Emin Usmon. Tomir. Qissa

044    80-йилларда Тошкентдаги ёшлар нашриётида ишлаганимда таниқли ёзувчи Эмин Усмоннинг «Томир» қиссасига ҳам муҳаррир бўлганман. Эмин ака билан талашиб-тортишиб ишлаганимиз, асарни нашрга тайёрлаш жараёни ҳозиргидек эсимда. Қисса нашр этилгач, адабиёт оламида ўзтга лойиқ даражада эътироф этилгани ҳам ёдимда турибди.

Эмин УСМОН
ТОМИР
Қисса
001

022Таниқли ёзувчи Эмин Усмон (1945-2001) Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор ўлкасидаги Ғулжа шаҳрида дунёга келган. 1948 йили ота-онаси билан Ўзбекистонга кўчиб келишган. Эмин Усмон нашриётларда ишлаган, Тошкент шаҳридаги уйғур маданият маркази раҳбари бўлган.
Адибнинг «Меҳригиё» (роман, 1976), «Ниҳоллар» (қисса ва ҳикоялар, 1976), «Ёлқин» (қисса, 1979), «Тилла чаноқ» (қисса, 1980), «Кўнгил кўзи» (қисса, 1985), «Томир» (қисса, 1985) каби 20 дан ортиқ китоблари чоп этилган. Эмин Усмон таржимон сифатида ҳам жаҳон адабиётидан бирқанча асарларни ўзбек тилига таржима қилган.

001

– Элмурод… – дея зорланди Сожида келин, бироқ овози бўшашиб, ўксиб чиқди.

Бола қўрғошиндек оғир тортган қовоқларини зўр-базўр очиб, нурсиз кўзларини онасига тикди. Худди ҳаво етишмаётгандек қийналиб нафас оларкан, қони қочган юзи бужмайиб, устидаги чойшабни мажолсиз бармоқлари билан пайпаслади. Онасига умидвор тикилганча нимадир демоқчи бўлди. Бироқ, ақиқдек қип-қизариб кеттан лаблари пичирлади-ю, овози чиқмади. Кқзлари қисилиб, юзининг эти лип-лип учди. Бармоқлари чойшабни аёвсиз ғижимлади. Кўкси бир кўтарилиб тушди.
Сожида келин боласининг ҳар бир хатти-ҳаракатини хаёлан такрорлар эди: унинг ҳам лаблари пичирлар, димоғи ачишиб, томоғига ёнғоқдек бир нарса тиқилиб қолган, ёқасини юлқиб, дод деб юборгиси келарди. Миясида чарх ураётган биргина савол фикрларини алғов-далғов қилиб, баттар юрагини эзарди: «Нега келиб-келиб унинг боласи касал бўлади? Кўз тиккан биттагина ўғли бўлса…»

Бола иситманинг зўридан қовжираб, пўст ташлай бошлаган лабларини ялади; тилининг усти оқариб, карач бзлиб қолган эди. Сожида келин ўғлининг пешонасига аста қўлини қўйди-ю, шу заҳоти тортиб олди. Бола алангаи-оташ бўлиб ёнарди.
– Элмурод!.. – деди Сожида келин овози титраб. – Нима қилай, жон болам? Айта қол…

Бола унинг зорини эшитмасди. Вужуди иситмада қоврилиб, тобора ҳолсизланар, ичи ўпирилиб, танаси бўм-бўш бўлиб қолгандек туюлар, миясида худди игна санчилгандек оғриқ сезарди. Бу оғриқ бутун вужудига таралиб, ҳар бир ҳужайрасини карахт қилар, аммо у дардини айтолмас, қаери оғриётганини, умуман, нималар бўлаётганини аниқ-таниқ идрок этолмасди. Фақат кўзларини катта-катта очиб ён-верига қарагиси, бошига оқ рўмол танғиб ҳовлида ғимирлаб юрадиган бувисини кўргиси келарди. Боланинг наздида бувиси ўзи айтиб берадиган эртаклардаги вужудидан нур ёғилиб турадиган фаришталарга ўхшайди. Фақат қаноти йўқ. Нега йўқ бўларкан? Бор! қанотларини бир силкитса, осмонга учиб кетарди. У ерда бувисини ҳеч ким хафа қилмасди. қани энди, унинг ҳам қаноти бўлса…

* * *

Муаззам кампир туш кўрибди. Эмишки, раҳматли чол товуқхонага бораверишдаги Тилавой тепада қишлоққа орқа ўгириб ўтирганмиш. Кампири тепасига келса ҳам қайрилиб қарамасмиш. қўлидаги китобни тескари ушлаганча зўр бериб шеър ўқирмиш, ўз овозига ўзи маст бўлиб ҳўнг-ҳшнг йиғлармиш. Бироқ унинг нима деяётганини сира англаб бўлмасмиш. Муаззам кампир елкасига секингина туртган экан, ёнбошига гурс этиб йиқилибди-ю, боши узилиб тушибди…

Муаззам кампир чўчиб кўзини очди-ю, ўрнидан туриб кетди. Айвонга очиладиган деразадан салқин шабада уриб турар, шундоққина айвон пастидаги тол пояларидан ясалган сўрини бутунлай энлаган аймоқи узум худди кўланкага ўхшаб, қорайиб кўринарди. Ундан нарироқдаги тарвақайлаб ўсган ўрик эса осмоннинг тенг ярмини тўсиб турарди. Уй ичига шу қадар қуюқ зулмат чўккан эдики, кампир ҳатто ўз қўлларини ҳам илғай олмади. Қўлларини кўтариб, кўзига яқин келтиришга эса юраги дов бермади. қимир этса, қоронғи бўшлиқдан узилиб тушган бош думалаб чиқиб келадигандек туюларди. қимирламай деса, белига оғриқ кирди. Бел савил қаддини тутиб туришга ярамай қолган. То ўрнидан туриб, юриб кетгунча симиллаб оғрийди. Беш-олти қадам ташлаб олса, бас, кечгача бемалол ғимирлайверади. Аммо ўрнидан туриб олиши маҳол. Ётаверай деса, яна бўлмайди. Бир чимдимгина ухлайдими, йўқми, қоронғи бўшлиққа тикилиб ўтиравериб, торс ёрилгудек, бўлади; юраги сиқилиб, ўрнидан туриб кетади. Эски-тускиларини ямаб-ясқайди, токчадаги идиш-товоқларнинг чангини артади, кейин Тилаволди чолдан ёдгор бўлиб қолган Машрабнинг девонини ғижжалаб ўқийди. Бироқ, ҳозир…

Тавба, нега бундай туш кўрди экан-а? Чоли раҳматли нимадандир безовта, терс қараб ўтириши бежиз эмас. қариган чоғида пешонасида яна қандай кўргилиги бор экан? ўзи-ку дунёдан кўк каптардек ҳув-в деб ўтиб кетяпти. Худди туғмаган туби тош хотиндек ёлғиз. Ҳайҳотдек ҳовли нақ ютаман, дейди. Кундуз кунлари унча билинмайди: сигир-бузоққа қарайди, экин-тикин билан овунади. Ишқилиб, тирик жон ўзига бир эрмак топар экан. Аммо кечалари шифтга тикилиб ётавериб кўзлари толади: қани уйқу кела қолса. Тўрт девор тўрт чеккадан қисиб келаверади. Дод деса, ноласини эшитадиган бирон кимса йўқ. Туриб кетай деса, ёлғиз кампирнинг ярим кечалаб қиладиган қандай юмуши бўлсин. Эрмаги Тилаволди чолдан ёдгор бўлиб қолган эски китоб. Пинҳон бир фарёдга тўла ғазалларни пичирлаб ўқиркан, Машрабнинг ақл бовар қилмас ғаройиб инсон бўлганидан ёқа ушлайди.

Эмишки, Машрабга гумонаси бўлган она бозордан ўтиб кетаётган экан. Баққолнинг бир шингил узуми ерга тушиб, тупроққа қоришиб ётганига кўзи тушиб, унга кўнгли суст кетибди. Узумнинг бир донасини олибди-да, нарироқ боргач, чайиб ебди. Шу пайт қориндаги гумонаси тилга кириб: «Э, она, сен эгасининг розилигисиз бировнинг ҳақини единг. Агар ҳозироқ бориб, баққолга узумнинг ҳақини тўламасанг, мен ҳақсизлик ҳукмрон бўлган бу оламга келмайман», дебди. Ногаҳоний бу нидодан аёлнинг эсхонаси чиқиб, беҳуш йиқилибди. Ўзига келгач, баққолнинг олдига бориб, бир дона узумнинг ҳақини олишни илтимос қилибди. Баққол бу не ажаб харидор экан, деб ҳайрон бўлармиш, бироқ аёл ўз гапида устивор эмиш. Баққол ночор унинг қўлидаги чақалардан бирини олишга мажбур бўлибди.

«Ё, тавба! – деб ўйлайди. Муаззам кампир ҳар гал бу воқеа ёдига тушганда. – Дунёда бировнинг ҳақидан шунчалик қўрққан одам бўлганига ишонгиси келмайди кишининг. Лекин бўлган! Ҳозир ҳам йўқ эмас.Ҳарқалай, дунёда ҳақсизлик, дилозорликдан кўра яхшилик кўпроқ. Бўлмаса, ёлғиз кампирни одамлар аллақачон оёқости қилиб ташламасмиди».

Аслида-ку, у ёлғизман, деб нолимаслиги керак. Икки қизи бола-чақали бўлиб, ўзидан тиниб кетган. Каттасидан ҳатто невара куёв ҳам кўрди. Улардан асло нолимайди. Қиз бола хўжали қул, борган жойининг жирини жирлаб, қум-тошдек сингиб кетгани маъқул. Тез-тез келиб, ҳолимдан хабардор бўлиб тур, дейиш тўғри эмас. Муаззам кампирнинг армони бошқа – ёлғиз ўғли бағрига сиғмади. Ҳарбий хизматдан келди-ю, шаҳарда ишлайман, деб туриб олди. Онаизор унинг истагига монеълик қилолмади. Баъзи хотинларга ўхшаб йиғлаб-сиқтамади, бу катта қўрўонда сенсиз ҳолим нима кечади, деб шиква-шикоят қилмади. Фақат дарди-дунёси қоронғи бўлиб юраги увишди. Кўзининг оқу қораси – шу ёлғиз ўғлига боғлиқ қанча орзулари бор эди. Ўғли шаҳарга бош олиб кетса, шу орзулари ушалмай, армонга айланажагини онанинг кўнгли сезди. Отаси кўрмаган яхши кунларни мен кўрарман, келин тушириб, бағрим бутун бўлиб ўтирарман, деб ўйлаган эди. Бундай шодумон кунларга етиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди, шекилли, деб тақдирга тан берди. У ҳеч қачон туриш-турмушидан, ёлғизлигидан нолиган эмас. Муаззам кампир нечоғли дардини ичига ютиб, сабр-қаноатли бўлгани сайин, ўғли шунчалик бемеҳр бўлиб ўсди. Аслида, азалдан онаси билан ортиқча иши йўқ эди. Мактабга бориб келгач, наридан-бери мол-ҳолга қарар, сўнг индамай чиқиб кетганча қош қорайганда, баъзан ярим кечада келар эди. Қаерларда тентираб юрганини онасидан сир тутар, унинг саволларига унча хушламай, ҳатто ижирғаниб жавоб қайтарарди. Муаззам кампир бу бегоналик қачон, қай тарз пайдо бўлганини тушуниб етолмай эзилар, аммо ўғлига ортиқча таъна-маломат қилолмасди. Отасиз ўсган боласини койийвериб, ўзидан бездириб қўйишдан қўрқарди. Катта бўлиб эси кирса, инсофга келиб қолар, дея ўзини овутарди…

Очиқ деразадан ёпирилиб кирган шабада тўр пардани кўпчитиб ўйнади. Хонанинг диққинафас ҳавоси янгиланиб, бирдан ёришиб кетгандек туюлди. Муаззам кампирнинг эти жунжикиб, кўрпани иягигача тортди.

Қадалиб ўтираверганидан белида пайдо бўлган оғриқ зўрайиб, аста юқорироққа ўрлай бошлади. Курагининг остлари, елкалари худди увишгандек жимирлар эди. Ҳадемай бу жимирлаш худди чўғ босилгандек куйдурувчи оғриққа айланади. Бундай пайтда шартта ўрнидан туриб кетмаса, оғриққа чидаб бўлмай қолади. Ишқилиб, қариликнинг ситамлари кўп экан. Аввало, бола-чақангдан узоқлашиб, ёлғизлик дардига мубтало бўлар экансан; қизинг қирга, ўғлинг ўрга чиқиб кетар экан. Сен армонга айланган орзуларинг билан шўппайиб қолаверар экансан. Шоҳ Машраб айтмоқчи: «Кўнгилда ғусса кўп, ҳамдард киши бирла ҳамдам йўқ». Во дариғ!.. Дунёнинг ишлари нега ҳамиша бири кам? Инсон қадди ҳеч қачон шодликдан эмас, ғам-ғуссадан дол бўлади. Муаззам кампир шу ёшга кириб, армоним йўқ, деган кимсани учратмади. Нега шундай? Нега инсон ҳамиша нимагадир муҳтож, ниманингдир орзусида ҳасрат кечади? Одамнинг ҳаёти ҳар жиҳатдан тєкис бўла қолса, нима қиларди?

Бу хил ўйларга берилиш ношукурликка ўхшаб кетади. Инсофан айтганда Муаззам кампир нимадан камлик кўрди? Чоли Тўхтамурод юмшоқ табиат, меҳнаткаш одам эди. Ёмон яшашмади. Бировдан олдин, бировдан кейин дегандек… Фақат уруш йиллари ёш болалар билан қолиб анча азоб чекди. Лекин кўпга келган тўй экан, деб бу оғирчиликларга ҳам бардош берди. (Тўй бўлмай қуриб кетсин, не-не йигитлар қирчиллама ёшида қирчинидан қийилди. Қанча одамнинг умри бевақт хазон бўлди.) Чоли урушнинг иккинчи йили ранги-қути ўчган бир ҳолатда қайтиб келди. Юрагининг тагида ўқ парчаси қолган экан, икки ой госпиталда ётибди ҳам. Уйдагилар ташвишланмасин, деб бу гапларни хатга солмаган экан. У анчагача ишга ярамай, қунишганча соядек уйга кириб, чиқиб юрди. Урушнинг таъсирими ё касаллик асоратими, ишқилиб, биров билан ортиқча гаплашмас, бир нуқтага тикилганча узоқ жим қоларди. Муаззам кампир унинг пахталикка ўралганча мусофирларга ўхшаб юрганини кўриб ич-ичидан эзиларди. «Сенга қийин бўлади, – дерди у баъзан худди ўзи билан ўзи гаплашгандек. – Болалар ҳали ёш, улар катта бўлиб, қўлингдан ишингни олишгунча… эҳ-ҳе… Замоннинг зайли шу бўлса, одамларнинг дилидан имон кўтарилиб, бир-бирининг хунуни ейди». «Кўйинг, ундай деманг, яхши ният қилайлик, – дерди Муаззам. – Сиз ёнимда бўлсангиз бўлгани… Бу кунлар ҳам ўтиб кетар. Урушнинг ҳам чеки бордир». Тўхтамурод афсус билан бош тебратганча оғир хўрсинарди. Сўнг пахталигига ўралганча Тилаволди чолнинг олдига йўл оларди. У киши ғаройиб табиатли одам эди.

ТИЛАВОЛДИ ЧОЛ

045Тилаволди чол уруш бошланган йилнинг эрта баҳорида қишлоққа кириб келди. қамоқда ўтган ўн йил уни абгор қилган: қадди букилиб, соч-соқолининг деярли қораси қолмаган, сўник кўзлари ҳар бир одамга хавотир, шубҳа билан синчков боқарди. Унинг тўсатдан қишлоқда пайдо бўлиши одамларни ҳушёр торттирди. Ахир, уни ёт унсур, деб айюҳаннос солганлар, қамалсин, қишлоқдан бадарға қилинсин, деб томоғини йиртганлар ҳали ўлгани йўқ. Энди яна кўз-кўзга тушади. Қандай даҳшат!

Тилаволди чолнинг кимлигини ҳамма биларди, лекин тергов пайтида ҳеч ким ёнини олмади. Ўзи ҳам бегуноҳлигини тузукроқ тушунтирмади, ганггиб қолди. Тўппонча таққан одамларни кўрса, тамом, қўрққанидан каловлайверди. Ҳеч бўлмаса, Шўро ҳукуматига хайрихоҳлигини айта билмади. Бор-йўқ гуноҳи – бисотида ўнта қўйи бор эди. Бир куни қишлоқда қизил аскарлар қўнганда уларни роса бир ҳафта сийлаган; бешта қўйини сўйиб едирган. Улар ҳали қишлоқдан чиқиб улгурмай кўк туғ кўтарганлар кириб келишган, ўчакишгандек улар ҳам Тилаволди чолникига тушишган: дарё яқин, баҳаво, қизиллар келиб қолгудек бўлса жуфтакни ростлаш ҳам осон, дарёнинг у томони қир-адир… Тилаволди чол уларни ҳам қўй сўйиб кутган. Душманлигидан қўрқиб эмас, уйига келган меҳмон бўлгани учун бир ҳафта едириб-ичирган. (Агар ўз майлича шундай қилмаса, барибир, тортиб олишарди.) Лекин ҳамма ҳам унга ўхшаган одамгарчилик қули эмас. Замона зайли билан одамлар ҳам ўзгарган: энди кишилар дўст-душманга ажратиладиган бўлган. Бироқ… Тилаволди чолнинг соддалиги, ҳаммани бирдек кўргани ўзи учун гумроҳлик бўлди. Уйида босмачини қўндиргани учун ёт унсур сифатида қамоққа олинди. Бола-чақаси сургун қилиниб, уй-жой Жамоа ихтиёрига ўтказилди. Мана энди…

Тилаволди чол елкасига кичкинагина тўрва осганча қишлоққа кириб келди-ю, идора олдида узоқ турди. Ўн йил ичида содир бўлган ўзгаришларни бир нигоҳ билан илғаб олмоқчидек чор-атрофга синчков кўз югуртирди: катта ариғ устидаги чорпоя ўша-ўша жойида турибди. Пастқам, идора биноси лойсувоқ қилинганча қолиб кетган, чойхона бир томонга оғиб турганга ўхшаб кўринади, афтидан, орқа девори тоб ташлаган. Ахир, шундоққина қуруқ ерга пахса уриб, тикланган бино. Янгиобод маҳалласига элтувчи йўл бояги-бояги, тупроғи ўйнаб ётибди. Фақат кўча бошланишига ер бағирлаб турган уч-тўрт пастак уй тушибди; деразалари кичкинагина, худди қамоқхонанинг дарчасига ўхшайди.

Чойхонага кириб, чиқиб турган одамлар аввалига унга эътибор беришмади, кейин қизиқсиниб қарай бошлашди: эски пахталик кийган, қоқчакак бу одамни кўпчилик танимади. Тилаволди чолнинг кўксини тўлдирган мошкичири соқоли, оқара бошлаган қошлари, айниқса, умидсиз боқувчи сўник кўзлари уни бутунлай ўзгартириб юборган эди. қишлоқда кексаларнинг пахталик кийиши расм бўлмагани учун ҳам уни бирор олис юртдан келган мусофир фаҳмлаб, ортиқча қизиқсинишмади. Аммо ариқдан сув олгани чиққан Қурбон самоварчи уни дарров таниди. Қўлидаги челакларни ташлаганча семиз жуссасига ярашмаган илдамлик билан лапанглаб юриб келди-да, Тилавлоди чолнинг қоқсуяк бармоқларини биққи кафтига олиб кєришди: «Яхши келдингизми?» Тилаволди чол маъюс кулимсиради. «Қани, ичкарига кирайлик, – деди самоварчи илтифот кўрсатиб. – Чой қилиб берай». Тилаволди чол итоаткорона бош ирғади, қўлини аста бўшатиб оларкан, паст овозда ўтинди: «Мулла Қурбон, иложи бўлса, мени биров танимай қўя қолсин». Қурбон самоварчи аввал даҳанини, сўнг лабининг икки четига тушиб турган сарғиш мўйловини силаркан: «Барибир танишади-ку», деди соддадиллик билан. Тилаволди чолнинг ҳорғин боққан кўзларида аламнок бир ифода пайдо бўлди: «Мени танишганидан нима фойда?» Қурбон самоварчи ҳайратдан ёқа ушлади: «Бу нима деганингиз, ахир…» Тидаволди чол соқолини тутамлаганча бош тебратди: «Мени айтди, дейсиз, мулла Қурбон, ҳеч ким танимайди. Танимасликка уринишади. Сиз ҳам… илтимос, танимаганга олинг. Сизга ҳам, менга ҳам яхши». Қурбон самоварчи уни энди одамлар ўзгариб, бошқача бўлиб кетганига ишонтиришга беҳуда уринди. Тилаволди чол истеҳзоли кулимсираганча маъноли бош ирғаб, унинг гапларига дудмал муносабат билдирди. Самоварчи ўн йил ичида бутунлай ўзгариб кетган мўйсафидвинг дилида не сир-асрори борлигини билолмади.

Ўн йил бир одамнинг ҳаёти ағдар-тўнтар бўлиб кетиши учун бемалол етиб ортадиган муддат. Ҳозир-ку, замон осойишта, одамлар ўз тирикчилиги билан машғул. Лекин у пайтларда, Тилаволди чол қамоққа олинган пайтларда замон алғов-далғов эди. Биров єртага чиқиб бир гап айтса, тамом, ҳамма унга тақлидан томоғини йиртаверарди. Албатта, яхши, фойдали гап айтувчилар ҳам бўлган, бироқ… Тилаволди чол ўзини бегуноҳ санамайди. Лекин у ҳеч қачон Шўро ҳукуматига қарши бир оғиз ҳам гап айтмаган. Шўро колхоз бўлиш керак, деди, бўлди. Шўро бойларни синф сифатида йўқотиш керак, деди. Йўқолсин, деди. Ўртаҳол деҳқонга тегилмасин, деди. Афсуски, унга тегишди! У ўзини Шўронинг хизматидан четга олгани йўқ эди. Элнинг подасини боқди. Баҳорда кўп қатори далага чиқиб қўш ҳайдади, экин экди, кўпроқ колхознинг мол-ҳолига қаради. Бола-чақаси ҳам бир четда қараб тургани йўқ, қаватига кириб, баҳоли қудрат пешона тери тўкди. Умр бўйи орттирган бойлиги – ўнта қўйни эса аввал қизил аскарларга, қолганини уларнинг ғанимларига едириб тугатди. Ёлгиз ўзи егани йўқ; одамларга улашди. Кейин яна бояги-бояги, бойхўжанинг таёғи, мирқуруқ бўлиб қолаверди. Аммо устидан ҳукм ўқилаётганда на қизил аскарлар жонига аро кирди, на босмачи. Ҳатто ўша пайтда елиб-югуриб хизмат қилган, қизил аскарларнинг ҳам, босмачиларнинг ҳам қўлига сув қуйиб, сочиқ тутган қўни-қўшнилари ҳам бир оғиз рост гапни айтиб, орага тушгани йўқ. Тилаволди чол беҳуда ўтган ўн йил умрига ачинмайди, фақат тариқдай тирқираб, ном-нишонсиз йўқолиб кетган оиласини ўйлаганда юрак-бағри эзилади. У қисматга ишонадиган соддадил одам, асли шундай бўлиш пешонада бор экан, деб аллақачон тақдирга тан берган. Бироқ, у бир нарсага – одамларнинг бефарқлигига, имонсизлигига сира кўниколмайди. Унинг бегуноҳлигини, Шўро ҳукуматига тариқча хусумати йўқлигини ҳеч ким билмаса-да, қўни-қўшнилари яхши билишарди. Уни суд қилиб, устидан ҳукм ўқишаётганда бир оғиз холис гап айтишса бўларди. Афсуски… Тилаволди чолни синфий душман; ёт унсур деган ҳукмга ҳамма – у билан бир маҳаллада катта бўлганлар ҳам, ўша, қизил аскарларнинг ҳам, босмачиларнинг ҳам қўлига сув қуйиб, сочиқ тутган қўшнилари ҳам бирдек қўшилишди. Негадир ҳеч кимнинг кўнглида заррача шубҳа, норозилик туғилмади. Нега шундай бўлганига Тилаволди чолнинг ҳанузгача ақли бовар қилмайди.

Ажаб, одамнинг қадри шунчалик арзон бўлса? Умр бўйи элнинг хизматини қилиб, подачилик орқасидан орттирган дунёсини, дўст-душманлигидан қатъи назар, кўпчилик билан баҳам кўрган, Ҳотам Тойидек саховатли бир одамнинг тақдирига шунчалар бефарқлик билан қарашса? Ахир, бу қайтар дунёда, экканингни ўрасан, деган нақл бор-ку. Наҳотки, бу одамларни ҳеч нарса чўчитмаса? Бор-йўқ гуноҳи меҳмондєстлик бўлган Тилаволди чолнинг устидан ҳукм ўқилаётганда бефарқ ўтирганларнинг ҳам бошига бирон мушкул тушмасмикин? Улар ўз қилмишларига яраша жазо тортмасмикинлар? Йўқ, Тилаволди чол уларга асло ёмонлик соўинмайди. Бироқ бу дунёда ҳар қандай мунофиқлик ва ёмонлик жазосиз қолмаслигига қаттиқ ишонади. Шунинг учун ҳам оқибатсиз қўшниларини, бошида қамчи ўйнатиб уни ёт унсур атаган Меҳром раисни ўйлаб афсусланади. Улар била туриб бегуноҳ бир одамни жувонмарг қилгани учун қаҳри қотилга гирифтор бўлиши муқаррар. Тағин ким билсин… Балки, бу одамларга аллақачон ҳеч нарса кор қилмай қўйгандир.

Тилаволди чол чойхонадан чиқиб, эски маҳалласига борди. Дўконга айлантирилган уйини ҳам ачиниш, ҳам қизиқиш билан обдон томоша қилди. Уй атрофи тахталардан ғов қилинибди, илгари очиқ-сочиқ ётарди. Эшик олдига курси қўйиб ўтирган малла соч йигитни ҳарчанд тикилмасин, барибир, таниёлмади. Кўзи қаттиққина бола экан, без бўлиб ўтираверди; на салом берди, на ўрнидан туриб ўтиришга жой кўрсатди. Мўйсафид юрагида тушуниксиз бир дард билан нари кетди. Тупроғи кўпчиб ётган йўлнинг ўнг томонидаги ерларга жўхори экилибди. Келес дарёсига яқин жойда эса Зариф оқсоқолнинг тунука томли маҳобатли қўрғони савлат тўкиб турибди. Йўлнинг чап томони – янтоқ, ковул босган тепалик. Тилаволди чол эсини таниганидан буён бу ерларда мол боқилади. Аммо намозшомдан кейин бу тепаликка яқин келишга ҳеч кимнинг юраги бетламас, Зариф оқсоқолнинг қўрғонига борувчилар ҳам, Қозоғистон томонга ўтувчилар ҳам бу ерларни четлаб, йўли олисроқ бўлса-да, Янгиобод қишлоўини оралаб, Қирариқнинг йўлига чиқиб олишарди. Одамлар оғзида юрган инс-жинслар ҳақидали ҳар хил гаплар ҳам шу тепаликка боғлиқ эди.

Эмишки, фалончи Келес дарёсининг ғўлалари чирий бошлаган кўпригидан ўтиб, эндигина тепаликка етиб келганида олдидан оқ эчки чиқибди-да, одамнинг раҳмини келтирадиган ёлборувчи овозда маърабди. Фалончи, бировнинг эчкиси адашиб қолибди, уйга олиб кетай, эртага эгаси дараклаб келса, бериб юборарман, деб бўйнидаги арқонидан ушлаб олибди. Эчкини етаклаб кетаётганмишу худди устига тўлатиб тош ортилган аравани судраётгандек қора терга ботармиш, борган сари юки оғирлашиб, орқага тортармиш. Бир маҳал ўгирилиб қараса, орқасидан эчки деса эчкига, эшак деса эшакка ўхшамайдиган бир гала махлуқ эргашиб келаётганмиш. Фалончи дод деб беҳуш йиқилибди. Шу заҳоти оғзи қийшайиб, бир қўли билан бир оёғи шол бўлиб қолибди.

Эл оғзида бу хил миш-мишлар кўп юрарди. Шу боис Зариф оқсоқолнинг қўрғонидан қишлоқ томонга қараб иморат тушадиган бўлганда одамлар бу ерларга яқин йўлашмади, тўғри дарё бўйига олиб чиқадиган сойликни афзал кўришди. Бир қисм одам Шўрариқнинг бериги бетидан бошпана қуришди. Тепалик бояги-бояги ғарибгина мунғайганча янтоқ, ковул босиб қолаверди.
Тилаволди чол мана шу тепалик этагидан оқиб ўтадиган ариқ бўйига келди-да, пахталигини тўшаб ўтирди. Бошидаги уринганроқ телпагини олди, унга қўшилиб чиққан дўпписини қайта кийди. Ёнбошидаги тўрвасидан бир бурда қотган нон олиб, сувга ботирди. Баҳор ёмғирларидан бўтана бўлиб улгурган сув қўлни кесадиган даражада совуқ эди. У ивиган нонни иштаҳа билан еди, сўнг ҳовучини тўлдириб сув ичди. Нам бармоқлари билан узун соқолини қайта-қайта силади. Ўрнидан туриб, тепаликнинг у ёғига ўтиб қаради, бу ёғига ўтиб қаради, ниҳоят кунгай томонни нимагадир мўлжаллаб, кирза этигининг учи билан белги қўйди. Халтасидан янги кетмон олди-да, қўлтиғига қисганча Зариф оқсоқолнинг қўрғони томон юрди.

Бир кун олдин сепалаб ўтган ёмғир тупроқ бетини чакичлаб, қатирмоч қилиб қўйган, мўйсафиднинг оёғи остида ожизгина овоз чиқариб синар, унинг остидаги нам тегмаган упадек майин, сарғимтир тупроқ очилиб қоларди. Тепалик ёнбағрини қоплаган ям-яшил майса, тўп-тўп бўлиб ўсган лолақизгалдоқлар кўзни їувнатарди. Йєлнинг єнг томонига сепилган жєхорилар ҳам бир қарич бўлиб, шамолда селкиллаб турарди. Бир пайтлари бу жойлар ҳам паст-баланд, ташландиқ ерлар эди. Тилаволди чол қамалишидан икки йилча олдин ҳашар қилиб, текисланган, ўша йили арпа сепишган эди. Олисдаги – Келес дарёсининг нарёғидаги қирлар ҳам турфа рангларга бурканган. Бу ранглар кєнгилларда ширин бир орзиқиш, ғалати бир безовталик уйғотади, кишининг їєшиї айтгиси, хандон отиб кулгиси келади. Бироқ бу туйғулар биргина Тилаволди чолга дахлдор эмас. У ҳорғин боққан кўзларини ёмғир чакичлаб кетган йўлдан узмай оҳиста одимлаганча зилдай оғир ўйларга ғарқ бўлади. У ўн йилдан бери фақат бир саволга – одамларнинг яхши кунида ҳамсуҳбати бўлиб, ёмон кунида нега ундан юз ўгириб кетишганига жавоб тополмайди. Нега ёр-биродарлари унга нисбатан оқибатсизлик қилишди? Нега рост гапни айтиб, ёнини олишмади? Уларнинг аралашуви ҳеч нарсани ўзгартирмаса-да, барибир, ўз фикрини айтишлари мумкин эди-ку. Нега шундай қилишмади? Нега умр бўйи элнинг хизматини қилган жафокаш одамга бир оғиз рост гапни раво кўришмади? Нега?!..

Тилаволди чол ададсиз ғуссаларига фақатгина шоҳ Машрабнинг ғазалларидан таскин-тасалли топарди. Олисдаги совуқ ўлкаларда кечган мусофирлик йилларида Машрабнинг девонини қўлидан қўймади; бировдан бекитиқча, бировга кўрсатиб ўқиб юрди. Бу ғазалларни ўқиб, инсоний ситамлар янгилик эмаслигини, одамлар бир-бирларига жабру жафо қилишлари ҳам, оқибатсизлик ҳам бу қадим дунёнинг кўҳна мероси эканини англаб етди.

Бир киши єз жамоасига қайнатса ҳам қони қўшилмайдиган бегона бўлиши мумкин. Лекин бунинг учун у кишини айблаш адолатдан эмас. Бундай одам худди Машрабдек ўз замонасидан бир қадам илгарилаб кетган, ҳур фикрли бўлиши ҳам эҳтимол. Ёки аксинча, бир ноқобил кимса эл-юртига иснод келтириши ҳам мумкин!
Бу нарсаларни англаб етгани сайин худди Машрабдек фарёд ургиси келаверди.

Дардим єтига ёру биродар чидаёлмас,
Дард аҳли ночор, ҳазрати Довар чидаёлмас.
Дардимдан агар зарра асар қилса фалакка,
Ўтлар чақилур, чархи мудаввар чидаёлмас.

Тилаволди чол кўнгил қатидаги ўтли ҳасратларини бирон марта тилига чиқармади, бировларга ёлбориб, шиква-шикоят қилмади. Йўқ, у ҳасрат ўтидин оламга ўт кетишидан чўчимади, аксинча, ҳар неки кўргиликни қисматдан деб билди.

Унинг бардоши кулфатидан улканроқ эди.

Зариф оқсоқолнинг қўрғонига катта, қизил дарвозадан кириларди. Дарвозанинг икки томонида бири катта, иккинчиси чоғроқ супа. Чап томондаги кичик супага пўстак ташлаб қўйилган. Дарвоза ёнбошидаги нақшинкор эшик ланг очиқ. Ичкаридан бир меъёрда такрорланувчи «тўқ, тўқ» этган овоз эшитилади. Тилаволди чол эшикдан бош суқиб, секин ҳовлига мўралади. Икки норғул йигит тол поясини кучаниб эгаяпти. Узун тўн кийиб, белини чилвир билан боғлаган, сурп рўмолини дўпписи аралаш худди салладек ўраган Зариф оқсоқол дарвозага орқа ўгирганча уларга йўл-йўриқ кўрсатарди. «Қадди-басти ўша-ўша, худди кураш тушадиган полвонлардек, – дея хаёлидан кечирди Тилаволди чол. – Оқсоқол дунёга келиб, хор-зорлик кўргани йўқ. Ҳамиша ошиғи олчи, ҳамиша ишбоши бўлди. Одамларни оғзига қаратиб яшади. Ўғиллари ҳам азамат бєлиб кетишибди. Шу одамнинг іам дилини єртовчи армони бормикин? Бордир… Ҳар бир одамнинг ҳаётида ҳам кемтик, нотугаллик бўлади-ку. Оқсоқолнинг ҳам шунақа… бировга айтмаса бўлмайдиган, тунлари уйқусини қочириб, юрагини қиймалайдиган армони бормикин? Бўлмасин-э! Лоақал шу киши беармон бўла қолсин!»

Тилаволди чол беозор томоқ қирди. Дарвоза рўпарасидаги ток занги орасида ётган баҳайбат қора ит сакраб ўрнидан турди-да, бўйнидаги оғир занжирни узиб юборгудек шаҳд билан даф қилди.
– Тўрткўз, ёт! – деди Зариф оқсоқол бир оз бўғиқ, аммо шиддатли овозда. Сўнг дарвоза томонга ўгирилди. Офтобда қорайган юзида, қийиқ кўзларида ҳайратгами, қизиқишгами ўхшаш бир ифода пайдо бўлди. Қўлидаги токқайчини белига қистирди. Дағал кафтларини бир-бирига уриб қоқаркан, салмоқли қадам ташлаб кела бошлади. – Тилаволдимисиз? – деди кўзларига ишонқирамай. – Оббо сиз-ей!.. Оббо биродар-эй!.. Кираверинг, нима қилиб турибсиз эшик тагида? Қўрқманг, ит бойлоқ.

Зариф оқсоқол қучоғини очганча алпанг-талпанг юриб келар, қорамағиз юзида, кўзларада беғараз, самимий бир їувонч зуіур этарди. Унинг іолати Тилаволди чолга ҳам ўтди. Қўлтиғидаги кетмонни дарвоза тагига ташлаб, мезбоннинг истиқболига юрганини ўзи ҳам сезмай қолди.

– Қани, қани, бир кўришайлик, – Зариф оқсоқол бўйи ҳам соқолиҳіам узун, озғинлигидан энгил-боши ҳам унча ярашмай шўлтиллаб турган чолни бағрига босди. Дағал бармоқлари билан пахталик устидан ҳам туртиб чиққан суякларини санаётгандек пайпаслади. – Яхши келдингизми, биродар? Тани-жонингиз… Шукр, – Тилаволди чол оқсоқолнинг кенг елкаларига юзини босганча бир зум эриб кетди. Шу топда қорувли бу одамнинг бағрига сингиб кетгиси, унинг паноҳида ором олгиси келди. Зариф оқсоқол истаса бировга қалқон бўлгудек одам эди. Агар истаса…

– Оббо сиз-ей… оббо сиз-эй… – дея такрорларди Зариф оқсоқол қучоғидаги қоқсуяк чолнинг кифтларини силаркан. – Умрнинг ўтишини қаранг… – у бош чайқаб танглайини такиллатди.
– Тақдирни билиб бўлмас экан…
– Майли, бу кунлар ҳам унут бўлиб кетар… – Зариф оқсоқол меҳмонни айвонга бошлади. – Расулбой, Раҳмонбой, амакинглар билак кўришмайсизларми? Жаҳонгашта одам. Кўп юртларни кўриб келган. Дунё кўрган одамни зиёрат қилиш савоб.

Оқсоқол ўғиллари келиб меҳмон билан кўришиб бўлгунча кутиб турди. Сўнг худди ўзи сингари сурп қийиқ билан пешонасини танғиб олган тўнғичига юзланди.
– Расулбой, келинга айтинг, ўғлим, самоварга қарасин. Биз айвонда ўтира қоламиз. Баҳавороқ.

Тилаволди чол бу хонадондаги тартиб-қоидаларни яхши билади. Зариф оқсоқолнинг биргина ишораси, томоқ қириб қўйиши, чала айтилгаи гапи кифоя – ҳамма билиб ишини қилади.

Зум ўтмай уйдан кенг кўйлак кийган кўҳлмккина жувон шошиб чиқди. Худди шундай шошқалоқлик билан оёғига калишини илгач, бўлиқ жуссасини селкиллатганча ишком тагида турган самовар томон юрди. Жадал ҳаракат қилганидан сийнабандсиз кўкраклари титраб кетди. Расулбой хотинининг юракни орзиқтирувчи бу ҳолатини қизғангандек айвонга қараб қўйди: чоллар ўзлари билан овора эди. Зариф оқсоқол дастурхон четларини тортиб текисларкан, нималарнидир сўзлар, тиззалаб ўтирган Тилаволди чол эса кўзларини қисганча ҳовли рўясига разм соларди. Айвоннинг нариги четидаги икки туп олма ҳосилининг кўплигидан керилиб, худди соябонга ўхшаб қолган. Ҳовлига кираверишда – ўнг томонда ошхона, ундан нарида катта, кичик бостирмалар, энг охирида олдига симтєр тутилган товуқ катак. Ҳовлининг қолган қисми ишком, куртаклари бўрта бошлаган ток навдалари ҳафсала билан тараб қўйилган. Фақат дарвоза рєпарасидаги ишкомнинг поялари янгиланган, дастлабки икки поя эгилиб, бир-бирига боғланган, қолганлари худди қаддига мағрур бўлгандек кўкка интилиб турибди. Ҳовлининг чап биқинидан каттагина ариқ оқиб ўтади. Ариқнинг нарёғидаги то Келес дарёсигача чўзилган қияликни чим, какра, шўра босган. Келес дарёси ҳушига келган жойдан буралиб, иланг-биланг из қолдириб оқади. Суви Сарғимтир, оч жигарранг тусли; ҳозир тоғларнинг тоши кўчиб, ернинг юзи ювилиб, роса кучга тўлган пайти. Сал заҳри кесилгач, унинг бўтана сувида чўмилган одам ҳар қандай дарддан фориғ бўлади.

– Шундай қилиб, ўн йил ҳам ўтиб кетдими, а? – Зариф оқсоқолнинг гапириш оҳангида, хатти-ҳаракатида безовталик бор эди. Тилаволди чолдан чўчинқираб муомала қилаётгани шундоққина билиниб турарди. Унинг меҳмон кириб келган пайтдаги беғараз шодлиги тушуниб бўлмас жонсараклик билан алмашган эди. – Муни қаранг-а…
– Ўлмаган қул бир кунини кўриб кетаверар экан, оқсоқол, – деди Тилаволди чол дарёдан кўз узмай.
– Шундай биродар, шундай… – шоша-пиша унинг фикрини тасдиқлади Зариф оқсоқол.

– Дарё ўша-ўша… дунёнинг ишларига пинак бузмай оқиб ётибди.
– Ўзи кичкина бўлсаям бу йил анча-мунча ғалва қилди, икки марта тошди. Сув ҳов анови жийдагача кўтарилди, – оқсоқол чангалзор бошланишидаги ёнбошлаб ўсган жийдага ишора қилди. – Кўприкни оқизиб кетиб, қатнов тўхтаб қолди. Қозоғистонликлар бу ёққа ўтишолмайди, биз у ёққа.
– Кўприк бўлиши керак, – деди Тилаволди чол ҳамон дарёдан кўз узмай. Унинг хаёли қочган, ёноқ суяклари туртиб чиққан чўзиқ юзида, ботиқ кўзларида юракка қўрқув соладиган телбанамо бир ифода бор эди. – Қирғоқлар ўртасида ҳам, одамлар ўртасида ҳам… Нима дедингиз, оқсоқол? Ҳар бир оиланинг, ҳар бир маҳалланинг беминнат кўприги бўлиши керак. Лекин, мен энди кимга кўприк бўламан, оқсоқол?

Зариф оқсоқол афтидан шундай савол берилишини кутган шекилли, дарров кўзларини олиб қочди. Келини келтириб қўйган чойнакни олдига суриб, чойни эринмай уч қайта қайтарди. Нон ушатиб, қанг-қурс тўла патнисни меҳмонга яқинроқ сурди.
– Қани, чойга қаранг, – деди чой қуйиб узатаркан, бироқ Тилаволди чолнинг ҳамон дарёдан кўз узмай ўтирганини кўргач, ўша томонга хавотирланиб қараб қўйди. Қирғоғини шовуллаган қамиш босган дарё… Маҳлиё бўўладиган ҳеч вақоси йўқ.
– Бу… бизнинг бола-чақадан бирор хат-хабар бўлдими, оқсоқол? – пиёлани ола туриб сўради Тилаволди чол. – Мусофирчиликда юриб ҳам суриштирдим, тайинли жавоб ололмадим. Ҳукуматнинг душмани аталганингдан кейин биров арзингга қулоқ ҳам солмас экан.

Зариф оқсоқол чой ҳўплаш баҳонасида пиёласи оша суҳбатдошига разм солди. У ҳамон тиззалаганча букчайиб ўтирар, қўлидаги кирчил қийиқ билан кўзларини, соқолини сийпалаб қўяр эди. Бармоқлари узун-узун, бўғинлари ажралиб, қадоқ бўлиб қотиб қолганга ўхшайди, бамисоли ёғочдан ясалиб, мурват билан бир-бирига улангандек. «Соқоли ўзига ярашибди, – дея хаёлидан ўтказди оқсоқол. – Пахталик ўрнига оқ чакмон кийиб, бошига салла ўраса, авлиёсифат одам бўлади-қўяди. Салла-чопонсиз ҳозирги қиёфасида-чи? Авлиё эмасми? Ҳеч бўлмаса, биздан бошқачароқ, ўлса, ўлиги ортиғ одам-ку».

Бу – тан олиш мушкул бўлган ҳақиқат эди. Тилаволди чолни ёт унсурга, ҳукуматнинг душманига айлантирган антиқа тўғрироғи, Ҳотами Тойиликни ундан бошқа ҳеч ким қилмасди. Умр бўйи ҳалол меҳнати билан тўплаган бойлигини беш-ўн кун ичида одамларга едириб-ичириш учун киши ё тентак, ё єта олиҳиммат бўлиши керак. Шундайлигини била туриб у – Зариф оқсоқол ҳам ўртата тушмади. Ҳеч бўлмаса, бола-чақасининг жонига аро кирмади. Кимсан «Янги ҳаёт» колхозини қурган фаоллардан бири эди. Амрига юргизмаган бўлса-да, ҳарқалай, кўпни оғзига қаратиб келган одам эди. Нега ўшанда бу ишга аралашмади? Нега Тилаволдининг ёнини олмади, унинг бегуноҳлигини исботлашга уринмади? Нега суд ҳукмига қарши чиқмади? Нега?!..

Ўша пайтларда колхоз тузилиб, қишлоқ жамоалари жорий этилаётган пайт эди. Янги тузум учун ўзини ўтга, чєққа уриб юрган фаоллардан Меҳром, Тожимат, Зариф раисликка даъвогар эди. Янги тузилаётган колхозга раис бўлиш учун одамларнинг ҳам, ҳукуматнинг ҳам эътиборини қозонадиган бирор иш қилиш керак эди. Худди мана шу долзарб пайтда Тилаволдининг иши қўзғалиб, терговчилар қишлоққа серқатнов бўлиб қолишди. Меҳром пайтдан фойдаланиб, унинг бошини босиб, раислик курсисига чиқишдан жирканмади. Тилаволдининг қарашлари шубҳали эканини, мафкураси қўнимсизлигини, синфий душманларга ён босиб, уйида қўндирганини тегишли идораларга етказди, ҳатто унча-мунча ёлғон-яшиқ аралаштиришдан ҳам ҳазар қилмади. Йўқ, у Тилаволдини ёмон кўрмас, ҳеч қандай хусумати ҳам йўқ эди. Шунчаки, замоннинг зайли билан қўл келиб қолган имкониятни бой бермаслик учун уни қурбон қилди. Тилаволди бошида соябон бўлгудек бирон меҳрибони йўқ одам, у дунёда бор бўлди нимаю йўқ бўлди нима? Ҳеч нарса ўзгармайди! Меҳром раисликка сайланса, кўп нарса ўзгаради. Тўғри, у ҳам Тилаволдига ўхшаган бақадри имкон тирикчилик қилиб юрган бир одам, лекин Шўро ҳукумати учун анча-мунча иш қилиб ўқйди. Номи оғизга тушган фаоллардан бири, тарафкашлари ҳам кўп, Чувалачининг ярми унинг уруғ-аймоғи.

Вақтида ишлатилган чақуви унинг обрўсини янада оширди. Мана шундай қалтис пайтда Меҳромга қарши чиқишга, Тилаволдининг бегуноҳ, оқкўнгил одамлигини исботлашга, шунчаки, овоз чиқариб эътироз билдиришга Зариф оқсоқолнинг журъати етмади. Меҳром кўпчиликни оғзига қаратиб гуриллай бошлаган, бир сўз билан айтганда, ўқи ўзган пайтлар эди. Бир оғиз иғво билан Зарифни ҳам Тилаволдига шерик қилиб юбориши ҳеч гап эмасди. Ахир, Тилаволдининг уйида қўнган босмачилар Ҳасанбой, Чувалачи қишлоқларидан чиқиб, Зариф оқсоқолнинг эшиги тагидан ўтиб кетишган. Буни ҳамма билади, ҳатто Меҳромнинг ўзи ҳам уларнинг қишлоқдан чиқиб кетишини юрагини ҳовучлаб кутган. Кейин, орадан бирор йил ўтиб, ҳамма ишлар оппон-соппон бўлгач, босмачилик тугатилиб, колхозлаштириш бошлангандан кейингина у кўкрагига муштлаб майдонга чиқди. Мана шундай қалтис пайтда Зарифнинг қўлидан нима ҳам келарди? Лекин қўлидан тайинли бир иш келмаса ҳам, ҳаракатлари зое кетишини билса ҳам, барибир, рост гапни айтиши лозим эди. Афсуски, ўртада қўрқувдан ташқари илинж номли жуда ҳам қудратли, жуда ҳам чиркин бир нарса бор эдики, Зариф оқсоқол унинг ўзига ром этувчи, сеҳрли оғушидан чиқиб кетолмади. Фақатгина амалдор бўлиш эмас, янги ҳукуматнинг суюмли кишисига айланиш кимга ҳам хуш ёқмайди, ахир. Чарм камзул кийиб, тўппонча тақиб юриш… Оёғингда ғарч солинган этик, остингдаги қиличдай арғумоқни ўйнатиб, кўчаларни тўлдириб юрасан. Сал шубҳали туюлган одамнинг гирибонидан олиб, бир дўқ урсанг, сир-асрори очилиб, тавбасига таяниб турибди. Ўша ур кетди-сур кетди пайтларда баъзи бировлар синфий душманларни тугатамиз, деган ниқоб остида хусумати бўлган қанчадан-қанча бегуноҳ одамларни ҳам кўчирма қилиб юборишди. У бечоралар олис юртларда ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетишди. Ҳукумат шундай бўлсин, деган эмас, албатта. Янгича тузум билан сира келишолмайдиган, қайта тарбиялаб, муросага келтириб бўлмайдиганларнигина бадарға қилиш, ҳукуматга зарар етказмаслиги учун жамиятдан ажратиб қўйиш керак, деган. Аммо кечаги кунини ҳам, насл-насабию урф-одатини ҳам унутган айрим ҳовлиқмалар бєрк ўрнига бош олаверди. Тилаволди ҳам мана шундай ҳаракатнинг қурбони бўлди.

Орадан йиллар ўтиб, кўп нарсалар жойига тушди, ҳақ қарор топди, сувни беҳуда лойқалатувчилар жазоланди. Меҳром раиснинг ҳам умри қисқа экан, икки йил олдин идорасида ўтирган жойида тўсатдан миясига қон қуйилиб ўлди. Ўрнига унинг ўғли Икром раисликка сайланди. Сал ҳавоси баландлигини айтмаса, иш обориши ёмон эмас. Тилаволди чолнинг бола-чақасини эса… Уларни сўраб-суриштириш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган. Қолаверса, Тилаволди чолнинг қамоқдан эсон-омон қайтиб келишини ҳеч ким кутмаган. Орадан ўн йилдан ошиқ вақт ўтди. Тўсатдан унинг қишлоқда пайдо бўлиб, бола-чақасини суриштириши мумкинлигини ким ўйлабди. Аслида-ку, одамгарчилик юзасидан ҳам дараклаш лозим эди.
– Айбга қўшмайсиз, биродар… – Зариф оқсоқол дастурхон четини ҳимарганча синиқ овозда гапирди.
– А?!.. Ҳа-а… – Тилаволди чол букчайиб ўтирган кўйи оҳиста тебрана бошлади. Унинг суяклари қисирлар, худд қаттиқроқ қимирласа, вужуди пора-пора бўлиб сочилиб кетадигандек туюларди.

Афтидан, у шундай жавоб олишини билган, шу боис ажин тилимлаб ташлаган юзида ортиқча ўзгариш юз бермади, фақат умидсиз боқувчи кўзларидагина интиҳосиз бир ҳасрат пайдо бўлди, юзи бирдан қорайиб, унниқиб кетди, узун соқоли беҳол титрай бошлади. У қаерда ўтирганини ҳам унутиб қўйган, лаблари тинимсиз пичирлар эди: «Гуноҳларим шунчалик кўпмидики, шунча йил озурда жон бўлдими, бекорга жабр тортдим. Бу дунёда менинг ёнимни олиб, шафоат этувчи бирон кимса топилмади-я. Мен-ку майли, бахтим бор экан, ўлмай қайтиб келдим, аммо болаларимнинг гуноҳи нима? Бу дунёнинг ишларида тариқча адолат борми ўзи?»

Тилаволди чол бегуноҳ бўла туриб тортган хўрликларига сира кўниколмайди. Одамнинг пешонаси шунчалар ҳам шєр бўладими? Унинг аҳволини шоҳ Машраб билиб айтган: «Зикриёдек резалар қилди бошимни арралар». Йўқ, у улуғлик даъвосини қилмайди, бор-йўғи фақир бир кимса. Лекин инсоннинг қадр-қиммати нега бунчалик оёқости эканига ҳеч ақли бовар қилмайди. Ахир, инсоннинг қадри жуда ҳам баланд қилиб яратилган-ку. Нега уни бунчалар беқадр қилишди? Наҳотки, замон бир долғаланиши биланоқ одамларнинг дилидан имон-эътиқоди кўтарилган бўлса?
– Тилаволди, чойдан ичинг, биродар, – оҳиста сўз қотди Зариф оқсоқол. – Хафа бўлаверманг… Қандоқ қиламиз, инсон пешонасидагини кўрмай иложи йўқ экан.
– Дунёнинг ишлари кўп ажойиб экан, оқсоқол, – дея аянч жилмайди Тилаволди чол. – Чой ичамиз, нон еймиз, қорнимиз тўйса, бас, қолган ишларни тақдирнинг ҳукмига ҳавола этамиз.
– Тақдирни табдир этиб бўлмайди, биродар, у бизнинг ҳукмимиздаги иш эмас.

– Шундаймикин-а, оқсоқол? – Тилаволди чол узун соқолини силаганча мезбонга савол назари бнлан тикилди. Сўнг нигоҳини пояларни кучаниб эгаётган норғул йигитларга кўчирди. Вужудидан куч ёғилиб турган чорпахл йигитлар ҳавасини келтирди. Ёмон кўздан асрасин, роса етилишибди. Ўлмаган бўлса, унинг ҳам тўнғичи Раҳмонқулдек эр етгандир. Иккаласи тенгқур эди. Ундан кейинги иккитаси қиз эди. Во, дариғ!..

— Ривоят қилишларича, дунёда менга ўхшаган бир бечора бўлган экан, оқсоқол. Кунларнинг бирида у чўлдан ўтин орқалаб келаётса, авлиёсифат бир одам учрабди. Ҳол-аҳвол сўрашиб туриб у худонинг даргоҳига кетаётганини айтибди. Шунда ўтинчи, тақсир, худодан сўраб кўринг-чи, мен ўла-ўлгунимча шундай азоб-уқубатда кун кечирармикинман ё роҳат ҳам кўрармикинман дебди. Йўловчи рози бўлиб, йўлида давом этибди. Орадан бир қанча вақт ўтгач, у келиб ўтинчига учрабди. «Ўтинчилик тақдир қалами билан пешонангга битилган экан, уни ўзгартириб бўлмас экан», дебди у. «Во ажаб, – дебди ўтинчи, – тақдир қалами худонинг ихтиёридами ё худо ўша қаламнинг измида эканми?» Шунга ўхшаб…

– Давоми-чи? Давомини айтмадингиз-ку, – деди Зариф оқсоқол киноя билан. Унга Тилаволди чолниниг фикрлари жўн, гўдакона содда туюлди. Демак, у ҳали ҳам ҳаётининг шафқатсиз ҳақиқатини англаб етмабди, деган ўйда насиҳатомуз гапирди: – Замоннинг зайли шундоқ эди, биродар. Ҳозир шароит бошқа. Бировларни айблаётганда сал инсофан…
– Мен инсофли бўлайми? – деди Тилаволди чол заҳаролуд оҳангда. – Мен-а? Ахир, менда инсоф нима қилсин, оқсоқол? Инсоф ҳов ана, – у дарёга ишора қилди, – дарё тўла инсоф. У яхшига ҳам, ёмонга ҳам бирдек саховат билан ризқ улашади. Дарё-да, саховат қилгани билан суви камайиб колмайди. Лекин одам…
– Бу гапингиз аламзадаликка ўхшайди, биродар, – деди оқсоқол муросасозлик билан. – Ахир, сабр таги сариқ олтин, дейдилар.

– Мен кимга нима ёмонлик қилувдим, оқсоқол? – Тилаволди чол суҳбат асносида биринчи марта бошини кўтариб Зариф оқсоқолга тик қаради. Шунча йилдан бери юрагини ўртаган саволни рўпарасидаги ўзидек кекса, энди қўлидан тайинлик бирон иш келмайдиган одамга берди. Йўқ, уни айбдор деб билгани, ўша пайтда ёнини олиб, бу ишларни адолат қилмагани учун эмас, азбаройи тўлиб кетган дилини бўшатиб, салгина енгил тортиш учун гапирди. – Тақдирнинг мен кўрмаган яна қандай жабру жафоси қолди? Яна нимани кутай? Гуноҳим ҳеч кимга ёмонлик қилмаганимми, оқсоқол?
– Мен энди оқсоқол эмасман, Тилаволди, отимни айтиб гапираверинг, – деди оқсоқол бўшашиб.
– Ўша пайтда оқсоқол эдингиз, тўппонча тақиб, арғумоғ миниб юрардингиз. Отингизга ҳавасим келарди. Жонивор зулукдек ялтираб турарди. Лекин…

– Хў-ўш…
– Тўппончангиздан қўрқардим.
– Нега? – дея ажабланиб сўради оқсоқол. Ўтмиш хотиралари ёдига тушиб, чеҳраси ёришиб кетди: куни кеча эгар устида қарчийғайдек қўниб ўтирганча мўйловини бураб, от ўйнатиб ўтганида суқланиб қарамаган одам қолмасди. Эҳ-ҳа… – Мен ҳеч кимга тўппонча ўқталиб, дағдаға қилмаган эдим-ку, – деди у ҳамон лаззатли хотиралар таъсирида сархуш бўлиб.
– Ким билади дейсиз, – дея қоқсуяк елкаларини қисди Тилаволди чол. – Оқсоқолсиз, барибир, бировни отиб қўясиз, деб ўйлардим. Билсам…
– Ҳа-а? – сергакланиб сўради Зариф оқсоқол.

– Одам отадиганлар бошқа экан, оқсоқол.
– Кимлар экан! – болаларча бир қизиқиш билан сўради Зариф оқсоқол.

Тилаволди чол соқолини тутамлаганча ўйланиб қолди. Лоп этиб кзз олдига қўлини бигиз қилганча унга ўқталиб турган Меғром раис, лоақал эти сесканмай устидан ҳукм ўқиган кишилар келди.
– Дунёда одам ўлдириб, лекин қўлининг қонини ювмасданоқ хўжакўрсинга бировларнинг бошини силайдиган, елкасига қоқадиганлар кўп экан, оқсоқол, – деди кўзларини юмганча оҳиста тебранаркан. – Мен аҳмоқ бўлсам…

Зариф оқсоқолнинг қути шчди. Кўзлари тубида қўрқувга ўхшаш бир нарса йилт этди. Тилаволди чолнинг тўсатдан пайдо бўлиши унинг бир маромда кечаётган осуда ҳаётига силсила солган, аллақачон устини кул босиб улгурган хотираларни титиб, зулукдек арғумоқни гижинглатиб юрган шодумон онларининг ҳузурбахш лаззатларию кўнгилни ғаш қилиб, юрак тубида пинҳон бир оғриқ қўзғовчи нохуш кечинмаларни ҳам юзага қалқитиб чиқарган эди.

– Энди бундай гапларни қўйинг, биродар, – деди насиҳатомуз.
– Шундай, шундай… – ҳозиржавоблик билан бош ирғиди Тилаволди чол.

Замон бир лойқалашиб тинди. Қаридик. Меҳром раис ҳам дунёдан ўтиб кетди.
– А?! – Тилаволди чол ҳайратдан донг қотиб қолди. Бундай хабар эшитишни сира ҳам кутмаган, унинг содда тасаввурида Меҳром раис ўлмайдиган, ўлиши мумкин бўлмаган одам эди. Во ажаб!.. – Э, бечора! Жабр бўлибди-ку…
– Икки йилдан ошди-ёв… – деди Зариф оқсоқол суҳбатдошини зимдан кузатаркан. – Идорасида ўтириб тўсатдан…

Ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборган кимсанинг ўлими ҳақидаги хабар Тилаволди чолни қувонтирмади, аксинча, кўнглида надоматли бир ғусса уйғотди.
– Э, бечора, – деди астойдил ачиниб.
Тилаволди чолнинг ҳамдардлик билан гапираётганини кўрган Зариф оқсоқол марҳумнинг фазилатларини кўпроқ эслаб, унинг дийдасини янада юмшатмоқчи бєлди.
– Раис бўлиб кўп ишлар қилган эди. Илоё жойи…
– Қўйинг, – деди Тилаволди чол зардали оҳангда унинг гапини чўрт кесиб. – Қўйинг, оқсоқол, ҳеч бўлмаса, у дунёнинг ишларига аралашмайлик.
– Мен аралашаётганим йўқ, – шоша-пиша изоҳ беришга уринди Зариф оқсоқол.
– Биламан, сиз ҳеч нарсага аралашмайсиз.

Тилаволди чолнинг таънаси Зариф оқсоқолга худи тарсаки ургандек таъсир қилди. Юзи дув қизариб, пешонасини совуқ тер босди. Гўё ўнғайсизланаётганини қўллари фош этиб қўяётгандек уларни чакмонининг барига яширишга уринди. Бу ҳаракати беҳудалигини сезгач, негадир кучаниб томоқ қирди. Яна нохуш хотиралар ёпирилиб келди-ю, юрагида оғриқ туйди, чап курагининг ости жазиллаб куя бошлади. Кўз олдига қўлини орқасига боғлаб олиб кетилган Тилаволди келди. Ўшанда орага тушса, бу одам Шўрога душманлик қилган эмас, олдин тузукроқ текширинглар, деса бўларди. Айтолмади. Жони ўзига ширин туюлиб кетди. Қолаверса, бир ёқда Жамоага раис бўлиш илинжи ҳам бор эди. Илинж, таъма тилсимий бир қудратга эга шундай нарсаки, бир марта унинг домига илинган киши умр бўйи бу сиртмоқдан чиқиб кетолмайди.

Зариф оқсоқол ўша пайтда вақти келиб бу кунлар ҳам унут бўлишини, Тилаволди чол олис юртлардан эсон-омон келиб, бу дунёнинг ишларида нега адолат йўқлиги ҳақида савол сўраб, уни қийин-қистовга олиши мумкинлигини қайдан билибди. Ҳар бутага ўт тушса, ўзи ёниб, ўзи ўчади, деб ўйлаган эди. Энди билса, дунёнинг ишларида бошқача мантиқ бор экан. Афсус…
– Яхши ҳам у дуённнг изми бизнинг қўлимизда эмас, – унинг хаёлини бўлиб гап қотди Тилаволди чол. – Бўлмаса…
– Қўйинг, ўтмишдаги гапларни унутинг, Тилаволди биродар, – деди Зариф оқсоқол муросага ундовчи шикаст оҳангда. – Одам кечаги куни билан яшамайди.
– Менда келажак нима қилсин, оқсоқол, – деди Тилаволди чол яна суякларини қисирлатиб тебранаркан. – Яхшилигим ҳам, ёмонлигим ҳам кечаги кунимда қолиб кетди-ку.

Меҳром раис биттагина ножўя хатти-ҳаракати, бир оғиз хиёнаткорона гапи билан Тилаволди чолнинг ҳаётини барбод қилди. Зариф оқсоқолнинг ҳалигача ақли бовар қилмайди: уни бунчалик мунофиқликка боришга нима мажбур қилди экан? Наҳотки, амалга эришиш учун хиёнат кўчасидан ўгиш шарт бўлса? Тилаволди чолнинг номини булғаётганда тили гапга келмай ғўлдираб қолмадикан? Амал курсисига ўтираётганда сал бўлса-да, виждони қийналмадимикан? Қийналгандир. Балки мана шу руҳий азоб уни бевақт жувонмарг қилгандир? Яна ким билсин… Азалдан маълумки, мунофиқ одам имонсиз бўлади, бундай кимсанинг виждон азобида қоврилиши даргумон. Узоқ йиллардан бери кўнгил тубига чўкиб ётган бу саволларга жавоб топиши ҳам маҳол. Тилаволди чол бу ерга озгинагина далда, таскин-тасалли истаб келган, холос.
– Ноумидлик шайтоннинг иши… – дея гап бошлади Зариф оқсоқол, бироқ суҳбатдошининг юзи бужмайиб кетганини кўриб, бирдан калавасининг учини йўқотиб ғўлдиради. – Сизга насиҳат қилгулик эмас…
– Ноумидлик куфр эрур, дўстлар умид қилмоқ керак, дейди шоҳ Машраб ҳам, – Тилаволди чол ҳозирги ҳолатига зид ҳолда шеър ўқиган бўлса-да, овозида маҳзунлик сезилди. – Лекин умид ҳам эртанги кунига ишончи бор одамга ярашади, оқсоқол.

Зариф оқсоқол бош-адоғи йўқ бу суҳбатга чек қўйиб, гапни чалғитиш ниятида:
– Чой совуб қолди, – деди пиёлага қўл суна туриб. – Пиёлангизни беринг, иссиқроқ чой қуйиб берай.
– Йўқ, йўқ, – Тилаволди чол шоша-пиша юзига фотиҳа тортиб, қўзғалди. – Мен борай энди.

– Қаёққа борасиз? – ажабланиб сўради Зариф оқсоқол. – Ўтиринг-э.
– Йўқ, йўқ, – Тилаволди чол худди биров этагидан ушлаб қолаётгандек пешайвондан тушишга ошиқди. – Мен ҳалиги… битта кетмон соп сўраб келувдим. Шу десангиз…
– Сафардан ҳозир келишингизми? – баттар ҳайрати ошиб сўради Зариф оқсоқол. – Қаёққа бормоқчисиз шу топда? Мана уй-жой. Беминнат. Иккаламиз гурунглашиб…
– Йўқ, йўқ, – дея бошини сарак-сарак қилди Тилаволди чол. – Менга биттагина кетмон соп керак эди, – яна такрорлади у.

– Ахир, қаёққа борасиз? – деди Зариф оқсоқол яна кўзларини яшириб. – Ўша пайтда уй-жойлар ҳам ҳалигиндай… Дўконга олишган. Кўргандирсиз?
– Даъвойим йўқ, – дея гапни калта қилди. Тилаволди чол. – Бола-чақамдан тириклай айрилиб ўлмадиму уй-жойга куйиб, даъволашаманми? Кечдим ҳаммасидан! Менга… биттагина кетмон соп бўлса эди…
– Ҳеч бўлмаса, бугунча қолинг, Тилаволди биродар, – ялинчоқ бир оҳангда ўтинди Зариф оқсоқол. – Гангур-гунгур қилишиб… ўтган тунларни эслашиб…
– Қўйинг, оқсоқол, ўтган кунларимни эслатманг. Қоп-қора-ку, – Тилаволди чол аллақандай асабийлик билан эътироз билдирди. – Менга биттагина кетмон соп бўлса бас…

Зариф оқсоқол гап-сўз ортиқчалигини сезиб, ишком ичида уларни кузатиб турган ўғлини имлаб чақирди.
– Расулбой, амакингизнинг ҳов анави кетмонини олинг, ўғлим.

Расулбой ҳозирлсавоблик билан бош ирғаб дарвоза олдига илдам юриб борди. Кетмонни қўлига оларкан, у ёқ-бу ёғини айлантириб кўрди. Бостирмалардан бирига кирди-да, ип боҳлаб, шифтга осиб қўйилган дастани олиб чиқди. Ҳаш-паш дегунча кетмонни соплаб, эгасига тутқазди. Тилаволди чол қайта-қайта раҳмат айтиб, кўчага йўналди.
– Мени хафа қилдингиз, биродар, – деди уни кузатиб чиққан Зариф оқсоқол ўпкалаб. Аммо кўнглининг бир четида унинг тезроқ кетишини истай бошлаганини сезиб турарди.
– Йўқ, йўқ, оқсоқол, ундай деманг, – дея унинг гапини бўлди Тилаволди чол. – Мен яна келаман. Сиздан бошқа дил тортар кимим бор энди.

Тилаволди чол кетмонни елкасига ташлади-да, гавдасини хиёл букчайтирганча тез-тез юриб кетди.
Шу кундан эътиборан қишлоқда ғалати бир безовталик, кўпгина одамларнинг кўнглида нотинч ғалаён пайдо бўлди. Зариф оқсоқол тунлари мижжа қоқолмас, ўтмиш хотиралари увинг ҳаловатини ўғирлаган эди. Икром раис єзи ҳам сезмаган ҳолда асабийлашиб, қандайдир кўнгилсизлик юз беришини кутиб, бетоқатлана бошлади. Ўша, Шўро ҳукуматининг ғанимлари қўлига ҳам, қизил аскарларнинг қўлига ҳам сув қуйиб, тавозе билан сочиқ тутган айрим қўшнилар турли хил важ-карсонни баҳона қилиб, яқин-йироқдаги қариндошларини кўргани кўздан нарироқ кетишди. Қишлоқда Тилаволди чолнинг «одамови, сал ғалатироқ» бўлиб қайтгани ҳақида турли хил миш-миш тарқалди. Сотувчи бола ҳам бу девонасифат чол бир ғалвани бошламасин, деган хавотирда икки-уч кунгача дўконни очмади. Одамлар кўп вақтдан бери осуда кун кечирилаётган қишлоқда қандайдир бир алғов-далғов юз беришини кута бошлашди. Аммо Тилаволди чол ўзидан ортиб, бировнинг олдига бормади, ҳаммани ҳайратга солиб, ҳеч ким билан даъволашмади. Ажиналар макони деб ном олган тепаликнинг шамолга терс томонини мўлжаллаб, одам бемалол юрадиган унгур ковлади. Унинг бир бурчагига похол тўшаб, ётишга жой ҳозирлади. Унгур деворларини ўйиб, катта-кичик токчалар ясади. Тунука тоғорача, сири кўчган кружка ҳамда аттордан олган жимжилоқдек ингичка шамни битта токчага терди, иккинчисига эса бисотидаги энг катта бойлиги – Машраб девонини қўйди. Шундан кейингина эшик олдини текислаб чопди, жўяк олиб, экин экишга ҳозирлади. Тинч ота қабристонини ёқалаб єтган ариқни қора терга ботиб уч кун чопди. Аримқ бўйларига ҳар жойлардан кўчириб келинган жийда кўчатларини ўтқазди. Ертўласи олдига райҳон, сабзи, пиёз сепди.

Шу зайил ҳар ким ўз юмуши билан машғул бўлиб кунлар ўтаверди. Одамлар бора-бора бу тиниб-тинчимас, беозор чолга кўника бошлашди, ҳатто унга ортиқча эътибор бермай қўйишди. Кечқурунлари унинг унгур олдидаги супада қишлоқ томонга маъюс тикилиб ўтирганини кўришарди. Бундай пайтларда унинг ичида тўфон бўлаётганини, яхшими, ёмонми, ишқилиб, одамларга қўшилиб яшашни соғинганини, бирон бир меҳрибон кимсанинг ғамхўрлигига муҳтожлигини ҳеч ким билмасди.

Бу орада уруш бошланди. Одамлар ўз ташвиши билан бўлиб яна Тилаволди чолни унутишди. Зариф оқсоқол ҳам алланечук ўксиб, кўзларига ёш олиб, икки ўғлини фронтга кузатди. Қишлоқда қари-қартанглару Икром раис билан жияни Давронгина қолишди. Кўп ўтмай уруш бўлаётган ёқлардан шоша-пиша ёзилган хатлар, кейинроқ шум хабар элтувчи қоғозлар кела бошлади. Ундан кейин қишлоқ кўчаларида оёқ-қўлидан айрилиб, ногирон бўлиб қайтганлар пайдо бўлди. Урушнинг бир йили ўтар-ўтмас Тўхтамурод ҳам қайтди. Одамларнинг руҳи тушкун, файзсиз, совуқ кунлар бир меъёрда имиллаб ўтарди.

Мана шундай кунларнинг бирида Тўхтамурод иккита зоғора билан бир каллак қантни қийиққа ўраб, Тилаволди чолни йўқлаб борди. У ўз овозига маст бўлиб тебранганча қироат билан китоб ўқиб ўтирган экан. Икки киши зўрға сиғадиган супага чопонини тўшаб, ўтиришга таклиф қилди. Тўхтамурод бир оз ўнғайсизланиб, чопонни суриб қўйди-да шолчага ўтирди. Мўйсафид қуриган шох-шаббаларни қалаб, қумғон осди. Оловнинг гуриллаган ёлқинига хомуш тикилганча сув қайнашини кутиб ўтирди. Сўнг жўмраги чегаланган катта чойнакка чой дамлади. Тўхтамурод олиб келган зоғорани ушатиб, қийиқни унга яқин сурди. Ҳол-аҳвол сўрашди-ю, бироқ ҳадеганда суҳбат қовуша қолмади. Тилаволди чол Тўхтамуроднинг отаси ҳақида гап очди, унинг қишлоқдаги энг абжир улоқчи бўлгани, иккаласи бирга қозоқ биродарларининг тўйларида бериладиган улоқларга боришганини эслади. Ў-ў, иккаласининг ҳам ўт-олов пайтлари эди, биронта тўйдан совринсиз қайтишмасди. Тилаволди чол Тўхтамуроднинг урушдан яраланиб қайтганини эшитиб ачинди. Гап орасида ўз саргузаштларини қисқача айтиб берди, лекин ҳеч кимни айбламади. Замонанинг зайли шу экан, деб қўя қолди. Тўхтамурод ҳам ортиқча гап ковлаб ўсмоқчиламади. Тилаволди чол Машрабнинг ғазалларидан ўқиб берди, у қимир этмай ўтириб тинглади. Шу-шу иккаласи яқин бўлиб қолди. Тўхтамурод деярли ҳар куни бу ерга келар, алламаҳалгача гурунглашиб ўтирарди. Суҳбат асносида албатта шоҳ Машрабнинг ғазаллари ўқилар, Тўхтамурод уйига туйғулари покланиб, руҳан бойиб қайтар эди. Машраб ғазаллари кишини улуғворликка ундар, дунёнинг майда-чуйда ташвишлари билан ўралашиб қолмасликни, кўнгилни гинаю адоватлардан фориғ этишни уқдирар эди.
Тиловолди чол билан бирга юриб Тўхтамурод анча ўзгарди, касалини унутди. Икковлашиб колхознинг пахтасини, катта йўлнинг ўнг томонидаги жўхорини суғора бошлашди. Унинг чопонига ўралганча қунишиб туришлари, бир нуқтага тикилганча оғир хўрсинишлари камайди. Рангига қон югуриб, руҳи тетиклашди. Бироқ энди Тилаволди чолга ачиниб эзиларди, ҳамқишлоқларининг унга нисбатан номардлик қилишганидан хафа бўларди. «Тилавой чолнинг дарди кўп, – дерди у хотинига куюниб. – Лекин бировга чурқ этиб оғиз очмайди. Сезишимча бола-чақасини даракламоқчию қўрқади. Кимга бориб дардини айтишни билмайди». «Сиз бирор ёрдам беролмайсизми?» дерди Муаззам. «Ҳозир уруш, – дерди Тўхтамурод хўрсиниб. – Ҳеч кимнинг қулоғига бунақа гап ёқмайди. Уруш тугасин…»

Тўхтамурод гапини чала қолдириб биқинини чангалларди. Операдициядан кейин тикилган жойлар ҳали ҳам кўкариб турар, салгина зах таъсир қилса, оғриқ қўзғалиб, азоб берарди. Муаззам қўрга кўмилган кесакни эски сочиққа ўраб, эрининг биқинига қўяркан: «Зора шу бечоранинг ҳам мушкули осон бўла қолса, – дерди. – Бир хор бўлган нарсанинг бир азиз бўлиши бор, дейишади-ку». «Қайдам-ов, – дерди Тўхтамурод. – Тариқча инсофи йўқ бу одамлар уни эъзозламаса керак». «Қўйинг, бировларнинг гуноҳини ўзингизга олманг, – дерди Муаззам ички бир хавотир билан».
Чиндан ҳам қайтадан элда азиз бўлиш Тилаволди чолга насиб этмаган экан…

Тилаволди чол бир куни колхоз идорасига борди. У пайтларда идора пастқамгина, кўримсиз бинода жойлашган эди. Раис эрта баҳордан кеч кузаккача катта ариқнинг устига ўрнатилган чорпояда дўпписини ёнига қўйиб, оёғини осилтирганча кўк чой ҳўплаб ўтирарди. Чорпоядан кўриниб турадиган кўча тўппа-тўғри Келес дарёсига олиб борар, сувнинг нарёғидаги қир-адирлар яққол кўзга ташланиб, кишининг баҳри-дилини очиб турарди. Раис ўзи бош бўлиб, кўчанинг икки четига терак эктирган, эрталаблари ғарч солинган этигини ялтиратганча мана шу теракларни оралаб идорага чиқиб келарди. У диққинафас хонага кирмас, чорпояда ўтирибоқ одамларни қабул қилаверарди. Одамлар унга рўпара бўлишдан олдин узоқдан авзойига қараб азмойиш олишарди; агар чеҳраси очиқ бўлса, дадил келиб, ишини битказиб кетишарди, мабодо тумтайиб ўтирган бўлса, рўпара келишга ҳеч кимнинг юраги дов бермасди. Ўша куни кайфияти яхши эканми ё отасининг қилмиши туфайли бу одамга ҳадик ва қўрқув билан қарагани учунми, ҳарқалай, очиқ чеҳра билан кутиб олди. Сўрига таклиф қилиб, дарров чой тутди.

– Қаерларда юрибсиз, амаки? – деди у ўпкали оҳангда. – Бафуржа ўтириб бир гаплашиб олай десам ҳеч гузарга чиққанингизни кўрмайман. Сиз томонга ўтиб боришга қўл тегмайди.
Унинг ёлғон гапираётгани ранги ўчинқираган юзидан, тик қарашга ботинмаган кўзларидан шундоққина билиниб турар, бу гапларни азбаройи муроса учун айтаётгани аён эди.

Тилаволди чол эса дабдурустдан дилига тугиб келган гапини айтишга истиҳола қилди. Икром раис кўпчилик билан муомала қилавериб синчи бўлиб кетган, унинг тараддудланганидан фойдаланиб ўзининг нечоғли инсонпарвар эканини пеш қилди.
– Ғорда яшаб юрганмишсизми? – деди ҳайратланган кишидек. – Шу замонда-я? – у танглайини такиллатиб, афсус билан бош чайқади. – Бизга бир оҳиз маслаҳат солсангиз бўларди-ку. Сизга лойиқ битта уй топиб беролмасмидик?

Тилаволди чол синиқ кулимсиради.
– Қизиқмисиз, Икромбой…

Икром раис усталик билан унинг гапини илиб кетди:
– Хоҳласангиз уйингизни бўшаттириб берай. Қоронҳи унгурда яшашингиз…
– Инсоннинг қисмати шу, Икромбой, барибир, қоронўи лаҳатга киради.
– Э, нафасингизни иссиқроқ қилсангиз-чи, – деди Икром раис негадар ўлим ваҳимасидан юраги шувиллаб. –Ҳозирча ёруғ дунёнинг ташвишини қилиб турайлик.

Тилаволди чол бундай одамларни ўлим ваҳимаси¬дан бошқа ҳеч нарса қўрқитолмаслигини ҳам, сал бўлса-да инсофга келтиролмаслигини ҳам яхши биларди. Шундай одамнинг ҳузурига маслаҳат сўраб келгани ўзига нашъа қилди. Бироқ энди чекиниб бўлмас, муддаосини айтмай иложи йўқ эди.
– Мен ҳам ёруғ дунёнинг бир ташвиши билан келган эдим, – Тилаволди чол раиснинг гапини айнан такрорлар экан, овозига атай кулгили тус бермоқчи бўлди, бироқ уддалаёлмади.

Икром раиснинг сохта табассум муҳрланиб қолган юзи бирдан ўзгарди. У Тилаволди чолнинг дунёвий ташвишлар билан ҳузурига келиши мумкинлигини кутмаган эди. Шунча азоб-уқубатдан кейин ҳам, барибир, одамнинг кўнглида яшаш умиди сўниб кетмаслиги уни ажаблантирди.
– Хў-ўш… – деди бирдан овозига амирона тус бериб.
Тилаволди чол ундаги ногаҳоний ўзгаришни сезиб каловланди.
– Шу десангиз… – у соқолини тутамлаганча ютиниб, ботинқирамай гапини давом эттирди. – Ўзим яшаб турган тепаликнинг у ёқ-бу ёғини қараб чиқдим. Агар уч-тўрт кун ҳашар қилиб, Шўрариқ томонга сурсак анча-мунча ер очилар экан. Шунга…

Икром раис дўпписини дўнг пешонасига суриб, бошини қашиди. Тилаволди чолга бу ишга бош қўшолмаслигини айтиб, рад жавобини беришдан ўзини тийди. Ахир бу одам ош-нон сўраб эмас, колхознинг ерига ер қўшайлик, деб келган-ку. Бундай хайрихоҳлик учун унинг кўкрагидан итариш эмас, қуллуқ қилиш керак. Бироқ ҳозир мамлакатнинг ярми душман қўлига ўтиб турган пайтда бир парча ер очиш кимнинг кўнглига сиғади? Колхознинг бор ерида ишлатишга одам етишмайди-ю.
– Минг раҳмат сизга! – Икром раис кўнглидан кечган фикрларни сиртига чиқармаслик учун бирдан очилиб жилмайди. – Ростини айтсам, сиз тўғрингизда бошқача фикрда эдим. Яширишнинг нима кераги бор. Кимлигингизни мана энди билдим. Минг раҳмат!

Унинг қўлларини ҳаволатиб, тўлқинланиб гапириши Тилаволди чолни мамнун этди. Икром раис бу гапларни чин юракдан айтаётганига бутунлай ишонмаса-да, барибир, дилида бир хушнудлик, туйди; айтганини қилмаса ҳам хайрихоҳ бўлганининг ўзи катта гап.
– Фақат… – Икром раис дўпписини олиб, дастурхонга ташлади-да, яна бошини силаркан, оғзини катта очиб эснади. – Бу ишни сал кейинроқ қиламиз, хўпми, амаки. Кўриб турибсиз, ҳозир уруш, одамларнинг юрагига бунақа гаплар сиғмайди. Бу ёғини ўзингиз яхши тушунасиз-ку.
– Ноумид бўлмаслик керак, Икромбой, – деди Ти¬лаволди чол пиёладаги аллақачон совуб қолган чойга ўйчан тикилганча.
Унинг бу гапи Икром раисга эриш туюлди; энг қирчиллама даврини қамоқда ўтказиб, ҳаёти барбод бўлган, бола-чақасидан тириклай айрилган кимсанинг юрагида қандай орзу-умид бўлиши мумкин?

Бу одам энди ҳеч қачон ҳукуматга дўст аталмайди, ҳар бир босган қадамига, ҳар бир оғиз гапига шубҳа билан қарашади. Сабаби у ғанимларимизни қучоқ очиб кутиб олган, нон-туз берган. Келиб-келиб шундай одам янги ер очишни ўйласа, эртанги куннинг ташвишини қилса-я? Ё, тавба?!
– Уруш ҳам охир бир кун тугайди, биз ҳам дунёдан ўтиб кетамиз. Фақат қилган яхши, ёмон ишларимиз қолади, – Тилаволди чол ҳамон пиёладан, дастурхоннинг четида турган раиснинг дўпписидан кўз узмай салмоқлаб гапирарди. – Ер айтар экан: кимки менинг юзимни очса, мен унинг юзини ёруғ қиламан, деб. Биз ҳам шу илинжнинг гадосимиз, Икромбой.

Икром раис дўпписини олиб кийди-да, Тилаволди чолнинг олдидаги пиёлага қўл узатди.
— Ий-я, чойни совутиб қўйибсиз-ку, – деди гўё унинг чой ичмаганини энди кўргандек. – Қани, пиёлангизни беринг, иссиғроғидан қуйиб берай.

Бу унинг суҳбат тамом дегани эди. Тилаволди чол чойни симирди-да, пиёланинг четини кафтига артиб узатди.
– Биз бу гапни ўртоқлар билан маслаҳатлашиб кўрамиз, – Икром раис сўрининг нариги четида турган ёстиқни биқинига тортиб, ёнбошлади-да, яна оғзини катта очиб эснади. – Сиз ҳозирча ишингизни қилиб тураверинг, хўпми, амаки.

У пиёлага чой қуйди-ю, бироқ ичгиси келмади. Жаҳл билан сепиб юборди-да, ялтироқ этигини ғарчиллатганча пастак идора биноси томон юрди. Тилаволди чол унинг орқасидан қараб қоларкан, таклифи раисга малол келганини, бу нарсани ҳеч қачон бошқалар билан маслаҳат қилмаслигини ҳис этди. Жимгина жўхорисини суғориб юравермай бу ерга келганига афсусланди.
Шу-шу Тилаволди чол раисга қайта рєпара бєлмади. Єзича тепаликнинг бир қисмини текислаб, озгина ер очди, иккитагина жєяк олиб, қовун-тарвуз экди. Айни қовун гуллаб, хамакка кирган кунларнинг бирида содир бўлган воқеа уни ёмонотлиқ қилди, кенг олам яна тор бўлиб, қоронғи унгурига ҳам сиғмай қолди…

Тилаволди чол сувчиликдан ташқари йўлнинг нариги бетидаги жўхорипояга қўриқчилик ҳам қиларди. Уруш туфайли қаҳатчилик авж олган, қариндошдан қорним яхши, дея ҳамма ўз ғамида юрар эди. Маҳалладаги битта мўридан тутум чиқиб, пиёз доғ иси келса, бир кўча наридагилар ҳам лабини ялаб тамшанади. Шу боис жўхорининг ҳар бир сўтаси ҳисобда. Тилаволди чол елкасига милтиқ осиб, туни билан жўхорипояни икки-уч айланиб чиқади. Кекса одам эмасми, юравериб оёғида дармон қолмайди, тез-тез жийда тагида ўтириб дам олади. Бир куни мана шундай ҳордиқ чиқариб ўтирса, тўсатдан жўхорипоя шитир-шитир қилиб қолди. Тилаволди чол ит бўлса керак, деб ортиқча эътибор бермади, лекин эҳтиёт шарт бўйнини чўзганча бирпас кузатиб турди. Жўхорипоя то Зариф оқсоқолнинг қўрғонигача чўзилиб кетган, дарёнинг нариги бетида эса аллақаёқдан кўчирма қилинган одамлар яшар эди. «Ўшаларнинг биронтасимикин? – деб ўйлади у. – Очлик нималарга мажбур қилмайди».

Тилаволди чол ёнини пайпаслаб ўқ олди-да, жўхорипоядан кўз узмаган кўйи милтиққа жойлади. Агар биронтаси бир қоп думбул орқалаб чиқса ҳам барибир отмаслигини, тўғрироғи, отолмаслигини билар, ҳатто итга ҳам ўқ узиши маҳол эди. Ҳали ой чиқмаган, жўхорипоя қорайиб кўринар эди. Бир терак бўйи пастликда оқиб ўтган дарёнинг шовуллаши сокин кечада жуда ҳам ваҳимали эшитилар эди. Чирилдоқларнинг тиним билмай чириллаши, бақаларнинг қуриллаши бир-бирига қоришиб, ўзига хос оҳанг касб этар, туннинг сирли салобатини янада оширар эди.

Шитирлаган овоз тобора яқинлашиб келаверди. Тилаволди чолнинг қоронғиликка ўрганган кўзлари икки томонга қайрилиб йиқилаётган жўхорипоялар орасидан чиқиб келган икки шарпани аниқ кўрди. Уларнинг бири аёл киши, иккинчиси эса қоп орқалаган эркак эди. Унинг эгнида гимнастёрка, энли камар билан белини сириб боғлаган, оёғидаги этиги ойнинг нурида хира йилтиллар эди. Аёл юзини қўллари билан тўсиб олган, эркак уни бир қўллаб қучоқлаганча гап маъқуллар, бироқ ҳамроҳи унинг зорини тингламасди.

Тилаволди чол нима қиларини билмай қолди. Овоз берай деса, хижолатпазлик – атай катта йўл ёқасига чиқиб уларни пойлаб ўтирган бўлиб чиқади. Индамай ўтираверай деса, ҳис-туйғусини жиловлаб ололмаган икки ёш яна нима кароматлар кўрсатишини ким билсин. Балки, қишлоққа кетишаётгандир… Унда жўхориларни пайхонлаб, думбул қайиргани учун тўхтатиши, елкасидаги қопчиғини тортиб олиши керак.

Икки кўланка худди билқиллаб турган тупроқни авайлаётгандек сассиз босиб, мўйсафид ўтирган томонга яқинлашиб кела бошлади. Ҳамон юзини кафтлари орасига яширган аёлнинг ҳиқиллагани, ора-сира узуқ-юлуқ гаплари қулоққа чалинарди.
–…Қаро ер бўлдим! Сиз… алдадингиз… Қаро ер бўлдим! Энди нима қиламан?

Эркак елкасидаги қопни силкиб ўнглагач, анчайин тєнг, бепарво оҳангда уни юпатишга уринди:
– Қўй энди, одамнинг юрагини сиқмагин.

Тилаволди чол уни овозидан таниди: Даврон бригадир! Икром раиснинг эрка жияни. У қайсидир йўллар билан урушдан қолган, ҳарбий комиссариатдагиларнинг ўзлари қўлига қоғоз бериб қўйишган эмиш.
– Қандай бош кўтариб юраман? – шамоллаганга ўхшаш овозда ҳиқиллаб гапирди аёл. Тилаволди чол уни овозидан таниёлмади.
– Биров билиб ўтирибдими? Юраверасан, – эркак энгашиб аёлни ўпдими, эркалатдими, қоронғида илғаб бўлмади. – Эртага кечаси Шўрариқнинг бўйига келсанг бир қоп буғдой бериб кетаман.

Ҳадемай жўхорининг донини қайирамиз. Уч-тўрт қоп амаллаб бераман. Ҳозирча манави думбулни опкетиб тур. Укаларинг уч-тўрт кун эрмак қилишади.
– Керак эмас! – аёл уни силтаб ташлади.
– Жиннилик қилма. Биласан-а, ҳозир бир қоп буғдойга тўртта хотин олса бўлади, – дея ўхшовсиз кулди эркак. – Мен бўлсам…

– Нима сиз?!.. Нима? – Аёл бошини озод кўтарди. Тилаволди чол унинг юзини ғира-шира кўриб, танигандек бўлди. Кароматхоннинг қизи Мастура шекилли… – Боринг ана, олақолинг!
– Э, секинроқ-э… – Даврон елкасидаги қопни йўл четига қўйиб, ён-верига аланглади. Қишлоқдан анча нарида бўлишса-да, барибир бирортасининг кўзига чалиниб қолишдан хавфсирарди. Замон нозик… – Нима, мен оламан, деяпманми? Шунчаки… гап келиб қолгани учуи айтяпман-да. Менга сен кераксан, жонидан, сен… Онаси ўпмаган қиз керак. Биринчи бўлиб тузингни ўзим тотдим, энди меникисан, билдингми?

У Мастурани даст кўтарганча ариқ бўйидаги ажриққа ётқизди. Қизнинг жон ҳолатда типирчилашларига, қаттиқ шивирлаб ёлборишларга қулоқ солмай тимирскилана бошлади…

Тилаволди чолнинг эти сесканиб кетди. Жуда ҳам жирканч, қабиҳ бир ишга иштирокчи бўлиб қолаётгандек юраги нохуш сиқилди. Шу топда кўзи қонга тўлган йигитнинг тизгинсиз хирси ҳам, унинг тагида типирчилаётган беномус қизнинг шармисорлиги ҳам уни таҳқирларди. У одамларнинг беандишалигу мунофиқлигидан қочиб, тириклай гўрга тиқилиб ўтирибди. Бу хил шармисорликларни, оқибатсизликларни кўрмаслик учун дунёдан соясини ўзига ҳамроҳ қилиб ўтишга рози бўлган. Бироқ… бу аҳволни кўргандан кўра, кўзлари кўр бўла қолгани яхши эмасми? Одамлар бир-бирларини таҳқирлашни, оёқости қилишни мунча яхши кўришади? Бировнинг оиласига шармандалик шалтоғини сачратиш, бировнинг хотинини, бировнинг қизини бадном қилиш қайси таомилда бор? Разолат-ку бу!

Тилаволди чол милтиқ тепкисини босиб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди. Бақаларнинг вақир-вуқурини, чирилдоқларнинг чириллашини, жўхорипоянинг шамолда шитирлашини, ажриқ устида ағанаганча шармандалик қилаётганларнинг энтикишларини босиб, ўқ овози янгради. Мўйсафиднинг назарида жўхори эзилган кенг майдон чаппа айланиб кетгандек, қуёшга монанд баркашдек ой кўтарилиб келаётган осмон қулаб тушгандек туюлди. Кошки эди, осмон қулаб туша қолса! Кошки эди, Тилаволди чолнинг кўзлари ситилиб, бу шармандаликни кўрмаса, қулоқлари том битиб, ёлғон-яшиқ гапларни эшитмаса! Кошки эди…

Шу пайт Тилаволди чол кутмаган ҳодиса юз берди. Даврон шимини кўтарганча унинг устига бостириб келаркан, узоқданоқ кекирдагини чўзиб, ўдағайлади:
– Ўв, сен кимни отмоқчисан?

Тилаволди чол бамайлихотир шимининг тугмасини солганча бемалол гап сотаётган йигитнинг чираниб туришига қараб, афсус билан бош тебратди. «Шармандага шаҳар кенг, деганлари шу-да, – дея ҳаёлидан кечирди у. – Қилғинлиқни қила туриб яна дўқ уришини бунинг. Тавба?! Ёмон одамни ер ютади, дейишарди. Ҳозир ер ҳам нуқул яхшини ютади, шекилли. Урушда не-не асл йигитлар жувонмарг бўлиб кетяпти. Давронга ўхшаганлар эса бемалол ҳаммаёқни булғаб юришибди».
– Милтиқни бу ёққа бер! – деди Даврон отаси тенги одамни сира ҳайиқмай сенсираркан. – Іе, сенга милтиқ отишни ўргатгандан ўргилдим.

Тилаволди чол милтиқни тиззасига қўйганча одамнинг у ёқ-бу ёғидан ўтиб кетадиган босиқ овозда гапирди:
– Одам деганда озгина уят бўлиши керак, ука…

Даврон мўйсафиддан бундай танбеҳ эшитиши мумкинлигини кутмаган эди, бир неча муддат нима дейишини билмай гарангсиб турди. Тупроқдан ҳам хор бир кимса унга маломат тоши отяпти-я. Ахир, у кимсан, Даврон бригадир… У белини сириб турган энли камарига икки қўлининг бош бармоғини тиқиб, гимнастёркасини текислади.
– Мен… – деди тутилиб. – Мен уятни сендан ўрганаманми? – у ҳарчанд кекирдагини чўзиб кучанмасин, барибир, овози бўшашиб, қалтираб чиқди. Буни сездириб қўймаслик учун яна ўдағайлади. – Сен кимсан ўзинг?

– Сенсирама, – деди Тилаволди чол тиззасидаги милтиқни қаттиқ сиқимлаганча. – Ўзимни ҳурмат қилмасанг ҳам ёшимни, оппоқ соқолимни ҳурмат қил.
– Хўп бўлади, хўжайин, хўп бўлади, – Даврон ўхшовсиз бир ҳаракат билан кўкраги оша елкасига урди. – Кечирасиз, хўжайин, билмабман, биздан ўтибди.

Тилаволди чол лабини тишлаганча афсус билан бош чайқади.
– Тенгқурларинг урушда қон тўкишяпти, сен бўлсанг… хотинларнинг иштонини искаб юрибсан-а. Уялмайсанми?
– Ҳукуматнинг номидан гапиришни сенга ким қўйибди? – деди Даврон қўлини бигиз қилиб. – Кимлигингни биласанми ўзинг? Совет ҳукуматининг душмани… Мен келиб-келиб сендан ақл ўрганаманми?

Тилаволди чолнинг юрагига жуволдиз санчилгандек бўлди. Оғриқ бутун вужудини зирқиратиб, қулоқларини шанғиллатди. Кўксини тўлдирган соқолини тутамлаганча бир сония кўзларини юмди.
– Мен сени одам деб гапириб ўтирибман-а.

Даврон камарига осиғлик турган пичоғига қўл югуртирди.
– Ўв, менга қара!…
– Бор, ука кета қол, – деди Тилаволди чол ўта хотиржам оҳангда. – Ҳаммаёғни касофат бостирма.
– Оғзингга қараб гапир! – Давроннинг қўлида пичоқ йилтиради.

Тилаволди чол чўнтагидан бир дона ўқ олиб, милтиққа жойлади. Бамайлихотир ўрнидан туриб, Давронга милтиқ ўқталди.
– Тезроқ кет, – деди кўзлари ғазабдан ёниб. – Бўлмаса, ростдан ҳам отиб ташлайман.
– Шунақами?! – деди Даврон тишларини ғижирлатиб. – Келган жойингни соғиниб қолганга ўхшайсанку, а? Шошилма, керак бўлса, яна тиқиб қўямиз.

Тилаволди чолнинг чаккалари лўқиллаб кетди. У қаршисида безрайиб турган Давронга аччиқ-тизиқ гап айтгиси, дунёни сенга ўхшаган имони суст, нопок кимсалардан тозалаш учун ўша олис жойлардан атай ўлмай қайтиб келдим, дегиси ва шартта тепкини босиб юборгиси келди. Бироқ ҳолсизланиб милтиққа суянаркан, ҳаёт – мана шундай кимсалар билан курашиб яшашдан иборатлигига амин бўлди.

Даврон қўлидаги пичоқни жаҳл билан қинга тиқдида, кескин бурилиб изига қайтди. Унинг қаддини ғоз тутиб, ерни зириллатгудек шаҳд билан юриши ҳар қандай одамнинг ҳавасини келтирарди. «Шундай йигит тенгқурларидан айрилиб, шалтоққа беланиб юрибди-я», – дея афсус билан хаёлидан кечирди Тилаволди чол. Йўқ, у сара йигитларнинг ҳаммаси урушга борсин, душман ўқига учсин, демоқчи эмас. Бундай шумният қилишдан асрасин! Фақат киши ўз сафдошларидан айрилиб, бир бурчакда пусиб юриши ғалати бир ҳол. Уруш-ку эр йигит учун бир синов, киши, ўз тенг-тўшларидан орқада қолиб, ўлмай юриши ҳам бир азоб. Қариган чоғингда биров сени танимайди, ҳасратлашай десанг дардингга қулоқ соладиган сирдошинг йўқ.

Даврон жадал юриб борди-да, ариқ бўйида ғужанак бўлиб ўтирган Мастуранинг қўлидан тортиб турғазди. Тилаволди чол кўрсин учун намойишкорона елкасига қўл ташлаб, ўпди. Қизнинг юлқиниб, қаршилик кўрсатишига парво қилмай пинжига тортди-да, думбул тўла қопни орқалаб юриб кетди.

Эртасига қишлоқда шивир-шивир гап тарқади: нима дейсанки, Даврон Келес бўйидаги жўхорипоядан хабар олгани борса, Тилаволди чол Кароматхоннинг қизи Мастурага думбул қайириб бераётганмиш. Қилмиши учун кечирим сўраш ўрнига дўқ уриб, сал бўлмаса бригадирни отиб қўяй дебди. Камоқда юравериб, одамнинг қонига ташна бўлиб кетган одам-да… Ростми, ёлғонми, узунқулоқ гапларга қараганда Мастура анчадан бери Тилаволди чолнинг олдига бориб турар экан. Даврон уни неча марта ҳайдаб юборган, номи булғаниб, бадном бўлмасин, деб шу пайтгача ҳеч кимга чурқ этмаган экан.

Ёмон гапнинг оёғи олти бўлади. Бу гап дарров қишлоққа овоза бўлди. Билган Давронни сўкди, билмаган Тилаволди чолни айблади.

* * *

– Элмуроджон… кўзингни оча қол, ўғлим…

Сожида келин шашқатор ёшларини тиёлмас, саҳармардонда кира қилгани кетган эрини ичида койирди. Тонг отгунча ўғли иситмалаб чиққанини кўрган эдику. Лоақал шу бугун уйда ўтира қолса, бўлмасмиди? Дарров бориб, дўхтир олиб келарди. Тўсатдан кела қолган қандай дард бўлди бу?

Сожида келин кафти билан кўз ёшларини сидирди-да, ранги синиқиб кетган ўғлидан кўз узмай ўрнидан турди. Тисарилиб дераза олдига келди-да, ҳовлига аланглади. Аксига олиб бувиси ҳам кўринмасди. Невара келин шу топда бу кампирни ҳар қачонгидан ёмон кўриб кетди. Эшикма-эшик санқигунча уйида жимгина ўтирса бўлмайдими? Бу ёқда унинг боласи… ёлғиз ўғли қийналиб ётган бўлса…

– Буви! Ҳо, буви! – йиғи аралаш чақирди Сожида келин. Бироқ овози бўшашиб, хириллаб чиқди.

Бола унинг овозидан чўчиб, кўзини очди. Лабларини баъзўр қимирлатиб тамшанди. Сожида келин унинг бошини кўтариб, чой тутди.
– Ичақол, Элмуроджон…

Бола гезарган лабларини намлади-ю, ўзини орқага ташлади. Сожида келин уни авайлаб жойига ётқизди.

Қиссани тўлиқ ўқиш учун ( PDF форматда) юклаб олинг
ёки уни Calameo  дастури ёрдамида мутолаа қилинг

065

(Tashriflar: umumiy 84, bugungi 1)

Izoh qoldiring