Аҳмадбек кўчасига бурилиб ўн-ўн беш қадам юрди-ю, муюлишда ўтирган одамларни кўриб, тўхтаб қолди. Қовжираб қолган майса устида кийим-боши ва юзларидан қишлоқдан келгани билиниб турган икки аёл болаларини эмизганча бир-бирларига нималарнидир тушунтириб, уларнинг ўртасида эса, ёз бўлишига қарамай китель кийиб олган бир эркак бошини эгиб, қўлидаги чўп билан ерни тирнаб ўтирарди. Аҳмадбекнинг юраги одатдагидек шиғ этиб кетди, кўнгли нимагадир орзиқди.
Машраб Бобоев
ТУПРОҚ ҲИДИ
Машраб Бобоев 1941 йил Самарқанд вилоятининг Челак туманида туғилган. Тошкент санъат институтининг актёрлик факультетида тахсил олган (1965). «Онамга хат» (1971), «Баҳор кайфияти» (1974), «Гурунг» (1975), «Кечки троллейбус» (1977), «Бағишлов» (1978), «Олисдаги чироқ» (1980), «Сўз» (1982), «Мен билган сир» (1990), «Қани менинг юлдузим?» (1991), «Номсиз юлдузлар» (1991) каби шеърий китоблари нашр этилган. Бир қатор саҳна асарлари ҳам ёзган («Ўттиз ёшлилар», «Ер томири», «Суянч тоғлари» ва бошқа). Кўп қисмли видеофильмлар [«Ирода», «Севги нидоси» («Алишер Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достони асосида миллий балет), «Кўнгил кўчалари»] муаллифи. В. Катаевнинг «Хаёл чечаклари» романи, Муин Бсисунинг «Ташриф қоғози», О. Чиладзенинг «Рангин дунё» каби асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 2003 йил 23 июлда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Аҳмадбек кўчасига бурилиб ўн-ўн беш қадам юрди-ю, муюлишда ўтирган одамларни кўриб, тўхтаб қолди. Қовжираб қолган майса устида кийим-боши ва юзларидан қишлоқдан келгани билиниб турган икки аёл болаларини эмизганча бир-бирларига нималарнидир тушунтириб, уларнинг ўртасида эса, ёз бўлишига қарамай китель кийиб олган бир эркак бошини эгиб, қўлидаги чўп билан ерни тирнаб ўтирарди. Аҳмадбекнинг юраги одатдагидек шиғ этиб кетди, кўнгли нимагадир орзиқди.
У ҳар доим муюлишда ўтирган одамларни кўрганда шу ҳолга тушар, югуриб бориб ўша одамларни қучгиси, чангга беланган кийим-бошларини юз-кўзига суртгиси келарди. Тўйиб-тўйиб ҳидлагиси келарди уларни. Ҳа, ҳидлагиси келарди. Чунки, Аҳмадбек белана-белана улғайган тупроқ ҳиди келарди улардан. Аҳмадбек кўпдан бери шаҳарда яшар, қишлоғига жуда кам борар, борганда ҳам меҳмондорчиликдан бўшамас, шунинг учун ҳам бу ҳиддан бенасиб эди. У мана шу зиёфатлардан қочиб, ялангоёқ бўлиб тупроқли кўчаларни чангитиб юргиси, ёш болалар билан чиллак ўйнагиси, қамишзор канал бўйидаги майсада ағанаб ётгиси келарди. Каттакон, бунинг устига шаҳарлик, яна бунинг устига олим одамнинг бунақа юришини ҳамқишлоқлар айб билишарди. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ деганларидек, шу қишлоқдан бошқа жойда, айниқса, шаҳарда узоқ яшаб кўрмаган одамларга туғилган ерни соғиниш ҳисси бегона эди. Аҳмадбек шундай зиёфатларда сиқилиб ўтирган кезларида талабалик йилларини катта бир армон, оғриқ билан қўмсарди. У пайтлар бутун ёзни ўзи истаганча ўтказар, у нима қилиб юрса ҳам, одамлар:“Ҳа, студент-да!”, деб қараб, ҳеч нарса дейишмасди. Хуллас, ўз эрки ўзида эди. Энди эса…
Аҳмадбек институтни тугатар йили курсдоши Дилфузага уйланди. Ўзини орли-номусли деб ўйлаганидан, данғиллама ҳовлига ичкуёв бўлиб киришни истамади. Бир рус кампирнинг ҳовлисидан ижарага бир хона олиб кўчиб келди. Дилфуза ўзига тўқ оиланинг қизи бўлса ҳам, шаҳарда ўсган эмасми, пулнинг қадрини биларди. Ўзига нисбатан содда ва қўли очиқ Аҳмадбекни ҳам пулни мисқоллаб топиш ва мисқоллаб сарфлашга ўргатди. Ниҳоят, Аҳмадбек диссертациясини ҳимоя қилганидан бир йил кейин, кетворган бўлмаса ҳам, ўзларига яраша бир ҳовли сотиб олишди.
Уларнинг маҳалласида машҳур врач Салим Акбарович яшар, уникига бутун республикадан шифоталаб одамлар келиб туришарди. Салим ака анча кўнгли бўш одам бўлиб, ишдан ҳориб-чарчаб қайтса ҳам, уйига умид билан келиб ўтирган одамларни ҳайдаб юборолмас эди. Аҳмадбек деярли ҳар куни ишдан қайтаётганида Салим Акбаровичнинг тор кўчаси муюлишида ўтирган ёки унинг уйини қидириб юрган одамларни учратарди. У бундай учрашувларнинг биринчисидаёқ аллақандай нотаниш бир ҳисни кечирган, лекин бунинг қандай ҳис эканлигини билмаган, унинг исмини тополмаган эди.
…Аҳмадбек ишдан қайтаётган эди. Болали уч аёл, икки эркак кўчада кимнингдир уйини қидириб юрганини кўрди. Улар Аҳмадбекдан сўрамоқчи бўлишди-ю, унинг савлатидан ийманибми, индашмади. Шунда аллақандай бўлиб кетган Аҳмадбекнинг ўзи гап очди:
– Кимникини қидириб юрибсизлар?
– Ассалому алайкум, – деди ёз бўлса ҳам телпак кийиб олган, чўққисоқол, ёши элликлар атрофига бориб қолган чайир бир киши. – Бизга ҳалиги дўхтирнинг уйи керак эди, муллака.
Аҳмадбек Салим Акбаровичнинг уйини кўрсатиб қўйди. Уларнинг орқасидан бирпас қараб турди, кейин чақириб сўради:
– Қаерда жойлашдинглар?
Хотинларни бошлаб кетаётган эркаклар тўхташди. Бир-бири билан нималарнидир гаплашиб олишди.
– Поезддан эрталаб тушувдик, ҳозир топиб келдик бу ерни, – деди ҳалиги одам бу орада олдиларига етиб келган Аҳмадбекка. – Бирон жой топилар…
Аҳмадбек бироз ўйланиб қолди.
– Аввал меҳмонхона топиб, жойлашиш керак эди, – деди кейин.
– Э, бизга меҳмонхона йўл бўлсин, муллака, – деди эркакларнинг ёшроғи, тердан доғ бўлиб кетган шляпа кийиб олган йигит, аввал ўзининг у ёқ-бу ёғига, кейин ҳамроҳларига қараб, гуноҳкорона жилмайиш билан. – Тил билмасак…
– Бўлмаса, бизникида меҳмон бўласизлар, – деди Аҳмадбек. – Ҳў, анави муюлишдан чапга буриласизлар. Саккизинчи уй.
– Энди… қуллуқ, муллака, – деди шляпалик киши. – Овора бўлманг, бир иложини қилармиз… – у яна ҳамроҳларига қараб қўйди.
– Ие! Бир иложини қилармизмиш! – Аҳмадбекнинг жаҳли чиқди. – Бу болалар билан қаерга борасизлар?! – у бир пас турди-да, жаҳлини ютиб, жилмайди. – Тағин… хавотир олмаяпсизларми, тунайди деб?
– Йўғ-е, нима деяпсиз муллака… – деб юборди телпакли киши.
– Бўлмаса, гап шу! Дўхтирникидан чиқиб тўғри бораверасизлар! Кутиб ўтираман!
Аҳмадбек яна улар эътироз билдиришмасин деб гапига жавоб ҳам кутмай бурилди-да, тез-тез юриб кетди. Уйига келиб, Дилфузага меҳмонларбоп овқат буюрди. Унинг“Ким?”, деб берган саволига “Ҳали кўрасан”, деди-да, Рустамжон билан гулзорга кириб кетди.
Дилфуза меҳмонларни ижирғаниб бўлса-да, яхши кутиб олди. Уларнинг гаплари, юриш-туришлари, кийим-боши унинг ғашини келтирар, лекин у бор дардини ичига ютиб, жилмайиб муомала қилар, ҳар замон-ҳар замонда бутун нафратини нигоҳига жойлаб, Аҳмадбекка қараб қўярди.
– Қаердан топиб келдингиз буларингизни? – деди у эрталаб меҳмонлар кетгандан кейин Аҳмадбекка сўроқдан ҳам кўра “иккинчи бунақа номаъқулчиликни қилманг!” деган буйруқ оҳангида.
– Мунча одамохун бўлмасанг, – деди Аҳмадбек пичинг билан. – Булар ҳам одам. Сенга, менга ўхшаган.
– Ҳе, одам бўлмай… – Дилфуза гапнинг давомини ичига ютди. – Мундай… кийинишни билмаса! Меҳмонхонага борсин!
– Меҳмонхонада ҳам сенга ўхшаган маданиятлилар жой беришмайди буларга!
– Менинг уйим меҳмонхона эмас! Булар бир кеча ётди. Энди бутун кўрпа- тўшакни ювишим керак.
– Мунча ҳазар қиласан?! – Аҳмадбекнинг энди жаҳли чиқиб кетди. – Ахир, одам-ку булар ҳам! Қўшнининг кучугини ҳам қандай эркалатасан ялагудай бўлиб! Булар менинг авлодим. Мен ҳам шулардақа одамман! Менга нега хотин бўлиб ўтирибсан бўлмаса?!
– Бўпти! – Дилфуза жаҳлданми, ё тилига келиб қолган бирор ёмон гапни ўтказиб юбориш учунми, бирпас гапирмай туриб қолди. – Бўпти! Лекин бундан кейин такрорланмасин мунақа меҳмондорчилик! Ким кўп, Салим Акбаровичникига келадиган кўп! Ҳаммасини бошлаб келаверсангиз…
Дилфуза Рустамжонни олиб чиқиб кетди. Аҳмадбек унинг орқасидан қаттиқ бир ўкинч билан қараб қолди.
Аҳмадбек юрагини ҳовучлаганча яна икки марта шунақа меҳмон бошлаб келди. Дилфуза биринчи гал ҳам бир бало қилиб чидади, лекин иккинчи марта меҳмонларни уйга киргизмади. Жанжал бўлди. Жанжалга Дилфузанинг ота-онаси ҳам аралашди. Аҳмадбек ғазабга миниб ора очди қилмоқчи ҳам бўлди-ю, лекин ишини, боласини ўйлаб, бемаъни фикридан қайтди.
Ана шундан бери гоҳ муюлишда ўтирган, гоҳ кўчада Салим Акбаровичнинг уйини қидириб юрган одамларни кўрди дегунча бир дам тўхтаб қолади. Юрагида туғён қилаётган туйғулар гирдобида бир дам чархпалак бўлади. Югуриб бориб ўша одамларни қучгиси, чангга беланган кийим-бошларини юзига, кўзига суртгиси, тўйиб-тўйиб ҳидлагиси келади. Лекин ўзини тутади. Негаки, уларнинг олдига борса, албатта, уйига таклиф қилиши керак. Уйига таклиф қилмай ўтиб кетолмайди уларнинг ёнидан.
…Аҳмадбек юрагида туғён қилаётган туйғулар гирдобидан чиқолмаса ҳам, ўзини тутиб олди-да, гўё ҳеч кимни, ҳеч нарсани кўрмагандай, қаддини ғоз тутиб, йўлида давом этди.
“Китоб дунёси”, 2013 йил 13 февраль 3-сонидан олинди.
Ahmadbek ko’chasiga burilib o’n-o’n besh qadam yurdi-yu, muyulishda o’tirgan odamlarni ko’rib, to’xtab qoldi. Qovjirab qolgan maysa ustida kiyim-boshi va yuzlaridan qishloqdan kelgani bilinib turgan ikki ayol bolalarini emizgancha bir-birlariga nimalarnidir tushuntirib, ularning o’rtasida esa, yoz bo’lishiga qaramay kitel` kiyib olgan bir erkak boshini egib, qo’lidagi cho’p bilan yerni tirnab o’tirardi. Ahmadbekning yuragi odatdagidek shig’ etib ketdi, ko’ngli nimagadir orziqdi.
Mashrab Boboev
TUPROQ HIDI
Mashrab Boboev 1941 yil Samarqand viloyatining Chelak tumanida tug’ilgan. Toshkent san’at institutining aktyorlik fakul`tetida taxsil olgan (1965). «Onamga xat» (1971), «Bahor kayfiyati» (1974), «Gurung» (1975), «Kechki trolleybus» (1977), «Bag’ishlov» (1978), «Olisdagi chiroq» (1980), «So’z» (1982), «Men bilgan sir» (1990), «Qani mening yulduzim?» (1991), «Nomsiz yulduzlar» (1991) kabi she’riy kitoblari nashr etilgan. Bir qator sahna asarlari ham yozgan («O’ttiz yoshlilar», «Yer tomiri», «Suyanch tog’lari» va boshqa). Ko’p qismli videofil`mlar [«Iroda», «Sevgi nidosi» («Alisher Navoiyning «Sab’ai sayyor» dostoni asosida milliy balet), «Ko’ngil ko’chalari»] muallifi. V. Kataevning «Xayol chechaklari» romani, Muin Bsisuning «Tashrif qog’ozi», O. Chiladzening «Rangin dunyo» kabi asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. 2003 yil 23 iyulda Toshkent shahrida vafot etgan.
Ahmadbek ko’chasiga burilib o’n-o’n besh qadam yurdi-yu, muyulishda o’tirgan odamlarni ko’rib, to’xtab qoldi. Qovjirab qolgan maysa ustida kiyim-boshi va yuzlaridan qishloqdan kelgani bilinib turgan ikki ayol bolalarini emizgancha bir-birlariga nimalarnidir tushuntirib, ularning o’rtasida esa, yoz bo’lishiga qaramay kitel` kiyib olgan bir erkak boshini egib, qo’lidagi cho’p bilan yerni tirnab o’tirardi. Ahmadbekning yuragi odatdagidek shig’ etib ketdi, ko’ngli nimagadir orziqdi.
U har doim muyulishda o’tirgan odamlarni ko’rganda shu holga tushar, yugurib borib o’sha odamlarni quchgisi, changga belangan kiyim-boshlarini yuz-ko’ziga surtgisi kelardi. To’yib-to’yib hidlagisi kelardi ularni. Ha, hidlagisi kelardi. Chunki, Ahmadbek belana-belana ulg’aygan tuproq hidi kelardi ulardan. Ahmadbek ko’pdan beri shaharda yashar, qishlog’iga juda kam borar, borganda ham mehmondorchilikdan bo’shamas, shuning uchun ham bu hiddan benasib edi. U mana shu ziyofatlardan qochib, yalangoyoq bo’lib tuproqli ko’chalarni changitib yurgisi, yosh bolalar bilan chillak o’ynagisi, qamishzor kanal bo’yidagi maysada ag’anab yotgisi kelardi. Kattakon, buning ustiga shaharlik, yana buning ustiga olim odamning bunaqa yurishini hamqishloqlar ayb bilishardi. Oldingdan oqqan suvning qadri yo’q deganlaridek, shu qishloqdan boshqa joyda, ayniqsa, shaharda uzoq yashab ko’rmagan odamlarga tug’ilgan yerni sog’inish hissi begona edi. Ahmadbek shunday ziyofatlarda siqilib o’tirgan kezlarida talabalik yillarini katta bir armon, og’riq bilan qo’msardi. U paytlar butun yozni o’zi istagancha o’tkazar, u nima qilib yursa ham, odamlar:“Ha, student-da!”, deb qarab, hech narsa deyishmasdi. Xullas, o’z erki o’zida edi. Endi esa…
Ahmadbek institutni tugatar yili kursdoshi Dilfuzaga uylandi. O’zini orli-nomusli deb o’ylaganidan, dang’illama hovliga ichkuyov bo’lib kirishni istamadi. Bir rus kampirning hovlisidan ijaraga bir xona olib ko’chib keldi. Dilfuza o’ziga to’q oilaning qizi bo’lsa ham, shaharda o’sgan emasmi, pulning qadrini bilardi. O’ziga nisbatan sodda va qo’li ochiq Ahmadbekni ham pulni misqollab topish va misqollab sarflashga o’rgatdi. Nihoyat, Ahmadbek dissertatsiyasini himoya qilganidan bir yil keyin, ketvorgan bo’lmasa ham, o’zlariga yarasha bir hovli sotib olishdi.
Ularning mahallasida mashhur vrach Salim Akbarovich yashar, unikiga butun respublikadan shifotalab odamlar kelib turishardi. Salim aka ancha ko’ngli bo’sh odam bo’lib, ishdan horib-charchab qaytsa ham, uyiga umid bilan kelib o’tirgan odamlarni haydab yuborolmas edi. Ahmadbek deyarli har kuni ishdan qaytayotganida Salim Akbarovichning tor ko’chasi muyulishida o’tirgan yoki uning uyini qidirib yurgan odamlarni uchratardi. U bunday uchrashuvlarning birinchisidayoq allaqanday notanish bir hisni kechirgan, lekin buning qanday his ekanligini bilmagan, uning ismini topolmagan edi.
…Ahmadbek ishdan qaytayotgan edi. Bolali uch ayol, ikki erkak ko’chada kimningdir uyini qidirib yurganini ko’rdi. Ular Ahmadbekdan so’ramoqchi bo’lishdi-yu, uning savlatidan iymanibmi, indashmadi. Shunda allaqanday bo’lib ketgan Ahmadbekning o’zi gap ochdi:
– Kimnikini qidirib yuribsizlar?
– Assalomu alaykum, – dedi yoz bo’lsa ham telpak kiyib olgan, cho’qqisoqol, yoshi elliklar atrofiga borib qolgan chayir bir kishi. – Bizga haligi do’xtirning uyi kerak edi, mullaka.
Ahmadbek Salim Akbarovichning uyini ko’rsatib qo’ydi. Ularning orqasidan birpas qarab turdi, keyin chaqirib so’radi:
– Qaerda joylashdinglar?
Xotinlarni boshlab ketayotgan erkaklar to’xtashdi. Bir-biri bilan nimalarnidir gaplashib olishdi.
– Poezddan ertalab tushuvdik, hozir topib keldik bu yerni, – dedi haligi odam bu orada oldilariga yetib kelgan Ahmadbekka. – Biron joy topilar…
Ahmadbek biroz o’ylanib qoldi.
– Avval mehmonxona topib, joylashish kerak edi, – dedi keyin.
– E, bizga mehmonxona yo’l bo’lsin, mullaka, – dedi erkaklarning yoshrog’i, terdan dog’ bo’lib ketgan shlyapa kiyib olgan yigit, avval o’zining u yoq-bu yog’iga, keyin hamrohlariga qarab, gunohkorona jilmayish bilan. – Til bilmasak…
– Bo’lmasa, biznikida mehmon bo’lasizlar, – dedi Ahmadbek. – Ho’, anavi muyulishdan chapga burilasizlar. Sakkizinchi uy.
– Endi… qulluq, mullaka, – dedi shlyapalik kishi. – Ovora bo’lmang, bir ilojini qilarmiz… – u yana hamrohlariga qarab qo’ydi.
– Ie! Bir ilojini qilarmizmish! – Ahmadbekning jahli chiqdi. – Bu bolalar bilan qaerga borasizlar?! – u bir pas turdi-da, jahlini yutib, jilmaydi. – Tag’in… xavotir olmayapsizlarmi, tunaydi deb?
– Yo’g’-ye, nima deyapsiz mullaka… – deb yubordi telpakli kishi.
– Bo’lmasa, gap shu! Do’xtirnikidan chiqib to’g’ri boraverasizlar! Kutib o’tiraman!
Ahmadbek yana ular e’tiroz bildirishmasin deb gapiga javob ham kutmay burildi-da, tez-tez yurib ketdi. Uyiga kelib, Dilfuzaga mehmonlarbop ovqat buyurdi. Uning“Kim?”, deb bergan savoliga “Hali ko’rasan”, dedi-da, Rustamjon bilan gulzorga kirib ketdi.
Dilfuza mehmonlarni ijirg’anib bo’lsa-da, yaxshi kutib oldi. Ularning gaplari, yurish-turishlari, kiyim-boshi uning g’ashini keltirar, lekin u bor dardini ichiga yutib, jilmayib muomala qilar, har zamon-har zamonda butun nafratini nigohiga joylab, Ahmadbekka qarab qo’yardi.
– Qaerdan topib keldingiz bularingizni? – dedi u ertalab mehmonlar ketgandan keyin Ahmadbekka so’roqdan ham ko’ra “ikkinchi bunaqa noma’qulchilikni qilmang!” degan buyruq ohangida.
– Muncha odamoxun bo’lmasang, – dedi Ahmadbek piching bilan. – Bular ham odam. Senga, menga o’xshagan.
– He, odam bo’lmay… – Dilfuza gapning davomini ichiga yutdi. – Munday… kiyinishni bilmasa! Mehmonxonaga borsin!
– Mehmonxonada ham senga o’xshagan madaniyatlilar joy berishmaydi bularga!
– Mening uyim mehmonxona emas! Bular bir kecha yotdi. Endi butun ko’rpa- to’shakni yuvishim kerak.
– Muncha hazar qilasan?! – Ahmadbekning endi jahli chiqib ketdi. – Axir, odam-ku bular ham! Qo’shnining kuchugini ham qanday erkalatasan yalaguday bo’lib! Bular mening avlodim. Men ham shulardaqa odamman! Menga nega xotin bo’lib o’tiribsan bo’lmasa?!
– Bo’pti! – Dilfuza jahldanmi, yo tiliga kelib qolgan biror yomon gapni o’tkazib yuborish uchunmi, birpas gapirmay turib qoldi. – Bo’pti! Lekin bundan keyin takrorlanmasin munaqa mehmondorchilik! Kim ko’p, Salim Akbarovichnikiga keladigan ko’p! Hammasini boshlab kelaversangiz…
Dilfuza Rustamjonni olib chiqib ketdi. Ahmadbek uning orqasidan qattiq bir o’kinch bilan qarab qoldi.
Ahmadbek yuragini hovuchlagancha yana ikki marta shunaqa mehmon boshlab keldi. Dilfuza birinchi gal ham bir balo qilib chidadi, lekin ikkinchi marta mehmonlarni uyga kirgizmadi. Janjal bo’ldi. Janjalga Dilfuzaning ota-onasi ham aralashdi. Ahmadbek g’azabga minib ora ochdi qilmoqchi ham bo’ldi-yu, lekin ishini, bolasini o’ylab, bema’ni fikridan qaytdi.
Ana shundan beri goh muyulishda o’tirgan, goh ko’chada Salim Akbarovichning uyini qidirib yurgan odamlarni ko’rdi deguncha bir dam to’xtab qoladi. Yuragida tug’yon qilayotgan tuyg’ular girdobida bir dam charxpalak bo’ladi. Yugurib borib o’sha odamlarni quchgisi, changga belangan kiyim-boshlarini yuziga, ko’ziga surtgisi, to’yib-to’yib hidlagisi keladi. Lekin o’zini tutadi. Negaki, ularning oldiga borsa, albatta, uyiga taklif qilishi kerak. Uyiga taklif qilmay o’tib ketolmaydi ularning yonidan.
…Ahmadbek yuragida tug’yon qilayotgan tuyg’ular girdobidan chiqolmasa ham, o’zini tutib oldi-da, go’yo hech kimni, hech narsani ko’rmaganday, qaddini g’oz tutib, yo’lida davom etdi.
“Kitob dunyosi”, 2013 yil 13 fevral` 3-sonidan olindi.
hello world