Shodmon Vohid. Qo’qon xonligidagi unvon va mansablar

022    Ушбу мақола ўзбек халқи тарихининг нисбатан кам ўрганилган, ўша кам ҳолда ҳам холис ўрганилмаган давлатчилик қадриятларининг бир зарур нуқтасидан — Қўқон хонлигидаги унвон ва мансаблардан баҳс этади. Бу маззу тарих илмига қизиқувчиларга қанчалик аҳамиятли бўлса, ёзувчи-шоирларга ҳам шунчалик муҳим, деб ўйлаймиз.

ҚЎҚОН ХОНЛИГИДАГИ УНВОН ВА МАНСАБЛАР
Шодмон Воҳид
Тарих фанлари доктори
012

001Қўқон хонлиги XVIII асрнинг бошларида бўлиниб кетган аштархонийлар салтанатининг бир парчасида ташкил топиб, 1876 йилнинг феврал ойигача мавжуд эди. Бу давлат XVI-ХIХ асрларда Туркистоннинг тарихий-сиёсий, хўжаkик ва маданий ҳаётида катта ўрин тутган.

Қўқон хонлигининг асосчиси Минг қабиласининг бошлиғи Шоҳруҳбий (вафоти 1721 йил) ҳисобланади. Хонликда, Бухоро аморати(амирлиги)га ўхшаб, Амир Темур даврида шаклланган давлат бошқарув тартиби ва тузуми мавжуд эди. Қўқон хонлигида жорий қилинган ҳар хил унвон ва мансаблар, вазифа ва мартабалар ҳамда амалларни ўрганиш Ўзбекистон мустақил давлат бўлган бугунги кунда катта аҳамият касб этади.

Маълумки, Туркистондаги давлат бошқарув тартибининг тарихи қадимий замонларга бориб тақалади. Шарқ давлатчилик тузуми Аҳоманийлар давридан (эрамиздан олдин 6-5 асрлар) бошлаб то соҳибқирон Амир Темур давригача муайян бир тартибда бўлиб келиб, Амир Темур даврида аниқ бир низом асосига ўрнатилган эди Кейинчалик бу низом давр ва эамона тақозосига кўра баъзи ўзгаришларга учраб, XX асрнинг бошларигача яшади.

Туркистон давлатларида жорий бўлган вазифа ва унвонлар, мансаблар, уларнинг соҳиблари ҳақидаги баъзи маълумотлар олимлардан А. Кун, Ч. Валихонов, В. В. Бартолд, А. Семёнов, Б. Аҳмедов, А. Вилданова, А. Л. Троицкая, Р. Набиев асарларида учрайди. Булар ичида Б. Аҳмедовнинг «Мулоқот» мажалласида эълон қилинган «Амир Темурнинг давлатни идора қилиш сиёсати» (1994 й., 3-4 ва 5-б-сонлар) мақоласи жуда  қийматлидир.

Марказий Осиё давлатларининг «тарихини ўрганиш тарихчи ва ҳуқуқшунос олимлар олдида турган муҳим ва асло кечиктириб бўлмайдиган вазифадир, чунки бундай илмий изланишларнинг илмий ва назарий аҳамияти бениҳоя каттадир» («Мулоқот», 1994, 3-4 сон, 37-бет), деб ёзади Бўрибой Аҳмедов.

Шу каби мулоҳазаларга таяниб ва ўнлаб маҳаллий тарихчиларнинг XIX асрда битилган тарихий асарларининг маълумотлари асосида бизни қизиқтираётган масалаларни ёритиш йўли бугунга келиб очилди. Қўқон тарихига оид асарларнинг сони ўттиздан ошади, аммо улардаги муҳим маълумотлар илмий изланишлар доирасига тўлиқ жалб этилмаган. Афсуслар бўлсинки, бу маълумотлар тарқоқ ва паришон ҳолатда ҳалигача қолиб кетмоқда.

Қўқон хонлигидаги унвон, мансаблар ва амалларга маҳаллий муаллифлардан «Туркистон вилоятининг газети» муҳаррири Мулло Олим Маҳдум Хўжа «Тарихи Туркистон» номли асарида (Тошкент, 1915 й., 164-165-бетлар) тўхталиб ўтган. Мулло Олим хонликдаги амалдорларни 24 даражага бўлиб, қуйидаги маълумотларни беради:

«Хўқанд хонликлари асрида жорий бўлуб турган ҳар хил мансаблар, чунончи: Мингбоши ва Амири лашкарлик мансаби. Бу мансаб военнуй министирлик қаторида бўлуб, ондин бошқа ҳукуматнинг ҳамма ишига мудохаласи, чунончи, хорижия, дохилия ишларига тамом дахли бўладур.

Иккинчи Қушбегилик мансаби. Бу мансабдаги одамлар доимо хон ҳузурида маслаҳатчи қаторида туруб ва ёки бирор катта шаҳарга ҳокими бил-истиқбол насиб қиладур.

Учинчи Парвоначи. Бу мансабдаги эот ҳам қушбеги лавозимини адо қиладур.

Тўртинчи Шиғовул. Бу одам вазири илмиядек бўлуб, қози, мударрис, аълам, шайх ул-машоихлар онинг кўрсатгани бўйича тайин қилиниб, буларнинг тафтишлари ҳам анга оиддир.

Бешинчи Худайчи. Бу зот хонга адютант (адъютант) ҳукмида бўлуб, хонга махсус бериладургон аризага ва бўлак ишларга восита бўладур.

Олтинчи Тунқатор. Бу мансабдаги одам хоннинг махсус ётадургон жойига посбондек, кечаси доимо ухламай, хоннинг амрига мунтазир бўлиб турадур.

Еттинчи Ноиб. Тамоми сарбозлар анинг ихтиёрида бўладур.

Саккизинчи Оталиқ, тўққизинчи Додхоҳ, ўнинчи Меҳтарбоши, ўн биринчи Шарбатдор, ўн иккинчи Дастурхончи, ўн учинчи Хазиначи, ўн тўртинчи Маҳрамбоши, ўн бешинчи Эшикоғабоши, ўн олтинчи Понсадбоши, ўн еттинчи Тўқсабо, ўн саккизинчи Девонбеги, ўн тўққизинчи Мирзобоши, йигирманчи Саркор, йигирма биринчи Мирохурбоши, йигирма иккинчи Юзбоши, йигирма учинчи Баковулбоши, йигирма тўртинчи Даҳбоши.

Ушбу мансабдорларнинг ҳеч қаюларида муқаррар вазифа бўлмай, Қушбеги (парвоначи)ларга бирор катта шаҳар ва андин кичикларга қишлоқ ва ё бирор ариғ бериб, бошқа мансабдорларга подшоҳликдин от, либос, аслаҳа, бир йилда икки-уч маротаба ғалла, сарупо берар эдилар. Мундин бошқа бир неча майда мансаблар ҳам бўлур эди. Илмия ва ҳуқуқ мансабларидан қози ул-қуззот, қо- зийкалон, қозийи аскар, қозийи махсус, аълам, муфтий, мударрис. Буларнинг ҳар қаюларининг ўзларига махсус лавозимлари бўладур. Яна шайх ул-ислом, шайх ул-машоих мансаблари ҳам бор эди».

Мулло Олимнинг бу қайдларида маълум зиддиятлар учрашидан қатъи назар, бу масалага бағишланган биринчи изланишлардан бўлди. У мавжуд мансаб ва унвонларини тасниф қилиб, уларни даражабандлик қилган.

Қўқон хонлигида унвон ва мансаблар уларнинг ижрочиларининг ваэифалари ва мартабаларига қараб ҳарбий, ҳарбий-маъмурий, саройнинг унвон ва мансаблари, сарой маъмурияти вазифаларига ҳамда диний ва диний-қозихона амалларга тақсим бўларди.

Хонликда энг олий ва марказий унвон «Хон» унвони бўлиб, унинг ҳукумати чекланмаган. Фармон бериш ва унинг бажарилишини назорат этиш сапоҳиятлари унинг қўлида эди. Минг қабиласидан бўлмиш ҳокимлар Шаҳрисабз, Ургут, Моғиён, Урметан вилоятлари ва  бекликларида ҳам ҳукм сурганлар. Олимхон давригача (1798 й.) Минғ қабиласи раҳбарларининг унвони «бий» эди. Олимхон 1805 йили биринчи бўлиб ўзини «хон» деб эълон қилди. Умархон (1810-1822 й.) ўзини 1818 йили «амир ал-мўминин» деб эълон қилиб, диний бошлиқ ҳам бўлиб олди. Унинг вориси Муҳаммад Алихон эса яна «хон» тахтига кўтарилди. Хон авлодларини хонзода, амирзода, мирзода, шаҳзода, тўра деб айтардилар. Хонликдаги давлат низоми мутлақ яккаҳокимлик бўлиб, фақат маълум тарихий даврларда унинг салоҳияти ва қудрати чеклаб қўйилган эди. Бундай ҳол Мусулмонқулининг мингбоши ва оталиқ бўлган даврида (Худоёрхон замонида 1844-1852 йиллар), Алимқулининг амирлашкарлик ва вазирлик даврида (Султон Саидхон хон бўлган вақти 1863-1865 йиллар) рўй берган. Хоннинг кучи ва қудрати маълум иқтисодий асосларга ва ижтимоий гуруҳларга таянарди. Хон энг катта мулкдор сифатида хонликдаги ҳамма ер, сув, қуруқликлар, кўлу анҳорларга эгалик қилиб, улардан закот ва хирож шаклида даромад олиб, хазинасини тўлдирарди. Шунинг ҳисобидан ҳамда бошқа солиқлардан у ўзининг саройи, қўшини ва маъмурият амалдорларини тутарди.

Қўқон хонлиги асосан Олимхон, Умархон ва Муҳаммад Алихон даврларида (1798-1842 йиллари) анча барқарор ва тинч ривожланган. Лекин XIX аср ўрталарига келиб бу давлат таназзулга дуч кела бошлади. Бу таназзулнинг асосий сабаблари сифатида ўтроқ халқ (раоё) ва кўчманчи аҳоли (бароё) ўртасидаги қарама-қаршиликларни, ўзаро низо ва урушларни, хон тахти учун олиб борилган жангларни, Бухоро амирлиги билан ўртадаги низо ва душманликлар, муҳорибаларни кўрсатса бўлади. Булар натижасида хўжалик ҳаёти пасайиб, ижтимоий тарқоқлик бошланди, давлат тўла маънода инқирозга дуч келиб, заиф бўлди ва охир-оқибат Русия қўшинларига ем бўлди.

Хон мутлақ ҳоким сифатида ўзининг сарой-ўрдасига соҳиб бўлиб, қуйидаги унвон ва мансаблар жорий этилган эди:

1. ҲАРБИЙ ВА ҲАРБИЙ-МАЪМУРИЙ УНВОН ВА МАНСАБЛАР

051. МИНГБОШИ — мўғуллар истилоси даврида мавжуд (уларда: тимчи), минг нафар аскарнинг бошлиғи. Маъмур сифатида минг нафар отлиқ аскар берадиган мулкнинг ҳокими. Ҳарбий юришлар вақтида қўшинни бошқариб, лашкарбоши унвонини оларди. Бу унвоннинг эгаси вазирликка даъво қиларди. Қўқон хонлигида мингбоши амали Шералихон даврида (1842-1844 й.) юқори даражадаги вазифага айланиб кетган. Машҳур мингбошилар Муҳаммад Юсуф, Шодибой, Мусулмонқули қипчоқ, Муҳаммад Диёр, Мулло Холбек, Мирзо Аҳмад, Ниёз Муҳаммад, Алимқули, Абдураҳмон Мусулмонқули ўғли ва бошқалар бўлганлар.

БОТИРБОШИ — ботир ва баҳодирлар бошлиғи. Беш юз нафардан кўп даста ёки тўпга бошчилик қиларди. Вилоятларда ботирбоши ҳарбий ва қўшин ишларига масъул эди. Ботирбоши баъзан қурилиш ҳамда суғориш (ариқ қазиш) ишларига ҳам бошчилик қилган. Хонликдаги Улуғ наҳр ариғи Отабек ботирбоши саркорлиги остида амалга оширилгани маълум.

ҚУШБЕГИ — ҳарбий қўшиннинг бошлиғи. Юриш ва жанг вақтларида берилиб, унинг эгаси мингбошилик унвонини олишга даъво қиларди. (Бухорода энг олий мансабдор шахслардан ҳисобланарди.) Қушбеги мансабига кўтарилган зот алоҳида вилоятга ҳам ҳоким бўлиши мумкин бўлган. Умархон даврида Ражаб қушбеги, Муҳаммад Алихон замонида Муҳаммад Шариф қушбеги, кейинчалик хонлик тарихида Шодмон Хўжа қушбеги (мингбоши), Мирзо Аҳмад қушбеги (кейинчалик мингбоши мансабига кўтарилган) маълум ўрин эгаллаганлар.

ВОЛИ (ноиб-муовин) — вилоят ва туманларда хоннинг ўринбосари. Вилоятларда лашкар унга итоат этарди ва у вилоятнинг ҳарбий-маъмурий ишларига бошчилик қиларди.

ҚАЛЪАБОН (қутвол) — Қўқон хонлигининг чегараларида жойлашган қалъа ва истеҳкомларнинг ҳокими бўлиб, шу туманларнинг ҳарбий-маъмурий, хирож ва бож олиш ишларига, чегарани муҳофаза қилиш ишларига жавоб берарди. Ҳарбий мақсадга кўра, қалъабон вазифасига додхоҳдан қушбегигача бўлган шахслар тайинланарди. Лекин маҳаллий манбалар маълумотига қараганда, баъзан хон номақбул кишини ўзидан четлатиш учун ҳам узоқдаги қалъаларга уларни ҳоким қилиб юборарди. Қаноатшоҳ оталиқ Маллахон даврида Туркистон ўлкасида шундай сургунда бўлиб қайтган эди.

ҚЎРБОШИ — қўрхона, яъни, қурол-аслаҳа, яроқ, тўп ясаш  ишхоналарининг бошлиғи. Хон ва мингбошига итоат қиларди. Худоёрхоннинг сўнгги хонлик даврида (1866-1875 йиллар) Қўрбоши қўрхона, милтиқхона, тўпхона (ишхонаи тўпхона)ларга бошчилик қилиб, хом ашё топиб келишдан тортиб, то тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва уларни хон қарорига биноан тарқатиб бериш жараёнигача жавобгар эди. Масалан, Бахти Муҳаммад қўрбоши бошчилигида оврўпача қуроллар (милтиқи фаранги), тўплар, жазоиллар ва уларнинг ўқлари, ўқ қутилари (жилдсандиқи тўп ва тиркаш), тўп аробалари ва қурол-аслаҳаларнинг эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариларди.

ЁВАР — соқчиларнинг бошлиғи. Дастаси юз нафар аскардан иборат эди. Ёвар ўз дастаси ёки тўбининг ҳисоб-китоби, йиллик харажатини аскарлари учун хазинадан олиб берарди. Ёварлар хон девонининг ҳужжатларида ғаллагир (ғалла олувчи), жавгир (буғдой олувчи) ва сарпо олувчи сифатида қайд этилган. Баъзан ёвар бирор ариқ (жўй) ёки анҳорга ҳам соҳиб бўлиб, хизмати учун «миробона» ҳақ олган. Баъзи ҳужжатларда ёвар тўпчилар дастасининг бошлиғи ҳамда қурол ясовчилар устахонасининг сардори сифатида тасвирланган. Маҳаллий манбалардан «Тарихи Алимқули амирлашкар» асарида Хайр Муҳаммад ёвар амирлашкар шахсий дастасининг бошлиғи сифатида тилга олинган.

ТЎПЧИБОШИ — тўпчилар бошлиғи.

ТЎҚСАБО — ўзларининг туғига эга бўлган ҳарбий дастанинг бошлиғи (Бухорода VII даражали мансабдор саналган.)

ПОНСАДБОШИ — беш юз нафар аскардан иборат гуруҳнинг раҳбари.

ЮЗБОШИ — юз кишилик дастанинг бошлиғи.

ПАНЖОҲБОШИ (элликбоши; «элбоши» эмас) — эллик нафарлик ҳарбий тўбнинг сардори.

ДАҲБОШИ (ўнбоши) — ўн нафарлик жанговар дастанинг сардори.

ҚОРОВУЛБЕГИ — соқчилар ва қоровулларнинг бошлиғи.

Ҳарбийлар қаторига аскар, сарбоз, нўкар (навкар), мерган, маҳрам (мулозим маъносида), ботур, жазоилчи, тўпчи, занбарчи (тўпчи ва жазоилчининг ёрдамчиси), қўрчи, қоровул (соқчи) кирардилар. Қўшинда яна ноғорачилар, карнайчи, сурнайчи, дафчи (катта ноғораларни чалувчи), кўс ва дуҳулчилар, туғчи (байроқбардор) ҳам хизмат қилардилар.

Бу унвонлар ўртасида мингбошидан понсадбошигача олий унвонлар ҳисобланарди; юзбошидан қоровулбегигача ўрта унвонли мансаблар, қолганлари паст унвонлар ҳисобланарди. Ҳарбийлар ўртасида элликбошидан мингбошигача лавозимдаги амалдорлар хизматларига мулозимларни олардилар. Понсадбошидан юқори лавозимдаги ҳарбийларга яна мирзо ва мунши ҳам хизмат қиларди.

Маълумотларга қараганда, бу унвонлар соҳиблари саройдан йилига қуйидагича миқдорда маош олганлар:

Юзбоши йилига 80 пуд буғдой, 240 пуд жўхори (отлари учун), кимхоб чопон, салла, тўшак (ёки 3 тилло), этик, пўстин, тўн, чакмон, 2 қўй, чепрак, чой (икки қадоқ), оқ чой ва ҳар ойи 1 тиллою 4 танга пул, яъни, бир йилда жами 36 тиллога тенг маош оларди.

Қушбеги 1500 танга, қўрбоши 400 танга, тўқсабо 300 танга, қоровулбеги 200 танга,   қўрчи 70 танга ва баҳодурлар 20 ботмон (1 ботмон — 7,8 кг. — Ш. В.) буғдой билан 50 танга йиллик маош олардилар.

Ҳарбийларга хизматлари эвазига хон томонидан муайян мулк (ер, ариқ ёки анҳор) бериларди. Бундай мулк «танҳо» бўлиб, мулкдор «танҳодор» бўлиб қоларди. Танҳодорлик ҳуқуқи муайян муддатга берилиб, бир умрга ҳам берилиши мумкин эди. «Танҳо» тўғридан-тўғри мерос қолмасди. Танҳодорнинг ўғли — вориси отасининг ваэифасига ўтсагина бу мулк ўғлига ўтарди. Баъзан муайян мулкнинг ер, ариқ, анҳор, қишлоқ хирожи ёки танобона солиғи ҳарбий кишига хизмати эвазига бериларди. Бу мулкнинг шакли «тархон» бўлиб, эгаси шу солиқларни оларди. Ҳарбийларда ўз шахсий мулклари бўлса, улар солиқ тўлашдан озод этиларди. Муайян мулкдан хирож олиш ҳуқуқи (муайян муддат учун ҳам) тархон ёки вақф шаклида ҳарбийлар ва руҳонийларга ҳам берилган. Худоёрхон даврида мулкни «урғу» (мусодара) қилиш йўли билан ҳам хазина тўлатиб турилган. Бирон айб рўй берса, ҳатто кучли ҳарбий саркардалар, қабилаларнинг бой ашрофлари ва қўшин амирларининг мол- мулклари ҳам мусодара қилиниб, ўзларига жазо бериларди.

Булардан ташқари, ҳарбий юришлар натижасида қўлга киритиладиган ўлжа ҳарбийларнинг қўшимча даромадлари ҳисобланарди. Бундай йўл билан тўпланган мол-мулк юриш қатнашчилари ўртасида тенг тақсим қилинарди.

1842 йили Бухоро фақиҳлари берган фатво асосида Фарғона замини талон-тарож бўлганини Аваз Муҳаммад Аттор махсус қайд қилган эди. Агарда Бухоро амирларидан фақат Музаффарнинг Қўқонга қарши юришларинигина олсак ҳам, бу уруш натижасида эгалланган «ўлжа»ларнинг миқдорини аниқлаш қийин бўлади (1).

Олимхон даврида 1809 йили Тошкентга юриш қилинди ва хон фармони билан Қўқон лашкари Чимкент ва Сайрамга закот олишга юборилди. Лекин Олимхон бу юришдан келган бой «ўлжа»га бир ўзи соҳиблик қилмоқчи эди, лашкар норизо бўлиб, ундан юз ўгирди ва амир Умар (Умархон)  тарафига ўтиб олди (2). Қўқон хонлиги билан Бухоро ўртасида жойлашган Жиззах, Ўратепа икки тарафдан ҳам ҳарбий юришларнинг доимий нишонига айланиб қолган эди. Биргина амир Умархон даврида Ўратепага қарши 16 марта қўшин тортилгани манбалардан маълум.

II. САРОЙ УНВОН ВА МАНСАБЛАРИ

044Олий даражали унвон ва мансаблар: оталиқ, бекларбеги, бий, девонбеги, хазиначи, иноқ, эшикоғаси, парвоначи, додхоҳ, дастурхончи, саркор, шарбатдор, офтобачи, қоровулбеги (саройда), тунқатор, қушбеги.

Ўрта даражали унвонлар ва амаллар: китобдор, рисолачи, баковул, мирзобоши, сармунши, меҳтари закотхона, мирохўр, шиғовул.

Паст даражали мансаблар: саломоғаси, мирзо, файзи, мунши, сурнайчи, карнайчи, дафчи, чопқучи, жарчи (боши), шотир, зинбардор (эгарчи), жиловдор.

ОТАЛИҚ — хон ёки хонзоданинг мураббийси, уларнинг ҳомийлари. Улар тарбият берган хонзода тахтга соҳиб бўлганидан сўнг ўзлари ҳам юқори мансаб ва амалларга соҳиб бўлар эдилар. (Бухоро аморатида ҳам энг олий унвон ҳисобланарди.) Хоннинг рикоб (ўзанги) аҳлига кирарди. Оталиқлардан Мусулмонқули (тахминан 1792 йили туғилган бўлиб, 1852 йили ноябр ойида қатл этилган), Алимқули (1830/31 — 1865 йиллари), Қаноатшоҳ отапиқ (1862 йили амир Музаффар томонидан қатл этилган) Қўқон хонлиги тарихида катта ўрин эгаллаганлар. Хусусан, Мусулмонқули ва Алимқули оталиқлар даврида хон номидан олий ҳукумат соҳиби бўлиб қолиб, давлат бошқарув ишлари тўлиқ шу зотларнинг қўлларида эди.

БЕКЛАРБЕГИ — яъни, бекларнинг беки. Бу унвон хоннинг ворисига ёки баъзи вилоятнинг ҳокимига берилган..Бекларбегилардан Исфара вэ Чоркўҳ ҳокими Сотиболди ва Тошканд вакили Лашкар бекларбегилар машҳур бўлган. Булардан Лашкар (қушбеги) бекларбеги Тошкент ва Дашти қипчоқ мулкида 1810 йилдан 1841 йилгача ҳоким бўлиб, жуда оқил ва одил саналган. Мирзолигини унинг даврида бошлаган «Хулосат ул-аҳвол» асарининг муаллифи Абу Убайдулло Муҳаммад бинни Султонхўжа (Эшонхўжа Қори Тошкандий) Лашкар бекларбегини самимият билан эслайди.

БИЙ — туркий қабилаларнинг пешволари (Бухоро аморатида IX даражали мансабдор).

ДЕВОНБЕГИ — хон девонининг сардори. (Бухорода XIII даражали амалдор) Қўқон хонлиги вилоятларидан Тошкент ва Дашти қипчоқ мулкида ҳам девонбеги амали бўлган. Лашкар бекларбеги даврида бу ўлкада ҳатто икки нафар — Ҳаким девонбеги ва Худойберди девонбегилар бу вазифани бажарганлар. Улар хирож ва закот ишлари, вилоятнинг ҳисоб-китоб ишларини олиб борганлар. Ҳаким девонбеги Тошкент, Туркистон, Чимкент ва Сайрам ерларида, Худойберди эса Пишпеккача бўлган ҳудудларда девонбеги эди.

ХАЗИНАЧИ — давлат хазинасининг ҳисоб-китобига жавобгар шахс. Вилоят марказида ҳам хазиначи бўлган.

ИНОҚ — хоннинг хос ва сирдош мулозими.

ЭШИКОҒАСИ (чеҳраоғаси) — эшик олдидаги соқчи, посбон. Хон маҳрамларининг ва соқчи-мулозимларининг сардори. Нотаниш кишиларни хон ҳузурига ижозатсиз қўймасликка жавоб беради.

ПАРВОНАЧИ — бу унвон бошқа унвонларнинг эгаларига ҳам бериларди. Унинг эгаси ўзининг хонга яқинлигидан фойдаланиб, хат ва аризаларни саройга олиб кириб, у ердан кетма-кет жавобини олиб чиқарарди. (Бухорода XII даражали мансабдор.)

ДОДХОҲ— сарой унвонларидан. Хон олдига бошқаларнинг иотак ва мақсадларини баён этиш ҳуқуқига эга мансаб.

ДАСТУРХОНЧИ — хон дастурхонига, умуман, ошхонасига жавобгар мансаб.

САРОЙ ҚАРОВУЛБЕГИСИ — хон ўрдасининг соқчиларига бошлиқ.

ТУНҚАТОР — яъни, тунгача уйғоқ соқчи. Хоннинг истироҳати ва юришлари вақтида муҳофазат қиларди. Хонга яқин кишилардан тайинланарди.

ОФТОБАЧИ — хоннинг хос мулозимларидан. Унинг ювиниши ва таҳорати вақтида хизмат қиларди. Қўқон хонлигида Абдураҳмон офтобачи ибни Мусулмонқули 1873 йили Маъмур мундуз (1879 йили 25 январ дорга осилган) кўтарган қўзғолонни бостириш учун юборилган лашкарга бошчилик қилган эди.

ШАРБАТДОР — энг олий ва фахрий унвонлардан. Хонга хос мажлисларда ва сафарларида хизмат қиларди.

ҲИДОЯТЧИ— тортиқ ва совғаларни қабул қилиб, хон назаридан ўтказарди.

ШИҒОВУЛ — элчилар ва чопарларни хон ҳузурига бошлаб кирарди. Манбаълар маълумотига қараганда, шиғовул мансабида бўлган зотнинг вазифалари жуда кенг бўлган. Муҳаммад Юнус мирзобоши шиғовуллик мансабини Алимқули амирлашкар томонидан олиши воқеасини қуйидагича баён қилади: «Бир куни саломга йиғилган вақтида (Ёқуббек) Бадавлат (ўша машҳур Ёқуббек Пискентий — Қошғар ҳокими. — Ш. В.) қўлида бир кимхоб тўн ва Мирзо Аҳмад қушбеги қўлида ҳам бир кимхоб тўн олиб чиқиб, Бадавлат каминага кимхоб тўнни кийдуруб, тош ўққоған тилло асони «сиз шиғовул» деб қўлимга топшурди. Мирзо Аҳмад қушбеги тўнни Аҳрорхон тўрага кийдуруб, яна бир тилло асони «сиз удайчи» деб ани қўлига топшурди» (3). Бу мансабга ўтмасдан олдин Муҳаммад Юнус додхоҳлик унвонида бўлиб, мирзобоши вазифасида бўлган эди. Мирзобоши бўлганида унга Алимқул амирлашкар «бир катта тилло кимхоб тўн кийдуруб «Фарғонанинг  хирожини ва танобони ва закот пуллари (ҳисоб-китобини), аскариянинг қишлоқ ва ғаллоти, қишлоқлар харожоти, саркору амлоклар таҳқиқи ва ҳисоби, аскария яроғу аслаҳа дафтари»ни тааллуқ қилган экан.

САРКОР — хон амлокларининг бошлиғи; хонга тегишли ишхоналар, корхоналар ҳамда қурилиш ишларига бошчилик қиларди.

ҚУШБЕГИ(миришкор) — хонга ов вақтларида қўшиларди. Унинг овчи итлари, лочинлари ва ов вақтида истироҳат ишларига жавобгар эди.

САЛОМОҒАСИ— хон номидан халққа салом берувчи.

КИТОБДОР — сарой кутубхонасининг мудири.

РИСОЛАЧИ— девондаги вазифалардан бўлиб, элчилар ва уларнинг хат-хабарларига жавоб берарди.

МИРЗАБОШИ— мирзоларнинг бошлиғи Муҳаммад Юнус шиғовул мирзобоши этиб тайинланганида, қуйидаги салоҳиятларни ҳам қўлга киритган эди: «(Алимқули) Дўсатга меҳтарлик, яъни, закотчилик сарпоси, Муҳаммад Иброҳимга (у мирзобоши эди. — Ш. В.) иноқлик сарпоси, Турсун Муҳаммадга саркорлик, яъни, никоҳона, таракона ва кема ижараларини олувчининг сарпоси, Мирзо Ғафурга саррофона, яъни, зарб урғучилар бошлиғининг сарпосини бериб, аларни мушофиҳат (оғэаки. — Ш. В.) каминага тобеъ бўлунглар, деб амр қилдилар» (4).

Бу маълумотлардан маълум бўладики, баъзан амалдорнинг вазифалари соҳибининг салоҳияти, ақлу заковати ва садоқатига қараб ўзгарар экан.

САРМУНШИ — муншиларнинг сардори (бошлиғи).

ФАЙЗИ — бу унвоннинг (?) амали ва вазифасини ҳозирча аниқлай олмадик. Қўқон манбаларидан «Мунтаҳаб ут-таворих» асарида ҳамда Тожирнинг «Ғаройиби сипоҳ» асарида бу истилоҳ учрайди. Масалан, Муҳаммад Ҳакимхон қуйидаги маълумотни келтирган: «Жаҳонгирхожаро ба амали файзиги сарафрози бахшид ва Сайид Ғозихожаро низ ба амали файзи сарафроз кард» (Жаҳонгирхўжани ва Сайид Ғозихўжани файзилиқ амали билан сарафроз этди).

ЖАМЪОҒА — хоннинг суҳбати, қабули ва базмларига иштирок этадиган кишиларни чақириб (жамъ қилиб) келарди.

ЖАРЧИ (боши) — халқ йиғиладиган жойларда хоннинг фармон ва буйруқларини жар солиб эълон қиларди.

ЖИБАЧИ — жиба ясовчи (Бухорода IV даражали мансабдор).

ЧОПҚУЧИ— пичоқ ясовчи; хон ва саройдагилар учун қуроллар ясаб, қўрчи вазифасини ҳам ижро этарди.

ШОТИР — хоннинг рикоби олдидан юриб, одамларни хон келишидан хабардор этиб, уларни таъзимга чорловчи.

УДАЙЧИ — хон рикоби олдидан юриб, унинг шаънига баланд овоз билан мақтовли сўзлар ва ҳамду санолар айтиб борувчи.

МЕҲТАР — хон отхонасининг бошлиғи ҳамда закотчи. Закотхона меҳтари закот учун аҳолидан энг яхши отларни оларди. Мирохур вазифаси ҳам шунга яқин, лекин у фақат отхонага ва отларга жавобгар эди.

МИРОБ— ариқ ва сув оқсоқоли. Хонликда бу амал ҳарбийларга «танҳо» сифатида бериларди. Бундай ҳарбийлар ҳужжатларда «жавони жўйдор» (ариғи бор аскар), «ёвари жўйдор» (ариғи бор ёвар) сифатида қайд этилган.

ФАРРОШБОШИ — сарой хизматчиларининг сардори.

ДОРУҒАБОШИ — бу амалдор ҳосилни йиғиб олишдан олдин хирож миқдорини аниқларди. Закотчиларнинг бошлиғи.

XIX асрнинг 70-йилларида Қўқонда бўлган Александр Кун маълумотига қараганда, қушбегидан қуйида бўлган мансабдорлар хон қабулига кира олмай, унинг аҳли рикоб (узанги аҳли) қаторига кирмаганлар.

Бу мансабдорлардан баъзиларининг йиллик даромади қуйидагича бўлган:

Иноқ — хонликда уч киши бу мансабга соҳиб бўлиб, ҳар бирлари 1000 тангадан; закотхона меҳтари — 500 танга; жарчибоши — 300 танга; мирзобоши, мунши, мирохур 200 тангадан олардилар. Оталиқ — 2000 танга; парвоначи — 1500 танга; додхоҳ 1000 танга; эшикоғаси — 500 танга; жибачи эса 70 танга олардилар.

III. ДИНИЙ МАНСАБ ВА УНВОНЛАР

033ШАЙХ УЛ-ИСЛОМ — диндорларнинг энг олий унвонларидан бўлиб, Умархон томонидан 1818 йили жорий этилди. Биринчи шайх ул- ислом Маъсумхон тўра бўлган. Кейинчалик Зокирхўжа эшон, Сулаймонхўжа эшонларнинг бу унвонга соҳиб бўлганликлари  маълумдир.

ХОЖАИ КАЛОН — фиқҳ олимининг фахрий унвони.

ХАЛИФА — ўринбосар. Қўқонда нақшбандия, қаландария, жаҳрия тариқатларининг раҳбарлари. Машҳур халифалардан Муҳаммад Карим, Домулло Сафо, Ҳазрати Соҳибзода (Миён Халил Соҳиб), Ҳазрати Эшонхўжани тилга олиш мумкиндир.

АЪЛАМ— фақиҳ олим ва шариат қоидаларининг билимдони.

ОХУНД — билимли ва мадрасада таълим олган киши.

СУДУР — вақф мулкларининг  даромадларига ва ҳисоб-китобига жавобгар киши.

ЎРОҚ— вақф ерларининг хирож ва солиқларига масъул киши.

НАҚИБ — оқсоқол, олим фақиҳларнинг ёрдамчилари.

МУДАРРИС — мадраса устози. Хон томонидан тайинланиб, йиллик маош оларди. Баъзан хон фармони билан мударрисга «тархон» ҳам бериларди.

ИМОМ ва имом-хатиб — масжид имоми ва жумъа намозларда хутба ўқиб, амри маъруф қиладиган аллома.

ИМОМИ ЖИЛАВ — сафар ва юришлар пайтида хон ва рикоб аҳлига хизмат қиладиган имом.

МУАЗЗИН — мусулмонларни беш маротаба намозга чақирувчи; азон айтувчи.

СЎФИ ЖИЛАВ— юриш ва сафарларда хизмат қиладигай шахс.

IV. ҚОЗИХОНА ВА МАҲКАМАЛАРДАГИ УНВОН ВА АМАЛЛАР

ҚОЗИ УЛ-ҚУЗЗОТ — қозилар қозиси (яъни, адлия вазири).

ҚОЗИИ КАЛОН — пойтахтда ва вилоят марказларидаги қозиларнинг ва қозихона ишларининг устидан назорат қиларди.

ҚОЗИИ МУТЛАҚ — бош қози.

ҚОЗИИ АСКАР— қўшин қоэиси. Умархон даврида бу вазифа тарихчи Мирзо Қаландар Мушриф Исфарагийга юкланган эди.

ҚОЗИ РАИС — қўшинларда аскария муфтиси берган фатволарнинг ижро этилиши устидан назорат қиларди.

ҚОЗИИ ЖИЛАВ— рикоб қозиси бўлиб, сафар ва юришларда хизмат қиларди.

АЪЛАМ — шариат бўйича гуноҳкорнинг жазосини аниқлаб берарди.

МУФТИЙ — яъни, фатво берувчи.

МУФТИИ АСКАР — қўшин муфтиси.

ТАРАКАЧИ — мерос қолган мол-мулкларни меросчиларга тарака қилиб (бўлиб) берарди.

МИРШАБХОНА САДРИ — миршабларнинг сардори.

МИРШАБ — қозихонанинг аскари ва тунги соқчи.

МУЛОЗИМ (оломон) — қозихона ва маҳкаманинг оддий хизматчиси.

Маълумотларга қараганда, масалан, Қозии калон йилида 800 ботмон ғалла ва 1200 танга пул; нақиб (бу мансабда 2 киши бўларди) — йилида 500 ботмон ғалла ва 1000 танга пул; судур — 100 ботмон ғалла ва 400 танга; ўроқ эса (100 киши) йилида 50 ботмон ғалла ва 200 тангадан пул даромадлари бор эди (5).

Диний ва қозилий лавозимларда бўлганлар давлат томонидан белгиланган маош ва турли хайр-эҳсонлар ҳисобидан кун кўрардилар. Бундай даромадларга никоҳона, таракона (тарака қилинган мулкдан), мерос ҳақи ва бошқа хил тўловлар кирарди.

Мадраса, масжид, мозорлар ўзларининг вақф мулкларига соҳиб бўлиб, шу вақф даромадидан ўз хизматчиларига ҳақ берардилар. Вақф мулкларига мутавали мутасаддий — бошлиқ эди. Бу мансабга вақф қилувчи зот ўз номзодини кўрсатиши ёки ўзи мутавалилик қилиши мумкин бўларди. Вақфлар оқ вақф ва қора вақфларга бўлинарди. Оқ вақф хирож ва солиқлардан озод қилинган бўлиб, қора вақф хазинага хирож ва бошқа жорий солиқларни тўлаши керак эди.

Қўқон хонлигида мавжуд бўлган асосий унвон ва мансабларнинг даража ва мартабаларини аниқлаш бўйича изланишлар бошқа олимлар томонидан ҳам олиб борилаётгандир. Шунинг учун кенг маънода уларнинг янги, қўшимча фикрлари ва танқидий нуқтаи назарлари бизга жуда муҳимдир. Бу масалаларни бошқа давлатлардаги амал ва мансаблар билан қиёсий ўрганиш ҳам фойдадан холий эмас. Бу ишлар, иншаоллоҳ, келгусида амалга оширилади, деб ўйлаймиз.

ИЗОҲЛАР

1. Аваз Муҳаммад Аттор Ҳўқандий. Тарихий жаҳоннамойи. Ўзбекистон Республикаси ФА Шарқшунослик институти хазинаси, 9455 рақамли қўлёзма, 2 жилд, 331 а-331 б-варақлар.
2.Фазлий Фарғоний. Умарнома. Русия Фанлар Академияси шарқшунослик институти Санкт-Петербург бўлими хазинаси, С 2467 рақамли қўлёзма, 296-варақ.
3. Муҳаммад Юнус шиғовул. «Тарихи Алимқули амирлашкар». 145-бет.
4. Ўша асар, 125-126-бетлар.
5. Қар. Набиев Р. Н. Ўша асар, 263-264-бетлар.

09
07

QO’QON XONLIGIDAGI UNVON VA MANSABLAR
Shodmon Vohid
Tarix fanlari doktori
012

001Qo’qon xonligi XVIII asrning boshlarida bo’linib ketgan ashtarxoniylar saltanatining bir parchasida tashkil topib, 1876 yilning fevral oyigacha mavjud edi. Bu davlat XVI-XIX asrlarda Turkistonning tarixiy-siyosiy, xo’jakik va madaniy hayotida katta o’rin tutgan.

Qo’qon xonligining asoschisi Ming qabilasining boshlig’i Shohruhbiy (vafoti 1721 yil) hisoblanadi. Xonlikda, Buxoro amorati(amirligi)ga o’xshab, Amir Temur davrida shakllangan davlat boshqaruv tartibi va tuzumi mavjud edi. Qo’qon xonligida joriy qilingan har xil unvon va mansablar, vazifa va martabalar hamda amallarni o’rganish O’zbekiston mustaqil davlat bo’lgan bugungi kunda katta ahamiyat kasb etadi.

Ma’lumki, Turkistondagi davlat boshqaruv tartibining tarixi qadimiy zamonlarga borib taqaladi. Sharq davlatchilik tuzumi Ahomaniylar davridan (eramizdan oldin 6-5 asrlar) boshlab to sohibqiron Amir Temur davrigacha muayyan bir tartibda bo’lib kelib, Amir Temur davrida aniq bir nizom asosiga o’rnatilgan edi Keyinchalik bu nizom davr va eamona taqozosiga ko’ra ba’zi o’zgarishlarga uchrab, XX asrning boshlarigacha yashadi.

Turkiston davlatlarida joriy bo’lgan vazifa va unvonlar, mansablar, ularning sohiblari haqidagi ba’zi ma’lumotlar olimlardan A. Kun, CH. Valixonov, V. V. Bartold, A. Semyonov, B. Ahmedov, A. Vildanova, A. L. Troitskaya, R. Nabiev asarlarida uchraydi. Bular ichida B. Ahmedovning «Muloqot» majallasida e’lon qilingan «Amir Temurning davlatni idora qilish siyosati» (1994 y., 3-4 va 5-b-sonlar) maqolasi juda qiymatlidir.

Markaziy Osiyo davlatlarining «tarixini o’rganish tarixchi va huquqshunos olimlar oldida turgan muhim va aslo kechiktirib bo’lmaydigan vazifadir, chunki bunday ilmiy izlanishlarning ilmiy va nazariy ahamiyati benihoya kattadir» («Muloqot», 1994, 3-4 son, 37-bet), deb yozadi Bo’riboy Ahmedov.

Shu kabi mulohazalarga tayanib va o’nlab mahalliy tarixchilarning XIX asrda bitilgan tarixiy asarlarining ma’lumotlari asosida bizni qiziqtirayotgan masalalarni yoritish yo’li bugunga kelib ochildi. Qo’qon tarixiga oid asarlarning soni o’ttizdan oshadi, ammo ulardagi muhim ma’lumotlar ilmiy izlanishlar doirasiga to’liq jalb etilmagan. Afsuslar bo’lsinki, bu ma’lumotlar tarqoq va parishon holatda haligacha qolib ketmoqda.

Qo’qon xonligidagi unvon, mansablar va amallarga mahalliy mualliflardan «Turkiston viloyatining gazeti» muharriri Mullo Olim Mahdum Xo’ja «Tarixi Turkiston» nomli asarida (Toshkent, 1915 y., 164-165-betlar) to’xtalib o’tgan. Mullo Olim xonlikdagi amaldorlarni 24 darajaga bo’lib, quyidagi ma’lumotlarni beradi:

«Xo’qand xonliklari asrida joriy bo’lub turgan har xil mansablar, chunonchi: Mingboshi va Amiri lashkarlik mansabi. Bu mansab voennuy ministirlik qatorida bo’lub, ondin boshqa hukumatning hamma ishiga mudoxalasi, chunonchi, xorijiya, doxiliya ishlariga tamom daxli bo’ladur.

Ikkinchi Qushbegilik mansabi. Bu mansabdagi odamlar doimo xon huzurida maslahatchi qatorida turub va yoki biror katta shaharga hokimi bil-istiqbol nasib qiladur.

Uchinchi Parvonachi. Bu mansabdagi eot ham qushbegi lavozimini ado qiladur.

To’rtinchi Shig’ovul. Bu odam vaziri ilmiyadek bo’lub, qozi, mudarris, a’lam, shayx ul-mashoixlar oning ko’rsatgani bo’yicha tayin qilinib, bularning taftishlari ham anga
oiddir.

Beshinchi Xudaychi. Bu zot xonga adyutant (ad’yutant) hukmida bo’lub, xonga maxsus beriladurgon arizaga va bo’lak ishlarga vosita bo’ladur.

Oltinchi Tunqator. Bu mansabdagi odam xonning maxsus yotadurgon joyiga posbondek, kechasi doimo uxlamay, xonning amriga muntazir bo’lib turadur.

Yettinchi Noib. Tamomi sarbozlar aning ixtiyorida bo’ladur.

Sakkizinchi Otaliq, to’qqizinchi Dodxoh, o’ninchi Mehtarboshi, o’n birinchi Sharbatdor, o’n ikkinchi Dasturxonchi, o’n uchinchi Xazinachi, o’n to’rtinchi Mahramboshi, o’n beshinchi Eshikog’aboshi, o’n oltinchi Ponsadboshi, o’n yettinchi To’qsabo, o’n sakkizinchi Devonbegi, o’n to’qqizinchi Mirzoboshi, yigirmanchi Sarkor, yigirma birinchi Miroxurboshi, yigirma ikkinchi Yuzboshi, yigirma uchinchi Bakovulboshi, yigirma to’rtinchi Dahboshi.

Ushbu mansabdorlarning hech qayularida muqarrar vazifa bo’lmay, Qushbegi (parvonachi)larga biror katta shahar va andin kichiklarga qishloq va yo biror arig’ berib, boshqa mansabdorlarga podshohlikdin ot, libos, aslaha, bir yilda ikki-uch marotaba g’alla, sarupo berar edilar. Mundin boshqa bir necha mayda mansablar ham bo’lur edi. Ilmiya va huquq mansablaridan qozi ul-quzzot, qo- ziykalon, qoziyi askar, qoziyi maxsus, a’lam, muftiy, mudarris. Bularning har qayularining o’zlariga maxsus lavozimlari bo’ladur. Yana shayx ul-islom, shayx ul-mashoix mansablari ham bor edi».

Mullo Olimning bu qaydlarida ma’lum ziddiyatlar uchrashidan qat’i nazar, bu masalaga bag’ishlangan birinchi izlanishlardan bo’ldi. U mavjud mansab va unvonlarini tasnif qilib, ularni darajabandlik qilgan.

Qo’qon xonligida unvon va mansablar ularning ijrochilarining vaeifalari va martabalariga qarab harbiy, harbiy-ma’muriy, saroyning unvon va mansablari, saroy ma’muriyati vazifalariga hamda diniy va diniy-qozixona amallarga taqsim bo’lardi.

Xonlikda eng oliy va markaziy unvon «Xon» unvoni bo’lib, uning hukumati cheklanmagan. Farmon berish va uning bajarilishini nazorat etish sapohiyatlari uning qo’lida edi. Ming qabilasidan bo’lmish hokimlar Shahrisabz, Urgut, Mog’iyon, Urmetan viloyatlari va bekliklarida ham hukm surganlar. Olimxon davrigacha (1798 y.) Ming’ qabilasi rahbarlarining unvoni «biy» edi. Olimxon 1805 yili birinchi bo’lib o’zini «xon» deb e’lon qildi. Umarxon (1810-1822 y.) o’zini 1818 yili «amir al-mo’minin» deb e’lon qilib, diniy boshliq ham bo’lib oldi. Uning vorisi Muhammad Alixon esa yana «xon» taxtiga ko’tarildi. Xon avlodlarini xonzoda, amirzoda, mirzoda, shahzoda, to’ra deb aytardilar. Xonlikdagi davlat nizomi mutlaq yakkahokimlik bo’lib, faqat ma’lum tarixiy davrlarda uning salohiyati va qudrati cheklab qo’yilgan edi. Bunday hol Musulmonqulining mingboshi va otaliq bo’lgan davrida (Xudoyorxon zamonida 1844-1852 yillar), Alimqulining amirlashkarlik va vazirlik davrida (Sulton Saidxon xon bo’lgan vaqti 1863-1865 yillar) ro’y bergan. Xonning kuchi va qudrati ma’lum iqtisodiy asoslarga va ijtimoiy guruhlarga tayanardi. Xon eng katta mulkdor sifatida xonlikdagi hamma yer, suv, quruqliklar, ko’lu anhorlarga egalik qilib, ulardan zakot va xiroj shaklida daromad olib, xazinasini to’ldirardi. Shuning hisobidan hamda boshqa soliqlardan u o’zining saroyi, qo’shini va ma’muriyat amaldorlarini tutardi.

Qo’qon xonligi asosan Olimxon, Umarxon va Muhammad Alixon davrlarida (1798-1842 yillari) ancha barqaror va tinch rivojlangan. Lekin XIX asr o’rtalariga kelib bu davlat tanazzulga duch kela boshladi. Bu tanazzulning asosiy sabablari sifatida o’troq xalq (raoyo) va ko’chmanchi aholi (baroyo) o’rtasidagi qarama-qarshiliklarni, o’zaro nizo va urushlarni, xon taxti uchun olib borilgan janglarni, Buxoro amirligi bilan o’rtadagi nizo va dushmanliklar, muhoribalarni ko’rsatsa bo’ladi. Bular natijasida xo’jalik hayoti pasayib, ijtimoiy tarqoqlik boshlandi, davlat to’la ma’noda inqirozga duch kelib, zaif bo’ldi va oxir-oqibat Rusiya qo’shinlariga yem bo’ldi.

Xon mutlaq hokim sifatida o’zining saroy-o’rdasiga sohib bo’lib, quyidagi unvon va mansablar joriy etilgan edi:

045

1. HARBIY VA HARBIY-MA’MURIY UNVON VA MANSABLAR

0561. MINGBOSHI — mo’g’ullar istilosi davrida mavjud (ularda: timchi), ming nafar askarning boshlig’i. Ma’mur sifatida ming nafar otliq askar beradigan mulkning hokimi. Harbiy yurishlar vaqtida qo’shinni boshqarib, lashkarboshi unvonini olardi. Bu unvonning egasi vazirlikka da’vo qilardi. Qo’qon xonligida mingboshi amali Sheralixon davrida (1842-1844 y.) yuqori darajadagi vazifaga aylanib ketgan. Mashhur mingboshilar Muhammad Yusuf, Shodiboy, Musulmonquli qipchoq, Muhammad Diyor, Mullo Xolbek, Mirzo Ahmad, Niyoz Muhammad, Alimquli, Abdurahmon Musulmonquli o’g’li va boshqalar bo’lganlar.

BOTIRBOSHI — botir va bahodirlar boshlig’i. Besh yuz nafardan ko’p dasta yoki to’pga boshchilik qilardi. Viloyatlarda botirboshi harbiy va qo’shin ishlariga mas’ul edi. Botirboshi ba’zan qurilish hamda sug’orish (ariq qazish) ishlariga ham boshchilik qilgan. Xonlikdagi Ulug’ nahr arig’i Otabek botirboshi sarkorligi ostida amalga oshirilgani ma’lum.

QUSHBEGI — harbiy qo’shinning boshlig’i. Yurish va jang vaqtlarida berilib, uning egasi mingboshilik unvonini olishga da’vo qilardi. (Buxoroda eng oliy mansabdor shaxslardan hisoblanardi.) Qushbegi mansabiga ko’tarilgan zot alohida viloyatga ham hokim bo’lishi mumkin bo’lgan. Umarxon davrida Rajab qushbegi, Muhammad Alixon zamonida Muhammad Sharif qushbegi, keyinchalik xonlik tarixida Shodmon Xo’ja qushbegi (mingboshi), Mirzo Ahmad qushbegi (keyinchalik mingboshi mansabiga ko’tarilgan) ma’lum o’rin egallaganlar.

VOLI (noib-muovin) — viloyat va tumanlarda xonning o’rinbosari. Viloyatlarda lashkar unga itoat etardi va u viloyatning harbiy-ma’muriy ishlariga boshchilik qilardi.

QAL’ABON (qutvol) — Qo’qon xonligining chegaralarida joylashgan qal’a va istehkomlarning hokimi bo’lib, shu tumanlarning harbiy-ma’muriy, xiroj va boj olish ishlariga, chegarani muhofaza qilish ishlariga javob berardi. Harbiy maqsadga ko’ra, qal’abon vazifasiga dodxohdan qushbegigacha bo’lgan shaxslar tayinlanardi. Lekin mahalliy manbalar ma’lumotiga qaraganda, ba’zan xon nomaqbul kishini o’zidan chetlatish uchun ham uzoqdagi qal’alarga ularni hokim qilib yuborardi. Qanoatshoh otaliq Mallaxon davrida Turkiston o’lkasida shunday surgunda bo’lib qaytgan edi.

QO’RBOSHI — qo’rxona, ya’ni, qurol-aslaha, yaroq, to’p yasash ishxonalarining boshlig’i. Xon va mingboshiga itoat qilardi. Xudoyorxonning so’nggi xonlik davrida (1866-1875 yillar) Qo’rboshi qo’rxona, miltiqxona, to’pxona (ishxonai to’pxona)larga boshchilik qilib, xom ashyo topib kelishdan tortib, to tayyor mahsulot ishlab chiqarish va ularni xon qaroriga binoan tarqatib berish jarayonigacha javobgar edi. Masalan, Baxti Muhammad qo’rboshi boshchiligida ovro’pacha qurollar (miltiqi farangi), to’plar, jazoillar va ularning o’qlari, o’q qutilari (jildsandiqi to’p va tirkash), to’p arobalari va qurol-aslahalarning ehtiyot qismlari ishlab chiqarilardi.

YOVAR — soqchilarning boshlig’i. Dastasi yuz nafar askardan iborat edi. Yovar o’z dastasi yoki to’bining hisob-kitobi, yillik xarajatini askarlari uchun xazinadan olib berardi. Yovarlar xon devonining hujjatlarida g’allagir (g’alla oluvchi), javgir (bug’doy oluvchi) va sarpo oluvchi sifatida qayd etilgan. Ba’zan yovar biror ariq (jo’y) yoki anhorga ham sohib bo’lib, xizmati uchun «mirobona» haq olgan. Ba’zi hujjatlarda yovar to’pchilar dastasining boshlig’i hamda qurol yasovchilar ustaxonasining sardori sifatida tasvirlangan. Mahalliy manbalardan «Tarixi Alimquli amirlashkar» asarida Xayr Muhammad yovar amirlashkar shaxsiy dastasining boshlig’i sifatida tilga olingan.

TO’PCHIBOSHI — to’pchilar boshlig’i.

TO’QSABO — o’zlarining tug’iga ega bo’lgan harbiy dastaning boshlig’i (Buxoroda VII darajali mansabdor sanalgan.)

PONSADBOSHI — besh yuz nafar askardan iborat guruhning rahbari.

YUZBOSHI — yuz kishilik dastaning boshlig’i.

PANJOHBOSHI (ellikboshi; «elboshi» emas) — ellik nafarlik harbiy to’bning sardori.

DAHBOSHI (o’nboshi) — o’n nafarlik jangovar dastaning sardori.

QOROVULBEGI — soqchilar va qorovullarning boshlig’i.

Harbiylar qatoriga askar, sarboz, no’kar (navkar), mergan, mahram (mulozim ma’nosida), botur, jazoilchi, to’pchi, zanbarchi (to’pchi va jazoilchining yordamchisi), qo’rchi, qorovul (soqchi) kirardilar. Qo’shinda yana nog’orachilar, karnaychi, surnaychi, dafchi (katta nog’oralarni chaluvchi), ko’s va duhulchilar, tug’chi (bayroqbardor) ham xizmat qilardilar.

Bu unvonlar o’rtasida mingboshidan ponsadboshigacha oliy unvonlar hisoblanardi; yuzboshidan qorovulbegigacha o’rta unvonli mansablar, qolganlari past unvonlar hisoblanardi. Harbiylar o’rtasida ellikboshidan mingboshigacha lavozimdagi amaldorlar xizmatlariga mulozimlarni olardilar. Ponsadboshidan yuqori lavozimdagi harbiylarga yana mirzo va munshi ham xizmat qilardi.

Ma’lumotlarga qaraganda, bu unvonlar sohiblari saroydan yiliga quyidagicha miqdorda maosh olganlar:

Yuzboshi yiliga 80 pud bug’doy, 240 pud jo’xori (otlari uchun), kimxob chopon, salla, to’shak (yoki 3 tillo), etik, po’stin, to’n, chakmon, 2 qo’y, cheprak, choy (ikki qadoq), oq choy va har oyi 1 tilloyu 4 tanga pul, ya’ni, bir yilda jami 36 tilloga teng maosh olardi.

Qushbegi 1500 tanga, qo’rboshi 400 tanga, to’qsabo 300 tanga, qorovulbegi 200 tanga, qo’rchi 70 tanga va bahodurlar 20 botmon (1 botmon — 7,8 kg. — SH. V.) bug’doy bilan 50 tanga yillik maosh olardilar.

Harbiylarga xizmatlari evaziga xon tomonidan muayyan mulk (yer, ariq yoki anhor) berilardi. Bunday mulk «tanho» bo’lib, mulkdor «tanhodor» bo’lib qolardi. Tanhodorlik huquqi muayyan muddatga berilib, bir umrga ham berilishi mumkin edi. «Tanho» to’g’ridan-to’g’ri meros qolmasdi. Tanhodorning o’g’li — vorisi otasining vaeifasiga o’tsagina bu mulk o’g’liga o’tardi. Ba’zan muayyan mulkning yer, ariq, anhor, qishloq xiroji yoki tanobona solig’i harbiy kishiga xizmati evaziga berilardi. Bu mulkning shakli «tarxon» bo’lib, egasi shu soliqlarni olardi. Harbiylarda o’z shaxsiy mulklari bo’lsa, ular soliq to’lashdan ozod etilardi. Muayyan mulkdan xiroj olish huquqi (muayyan muddat uchun ham) tarxon yoki vaqf shaklida harbiylar va ruhoniylarga ham berilgan. Xudoyorxon davrida mulkni «urg’u» (musodara) qilish yo’li bilan ham xazina to’latib turilgan. Biron ayb ro’y bersa, hatto kuchli harbiy sarkardalar, qabilalarning boy ashroflari va qo’shin amirlarining mol- mulklari ham musodara qilinib, o’zlariga jazo berilardi.

Bulardan tashqari, harbiy yurishlar natijasida qo’lga kiritiladigan o’lja harbiylarning qo’shimcha daromadlari hisoblanardi. Bunday yo’l bilan to’plangan mol-mulk yurish qatnashchilari o’rtasida teng taqsim qilinardi.

1842 yili Buxoro faqihlari bergan fatvo asosida Farg’ona zamini talon-taroj bo’lganini Avaz Muhammad Attor maxsus qayd qilgan edi. Agarda Buxoro amirlaridan faqat Muzaffarning Qo’qonga qarshi yurishlarinigina olsak ham, bu urush natijasida egallangan «o’lja»larning miqdorini aniqlash qiyin bo’ladi (1).

Olimxon davrida 1809 yili Toshkentga yurish qilindi va xon farmoni bilan Qo’qon lashkari Chimkent va Sayramga zakot olishga yuborildi. Lekin Olimxon bu yurishdan kelgan boy «o’lja»ga bir o’zi sohiblik qilmoqchi edi, lashkar norizo bo’lib, undan yuz o’girdi va amir Umar (Umarxon) tarafiga o’tib oldi (2). Qo’qon xonligi bilan Buxoro o’rtasida joylashgan Jizzax, O’ratepa ikki tarafdan ham harbiy yurishlarning doimiy nishoniga aylanib qolgan edi. Birgina amir Umarxon davrida O’ratepaga qarshi 16 marta qo’shin tortilgani manbalardan ma’lum.

II. SAROY UNVON VA MANSABLARI

077Oliy darajali unvon va mansablar: otaliq, beklarbegi, biy, devonbegi, xazinachi, inoq, eshikog’asi, parvonachi, dodxoh, dasturxonchi, sarkor, sharbatdor, oftobachi, qorovulbegi (saroyda), tunqator, qushbegi.

O’rta darajali unvonlar va amallar: kitobdor, risolachi, bakovul, mirzoboshi, sarmunshi, mehtari zakotxona, miroxo’r, shig’ovul.

Past darajali mansablar: salomog’asi, mirzo, fayzi, munshi, surnaychi, karnaychi, dafchi, chopquchi, jarchi (boshi), shotir, zinbardor (egarchi), jilovdor.

OTALIQ — xon yoki xonzodaning murabbiysi, ularning homiylari. Ular tarbiyat bergan xonzoda taxtga sohib bo’lganidan so’ng o’zlari ham yuqori mansab va amallarga sohib bo’lar edilar. (Buxoro amoratida ham eng oliy unvon hisoblanardi.) Xonning rikob (o’zangi) ahliga kirardi. Otaliqlardan Musulmonquli (taxminan 1792 yili tug’ilgan bo’lib, 1852 yili noyabr oyida qatl etilgan), Alimquli (1830/31 — 1865 yillari), Qanoatshoh otapiq (1862 yili amir Muzaffar tomonidan qatl etilgan) Qo’qon xonligi tarixida katta o’rin egallaganlar. Xususan, Musulmonquli va Alimquli otaliqlar davrida xon nomidan oliy hukumat sohibi bo’lib qolib, davlat boshqaruv ishlari to’liq shu zotlarning qo’llarida edi.

BEKLARBEGI — ya’ni, beklarning beki. Bu unvon xonning vorisiga yoki ba’zi viloyatning hokimiga berilgan..Beklarbegilardan Isfara ve Chorko’h hokimi Sotiboldi va Toshkand vakili Lashkar beklarbegilar mashhur bo’lgan. Bulardan Lashkar (qushbegi) beklarbegi Toshkent va Dashti qipchoq mulkida 1810 yildan 1841 yilgacha hokim bo’lib, juda oqil va odil sanalgan. Mirzoligini uning davrida boshlagan «Xulosat ul-ahvol» asarining muallifi Abu Ubaydullo Muhammad binni Sultonxo’ja (Eshonxo’ja Qori Toshkandiy) Lashkar beklarbegini samimiyat bilan eslaydi.

BIY — turkiy qabilalarning peshvolari (Buxoro amoratida IX darajali mansabdor).

DEVONBEGI — xon devonining sardori. (Buxoroda XIII darajali amaldor) Qo’qon xonligi viloyatlaridan Toshkent va Dashti qipchoq mulkida ham devonbegi amali bo’lgan. Lashkar beklarbegi davrida bu o’lkada hatto ikki nafar — Hakim devonbegi va Xudoyberdi devonbegilar bu vazifani bajarganlar. Ular xiroj va zakot ishlari, viloyatning hisob-kitob ishlarini olib borganlar. Hakim devonbegi Toshkent, Turkiston, Chimkent va Sayram yerlarida, Xudoyberdi esa Pishpekkacha bo’lgan hududlarda devonbegi edi.

XAZINACHI — davlat xazinasining hisob-kitobiga javobgar shaxs. Viloyat markazida ham xazinachi bo’lgan.

INOQ — xonning xos va sirdosh mulozimi.

ESHIKOG’ASI (chehraog’asi) — eshik oldidagi soqchi, posbon. Xon mahramlarining va soqchi-mulozimlarining sardori. Notanish kishilarni xon huzuriga ijozatsiz qo’ymaslikka javob beradi.

PARVONACHI — bu unvon boshqa unvonlarning egalariga ham berilardi. Uning egasi o’zining xonga yaqinligidan foydalanib, xat va arizalarni saroyga olib kirib, u yerdan ketma-ket javobini olib chiqarardi. (Buxoroda XII darajali mansabdor.)

DODXOH— saroy unvonlaridan. Xon oldiga boshqalarning iotak va maqsadlarini bayon etish huquqiga ega mansab.

DASTURXONCHI — xon dasturxoniga, umuman, oshxonasiga javobgar mansab.

SAROY QAROVULBEGISI — xon o’rdasining soqchilariga boshliq.

TUNQATOR — ya’ni, tungacha uyg’oq soqchi. Xonning istirohati va yurishlari vaqtida muhofazat qilardi. Xonga yaqin kishilardan tayinlanardi.

OFTOBACHI — xonning xos mulozimlaridan. Uning yuvinishi va tahorati vaqtida xizmat qilardi. Qo’qon xonligida Abdurahmon oftobachi ibni Musulmonquli 1873 yili Ma’mur munduz (1879 yili 25 yanvar dorga osilgan) ko’targan qo’zg’olonni bostirish uchun yuborilgan lashkarga boshchilik qilgan edi.

SHARBATDOR — eng oliy va faxriy unvonlardan. Xonga xos majlislarda va safarlarida xizmat qilardi.

HIDOYATCHI— tortiq va sovg’alarni qabul qilib, xon nazaridan o’tkazardi.

SHIG’OVUL — elchilar va choparlarni xon huzuriga boshlab kirardi. Manba’lar ma’lumotiga qaraganda, shig’ovul mansabida bo’lgan zotning vazifalari juda keng bo’lgan. Muhammad Yunus mirzoboshi shig’ovullik mansabini Alimquli amirlashkar tomonidan olishi voqeasini quyidagicha bayon qiladi: «Bir kuni salomga yig’ilgan vaqtida (Yoqubbek) Badavlat (o’sha mashhur Yoqubbek Piskentiy — Qoshg’ar hokimi. — SH. V.) qo’lida bir kimxob to’n va Mirzo Ahmad qushbegi qo’lida ham bir kimxob to’n olib chiqib, Badavlat kaminaga kimxob to’nni kiydurub, tosh o’qqog’an tillo asoni «siz shig’ovul» deb qo’limga topshurdi. Mirzo Ahmad qushbegi to’nni Ahrorxon to’raga kiydurub, yana bir tillo asoni «siz udaychi» deb ani qo’liga topshurdi» (3). Bu mansabga o’tmasdan oldin Muhammad Yunus dodxohlik unvonida bo’lib, mirzoboshi vazifasida bo’lgan edi. Mirzoboshi bo’lganida unga Alimqul amirlashkar «bir katta tillo kimxob to’n kiydurub «Farg’onaning xirojini va tanoboni va zakot pullari (hisob-kitobini), askariyaning qishloq va g’alloti, qishloqlar xarojoti, sarkoru amloklar tahqiqi va hisobi, askariya yarog’u aslaha daftari»ni taalluq qilgan ekan.

SARKOR — xon amloklarining boshlig’i; xonga tegishli ishxonalar, korxonalar hamda qurilish ishlariga boshchilik qilardi.

QUSHBEGI(mirishkor) — xonga ov vaqtlarida qo’shilardi. Uning ovchi itlari, lochinlari va ov vaqtida istirohat ishlariga javobgar edi.

SALOMOG’ASI— xon nomidan xalqqa salom beruvchi.

KITOBDOR — saroy kutubxonasining mudiri.

RISOLACHI— devondagi vazifalardan bo’lib, elchilar va ularning xat-xabarlariga javob berardi.

MIRZABOSHI— mirzolarning boshlig’i Muhammad Yunus shig’ovul mirzoboshi etib tayinlanganida, quyidagi salohiyatlarni ham qo’lga kiritgan edi: «(Alimquli) Do’satga mehtarlik, ya’ni, zakotchilik sarposi, Muhammad Ibrohimga (u mirzoboshi edi. — SH. V.) inoqlik sarposi, Tursun Muhammadga sarkorlik, ya’ni, nikohona, tarakona va kema ijaralarini oluvchining sarposi, Mirzo G’afurga sarrofona, ya’ni, zarb urg’uchilar boshlig’ining sarposini berib, alarni mushofihat (og’eaki. — SH. V.) kaminaga tobe’ bo’lunglar, deb amr qildilar» (4).

Bu ma’lumotlardan ma’lum bo’ladiki, ba’zan amaldorning vazifalari sohibining salohiyati, aqlu zakovati va sadoqatiga qarab o’zgarar ekan.

SARMUNSHI — munshilarning sardori (boshlig’i).

FAYZI — bu unvonning (?) amali va vazifasini hozircha aniqlay olmadik. Qo’qon manbalaridan «Muntahab ut-tavorix» asarida hamda Tojirning «G’aroyibi sipoh» asarida bu istiloh uchraydi. Masalan, Muhammad Hakimxon quyidagi ma’lumotni keltirgan: «Jahongirxojaro ba amali fayzigi sarafrozi baxshid va Sayid G’ozixojaro niz ba amali fayzi sarafroz kard» (Jahongirxo’jani va Sayid G’ozixo’jani fayziliq amali bilan sarafroz etdi).

JAM’OG’A — xonning suhbati, qabuli va bazmlariga ishtirok etadigan kishilarni chaqirib (jam’ qilib) kelardi.

JARCHI (boshi) — xalq yig’iladigan joylarda xonning farmon va buyruqlarini jar solib e’lon qilardi.

JIBACHI — jiba yasovchi (Buxoroda IV darajali mansabdor).

CHOPQUCHI— pichoq yasovchi; xon va saroydagilar uchun qurollar yasab, qo’rchi vazifasini ham ijro etardi.

SHOTIR — xonning rikobi oldidan yurib, odamlarni xon kelishidan xabardor etib, ularni ta’zimga chorlovchi.

UDAYCHI — xon rikobi oldidan yurib, uning sha’niga baland ovoz bilan maqtovli so’zlar va hamdu sanolar aytib boruvchi.

MEHTAR — xon otxonasining boshlig’i hamda zakotchi. Zakotxona mehtari zakot uchun aholidan eng yaxshi otlarni olardi. Miroxur vazifasi ham shunga yaqin, lekin u faqat otxonaga va otlarga javobgar edi.

MIROB— ariq va suv oqsoqoli. Xonlikda bu amal harbiylarga «tanho» sifatida berilardi. Bunday harbiylar hujjatlarda «javoni jo’ydor» (arig’i bor askar), «yovari jo’ydor» (arig’i bor yovar) sifatida qayd etilgan.

FARROSHBOSHI — saroy xizmatchilarining sardori.

DORUG’ABOSHI — bu amaldor hosilni yig’ib olishdan oldin xiroj miqdorini aniqlardi. Zakotchilarning boshlig’i.

XIX asrning 70-yillarida Qo’qonda bo’lgan Aleksandr Kun ma’lumotiga qaraganda, qushbegidan quyida bo’lgan mansabdorlar xon qabuliga kira olmay, uning ahli rikob (uzangi ahli) qatoriga kirmaganlar.

Bu mansabdorlardan ba’zilarining yillik daromadi quyidagicha bo’lgan:

Inoq — xonlikda uch kishi bu mansabga sohib bo’lib, har birlari 1000 tangadan; zakotxona mehtari — 500 tanga; jarchiboshi — 300 tanga; mirzoboshi, munshi, miroxur 200 tangadan olardilar. Otaliq — 2000 tanga; parvonachi — 1500 tanga; dodxoh 1000 tanga; eshikog’asi — 500 tanga; jibachi esa 70 tanga olardilar.

III. DINIY MANSAB VA UNVONLAR

066SHAYX UL-ISLOM — dindorlarning eng oliy unvonlaridan bo’lib, Umarxon tomonidan 1818 yili joriy etildi. Birinchi shayx ul- islom Ma’sumxon to’ra bo’lgan. Keyinchalik Zokirxo’ja eshon, Sulaymonxo’ja eshonlarning bu unvonga sohib bo’lganliklari ma’lumdir.

XOJAI KALON — fiqh olimining faxriy unvoni.

XALIFA — o’rinbosar. Qo’qonda naqshbandiya, qalandariya, jahriya tariqatlarining rahbarlari. Mashhur xalifalardan Muhammad Karim, Domullo Safo, Hazrati Sohibzoda (Miyon Xalil Sohib), Hazrati Eshonxo’jani tilga olish mumkindir.

A’LAM— faqih olim va shariat qoidalarining bilimdoni.

OXUND — bilimli va madrasada ta’lim olgan kishi.

SUDUR — vaqf mulklarining daromadlariga va hisob-kitobiga javobgar kishi.

O’ROQ— vaqf yerlarining xiroj va soliqlariga mas’ul kishi.

NAQIB — oqsoqol, olim faqihlarning yordamchilari.

MUDARRIS — madrasa ustozi. Xon tomonidan tayinlanib, yillik maosh olardi. Ba’zan xon farmoni bilan mudarrisga «tarxon» ham berilardi.

IMOM va imom-xatib — masjid imomi va jum’a namozlarda xutba o’qib, amri ma’ruf qiladigan alloma.

IMOMI JILAV — safar va yurishlar paytida xon va rikob ahliga xizmat qiladigan imom.

MUAZZIN — musulmonlarni besh marotaba namozga chaqiruvchi; azon aytuvchi.

SO’FI JILAV— yurish va safarlarda xizmat qiladigay shaxs.

IV. QOZIXONA VA MAHKAMALARDAGI UNVON VA AMALLAR

028QOZI UL-QUZZOT — qozilar qozisi (ya’ni, adliya vaziri).

QOZII KALON — poytaxtda va viloyat markazlaridagi qozilarning va qozixona ishlarining ustidan nazorat qilardi.

QOZII MUTLAQ — bosh qozi.

QOZII ASKAR— qo’shin qoeisi. Umarxon davrida bu vazifa tarixchi Mirzo Qalandar Mushrif Isfaragiyga yuklangan edi.

QOZI RAIS — qo’shinlarda askariya muftisi bergan fatvolarning ijro etilishi ustidan nazorat qilardi.

QOZII JILAV— rikob qozisi bo’lib, safar va yurishlarda xizmat qilardi.

A’LAM — shariat bo’yicha gunohkorning jazosini aniqlab berardi.

MUFTIY — ya’ni, fatvo beruvchi.

MUFTII ASKAR — qo’shin muftisi.

TARAKACHI — meros qolgan mol-mulklarni meroschilarga taraka qilib (bo’lib) berardi.

MIRSHABXONA SADRI — mirshablarning sardori.

MIRSHAB — qozixonaning askari va tungi soqchi.

MULOZIM (olomon) — qozixona va mahkamaning oddiy xizmatchisi.

Ma’lumotlarga qaraganda, masalan, Qozii kalon yilida 800 botmon g’alla va 1200 tanga pul; naqib (bu mansabda 2 kishi bo’lardi) — yilida 500 botmon g’alla va 1000 tanga pul; sudur — 100 botmon g’alla va 400 tanga; o’roq esa (100 kishi) yilida 50 botmon g’alla va 200 tangadan pul daromadlari bor edi (5).

Diniy va qoziliy lavozimlarda bo’lganlar davlat tomonidan belgilangan maosh va turli xayr-ehsonlar hisobidan kun ko’rardilar. Bunday daromadlarga nikohona, tarakona (taraka qilingan mulkdan), meros haqi va boshqa xil to’lovlar kirardi.

Madrasa, masjid, mozorlar o’zlarining vaqf mulklariga sohib bo’lib, shu vaqf daromadidan o’z xizmatchilariga haq berardilar. Vaqf mulklariga mutavali mutasaddiy — boshliq edi. Bu mansabga vaqf qiluvchi zot o’z nomzodini ko’rsatishi yoki o’zi mutavalilik qilishi mumkin bo’lardi. Vaqflar oq vaqf va qora vaqflarga bo’linardi. Oq vaqf xiroj va soliqlardan ozod qilingan bo’lib, qora vaqf xazinaga xiroj va boshqa joriy soliqlarni to’lashi kerak edi.

Qo’qon xonligida mavjud bo’lgan asosiy unvon va mansablarning daraja va martabalarini aniqlash bo’yicha izlanishlar boshqa olimlar tomonidan ham olib borilayotgandir. Shuning uchun keng ma’noda ularning yangi, qo’shimcha fikrlari va tanqidiy nuqtai nazarlari bizga juda muhimdir. Bu masalalarni boshqa davlatlardagi amal va mansablar bilan qiyosiy o’rganish ham foydadan xoliy emas. Bu ishlar, inshaolloh, kelgusida amalga oshiriladi, deb o’ylaymiz.

IZOHLAR

1. Avaz Muhammad Attor Ho’qandiy. Tarixiy jahonnamoyi. O’zbekiston Respublikasi FA Sharqshunoslik instituti xazinasi, 9455 raqamli qo’lyozma, 2 jild, 331 a-331 b-varaqlar.
2.Fazliy Farg’oniy. Umarnoma. Rusiya Fanlar Akademiyasi sharqshunoslik instituti Sankt-Peterburg bo’limi xazinasi, S 2467 raqamli qo’lyozma, 296-varaq.
3. Muhammad Yunus shig’ovul. «Tarixi Alimquli amirlashkar». 145-bet.
4. O’sha asar, 125-126-betlar.
5. Qar. Nabiev R. N. O’sha asar, 263-264-betlar.

09

(Tashriflar: umumiy 20 617, bugungi 4)

1 izoh

Izoh qoldiring