриши енгил тортаётганини, елкасига минган минг ботмон-минг ботмон юк лаҳза сайин тарк этаётганини сезди… йўлма-йўл липпиллаб, бир ўчиб, бир ёниб бораркан, ҳушини йиғиштирга тиришди. Қалб яхши сўзлар билангина илиши, исиши, ёниши, гувуллаши, ер устидагилар бир-бирига шундай сўзларни айтмай қўйганидан совуққина бўлиб бораётганликларини фавқулодда англади. Ўзини нима совутгани, нима рангини ўчирганини топишга қанчалик ҳаракат қилмасин, қаловини тополмади. Бирданига беклик, эгалик уйни чироғидай париллаб ёнгиси, бекалик тошўчоқда қорадан-қора кўмоч пиширгиси келди. Эгалик уйнинг чироғи бошқача ёниши кўз олдида пориллади. Айниқса, эгалик чироқда ёниш завқини туйганида яна иморатлар ёзиқларида ялтиллаб ёнишини, ўқишга югуруклаган кўзларга қувват бўлишини қўмсаганда, азбаройи ҳайрати ҳаддин ошди. Кўнгли сувсади. Сув ёнди… Шунда…синиқ руҳида эски вақтлар синиқ қозон атрофида ризқ умидида паст-баланд, катта-кичик бўлиб тизилишган чора-толтавоқлар қаторлашган кун лап этиб кўринди. Кимдир катта ўқлов билан бошига бир ургандек бўлди. Фавқулодда ўзининг бир вақтлар Самарқанднинг оташхонасида гуриллаган гулхан, Олов уйида оташ, тошўчоқларга қўр бўлганлигини, қозонларни қўй боқтиргани, не бир ўт оғалари кафтларига кўтарганини, тутунтириққа берганлигини, дарвешоналарда пилик, хосу ом кулбасига иссиқ бўлгани, Афросиёбнинг неча турлик чироқларига парвона йиққани, не бир китоблар ёзиғида бошида турганини, тўрт улуснинг чироғи бўлганини, қаҳратонларда тириклигига шерик, яхши-ёмонда керак, ўрни давралар тўрида, қўрида, қоронғу тундаги ойдай соғинчли бўлганлигини эслар экан, ўлса кўмари йўқлиги эсига тушган эски ғардек бўшашди. Ҳеч бир ҳолатда қўлини тушурмаслик, ёнга ташламаслик, ҳатто янги ўликлар ҳам қўлини қўярга жой топа олишини, ёнга ташламаслигини минг бора гувоҳи бўлганини эслади. Тириклар вақти келса ўликдан ҳам ибрат олиши лозимлигини, майит энг улуғ, энг сўнгги сабоқ, кўргазмали қурол эканлигини қошу қовоғи ўртасига биров ёзиб-чизиб кетгандек бўлди. Рўзғор ўчоқ билан, ўчоқдаги қўр атрофидаги қур билан қут бўлишига, қутли, қўрли ўчоққа ҳеч нарса етмаслигини, излаганини топгандек иқрор бўлди. Ҳатто қайсидир давронларда оти Қўрўт, Қўрқут бўлганини кўкси айтгандегу, кўкайи кўнмаганига, кимдир икки тарсаки қўйиб кетгандек, йўқ, гапирмай ўядиган қаттиққўл турк машойихларидай ер суятиб, бир қараб кетгандек бўлди. Олов чироқ ахтарди. Туташга, ўчишга ҳаққи йўқлигини англар экан, туриш-турмуши титраб кетди. Энтикди. Этакларини йиғиштиради…

Чўғни ўт олишига ёрдам берган бўлди. Шўр босган ёзиқлар кўзини очиши, қадимий сўзларни уйғотишини кўнглига солгандек бўлди. Шамол ёзиқларини, тош ёзиқларини, Самарқанд ёзиқларини болакайга қўшилиб ўқиди. Ўқитди. Кўзига нур бўлди. Иморатлардаги битикларни босган қурумларни кўчириб, жатмаларни куйдириб, тозалашга киришди. Тирикликдан қарзини узиш лозимлигини англади.

Тўнғичига Кун, ўртанчасига Ой, кенжасига Юлдуз отини қўйганини, эргашган, избосар инилари Кўк, Тоғ, Тенгиз аталган вақту соатни-да аниқ эслади. Уларга аталган қўшиқларниям:

«Кун, Ой, Юлдуз! Тонг сари сенлар боринг,
Кўк, Тоғ, Тенгиз! Тун сари сенлар боринг!»

Кўк -қўрғон, Қуёш — туғ бўлган даврлар шамоли ёди, хаёллар оҳанги эсдан оғдиради.

Сезимлар уйғониб ўрмалаганини, чок-чокидан қақраган, сўкилган чоклар кўклаётганини, кўкланаётганини кўнгли туйди. Унуттирилган қўшиқлар ҳаё-ҳуйи, қувғин этилган ўзлик важоҳати, Афросиёб кўчаларида хоқонлар овози юрган, дарахтлар гуллаган ва мева туккан, олиб қочилган қизлар туғдирилган, кўча тошларига кундуз қуёш, оқшом ой ўзини солиб кўрган давронлар, Турон атоғлиқ вақтларда оталар отини эшитганда пўлат тоғлар сув бўлиб эриб кетган, душманлиғ зоти тириклай, эсон-омон бош елкада тиз чўкишга улгурганига шукр қиладиган шукуҳ сирларини билишини билдиргиси келди. Қўл берди. Кўксида қўрғошиндек ботган зангларни жариллатиб куйдириб кўчирди. Болакай ўқиши лозимлигидан ўзгани ўйламади. Кўнгилдан тилга келтириш юки босди. Қаламни бошини емоқ сўрови босди. Тош бостирилган, музлатилган хотиралар, улкан қоялар, сағаналар ёзиқларини ёпиш учун урилган парчинлар ушловсиз, хом лой шувоқдек палахса-палахса кўчиб, узилиб туша бошлаганини, битикларга кўзи ета бошлаганини ҳис этди. Ҳозиргилар биладиган уч жаҳонгирни дову довруғиниям якка шу шаҳар кўрганлигини, иккиси-Искандар ва Чингиз бузмоққа, биргинаси тузмоққа келганини бирга кўрганлиги, уларни давраларида бўлганлигини-да эслади. Сарҳалқа Ҳамадоний қўш қанотдай бир ёнида яссилик, бир қаватида мулиёнлик ўспиринларни олиб, ҳозир ўзи макон тутган бошпанасида ҳаёт томчиларини таниш сабоқларини ўтганини, бу тупроқда изларининг иси, пешоналарининг изи қолганини еру кўкка билдиргиси келди. Бир вақтлар оғиз очмай кулмак, кўз очмай жаҳонни кўрмак, ўтирган ўрнида дунёни айланиб келиш, қимирламай дунёлараро кезишни-да гувоҳи бўлганди. Хаёл ҳам вужудни бешиктебратардай тебратишидан туюнди. Умр дўмбираси, доираси зарбини, хаёллар оҳанги, хаёллар зарбини зарбул қадим усулидан авжи туркка ўтказмаса, ўтмаса бўлмаслигини англади. Ўзини ўзи топмаса эл топмаслигини билди. Чўғдан сачраган учқун хаёлини тўлқинлантирди. Юраккинаси шошилди. Шодланди. Кўнгилгинаси кўтарилди. Кўзгинаси ёшланди. Узоқ тараддуддан кейин хаёлида гулхан ёқди. Гулхан варақларида идрок ҳеч қачон қувғин бўлмаслигини ўқиди. Аввалда, осмондан тушганлиги осмондан тушгандай эсига тушди. Чақмоққа қўшилиб келганини суҳолар айтган бўлди. Шунда, Онақут, Онаҳут, Анахит, Момогулдираклар бирга-бирга осмонни ноғора қилиб чалдилар. Момоқалдироқ қаҳқаҳаси оламни тутди. Чақмоқлар чақмоқдай қўзғалишди. Азот-азот, қарсиллатиб-қарсиллатиб қилич солдилар. Қора чодир ёпинганиниям, бошқасиниям аямади. Чок-чокидан қақратди. Қўш чақмоқ келиб икки кўз ўртасига урди. Кўзлар очилгандек бўлди. Кўзлар чўғланди. Хаёллар чўғланди. Кўксидан аввал қора тутун чиқди, кейин кўкланди. Кўкариб ўрлади. Ҳуриллаб бир шамол келди. Кунлардан сўнг, кечалардан сўнг вақт бўлганини ёзғириб кетди. Акса урди. Қўшилишиб ғуборлар чиқиб кетгандек бўлди. Баҳридили очилгандек бўлди. Нафас олиш осонлашди. Ёқани қўйворди. Қуввати, дами орта бораётганини ён-вердаги хас-хашаклар этак тортиб қолганларидан сезгандек бўлди… Ғайрат қилди. Эгаси бор ўчоқдаги оловдай гувулламоқ истади. Гувуллади. Нақд Афросиёбнинг энг баланд тепалигида, йўқ, осмонида чироқ ёқди. Чироқ чироқларни ёқди. Чироқлар томошасига етмиш қават гўристоннинг бош чаноқлари оғзи очилиб чиқдилар. Қаншари ўйилиб тушган, жағини ер еб қўйган, пешонасидан қурт мўралаганлар ҳам қаторда кўринди. Чаноғидан айрилган жағлар ҳам. Кўраркўзга эҳтиёжи бўлмаган калламушлар ҳам ризқ териб кетди.

Олов гуриллади. Отачироқ, Онаўчоқ ўз ўрнига қайтганини ёноқлари ёниб, кўзлари порлаб жар солди. Катта оташларга аланга бўлмоқликни, қувончлар сачраб атрофга сочилишини, одамлар кафтларига олганча уйлари томон кўтариб югуруклашларини, қувонишларини соғинди. Чўғ кўзида ўзини кўргандек бўлди. Ўзини таниди. Ёнмоққа илҳақ ёғочларнинг қовурғаларини қарсиллатиб дошқозонлар қайнатишни, беланиб-беланиб, буралиб-буралиб, товланиб-товланиб ёнгиси келди. Шуъласи қозон бошига эгилган оқдан — оқ бўйсираларнинг ёқаларидан мўраламоқ, ёноқларида ёнмоқ, енгларидан кирмоқ, кўксиларида ял-яллаб бош қўймоқ, сояси кўринмас турна бўйли қизларнинг бўйи баровар бўлиб йўлларида ётмоқ, кўзларида чулғанмоқ, лабларида куймоқ завқини туйди. Тилларида тутаб кетгиси келди. Хаёллардан хузур топди. Ҳузурланди. Маккача қилиғли, мадинача нафис, бобилча лутфли ҳурларнинг кулгилари қулоқлари остида қадимгидек жаранглади. Қўшилишиб жон ҳам киргандек бўлди. Жон қўшилиб тошгандек бўлди. Беўйлик ўйилиб тушди. Илкис нохуш умр, номулойим тириклик қорамохов дудга айлантирган кунидан орланди. Номус қилди. Уятланди.

— Ётган ёвга ёқар. Ковланмаган чўғ кул остида қолиб кетаверади. Қўри пастдан тутантириқ олмайдилар,-деди охирида ўзига-ўзи, ўз ҳароратидан ҳайратланиб. Шом еган кун эшитиб шошиб қолади. Шафақ алвон кўринди. Кўрингани осмонларга урди. Ургани жойини топди.

ҚИРЧА УСТИДА

Қаро куннинг бошида Катта энаси Самарқанд соясидаги Алиобод қишлоғидан тенгқур отадошлари Султон Бойқаро, Ижил Мирзо, Саид Ваққос, Суюртғатмишни олиб уғруқ билан Самарқандга жўнаганларини, ўшанда фақат Улуғжонга шаҳарга киришга рухсат тегмаганини, орадан тўрт йил ўтиб салтанат тахтига ўтирганда ва қирқ йил шаҳарни Катта отаси замонидагидек яшнатиб, охир-оқибат, ўз боласи билан бетма-бет лашкар тортган, енгилиб шаҳарга қайтганида яна шаҳарга киритишмагини дарҳол англади. Бу сафар ишни ўзи отга чиқарганлар кўрсатди . Ўз ўчоғига яна қайта бегона бўлганлигини, тақдирнинг такрорланишини кулиб қарши олди, қисмат шамолини таниди.

Дунёнинг энг зўр олимларини йиғиб, ўзи отига, номига солдирган мадрасада мударрис тайинлаш учун қилган машварати, унда юзга яқин талабгорлар фикр билдирганликлари, Муҳаммад Хавофий отлиқ нотаниш олимнинг маърузаси, гап-сўзини Қозизода Румий иккисидан ўзга тушунмаганлигини, ўртага ғавғо оралаганини, Румий ҳазратлари ёш олим фикрини икки оғизда етказганини, йиғилган каттаю кичик нотаниш олимнинг фикри қаерларга етганини, қандай тушуниш кераклигини лаҳзада англатган, тан беришганини-да эслади. Ўзининг аҳволини ким кимга тушунтиради? Ким қандай тушунади? Ким кулади, ким куяди? Барини ҳисобини олди. Нима бўлганда ҳам энди Самарқандни қайта кўрмаслигини-да, Отачироғи ўчмаслигини-да сезди. Дили кулди. Кўз ўнгидан Шоҳи Зиндага кираверишида қурдирган баланд пештоқ кетмади. Уни узоқ Ҳирийда яшаётган ўғли Абдулатифни соғиниб, уни отидан қурдирганди.

Улуғ Жон ҳамсуҳбат топилганидан хурсанд бўлди. Қирча устидаги, юлдузлар дастурхонга тўкилган тутдек кўринадиган майдонда, бири шоҳликдан, бири тутқунликдан юлдузга айланган икки сўнмас олов узоқ туриб қолишди. Учи ер остига кириб кетган, боши осмонга етган ренесасс-цекцтант мармарларига сўнгги бор қўлларини қўйишиб ўтишди. Улуғ Олов Аждар думидаги Шер буржига қаради. Битикка кўнди. Икковларида осмонларни безовчи чироқларга айланаётганларини англади. Атрофни муҳофаза олганча шайтонларни талвасага солиб учаётган юлдузлар шиддатига қаради. Кейин, Зарафшонни ёритгани, ундан сув ичгани тушган юлдузларга қўшилиб кетишди. Азим дарё мансура айтиб қолди: «Жайхундан нега ўтдинг, Абдулатиф».

ТАНДИР ҲАМ ҚИЛИҚ ЧИҚАРАДИ

Тандиримиз, одатда оғзига ўтин тиқилмаган вақтларда бошига нон совутгич катта саватни қийшиқ қўндириб, бир чети учган, жириқ лабига тиржайиб туради. Ҳозир ҳам шундай турипти. Насиб этса эртага қидиргани кетаман. Оловни зўридан бети оқариб, қошига қўшиб, манглайигаям қора суркаганча янги қилиқ чиқарган тандиримиз кузатса керак. Келин тандир. Оғзини чўққа тўлдириб изимга қараб турувди, юзига сув урилиб қулоғидан ҳовур чиқаркан, ҳализамон нон ёпишга тайёр бўлишини, кулчалар ёпиб беришини, шошмай туришимни, кулчасиз қўйвормаслигини, ҳеч қачон ҳеч кимни қуруқ қайтармайдиган шаҳарга қуруқ, хўшшайиб бормасликни тили танглайига ёпишиб, нафаси тиқилиб тайинлади. Саҳарда автобусга чиқаман. Бу боришим иккинчиси. Биринчи синфдалигимдаям борганман. Сариқ «Паз»ик одатдагидек эскиси билан қадим шаҳар ўртасидаги Қоработирни гўридек кўринадиган осма темир кўприк елкасидаги каптархонада тўхтайди. Автобусчига ҳозир келаман дейман-да, тўғри қадим таниш, шаҳарни қошидек кўринадиган, узоққа кетган боласи йўлига қараган отадек бир кафти ҳамиша пешонасидаги Ҳазрати Хизрга бораман. Айвонига чиқаман. Ойқортоғ кўринади. Оқ салласи печини ҳилпиратиб ҳамишагидек ҳимо берган бўлади. Қўл кўтариб етиб олганимни билдирган бўламан. Шунда доим илҳақ тоғ, биларини бировга айтмайдиган тош, энг тоза тушларни эшитган бўлса-да, ўргулигу кўргилигини кўринганга кўрмана қилмайдиган сув, ҳар жойда хозир, ҳар нарсани биладиган, одамни ичигаям кириб чиқадиган шамол, асл аскарлардек содиқ арчалар, барча-барчаси ҳар бир одамнинг келишига минглаб йиллар кўз тикишлари, тикканлари сезимдан ўтади. Айниқса, Олапарнинг йиғлаб бўлган қип-қизил кўзлари шундай дегандек бўлаверади. Энамни гаплари эсимдан чиқиб кетмаслиги учун такрорлаб қўяман. Кўзимга ҳамма Самарқанд бўлиб кўринади. Мен ҳаммани яхши кўраман! Самарқандни ҳаммадан яхши кўраман! Аммам кутиб олсалар керак. Ўсмат Отага келганларида ҳар бир дарахтни олдига бориб, сўрашиб, отажон-энажонлаб шохларидан олиб, тозалаб, дасталанган новдалар билан Обираҳмат ёқасига ўтказиб қўйиб яхшилаб қоқиб қўйсалар керак. Энам берган сурпни бурда-бурда қилиб, бир учидан ёқиб, сўнгра илондай ўрлаган оловни бошимдан париллатиб айлантирадилар ҳам. Биринчи ўзлари, иккинчи менга туфлатиб сувга ташлайдилар. Сувни ҳақи эмиш. Ёзиқсиз тоза қоғозни ёқиб кулини елга сочадилар. Шамол гувоҳ эмиш. Ёзиқлиқ қоғозни, ёзиқни ёқиб ҳам бўлмасмиш, кўмиб ҳам. Бошимни кафтлари орасига олиб: «Чиқмасанг санга нағлат, чиқармасам манга нағлат», деганча ғазовот қиладилар. Қулоқларни тортиб ғиртиллатганлари ёмон-да, оғрийди. Обираҳмат сувидан бетимга сочар эканлар, орқангизга қарамай, қўрқмай кетаверинг, мен етиб оламан, балажон, дейдилар.

Энам айтгандай қилиб лашкар тузаман. Булутдан от, шамолдан юганим бўлади. Тоғлар ҳимо, ён берган бўладилар. Энам: ғайрат қилинг, балажон,- деганлар. Нафс бандаси қўрққиликка арзимайди. Қирқига бир кесак. Ҳа, денг, балажон. Шамолингизга ман садақаман…

Елкам оша тоғлар, оталар нигоҳи, димоғим энамни ҳидига тўлганча Самарқандни, йўқ, Афросиёбни, йўқ, Отачироғни кўраман. Ёш тирқираб жўнайди. Этагимда адоғи кўринмайдиган булутлар соқолини силкиллатиб келаётганини хаёл қиламан. Оқ булут оқ отдай, кўк булут кўк отдай кўринади. Хаёлларим сувратини булутлардан ясаб кўрсатишларини томоша қилган бўламан. Бир қуш ортимдан ҳақлаб зорланганча эргашади. Зарафшон қучоқ очиб жилмаяди. Сувдан бош кўтарган қуёш аввал пешвоз чиқади, кейин танишдек кулади. Биз саломлашамиз.Энам: тушдан зиёди хаёлда бўлади, хаёлга келган нарса бор нарса, хаёлга эҳтиёт бўлинг, одам хаёл билан тирик, йигит одам орқасига қарамайди, балажон,-деганлар. Уйғониб кетаман. Энамнинг эртагу маталлари, ўқиганларим, ўнгу тушим чалкашиб кетди. Хаёлларим ҳам. Кечирасиз. Насиб бўлса, катта бўлсам айрит қилиб, бошқавотдан айтиб бераман. Ғов лабидаги супани супуриб-сидиртираётганлари, тўшанчи солдираётганларига қараганда қидириб келгунимча йўл қараб турадилар-ов. Маталларини соғинсам керак. Ҳидлариниям. Айниқса, Самарқанд ва Оймомо ҳақидагисини. У шундай бошланади: «Ой совуғи ҳуриллаб келади. Қор учқунлари тоғ бошига ойдай қилиб ой расмини соладилар. Шундан Ойқор атоғлиқ бўлади. Ой Ойқорни пана қилиб Самарқандга қарайди. Яқин борса опа-сингиллардек уришиб қолишади. Ким чиройли деб. Юлдузлар қаторлашиб белги берган бўладилар. Ишини қилиб бўлганлари қисмату қарғиш тошларига дўнадилар. Самарқанд ҳовузида ҳурлар соч ёзиб суҳбат қурадилар. Юзлари кунга, сочлари тунга уланган бўлади. Чиройларидан ой ҳусн олганмиш. Ҳуснларини Самарқандга солиштиришдан уялармиш. Сулаймон пироқидай етиб келган шамол ўртада гап етказиб, бориб-кеб туради. Чақмоқ хат-қалам юритади. Кўчага девона шамол эга чиқиб супирган, қора булут сув урган бўлади. Созандалар бошлиғи Чўлпон юлдуз чолғусини қўлига олади. Осмон куйга тўлади. Қўшиққа тошади. Самарқанд қўшиғига. Ҳар замон-ҳар замон таниш ахтариб, кўз қисиб қўяди…»

Ана шу жойлари зўр-да. Эшитганингдан кейин қўшилишиб кетгинг келади. Қўшиғини насиб этса янаги сафар айтиб берарман. Афросиёб кўксимдан жой қидиргандек бўлаверади. Кўксимга сиғмай кетаяпти…

Энди одамлар: «Иш қандай?»-дейишса, «Самар қанддай», дейман. Самарқандга Самарқанддай кириб борадилар. Буларни ўзим ўйлаб топганман. Сиз ҳам шундай дейишингиз, шундай қилишингиз мумкин. Кўнглингиз кўтарса, албатта.

2010 йил. Тошкент

07-Станислав-Никиреев-В-Самарканде-цветные-карандаши-1968.jpg
Bahodir Qobul

OTA CHIROQ
02

Ashampoo_Snap_2016.10.15_13h48m54s_001_.pngBahodir Qobul (Bahodir Qobulov) 1966 yilda Jizzax viloyatining Baxmal tumanidagi O’smat qishlog’ida tug’ilgan. Alisher Navoiy nomidagi Samarqand Davlat universitetining o’zbek va tojik tili filologiyasi, shuningdek mazkur universitetning huquqshunoslik fakul`tetlarida tahsil olgan. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi.Yozuvchi o’z asarlarida ona tilimizning betakror tarovatini
Bahodir Qobulning “Ena shamol” va boshqa kitoblari chop etilgan. «Xurshid Davron kutubxonasi» sahifalarida uning uning bir necha esse, hikoya va qissalari e’lon qilingan.

02

KUL BOSGAN XAYOLLAR

011Bir vaqtlar, tong ertasi shamolning hurillab kelishini xush ko’rar, ko’ksiga tegsa gurillardi. Bo’ron bilan ermakka olishardi. Kifti o’ng kelgan chog’lar ko’tarib urardi. Hozir yo’lini hovliqib kesib o’tgan bodi havodan o’zini zo’rg’a chetga oldi. Shundoq ham nafasi yetmay, o’pkasi og’ziga tiqilib turuvdi. Adog’i ko’rinmaydigan, ochiq-yopiq, qo’shni-qavat mozorlararo o’ziga makon, kapa qidirdi. Qarg’ish qoraytmagan, sag’irlik sarg’aytmagan, egasizlikning yurak yutar vahimasi is osmagan kulba, boshpana qidirdi. Ilg’amasa-da, quyosh taftidan tusmollab birov Mixtepa, boshqasi Mig’, yana biri Miqtepa deydigan, eskini odami Mug’ atalmish tog’ tomon ko’z tikdi. Zoriqdi. Damsar urishga qo’rqdi. Qo’shilishib joni chiqib ketardek tuyuldi. Jardan dili so’lg’inib emaklab tusharkan, Sakkokiy g’origa bo’yladi. Mashkot, chiroq qo’yar tokchasidan sig’indiday joy oldi. Xomush tortdi. Xatar bosdi. Seskandi.

Ko’ngli behuzur, vujudini qaeridadir, nimadir bezovta bo’ldi. Ichi to’kilib borayotganini his etdi. Naqdi yeb bo’lingan, nasiyasi garovga qo’yilgan umr ko’ziga yo’liqdi. Sha’nining shami so’ngan, kuya tortgan bevosh bosh, miltillab-mo’ltillab na ketarga, na qo’shilib yashashga qo’yadi. Karaxtlik murgilatdi. Bir vaqtlar shamxolning (pilta miltiq) yonari yonmay, pistaday o’qni otishga qiynalib, turish-turmushi tutab ketishiga guvohi bo’lganda, piston-piltalarning holiga kulgandi. Dunyo kulgulik emasligini ko’zdan nur, tildan hukm, beldan kuch, ilkdan quvvat ketganda anglaganing befoyda. Xoh ko’m, xoh ochib yig’la.

Davlat nog’orasini chalgancha tuproq mahallasida qolib ketgan, sonsiz shohlarning sanoqda yo’q mozorlari, to’plagan hisobsiz moli-dunyosi egasini topib, qarichlab o’lchab o’ralgan kafanlar jiyagining chirigiyam qolmagan qabrlari yoqalab alg’ov-dalg’ov ko’nglini sudragancha sillasiz sirg’alar ekan, or o’rniga o’ron, shon o’rniga nishon talashib bir-birini qisgan, yer yutib, qo’shmozor bo’lib birlashgan og’zi ochiq lahatlar labida tikkaygan tikan-xori mug’ilon shoxidan qovjiragan joytanlamas-benomus arpabodiyon chanoqlariga tortilgan, osilgan egasizlik bayrog’idek pirpirayotgan to’rlarga til soldi, bir qavat qaynoq havo ustiga kashtasini keltirib surkadi-da, yamlamay yutdi. Shami sha’n, chillasi chiroq ko’rmagan uyatli mozorlar betiga qaramay, gangirab, beixtiyor ortiga o’rmalagancha qaytarkan, boyagina qilgan ishi o’ziga yoqqanday bo’ldi. Obimashhad degich, bir ma’nisi Qabriston suvi, bir ma’nisi Otamozor bo’ladigan ariq yoqalab suvloqqa tushgan kaptardek tizilishgan g’orlar og’zidan o’g’ridek mo’raladi. Avval, Miskin Ota otliq mashoyix, keyin boshqa g’orlar shiftlariga beega yuz yilliklar osgan tortanak belanchaklarini, o’rgimchaklar eshgan to’rlarni milklari orasiga olib yamladi. Uzib yeyishga kamida tish kerak. G’or og’ziga to’r osib, oyoq-qo’llari g’ujanak bo’lib, ichkaridan chiqayotgan hovurda halinchak uchayotgan o’rgimchaklarda quloq bormikan, eshitarmikan, degan o’yda qarsak chalgandi, sanoqsiz o’rgimchiklar oyoq-qo’llarini avvaliga baravar yozgancha sergak tortdilar. Bir zumlik sarosimadan keyin arqonlariga tortilgancha yuguriklab, yuqoriladilar. Bexavotir, tinch deb o’ylagan manzillarida to’xtab, ovoz qaerdan kelganligini qidirdilar.

Qari Olov g’or kunjiga tiqilar ekan, bordan kam, yo’qdan ko’ra bor gunohni bo’yniga olib, alami ichida odamdek yutinib, ko’rguliklar bitta qo’ymay qoqib olgan tishsiz, tashlandiq o’raday o’pirilgan beo’xshov og’zini tilini chiqarib artgan, tozalagan bo’ldi-da, cho’g’i pasaygan ko’zlarini bamaylixotir yumdi. Xotir maylicha, xotir istagicha, xotir iznicha, xotir xohishicha yumdi. Dard ulg’aydi. Xotir g’ami ulg’aygandan ulg’aydi. Och kanaday bostirib keldi. So’nggi salkam yetti yuz yilda birinchi bor o’z hovirini o’zi ko’rdi. Qora ter quyilib keldi. Sust bosdi. Nimagadir tokchalar qorasiga peshonasini ishqab-ishqab, surkab-surkab olgisi, erkalangisi keldi. Qachonlardir bu joylarda bo’lganlik sharpasi lip etdi. Yer bag’irlab kelgan sukunat qo’l berganini sezdi. Sezgisi tusmollab to’xtagan joyga — sukunat ko’ziga termildi. Tubsiz jarning qorong’ulig’idan boshqa qarolik ko’rinmadi. Qo’shilishib, boshini yelkasiga osiltirgancha, Afrosiyobni aylangani chiqishga yuragi yetmadi. Shavkatli turk mozoriday mag’rur qir, qadimiy qasr kultepasi hidiga dumog’ini to’ydirib olgach, qachondir, nimanidir yo’qotib qo’yganini, lekin nimaligini eslolmagan boladay iziga qaytdi. Tengqur, qurdosh topolmadi. Topgani, tanigani Kattatog’ suvidan tikka bo’lgan devorlardagi hid bo’ldi. Davru zamona taxma-taxt qilgan, gado go’ri oyog’i uchida tizilishgan shohlar mozorlariga qaradi. Go’r ham egasiga o’xshab borarkan. Ilma-teshik qabrlardan bir-birini quvib chiqqan yumronqoziqlar inlariga qaytib, boshlarini chiqargancha jo’rttaga mo’raladilar.

Yag’rinigacha yag’irlashgan, qo’ymichigacha qo’tirlashgan, biroq uzayib uzilmagan umr ustomonligiga ishonib, kechagina endi bu yerni yelkamni chuquri ko’rsin, deb etak qoqqan o’rnidan o’zga tinch joy topolmasligiga iqror bo’ldi. Yerdan bo’g’zini zo’rg’a chiqarib turgan sag’ana toshlarining sovuq va xira yaltirashidan o’zini olib qochgancha munkillab, miltillabgina yotog’iga o’rmaladi. Ayvondan Kattatog’ yoqalagan, bir vaqtlar qo’rlaridagi cho’g’larga osmondagi yulduzlar havas qilgan Mug’ ham, shuhrati so’nmas shahar ham birdek ko’rinadi. Tushunadigan topilmasa ham shu ikkovginasini ko’rib tursa bo’ldi. Shashting, yonishing o’zingnikiga o’xshamasa, tengqurlaring tugul tug’ishganlaring, o’zingnida o’zing tanimas ekansan.

Kattatog’ va Samarqand ko’rganini hech birov ko’rmagan. Shahar necha bor xarobaga aylanganini, na erkagu na ayol, na sog’u na xiyol, na darveshu na devona Shoh Juguzning: «Bor edim Nuh vaqtida, yo’q etmadi to’foni ham… Tegma eranlar itiga, bir boshiga ming bosh ketar», degancha huvillagan ko’chalarda o’ziga-o’zi gapirib, hu-hulab asrlar sanagan vaqti, besalom, bexabarlar kasriga qolgan, buzuqilik davroni necha bor qaytalanganini, qatordagini bari mard bo’lmasligini birov bilmasa-da, o’zi ko’rgan. Sovuqdan pocha qoqayotgan Shohga issiq bo’lsin deb, mog’orasiga cho’g’ tashlab ketib, qalandarni tentakdek tentiratgan, suyuntirgan kunlarniyam tilini bir chiqarib esladi. O’zi shunaqa olov zoti sal o’nglansa, xursand bo’lsa hayratini yashira olmagan yosh boladay tilini bir chiqarib oladi.

Tanish shamol sochi to’zib, turtinib-surtinib avval Turk Afrosiyob o’tgan ko’chalarni tusmollab yugurdi. Otasini ko’z oldida tuyuqsindan yer yutgan boladek izilladi. O’zini o’nglab, barcha ulug’lar ulug’i, G’arbu Sharq chaqmog’i Hindistonni olib qaytgandagidek, boshlab Hazrat Shohni tavof qildi. Tuman oqo xonaqosida nafasini rostladi. Bog’i Chinor sari jo’nadi, undan Bog’i Behishtga qarab ketdi. Bog’i Balandga kelib qo’ndi. Katta enalar qo’nimi-Ishratxona mozorotida yig’lagisi keldi. Ko’ksaroy, Bo’stonsaroyni o’ragan Toshqo’rg’onda tosh qotdi. Nimani, kimni, ne birni izini izillab izlaganini o’zida bilmadi. Samarqand avomi buzuqilik davridan buyon Jonmard qassob mozori deydigan Sherdor madrasasi supasidagi, aslida Turk piri naslidan bo’lmish mashoyix sag’anasiga mingginchi bor bosh urdi. «Devori qiyomat» ustida oyog’ uchida turarkan, so’rov bergandek uzoq vaqt o’yga toldi. Registon va Arki Oliy o’rtasidagi buloqni qidirganini, topolmagani, ishonimli ot va erkin shamol davrini qumsagani, yuragi kuyib sog’inchini sovutgani, o’zini Zarafshonga bir tashlab olgani, oxirida, shaharni balo-qazolardan himoyalagandek to’rt tomoniga o’zicha dam solib, ro’paradagi xayoli ravoqlaridek ayri tushgan, tos tevvasi o’yiq imoratdan joy topganini ko’zlari miltillab kuzatib turdi. Shamolning ham uning holiga ko’zi to’rt bo’lib, tirikmikan, deb qarab turganligini qo’qqisdan tusmolladi. Ilkis ilg’adi. Lip etgancha guvillab yetib kelishidan xavotirlandi. Ko’rmaganga oldi, qo’ydi. Dard ham davr g’animat degancha, qayrilgan qahrini qayrarga tosh topilmay dami qaytdi. Xo’rlangan hurlik yang’lig’ karaxt, xo’rliqqa yo’liqqan hurlikday dirdiradi. Xo’rlik va hurlik orasini o’lcharga yetarlik o’y topolmadi. Hurlikdan xo’rlikka o’tar yo’llarning qisqaligini chamalasa-da, xo’rlikdan hurlikgacha yo’llar adog’i ko’rinmadi. O’pirilgan yakkamozor ustidan o’tarkan, oyoq tiqqan kovushidan chayon chiqqan xotindek irg’ib tushdi. Soyalar ortidan ergashdi. To’xtasa to’xtadi. Hardamxayol, sudralgancha kapasiga kirarkan, ortidan qaro tortib ergashgan har bir yuzqarolig’: tildan ketish, beo’ylik, e’tiborsizlik, ona tildan orlanish kasridan boshlangan orsiz jon talvasasi chandig’i, yutumga yuz burib och qorin yeb qo’ygan ilm uvoli, ko’zi yiltillagan murdadil do’st xiyonati zahri, zarari foydasidan ko’p soddalik nuqsi, haromtavoqlik yuvindisi yuqi, ko’nglini bo’shidan etagini ho’li qurimaydigan ishonuvchanlik anduhi, kibru havo yuviqsizligi, qaramlik yalog’ining qasmog’i, ko’zni bir siqim tuproqqa to’ldirishga zor darbadarlik ohu zori, sharmisor sig’indilik sharpasi, dunyo talashish isnodi isi, xunhaqi so’rar tili tagi bilan kesib olingan qonlar izi, nomardga muhtojlik mustarligi, mavrid-bemavrid kayfu safo sassig’i jamiki soyayi-ziyon qatordan o’z nasli-nasabi, mansabu martabasiga ko’ra joy-joyini egalladi…

SAMARQANDNI YAXSHI KO’RISH

— Samarqanni Samarqanday yaxshi ko’radilar,-dedilar Enam egasi ko’pkariga qo’shadigan otiga dam solib qaragandek egnimga bir sidra nazar tashlar ekanlar, sokin va sekin, biroq ming yildan keyin ham eshitilib turadigan, esdan chiqmaydigan, o’chmaydigan ohang va maromda, nafaqat menga, balki hamsuhbat bo’layotganidan dimog’i chog’ shamol, yana omon ko’rganidan ko’ngli yorishib, esankiragan kunduz, tepamizda bosh eggancha havas bilan chapak chalib turgan tut, chillani kattaqoridan qolgan muzni ko’tarolmay qiyshaygan tarnovga ilinib, qilar ishi in qurish ham esidan chiqib, tumshug’iga qo’ndirgan chitirni nima qilishini bilmay, gapga goh chap, goh o’ng qulog’ini o’nglayotgan musichagayam aytgandek.

Qo’shib qo’yadilar: Toshkanni donini yegan chumchuq Makkadan, Samarqanni ko’rgan jannatdan.

Enam o’zlari shunaqa. Gapirganda kun-tun, oy-yulduz, tog’-tosh, yer-suv, issiq-sovuq, qush-quzg’un, dov-daraxt, qor-yomg’ir bilan odamdek gaplashadilar. Odam o’rnida ko’radilar. Har bir gaplarini yod olishim zarurligini tovushlarini past-baland qilib bildirgan, qarz gapni tayinlagandek bo’ladilar:

— Yo pirlar, deb oyoq bosing, balajon. Yo, otaqo’nim, deb bosing, balajon. Yo otalar, deng, balajon.
— Enajonlar desam ham maylimi?

Mehmon kipriklar allaqachon tark etib, farishtalar joy talashayotgan mijjalarini teng yumib, vaqtniyam to’xtatib qo’yib, bir maydondan keyin sekin, birdek baravar teng ocharkanlar, rozilik bildirgan bo’ladilar. Ko’ngillarini topganimdan xursand bo’laman.

— Keldik, deng balajon.
Ovoz chiqarsam eshitganlar kulishlarini xayol qilaman:

— Ichimda aytsam ham bo’ladimi?
— Ko’kayda aytganni yetti qat osmon eshitadi.
— Samarqand hammani taniydimi?
— O’zini taniganni taniydi.

Kimga qo’shilib borishimni ko’kaydan o’tkazgandim:
— Lashkarni qo’shing, chirog’, dedilar.

Yolg’iz ketayotganimdan ikkilanib, gap topolmay, siz orqamdan qarab turasizmi, degan gapni qanday aytsamikan deb turgandim: Enam og’iz ochmasalar ham a’zoyi badanlaridan ovoz chiqqandek, dastorni katta qo’ygan boshlarini xam qilib, ha, shunday, degandek bo’ldilar. Qo’shilishib osmon ham xam bo’lgandek tuyuldi. Xuddi birovga gap qo’shgandek qo’shib qo’yadilar: Yolg’izni yori xudo.

SHARQQA HIJRAT

Eski va yangi murdalar hidi qo’shilishib, uyqashib-suykashib suzib yuradigan, tapponiga qarab to’g’riso’zdan tonmaydigan fohishalar makoni Venetsiyaga avvaliga avrab chaqirilgan va sakkiz yillik tutqunlikda ushlanib, aytganidan qaytmagan, keyin Rimning Gullar maydonida yoqilgan gulxan ustiga tikilgan bandini ikki yamlab bir yutgan olov, oradan ming yil o’tib ham o’chmagan bo’lsa-da, o’shanda undan sachragan uchqunlar zum o’tmay shamollarga qo’shilib yer sharini allaqachon kezib chiqqan, Quyosh atrofida aylanuvchi sayyoralarga xabar berib ulgurgandi. Etagidagi kulni qoqqan uchqun xayolini yig’ib olgani bir zum osmonga tikildi. Atrofni o’ragan kardinal, yepiskoplar oralab o’tdi.

Yulduzlar yo’l ko’rsatdilar, yoqasini o’ynagan epkin ko’nglini ko’targan bo’ldi. Tekin tomoshaga o’ch olomondan uzoqlashar ekan, tiriklay yoqilgan yuzlab odamlar ruhlari izg’iyotgan maydon chetidagi yaydoq eshakka ko’zi tushdi.

Avvallari, «Qurbonlik maydoni», keyinchalik «Vatan sajdagohi» atalgan joyda o’rnatilgan Romul haykaliga bosh egdi, qo’l silkidi. Rim Forumi bilan kesishadigan Muqaddas ko’chaning qayroq toshlarida mak-mak o’ynagandek sakradi-da, Kapitoliy qirlariga o’rladi. Chim bosgan Avgust xonadoni, Imperator saroyining qarg’ish yiqitgan, arvoh ham kirmay qo’ygan xaroblarini paypaslagan bo’ldi. Bo’yma-bo’y, qavatma-qavat keladigan Mikelanjelo Buonarroti va Abu Ali ibn Sino ko’chalarida bir vaqtning o’zida baravariga yugurikladi. Kapellada «Yorug’likning Tundan ajralishi», Quyosh va Oy; daryo va giyohlar; Odam Ato, Momo Havoning yaratilishlari, «Gunohkor insonning ko’chishi», «Nuh qurbonligi», «Katta toshqin» suratlari yolqinlari bilan avval qo’shilishib, keyin ayrilishdi. Karakalla tepaligi tevvasiga chordona qurib uzoq o’tirdi. Oradan yuz yilliklar o’tib, o’ziga qo’yilgan sag’anadagi yoziqlarni ovoz chiqarib o’qidi. «O’sha joyda, qaerkim, gulxan yoqilgan joyda, oldindan ko’rilgan yuzyilliklardan».

Burro O’tyurakni chap ko’zi oqib tushgan, og’ziga yuviqli-yuviqsiz qo’llar tiqilaverganidan ko’ngli aynigan Rimning katta rapidaday «To’g’riso’z taqdir toshi» kuzatib qoldi.

Kellin eshagi uni gulxanga mubtalo qilgan, olovga olib kelgan bo’lsa, bunisi hijratga olib ketishini sezdi. Yaydoq mingancha, yo’lga sig’mas do’lbarjinday jo’nadi. Konigil qo’rig’i marzalaridagi qadim xumdonlar yonida ulovdan tushdi. Xumdonlarga bir-bir kirib isindi. Uchrashuvga tayyorlanar ekan, shami yonishini istadi. Jahongirni mingini ko’rgan Sug’d daryosi suviga bosh-oyoq yuvindi. Qadim zamonlarda olib kelingan eldoshlari, elga el bo’lib ketgan miletliklar vatan qilgan toqqa qaradi. Shamolini tuydi. O’rnilarida bo’lgisi kep-ketdi. Yuzini oy nuri yaltirayotgan suvga solib ko’rdi. O’zi o’ziga yoqdi. Tengqurlar salomini egasiga yetkazdi. Samarqandga Rimdan avvallari ham ko’p salomlar kelgan. Yalang oyoqlariga botgan, ilashgan tangani qo’liga oldi. Antioxni tanidi. Vatandoshlik hissi qo’zg’oldi. Artib qo’yniga soldi.

O’smat ota etagidagi Dunyotepa g’orini eslatadigan, biroq yo’laklari uzun, xonalari katta, chiroq tokchalari ko’p, hashamli-hashtalali bo’lgan Siyob yelkasidagi g’orlarga bosh tiqib ko’rarkan, Rimning adoqsiz katakombalari ta’mini tuydi. Qurum bosib paqqos qoraga bo’yalgan devorlarning unda — bunda ko’chgan joyidan mo’ralagan sap-sariq jartuproq bahaybat maxluq ko’zidek baqrayib hayiqtaradi. Ko’z yetmas puchmoqlaridan gurillab chiqqan to’da kaptarlar vahimasidan keyin yurak yutib, qaytib birov yaqiniga yo’lolmaydi. Kaptarlar parvozidan O’tyurakning dimog’i chog’ bo’ldi. Rimdagidek kaptarlarga don sepmoqchi bo’lganda qo’li kaltaligi esiga tushdi. Don sepish va terishning o’z vaqti-soati bo’lishi shunda sezildi.

SAMARQAND AFSONALARI

0-79.jpgSamarqanddan o’tmagan matal matal emas. Matalligi yo’q.

Quyosh uyalganidan Samarqandga yaqin kelolmas emish. Kun har kun qiyomda turib ketarmish. Yulduzlar joy talashib saf tortarmishlar. Yigit kishining bir qarashiga oy intizor, yulduzlar ilhaq emish. Er kishi tik boqsa quyoshning quvvati osharmish. Samarqanddan turib qarasa, albatta. Farishtalar, oy-yulduzlar avval boshdagidek safda, sajdada turishga zor emishlar. Enam aytgan.

«Bu dunyo-gunohkor insonlar uchun quvonchdir».
«Tushingdan o’zga do’sti sodiq bo’lmas».
«Zamin insonlar yelkasidagi, inson zamin gardanidagi yukdir».
«Yo’qlikka sayr etishdek yaratishlik bo’lmas».
«Iroq shohi bo’lsang-da, Chin podshosi ersang-da, kelaring shu yer-er osti. Nima uchun qalbingni bu o’tkinchi dunyoga bog’laysan».
«Sen qalblarimizga nur, qabrlarmizga nur, ko’rarlarimizga nur, eshitarlarimizga nur… nur…nur… bag’ishlading».
«Jannat eshiklari ellar uchun ochiq, mehribonlarga mehribonligi abaddir».
«Shohlar sening poyingga bosh uradilar…. senga munosib bo’lmoq uchun».
«Sajdayi xolis-na hokimiyat va mol-mulk».

Bu yoziqlarni Mozori Shoh-Shohi Zindadagi imoratlar peshonalari, betlari, yelkalari, ko’ksidan ko’chirib oldim. Avvaliga, daftarchamga yozib olishga uyalib turgandim, qarasam, qarri-qurri ajnabiylar binolarni suratga tushirar, yoziqlarini o’qishga, ma’nisiga tishlari o’tmasa-da, kechikkan hayratlarini yoshlariga yarashmagan bepisandlik bilan yashirmoq bo’lardilar. Surat olgichim yo’q-da. Bo’lmasa, men ham suratga olardim. Enamga ko’rsatardim. Lekin, shunda birdan imoratlardagi yoziqlarni ko’chirib olishni o’ylab topdim. Yoziqlar orasi uzilib tushgan bo’lsa-da, ko’z yetgancha ko’chira boshladim. Birov nima qilayapsan demadi. Qaytaga sayyohlar ishimdan zavqlanib tomosha qilishdi. Bir-ikkitasi chiqqillatib suratgayam oldi. Shunda, chekkaroq joy topib yoziqlarni ko’chirganman. Ko’p nuqta qo’yilgan o’rinlar yoziqlarni ko’chib ketgan joylari. Ammam nariroqda qarab turganlar. Qachon ishim tugasa, shunda ketishimiz, o’tgan-qaytganga e’tibor bermay ko’chiraverishimni tayinlaganlar. Shunday qilsam Enam chin xursand bo’lishlariniyam. Buni o’zim ham bilaman. Kostyum-shim olib beraman deganlar. Kostyum-shimim bo’lmasa-da, shoshgandan bor deb yuborganman, o’shanda. Katta shaharda yolg’on gapirganingni odamni o’ziyam bilmay qolarkan. Enam: kimki yolg’on gapirganda birovga zarari tegmasa, zarari o’ziga bo’lsa, hechqisi yo’q, — deganlar. Qachon kostyum-shim kiyishimni so’raganimda Enam: shuyam gap bo’ptimi, balajon. Hali beklar beglab chaqirmas, poshsholar elchilab so’ramas, shohlar to’n yopmas ekan, kelganim yolg’on,-deganlar. Bekligiyam. Men hali bolaman. Bunaqa gaplarni tushunmayman. Enamga ko’z bo’lib, ignaga o’zim ip o’tkazgan, enam o’z qo’llari bilan tikib bergan chiybaxmal sholvorim, it yoqa, yenglariga qo’shbo’g’ma urilgan bo’z ko’ylagimni kerak bo’lsa inturistlar rosa tomosha qilishgan. Ushlatmaganman.

Dunyo Samarqandning bir yozig’iga teng kelmas emish. Tarozining bir pallasiga dunyoni, bir yog’iga Samarqand yozig’ini qo’ysa, yoziq bosib ketarmish. Yoziqning toshi og’irmish. Avval yoziq, oxir yoziq emish. Enam shunday degan.

AFROSIYOB MEHMONLARI

Mehmon olib kelar, mehmonday olib ketar shamollar Afrosiyob ustidan mayin o’tadilar. Uning har bir kesagi uchun hisob berar joy borligini biladilar. Har bahor bayroqlar mehmonga kelgan bo’ladilar. Uzun-kalta, katta-kichik. Ko’zlarini katta-katta ochib ehtiromli qo’rquv va rag’batdan umidvorlik nigohi bilan qaraydilar. Yam-yashil bayrog’ini yelkasiga tashlab chiqqan Afrosiyobni o’zigagina xos, o’zigagina yarashig’liq ulug’vorlik va muruvvatini tuyadilar. Hammasiyam emas. Shamol parillatgan bo’ladi. Mehmonlar bo’ylarini bo’ylab ko’rishga botinadilar. Azaliyatdan shavkat va sharaf tug’ini ko’tarib kelayotgan tug’donalar hidiga to’yinmoq istaydilar. Bu turishlariyam azmoyish, taajuvot, g’animat ekanligini, uning dovrug’iga bir xolchalik bezov bo’lolmasliklarini, tog’lar ham bu tepaliklar bilan tenglasha olmasligini ko’kaylari dirillab, pirillab anglaydilar. Holining ahvolini ko’tarolmaydilar. Samarqand shamoliga, azal va abad shamoliga munosib bo’lmoqqa jon-jahdlari bilan tirishadilar.

Mochasi hangisini quvadigan Moskov Ismoil otliq qishlog’idan topgan, bisotidagi yakkayu yagona qadim Xorazm tangasini Kreml kamonchilari dastidan kuygan kaftiga omonatgina olgancha keladi. Bo’ynida Turkiston bosib olinishining 1,5,10,25 yilliklariga tamg’alangan tangalar bo’ladi. Og’ir yillarda och-yalang’och, sarg’aygan sag’irlariga boshpana bo’lgan, bolaligiga borib, muazzam imoratlarning devor-to’shlariga nomlari, qaerdan, qachon kelganliklarini yozib qoldirgan darbadar, yetimlari uchun kechirim so’ragan bo’ladi. Qavmi odaticha bir suv kechsa va’dasini unutadigan, To’xtamish degich Moskovni kulini sovurgandan keyin yetti yil o’tib-o’tmay qilmishiga hisob bergani, tupurgan tuzlug’i tuzi tutgani, o’shanda daraxtlarigacha ko’sov bo’lgan, yetti yashar go’dak, bola ekanligini, qaramlik va xiyonatning achchiq tutuni ichra o’ziga kelolmaganini, biror-bir boshpanasi qo’noqlikka arzimay non-tuz tutolmaganligi, peshvoz chiqolmaganini, oradan ikki yuz yil o’tib shahar nomini olgan qo’rg’onchaga G’arbu Sharq xo’jasining o’shanda qarab qo’yishni ep ko’rmagani sababini anglaydi. Yetti yashar bolakayga qilgan muruvvati, qullikdan ozod etgani uchun qulluqda, tazarruda turgan bo’ladi. Otalar kechirimli keladi, yonboshidan joy ko’rsatgan bo’ladi. Bolalikka ayb taqamaydilar.

Bolaligida oti Oltin Su bo’lgan Samarqandning dovruqli o’g’li Mug’upta hali Zardo’sht nomini olmasidan, oq tuyaga minmasidan oldin Mug’ tog’idan tushib kelgandagi ilk tavallosini qabul etgan Zarafshon ne bir afsonalarni faqatgina o’zi bilishidan pismayib, o’ng tirsagini yerga, kaftini iyagiga tirab, irmog’lari, aymoqlari Shunqor, Oyqor, Mug’dan ham balanddan boshlanadigan xilqatlarga ko’z tikib, yonboshlagancha taltayadi. Yuguruk erka yel sho’xlik qilib etagini ko’tarib qochadi. Qismatga xushnud ahli behisht qiroatida qo’shiq aytib jo’naydi. «Qadr ma’lum, jins ma’lum, ajal ma’lum…»

Sarkash Iskandar shaharni kunpayakun etib, otasining dovruqli saroyi zallarini bezagan qirmizi marmarlar Afrosiyob ko’chalariga oddiy tosh o’rnida to’shalganidan g’ashi kelgani, ensasi qotganini, devorlardagi suratlarga mahliyo bo’lgani, malika Rassanoga uylanish to’yiga tayyorgarlik ko’rilayotgani haqidagi suratni havasga chizdirganini kimgadir aytgisi, Iskandar va Ruxshona sevgisi tug’ilgan tepalikni ishonimli odamga ko’rsatgisi keladi. Muhabbat bodasidan kayfi sahbo tortgan, Yer yuzi jannati otliq Samarqand va sevishganlar jannati atalmish Rimning dardlari dunyoga sig’maydi. Hayrati had bilmas katta sevgilar, sevishganlar surati ham. Jahongir va Malika suratlari Vatikan yerto’lasida ko’kragini zaxga berib yotganini shamol xabar bergan, mug’tan ularni birda borib ko’rgan. Birovga aytguligi yo’q. Asl suratlar Rimda, yoziqlar Samarqandda bo’larmish. Buni kim aytganini aytib bo’lmaydi.

Afrosiyob mingtepasini shaxmat taxtasi hisoblagan qarg’alar fil suyagidan yasalgan qachonlardir shohlar ko’targan, jahongirlardan qolgan donalarni, otlarni suradilar. Shaxmat taxtasi kataklari biri oq, biri qora bo’ldi. Qarg’alarni-da biri oq, biri qora bo’ladi. Raqiblar oqshomdan qorashomgacha o’yin ustida. Mozori Shoh zinalari yoqalab, bir balo qilib tashqariga chiqqan hazorispand, ehtiyoti shart isiriq solgan bo’ladi. Bir qulog’i suhbatda. Gap-so’z bir vaqtlar Beruniy va Sino boshlagan, oradan ming yil o’tib Eynshteyn va Born deganlar davom ettirgan suhbatni sudrashdek tuyuladi.

— Men senga aytsam Qorakalla, aqldan tashqaridagi narsani o’zi yo’q narsa. Borliq aqlda makon topadi, deydi bo’yniga «Ezop» deb yozilgan taxtachani osib olgan va har zamon joyida turibdimi degancha ushlab-ushlab qo’yayotgan Ola qarg’a.

— Bor aqlda aql bo’lsa. Borsan bor, yo’qsan yo’q. Ko’chding o’chding.
— Ha, endi maydalashma. Odamlar, umuman jonliqlar xayolini hisob- kitob qilib bo’lmaydi. Faqat ortidan ergashish, oldindagi, yon-verdagi ko’rguligu ko’rinishlardan keragini olgan ma’qul ko’rinadi, deydi Ola qarg’a shlyapasi qasirg’asiga qachondir kirib qolgan va bolalagan sichqonni chap oyog’i bilan olib irg’itib tashlar ekan, sichqonchalar tum-taraqay qochadilar. Oyog’i yerga tegishi bilan birinchi qilayotgan ishlari qochish va kovak, teshik axtarish bo’ladi. Birov o’rgatmasa ham. Keraksizidan qutilish lozim yoki bulardek qochish kerak, deydi shoshgandan qanotlarini bir silkib sichqonchalarga yo’l berarkan, so’zida davom etib Ola qarg’a. Hamma balo nafsni qondirish harakati, hirslarini uyalmay-netmay mehr deb bilishlarida. Mehr bilan manfaat, hirsni ayrit qilishni istamasliklarida.

— Ol-a, Ola. Gap Aql va Makon haqida edi. Aqlning makoni va makonlarning Aql maydoniga sig’ishi, o’zga, turfa olamlar haqida edi. Har doim olib qochasan. Gapim ham qochib ketdi. Shoh.

— Ma’lum aqllar ma’lum makonda qadr topadilar. Qochdim.
— Ma’lum makonning ma’lum davrini yana unutding. Shoh.
— Osmonu zaminda narsalar bari, odamning fikridan emas tashqari, deyishgan. Qochdim.
— Aql va ruh xotir istasa quvib yetmas makon bo’lmas. O’tganiniyam, kelariniyam nazarda tutayapman. Shoh.
— O’zga olamlarga ola qanotu qora qanot bilan yetib bo’lmas. Farzin.
— Aql arig’idan tashqaridagi ariqlardan suv ichmagandan keyin qiyin-da. Otni eshakday yurmaydilar.
— Ko’rmay qobman. Ko’z ketibdi.
— Po’stakni yirtig’ini ko’z demaydilar.
— Itdan bir suyak qarz shohlar ohini eshityapsanmi?

— Bu so’rov Qoravoy, bu so’rov. Bitovlar so’rovi. Bitov ko’z so’rovi. Ohdan boshlanib tugamaydigan va ochilishi dargumon ko’zlar so’rovi Qoravoy.

Shoxni mot qilish payida qarg’alar ham ko’z cho’qishga tayyor ko’rinadi. Oq qarg’aga taxtadagi donalarning bari oq ko’rinadi. Qorasiga qora. Bir-birini ko’rlikda ayblab, toshlarni teng surishadi.

Tovus qadim qal’a devori yorig’idan ilonday ovoz chiqarib keldi. Odamday keladigan toshbaqa toshini teskari kiyib chiqdi. Qo’llari kunni issig’i urgan kesakdek to’kilib ketar ko’rindi. Toshi kitob ko’rindi. Kitobda yoziq. Yoziqni adog’i ko’rinmaydi:

Elim budun erdi,
Elim endi qani?
Botirli budun erdi,
Botirlari qani?…
Alp Er To’nga o’ldimu?…

Yaqin oradagi eski shamol yo’lini tusmollab bo’ynini cho’zdi. Burni jimirildi. Yuzaga qaytganini aniq his etgandan keyingina irindi. Kulguni eshitgan ariq suvi shoshgandan bir to’xtab oldi.

XAYOL OTINING UYG’ONISHI

Yelkasi tirishgan Qari Olov shashti so’nib borayotganini ko’kayidan o’tkazdi. Beixtiyor Afrosiyob devori ustida o’zini ko’rdi. Pastga qaragandi, boshi aylandi. Devor ustida borarkan, kimdir qarab turgandek, ilkisdan o’ziga-o’zi askarlar qo’lidagi lov-lovdek ko’ringisi keldi. O’xshamadi. Avval o’ksindi, keyin ko’ngli aynidi. Sezdi. Shunda, shundoqqina ko’z o’ngida, birdaniga jikkakgina cho’g’ cho’g’langanni ko’rib, cho’lda suv topgandek anqaydi. Mitti cho’g’ g’ayrati, taraddudi boshi qaro tortib yashayotgan, yonayotgani, tirikligini o’zidan boshqa bilmayotgan keksa vujud vujurini qo’zg’adi. Dunyoga o’t qo’ygudek g’ayrat bilan tovlanayotgan cho’g’ni uzoq va yana uzoq tomosha qildi. Shashtini sezdi. Hidini oldi. Hidlab-hidlab dimog’ini chog’lab, ko’ngligini yoshartirdi.

Ko’ngillar ko’kda ko’karishini, ko’ngilni ko’kka bermaklikni, qoraga botirmaslikni kimdir qulog’iga shivirlagan bo’ldi. Ko’ngli suvsadi. Ko’ngli suv ichdi. Ko’ngli suv bo’ldi. Ko’nglida sel ko’chdi. Dili xun boyladi. Xotiriga Shoh Bobur Oshiqonda askarlari qasosiga Kal Qoshuq va Jomaboflarni jazolagan kun gurillab keldi. Mirzoga qo’shilib ketgan shon-shavkat, Samarqandda yarimta g’ishtni tikka qilolmaganlik, ustma-ust qo’yolmaganlik armon-anduhi chuqur oh tortdi.

Alisherbek yashagan Ulug’bek madrasasining hujrasida sixtadi. Galategirmonsoy osmonida tug’ilganidan buyon muallaq turgan ena tandir nonining ming-ming yillik ta’mi va hidi o’zgarmaganini, o’zini yo’qotmaganini aqli tanimasa-da, sezimi sezdi. Qadimda, qo’rda ko’moch pishirganda, har kim o’z ko’mochiga kul tortmagan vaqtlarda, pishirishga qo’ygan har bir ega o’z nonini ustiga otini yozishini yoki qavm belgisini qo’yishini naqd esladi. Rimliklar ham qoravoy pishirganda xuddi shunday qilishini shamol birda kelib aytganini-da ilg’adi.

Boshlanishda, Bedona qo’rig’ida Qorasuv atog’liq, keyin Siyob ataladigan ariqqa qo’shilib oqdi. Oqib-oqib, kelib Hazrati Doniyor marqadiga bosh urdi-da, dunyoga langar bo’lgudek qabrga qorovullik qilayotgan, asrlar nevaralikkayam o’tmaydigan buta shoxlariga o’z oyoq-qo’llarini o’zi bog’ladi. Bo’shab ketuvdi shamolga bog’latdi. Yig’lari shiddatini eshitmasa-da, ikki chekkasidan shirg’irayotgan yoshdan bildi. Shu asnoda tong otish, kun botish barchasini yeldek yeb ketganini, quvonchlar qochib, qayg’ular toshgan kunlarni eslayverishdan naf yo’qligini, Samarqand otidan g’isht ustiga g’isht qo’yish, daraxt ko’kartirish har kimgayam nasib etavermasligini ich-ichdan angladi. Yozig’larniyam. Sutdan qimizga aylanar asrlar kelayotganidan bo’ronlar belgi berdi… tiriklik ruhi qadri, qimirlagan hayot qimmati, issiq-sovug’ini seza boshladi. Ayniqsa, hamishagi dovdir shamol kelib o’zini urib o’tganda shoshib qoldi. Lap etib yondi. Bu yonish, g’ayrat, lovullash, alanga, o’tu nafas tanish ko’rindi. Birda bir boshidan o’tgandek ko’rindi. Kashmiri o’xshab-o’xshab ketdi. Ko’ngli xijil tortdi. G’ashlandi. O’ziga o’zi g’ashiqdi. Keyin qon qaynadi. Qon tortdi. Tortgandayam uzib-uzib tortdi. O’lik-tirik tomirlarni bir qilib tortdi. Og’rig’i yomon keldi. Og’riq og’ir keldi. Uvol bo’layotgan umrdek uvullatib keldi. Dardini yoyishga, sergitishga shamol, osmoqqa dor qidirdi. Kun qisdi. Yutardek keldi. O’z dardiga o’zi yondi.

Davrlarning davronxonalari yo’liga zina bo’lgan qabrlarga zambil qadamlarini bitta-bitta qo’yarkan borgan sari yurishi yengil tortayotganini, yelkasiga mingan ming botmon-ming botmon yuk lahza sayin tark etayotganini sezdi… yo’lma-yo’l lippillab, bir o’chib, bir yonib borarkan, hushini yig’ishtirga tirishdi. Qalb yaxshi so’zlar bilangina ilishi, isishi, yonishi, guvullashi, yer ustidagilar bir-biriga shunday so’zlarni aytmay qo’yganidan sovuqqina bo’lib borayotganliklarini favqulodda angladi. O’zini nima sovutgani, nima rangini o’chirganini topishga qanchalik harakat qilmasin, qalovini topolmadi. Birdaniga beklik, egalik uyni chirog’iday parillab yongisi, bekalik tosho’choqda qoradan-qora ko’moch pishirgisi keldi. Egalik uyning chirog’i boshqacha yonishi ko’z oldida porilladi. Ayniqsa, egalik chiroqda yonish zavqini tuyganida yana imoratlar yoziqlarida yaltillab yonishini, o’qishga yuguruklagan ko’zlarga quvvat bo’lishini qo’msaganda, azbaroyi hayrati haddin oshdi. Ko’ngli suvsadi. Suv yondi… Shunda…siniq ruhida eski vaqtlar siniq qozon atrofida rizq umidida past-baland, katta-kichik bo’lib tizilishgan chora-toltavoqlar qatorlashgan kun lap etib ko’rindi. Kimdir katta o’qlov bilan boshiga bir urgandek bo’ldi. Favqulodda o’zining bir vaqtlar Samarqandning otashxonasida gurillagan gulxan, Olov uyida otash, tosho’choqlarga qo’r bo’lganligini, qozonlarni qo’y boqtirgani, ne bir o’t og’alari kaftlariga ko’targanini, tutuntiriqqa berganligini, darveshonalarda pilik, xosu om kulbasiga issiq bo’lgani, Afrosiyobning necha turlik chiroqlariga parvona yiqqani, ne bir kitoblar yozig’ida boshida turganini, to’rt ulusning chirog’i bo’lganini, qahratonlarda tirikligiga sherik, yaxshi-yomonda kerak, o’rni davralar to’rida, qo’rida, qorong’u tundagi oyday sog’inchli bo’lganligini eslar ekan, o’lsa ko’mari yo’qligi esiga tushgan eski g’ardek bo’shashdi. Hech bir holatda qo’lini tushurmaslik, yonga tashlamaslik, hatto yangi o’liklar ham qo’lini qo’yarga joy topa olishini, yonga tashlamasligini ming bora guvohi bo’lganini esladi. Tiriklar vaqti kelsa o’likdan ham ibrat olishi lozimligini, mayit eng ulug’, eng so’nggi saboq, ko’rgazmali qurol ekanligini qoshu qovog’i o’rtasiga birov yozib-chizib ketgandek bo’ldi. Ro’zg’or o’choq bilan, o’choqdagi qo’r atrofidagi qur bilan qut bo’lishiga, qutli, qo’rli o’choqqa hech narsa yetmasligini, izlaganini topgandek iqror bo’ldi. Hatto qaysidir davronlarda oti Qo’ro’t, Qo’rqut bo’lganini ko’ksi aytgandegu, ko’kayi ko’nmaganiga, kimdir ikki tarsaki qo’yib ketgandek, yo’q, gapirmay o’yadigan qattiqqo’l turk mashoyixlariday yer suyatib, bir qarab ketgandek bo’ldi. Olov chiroq axtardi. Tutashga, o’chishga haqqi yo’qligini anglar ekan, turish-turmushi titrab ketdi. Entikdi. Etaklarini yig’ishtiradi…

Cho’g’ni o’t olishiga yordam bergan bo’ldi. Sho’r bosgan yoziqlar ko’zini ochishi, qadimiy so’zlarni uyg’otishini ko’ngliga solgandek bo’ldi. Shamol yoziqlarini, tosh yoziqlarini, Samarqand yoziqlarini bolakayga qo’shilib o’qidi. O’qitdi. Ko’ziga nur bo’ldi. Imoratlardagi bitiklarni bosgan qurumlarni ko’chirib, jatmalarni kuydirib, tozalashga kirishdi. Tiriklikdan qarzini uzish lozimligini angladi.

To’ng’ichiga Kun, o’rtanchasiga Oy, kenjasiga Yulduz otini qo’yganini, ergashgan, izbosar inilari Ko’k, Tog’, Tengiz atalgan vaqtu soatni-da aniq esladi. Ularga atalgan qo’shiqlarniyam:

«Kun, Oy, Yulduz! Tong sari senlar boring,
Ko’k, Tog’, Tengiz! Tun sari senlar boring!»

Ko’k -qo’rg’on, Quyosh — tug’ bo’lgan davrlar shamoli yodi, xayollar ohangi esdan og’diradi.

Sezimlar uyg’onib o’rmalaganini, chok-chokidan qaqragan, so’kilgan choklar ko’klayotganini, ko’klanayotganini ko’ngli tuydi. Unuttirilgan qo’shiqlar hayo-huyi, quvg’in etilgan o’zlik vajohati, Afrosiyob ko’chalarida xoqonlar ovozi yurgan, daraxtlar gullagan va meva tukkan, olib qochilgan qizlar tug’dirilgan, ko’cha toshlariga kunduz quyosh, oqshom oy o’zini solib ko’rgan davronlar, Turon atog’liq vaqtlarda otalar otini eshitganda po’lat tog’lar suv bo’lib erib ketgan, dushmanlig’ zoti tiriklay, eson-omon bosh yelkada tiz cho’kishga ulgurganiga shukr qiladigan shukuh sirlarini bilishini bildirgisi keldi. Qo’l berdi. Ko’ksida qo’rg’oshindek botgan zanglarni jarillatib kuydirib ko’chirdi. Bolakay o’qishi lozimligidan o’zgani o’ylamadi. Ko’ngildan tilga keltirish yuki bosdi. Qalamni boshini yemoq so’rovi bosdi. Tosh bostirilgan, muzlatilgan xotiralar, ulkan qoyalar, sag’analar yoziqlarini yopish uchun urilgan parchinlar ushlovsiz, xom loy shuvoqdek palaxsa-palaxsa ko’chib, uzilib tusha boshlaganini, bitiklarga ko’zi yeta boshlaganini his etdi. Hozirgilar biladigan uch jahongirni dovu dovrug’iniyam yakka shu shahar ko’rganligini, ikkisi-Iskandar va Chingiz buzmoqqa, birginasi tuzmoqqa kelganini birga ko’rganligi, ularni davralarida bo’lganligini-da esladi. Sarhalqa Hamadoniy qo’sh qanotday bir yonida yassilik, bir qavatida muliyonlik o’spirinlarni olib, hozir o’zi makon tutgan boshpanasida hayot tomchilarini tanish saboqlarini o’tganini, bu tuproqda izlarining isi, peshonalarining izi qolganini yeru ko’kka bildirgisi keldi. Bir vaqtlar og’iz ochmay kulmak, ko’z ochmay jahonni ko’rmak, o’tirgan o’rnida dunyoni aylanib kelish, qimirlamay dunyolararo kezishni-da guvohi bo’lgandi. Xayol ham vujudni beshiktebratarday tebratishidan tuyundi. Umr do’mbirasi, doirasi zarbini, xayollar ohangi, xayollar zarbini zarbul qadim usulidan avji turkka o’tkazmasa, o’tmasa bo’lmasligini angladi. O’zini o’zi topmasa el topmasligini bildi. Cho’g’dan sachragan uchqun xayolini to’lqinlantirdi. Yurakkinasi shoshildi. Shodlandi. Ko’ngilginasi ko’tarildi. Ko’zginasi yoshlandi. Uzoq taradduddan keyin xayolida gulxan yoqdi. Gulxan varaqlarida idrok hech qachon quvg’in bo’lmasligini o’qidi. Avvalda, osmondan tushganligi osmondan tushganday esiga tushdi. Chaqmoqqa qo’shilib kelganini suholar aytgan bo’ldi. Shunda, Onaqut, Onahut, Anaxit, Momoguldiraklar birga-birga osmonni nog’ora qilib chaldilar. Momoqaldiroq qahqahasi olamni tutdi. Chaqmoqlar chaqmoqday qo’zg’alishdi. Azot-azot, qarsillatib-qarsillatib qilich soldilar. Qora chodir yopinganiniyam, boshqasiniyam ayamadi. Chok-chokidan qaqratdi. Qo’sh chaqmoq kelib ikki ko’z o’rtasiga urdi. Ko’zlar ochilgandek bo’ldi. Ko’zlar cho’g’landi. Xayollar cho’g’landi. Ko’ksidan avval qora tutun chiqdi, keyin ko’klandi. Ko’karib o’rladi. Hurillab bir shamol keldi. Kunlardan so’ng, kechalardan so’ng vaqt bo’lganini yozg’irib ketdi. Aksa urdi. Qo’shilishib g’uborlar chiqib ketgandek bo’ldi. Bahridili ochilgandek bo’ldi. Nafas olish osonlashdi. Yoqani qo’yvordi. Quvvati, dami orta borayotganini yon-verdagi xas-xashaklar etak tortib qolganlaridan sezgandek bo’ldi… G’ayrat qildi. Egasi bor o’choqdagi olovday guvullamoq istadi. Guvulladi. Naqd Afrosiyobning eng baland tepaligida, yo’q, osmonida chiroq yoqdi. Chiroq chiroqlarni yoqdi. Chiroqlar tomoshasiga yetmish qavat go’ristonning bosh chanoqlari og’zi ochilib chiqdilar. Qanshari o’yilib tushgan, jag’ini yer yeb qo’ygan, peshonasidan qurt mo’ralaganlar ham qatorda ko’rindi. Chanog’idan ayrilgan jag’lar ham. Ko’rarko’zga ehtiyoji bo’lmagan kallamushlar ham rizq terib ketdi.

Olov gurilladi. Otachiroq, Onao’choq o’z o’rniga qaytganini yonoqlari yonib, ko’zlari porlab jar soldi. Katta otashlarga alanga bo’lmoqlikni, quvonchlar sachrab atrofga sochilishini, odamlar kaftlariga olgancha uylari tomon ko’tarib yuguruklashlarini, quvonishlarini sog’indi. Cho’g’ ko’zida o’zini ko’rgandek bo’ldi. O’zini tanidi. Yonmoqqa ilhaq yog’ochlarning qovurg’alarini qarsillatib doshqozonlar qaynatishni, belanib-belanib, buralib-buralib, tovlanib-tovlanib yongisi keldi. Shu’lasi qozon boshiga egilgan oqdan — oq bo’ysiralarning yoqalaridan mo’ralamoq, yonoqlarida yonmoq, yenglaridan kirmoq, ko’ksilarida yal-yallab bosh qo’ymoq, soyasi ko’rinmas turna bo’yli qizlarning bo’yi barovar bo’lib yo’llarida yotmoq, ko’zlarida chulg’anmoq, lablarida kuymoq zavqini tuydi. Tillarida tutab ketgisi keldi. Xayollardan xuzur topdi. Huzurlandi. Makkacha qilig’li, madinacha nafis, bobilcha lutfli hurlarning kulgilari quloqlari ostida qadimgidek jarangladi. Qo’shilishib jon ham kirgandek bo’ldi. Jon qo’shilib toshgandek bo’ldi. Beo’ylik o’yilib tushdi. Ilkis noxush umr, nomuloyim tiriklik qoramoxov dudga aylantirgan kunidan orlandi. Nomus qildi. Uyatlandi.

— Yotgan yovga yoqar. Kovlanmagan cho’g’ kul ostida qolib ketaveradi. Qo’ri pastdan tutantiriq olmaydilar,-dedi oxirida o’ziga-o’zi, o’z haroratidan hayratlanib. Shom yegan kun eshitib shoshib qoladi. Shafaq alvon ko’rindi. Ko’ringani osmonlarga urdi. Urgani joyini topdi.

QIRCHA USTIDA

Qaro kunning boshida Katta enasi Samarqand soyasidagi Aliobod qishlog’idan tengqur otadoshlari Sulton Boyqaro, Ijil Mirzo, Said Vaqqos, Suyurtg’atmishni olib ug’ruq bilan Samarqandga jo’naganlarini, o’shanda faqat Ulug’jonga shaharga kirishga ruxsat tegmaganini, oradan to’rt yil o’tib saltanat taxtiga o’tirganda va qirq yil shaharni Katta otasi zamonidagidek yashnatib, oxir-oqibat, o’z bolasi bilan betma-bet lashkar tortgan, yengilib shaharga qaytganida yana shaharga kiritishmagini darhol angladi. Bu safar ishni o’zi otga chiqarganlar ko’rsatdi . O’z o’chog’iga yana qayta begona bo’lganligini, taqdirning takrorlanishini kulib qarshi oldi, qismat shamolini tanidi.

Dunyoning eng zo’r olimlarini yig’ib, o’zi otiga, nomiga soldirgan madrasada mudarris tayinlash uchun qilgan mashvarati, unda yuzga yaqin talabgorlar fikr bildirganliklari, Muhammad Xavofiy otliq notanish olimning ma’ruzasi, gap-so’zini Qozizoda Rumiy ikkisidan o’zga tushunmaganligini, o’rtaga g’avg’o oralaganini, Rumiy hazratlari yosh olim fikrini ikki og’izda yetkazganini, yig’ilgan kattayu kichik notanish olimning fikri qaerlarga yetganini, qanday tushunish kerakligini lahzada anglatgan, tan berishganini-da esladi. O’zining ahvolini kim kimga tushuntiradi? Kim qanday tushunadi? Kim kuladi, kim kuyadi? Barini hisobini oldi. Nima bo’lganda ham endi Samarqandni qayta ko’rmasligini-da, Otachirog’i o’chmasligini-da sezdi. Dili kuldi. Ko’z o’ngidan Shohi Zindaga kiraverishida qurdirgan baland peshtoq ketmadi. Uni uzoq Hiriyda yashayotgan o’g’li Abdulatifni sog’inib, uni otidan qurdirgandi.

Ulug’ Jon hamsuhbat topilganidan xursand bo’ldi. Qircha ustidagi, yulduzlar dasturxonga to’kilgan tutdek ko’rinadigan maydonda, biri shohlikdan, biri tutqunlikdan yulduzga aylangan ikki so’nmas olov uzoq turib qolishdi. Uchi yer ostiga kirib ketgan, boshi osmonga yetgan renesass-sekstant marmarlariga so’nggi bor qo’llarini qo’yishib o’tishdi. Ulug’ Olov Ajdar dumidagi Sher burjiga qaradi. Bitikka ko’ndi. Ikkovlarida osmonlarni bezovchi chiroqlarga aylanayotganlarini angladi. Atrofni muhofaza olgancha shaytonlarni talvasaga solib uchayotgan yulduzlar shiddatiga qaradi. Keyin, Zarafshonni yoritgani, undan suv ichgani tushgan yulduzlarga qo’shilib ketishdi. Azim daryo mansura aytib qoldi: «Jayxundan nega o’tding, Abdulatif».

TANDIR HAM QILIQ CHIQARADI

Tandirimiz, odatda og’ziga o’tin tiqilmagan vaqtlarda boshiga non sovutgich katta savatni qiyshiq qo’ndirib, bir cheti uchgan, jiriq labiga tirjayib turadi. Hozir ham shunday turipti. Nasib etsa ertaga qidirgani ketaman. Olovni zo’ridan beti oqarib, qoshiga qo’shib, manglayigayam qora surkagancha yangi qiliq chiqargan tandirimiz kuzatsa kerak. Kelin tandir. Og’zini cho’qqa to’ldirib izimga qarab turuvdi, yuziga suv urilib qulog’idan hovur chiqarkan, halizamon non yopishga tayyor bo’lishini, kulchalar yopib berishini, shoshmay turishimni, kulchasiz qo’yvormasligini, hech qachon hech kimni quruq qaytarmaydigan shaharga quruq, xo’shshayib bormaslikni tili tanglayiga yopishib, nafasi tiqilib tayinladi. Saharda avtobusga chiqaman. Bu borishim ikkinchisi. Birinchi sinfdaligimdayam borganman. Sariq «Paz»ik odatdagidek eskisi bilan qadim shahar o’rtasidagi Qorabotirni go’ridek ko’rinadigan osma temir ko’prik yelkasidagi kaptarxonada to’xtaydi. Avtobuschiga hozir kelaman deyman-da, to’g’ri qadim tanish, shaharni qoshidek ko’rinadigan, uzoqqa ketgan bolasi yo’liga qaragan otadek bir kafti hamisha peshonasidagi Hazrati Xizrga boraman. Ayvoniga chiqaman. Oyqortog’ ko’rinadi. Oq sallasi pechini hilpiratib hamishagidek himo bergan bo’ladi. Qo’l ko’tarib yetib olganimni bildirgan bo’laman. Shunda doim ilhaq tog’, bilarini birovga aytmaydigan tosh, eng toza tushlarni eshitgan bo’lsa-da, o’rguligu ko’rgiligini ko’ringanga ko’rmana qilmaydigan suv, har joyda xozir, har narsani biladigan, odamni ichigayam kirib chiqadigan shamol, asl askarlardek sodiq archalar, barcha-barchasi har bir odamning kelishiga minglab yillar ko’z tikishlari, tikkanlari sezimdan o’tadi. Ayniqsa, Olaparning yig’lab bo’lgan qip-qizil ko’zlari shunday degandek bo’laveradi. Enamni gaplari esimdan chiqib ketmasligi uchun takrorlab qo’yaman. Ko’zimga hamma Samarqand bo’lib ko’rinadi. Men hammani yaxshi ko’raman! Samarqandni hammadan yaxshi ko’raman! Ammam kutib olsalar kerak. O’smat Otaga kelganlarida har bir daraxtni oldiga borib, so’rashib, otajon-enajonlab shoxlaridan olib, tozalab, dastalangan novdalar bilan Obirahmat yoqasiga o’tkazib qo’yib yaxshilab qoqib qo’ysalar kerak. Enam bergan surpni burda-burda qilib, bir uchidan yoqib, so’ngra ilonday o’rlagan olovni boshimdan parillatib aylantiradilar ham. Birinchi o’zlari, ikkinchi menga tuflatib suvga tashlaydilar. Suvni haqi emish. Yoziqsiz toza qog’ozni yoqib kulini yelga sochadilar. Shamol guvoh emish. Yoziqliq qog’ozni, yoziqni yoqib ham bo’lmasmish, ko’mib ham. Boshimni kaftlari orasiga olib: «Chiqmasang sanga nag’lat, chiqarmasam manga nag’lat», degancha g’azovot qiladilar. Quloqlarni tortib g’irtillatganlari yomon-da, og’riydi. Obirahmat suvidan betimga sochar ekanlar, orqangizga qaramay, qo’rqmay ketavering, men yetib olaman, balajon, deydilar.

Enam aytganday qilib lashkar tuzaman. Bulutdan ot, shamoldan yuganim bo’ladi. Tog’lar himo, yon bergan bo’ladilar. Enam: g’ayrat qiling, balajon,- deganlar. Nafs bandasi qo’rqqilikka arzimaydi. Qirqiga bir kesak. Ha, deng, balajon. Shamolingizga man sadaqaman…

Yelkam osha tog’lar, otalar nigohi, dimog’im enamni hidiga to’lgancha Samarqandni, yo’q, Afrosiyobni, yo’q, Otachirog’ni ko’raman. Yosh tirqirab jo’naydi. Etagimda adog’i ko’rinmaydigan bulutlar soqolini silkillatib kelayotganini xayol qilaman. Oq bulut oq otday, ko’k bulut ko’k otday ko’rinadi. Xayollarim suvratini bulutlardan yasab ko’rsatishlarini tomosha qilgan bo’laman. Bir qush ortimdan haqlab zorlangancha ergashadi. Zarafshon quchoq ochib jilmayadi. Suvdan bosh ko’targan quyosh avval peshvoz chiqadi, keyin tanishdek kuladi. Biz salomlashamiz.Enam: tushdan ziyodi xayolda bo’ladi, xayolga kelgan narsa bor narsa, xayolga ehtiyot bo’ling, odam xayol bilan tirik, yigit odam orqasiga qaramaydi, balajon,-deganlar. Uyg’onib ketaman. Enamning ertagu matallari, o’qiganlarim, o’ngu tushim chalkashib ketdi. Xayollarim ham. Kechirasiz. Nasib bo’lsa, katta bo’lsam ayrit qilib, boshqavotdan aytib beraman. G’ov labidagi supani supurib-sidirtirayotganlari, to’shanchi soldirayotganlariga qaraganda qidirib kelgunimcha yo’l qarab turadilar-ov. Matallarini sog’insam kerak. Hidlariniyam. Ayniqsa, Samarqand va Oymomo haqidagisini. U shunday boshlanadi: «Oy sovug’i hurillab keladi. Qor uchqunlari tog’ boshiga oyday qilib oy rasmini soladilar. Shundan Oyqor atog’liq bo’ladi. Oy Oyqorni pana qilib Samarqandga qaraydi. Yaqin borsa opa-singillardek urishib qolishadi. Kim chiroyli deb. Yulduzlar qatorlashib belgi bergan bo’ladilar. Ishini qilib bo’lganlari qismatu qarg’ish toshlariga do’nadilar. Samarqand hovuzida hurlar soch yozib suhbat quradilar. Yuzlari kunga, sochlari tunga ulangan bo’ladi. Chiroylaridan oy husn olganmish. Husnlarini Samarqandga solishtirishdan uyalarmish. Sulaymon piroqiday yetib kelgan shamol o’rtada gap yetkazib, borib-keb turadi. Chaqmoq xat-qalam yuritadi. Ko’chaga devona shamol ega chiqib supirgan, qora bulut suv urgan bo’ladi. Sozandalar boshlig’i Cho’lpon yulduz cholg’usini qo’liga oladi. Osmon kuyga to’ladi. Qo’shiqqa toshadi. Samarqand qo’shig’iga. Har zamon-har zamon tanish axtarib, ko’z qisib qo’yadi…»

Ana shu joylari zo’r-da. Eshitganingdan keyin qo’shilishib ketging keladi. Qo’shig’ini nasib etsa yanagi safar aytib berarman. Afrosiyob ko’ksimdan joy qidirgandek bo’laveradi. Ko’ksimga sig’may ketayapti…

Endi odamlar: «Ish qanday?»-deyishsa, «Samar qandday», deyman. Samarqandga Samarqandday kirib boradilar. Bularni o’zim o’ylab topganman. Siz ham shunday deyishingiz, shunday qilishingiz mumkin. Ko’nglingiz ko’tarsa, albatta.

2010 yil. Toshkent

045

(Tashriflar: umumiy 489, bugungi 1)

Izoh qoldiring