BBC O’zbek xizmati: Kitobi eng ko’p bosilayotgan adib.

090

Айни китобхонлик бошқа адиблар каби Тоҳир Маликни ҳам ўйлантираётган масалалардан биридир. «Китобхонлик масаласи фақат ёзувчиларнинг ташвиши эмас. Жамият ташвиши бўлиши керак. Чунки маънавий олам фақат ва фақат китоб билан бойийди. Маънавий қашшоқ жамият оламаро юксала олмайди,» дейди ижодкор.

876

Би-би-си Ўзбек Хизмати
КИТОБИ ЭНГ КЎП БОСИЛАЁТГАН АДИБ

Тоҳир Малик Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида китоби энг кўп нашр этилган ва энг кўп ўқилган ёзувчи саналади.
Унинг «Шайтанат» асари ўн минглаб нусхаларда қайта-қайта нашр этилди ва тез тарқалиб кетди. «Девона», «Сўнгги ўқ», » Талваса» асарлари ҳам замонавий китобхонлар орасида кўп ўқилиши маълум.
Лекин, қизиғи, гарчи ёзувчи билан ёзган асарлари, адабий қарашлари, ҳаётга муносабати каби мавзуларда тез-тез суҳбатлар ўтказиб турилсада, унинг ижоди борасида адабиётшунослар томонидан ёзилган кенг қамровли таҳлилий мақолаларни учратиш қийин.

Жиноят оламининг паст-баланд кўчаларида

Китобхонлар эса, «Шайтанат» борасида тез-тез фикр билдиришади, баҳслашишади.
Бундан бирмунча муқаддам интернет сайтларидан бирида «Шайтанат»да ижобий қаҳрамон ким» мавзуида баҳс уюштирилганди.
Навоийлик Алишер Ашуров: Аввало «Ҳозирги пайтда мукаммал (ижобий, ҳеч қандай камчиликлари йўқ маъносида) инсоннинг ўзи борми?» деган саволга жавоб олиш керак, менимча. Бу асарда ҳаётимизда учрайдиган барча қусуру камчиликлар бор бўй-басти билан тасвирланган. Деярли ҳеч бир қаҳрамон камчиликсиз эмас. Шунинг учун, менимча, ҳар бир ўқувчи ўзига нисбатан яқинроқ бўлган асар қаҳрамонини ижобий деб баҳолайди,» дея фикр билдирганди.

Омон исмли китобхон эса, «Қуруқ, шунчаки маълумот берадиган, фақат қотилликларни, жиноятни тасвирлайдиган асарда ўрнак оладиган деярли ҳеч нима бўлмайди. Ўқувчини ўйлантиришга мажбур қиладиган, йиғлатадиган, кулдирадиган, ўзининг бир қисмини топа оладиган асаргина чин асар ҳисобланади. Бундан келиб чиқкан ҳолда, ўша асардаги воқеаларда яхшиликка чорловчи қаҳрамон образи бўлиши мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман…» , дея ёзганди.

Бу китобхон фикрича:

« «Шайтанат»нинг ўзгачалиги ҳам мана шунда. Ёзувчи салбий қаҳрамонларнинг ҳам ижобий томонларини яхши очиб бера олган. Аслида Асадбек, Маҳмуд, Жамшидларни ижобий қаҳрамон деб бўлмайди. Лекин уларнинг бир қанча ижобий томонлари кўрсатилган. Шайтанатдаги энг ижобий қаҳрамон Абдураҳмон табиб, Муҳиддин ота, Манзуралар бўлса керак, менимча. Лекин улар асосий қаҳрамонлар бўлмагани учун орқа планда қолиб кетишган…»

Лекин «Шайтанат» тўғрисида бошқа фикрдалар ҳам йўқ эмас.

«Умуман олганда эса, мен «Шайтанат»ни юқори савияда ёзилган асар дея олмайман… Асарнинг 4-китобигача ўқиганман. Бу тўғрида муаллиф билан ҳам кўп суҳбатларда бўлганман, фикрлашганман. Камчиликлари кўп, фақат ўзбек адабиётида унга рақобат бўлмагани ва ўқувчиларнинг, бошқа шу жанрдаги ўзбекча асарлар билан танишмаганликлари учун бўлса керак, уни энг яхши асарлар рўйхатига киритишади…»

Юқоридаги фикрлар Масъул Мақсудов исмли китобхонга тегишли.

Мен «Шайтанат»нинг дастлабки китоблари ўқувчилар қўлига бориб теккандан кейин бир жараённи кузатганман. Бирданига «Шайтанат»га эргашиб ёзадиганлар кўпайиб кетди. «Шайтанат» каби китоби тез ва кўп тарқалиши учун не-не муаллифлар жиноят оламининг паст-баланд кўчалари қолмай ёзиб чиқишди. Ҳа, айнан уларнинг кўпчилиги ёзиб чиқиш-ди. Тасвирлашмади. Қаҳрамоннинг руҳий ҳолати билан ишлари бўлмади.

«Шайтанат»да эса кучли тасвирлар, чуқур руҳий ҳолатлар асарнинг чинакам бадиий асар эканлигини кўрсатиб турди.

Худди шу ўринда гарчи «Шайтанат» ҳамон ўқувчилар қўлидан тушмаётган бўлсада, Тоҳир Маликнинг ўзи асаридаги камчиликларни тан олишини эслатиб ўтмоқ ўринли.

«Қайси йўналишга кирмайин мақсадим бир, ўқувчи билан ҳаёт муаммолари ҳақида ғойибона суҳбат қуриш. Зулмнинг илдизини қуритиб, саодатли умрга етишиш йўлларини излаш. «Шайтанат»ни ёзишдан мақсад ҳам шу эди. Сохта камтарлик қиляпти, деб ўйламанг, лекин бу асар ғоятда ҳайратланарли даражада эмас. Ҳамкасб дўстларимдан менинг ортиқ жойим йўқ. Камчиликларим бор, буни ўзим ҳам биламан. Ўзим сезмаётган камчиликларимни холисаниллоҳ айтиб туришса миннатдор бўламан. Асарнинг маълум маънода шуҳрат топишига сабаблардан бири-бу мавзу ўқувчилар учун янгироқ эди. Иккинчи сабаби кейинги йилларда ҳамкасбларимиз китобхонларни янги асарлар билан тез-тез қувонтириб туриш анъанасига содиқ қолмаяптилар,» деган эди адиб у билан уюштирилган суҳбатлардан бирида саволга жавоб бераётиб.

Маънавий қашшоқ жамият оламаро юксала олмайди

Кейинги йилларда кўпчилик одамларнинг кечинма-саргузашт асарларни ўқишга берилиб қолганликлари ва айрим ёзувчиларнинг бу ҳолатдан фойдаланиб қолишга уринишлари Тоҳир Маликни ташвишга солаётган ҳоллардан бири.

«Ҳозир бемаъни саёз қўшиқлар кўпайгани сингари номи «детектив» бўлган, аммо бадиий адабиётнинг энг кичик талабларига ҳам жавоб бера олмайдиган асарлар кўпайяптики, бу ҳолатга йўл қўймаслик чораларини ўйлаб кўришимиз керак. Фақат рад этиш билан иш битмайди,» деган эди бир суҳбат асносида адиб.

Айни китобхонлик бошқа адиблар каби Тоҳир Маликни ҳам ўйлантираётган масалалардан биридир.
«Китобхонлик масаласи фақат ёзувчиларнинг ташвиши эмас. Жамият ташвиши бўлиши керак. Чунки маънавий олам фақат ва фақат китоб билан бойийди. Маънавий қашшоқ жамият оламаро юксала олмайди,» дейди ижодкор.

Ҳозирда ёшлар китоб ( бадиий асар) ўқимай қўйишди деган ёзғиришлар тез-тез такрорланадиган бўлиб қолди. Худди ана шундан келиб чиққан ҳолда Тоҳир Маликнинг бу борадаги фикрни кенгроқ билиш мақсадида ҳурматли адибга савол йўлладим:

-Агар Сиз ҳам шундай деб ҳисобласангиз, бунга ким айбдор ё бунга нималар сабаб бўлмоқда?

— Бугунги китобхонлик масаласи фақат Ўзбекистонга хос эмас, бутун дунё шу масалани ечолмай гаранг, десам адашмасман. Биздаги бу касаллик бир оз оғриқли бўлишининг сабаби – совет даврида ҳам биз китобхонликда анча орқада эдик.

80-йилларда ўтказилган ижтимоий тадқиқот натижаларига кўра, ўша замонда Болтиқ бўйидаги республикаларда битта болага йилига 10-12 та янги китоб тўғри келган. Бизда эса, аксинча, 10-12 та болага битта янги китоб нашри тўғри келган. Болтиқбўйидаги республикаларнинг аҳолиси, демак, болалари ҳам кам бўлган. Бизда эса мактаб ўқувчилари-нинг ўзи тўрт-беш миллион атрофида эди. Демак, шунга яраша китоб нашр қилиш керак эди.

Совет ҳукумати бу масалаларни ҳал этишга уринган, аввало болаларга аталган барча нарсалар қатори китоблар ҳам таннархидан арзонроқ нархда сотиларди. Ундан ташқари, катталар китобини нашр этувчи нашриётларга ҳам болаларга китоб чиқариш вазифаси топширилган эди.

Масалан, Ғафур Ғулом нашриётида махсус бўлим очилиб, йилига 20 номда китоб чиқариларди. Кейинчалик, “Юлдузча” (ҳозирги «Чўлпон») нашриёти ташил этилди. Бу нашриёт республиканинг ички имкониятлари асосида ташкил этилди. Яъни, Москва ўзбек бола-лари учун чиқариладган китобга бир грамм ҳам қўшимча қоғоз ажратмаган. Аксинча, бу нашриёт ўзини моддий томондан таъминлаши учун “Книга повишенного спроса” – талаб катта бўлган китоб, номида рус тилида юз минглаб нусхада китоб чиқариб, бутун иттифоққа тарқатиларди.

Нашриёт ташкил бўлгач, 40-45 номда янги китоб чиқаришга ҳаракат қилинди. Умумий нусхаси 4-5 миллионга борарди. Лекин унинг тахминан 80-85 фоизи четга кетувчи рус тилидаги китоблар эди. Масалан, Сетон-Томпсон – уч юз минг, Коллинз – беш юз минг ва ҳ.к.з.

Ўзбек тилидаги шеърий китобча эса беш минг, насрий китоб ўн беш минг атрофида бўларди. Шунга ҳам шукр қилиб яшаётувдик, афсуски, энди бу ҳам йўқ. “Чўлпон” нашриётининг аҳволи – бор билан йўқнинг орасида.

Энди бу касалликни юзага келтирувчи сабаблар ҳақида: аввало болалар адабиёти ҳам бор билан йўқнинг орасида. Беш-ўн болалар шоири қалам тебратиб турибди. Насрий асар ёзаётганларнинг энг ёши Анвар Обиджон – 67 ёшдалар. Худойберди акага (Худойберди Тўхтабоев – муаллиф) раҳмат, ёзиб турибдилар. Ёш ижодкорлар орасида болаларга насрий асар ёзадиганлар йўқ даражада. Болалар адабиётини, китобхонлигини чирмаб ётган касалликдан даволамай туриб, юксак маънавият ҳақида гапириб бўлмайди.

Ҳозир нашриётлар совет даврида таржима қилинган жаҳон адабиёти намуналарини лотин ҳарфларида нашр этиб, болаларга тақдим этишяпти. Дейлик, Жюл Верн – беш минг нусхада! Беш-олти миллион болага беш минг нусхада китоб чиқарган нашриётга балли! Шу китобни бир йилда ҳам сотолмаётган китоб савдосига янада балли! Болалар китобхонлигига умуман эътибор бермайдиган маориф вазирлиги, коллеж, лицейларнинг мутасад-дилари ва шунга ўхшаш ташкилотларга ҳам балли-балли! Энг қизиғи, улар юксак минбарлардан туриб ёшлар тарбияси, маънавияти ҳақида оғиз кўпиртириб валдирашади.

Мен болалигимда Чипполино, Гулливерларни ўқиган эдим. Набираларим ҳам шундай. Яна неча авлод шундай бўлар экан? Мен жаҳон адабиётига қарши эмасман. Улар ҳам керак. Лекин ўзимизники-чи? Биз болаларни китоб ўқимай, компютер, телевизорга михланиб қолаётганини кўп гапиряпмиз. Тўғри, шундай касаллик ҳам бор. Лекин бола айтса-ки, “хўп, компютер ўйнамайман, телевизорга ҳам михланмайман, менга янги китоб беринг, ўқийман”. Хўш, бола шундай дейишга ҳақлими ва биз унга жавоб бера оламизми? Йўқ!

Китобхонлик борасида ота-оналарда ҳам айб бор. Оиладаги тарбияда китобхонлик деган тушунча йўқ. Чунки ота-оналарнинг 85-90 фоизи китоб ўқимайди.

Баъзилар “китоб қиммат” деган баҳонани қилишади. Мактаб ўқувчиларининг кўпида қўл телефони бор, китоб унчалик қиммат эмасдир? Кутубхоналарда текин китоблар ҳам бор-ку? Икки-уч қаватли ҳашаматли уйларда яшовчиларга ҳам тўрт-беш минг сўмлик китоб қимматлик қилармикин?

Баҳоналар… баҳоналар… Баҳона топишга устамиз. Энди мактаб, лицей, коллеж, институт, университет ўқитувчиларичи? Шуларнинг неча фоизи китобхон?

Ўзининг дарслигидан ташқари қўлига китоб ушламайдиган устозлар камми? Физика ўқитувчисини кечириш мумкиндир, лекин бадиий асар ўқимайдиган адабиёт ўқитувчисини, кутубхона мудири ёки ходимини, ҳатто китоб дўкони сотувчисини кечириш мумкинми?»

Истеъдодли адиб кўнгилларида бор ташвишни — кўпларни ўйлантираётган муаммоларни тўкиб солдилар. Бу сатрлардаги битта сўзни олиб ташлаш нари турсин, ҳатто ўзгартиришни ҳам ўйламадим.

«Кумуш жуда чиройли қиз эди» ё ҳафсаласизлик

Истеъдодли ўзбек адиби, шоир ва адабиётшунос Улуғбек Ҳамдам айтганидек «Ўзбек миллати — истеъдодли миллат. Шундай экан, у ҳеч қачон кунига ярайдиган истеъдодсиз қолмайди.»
Лекин ҳозирги 20-30 ёшли ижодкорлар орасида ўзбек адабиёти юкини бемалол кўтариб, узоқ-узоқларга олиб кетадиганлар бормикан?

Тоҳир Маликнинг бу саволга жавоби ҳам кенг ва асосли бўлганини айтмоқчиман.

«Афсус, мен бундайларни кўрмаяпман. Балки адашаётгандирман. Илоҳим, адашган бўлай, ёшлар орасида ўта қобилиятлилари бордир. Бугун бўлмаса, эртага майдонга чиқишини орзу қиламан.

Орзунинг амалга ошишига ишонаман, чунки, боболардан қолган бой мерос эгалари бугунми ё эртагами яна дунёни эгаллайди.

Лекин… айрим ёшларимизнинг асарларини ўқиб, ўйга толаман: янги услубларга интилиш яхши, лекин аввалгиларидан юз ўгириш яхши эмас. Бугунги ёшлар, билишимча, тўғридан тўғри компютерда ёзадилар. Қайта-қайта таҳрир қилиш деган одат йўққа ўхшайди.

Шунданмикин, асарларда қуруқлик сезилади. Тилда шира йўқ. Қодирий тили, Чўлпон тили деган тушунчалар ёшларимизга бегона. Агар бугунги ёш ижодкор “Ўткан кунлар”ни ёзса, Кумушни “жуда чиройли қиз эди”, дейиш билан чекланарди. Юзини ювиши, сувдаги фитна баёнига ҳафсала қилмас эди. “Кеча ва кундуз”ни ҳам оддийгина қилиб, “Яна баҳор келди”, деб қўя қоларди, қизларнинг майин қўлларида сиқилувчи ўсманинг баёнига тоқатлари етмасди.

Ким қаҳрамон: пахта экаётганларми ё пахта сотаётганларми?

Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин адабиётда замонавий қаҳрамонлар яратиш борасида бот-бот эслатилмоқда. Замонавий қаҳрамон ким бўлиши керак? Менинг навбатдаги бу саволимга кўпни кўрган адиб томонидан берилган жавобни ҳам тўлалигача келтирмоқчиман:

«Шу масалани илгари ҳам кўп гапиришарди. Дала лочинлари, завод шунқорларини ёзишга даъват этиларди. Хўп, бугуннинг қаҳрамонлари кимлар? Пахта экаётганларми ё пахта сотиб кучаяётганларми? Қай бирлари қаҳрамон? Албатта далада тер тўкиб, тупроқ ялаётган деҳқон қаҳрамон. Унинг қозонига гўшт тушяптими ё йўқми? Шуларни ёзса, чиқарадиган азамат борми?

Яна бир ҳақиқат борки, бугунги қаҳрамон бугун бадиий адабиётга кўчмайди. Бунинг учун вақт керак, бугун қаҳрамон деяётганимиз одам вақт синовидан ҳам ўтиши керак. Ўт-миш жамиятдаги аҳволимизни унутмайлик. Ўша замон қаҳрамонлари ҳақида ёзилган юз-лаб романлар қани? Яна бир томони: бугунги қаҳрамонларни саҳифаларга кўчирувчи публицистика жанрлари бор. Билишимча, расмий матбуот саҳифаларидаги мақолалар, очерклар шу вазифани бажариш билан банд.»

Қалбдаги кир сатрларга кўчади

Мен эса, адабий давраларда, ижодкорлар суҳбатларида, китобхонлар билан учрашув-ларда тез-тез янграётган бир саволни берар эканман, Тоҳир Малик фикри билан қизиқаман.

— Адабиётшунослар адабий маҳсулларга тўғри, атрофлича ва холис баҳо бера олишяптими? Ё «шеър, ҳикоя… ёзиш қўлидан келмаганидан сўнг танқидчига айланганлар» ҳали-гача борми?

— Танқидчига айланаётганлар борми-йўқми, билмайман. Лекин танқидчи йўқ, аввал ҳам бўлмаган. Бизда “мақтовчилар” бор эди. Ҳар бир гуруҳнинг ўз мақтовчиси бор эди. Мени кечиринг, ҳозирги аҳволдан яхши хабардор эмасман.

Тоҳир Малик инсон, айниқса ижодкор инсон учун ўта қимматли бўлган вақтнинг қадрига етадиган адиб сифатида танилган. Ўзбекистон Халқ ёзувчиси унвонига эга бўлган бу инсонни яхши билганлар у ҳеч қачон шон-шуҳрат кетидан қувмаган дейишади.

Ўрни келганда Тоҳир Маликнинг вақтида Машраб Бобоев (жойлари жаннатдан бўлсин) борасида айтган фикрини келтирайин:

«Самарқанд вилоятида бўлганимда Машраб Бобоев ижодига бағишланган тадбирлар ўтказиш таклифини айтганимда, «Унинг унвони бормиди?» деб сўрашди. Кишининг ғашини келтирадиган савол. Унвон ва нишон одамнинг тарихдаги ўрнини белгиламайди-ку? Лекин савол берилган, мен жавоб қайтаришим керак эди. Шунда мен дедимки: «Машраб Бобоевга унвоннинг энг зўри берилган, „Ўзбекистонда хизмат кўрсатган яхши одам“ деган унвон сизни қониқтирадими?»

Мен асосан истеъдодли адиб билан қурилган суҳбатларга асосланган мазкур мақолани ижодкорнинг яна бир фикри билан тугалламоқчиман:

« Ёзувчи то умрининг охиригача виждон ва қалб поклигини сақлаб қолишга эришиши шарт. Ижодкор умрининг охирида шайтон васвасасига учсада, иймони сустлашиб, қалби кирланиб қолган ҳолида тўрт қатор нарса ёзса, бари бир ўша кирлик шу сатрларга кўчади. Чиройли жумлалар билан ўқувчини алдаш мумкин эмас.»

BBC Uzbek изоҳи: Мақолани тайёрлашда манба сифатида Тоҳир Маликнинг интернет-сайтидан ҳам фойдаланилди.

Манбаъ: BBC Uzbek

(Tashriflar: umumiy 213, bugungi 1)

Izoh qoldiring