Rauf Parfi. Ilk sonetlar & Rauf Parfi ijodida sonet

077    Устоз Рауф Парфи туғилган куни олдидан 

Сонет бадиияти хусусида гап кетар экан, бу услуб Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи ижоди, унинг шеъриятдаги янги шаклий изланишлари билан боғлиқ эканини эътироф этиш жоиз.

РАУФ ПАРФИ ИЖОДИДА СОНЕТ
Хонимқул Тожиев
Обидахон Файзуллаева
045

Сонет жанри қатъий қоидаларга бўйсунган шакл бўлишига қарамай унда тадрижий тараққиётнинг инсон шуурига қилган таъсир кучи тобора ортиб боргани маълум. “Сонетда давр яшайди, тўғрироғи даврлар”. Ғарб сонетшунослиги бадиий тажрибаларни анъанавий йўсинда ташкил этиб, ижтимоий муаммоларни ҳам ифодалаб келган бўлса, ўзбек миллий сонетнавислигида ушбу масалаларни янада кенгроқ миқёсда акс эттиришга интилиш кучайиб борди, яъни ҳаётнинг деярли барча муаммоларини қамраб олиш ва тасвирлашга интилиш сезилди. Сонетнинг анъанавий вазифасига ўзгача эстетик юк бахш этилди. Уни фавқулодда гўзал ташбеҳлар, янгича тимсоллар билан бойитишга ҳаракат қилинди. Сонет асосчиларидан Петрарка бадиияти ўзига хос бўлиб, унда ташбеҳлар, эпитетлар кўп қўлланилган. Лекин ўрта асрларга келиб сонетда кескин драматик жиҳатлар тасвири кучая борди. Поэзияда қад кўтарган шахснинг ҳиссиёт диалектикаси асосий планга чиқарилди. Худди мана шу ҳолатни Шекспир сонетларида кузатиш мумкин. Юқоридаги тарзда ҳиссиёт диалектикаси – бу улкан истеъдод белгиси бўлиши аниқ.

Бир сонетда Шекспир ўз даврининг қатъий йўриқларини инкор қилади. Кўзнинг порлоқ юлдузга қиёс этилишидан, дудоқнинг лаълга, ёноқнинг атиргулга ўхшатилиши устидан кулади. Лирик қаҳрамон маъшуқани деярли барча мақтовлардан озод қилади. Ёрнинг гўзал ташбеҳлари йўқлигини таъкидлаган ҳолда уларнинг сийқа эканлигига ҳам ишора қилади.

Бироқ барча сийқа қиёслардан у
Инсоф-ла айтганда, устун келар-ку.

Ушбу ҳиссиёт диалектикаси орқали у реалиcтик метод қўлланилишида ўзига хос намуна ярата олган.

033Ўзбек сонетларида ҳам миллий руҳиятда юз берган ўзгаришлар боис шеърий ифодада мутаносиблик кўзга ташланади. Ғарбона анъаналарнинг тадрижий тараққиёти натижасида вужудга келган ушбу жанр бадиий тажрибалари ўзбек миллий сонети шаклланишига омил бўлганлигини илғаш қийин эмас. Сонет бадиияти хусусида гап кетар экан, бу услуб Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи ижоди, унинг шеъриятдаги янги шаклий изланишлари билан боғлиқ эканини эътироф этиш жоиз.

Рауф Парфи лирикасида, асосан, ассоциатив тафаккур тарзи етакчилик қилади. Яъни, юқорида айтиб ўтилган тасаввурнинг иккинчи тури, лирик қаҳрамоннинг шаклланиш жараёни акс этиши – ассоциатив фикрлаш тарзи бадиий-эстетик тафаккур табиатининг устувор белгиларидан бири саналади. Бадиий тафаккур эса ижодкор билан ижтимоий воқелик ва борлиқ ўртасидаги муносабатлар ҳосиласи сифатида вужудга келади. Ушбу ҳодиса ижодкорнинг фикрлаш йўсини орқали ўзлигини намоён қилади. Шу маънода, адабиёт бир вақтнинг ўзида ҳам олий онг шакли, ҳам маънавий-ижтимоий ҳаёт кўриниши эканлигини исботлаб келаётир.
Мазкур ҳолатларнинг бадиий-эстетик ифодаси Рауф Парфи шеъриятида ўзига хос шаклларда, усулларда зуҳур топади. Ассоциация эса поэзияда истиоралар қўллаш, рамз-образларга мурожаат, контраст усуллардан фойдаланиш сингари ҳолатлар ҳисобига вужудга келади. Хусусан, истиоралар Рауф Парфи шеъриятида ҳиссий тафаккур психологиясини ёритишга, рамзли образлар табиатини очишга хизмат қилади. Шоирнинг “Зангори оғочман, ҳозир осаман” мисралари билан бошланувчи сонетида шоирнинг бадиий идроки истиоралар шаклида намоён бўлган. Сонетда зангори оғоч, қуёш, қиш, баҳор, барг каби истиоралар қўлланилган. Улар мураккаб ассоциатив поэтик образлар талқинида муҳим ўрин эгаллаган.

Зангори оғочман. Ҳозир осаман,
Қайта тириламан тўлиб сеҳрга
Ул Меҳранинг қанотини ёзаман,
Дунёларни тўлдираман меҳрга

Рауф Парфи шеъриятида дарахт бадиий образи ўрнида кўп ҳолларда асл туркий оғоч сўзи қўлланилади. Юқоридаги мисраларда кузатилгандек, оғоч-зангори шаклда, яъни лирик қаҳрамон кечинмалари ифодасида шоирнинг ижод палласи тасвири ўрин олган. Ижод палласи ҳолати яшнаган яшил дарахтга менгзалган. Яшил дарахт ҳақида сўз бораётганда шоир ассоциатив ҳолатни вужудга келтиради. “Ҳозир осаман” жумласи ўз-ўзидан савол туғдиради. Лирик қаҳрамон дарахт шоҳларига нимани осмоқчи ва бу ҳолат қай маънода? Аёнлашадики, “Зангори оғоч”да лирик қаҳрамон ўз меваларини пайдо қилмоқчи. Ана шу меваларда у қайтадан жонланади. Мевалар эса пишиб-етилиши учун қуёшни – Меҳрани чорлашади. Меҳра эса меваларни ларзонлаштиради. Поэтик мушоҳада шу тариқа ижод маҳсулига айланади. Сонетнинг иккинчи катренида лирик қаҳрамон кайфияти фожиавий ҳолат чизгиларида намоён бўлади. “Қиш” истиораси “бошида азалий оқтош”, “Қонли булутларга бурканиб қотган” каби ташбеҳлар тасаввуримизда инсоннинг аёзли, мусибатли ҳолатларини эсга солади. “Баҳор” истиорасига “музлаган оташ”, “зулматнинг жизғанак тонглари” каби ташбеҳлари уйқаш келаяпти. Бу эса инсон умрининг баҳори ҳам қонуниятларга асосланишини англатади. Сонетнинг ушбу катрени кульминацион ҳолат ҳисобланади. Ижодкор оддий инсондан фарқли ўлароқ ҳар бир манзарада ўзгача маъно уқа олади. Хусусан, фасллар тавсифида ҳам теран нигоҳи орқали ўйга толдирадиган манзаралар чиза олади. Сонетнинг терцет қисмида лирик қаҳрамон ижодкор сифатида ўзлигини, индивидуал жиҳатларини барг, халқ, оломон, шоир, шоҳ каби поэтик шаклларга беради:

Абадий коинот бирла қоламан,
Ўлсам чирқирайди овозим танда,
Энг янгроқ юлдузни узиб оламан.

Эзилган, хўрланган баргман тубанда,
Ёлғиз, ўзим-халқман, ўзим оломон,
Мен шоирман ахир, шоҳман, эй, банда.

Энг янгроқ юлдузни узиб олиши эса, ижод осмонида порлаётган юлдузга эгалик қилиш истаги, бу – мангуликка ишора. Барг бадиий образида “эзилган”, “хўрланган” ташбеҳларининг қўлланилиши ижодкор хоксорлигига ишора. Бу ҳолат сонетнинг ечими саналади. Шоир ўзлигини топганда, “ўз мен”ига эга бўлганида эса ўз оламининг “шоҳ”и даражасига кўтарилади. Кўринадики, асл лирик асар “Тилсиз сезгиларга сўз ва образ беради, уларга алоҳида умр бағишлайди”.

Ассоциатив тафаккур шоир шеърларидаги рамз – образлар орқали ҳам юзага келади. “Сиёвуш” номли сонетлар мажмуида тожу тахт даҳшатли қирғин-баротларга асос сифатида талқин этилади. Сиёвуш – рамз, яъни ўз фароғати-ю тожу тахтдан воз кечган, эзгуликлар учун жонини қурбон қилган шоҳ авлодининг тимсоли. Қалам эса покиза сўз айта олувчи ижодкор шахси тимсоли сифатида талқин этилади.

Қаламдан ўч олдинг. Сўзини ўйдинг
Сенинг қўлингдами ойнинг ажали?!

Шоирнинг “Муножот” сонетлар мажмуида шоир компаратив кўчимлардан ташқари контраст кўчим турларидан ҳам унумли фойдаланган. Сонетда “дўзахим-боғим”, “қорамни оқлаб бер” каби ифодалар шулар жумласидан. Лирик қаҳрамоннинг ҳаёт ҳақиқатларидан, унинг ўнқир-чўнқир йўлларидан, ноҳақликларидан зада ҳолати учун шоир ўзига хос кўчимлардан фойдаланади.

Нечун бошим узра қора шамоллар,
Осмонда игнадек нур йўқдир, нечун?
Балки судрар мени мудҳиш хаёллар,
Очғил кўзларингни, эй, сўнгсиз очун.

мисралардаги “Қора шамоллар” – ҳаётнинг салбий оқими, “игнадек нур” – ҳақиқат маъносидаги истиоралар бўлса, “судрар хаёллар”, “очгин кўзларингни очун”лар апострофалар, “мудҳиш хаёллар” ва “сўнгсиз очун” эса сифатлаш каби кўчим турлари қўлланилганлиги аёнлашади.

Шафтолиранг олам найза учинда…
Дунёлари ёлғон, мен ўлдим чиндан…
Улуғ Тангрим, сени аччиқ соғиндим.

Шеър давомида айнан ҳарф эмас, васл ва равий бирлиги такрорланиб келган, яъни “чин” бўлаги терцетлар оҳангдорлигини таъминлаган. Исломий фалсафа йўсинига кўра фоний дунё – ёлғон, синов дунёси, боқий дунё эса чин дунё. Лирик қаҳрамон назарида чин дунёда Ҳаққа, Ҳақиқатга эришиш мумкин. Бу билан қаҳрамоннинг фоний дунёдан ҳақиқат излаши ноўрин эканлиги таъкидланмоқда. Терцетдаги “шафтолиранг олам” ранги ёрқин бўлмаган, пўсти юпқа, оловлар ичидаги олам шу ҳолида найза учида, яъни омонат, бир кун эмас бир кун пароканда бўладиган ҳолатда тасвирланган. Ана шу омонат, ёлғон дунёдан қўл силтаган лирик қаҳрамон сўзлари, руҳий ҳолати самимий эканлигига “чиндан ўлиш” – “Ҳаққа етишиш истаги” орқали изоҳ беради. Ушбу ҳолатга асос сифатида Тангри соғинчи эсга олинади.

Шунингдек, сонетда “қоронғу нигоҳ”, “совуқ шивир”, “азиз товуш”, “рангин овоз”, “гўзал ғимирлаш”, “қора шамоллар”, “мудҳиш хаёллар”, “ёмғирли ёлғизлик” каби кўплаб ноанъанавий ташбеҳлар ва истиоралар қўлланилган бўлиб, уларнинг ҳар бири шоир назарда тутаётган поэтик ҳолатнинг, ижтимоий муҳит ва лирик субъектнинг фожиавий ҳолатини очиб бериш учун ишлатилган. Шунингдек, шоирни жанр композицион қурилиши ва специфик хусусиятлари, яъни, тугун, кўтарилиш, кульминация, ечим ҳолати ўзига жалб қилган бўлиши мумкин. Комиллик сари интилаётган инсон йўлидаги қийинчиликлар ифодаси ва у чиқариши зарур хулосалар, тўхтамлар учун ушбу композицион қурилиш айни муддао.

Ўзбек сонетнавислигида поэтик тасвир ва талқин имкониятларидан фойдаланиш тажрибаси масаласи юзасидан қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:

“Ўзбек сонети”да композицион силсила кўриниши акс этган, лекин уни мадҳ этувчи шеърлар сирасига киритиб бўлмайди. Бунга уларда акс этган вазиятлар хилма-хиллиги ва мавзулар кўлами асосдир. Ўзбек шеъриятида сонет жанрининг тараққиёт тадрижи мобайнида уни фавқулодда ташбеҳлар, янгича тимсоллар билан бойитиб боришга ҳаракат қилинди. Сонет поэтикасида кўчимларнинг компаратив ва контраст шакллардан кўпроқ фойдаланилди. Контигуал кўчим шакллари айрим ўринлардагина қўлланилди.

Рауф Парфи сонетлари кўпроқ ассоциатив тафаккур ҳосиласи сифатида юзага келган. Ассоциациялар сонетларда метафоралар қўллаш, рамз-образларга мурожаат, контраст усуллардан фойдаланиш ҳисобига вужудга келади. Шоир сонетларида жиддий муаммо қўйилади, кечинма ассоциатив фикрлаш тарзи орқали тавсифланади. Фалсафий йўналишдаги сонетларда комил инсон розлари, инсон эрки, миллат тақдирига қайғуриш, шоирнинг ўзига хос олами, Ватан муқаддаслиги, севги изтироблари ва ҳижрон дардлари асосий мавзу саналади.

Хуллас, ўзбек сонети бадиий-эстетик такомилида Рауф Парфи каби сонетнавис шоирларнинг ижоди муҳим рол ўйнаган.

Манба: «Шарқ юлдузи» журнали веб-саҳифаси

045Рауф ПАРФИ
ИЛК СОНЕТЛАР
045

…га сонет

Рад этилган муҳаббат далил,
Кечагидек ёдимда ҳамон.
О, севганман, дилбар, бир замон,
Сен хаёлим эдинг ҳамдами.

Инкор этдинг лекин совғамни,
Қалбим топтаб ўтдинг беомон.
Севмагансан асло – мен ёмон,
Ҳайҳот!Аччиқ севилиш ғами.

Не ахтардинг? – Хафалик ёлғиз.
Не қидирдинг? – Фақат кўз ёши
Ва ловуллаб адо бўлмас ҳис.

Унутолмас экан ҳеч бошим,
Ахир ҳаёт йўқдир офтобсиз;
Кел, сўнг марта порла, Қуёшим!

Хайрли тун
(Адам Мицкевичга ўхшатма)

Хайрли тун, эй соҳибжамол,
Тинчлик бергил менга ҳам.
Хайрли тун! Чиройлик олам,
Икки ёқут кўз ва ҳинду хол.

Сен-ла кетар уйқу, ўй-хаёл,
Ухлолмайман тун бўйи бир дам.
Айриламан бор бисотимдан,
Хайрли тун, майли, яхши қол.

Истамаса ҳам сира дилим
Хайрли тун дейман ётишда,
Чунки бу сўз одат азалий.

Висолингга ошиқ ва тонгни
Мен кутаман изтироб, ғашда,
Олтин тонгни – сени гўзалим!

Куз кечи

Мудрар, мудрар қалин теракзор,
Ухлар юпқа муз остида сув.
Алла айтар зар япроқлар қув,
Бир меъёрда аста – беозор.

Қуёш ойни излаб интизор
Ботди. Булутлари оқ парқу,
Ўз ҳукмига олганда уйқу
Ухлар эди олам беридо.

Куз кечига ҳамоҳанг, майин
Табиат чалади ўз найин –
Шивирлашар мен-ла япроқлар.

Келган каби гўё атайин
Юксакда бир юлдуз чарақлар,
Юксакда бир юлдуз чарақлар.

1958

***

Уйғонар Туркистон, уйғонар дунё,
Порлоқ умидларга тўлиб кун ботар.
Бахт сингари олис юлдузлар, гўё
Азал гўзалликнинг шаъмини ёқар.

Кўнглим осмон янглиғ. Ёришди осмон,
Келур от ўйнатиб Халоскор Сарбоз.
Ёрқин саҳарларда сен, Руҳим, омон
Юксак-юксакларга қилавер парвоз.

Эй Само, эй Замин, эй Инсон — Қодир,
Гуллар, чечакларга тўлсин ойдин йўл. .
Нафосатга ахир чидамли одам.

Бу кун сен бошқасан, Дунё бошқадир,
Сен-да ҳур туғилдинг. Бир сўзла. Бир ўл,
Ва билгил қайларда сарсондир Алам.

1962

***

Дафтардан бир варақ боқади кулиб,
Бевафо, келдингми яна бу фурсат.
Соат ҳам уринар қаҳрга тўлиб,
Йўқсан-ку, не учун келдинг, эй сурат?

Қаттиқроқ уринар яна-да соат,
Яна-да буруқсаб ёнмоқда чироқ.
Тун қуши ўкириб қилар ибодат,
Деразам ортидан эгилиб шу чоқ.

Қорайиб ёнарсен зулмат йўлинда,
Юрагимда ёниб битган севгилим.
Ўтган хотиралар ўнгу сўлимда.

Дафтардан расмингни олганман юлиб,
Суратсиз шу варақ менинг қўлимда,
Суратсиз варақда сен борсан, гулим.

***

Дарё мавжларига ёзилмиш ғазал,
Майсалар эгилиб ўқийдир китоб.
Шодланиб хандалар отар бир лаҳза,
Бир лаҳза оҳ тортиб қўяди офтоб.

Қамишлар шивирлар дарё томонда,
Кўқда оқ булутлар кезар бемажол.
Бир тирик нафосат борлиқ, жаҳонда,
Кимгадир эгилар, қилар илтижо.

Бу қадар гўзаллик қайси очунда,
Бу қайси китобдир, кимнинг дафтари,
Кимнинг аламидир қилич учинда?

Қалтираб порлайдир бир чироқ ғариб,
Бир қушча сайрайдир руҳим ичинда,
Бир қушча йиғлайдир мени ахтариб.

1963

044Ustoz Rauf Parfi tugʼilgan kuni oldidan 

Sonet badiiyati xususida gap ketar ekan, bu uslub Oʼzbekiston xalq shoiri Rauf Parfi ijodi, uning sheʼriyatdagi yangi shakliy izlanishlari bilan bogʼliq ekanini eʼtirof etish joiz.

RAUF PARFI IJODIDA SONET
Xonimqul Tojiev
Obidaxon Fayzullaeva
045

Sonet janri qat’iy qoidalarga bo’ysungan shakl bo’lishiga qaramay unda tadrijiy taraqqiyotning inson shuuriga qilgan ta’sir kuchi tobora ortib borgani ma’lum. “Sonetda davr yashaydi, to’g’rirog’i davrlar”. G’arb sonetshunosligi badiiy tajribalarni an’anaviy yo’sinda tashkil etib, ijtimoiy muammolarni ham ifodalab kelgan bo’lsa, o’zbek milliy sonetnavisligida ushbu masalalarni yanada kengroq miqyosda aks ettirishga intilish kuchayib bordi, ya’ni hayotning deyarli barcha muammolarini qamrab olish va tasvirlashga intilish sezildi. Sonetning an’anaviy vazifasiga o’zgacha estetik yuk baxsh etildi. Uni favqulodda go’zal tashbehlar, yangicha timsollar bilan boyitishga harakat qilindi. Sonet asoschilaridan Petrarka badiiyati o’ziga xos bo’lib, unda tashbehlar, epitetlar ko’p qo’llanilgan. Lekin o’rta asrlarga kelib sonetda keskin dramatik jihatlar tasviri kuchaya bordi. Poeziyada qad ko’targan shaxsning hissiyot dialektikasi asosiy planga chiqarildi. Xuddi mana shu holatni Shekspir sonetlarida kuzatish mumkin. Yuqoridagi tarzda hissiyot dialektikasi – bu ulkan iste’dod belgisi bo’lishi aniq.

Bir sonetda Shekspir o’z davrining qat’iy yo’riqlarini inkor qiladi. Ko’zning porloq yulduzga qiyos etilishidan, dudoqning la’lga, yonoqning atirgulga o’xshatilishi ustidan kuladi. Lirik qahramon ma’shuqani deyarli barcha maqtovlardan ozod qiladi. Yorning go’zal tashbehlari yo’qligini ta’kidlagan holda ularning siyqa ekanligiga ham ishora qiladi.

Biroq barcha siyqa qiyoslardan u
Insof-la aytganda, ustun kelar-ku.

Ushbu hissiyot dialektikasi orqali u realictik metod qo’llanilishida o’ziga xos namuna yarata olgan.

033O’zbek sonetlarida ham milliy ruhiyatda yuz bergan o’zgarishlar bois she’riy ifodada mutanosiblik ko’zga tashlanadi. G’arbona an’analarning tadrijiy taraqqiyoti natijasida vujudga kelgan ushbu janr badiiy tajribalari o’zbek milliy soneti shakllanishiga omil bo’lganligini ilg’ash qiyin emas. Sonet badiiyati xususida gap ketar ekan, bu uslub O’zbekiston xalq shoiri Rauf Parfi ijodi, uning she’riyatdagi yangi shakliy izlanishlari bilan bog’liq ekanini e’tirof etish joiz.

Rauf Parfi lirikasida, asosan, assotsiativ tafakkur tarzi yetakchilik qiladi. Ya’ni, yuqorida aytib o’tilgan tasavvurning ikkinchi turi, lirik qahramonning shakllanish jarayoni aks etishi – assotsiativ fikrlash tarzi badiiy-estetik tafakkur tabiatining ustuvor belgilaridan biri sanaladi. Badiiy tafakkur esa ijodkor bilan ijtimoiy voqelik va borliq o’rtasidagi munosabatlar hosilasi sifatida vujudga keladi. Ushbu hodisa ijodkorning fikrlash yo’sini orqali o’zligini namoyon qiladi. Shu ma’noda, adabiyot bir vaqtning o’zida ham oliy ong shakli, ham ma’naviy-ijtimoiy hayot ko’rinishi ekanligini isbotlab kelayotir.
Mazkur holatlarning badiiy-estetik ifodasi Rauf Parfi she’riyatida o’ziga xos shakllarda, usullarda zuhur topadi. Assotsiatsiya esa poeziyada istioralar qo’llash, ramz-obrazlarga murojaat, kontrast usullardan foydalanish singari holatlar hisobiga vujudga keladi. Xususan, istioralar Rauf Parfi she’riyatida hissiy tafakkur psixologiyasini yoritishga, ramzli obrazlar tabiatini ochishga xizmat qiladi. Shoirning “Zangori og’ochman, hozir osaman” misralari bilan boshlanuvchi sonetida shoirning badiiy idroki istioralar shaklida namoyon bo’lgan. Sonetda zangori og’och, quyosh, qish, bahor, barg kabi istioralar qo’llanilgan. Ular murakkab assotsiativ poetik obrazlar talqinida muhim o’rin egallagan.

Zangori og’ochman. Hozir osaman,
Qayta tirilaman to’lib sehrga
Ul Mehraning qanotini yozaman,
Dunyolarni to’ldiraman mehrga

Rauf Parfi she’riyatida daraxt badiiy obrazi o’rnida ko’p hollarda asl turkiy og’och so’zi qo’llaniladi. Yuqoridagi misralarda kuzatilgandek, og’och-zangori shaklda, ya’ni lirik qahramon kechinmalari ifodasida shoirning ijod pallasi tasviri o’rin olgan. Ijod pallasi holati yashnagan yashil daraxtga mengzalgan. Yashil daraxt haqida so’z borayotganda shoir assotsiativ holatni vujudga keltiradi. “Hozir osaman” jumlasi o’z-o’zidan savol tug’diradi. Lirik qahramon daraxt shohlariga nimani osmoqchi va bu holat qay ma’noda? Ayonlashadiki, “Zangori og’och”da lirik qahramon o’z mevalarini paydo qilmoqchi. Ana shu mevalarda u qaytadan jonlanadi. Mevalar esa pishib-yetilishi uchun quyoshni – Mehrani chorlashadi. Mehra esa mevalarni larzonlashtiradi. Poetik mushohada shu tariqa ijod mahsuliga aylanadi. Sonetning ikkinchi katrenida lirik qahramon kayfiyati fojiaviy holat chizgilarida namoyon bo’ladi. “Qish” istiorasi “boshida azaliy oqtosh”, “Qonli bulutlarga burkanib qotgan” kabi tashbehlar tasavvurimizda insonning ayozli, musibatli holatlarini esga soladi. “Bahor” istiorasiga “muzlagan otash”, “zulmatning jizg’anak tonglari” kabi tashbehlari uyqash kelayapti. Bu esa inson umrining bahori ham qonuniyatlarga asoslanishini anglatadi. Sonetning ushbu katreni kul`minatsion holat hisoblanadi. Ijodkor oddiy insondan farqli o’laroq har bir manzarada o’zgacha ma’no uqa oladi. Xususan, fasllar tavsifida ham teran nigohi orqali o’yga toldiradigan manzaralar chiza oladi. Sonetning tertset qismida lirik qahramon ijodkor sifatida o’zligini, individual jihatlarini barg, xalq, olomon, shoir, shoh kabi poetik shakllarga beradi:

Abadiy koinot birla qolaman,
O’lsam chirqiraydi ovozim tanda,
Eng yangroq yulduzni uzib olaman.

Ezilgan, xo’rlangan bargman tubanda,
Yolg’iz, o’zim-xalqman, o’zim olomon,
Men shoirman axir, shohman, ey, banda.

Eng yangroq yulduzni uzib olishi esa, ijod osmonida porlayotgan yulduzga egalik qilish istagi, bu – mangulikka ishora. Barg badiiy obrazida “ezilgan”, “xo’rlangan” tashbehlarining qo’llanilishi ijodkor xoksorligiga ishora. Bu holat sonetning yechimi sanaladi. Shoir o’zligini topganda, “o’z men”iga ega bo’lganida esa o’z olamining “shoh”i darajasiga ko’tariladi. Ko’rinadiki, asl lirik asar “Tilsiz sezgilarga so’z va obraz beradi, ularga alohida umr bag’ishlaydi”.

Assotsiativ tafakkur shoir she’rlaridagi ramz – obrazlar orqali ham yuzaga keladi. “Siyovush” nomli sonetlar majmuida toju taxt dahshatli qirg’in-barotlarga asos sifatida talqin etiladi. Siyovush – ramz, ya’ni o’z farog’ati-yu toju taxtdan voz kechgan, ezguliklar uchun jonini qurbon qilgan shoh avlodining timsoli. Qalam esa pokiza so’z ayta oluvchi ijodkor shaxsi timsoli sifatida talqin etiladi.

Qalamdan o’ch olding. So’zini o’yding
Sening qo’lingdami oyning ajali?!

Shoirning “Munojot” sonetlar majmuida shoir komparativ ko’chimlardan tashqari kontrast ko’chim turlaridan ham unumli foydalangan. Sonetda “do’zaxim-bog’im”, “qoramni oqlab ber” kabi ifodalar shular jumlasidan. Lirik qahramonning hayot haqiqatlaridan, uning o’nqir-cho’nqir yo’llaridan, nohaqliklaridan zada holati uchun shoir o’ziga xos ko’chimlardan foydalanadi.

Nechun boshim uzra qora shamollar,
Osmonda ignadek nur yo’qdir, nechun?
Balki sudrar meni mudhish xayollar,
Ochg’il ko’zlaringni, ey, so’ngsiz ochun.

misralardagi “Qora shamollar” – hayotning salbiy oqimi, “ignadek nur” – haqiqat ma’nosidagi istioralar bo’lsa, “sudrar xayollar”, “ochgin ko’zlaringni ochun”lar apostrofalar, “mudhish xayollar” va “so’ngsiz ochun” esa sifatlash kabi ko’chim turlari qo’llanilganligi ayonlashadi.

Shaftolirang olam nayza uchinda…
Dunyolari yolg’on, men o’ldim chindan…
Ulug’ Tangrim, seni achchiq sog’indim.

She’r davomida aynan harf emas, vasl va raviy birligi takrorlanib kelgan, ya’ni “chin” bo’lagi tertsetlar ohangdorligini ta’minlagan. Islomiy falsafa yo’siniga ko’ra foniy dunyo – yolg’on, sinov dunyosi, boqiy dunyo esa chin dunyo. Lirik qahramon nazarida chin dunyoda Haqqa, Haqiqatga erishish mumkin. Bu bilan qahramonning foniy dunyodan haqiqat izlashi noo’rin ekanligi ta’kidlanmoqda. Tertsetdagi “shaftolirang olam” rangi yorqin bo’lmagan, po’sti yupqa, olovlar ichidagi olam shu holida nayza uchida, ya’ni omonat, bir kun emas bir kun parokanda bo’ladigan holatda tasvirlangan. Ana shu omonat, yolg’on dunyodan qo’l siltagan lirik qahramon so’zlari, ruhiy holati samimiy ekanligiga “chindan o’lish” – “Haqqa yetishish istagi” orqali izoh beradi. Ushbu holatga asos sifatida Tangri sog’inchi esga olinadi.

Shuningdek, sonetda “qorong’u nigoh”, “sovuq shivir”, “aziz tovush”, “rangin ovoz”, “go’zal g’imirlash”, “qora shamollar”, “mudhish xayollar”, “yomg’irli yolg’izlik” kabi ko’plab noan’anaviy tashbehlar va istioralar qo’llanilgan bo’lib, ularning har biri shoir nazarda tutayotgan poetik holatning, ijtimoiy muhit va lirik sub’ektning fojiaviy holatini ochib berish uchun ishlatilgan. Shuningdek, shoirni janr kompozitsion qurilishi va spetsifik xususiyatlari, ya’ni, tugun, ko’tarilish, kul`minatsiya, yechim holati o’ziga jalb qilgan bo’lishi mumkin. Komillik sari intilayotgan inson yo’lidagi qiyinchiliklar ifodasi va u chiqarishi zarur xulosalar, to’xtamlar uchun ushbu kompozitsion qurilish ayni muddao.

O’zbek sonetnavisligida poetik tasvir va talqin imkoniyatlaridan foydalanish tajribasi masalasi yuzasidan quyidagi xulosalarga kelish mumkin:

“O’zbek soneti”da kompozitsion silsila ko’rinishi aks etgan, lekin uni madh etuvchi she’rlar sirasiga kiritib bo’lmaydi. Bunga ularda aks etgan vaziyatlar xilma-xilligi va mavzular ko’lami asosdir. O’zbek she’riyatida sonet janrining taraqqiyot tadriji mobaynida uni favqulodda tashbehlar, yangicha timsollar bilan boyitib borishga harakat qilindi. Sonet poetikasida ko’chimlarning komparativ va kontrast shakllardan ko’proq foydalanildi. Kontigual ko’chim shakllari ayrim o’rinlardagina qo’llanildi.

Rauf Parfi sonetlari ko’proq assotsiativ tafakkur hosilasi sifatida yuzaga kelgan. Assotsiatsiyalar sonetlarda metaforalar qo’llash, ramz-obrazlarga murojaat, kontrast usullardan foydalanish hisobiga vujudga keladi. Shoir sonetlarida jiddiy muammo qo’yiladi, kechinma assotsiativ fikrlash tarzi orqali tavsiflanadi. Falsafiy yo’nalishdagi sonetlarda komil inson rozlari, inson erki, millat taqdiriga qayg’urish, shoirning o’ziga xos olami, Vatan muqaddasligi, sevgi iztiroblari va hijron dardlari asosiy mavzu sanaladi.

Xullas, o’zbek soneti badiiy-estetik takomilida Rauf Parfi kabi sonetnavis shoirlarning ijodi muhim rol o’ynagan.

Manba: «Sharq yulduzi» jurnali veb-sahifasi

045Rauf
PARFI

ILK SONETLAR
045

…ga sonet

Rad etilgan muhabbat dalil,
Kechagidek yodimda hamon.
O, sevganman, dilbar, bir zamon,
Sen xayolim eding hamdami.

Inkor etding lekin sovg’amni,
Qalbim toptab o’tding beomon.
Sevmagansan aslo – men yomon,
Hayhot!Achchiq sevilish g’ami.

Ne axtarding? – Xafalik yolg’iz.
Ne qidirding? – Faqat ko’z yoshi
Va lovullab ado bo’lmas his.

Unutolmas ekan hech boshim,
Axir hayot yo’qdir oftobsiz;
Kel, so’ng marta porla, Quyoshim!

Xayrli tun
(Adam Mitskevichga o’xshatma)

Xayrli tun, ey sohibjamol,
Tinchlik bergil menga ham.
Xayrli tun! Chiroylik olam,
Ikki yoqut ko’z va hindu xol.

Sen-la ketar uyqu, o’y-xayol,
Uxlolmayman tun bo’yi bir dam.
Ayrilaman bor bisotimdan,
Xayrli tun, mayli, yaxshi qol.

Istamasa ham sira dilim
Xayrli tun deyman yotishda,
Chunki bu so’z odat azaliy.

Visolingga oshiq va tongni
Men kutaman iztirob, g’ashda,
Oltin tongni – seni go’zalim!

Kuz kechi

Mudrar, mudrar qalin terakzor,
Uxlar yupqa muz ostida suv.
Alla aytar zar yaproqlar quv,
Bir me’yorda asta – beozor.

Quyosh oyni izlab intizor
Botdi. Bulutlari oq parqu,
O’z hukmiga olganda uyqu
Uxlar edi olam berido.

Kuz kechiga hamohang, mayin
Tabiat chaladi o’z nayin –
Shivirlashar men-la yaproqlar.

Kelgan kabi go’yo atayin
Yuksakda bir yulduz charaqlar,
Yuksakda bir yulduz charaqlar.

1958

***

Uyg’onar Turkiston, uyg’onar dunyo,
Porloq umidlarga to’lib kun botar.
Baxt singari olis yulduzlar, go’yo
Azal go’zallikning sha’mini yoqar.

Ko’nglim osmon yanglig’. Yorishdi osmon,
Kelur ot o’ynatib Xaloskor Sarboz.
Yorqin saharlarda sen, Ruhim, omon
Yuksak-yuksaklarga qilaver parvoz.

Ey Samo, ey Zamin, ey Inson — Qodir,
Gullar, chechaklarga to’lsin oydin yo’l. .
Nafosatga axir chidamli odam.

Bu kun sen boshqasan, Dunyo boshqadir,
Sen-da hur tug’ilding. Bir so’zla. Bir o’l,
Va bilgil qaylarda sarsondir Alam.

1962

***

Daftardan bir varaq boqadi kulib,
Bevafo, keldingmi yana bu fursat.
Soat ham urinar qahrga to’lib,
Yo’qsan-ku, ne uchun kelding, ey surat?

Qattiqroq urinar yana-da soat,
Yana-da buruqsab yonmoqda chiroq.
Tun qushi o’kirib qilar ibodat,
Derazam ortidan egilib shu choq.

Qorayib yonarsen zulmat yo’linda,
Yuragimda yonib bitgan sevgilim.
O’tgan xotiralar o’ngu so’limda.

Daftardan rasmingni olganman yulib,
Suratsiz shu varaq mening qo’limda,
Suratsiz varaqda sen borsan, gulim.

***

Daryo mavjlariga yozilmish g’azal,
Maysalar egilib o’qiydir kitob.
Shodlanib xandalar otar bir lahza,
Bir lahza oh tortib qo’yadi oftob.

Qamishlar shivirlar daryo tomonda,
Ko’qda oq bulutlar kezar bemajol.
Bir tirik nafosat borliq, jahonda,
Kimgadir egilar, qilar iltijo.

Bu qadar go’zallik qaysi ochunda,
Bu qaysi kitobdir, kimning daftari,
Kimning alamidir qilich uchinda?

Qaltirab porlaydir bir chiroq g’arib,
Bir qushcha sayraydir ruhim ichinda,
Bir qushcha yig’laydir meni axtarib.

1963

Sahifadagi Rauf Parfi portreti rassom Aziza Mamatova mo’yqalamiga tegishli

044

(Tashriflar: umumiy 2 317, bugungi 1)

Izoh qoldiring