…Қишлоққа кириб бораркан йўл ёқасидаги таниш дарахтлардан бирортаям қолмаганлигига кўзи етгач дами ичига тушиб кетди…
Баҳодир Қобул
ОТАҲАЁТ
Баҳодир Қобул (Баҳодир Қобулов) 1966 йилда Бахмал туманида, Ўсмат қишлоғида туғилган. Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг ўзбек ва тожик тили филологияси, шунингдек мазкур университетнинг ҳуқуқшунослик факультетларида таҳсил олган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Эна шамол” китоби чоп этилган. Ёзувчи ўз асарларида она тилимизнинг бетакрор тароватини , инсон қалбининг жозиб кечинмаларини ўзгача завқу ҳаяжон, меҳр ва муҳаббат ила гўзал тасвирлар воситасида ифодалай олади.
Биринчи кун
…Қишлоққа кириб бораркан йўл ёқасидаги таниш дарахтлардан бирортаям қолмаганлигига кўзи етгач дами ичига тушиб кетди…
Бир вақтлар шохлари шамолда гуриллаган, эпикинда солланишган, шохлашишган шохларнинг соялари бир бирини қувалаган, шохдан-шохга учган-қўнган қушлар ғужуридан, остида бир майдон ўтирган одамнинг баҳри дили яйрайдиган, ғубори кетадиган йўл ёқалаган дарахтзордан иримигаям қолмаганидан ақли шошди. Неча йилдирки бола тугул отагаям иш топилмаслиги, сиёсат сиёҳига тегиб кетмасин деб гудранганда бекорчилик, одамлар орига тегиб кетмасин деб талмовсиралганда иложсизлик ортидан, одамларни ўзи эккан бўлсада, ўзлариники бўлмаган дарахтларни кесишга, эгалик қилишга, кесгандаям кесаётганлигининг гуноҳлигини билиб туриб, бир-биридан яширинча, ярим кечада кесиб, ўғринча ўтинни ўғринча уйга ташиганига, уйдагиларниям ўғриликка шерик бўлганига гувоҳ бўлган Каттайўлнинг икки бети ўтинни судраб ўтгандан қолган чандиқлар қачон битишини, қачон аввалгидай бўлиб кетишини икки кўзи осмонга қадалганча кутиб ётгандай кўринади. Кўзда кўрингандан кўра хаёлида кўринган хушни шоширади.
Каттайўлдан Жаркўчага буриларкан, буримдаги бир вақтлардаги, дарахтлар орасидаги ариқдан қолган дўнгликда кетни қуриқ ерга бериб, сал кам кўкраккача қайрилиб келган тиззалар кўзи устига қўлларни осилтириб, чотни катта кериб, бошни осилтирганча мардикор ўтиришда қаторлашган, бири нос, бири тутунни хуморида тизилишган, носу-тутундан йироқлар, тўрт қадам нарида чордона қурган қишлоқдошларини чангда қолдирмаслик учун олдинроқдан секинлатилган машина тупроқ оралаганча сал ўтмай тўхтайди. Ҳол сўрашишга қўзғалган қурга юзма-юз юради. Кўплари тенгқур. Юзма юз келган юзлар худди бундан қирқ йил олдин шу кўчаларда юрган оталарнинг тус нуқси. Болалар оталарнинг суратига кирган қўйган. Яқинлашиш учун ташланган тўрт-беш қадамда хаёлдан ўтган хомчўтича оталарнинг ёши қурда турганларникидан анча катта эди. Эрта қариган тенгқурларнинг фақат кўзлари ўзлариники эди чоғи. Шаҳарлик кўрганидан, сезганидан сесканиб кетди. Қишлоқ одамидан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Яна кўриб турган бўлса. Кўрганларидаям, ҳамма нарсани билиб турганларидаям ўзларини сезмаганга, билмаганга оладилар, холос. Ҳокисор. Билганга хор, билмаганга сор.
– Келинг, энди бир бағримга босай, авожон. Бўйинггизга бир тўяйлик. Яна қачон кўришамиз. Келсамми келмасамми деб турган шамолни иси кимники десак, сизники эканда…
Бу Бозорбой авонинг овози. Ота касб, этикдўзлик қилади. Бирда айтган эди: қулоқ терлаб этик тикиш, бурин пишнаб махси тортиш қаёқда. У кунлар ўтиб кетган, авожон. Кун йиртиқ, ямоққа қолган. Қишлоқда ўқимаган китобим қолмади. Сизда зўрларидан бор, авожон, биламан. Биттасини ташлаб кетасиз. Янгамнинг йиртишидан теккан таварикка ўраб ўқийман. Бу кэганингизгача ёдлаб қўяман…
Энди китоб тегиши нақдлигини ҳамма билади. Орага янгани оти тушди. Авонинг янгаси шаҳарликни опаси. Туққани.
Кела-келгунча, мошинада ўғилчаларига йўлма-йўл мақтаниб келган, бир вақтлар болаликда, ёзги таътилда меҳмонга келган, қишлоқча айтганда қидириб келган, шаҳарлик бўлиб кетган холаларнинг болалари – бўлалар Жаркўчанинг икки елкасида осмонни суяб тургандек баландан баланд теракларнинг ҳайратидан ҳаяжонланганча “қалъа деворларига ўхшаркан” деган тераклар ҳам холасиникига кетган кўринади.
Ер қуриқшиб, қақраб, қақшаб ётган эди.
Худо меҳрибон бўлди. Нам ташлади.
Босилган из қолар-қолмас қор тушган ҳовлининг кун чиқар этагидаги дарахт шохида совуқ заҳридан паналабгина, увишибгина, мунғайибгина, мўлтирабгина турган назарни илғади. Қадим таниш ва юклик ўринади. Қарашнинг ёши, бўйи-басти борга ўхшайди. Йиллар билан ўлчанмайдиган, ўзига ўхшаган хотиралар, ўлмайдиган хотиралар билан ўлчанадиган, хаёлни паққос эгаллаганда кўкайни орзиқтирадиган хотиралар билан қаричланадиган, тарозига қўйилганда, зирқиратар хотиралар билан тош босар ўйнайдиган, ўлчанадиган, энига титроқлар билан саржинланадиган, бегона кўрмаслиги шарт кўз ёшлари билан чошланадиган, гардиям элакларга, ғалвирларга, қулочларга сиғмайдиган, оғир келадиган, мана-ман деган елкалар кўтаролмайдиган, не бир катта кўзлар кўрмайдиган, кўролмайдиган, кўриши буюрилмаган, не бир катта телпакли, саллали, шляпали каллалар остидаги ақллар илғамайдиган, илғаш насиб қилмаган, насиб қилмайдиган заррадеккина юки бўлади. Бўйининг тотини Кунчиқарда туриб тотса, Кунботарда сайрланиб туйса ҳам бўлади. Одам зоти қалам билан сурат солса уифор билан, бўй билан сурат солади. Суратни ҳавога, осмонгасолади. Дидларга, димоқларга солади. Кўнгилларга солади. Кўкайларга, кўзни кўзига солади. Солган суратидан ҳам иси келиб туради. Ҳам болалик, ҳам ўсмирлик, ҳам ёшлик, ҳам кексаликнинг иси баб-баравар келиб туради.Уларга қўл қанча узун бўлмасинетмайди.Ота ҳовлининг кеч куз болтасидан ўтиб, япроқлар билан омонлашиб, қўшни дов-дарахтлар билан хайр-хўшлашиб,қор босган боғнинг адоғидаги пешонасига бир чимдим қор қўндирган кўк олмаларнинг бетидаги доғлар қайси бир жонўртар хотираларни, сепкилдай нуқта-нуқта хатлари не бир юзлардаги холларни, кўз ёшларга беланиб титраган холлик юзларни, холларни қучоқлаб тўкилган кўз ёшларни, болаликнинг, ўсмирликнинг исталган кунини куни кечагидек ёдингга йўлдош, қаватингга қадрдондай тикка турғизиб қўймайди. Керак бўлса қўл ушлатиб қўяди. Бир вақтлар қалин жўранг бўлган-у, кейин ҳаромни қозони қайнаб, узилишиб кетиб, амаллашга берилган амал хайр – маъзурни насия қилиб кетгач, юк енгиллаб,яна топишгандек. Кўк олма… Ҳаётларининг бир чеккаси,чегараси шу олма эди. Ундан кейин ариқ. Ариқнинг нари лаби қўшниники…
Қор устидан юриб эски танишдарахт танасига қўл теккизар экан, дарахт титраб кетдими, ўзими ҳайтовур билмади. Лекин, шундай бўлди. Йўқ! Сескангани йўқ!. Аъзойи-бадани бирданига бўшашди, кўзига мунғайган ва эганинг ўғли келишини кутгандай кўринган, ўзини не бир кўзуқўллардан асраган кўримсизгина олмани узиб, шошганча, эта,ҳишторовлаганча киссасига солди. Биров кўрмасин деган хаёл кўнглидан ўтмаган бўлсаям, нимагадир шундай қилди. Совқотганидан исисин, дедими, совуққа қолдирганидан ўзини айбдор хис этиб, айбини сал бўлса-да ювиш учунми, болаларга бераман дедими, йўқ, бу олмани болаларга берганини хотини кўрса шуям олмами дегандай энсани қотиради, … ҳайтовур шундай қилди. Ақлнинг ана шундай вақтларда заррачалик аҳамияти йўқлигини кўп бўлмасаям кўрган. Олманинг не бир армону орзуси ушалган одамни нафас олишидай дамсар ургани ё, эшитилди ё, шундай туюлди.
Ота уй хотираларидан ортиқ, ота уй хотираларидан ширинхотира йўқлигини, отауй ҳовлисида юришнинг ўзи бир туш эканлигини ўзига ўзи англатганча болалик ўтган ҳовли тупроғидан киши билмас олиб, киши билмас ҳидлаб қўяди. Тушу ўнг хотиралари, хаёлларини тартибга келтиришга минг уринмасин бири-биридан қадрли, бирибиридан энтиртирар хаёллар бири бирини устига бостириб келаверади. Хотира ҳамиша тирик. Хаёл ҳамиша тирик. Арвоҳ ҳамиша ҳозир. Яхшиям ушлаб бўлмайди. Ушланадиган нарсалар қозонга босилмай қолмаган. Хаёллар ҳам ҳам ўғилнинг хаёлида бир кўринишни, отаҳовли саҳнида кўринишни, юришни, дийдорлашишни неча йил кутгандай туюлаверади. Хотиралар ўғилни ўзлари шерик бўлган йўлларга, гувоҳ бўлган жойларга тортқилайди. Тортқилаб-тортқилаб бир вақтлар, болалигидашохидан тушмаган дарахт остига олиб келишади. Ота-онасининг шу дарахт соясида гаплашган гаплари хаёллари орасидан париллаганча тўрт кўз тугал, димоғи чоғолдинга ўтади.Қаторга эга чиқади. Ўтағолик қилади.
– Сапия, шу Қораболангиз армияда бир иш қилиб қўйган бўлмасин тағин? Эмаса (бўлмаса) нимага тилпонга чақиртиришади, дейди опаси отасига бош боласининг отини тутиб.
– Сан ҳалиям баласан-да, дейди отаси. Чақиртиришмаган, балангни ўзи гаплашайлик, деб телгирамма бердирган.
– Хатни бировга ёзиради-ю, телгиром беришни қаерда билади? Шунингиз сал шўх эди, давлатни танкасини сотиб қўйган-ов, хатида танкичиман деб ёзганди. Суратидаямбир ўзи, ёнида ҳеч ким йўқ. Қийналиб қолган бўлса…
Отаси бир муддат жим қолади. Кейин, жавоб берган бўлади.
– Санга бари-бир ҳеч нарсани тушунтириб бўлмайди.Телефонга чақирган кун келсин-чи, унгачаям худо пошшодир. Борайлик, гап нималигиниўшанда биламиз. Танкани ким оларди, қизиқсана-а? Қаердаги гапларни гап деб юрибсан. Рўза оғиз ҳар нарсани гапирмайдилар. Давлатни танки тугул ҳар бир отилган ўқиқаерга текканини ҳисоби бор. Нима деб юрибсан ўзингдан ўзинг.
– Маниям гаплашишга олиб боринг.
– Хўп. Аввал сан гаплашасан, бўлдими?
– Қўшнимизни ўғли Зайниддин соатини йўқотган экан, онаси, дугонам худонинг зорини қилди, дугона кўнглингга келмасин, шу ўғлингдан бошқа қуш ҳам уйга кирган эмасди, деб. Ўғлингиздан алдаб сўрасам айтмади. Уч сўмни кўрсатиб топиб берсанг шуни бераман дегандим, катта сандиқни тагига бекитган экан, печкани олов чўқилагичи билан қўйган жойидан тортиб чиқариб, энди пулни беринг деганда,мана санга уч сўм пул деб,бир шапалоқ урганман.Шу нарса эсимга келавериб, танканиям сотварганми дедим-да. Шу ваққача айтмай, яшириб юрувдим… Бала-да.
Дадаси ҳеч гап эшитмагандай жавоб беради.
– Ким унга танкани сотгани қўйиб қўяркан. Гап тамом. Бўлди. Бошимни оғритма.
Отанинг хаёли шошганди. Болани ташвиши манаман деган она-онаниям шоширишини кейин кўрган. Билган. Бошидан ўтказган. Бошидан ўтган билади. Ўшанда отаси опасига жўяли гап топиб беролмай қолганида бир муддат ноқулайликдан кейин “кўп гапирмай тандирингга қара, калла танкада бўлиб, тошкўмиремайлик” деганди. Опаси“вой, эсим қурсин” деганча тандир бошига югуруклаганди. Тандирга киришга тайёр ясоғлиқ хамирлар супадаги саватда. Опаси тандирнинг яхши оқарганлигига кўнгли тўлганидан боши тандир оғзида, қадрдон нон ёпар жойларни тусмоллаганча нон ёпганда орқада одам туриши мумкин эмаслигини гапиришдан тийилиб, қўлини силкиб отасини нари кетишга ундарди.
Катта Энаси айтгандай нонлар ҳа демай Худонинг юзини кўрадилар… нон тандирнинг иссиғидан қизармасмиш. Жамолини кўрганидан эмиш. Тандирга нон ёпганда нон ёпганнинг орқасида одам турса нон орқасини бермасмиш. Орқасини бермаган, тандирда қолиб кетган нонлар шундан эмиш. Униям эгаси бормиш. Куйган нон куйганларга берилармиш. Уларнинг оти қитирлоқ эди. Нонни куйган деса уят бўлармиш. Қитирлоқни опаси тавоққа солиб тўғри Энасининг олдига олиб борарди. Энаси куйган. Ёшлигида куйган. Тўрт бола билан жазиллаб қолган дейишади. Оталарини “…сен китоб кўргансан…” деб олиб кетишган. У вақтларда китоб кўрган одамни кўпи куйган.
Энаси кўнгил учунқитирлоқдан бир бўлагини тишсиз милклари орасига оларди, “куйгани менга, кулгани ёшларга” деб тарқатарди. Қитирлоқни қитирлатиб егандаги овозлар ҳам бегонасираб бўлса-да,этаги чақиртиконларга таланиб бўлса-да, узуқ-юлуқ бўлиб бўлсадаетиб келадилар.
Тандир сўзини қаерда эшитмасин опасининг опачасига нон ёпишни ўргатаётиб тайинлаган гаплари гувиллаб атрофида айланади.
– Тандир қиздиришни билмайдиган хотиннинг оғзи совимайди. Қулоғиям.Тандирни оқартиришни билмаган хотиннинг ҳамиша иккибети қора. Кўп мударрислик қилмай, енгичани билаккинадан ўтказинг, рапидагина нималигини биласизми ўзи яхши қиз,” деб кэнаганлари, гап устига гувоҳ бўлиб, экилганидан бери тандирхона оғзига қоровуллик қиладиган, бир-бирига қараб кулишган чилонжийда барглари келади. Барглар бошида бошқа ташвиш, соясида бошқа хаёл бўлади. Кўнгли оқнинг тандири ҳамиша яхши оқаради. Бир тутам ғўзапоя, бир чангалянтоққаям оқараверади. Бу гаплар энди рўзғор кўрган, ватанни бошини ушлаган, ўчоқ-тандирга эга чиқиб,нони хом чиқса ҳаммасини ўзи бекитиб еган, яхши чиқса ҳаммага улашган, улашадиган, тандиригаўғринча ўтинни тиқмаган, қозонига кўринган безни, чандирни босмаган, босишдан тийилган, босмасликка иқрор берган, кўсови кўсов жойида, оташкураги оташкурак жойида турадиган, ота-онаси батайин бийхотинларнинг гапи. Ўғри бек, ғар бека бўлолмасмиш.Буниси Мардонники.
Ўғил,шаҳри азимдан чиқишидан олдин,худди бир вақтлардагидек, ота-онаси ҳаёт вақтлардагидек бозор-ўчор қилади. Онасига ёқадиган сап-сариқ новвот, қўшниларга чиқариш учун мозорбосди нонлардан бир қучоқ, машинани кўргандан югуруклашиб эргашадиган қишлоқ болаларига тешик кулчалардан билак кўтарганча, қадимдагидек қутисининг ичи ялтироқ қоғозли, устида икки филни бир-бири билан саломлашаётгандек расми бўлмасаям,қишлоқда ичадиган одам топилмасаям,Ҳиндистоннинг ҳидли помили-қора чойидан олади. Олмаса бўлмайдигандек, бегона жойга бегонадек бораётгандек туюлаверади. Онаси хафа бўладигандек бўлаверади. Неча марта қилмоқчи бўлган ва қилолмаган ишини қилишга ёрдам беришини кўнглида сўрайди, ният қилади. Отаси тизза урган, пешонақўйган, ёлворган, илтижо қилган ўринларда тиловат қилишгатайёргарлик кўради.Хаёлларга қўшилиб ота нафасининг тафти ўраб олганидан серрайиб қолади. Отасининг сусти босади. Ҳамзамон отаси ҳаётдан бегона ўтларнибир қучоқ қилиб ўрибми, тутамлабми йиққан-у, қўлтиғигақисиб келиб қоладигандек.Опасига “дарвозага қараб тур, пешин кириб чиқай” дейдигандай. Елкаси оша қараб тургандек, боласини бола билаётгандек. Ота уйга қараб йўлга чиқиши билан ота нигоҳи изма-из олдига тушиб йўлни тозалаб, адашиб кетмасин деб йўл кўрсатиб келгандек…
* * *
Бомдоддан бўшаган ўғил, отаси беркиниб жойнамоз ёзган ўрнига эркин жойнамоз ёзганидан дили бир ёришган бўлса, бўшагандан кейин, елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Худди отасидек усти очилиб қолган ўғилларнинг кўрпасини ёпди. Ташқарилади. Сакинат паққос эгаллаган ҳовлининг, отамерос тут, ўрик, ёнғоқ оралаб бир чеккада елка қисиб ўсган ва танасиям қуриб, ёрилиб кетган олманинг олдида тўхтади. Ковушботар қорда қолган ўз изларига кўзи тушаркан, орқасидан кимдир эргашиб келгандек таассурот, хаёл лип этиб ўтди. Тириклик, ҳаёт эргашиб юрибди,юрган йўлингда из қолибдими, демак тириклик белгиси, ёзиғи. Тўхтасанг тўхтайди-ку, деди ўзига ўзи оёқлари остига қараганча. Бир вақтлар отаси саҳар мардондан шундай ҳовлида ёлғиз юрганда опасинингқўли ишда бўлса-да, бир кўзи отасида бўларди. Ҳозир унинг ортидан, изидан, ҳар бир ҳаракатидан “бир кунда бир неча марта сиз учун жонимни беришга тайёрман укажон, дейдиган, дегандаям кўзда ёши билан дейдиган, сиз касал бўлманг, мана ман тайёрман”, деган Ойхон опаси бир нафас ҳам кўз узмаётганига иқрор. Йўталсаямҳа, укажон, дебтандирхонаданми, меҳмонхонаданми, ўтирадиган уйданми, уй томданми югуриклаб чиқадиган, институтни битиргандан қишлоқ мактабида ишга келиб бошланғичларга дарс берган, ҳарф ўргатган, бутун қишлоқ ёшлари болаларига айланиб кетган опаси,тошкентликжиянларини кўрганидан ўзида йўқ шод, юзу кўзи меҳрга тўлган опасихурсандлигидан қилар ишиниям адаштириб пайпасланиб қолади. Ука опасини уринтиргиси келмайди. Бир вақтлар, талабалигида Отакент-Самарқанддан қишлоққа келганда онаси шундай қиларди. Ҳаёт ўз доирасида, ўз маромида айланверади, фақат унда сен ўзингни бирда кўрасан, бирда кўрмайсан, бирда кўрмаганга оласан, бирда ҳаёт сени кўрмаганга олади деганлари шу бўлса керак.
Қадим ўрнига ёзилган дастурхон устида аммажон, ука, келин ва икки жиян. Ёши етмасаям қўшни болаларнинг мактабга борарида орқасидан эргашиб, янаги йил мактабга борасан деганларигаям қарамай, жанжални катта қилиб биринчига чиққан Кичкинага ҳамма нарсага рухсат. Аммажон топган-туккан, ўзи ойлаб емайдиган ширинликлару, каллаи саҳарлаб пишириб-туширилган бўғирсоғу, кулчалар кулганча қаторлашган бўлади. Дастурхон устидаги саватдай келадиган турк патир ва унинг ўртасидаги қўш келини илинган бир калла кувининг сариқ мойи бир чеккадан эриб, ҳиди оламни тутади. Ҳовли эгалик эканлигидан талтаяди. Эгасининг боласи келганидан талтаяди. Худди онаси, отаси бор вақтлардагидек.Опаси укагапатирни синдиришни, совумаслигини тайинлаган бўлади. Эркакни қўлида синган ноннинг йўриғи бўлак эмиш. Бу гапларкўп қадим гаплар. Авваллари айтилгувчи эди. Патирни синдирар экан, шу гапни айтмаса бу иборалар ҳам четга сурилиб-сурилиб, ёшларнинг қулоғига кирмай, бегонасираб қоладигандек. Бегонага айланиб кетадигандек, шошади.
– Нонни эркак киши синдириши керак-а, аммажони, – дейди.
– Ҳа, ҳа,– дейди Аммажон ҳам гап нимадалигини, уканинг кўнглидан ўтаётган қилдек нарсалар ҳам аён бераётганини билдирмасликка тиришганча.
– Эркак киши синдирган нон орқасига қарамайди.
– Бу нон эмас, патир-ку, – дейди Кичкинтой тап тортмай.
– Ундан бўлган ҳамма нарса нон саналади, дейди опаси гапга қўшилиб.
Қўллари эндигина ўчоқнинг остидан чиққан патирнинг иссиғидан куйгандай бўлса-да, бир чеккасидан бўлак-бўлак қилиб синдириб, бу Сариқ, буниси Қораболага деб белгилаб, кейин ўртада килкиллаб эриган сарёққа ботириб қўяётган отага эркинтоб Кичкинтой одатдагидек келганини тўхтатмайди.
– Дадажон, дадангиз ўқиган жойда намоз ўқидингиз-а?
– Ҳа, балажон,– деганча бир Аммажонга, бир хотинига қарайди. Бир вақтлар отасини шоширган шамол бетига келиб урилгандай бўлади. Катталар дастурхонга қарайди. Патирнинг совушини, ўзига тегишлисини олишини кутади. Гап-сўз жиддийдан жиддийлашади.
– Ўзим ҳам шундай бўлса керак, деб ўйлагандим.
– Мана бу кимники,– дейди ота боягина бу фалончиники, бу тугунчиники деб белгиланган бўлаклардан бирини олиб атайин ўзини билмаганга солганча.
Катта ўғил отага қараган бўлади. Ота узатганди, бола қўл чўзди.
– Дадажон катталарнинг иши кичикларга тушиши мумкин-а?
– Албатта.
– Ана, ака, мен сизга нима девдим. Акам бўлса катталарнинг иши тушмайди, нимани хоҳласалар кичкиналарга буюриши мумкин, дейдилар.
– Нима гап экан?
– Айтайлик, бир нарсабир пана жойга кириб кетди. Катталарнинг қўли узун бўлгани билан оломайди-ку, ўшанда олиб бер деб кичкиналарга иши тушади-ку?
– Ҳа, ҳа, тўғри– дейди ота хаёлиниям йўқотганча. Ва худди ҳозир ота-болалар турган жойда ва бир вақтлар худди шундай вақтларида, қиш кунлариток узилиб, лампа чироқлар шишаларини тозалагани эсига тушади. Опаси эски газетаниям авайларди, ўлчагандай қилиб берарди. Болакайнинг қўли шишани ичига азот кирар, яхши тозаларди. Отасидан, опасидан қилган ишига раҳмат эшитиш учун уларга қайта-қайта қараганда, худди шу хаёллар бошидан ўтганди,отаси ўшанда “яшасинбаланг, яшасин Сариқ баланг, ана ҳеч киминг қилолмайдиганниСариқ бала қилди. Қани биронтанг шундай тозалаб кўрчи”, деб мақтаганлари хотирасиаввал кўзини, кейин оғзини кулдириб кетди. Қишнинг узоқ кечаларида тўққиз болорлиўтирадиган уйларининг ўртасига, михга илинганчироқнинг бошига қўндирилган шляпаси бир силкиниб ҳаммаси эсидалигини билдиргандай бўлди.
Отауй уч хонали. Икки айвонли. Бири катта, бири кичик. Дарвозадан кирганда меҳмонхона, ўртада ўтирадиган уй, кейин уй том дейиладиган хона. Нимагадир оти шундай. Уй том. Меҳмон келганда ишлатиладиган идиш-товоқ, гилам, кўрпа турадиган жой. Доимо қулфлоқлик бўлади. Ҳамма кўрпа-кўрпасига кириб кетгандан кейин, ётар олдиотаси чироқнинг пилигини пасайтириб қўйишиям кўз ўнгидан ўтгандай туюлди-ю, кўнгли бўшашди. Бошига сават қўндирган чироқнинг туриши, ўзи бир достон бўлишини энди-энди илғайди, энг зўр тушлар ўшанда ўтиб кетганлигини энди илғайди. Отачироқ остида кўрилган тушларнинг беғубор, бегидир, бесўров, беғалва, беташвиш, беқиёс, бебаҳо, беҳисоб эканлигини энди илғайди. Болалар чуғури давом этади.
Ота-онанинг, ёши катталарнинг олдида баланд овозда гапириш уят эканлигини таъкидлагандек, ота томоқ қиради. Дастурхон атрофи ўша-ўша, тўлиқ. Совуқдан қунишган мусича айвондан пана топган, кейин ўтирадиган уйнинг айвонга қараган деразасининг токчасидан ичкарига мўралаган бўлади. Ўша-ўша. Қадим таниш мусича. Болалигида қишлоқда ҳамма, каттаю кичик мусичани мусигугу дейишарди. Бийфотиманинг товуқлари дейишарди. Ҳозир гапларга бир нарса кетган. Жони йўқ. На ёзган тушинади на ўқиган. Бўйнидаги мунчоқ таққандай қора холдай кашталар ҳам ўша-ўша. Кўзига қарашга юрак дов бермайди. Мусигугу қулоғини дераза ойнасига қўяди. Ичкарига киргудек бўлиб бошини ойнага уриб олади. Кўзига танишлар кўринган бўлса керак. Опаси деразага қулоқ тутиб турган мусичага гап қўшарди.
– Ҳозир балалар чойларини ичиб бўлсин, дастурхонни айвонга қоқаман. Шошмай тур. Жўранг, қани? Ҳаҳ, қушниям ватани бузилмасин, ямонни кучи япалоққа етдими, деганча куйинарди.
Ака-укалар, опа-сингилларнинг “аҳмоқ тишимни ол, ақл тишимни бер” деб том устига отилганда гувоҳ бўлган айвон устунларининг туриши ўша-ўша. Шопилларнинг туриши ўша-ўша. Устун устидаги, шопил остидаги бошаларнинг туриши ўша-ўша. Фақат ранги ўзгарган, ранги ўчган. Хира тортган. Энди болалари аҳмоқ тишлари ўрнига ақл тишлари сўрашмоқда. Хаёл энди аҳмоқ тишлар-ку кетган экан, ақлли тиш берганмикан, берганлигини билишга ақли етганмикан, белгисини илғашга ақли етганмикан деган ўйни, ўтган кунлар ҳисобини суриштириб келади… Барибир “аҳмоқ тишимни ол, ақл тишимни бер” дегандаги ҳайратга, ишончга, беғуборликка ўзига ишончга тўла сўздан ортиғини, ёқимлисини, кўнглига яқинини тополмайди. Шу гапни ичида, ташида такрорлаб ҳаёт айланади. Отаҳаётни айланади.
Бир вақтнинг ўзида ҳам ўтган, ҳам ҳозирги, ҳам келаси замон бирдай қараб турадиган, ҳам бирлик, ҳам кўплик маъноси силқиб турадиган Катта Энасининг гап-сўзлари дарахтлар, деворлар, тарновлар, қудуқ бошига, тандир оғзига, кир осиладиган дорларга туморлардек осилишиб олгандай. Мана, мана шу жой. Мусича деразасидан қараган деразанинг айвон остидаги ўрни. Саратон эди. Опаси жой солиб берган эди. Энаси чиқиб ўтирган эди. У келиб Энасига эркаланган, ғайрати келиб аввал кеча ёдлаган оятини, кейин Энам хурсанд бўлсин деб ўзи ўқиб ёдлаган Навоий бовосининг тўрт қаторини ёддан айтиб берган эди. Энасининг олдин қоши, кейин кўзлари, кейин икки бети, охирида оғзининг икки чеккаси кулган эди. Такрор, такрор худога шукурлар айтиб, таваллолар қилиб, нафасини ўнглаб: – Художоннинг ўзи меҳрибон бўлсин. Навоий бовосини ёдлаган, эслаган навоийқош боламга ўлай! Оталарининг сўзини ўқиса оталар ўлмайди. Оталарнинг изидан юрса изи ўчмайди. Бизаниям эслаб туринг, балажон. Ман сизни ҳаммавақт яхши кўраман. Балонгизни олай. Одам дуода тирик. Дуодан зиёти йўқ, деганча ўзи билан ўзи гаплашиб кетган эди… Бирда гап тўғри келиб Энасидан Сиз Навоий бовони кўрганмисиз, қошлари қандайлигини қаердан биласиз деб сўрагандаям шундай бўлган. Энаси ҳеч нарса демаган. Аввал қоши кулган, кейин кўзлари… кейин уялиб кетган. Кейин катта ўқишда ўқиганда ҳамманинг ҳавасини келтириб ёд айтган, Катта Энасидан оғизма оғиз ёдлаган, туриш турмиши сирли эртакдай ўтган ўтган болалигининг қадрдонлари, айвон устунларига бир вақтлар биргалашиб ёдлаган, дунёнинг энг гўзал қиссаси “Юсуф ва Зулайҳо”дан парча ўқиб беради.
Деди: Азизо, сенга айлай хабар,
Келтиру Юсуф ёқасин қил назар.
Илгаридан бўлса аломати чок,
Юсуф эрур мужруму аҳли ҳалок.
Чок агар қилса кейиндин бадар,
Билки Зулайҳо ишидир сар-басар.
Солди чу Юсуф ёқосина назар…
Устунлар ҳам эсдан чиқармаган экан.
Ўша-ўша бешикдаги болани кўрса Энаси эсига тушади, Энасининг достон дунёсига ғарқ бўлиши тушади, куч-қудрати шамолидан зоҳир оҳанглар тушади. Худди бешикдаги гўдак ҳозир бир нарса деб қўядигандек… ҳамма нарсалар ошкор бўлиб кетадигандек….
Ёқаси кейинидан йиртиқларни кўргандаям. Азизлар топилмагандаям…
Айвон устунларини бир қўли билан ҳимо қилиб, қучоқлагандай айланиб қўшиқ айтганда, Энаси зорланарди. – Бўлди, бўлди балажон, айланманг, бошим айланиб кетди. Устунларнинг туриши ўша-ўша. Отига ярашиқлик. Фақатгина ранги синиқ.
Иккинчи кун
Отауйда намоз ўқиш бошқача…
Отауйнинг тушлари бошқача…
Отауйнинг шамоли бошқача…
Отаҳаёт дарахти сояси бошқача…
Отауй тарновининг туриши кимлигингга берилган баҳо.
Отаҳовлининг тозаланган ариғида югурган сувнинг шавқи икки дунёга сиғмайди…
Отаўчоқ етти осмонга дуд солади …
Ота чопони турган уйда баланд овозда гапирмайдилар…
Отаҳаётга қарасанг Отаҳаёт!
Намоз-чироғ, деган машойихлар.
Чироғи ўчмаган ота уйдан айлансанг арзийди…
Чироғи ўчмаган ота уй томида фаришталар қур олармиш…
Чироғи ўчмаган ота уйнинг дами, ҳавоси бошқача бўлармиш…
Ота ҳовли қудуғига қарай олсанг сув устида кўринганни танирмисан?
Ота рози Худо рози…
Кўчадаги ўйинларга унчалик тоби йўқ, китоб ўқишдан чарчаган вақтларида деразанинг токчасига иягини тираб дераза ортидаги ҳаётга қараб ўтган болалигини эсга солган бояги мусичанинг юрак уруши эшитилиб кетади. Ота ҳовлидаги барча нарсалар таниш, фақат ўзи ўзига бегонадай…
Ғайрат қилиб ёғаётган қорга қариндошига, тенгдошига зорлангандай, кўнглига тегиб қўймай, деб бетигаям қарамай опаси зорланиб қоларди. Ай, художон қорни ёғдирган художон, оши-нонни ёғдирган художон. Жумлаи мўмин қаторида болаларимниям кам қилма. Ўлда-жўлда, ўрда-қирда юрган барчани ўзингдан бегона қилма. Имонини саломат қил, ризқини бутун қил. Ҳа, қоржонлар ғайрат қилинг!
Ҳозир ҳам шундай оналар бормикан, деган хаёл кўнглидан кечди-ю, ўзининг хаёлидан ўзи уялиб кетди. Бор, деди кўнгли чўрт кесиб. Фақат сиз уларни эшитмайсиз, ўртоқ Катта; фақат сиз уларни кўрмайсиз, жаноб Бошлиқ; фақат сиз уларни ҳолидан хабар олмайсиз, хўжайин Тўра; фақат сиз… хаёлларни одатдагидек, ҳамма нарсага рухсати бор Кичкинтой бузади.
– Дадажон, биз акам билан ҳаётда қувалаш-қувалаш ўйнагандик шамол бизадан ўтиб кетди. Лекин, биринчи акам билиб қолдилар. Қишлоқни шамоли зўр экан. Ўтиб кетсаям, кейин етиб ол деб тўхтаб, қараб тураркан, деганча бир акасига, бир отасига қарайди, Кичкинтой, хатороқ иш қилганлигини овози билдирсада, айтмаса бўлмаслигидан, шошганча.
– Бировни гапини ўзиникидай қилиб гапириш яхшимас, ука…
– Мен ҳам у шамолни танийман,-дейди, ота болалар гапини бўлиб, болаларига қўшилиб бола бўлиб, бола бўлгилари келиб кетиб.
– Дадажон, Энашамол шу-а?
Дада бош ирғайди.
– Энашамол керак бўлса Тошкентгаям борган, Алишер Навоий боғида юрганимда учиб келиб қулоғимни тагидан айланиб, бетимни силаб ўтиб кетган. Дадамдан Энашамол шу-а деб сўраганимда ҳа деганлар, ука.
– Дадажон, нимага Бразилия ўйинчиларини югуришидан, тўп тепишидан дарров билиб олса бўлади.
– Қандай қилиб?
– Дарвозачиси тепсаям ё Наймарга, ё бошқа ўзини камандасиникига тўғри келиб тушади, бизаникилар тепса нариги камандага тушади ё аутга чиқиб кетади. Тепишдан олдин қаерга тепишига ё тўғри қарамайдими? Отадан садо чиқавермагач, бошини экканча давом этади.
– Ўзимизникилар ўйнаганда сиз ҳам уялиб кетасизми?
Отанинг дами ичига тушади.
Сездирмасдан саволга савол билан жавоб берди.
– Сизнимага уяласиз, балажон!
– Кийимида байроғимиз бор. Шунга…мана бу ерида, ҳамма кўрадиган жойида, деганча чап кўкраги устини кўрсатади.
Отанинг хаёли энди буткул қочади. Қочганини билдирмайди. Кўзини қаерга беркитишни билмайди. Ўзини қўярга жой тополмайди. Томоғини бир нарса қириб, қиртишлаб ўтгандай бўлади. Лекин, жавоб бериш керак. Шарт. Жавоб бермаса бўлмайди. Ҳақ саволдан ноҳақлар қочади.
– Аутга чиқмайдиган бўлади, балажон. Насиб бўлса, албатта бўлади.
– Дадажон, тақво дегани нима дегани?
– Тақвоми? Тақво, Худонинг кузатиб туришини доимо сезиш ва Худодан қўрқиш ҳисси дегани.
– Ҳисси деганичи?
– Ичидан билиш.
– Ҳозир сўзларни ёдлаб олиб қўяверсам, кейин тушиниб кетаман-а?
Бу ўзининг гапи. Бир неча кун олдин айтган гапи. Дарров илиб олибди.
– Албатта, шундай, балажон.
– Дадажон, одамнинг ичидаги гапни қандай биласиз?
– Сиз қандай билсангиз шундай, балажон?
У вақтлар одамларининг ҳаётлари ўралмасди. Бир ҳисобга тўқчилик одамларни назарини оч қилиб қўяркан, чоғи. Катта Энасининг одамларни шашти қайтсаям феъли қайтмасин, феъли қайтган одамдан балчиқдаги чўчқаям яхши, ҳайдасанг кетади, деган гапи бўларди. Ўша вақтларда, эрта кўкламда, кеч кузда ҳамма ҳаётларини ағдарганда, ҳосилини йиққанда қаёққа қарама кўз етганча ҳар икки томон қўшниларнинг ҳаётлари кафтда тургандек кўринарди. Ким ҳаётида нима иш қилаётгани кўриниб турарди. Қўшни-кеватнинг бир-биридан ортда қолмай деб куннинг ёруғиниқочирмай, ҳамма бирдай, бир кунда ҳаракат қилган кунлар ҳаётман деганлар одамларга тўлиб кетарди. Худди биргаднинг одамлари икки қулоқ бўлган ғўзани ягана қилгани жаппасига далага чиққандек. Бўй ўсиб, сояси ўзига бўйсунмай қолган пайтларда ҳаётлардагилар орасидан бир қизни кузатган кунлариям лип этиб ўтади-ю, ўша тарафларга қарайди-ю, бўйи ўзидан баланд қилиб қурилган деворга бориб урилади. Ўзгинаси қурдирган деворга. У даврлар қандай даврлар бўлган экан-а?
* * *
Кеч куз эди. Шундай кунларни бирида Уста Ҳамза бовонинг кўзлари катта-катта ва қоп-қора, шохлари мойланиб артилгандай ялтираб турадиган,йил ўн икки ой уззукун қоп-қоронғу хонада бойлаб боқиладиган, қимирлаган ҳар бир нарсага ёш боладай катта иштиёқ билан қарайдиган ҳўкизи ва тоғ арчадан қилинган омочига харидор кўпаяди. Ҳаётларни ҳайдаш керак. Ўшанда навбат қўшнилариникида эди. Ҳайдалмаган озгина ер қолган эди.
Отаси бош уйдагилар ер ҳайдалиши учун ҳаётларини хас-хусдан тозалаган, ариқман деган кўмилган эди. Отаси қудуқ бошидаги супада эди. У отасига совуқ чой олиб келаётганди. Шунда катта мошиндан тош тўкилгандайбир овоз келган. Овозни биринчи бўлиб отаси таниган. Изма-из ер қимирлаган. Итларнинг овози дунёни босган. Аввал отаси ерга ўтирган, кейин ҳаммани ерга ўтиришини икки қўлини силкиганча буюрган. Ер қимирлаганини эшаклар ҳам, қорамоллар ҳамбиларкан. Омоч тортаётган ҳўкиз ҳам жойида тўхтаган. Хўкизнинг ўшандаги қизарган кўзлариям кечагидай эсида. Отаси кетмонни ёнига қўйиб, қиблага қараганча калима қайтара бошлаган, аввал уй ичилар, кейин уларни кўриб бошқа ҳаётдагилар ҳам ерга ўтиришганди. Ҳамма-ҳамма. Итларнинг овози тиниб, эшакларни ҳуши жойига келгандан кейин, одамлар бир-бирига гап қўша бошлаганда отаси “бир майдон ўтириб туринглар, ҳали қайтари бор. Ер қимирлаганда юрмайдилар. Йиқилган яхши эмас”, деганди. Кўп ўтмай ер қимирлаши қайтганини энди ҳамма бирдай билди. Қайтари кучли бўлганди. Ишлар қайта бошда бошланиб кетганда, отасининг олдига бориб сўраган гапи ҳали-ҳали ёдида, сўраган жойи ҳам.
– Дадажон, ер қимирлаганда нима дейиш керак?
– Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ.
Отасига бўлди, шуми демасаям, дегандай қараб турганидан, отаси ҳа деган. Ла илаҳа иллоллоҳни тарозини бир палласига, ерни бир бошқа палласига қўйса калима босади деган. Ер қимирлашини тўхтатиш ҳеч гап эмас, деган. Мана ўша ер, мана отаси, мана ўзи турган жой.Қудуқ бошидан ўчоқ бошига қараб юрганда уч қадам. Отаси билан қудуқ ўртасида қудуқнинг супаси, супани пастидаўчоқбоши олача тўшалган, устида пўстак бор эди. Ҳаммаси эсида. Ҳаммаси жовдираб турибди. Нафас олишлариям эшитилади.
Ҳайратдан қайта сўраганиям эсида, отасининг бошини секин ҳам қилиб, икки кўзини баравар секин юмиб, бир майдон туриб секин очганиям. Ўчоқбоши олача дегани эскирган олача, ўрниққан тўшанчи дегани.
* * *
Туркқишлоқнинг тентагиям бегона бўлмайди. Мардон отлиғиники қўзиса ҳусни таъмил, ташбеҳу, таносублар тийибгина, тийилибгина ўтирадилар. Тиконлар устма – уст гуллаб, ўтинларни ярми барқ уриб, ёниб,ярми барг чиқариб, илонлар кулча урганча таппа-таппа пўст ташлайди.Ҳунарини бировни қўлида туриб кўрсатадиган кўсовлар ҳам четда қолмайди. Мардоннинг ҳақ ажратишини биринчи марта эшитган одамнинг аввал энсаси қотади, кейин бир кулади, кейин яхши кўриб қолади, кейин айтганларини такрорлаб юраверади.Биров бировига айтиб хатосини тўғирлаб ҳам олади. Санглоқдан эркак тошларни бир қатор, олдинга; урғочи тошларни бир саф, ортидан; ярим бети урғочи ярим бети эркакнамо тошларни охирги радга терганчав бировнининг осилган қинидаги пичоғини қайрашга ишқивозлигидан кўзининг бези сув тегди дегандан ялтирайдиган қайроқ тошларни бир бўлак қилиб дарс ўтади.
– Академия дарахт остидаги мактаб дегани. Биринчи дарсимизга хуш келибсиз дейди. Чўзмасдан пўст калласига ўтиб қўяқолади: -Аввало худо!Эл тили билан эл! Тилсиз элни эл демайдилар! Тили бошқа дили бошқани ёзувчи. Ёзувчиси бир-бирини тушунмаган элни ёзиғи оғир. Ишонган туям сан бўлсанг кувшанган оғзингга… деган мақоллар аслида ёзувчи ва шоирларга қаратилган, азизим деганча бир тошни олиб кўзига яқин олиб келиб, қулоғига бир нарса деб, яна жойига қўяркан.Ҳар бир сўз белгиси, ояти; ҳар бир ҳарф мўъжиза, белгиси, ояти; ҳар бир товуш аломати, белгиси, ояти эканлигини сўппайганларданмисан, саждага чала борганларданмисан, соянгни судраб юришинг ҳам белгиси эканлигини билмасанг қўлингга қалам ушлама. Қоғозниям бетини қора қилма. Ҳамманики ўзига етади. Кўнглингга тинчликни солиб қўймагандан кейин қийин. Кўнгли билан қаламини тили айри тушганни ёзувчи демайдилар. Ёзиқ– йўл!Йўлни ўзинг танлайсан. Қалбда йўқ нарсани тилга, йўлга чиқармайдилар.Уни ҳаллозилик дейдилар. Кейин нима бўлди деб чангаллаб юрма. Ёзиғинг қаламни бошини еяётганиниунутма. Ноҳақ ёзилган ёзиқ, ноҳақ ейилган бош хун сўрайди. Илоннинг тили нимага айрилигини аввал ўрган! Пешонасига элининг ёзиғи ёзилганни ёзувчи дейдилар, элнинг ёзиғини ёзадиганни ёзувчи дейдилар! Ёзиғинг ўчмас ловламадай париллаб, чароғон чироғдай, гувиллаган гулхандайлигидан туюнтирилмаган бўлсанг, ушлама.Азоби раҳмати эканлигидан туюнмаган бўлсанг ушлама!Қонда бўлса ҳеч жойга қочмайди. Қонда бўлмагандан кейин қозиқ қоқиб, арқон бойлаган билан ҳам ушламайди. Қозиқ бошига овсар қўндирганинг билан овора бўлганинг қолади. Эшакни минорани остига қозиқлаганинг билан азонни эшитмайди.Одамку одам, мол зотига тортади. Қўнган бўлса ушлатмай қўймайди. Қўнмаган бўлса ушлолмайсан! Боши қорани ҳаммасиям қалам бўлавермайди. Қалам билан кўсовни фарқи катта. Одамнингбўлиш туриши – қалам. Юриши – ёзиқ. Тўғри юриш – тўғри ёзиқ. Ўз бошини ўзи ейдиган қалам бошини ушлашдан олдин ўйла. Ер варақ.Ортингдан қоладиган ёзиқлардан кўклайдиган майсалар тилларини давру даврон сўроқ саволларига жавоб бера олишларини аён бермаган бўлса ушлама. Қилғилиқни биргалашиб қилиб, кейин судраб кетса, ўчоғи кулдан бўшамай, кўнгли гул кўрмай ҳамма айбни хотин зотига ағдариб ўтиб кетган нечов? Ҳар бир киши ўз касби-амалининг гаровилигини унутма! Ёзиқчисидан олдин ўтиб кетган ёзиқларни ёзиқ демайдилар.Асариўзидан олдин асарини кўрсатмай кетганларни ёзувчи демайдилар.Асари иссиғдаям совуғдаям ўз асарини кўрсатганни асар дейдилар. Хаёллардан хаёлларга, хотирадан хотирага ўтадиган, ёзиладиган, илғанадиган, асарини қолдирадиганни асар дейдилар.Асрлар билан сирлашмаганни асар демайдилар.Тилни бериб бўлгандан кейин саройю, ўрдаю, қўрғонни қўриқлашни ҳожати йўқ. Ҳамма нарса ўз оти билан”,деганча, бўйнидаги мунчоқни, анорларнинг боши кесилиб, тожи билан бирга яхши қуритилиб, мексикаликлар шляпасини эслатувчи пўстлоқларнитешигидан ип ўтказиб, бир чизим қилиб тизиб, бўйнига ташлаганча, ўзи от қўйган “Шодашох” мунчоғига сал кўпроқ қараган, тошчалар ортидан қаторлашган одамларга “пошшоларни танияпсанми, ҳаммасини тожи манга қолди, нима қилсам экан”, дейишидан олдин.
Манабу Калигуланики, дунёдаги энг золим пошшолардан бири, уям ўз саройида ўлдирилган, муниси Фиръавнникихудо қарғаган:ўларолди мусулмонликни тан олгану кеч бўлган, буниси Доробойники, буКисрожонники, бу Қайсар отлиқники, бу Нажошийники, бу ўзимизга тегишли отаси оқ қилганлардан, бу шўр оғзи очиқ, кўзи юмуқларни айтганим билан танимайсан деганча бўйнига алоҳида осилган шодани остидан уриб шақиллатиб қўяди. Буниси Искандар, тунов куни Катта Қарғалар ташлаб кетди, бу аввал бошга кўтарилиб кейин оёқ остига олинган Бонапарт. Оломонга ишониб бўлмаслигига мангу гувоҳ.Борса келмас оролини қирғоғида на сувга товун, на ерга товун бўлиб, на ер на сув қабул қилолмай ғилдираб бориб-келиб ётган экан, жонзотюбориб олиб келтирдим.Фаросати сандай, сандан сал зиёд, сал камлар ҳам сероб оғайни, яна пишак боласини еб қўйгандек, сан ҳамоталарингни бошини еб қўйма, эшаклигингга бориб,дейди ҳар кунлик оти ўзгартирилиб, бугун Туркистон губернатори номига лойиқ кўрилган эшагига алоҳида меҳр билан. Кейин кўзига кўринди шекилли, бандаси қанчалик хаёл қилмасин буюргани бўлишига иқрор бериб, Етти иқлим султони Шаҳрисабзда ўзи учун қурдирган, лекин кириб ётиш насиб қилмаган гўр устидаги сағана ёзиғини ёдакиайтиб жўнайди. “Ё Оллоҳ, мени, отам ва онамни барча мўмин ва мўминаларни, муслим ва муслималарни, тирикларимиз ва ўликларимизни мағрифат қилғил, бизларнинг орамиздаги эзгу ишларни бардовом қилғил, сен чиндан ҳам ўтинчларни ижобат қилувчисан, марҳаматли, ҳожатборор, азоблардан халос қилувчи, эзгу ишлар соҳиби бўлган зотсан. У марҳаматли ва қудратли зотдир”.
Гуллигидаёқ шошганиданми, кўтаролмаганиданми улгурилмаган гуноҳдек тўкилган анор тожларни бир бўлак шода қилиб бўйнига осади. Айтари алоҳида бўлади. “Ҳар бир нафас икки бетиям кесарман тиғли ханжар. Кирариям ҳисобли, чиқариям саноқда. Бирда бўлмаса бирда, бири бўлмаса бири барибир кекиртакни билганидай қилади”,– деганча тожларнингҳар бирини алоҳида-алоҳида силаганча бошлайдиган айтимини охиригача эшитган ниятига яраша бир нарсага доримай қолмайди.
* * *
Отаҳаётнинг ҳар бир дарахти кўп нарсани кўриб қўйганидан масъум кўринади…
Деворсиз ҳаётлар билан биргақўшилиб кетган болалик даврида ўғрилик кам бўларди. Йўқ ҳисоби эди. Одамларда ўғирлайдиган нарсанинг ўзиям йўқ эди. Лекин, бошқа нарса борлигини, бор бўлганлигини энди-энди илғаяпти.Оқибат бўлганлигини илғаяпти, жуда катта қўрқувдан бекиниб-секиниб юрган оқибат бўлганини илғаяпти. Рўзами-кўзами ҳамманинг ичкиси келса келмаса мактаб директори бош, областдан келган комиссия ёнбош, аслида у бош, ҳар бир синфга кириб ҳар бир ўғил-қизга бир стакандан сув ичирган, сув ичмайман деганларни рўзадор ҳисоблаб, бутун синф болаларини рўзадорнинг юзига туфлатган, ҳайитлаган, ҳайит намозига борган олиб кетилиб, ҳафталаб йўқолиб, қаерда йўқолганиниям айтишдан қўрқиб отиниям эсидан чиқарганларниям кўрган бу дарахтларнинг титроғи ҳали бери босиладиган кўринмайди.
Ҳар бир дарахт тугул деворининг ҳар бир ёриғи бир гапни эслатади, ё бошга бир мушт туширгандай қилади. Катта Энаси, отасининг онаси унга кўп нарсаларни ўргатган бўлса-да отаси гап баҳонасида сўраб-суриштириб, хатосини тўғирлаб, тергаб боришини энди-энди илғайди.
Бирда акалар шаҳарга ўқишга кетган: қиш; қўй тоғдан келган, қор катта тушган, чекана боқар навбатчи чўпон ҳам чиқмаган кунларда отаси қудуқларидан сув тортган, ўғил унга ёрдам берганди. Аввал кўзи, кейин юзи, охирида оғзи куладиган отаси қудуқ чиғириниайлантириб сувни, буғи чиқиб турган сувни бошқа пақирга бўшатаркан, қўйлар, жониворлар ҳам худди одамдай эканлигини, қишнинг совуғида совуқ сув ичса тиши ёрилишини, касал бўлишини, тиши ёрилган мол кўпга бормаслигини, одамга дардини айтарга тили йўқлигини, эгаликқиладиган одам мол-ҳолининг иссиқ-совуғига худони олдида бир жавоб беришини, совуқ сув ичган совлиқлар бола ташлашини, молга қараса мол бўлишини, тайёр қудуқнинг суви ўрнига совуқ сувни бериб бир одам ўзининг бир йиллик меҳнатини ҳам, молнинг меҳнатиниям куй қилиши яхши эмас дерди. Кейин гап-сўз жиддийлашарди. Бу дегани ота ўғлига ўша кунларда ҳаммага айтиб бўлмайдиган гапни айтаётганидан, отаўғил албатта отага муносиб бўлиши шартлиги, ўғилни ота Катта бола санаётганидан билсабўларди.
– Қани балажон, биров сиздан мусулмонмисан деб сўраса нима деб жавоб бериш керак?
– Алҳамдилуллоҳ мусулмонман.
– Алҳамдилуллоҳ дейиш тўғри. Ҳа, ёки, ҳа мусулмонманэмас. Албатта алҳамдилуллоҳ мусулмонман дейиш шарт.
– Комиссия сўрасаямми?
– Ундан каттасиям?
Гап-сўзларга чуқурлиги ўн тўрт метрлик қудуқ гувоҳ. Унинг осмонга қараган тўртта кўзи гувоҳ.Шу қудуқнинг бошида отаси янабир гапни уқтирган. У гапдан кейин гапирадиган гап қолмаган.
– Қул қутурса қудуққа тупиради. Қулзодага кун қўпса қудуққа қулф қўндирармиш. Қулдан қуловуз чиқса ишни қудуқ кўмишдан бошлайди. Қудуқ бор жойда ҳаёт бор. Элнинг булоғи қурисаям, қудуғи қуримасин. Қўрқмаганни қудуғидан сув ичмайдилар. Сувни ўтириб ичадилар. Тикка туриб ичган уят. Ичиб бўлгандан кейин, албатта, Худога шукур дейиш керак. Бўлмаса уят бўлади. Худодан уялмаганни банда демайдилар.
Ўшандаям қудуқ бўйидаги шу арчанинг қилдан сал зиёд бир барги,ийнаси киприк қоққандай қилган эди. Ҳозир ҳам шундай қилди.Барги учидаги ўша бир томчининг туриши ўша туриш. Ийнаси учига бир томчи ёшни илдириб олгандай. Ўша-ўша. Ўша туриш. Шохлар оралаб тушган қуёш нурининг томчига урилиб, тўрт томонга баравар сачраган ранглариям.
Ўша вақтларда у гапларни мазасини билмаганлиги, отасиям боласи ҳали ангнимаслигини билганлигини, бироқ, ҳали тоза мияга ўрнашиб қолсин, бир кун эмас, бир кун албатта, эсига келади, тушунади деган ниятларда айтгани ўша бир кунлар, бир неча маротаба қайта-қайта келганида англаган. Сўзлар йўл кўрсатишини ўшанда кўрган. Таёқ кўрсатган йўл қаерга олиб боришиниям. Отақудуқ чиғирининг чирқиллаб, ҳиққиллаб айланиши, зорланиб айланиши, ўз бўйнига арқон ўраши, улатқи арқон айланиши хотиралар арқонидек туюлади, ҳар куни бўйинбоғ бойлайдиган бўйнига бойланаётгандек, ўралаётгандек бўлади. Икки хаёллик, икки хаёл ўртасидаги умр йўли ҳеч қаерга олиб бормаслигини айтиб йиғлагандек, йиғлаётгандек бўлади. Икки аёллик ўртасидаги умрниям.
Янгиҳаётнинг эски одамлари, йўқ ундай деса бўлмас экан, ўзи оти Янгиҳаёт бўлса, ҳали қабристониям бўлмаса, унинг қандай қадими одамлари бўлиши мумкин? Янгиҳаётнинг яна бир отини айтиш эсимдан чиқибди. Туркқишлоқ. Қадим халқи, китоб ушлаган, итоб тушмаган халқи, экин-тикин ерини, рўзғорининг камини ер пармалаб топадиган халқи,уруғ қадаб ойлабмеҳнат қилиб бирор нарса берармикан деб умид қилиб, умидини териб кун кўрадиган, чувиллаган бир этак боласини кўзини тўқ қилиб турадиган бир парчагина ҳайдов ерини ҳаёт, ҳаят дейди, ҳаётини ҳаётлик, тириклик деб билади, томорқа дейди, катта эшик дейди, отиз дейди, отангдан олти бўлсанг ҳам ватанингга ёлғиз дегандай ватан дейди. Ота тили, оталар сўзи, ота арвоҳини, оталар қараши, ота нафаси, оталар васиятини унутмаганлари, албатта.Зоту буди ҳаёт, отиз, катта эшик кўрмаган, кўрган бўлсаям эси эсхонасидан чиқарилганлар сотик,лойи пишмаганлар участка, ўрислашганлар огород.Ҳар доим отизқулоғига отаизи деб эшитилгандай бўлаверади.
Тоғдан,бир қисми Ўсмат, бир қисми Равотдан кўчирма қилинган ва даланинг ўртасига, бетма-бет солинган, шаҳарнинг уйларидек бир чизиқ уйларнинг ҳаётларида на соя берар дарахт, набошқа борлигидан катта ҳовлидек кўринарди. Айниқса, кечаси ҳамма ётганда, бир-бирига паққос ўхшайдиган уйларнинг айвонларидаги чироқларнинг осилиб туришию, хирадан хира ёритишигача ўхшаш эди. Улардан тушган шафақ катта бир ҳовлини ёритишига кучи етмаётганидан хижолат чеккандек, ёки кучини кўрсатгиси келмай ҳаётлари бошига йўқолган мушугини қидириб борган ёш-ялангларни айбини ошкор қилгиси келмаётгандек туюларди. Ўнг сўл қўшниларНеъмат аво, Абдусалом аво, Аъзам аво, Абдуражаб аво…Ҳаммаси отадошлар. Аво, або деганлар отабир ака-уканинг болалари дегани. Отазодлар. Отадошлар. Ишонмасангиз эски китобларни кўришингиз мумкин. Ушлатса, албатта. Янгиҳаёт, Отаҳаёт, Туркқишлоқ қишлоғи дегани шу. Авони катта кичиги бўлмайди. Ака-укадай катта кичикка ажратилмайди. Аво бу аво!Авочилиги бўлса бўлди. Отаси тенглик ҳам ўзидан кичикни аво, авожон дейди. Тенг кўради. Тенг билади. Тенг туради.
Кўрпасой шовури, Тошоҳур шамоли, Санглоқнинг суви ҳар куни қишлоқ оралаб юради. Тоғликларнингавлод-аждоди пахта экишни етти ухлаб тушида кўрмаган бўлсалар ҳам, зўрники тегирмон юргизади деганларидек, сиёсатнинг ярим оташ, ярми ях,бир дам уриши билан бир кечада пахтакор бўлганлардан. Қўндирилган жойларида каппа тикиб, тирикликни давом эттирганлар. Ҳаётни келган жойидан янгидан бошлаганлар. Янгиҳаёт бошлаган. Шундан Янгиҳаёт отлиқ бўлган дейишади.
– Шунча еринг бўлиб, қулоғигатегар тегмасингдан сандан олдин дарвозангга сув югуриб келса, арзимаган савзи-пиёз деб бозорга тўрва кўтариб кунни кеч, умрни увол қилиш уят дер эди отаси ичи ачир одамларга. Бир қатор кўк, бир қатор сариққа меҳнат ҳам савоб. Саратонни сариғида сарғайиб, қишнинг совуғида дирдираб тўрва кўтарганинг баҳоси эмас. Меҳнат кимни ўлдирибди.Мундай ер қаерда бор? Одамни эксанг эртасига қулоғи кўклаб кетади. Тўртта уруғни адашиб бўлсаям ташлаб қўй,сани бир йил боқади. Бола чақангга қўшиб.Қулдай ишлаб бекдай яшамайсанми! Ўзинг ишламасанг, болаларинг ҳам ишламайди. Овора бўлма. Бўйин меҳнатга ёр бермас экан, одамликдан чиққанинг шу. Меҳнатдан қочган, текинга ўрганганни одам саноғига қўшмайдилар. Ҳаётига яхши қараган бировнинг қўлига қарамайди…
…эрта кўкламдан янаги эрта кўкламгача ҳаётнинг тортиғи тугамайди. Қайси бирини айтсин. Шунча нарсалар бир ҳовлидан чиққанига ҳозир ишонмайди. Лекин, қайси дарахт қаерда ўсганлигини изма-из бориб кўрсатиши мумкин. Оталарнинг ғайрати бошқача бўлган. Бир вақтлар навбати билан оғиз-бурин қилиб тўлдирилган турлик ўралардан, отазамон ўралардан асар ҳам қолмаган бўлсада ўрни оғиз очиб тургандек. Ўшанда ўрачи деган касб ҳам бўларди. Ҳозир ўрага тушиб кетган. Дарвозадан кириб келгандан оёқ остидан бошланиб ўчоқ бошигача солланишган, бир-бирига бўй бермаган, бир бири билан ранг талашган, бир-биридан жой талашган қайси бир гулни номини айтсин. Бирини айтса, бири қолиб кетса хафа бўлса. Ўсма-ю райҳонни айтмаса энди уят.Оталик ҳаётда, отаҳаётда ҳаёт қайнаган, жаннат отлиқ уятлиғ бўлган давру давронларнинг кўнгилда кўринган сувратлари, димоққа урилган бўйлари, ҳаёлларда эшитилган ҳиргойилари ҳалимларниям шоширади.
Эртакдай ўтган болалик манзилларидан бири ҳаёт адоғидаги, чегара белгисини билдирувчи аччиқ гилос дарахтининг шохлари. Тенгқурлар мактаб имтиҳонини топширишда, акаси қарағай имтиҳонлардан озод этилган кунларда дарахт шохидан тушмасди. Хушига келиб, овозни баланд қўйиб қўшиқ айтган кунлари қуёшга қўшилиб сарғайганча қараб тургандек. Қўни-қўшниларнинг “яшанг Энанинг баласи” деган бир оғиз гапидан гувраниб, кўзни чирт юмиб, томоқ қуриб қолгунча ўзбекча-ўрисча қўшиқ айтган кунларни эсларкан, ён қўшнилари, отасининг қадрдон жўраси Абдуражаб муаллимнинг отаси билан нима гапдан гап чиқиб, аразалишиб қолганлари, бир неча кундан буён гаплашмай юрганликларидан бехабар гилос шохидаги боланинг бир қўшиғидан кейин қилар ишиниям ташлаб, иккита нонни кўтариб чиқиб, отасининг олдига қучоқ очиб келгани, қудуқ бошида икки жўра йиғлашиб кўришганлариниям кўрган.
– Жўрамиз уйдами, деганча дарвозахонадан бақириб кириб келиб, енги билан кўз ёшларини қайта-қайта артиб, жўра, айб бизда, бизни кечиринг,– деган отасининг жўраси.
– Йўқ, айб бизда эди,-деган отаси овози қалтириб, -бизни сиз кечиринг, жўра,-деган, тик турган жойидан қимирлаганиям ҳоли келмай, ўтиргани жой кўрсатарга жой тополмай.
– Йўқ, жўра, айб бизда. Бир боланинг бир қўшиғини эшитиб ҳозир ўлиб қолсам керак, кейин кеч бўлади деб ўйлаб, чопиб келавердим, мени кечиринг жўра!
Икковлариям баравар унга, у ўтирган аччиқ гилосга қарашганди.
Ўша қўшиқ ҳалиям эсида:
Дўстлик ўзи бир шиша,
Синса асло тузалмас.
Дўстлигимиз чин бўлса,
Уни ҳеч ким бузолмас…
Қишнинг совуқ кунларида қудуққа хизмат кўпаяди. Ташвиши ортади. Оғзидан буғ чиқиб,ўпкаси тўлиб сув етказиб бериш осонми? Мол-ҳол, бола-чақа бари кўз тиккан бўлса. Водопровод деганинг кун совуди дегандан томоғига муз тиқилади. Қудуқнинг феъли бошқача. Иш чиқса, димоғи чоғ бўлади. Суви тинигандан тинийди, шириндан ширин тортади. Мақтаганларида болалардек суюнади. Янгиҳаётда тўртта қудуқ бор. Отасининг қудуғини суви энг ширин. Мол-ҳол, кир-чирга одамлар бошқа қудуқлардантортадилар. Ернинг феъли қизиқ-да дейди Энаси, бир тош отим чиқмайдиган жойдаги қудуқларнинг суви тўрт маза бўлса. Буям худонинг қудратидан дерди ўзига ўзи урчуқ йигиргани кунчувоққа чиқиб, қудуққа сувга қатор турган қиз-келинларга қараб. Уларнинг кўпи энанинг юзини кўрганидан хурсанд. Қаторда турган, ҳовлининг сал камқоқ ўртасидаги қудуқ бошидан бошланган пақир кўтарган навбат дарвоза тагигача боради. Қатордаги хотин-халаж,бўй қизларнинг гапи тугамайди. Кўрмаган балоси қолмаган, эрмакка эргатегиб оти чиққан хотинлар, “болаларинг катта бўлиб қолгандан кейин ўз уйингда ўғридек бўлиб қоласан. Унгача эр зотини ҳақидан чиқ…”, деб гап бошлаши билан энди-энди эркак исини айрит қилган кавуши янги келинчакларнингоғзианграйиб қолади. Келинларнинг бу гаплардан кейин хаёли сув очган бўлади. Шундай вақтларда битта ярим йигит келиб қолса ҳаммага сув тортиб бермагунча қўли бўшамайди. Эрликлар эгалик эканликларини билдириб жиякли лозимларда, парпарак ёқали кўйлакларда, камига дўпписини қўндирганлариям қаторлашади. Ана томоша, мана томоша. Аёллар бир-бирини томоша қилишганини шунда кўрасиз. Атир-упа ҳидларининг кўплиги ва аралашиб кетганидан Тўрткўзнинг ҳам боши айланиб, думни қисганчакаппасига уриб кетади.Суякдан яхши нарса йўқ дунёда дегандек кечадан қолганини бағрига босганча.Эгасиз итда обрў бўлмайди.Охирги гапни ёшлигидаМардон тентак бир жойда айтганда дафтарчасига ёзиб олганди.Бунисини ўзи ёшлигида кўриб ёзган: қопағон итлар ҳам нимагадир чиройли келинчаклардан қўрқади.
Болалигининг энг чўғ хаёли, қизил дуррачали, сариқ пайпоқли,жингалак сочлини қизлар орасидан қидиргани тўғри. Дуррачаям аввалига қаторда эл қатори турган, кейин дераза ичидан бўлсаям малласоч бош кўринавермаганидан, ҳа демай навбати келиб сувни олганидан кейин кетиши кераклиги яқинлашгани сайин атрофга жовдирагани, ўзини қўярга жой тополмаганиям, қизариб кетгани, ҳеч ким ҳеч нарса демасаям дугоналарига кулгу бўлганиям бўлган ишлар. Болаликнинг кўз учрашувларида гуноҳ бўлмас эмиш. Кўз кўзни соғиниши айб эмас эмиш.
Учинчи кун
Қўй қирқимга борган, айлана бостирмали, томининг ўртаси очиқ, қирнинг ёнбошига, кунчувоққа қурилган қўрага тушиб қолгандай, қўйни қўрага қамагандай қилиб, ичкарисида гир айлантириб қувиб, нимага қочаётганиниям, нимага қочиш кераклигиниям билган-у билмаган, бош-кўзига қайта-қайта таёқ тушиб гангиган, тоза ҳавога етолмай қўра ичида қолган тўзонга қўшилиб бир бирини кўрмай, эски дарди қўзиб, кўнгли айниб, кўзи тиниб, ўзи билан ўзи бўлиб қолган, таёқ кўтарганни ҳимосига қўшилиб, қоши-кипригигача эски тезакнинг чангига ботиб нима қилаётганини ўзиям билмай ўтиб бораётган кунидан ҳафсаласи пир бўлган қўйдай юввош бўлиб, ҳеч кимга бир оғиз гап қўшмай, отамерос тоғдан бийдай чўлга кўчирилган отадошларининг аҳволига қандай маймунлар йиғлаяпти-ю, қайсиларига советнинг куни боққанидан, ёққанидан хабар олгани пешонаси беш қарич эшагини ниқтаганчаМардон тентак энади.
Ўзига ўзи бир куни яхшилик, икки куни ёмонлик, бир куни садоқат икки уни хиёнатга, бир куни дўстлар даврасида икки куни хоинлар хонасида, бир куни гуллар қурида икки куни тиконлар тўдасида, бир куни андалиб икки куни зоғлар, бир куни балиқлар икки куни илонлар инида ўтиб бораётган, бир бети оқ икки бети қора, туссиз, тутуриқсиз, тутантириққаям арзимайдиган кунлардан иборат узундан узун умрингнинг савдоси бир тийинга қиммат кунни ўзингча кун деб юрибсанда, деганча Янгиҳаётга энади.
Энишдан олдин эшагига каштасини келтириб сўнгги русумдаги бўйинбоғ тақади. – Ҳозирги лоббистлар шунақасини тақадилар, бугунги отингиз Олимтой лоббист, дейди ҳар куни эшагига янги от қўйишни одат қилган Мардон. Олим Лоппи десак ҳам ҳақингиз кетмайди. Эшшак наслидан бўлсангиз ҳам той дедик. Бир ҳисоби тойхарликдан ўтгансиз, муртгаям оқ оралаган, не бир ишларни кўрсатгансиз, искамаган теззагингиз қолмаганлиги ҳурматидан той дедик, устингиздаги тўқими Низомиддин. Тўқими Алишерийга етишингиз даргумон, ота зотингиз термизийлар эшигига бўлгани сизга у шаҳар отини беришни кўтармайдидеб қўшиб ҳам қўяди, уккооғар.Кошки эшак зоти тушунса.
Йўлма-йўл бир ўзига, бир эшагига гап қўшади.
Онасининг қорнида эснагани ва онасини қўрқитгани эсига тушиб воқеани кимга айтишини билмай, айтса эшитганқулоқ оғзинибекитиб кулишини ўйлаб ўзига-ўзи гап қўшган Мардоннинг кўзлари ёшариб кетади. Эсли одамлардай хаёлига келган гапни тилига чиқармайди. Лекин, ичи тутаб кетади.
– Ҳамма гап,шаъни паст бу дунёни охират экинзорига айлантира олишда Катта калла. Каллани каттаси ақлни, каттаси дегани эмас, жўра. Эсли бўлиш ҳам қийин экан.Белгига кўра худо урганнини биронтасикўрамиз, чоғи, деганча энгашиб эшагининг қулоғига пичирлайди.Худо золимниям, мазлумниям тек қўйиб қўймайди. Қанча ҳунаринг бўлса ўзингга кўрсатаяпсан, бировни боплаяпман деб ўйламагин, Бечироқ, дейди йўл устидаги симёғочга. Бир симёғочортига ўтаётган, бирёнма-ён туриб ўзининг туришини симёғочга тўғирлаётганқорани танийди. Куни кеча кофир олдига боролмайдиган, бормайдиган, эл зулмнинг зўридан, ўлганининг кунидан бўйин эгган, отамерос дўппини бошига бир қўндирган борми,ичи-таши тўкилиб бўлган мачит олдида сал кўпроқ туриб қолган борми, неча йиллардан буён ҳовлисига санқи эшакдан бошқа зот кирмаган мачитнинг ҳовлисидан эшакларни ҳайдаб чиқариб, ғовини эпақага келтирган борми, арақ ичганга “қўй энди шу сағанани, йўлга туш эди” деб қўйган борми, мачитни девори ёрилиб кетибди, бир тиргов қўйсак бўлармиди, деб одамларга маслаҳат солган борми, ўйнашини ишга ол деганда, ҳозир жой йўқ деб қўйган шўрлик борми барига ўзининг шерлигини кўрсатганнинг,элнингкатта йўлида у ўтирган машинадан машинасида билмай олдинга ўтиб қўйган одамниям қаматишни ўзига мартаба, иш деб билган, айни дамда симёғочга дўқ уриб турганнинг турқига қарашдан ҳазар қилади.
Эмишки, бир кун кечаси совуқ шамол, заҳри қотил шамол, теккан ерини олиб кетмаса қўймайдиган шамол, оқни оқ, қорани қоралигини бўйнига қўймаса кўнгли жойига тушмайдиган шамол, ингичка бошли, йўғон думли шамол Зўрнинг данғиллама уйининг эллик пахсалик деворини кўрмагандай қилиб, дарчадан кириб, эшикдан чиқиб кетган. Бир нафас оларчалик вақт ўтмаган. Нафаснинг чиқиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Уйда тирик жонни қолдирмаган. Бари тошга айланган. Совуқ тошга. Бешикдаги кенжасини тошқотган юзига, хотинининг сут иситиб келмаган деб ошхонада санамдай қотиб қолганини кўрган Зўрнинг бетига қарагулиги қолмаган. Ўз соясини ўзи судрайдиганлардан биргина бир вақтлар Шер аталган, кейин Зўр отини олган қолган, дейишади. Шамол унинг кўзига бир қараган. Тамом. Биратўла, бирдан, тептекис эсдан ажраган, дейишади. Шундан кейин Зўр оти Шўр бўлган дейишади. Эл кўзи билан кўрмасаям кўргандан зиёд қилиб гапиради. Эл қарғиши шундай қилармиш. Зулмни зўри зулми зўрлардан бегона бўлмасмиш.
Элнинг билишича ва айтишича бошидаги сочидан кўра кўпни қаматган, бир вақтлар Самарқанд билан Тошкент ўртасида мендан зўри йўқ деган, фалончи келаяпти деса беловдаги болаям бетини кўрмай, отини эшитмай деб ўзини уйқуга урган, камига ғайрати келганда “оғайни керак бўлса шахсан ўзим фалонта ёзувчингни, шахсан фалон шоирингни, писмадонта олиминг,мунчамуллангни эмаклатганман,майда-чуйдаларингни-ку айтмай” деб қўлидаги ўз ақлича энг тоза араққа тўла идишни тик турган жойида бўшатадиган,ҳар киши ўз касби-амалининг гаровлиги ортидан, элдан, оиладан, бошқасидан ҳам баб-баравар бир текис, бир нафасда ажраганни йўл ёқасидаги сим ёғочни бош оёқ кузатган, симёғочниям туриши ёқмагандай ё симёғоч бўлишни орзулагандай атрофида айланаётганга кўзи тушаркансуяк ташлагандай қилади:
– Шу столбаниям олиб бориб қама. Ўзи шу қолувди. Элнинг қарғиши урганни юриш-туришидан ҳам билса бўлади. Энди урадиганиниям.Ҳалиям меҳрибон бўпти. Бўлмаса ўтирардинг, бир ютум тоза ҳавога зор, қуёшни бетига қарашга интиқ бўлиб. Чуқур қазиган бировга қазимайди деган машойихлар. Аввал ҳам шундай бўлиб келган, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверади. Бир ютум ҳаво, бир ютум сув, бир ютум нон. Ундан ортиғи ҳамиша елкага юк, оёққа тушов бўлганлигини энди санга тушинтиришни ҳожати йўқ. Тентиратиб бўлсада юргизиб, қўйган экан ҳалиям кеч эмас, этагингни йиғиштирда, бўйнингга арқони тушишини сўра. Аввалги юришингдан ҳозирги аҳволинг ўлса ўлиги ортиқ, агар билсанг. Аввал одамлар сани кўрса нафратланишарди, энди ҳар ҳолда ёқа ушлашади. Аввал ҳам кўргазмали қурол эдинг, ҳозир ҳам шундай. Ҳаммамиз ҳам шу. Тавба қил. Ажралган мол-дунёга ачиниш ҳиссидан ажралганинг яхшиликка билсанг. Тавба қил. Зора… Шўр Тентак гапларни эшагига айтаяпти деб кулади. Кейин, серовланиб, кўзи олайиб, йўл ёқалаб кетади. Сандирайди:мен эшикдан ўтмоқчи эмасдим. Эшик оғзида тургандим, ортимдан келган одамга йўл бераман, деб билмай ичкарига кириб кетганман. Кейин кеч бўлган. Ўзи кирмоқчи эмасдим…менйўқотдим…
Нимасини йўқотганини ўзиям билмайди.Қўш қўллаб урганда шундай бўлармиш. Вақт ўтиб энди қадамини санаб юришни одат қилганида, оёғи остида ўрмалашган нарсага кўзи тушиб, қўрқиб кетади. Сояси, ўз сояси эканлигига ақли етмайди. Бехос қуёшга қарши шахдам қадамлар билан аскарчасига юриб ўзича неччидир қадам санайди. Бояги қора нарса бояги жойда қолди, деган ўйда орқасига ўгирилади. Қоралиқ энди олдига тушиб олганлигиданҳайрон бўлиб туради, кейин икки қўлини икки ёнга ёяди. Соя хоч суратини солади. Силкитиб кўруви, соялар ҳам силкиндилар. Нафаси ичига тиқилиб бўғриқади. Нафас олиш ва нафас чиқаришининг азоби тутди. Ичида бир нафас туриб қолган нафасни чиқариш шунчалик қийинлигидан кўзлари олайганча карахтланиб қолади-да, нафасга йўл очилганидан бирдан йиғлайди. Ҳўнграйди. Ҳўнгровни эшитган гўнгпашшанинг кипригиям қилт этмайди. Қаролиқ гўрга киргандаям бирга киришини, ҳеч гўрга кетмаслигини, қиёматгача ажралмаслигини, ўша ердаям хизматда бўлишини таъкидлагандек, қийшайса қийшаяди, тек турса тек туради. Ўтирса ўтиради. Мардон қарғиш урганнинг бетига қарашга ҳазар қилади. Кета-кетгунча орқасига қарамасаям нималар бўлаётганини айфонида кўргандек кўради.
Кета-кетгунча симёғочларнинг симига осилиб қолган, кун урган, иссиқ урган, совуқ урган, қор урган, ёмғир урган, урмагани қолмаган ранги учган варракнинг ўз арқонига ўзи ўралиб на ўнгга, на чапга, на тўғрига қарашга мажоли қолмаган, бирининг осилганига етмиш беш йил, бириникига эллик йил, бировиникига йигирма беш йил бўлган варраклар симёғочларда абгор кўринадилар. Не бир хаёлларни осмонга олиб чиққан, кўзни қувонтирган кунларни эслаш ҳам оғир ботиб кетади. Уларни учирган болаларни танирди: уларнинг хаёлларини осмонга, осмонларга олиб кетолмаганликларидан тўлғанадилар.
Турк бор жойда тентак бегона бўлмайди. Йўғида нўхотча. Буларни машойихлар гапи дейишади. Тушунган бирдан тушунади, тушунмаганга поналагининг билан бефойда.Ақлни туғмаси бошқа, суқмаси бўлак.Тоғдан тушиб, шошмай, худди қадимгидай кўнгил етар капаларга қўноқ бўлиб, ўтган кунларниям миннат қилиб санамай, йўлма-йўл йўл сўраб отадошларининг Янги ҳаётини топиб боради. Янги ҳаётни Отаҳаёт қилиш керак. Тентакнинг ўй-хаёли шунда.
Эшагига рухсат берган Мардон йиғиб келса одами бир қўшҳовуччиқадиган Янгиҳаётнинг у бошидан бу бошига неча марта бориб келади. Қадамлаб-қадамлаб, қадамини ҳисобини олгандай юради. Саноқдан адашиб кетмаслиги шартдай юради. Олдидан кўчани чангитиб ўтган, бир-бирини қий-чувлашиб қуваётган болакайлар шамолидан Мардоннинг ҳуши учади. Димоғига бир нарса урилган, кўзига бир нарса кўрингандай, бир нарса кўринаётгандай туюлади. Болаларнинг шовқини, кулгуси,югуриши уни бир сонияда юз йилга яшартиргандай бўлади. Гап-сўзлар орасидан худди ўзи минг йилдан буён қидириб юрган, қачон, қаерда йўқотганини эслолмайдиган сўзни, гап-сўзларни топганидан етмиш икки мингтомири, ўлиги-ю тириги бирдан барқ уради. Кўз ўнги ёришиб кетади… эшак эгар-жабдуғини ечиб, йўл устидаги тош устига қўндириб, нўхтасинибошидан ошириб оларкан, бор энди,бир маза қилиб кел, мен ҳам бир яйрай дейди. Хизмат чиққанда ўзим топиб оламан. Кўринган моча билан илакишиб юрма. Кейин бир куни айтмаган экансиз, устоз, деб ўпкалама. Яхши тайинламаган экансиз, деб оғзинг сўлжаймасин. Бугунги айшу ишрат туганмас эртанги ғам эканлигини думингни тинмай ликиллатганинг билан узоқлаштиролмайсан, Ошна! Эшак боқиш ҳам жонга тегди, дейди, ўтган-қайтган ҳам эшитган гапидан сесканаётганига умуман эътибор бермай.
Катта қайновниям, кичик қайновниям, ош энди яхши дам еб, пишаман деганда пашша тушган қозонниям, фалончи писмадончевга деб сузилган ошнинг лаганда илиги ўйнаб, қазисининг ҳиди дунёни босиб, “фалончи акамгилага, эҳтиёт бўлинг” дейилганча қўлма-қўл кетар чоғида йўлдаманзили ўзгариб, йўлини йўқотган, эгасиз қолиб совуган, ит ҳам тегишдан ҳазар қилганошларниям кўпини кўрган.Мардон хаёлида минг йилдан буён атолмай юрган гапларини тилига чиқаради.
– О, покиза хаёллар…
– О, туркий хаёллар…
– О, туганмас наволар..,
– О, отадош наволар..,
Шу ерга келганида хаёлининг юки ўпкасига оғирлик қилади чоғи нафаси бўғзига тиқилади, ичига тушиб кетган нафасини чиқаришга куч тополмаганидан серраяди, ютиниб-ютиниб бир бало қилиб ўзига келган бўлади. Кейин фикрини жийданинг донагини болалигида опачаларига қарашиб, мунчоқ қилиб тергандагидек бир ипга чизади.
– О, туркий хаёлли болаларнинг наволари шовурини эшиттирганинггашукур, ё, Рабб! Ўзинг Раҳмон – ўзинг меҳрибонсан!
– Навоийқошболалар наволарингшамолидан туюнишга лойиқ кўрганингга шукур, ё, Рабб! Ўзинг Қаҳҳор – ўзинг ғолибсан!
– Наволарни интиҳосиз айла, ё, Рабб!
Ўзинг Раззоқ – барчани ризқини берувчисан!
– Ўзингдан ўзгага мустар қилма, ё, Рабб!
Ўзинг Самиъ – махфий ва ошкора гапу шарпаларни, дилдан ўтганниям эшитувчисан!
– Янгиҳаётнинг кунини ҳаётдай қилган, ё, Рабб.
Ўзинг Латиф – бандаларга сездирмай ўз лутфу эҳсонини етказувчисан!
Туркий хаёлли болаларнинг хаёлларига, ота хаёли учун қон қусган бекларнинг ўйларига қулоқ осган Ойқортоғнинг кўнгли бир кўтарилиб тушади. Ҳайрати ошади. Осмонга кўз тиккан булоқлар кўзига,ойнасига ўзини солади. Шамол тортқилайвериб олабўжи қилиб ташлаган соч-соқолини тартибга солган бўлади. Ҳа демай, кун шом ейди. Қирчаларга белги бериши керак. Тараддисини кўради.
Отадошлик меҳри ҳаётма-ҳаёт, хаёлма-хаёл кезиб юргандек. Раҳмати ёққанини, ёққанини ҳис қилган, қилаётган қалблар хаёли ўтган барча гина-кудратларни унутган,унутганидан қачон ёш кўргани эсидан ҳам чиқиб кетган мижжалари ҳам бир ёвошланиб, кейин бир хаёлга бош қўшгандек, бир ҳаётга айланган сокин дамларқуршовида қолади. Бегона қулоқларга, эшитмас қулоқларга, тамға урилган дилларга эшитилмайдиган, билинмайдиган шовури билан кўкламга қўшилиб келадиган янги ташвишлар, янги ҳаёт, тириклик завқи, эртанги кундан фақат яхшилик умидворлиги завқи кезиб юради. Кейин билса нафақат тўрт томон, бутун дунё қариндош, отадош экан. Одам сонидагилар, албатта. Бошқа гаплар бекорчи ва бачкана туюлади. Одамизод эзгулик учун яратилганлигига иқрор берганингдан кейин… албатта.
Кейинтавба йўлидаги, таҳвидни маҳкам ушлаган, турклик завқини уйғотадиган ва туйдирадиган, туюнтирадиган қадим ва қоядек оддий ва содда айни чоғданеча бир юз йиллик жанг ва жадалларни кўриб ва енгиб келаётган, айтилганда эшитганни ақли танимасаям қони танийдиган, хаёли илғамасаям томирларини тушовибўшаган бандидай ғайратлантирадиган, неча асрлардан буён айтолмай келган сўзларни:бир кун оқўтин, тоза ўтин бўлишдан, қарсиллаб ёниш вақурга нафи тегишдан умидвор дарахтларга, кун келиб кўксидан ўт чиқишидан умидвор йўл ёқалаб бош қўйган тошларга, яхшисиниям, ёмониниям бирдай кўрадиган, бирдай ювадиган ариқлардаги сувга, панада қолиб, кўрмай қолмай, эшитмай қолмай деб, бўйнини чўзиб мўралаган булутларга, ўзига ўзи айтиб жўнайди. Янгиҳаётнинг тўрт кўчасида париллаб айланади.Шу айланиши-ям бир чеккаси Оймакондан, бир боши Ҳиротдан, бир учи Ойбелидан, бир қайтиши Қоратепадан ўтган кўринади. Унга қўшилиб айланганнинг саноғи кўринмайди. Кўнгилларга гулқўндириб айланади. Гул чизиб айланади. Гул ташлаб айланади. Гул ёзиқ ташлаб айланади. Гулуруғ ташлаб айланади. Гуллаб-гуллаб, гурилллаб-гуриллаб айланади.
– Туюнмасанг туюнасан, туюнганда суюнасан…
– Туюнмасанг туюнасан, куйдим деганингдан суюнасан…
– Аввал одам ўзининг ёқасини ҳидлагани маъқул….
– Эгасига юзма-юз бўлишни унутганни, ўша куни эгасиям унутади…
– Аллоҳга иймон келтирдим дегин-да, сўнгра мустақийм тургин…балажон!
– Ақл юритадиган қавмингдан қил, ё, Рабб!
Ўзинг Рақиб – ҳамма нарсани кузатиб, назорат остига олиб борувчисан!
– Ўзингга аниқ ишонадиган қавмингдан қил ё, Рабб!
– Ўзингнинга ахлоқинг билан ахлоқланган қавм қил, ё, Рабб!Ўзинг Ҳақсан!
– Тақво калимасига ҳақли ва ахл бўлганлардан қил, ё, Рабб!
Ўзинг Вакилсан – ҳамма ишларни ўз зиммасига, кафолатига олувчисан!
– Қалбларни тақвога имтиҳон қилганлардан қил, ё, Рабб! Ўзинг Аввалсан!
– Осмонлару ер бор экан, фитна зарар қила олмайдиган қалб ато эт, ё, Рабб!
Ўзинг Охирсан!
– Уйи куйиб, хонаси тутаган ўйларга сон бер ё, Рабб!
Ўзинг Зоҳир – борлиги ҳамма томонлама аён бўлмишсан!
– Каппасига ўт кетган хаёлларга ватан бер ё, Рабб!
Ўзинг Зорр – хоҳлаган бандаларига офат, зарар ва мусибат етказувчисан!
– Худога қайтган қавм қил, ё, Рабб!
Ўзинг Мониъ – дўстларини ҳимоя этувчи, нолойиқларга ўз неъматларини ман этувчисан!
– Худодан қайтган қавм қилма, ё, Рабб!
Ўзинг Сабурсан – гуноҳкорларга жазо беришга шошилмайдиган зотсан!
– Ўзим кабига ёки бошқа махлуққа илтижо қилишдан асра! Ўзингга қочадиган қил, ё, Рабб! Ўзинг Муқаддамсан – ўзига яқин қилувчисан!
– Беомон саваш ичидаги умрни бетига тик қара, балажон!
– Биров машҳурлик тонгини кутади, балажон!
– Биров машҳар тонггини кутади, балажон!
– Ҳаммани борар ерини оёқ ости қилганнинг олдига борма, балажон!
– Гумон гумонсираганни ўзига қайтмай қолмайди, балажон!
– Ибодатларнинг таъсири юзлардан аён, балажон! Бошқасиниям.
– Яна ерни қақраган ҳолда кўришинг унинг оятларидандир…
Охирида, худди бир вақтлар шоҳ ва шоир, темурийзода Ҳусайин Бойқаро Амир Алишер Навоийни турк назмида алам чекиб “Хамса” яратгани учун, шоҳона лутф кўрсатиб, ўз отига чиқариб, отга жиловдорлик қилиб, фахр ила хизматга бўлиб, буткул Ҳирот кўчаларини айлантириб келгандан кейин, шоир ўз ҳовлиси бўсағасиданҳатлаб, ортидан эшикни ёпиб, ерга тиз чўкиб,остонаси тупроғидан бир сиқим олиб ўз бошидан қуйгандагидай ўз бошига ўзи тупроқ тортади. Ҳазратнинг ўшанда айтган сўзлариям тирикдай югуришиб келади:
– Мен, тупроқмен!
Ўша воқеаларга гувоҳ бўлган гардлар қувончларини яшира олмай, ҳайратларини кимга айтишга ҳайрон хаёллар атрофини ўраб олади, ҳали-ҳануз шошганларидан ерга етолмайдилар. Таниш ҳидлар димоққа ўтиради. Димоқларни чоғ қилади. Ҳали замон югуриклашиб ўтган болалардан қолганизлардан дорилиққа учирткиолиб қоши устига қўяди. Тентак ўзидан ҳам қўшади. Бўлмаса тентаклиги қаерда қолади.
– Мен, гардмен!
Етти сиқим тупроқни етмишга бўлиббошидан қуяди. Ҳар бир сиқимига бир йўл қўшиқ қўшади. Етмиш отанинг етмиш отасўзини айтиб, сиқимидаги тупроқнинг ҳар бир гардини кўзига қараганча дам солиб, бошидан қуяди.
Ўз-ўзини бошламас йўлга киши.
Аввало чин эътиқод, хавфу, рижо,
Сўнг таваккул, сўнг муҳаббат, сўнг риё.
Хилма-хил орзуларинг ҳам иблис, ул.
Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл.
Бандаликдан яхшироқ йўқдир мақом.
Ҳазир бўл ҳар нафас, йўлдан адашма.
Билгани халқни фақат ваҳму хаёл.
Эшак толе эмиш туш таъбирида.
Соядин кечгил, асл роз айлагил.
Тоғи тузлар, “Анал ҳақ!” деб турар бўлса.
Мени менда дема, менда эмасман.
Ҳаққа ёнмас ўзин деган нари борсин.
Чироғинг намоз турур, қилмасмусан.
Ҳамиша оғирнинг остидан, енгилнинг устидан юрадиган, ҳаяллаб келадиган хаёллар ўзларидан, қилмиш-у, қилғиликларидан икки хаёлликларидан ерга қараб мулзам тортадилар. Тентакнинг кўнглига қўшилиб эриган кўз ёшларимижжаларга чиқиб, нотаниш жойга келиб қолган боладай ҳайрон,энишни хуш кўрмай тўхтаб қоладилар. Ўзиям томчимисан томчи. Думаласа бир тоғни ювиб кетгудек. Ўлағой-да, сағана.
* * *
Пишак изи ботар бўлиб тушган қорнипешинга бормай ер кўрмагандай қилди. Ер ўзиникини ўзига, иссиқ ўзиникини ўзига олди.Боягина бошига қор қўниб,қор остидан мўралаган,қори кетиб, эришдан бети ялтираб турган тошлар ҳам бенасиба қолмаганликларини билдирадилар. Сувга тўйган тошлар ҳайитга чиққан қизлардек яйрашади. Бетига қараганга қараганнинг кўзларини ўзига кўрсатади. Ойна бўл-а. Тошлар қорнинг ишини ҳазилга йўядилар. Ҳазиллашган қорнинг кўнглини тушинадилар. Кўнглигақарайдилар-у,илкисдан шу қор, шу қоргина неча бир йиллик ҳасратларини ювгандай бўлганини илғайдилар.Урғочи тошлар нам юқтирмайдилар. Худонинг қудрати билан феълига яраша ярми эркак, ярми урғочи тошларнинг икки бети икки бошқа кўринади. Қора булут оралаб қараётган куннинг кулгисига кулгу билан жавоб қайтаришга жон-жаҳдлари билан тиришадилар. Оёқлаб қолган қишнинг балки охирги қори ернида ювади. Оқлайди. Дарди дунёга сиғмаганчакўклам қуёшини қайта кўрганидан ўпкаси оғзига тиқилиб ҳансирайди. Ҳайратидан ҳовур кўтарилади.
Шаҳарга қайтиш вақти бўлди. Ўғилнинг кўзи отаҳаётнинг бир чеккасидаги масъумдарахтга тушади.Унинг-да бағрида шамол ўйнайди. Шамол дарахтга қараб тўймайди, дарахт шамолга. Қўл қимирлаб кечадан олдингикун олма қўйган чўнтак устига боради. Тошолма муштдек туюлади. Муштдек болакайнинг муштидек кўринади. Ҳазиллашиб, турткилаб қўйгандек ҳам бўлади.Ҳазиллашиб бўлмайдиган муштга. Тоғни талқон қиладиган муштга. Беш бармоқ беш жойга тарвақайламай бир жойга мушт бўлган муштга.Ўғилотаси бир вақтлар шу дарахт остида шошгандек… шошади.Расмини чизса зўр чиқаркан, ўйлади ўзича хаёлида кўринаётган олмадаги бўртиб чиққанизлар ва ёш бола мушт тукканда бармоқларининг уста-уст тушганидай ўхшашлигидан шошганча…қани энди рассом бўлсанг. Уканинг хаёлларини паст баландигача илғаётган опа енгилгина томоқ қириб яқинлашади. Опа-ука бир бирларига қараганча гап сўзсиз гаплашадилар. Опанинг дегани ҳаммасига баҳо берган бўлади.
– Умрнинг ўтгани дарахтлардан билинаркан, укажон. Шамол сал қаттиқ ҳуйт деса қари дарахтлар қисирлагани қисирлаган. Зорлангандай. Одамни шоширади. Болалингдан бирга ўсган, ҳар куни кўравериб кўз ўрганиб кетган дарахт бир кун илкисдан ёнбошга кетса одам бошқача бўлиб кетаркан.Мен сиздан мингдан минг розиман. Онам кетарларидан олдин Ойхон, қизим, мени кетишимга биргина қарғиш етмаяпти чоғи, касал ётаверибсениям жуда қийнаб юбордим, қари ўлсин, шу тилагимни бажар, мени қарға деганларини ҳеч тушунолмайман. Ундай деманг апа, деган бўлсамда, ўшанда кўзларига қаролмаганимга ўзимни кечира олмайман. Сизга айтмасам бўлмаслиги учун айтаяпман. Сиз ҳар доим Тошкентдан йўлга чиққанингиздан аён бериб, супирги олиб кўчани тозалаш кераклигини, сув сепиш кераклигини, кўча чанг бўлмаслигини ғазовотини қиладилар. Бек боламга гард юқтирсанг мандан кўрасан дегандай бўладилар. Тез-тез келиб туринг, укажон. Мен сизни ҳар доим соғинаман. Балажонларниям олиб келинг…
Отаҳовли суҳбатлари шоширади.
Отаҳаёт хотиралари шоширади.
Одам эскиравергани сайин бир хаёли бир хаёлни, бир яхши, юракни ҳаяжонга соладиган, кўнгилни яшартирадиган, тирикликка қувват берадиган хаёл бошқа бир, қаеридир ўхшашлиги билан умрга эгов, баъзи қилган, кўрган, баъзан гувоҳ бўлган ишларига нафрат, афсус, ачиниш ҳиссини етаклаган хаёлларни етаклаб келаркан. Бир яхшига бир ёмон дегандек.
Яхши хаёллларни етаклаб келган нарса тандирхонанинг девори. Девордаги излар. Уларни бир вақтлар, болалигида тенгқур ўғил бола, қиз болалар бирга аввал лой қилишиб, кейин бўлак-бўлакка бўлиб, деворга орқа билан туриб, бошдан ошириб лой отиб, “отамнинг пули кўп бўлсин” деб чувуллашгани, кимнинг лойи энг баландга, энг тепага катта бўлиб ёпишса, ўша боланинг отасининг пули энди кўп бўладигандек қувонишлари, ўша бола ўйинни ютган ҳисобланишини эсларкан, қувончнинг чиройидан, севинчнинг эсанкиратадаган эпкинидан, унитилган ва эсланганидан тирилган хотираларнинг кўзидан отилиб чиққан ёшнинг ичидан буғриқиб келган дамни қайтаришга кучиетмади. Девордаги излар ҳам қўшилишиб кулгандек. Излар кулгиси билан из-ма из келган, кейинги вақтларда беэга уйларда палак отган қизларнинг тўйларида урф бўлган келин бўлмишнинг бошдан ошириб гулдаста отишидек, ҳаром қозон тўқчилигининг беўхшов қилиғи, ҳаракатларининг ўхшаб кетиши, ҳозиргина кўнглида чаманлар яратиб кетган хаёлларга қуюқ соя ташлагандек бўлади. Айниқса, эгнидаги ё, бор ё, йўқ кўйлак дейилмишнинг бир парчасиниям ёраман деб туртиб чиққан жасадли келин бўлмишларнинг тортиниш нималигини паққос билмай ўсган нуқсига кўз қири тушганда, гулдаста ушлаганнинг орқасидан қур олиб тўдалашган, эрсираган дугоналарнинг тасрайишган кўзларидаги отиладиган гулдастани илиб олишга ишқивозлик ҳасратини кўрганидан буён кечки тўйларга оёғи тормай қўйган… гулдастадан уялади,
Отаҳаёт хотиралари шоширади.
Кеча қудуқдан пақирдаги сувга қўшилиб чиқиб, энди нима қиларини билмай йўлини йўқотган, қаерга келиб қолганини билмай бақрайган қурвақанинг кўзларига бекор қараган экан, ҳалиям кўз ўнгидан кетмаяпти.
Отаҳаёт хотиралари шоширади.
Қўрққандан шошган ёмон. Рўза оғиз ҳар нарсани гапирмайдилар, ҳар нарсани хаёлдан ўтказмайдилар, дейди ўзига ўзи, биров эшитиб қолмадимикан, деганча атрофига қараб қўяди.Калима қайтаради. Отаси ўргатгандек, бутун дунё бир томонга оғиб кетаётган бўлса-да, ушлаб қоладиган калимани қайтаради. Калима тоза жойдан чиқади. Ҳамиша тоза жойдан. Тоза жойдан чиқмаган нарсани калима, сўз, ёзиқ демайдилар. Бу гапларнинг барини отасидан эшитган. Унда эси йўқ, бола эди. Отаси боласи хаёли тозалигида ёдлаб олсин деб ўргатган, бир кун,албатта, фойдаси тегар деб айтган калимани қайтаради.Билсангиз сиз ҳам қайтаринг…
Азон борлиқ яхшиликларга чақириб, чорлаб, йўл кўрсатиб, борки ёмонликлардан қайтариб, қувиб ҳайдаганча қишлоқ узра сокинлик ва ҳаловат бағишлайди. Қишлоқда ўтган уч кеча, тўрт кундузқадим хотираларни янгилайди, ёшартиради, авлодларни учраштиради. Турлик турлик томошаларни томоша қилавериб бир биридан тониб кетган томирларни бир бирига таништиради. Эл қилади. Энди шу кунларни эслаб юради. Шу кунлар хаёли билан юради. Шу кунлар хаёли қувват беради. Қувват бўлади. Ҳали шаҳарга етиб бормасидан кечаги кунларни соғинаяпти. Ҳали кўп соғинса керак. Соғиниши тайин. Соғинади. Кўп соғинади.Соғинишга қарз. Одам соғинчда қадрли, хотирада тирик, дуода ҳаёт. Энасининг айтганлари хаёл дафтарида вақрақланади.
Биринчи кундаги воқеа,анча вақтдан бери қуриб, қақраб, қақшаб ётган ер қордан олдин илкис савалаб ўтган совуқ ёмғирдан нимага сесканиб кетганлиги энди аён бергандай …сесноқ энди унга ўтди. Сесноқ ичра отаҳаётнинг димоғи чоғ, давраларга сояси эгасиз қолмагандай кириб борган, орқасига қарамай кетган отадай дажам, шахдам, гурсо-гурсюриши кўринаверади, қани энди рассом бўлсанг…Хаёлига яна отасининг гапи эга чиқади. Эгасиз қолган боғ жангалга товун. Жангалга ҳамиша, ҳамма вақтвойвояк эга чиққан.Хаёлни бу сафар Катта бола бузади.
– Дадажон, мен шеър тўқидим. Айтайми?
– Айтингда, балажон!
Бир, бир, бир
Ҳамма ёқда сир.
Машина ичидаги жимликни энди Кичкина бузади.
– Шугинами, ака?
Ака эшитмаганга олади. Кичкина давом этади.
– Дадажон, сувни тик туриб ичмайдилар-а?
– Шундай? Аммажон ўргатдиларми?
– Ўзим, ичимдан билувдим, шунга.
– Дадажон, “Ризқу рўз” дегани нима дегани?
– “Насиба худодандир” дегани, балажон.
– Дадажон, аҳмоқ тишимни томга отмабман, мана, эсимдан чиқипти, энди ақлли тишим чиқмайдими?
– Ҳаммаси ниятга боғлиқ, балажон, ниятни яхши қилиш керак.
– Ният дегани нима дегани?
– Фақат яхши нарсаларни, яхши ишларни ўйлаш, қилиш дегани?
– Дадажон, яхши ўқиш ҳам иши-а?
– Энг зўр иш. Ўқдай иш.
– Дадажон, Навоий бовонинг расмларининг биттаси Навоий бобога ҳеч ўхшамайди. Биласизми? Китобларда бўлсаям барибир ўхшамайди. Навоий бовонинг кўзлари бунақа бўлмаган…қошлариям…
– Қошлари қанақа бўлган экан?
– Гапириб тушинтириб беролмайман, лекин чизиб беришим мумкин?
Гапга Катта бола қўшилади:
– Дадажон, сизми, телевизордами қаерда бўлсаям“Субҳони Раббика”ни ўқилганда “мурсалин” деган сўзни эшитганимда ҳар доим ичим вужуллаб кетади. Шу сўзни жуда яхши кўраман. Сиздаям шундай бўладими?
Энди мошин ҳайдаб бўлмайди. Қутидан чиқиб шамолламаса бўлмайди. Мардонча гапирганда энди қайнаб кетган миягаозгина шамол едирмаса бўлмайди.
Яхши пишиб, шошмай қуриган ва озгинанам теккан шувоқнинг ҳиди яқин ўртадан келади. Димоққа эга чиқади. Ер яхшигина намиққан. Соат, йўғ-э, соат дейишдан, соат сўзининг қуръоний маъносини уқиганидан буён ҳатто хаёлида айланишидан ҳам қўрқади. Вақт шомни билдиради. Жойнамоз қўлтиқда. Очиқ далада ўқиш яна насиб қилсин.
Кенг далада жойнамоз ёзар экан, йўлдан ўтаётган уловлар қаторлашиб тўхтаб,қаватини тўлдириб бораётганлар бир-бирларига тинчлик тилашар экан, қадим таниш Оққош Ота имомликкаўтади…
Азал таниш назарнинг димоғи чоғ кўринади…
Соатга илкис қараганингда сония милининг узоқ вақтдан бери бир жойда туриб қолгандек, қиличини кўтариб тўхтаб тургандек, қараганингдан кейин сесканиб юриб кетгандек туюлишини қайта-қайта кузатган. Кейин орқасига қараб-қарабкетишиниям. Чўчиб-чўчиб, оғриниб-оғриниб, сакраб-сакраб, суюниб-суюниб, ирғиб-ирғиб.Издан бир яхши нарса қолдимикан, дегандай, чоғи. Соат мили, қиличининг борди-келдиси, сотдим-олдим савдоси йўлини тўғри йўлга солиб олганларга аёнмиш. Соат қиличига тегишли гаплар Мардонники.
* * *
Мардоннинг отаҳаёт узрачарх уриб, чаппар уриб, қур олиб айтиши эшитилади. Қур таниш кўринади. Айтув аввал кўнглида, кейин тилида айланади:
– Фармонинг бир сўздан ўзга эмаслигига бўйин бердим, ё, Ҳу!
– Кўз очиб юмгунча бўлурлигига бўйин бердим, ё, Ҳу!
– Ҳар бир иш китоблардалигига бўйин бердим, ё, Ҳу!
– Ҳар бир кичигу катта ишлар сатрланганлигига бўйин бердим, ё, Ҳу!
– Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсонлигига бўйин бердим, ё, Ҳу!
– Ожизлигимни тан олишдан бошқа илож қолмас кундан олдин ожизлигимга бўйин бердим, ё, Ҳу!
– Бўйиндаги қон томирдан ҳам яқинлигига бўйин бердим, Ё, Ҳу!
Хаёлни яна ҳамма нарсага рухсати азалдан теккан Кичкинтой бузади.
– Дадажон, ҳаётнинг бошидаги олманинг шохига чиқиб қўшиқ айтсам, ҳаёт ҳам манга қўшилиб қўшиқ айтди. Нимани айтсам, ўшани қайтарди. Кўзимни юмиб айтсам атрофимда ўраб олганлар қараб туришгандай, кўзимни очсам бирда бекиниб олишгандай.Лекин қўрқмадим.
– Қайси қўшиқни айтувдингиз, балажон?
– Аё, соқийни…
– Ака, бирга айтмаймизми?
– Ташқарига чиқиб айтамиз. Бирга айтамиз. Далалар ҳам эшитсин.
Болалар хурсандликдан ҳайқиришади.
Худо хоҳласа келар кўклам ҳаётга, болалиги ўтган ҳаётга болалигида қандай дарахтлар қайси жойда ўсган бўлса, ўшандай кўчатни ўша жойга ўтқазади. Қайси дарахтнинг қандай жойлашганлиги куни кечагидай эсида, ораларининг неча марта қадамлаб санаган. Саноғи эсида. Ҳозир қадами катта, тўғри келмаслиги аниқ. Сариқ боланинг қадами тўғри келади. Сариққа қадамлатади. Қоравойга санатади. Ўзи хумордан чиқиб кузатади. Хаёлига дарвозадан киргандаги беҳининг бамайлихотир ёнбош ташлаб туриши жазиллаб урилди. Беҳининг белига бўйнидан осилган айрон мешнинг ҳаппайиб, икки қўл икки ёққа, икки оёқ икки томонга тарвайиб ўтириши қадрдондан қадрдон кўриниб кетди. Остидаги, отаси тоғдан атайлаб олиб келган Каттасой ясситошининг бир жойи баданига ботиб кетди чоғи бир билқиллаб қўйгандай ҳам бўлди. Оғзига бир тутам шивит тиқилганча ияк кўтариб атрофида солланишган кўк райҳон, қора райҳонларга қараганини айтмайсизми? Қурғур. Бош кетган бўлсаям такалиги эсидан чиқмай. Кулгисини қистатди. Кулдирди.
Эрнинг оғзини таноби қочганига кўзи тушган, шу вақтгача уйқусираб келган, ҳамиша ўзидан хавотирдаги хотин зотининг жағи очилади.
– Ҳой, дадаси, нимага кулаяпсиз. Нимага кулганингизни айтасиз… мен ҳам билишим керак. Ўзи боя тўхтавдук-ку. Болаларнинг кўнглига қараманг. Бу туришда қачон етамиз…
Мошинадан тушиб, оёқлар ерга тегиши билан болаларнинг айтар қўшиқлариям эсларидан чиқади. Қувалаш-қувалаш ҳайқириқлари дунёни бошига кўтаради. Болалик баридан устун келади. Бегуноҳлик баридан пеш чиқади. Болаликка айб тақамайдилар. Энди отаси қилган ишни қилмаса бўлмайди. Бир вақтлар шунга ўхшаш ҳолатларда, отаси боласини суюб кетган вақтлар отаси ўғлини қучоғига олиб, ҳеч кимга кўрсатмай, тишларингни бир кўрай қуртлагани бормикан деб оғзини катта очтириб туфлаб қўярди. Одам ҳам ўз боласини шунча яхши кўрадими, деганча, опаси аюҳаннос соларди.
Қадим таниш, отаси бир вақтлар айтган, ушлаб кўрсатган, бирда силаб қўйган, бирда бир чизим ип билан боғлаб қўйган, дегани деганидек бўлиб чиққан отамерос оғриқлар кўрсатилган жойларга беради, ҳазиллашиб турткилаб ҳам қўяди.
Тошшаҳар қочиб кетмас. Оқибати ошамидан ошмайдиган ошналарга қўшилиш қочиб кетмас. Болаларга қўшилиб ўйнагани қолади. Вақти келиб ўтган қайтганда эсларга бир нарса қолади… Кўнгил йўл ёқалари таниш хаёлларга тўлишини тусайди… қумсайди… силқийди…тўлишидан туюнади…
…Qishloqqa kirib borarkan yoʻl yoqasidagi tanish daraxtlardan birortayam qolmaganligiga koʻzi yetgach dami ichiga tushib ketdi…
Bahodir Qobul
OTAHAYOT
Bahodir Qobul (Bahodir Qobulov) 1966 yilda Baxmal tumanida, Oʻsmat qishlogʻida tugʻilgan. Alisher Navoiy nomidagi Samarqand Davlat universitetining oʻzbek va tojik tili filologiyasi, shuningdek mazkur universitetning huquqshunoslik fakultetlarida tahsil olgan.
Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi aʼzosi. “Ena shamol” kitobi chop etilgan. Yozuvchi oʻz asarlarida ona tilimizning betakror tarovatini , inson qalbining jozib kechinmalarini oʻzgacha zavqu hayajon, mehr va muhabbat ila goʻzal tasvirlar vositasida ifodalay oladi.
Birinchi kun
…Qishloqqa kirib borarkan yoʻl yoqasidagi tanish daraxtlardan birortayam qolmaganligiga koʻzi yetgach dami ichiga tushib ketdi…
Bir vaqtlar shoxlari shamolda gurillagan, epikinda sollanishgan, shoxlashishgan shoxlarning soyalari bir birini quvalagan, shoxdan-shoxga uchgan-qoʻngan qushlar gʻujuridan, ostida bir maydon oʻtirgan odamning bahri dili yayraydigan, gʻubori ketadigan yoʻl yoqalagan daraxtzordan irimigayam qolmaganidan aqli shoshdi. Necha yildirki bola tugul otagayam ish topilmasligi, siyosat siyohiga tegib ketmasin deb gudranganda bekorchilik, odamlar origa tegib ketmasin deb talmovsiralganda ilojsizlik ortidan, odamlarni oʻzi ekkan boʻlsada, oʻzlariniki boʻlmagan daraxtlarni kesishga, egalik qilishga, kesgandayam kesayotganligining gunohligini bilib turib, bir-biridan yashirincha, yarim kechada kesib, oʻgʻrincha oʻtinni oʻgʻrincha uyga tashiganiga, uydagilarniyam oʻgʻrilikka sherik boʻlganiga guvoh boʻlgan Kattayoʻlning ikki beti oʻtinni sudrab oʻtgandan qolgan chandiqlar qachon bitishini, qachon avvalgiday boʻlib ketishini ikki koʻzi osmonga qadalgancha kutib yotganday koʻrinadi. Koʻzda koʻringandan koʻra xayolida koʻringan xushni shoshiradi.
Kattayoʻldan Jarkoʻchaga burilarkan, burimdagi bir vaqtlardagi, daraxtlar orasidagi ariqdan qolgan doʻnglikda ketni quriq yerga berib, sal kam koʻkrakkacha qayrilib kelgan tizzalar koʻzi ustiga qoʻllarni osiltirib, chotni katta kerib, boshni osiltirgancha mardikor oʻtirishda qatorlashgan, biri nos, biri tutunni xumorida tizilishgan, nosu-tutundan yiroqlar, toʻrt qadam narida chordona qurgan qishloqdoshlarini changda qoldirmaslik uchun oldinroqdan sekinlatilgan mashina tuproq oralagancha sal oʻtmay toʻxtaydi. Hol soʻrashishga qoʻzgʻalgan qurga yuzma-yuz yuradi. Koʻplari tengqur. Yuzma yuz kelgan yuzlar xuddi bundan qirq yil oldin shu koʻchalarda yurgan otalarning tus nuqsi. Bolalar otalarning suratiga kirgan qoʻygan. Yaqinlashish uchun tashlangan toʻrt-besh qadamda xayoldan oʻtgan xomchoʻticha otalarning yoshi qurda turganlarnikidan ancha katta edi. Erta qarigan tengqurlarning faqat koʻzlari oʻzlariniki edi chogʻi. Shaharlik koʻrganidan, sezganidan seskanib ketdi. Qishloq odamidan hech narsani yashirib boʻlmaydi. Yana koʻrib turgan boʻlsa. Koʻrganlaridayam, hamma narsani bilib turganlaridayam oʻzlarini sezmaganga, bilmaganga oladilar, xolos. Hokisor. Bilganga xor, bilmaganga sor.
– Keling, endi bir bagʻrimga bosay, avojon. Boʻyinggizga bir toʻyaylik. Yana qachon koʻrishamiz. Kelsammi kelmasammi deb turgan shamolni isi kimniki desak, sizniki ekanda…
Bu Bozorboy avoning ovozi. Ota kasb, etikdoʻzlik qiladi. Birda aytgan edi: quloq terlab etik tikish, burin pishnab maxsi tortish qayoqda. U kunlar oʻtib ketgan, avojon. Kun yirtiq, yamoqqa qolgan. Qishloqda oʻqimagan kitobim qolmadi. Sizda zoʻrlaridan bor, avojon, bilaman. Bittasini tashlab ketasiz. Yangamning yirtishidan tekkan tavarikka oʻrab oʻqiyman. Bu keganingizgacha yodlab qoʻyaman…
Endi kitob tegishi naqdligini hamma biladi. Oraga yangani oti tushdi. Avoning yangasi shaharlikni opasi. Tuqqani.
Kela-kelguncha, moshinada oʻgʻilchalariga yoʻlma-yoʻl maqtanib kelgan, bir vaqtlar bolalikda, yozgi taʼtilda mehmonga kelgan, qishloqcha aytganda qidirib kelgan, shaharlik boʻlib ketgan xolalarning bolalari – boʻlalar Jarkoʻchaning ikki yelkasida osmonni suyab turgandek balandan baland teraklarning hayratidan hayajonlangancha “qalʼa devorlariga oʻxsharkan” degan teraklar ham xolasinikiga ketgan koʻrinadi.
Yer quriqshib, qaqrab, qaqshab yotgan edi.
Xudo mehribon boʻldi. Nam tashladi.
Bosilgan iz qolar-qolmas qor tushgan hovlining kun chiqar etagidagi daraxt shoxida sovuq zahridan panalabgina, uvishibgina, mungʻayibgina, moʻltirabgina turgan nazarni ilgʻadi. Qadim tanish va yuklik oʻrinadi. Qarashning yoshi, boʻyi-basti borga oʻxshaydi. Yillar bilan oʻlchanmaydigan, oʻziga oʻxshagan xotiralar, oʻlmaydigan xotiralar bilan oʻlchanadigan, xayolni paqqos egallaganda koʻkayni orziqtiradigan xotiralar bilan qarichlanadigan, taroziga qoʻyilganda, zirqiratar xotiralar bilan tosh bosar oʻynaydigan, oʻlchanadigan, eniga titroqlar bilan sarjinlanadigan, begona koʻrmasligi shart koʻz yoshlari bilan choshlanadigan, gardiyam elaklarga, gʻalvirlarga, qulochlarga sigʻmaydigan, ogʻir keladigan, mana-man degan yelkalar koʻtarolmaydigan, ne bir katta koʻzlar koʻrmaydigan, koʻrolmaydigan, koʻrishi buyurilmagan, ne bir katta telpakli, sallali, shlyapali kallalar ostidagi aqllar ilgʻamaydigan, ilgʻash nasib qilmagan, nasib qilmaydigan zarradekkina yuki boʻladi. Boʻyining totini Kunchiqarda turib totsa, Kunbotarda sayrlanib tuysa ham boʻladi. Odam zoti qalam bilan surat solsa uifor bilan, boʻy bilan surat soladi. Suratni havoga, osmongasoladi. Didlarga, dimoqlarga soladi. Koʻngillarga soladi. Koʻkaylarga, koʻzni koʻziga soladi. Solgan suratidan ham isi kelib turadi. Ham bolalik, ham oʻsmirlik, ham yoshlik, ham keksalikning isi bab-baravar kelib turadi.Ularga qoʻl qancha uzun boʻlmasinetmaydi.Ota hovlining kech kuz boltasidan oʻtib, yaproqlar bilan omonlashib, qoʻshni dov-daraxtlar bilan xayr-xoʻshlashib,qor bosgan bogʻning adogʻidagi peshonasiga bir chimdim qor qoʻndirgan koʻk olmalarning betidagi dogʻlar qaysi bir jonoʻrtar xotiralarni, sepkilday nuqta-nuqta xatlari ne bir yuzlardagi xollarni, koʻz yoshlarga belanib titragan xollik yuzlarni, xollarni quchoqlab toʻkilgan koʻz yoshlarni, bolalikning, oʻsmirlikning istalgan kunini kuni kechagidek yodingga yoʻldosh, qavatingga qadrdonday tikka turgʻizib qoʻymaydi. Kerak boʻlsa qoʻl ushlatib qoʻyadi. Bir vaqtlar qalin joʻrang boʻlgan-u, keyin haromni qozoni qaynab, uzilishib ketib, amallashga berilgan amal xayr – maʼzurni nasiya qilib ketgach, yuk yengillab,yana topishgandek. Koʻk olma… Hayotlarining bir chekkasi,chegarasi shu olma edi. Undan keyin ariq. Ariqning nari labi qoʻshniniki…
Qor ustidan yurib eski tanishdaraxt tanasiga qoʻl tekkizar ekan, daraxt titrab ketdimi, oʻzimi haytovur bilmadi. Lekin, shunday boʻldi. Yoʻq! Seskangani yoʻq!. Aʼzoyi-badani birdaniga boʻshashdi, koʻziga mungʻaygan va eganing oʻgʻli kelishini kutganday koʻringan, oʻzini ne bir koʻzuqoʻllardan asragan koʻrimsizgina olmani uzib, shoshgancha, eta,hishtorovlagancha kissasiga soldi. Birov koʻrmasin degan xayol koʻnglidan oʻtmagan boʻlsayam, nimagadir shunday qildi. Sovqotganidan isisin, dedimi, sovuqqa qoldirganidan oʻzini aybdor xis etib, aybini sal boʻlsa-da yuvish uchunmi, bolalarga beraman dedimi, yoʻq, bu olmani bolalarga berganini xotini koʻrsa shuyam olmami deganday ensani qotiradi, … haytovur shunday qildi. Aqlning ana shunday vaqtlarda zarrachalik ahamiyati yoʻqligini koʻp boʻlmasayam koʻrgan. Olmaning ne bir armonu orzusi ushalgan odamni nafas olishiday damsar urgani yo, eshitildi yo, shunday tuyuldi.
Ota uy xotiralaridan ortiq, ota uy xotiralaridan shirinxotira yoʻqligini, otauy hovlisida yurishning oʻzi bir tush ekanligini oʻziga oʻzi anglatgancha bolalik oʻtgan hovli tuprogʻidan kishi bilmas olib, kishi bilmas hidlab qoʻyadi. Tushu oʻng xotiralari, xayollarini tartibga keltirishga ming urinmasin biri-biridan qadrli, biribiridan entirtirar xayollar biri birini ustiga bostirib kelaveradi. Xotira hamisha tirik. Xayol hamisha tirik. Arvoh hamisha hozir. Yaxshiyam ushlab boʻlmaydi. Ushlanadigan narsalar qozonga bosilmay qolmagan. Xayollar ham ham oʻgʻilning xayolida bir koʻrinishni, otahovli sahnida koʻrinishni, yurishni, diydorlashishni necha yil kutganday tuyulaveradi. Xotiralar oʻgʻilni oʻzlari sherik boʻlgan yoʻllarga, guvoh boʻlgan joylarga tortqilaydi. Tortqilab-tortqilab bir vaqtlar, bolaligidashoxidan tushmagan daraxt ostiga olib kelishadi. Ota-onasining shu daraxt soyasida gaplashgan gaplari xayollari orasidan parillagancha toʻrt koʻz tugal, dimogʻi chogʻoldinga oʻtadi.Qatorga ega chiqadi. Oʻtagʻolik qiladi.
– Sapiya, shu Qorabolangiz armiyada bir ish qilib qoʻygan boʻlmasin tagʻin? Emasa (boʻlmasa) nimaga tilponga chaqirtirishadi, deydi opasi otasiga bosh bolasining otini tutib.
– San haliyam balasan-da, deydi otasi. Chaqirtirishmagan, balangni oʻzi gaplashaylik, deb telgiramma berdirgan.
– Xatni birovga yoziradi-yu, telgirom berishni qayerda biladi? Shuningiz sal shoʻx edi, davlatni tankasini sotib qoʻygan-ov, xatida tankichiman deb yozgandi. Suratidayambir oʻzi, yonida hech kim yoʻq. Qiynalib qolgan boʻlsa…
Otasi bir muddat jim qoladi. Keyin, javob bergan boʻladi.
– Sanga bari-bir hech narsani tushuntirib boʻlmaydi.Telefonga chaqirgan kun kelsin-chi, ungachayam xudo poshshodir. Boraylik, gap nimaliginioʻshanda bilamiz. Tankani kim olardi, qiziqsana-a? Qayerdagi gaplarni gap deb yuribsan. Roʻza ogʻiz har narsani gapirmaydilar. Davlatni tanki tugul har bir otilgan oʻqiqayerga tekkanini hisobi bor. Nima deb yuribsan oʻzingdan oʻzing.
– Maniyam gaplashishga olib boring.
– Xoʻp. Avval san gaplashasan, boʻldimi?
– Qoʻshnimizni oʻgʻli Zayniddin soatini yoʻqotgan ekan, onasi, dugonam xudoning zorini qildi, dugona koʻnglingga kelmasin, shu oʻgʻlingdan boshqa qush ham uyga kirgan emasdi, deb. Oʻgʻlingizdan aldab soʻrasam aytmadi. Uch soʻmni koʻrsatib topib bersang shuni beraman degandim, katta sandiqni tagiga bekitgan ekan, pechkani olov choʻqilagichi bilan qoʻygan joyidan tortib chiqarib, endi pulni bering deganda,mana sanga uch soʻm pul deb,bir shapaloq urganman.Shu narsa esimga kelaverib, tankaniyam sotvarganmi dedim-da. Shu vaqqacha aytmay, yashirib yuruvdim… Bala-da.
Dadasi hech gap eshitmaganday javob beradi.
– Kim unga tankani sotgani qoʻyib qoʻyarkan. Gap tamom. Boʻldi. Boshimni ogʻritma.
Otaning xayoli shoshgandi. Bolani tashvishi manaman degan ona-onaniyam shoshirishini keyin koʻrgan. Bilgan. Boshidan oʻtkazgan. Boshidan oʻtgan biladi. Oʻshanda otasi opasiga joʻyali gap topib berolmay qolganida bir muddat noqulaylikdan keyin “koʻp gapirmay tandiringga qara, kalla tankada boʻlib, toshkoʻmiremaylik” degandi. Opasi“voy, esim qursin” degancha tandir boshiga yuguruklagandi. Tandirga kirishga tayyor yasogʻliq xamirlar supadagi savatda. Opasi tandirning yaxshi oqarganligiga koʻngli toʻlganidan boshi tandir ogʻzida, qadrdon non yopar joylarni tusmollagancha non yopganda orqada odam turishi mumkin emasligini gapirishdan tiyilib, qoʻlini silkib otasini nari ketishga undardi.
Katta Enasi aytganday nonlar ha demay Xudoning yuzini koʻradilar… non tandirning issigʻidan qizarmasmish. Jamolini koʻrganidan emish. Tandirga non yopganda non yopganning orqasida odam tursa non orqasini bermasmish. Orqasini bermagan, tandirda qolib ketgan nonlar shundan emish. Uniyam egasi bormish. Kuygan non kuyganlarga berilarmish. Ularning oti qitirloq edi. Nonni kuygan desa uyat boʻlarmish. Qitirloqni opasi tavoqqa solib toʻgʻri Enasining oldiga olib borardi. Enasi kuygan. Yoshligida kuygan. Toʻrt bola bilan jazillab qolgan deyishadi. Otalarini “…sen kitob koʻrgansan…” deb olib ketishgan. U vaqtlarda kitob koʻrgan odamni koʻpi kuygan.
Enasi koʻngil uchunqitirloqdan bir boʻlagini tishsiz milklari orasiga olardi, “kuygani menga, kulgani yoshlarga” deb tarqatardi. Qitirloqni qitirlatib yegandagi ovozlar ham begonasirab boʻlsa-da,etagi chaqirtikonlarga talanib boʻlsa-da, uzuq-yuluq boʻlib boʻlsadayetib keladilar.
Tandir soʻzini qayerda eshitmasin opasining opachasiga non yopishni oʻrgatayotib tayinlagan gaplari guvillab atrofida aylanadi.
– Tandir qizdirishni bilmaydigan xotinning ogʻzi sovimaydi. Qulogʻiyam.Tandirni oqartirishni bilmagan xotinning hamisha ikkibeti qora. Koʻp mudarrislik qilmay, yengichani bilakkinadan oʻtkazing, rapidagina nimaligini bilasizmi oʻzi yaxshi qiz,” deb kenaganlari, gap ustiga guvoh boʻlib, ekilganidan beri tandirxona ogʻziga qorovullik qiladigan, bir-biriga qarab kulishgan chilonjiyda barglari keladi. Barglar boshida boshqa tashvish, soyasida boshqa xayol boʻladi. Koʻngli oqning tandiri hamisha yaxshi oqaradi. Bir tutam gʻoʻzapoya, bir changalyantoqqayam oqaraveradi. Bu gaplar endi roʻzgʻor koʻrgan, vatanni boshini ushlagan, oʻchoq-tandirga ega chiqib,noni xom chiqsa hammasini oʻzi bekitib yegan, yaxshi chiqsa hammaga ulashgan, ulashadigan, tandirigaoʻgʻrincha oʻtinni tiqmagan, qozoniga koʻringan bezni, chandirni bosmagan, bosishdan tiyilgan, bosmaslikka iqror bergan, koʻsovi koʻsov joyida, otashkuragi otashkurak joyida turadigan, ota-onasi batayin biyxotinlarning gapi. Oʻgʻri bek, gʻar beka boʻlolmasmish.Bunisi Mardonniki.
Oʻgʻil,shahri azimdan chiqishidan oldin,xuddi bir vaqtlardagidek, ota-onasi hayot vaqtlardagidek bozor-oʻchor qiladi. Onasiga yoqadigan sap-sariq novvot, qoʻshnilarga chiqarish uchun mozorbosdi nonlardan bir quchoq, mashinani koʻrgandan yuguruklashib ergashadigan qishloq bolalariga teshik kulchalardan bilak koʻtargancha, qadimdagidek qutisining ichi yaltiroq qogʻozli, ustida ikki filni bir-biri bilan salomlashayotgandek rasmi boʻlmasayam,qishloqda ichadigan odam topilmasayam,Hindistonning hidli pomili-qora choyidan oladi. Olmasa boʻlmaydigandek, begona joyga begonadek borayotgandek tuyulaveradi. Onasi xafa boʻladigandek boʻlaveradi. Necha marta qilmoqchi boʻlgan va qilolmagan ishini qilishga yordam berishini koʻnglida soʻraydi, niyat qiladi. Otasi tizza urgan, peshonaqoʻygan, yolvorgan, iltijo qilgan oʻrinlarda tilovat qilishgatayyorgarlik koʻradi.Xayollarga qoʻshilib ota nafasining tafti oʻrab olganidan serrayib qoladi. Otasining susti bosadi. Hamzamon otasi hayotdan begona oʻtlarnibir quchoq qilib oʻribmi, tutamlabmi yiqqan-u, qoʻltigʻigaqisib kelib qoladigandek.Opasiga “darvozaga qarab tur, peshin kirib chiqay” deydiganday. Yelkasi osha qarab turgandek, bolasini bola bilayotgandek. Ota uyga qarab yoʻlga chiqishi bilan ota nigohi izma-iz oldiga tushib yoʻlni tozalab, adashib ketmasin deb yoʻl koʻrsatib kelgandek…
* * *
Bomdoddan boʻshagan oʻgʻil, otasi berkinib joynamoz yozgan oʻrniga erkin joynamoz yozganidan dili bir yorishgan boʻlsa, boʻshagandan keyin, yelkasidan togʻ agʻdarilgandek boʻldi. Xuddi otasidek usti ochilib qolgan oʻgʻillarning koʻrpasini yopdi. Tashqariladi. Sakinat paqqos egallagan hovlining, otameros tut, oʻrik, yongʻoq oralab bir chekkada yelka qisib oʻsgan va tanasiyam qurib, yorilib ketgan olmaning oldida toʻxtadi. Kovushbotar qorda qolgan oʻz izlariga koʻzi tusharkan, orqasidan kimdir ergashib kelgandek taassurot, xayol lip etib oʻtdi. Tiriklik, hayot ergashib yuribdi,yurgan yoʻlingda iz qolibdimi, demak tiriklik belgisi, yozigʻi. Toʻxtasang toʻxtaydi-ku, dedi oʻziga oʻzi oyoqlari ostiga qaragancha. Bir vaqtlar otasi sahar mardondan shunday hovlida yolgʻiz yurganda opasiningqoʻli ishda boʻlsa-da, bir koʻzi otasida boʻlardi. Hozir uning ortidan, izidan, har bir harakatidan “bir kunda bir necha marta siz uchun jonimni berishga tayyorman ukajon, deydigan, degandayam koʻzda yoshi bilan deydigan, siz kasal boʻlmang, mana man tayyorman”, degan Oyxon opasi bir nafas ham koʻz uzmayotganiga iqror. Yoʻtalsayamha, ukajon, debtandirxonadanmi, mehmonxonadanmi, oʻtiradigan uydanmi, uy tomdanmi yuguriklab chiqadigan, institutni bitirgandan qishloq maktabida ishga kelib boshlangʻichlarga dars bergan, harf oʻrgatgan, butun qishloq yoshlari bolalariga aylanib ketgan opasi,toshkentlikjiyanlarini koʻrganidan oʻzida yoʻq shod, yuzu koʻzi mehrga toʻlgan opasixursandligidan qilar ishiniyam adashtirib paypaslanib qoladi. Uka opasini urintirgisi kelmaydi. Bir vaqtlar, talabaligida Otakent-Samarqanddan qishloqqa kelganda onasi shunday qilardi. Hayot oʻz doirasida, oʻz maromida aylanveradi, faqat unda sen oʻzingni birda koʻrasan, birda koʻrmaysan, birda koʻrmaganga olasan, birda hayot seni koʻrmaganga oladi deganlari shu boʻlsa kerak.
Qadim oʻrniga yozilgan dasturxon ustida ammajon, uka, kelin va ikki jiyan. Yoshi yetmasayam qoʻshni bolalarning maktabga borarida orqasidan ergashib, yanagi yil maktabga borasan deganlarigayam qaramay, janjalni katta qilib birinchiga chiqqan Kichkinaga hamma narsaga ruxsat. Ammajon topgan-tukkan, oʻzi oylab yemaydigan shirinliklaru, kallai saharlab pishirib-tushirilgan boʻgʻirsogʻu, kulchalar kulgancha qatorlashgan boʻladi. Dasturxon ustidagi savatday keladigan turk patir va uning oʻrtasidagi qoʻsh kelini ilingan bir kalla kuvining sariq moyi bir chekkadan erib, hidi olamni tutadi. Hovli egalik ekanligidan taltayadi. Egasining bolasi kelganidan taltayadi. Xuddi onasi, otasi bor vaqtlardagidek.Opasi ukagapatirni sindirishni, sovumasligini tayinlagan boʻladi. Erkakni qoʻlida singan nonning yoʻrigʻi boʻlak emish. Bu gaplarkoʻp qadim gaplar. Avvallari aytilguvchi edi. Patirni sindirar ekan, shu gapni aytmasa bu iboralar ham chetga surilib-surilib, yoshlarning qulogʻiga kirmay, begonasirab qoladigandek. Begonaga aylanib ketadigandek, shoshadi.
– Nonni erkak kishi sindirishi kerak-a, ammajoni, – deydi.
– Ha, ha,– deydi Ammajon ham gap nimadaligini, ukaning koʻnglidan oʻtayotgan qildek narsalar ham ayon berayotganini bildirmaslikka tirishgancha.
– Erkak kishi sindirgan non orqasiga qaramaydi.
– Bu non emas, patir-ku, – deydi Kichkintoy tap tortmay.
– Undan boʻlgan hamma narsa non sanaladi, deydi opasi gapga qoʻshilib.
Qoʻllari endigina oʻchoqning ostidan chiqqan patirning issigʻidan kuyganday boʻlsa-da, bir chekkasidan boʻlak-boʻlak qilib sindirib, bu Sariq, bunisi Qorabolaga deb belgilab, keyin oʻrtada kilkillab erigan saryoqqa botirib qoʻyayotgan otaga erkintob Kichkintoy odatdagidek kelganini toʻxtatmaydi.
– Dadajon, dadangiz oʻqigan joyda namoz oʻqidingiz-a?
– Ha, balajon,– degancha bir Ammajonga, bir xotiniga qaraydi. Bir vaqtlar otasini shoshirgan shamol betiga kelib urilganday boʻladi. Kattalar dasturxonga qaraydi. Patirning sovushini, oʻziga tegishlisini olishini kutadi. Gap-soʻz jiddiydan jiddiylashadi.
– Oʻzim ham shunday boʻlsa kerak, deb oʻylagandim.
– Mana bu kimniki,– deydi ota boyagina bu falonchiniki, bu tugunchiniki deb belgilangan boʻlaklardan birini olib atayin oʻzini bilmaganga solgancha.
Katta oʻgʻil otaga qaragan boʻladi. Ota uzatgandi, bola qoʻl choʻzdi.
– Dadajon kattalarning ishi kichiklarga tushishi mumkin-a?
– Albatta.
– Ana, aka, men sizga nima devdim. Akam boʻlsa kattalarning ishi tushmaydi, nimani xohlasalar kichkinalarga buyurishi mumkin, deydilar.
– Nima gap ekan?
– Aytaylik, bir narsabir pana joyga kirib ketdi. Kattalarning qoʻli uzun boʻlgani bilan olomaydi-ku, oʻshanda olib ber deb kichkinalarga ishi tushadi-ku?
– Ha, ha, toʻgʻri– deydi ota xayoliniyam yoʻqotgancha. Va xuddi hozir ota-bolalar turgan joyda va bir vaqtlar xuddi shunday vaqtlarida, qish kunlaritok uzilib, lampa chiroqlar shishalarini tozalagani esiga tushadi. Opasi eski gazetaniyam avaylardi, oʻlchaganday qilib berardi. Bolakayning qoʻli shishani ichiga azot kirar, yaxshi tozalardi. Otasidan, opasidan qilgan ishiga rahmat eshitish uchun ularga qayta-qayta qaraganda, xuddi shu xayollar boshidan oʻtgandi,otasi oʻshanda “yashasinbalang, yashasin Sariq balang, ana hech kiming qilolmaydiganniSariq bala qildi. Qani birontang shunday tozalab koʻrchi”, deb maqtaganlari xotirasiavval koʻzini, keyin ogʻzini kuldirib ketdi. Qishning uzoq kechalarida toʻqqiz bolorlioʻtiradigan uylarining oʻrtasiga, mixga ilinganchiroqning boshiga qoʻndirilgan shlyapasi bir silkinib hammasi esidaligini bildirganday boʻldi.
Otauy uch xonali. Ikki ayvonli. Biri katta, biri kichik. Darvozadan kirganda mehmonxona, oʻrtada oʻtiradigan uy, keyin uy tom deyiladigan xona. Nimagadir oti shunday. Uy tom. Mehmon kelganda ishlatiladigan idish-tovoq, gilam, koʻrpa turadigan joy. Doimo qulfloqlik boʻladi. Hamma koʻrpa-koʻrpasiga kirib ketgandan keyin, yotar oldiotasi chiroqning piligini pasaytirib qoʻyishiyam koʻz oʻngidan oʻtganday tuyuldi-yu, koʻngli boʻshashdi. Boshiga savat qoʻndirgan chiroqning turishi, oʻzi bir doston boʻlishini endi-endi ilgʻaydi, eng zoʻr tushlar oʻshanda oʻtib ketganligini endi ilgʻaydi. Otachiroq ostida koʻrilgan tushlarning begʻubor, begidir, besoʻrov, begʻalva, betashvish, beqiyos, bebaho, behisob ekanligini endi ilgʻaydi. Bolalar chugʻuri davom etadi.
Ota-onaning, yoshi kattalarning oldida baland ovozda gapirish uyat ekanligini taʼkidlagandek, ota tomoq qiradi. Dasturxon atrofi oʻsha-oʻsha, toʻliq. Sovuqdan qunishgan musicha ayvondan pana topgan, keyin oʻtiradigan uyning ayvonga qaragan derazasining tokchasidan ichkariga moʻralagan boʻladi. Oʻsha-oʻsha. Qadim tanish musicha. Bolaligida qishloqda hamma, kattayu kichik musichani musigugu deyishardi. Biyfotimaning tovuqlari deyishardi. Hozir gaplarga bir narsa ketgan. Joni yoʻq. Na yozgan tushinadi na oʻqigan. Boʻynidagi munchoq taqqanday qora xolday kashtalar ham oʻsha-oʻsha. Koʻziga qarashga yurak dov bermaydi. Musigugu qulogʻini deraza oynasiga qoʻyadi. Ichkariga kirgudek boʻlib boshini oynaga urib oladi. Koʻziga tanishlar koʻringan boʻlsa kerak. Opasi derazaga quloq tutib turgan musichaga gap qoʻshardi.
– Hozir balalar choylarini ichib boʻlsin, dasturxonni ayvonga qoqaman. Shoshmay tur. Joʻrang, qani? Hah, qushniyam vatani buzilmasin, yamonni kuchi yapaloqqa yetdimi, degancha kuyinardi.
Aka-ukalar, opa-singillarning “ahmoq tishimni ol, aql tishimni ber” deb tom ustiga otilganda guvoh boʻlgan ayvon ustunlarining turishi oʻsha-oʻsha. Shopillarning turishi oʻsha-oʻsha. Ustun ustidagi, shopil ostidagi boshalarning turishi oʻsha-oʻsha. Faqat rangi oʻzgargan, rangi oʻchgan. Xira tortgan. Endi bolalari ahmoq tishlari oʻrniga aql tishlari soʻrashmoqda. Xayol endi ahmoq tishlar-ku ketgan ekan, aqlli tish berganmikan, berganligini bilishga aqli yetganmikan, belgisini ilgʻashga aqli yetganmikan degan oʻyni, oʻtgan kunlar hisobini surishtirib keladi… Baribir “ahmoq tishimni ol, aql tishimni ber” degandagi hayratga, ishonchga, begʻuborlikka oʻziga ishonchga toʻla soʻzdan ortigʻini, yoqimlisini, koʻngliga yaqinini topolmaydi. Shu gapni ichida, tashida takrorlab hayot aylanadi. Otahayotni aylanadi.
Bir vaqtning oʻzida ham oʻtgan, ham hozirgi, ham kelasi zamon birday qarab turadigan, ham birlik, ham koʻplik maʼnosi silqib turadigan Katta Enasining gap-soʻzlari daraxtlar, devorlar, tarnovlar, quduq boshiga, tandir ogʻziga, kir osiladigan dorlarga tumorlardek osilishib olganday. Mana, mana shu joy. Musicha derazasidan qaragan derazaning ayvon ostidagi oʻrni. Saraton edi. Opasi joy solib bergan edi. Enasi chiqib oʻtirgan edi. U kelib Enasiga erkalangan, gʻayrati kelib avval kecha yodlagan oyatini, keyin Enam xursand boʻlsin deb oʻzi oʻqib yodlagan Navoiy bovosining toʻrt qatorini yoddan aytib bergan edi. Enasining oldin qoshi, keyin koʻzlari, keyin ikki beti, oxirida ogʻzining ikki chekkasi kulgan edi. Takror, takror xudoga shukurlar aytib, tavallolar qilib, nafasini oʻnglab: – Xudojonning oʻzi mehribon boʻlsin. Navoiy bovosini yodlagan, eslagan navoiyqosh bolamga oʻlay! Otalarining soʻzini oʻqisa otalar oʻlmaydi. Otalarning izidan yursa izi oʻchmaydi. Bizaniyam eslab turing, balajon. Man sizni hammavaqt yaxshi koʻraman. Balongizni olay. Odam duoda tirik. Duodan ziyoti yoʻq, degancha oʻzi bilan oʻzi gaplashib ketgan edi… Birda gap toʻgʻri kelib Enasidan Siz Navoiy bovoni koʻrganmisiz, qoshlari qandayligini qayerdan bilasiz deb soʻragandayam shunday boʻlgan. Enasi hech narsa demagan. Avval qoshi kulgan, keyin koʻzlari… keyin uyalib ketgan. Keyin katta oʻqishda oʻqiganda hammaning havasini keltirib yod aytgan, Katta Enasidan ogʻizma ogʻiz yodlagan, turish turmishi sirli ertakday oʻtgan oʻtgan bolaligining qadrdonlari, ayvon ustunlariga bir vaqtlar birgalashib yodlagan, dunyoning eng goʻzal qissasi “Yusuf va Zulayho”dan parcha oʻqib beradi.
Dedi: Azizo, senga aylay xabar,
Keltiru Yusuf yoqasin qil nazar.
Ilgaridan boʻlsa alomati chok,
Yusuf erur mujrumu ahli halok.
Chok agar qilsa keyindin badar,
Bilki Zulayho ishidir sar-basar.
Soldi chu Yusuf yoqosina nazar…
Ustunlar ham esdan chiqarmagan ekan.
Oʻsha-oʻsha beshikdagi bolani koʻrsa Enasi esiga tushadi, Enasining doston dunyosiga gʻarq boʻlishi tushadi, kuch-qudrati shamolidan zohir ohanglar tushadi. Xuddi beshikdagi goʻdak hozir bir narsa deb qoʻyadigandek… hamma narsalar oshkor boʻlib ketadigandek….
Yoqasi keyinidan yirtiqlarni koʻrgandayam. Azizlar topilmagandayam…
Ayvon ustunlarini bir qoʻli bilan himo qilib, quchoqlaganday aylanib qoʻshiq aytganda, Enasi zorlanardi. – Boʻldi, boʻldi balajon, aylanmang, boshim aylanib ketdi. Ustunlarning turishi oʻsha-oʻsha. Otiga yarashiqlik. Faqatgina rangi siniq.
Ikkinchi kun
Otauyda namoz oʻqish boshqacha…
Otauyning tushlari boshqacha…
Otauyning shamoli boshqacha…
Otahayot daraxti soyasi boshqacha…
Otauy tarnovining turishi kimligingga berilgan baho.
Otahovlining tozalangan arigʻida yugurgan suvning shavqi ikki dunyoga sigʻmaydi…
Otaoʻchoq yetti osmonga dud soladi …
Ota choponi turgan uyda baland ovozda gapirmaydilar…
Otahayotga qarasang Otahayot!
Namoz-chirogʻ, degan mashoyixlar.
Chirogʻi oʻchmagan ota uydan aylansang arziydi…
Chirogʻi oʻchmagan ota uy tomida farishtalar qur olarmish…
Chirogʻi oʻchmagan ota uyning dami, havosi boshqacha boʻlarmish…
Ota hovli qudugʻiga qaray olsang suv ustida koʻringanni tanirmisan?
Ota rozi Xudo rozi…
Koʻchadagi oʻyinlarga unchalik tobi yoʻq, kitob oʻqishdan charchagan vaqtlarida derazaning tokchasiga iyagini tirab deraza ortidagi hayotga qarab oʻtgan bolaligini esga solgan boyagi musichaning yurak urushi eshitilib ketadi. Ota hovlidagi barcha narsalar tanish, faqat oʻzi oʻziga begonaday…
Gʻayrat qilib yogʻayotgan qorga qarindoshiga, tengdoshiga zorlanganday, koʻngliga tegib qoʻymay, deb betigayam qaramay opasi zorlanib qolardi. Ay, xudojon qorni yogʻdirgan xudojon, oshi-nonni yogʻdirgan xudojon. Jumlai moʻmin qatorida bolalarimniyam kam qilma. Oʻlda-joʻlda, oʻrda-qirda yurgan barchani oʻzingdan begona qilma. Imonini salomat qil, rizqini butun qil. Ha, qorjonlar gʻayrat qiling!
Hozir ham shunday onalar bormikan, degan xayol koʻnglidan kechdi-yu, oʻzining xayolidan oʻzi uyalib ketdi. Bor, dedi koʻngli choʻrt kesib. Faqat siz ularni eshitmaysiz, oʻrtoq Katta; faqat siz ularni koʻrmaysiz, janob Boshliq; faqat siz ularni holidan xabar olmaysiz, xoʻjayin Toʻra; faqat siz… xayollarni odatdagidek, hamma narsaga ruxsati bor Kichkintoy buzadi.
– Dadajon, biz akam bilan hayotda quvalash-quvalash oʻynagandik shamol bizadan oʻtib ketdi. Lekin, birinchi akam bilib qoldilar. Qishloqni shamoli zoʻr ekan. Oʻtib ketsayam, keyin yetib ol deb toʻxtab, qarab turarkan, degancha bir akasiga, bir otasiga qaraydi, Kichkintoy, xatoroq ish qilganligini ovozi bildirsada, aytmasa boʻlmasligidan, shoshgancha.
– Birovni gapini oʻzinikiday qilib gapirish yaxshimas, uka…
– Men ham u shamolni taniyman,-deydi, ota bolalar gapini boʻlib, bolalariga qoʻshilib bola boʻlib, bola boʻlgilari kelib ketib.
– Dadajon, Enashamol shu-a?
Dada bosh irgʻaydi.
– Enashamol kerak boʻlsa Toshkentgayam borgan, Alisher Navoiy bogʻida yurganimda uchib kelib qulogʻimni tagidan aylanib, betimni silab oʻtib ketgan. Dadamdan Enashamol shu-a deb soʻraganimda ha deganlar, uka.
– Dadajon, nimaga Braziliya oʻyinchilarini yugurishidan, toʻp tepishidan darrov bilib olsa boʻladi.
– Qanday qilib?
– Darvozachisi tepsayam yo Naymarga, yo boshqa oʻzini kamandasinikiga toʻgʻri kelib tushadi, bizanikilar tepsa narigi kamandaga tushadi yo autga chiqib ketadi. Tepishdan oldin qayerga tepishiga yo toʻgʻri qaramaydimi? Otadan sado chiqavermagach, boshini ekkancha davom etadi.
– Oʻzimiznikilar oʻynaganda siz ham uyalib ketasizmi?
Otaning dami ichiga tushadi.
Sezdirmasdan savolga savol bilan javob berdi.
– Siznimaga uyalasiz, balajon!
– Kiyimida bayrogʻimiz bor. Shunga…mana bu yerida, hamma koʻradigan joyida, degancha chap koʻkragi ustini koʻrsatadi.
Otaning xayoli endi butkul qochadi. Qochganini bildirmaydi. Koʻzini qayerga berkitishni bilmaydi. Oʻzini qoʻyarga joy topolmaydi. Tomogʻini bir narsa qirib, qirtishlab oʻtganday boʻladi. Lekin, javob berish kerak. Shart. Javob bermasa boʻlmaydi. Haq savoldan nohaqlar qochadi.
– Autga chiqmaydigan boʻladi, balajon. Nasib boʻlsa, albatta boʻladi.
– Dadajon, taqvo degani nima degani?
– Taqvomi? Taqvo, Xudoning kuzatib turishini doimo sezish va Xudodan qoʻrqish hissi degani.
– Hissi deganichi?
– Ichidan bilish.
– Hozir soʻzlarni yodlab olib qoʻyaversam, keyin tushinib ketaman-a?
Bu oʻzining gapi. Bir necha kun oldin aytgan gapi. Darrov ilib olibdi.
– Albatta, shunday, balajon.
– Dadajon, odamning ichidagi gapni qanday bilasiz?
– Siz qanday bilsangiz shunday, balajon?
U vaqtlar odamlarining hayotlari oʻralmasdi. Bir hisobga toʻqchilik odamlarni nazarini och qilib qoʻyarkan, chogʻi. Katta Enasining odamlarni shashti qaytsayam feʼli qaytmasin, feʼli qaytgan odamdan balchiqdagi choʻchqayam yaxshi, haydasang ketadi, degan gapi boʻlardi. Oʻsha vaqtlarda, erta koʻklamda, kech kuzda hamma hayotlarini agʻdarganda, hosilini yiqqanda qayoqqa qarama koʻz yetgancha har ikki tomon qoʻshnilarning hayotlari kaftda turgandek koʻrinardi. Kim hayotida nima ish qilayotgani koʻrinib turardi. Qoʻshni-kevatning bir-biridan ortda qolmay deb kunning yorugʻiniqochirmay, hamma birday, bir kunda harakat qilgan kunlar hayotman deganlar odamlarga toʻlib ketardi. Xuddi birgadning odamlari ikki quloq boʻlgan gʻoʻzani yagana qilgani jappasiga dalaga chiqqandek. Boʻy oʻsib, soyasi oʻziga boʻysunmay qolgan paytlarda hayotlardagilar orasidan bir qizni kuzatgan kunlariyam lip etib oʻtadi-yu, oʻsha taraflarga qaraydi-yu, boʻyi oʻzidan baland qilib qurilgan devorga borib uriladi. Oʻzginasi qurdirgan devorga. U davrlar qanday davrlar boʻlgan ekan-a?
* * *
Kech kuz edi. Shunday kunlarni birida Usta Hamza bovoning koʻzlari katta-katta va qop-qora, shoxlari moylanib artilganday yaltirab turadigan,yil oʻn ikki oy uzzukun qop-qorongʻu xonada boylab boqiladigan, qimirlagan har bir narsaga yosh boladay katta ishtiyoq bilan qaraydigan hoʻkizi va togʻ archadan qilingan omochiga xaridor koʻpayadi. Hayotlarni haydash kerak. Oʻshanda navbat qoʻshnilarinikida edi. Haydalmagan ozgina yer qolgan edi.
Otasi bosh uydagilar yer haydalishi uchun hayotlarini xas-xusdan tozalagan, ariqman degan koʻmilgan edi. Otasi quduq boshidagi supada edi. U otasiga sovuq choy olib kelayotgandi. Shunda katta moshindan tosh toʻkilgandaybir ovoz kelgan. Ovozni birinchi boʻlib otasi tanigan. Izma-iz yer qimirlagan. Itlarning ovozi dunyoni bosgan. Avval otasi yerga oʻtirgan, keyin hammani yerga oʻtirishini ikki qoʻlini silkigancha buyurgan. Yer qimirlaganini eshaklar ham, qoramollar hambilarkan. Omoch tortayotgan hoʻkiz ham joyida toʻxtagan. Xoʻkizning oʻshandagi qizargan koʻzlariyam kechagiday esida. Otasi ketmonni yoniga qoʻyib, qiblaga qaragancha kalima qaytara boshlagan, avval uy ichilar, keyin ularni koʻrib boshqa hayotdagilar ham yerga oʻtirishgandi. Hamma-hamma. Itlarning ovozi tinib, eshaklarni hushi joyiga kelgandan keyin, odamlar bir-biriga gap qoʻsha boshlaganda otasi “bir maydon oʻtirib turinglar, hali qaytari bor. Yer qimirlaganda yurmaydilar. Yiqilgan yaxshi emas”, degandi. Koʻp oʻtmay yer qimirlashi qaytganini endi hamma birday bildi. Qaytari kuchli boʻlgandi. Ishlar qayta boshda boshlanib ketganda, otasining oldiga borib soʻragan gapi hali-hali yodida, soʻragan joyi ham.
– Dadajon, yer qimirlaganda nima deyish kerak?
– La ilaha illallohu Muhammadur rasululloh.
Otasiga boʻldi, shumi demasayam, deganday qarab turganidan, otasi ha degan. La ilaha illollohni tarozini bir pallasiga, yerni bir boshqa pallasiga qoʻysa kalima bosadi degan. Yer qimirlashini toʻxtatish hech gap emas, degan. Mana oʻsha yer, mana otasi, mana oʻzi turgan joy.Quduq boshidan oʻchoq boshiga qarab yurganda uch qadam. Otasi bilan quduq oʻrtasida quduqning supasi, supani pastidaoʻchoqboshi olacha toʻshalgan, ustida poʻstak bor edi. Hammasi esida. Hammasi jovdirab turibdi. Nafas olishlariyam eshitiladi.
Hayratdan qayta soʻraganiyam esida, otasining boshini sekin ham qilib, ikki koʻzini baravar sekin yumib, bir maydon turib sekin ochganiyam. Oʻchoqboshi olacha degani eskirgan olacha, oʻrniqqan toʻshanchi degani.
* * *
Turkqishloqning tentagiyam begona boʻlmaydi. Mardon otligʻiniki qoʻzisa husni taʼmil, tashbehu, tanosublar tiyibgina, tiyilibgina oʻtiradilar. Tikonlar ustma – ust gullab, oʻtinlarni yarmi barq urib, yonib,yarmi barg chiqarib, ilonlar kulcha urgancha tappa-tappa poʻst tashlaydi.Hunarini birovni qoʻlida turib koʻrsatadigan koʻsovlar ham chetda qolmaydi. Mardonning haq ajratishini birinchi marta eshitgan odamning avval ensasi qotadi, keyin bir kuladi, keyin yaxshi koʻrib qoladi, keyin aytganlarini takrorlab yuraveradi.Birov biroviga aytib xatosini toʻgʻirlab ham oladi. Sangloqdan erkak toshlarni bir qator, oldinga; urgʻochi toshlarni bir saf, ortidan; yarim beti urgʻochi yarim beti erkaknamo toshlarni oxirgi radga terganchav birovnining osilgan qinidagi pichogʻini qayrashga ishqivozligidan koʻzining bezi suv tegdi degandan yaltiraydigan qayroq toshlarni bir boʻlak qilib dars oʻtadi.
– Akademiya daraxt ostidagi maktab degani. Birinchi darsimizga xush kelibsiz deydi. Choʻzmasdan poʻst kallasiga oʻtib qoʻyaqoladi: -Avvalo xudo!El tili bilan el! Tilsiz elni el demaydilar! Tili boshqa dili boshqani yozuvchi. Yozuvchisi bir-birini tushunmagan elni yozigʻi ogʻir. Ishongan tuyam san boʻlsang kuvshangan ogʻzingga… degan maqollar aslida yozuvchi va shoirlarga qaratilgan, azizim degancha bir toshni olib koʻziga yaqin olib kelib, qulogʻiga bir narsa deb, yana joyiga qoʻyarkan.Har bir soʻz belgisi, oyati; har bir harf moʻjiza, belgisi, oyati; har bir tovush alomati, belgisi, oyati ekanligini soʻppayganlardanmisan, sajdaga chala borganlardanmisan, soyangni sudrab yurishing ham belgisi ekanligini bilmasang qoʻlingga qalam ushlama. Qogʻozniyam betini qora qilma. Hammaniki oʻziga yetadi. Koʻnglingga tinchlikni solib qoʻymagandan keyin qiyin. Koʻngli bilan qalamini tili ayri tushganni yozuvchi demaydilar. Yoziq– yoʻl!Yoʻlni oʻzing tanlaysan. Qalbda yoʻq narsani tilga, yoʻlga chiqarmaydilar.Uni hallozilik deydilar. Keyin nima boʻldi deb changallab yurma. Yozigʻing qalamni boshini yeyayotganiniunutma. Nohaq yozilgan yoziq, nohaq yeyilgan bosh xun soʻraydi. Ilonning tili nimaga ayriligini avval oʻrgan! Peshonasiga elining yozigʻi yozilganni yozuvchi deydilar, elning yozigʻini yozadiganni yozuvchi deydilar! Yozigʻing oʻchmas lovlamaday parillab, charogʻon chirogʻday, guvillagan gulxandayligidan tuyuntirilmagan boʻlsang, ushlama.Azobi rahmati ekanligidan tuyunmagan boʻlsang ushlama!Qonda boʻlsa hech joyga qochmaydi. Qonda boʻlmagandan keyin qoziq qoqib, arqon boylagan bilan ham ushlamaydi. Qoziq boshiga ovsar qoʻndirganing bilan ovora boʻlganing qoladi. Eshakni minorani ostiga qoziqlaganing bilan azonni eshitmaydi.Odamku odam, mol zotiga tortadi. Qoʻngan boʻlsa ushlatmay qoʻymaydi. Qoʻnmagan boʻlsa ushlolmaysan! Boshi qorani hammasiyam qalam boʻlavermaydi. Qalam bilan koʻsovni farqi katta. Odamningboʻlish turishi – qalam. Yurishi – yoziq. Toʻgʻri yurish – toʻgʻri yoziq. Oʻz boshini oʻzi yeydigan qalam boshini ushlashdan oldin oʻyla. Yer varaq.Ortingdan qoladigan yoziqlardan koʻklaydigan maysalar tillarini davru davron soʻroq savollariga javob bera olishlarini ayon bermagan boʻlsa ushlama. Qilgʻiliqni birgalashib qilib, keyin sudrab ketsa, oʻchogʻi kuldan boʻshamay, koʻngli gul koʻrmay hamma aybni xotin zotiga agʻdarib oʻtib ketgan nechov? Har bir kishi oʻz kasbi-amalining garoviligini unutma! Yoziqchisidan oldin oʻtib ketgan yoziqlarni yoziq demaydilar.Asarioʻzidan oldin asarini koʻrsatmay ketganlarni yozuvchi demaydilar.Asari issigʻdayam sovugʻdayam oʻz asarini koʻrsatganni asar deydilar. Xayollardan xayollarga, xotiradan xotiraga oʻtadigan, yoziladigan, ilgʻanadigan, asarini qoldiradiganni asar deydilar.Asrlar bilan sirlashmaganni asar demaydilar.Tilni berib boʻlgandan keyin saroyyu, oʻrdayu, qoʻrgʻonni qoʻriqlashni hojati yoʻq. Hamma narsa oʻz oti bilan”,degancha, boʻynidagi munchoqni, anorlarning boshi kesilib, toji bilan birga yaxshi quritilib, meksikaliklar shlyapasini eslatuvchi poʻstloqlarniteshigidan ip oʻtkazib, bir chizim qilib tizib, boʻyniga tashlagancha, oʻzi ot qoʻygan “Shodashox” munchogʻiga sal koʻproq qaragan, toshchalar ortidan qatorlashgan odamlarga “poshsholarni taniyapsanmi, hammasini toji manga qoldi, nima qilsam ekan”, deyishidan oldin.
Manabu Kaligulaniki, dunyodagi eng zolim poshsholardan biri, uyam oʻz saroyida oʻldirilgan, munisi Firʼavnnikixudo qargʻagan:oʻlaroldi musulmonlikni tan olganu kech boʻlgan, bunisi Doroboyniki, buKisrojonniki, bu Qaysar otliqniki, bu Najoshiyniki, bu oʻzimizga tegishli otasi oq qilganlardan, bu shoʻr ogʻzi ochiq, koʻzi yumuqlarni aytganim bilan tanimaysan degancha boʻyniga alohida osilgan shodani ostidan urib shaqillatib qoʻyadi. Bunisi Iskandar, tunov kuni Katta Qargʻalar tashlab ketdi, bu avval boshga koʻtarilib keyin oyoq ostiga olingan Bonapart. Olomonga ishonib boʻlmasligiga mangu guvoh.Borsa kelmas orolini qirgʻogʻida na suvga tovun, na yerga tovun boʻlib, na yer na suv qabul qilolmay gʻildirab borib-kelib yotgan ekan, jonzotyuborib olib keltirdim.Farosati sanday, sandan sal ziyod, sal kamlar ham serob ogʻayni, yana pishak bolasini yeb qoʻygandek, san hamotalaringni boshini yeb qoʻyma, eshakligingga borib,deydi har kunlik oti oʻzgartirilib, bugun Turkiston gubernatori nomiga loyiq koʻrilgan eshagiga alohida mehr bilan. Keyin koʻziga koʻrindi shekilli, bandasi qanchalik xayol qilmasin buyurgani boʻlishiga iqror berib, Yetti iqlim sultoni Shahrisabzda oʻzi uchun qurdirgan, lekin kirib yotish nasib qilmagan goʻr ustidagi sagʻana yozigʻini yodakiaytib joʻnaydi. “Yo Olloh, meni, otam va onamni barcha moʻmin va moʻminalarni, muslim va muslimalarni, tiriklarimiz va oʻliklarimizni magʻrifat qilgʻil, bizlarning oramizdagi ezgu ishlarni bardovom qilgʻil, sen chindan ham oʻtinchlarni ijobat qiluvchisan, marhamatli, hojatboror, azoblardan xalos qiluvchi, ezgu ishlar sohibi boʻlgan zotsan. U marhamatli va qudratli zotdir”.
Gulligidayoq shoshganidanmi, koʻtarolmaganidanmi ulgurilmagan gunohdek toʻkilgan anor tojlarni bir boʻlak shoda qilib boʻyniga osadi. Aytari alohida boʻladi. “Har bir nafas ikki betiyam kesarman tigʻli xanjar. Kirariyam hisobli, chiqariyam sanoqda. Birda boʻlmasa birda, biri boʻlmasa biri baribir kekirtakni bilganiday qiladi”,– degancha tojlarninghar birini alohida-alohida silagancha boshlaydigan aytimini oxirigacha eshitgan niyatiga yarasha bir narsaga dorimay qolmaydi.
* * *
Otahayotning har bir daraxti koʻp narsani koʻrib qoʻyganidan masʼum koʻrinadi…
Devorsiz hayotlar bilan birgaqoʻshilib ketgan bolalik davrida oʻgʻrilik kam boʻlardi. Yoʻq hisobi edi. Odamlarda oʻgʻirlaydigan narsaning oʻziyam yoʻq edi. Lekin, boshqa narsa borligini, bor boʻlganligini endi-endi ilgʻayapti.Oqibat boʻlganligini ilgʻayapti, juda katta qoʻrquvdan bekinib-sekinib yurgan oqibat boʻlganini ilgʻayapti. Roʻzami-koʻzami hammaning ichkisi kelsa kelmasa maktab direktori bosh, oblastdan kelgan komissiya yonbosh, aslida u bosh, har bir sinfga kirib har bir oʻgʻil-qizga bir stakandan suv ichirgan, suv ichmayman deganlarni roʻzador hisoblab, butun sinf bolalarini roʻzadorning yuziga tuflatgan, hayitlagan, hayit namoziga borgan olib ketilib, haftalab yoʻqolib, qayerda yoʻqolganiniyam aytishdan qoʻrqib otiniyam esidan chiqarganlarniyam koʻrgan bu daraxtlarning titrogʻi hali beri bosiladigan koʻrinmaydi.
Har bir daraxt tugul devorining har bir yorigʻi bir gapni eslatadi, yo boshga bir musht tushirganday qiladi. Katta Enasi, otasining onasi unga koʻp narsalarni oʻrgatgan boʻlsa-da otasi gap bahonasida soʻrab-surishtirib, xatosini toʻgʻirlab, tergab borishini endi-endi ilgʻaydi.
Birda akalar shaharga oʻqishga ketgan: qish; qoʻy togʻdan kelgan, qor katta tushgan, chekana boqar navbatchi choʻpon ham chiqmagan kunlarda otasi quduqlaridan suv tortgan, oʻgʻil unga yordam bergandi. Avval koʻzi, keyin yuzi, oxirida ogʻzi kuladigan otasi quduq chigʻiriniaylantirib suvni, bugʻi chiqib turgan suvni boshqa paqirga boʻshatarkan, qoʻylar, jonivorlar ham xuddi odamday ekanligini, qishning sovugʻida sovuq suv ichsa tishi yorilishini, kasal boʻlishini, tishi yorilgan mol koʻpga bormasligini, odamga dardini aytarga tili yoʻqligini, egalikqiladigan odam mol-holining issiq-sovugʻiga xudoni oldida bir javob berishini, sovuq suv ichgan sovliqlar bola tashlashini, molga qarasa mol boʻlishini, tayyor quduqning suvi oʻrniga sovuq suvni berib bir odam oʻzining bir yillik mehnatini ham, molning mehnatiniyam kuy qilishi yaxshi emas derdi. Keyin gap-soʻz jiddiylashardi. Bu degani ota oʻgʻliga oʻsha kunlarda hammaga aytib boʻlmaydigan gapni aytayotganidan, otaoʻgʻil albatta otaga munosib boʻlishi shartligi, oʻgʻilni ota Katta bola sanayotganidan bilsaboʻlardi.
– Qani balajon, birov sizdan musulmonmisan deb soʻrasa nima deb javob berish kerak?
– Alhamdilulloh musulmonman.
– Alhamdilulloh deyish toʻgʻri. Ha, yoki, ha musulmonmanemas. Albatta alhamdilulloh musulmonman deyish shart.
– Komissiya soʻrasayammi?
– Undan kattasiyam?
Gap-soʻzlarga chuqurligi oʻn toʻrt metrlik quduq guvoh. Uning osmonga qaragan toʻrtta koʻzi guvoh.Shu quduqning boshida otasi yanabir gapni uqtirgan. U gapdan keyin gapiradigan gap qolmagan.
– Qul qutursa quduqqa tupiradi. Qulzodaga kun qoʻpsa quduqqa qulf qoʻndirarmish. Quldan qulovuz chiqsa ishni quduq koʻmishdan boshlaydi. Quduq bor joyda hayot bor. Elning bulogʻi qurisayam, qudugʻi qurimasin. Qoʻrqmaganni qudugʻidan suv ichmaydilar. Suvni oʻtirib ichadilar. Tikka turib ichgan uyat. Ichib boʻlgandan keyin, albatta, Xudoga shukur deyish kerak. Boʻlmasa uyat boʻladi. Xudodan uyalmaganni banda demaydilar.
Oʻshandayam quduq boʻyidagi shu archaning qildan sal ziyod bir bargi,iynasi kiprik qoqqanday qilgan edi. Hozir ham shunday qildi.Bargi uchidagi oʻsha bir tomchining turishi oʻsha turish. Iynasi uchiga bir tomchi yoshni ildirib olganday. Oʻsha-oʻsha. Oʻsha turish. Shoxlar oralab tushgan quyosh nurining tomchiga urilib, toʻrt tomonga baravar sachragan ranglariyam.
Oʻsha vaqtlarda u gaplarni mazasini bilmaganligi, otasiyam bolasi hali angnimasligini bilganligini, biroq, hali toza miyaga oʻrnashib qolsin, bir kun emas, bir kun albatta, esiga keladi, tushunadi degan niyatlarda aytgani oʻsha bir kunlar, bir necha marotaba qayta-qayta kelganida anglagan. Soʻzlar yoʻl koʻrsatishini oʻshanda koʻrgan. Tayoq koʻrsatgan yoʻl qayerga olib borishiniyam. Otaquduq chigʻirining chirqillab, hiqqillab aylanishi, zorlanib aylanishi, oʻz boʻyniga arqon oʻrashi, ulatqi arqon aylanishi xotiralar arqonidek tuyuladi, har kuni boʻyinbogʻ boylaydigan boʻyniga boylanayotgandek, oʻralayotgandek boʻladi. Ikki xayollik, ikki xayol oʻrtasidagi umr yoʻli hech qayerga olib bormasligini aytib yigʻlagandek, yigʻlayotgandek boʻladi. Ikki ayollik oʻrtasidagi umrniyam.
Yangihayotning eski odamlari, yoʻq unday desa boʻlmas ekan, oʻzi oti Yangihayot boʻlsa, hali qabristoniyam boʻlmasa, uning qanday qadimi odamlari boʻlishi mumkin? Yangihayotning yana bir otini aytish esimdan chiqibdi. Turkqishloq. Qadim xalqi, kitob ushlagan, itob tushmagan xalqi, ekin-tikin yerini, roʻzgʻorining kamini yer parmalab topadigan xalqi,urugʻ qadab oylabmehnat qilib biror narsa berarmikan deb umid qilib, umidini terib kun koʻradigan, chuvillagan bir etak bolasini koʻzini toʻq qilib turadigan bir parchagina haydov yerini hayot, hayat deydi, hayotini hayotlik, tiriklik deb biladi, tomorqa deydi, katta eshik deydi, otiz deydi, otangdan olti boʻlsang ham vataningga yolgʻiz deganday vatan deydi. Ota tili, otalar soʻzi, ota arvohini, otalar qarashi, ota nafasi, otalar vasiyatini unutmaganlari, albatta.Zotu budi hayot, otiz, katta eshik koʻrmagan, koʻrgan boʻlsayam esi esxonasidan chiqarilganlar sotik,loyi pishmaganlar uchastka, oʻrislashganlar ogorod.Har doim otizqulogʻiga otaizi deb eshitilganday boʻlaveradi.
Togʻdan,bir qismi Oʻsmat, bir qismi Ravotdan koʻchirma qilingan va dalaning oʻrtasiga, betma-bet solingan, shaharning uylaridek bir chiziq uylarning hayotlarida na soya berar daraxt, naboshqa borligidan katta hovlidek koʻrinardi. Ayniqsa, kechasi hamma yotganda, bir-biriga paqqos oʻxshaydigan uylarning ayvonlaridagi chiroqlarning osilib turishiyu, xiradan xira yoritishigacha oʻxshash edi. Ulardan tushgan shafaq katta bir hovlini yoritishiga kuchi yetmayotganidan xijolat chekkandek, yoki kuchini koʻrsatgisi kelmay hayotlari boshiga yoʻqolgan mushugini qidirib borgan yosh-yalanglarni aybini oshkor qilgisi kelmayotgandek tuyulardi. Oʻng soʻl qoʻshnilarNeʼmat avo, Abdusalom avo, Aʼzam avo, Abdurajab avo…Hammasi otadoshlar. Avo, abo deganlar otabir aka-ukaning bolalari degani. Otazodlar. Otadoshlar. Ishonmasangiz eski kitoblarni koʻrishingiz mumkin. Ushlatsa, albatta. Yangihayot, Otahayot, Turkqishloq qishlogʻi degani shu. Avoni katta kichigi boʻlmaydi. Aka-ukaday katta kichikka ajratilmaydi. Avo bu avo!Avochiligi boʻlsa boʻldi. Otasi tenglik ham oʻzidan kichikni avo, avojon deydi. Teng koʻradi. Teng biladi. Teng turadi.
Koʻrpasoy shovuri, Toshohur shamoli, Sangloqning suvi har kuni qishloq oralab yuradi. Togʻliklarningavlod-ajdodi paxta ekishni yetti uxlab tushida koʻrmagan boʻlsalar ham, zoʻrniki tegirmon yurgizadi deganlaridek, siyosatning yarim otash, yarmi yax,bir dam urishi bilan bir kechada paxtakor boʻlganlardan. Qoʻndirilgan joylarida kappa tikib, tiriklikni davom ettirganlar. Hayotni kelgan joyidan yangidan boshlaganlar. Yangihayot boshlagan. Shundan Yangihayot otliq boʻlgan deyishadi.
– Shuncha yering boʻlib, qulogʻigategar tegmasingdan sandan oldin darvozangga suv yugurib kelsa, arzimagan savzi-piyoz deb bozorga toʻrva koʻtarib kunni kech, umrni uvol qilish uyat der edi otasi ichi achir odamlarga. Bir qator koʻk, bir qator sariqqa mehnat ham savob. Saratonni sarigʻida sargʻayib, qishning sovugʻida dirdirab toʻrva koʻtarganing bahosi emas. Mehnat kimni oʻldiribdi.Munday yer qayerda bor? Odamni eksang ertasiga qulogʻi koʻklab ketadi. Toʻrtta urugʻni adashib boʻlsayam tashlab qoʻy,sani bir yil boqadi. Bola chaqangga qoʻshib.Qulday ishlab bekday yashamaysanmi! Oʻzing ishlamasang, bolalaring ham ishlamaydi. Ovora boʻlma. Boʻyin mehnatga yor bermas ekan, odamlikdan chiqqaning shu. Mehnatdan qochgan, tekinga oʻrganganni odam sanogʻiga qoʻshmaydilar. Hayotiga yaxshi qaragan birovning qoʻliga qaramaydi…
…erta koʻklamdan yanagi erta koʻklamgacha hayotning tortigʻi tugamaydi. Qaysi birini aytsin. Shuncha narsalar bir hovlidan chiqqaniga hozir ishonmaydi. Lekin, qaysi daraxt qayerda oʻsganligini izma-iz borib koʻrsatishi mumkin. Otalarning gʻayrati boshqacha boʻlgan. Bir vaqtlar navbati bilan ogʻiz-burin qilib toʻldirilgan turlik oʻralardan, otazamon oʻralardan asar ham qolmagan boʻlsada oʻrni ogʻiz ochib turgandek. Oʻshanda oʻrachi degan kasb ham boʻlardi. Hozir oʻraga tushib ketgan. Darvozadan kirib kelgandan oyoq ostidan boshlanib oʻchoq boshigacha sollanishgan, bir-biriga boʻy bermagan, bir biri bilan rang talashgan, bir-biridan joy talashgan qaysi bir gulni nomini aytsin. Birini aytsa, biri qolib ketsa xafa boʻlsa. Oʻsma-yu rayhonni aytmasa endi uyat.Otalik hayotda, otahayotda hayot qaynagan, jannat otliq uyatligʻ boʻlgan davru davronlarning koʻngilda koʻringan suvratlari, dimoqqa urilgan boʻylari, hayollarda eshitilgan hirgoyilari halimlarniyam shoshiradi.
Ertakday oʻtgan bolalik manzillaridan biri hayot adogʻidagi, chegara belgisini bildiruvchi achchiq gilos daraxtining shoxlari. Tengqurlar maktab imtihonini topshirishda, akasi qaragʻay imtihonlardan ozod etilgan kunlarda daraxt shoxidan tushmasdi. Xushiga kelib, ovozni baland qoʻyib qoʻshiq aytgan kunlari quyoshga qoʻshilib sargʻaygancha qarab turgandek. Qoʻni-qoʻshnilarning “yashang Enaning balasi” degan bir ogʻiz gapidan guvranib, koʻzni chirt yumib, tomoq qurib qolguncha oʻzbekcha-oʻrischa qoʻshiq aytgan kunlarni eslarkan, yon qoʻshnilari, otasining qadrdon joʻrasi Abdurajab muallimning otasi bilan nima gapdan gap chiqib, arazalishib qolganlari, bir necha kundan buyon gaplashmay yurganliklaridan bexabar gilos shoxidagi bolaning bir qoʻshigʻidan keyin qilar ishiniyam tashlab, ikkita nonni koʻtarib chiqib, otasining oldiga quchoq ochib kelgani, quduq boshida ikki joʻra yigʻlashib koʻrishganlariniyam koʻrgan.
– Joʻramiz uydami, degancha darvozaxonadan baqirib kirib kelib, yengi bilan koʻz yoshlarini qayta-qayta artib, joʻra, ayb bizda, bizni kechiring,– degan otasining joʻrasi.
– Yoʻq, ayb bizda edi,-degan otasi ovozi qaltirib, -bizni siz kechiring, joʻra,-degan, tik turgan joyidan qimirlaganiyam holi kelmay, oʻtirgani joy koʻrsatarga joy topolmay.
– Yoʻq, joʻra, ayb bizda. Bir bolaning bir qoʻshigʻini eshitib hozir oʻlib qolsam kerak, keyin kech boʻladi deb oʻylab, chopib kelaverdim, meni kechiring joʻra!
Ikkovlariyam baravar unga, u oʻtirgan achchiq gilosga qarashgandi.
Oʻsha qoʻshiq haliyam esida:
Doʻstlik oʻzi bir shisha,
Sinsa aslo tuzalmas.
Doʻstligimiz chin boʻlsa,
Uni hech kim buzolmas…
Qishning sovuq kunlarida quduqqa xizmat koʻpayadi. Tashvishi ortadi. Ogʻzidan bugʻ chiqib,oʻpkasi toʻlib suv yetkazib berish osonmi? Mol-hol, bola-chaqa bari koʻz tikkan boʻlsa. Vodoprovod deganing kun sovudi degandan tomogʻiga muz tiqiladi. Quduqning feʼli boshqacha. Ish chiqsa, dimogʻi chogʻ boʻladi. Suvi tinigandan tiniydi, shirindan shirin tortadi. Maqtaganlarida bolalardek suyunadi. Yangihayotda toʻrtta quduq bor. Otasining qudugʻini suvi eng shirin. Mol-hol, kir-chirga odamlar boshqa quduqlardantortadilar. Yerning feʼli qiziq-da deydi Enasi, bir tosh otim chiqmaydigan joydagi quduqlarning suvi toʻrt maza boʻlsa. Buyam xudoning qudratidan derdi oʻziga oʻzi urchuq yigirgani kunchuvoqqa chiqib, quduqqa suvga qator turgan qiz-kelinlarga qarab. Ularning koʻpi enaning yuzini koʻrganidan xursand. Qatorda turgan, hovlining sal kamqoq oʻrtasidagi quduq boshidan boshlangan paqir koʻtargan navbat darvoza tagigacha boradi. Qatordagi xotin-xalaj,boʻy qizlarning gapi tugamaydi. Koʻrmagan balosi qolmagan, ermakka ergategib oti chiqqan xotinlar, “bolalaring katta boʻlib qolgandan keyin oʻz uyingda oʻgʻridek boʻlib qolasan. Ungacha er zotini haqidan chiq…”, deb gap boshlashi bilan endi-endi erkak isini ayrit qilgan kavushi yangi kelinchaklarningogʻziangrayib qoladi. Kelinlarning bu gaplardan keyin xayoli suv ochgan boʻladi. Shunday vaqtlarda bitta yarim yigit kelib qolsa hammaga suv tortib bermaguncha qoʻli boʻshamaydi. Erliklar egalik ekanliklarini bildirib jiyakli lozimlarda, parparak yoqali koʻylaklarda, kamiga doʻppisini qoʻndirganlariyam qatorlashadi. Ana tomosha, mana tomosha. Ayollar bir-birini tomosha qilishganini shunda koʻrasiz. Atir-upa hidlarining koʻpligi va aralashib ketganidan Toʻrtkoʻzning ham boshi aylanib, dumni qisganchakappasiga urib ketadi.Suyakdan yaxshi narsa yoʻq dunyoda degandek kechadan qolganini bagʻriga bosgancha.Egasiz itda obroʻ boʻlmaydi.Oxirgi gapni yoshligidaMardon tentak bir joyda aytganda daftarchasiga yozib olgandi.Bunisini oʻzi yoshligida koʻrib yozgan: qopagʻon itlar ham nimagadir chiroyli kelinchaklardan qoʻrqadi.
Bolaligining eng choʻgʻ xayoli, qizil durrachali, sariq paypoqli,jingalak sochlini qizlar orasidan qidirgani toʻgʻri. Durrachayam avvaliga qatorda el qatori turgan, keyin deraza ichidan boʻlsayam mallasoch bosh koʻrinavermaganidan, ha demay navbati kelib suvni olganidan keyin ketishi kerakligi yaqinlashgani sayin atrofga jovdiragani, oʻzini qoʻyarga joy topolmaganiyam, qizarib ketgani, hech kim hech narsa demasayam dugonalariga kulgu boʻlganiyam boʻlgan ishlar. Bolalikning koʻz uchrashuvlarida gunoh boʻlmas emish. Koʻz koʻzni sogʻinishi ayb emas emish.
Uchinchi kun
Qoʻy qirqimga borgan, aylana bostirmali, tomining oʻrtasi ochiq, qirning yonboshiga, kunchuvoqqa qurilgan qoʻraga tushib qolganday, qoʻyni qoʻraga qamaganday qilib, ichkarisida gir aylantirib quvib, nimaga qochayotganiniyam, nimaga qochish kerakliginiyam bilgan-u bilmagan, bosh-koʻziga qayta-qayta tayoq tushib gangigan, toza havoga yetolmay qoʻra ichida qolgan toʻzonga qoʻshilib bir birini koʻrmay, eski dardi qoʻzib, koʻngli aynib, koʻzi tinib, oʻzi bilan oʻzi boʻlib qolgan, tayoq koʻtarganni himosiga qoʻshilib, qoshi-kiprigigacha eski tezakning changiga botib nima qilayotganini oʻziyam bilmay oʻtib borayotgan kunidan hafsalasi pir boʻlgan qoʻyday yuvvosh boʻlib, hech kimga bir ogʻiz gap qoʻshmay, otameros togʻdan biyday choʻlga koʻchirilgan otadoshlarining ahvoliga qanday maymunlar yigʻlayapti-yu, qaysilariga sovetning kuni boqqanidan, yoqqanidan xabar olgani peshonasi besh qarich eshagini niqtaganchaMardon tentak enadi.
Oʻziga oʻzi bir kuni yaxshilik, ikki kuni yomonlik, bir kuni sadoqat ikki uni xiyonatga, bir kuni doʻstlar davrasida ikki kuni xoinlar xonasida, bir kuni gullar qurida ikki kuni tikonlar toʻdasida, bir kuni andalib ikki kuni zogʻlar, bir kuni baliqlar ikki kuni ilonlar inida oʻtib borayotgan, bir beti oq ikki beti qora, tussiz, tuturiqsiz, tutantiriqqayam arzimaydigan kunlardan iborat uzundan uzun umringning savdosi bir tiyinga qimmat kunni oʻzingcha kun deb yuribsanda, degancha Yangihayotga enadi.
Enishdan oldin eshagiga kashtasini keltirib soʻnggi rusumdagi boʻyinbogʻ taqadi. – Hozirgi lobbistlar shunaqasini taqadilar, bugungi otingiz Olimtoy lobbist, deydi har kuni eshagiga yangi ot qoʻyishni odat qilgan Mardon. Olim Loppi desak ham haqingiz ketmaydi. Eshshak naslidan boʻlsangiz ham toy dedik. Bir hisobi toyxarlikdan oʻtgansiz, murtgayam oq oralagan, ne bir ishlarni koʻrsatgansiz, iskamagan tezzagingiz qolmaganligi hurmatidan toy dedik, ustingizdagi toʻqimi Nizomiddin. Toʻqimi Alisheriyga yetishingiz dargumon, ota zotingiz termiziylar eshigiga boʻlgani sizga u shahar otini berishni koʻtarmaydideb qoʻshib ham qoʻyadi, ukkoogʻar.Koshki eshak zoti tushunsa.
Yoʻlma-yoʻl bir oʻziga, bir eshagiga gap qoʻshadi.
Onasining qornida esnagani va onasini qoʻrqitgani esiga tushib voqeani kimga aytishini bilmay, aytsa eshitganquloq ogʻzinibekitib kulishini oʻylab oʻziga-oʻzi gap qoʻshgan Mardonning koʻzlari yosharib ketadi. Esli odamlarday xayoliga kelgan gapni tiliga chiqarmaydi. Lekin, ichi tutab ketadi.
– Hamma gap,shaʼni past bu dunyoni oxirat ekinzoriga aylantira olishda Katta kalla. Kallani kattasi aqlni, kattasi degani emas, joʻra. Esli boʻlish ham qiyin ekan.Belgiga koʻra xudo urgannini birontasikoʻramiz, chogʻi, degancha engashib eshagining qulogʻiga pichirlaydi.Xudo zolimniyam, mazlumniyam tek qoʻyib qoʻymaydi. Qancha hunaring boʻlsa oʻzingga koʻrsatayapsan, birovni boplayapman deb oʻylamagin, Bechiroq, deydi yoʻl ustidagi simyogʻochga. Bir simyogʻochortiga oʻtayotgan, biryonma-yon turib oʻzining turishini simyogʻochga toʻgʻirlayotganqorani taniydi. Kuni kecha kofir oldiga borolmaydigan, bormaydigan, el zulmning zoʻridan, oʻlganining kunidan boʻyin eggan, otameros doʻppini boshiga bir qoʻndirgan bormi,ichi-tashi toʻkilib boʻlgan machit oldida sal koʻproq turib qolgan bormi, necha yillardan buyon hovlisiga sanqi eshakdan boshqa zot kirmagan machitning hovlisidan eshaklarni haydab chiqarib, gʻovini epaqaga keltirgan bormi, araq ichganga “qoʻy endi shu sagʻanani, yoʻlga tush edi” deb qoʻygan bormi, machitni devori yorilib ketibdi, bir tirgov qoʻysak boʻlarmidi, deb odamlarga maslahat solgan bormi, oʻynashini ishga ol deganda, hozir joy yoʻq deb qoʻygan shoʻrlik bormi bariga oʻzining sherligini koʻrsatganning,elningkatta yoʻlida u oʻtirgan mashinadan mashinasida bilmay oldinga oʻtib qoʻygan odamniyam qamatishni oʻziga martaba, ish deb bilgan, ayni damda simyogʻochga doʻq urib turganning turqiga qarashdan hazar qiladi.
Emishki, bir kun kechasi sovuq shamol, zahri qotil shamol, tekkan yerini olib ketmasa qoʻymaydigan shamol, oqni oq, qorani qoraligini boʻyniga qoʻymasa koʻngli joyiga tushmaydigan shamol, ingichka boshli, yoʻgʻon dumli shamol Zoʻrning dangʻillama uyining ellik paxsalik devorini koʻrmaganday qilib, darchadan kirib, eshikdan chiqib ketgan. Bir nafas olarchalik vaqt oʻtmagan. Nafasning chiqishi haqida gap ham boʻlishi mumkin emas. Uyda tirik jonni qoldirmagan. Bari toshga aylangan. Sovuq toshga. Beshikdagi kenjasini toshqotgan yuziga, xotinining sut isitib kelmagan deb oshxonada sanamday qotib qolganini koʻrgan Zoʻrning betiga qaraguligi qolmagan. Oʻz soyasini oʻzi sudraydiganlardan birgina bir vaqtlar Sher atalgan, keyin Zoʻr otini olgan qolgan, deyishadi. Shamol uning koʻziga bir qaragan. Tamom. Biratoʻla, birdan, teptekis esdan ajragan, deyishadi. Shundan keyin Zoʻr oti Shoʻr boʻlgan deyishadi. El koʻzi bilan koʻrmasayam koʻrgandan ziyod qilib gapiradi. El qargʻishi shunday qilarmish. Zulmni zoʻri zulmi zoʻrlardan begona boʻlmasmish.
Elning bilishicha va aytishicha boshidagi sochidan koʻra koʻpni qamatgan, bir vaqtlar Samarqand bilan Toshkent oʻrtasida mendan zoʻri yoʻq degan, falonchi kelayapti desa belovdagi bolayam betini koʻrmay, otini eshitmay deb oʻzini uyquga urgan, kamiga gʻayrati kelganda “ogʻayni kerak boʻlsa shaxsan oʻzim falonta yozuvchingni, shaxsan falon shoiringni, pismadonta oliming,munchamullangni emaklatganman,mayda-chuydalaringni-ku aytmay” deb qoʻlidagi oʻz aqlicha eng toza araqqa toʻla idishni tik turgan joyida boʻshatadigan,har kishi oʻz kasbi-amalining garovligi ortidan, eldan, oiladan, boshqasidan ham bab-baravar bir tekis, bir nafasda ajraganni yoʻl yoqasidagi sim yogʻochni bosh oyoq kuzatgan, simyogʻochniyam turishi yoqmaganday yo simyogʻoch boʻlishni orzulaganday atrofida aylanayotganga koʻzi tusharkansuyak tashlaganday qiladi:
– Shu stolbaniyam olib borib qama. Oʻzi shu qoluvdi. Elning qargʻishi urganni yurish-turishidan ham bilsa boʻladi. Endi uradiganiniyam.Haliyam mehribon boʻpti. Boʻlmasa oʻtirarding, bir yutum toza havoga zor, quyoshni betiga qarashga intiq boʻlib. Chuqur qazigan birovga qazimaydi degan mashoyixlar. Avval ham shunday boʻlib kelgan, bundan keyin ham shunday boʻlib qolaveradi. Bir yutum havo, bir yutum suv, bir yutum non. Undan ortigʻi hamisha yelkaga yuk, oyoqqa tushov boʻlganligini endi sanga tushintirishni hojati yoʻq. Tentiratib boʻlsada yurgizib, qoʻygan ekan haliyam kech emas, etagingni yigʻishtirda, boʻyningga arqoni tushishini soʻra. Avvalgi yurishingdan hozirgi ahvoling oʻlsa oʻligi ortiq, agar bilsang. Avval odamlar sani koʻrsa nafratlanishardi, endi har holda yoqa ushlashadi. Avval ham koʻrgazmali qurol eding, hozir ham shunday. Hammamiz ham shu. Tavba qil. Ajralgan mol-dunyoga achinish hissidan ajralganing yaxshilikka bilsang. Tavba qil. Zora… Shoʻr Tentak gaplarni eshagiga aytayapti deb kuladi. Keyin, serovlanib, koʻzi olayib, yoʻl yoqalab ketadi. Sandiraydi:men eshikdan oʻtmoqchi emasdim. Eshik ogʻzida turgandim, ortimdan kelgan odamga yoʻl beraman, deb bilmay ichkariga kirib ketganman. Keyin kech boʻlgan. Oʻzi kirmoqchi emasdim…menyoʻqotdim…
Nimasini yoʻqotganini oʻziyam bilmaydi.Qoʻsh qoʻllab urganda shunday boʻlarmish. Vaqt oʻtib endi qadamini sanab yurishni odat qilganida, oyogʻi ostida oʻrmalashgan narsaga koʻzi tushib, qoʻrqib ketadi. Soyasi, oʻz soyasi ekanligiga aqli yetmaydi. Bexos quyoshga qarshi shaxdam qadamlar bilan askarchasiga yurib oʻzicha nechchidir qadam sanaydi. Boyagi qora narsa boyagi joyda qoldi, degan oʻyda orqasiga oʻgiriladi. Qoraliq endi oldiga tushib olganligidanhayron boʻlib turadi, keyin ikki qoʻlini ikki yonga yoyadi. Soya xoch suratini soladi. Silkitib koʻruvi, soyalar ham silkindilar. Nafasi ichiga tiqilib boʻgʻriqadi. Nafas olish va nafas chiqarishining azobi tutdi. Ichida bir nafas turib qolgan nafasni chiqarish shunchalik qiyinligidan koʻzlari olaygancha karaxtlanib qoladi-da, nafasga yoʻl ochilganidan birdan yigʻlaydi. Hoʻngraydi. Hoʻngrovni eshitgan goʻngpashshaning kiprigiyam qilt etmaydi. Qaroliq goʻrga kirgandayam birga kirishini, hech goʻrga ketmasligini, qiyomatgacha ajralmasligini, oʻsha yerdayam xizmatda boʻlishini taʼkidlagandek, qiyshaysa qiyshayadi, tek tursa tek turadi. Oʻtirsa oʻtiradi. Mardon qargʻish urganning betiga qarashga hazar qiladi. Keta-ketguncha orqasiga qaramasayam nimalar boʻlayotganini ayfonida koʻrgandek koʻradi.
Keta-ketguncha simyogʻochlarning simiga osilib qolgan, kun urgan, issiq urgan, sovuq urgan, qor urgan, yomgʻir urgan, urmagani qolmagan rangi uchgan varrakning oʻz arqoniga oʻzi oʻralib na oʻngga, na chapga, na toʻgʻriga qarashga majoli qolmagan, birining osilganiga yetmish besh yil, birinikiga ellik yil, birovinikiga yigirma besh yil boʻlgan varraklar simyogʻochlarda abgor koʻrinadilar. Ne bir xayollarni osmonga olib chiqqan, koʻzni quvontirgan kunlarni eslash ham ogʻir botib ketadi. Ularni uchirgan bolalarni tanirdi: ularning xayollarini osmonga, osmonlarga olib ketolmaganliklaridan toʻlgʻanadilar.
Turk bor joyda tentak begona boʻlmaydi. Yoʻgʻida noʻxotcha. Bularni mashoyixlar gapi deyishadi. Tushungan birdan tushunadi, tushunmaganga ponalagining bilan befoyda.Aqlni tugʻmasi boshqa, suqmasi boʻlak.Togʻdan tushib, shoshmay, xuddi qadimgiday koʻngil yetar kapalarga qoʻnoq boʻlib, oʻtgan kunlarniyam minnat qilib sanamay, yoʻlma-yoʻl yoʻl soʻrab otadoshlarining Yangi hayotini topib boradi. Yangi hayotni Otahayot qilish kerak. Tentakning oʻy-xayoli shunda.
Eshagiga ruxsat bergan Mardon yigʻib kelsa odami bir qoʻshhovuchchiqadigan Yangihayotning u boshidan bu boshiga necha marta borib keladi. Qadamlab-qadamlab, qadamini hisobini olganday yuradi. Sanoqdan adashib ketmasligi shartday yuradi. Oldidan koʻchani changitib oʻtgan, bir-birini qiy-chuvlashib quvayotgan bolakaylar shamolidan Mardonning hushi uchadi. Dimogʻiga bir narsa urilgan, koʻziga bir narsa koʻringanday, bir narsa koʻrinayotganday tuyuladi. Bolalarning shovqini, kulgusi,yugurishi uni bir soniyada yuz yilga yashartirganday boʻladi. Gap-soʻzlar orasidan xuddi oʻzi ming yildan buyon qidirib yurgan, qachon, qayerda yoʻqotganini eslolmaydigan soʻzni, gap-soʻzlarni topganidan yetmish ikki mingtomiri, oʻligi-yu tirigi birdan barq uradi. Koʻz oʻngi yorishib ketadi… eshak egar-jabdugʻini yechib, yoʻl ustidagi tosh ustiga qoʻndirib, noʻxtasiniboshidan oshirib olarkan, bor endi,bir maza qilib kel, men ham bir yayray deydi. Xizmat chiqqanda oʻzim topib olaman. Koʻringan mocha bilan ilakishib yurma. Keyin bir kuni aytmagan ekansiz, ustoz, deb oʻpkalama. Yaxshi tayinlamagan ekansiz, deb ogʻzing soʻljaymasin. Bugungi ayshu ishrat tuganmas ertangi gʻam ekanligini dumingni tinmay likillatganing bilan uzoqlashtirolmaysan, Oshna! Eshak boqish ham jonga tegdi, deydi, oʻtgan-qaytgan ham eshitgan gapidan seskanayotganiga umuman eʼtibor bermay.
Katta qaynovniyam, kichik qaynovniyam, osh endi yaxshi dam yeb, pishaman deganda pashsha tushgan qozonniyam, falonchi pismadonchevga deb suzilgan oshning laganda iligi oʻynab, qazisining hidi dunyoni bosib, “falonchi akamgilaga, ehtiyot boʻling” deyilgancha qoʻlma-qoʻl ketar chogʻida yoʻldamanzili oʻzgarib, yoʻlini yoʻqotgan, egasiz qolib sovugan, it ham tegishdan hazar qilganoshlarniyam koʻpini koʻrgan.Mardon xayolida ming yildan buyon atolmay yurgan gaplarini tiliga chiqaradi.
– O, pokiza xayollar…
– O, turkiy xayollar…
– O, tuganmas navolar..,
– O, otadosh navolar..,
Shu yerga kelganida xayolining yuki oʻpkasiga ogʻirlik qiladi chogʻi nafasi boʻgʻziga tiqiladi, ichiga tushib ketgan nafasini chiqarishga kuch topolmaganidan serrayadi, yutinib-yutinib bir balo qilib oʻziga kelgan boʻladi. Keyin fikrini jiydaning donagini bolaligida opachalariga qarashib, munchoq qilib tergandagidek bir ipga chizadi.
– O, turkiy xayolli bolalarning navolari shovurini eshittirganinggashukur, yo, Rabb! Oʻzing Rahmon – oʻzing mehribonsan!
– Navoiyqoshbolalar navolaringshamolidan tuyunishga loyiq koʻrganingga shukur, yo, Rabb! Oʻzing Qahhor – oʻzing gʻolibsan!
– Navolarni intihosiz ayla, yo, Rabb!
Oʻzing Razzoq – barchani rizqini beruvchisan!
– Oʻzingdan oʻzgaga mustar qilma, yo, Rabb!
Oʻzing Samiʼ – maxfiy va oshkora gapu sharpalarni, dildan oʻtganniyam eshituvchisan!
– Yangihayotning kunini hayotday qilgan, yo, Rabb.
Oʻzing Latif – bandalarga sezdirmay oʻz lutfu ehsonini yetkazuvchisan!
Turkiy xayolli bolalarning xayollariga, ota xayoli uchun qon qusgan beklarning oʻylariga quloq osgan Oyqortogʻning koʻngli bir koʻtarilib tushadi. Hayrati oshadi. Osmonga koʻz tikkan buloqlar koʻziga,oynasiga oʻzini soladi. Shamol tortqilayverib olaboʻji qilib tashlagan soch-soqolini tartibga solgan boʻladi. Ha demay, kun shom yeydi. Qirchalarga belgi berishi kerak. Taraddisini koʻradi.
Otadoshlik mehri hayotma-hayot, xayolma-xayol kezib yurgandek. Rahmati yoqqanini, yoqqanini his qilgan, qilayotgan qalblar xayoli oʻtgan barcha gina-kudratlarni unutgan,unutganidan qachon yosh koʻrgani esidan ham chiqib ketgan mijjalari ham bir yovoshlanib, keyin bir xayolga bosh qoʻshgandek, bir hayotga aylangan sokin damlarqurshovida qoladi. Begona quloqlarga, eshitmas quloqlarga, tamgʻa urilgan dillarga eshitilmaydigan, bilinmaydigan shovuri bilan koʻklamga qoʻshilib keladigan yangi tashvishlar, yangi hayot, tiriklik zavqi, ertangi kundan faqat yaxshilik umidvorligi zavqi kezib yuradi. Keyin bilsa nafaqat toʻrt tomon, butun dunyo qarindosh, otadosh ekan. Odam sonidagilar, albatta. Boshqa gaplar bekorchi va bachkana tuyuladi. Odamizod ezgulik uchun yaratilganligiga iqror berganingdan keyin… albatta.
Keyintavba yoʻlidagi, tahvidni mahkam ushlagan, turklik zavqini uygʻotadigan va tuydiradigan, tuyuntiradigan qadim va qoyadek oddiy va sodda ayni chogʻdanecha bir yuz yillik jang va jadallarni koʻrib va yengib kelayotgan, aytilganda eshitganni aqli tanimasayam qoni taniydigan, xayoli ilgʻamasayam tomirlarini tushoviboʻshagan bandiday gʻayratlantiradigan, necha asrlardan buyon aytolmay kelgan soʻzlarni:bir kun oqoʻtin, toza oʻtin boʻlishdan, qarsillab yonish vaqurga nafi tegishdan umidvor daraxtlarga, kun kelib koʻksidan oʻt chiqishidan umidvor yoʻl yoqalab bosh qoʻygan toshlarga, yaxshisiniyam, yomoniniyam birday koʻradigan, birday yuvadigan ariqlardagi suvga, panada qolib, koʻrmay qolmay, eshitmay qolmay deb, boʻynini choʻzib moʻralagan bulutlarga, oʻziga oʻzi aytib joʻnaydi. Yangihayotning toʻrt koʻchasida parillab aylanadi.Shu aylanishi-yam bir chekkasi Oymakondan, bir boshi Hirotdan, bir uchi Oybelidan, bir qaytishi Qoratepadan oʻtgan koʻrinadi. Unga qoʻshilib aylanganning sanogʻi koʻrinmaydi. Koʻngillarga gulqoʻndirib aylanadi. Gul chizib aylanadi. Gul tashlab aylanadi. Gul yoziq tashlab aylanadi. Gulurugʻ tashlab aylanadi. Gullab-gullab, gurilllab-gurillab aylanadi.
– Tuyunmasang tuyunasan, tuyunganda suyunasan…
– Tuyunmasang tuyunasan, kuydim deganingdan suyunasan…
– Avval odam oʻzining yoqasini hidlagani maʼqul….
– Egasiga yuzma-yuz boʻlishni unutganni, oʻsha kuni egasiyam unutadi…
– Allohga iymon keltirdim degin-da, soʻngra mustaqiym turgin…balajon!
– Aql yuritadigan qavmingdan qil, yo, Rabb!
Oʻzing Raqib – hamma narsani kuzatib, nazorat ostiga olib boruvchisan!
– Oʻzingga aniq ishonadigan qavmingdan qil yo, Rabb!
– Oʻzingninga axloqing bilan axloqlangan qavm qil, yo, Rabb!Oʻzing Haqsan!
– Taqvo kalimasiga haqli va axl boʻlganlardan qil, yo, Rabb!
Oʻzing Vakilsan – hamma ishlarni oʻz zimmasiga, kafolatiga oluvchisan!
– Qalblarni taqvoga imtihon qilganlardan qil, yo, Rabb! Oʻzing Avvalsan!
– Osmonlaru yer bor ekan, fitna zarar qila olmaydigan qalb ato et, yo, Rabb!
Oʻzing Oxirsan!
– Uyi kuyib, xonasi tutagan oʻylarga son ber yo, Rabb!
Oʻzing Zohir – borligi hamma tomonlama ayon boʻlmishsan!
– Kappasiga oʻt ketgan xayollarga vatan ber yo, Rabb!
Oʻzing Zorr – xohlagan bandalariga ofat, zarar va musibat yetkazuvchisan!
– Xudoga qaytgan qavm qil, yo, Rabb!
Oʻzing Moniʼ – doʻstlarini himoya etuvchi, noloyiqlarga oʻz neʼmatlarini man etuvchisan!
– Xudodan qaytgan qavm qilma, yo, Rabb!
Oʻzing Sabursan – gunohkorlarga jazo berishga shoshilmaydigan zotsan!
– Oʻzim kabiga yoki boshqa maxluqqa iltijo qilishdan asra! Oʻzingga qochadigan qil, yo, Rabb! Oʻzing Muqaddamsan – oʻziga yaqin qiluvchisan!
– Beomon savash ichidagi umrni betiga tik qara, balajon!
– Birov mashhurlik tongini kutadi, balajon!
– Birov mashhar tonggini kutadi, balajon!
– Hammani borar yerini oyoq osti qilganning oldiga borma, balajon!
– Gumon gumonsiraganni oʻziga qaytmay qolmaydi, balajon!
– Ibodatlarning taʼsiri yuzlardan ayon, balajon! Boshqasiniyam.
– Yana yerni qaqragan holda koʻrishing uning oyatlaridandir…
Oxirida, xuddi bir vaqtlar shoh va shoir, temuriyzoda Husayin Boyqaro Amir Alisher Navoiyni turk nazmida alam chekib “Xamsa” yaratgani uchun, shohona lutf koʻrsatib, oʻz otiga chiqarib, otga jilovdorlik qilib, faxr ila xizmatga boʻlib, butkul Hirot koʻchalarini aylantirib kelgandan keyin, shoir oʻz hovlisi boʻsagʻasidanhatlab, ortidan eshikni yopib, yerga tiz choʻkib,ostonasi tuprogʻidan bir siqim olib oʻz boshidan quygandagiday oʻz boshiga oʻzi tuproq tortadi. Hazratning oʻshanda aytgan soʻzlariyam tirikday yugurishib keladi:
– Men, tuproqmen!
Oʻsha voqealarga guvoh boʻlgan gardlar quvonchlarini yashira olmay, hayratlarini kimga aytishga hayron xayollar atrofini oʻrab oladi, hali-hanuz shoshganlaridan yerga yetolmaydilar. Tanish hidlar dimoqqa oʻtiradi. Dimoqlarni chogʻ qiladi. Hali zamon yuguriklashib oʻtgan bolalardan qolganizlardan doriliqqa uchirtkiolib qoshi ustiga qoʻyadi. Tentak oʻzidan ham qoʻshadi. Boʻlmasa tentakligi qayerda qoladi.
– Men, gardmen!
Yetti siqim tuproqni yetmishga boʻlibboshidan quyadi. Har bir siqimiga bir yoʻl qoʻshiq qoʻshadi. Yetmish otaning yetmish otasoʻzini aytib, siqimidagi tuproqning har bir gardini koʻziga qaragancha dam solib, boshidan quyadi.
Oʻz-oʻzini boshlamas yoʻlga kishi.
Avvalo chin eʼtiqod, xavfu, rijo,
Soʻng tavakkul, soʻng muhabbat, soʻng riyo.
Xilma-xil orzularing ham iblis, ul.
Navoiy yomon boʻlsa, sen yaxshi boʻl.
Bandalikdan yaxshiroq yoʻqdir maqom.
Hazir boʻl har nafas, yoʻldan adashma.
Bilgani xalqni faqat vahmu xayol.
Eshak tole emish tush taʼbirida.
Soyadin kechgil, asl roz aylagil.
Togʻi tuzlar, “Anal haq!” deb turar boʻlsa.
Meni menda dema, menda emasman.
Haqqa yonmas oʻzin degan nari borsin.
Chirogʻing namoz turur, qilmasmusan.
Hamisha ogʻirning ostidan, yengilning ustidan yuradigan, hayallab keladigan xayollar oʻzlaridan, qilmish-u, qilgʻiliklaridan ikki xayolliklaridan yerga qarab mulzam tortadilar. Tentakning koʻngliga qoʻshilib erigan koʻz yoshlarimijjalarga chiqib, notanish joyga kelib qolgan boladay hayron,enishni xush koʻrmay toʻxtab qoladilar. Oʻziyam tomchimisan tomchi. Dumalasa bir togʻni yuvib ketgudek. Oʻlagʻoy-da, sagʻana.
* * *
Pishak izi botar boʻlib tushgan qornipeshinga bormay yer koʻrmaganday qildi. Yer oʻzinikini oʻziga, issiq oʻzinikini oʻziga oldi.Boyagina boshiga qor qoʻnib,qor ostidan moʻralagan,qori ketib, erishdan beti yaltirab turgan toshlar ham benasiba qolmaganliklarini bildiradilar. Suvga toʻygan toshlar hayitga chiqqan qizlardek yayrashadi. Betiga qaraganga qaraganning koʻzlarini oʻziga koʻrsatadi. Oyna boʻl-a. Toshlar qorning ishini hazilga yoʻyadilar. Hazillashgan qorning koʻnglini tushinadilar. Koʻngligaqaraydilar-u,ilkisdan shu qor, shu qorgina necha bir yillik hasratlarini yuvganday boʻlganini ilgʻaydilar.Urgʻochi toshlar nam yuqtirmaydilar. Xudoning qudrati bilan feʼliga yarasha yarmi erkak, yarmi urgʻochi toshlarning ikki beti ikki boshqa koʻrinadi. Qora bulut oralab qarayotgan kunning kulgisiga kulgu bilan javob qaytarishga jon-jahdlari bilan tirishadilar. Oyoqlab qolgan qishning balki oxirgi qori yernida yuvadi. Oqlaydi. Dardi dunyoga sigʻmaganchakoʻklam quyoshini qayta koʻrganidan oʻpkasi ogʻziga tiqilib hansiraydi. Hayratidan hovur koʻtariladi.
Shaharga qaytish vaqti boʻldi. Oʻgʻilning koʻzi otahayotning bir chekkasidagi masʼumdaraxtga tushadi.Uning-da bagʻrida shamol oʻynaydi. Shamol daraxtga qarab toʻymaydi, daraxt shamolga. Qoʻl qimirlab kechadan oldingikun olma qoʻygan choʻntak ustiga boradi. Tosholma mushtdek tuyuladi. Mushtdek bolakayning mushtidek koʻrinadi. Hazillashib, turtkilab qoʻygandek ham boʻladi.Hazillashib boʻlmaydigan mushtga. Togʻni talqon qiladigan mushtga. Besh barmoq besh joyga tarvaqaylamay bir joyga musht boʻlgan mushtga.Oʻgʻilotasi bir vaqtlar shu daraxt ostida shoshgandek… shoshadi.Rasmini chizsa zoʻr chiqarkan, oʻyladi oʻzicha xayolida koʻrinayotgan olmadagi boʻrtib chiqqanizlar va yosh bola musht tukkanda barmoqlarining usta-ust tushganiday oʻxshashligidan shoshgancha…qani endi rassom boʻlsang. Ukaning xayollarini past balandigacha ilgʻayotgan opa yengilgina tomoq qirib yaqinlashadi. Opa-uka bir birlariga qaragancha gap soʻzsiz gaplashadilar. Opaning degani hammasiga baho bergan boʻladi.
– Umrning oʻtgani daraxtlardan bilinarkan, ukajon. Shamol sal qattiq huyt desa qari daraxtlar qisirlagani qisirlagan. Zorlanganday. Odamni shoshiradi. Bolalingdan birga oʻsgan, har kuni koʻraverib koʻz oʻrganib ketgan daraxt bir kun ilkisdan yonboshga ketsa odam boshqacha boʻlib ketarkan.Men sizdan mingdan ming roziman. Onam ketarlaridan oldin Oyxon, qizim, meni ketishimga birgina qargʻish yetmayapti chogʻi, kasal yotaveribseniyam juda qiynab yubordim, qari oʻlsin, shu tilagimni bajar, meni qargʻa deganlarini hech tushunolmayman. Unday demang apa, degan boʻlsamda, oʻshanda koʻzlariga qarolmaganimga oʻzimni kechira olmayman. Sizga aytmasam boʻlmasligi uchun aytayapman. Siz har doim Toshkentdan yoʻlga chiqqaningizdan ayon berib, supirgi olib koʻchani tozalash kerakligini, suv sepish kerakligini, koʻcha chang boʻlmasligini gʻazovotini qiladilar. Bek bolamga gard yuqtirsang mandan koʻrasan deganday boʻladilar. Tez-tez kelib turing, ukajon. Men sizni har doim sogʻinaman. Balajonlarniyam olib keling…
Otahovli suhbatlari shoshiradi.
Otahayot xotiralari shoshiradi.
Odam eskiravergani sayin bir xayoli bir xayolni, bir yaxshi, yurakni hayajonga soladigan, koʻngilni yashartiradigan, tiriklikka quvvat beradigan xayol boshqa bir, qayeridir oʻxshashligi bilan umrga egov, baʼzi qilgan, koʻrgan, baʼzan guvoh boʻlgan ishlariga nafrat, afsus, achinish hissini yetaklagan xayollarni yetaklab kelarkan. Bir yaxshiga bir yomon degandek.
Yaxshi xayolllarni yetaklab kelgan narsa tandirxonaning devori. Devordagi izlar. Ularni bir vaqtlar, bolaligida tengqur oʻgʻil bola, qiz bolalar birga avval loy qilishib, keyin boʻlak-boʻlakka boʻlib, devorga orqa bilan turib, boshdan oshirib loy otib, “otamning puli koʻp boʻlsin” deb chuvullashgani, kimning loyi eng balandga, eng tepaga katta boʻlib yopishsa, oʻsha bolaning otasining puli endi koʻp boʻladigandek quvonishlari, oʻsha bola oʻyinni yutgan hisoblanishini eslarkan, quvonchning chiroyidan, sevinchning esankiratadagan epkinidan, unitilgan va eslanganidan tirilgan xotiralarning koʻzidan otilib chiqqan yoshning ichidan bugʻriqib kelgan damni qaytarishga kuchiyetmadi. Devordagi izlar ham qoʻshilishib kulgandek. Izlar kulgisi bilan iz-ma iz kelgan, keyingi vaqtlarda beega uylarda palak otgan qizlarning toʻylarida urf boʻlgan kelin boʻlmishning boshdan oshirib guldasta otishidek, harom qozon toʻqchiligining beoʻxshov qiligʻi, harakatlarining oʻxshab ketishi, hozirgina koʻnglida chamanlar yaratib ketgan xayollarga quyuq soya tashlagandek boʻladi. Ayniqsa, egnidagi yo, bor yo, yoʻq koʻylak deyilmishning bir parchasiniyam yoraman deb turtib chiqqan jasadli kelin boʻlmishlarning tortinish nimaligini paqqos bilmay oʻsgan nuqsiga koʻz qiri tushganda, guldasta ushlaganning orqasidan qur olib toʻdalashgan, ersiragan dugonalarning tasrayishgan koʻzlaridagi otiladigan guldastani ilib olishga ishqivozlik hasratini koʻrganidan buyon kechki toʻylarga oyogʻi tormay qoʻygan… guldastadan uyaladi,
Otahayot xotiralari shoshiradi.
Kecha quduqdan paqirdagi suvga qoʻshilib chiqib, endi nima qilarini bilmay yoʻlini yoʻqotgan, qayerga kelib qolganini bilmay baqraygan qurvaqaning koʻzlariga bekor qaragan ekan, haliyam koʻz oʻngidan ketmayapti.
Otahayot xotiralari shoshiradi.
Qoʻrqqandan shoshgan yomon. Roʻza ogʻiz har narsani gapirmaydilar, har narsani xayoldan oʻtkazmaydilar, deydi oʻziga oʻzi, birov eshitib qolmadimikan, degancha atrofiga qarab qoʻyadi.Kalima qaytaradi. Otasi oʻrgatgandek, butun dunyo bir tomonga ogʻib ketayotgan boʻlsa-da, ushlab qoladigan kalimani qaytaradi. Kalima toza joydan chiqadi. Hamisha toza joydan. Toza joydan chiqmagan narsani kalima, soʻz, yoziq demaydilar. Bu gaplarning barini otasidan eshitgan. Unda esi yoʻq, bola edi. Otasi bolasi xayoli tozaligida yodlab olsin deb oʻrgatgan, bir kun,albatta, foydasi tegar deb aytgan kalimani qaytaradi.Bilsangiz siz ham qaytaring…
Azon borliq yaxshiliklarga chaqirib, chorlab, yoʻl koʻrsatib, borki yomonliklardan qaytarib, quvib haydagancha qishloq uzra sokinlik va halovat bagʻishlaydi. Qishloqda oʻtgan uch kecha, toʻrt kunduzqadim xotiralarni yangilaydi, yoshartiradi, avlodlarni uchrashtiradi. Turlik turlik tomoshalarni tomosha qilaverib bir biridan tonib ketgan tomirlarni bir biriga tanishtiradi. El qiladi. Endi shu kunlarni eslab yuradi. Shu kunlar xayoli bilan yuradi. Shu kunlar xayoli quvvat beradi. Quvvat boʻladi. Hali shaharga yetib bormasidan kechagi kunlarni sogʻinayapti. Hali koʻp sogʻinsa kerak. Sogʻinishi tayin. Sogʻinadi. Koʻp sogʻinadi.Sogʻinishga qarz. Odam sogʻinchda qadrli, xotirada tirik, duoda hayot. Enasining aytganlari xayol daftarida vaqraqlanadi.
Birinchi kundagi voqea,ancha vaqtdan beri qurib, qaqrab, qaqshab yotgan yer qordan oldin ilkis savalab oʻtgan sovuq yomgʻirdan nimaga seskanib ketganligi endi ayon berganday …sesnoq endi unga oʻtdi. Sesnoq ichra otahayotning dimogʻi chogʻ, davralarga soyasi egasiz qolmaganday kirib borgan, orqasiga qaramay ketgan otaday dajam, shaxdam, gurso-gursyurishi koʻrinaveradi, qani endi rassom boʻlsang…Xayoliga yana otasining gapi ega chiqadi. Egasiz qolgan bogʻ jangalga tovun. Jangalga hamisha, hamma vaqtvoyvoyak ega chiqqan.Xayolni bu safar Katta bola buzadi.
– Dadajon, men sheʼr toʻqidim. Aytaymi?
– Aytingda, balajon!
Bir, bir, bir
Hamma yoqda sir.
Mashina ichidagi jimlikni endi Kichkina buzadi.
– Shuginami, aka?
Aka eshitmaganga oladi. Kichkina davom etadi.
– Dadajon, suvni tik turib ichmaydilar-a?
– Shunday? Ammajon oʻrgatdilarmi?
– Oʻzim, ichimdan biluvdim, shunga.
– Dadajon, “Rizqu roʻz” degani nima degani?
– “Nasiba xudodandir” degani, balajon.
– Dadajon, ahmoq tishimni tomga otmabman, mana, esimdan chiqipti, endi aqlli tishim chiqmaydimi?
– Hammasi niyatga bogʻliq, balajon, niyatni yaxshi qilish kerak.
– Niyat degani nima degani?
– Faqat yaxshi narsalarni, yaxshi ishlarni oʻylash, qilish degani?
– Dadajon, yaxshi oʻqish ham ishi-a?
– Eng zoʻr ish. Oʻqday ish.
– Dadajon, Navoiy bovoning rasmlarining bittasi Navoiy boboga hech oʻxshamaydi. Bilasizmi? Kitoblarda boʻlsayam baribir oʻxshamaydi. Navoiy bovoning koʻzlari bunaqa boʻlmagan…qoshlariyam…
– Qoshlari qanaqa boʻlgan ekan?
– Gapirib tushintirib berolmayman, lekin chizib berishim mumkin?
Gapga Katta bola qoʻshiladi:
– Dadajon, sizmi, televizordami qayerda boʻlsayam“Subhoni Rabbika”ni oʻqilganda “mursalin” degan soʻzni eshitganimda har doim ichim vujullab ketadi. Shu soʻzni juda yaxshi koʻraman. Sizdayam shunday boʻladimi?
Endi moshin haydab boʻlmaydi. Qutidan chiqib shamollamasa boʻlmaydi. Mardoncha gapirganda endi qaynab ketgan miyagaozgina shamol yedirmasa boʻlmaydi.
Yaxshi pishib, shoshmay qurigan va ozginanam tekkan shuvoqning hidi yaqin oʻrtadan keladi. Dimoqqa ega chiqadi. Yer yaxshigina namiqqan. Soat, yoʻgʻ-e, soat deyishdan, soat soʻzining qurʼoniy maʼnosini uqiganidan buyon hatto xayolida aylanishidan ham qoʻrqadi. Vaqt shomni bildiradi. Joynamoz qoʻltiqda. Ochiq dalada oʻqish yana nasib qilsin.
Keng dalada joynamoz yozar ekan, yoʻldan oʻtayotgan ulovlar qatorlashib toʻxtab,qavatini toʻldirib borayotganlar bir-birlariga tinchlik tilashar ekan, qadim tanish Oqqosh Ota imomlikkaoʻtadi…
Azal tanish nazarning dimogʻi chogʻ koʻrinadi…
Soatga ilkis qaraganingda soniya milining uzoq vaqtdan beri bir joyda turib qolgandek, qilichini koʻtarib toʻxtab turgandek, qaraganingdan keyin seskanib yurib ketgandek tuyulishini qayta-qayta kuzatgan. Keyin orqasiga qarab-qarabketishiniyam. Choʻchib-choʻchib, ogʻrinib-ogʻrinib, sakrab-sakrab, suyunib-suyunib, irgʻib-irgʻib.Izdan bir yaxshi narsa qoldimikan, deganday, chogʻi. Soat mili, qilichining bordi-keldisi, sotdim-oldim savdosi yoʻlini toʻgʻri yoʻlga solib olganlarga ayonmish. Soat qilichiga tegishli gaplar Mardonniki.
* * *
Mardonning otahayot uzracharx urib, chappar urib, qur olib aytishi eshitiladi. Qur tanish koʻrinadi. Aytuv avval koʻnglida, keyin tilida aylanadi:
– Farmoning bir soʻzdan oʻzga emasligiga boʻyin berdim, yo, Hu!
– Koʻz ochib yumguncha boʻlurligiga boʻyin berdim, yo, Hu!
– Har bir ish kitoblardaligiga boʻyin berdim, yo, Hu!
– Har bir kichigu katta ishlar satrlanganligiga boʻyin berdim, yo, Hu!
– Ehsonning mukofoti faqat ehsonligiga boʻyin berdim, yo, Hu!
– Ojizligimni tan olishdan boshqa iloj qolmas kundan oldin ojizligimga boʻyin berdim, yo, Hu!
– Boʻyindagi qon tomirdan ham yaqinligiga boʻyin berdim, Yo, Hu!
Xayolni yana hamma narsaga ruxsati azaldan tekkan Kichkintoy buzadi.
– Dadajon, hayotning boshidagi olmaning shoxiga chiqib qoʻshiq aytsam, hayot ham manga qoʻshilib qoʻshiq aytdi. Nimani aytsam, oʻshani qaytardi. Koʻzimni yumib aytsam atrofimda oʻrab olganlar qarab turishganday, koʻzimni ochsam birda bekinib olishganday.Lekin qoʻrqmadim.
– Qaysi qoʻshiqni aytuvdingiz, balajon?
– Ayo, soqiyni…
– Aka, birga aytmaymizmi?
– Tashqariga chiqib aytamiz. Birga aytamiz. Dalalar ham eshitsin.
Bolalar xursandlikdan hayqirishadi.
Xudo xohlasa kelar koʻklam hayotga, bolaligi oʻtgan hayotga bolaligida qanday daraxtlar qaysi joyda oʻsgan boʻlsa, oʻshanday koʻchatni oʻsha joyga oʻtqazadi. Qaysi daraxtning qanday joylashganligi kuni kechagiday esida, oralarining necha marta qadamlab sanagan. Sanogʻi esida. Hozir qadami katta, toʻgʻri kelmasligi aniq. Sariq bolaning qadami toʻgʻri keladi. Sariqqa qadamlatadi. Qoravoyga sanatadi. Oʻzi xumordan chiqib kuzatadi. Xayoliga darvozadan kirgandagi behining bamaylixotir yonbosh tashlab turishi jazillab urildi. Behining beliga boʻynidan osilgan ayron meshning happayib, ikki qoʻl ikki yoqqa, ikki oyoq ikki tomonga tarvayib oʻtirishi qadrdondan qadrdon koʻrinib ketdi. Ostidagi, otasi togʻdan ataylab olib kelgan Kattasoy yassitoshining bir joyi badaniga botib ketdi chogʻi bir bilqillab qoʻyganday ham boʻldi. Ogʻziga bir tutam shivit tiqilgancha iyak koʻtarib atrofida sollanishgan koʻk rayhon, qora rayhonlarga qaraganini aytmaysizmi? Qurgʻur. Bosh ketgan boʻlsayam takaligi esidan chiqmay. Kulgisini qistatdi. Kuldirdi.
Erning ogʻzini tanobi qochganiga koʻzi tushgan, shu vaqtgacha uyqusirab kelgan, hamisha oʻzidan xavotirdagi xotin zotining jagʻi ochiladi.
– Hoy, dadasi, nimaga kulayapsiz. Nimaga kulganingizni aytasiz… men ham bilishim kerak. Oʻzi boya toʻxtavduk-ku. Bolalarning koʻngliga qaramang. Bu turishda qachon yetamiz…
Moshinadan tushib, oyoqlar yerga tegishi bilan bolalarning aytar qoʻshiqlariyam eslaridan chiqadi. Quvalash-quvalash hayqiriqlari dunyoni boshiga koʻtaradi. Bolalik baridan ustun keladi. Begunohlik baridan pesh chiqadi. Bolalikka ayb taqamaydilar. Endi otasi qilgan ishni qilmasa boʻlmaydi. Bir vaqtlar shunga oʻxshash holatlarda, otasi bolasini suyub ketgan vaqtlar otasi oʻgʻlini quchogʻiga olib, hech kimga koʻrsatmay, tishlaringni bir koʻray qurtlagani bormikan deb ogʻzini katta ochtirib tuflab qoʻyardi. Odam ham oʻz bolasini shuncha yaxshi koʻradimi, degancha, opasi ayuhannos solardi.
Qadim tanish, otasi bir vaqtlar aytgan, ushlab koʻrsatgan, birda silab qoʻygan, birda bir chizim ip bilan bogʻlab qoʻygan, degani deganidek boʻlib chiqqan otameros ogʻriqlar koʻrsatilgan joylarga beradi, hazillashib turtkilab ham qoʻyadi.
Toshshahar qochib ketmas. Oqibati oshamidan oshmaydigan oshnalarga qoʻshilish qochib ketmas. Bolalarga qoʻshilib oʻynagani qoladi. Vaqti kelib oʻtgan qaytganda eslarga bir narsa qoladi… Koʻngil yoʻl yoqalari tanish xayollarga toʻlishini tusaydi… qumsaydi… silqiydi…toʻlishidan tuyunadi…