Ibrohim Haqqul. Tadqiq, talqin va targ’ib sarhisobi

03 Бундан ўттиз, ўттиз беш йил аввалги ўзбек адабиётшунослиги билан бугунги адабиётшунослик орасида мувофиқлаштириб бўлмас тафовут бор: адабиёт сингари адабиётшунослик ҳам сиёсий, мафкуравий таъқиб, партиявий назоратлардан халос бўлди. Бу эркинлик, айниқса, ўтмиш адабиёт тадқиқу таҳлилларида янада ёрқинроқ кўзга ташланади.

ТАДҚИҚ, ТАЛҚИН ВА ТАРҒИБ САРҲИСОБИ
Иброҳим ҲАҚҚУЛ
филология фанлари доктори, профессор


“Истиқлол даври тилшунослиги, адабиётшунослиги ва фольклоршунослигининг долзарб масалалари” мавзусидаги республика илмий анжуманида қилинган маъруза


Бундан ўттиз, ўттиз беш йил аввалги ўзбек адабиётшунослиги билан бугунги адабиётшунослик орасида мувофиқлаштириб бўлмас тафовут бор: адабиёт сингари адабиётшунослик ҳам сиёсий, мафкуравий таъқиб, партиявий назоратлардан халос бўлди. Бу эркинлик, айниқса, ўтмиш адабиёт тадқиқу таҳлилларида янада ёрқинроқ кўзга ташланади.

099Шарқ мумтоз адабиёти аслида самовий софлик, илоҳий гўзаллик, руҳий завқ-шавқ, ишқ ва ирфон ёлқинидан пайдо бўлган ўзига хос адабиётдир. Унинг олам, одамга қараши, айниқса, ҳаётга муносабати ғарб ижодкорлариникидан тубдан фарқланади. Буни ҳисобга олмай ва тақлид чегарасидан нари ўтолмаслик миллий адабиётшуносликни бутунлай бошқа йўналишга буриб юборди. Мужоҳид шоиримиз Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон аччиқ истеҳзо билан “Бу дунё деб у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку”, дейди. Ваҳоланки, мумтоз санъаткорлардан ҳеч бири бу дунёни охиратга, охиратни эса тириклик оламига қарши қўймаган. Шу сабабга кўра ҳам, улар дин дарёсида эркин сузиб, тасаввуф чашмасидан қониб-қониб сув ичишган. Шўро босқинидан кейин дин ўрнини даҳрийлик эгаллаб, тасаввуфга яқинлашиш таъқиқлангач, диний, тасаввуфий асарларни ўрганиш тўхтатилганди. Бу ноҳақлик ва зўравонликка мустақиллик чек қўйди. Истиқлол билан баб-баробар яссавийшуносликнинг янгидан қад ростлаши, унинг наинки ўзбек, балки туркий халқлар орасида мустақил қиёфаси ва фаоллигини кўрсатишга эришиши адабиётшунослигимизнинг эътирофга лойиқ зафарларидандир. Айни шундай фикрни тасаввуф ва ўзбек тасаввуф адабиёти тадқиқига доир изланиш ҳамда қўлга киритилган ютуқлар борасида ҳам айтиш мумкин. Тўғри, ҳар иккала масалада инкорчилик, тескаригўйлик, ғашланишу ташланиш ҳолатларидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Аммо карвон катта йўлга чиққач, ҳасад ва товламачилик нари турсин, ҳатто қаҳру ғазабдан ҳам натижа чиқмаслигини унутмаслик жоиз. Мумтоз ижодкорларнинг тасаввуфий ғоя ва маънолар дарж этилган асарлари ўрганилган мақола, рисола ва китобларнинг қизиқиш билан қабул қилиниб, холис баҳоланаётгани юқоридаги фикрнинг бир далилидир.

Яссавийлик, нақшбандийлик, кубравийлик ва бадиий ижод мавзусида ёзилган диссертация ва монографиялардан ҳар бирининг тамалида мустақиллик ва истиқлол инъом айлаган ишонч, илҳом, ғайрат мавжудлигини ҳис этолмаслик ёки тан олмаслик мустамлакачилик мафкураси, босқинчилик ғояси таъсиридан фориғ бўлолмасликнинг айни ўзидир.

Тасавввуфшунослик ўзига хос алоҳида бир қобилият. Уни қоралаб, тасаввуф адабиётига қарши турганлар, руҳонияти паст, маънавий имкони беҳад чекланган, гўзаллик ва нафосат туйғусидан маҳрум ашаддий атеист кимсалар бўлишган. Зоҳирда улар фикран ўзгаргандай кўринишса ҳам ботинда динга, тасаввуфга ғанимлиги ўзгармаган. Буни унутмаслик керак. Чунки бу ҳол ёш тадқиқотчиларни қалби ишқ ва ирфон завқ-шавқидан йироқ “аллома”лар таъсиридан муҳофаза этиш, уларга тўғри йўл кўрсатиш, учун ҳам зарур, деб ўйлаймиз.

Энди мухтасар тарзда бўлимимиз фаолиятига тўхталиб ўтсак. Ўтган ўттиз йил мобайнида Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти Ўзбек мумтоз адабиёт тарихи бўлими ходимларининг олтмишдан зиёд китоб ва рисолалари чиқди. Улар орасида устоз олимларимиз профессор Абдуқодир Ҳайитметовнинг “Навоийхонлик суҳбатлари” (Тошкент, 1993), “Темурийлар даври ўзбек адабиёти” (Тошкент, 1996), “Адабий меросимиз уфқлари” (Тошкент, 1997), Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниеванинг “Навоий насри нафосати” (Тошкент, 2000), “Навоий ёдга олган асарлар” (Тошкент, 2004), профессор Абдурашид Абдуғафуровнинг “Буюк бешлик сабоқлари” (Тошкент, 1995), “Қалб қаъридаги қадриятлар” (Тошкент, 1998), филология фанлари номзоди Ёқубжон Исҳоқовнинг “Нақшбандия таълимоти ва ўзбек адабиёти” (Тошкент, 2002), “Сўз санъати сўзлиги” (Тошкент, 2014) каби асарлари бор. Профессор Иброҳим Ҳаққулнинг “Камол эт касбким…” (Тошкент, 1991), “Тасаввуф ва шеърият” (Тошкент, 1991), “Эътиқод ва ижод” (Тошкент, 2007), кетма-кет тўрт жилди ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилган “Навоийга қайтиш” (Тошкент, 2007, 2011, 2016, 2020), “Абдулла Қаҳҳор жасорати” (Тошкент, 2007), “Тақдир ва тафаккур” (Тошкент, 2007), “Мерос ва моҳият” (Тошкент, 2008), “Шахсият ва шеърият” (Тошкент, 2014), “Сўздаги ўзлик” (Тошкент, 2013.), “Талант – жасорат жавҳари” (Тошкент, 2018), “Ҳаёт, адабиёт ва абадият” (Тошкент, 2019), филология фанлари номзодлари Қодиржон Эргашевнинг “Ўзбек насрида иншо” (Тошкент, 2011), “Некоторые аспекты государственной дятельности Алишера Навои” (Тошкент, 2012), Сайфиддин Сайфуллоҳнинг “Мажоз ва ҳақиқат” (Атойининг поэтик маҳорати) (Тошкент, 1995), “Дунёнинг муршидлари” (Бухоролик етти пир) (Тошкент, 2019), Эргаш Очиловнинг “Алишер Навоий” (Тошкент, 2011), “Бир ҳовуч дур” (Тошкент, 2011), “Ишқ ва ҳайрат олами” (И.Ҳаққул билан ҳамкорликда, Тошкент, 2017), Буробия Раджабованинг “Оналар билан суҳбат” (Тошкент, 2014), “Ўзум сори боқма, сўзум сори боқ” (Тошкент, 2015), “Муштарак адабий ҳодисалар” (Тошкент, 2019), “Навоий ижодида Амир Темур сиймоси” (Тошкент, 2019) китоблари эълон қилинди. Шунингдек, ёш олимлардан филология фанлари докторлари Нодирхон Ҳасаннинг “Яссавийликка доир манбалар ва “Девони Ҳикмат” (Тошкент, 2012), Мақсуд Асадовнинг ринд ва риндлик мавзуси, соқийнома жанридан баҳс юритилган “Риндона маъно ва руҳият тасвири” (Тошкент, 2019), “Соқийнома: тарих ва поэтика” (Тошкент, 2020), фан номзодлари Сирдарёхон Ўтанованинг “Алишер Навоий ғазалиётида ранг символикаси” (Тошкент, 2011), Зулайҳо Раҳмонованинг “Ишқ, ирфон ва иршод” (Тошкент, 2021) монографиялари ўқувчилар қўлига етиб борди. Бошқа илмий муассаса ва Олий ўқув юртларида амалга оширилган тадқиқотлар бирма-бир тилга олинса, адабиётшунослик ва танқидчилик бенуқсон, фақат муваффақиятга эришган соҳага ўхшаб таассурот уйғотади. Ҳолбуки, бундай эмас.

Мустақиллик йилларида Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Заҳиридддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Аваз Ўтар, Амир Умархон, Увайсий, Нодира, Анбар Отин, Садриддин Айний, Абдурауф Фитрат каби ўнлаб шоиру адиблар ҳаёти, ижодига бағишлаб конференция ва илмий анжуманлар ташкил этилди. Бўлимимиз аъзолари бу йиғинларда ҳам фаол қатнашиб, илмий тўплам ва мажмуаларда маъруза матнларини эълон қилишди.

Конференция материаллари жамланган у ёхуд бу мавзудаги тўпламларни варақлаб баъзан нега керак бунақа жадалкорлик, шундай йўл билан илм-фан ривожланадими, деган хаёллар ҳам кишини безовталантиради.

Яна бир фикр. Кейинги йилларда адабиётшунослик ва тилшуносликка оид мақола, маъруза ёки чиқишларда ном санаш, рўйхатбозлик ва қуруқдан-қуруқ маълумот келтириш қарийб урфга айланиб қолди. Ваҳоланки, маъно ва моҳиятда, тадқиқ ва талқинда, услуб ва ифодада ўзига хослик, ақл ва қалбни тебратадиган янгилик бўлмаса, ҳеч қандай маълумот, мақтов ва эътироф ўзини оқламайди. Филологларнинг совет даврида нашр қилинган юзлаб, илмий, илмий-оммабоп китоб, монография ва рисолаларининг туғилиш тарихи ва тақдирини бир тасаввур қилинг. Уларнинг маъно-мундарижаси нари турсин, кўпчилигининг ҳатто номи ҳам эътиборга лойиқ кўрилмай қолди. Нима учун?! Шу борада очиқ ва бетараф фикр алмашиниб адабиётга қараш ўзгартирилмаса, адабиётшуносликнинг жўнлик, якранглик, тақлид чангалидан қутилиши чўзилаверади.

Мана, навоийшуносликни олайлик: қувонса арзирли ўзгаришлар, эътирофга лойиқ янгиликлар мавжуд ва уларнинг сони ҳам, сифати ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори навоийшунослик истиқболига янада катта ва собит умид билан қарашга илҳомлантиради. Шунга қарамасдан, бизнинг назаримизда, навоийшунослик ҳам мустамлакачи империядан мерос қолган учта жиддий хато ва чалғишдан ҳамон қутила олгани йўқ. Биринчиси, расмиятчилик раъйи-равишига қараб, Навоий ижодиётини замонавийлаштириб, маърифатдан йироқ кимсалар савиясига мослаштириш. Иккинчиси, улуғ мутафаккир адабий меросини хориж адабиётшунослиги назарий қолипларига мувофиқлаштириб, Шарқ адабиёти табиати, моҳият ва мушоҳада тамойили, энг асосийси унинг идеалига ҳеч тўғри келмайдиган фикр-мулоҳаза ёки шарҳларни илгари суриш. Учинчиси, илмий таҳлил ва талқинларда дин, тасаввуф, фалсафа алоқасини ҳисобга олмай, шарқ адабиётидаги анъанавийлик тажрибасини назарга илмаслик. Мазкур хато ва чалғишлар олидингидан ҳам авж олаётгани тўғрисида бирмас, бир неча мақола эълон этдик. Илм – спорт эмас. Боз устига шошқалоқлик, муқаллидлик спортчига зафар келтирмаганидек, ҳовлиқмалик ва нусхакашлик илмга ҳеч равнақ беролмайди.

Навоийшуносликда янгилик яратишдан бонг ураётганлар эса ғайриилмийликдан ўзга таянчи йўқ сувратпарастлардир. Мирзо Абдулқодир Бедил “Киеки олим шудам гуфт, жоҳил шуд” – “Кимки олим бўлдим деса, жоҳиллиги унинг шудир”, дейди. Олимликни жоҳилликдан, тўғриликни ҳийлаю найрангдан ажратганлар ҳеч вақт беҳуда ғавғо, манфаат ва шон-шуҳрат муноқашаларига бош қўшмаган ва қўшмайдилар. Ўн томлик Навоий Тўла асарлар тўплами чоп эттирилганда ҳам, “Навоий қомуси”нинг1-жилди нашрга топширилганда ҳам мен буни янада аниқ билдим.

Адабиётшунослик ўзининг кучсизлик, ожизлик, турғунликларини ҳаққоний англаб, зоҳирбинлик, қуруқ тарғиботу ташвиқот ғаразларидан тийилмаса, танқидчиликка ўхшаб ночор аҳволга тушиши ҳеч гапмас.

Алишер Навоий бир фардида ёзганки:

Аблаҳ они билки, оламдан бақо қилғай тамаъ,
Аҳмақ улким, олам аҳлидин вафо қилғай тамаъ.

Башариятни Ҳақ йўлидан оздириб, гўзаллик ишқи ва ҳақиқат туйғусини пажмурда айловчи ушбу тамаъ ва моддий манфаат ҳирси ҳар қанақа кишини адабиёт ва санъатдан йироқлаштиради. Ҳақиқий олим Ватан, миллат, давлат, дин, тарих, ҳақиқат, адолат, маърифат ва адабиёт каби муқаддас тушунчаларни бир-биридан ажратмасдан, ҳеч бир тамаю иддаосиз куч-қувватини ушбу тушунчалар истиқболига сарфлайди. Шунда илмнинг илмлиги, олимнинг олимлиги тўла-тўкис руёбга чиқади. Акс ҳолда олимлик тиланчилик, даллолик ёки чайқовчиликдан унча ҳам фарқланмай қолади. Алишер Навоий:

Кимки илмни воситаи жоҳ этар,
Ўзинию халқни ҳам гумроҳ этар,–

деганда масаланинг айни шу томонини эътиборда тутганки, буни биз назардан четга суришга мутлақо ҳаққимиз ҳам, ҳуқуқимиз ҳам йўқ.

Bundan oʼttiz, oʼttiz besh yil avvalgi oʼzbek adabiyotshunosligi bilan bugungi adabiyotshunoslik orasida muvofiqlashtirib boʼlmas tafovut bor: adabiyot singari adabiyotshunoslik ham siyosiy, mafkuraviy taʼqib, partiyaviy nazoratlardan xalos boʼldi. Bu erkinlik, ayniqsa, oʼtmish adabiyot tadqiqu tahlillarida yanada yorqinroq koʼzga tashlanadi.

TАDQIQ, TАLQIN VА TАRGʼIB SАRHISOBI
Ibrohim HАQQUL
filologiya fanlari doktori, professor


“Istiqlol davri tilshunosligi, adabiyotshunosligi va folьklorshunosligining dolzarb masalalari” mavzusidagi respublika ilmiy anjumanida qilingan maʼruza


Bundan oʼttiz, oʼttiz besh yil avvalgi oʼzbek adabiyotshunosligi bilan bugungi adabiyotshunoslik orasida muvofiqlashtirib boʼlmas tafovut bor: adabiyot singari adabiyotshunoslik ham siyosiy, mafkuraviy taʼqib, partiyaviy nazoratlardan xalos boʼldi. Bu erkinlik, ayniqsa, oʼtmish adabiyot tadqiqu tahlillarida yanada yorqinroq koʼzga tashlanadi.

Sharq mumtoz adabiyoti aslida samoviy soflik, ilohiy goʼzallik, ruhiy zavq-shavq, ishq va irfon yolqinidan paydo boʼlgan oʼziga xos adabiyotdir. Uning olam, odamga qarashi, ayniqsa, hayotga munosabati gʼarb ijodkorlarinikidan tubdan farqlanadi. Buni hisobga olmay va taqlid chegarasidan nari oʼtolmaslik milliy adabiyotshunoslikni butunlay boshqa yoʼnalishga burib yubordi. Mujohid shoirimiz Аbdulhamid Sulaymon Choʼlpon achchiq istehzo bilan “Bu dunyo deb u dunyoni bahosiz pulga sotdim-ku”, deydi. Vaholanki, mumtoz sanʼatkorlardan hech biri bu dunyoni oxiratga, oxiratni esa tiriklik olamiga qarshi qoʼymagan. Shu sababga koʼra ham, ular din daryosida erkin suzib, tasavvuf chashmasidan qonib-qonib suv ichishgan. Shoʼro bosqinidan keyin din oʼrnini dahriylik egallab, tasavvufga yaqinlashish taʼqiqlangach, diniy, tasavvufiy asarlarni oʼrganish toʼxtatilgandi. Bu nohaqlik va zoʼravonlikka mustaqillik chek qoʼydi. Istiqlol bilan bab-barobar yassaviyshunoslikning yangidan qad rostlashi, uning nainki oʼzbek, balki turkiy xalqlar orasida mustaqil qiyofasi va faolligini koʼrsatishga erishishi adabiyotshunosligimizning eʼtirofga loyiq zafarlaridandir. Аyni shunday fikrni tasavvuf va oʼzbek tasavvuf adabiyoti tadqiqiga doir izlanish hamda qoʼlga kiritilgan yutuqlar borasida ham aytish mumkin. Toʼgʼri, har ikkala masalada inkorchilik, teskarigoʼylik, gʼashlanishu tashlanish holatlaridan ham koʼz yumib boʼlmaydi. Аmmo karvon katta yoʼlga chiqqach, hasad va tovlamachilik nari tursin, hatto qahru gʼazabdan ham natija chiqmasligini unutmaslik joiz. Mumtoz ijodkorlarning tasavvufiy gʼoya va maʼnolar darj etilgan asarlari oʼrganilgan maqola, risola va kitoblarning qiziqish bilan qabul qilinib, xolis baholanayotgani yuqoridagi fikrning bir dalilidir.

Yassaviylik, naqshbandiylik, kubraviylik va badiiy ijod mavzusida yozilgan dissertatsiya va monografiyalardan har birining tamalida mustaqillik va istiqlol inʼom aylagan ishonch, ilhom, gʼayrat mavjudligini his etolmaslik yoki tan olmaslik mustamlakachilik mafkurasi, bosqinchilik gʼoyasi taʼsiridan forigʼ boʼlolmaslikning ayni oʼzidir.

Tasavvvufshunoslik oʼziga xos alohida bir qobiliyat. Uni qoralab, tasavvuf adabiyotiga qarshi turganlar, ruhoniyati past, maʼnaviy imkoni behad cheklangan, goʼzallik va nafosat tuygʼusidan mahrum ashaddiy ateist kimsalar boʼlishgan. Zohirda ular fikran oʼzgarganday koʼrinishsa ham botinda dinga, tasavvufga gʼanimligi oʼzgarmagan. Buni unutmaslik kerak. Chunki bu hol yosh tadqiqotchilarni qalbi ishq va irfon zavq-shavqidan yiroq “alloma”lar taʼsiridan muhofaza etish, ularga toʼgʼri yoʼl koʼrsatish, uchun ham zarur, deb oʼylaymiz.

Endi muxtasar tarzda boʼlimimiz faoliyatiga toʼxtalib oʼtsak. Oʼtgan oʼttiz yil mobaynida Oʼzbek tili, adabiyoti va folьklori instituti Oʼzbek mumtoz adabiyot tarixi boʼlimi xodimlarining oltmishdan ziyod kitob va risolalari chiqdi. Ular orasida ustoz olimlarimiz professor Аbduqodir Hayitmetovning “Navoiyxonlik suhbatlari” (Toshkent, 1993), “Temuriylar davri oʼzbek adabiyoti” (Toshkent, 1996), “Аdabiy merosimiz ufqlari” (Toshkent, 1997), Oʼzbekiston Qahramoni Suyima Gʼanievaning “Navoiy nasri nafosati” (Toshkent, 2000), “Navoiy yodga olgan asarlar” (Toshkent, 2004), professor Аbdurashid Аbdugʼafurovning “Buyuk beshlik saboqlari” (Toshkent, 1995), “Qalb qaʼridagi qadriyatlar” (Toshkent, 1998), filologiya fanlari nomzodi Yoqubjon Ishoqovning “Naqshbandiya taʼlimoti va oʼzbek adabiyoti” (Toshkent, 2002), “Soʼz sanʼati soʼzligi” (Toshkent, 2014) kabi asarlari bor. Professor Ibrohim Haqqulning “Kamol et kasbkim…” (Toshkent, 1991), “Tasavvuf va sheʼriyat” (Toshkent, 1991), “Eʼtiqod va ijod” (Toshkent, 2007), ketma-ket toʼrt jildi oʼquvchilar hukmiga havola etilgan “Navoiyga qaytish” (Toshkent, 2007, 2011, 2016, 2020), “Аbdulla Qahhor jasorati” (Toshkent, 2007), “Taqdir va tafakkur” (Toshkent, 2007), “Meros va mohiyat” (Toshkent, 2008), “Shaxsiyat va sheʼriyat” (Toshkent, 2014), “Soʼzdagi oʼzlik” (Toshkent, 2013.), “Talant – jasorat javhari” (Toshkent, 2018), “Hayot, adabiyot va abadiyat” (Toshkent, 2019), filologiya fanlari nomzodlari Qodirjon Ergashevning “Oʼzbek nasrida insho” (Toshkent, 2011), “Nekotorыe aspektы gosudarstvennoy dyatelьnosti Аlishera Navoi” (Toshkent, 2012), Sayfiddin Sayfullohning “Majoz va haqiqat” (Аtoyining poetik mahorati) (Toshkent, 1995), “Dunyoning murshidlari” (Buxorolik yetti pir) (Toshkent, 2019), Ergash Ochilovning “Аlisher Navoiy” (Toshkent, 2011), “Bir hovuch dur” (Toshkent, 2011), “Ishq va hayrat olami” (I.Haqqul bilan hamkorlikda, Toshkent, 2017), Burobiya Radjabovaning “Onalar bilan suhbat” (Toshkent, 2014), “Oʼzum sori boqma, soʼzum sori boq” (Toshkent, 2015), “Mushtarak adabiy hodisalar” (Toshkent, 2019), “Navoiy ijodida Аmir Temur siymosi” (Toshkent, 2019) kitoblari eʼlon qilindi. Shuningdek, yosh olimlardan filologiya fanlari doktorlari Nodirxon Hasanning “Yassaviylikka doir manbalar va “Devoni Hikmat” (Toshkent, 2012), Maqsud Аsadovning rind va rindlik mavzusi, soqiynoma janridan bahs yuritilgan “Rindona maʼno va ruhiyat tasviri” (Toshkent, 2019), “Soqiynoma: tarix va poetika” (Toshkent, 2020), fan nomzodlari Sirdaryoxon Oʼtanovaning “Аlisher Navoiy gʼazaliyotida rang simvolikasi” (Toshkent, 2011), Zulayho Rahmonovaning “Ishq, irfon va irshod” (Toshkent, 2021) monografiyalari oʼquvchilar qoʼliga yetib bordi. Boshqa ilmiy muassasa va Oliy oʼquv yurtlarida amalga oshirilgan tadqiqotlar birma-bir tilga olinsa, adabiyotshunoslik va tanqidchilik benuqson, faqat muvaffaqiyatga erishgan sohaga oʼxshab taassurot uygʼotadi. Holbuki, bunday emas.

Mustaqillik yillarida Аlisher Navoiy, Аbdurahmon Jomiy, Zahiridddin Muhammad Bobur, Muhammad Rizo Ogahiy, Аvaz Oʼtar, Аmir Umarxon, Uvaysiy, Nodira, Аnbar Otin, Sadriddin Аyniy, Аbdurauf Fitrat kabi oʼnlab shoiru adiblar hayoti, ijodiga bagʼishlab konferentsiya va ilmiy anjumanlar tashkil etildi. Boʼlimimiz aʼzolari bu yigʼinlarda ham faol qatnashib, ilmiy toʼplam va majmualarda maʼruza matnlarini eʼlon qilishdi.

Konferentsiya materiallari jamlangan u yoxud bu mavzudagi toʼplamlarni varaqlab baʼzan nega kerak bunaqa jadalkorlik, shunday yoʼl bilan ilm-fan rivojlanadimi, degan xayollar ham kishini bezovtalantiradi.

Yana bir fikr. Keyingi yillarda adabiyotshunoslik va tilshunoslikka oid maqola, maʼruza yoki chiqishlarda nom sanash, roʼyxatbozlik va quruqdan-quruq maʼlumot keltirish qariyb urfga aylanib qoldi. Vaholanki, maʼno va mohiyatda, tadqiq va talqinda, uslub va ifodada oʼziga xoslik, aql va qalbni tebratadigan yangilik boʼlmasa, hech qanday maʼlumot, maqtov va eʼtirof oʼzini oqlamaydi. Filologlarning sovet davrida nashr qilingan yuzlab, ilmiy, ilmiy-ommabop kitob, monografiya va risolalarining tugʼilish tarixi va taqdirini bir tasavvur qiling. Ularning maʼno-mundarijasi nari tursin, koʼpchiligining hatto nomi ham eʼtiborga loyiq koʼrilmay qoldi. Nima uchun?! Shu borada ochiq va betaraf fikr almashinib adabiyotga qarash oʼzgartirilmasa, adabiyotshunoslikning joʼnlik, yakranglik, taqlid changalidan qutilishi choʼzilaveradi.

Mana, navoiyshunoslikni olaylik: quvonsa arzirli oʼzgarishlar, eʼtirofga loyiq yangiliklar mavjud va ularning soni ham, sifati ham kundan-kunga ortib bormoqda. Oʼzbekiston Prezidenti Shavkat Mirziyoevning Аlisher Navoiy tavalludining 580 yilligini keng nishonlash toʼgʼrisidagi qarori navoiyshunoslik istiqboliga yanada katta va sobit umid bilan qarashga ilhomlantiradi. Shunga qaramasdan, bizning nazarimizda, navoiyshunoslik ham mustamlakachi imperiyadan meros qolgan uchta jiddiy xato va chalgʼishdan hamon qutila olgani yoʼq. Birinchisi, rasmiyatchilik raʼyi-ravishiga qarab, Navoiy ijodiyotini zamonaviylashtirib, maʼrifatdan yiroq kimsalar saviyasiga moslashtirish. Ikkinchisi, ulugʼ mutafakkir adabiy merosini xorij adabiyotshunosligi nazariy qoliplariga muvofiqlashtirib, Sharq adabiyoti tabiati, mohiyat va mushohada tamoyili, eng asosiysi uning idealiga hech toʼgʼri kelmaydigan fikr-mulohaza yoki sharhlarni ilgari surish. Uchinchisi, ilmiy tahlil va talqinlarda din, tasavvuf, falsafa aloqasini hisobga olmay, sharq adabiyotidagi anʼanaviylik tajribasini nazarga ilmaslik. Mazkur xato va chalgʼishlar olidingidan ham avj olayotgani toʼgʼrisida birmas, bir necha maqola eʼlon etdik. Ilm – sport emas. Boz ustiga shoshqaloqlik, muqallidlik sportchiga zafar keltirmaganidek, hovliqmalik va nusxakashlik ilmga hech ravnaq berolmaydi.

Navoiyshunoslikda yangilik yaratishdan bong urayotganlar esa gʼayriilmiylikdan oʼzga tayanchi yoʼq suvratparastlardir. Mirzo Аbdulqodir Bedil “Kieki olim shudam guft, johil shud” – “Kimki olim boʼldim desa, johilligi uning shudir”, deydi. Olimlikni johillikdan, toʼgʼrilikni hiylayu nayrangdan ajratganlar hech vaqt behuda gʼavgʼo, manfaat va shon-shuhrat munoqashalariga bosh qoʼshmagan va qoʼshmaydilar. Oʼn tomlik Navoiy Toʼla asarlar toʼplami chop ettirilganda ham, “Navoiy qomusi”ning1-jildi nashrga topshirilganda ham men buni yanada aniq bildim.

Аdabiyotshunoslik oʼzining kuchsizlik, ojizlik, turgʼunliklarini haqqoniy anglab, zohirbinlik, quruq targʼibotu tashviqot gʼarazlaridan tiyilmasa, tanqidchilikka oʼxshab nochor ahvolga tushishi hech gapmas.

Аlisher Navoiy bir fardida yozganki:

Аblah oni bilki, olamdan baqo qilgʼay tamaʼ,
Аhmaq ulkim, olam ahlidin vafo qilgʼay tamaʼ.

Bashariyatni Haq yoʼlidan ozdirib, goʼzallik ishqi va haqiqat tuygʼusini pajmurda aylovchi ushbu tamaʼ va moddiy manfaat hirsi har qanaqa kishini adabiyot va sanʼatdan yiroqlashtiradi. Haqiqiy olim Vatan, millat, davlat, din, tarix, haqiqat, adolat, maʼrifat va adabiyot kabi muqaddas tushunchalarni bir-biridan ajratmasdan, hech bir tamayu iddaosiz kuch-quvvatini ushbu tushunchalar istiqboliga sarflaydi. Shunda ilmning ilmligi, olimning olimligi toʼla-toʼkis ruyobga chiqadi. Аks holda olimlik tilanchilik, dallolik yoki chayqovchilikdan uncha ham farqlanmay qoladi. Аlisher Navoiy:

Kimki ilmni vositai joh etar,
Oʼziniyu xalqni ham gumroh etar,–

deganda masalaning ayni shu tomonini eʼtiborda tutganki, buni biz nazardan chetga surishga mutlaqo haqqimiz ham, huquqimiz ham yoʼq.

056

(Tashriflar: umumiy 584, bugungi 1)

Izoh qoldiring