Ravshanjon Abdullayev. Qo’qon xonligi tarixiga oid ikki maqola

88  Қўқон хонлигининг ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида ўзларининг бунёдкорлик ишлари, илм аҳлига ҳомийлиги, саҳоватпешалиги билан фаол бўлган маликалар, жасурлиги, мардлиги, ватанпарварлиги билан танилган додхоҳ аёллар, илм-фан, санъат, адабиёт ривожланишига ҳисса қўшган шоиралар номларини таъкидлаш жоиз.

РАВШАНЖОН АБДУЛЛАЕВ*
ҚЎҚОН ХОНЛИГИ ТАРИХИДАН
ИККИ МАҚОЛА
28

ҚЎҚОН ХОНЛИГИ МАЛИКАЛАРИ ВА ДОДХОҲ АЁЛЛАРИ ҲУСУСИДА АЙРИМ МУЛОҲАЗАЛАР

03Қўқон хонлигининг ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида ўзларининг бунёдкорлик ишлари, илм аҳлига ҳомийлиги, саҳоватпешалиги билан фаол бўлган маликалар, жасурлиги, мардлиги, ватанпарварлиги билан танилган додхоҳ аёллар, илм-фан, санъат, адабиёт ривожланишига ҳисса қўшган шоиралар номларини таъкидлаш жоиз. Хусусан: Ўз даврининг илм сирларини эгаллаган, теран заковатли, меҳр-муҳаббатда юксак қалб соҳибалари бўлган маликалар давлатда қамрови бирмунча кенг бўлган саҳоватпешалик фаолияти билан шуғулланганлар. Мана шундай саховатпешалик ишларини бошлаб берган маликалардан бири Қўқон хонлигининг биринчи ҳукмдори Шоҳруҳбийнинг рафиқаси Нозикбиби саналади. Шоҳруҳбий ҳаётлигининг сўнгги йилларида, яъни тахминан 1719-йилда ўзбек уруғларини янада жипслаштириш мақсадида Қирқ уруғи оқсоқоли қизи Нозикбибига уйланади. Шундан сўнг Нозикбиби мавқейи ўзгариб Нозик Ойим деб айтила бошланган. Шоҳруҳбий ушбу хотини учун Лайлакхона (шаҳарнинг жанубий қисмида) мавзесининг бир томонида ер-мулк инъом қилади ва бу жойда сарой барпо этади. Икки йиллар чамаси вақт ўтиб 1721-йиллар атрофида Шоҳруҳбий вафот этгач, Нозик Ойим бу саройга доимий яшаш учун кўчиб ўтади. Ўзига инъом этилган сарой атрофидаги экин майдонларини атроф қишлоқлардаги ночор деҳқонларга фойдаланишга тақсимлаб беради. Ўзи ўғли Абдурахмонхонни тарбиялаш билан бирга қишлоқ қизларини мактаб очиб саводини чиқариш билан шуғулланади. Ўз ерларидан келган маблағлардан етимхона очиб мискинларни қўллаб-қувватлайди, қишлоқ мактаби ҳаражатларига сарф этади. Ушбу сарой асосида юзага келган қишлоққа халқ “Ойимқишлоқ” деб ном беради. Кейинчалик бу жой хонликнинг бошқа аслзода аёллари учун ҳам табаррук жойга айланиб, Қўқон маликалари бу жойда маълум муддат яшашни ўз бурчлари ва шарафи деб биладилар [1: 131-б].
Хонлик тарихида ном қолдирган маликалардан яна бири Қўқон ҳукмдори Норбўтабий (1763-1798)нинг рафиқаси, минг уруғи оқсоқолининг қизи Зуҳра Ойимдир. Шаҳар аҳли маликани минг уруғидан эканлигини ҳисобга олиб унга “Мингойим” деб ном берадилар. Бошқа бир манбада такидланишича Мингойимнинг асл исми Фахриннисо бўлиб, Имомқулибекнинг қизи бўлган [2: 134-б]. Малика ҳукмдорга турмушга чиққан пайтида унга маҳр сифатида катта ер-мулк, берилади, ушбу мулкдаги ховлилардан бирида мактаб очиб, отинбибиларни ёллаб қизларни ўқитади. Бир қисм ерларини турли масжид, мадраса, хонақоҳ ва қабристонларга вақф қилиб беради. Мингойим Нозик Ойимнинг набира келини бўлганлиги учун Ойимқишлоқ яқинидаги ўз ерларини қайинбувисидан ибрат олиб ерсиз деҳқонларга тақдим этади. Бу жойда вужудга келган қишлоқ “Ойим қўрғонча” деб номланади [3: 52-б].
Машҳур ўзбек шоираси Нодирабегим ҳам Қўқон маликалари орасида муносиб ўрин эгаллайди. Нодира Андижон ҳокими Раҳмонқулбийнинг қизи бўлиб, Раҳмонқулбий Минг уруғи ўзбекларининг кўзга кўринган вакилларидан эди. Олимхон 1808-йил Тошкентда бўлган исённи бостириб, Қўқонга қайтгач, укаси Умархонга Марғилон ҳокимлигини берди. Сўнгра уни ўз тоғаси – Андижон ҳокими Раҳмонқулибийнинг қизи Моҳларойимга уйлантиришга қарор берди. Бу қизнинг ақллилиги, одоби ва гўзаллиги атрофга достон бўлган эди. Олимхон бу иши орқали ўз тоғаси ва укаси ўртасидаги қариндошлик муносабатларини маҳкамламоқчи, шу йўсинда ўз сиёсий ҳокимятини мустаҳкамламоқчи бўлди [4: 220-б]. Моҳлар ойим Умархон никоҳига ўтгач аввал Марғилонга, сўнгра Қўқонга келади. 1810-йили Олимхон ўлдирилгач Қўқон тахтига Умархон ўтиради. Мана шу даврдан бошлаб Нодиранинг хонлик ҳаётидаги роли фаоллашиб боради. Умархон даврида аёллар ҳуқуқлари маълум борада ҳимоя қилина бошланди. Бунда унинг рафиқаси Нодирабегимнинг хизматлари бениҳоя каттадир. У аёлларнинг ўқиш, ёзишни ўрганишлари учун мадрасаларда дарс ташкил этиб, отинойиларнинг сабоқ беришни йўлга қўйган. Анъанага кўра Қўқон хони Олимхон (1798-1810) ўз хукмронлиги даврида укаси Умархонни 1806-йилда Моҳларойимга уйланиши муносабати билан келинига маҳр учун катта ер-мулк инъом этган. Унга берилган ер-мулк “Чек Моҳларойим” деб аталади. У бу мулкда илм-маърифатни ривожлантиради, ёш ижодкор қиз-жувонларни ижодини қўллайди. Бундан ташқари Моҳларойим ҳам Қўқон маликалари удумларига амал қилиб қайнонаси Зуҳра Ойим (Мингойим) ва момо қайнонаси Нозик Ойимдан ибрат олади. У ҳам Ойим қишлоғи мавзесида яна бир қўрғон ташкил этиб ночорларни қўллайди, деҳқонларни ўзларига фойдаланишга ер-мулк бўлиб беради болаларини саводини чиқаради. Буни натижасида ушбу заминда пайдо бўлган янги қўрғонга халқ “Моҳларойим” қўрғони деб ном берадилар.
Қўқон маликлари орасида қирғизларнинг сару уруғидан бўлган Ёрқиной (Жарқинойим) фаолиятига ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Ёрқиной 1802-йили Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги Қизил — Работ қишлоғида таваллуд топган. Қирғиз тарихи энсиклопедияси, Қирғизистоннинг асл қизлари номли китобларда уни Асперди додхоҳ қизи деб кўрсатадилар. Аммо, Маҳзуннинг “Фарғона хонлари тарихи” асарини ўрганилиши натижасида Ёрқиной Асперди додхоҳнинг қизи эмас, Ахсилик Тўхтаназар додхоҳнинг қизи эканлиги маълум бўлди [5: 167-б]. Ёрқинойнинг болалик йиллари Талос водийсининг Қорабура овулида ўтган. Ёрқиной чиройли, ақлли, хушмуомала эл қадрлаган қиз бўлган. Қўқондаги ўзаро тахт талашишлар натижасида Талосга келиб қолган, бўлажак Қўқон хони Шерали билан турмуш қуради.
Шерали Қўқон хони бўлгач Ёрқиной ҳам фарзандлари билан бирга Қўқонга хон ўрдасига кўчиб келади. Гарчанд Ёрқиной хоннинг аёли сифатида муҳташам ўрдага жойлашган бўлсада, уни кўчманчи-чорвадорларга хос бўлган хислатлар тарк этмаган. Нақл қилишларича Ёрқиной ўрда ҳовлисида чодир тиктириб, шу ерда истиқомат қилишни мақул кўрган. Ўрдадагилар Ёрқинойни “Хонойим”, “Ҳокимойим” деб ҳурмат қилишган.
Ҳокимойим доно маслаҳатчи, қанчадан-қанча савоб ишларнинг ташаббускори бўлган, ўзининг вафотидан сўнг қилиниши лозим бўлган хайрли амалларни ўғли Худоёрхонга васият қилиб қолдирган. 1868-йил рамазон ойида Ҳокимойим вафот этади. Уни Қўқон маликаларининг ҳазира(бир уруғ ёки оила аъзоларининг қабрларидан иборат кичик қабристон)сига дафн этадилар [6: 100-б]. Жанозадан қайтган хон узлатда ўн кеча-кундуз сурункасига тоат-ибодат қилиб, шундан кейингина давлат ишларига аралашиб, ҳарамга киради [7: 180-б].
Онасининг вафотидан сўнг Худоёрхон Ҳокимойимга атаб мадраса қурдиришга фармон беради. Манбаларга кўра мадраса 1869-1870-йилларда қуриб битказилган. Мадраса бунёд этилган жой ва унинг меъмори ҳақида қуйидагича маълумот учрайди: “Худоёрхон волидаи шарафларини васиятлари бирла оналарини номиға мадраса солмоқ бўлуб, мулла Турдиали мирзони ишбоши қилиб, масжиди жоменинг шарқида мадарсайи олий биносиға машғул бўлиб, саҳл вақтида итмомиға етиб, Мадрасаи “Ҳоким ойим” номзод қилди. Ва яна мадрасаи “Ҳоким ойим”ға Шаҳрихон устида дарёдан ариқ чиқариб, ҳирожи вақф айлади”[8: 79-б]. Шунингдек мадрасага Хонобод, Янги қишлоқ, Тожик қишлоқ, Қанғли, Тилиминг, Оққўрғон, Иса авлиё қишлоқлари ва яна Қўқондаги 32 та дўкон ҳам вақф мулки қилиб берилганди [9: 122-б].
Ҳокимойимнинг Зиннат исмли опаси бўлиб, у ҳам Шералихон Қўқон тахтига ўтиргандан сўнг синглиси билан бирга Қўқонга келади. Шералихон томонидан унга додхоҳ унвони берилиб, ҳарам ишларига бошчилик қилади. Рус олимлари Владимир Наливкин ва Мария Наливкиналар у ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Қўқонда бири Зиннат, иккинчиси Маҳзуна тахаллуси билан ижод қилиб келаётган икки шоира бор. Айтишларича, улардан бири хон саройига эркаклар либосида юзи очиқ ҳолда кириб бора олади. Унга генерал – додхоҳ унвони берилган” [10: 116-б]. Зиннат 1842-1868 йилларда хонлик сиёсий ҳаётида фаол қатнашган. Қўқонда яшаб қолган, Талосга қайтмаган. Унинг ҳаётига доир бошқа маълумотлар сақланмаган. Қабри Қўқонда деб ҳисобланади.
Қўқон хонлигида додхоҳ унвонига сазовор бўлган аёллардан яна бири Қурбонжон додхоҳ эди. У 1811-йил Ўш шаҳри яқинидаги Орке қишлоғида туғилади [11: 193-б]. Қурбон ҳайити куни туғилганлиги учун Қурбонжон деб исм қўйишади [12: 51-б]. Қурбонжон улғайгач дастлаб, отасининг дўсти Тўрақулбийнинг ўғли Қулсайитга турмушга чиқади, аммо у билан узоқ вақт яшай олмасдан ажрашади. Кейинроқ эса Қўқон хонлигида мартабали лавозимларда ишлаган Олимбек додхоҳ билан 1831-йилда турмуш қуради. Олимбекка Қўқон хони Мадалихон 1831-йилда додхоҳ унвонини беради. 1832-йилда эса Олимбек Андижон ҳокимлигига тайинланади [13: 15-б]. Қурбонжонни Андижон ҳокими Олимбек додхоҳ билан турмуш қуриши унинг пойтахт Қўқондаги ўрда хонимлари билан яқиндан муносабат ўрнатишига имкон беради. 1833-йили Олимбек Қурбонжонни Қўқон саройига олиб келиб, малика Нодирабегимга таништиради. Олимбек саройда катта обрў-эътиборга эга бўлгани учун унинг рафиқасига ҳам катта иззат-икром кўрсатилади. Қурбонжон Қўқон хони, унинг амалдорлари, сарой ҳаёти билан танишади. Машҳур ўзбек шоиралари Нодирабегим, Увайсий ва бошқаларнинг таъсирида унинг дунёқараши шаклланади.
Қўқон хонлиги тахтини 1845-йилда Шералихон эгаллагач Олимбек додхоҳ ва Қурбонжон янги хонни қутлаш учун Қўқонга келади. Бу ерда Қурбонжон Шералихоннинг рафиқаси Жарқинойим билан яқиндан танишади ва бундан буён бир-бирларига ёрдам беришга келишиб олишади. Олимбек додхоҳ 1863-йилда фитна қурбони бўлади. Қурбонжон эса эри ўрнига ҳоким бўлиб қолади. Лекин кўп ўтмай фарзандларини олиб она юртига кетиб қолади ва “Олой маликаси” деб довруғ чиқаради. Еттисувдан, ҳатто Хитой чегарасидан ҳам қирғизлар унинг олдига келиб маслаҳат сўрайдиган бўлиб қоладилар. Бухоро амири Музаффар Қурбонжоннинг ақлига, дилбарлигига қойил қолган эди. Муҳими, Қурбонжондаги саркардадек мардлик ва дадилликни, сиёсатчига хос эҳтиёткорликни у билан Ўшда учрашганида тан олган эди. У Олой маликасини ўзига иттифоқчи қилиш пайига тушади ва унга додхоҳ ёрлиғини беради. Бундан сарой амалдорлари, шайхулислом, қозикалон ва бошқа уламолар ҳайрат ила ёқа ушлашди. Амир Музаффар ёрдамида Қўқон тахтини эгаллаган Худоёрхон ҳам Қурбонжонга додхоҳ унвонини беради ва Олой водийсига ҳоким қилиб тайинлайди [14: 212-б].
Хулоса қилиб айтганда Минг сулоласи маликалари орасида илм аҳлига ҳомийлик қилиш, ижтимоий ҳимояга мухтож табақаларни қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилаларнинг ўғил-қизлари тахсил олиши учун мактаблар барпо этиш анъана айланган бўлиб, бу борада Нозикбиби бошлаб берган бунёдкорлик ишлари кейинги маликалар даврида ҳам давом эттирилди.

Фойдаланилган манба ва адабиётлар

1. Дадабоев Я. Хўқанди латиф маҳаллалари ва кўчаларининг номланиш тарихи. Ф.: Фарғона, 2007. – 131-б.
2. Худоёрхонзода. Анжум ат-таворих. Т.: Фан ва технология, 2014. – 134-б.
3. Эсонов З, Тошматов Ш, Исомиддинов З. Қўқон хонлари ўрдалари тарихи. Т.: Адабиёт учқунлари, 2016. – 52-б.
4. Қаюмов А. Қўқон адабий муҳити. Т.: Фан, 1961. – 220-б.
5. Зиябидин Максым. Фаргана хаандарынын тарыхы. Б.: Турар, 2007. – 167-б.
6. Дадабоев Я. Худоёрхон ўрдаси. Н.: Наманган, 2016. – 100-б.
7. Умаров Ш. Худоёрхон авлодлари тарихи. Т.: Фан ва технология, 2016. – 180-б.
8. Мирзоолим Мушриф. Ансоб ус-салотин ва таворих ул-хавоқин. Т.: Адабиёт ва санъат, 1995. – 79-б.
9. Алихожиев М. Қўқон хонлигининг маданий хаётида мактаб ва мадрасаларнинг тутган ўрни. Тарих фан. номз…дисс. – Т: 2012. – 122-б.
10. Абдуллаев Р. Қурбонжон додхоҳнинг тахаллуси нима? // Тафаккур. 2018. — № 4. – 116-б.
11. Умурбеков Т. Улуу инсандардын Кыргызстандын тарыхындагы ролу жана орду. Б.: Бийиктик, 2003. – 193-б.
12. Бектурганова К. Кыргызстандын асыл кыздары. Бишкек, 2006. – 51-б.
13. Алымбек датка жана анын доору //Жооптуу редактор К.С.Молдокасымов. Б.: МахPrint, 2016. – 15-б
14. Содиқов Ҳ, Жўраев Н. Ўзбекистон тарихи (биринчи китоб) Т.: Шарқ, 2011. – 212-б.

ҚЎҚОН ХОНЛАРИНИНГ СУЛОЛАВИЙ САРОЙ КУТУБХОНАСИ

09Ўрта Осиё хонликлари маданий ҳаётининг ривожланишида кутубхоналар алоҳида аҳамият касб этади. Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликларида хон саройлари, мактаблар, мадрасалар ва масжидлар қошида турли фанларга оид китоблар жам бўлган кутубхоналар фаолият кўрсатар эди. Шунингдек бой заминдорлар, маърифатпарвар давлат амалдорлари, айрим вилоятлар ҳокимлари ўз мулкларида шахсий кутубхоналар барпо этганлиги ҳақида манбаларда маълумотлар учарайди.
XVIII асрда ташкил топган Қўқон хонлигида кутубхоналар барпо этиш ва уларни турли ноёб китоблар билан бойитиб боришга алоҳида эътибор берилган. Хонликдаги энг йирик кутубхона Қўқон хонларининг сулолавий сарой кутубхонаси эди. Тарихий анъана асосида кутубхона барча маърифатпарвар хонлар томонидан қўлёзма китоблар билан тўлдирилиб борилган. Айниқса Умархон ва унинг рафиқаси Нодирабегим даврида қўлёзма китобларни йиғиш ва уларни кўпайтириш ишига алоҳида аҳамият берилган.
Қўқон хонлигида сарой кутубхонасига алоҳида эътибор берилганлигини хонликнинг сарой бошқарув тизимида китобдор лавозимидаги амалдор фаолият юритганлигидан ҳам билиш мумкин. Хон ўзининг саройи (Ўрда)га эга бўлиб, хонлик ҳудудида шундай унвон ва мансабларни, вазифа ва мартабаларни жорий этганди. Хусусан хонликда ўрта мартабали унвонларга китобдор, рисолачи, баковул, мирзабоши, сармунший кабилар кирар эди [3: 71-б].
Умархон ҳукмронлиги даврида илк бор китобдор ловозими таъсис этилиб, Мулла Мирза Қаландар Мушриф ушбу лавозимга тайинланган. Мулла Мирза Қаландар Мушрифдан сўнг унинг фарзандлари ҳам китобдорлик мансбида сарой кутубхонасини бошқарганлар. Бу ҳақда манбаларда қуйидагича маълумот учрайди: Муҳаммад Алихон даврида Мирза Айюб Беҳжат сарой кутубхонасига китобдор лавозимига тайинланади. “Мирза Айюб Беҳжат — Мирза Қаландар Мушрифнинг ўғлидур. Булар Исфара қарясинда бўлиб мулкдор, мансабдор кишилар эди. Хон саройида китобдорлик мансаби буларга берилганидан буларнинг авлоди китобдор лақабини ўзларига ифтихор фамилия этиб юритадилар [11: 29-б]. Қўқон хонлигини 1858-1862-йилларда идора этган Маллахон ҳукмронлиги даврида сарой кутубхонасини Хожа Китобдор бошқарган бўлиб, у Маллахон элчиси сифатида Петербургга юборилади [5: 45-б]. Ўрта Осиёга келган рус сайёҳ ва олимларининг берган маълумотларидан маълум бўлишича Қўқон хонлари сарой кутубхонасини руслар босқини даврида Саримсоқ ҳожи идора этар эди [9: 181-б].
Қўқон хонларининг сарой кутубхонаси тўғрисида Қўқон маданияти тарихи давлат музейи катта илмий ҳодими Яҳёхон Дадабоев маълумотлари ҳам муҳимдир. Я.Дадабоев таъкидлашича: “Худоёрхоннинг ўрдасидаги мадраса қошида катта кутубхона мавжуд бўлган. Бу кутубхонада нафақат китоб сақланган, балки ислом динида муҳим бўлган Қуръон тавсир, ҳадис ҳамда фиқҳга оид китоблар кўп нусхада кўчиртирилиб, уларга Худоёрхон мухри ҳамда “мулки вақф” деган ёзув бор муҳрлар туширилган. Бу китоблар мадрасаларга, қорихоналарга ва бошқа диний муассасаларга вақф мулки сифатида тарқатилган. Бундай муҳр қўйилган китобларни бозорга чиқариш таъқиқланган” [4]. Бугунги кунда Қўқон маданияти тарихи давлат музейи ва Фарғона ўлкашунослик музейларида Худоёрхон сарой кутубхонасидан қолган бир нечта Қуръони Карим нусхалари сақланади.
Сарой кутубхоналаридаги китоблардан асосан хоннинг оила аъзолари сарой мулозимлари ва хизматчилари фойдаланишган. Худоёрхоннинг ўғли Ўрмонбек ёшлигиданоқ сарой кутубхонасида кўп вақтини мутолаа билан ўтказар эди [10: 170-б]. Тарихчи Мирза Азиз бўлса қўлёзмалардан тез-тез фойдаланиб турган. У “Қўқон хонлиги тарихи” номли катта ҳажмдаги китобни тузган, унда Марказий Осиё давлатлари ва мўғуллар давлати тарихига оид маълумотлар ҳам қамраб олинган эди [6: 106-б].
Қўқон хонларининг қўлёзма китоблардан иборат китоб омборлари ва кутубхоналари ҳақидаги баъзи бир маълумотлар рус қўшинининг 1875 йилги Қўқон хонлигига истилочилик юриши иштирокчилари хотираларида учрайди. Хусусан мазкур юришда қатнашган А.Л.Кунга қўлёзмалар ва бошқа маданий бойликларни йиғиш топширилган.
Рус ҳокимяти вакиллари Кўқон хонлари Худоёрхон ва Маллахон саройида хизмат қилган Мирзаолим Мушрифдан 50 та қўлёзма китоб топиб беришни талаб қилади. Аммо у ахтариб, топиб беролмайди, ваҳшат-дағдаға хаддан ошиб кетгач, нихоят 10 та китоб бериб қутулади [12: 332-б]. Мирзаолим Мушриф ҳам Худоёрхон сарой кутубхонасининг китобдори бўлган бўлиши мумкин [8: 11-б].
Чор Россиясининг Ўрта Осиёга истилочилик юришлари даврида руслар томонидан Қўқон хони саройидаги кутубхонадан 103 та қўлёзма олинган бўлиб, улар асосан араб тилидаги диний китоблар (Қуръон нусхалари, пайғамбарлар, авлиёларнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган китоблар, мусулмонлар ривоятлари, тўпламлари) эди. Китоблар орасида фалсафа, мантиқ, грамматика ва нотиқлик санъатига, тиббиётга доир қўлёзмалар (масалан, “Баҳр ал-жавоҳир” ёки Отабиб Хорзанинг “Марварид денгизи”), 15 номдан ортиқ форс тилидаги асарлар, мусулмон қонунчилиги, тарихий мазмундаги “Туҳфат ул-хоний” (Муҳаммад Раҳимхон ҳукмронлиги тарихи), Жиган Лодининг “Тарихи Жаҳонгири”, Шоҳруҳ давридан тортиб Худоёрхон давригача бўлган Фарғона ҳамда Қўқон хонлиги тарихига доир китоблар бўлган [1: 300-б]. Китоблар орасида шунингдек “Таворихи Шохрухий”, “Тарихи Муқимхоний”, “Жахоннома”, “Рашахот”, “Рашонах ул-фунун” каби кўплаб ноёб қўлёзма асарлар ҳам бор эди [7: 326-б]. Уларнинг барчаси Россияга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонаси (бугунги Россия Миллий кутубхонаси)га топширилган.
1897 — йилда рус тадқиқотчиси К.Г.Залеман Қўқонга келиб Худоёрхон кутубхонасини излашга киришади. У хон кутубхонасининг собиқ сақловчиси мулла Саримсоқхўжа билан учрашиб, 3-4 қўлёзма олади. Ўшга бориб, уезд судяси Д.М.Граменитский билан яқиндан танишади. Граменитский Залеманга Осиё музейи учун ўзининг шарқ қўлёзмалари коллексиясини топширади. Маҳаллий рус олимлари Наливкин ва Вяткиндан ҳам қўлёзмалар коллекциясини олади. К.Г.Залеман яна 96 қадимий қўлёзмани қўлга киритади. Сафари пайтида у шундай хулосага келади: “Ўрта Осиё қадимий нодир қўлёзмалар макони экан. Бундан кейин олимлар иштирокида кўплаб илмий сафарлар уюштириб, қўлёзмаларни Петербург музей ва кутубхоналарига йиғиб олиш зарур” [7: 326-б].
ХХ асрнинг бошида Қўқон хонлиги сарой кутубхонаси абгор ҳолатга келган, унинг қўлёзмалари талон-тарож қилинар, аксарияти бозорларда сотилар эди. 1902 йилда қўлёзма асарларни топиш ва ўрганиш мақсадида Қўқонга келган рус шарқшунос олими, академик В.В.Бартолд хон сарой кутубхонасини кўздан кечириб, таассуф билан шундай ёзган эди: “Айни вақтда бирорта ҳам қўлёзмаларнинг тўпламлари мавжуд эмас, ҳатто 1897 йилда К.Г.Залеман кутубхона китобдори Саримсоқҳожининг уйида кўрган Худоёрхон кутубхонасининг оз сонли қолдиқлари ҳам ғойиб бўлган” [2: 270-c].
Хонликда сарой кутубхонасидан ташқари, масжид ва мадрасалар қошида ҳам кутубхоналар фаолияти йўлга қўйилган эди. Бу хусусида А.А.Семёнов шундай ёзади: Қўқон хонлигининг Қўқон, Андижон, Марғилон, Наманган шаҳарларидаги мадрасаларда, Бухородаги каби бой бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда кутубхоналар бор эди”. Ушбу кутубхоналар вақф мулкларидан келадиган даромадлар, шунингдек давлатманд кишиларнинг ҳадялари ҳисобига бойитиб борилган. Шарқ қўлёзма асарлари кутубхонаси Андижон беги (Худоёрхоннинг ўғли) Насриддиннинг саройида ҳам бўлган. Шунинг учун ҳам Қўқон юриши иштирокчиси А.Л.Кун 1875 — йили мумкин қадар кўп китоб, қўлёзма ва хужжатлар йиғиш мақсадида Андижонга келган. Шарқ қўлёзмалари мажмуалари Наманган, Марғилон беклари ҳамда бошқа беклар томонидан ҳам тузилган.
Қўқон хонлигида кутубхоналарнинг фаолияти ўз навбатида хонликда китобат ишини ривожланиши билан ҳам боғлиқ эди. Аввало хонликда қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, хаттотликнинг ўзига хос мактабига асос солинган. Лаввоҳ, муссаввир, наққош, саҳҳоф меҳнати билан қўлёзма китоблар яратилган ва улар хонлик кутубхоналари фондини бойитиб борган. Чор Россияси томонидан хонлик тугатилганидан сўнг кутубхоналар фаолияти деярли тўхтаб қолди. Аксарият кутубхоналар талон-тарож қилиниб, хориждаги музей ва кутубхоналар экспонатидан жой олди.

Фойдаланилган манба ва адабиётлар

1. Ахунжанов Э. Кутубхонашунослик, архившунослик, китобшунослик: назарияси ва тарихи. – Т.: Тафаккур-Бўстони, 2011. – 300-б.
2. Бартольд В.В. Отчет о командировке в Туркестан. – С.-Петербургь, 1904. – 270-c.
3. Воҳидов Ш.Х. XIX аср охири XX аср бошларида Қўқон хонлигида тарихнависликнинг ривожланиши: Тарих фанлари доктори … дисс. – Т.: 1998. – 71-б.
4. Дала ёзувлари. Қўқон маданияти тарихи давлат музейи катта илмий ҳодими Яҳёхон Дадабоев билан бўлган шахсий суҳбатдан. Суҳбат 2017 йил 15 – сентябр куни бўлиб ўтган.
5. Илҳомов З.А. Алиқули Амирлашкар ва унинг Қўқон хонлиги сиёсий тарихида тутган ўрни: Тарих фанлари номзоди … дис. – Т.: 2004. – 45-б.
6. Исабоева Г. ХIХ асрда Қўқон хонлигида маданий ҳаёт: Тарих фанлар номзоди. …дисс. – Тошкент.: 2006. – 106-б.
7. Мустабид тузумнинг Ўзбекистон миллий бойликларини талаш сиёсати: тарих шоҳидлиги ва сабоқлари // Масъул муҳаррир Алимова Д. – Т.: Шарқ, 2000. – 326-б.
8. Набиев Р. Из истории Кокандского ханства. – Т.: Фан, 1973. – 11-б.
9. Содиқов Ҳ, Жўраев Н. Ўзбекистон тарихи (биринчи китоб) Т.: Шарқ, 2011. – 181-б.
10. Умаров Ш. Худоёрхон авлодари тарихи. Т.: Янги аср авлоди, 2016. – 170-б.
11. Қайюмов Пўлотжон. Хўқанд тарихи ва унинг адабиёти // Нашрга тайёрловчи Азиз Қаюмов. – Т.: Тамаддун, 2011. – 29-б.
12. Қаюмов А. Қўқон адабий муҳити. Т.: Ўзфанакаднашр, 1961. – 332-б.

Муаллиф ҳақида: Абдуллаев Равшанжон Иномжон ўғли- Бағдод тумани 8-сонли мактабнинг тарих фани ўқитувчиси.

09Qo’qon xonligining ijtimoiy-siyosiy va madaniy hayotida o’zlarining bunyodkorlik ishlari, ilm ahliga homiyligi, sahovatpeshaligi bilan faol bo’lgan malikalar, jasurligi, mardligi, vatanparvarligi bilan tanilgan dodxoh ayollar, ilm-fan, san’at, adabiyot rivojlanishiga hissa qo’shgan shoiralar nomlarini ta’kidlash joiz.

RAVSHANJON ABDULLAEV*
QO’QON XONLIGI TARIXIDAN
IKKI MAQOLA

QO’QON XONLIGI MALIKALARI VA DODXOH AYOLLARI HUSUSIDA AYRIM MULOHAZALAR

034Qo’qon xonligining ijtimoiy-siyosiy va madaniy hayotida o’zlarining bunyodkorlik ishlari, ilm ahliga homiyligi, sahovatpeshaligi bilan faol bo’lgan malikalar, jasurligi, mardligi, vatanparvarligi bilan tanilgan dodxoh ayollar, ilm-fan, san’at, adabiyot rivojlanishiga hissa qo’shgan shoiralar nomlarini ta’kidlash joiz. Xususan: O’z davrining ilm sirlarini egallagan, teran zakovatli, mehr-muhabbatda yuksak qalb sohibalari bo’lgan malikalar davlatda qamrovi birmuncha keng bo’lgan sahovatpeshalik faoliyati bilan shug’ullanganlar. Mana shunday saxovatpeshalik ishlarini boshlab bergan malikalardan biri Qo’qon xonligining birinchi hukmdori Shohruhbiyning rafiqasi Nozikbibi sanaladi. Shohruhbiy hayotligining so’nggi yillarida, ya’ni taxminan 1719-yilda o’zbek urug’larini yanada jipslashtirish maqsadida Qirq urug’i oqsoqoli qizi Nozikbibiga uylanadi. Shundan so’ng Nozikbibi mavqeyi o’zgarib Nozik Oyim deb aytila boshlangan. Shohruhbiy ushbu xotini uchun Laylakxona (shaharning janubiy qismida) mavzesining bir tomonida yer-mulk in’om qiladi va bu joyda saroy barpo etadi. Ikki yillar chamasi vaqt o’tib 1721-yillar atrofida Shohruhbiy vafot etgach, Nozik Oyim bu saroyga doimiy yashash uchun ko’chib o’tadi. O’ziga in’om etilgan saroy atrofidagi ekin maydonlarini atrof qishloqlardagi nochor dehqonlarga foydalanishga taqsimlab beradi. O’zi o’g’li Abduraxmonxonni tarbiyalash bilan birga qishloq qizlarini maktab ochib savodini chiqarish bilan shug’ullanadi. O’z yerlaridan kelgan mablag’lardan yetimxona ochib miskinlarni qo’llab-quvvatlaydi, qishloq maktabi harajatlariga sarf etadi. Ushbu saroy asosida yuzaga kelgan qishloqqa xalq “Oyimqishloq” deb nom beradi. Keyinchalik bu joy xonlikning boshqa aslzoda ayollari uchun ham tabarruk joyga aylanib, Qo’qon malikalari bu joyda ma’lum muddat yashashni o’z burchlari va sharafi deb biladilar [1: 131-b].
Xonlik tarixida nom qoldirgan malikalardan yana biri Qo’qon hukmdori Norbo’tabiy (1763-1798)ning rafiqasi, ming urug’i oqsoqolining qizi Zuhra Oyimdir. Shahar ahli malikani ming urug’idan ekanligini hisobga olib unga “Mingoyim” deb nom beradilar. Boshqa bir manbada takidlanishicha Mingoyimning asl ismi Faxrinniso bo’lib, Imomqulibekning qizi bo’lgan [2: 134-b]. Malika hukmdorga turmushga chiqqan paytida unga mahr sifatida katta yer-mulk, beriladi, ushbu mulkdagi xovlilardan birida maktab ochib, otinbibilarni yollab qizlarni o’qitadi. Bir qism yerlarini turli masjid, madrasa, xonaqoh va qabristonlarga vaqf qilib beradi. Mingoyim Nozik Oyimning nabira kelini bo’lganligi uchun Oyimqishloq yaqinidagi o’z yerlarini qayinbuvisidan ibrat olib yersiz dehqonlarga taqdim etadi. Bu joyda vujudga kelgan qishloq “Oyim qo’rg’oncha” deb nomlanadi [3: 52-b].
Mashhur o’zbek shoirasi Nodirabegim ham Qo’qon malikalari orasida munosib o’rin egallaydi. Nodira Andijon hokimi Rahmonqulbiyning qizi bo’lib, Rahmonqulbiy Ming urug’i o’zbeklarining ko’zga ko’ringan vakillaridan edi. Olimxon 1808-yil Toshkentda bo’lgan isyonni bostirib, Qo’qonga qaytgach, ukasi Umarxonga Marg’ilon hokimligini berdi. So’ngra uni o’z tog’asi – Andijon hokimi Rahmonqulibiyning qizi Mohlaroyimga uylantirishga qaror berdi. Bu qizning aqlliligi, odobi va go’zalligi atrofga doston bo’lgan edi. Olimxon bu ishi orqali o’z tog’asi va ukasi o’rtasidagi qarindoshlik munosabatlarini mahkamlamoqchi, shu yo’sinda o’z siyosiy hokimyatini mustahkamlamoqchi bo’ldi [4: 220-b]. Mohlar oyim Umarxon nikohiga o’tgach avval Marg’ilonga, so’ngra Qo’qonga keladi. 1810-yili Olimxon o’ldirilgach Qo’qon taxtiga Umarxon o’tiradi. Mana shu davrdan boshlab Nodiraning xonlik hayotidagi roli faollashib boradi. Umarxon davrida ayollar huquqlari ma’lum borada himoya qilina boshlandi. Bunda uning rafiqasi Nodirabegimning xizmatlari benihoya kattadir. U ayollarning o’qish, yozishni o’rganishlari uchun madrasalarda dars tashkil etib, otinoyilarning saboq berishni yo’lga qo’ygan. An’anaga ko’ra Qo’qon xoni Olimxon (1798-1810) o’z xukmronligi davrida ukasi Umarxonni 1806-yilda Mohlaroyimga uylanishi munosabati bilan keliniga mahr uchun katta yer-mulk in’om etgan. Unga berilgan yer-mulk “Chek Mohlaroyim” deb ataladi. U bu mulkda ilm-ma’rifatni rivojlantiradi, yosh ijodkor qiz-juvonlarni ijodini qo’llaydi. Bundan tashqari Mohlaroyim ham Qo’qon malikalari udumlariga amal qilib qaynonasi Zuhra Oyim (Mingoyim) va momo qaynonasi Nozik Oyimdan ibrat oladi. U ham Oyim qishlog’i mavzesida yana bir qo’rg’on tashkil etib nochorlarni qo’llaydi, dehqonlarni o’zlariga foydalanishga yer-mulk bo’lib beradi bolalarini savodini chiqaradi. Buni natijasida ushbu zaminda paydo bo’lgan yangi qo’rg’onga xalq “Mohlaroyim” qo’rg’oni deb nom beradilar.
Qo’qon maliklari orasida qirg’izlarning saru urug’idan bo’lgan Yorqinoy (Jarqinoyim) faoliyatiga ham to’xtalib o’tish joiz. Yorqinoy 1802-yili Namangan viloyatining Uychi tumanidagi Qizil — Rabot qishlog’ida tavallud topgan. Qirg’iz tarixi ensiklopediyasi, Qirg’izistonning asl qizlari nomli kitoblarda uni Asperdi dodxoh qizi deb ko’rsatadilar. Ammo, Mahzunning “Farg’ona xonlari tarixi” asarini o’rganilishi natijasida Yorqinoy Asperdi dodxohning qizi emas, Axsilik To’xtanazar dodxohning qizi ekanligi ma’lum bo’ldi [5: 167-b]. Yorqinoyning bolalik yillari Talos vodiysining Qorabura ovulida o’tgan. Yorqinoy chiroyli, aqlli, xushmuomala el qadrlagan qiz bo’lgan. Qo’qondagi o’zaro taxt talashishlar natijasida Talosga kelib qolgan, bo’lajak Qo’qon xoni Sherali bilan turmush quradi.
Sherali Qo’qon xoni bo’lgach Yorqinoy ham farzandlari bilan birga Qo’qonga xon o’rdasiga ko’chib keladi. Garchand Yorqinoy xonning ayoli sifatida muhtasham o’rdaga joylashgan bo’lsada, uni ko’chmanchi-chorvadorlarga xos bo’lgan xislatlar tark etmagan. Naql qilishlaricha Yorqinoy o’rda hovlisida chodir tiktirib, shu yerda istiqomat qilishni maqul ko’rgan. O’rdadagilar Yorqinoyni “Xonoyim”, “Hokimoyim” deb hurmat qilishgan.
Hokimoyim dono maslahatchi, qanchadan-qancha savob ishlarning tashabbuskori bo’lgan, o’zining vafotidan so’ng qilinishi lozim bo’lgan xayrli amallarni o’g’li Xudoyorxonga vasiyat qilib qoldirgan. 1868-yil ramazon oyida Hokimoyim vafot etadi. Uni Qo’qon malikalarining hazira(bir urug’ yoki oila a’zolarining qabrlaridan iborat kichik qabriston)siga dafn etadilar [6: 100-b]. Janozadan qaytgan xon uzlatda o’n kecha-kunduz surunkasiga toat-ibodat qilib, shundan keyingina davlat ishlariga aralashib, haramga kiradi [7: 180-b].
Onasining vafotidan so’ng Xudoyorxon Hokimoyimga atab madrasa qurdirishga farmon beradi. Manbalarga ko’ra madrasa 1869-1870-yillarda qurib bitkazilgan. Madrasa bunyod etilgan joy va uning me’mori haqida quyidagicha ma’lumot uchraydi: “Xudoyorxon volidai sharaflarini vasiyatlari birla onalarini nomig’a madrasa solmoq bo’lub, mulla Turdiali mirzoni ishboshi qilib, masjidi jomening sharqida madarsayi oliy binosig’a mashg’ul bo’lib, sahl vaqtida itmomig’a yetib, Madrasai “Hokim oyim” nomzod qildi. Va yana madrasai “Hokim oyim”g’a Shahrixon ustida daryodan ariq chiqarib, hiroji vaqf ayladi”[8: 79-b]. Shuningdek madrasaga Xonobod, Yangi qishloq, Tojik qishloq, Qang’li, Tiliming, Oqqo’rg’on, Isa avliyo qishloqlari va yana Qo’qondagi 32 ta do’kon ham vaqf mulki qilib berilgandi [9: 122-b].
Hokimoyimning Zinnat ismli opasi bo’lib, u ham Sheralixon Qo’qon taxtiga o’tirgandan so’ng singlisi bilan birga Qo’qonga keladi. Sheralixon tomonidan unga dodxoh unvoni berilib, haram ishlariga boshchilik qiladi. Rus olimlari Vladimir Nalivkin va Mariya Nalivkinalar u haqida quyidagilarni yozadi: “Qo’qonda biri Zinnat, ikkinchisi Mahzuna taxallusi bilan ijod qilib kelayotgan ikki shoira bor. Aytishlaricha, ulardan biri xon saroyiga erkaklar libosida yuzi ochiq holda kirib bora oladi. Unga general – dodxoh unvoni berilgan” [10: 116-b]. Zinnat 1842-1868 yillarda xonlik siyosiy hayotida faol qatnashgan. Qo’qonda yashab qolgan, Talosga qaytmagan. Uning hayotiga doir boshqa ma’lumotlar saqlanmagan. Qabri Qo’qonda deb hisoblanadi.
Qo’qon xonligida dodxoh unvoniga sazovor bo’lgan ayollardan yana biri Qurbonjon dodxoh edi. U 1811-yil O’sh shahri yaqinidagi Orke qishlog’ida tug’iladi [11: 193-b]. Qurbon hayiti kuni tug’ilganligi uchun Qurbonjon deb ism qo’yishadi [12: 51-b]. Qurbonjon ulg’aygach dastlab, otasining do’sti To’raqulbiyning o’g’li Qulsayitga turmushga chiqadi, ammo u bilan uzoq vaqt yashay olmasdan ajrashadi. Keyinroq esa Qo’qon xonligida martabali lavozimlarda ishlagan Olimbek dodxoh bilan 1831-yilda turmush quradi. Olimbekka Qo’qon xoni Madalixon 1831-yilda dodxoh unvonini beradi. 1832-yilda esa Olimbek Andijon hokimligiga tayinlanadi [13: 15-b]. Qurbonjonni Andijon hokimi Olimbek dodxoh bilan turmush qurishi uning poytaxt Qo’qondagi o’rda xonimlari bilan yaqindan munosabat o’rnatishiga imkon beradi. 1833-yili Olimbek Qurbonjonni Qo’qon saroyiga olib kelib, malika Nodirabegimga tanishtiradi. Olimbek saroyda katta obro’-e’tiborga ega bo’lgani uchun uning rafiqasiga ham katta izzat-ikrom ko’rsatiladi. Qurbonjon Qo’qon xoni, uning amaldorlari, saroy hayoti bilan tanishadi. Mashhur o’zbek shoiralari Nodirabegim, Uvaysiy va boshqalarning ta’sirida uning dunyoqarashi shakllanadi.
Qo’qon xonligi taxtini 1845-yilda Sheralixon egallagach Olimbek dodxoh va Qurbonjon yangi xonni qutlash uchun Qo’qonga keladi. Bu yerda Qurbonjon Sheralixonning rafiqasi Jarqinoyim bilan yaqindan tanishadi va bundan buyon bir-birlariga yordam berishga kelishib olishadi. Olimbek dodxoh 1863-yilda fitna qurboni bo’ladi. Qurbonjon esa eri o’rniga hokim bo’lib qoladi. Lekin ko’p o’tmay farzandlarini olib ona yurtiga ketib qoladi va “Oloy malikasi” deb dovrug’ chiqaradi. Yettisuvdan, hatto Xitoy chegarasidan ham qirg’izlar uning oldiga kelib maslahat so’raydigan bo’lib qoladilar. Buxoro amiri Muzaffar Qurbonjonning aqliga, dilbarligiga qoyil qolgan edi. Muhimi, Qurbonjondagi sarkardadek mardlik va dadillikni, siyosatchiga xos ehtiyotkorlikni u bilan O’shda uchrashganida tan olgan edi. U Oloy malikasini o’ziga ittifoqchi qilish payiga tushadi va unga dodxoh yorlig’ini beradi. Bundan saroy amaldorlari, shayxulislom, qozikalon va boshqa ulamolar hayrat ila yoqa ushlashdi. Amir Muzaffar yordamida Qo’qon taxtini egallagan Xudoyorxon ham Qurbonjonga dodxoh unvonini beradi va Oloy vodiysiga hokim qilib tayinlaydi [14: 212-b].
Xulosa qilib aytganda Ming sulolasi malikalari orasida ilm ahliga homiylik qilish, ijtimoiy himoyaga muxtoj tabaqalarni qo’llab-quvvatlash, ehtiyojmand oilalarning o’g’il-qizlari taxsil olishi uchun maktablar barpo etish an’ana aylangan bo’lib, bu borada Nozikbibi boshlab bergan bunyodkorlik ishlari keyingi malikalar davrida ham davom ettirildi.

Foydalanilgan manba va adabiyotlar

1. Dadaboyev Ya. Xo’qandi latif mahallalari va ko’chalarining nomlanish tarixi. F.: Farg’ona, 2007. – 131-b.
2. Xudoyorxonzoda. Anjum at-tavorix. T.: Fan va texnologiya, 2014. – 134-b.
3. Esonov Z, Toshmatov Sh, Isomiddinov Z. Qo’qon xonlari o’rdalari tarixi. T.: Adabiyot uchqunlari, 2016. – 52-b.
4. Qayumov A. Qo’qon adabiy muhiti. T.: Fan, 1961. – 220-b.
5. Ziyabidin Maksыm. Fargana xaandarыnыn tarыxы. B.: Turar, 2007. – 167-b.
6. Dadaboyev Ya. Xudoyorxon o’rdasi. N.: Namangan, 2016. – 100-b.
7. Umarov Sh. Xudoyorxon avlodlari tarixi. T.: Fan va texnologiya, 2016. – 180-b.
8. Mirzoolim Mushrif. Ansob us-salotin va tavorix ul-xavoqin. T.: Adabiyot va san’at, 1995. – 79-b.
9. Alixojiyev M. Qo’qon xonligining madaniy xayotida maktab va madrasalarning tutgan o’rni. Tarix fan. nomz…diss. – T: 2012. – 122-b.
10. Abdullayev R. Qurbonjon dodxohning taxallusi nima? // Tafakkur. 2018. — № 4. – 116-b.
11. Umurbekov T. Uluu insandardыn Kыrgыzstandыn tarыxыndagы rolu jana ordu. B.: Biyiktik, 2003. – 193-b.
12. Bekturganova K. Kыrgыzstandыn asыl kыzdarы. Bishkek, 2006. – 51-b.
13. Alыmbek datka jana anыn dooru //Jooptuu redaktor K.S.Moldokasыmov. B.: MaxPrint, 2016. – 15-b
14. Sodiqov H, Jo’rayev N. O’zbekiston tarixi (birinchi kitob) T.: Sharq, 2011. – 212-b.

QO’QON XONLARINING SULOLAVIY SAROY KUTUBXONASI

06O’rta Osiyo xonliklari madaniy hayotining rivojlanishida kutubxonalar alohida ahamiyat kasb etadi. Buxoro amirligi, Xiva va Qo’qon xonliklarida xon saroylari, maktablar, madrasalar va masjidlar qoshida turli fanlarga oid kitoblar jam bo’lgan kutubxonalar faoliyat ko’rsatar edi. Shuningdek boy zamindorlar, ma’rifatparvar davlat amaldorlari, ayrim viloyatlar hokimlari o’z mulklarida shaxsiy kutubxonalar barpo etganligi haqida manbalarda ma’lumotlar ucharaydi.
XVIII asrda tashkil topgan Qo’qon xonligida kutubxonalar barpo etish va ularni turli noyob kitoblar bilan boyitib borishga alohida e’tibor berilgan. Xonlikdagi eng yirik kutubxona Qo’qon xonlarining sulolaviy saroy kutubxonasi edi. Tarixiy an’ana asosida kutubxona barcha ma’rifatparvar xonlar tomonidan qo’lyozma kitoblar bilan to’ldirilib borilgan. Ayniqsa Umarxon va uning rafiqasi Nodirabegim davrida qo’lyozma kitoblarni yig’ish va ularni ko’paytirish ishiga alohida ahamiyat berilgan.
Qo’qon xonligida saroy kutubxonasiga alohida e’tibor berilganligini xonlikning saroy boshqaruv tizimida kitobdor lavozimidagi amaldor faoliyat yuritganligidan ham bilish mumkin. Xon o’zining saroyi (O’rda)ga ega bo’lib, xonlik hududida shunday unvon va mansablarni, vazifa va martabalarni joriy etgandi. Xususan xonlikda o’rta martabali unvonlarga kitobdor, risolachi, bakovul, mirzaboshi, sarmunshiy kabilar kirar edi [3: 71-b].
Umarxon hukmronligi davrida ilk bor kitobdor lovozimi ta’sis etilib, Mulla Mirza Qalandar Mushrif ushbu lavozimga tayinlangan. Mulla Mirza Qalandar Mushrifdan so’ng uning farzandlari ham kitobdorlik mansbida saroy kutubxonasini boshqarganlar. Bu haqda manbalarda quyidagicha ma’lumot uchraydi: Muhammad Alixon davrida Mirza Ayyub Behjat saroy kutubxonasiga kitobdor lavozimiga tayinlanadi. “Mirza Ayyub Behjat — Mirza Qalandar Mushrifning o’g’lidur. Bular Isfara qaryasinda bo’lib mulkdor, mansabdor kishilar edi. Xon saroyida kitobdorlik mansabi bularga berilganidan bularning avlodi kitobdor laqabini o’zlariga iftixor familiya etib yuritadilar [11: 29-b]. Qo’qon xonligini 1858-1862-yillarda idora etgan Mallaxon hukmronligi davrida saroy kutubxonasini Xoja Kitobdor boshqargan bo’lib, u Mallaxon elchisi sifatida Peterburgga yuboriladi [5: 45-b]. O’rta Osiyoga kelgan rus sayyoh va olimlarining bergan ma’lumotlaridan ma’lum bo’lishicha Qo’qon xonlari saroy kutubxonasini ruslar bosqini davrida Sarimsoq hoji idora etar edi [9: 181-b].
Qo’qon xonlarining saroy kutubxonasi to’g’risida Qo’qon madaniyati tarixi davlat muzeyi katta ilmiy hodimi Yahyoxon Dadaboyev ma’lumotlari ham muhimdir. Ya.Dadaboyev ta’kidlashicha: “Xudoyorxonning o’rdasidagi madrasa qoshida katta kutubxona mavjud bo’lgan. Bu kutubxonada nafaqat kitob saqlangan, balki islom dinida muhim bo’lgan Qur’on tavsir, hadis hamda fiqhga oid kitoblar ko’p nusxada ko’chirtirilib, ularga Xudoyorxon muxri hamda “mulki vaqf” degan yozuv bor muhrlar tushirilgan. Bu kitoblar madrasalarga, qorixonalarga va boshqa diniy muassasalarga vaqf mulki sifatida tarqatilgan. Bunday muhr qo’yilgan kitoblarni bozorga chiqarish ta’qiqlangan” [4]. Bugungi kunda Qo’qon madaniyati tarixi davlat muzeyi va Farg’ona o’lkashunoslik muzeylarida Xudoyorxon saroy kutubxonasidan qolgan bir nechta Qur’oni Karim nusxalari saqlanadi.
Saroy kutubxonalaridagi kitoblardan asosan xonning oila a’zolari saroy mulozimlari va xizmatchilari foydalanishgan. Xudoyorxonning o’g’li O’rmonbek yoshligidanoq saroy kutubxonasida ko’p vaqtini mutolaa bilan o’tkazar edi [10: 170-b]. Tarixchi Mirza Aziz bo’lsa qo’lyozmalardan tez-tez foydalanib turgan. U “Qo’qon xonligi tarixi” nomli katta hajmdagi kitobni tuzgan, unda Markaziy Osiyo davlatlari va mo’g’ullar davlati tarixiga oid ma’lumotlar ham qamrab olingan edi [6: 106-b].
Qo’qon xonlarining qo’lyozma kitoblardan iborat kitob omborlari va kutubxonalari haqidagi ba’zi bir ma’lumotlar rus qo’shinining 1875 yilgi Qo’qon xonligiga istilochilik yurishi ishtirokchilari xotiralarida uchraydi. Xususan mazkur yurishda qatnashgan A.L.Kunga qo’lyozmalar va boshqa madaniy boyliklarni yig’ish topshirilgan.
Rus hokimyati vakillari Ko’qon xonlari Xudoyorxon va Mallaxon saroyida xizmat qilgan Mirzaolim Mushrifdan 50 ta qo’lyozma kitob topib berishni talab qiladi. Ammo u axtarib, topib berolmaydi, vahshat-dag’dag’a xaddan oshib ketgach, nixoyat 10 ta kitob berib qutuladi [12: 332-b]. Mirzaolim Mushrif ham Xudoyorxon saroy kutubxonasining kitobdori bo’lgan bo’lishi mumkin [8: 11-b].
Chor Rossiyasining O’rta Osiyoga istilochilik yurishlari davrida ruslar tomonidan Qo’qon xoni saroyidagi kutubxonadan 103 ta qo’lyozma olingan bo’lib, ular asosan arab tilidagi diniy kitoblar (Qur’on nusxalari, payg’ambarlar, avliyolarning hayoti va faoliyatiga bag’ishlangan kitoblar, musulmonlar rivoyatlari, to’plamlari) edi. Kitoblar orasida falsafa, mantiq, grammatika va notiqlik san’atiga, tibbiyotga doir qo’lyozmalar (masalan, “Bahr al-javohir” yoki Otabib Xorzaning “Marvarid dengizi”), 15 nomdan ortiq fors tilidagi asarlar, musulmon qonunchiligi, tarixiy mazmundagi “Tuhfat ul-xoniy” (Muhammad Rahimxon hukmronligi tarixi), Jigan Lodining “Tarixi Jahongiri”, Shohruh davridan tortib Xudoyorxon davrigacha bo’lgan Farg’ona hamda Qo’qon xonligi tarixiga doir kitoblar bo’lgan [1: 300-b]. Kitoblar orasida shuningdek “Tavorixi Shoxruxiy”, “Tarixi Muqimxoniy”, “Jaxonnoma”, “Rashaxot”, “Rashonax ul-funun” kabi ko’plab noyob qo’lyozma asarlar ham bor edi [7: 326-b]. Ularning barchasi Rossiyaga olib ketilgan va Imperator xalq kutubxonasi (bugungi Rossiya Milliy kutubxonasi)ga topshirilgan.
1897 — yilda rus tadqiqotchisi K.G.Zaleman Qo’qonga kelib Xudoyorxon kutubxonasini izlashga kirishadi. U xon kutubxonasining sobiq saqlovchisi mulla Sarimsoqxo’ja bilan uchrashib, 3-4 qo’lyozma oladi. O’shga borib, uyezd sudyasi D.M.Gramenitskiy bilan yaqindan tanishadi. Gramenitskiy Zalemanga Osiyo muzeyi uchun o’zining sharq qo’lyozmalari kolleksiyasini topshiradi. Mahalliy rus olimlari Nalivkin va Vyatkindan ham qo’lyozmalar kollektsiyasini oladi. K.G.Zaleman yana 96 qadimiy qo’lyozmani qo’lga kiritadi. Safari paytida u shunday xulosaga keladi: “O’rta Osiyo qadimiy nodir qo’lyozmalar makoni ekan. Bundan keyin olimlar ishtirokida ko’plab ilmiy safarlar uyushtirib, qo’lyozmalarni Peterburg muzey va kutubxonalariga yig’ib olish zarur” [7: 326-b].
XX asrning boshida Qo’qon xonligi saroy kutubxonasi abgor holatga kelgan, uning qo’lyozmalari talon-taroj qilinar, aksariyati bozorlarda sotilar edi. 1902 yilda qo’lyozma asarlarni topish va o’rganish maqsadida Qo’qonga kelgan rus sharqshunos olimi, akademik V.V.Bartold xon saroy kutubxonasini ko’zdan kechirib, taassuf bilan shunday yozgan edi: “Ayni vaqtda birorta ham qo’lyozmalarning to’plamlari mavjud emas, hatto 1897 yilda K.G.Zaleman kutubxona kitobdori Sarimsoqhojining uyida ko’rgan Xudoyorxon kutubxonasining oz sonli qoldiqlari ham g’oyib bo’lgan” [2: 270-c].
Xonlikda saroy kutubxonasidan tashqari, masjid va madrasalar qoshida ham kutubxonalar faoliyati yo’lga qo’yilgan edi. Bu xususida A.A.Semyonov shunday yozadi: Qo’qon xonligining Qo’qon, Andijon, Marg’ilon, Namangan shaharlaridagi madrasalarda, Buxorodagi kabi boy bo’lmasa ham, har holda kutubxonalar bor edi”. Ushbu kutubxonalar vaqf mulklaridan keladigan daromadlar, shuningdek davlatmand kishilarning hadyalari hisobiga boyitib borilgan. Sharq qo’lyozma asarlari kutubxonasi Andijon begi (Xudoyorxonning o’g’li) Nasriddinning saroyida ham bo’lgan. Shuning uchun ham Qo’qon yurishi ishtirokchisi A.L.Kun 1875 — yili mumkin qadar ko’p kitob, qo’lyozma va xujjatlar yig’ish maqsadida Andijonga kelgan. Sharq qo’lyozmalari majmualari Namangan, Marg’ilon beklari hamda boshqa beklar tomonidan ham tuzilgan.
Qo’qon xonligida kutubxonalarning faoliyati o’z navbatida xonlikda kitobat ishini rivojlanishi bilan ham bog’liq edi. Avvalo xonlikda qog’oz ishlab chiqarish yo’lga qo’yilgan, xattotlikning o’ziga xos maktabiga asos solingan. Lavvoh, mussavvir, naqqosh, sahhof mehnati bilan qo’lyozma kitoblar yaratilgan va ular xonlik kutubxonalari fondini boyitib borgan. Chor Rossiyasi tomonidan xonlik tugatilganidan so’ng kutubxonalar faoliyati deyarli to’xtab qoldi. Aksariyat kutubxonalar talon-taroj qilinib, xorijdagi muzey va kutubxonalar eksponatidan joy oldi.

Foydalanilgan manba va adabiyotlar

1. Axunjanov E. Kutubxonashunoslik, arxivshunoslik, kitobshunoslik: nazariyasi va tarixi. – T.: Tafakkur-Bo’stoni, 2011. – 300-b.
2. Bartolьd V.V. Otchet o komandirovke v Turkestan. – S.-Peterburgь, 1904. – 270-c.
3. Vohidov Sh.X. XIX asr oxiri XX asr boshlarida Qo’qon xonligida tarixnavislikning rivojlanishi: Tarix fanlari doktori … diss. – T.: 1998. – 71-b.
4. Dala yozuvlari. Qo’qon madaniyati tarixi davlat muzeyi katta ilmiy hodimi Yahyoxon Dadaboyev bilan bo’lgan shaxsiy suhbatdan. Suhbat 2017 yil 15 – sentyabr kuni bo’lib o’tgan.
5. Ilhomov Z.A. Aliquli Amirlashkar va uning Qo’qon xonligi siyosiy tarixida tutgan o’rni: Tarix fanlari nomzodi … dis. – T.: 2004. – 45-b.
6. Isaboyeva G. XIX asrda Qo’qon xonligida madaniy hayot: Tarix fanlar nomzodi. …diss. – Toshkent.: 2006. – 106-b.
7. Mustabid tuzumning O’zbekiston milliy boyliklarini talash siyosati: tarix shohidligi va saboqlari // Mas’ul muharrir Alimova D. – T.: Sharq, 2000. – 326-b.
8. Nabiyev R. Iz istorii Kokandskogo xanstva. – T.: Fan, 1973. – 11-b.
9. Sodiqov H, Jo’rayev N. O’zbekiston tarixi (birinchi kitob) T.: Sharq, 2011. – 181-b.
10. Umarov Sh. Xudoyorxon avlodari tarixi. T.: Yangi asr avlodi, 2016. – 170-b.
11. Qayyumov Po’lotjon. Xo’qand tarixi va uning adabiyoti // Nashrga tayyorlovchi Aziz Qayumov. – T.: Tamaddun, 2011. – 29-b.
12. Qayumov A. Qo’qon adabiy muhiti. T.: O’zfanakadnashr, 1961. – 332-b.

Muallif haqida: Abdullayev Ravshanjon Inomjon o’g’li- Bag’dod tumani 8-sonli maktabning tarix fani o’qituvchisi.

21

(Tashriflar: umumiy 3 818, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring