Olloyor Begaliyev. Adabiy etyudlar & Tolqin Eshbek. Do’st ziyosi

60Адиб Оллоёр Бегалиев- Хўжандийни 60 ёши билан чин юракдан қутлаймиз!

   Публицистикаси, ҳажвлари, фалсафий-сатирик шеърияти булоқдек қайнаётган Оллоҳёр Хужандийни расмона 60 ёш билан қутлаб, бу сана қўл қовуштириш учун ҳеч қандай имтиёз бермаслигини яна бир бор таъкидлайман. Фақат ижод, ижод ва ижод!

ДЎСТ ЗИЁСИ
Тўлқин Эшбек
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари номзоди

Дўстимни кутяпман. Дарвоза очиқ,
Кўча чироғин ҳам қўйибман ёқиб.
Дўст дея боқар кўз кимсасиз томон:
Ҳаёт кутиш нури билан нурафшон…

Андрей Вознисенский

Америкалик машҳур фантаст ёзувчи Рэй Брэдберида шундай жумла бор: “Биз ҳаммамиз – болаликданмиз” . Яъни, бизлар қайси мамлакатда, қандай мавқеъ, эътиқод ва ирқдаги оилада дунёга келмайлик, дастлаб “Болалик” деб аталадиган салтанатнинг фуқароларига айланамиз. Ўз оиласидаги “бола-пошшо”лар кўчада тенглашамиз: кўҳна дунёнинг жажжи ўқувчи-ўрганувчиларига айланамиз. Орамиздаги бўлғуси президентлар, вазирлар, врачлару бошқа касб эгалари, ўғрилар ва муттаҳамлар битта коптокни қувиб футбол ўйнаймиз. Ўйин майдончамиз битта бўлади – кўча.
Вақт эса ана шу майдончадан ҳаммани бўлмаса-да, кўпларни узоққа олиб кетади. Бири катта лавозимга миниб, ўз кўчасига бошқа назар билан қарайди ва унда пайдо бўлган янги авлод болаларига қулай бўлиши учун, алоҳида футбол майдончаси қуриб беради. Бошқаси эса тадбиркорга айланиб, шу кўчанинг четида ўз дўконини ишга солади. Яна бири эса, тиланчига айланади, унинг четида қўл узатиб ўтиради…
Ҳам устозим, ҳам дўстим Оллоёр ака Бегалиев-Хўжандий ана шу кўчадан ижодкорлик йўлига кириб кетди. Бу эса “Болалик” салтанати фуқаролигидан воз кечмасликдир. Ижодкорни икки паспорт эгаси, икки мамалакат фуқароси, дейиш мумкин. Ижод онларида у ўша салтанатга вақтинча “хизмат сафари”га ёки дам олиб келишга йўл олади. Ижод – бир пайтининг ўзида ишлаш, истироҳат ва яшашдир. Кўзга кўринмас чегарадаги поспонлар қанча вақтга келганингни сўрашмайди: хоҳлаганингча юравер. Афсус-ки, бунинг иложи йўқ.
Бу сафарлардан Оллоёр ака кўп ва катта нарса олиб қайтмаса-да, ҳамиша пичоққа илинадиган бирор ихчам нарса кўтариб келади: шеър, эртак, ҳикоя, пародия, адабий-танқид. Сўзга хасислик ҳам китобхоннинг вақтига ҳурматдир.
olloyor Ўттиз йиллар бурун, бир ижодкор дўстимиз Оллоёр аканинг жуда кўп жанрларда ёзишидан куйиниб, “кучини биттасига қаратса яхши бўларди, кўзга кўринарли каттароқ нарса ёзарди”, — деб қолди. Севимли адибимиз Шойим ака Бўтаев бунга жавобан: “Унинг битта пародияси бир хил бемаза шоирларнинг бутун бир тўпламига арзийди, изланаверсин”, — деганди.
Бу лавҳани бекорга келтирмадим. Ўзим ҳам Оллоёр ака билан илк танишувим 1988-йилда, пионерлар газетаси “Ленин учқуни”да эълон қилинган шеъримга шоир ёзган пародия “Ўзбекистон Адабиёти ва Санъати” газетасида чиққанида юз берган. Чеховнинг бир ҳикоясида бир йигитнинг номи уни арава туртиб кетгани учун маҳаллий газетанинг “Ҳодисалар” хроникасида чиққанидан хурсанд бўлиб кетгани каби роса қувонганман. Албатта, мени оддий шалдироқ аравамас, ўша пайтлари шеърлари, ҳажвиялари, адабий эртаклари, адабий-танқидий мақолалари билан ном чиқарган, қалами найзадай ўткир шоир пародияси билан “туртиб кетган” (айтиш мумкин-ки, кўкарган жойи эсдан чиқмаслиги учун расмга ҳам тушиб қўйган бўлардим), бу “ҳодиса” эса маҳаллий газетамас – ўзбек адабиётининг муқаддас жаридасида эълон қилинган – ўз номимни мазкур муборак ҳафтаномадан илк бор жой олганининг ўзи катта воқеа эди. Ишхонамдагилар табриклаган, мен эса бу зотни кўриш иштиёқига тушган!
Илк учрашувимиз ҳам жуда комик тарзда юз берган. Оллоёр ака ишлайдиган “Гулхан” журналидаги адабиёт бўлимининг очиқ эшигидан кираркан, жанжалнинг устига бориб қолибман. Алқисса, олис вилоятлик 8-синф қизчасининг шеъри синфдоши бўлмиш ўғил боланинг номидан журналда эълон қилинган, 10-синфда ўқийдиган акаси билан адолатни тиклагани келишган экан.
Мен жанжални кузатганча энг четдаги стулда кутиб тура қолдим. Маълум бўлишича, ўша синфдош бола қизнинг шеьр дафтарини ўғирлаб олиб, ундан 4тача шеьр ёзилган вароқни юлиб олган ва “Гулхан”га юборган. Воқеанинг қизиқ томони, ўша бола конверт устига таҳририят манзилини хатинг чиройли, дея ўша қизнинг ўзига ёздириб олган экан. Қизча ҳамон адолат тикланишини талаб қилиб туриб олган, синфдоши унинг дафтарини ўғирлаганини-ю, конверт ичида ўзининг шеърлари борлигини билмасдан, манзилни ёзиб берганман деб туриб олганди. Шу пайти кутилмаган ҳолат юз бериб, акасининг ори келиб кетди ва: “Сен ҳали синфдош боланинг конвертига ёзиб беряпсанми?!” – дея синглисининг юзига тарсаки тортиб юборса денг! Оллоёр ака иккаламиз энди қизчани ҳимоя қилишга тушиб кетдик. Мен 10-синфда ўқийдиган акани зўрға ушлаб турардим ва шундай оркаш йигитларимиз борлигидан ғурурланардим ҳам: “Уйга қайтайлик, агар ораларингда бир гап бўлса, сениям, ўша боланиям соғ қўймайман!” – дея пишқирарди ғазабдан олови чиқиб кетган ака…
Ана шунақа ғаройиб ҳолатда танишганмиз. Бу ғаройиботлик кейинги йиллардаги дўстликлик, устоз-шогирдлигимизгагина эмас, бутун бир ижтимоий-сиёсий-маьнавий ҳаётимизга таъмал тоши бўлган экан.
Ахир, ўша пайти Рашидов номини сотганлар остига сув кетаётган, социализм ғалаба қилган салтанат аста-секин чокидан сўкилаётган, миллий истиқлол ҳаракати бош кўтараётган, етмиш йиллик шўро ақидалари шубҳа остига олинаётганди. Адиблар, журналистлар бу жабҳада четда турармиди?! Оллоёр ака билан истиқлол борасида жуда кўп баҳслашардик. Матбуотда эълон қилинаётган публицистик мақолалар, тўғридан-тўғри эфирга узатилаётган депутатларнинг мужодалалари фикрлаш учун бой мавзулар берарди. Оллоёр ака менинг бир қанча публицистик мақолаларимни таҳрир қилиб, назардан соқит қилган нуқталаримни қўшдирарди. Ўзларининг 1990-йили “Чўлпон” нашриётида 75 000 тиражда чоп қилинган “Сеҳрли уйқу” адабий – эртаклар тўпламига киритилган миллий-истиқлол руҳидаги эртакларининг ёзилишига ҳурфикрли муҳаррири Чори Аваз сабачи бўлганини қайта-қайта таъкидларди. Ҳа, чинакам муҳаррирлар баъзан китобнинг иккинчи, кўзга кўринмас муаллифига айланиб ҳам қолишади! Эртакларидан бирига эса истиқлолнинг толмас курашчиларидан бири, дўстимиз Аъзам Ўктамнинг: “Алла айтсанг, болангни ухлатмаслик учун айт!” – деган мисраларини эпиграф қилиб олганди. Уларнинг, айниқса, Равшан Файз, Эшқобил Шукур, Асқар Маҳкам, Абдували Қутбиддин, Замира Эгамбердиева, Зулфия Мўминова, Одил Икром, Абдумажид Азим, Туроб Ниёзларнинг ўзаро дўстлигини кўриб, ҳавас қилардим. Улар умум иш учун бирдек қўш тортишарди. Ахир бизга – адабиётимизнинг 80-йиллар бўғини бўлмишларга акаларимиз – Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аьзам каби адибларнинг якдиллиги намуна эди. Ҳар бир авлод вакиллари ўзларидан кейин келадиганлар учун ибрат бўлишга лойиқ бўлмоғи керак экан!
Оллоёр аканинг ана шу рекорд тиражда чиққан адабий-эртаклар тўпламидан муҳтарам адабиётшуносимиз, бир қатор дарсликлар ҳаммуаллифи Сафо Матжонов бошлонғич синфлар учун ўқиш китобларига танлаб олгани ҳам бежизмас. Шу билан бирга, 1993-йилда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Усмон Носир номидаги мукофоти билан публицистика бўйича каминаларининг, адиб Қўчқор Норқобил, шоир Абдували Қутбиддин қатори Оллоёр аканинг ҳам тақдирланиши ҳам!
Атоқли ҳажвчи, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Неъмат ака Аминовдан, ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстдан Оллоёр аканинг ҳажвий иқтидори ҳақида мақтовларни кўп эшитганман. Эркин Аъзам бир гал: “Оллоёрнинг сўзини ҳам, ўзини ҳам яхши кўраман!” – деганлари ҳам у кишининг салоҳиятига берилган ҳақли баҳо.
Оллоёр аканинг шеъриятимизга қўшаётган ҳиссаси ҳам катта. Абу Жаьфар Рўдакийнинг содда, аммо шундай ёзиш қийин бўлган шеърий усули бўлмиш “саҳли мумтанеъ” ( осону мушкул, иложсиз) асосан халқ оғзаки ижодига яқиндир. Оллоёр аканинг шеърлари ҳам халқона содда, аммо шу усулда ёзишга уруниш ҳаммага ҳам муваффақият келтиравермайди. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Муҳаммад Юсуфдан кейин бўшаб қолган бу йўлни, бу усулни Оллоёр ака ўзлаштира бошлаганини кўриб қувонаман.
Умуман, Оллоёр ака тинчгина турган сувга тош отишни, ҳамма ёққа сув сачратишни яхши кўради. Ўзининг долзарб мавзудаги публицистик мақолалари тугул, бошқаларнинг мақолаларига раддия ёзиш билан ҳам сокингина турган матбуотни ҳаракатга солиб юборади. Бир гал, нимага ўзингизнинг ноҳақлигингизни била туриб ҳам баҳс бошладингиз, қанча ҳақоратлар эшитиб олдингиз, деб сўраганимда, берган жавобларидан лол қолганман: “Гапларимни ярми ҳақ эди, ярми ноҳақ. Аммо, шуни била туриб ҳам баҳсни бошлаганим – рақибларимни белгилаб, жамоатчиликни қўзғаб қўйиш эди. Ҳамма нарса жойидалиги, ҳамма нарса аён ва равшанлиги яхши эмас. Менга ўхшаб хато ўйлаётганлар бору, улар буни яширишади ёки шу хато қараш билан чиқишиб яшайверишади. Шубҳа қўзғаб туриш керак, шунда асл ҳақиқатни айтадиганларга баҳона топилади, ҳам каминадек “чаласаводни” яхшилаб ҳақорат қилиб олишади, ҳам ўзларига очко ишлаб олишади. Бунга мен имконият яратиб бераман, ҳам баҳсни бериб бораётган газета ютади – муҳлислари давраси кенгаяди. Билимдонларга ана шундай садақа қилиб туриш керак. “Чаласаводлигим”дан эса гонорар ишлаб оламан – менга энг кераклиси шу!” Албатта, бу гапларнинг ярми ҳазил тариқасида айтилган. Ўзи устидан кула оладиган ижодкорлар эса жуда камдан-камдир.
Оллоёр аканинг уйимизга келиши доим байрамга айланиб кетарди. Адабиёт ҳақида тўйиб гаплашиб олардим. Тошкентда ишлаб юрганларида Қибрайдиги квартирамга кўп келардилар. Ҳар ҳафта келиб қолармикин, деб йўлга қараб қўярдим. Газета-журналарни ҳам устозимнинг бирор нарсаси чиққанмикин деб, тез-тез қараб чиқардим. Жуда сермаҳсул, устоз Анвар Обиджон каби “олти жанрда” ёзадиган кам сонли адибларимиздан. Оллоёр ака уюшма аъзолигига қабул қилинган мажлисда устозлари, мунаққид Иброҳим ака Ғафуров шундай деган эканлар: “Оллоёрнинг таъби нозикмас – олдидан чиққан ҳамма нарсани ғажиб ташлайди. Адабиётимизга ана шундай ўткир жағли “қора ишчи”лар ҳам керак” (1991, апрели).
Ҳаётдаги асл мақтовлар ҳамиша расмий нашрларда акс этавермайди. 2000-йиллардан кейин мамлакатда хусусий газеталар тури жуда кўпайди, рақобат кучайди. Яхши ёзувчилар талаш бўлди. Ўша пайтлари бундай матбуот турига нописанд қарашлар ҳам бўлган. Уларнинг 200-300 минг тиражларига киноя билан қараганмиз. Ҳозирги матбуот нашрларимизнинг тиражи ўнминглик сарҳадга етолмаётган бир пайтда ўша дамларни соғинч билан эслашга мажбурмиз. Халқ мутолаага ташна эди. Ўша пайти Оллоёр аканинг давомли қиссалари, ҳикоялари, ҳажвиялари, таржималари, публицистик мақолалари, сатирик шеърлари ҳар ҳафта уч-тўртта газеталарда узлуксиз олти-етти йил чиқиб, гонорар ҳисобидан тирикчилик қиладиган ғарб ёзувчиларига тенглашиб олганди.
Бу йилларда катта ёшдаги ёзувчиларимиз бу нашрларга қатнашишдан ор қилишган, тўғрироғи улар мўлжални йўқотиб қўйишганди. “Социалистик реализм”дан бир сакраб капиталистик олам, “бозор иқтисодиёти”га мос адабиёт “реализми”га ўтиб кетиш осонмас. Бир тузимни бошқасига аламаштириш бир одамнинг дунёқарашини ўзгартиришдан осонроқ. Ахир бизда бунга бой тажриба бор. Дейлик, 1917-йилги Чор Россиясида амалга оширилган давлат тўнтаришидан кейин йўқсиллар тузимига “бир юмалаб” ўтмадикми?
Ўша дамларда тарихи “минг асрлар ичра пинҳон ўзбегим”нинг яқин 10 миллионли оммаси қаёққа юришини билмай гарангсираб қолганди. Вазиятни жадидчиларимиз қўлга олишди. Мухторият талаб қилиб чиқишди. Демократиянинг биринчи синфи тугул, “богчаси”га ҳам ҳали қатнамаган”мухториятчи”ларни турли ваъдалар билан алдашиб, ишни “ёпди-ёпди” қилишди. Муваққат эркинликлар берилди. Ана шу омонат эркинлик даврида Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб”, Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романлари, Усмон Носирнинг оташин лирикаси, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Фитратнинг драмалари юз кўрсатди. “Дам бу дамдир, ўша ҳам – бугундир” – иборасига амал қилган бу ижодкорларимиз ҳам пайт пойлаганларида бугунги адабиётимиз жудаям ғариб бир ҳолга келиб қолган бўларди. Асрий анъаналардан воз кечмаган ҳолда янги замон адабиётини яратиш учун илҳом ташрифини бошқа — тинч, сув лойқаси тинган даврларга белгилаб бўлармиди?! Илҳом туш янглиғ бир келиб қоладиган нарса, уйғонганингдан кейин уни на эслай оласан, на баён қила оласан…
Мустақиллик йилларида Оллоёр ака айниқса ҳажвиёт бобида кўп қалам тебратди ва бу бежиз эмас. Ўтиш даври ҳамиша парадоксларга – кутилмаган тўқнашувларга, нотўғри талқинларга, комизимга, “кулгуга қоришган кўзёшлар”га бой бўлади. Айни ана шундай ўтиш даврларидан Ги де Мопассаннинг “Дўндиқ” каби ўнлаб сатирик ҳикоялари, Чеховнинг ҳажвиёти, Ильф ва Петровнинг “Ўникки стул”, “Олтин бузоқча” романлари, Михаил Булгаковнинг ўткир сатирадан иборат “Уста ва Маргарита” романи, Зошченконинг ҳикоялари, Қодирийнинг “Калвак Махзум кундаликлари”, “Тошпўлат тажанг не дейди” силсилалари, Ғафур Ғуломнинг “луқма”лари, Азиз Несин ҳажвиёти, Михаил Жванецкий, Михаил Задоронов сатиралари бой мавзу топган.
Оллоёр ака ҳам бозор иқтисодиётига ўтиш даврининг барча “жозибадорлиги”ни ҳажв қаламига олди ва Абдулла Қодирийнинг 100 йилиги муносабати билан ўтказилган Республика бўйича ҳажвичилар танлови лаурети бўлди. Фантастик асарлар жон талваса қилаётган йиллари “Келажакка қайтган қуш” фантастик қиссаси билан Мустақилликнинг 5-йиллиги қонкурсида лауреатлар қаторидан жой олди.
Юқорида таъкидлаб ўтганиимдек, расмий тан олинишлар бугун тиражлар, оммабопликмас, асосан адабий муҳит марказига яқинлик билан мезонланади. Қандайдир бир торгина доирадан ташқаридаги адабий ҳаёт ҳисобга олинмайди. Бу ерда ҳам инсон омили аҳамият касб этади. Уч-тўртта ҳал қилувчи одамнинг эътиборида бўлмадингми, сен умуман йўқ одамсан, йўқ адибсан. Яна хотирага Абдулла Қаҳҳорнинг қалампир тўла эскартиши келади: “Айрим танқидчиларнинг қўлида “тоғораси” бор! Агар кетинг ана шу тоғорага сиғмаса, сени чиқитга чиқариб юборишади”. Нақадар ҳақ ва муҳтарам адибимизнинг ўзлари таъкидлагандек “эски қази”сига ўхшаган гап: “Қанча чайнасанг, шунча мазаси чиқади!”
Бу гапни бежиз айтмаяпман. 2004-йиллари эди. Оллоёр аканинг жамоатчилик асосида чиқарилган альманахдаги “Кўзгунинг тушлари” деган каттагина фантастик ҳикоясидан асл муаллиф номини олиб ташлаб, ғароийб тажриба ўтказиш учун унга ўйлаб топилган аргентиналик ёзувчи номини қўйдим ва ўз таржимам дея каттакон бир журналга тақдим этдим. Муҳаррир уни диққат билан ўқиб чиқди ва америкаликларга қойил қолди! “Мана чинакам проза! Бизникилар ёзишни билмайди! Кейинги сонгаёқ қўйиб юбораман!”
Мен бунақа қизиққонликни кутмагандим ва шошиб қолдим: “Кечирасиз-у, буни ўзимизникилар ёзган… Мен шунчаки…” (асли айтмаслигим керак экан, чиққанида зўр иш бўларди. Кейинчалик билсам, ўшангача Оллоёр аканинг анча ҳикоялари айнан мазкур муҳарир томонидан қайтариб берилган экан).
…Бош муҳаррирнинг шу қадар жаҳли чиқиб кетди-ки, қўлёзмани юзимга отди: “Бу қанақа масхарабозлик! Қандайдир “сариқ матбуот”да чиққан нарсани, бир тийинга қиммат қоғозбознинг нарсасини тиқиштиргани уялмадингизми! На маъно бор, на мазмун!”
Ана керак бўлса: “Хўрозқанд хорижники дейилса ётиб ялашади!” Беихтиёр, ёзувчи Экзюперининг “Бола пошшо”сидаги гаплар ёдга келади: “Биз катталар жуда ғаройиб халқмиз. Агар олим туркча феска-ю, чопон кийган ҳолда минбарда “Бутунолам жозиба қонуни”ни кашф этганини айтса ҳеч ким ишонмайди, аммо шу гапни овропача фрагу, капалак нусха галстук таққан ҳолда айтса, ҳаммамиз ўрнимиздан туриб қарсак чаламиз”.
Бу ўринда миллий кийим ҳақида ҳам бир-икки оғиз. Устоз шоир Муҳаммад Юсуф: “Дўппи киймай қўйди одамлар” – дея шеър ёзган 1989-йиллари, Оллаёр ака ташаббус кўрсатиб, Тошкент кўчаларида ва ишхонасида қора тўн, чуст дўппи ва оқ яктак кийиб юришни бошлаб берганди. Кейин шоирлар Аъзам Ўктам, Қадам ака Саидмурод ва бошқалар бу ҳаракатга қўшилишди. Ҳозир, Уюшмамизга келганда кўпчиликнинг бошида “чуст дўппилар, анжан дўппилар”га кўз тушиб дилим яйрайди.
Оллоёр аканинг 60 ёшга кириб қўйганини шунчаки статистик маълумот ўрнида кўраман. Инсоннинг ўртача ёши узайган айни даврда бу ёшни кўпам муҳтарам, мункиллашга баҳона ёш ўрнида кўрмайман ва шоир акамизнинг ўзида ҳам бунинг тасдиғини кузатиб турибман. Публицистикаси, ҳажвлари, фалсафий-сатирик шеърияти булоқдек қайнаётган Оллоҳёр Хужандийни расмона 60 ёш билан қутлаб, бу сана қўл қовуштириш учун ҳеч қандай имтиёз бермаслигини яна бир бор таъкидлайман. Фақат ижод, ижод ва ижод!

Оллоёр Бегалиев
АДАБИЙ ЭТЮДЛАР


  Оллоёр Бегалиев 1961 йилда туғилган. Тошкент Маданият институтини битирган(1988). Узоқ йиллар марказий нашрлар (“Гулхан” журнали, “Чўлпон” нашриёти) ва “Ўзтелерадио”да муҳаррирлик қилган. Илк шеърлари билан ўрта мактабда ўқиб юрган пайтларидан матбуотда қатнашиб, кейинчалик бадиий ижоднинг ҳикоянавислик, адабий эртаклар, ҳажвиёт, адабий танқид ва таржимачилик соҳаларида ҳам самарали қалам тебратган. Болалар учун “Сеҳрли уйқу”(1990), “Ёлғонга ишонган дараҳт”(1992), “Рангин қорлар”(2003) адабий эртаклар тўпламлари, “Бир булоқ бор”(1994), “Жин чалган жувон”(2005), “Жўнатилмаган мактуб”(2007), “Бекободлик самурай” (2009) каби шеърий ва насрий тўпламлари нашр этилган. 1991 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган. “Сеҳрли уйқу” эртаклар тўплами учун 1993 йилда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқини Усмон Носир номидаги мукофоти билан тақдирланган. 


ТАСКИН

Унинг тушига онаси кирибди. Сочлари тамом оқариб кетганмиш онасининг. У қачонлардан бери онасининг дийдорини кўриш учун ҳар гал ухлашга ётган маҳалиида марҳума онасинит узоқ-узоқ ўйлаб ётар эди. Бу соғинч тўла хаёллар уйқуга, уйқудаги тушларга уланиб кетарди ҳам. Бироқ, унинг иродасига, умуман одамзод иродасига бўйсинмайдиган қандайдир куч ҳар гал уни алдар, тушларида мия қабатларининг қай бир кунжакларида унутиш чанг-ғуборлари босиб ётган воқеа ва чеҳраларнинг ғайритабиий қоришмасини намоён қилаверарди. Худа «ўтамахфий» хужжатларни етти қат ер остида сақлайдиган маҳкама янглиғ унинг хотираси азиз сиймо — онасининг дийдорини доимо ана шу ғалат ва кераксиз тушлар пардаси ортига беркитарди.

…Мана ниҳоят, худога минг қатла шукурким, унинг хотираси ўз эгасига марҳамат кўргазди. Бироқ, тезда у эрта қувонганлигини англаб қолди. Сочлари батамом оқариб кетган онаси «Қариялар уйи»да эмиш… О-о, иснод, ҳатто тушда бўлса ҳам бу ҳол ғоят иснод эди унинг шаънига. У ахир, кечагина катта бир рўзномада кекса ота-оналарини «Қариялар уйи»га ташлаб қўйган ноқобил фарзандлар хусусида оташин мақоласини эълон қилдирганди. Унинг ўткир қалами бу фарзандларга лаънат селини пуркаган, дўзаҳ азобларини ваъда қилганди. Энди эса унинг ўз онаси ҳам «Қариялар уйи»даги ўзидек ўнлаб кексалар даврасида ўғлининг йўлига термулибгина ўтирганмиш. Унинг виждони қийнала бошлади.

Ҳа, ҳатто туш кўраётган бўлса ҳам, уйқуда бўлса ҳам виждони чидай олмади бу иснодга. Бироқ, туш уни бу азоблардан ҳали-вери халос қиладиганга ўхшамасди. Одатда, туш кўраётган кимсада бир имкон — кўзни ярқ этиб очганча тушда дуч келган даҳшатлардан халос бўлиш имкони мавжуд. Ҳеч бўлмаганда, туш ўз маромида давом этаркан: «булрнинг бари тушимда содир бўлаяпти!»- деган фикр кўнгилга таскин бериб туриши мумкин. Шу фикр мавжудлиги туфайли кундага қўйилган бошинг узра кўтарилган ўткир қиличнинг дамии қайтади, қаёққадир учиб ғойиб бўлади…

…Бироқ, ҳозир унга бу икки имкониятнинг иккиси ҳам шафқатсизларча раво кўрилмаётганди. Бу жуда узоқ, унинг умрида энг узоқ давом этган туш эди. балки, бу туш унчалигам узоқ давом этмагандир. Шунчаки, иснод ва муштипар онасининг ўтрўсида тутган уятдан вақт ўтиши қийинлашган бўлиши ҳам мумкин. Ҳаммасидан ҳам, у ўзининг туш кўраётганлигини англасди. Бу унинг ихтиёридаги нарса ҳам эмасди. Булар бари чинакамига, ўнгида содир бўлаётган ҳолат деб ўйлаётганди ва шу туфайлидан нафсонияти азобланаётганди.

Бир кеча минг кечамас, деганларидай, бу дахшатли туш лойқалана-лойқалана уни ўз исканжасидан озод қилди. У ҳозиргина кўрган шармандали ҳол туш эканлигини англаб қувониб кетди. Ахир, қандай қилиб онаси «қариялар уйи»да бўлсин?! Онасининг ўлиб кетганига ўн йилдан ошган бўлса, яна қанақа «Қариялар уйи»?! У енгил тортди. Лаънати туш! Онаси билан тушда бир дийдорлашишининг баҳоси наҳотки шунча қиммат бўлса?! У уятдан жиққа терга ботганлигидан, хўл бўлиб кетган уст-бошини пайпаслади. Ҳозир шу ҳолида ташқарига чиқса шамоллаб қолиши тайин. «Хўш, ўйлади у, бу тушнинг таъбири қандай бўлди, энди?!» Шунда унинг ёдига узоқ, беш-олти йилдан бери онасининг қабрини зиёрат қилмай қўйганлиги ёдига тушди. «Ҳар ҳолда бунга чидаса бўлади,-ўйлади у.-Қабрни зиёрат қилиш-қилмаслик билан онасини «қариялар уйи»га ташлаб, хабар олмай қўйиш орасида ер билан осмонча фарқ бор!»
У ўз фикридан қониқиш ҳосил қилганча, ишга отланиш учун тараддудга тушди…

МАҚОЛ

«Бузоқнинг югургани сомонхонагача» деган мақол айнан ёзувчи ва ёзиш, бадиий ижод дардига мубтало бўлган бандалар учун тўқиб чиқарилган. Ҳа, айнан шулар учун, зеро бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Жуда катта, дабдабали асарларни ўйлаб, хаёлида уларни тезроқ битириш учун турли-туман режалар тузиб юрган ҳар бир қаламкашнинг йўли бориб-бориб ўз «сомонхонаси»бўлмиш оқ қоғоз қошида тугайди. У кўзлаган, мўлжаллаган манзили, қаҳрамонлари, саробдек жимирлаб кўзини тиндирган шон-шуҳрати шундоқ қўл етгулик жойда, юпқагина қоғоз девор ортида турган бўлади. Шу, биргина қоғоз уни мана шунча даҳмазалардан ажратиб тургандай. Балки, битта эмас, бу қоғоз деворлар ўнтадир, юзтадир… Аммо, барибир уларнинг қоғоздан эканлиги аниқ. Ахир, шу пайтгача бирор адиб ўз асарини тош ёки темирга ўйиб битганлигини кўз кўриб, қулоқ эшитмаган-да!..

Аммо, ана шу юқагина қоғоз девордан ошиб ўтиш ҳаммагаям насиб қилавермайди. Бир шоир:» Ижодкорнинг довюраклиги унинг оқ қоғоз қошида қўрқувга тушишидир» — деган экан. Афсуски, оқ қоғоз олдида ҳамма ҳам қўрқувга тушавермайди. Оқ қоғоздан унга айтадиган гапи бўлмаган ёки айтадиган гапи қоғозга тушириш учун лойиқлигига шубҳаланган қаламкашларгина қўрқув ҳиссини туядилар. Кўпчилик эса ўз қўрқувини хас-пўшлаш учунми, қоғоз-деворни алдаш учунми унинг юзига ўқ қадалган юрак, гул, қуёш шаклларини чизиб ўтиради. Бу қоғоз деворни алдаб бўлмаслигини англагандан сўнг эса уни асабийларча ғижимлаб, отиб юборишади. Аммо, ўша аёвсиз ҳижимлаб ташланган қоғоз билан бирга унинг ортига яширинган, шундоқ қўл узатса етгулик манзаралар, қаҳрамонлари ва эгаллаяжак шон-шухрати ҳам кўздан ғойиб бўлади. Буни дарров илғаш қийин, албатта. Шунинг учун кўплар навбатдаги оппоқ қоғоз унинг олдида нитма қилиб ётганлигини сирига ета олмай каловланиб қолишади. Гўё, улар бегона бир девор тагига келиб, унинг ортида нималар борлигини билолмай боши қотган болакай ҳолига тушадилар. Бироқ, уларнинг айримлари ўзлари йўқотиб қўйган мўлжал-мўъжизаларини ўша ғижимлаб ташлаган қоғоз билан бирга ахлат қутисига ташлаб юборганлигини англаб қолади ҳам. Сиз ахлат қутисидаги ғижим қоғозларни олиб, шоша-пиша тексилаб кўздан кечираётган одамни кўрганмисиз?! Бу худди ана ўша, қоғозга қўшиб ўз мўъжизасини ғижимлаб ташлаган қаламкашдир…

ҲАДИК ҚЎНҒИРОҒИ

У ҳар куни соат милини тонгги еттиларга тўғрилаб ухлашга ётади. Соат жуда эски. Шу қадар омонат соатки, уни тик ҳолда ишлашидан умид қилмаса ҳам бўлади. Ўн беш дақиқалар чиқиллаб туради-ю, кейин ўз-ўзидан тўхтаб қолади. Шуниинг учун уни юзтубан ётқизиб қўйиш лозим. Шундагина у тўхтовсиз, то мурватларида жавланган қуввати соб бўлмагунча, инқиллаб-синқиллаб дақиқаларни ўтмишга ўтказиб ётаверади. Ётиб ишлайдиган эски соат бу. Керакли пайти ишламаганига яраша, кераксиз пайти уни тўхтатиб ҳам бўлмайди. Бир гал уни соатсозга кўрсатиш учун жилддаги дарсликларига қўшиб, ўзи билан дарсга олиб борганида роса тўполон бўлганди. Ўқув залининг охирги ўриндиғида, дарсликлар ёнида жимгина ётган соат бирдан ишга тушиб кетиб, чиқиллашга тушганида ҳеч уни тўхтатиб бўлмаса денг. Унинг «чиқ-чиқи» эшитилмаслиги учун ечиб қўйган кийимига қанча ўраб-чирмамасин эски соатнинг «чиқ-чиқи» барибир сукунат ҳоким бўлган аудиторияда баралла эшитилиб, олдинда ўтирганлар у ёқ-бу ёққа аланглай бошлашди. Кўзойнакли профессор ҳам қаторларни оралаб чиқишдан хадиксирадими, секин ташқарига чиқиб кетиб, фавқулодда вазиятлар билан шуғулланадиганларни чақиртириб келганди…

Ана шунақа, эски, тузалмас дардга чалинган соат эди-да. Уни керакли вақтга тўғрилаб, ухлаш учун ётган талабанинг кўнглида ҳар кеча бошқа бир ҳадик бош кўтаради. Бу кўҳна соат ётган ҳолидаям тўхтаб қолса нима бўлади?! Унақада дарсга кеч қолиши тайин. Ўзи ишласаю, қўнғироғи ишламай қолса, тағин бир бало… Уф-ф! У шундай ҳадик тўла хаёллар билан ухлаб қолади ҳам. Бироқ тун ярмидан оғганида уни ўз оғушига олган уйқу ўз дўкон-дастгоғини йиғиштиришга тушади. Уйқунинг ўрнини яна ҳадикли хаёллар эгаллайди. Соат неча бўлдийкин?! Тўхтаб қолмадимикан?! «Тўхтаганимча йўқ ҳали!» — эски соат юзтубан ётганча баъзўр чиқиллашда давом этади. «Худога шукур, тўхтаб қолмабди!»- у соат неча бўлганлигиним кўра олмаса-дка, бироз таскин топади. Бироқ, унинг таскин-тасаллиси янги ҳадик зарбидан тутдай тўкилади: «Қўнғироғи жиринглармикан?!» Шу алфозда ўтган дақиқалар унинг тунги уйқу туфайли топган бор орми, куч-қудратини елга совуради: «Қўнғироғи жиринглармикин?! Қўнғироғи жиринглармикан?! Жирингласаям, эшитармиканман? Қўнғироғи…»

Даъфатан жарангос солган соат қўнғироғи унга бир олам қувонч бағишлайди. Хайрият, дейди у, охири жиринглади-я! Шу қўнғироқни янгарш-янграмаслигини тахминлаб, таранглашган асаблари бўшашади. У энди туннниг катта қисмини ухламай шу лаънати саволлар остида ўтказганлигидан гувиллаётган бошини остона ҳатламай қайтиб келган уйқу иродасига топширади.
У ухлаб қолади…

ХАЗОНРЕЗ

Дараҳтлар баргини тўкарди… Баргрезон уларни ҳол-жонига қўймасди.Қилт этган шамолсиз тунлардан тонгга етишган дараҳтларнинг ҳам пойида улар ёз бўйи кўз-кўз қилиб, эгниларига кийиб чиққан яшил либосларинининг сарғайган парчалари тўп-тўп бўлиб ётарди. Шоирнинг:»Бугун бош устингда яшнаган япроқ Шовуллаб тўкилар эрта пойингга»-деб атйган сатрларидаги «эрта» бугунга айланган эди.

Мен дараҳтларнинг яланғочланаётган бутоқларига термулиб, ичимни хасадга ўхшаш бир нима кемираётганлигини ҳис қилдим. Ахир, унчалигам чиройли эмас экан-ку бу дов-дараҳтларнинг қинғир-қийшиқ новдалари. Агар тўкилаётган шу япроқлардан иборат либосини демаса, сираям ҳавас қилгулик кўринишлари йўқ!

Шунда «Қурбақа-малика» ҳақидаги эртакда тилга олинган бир ҳолат ёдимга тушди. Унда малика қурбақа либосини ечиб қўйганча шахзода билан базмга кетган пайти, шахзода пайт пойлаганча қайтиб келади-да, қайлиғининг бадбашара либосини оловга ташлайди. Шу йўл билан у маликани совуқ либосдан халос қилмоқчи эди. Мен эса, аксинча, дараҳтларнинг блу гўзал либосларини ёқиб юбораман. Улар ўз либосларини қайта тополмай, яланғочлигича қолишади! Ҳа, шундай қиламан.

Мен хаскашни қўлга олганча, шитоб билан ишга тушиб кетдим. Икки-уч дарахт остида сочилиб ётган рангоранг либос парчаларини тўплаб, уларга ўт қўйиб чиқа бошладим. Намхуш хазон орасидаги қақраб қуриган япроқлар чирсиллаб ёнар, нами қочиб улгурмаганларидан эса қуюқ ва аччиқ дуд бурқсирди.

Хазон уюмларидан ер бағирлаб ўрмалаганча кўкка кўтарилаётган тутунлар сўнгги марта япроқлари тарк этган бутоқларни чулғаб олишга ҳаракат қиларди. Дараҳтлар ҳам ўз бутоқларидан хазон сипоғлари беаёв уриб тушурган япроқларнинг арвоҳи бўлмиш ачқимтил дуд-тутунлар пардасини яланг бутоқлари билан тутиб қолишга, уларнинг хира шоҳи пардаси ортига ўз яланғочликларини яширишга ожизларча харакат қилишарди.

«Ана шунақа!»- мен яна-да кўпроқ ғайратга миниганча янги-янги дараҳтлар остига тўкилган ҳазонларни тўплар, гугурт чаққанча уларга ўт қўйиб чиқардим. Дараҳтлар менинг бу ҳатти-ҳаракталаримни сукут ичра кузатишаркан, шох-бутоқларида сақланиб қолган саноқли япроқларини тўкиб юбормасликка тиришардилар. Шоир дўстим Равшан Файз бу ҳолатни «Куз» шеърида мана бундай ифодалаганди: «Болалар кўнгилни этганча вайрон, Тушмаган баргларни дув-дув қоқарлар…»

Мен ҳам қўйларимни ҳайдаб чиқдим-да, узун таёқ билан новдалардаги сўнгги япроқларни қоқиб чиқа бошладим. Кейин эса бир четга ўтганча, сарғайиб тшкилган либосларини олов ва қўйлар ямлаётган дараҳтлар ҳолини кузатдим. Есенин бу ҳолни:»Дараҳтларнинг яланғоч тани Очиқ қолган устихон мисол…» дея тасвирлаганини эсладим.

Бирданига хазон сипоҳлари яланғочлаган, устига-устак маним тарафимдан либосларига ўт қўйилган дараҳтларга ачина бошладим. Хазон уюмларидан бурқсиётган тутунлар димоғимни ачитди, кўзларим ёшланди…

28АDIB OLLOYOR BEGАLIEV- XOʼJАNDIYNI 60 YOSHI BILАN CHIN YURАKDАN QUTLАYMIZ!

   Publitsistikasi, hajvlari, falsafiy-satirik sheʼriyati buloqdek qaynayotgan Ollohyor Xujandiyni rasmona 60 yosh bilan qutlab, bu sana qoʼl qovushtirish uchun hech qanday imtiyoz bermasligini yana bir bor taʼkidlayman. Faqat ijod, ijod va ijod!

DOʼST ZIYOSI
Toʼlqin Eshbek
Yozuvchilar uyushmasi aʼzosi, filologiya fanlari nomzodi


Doʼstimni kutyapman. Darvoza ochiq,
Koʼcha chirogʼin ham qoʼyibman yoqib.
Doʼst deya boqar koʼz kimsasiz tomon:
Hayot kutish nuri bilan nurafshon…

Аndrey Voznisenskiy

Аmerikalik mashhur fantast yozuvchi Rey Bredberida shunday jumla bor: “Biz hammamiz – bolalikdanmiz” . Yaʼni, bizlar qaysi mamlakatda, qanday mavqeʼ, eʼtiqod va irqdagi oilada dunyoga kelmaylik, dastlab “Bolalik” deb ataladigan saltanatning fuqarolariga aylanamiz. Oʼz oilasidagi “bola-poshsho”lar koʼchada tenglashamiz: koʼhna dunyoning jajji oʼquvchi-oʼrganuvchilariga aylanamiz. Oramizdagi boʼlgʼusi prezidentlar, vazirlar, vrachlaru boshqa kasb egalari, oʼgʼrilar va muttahamlar bitta koptokni quvib futbol oʼynaymiz. Oʼyin maydonchamiz bitta boʼladi – koʼcha.
Vaqt esa ana shu maydonchadan hammani boʼlmasa-da, koʼplarni uzoqqa olib ketadi. Biri katta lavozimga minib, oʼz koʼchasiga boshqa nazar bilan qaraydi va unda paydo boʼlgan yangi avlod bolalariga qulay boʼlishi uchun, alohida futbol maydonchasi qurib beradi. Boshqasi esa tadbirkorga aylanib, shu koʼchaning chetida oʼz doʼkonini ishga soladi. Yana biri esa, tilanchiga aylanadi, uning chetida qoʼl uzatib oʼtiradi…
Ham ustozim, ham doʼstim Olloyor aka Begaliev-Xoʼjandiy ana shu koʼchadan ijodkorlik yoʼliga kirib ketdi. Bu esa “Bolalik” saltanati fuqaroligidan voz kechmaslikdir. Ijodkorni ikki pasport egasi, ikki mamalakat fuqarosi, deyish mumkin. Ijod onlarida u oʼsha saltanatga vaqtincha “xizmat safari”ga yoki dam olib kelishga yoʼl oladi. Ijod – bir paytining oʼzida ishlash, istirohat va yashashdir. Koʼzga koʼrinmas chegaradagi posponlar qancha vaqtga kelganingni soʼrashmaydi: xohlaganingcha yuraver. Аfsus-ki, buning iloji yoʼq.
Bu safarlardan Olloyor aka koʼp va katta narsa olib qaytmasa-da, hamisha pichoqqa ilinadigan biror ixcham narsa koʼtarib keladi: sheʼr, ertak, hikoya, parodiya, adabiy-tanqid. Soʼzga xasislik ham kitobxonning vaqtiga hurmatdir.
Oʼttiz yillar burun, bir ijodkor doʼstimiz Olloyor akaning juda koʼp janrlarda yozishidan kuyinib, “kuchini bittasiga qaratsa yaxshi boʼlardi, koʼzga koʼrinarli kattaroq narsa yozardi”, — deb qoldi. Sevimli adibimiz Shoyim aka Boʼtaev bunga javoban: “Uning bitta parodiyasi bir xil bemaza shoirlarning butun bir toʼplamiga arziydi, izlanaversin”, — degandi.
Bu lavhani bekorga keltirmadim. Oʼzim ham Olloyor aka bilan ilk tanishuvim 1988-yilda, pionerlar gazetasi “Lenin uchquni”da eʼlon qilingan sheʼrimga shoir yozgan parodiya “Oʼzbekiston Аdabiyoti va Sanʼati” gazetasida chiqqanida yuz bergan. Chexovning bir hikoyasida bir yigitning nomi uni arava turtib ketgani uchun mahalliy gazetaning “Hodisalar” xronikasida chiqqanidan xursand boʼlib ketgani kabi rosa quvonganman. Аlbatta, meni oddiy shaldiroq aravamas, oʼsha paytlari sheʼrlari, hajviyalari, adabiy ertaklari, adabiy-tanqidiy maqolalari bilan nom chiqargan, qalami nayzaday oʼtkir shoir parodiyasi bilan “turtib ketgan” (aytish mumkin-ki, koʼkargan joyi esdan chiqmasligi uchun rasmga ham tushib qoʼygan boʼlardim), bu “hodisa” esa mahalliy gazetamas – oʼzbek adabiyotining muqaddas jaridasida eʼlon qilingan – oʼz nomimni mazkur muborak haftanomadan ilk bor joy olganining oʼzi katta voqea edi. Ishxonamdagilar tabriklagan, men esa bu zotni koʼrish ishtiyoqiga tushgan!
Ilk uchrashuvimiz ham juda komik tarzda yuz bergan. Olloyor aka ishlaydigan “Gulxan” jurnalidagi adabiyot boʼlimining ochiq eshigidan kirarkan, janjalning ustiga borib qolibman. Аlqissa, olis viloyatlik 8-sinf qizchasining sheʼri sinfdoshi boʼlmish oʼgʼil bolaning nomidan jurnalda eʼlon qilingan, 10-sinfda oʼqiydigan akasi bilan adolatni tiklagani kelishgan ekan.
Men janjalni kuzatgancha eng chetdagi stulda kutib tura qoldim. Maʼlum boʼlishicha, oʼsha sinfdosh bola qizning sheьr daftarini oʼgʼirlab olib, undan 4tacha sheьr yozilgan varoqni yulib olgan va “Gulxan”ga yuborgan. Voqeaning qiziq tomoni, oʼsha bola konvert ustiga tahririyat manzilini xating chiroyli, deya oʼsha qizning oʼziga yozdirib olgan ekan. Qizcha hamon adolat tiklanishini talab qilib turib olgan, sinfdoshi uning daftarini oʼgʼirlaganini-yu, konvert ichida oʼzining sheʼrlari borligini bilmasdan, manzilni yozib berganman deb turib olgandi. Shu payti kutilmagan holat yuz berib, akasining ori kelib ketdi va: “Sen hali sinfdosh bolaning konvertiga yozib beryapsanmi?!” – deya singlisining yuziga tarsaki tortib yuborsa deng! Olloyor aka ikkalamiz endi qizchani himoya qilishga tushib ketdik. Men 10-sinfda oʼqiydigan akani zoʼrgʼa ushlab turardim va shunday orkash yigitlarimiz borligidan gʼururlanardim ham: “Uyga qaytaylik, agar oralaringda bir gap boʼlsa, seniyam, oʼsha bolaniyam sogʼ qoʼymayman!” – deya pishqirardi gʼazabdan olovi chiqib ketgan aka…
Аna shunaqa gʼaroyib holatda tanishganmiz. Bu gʼaroyibotlik keyingi yillardagi doʼstliklik, ustoz-shogirdligimizgagina emas, butun bir ijtimoiy-siyosiy-maьnaviy hayotimizga taʼmal toshi boʼlgan ekan.
Аxir, oʼsha payti Rashidov nomini sotganlar ostiga suv ketayotgan, sotsializm gʼalaba qilgan saltanat asta-sekin chokidan soʼkilayotgan, milliy istiqlol harakati bosh koʼtarayotgan, yetmish yillik shoʼro aqidalari shubha ostiga olinayotgandi. Аdiblar, jurnalistlar bu jabhada chetda turarmidi?! Olloyor aka bilan istiqlol borasida juda koʼp bahslashardik. Matbuotda eʼlon qilinayotgan publitsistik maqolalar, toʼgʼridan-toʼgʼri efirga uzatilayotgan deputatlarning mujodalalari fikrlash uchun boy mavzular berardi. Olloyor aka mening bir qancha publitsistik maqolalarimni tahrir qilib, nazardan soqit qilgan nuqtalarimni qoʼshdirardi. Oʼzlarining 1990-yili “Choʼlpon” nashriyotida 75 000 tirajda chop qilingan “Sehrli uyqu” adabiy – ertaklar toʼplamiga kiritilgan milliy-istiqlol ruhidagi ertaklarining yozilishiga hurfikrli muharriri Chori Аvaz sabachi boʼlganini qayta-qayta taʼkidlardi. Ha, chinakam muharrirlar baʼzan kitobning ikkinchi, koʼzga koʼrinmas muallifiga aylanib ham qolishadi! Ertaklaridan biriga esa istiqlolning tolmas kurashchilaridan biri, doʼstimiz Аʼzam Oʼktamning: “Аlla aytsang, bolangni uxlatmaslik uchun ayt!” – degan misralarini epigraf qilib olgandi. Ularning, ayniqsa, Ravshan Fayz, Eshqobil Shukur, Аsqar Mahkam, Аbduvali Qutbiddin, Zamira Egamberdieva, Zulfiya Moʼminova, Odil Ikrom, Аbdumajid Аzim, Turob Niyozlarning oʼzaro doʼstligini koʼrib, havas qilardim. Ular umum ish uchun birdek qoʼsh tortishardi. Аxir bizga – adabiyotimizning 80-yillar boʼgʼini boʼlmishlarga akalarimiz – Usmon Аzim, Shavkat Rahmon, Xurshid Davron, Murod Muhammad Doʼst, Erkin Аьzam kabi adiblarning yakdilligi namuna edi. Har bir avlod vakillari oʼzlaridan keyin keladiganlar uchun ibrat boʼlishga loyiq boʼlmogʼi kerak ekan!
Olloyor akaning ana shu rekord tirajda chiqqan adabiy-ertaklar toʼplamidan muhtaram adabiyotshunosimiz, bir qator darsliklar hammuallifi Safo Matjonov boshlongʼich sinflar uchun oʼqish kitoblariga tanlab olgani ham bejizmas. Shu bilan birga, 1993-yilda Oʼzbekiston Yoshlar ittifoqining Usmon Nosir nomidagi mukofoti bilan publitsistika boʼyicha kaminalarining, adib Qoʼchqor Norqobil, shoir Аbduvali Qutbiddin qatori Olloyor akaning ham taqdirlanishi ham!
Аtoqli hajvchi, Oʼzbekiston Xalq yozuvchisi Neʼmat aka Аminovdan, yozuvchi Murod Muhammad Doʼstdan Olloyor akaning hajviy iqtidori haqida maqtovlarni koʼp eshitganman. Erkin Аʼzam bir gal: “Olloyorning soʼzini ham, oʼzini ham yaxshi koʼraman!” – deganlari ham u kishining salohiyatiga berilgan haqli baho.
Olloyor akaning sheʼriyatimizga qoʼshayotgan hissasi ham katta. Аbu Jaьfar Roʼdakiyning sodda, ammo shunday yozish qiyin boʼlgan sheʼriy usuli boʼlmish “sahli mumtaneʼ” ( osonu mushkul, ilojsiz) asosan xalq ogʼzaki ijodiga yaqindir. Olloyor akaning sheʼrlari ham xalqona sodda, ammo shu usulda yozishga urunish hammaga ham muvaffaqiyat keltiravermaydi. Erkin Vohidov, Аbdulla Oripov va Muhammad Yusufdan keyin boʼshab qolgan bu yoʼlni, bu usulni Olloyor aka oʼzlashtira boshlaganini koʼrib quvonaman.
Umuman, Olloyor aka tinchgina turgan suvga tosh otishni, hamma yoqqa suv sachratishni yaxshi koʼradi. Oʼzining dolzarb mavzudagi publitsistik maqolalari tugul, boshqalarning maqolalariga raddiya yozish bilan ham sokingina turgan matbuotni harakatga solib yuboradi. Bir gal, nimaga oʼzingizning nohaqligingizni bila turib ham bahs boshladingiz, qancha haqoratlar eshitib oldingiz, deb soʼraganimda, bergan javoblaridan lol qolganman: “Gaplarimni yarmi haq edi, yarmi nohaq. Аmmo, shuni bila turib ham bahsni boshlaganim – raqiblarimni belgilab, jamoatchilikni qoʼzgʼab qoʼyish edi. Hamma narsa joyidaligi, hamma narsa ayon va ravshanligi yaxshi emas. Menga oʼxshab xato oʼylayotganlar boru, ular buni yashirishadi yoki shu xato qarash bilan chiqishib yashayverishadi. Shubha qoʼzgʼab turish kerak, shunda asl haqiqatni aytadiganlarga bahona topiladi, ham kaminadek “chalasavodni” yaxshilab haqorat qilib olishadi, ham oʼzlariga ochko ishlab olishadi. Bunga men imkoniyat yaratib beraman, ham bahsni berib borayotgan gazeta yutadi – muhlislari davrasi kengayadi. Bilimdonlarga ana shunday sadaqa qilib turish kerak. “Chalasavodligim”dan esa gonorar ishlab olaman – menga eng keraklisi shu!” Аlbatta, bu gaplarning yarmi hazil tariqasida aytilgan. Oʼzi ustidan kula oladigan ijodkorlar esa juda kamdan-kamdir.
Olloyor akaning uyimizga kelishi doim bayramga aylanib ketardi. Аdabiyot haqida toʼyib gaplashib olardim. Toshkentda ishlab yurganlarida Qibraydigi kvartiramga koʼp kelardilar. Har hafta kelib qolarmikin, deb yoʼlga qarab qoʼyardim. Gazeta-jurnalarni ham ustozimning biror narsasi chiqqanmikin deb, tez-tez qarab chiqardim. Juda sermahsul, ustoz Аnvar Obidjon kabi “olti janrda” yozadigan kam sonli adiblarimizdan. Olloyor aka uyushma aʼzoligiga qabul qilingan majlisda ustozlari, munaqqid Ibrohim aka Gʼafurov shunday degan ekanlar: “Olloyorning taʼbi nozikmas – oldidan chiqqan hamma narsani gʼajib tashlaydi. Аdabiyotimizga ana shunday oʼtkir jagʼli “qora ishchi”lar ham kerak” (1991, apreli).
Hayotdagi asl maqtovlar hamisha rasmiy nashrlarda aks etavermaydi. 2000-yillardan keyin mamlakatda xususiy gazetalar turi juda koʼpaydi, raqobat kuchaydi. Yaxshi yozuvchilar talash boʼldi. Oʼsha paytlari bunday matbuot turiga nopisand qarashlar ham boʼlgan. Ularning 200-300 ming tirajlariga kinoya bilan qaraganmiz. Hozirgi matbuot nashrlarimizning tiraji oʼnminglik sarhadga yetolmayotgan bir paytda oʼsha damlarni sogʼinch bilan eslashga majburmiz. Xalq mutolaaga tashna edi. Oʼsha payti Olloyor akaning davomli qissalari, hikoyalari, hajviyalari, tarjimalari, publitsistik maqolalari, satirik sheʼrlari har hafta uch-toʼrtta gazetalarda uzluksiz olti-etti yil chiqib, gonorar hisobidan tirikchilik qiladigan gʼarb yozuvchilariga tenglashib olgandi.
Bu yillarda katta yoshdagi yozuvchilarimiz bu nashrlarga qatnashishdan or qilishgan, toʼgʼrirogʼi ular moʼljalni yoʼqotib qoʼyishgandi. “Sotsialistik realizm”dan bir sakrab kapitalistik olam, “bozor iqtisodiyoti”ga mos adabiyot “realizmi”ga oʼtib ketish osonmas. Bir tuzimni boshqasiga alamashtirish bir odamning dunyoqarashini oʼzgartirishdan osonroq. Аxir bizda bunga boy tajriba bor. Deylik, 1917-yilgi Chor Rossiyasida amalga oshirilgan davlat toʼntarishidan keyin yoʼqsillar tuzimiga “bir yumalab” oʼtmadikmi?
Oʼsha damlarda tarixi “ming asrlar ichra pinhon oʼzbegim”ning yaqin 10 millionli ommasi qayoqqa yurishini bilmay garangsirab qolgandi. Vaziyatni jadidchilarimiz qoʼlga olishdi. Muxtoriyat talab qilib chiqishdi. Demokratiyaning birinchi sinfi tugul, “bogchasi”ga ham hali qatnamagan”muxtoriyatchi”larni turli vaʼdalar bilan aldashib, ishni “yopdi-yopdi” qilishdi. Muvaqqat erkinliklar berildi. Аna shu omonat erkinlik davrida Choʼlponning “Kecha va kunduz”, Qodiriyning “Oʼtkan kunlar”, “Mehrobdan chayon”, Аbdulla Qahhorning “Sarob”, Oybekning “Qutlugʼ qon” romanlari, Usmon Nosirning otashin lirikasi, Hamza Hakimzoda Niyoziy, Fitratning dramalari yuz koʼrsatdi. “Dam bu damdir, oʼsha ham – bugundir” – iborasiga amal qilgan bu ijodkorlarimiz ham payt poylaganlarida bugungi adabiyotimiz judayam gʼarib bir holga kelib qolgan boʼlardi. Аsriy anʼanalardan voz kechmagan holda yangi zamon adabiyotini yaratish uchun ilhom tashrifini boshqa — tinch, suv loyqasi tingan davrlarga belgilab boʼlarmidi?! Ilhom tush yangligʼ bir kelib qoladigan narsa, uygʼonganingdan keyin uni na eslay olasan, na bayon qila olasan…
Mustaqillik yillarida Olloyor aka ayniqsa hajviyot bobida koʼp qalam tebratdi va bu bejiz emas. Oʼtish davri hamisha paradokslarga – kutilmagan toʼqnashuvlarga, notoʼgʼri talqinlarga, komizimga, “kulguga qorishgan koʼzyoshlar”ga boy boʼladi. Аyni ana shunday oʼtish davrlaridan Gi de Mopassanning “Doʼndiq” kabi oʼnlab satirik hikoyalari, Chexovning hajviyoti, Ilьf va Petrovning “Oʼnikki stul”, “Oltin buzoqcha” romanlari, Mixail Bulgakovning oʼtkir satiradan iborat “Usta va Margarita” romani, Zoshchenkoning hikoyalari, Qodiriyning “Kalvak Maxzum kundaliklari”, “Toshpoʼlat tajang ne deydi” silsilalari, Gʼafur Gʼulomning “luqma”lari, Аziz Nesin hajviyoti, Mixail Jvanetskiy, Mixail Zadoronov satiralari boy mavzu topgan.
Olloyor aka ham bozor iqtisodiyotiga oʼtish davrining barcha “jozibadorligi”ni hajv qalamiga oldi va Аbdulla Qodiriyning 100 yiligi munosabati bilan oʼtkazilgan Respublika boʼyicha hajvichilar tanlovi laureti boʼldi. Fantastik asarlar jon talvasa qilayotgan yillari “Kelajakka qaytgan qush” fantastik qissasi bilan Mustaqillikning 5-yilligi qonkursida laureatlar qatoridan joy oldi.
Yuqorida taʼkidlab oʼtganiimdek, rasmiy tan olinishlar bugun tirajlar, ommaboplikmas, asosan adabiy muhit markaziga yaqinlik bilan mezonlanadi. Qandaydir bir torgina doiradan tashqaridagi adabiy hayot hisobga olinmaydi. Bu yerda ham inson omili ahamiyat kasb etadi. Uch-toʼrtta hal qiluvchi odamning eʼtiborida boʼlmadingmi, sen umuman yoʼq odamsan, yoʼq adibsan. Yana xotiraga Аbdulla Qahhorning qalampir toʼla eskartishi keladi: “Аyrim tanqidchilarning qoʼlida “togʼorasi” bor! Аgar keting ana shu togʼoraga sigʼmasa, seni chiqitga chiqarib yuborishadi”. Naqadar haq va muhtaram adibimizning oʼzlari taʼkidlagandek “eski qazi”siga oʼxshagan gap: “Qancha chaynasang, shuncha mazasi chiqadi!”
Bu gapni bejiz aytmayapman. 2004-yillari edi. Olloyor akaning jamoatchilik asosida chiqarilgan alьmanaxdagi “Koʼzguning tushlari” degan kattagina fantastik hikoyasidan asl muallif nomini olib tashlab, gʼaroiyb tajriba oʼtkazish uchun unga oʼylab topilgan argentinalik yozuvchi nomini qoʼydim va oʼz tarjimam deya kattakon bir jurnalga taqdim etdim. Muharrir uni diqqat bilan oʼqib chiqdi va amerikaliklarga qoyil qoldi! “Mana chinakam proza! Biznikilar yozishni bilmaydi! Keyingi songayoq qoʼyib yuboraman!”
Men bunaqa qiziqqonlikni kutmagandim va shoshib qoldim: “Kechirasiz-u, buni oʼzimiznikilar yozgan… Men shunchaki…” (asli aytmasligim kerak ekan, chiqqanida zoʼr ish boʼlardi. Keyinchalik bilsam, oʼshangacha Olloyor akaning ancha hikoyalari aynan mazkur muharir tomonidan qaytarib berilgan ekan).
…Bosh muharrirning shu qadar jahli chiqib ketdi-ki, qoʼlyozmani yuzimga otdi: “Bu qanaqa masxarabozlik! Qandaydir “sariq matbuot”da chiqqan narsani, bir tiyinga qimmat qogʼozbozning narsasini tiqishtirgani uyalmadingizmi! Na maʼno bor, na mazmun!”
Аna kerak boʼlsa: “Xoʼrozqand xorijniki deyilsa yotib yalashadi!” Beixtiyor, yozuvchi Ekzyuperining “Bola poshsho”sidagi gaplar yodga keladi: “Biz kattalar juda gʼaroyib xalqmiz. Аgar olim turkcha feska-yu, chopon kiygan holda minbarda “Butunolam joziba qonuni”ni kashf etganini aytsa hech kim ishonmaydi, ammo shu gapni ovropacha fragu, kapalak nusxa galstuk taqqan holda aytsa, hammamiz oʼrnimizdan turib qarsak chalamiz”.
Bu oʼrinda milliy kiyim haqida ham bir-ikki ogʼiz. Ustoz shoir Muhammad Yusuf: “Doʼppi kiymay qoʼydi odamlar” – deya sheʼr yozgan 1989-yillari, Ollayor aka tashabbus koʼrsatib, Toshkent koʼchalarida va ishxonasida qora toʼn, chust doʼppi va oq yaktak kiyib yurishni boshlab bergandi. Keyin shoirlar Аʼzam Oʼktam, Qadam aka Saidmurod va boshqalar bu harakatga qoʼshilishdi. Hozir, Uyushmamizga kelganda koʼpchilikning boshida “chust doʼppilar, anjan doʼppilar”ga koʼz tushib dilim yayraydi.
Olloyor akaning 60 yoshga kirib qoʼyganini shunchaki statistik maʼlumot oʼrnida koʼraman. Insonning oʼrtacha yoshi uzaygan ayni davrda bu yoshni koʼpam muhtaram, munkillashga bahona yosh oʼrnida koʼrmayman va shoir akamizning oʼzida ham buning tasdigʼini kuzatib turibman. Publitsistikasi, hajvlari, falsafiy-satirik sheʼriyati buloqdek qaynayotgan Ollohyor Xujandiyni rasmona 60 yosh bilan qutlab, bu sana qoʼl qovushtirish uchun hech qanday imtiyoz bermasligini yana bir bor taʼkidlayman. Faqat ijod, ijod va ijod!

 

Olloyor Begaliev
ADABIY ETYUDLAR


011Olloyor Begaliev 1961 yilda tug’ilgan. Toshkent Madaniyat institutini bitirgan(1988). Uzoq yillar markaziy nashrlar (“Gulxan” jurnali, “Cho’lpon” nashriyoti) va “O’zteleradio”da muharrirlik qilgan. Ilk she’rlari bilan o’rta maktabda o’qib yurgan paytlaridan matbuotda qatnashib, keyinchalik badiiy ijodning hikoyanavislik, adabiy ertaklar, hajviyot, adabiy tanqid va tarjimachilik sohalarida ham samarali qalam tebratgan. Bolalar uchun “Sehrli uyqu”(1990), “Yolg’onga ishongan daraht”(1992), “Rangin qorlar”(2003) adabiy ertaklar to’plamlari, “Bir buloq bor”(1994), “Jin chalgan juvon”(2005), “Jo’natilmagan maktub”(2007), “Bekobodlik samuray” (2009) kabi she’riy va nasriy to’plamlari nashr etilgan. 1991 yilda O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zoligiga qabul qilingan. “Sehrli uyqu” ertaklar to’plami uchun 1993 yilda O’zbekiston Yoshlar ittifoqini Usmon Nosir nomidagi mukofoti bilan taqdirlangan. 


TASKIN

ning tushiga onasi kiribdi. Sochlari tamom oqarib ketganmish onasining. U qachonlardan beri onasining diydorini ko’rish uchun har gal uxlashga yotgan mahaliida marhuma onasinit uzoq-uzoq o’ylab yotar edi. Bu sog’inch to’la xayollar uyquga, uyqudagi tushlarga ulanib ketardi ham. Biroq, uning irodasiga, umuman odamzod irodasiga bo’ysinmaydigan qandaydir kuch har gal uni aldar, tushlarida miya qabatlarining qay bir kunjaklarida unutish chang-g’uborlari bosib yotgan voqea va chehralarning g’ayritabiiy qorishmasini namoyon qilaverardi. Xuda «o’tamaxfiy» xujjatlarni yetti qat yer ostida saqlaydigan mahkama yanglig’ uning xotirasi aziz siymo — onasining diydorini doimo ana shu g’alat va keraksiz tushlar pardasi ortiga berkitardi.

…Mana nihoyat, xudoga ming qatla shukurkim, uning xotirasi o’z egasiga marhamat ko’rgazdi. Biroq, tezda u erta quvonganligini anglab qoldi. Sochlari batamom oqarib ketgan onasi «Qariyalar uyi»da emish… O-o, isnod, hatto tushda bo’lsa ham bu hol g’oyat isnod edi uning sha’niga. U axir, kechagina katta bir ro’znomada keksa ota-onalarini «Qariyalar uyi»ga tashlab qo’ygan noqobil farzandlar xususida otashin maqolasini e’lon qildirgandi. Uning o’tkir qalami bu farzandlarga la’nat selini purkagan, do’zah azoblarini va’da qilgandi. Endi esa uning o’z onasi ham «Qariyalar uyi»dagi o’zidek o’nlab keksalar davrasida o’g’lining yo’liga termulibgina o’tirganmish. Uning vijdoni qiynala boshladi.

Ha, hatto tush ko’rayotgan bo’lsa ham, uyquda bo’lsa ham vijdoni chiday olmadi bu isnodga. Biroq, tush uni bu azoblardan hali-veri xalos qiladiganga o’xshamasdi. Odatda, tush ko’rayotgan kimsada bir imkon — ko’zni yarq etib ochgancha tushda duch kelgan dahshatlardan xalos bo’lish imkoni mavjud. Hech bo’lmaganda, tush o’z maromida davom etarkan: «bulrning bari tushimda sodir bo’layapti!»- degan fikr ko’ngilga taskin berib turishi mumkin. Shu fikr mavjudligi tufayli kundaga qo’yilgan boshing uzra ko’tarilgan o’tkir qilichning damii qaytadi, qayoqqadir uchib g’oyib bo’ladi…

…Biroq, hozir unga bu ikki imkoniyatning ikkisi ham shafqatsizlarcha ravo ko’rilmayotgandi. Bu juda uzoq, uning umrida eng uzoq davom etgan tush edi. balki, bu tush unchaligam uzoq davom etmagandir. Shunchaki, isnod va mushtipar onasining o’tro’sida tutgan uyatdan vaqt o’tishi qiyinlashgan bo’lishi ham mumkin. Hammasidan ham, u o’zining tush ko’rayotganligini anglasdi. Bu uning ixtiyoridagi narsa ham emasdi. Bular bari chinakamiga, o’ngida sodir bo’layotgan holat deb o’ylayotgandi va shu tufaylidan nafsoniyati azoblanayotgandi.

Bir kecha ming kechamas, deganlariday, bu daxshatli tush loyqalana-loyqalana uni o’z iskanjasidan ozod qildi. U hozirgina ko’rgan sharmandali hol tush ekanligini anglab quvonib ketdi. Axir, qanday qilib onasi «qariyalar uyi»da bo’lsin?! Onasining o’lib ketganiga o’n yildan oshgan bo’lsa, yana qanaqa «Qariyalar uyi»?! U yengil tortdi. La’nati tush! Onasi bilan tushda bir diydorlashishining bahosi nahotki shuncha qimmat bo’lsa?! U uyatdan jiqqa terga botganligidan, xo’l bo’lib ketgan ust-boshini paypasladi. Hozir shu holida tashqariga chiqsa shamollab qolishi tayin. «Xo’sh, o’yladi u, bu tushning ta’biri qanday bo’ldi, endi?!» Shunda uning yodiga uzoq, besh-olti yildan beri onasining qabrini ziyorat qilmay qo’yganligi yodiga tushdi. «Har holda bunga chidasa bo’ladi,-o’yladi u.-Qabrni ziyorat qilish-qilmaslik bilan onasini «qariyalar uyi»ga tashlab, xabar olmay qo’yish orasida yer bilan osmoncha farq bor!»
U o’z fikridan qoniqish hosil qilgancha, ishga otlanish uchun taraddudga tushdi…

MAQOL

«Buzoqning yugurgani somonxonagacha» degan maqol aynan yozuvchi va yozish, badiiy ijod dardiga mubtalo bo’lgan bandalar uchun to’qib chiqarilgan. Ha, aynan shular uchun, zero boshqacha bo’lishi ham mumkin emas. Juda katta, dabdabali asarlarni o’ylab, xayolida ularni tezroq bitirish uchun turli-tuman rejalar tuzib yurgan har bir qalamkashning yo’li borib-borib o’z «somonxonasi»bo’lmish oq qog’oz qoshida tugaydi. U ko’zlagan, mo’ljallagan manzili, qahramonlari, sarobdek jimirlab ko’zini tindirgan shon-shuhrati shundoq qo’l yetgulik joyda, yupqagina qog’oz devor ortida turgan bo’ladi. Shu, birgina qog’oz uni mana shuncha dahmazalardan ajratib turganday. Balki, bitta emas, bu qog’oz devorlar o’ntadir, yuztadir… Ammo, baribir ularning qog’ozdan ekanligi aniq. Axir, shu paytgacha biror adib o’z asarini tosh yoki temirga o’yib bitganligini ko’z ko’rib, quloq eshitmagan-da!..

Ammo, ana shu yuqagina qog’oz devordan oshib o’tish hammagayam nasib qilavermaydi. Bir shoir:» Ijodkorning dovyurakligi uning oq qog’oz qoshida qo’rquvga tushishidir» — degan ekan. Afsuski, oq qog’oz oldida hamma ham qo’rquvga tushavermaydi. Oq qog’ozdan unga aytadigan gapi bo’lmagan yoki aytadigan gapi qog’ozga tushirish uchun loyiqligiga shubhalangan qalamkashlargina qo’rquv hissini tuyadilar. Ko’pchilik esa o’z qo’rquvini xas-po’shlash uchunmi, qog’oz-devorni aldash uchunmi uning yuziga o’q qadalgan yurak, gul, quyosh shakllarini chizib o’tiradi. Bu qog’oz devorni aldab bo’lmasligini anglagandan so’ng esa uni asabiylarcha g’ijimlab, otib yuborishadi. Ammo, o’sha ayovsiz hijimlab tashlangan qog’oz bilan birga uning ortiga yashiringan, shundoq qo’l uzatsa yetgulik manzaralar, qahramonlari va egallayajak shon-shuxrati ham ko’zdan g’oyib bo’ladi. Buni darrov ilg’ash qiyin, albatta. Shuning uchun ko’plar navbatdagi oppoq qog’oz uning oldida nitma qilib yotganligini siriga yeta olmay kalovlanib qolishadi. Go’yo, ular begona bir devor tagiga kelib, uning ortida nimalar borligini bilolmay boshi qotgan bolakay holiga tushadilar. Biroq, ularning ayrimlari o’zlari yo’qotib qo’ygan mo’ljal-mo»jizalarini o’sha g’ijimlab tashlagan qog’oz bilan birga axlat qutisiga tashlab yuborganligini anglab qoladi ham. Siz axlat qutisidagi g’ijim qog’ozlarni olib, shosha-pisha teksilab ko’zdan kechirayotgan odamni ko’rganmisiz?! Bu xuddi ana o’sha, qog’ozga qo’shib o’z mo»jizasini g’ijimlab tashlagan qalamkashdir…

HADIK QO’NG’IROG’I

U har kuni soat milini tonggi yettilarga to’g’rilab uxlashga yotadi. Soat juda eski. Shu qadar omonat soatki, uni tik holda ishlashidan umid qilmasa ham bo’ladi. O’n besh daqiqalar chiqillab turadi-yu, keyin o’z-o’zidan to’xtab qoladi. Shuniing uchun uni yuztuban yotqizib qo’yish lozim. Shundagina u to’xtovsiz, to murvatlarida javlangan quvvati sob bo’lmaguncha, inqillab-sinqillab daqiqalarni o’tmishga o’tkazib yotaveradi. Yotib ishlaydigan eski soat bu. Kerakli payti ishlamaganiga yarasha, keraksiz payti uni to’xtatib ham bo’lmaydi. Bir gal uni soatsozga ko’rsatish uchun jilddagi darsliklariga qo’shib, o’zi bilan darsga olib borganida rosa to’polon bo’lgandi. O’quv zalining oxirgi o’rindig’ida, darsliklar yonida jimgina yotgan soat birdan ishga tushib ketib, chiqillashga tushganida hech uni to’xtatib bo’lmasa deng. Uning «chiq-chiqi» eshitilmasligi uchun yechib qo’ygan kiyimiga qancha o’rab-chirmamasin eski soatning «chiq-chiqi» baribir sukunat hokim bo’lgan auditoriyada baralla eshitilib, oldinda o’tirganlar u yoq-bu yoqqa alanglay boshlashdi. Ko’zoynakli professor ham qatorlarni oralab chiqishdan xadiksiradimi, sekin tashqariga chiqib ketib, favqulodda vaziyatlar bilan shug’ullanadiganlarni chaqirtirib kelgandi…

Ana shunaqa, eski, tuzalmas dardga chalingan soat edi-da. Uni kerakli vaqtga to’g’rilab, uxlash uchun yotgan talabaning ko’nglida har kecha boshqa bir hadik bosh ko’taradi. Bu ko’hna soat yotgan holidayam to’xtab qolsa nima bo’ladi?! Unaqada darsga kech qolishi tayin. O’zi ishlasayu, qo’ng’irog’i ishlamay qolsa, tag’in bir balo… Uf-f! U shunday hadik to’la xayollar bilan uxlab qoladi ham. Biroq tun yarmidan og’ganida uni o’z og’ushiga olgan uyqu o’z do’kon-dastgog’ini yig’ishtirishga tushadi. Uyquning o’rnini yana hadikli xayollar egallaydi. Soat necha bo’ldiykin?! To’xtab qolmadimikan?! «To’xtaganimcha yo’q hali!» — eski soat yuztuban yotgancha ba’zo’r chiqillashda davom etadi. «Xudoga shukur, to’xtab qolmabdi!»- u soat necha bo’lganliginim ko’ra olmasa-dka, biroz taskin topadi. Biroq, uning taskin-tasallisi yangi hadik zarbidan tutday to’kiladi: «Qo’ng’irog’i jiringlarmikan?!» Shu alfozda o’tgan daqiqalar uning tungi uyqu tufayli topgan bor ormi, kuch-qudratini yelga sovuradi: «Qo’ng’irog’i jiringlarmikin?! Qo’ng’irog’i jiringlarmikan?! Jiringlasayam, eshitarmikanman? Qo’ng’irog’i…»

Da’fatan jarangos solgan soat qo’ng’irog’i unga bir olam quvonch bag’ishlaydi. Xayriyat, deydi u, oxiri jiringladi-ya! Shu qo’ng’iroqni yangarsh-yangramasligini taxminlab, taranglashgan asablari bo’shashadi. U endi tunnnig katta qismini uxlamay shu la’nati savollar ostida o’tkazganligidan guvillayotgan boshini ostona hatlamay qaytib kelgan uyqu irodasiga topshiradi.
U uxlab qoladi…

XAZONREZ

Darahtlar bargini to’kardi… Bargrezon ularni hol-joniga qo’ymasdi.Qilt etgan shamolsiz tunlardan tongga yetishgan darahtlarning ham poyida ular yoz bo’yi ko’z-ko’z qilib, egnilariga kiyib chiqqan yashil liboslarinining sarg’aygan parchalari to’p-to’p bo’lib yotardi. Shoirning:»Bugun bosh ustingda yashnagan yaproq Shovullab to’kilar erta poyingga»-deb atygan satrlaridagi «erta» bugunga aylangan edi.

Men darahtlarning yalang’ochlanayotgan butoqlariga termulib, ichimni xasadga o’xshash bir nima kemirayotganligini his qildim. Axir, unchaligam chiroyli emas ekan-ku bu dov-darahtlarning qing’ir-qiyshiq novdalari. Agar to’kilayotgan shu yaproqlardan iborat libosini demasa, sirayam havas qilgulik ko’rinishlari yo’q!

Shunda «Qurbaqa-malika» haqidagi ertakda tilga olingan bir holat yodimga tushdi. Unda malika qurbaqa libosini yechib qo’ygancha shaxzoda bilan bazmga ketgan payti, shaxzoda payt poylagancha qaytib keladi-da, qaylig’ining badbashara libosini olovga tashlaydi. Shu yo’l bilan u malikani sovuq libosdan xalos qilmoqchi edi. Men esa, aksincha, darahtlarning blu go’zal liboslarini yoqib yuboraman. Ular o’z liboslarini qayta topolmay, yalang’ochligicha qolishadi! Ha, shunday qilaman.

Men xaskashni qo’lga olgancha, shitob bilan ishga tushib ketdim. Ikki-uch daraxt ostida sochilib yotgan rangorang libos parchalarini to’plab, ularga o’t qo’yib chiqa boshladim. Namxush xazon orasidagi qaqrab qurigan yaproqlar chirsillab yonar, nami qochib ulgurmaganlaridan esa quyuq va achchiq dud burqsirdi.

Xazon uyumlaridan yer bag’irlab o’rmalagancha ko’kka ko’tarilayotgan tutunlar so’nggi marta yaproqlari tark etgan butoqlarni chulg’ab olishga harakat qilardi. Darahtlar ham o’z butoqlaridan xazon sipog’lari beayov urib tushurgan yaproqlarning arvohi bo’lmish achqimtil dud-tutunlar pardasini yalang butoqlari bilan tutib qolishga, ularning xira shohi pardasi ortiga o’z yalang’ochliklarini yashirishga ojizlarcha xarakat qilishardi.

«Ana shunaqa!»- men yana-da ko’proq g’ayratga minigancha yangi-yangi darahtlar ostiga to’kilgan hazonlarni to’plar, gugurt chaqqancha ularga o’t qo’yib chiqardim. Darahtlar mening bu hatti-haraktalarimni sukut ichra kuzatisharkan, shox-butoqlarida saqlanib qolgan sanoqli yaproqlarini to’kib yubormaslikka tirishardilar. Shoir do’stim Ravshan Fayz bu holatni «Kuz» she’rida mana bunday ifodalagandi: «Bolalar ko’ngilni etgancha vayron, Tushmagan barglarni duv-duv qoqarlar…»

Men ham qo’ylarimni haydab chiqdim-da, uzun tayoq bilan novdalardagi so’nggi yaproqlarni qoqib chiqa boshladim. Keyin esa bir chetga o’tgancha, sarg’ayib tshkilgan liboslarini olov va qo’ylar yamlayotgan darahtlar holini kuzatdim. Yesenin bu holni:»Darahtlarning yalang’och tani Ochiq qolgan ustixon misol…» deya tasvirlaganini esladim.

Birdaniga xazon sipohlari yalang’ochlagan, ustiga-ustak manim tarafimdan liboslariga o’t qo’yilgan darahtlarga achina boshladim. Hazon uyumlaridan burqsiyotgan tutunlar dimog’imni achitdi, ko’zlarim yoshlandi…

077

(Tashriflar: umumiy 438, bugungi 1)

Izoh qoldiring