Sattor Tursun. Qazo

005    Куз охирлашиб бораётганида… Дарахтлар сўнгги заъфарон баргларини ерга тўшаётганида… Бўм-бўш даштлару хилват боғлар очкўз зоғлар билан тўлаётганида… Шу вақт… У ўлим нафасини эшитди.

Саттор ТУРСУН
ҚАЗО
Тожик тилидан Омонбой Жуманов таржимаси.
009

012    Саттор Турсун 1946 йил 15 февралда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги Посурхи қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Ўрта мактабдан кейин Тожикистон давлат университети шарқшунослик факультетининг араб тили ва адабиёти бўлимида таҳсил олган. Адибнинг “Дили гарм” («Қайноқ қалб»), “Сукути қуллаҳо” (Чўққилар сукути»), “Камони Рустам” («Рустам камони»), “Аз субҳ то шом” («Тонгдан шомгача») , “Барф ҳам мегузарад” («Қор ҳам ўтиб кетади»), “Дувоздаҳ ҳикоя” («Ўн икки ҳикоя»), “Се рӯзи як баҳор” (Бир баҳорнинг уч куни») ва бошқа ҳикоялар, қиссалардан иборат тўпламлари нашр этилган. Абу Абдуллоҳ Рўдакий номидаги Тожикистон давлат мукофоти соҳиби. 1998 йили «Тожикистон халқ ёзувчиси» унвони билан тақдирланган. Асарлари бир неча тилларга, шу жумладан, ўзбек тилига таржима қилинган.

009

007Куз охирлашиб бораётганида…

Дарахтлар сўнгги заъфарон баргларини ерга тўшаётганида…

Бўм-бўш даштлару хилват боғлар очкўз зоғлар билан тўлаётганида…

Шу вақт…

У ўлим нафасини эшитди.

Бу наҳс дам болиши бошидан келарди.
Бир кунмас-бир кун ҳамма ҳам ўлади. Ўлимдан қўрқмаслик керак. Зеро, ҳеч ким абадий яшамайди.
Лекин бемор бўлиб, қимирламасдан, кўрпача ичида узундан-узоқ кутиш…

Бу, албатта, яхши эмас.
Бу – азобу алам!

Мўйсафид, ҳақиқатан ҳам, азият панжасида эди. Қарийб ҳушдан кетиб, гоҳо бошқа бегона олам зулматига ғарқ бўлса, бошқа бир пайт…

Сарсон тараша мисол гирдоб халқасида.
Гўё бир қаттиқ туртки-ла ундан чиқарди.

Бегона олам ажойиб ва айни замонда азобу уқубатга тўла, лиммо-лим эди. Яна қайтиб, унинг зулматига тушмаслик учун мўйсафид, фақат ўз кўзларидан мадад истарди. Шунинг учун ўша хира нигоҳини худди сувга ташна одам нигоҳларидек… Шифт чироғидан узмасди. Борди-ю мижжа қоқса, дарҳол ўша нотаниш олам тубсиз жарига қулаётгандай қўрқарди.

Ундан нарироқда ўғилу қизи ухлаяпти, узун кечалар мўйсафиднинг бошида киприк қоқмай ўтириб чарчашган.
Мадорлари қуриган.

Гарчи кўз киприклари оғир, жуда оғир бўлса-да, у ҳам томиру пайларини ишга солиб, чироқдан кўз узмасди. Ўлимга тан бермасди.

Одамлар…

Эгниларида мотам тўнлари.
Қўлларида асо.
Гўр оғзига тикилашади.

Кейин ўгирилиб чолга назар ташлашади. Ва зудлик билан ғойиб бўлишади.

Уларнинг ўрнида фақат… кўзларигина қолади. Кўп, кўпгина кўзлар…

Худди мўру малахдек ҳар деразадан касал томон сакрашиб, унинг пешонасини сийпалашади, бадани бирданига совуйди…

Мўйсафид қўрқиб, азоб билан кўз очди. Қўлини бўйнига олиб борди ва унинг йўғон томирини қаттиқ титраётган кўрсаткич бармоғининг учи билан босди.

Ва кўнглидан ўтказди, унинг ориқ қилтириқдек бўйни ҳозир елкасидан жудо бўлади.

Демак Азроил келибди.

Мўйсафид ана шундай ўй-фикрлар билан банд бўлиб турганда чироқ нури кўз олдидан сирғалди.

Гўё асло бўлмагандай.

… Ва у текис, кенг ва чанқоқ бир даштни кўрди. У сув дерди, сув талаб қиларди. Ёндирувчи қуёш остида титраб, кўм-кўк ҳолсиз майсаларни ютиб юборишни истарди. Улар танасидаги сувдан… кам қолган бўлса ҳам, бир оз жон олмоқ бўларди.

Мўйсафид ер ҳайдарди. Аммо ташналик босимидан ҳалқуми шу даражада қурибдики, ҳолдан кетиб, қўллари омоч дастасини тута олмайди. Ҳўкизларнинг ҳам бу оғир дард юкидан қимирлашга мадори йўқ. Тумшуқларини ерга суртиб, унинг рутубларини ҳидлашади ва шу билан гўё чанқоқларини қондирмоқчи бўлишарди. Унинг сабри тугаб, бошқа тоқат қилолмай, омоч дастасини беихтиёр қўйиб юборди-ю…

Дашт ўртасида…

Шудгор устига йиқилади.

Ва дашт уни куйдириб, кулга айлантиради.

… Чироқ нури мўйсафидни беҳушликдан, ажиб ва нотаниш олам гирдобидан ташқарига олиб чиқди.

«Мен у даштда неча бор ташналикдан ўлган эдим. Худои Карим унутмагандир!»

Аммо у яна ҳушидан кетди.

…Она ўша вайрона кулба бурчагида ўтирибди. Тиззаси бошида бир парча оқ мато, қўлида игна-ю ип. Пичирлаб қўшиқ куйлайди. Ва ўша ғамгин қўшиқ уй фазоси узра ёйилиб, то мўйсафиднинг қулоғигача етди. Болалик айёмида она фақат унинг учун куйлаган қўшиқ.

Мўйсафид йиғлайди, ўксик кўнгли аччиқ изтиробда, аччиқ…

Кафти билан шашқатор ёшларини артади.

Дилафгор она…

Унинг қўшиғи ўғил қалбининг туб-тубигача йўл очади. Ва беморнинг барча дарди ҳам қўшиқ бирла йиғлаб, кўз ёшларига ғарқ бўлади.
Мана, она эшик томон бормоқда.

Ва мўйсафиднинг тилкаланган қалбидан макон топган азоб-уқубат ўша андуҳ тўла қўшиқ-ла, эшикдан ташқарига чиқади.

Шифт чироғи яна равшанлик беради.

«Онам у дунёдан келиб, менинг ўлимимга – нобоп фарзандига … йиғламоқ истайди…»

Мўйсафиднинг оёқларига совуқлик югурарди.

Оғрирди оёқлари…

У яна бир кўрпа ёпинишни истарди.. Аммо кўзларининг оғир киприклари қайтадан ўзаро бирлашди.

…Мўйсафиднинг қулоғига гурзининг тошга урилган овози эшитилди. Ва тош майда-майда бўлиб, унинг парчалари кўрпалари узра сочилди. Бошининг неча жойи ёрилиб…

Юзига,

Болишига қон қуйилади.

Бор-йўғи – тўрт-беш тиши
Синиб…
Оғзидан тушади…
Ориқ кўксига тўкилади.

… Чол кўз очди.
Кўзлар ўз хонасидан сачраб чиққанди.
Қўрқинчли эди!

«Онамнинг мозорига, албатта, мармар тош қўяман деб ният қилгандим. Аммо йиллар ўтди, юпқақўллик имкон бермади.
Ё меҳрсиз эдимми?

Худоё Худовандо, гуноҳимни кечир. Сен, ахир, Раҳим-ку!»

Шуни айтди-ю яна зулмат гирдобига йиқилди.

… Тепаликдан бошига минглаб бошоқ буғдой тўкишади.
Гоҳо боғ-боғ…

Тўкишади, уни кўмишади.

Бошоқнинг ўткир қилтириқлари баданини тирнарди.

Оғзига кирарди,
Томоғига…

Ниҳоят, ичкаридан кўкрак қафасига етиб, худди оловда қиздирилган сон-саноқсиз игналар мисол ўпкасини ғалвир қилиб…

Оқибат…

Тўрт томондан захмдор юрагига санчиларди.

… Мўйсафид тамомила нурсиз, хира бўлиб энди ўлаётган кўзларини…

Нечанчи мартадирким…

Очди.

«Қиронбек бир баҳор мен билан бирга қўш ҳайдади. Унга икки қоп буғдой ваъда қилдиму кузда … бермадим. Ҳали ҳозир ўша буғдой мени ўлдиради».

Мўйсафид зўр бериб, овоз чиқармоқчи бўларди. Қизу ўғлини уйғотиб, уларга унинг ўлими олдидан, агар иложини топиша олмаса… гўри чўпидан кейин Қурбонбекка икки қоп буғдой беришни айтмоқчи эди.

Аммо овоз томоғидан ташқарига чиқмайди. Мўйсафид жисмида худди қиздирилган қўрғошиндай тарқалди.

У қора тилини чиқариб, бармоқларини оғзига солди…

Токи овозини тортиб, томоғидан ташқарига чиқармоқ учун…

Аммо жағлари бир-бирига ёпишиб, унинг бармоқларини исканжага олди. Ва кўз-қовоқлари мисли сандиқ қопқоғидай…

Гўё тарақлаб, бир-бирига урилди!

… Хона деразаси очилди. Ва мўйсафиднинг атрофида оқ мато назарга ташланиб, тинмай ҳилпирайди, ўралади, охири йўқ, сўнги йўқ, оқ мато.

Уй оқ матонинг худди чақноқ қуёш нурлари мисол зиёсидан ёришиб кетади.

Кейин мато мўйсафид жисмига ёйилади. Ва аввал оёғини,
Кейин қўлини,
Елкасини…
Ўрайди. Маҳкам ўрайди, аммо бундан у енгил тортади, кейин мато бошига етиб, мўйсафидни майингина эркалайди.

Барча томир пайларини ҳам тасарруфига олиб мулойимгина ёпади. Ва ниҳоят, бўйнига ўралади.

Янада қаттиқроқ…

Худди дарахт япроқларини беозор шитирлатгандай, енгил бир сабо мисол атрофга паст, дилчасп ва айни ҳолда сиру асрорли садо таратиб…

Ўша оқ мато гўё ҳаргиз чеки бўлмаган ипак толасидай мўйсафиднинг бўйнига ўралади.

1988

002

Sattor TURSUN
QAZO
009

 Sattor Tursun 1946 yil 15 fevralda Surxondaryo viloyatining Boysun tumanidagi Posurxi qishlog’ida dehqon oilasida tug’ilgan. O’rta maktabdan keyin Tojikiston davlat universiteti sharqshunoslik fakul`tetining arab tili va adabiyoti bo’limida tahsil olgan. Adibning “Dili garm” («Qaynoq qalb»), “Sukuti qullaho” (Cho’qqilar sukuti»), “Kamoni Rustam” («Rustam kamoni»), “Az subh to shom” («Tongdan shomgacha») , “Barf ham meguzarad” («Qor ham o’tib ketadi»), “Duvozdah hikoya” («O’n ikki hikoya»), “Se r?zi yak bahor” (Bir bahorning uch kuni») va boshqa hikoyalar, qissalardan iborat to’plamlari nashr etilgan. Abu Abdulloh Ro’dakiy nomidagi Tojikiston davlat mukofoti sohibi. 1998 yili «Tojikiston xalq yozuvchisi» unvoni bilan taqdirlangan. Asarlari bir necha tillarga, shu jumladan, o’zbek tiliga tarjima qilingan.

009

007Kuz oxirlashib borayotganida…
Daraxtlar so’nggi za’faron barglarini yerga to’shayotganida…
Bo’m-bo’sh dashtlaru xilvat bog’lar ochko’z zog’lar bilan to’layotganida…
Shu vaqt…
U o’lim nafasini eshitdi.

Bu nahs dam bolishi boshidan kelardi.
Bir kunmas-bir kun hamma ham o’ladi. O’limdan qo’rqmaslik kerak. Zero, hech kim abadiy yashamaydi.
Lekin bemor bo’lib, qimirlamasdan, ko’rpacha ichida uzundan-uzoq kutish…

Bu, albatta, yaxshi emas.
Bu – azobu alam!

Mo’ysafid, haqiqatan ham, aziyat panjasida edi. Qariyb hushdan ketib, goho boshqa begona olam zulmatiga g’arq bo’lsa, boshqa bir payt…
Sarson tarasha misol girdob xalqasida.
Go’yo bir qattiq turtki-la undan chiqardi.

Begona olam ajoyib va ayni zamonda azobu uqubatga to’la, limmo-lim edi. Yana qaytib, uning zulmatiga tushmaslik uchun mo’ysafid, faqat o’z ko’zlaridan madad istardi. Shuning uchun o’sha xira nigohini xuddi suvga tashna odam nigohlaridek… Shift chirog’idan uzmasdi. Bordi-yu mijja qoqsa, darhol o’sha notanish olam tubsiz jariga qulayotganday qo’rqardi.

Undan nariroqda o’g’ilu qizi uxlayapti, uzun kechalar mo’ysafidning boshida kiprik qoqmay o’tirib charchashgan.
Madorlari qurigan.
Garchi ko’z kipriklari og’ir, juda og’ir bo’lsa-da, u ham tomiru paylarini ishga solib, chiroqdan ko’z uzmasdi. O’limga tan bermasdi.

Odamlar…
Egnilarida motam to’nlari.
Qo’llarida aso.
Go’r og’ziga tikilashadi.

Keyin o’girilib cholga nazar tashlashadi. Va zudlik bilan g’oyib bo’lishadi.
Ularning o’rnida faqat… ko’zlarigina qoladi. Ko’p, ko’pgina ko’zlar…
Xuddi mo’rmalaxdek har derazadan kasal tomon sakrashib, uning peshonasini siypalashadi, badani birdaniga sovuydi…

Mo’ysafid qo’rqib, azob bilan ko’z ochdi. Qo’lini bo’yniga olib bordi va uning yo’g’on tomirini qattiq titrayotgan ko’rsatkich barmog’ining uchi bilan bosdi.
Va ko’nglidan o’tkazdi, uning oriq qiltiriqdek bo’yni hozir yelkasidan judo bo’ladi.
Demak Azroil kelibdi.

Mo’ysafid ana shunday o’y-fikrlar bilan band bo’lib turganda chiroq nuri ko’z oldidan sirg’aldi.
Go’yo aslo bo’lmaganday.

… Va u tekis, keng va chanqoq bir dashtni ko’rdi. U suv derdi, suv talab qilardi. Yondiruvchi quyosh ostida titrab, ko’m-ko’k holsiz maysalarni yutib yuborishni istardi. Ular tanasidagi suvdan… kam qolgan bo’lsa ham, bir oz jon olmoq bo’lardi.

Mo’ysafid yer haydardi. Ammo tashnalik bosimidan halqumi shu darajada quribdiki, holdan ketib, qo’llari omoch dastasini tuta olmaydi. Ho’kizlarning ham bu og’ir dard yukidan qimirlashga madori yo’q. Tumshuqlarini yerga surtib, uning rutublarini hidlashadi va shu bilan go’yo chanqoqlarini qondirmoqchi bo’lishardi. Uning sabri tugab, boshqa toqat qilolmay, omoch dastasini beixtiyor qo’yib yubordi-yu…

Dasht o’rtasida…
Shudgor ustiga yiqiladi.
Va dasht uni kuydirib, kulga aylantiradi.

… Chiroq nuri mo’ysafidni behushlikdan, ajib va notanish olam girdobidan tashqariga olib chiqdi.
«Men u dashtda necha bor tashnalikdan o’lgan edim. Xudoi Karim unutmagandir!»
Ammo u yana hushidan ketdi.

…Ona o’sha vayrona kulba burchagida o’tiribdi. Tizzasi boshida bir parcha oq mato, qo’lida igna-yu ip. Pichirlab qo’shiq kuylaydi. Va o’sha g’amgin qo’shiq uy fazosi uzra yoyilib, to mo’ysafidning qulog’igacha yetdi. Bolalik ayyomida ona faqat uning uchun kuylagan qo’shiq.

Mo’ysafid yig’laydi, o’ksik ko’ngli achchiq iztirobda, achchiq…
Kafti bilan shashqator yoshlarini artadi.
Dilafgor ona…

Uning qo’shig’i o’g’il qalbining tub-tubigacha yo’l ochadi. Va bemorning barcha dardi ham qo’shiq birla yig’lab, ko’z yoshlariga g’arq bo’ladi.
Mana, ona eshik tomon bormoqda.

Va mo’ysafidning tilkalangan qalbidan makon topgan azob-uqubat o’sha anduh to’la qo’shiq-la, eshikdan tashqariga chiqadi.

Shift chirog’i yana ravshanlik beradi.

«Onam u dunyodan kelib, mening o’limimga – nobop farzandiga … yig’lamoq istaydi…»

Mo’ysafidning oyoqlariga sovuqlik yugurardi.
Og’rirdi oyoqlari…

U yana bir ko’rpa yopinishni istardi.. Ammo ko’zlarining og’ir kipriklari qaytadan o’zaro birlashdi.
…Mo’ysafidning qulog’iga gurzining toshga urilgan ovozi eshitildi. Va tosh mayda-mayda bo’lib, uning parchalari ko’rpalari uzra sochildi. Boshining necha joyi yorilib…
Yuziga,
Bolishiga qon quyiladi.

Bor-yo’g’i – to’rt-besh tishi
Sinib…
Og’zidan tushadi…
Oriq ko’ksiga to’kiladi.

… Chol ko’z ochdi.
Ko’zlar o’z xonasidan sachrab chiqqandi.
Qo’rqinchli edi!

«Onamning mozoriga, albatta, marmar tosh qo’yaman deb niyat qilgandim. Ammo yillar o’tdi, yupqaqo’llik imkon bermadi.
YO mehrsiz edimmi?
Xudoyo Xudovando, gunohimni kechir. Sen, axir, Rahim-ku!»

Shuni aytdi-yu yana zulmat girdobiga yiqildi.

… Tepalikdan boshiga minglab boshoq bug’doy to’kishadi.
Goho bog’-bog’…
To’kishadi, uni ko’mishadi.

Boshoqning o’tkir qiltiriqlari badanini tirnardi.
Og’ziga kirardi,
Tomog’iga…

Nihoyat, ichkaridan ko’krak qafasiga yetib, xuddi olovda qizdirilgan son-sanoqsiz ignalar misol o’pkasini g’alvir qilib…
Oqibat…
To’rt tomondan zaxmdor yuragiga sanchilardi.

… Mo’ysafid tamomila nursiz, xira bo’lib endi o’layotgan ko’zlarini…
Nechanchi martadirkim…
Ochdi.

«Qironbek bir bahor men bilan birga qo’sh haydadi. Unga ikki qop bug’doy va’da qildimu kuzda … bermadim. Hali hozir o’sha bug’doy meni o’ldiradi».

Mo’ysafid zo’r berib, ovoz chiqarmoqchi bo’lardi. Qizu o’g’lini uyg’otib, ularga uning o’limi oldidan, agar ilojini topisha olmasa… go’ri cho’pidan keyin Qurbonbekka ikki qop bug’doy
berishni aytmoqchi edi.

Ammo ovoz tomog’idan tashqariga chiqmaydi. Mo’ysafid jismida xuddi qizdirilgan qo’rg’oshinday tarqaldi.
U qora tilini chiqarib, barmoqlarini og’ziga soldi…
Toki ovozini tortib, tomog’idan tashqariga chiqarmoq uchun…

Ammo jag’lari bir-biriga yopishib, uning barmoqlarini iskanjaga oldi. Va ko’z-qovoqlari misli sandiq qopqog’iday…
Go’yo taraqlab, bir-biriga urildi!

… Xona derazasi ochildi. Va mo’ysafidning atrofida oq mato nazarga tashlanib, tinmay hilpiraydi, o’raladi, oxiri yo’q, so’ngi yo’q, oq mato.
Uy oq matoning xuddi chaqnoq quyosh nurlari misol ziyosidan yorishib ketadi. Keyin mato mo’ysafid jismiga yoyiladi. Va avval oyog’ini,
Keyin qo’lini,
Yelkasini…
O’raydi. Mahkam o’raydi, ammo bundan u yengil tortadi, keyin mato boshiga yetib, mo’ysafidni mayingina erkalaydi.
Barcha tomir paylarini ham tasarrufiga olib muloyimgina yopadi. Va nihoyat, bo’yniga o’raladi.
Yanada qattiqroq…

Xuddi daraxt yaproqlarini beozor shitirlatganday, yengil bir sabo misol atrofga past, dilchasp va ayni holda siru asrorli sado taratib…
O’sha oq mato go’yo hargiz cheki bo’lmagan ipak tolasiday mo’ysafidning bo’yniga o’raladi.

1988

Tojik tilidan Omonboy Jumanov tarjimasi

002

(Tashriflar: umumiy 408, bugungi 1)

Izoh qoldiring