Idigey (Edigey). Tatar xalq dostoni

idigey

  Машҳур «Идигей» достони XIV асрнинг 50 йилларидан эътиборан Олтин Ўрдада бошланган сиёсий жараёнлар акс этган эпик асардир.Соҳибқирон Амир Темур кўмагида ўрда тахтини эгаллаган Тўхтамиш ва айрим тарихий маълумотларга кўра,амир Темурнинг қайниси бўлган,Соҳибқироннинг Тўхтамишга қарши юришларида лашкарбошилардан бири ҳисобланган амир Идигей бу достоннинг ёрқин қаҳрамонларидир.

  «Идигей» достонининг ҳозирча биринчи бобини (Кейинчалик бошқа бобларни ҳам) сизга тақдим этамиз. Аммо, одатимизни тарк қилмаган ҳолда, олдин достон ва достон қаҳрамони бўлмиш тарихий шахс ҳақида Ўзбекистон миллий энциклопедиясида берилган маълумотлар билан  таништиришни маъқул кўрдик.

07ИДИКУ ибн Қутлуғ Қабо (рус солномаларида — Эдигей, Едигей) (1352— 1419) — Нўғай Ўрда хони (1396 й. дан), Олтин Ўрдада амири лашкар (1397 й. дан), унинг амалдаги ҳукмдори (1399— . 1412). Манғит бий (бек)ларидан бўлмиш И. 1377 й. Олтин Ўрда хони Ўрусхон таъқибидан қочиб Амир Темур ҳузурига келган ва унинг қўшинида амирлик қила бошлаган. 1391 й. Амир Темурнинг Тўхтамишта қарши юришида иштирок этган. Сўнг, 1396 й. Идил (Волга) ва Ёйиқ (Урал) дарёлари оралиғидаги ҳудудда Олтин Ўрдадан мустақил Нўғай Ўрда давлатини ташкил қилган. 1397 й. Олтин Ўрдани забт этиб, Ўрусхоннингнабираси Темур Қутлуғни расман тахтга ўтқазган бўлса-да, амалда давлатни ўзи идора қилган, ҳокимиятни қўлдан чиқармаслик мақсадида 20 та ўғлини Олтин Ўрданинг турли вилоятларига ноиб этиб тайинлаган. Темур Қутлуғ вафот этгач (1399), И. тахтга унингўғли Шодибекни ўтқазган. Аммо, Шодибек Тўхтамиш б-н тил бириктириб И.га қарши жанг қилган, енгилгач, Дарбандга қочган. Шундан кейин И. Олтин Ўрда тахтига Шодибекнинг ўғли Пўлод Султонни ўтқазиб, Литва князи Витольд  (Витовт)  (1350–1430) ва унинг паноҳига қочиб борган Тўхтамишга қарши юриш қилган ҳамда уларнинг бирлашган қўшинини Ворскла дарёси бўйидаги жангда тор-мор келтирган (1399). 1408 й. И. Олтин Ўрдага хирож тўламай қўйган Русга бостириб кириб, унинг кўплаб шаҳарлари (Серпухов, Дмитров, Ростов, Переяславль, Нижний Новгород ва б.) ни вайрон қилган, Москвани эса қуршаб олиб, катта товон эвазигагина вайрон этмай ортига кайтган. И. 1410—12 й.ларда Олтин Ўрда шаҳзодалари ўртасида бўлган тахт учун кураш оқибатида ҳокимиятдан ажраб, Хоразмга қочган, лекин Шоҳрух томонидан у ердан қувиб чиқарилган (1414). Сўнг, у Тўхтамишнинг ўғиллари Каримберди ва Қодирберди б-н бўлган жанг (1419) да ўлдирилган. Ўзбек, қозоқ, туркман, нўғай, татар ва б. туркий халклар орасида тарқалган «Идику» («Эдигей») достони И. хусусидадир.

Ад.: Греков Б. Д., Я кубовский А. Ю., Олтин Ўрда ва унинг қулаши, Т., 1964; Ибн Арабшоҳ, Амир Темур тарихи, Т., 1992.

«ИДИКУ» — амир Идику Қутлуғ Қабо (рус йилномаларида — Эдигей, Едигей) (1352—1419) ҳақида 15—16-а.лар-да туркий халклар томонидан яратилган достон. Манғитлар амири Идикунинг тарих майдонида пайдо бўлиши ва унинг Олтин Ўрда хони Тўхтамишга қарши (14-а.нинг 90-й.лари) Темур иштирокида кураши б-н боғлиқ воқеалар «Идику» достонининг асосини ташкил этади. Достонда, айниқса Идикунинг ёрдам сўраб Самарқандга — Амир Темур ҳузурига келиши, Соҳибқироннинг унга ўз яқинидек ёрдам бериши тасвирлаб берилган. Достонда ва б. ривоятларда Идикунинг аждоди Хожа Аҳмад Яссавийга боғланиши айтилган.
«Идику», асосан, Волга бўйидаги туркий халклар орасида машҳурдир. Достон Қозонда 1990 й.да китоб ҳолида нашр этилган.

Таржимондан: Шу ўринда қайд этиб ўтиш лозимки,достоннинг турли нашрларида асар қаҳрамони гоҳ Идигей,гоҳ Эдигей тарзида берилган ва бу номларнинг иккиласини ҳам тўғри деб қабул қилиш керак.

И Д И Г Е Й
Татар халқ достонидан
Татарчадан Хуршид Даврон таржимаси
09

I. ТЎХТАМИШХОН БИЛАН ШОҲ ТЕМУР НИЗОСИ ҲАМ ҚУТЛИКИЯ БИЙ БИЛАН ИДИГЕЙНИНГ ЎЛИМГА ҲУКМ ЭТИЛГАНИ

Бурун ўтган замонда,
Булғор билан Саройда,
Ёйиқ билан Эдилда,
Олтин Ўрда, Оқ Ўрда –
Донгли Қипчоқ элида
Тўхтамиш деган хон бўлди;
Эл бўлганга – эл бўлди,
Ёв бўлганга – ёв бўлди.
Ёвлашгани қул бўлди,
Ҳайдагани мол бўлди.
Сарой деган қалъаси,
Саксон кўча ораси,
Сариқ мармар Олтин Тош
Саккиз юртга донг бўлди,
Уларда донг бўлмади;
Ўрдак ила ғоз олган
Қора лочин Тукли Оёқ –
Ов лочини бор эди,
Тўққиз юртга донг бўлди.
Азамат эр Тўхтамиш
Оқбўз оти остида,
Лочини ияр қошида.
Кўл устида қуш учирган,
Даврон сурган хон бўлди.

Ул дарё-да, бу дарё,
Ул дарёдан Сирдарё,
Сирдарёдан Самарқанд,
Самарқандда ўтирган
Амир Барлос Шоҳ Темур
Тўхтамишга хат битди,
Ул хатида бу деди:
“Ёйиқдан ошиб Оқ тепа,
Эдилдан ошиб Кўк тепа,
Кўктепада Оқ сарой,
Унда ўтирган Тўхтамиш –
Ул Тўхтамиш сен бўлсанг,
Қуримни(1) ичган сен бўлсанг,
Сени боққан мен бўлсам,
Тўғри(2)да ўтирган Тукли Оёқ
Тўққиз юртга донг бўлса,
Уни менга топширгил”.

Тўхтамишдай улуғ хон
Ўқиган сўнг бу хатни
Ўнгига туриб бир боқди,
Сўлига туриб бир боқди,
Ичига суюқ бўз тушди,
Тунж темирдай кўк бўлди,
Ичига қизғин ўт тушди,
Сум(3) темирдай қизарди.

Қизаргач сўнг ўт бўлди,
Ундан-да ўтиб оқ бўлди.
Азамат эр Тўхтамиш
Унга жавоб хат битди,
Ул хатида бу деди:
“Ул дарё-да бу дарё,
Ул дарёдан Сирдарё,
Сирдарёдан – Самарқанд,
Самарқандда ўтирган
Оёғи чўнтиқ Шоҳ Темур,
Амир Барлос сен бўлсанг,
Нариги отаси Чингизхон,
Бериги отаси Тўйхўжа,
Алп ўғлони Тўхтамиш,
Ул Тўхтамиш мен бўлсам,
Кўктепада Оқ сарой,
Унда ўтирган хон бўлсам,
Эл бўлганга эл бўлсам,
Ёв бўлганга ёв бўлсам,
Қора лончин Тукли Оёқ
Сенга бўлмас, Шоҳ Темур!
Тўққиз юртга донг бўлган
Қора лочин – ов қушим
Сенга бўлмас, Шоҳ Темур!
Ундан паст қуш – Бўз Тойғин –
Ул ҳам бўлмас Шоҳ Темур!
Эй, Шоҳ Темур, Шоҳ Темур,
Тишинг ўтса, тош кемир!
Саккиз юртга сиғмадинг,
Тўққиз юртни қўймадинг,
Сичқон тепган бедаяк (4)
Сенга бўлсин, Шоҳ Темур!”

Хат битилди, сўз битди,
Ой битди-да кун битди,
Ел ортидан ёз келди,
Кўл устига қуш келди,
Уя босган Тукли Оёқ –
Ул-да бола чиқарди,
Қуш овига пайт етди.
Ов қушларига қараган
Қутликия бий эди.

Азамат эр Тўхтамиш
Уни ўзина чақирди:
“Эй Қутликам, кел, — деди, —
Тўққиз юртга донг бўлган
Тухум босган Тукли Оёқ
Икки бола чиқарса,
Иккисин бир синайлик,
Уни менга бер, — деди.
Қутқикия бий келди,
Оппоқ боғич бўйнинда –
Икки бир тенг бола қуш,
Иккисиям қўлингда.
Ул қушларни берганда,
Тўхтамишхон олмади,
Бир ортиқ кўз солмади.

— Эй Қутлика бий, — деди, —
Булғор билан Саройда
Мен Тўхтамиш хон экан,
Тўғрима қўнган Тукли Оёқ
Тўққиз юртга донг экан,
Уни боққан сен экан,
Уни кутган мен экан,
Ундан бўлган икки қуш –
Ани менга бер, — деди.
Қутликия бий шунда
Яна келиб юқунди,
Ул иккисин яна берганда,
Тўхтамишхон уни олди.
Тирноқ учина қўндириб,
Бировин солди тўрғайга,
Бировин солди кўгалга –
Икковиям учмади
Тирноғининг учидан.

Шунда билди Тўхтамиш
Икки бир тенг бола қуш
Тукли Оёқдан бўлмаган,
Тумшуғи ясси яралган
Туксиз оёқ – бедаяк.
Азамат эр Тўхтамиш
Шунда кўнгли бузилиб,
Қутликия бийга айтди:
“Тўққиз юртга донг бўлган
Қора лочин Тукли Оёқ –
Уни солган мен экан,
Уни боққан сен экан,
Сўраб турган мен экан,
Менга суниб турганинг
Оёғи туксиз бедаяк –
Уни ўзингга ол – деди, —
Ўз қушларим бер, — деди.

Қутликия бий айтди:
— Эй, хониям, хониям,
Тўғрингга қўнган Тукли Оёқ
Тўққиз юртга донг бўлса,
Сенинг билан донг бўлди.
Кеча сен-да чол бўлдинг,
Бугун-да ул чол бўлди.
Тухумини солганда
Қартлигидан у ўлди.
Ундан бўлган икки қуш
Бедаякка тенг бўлди,
Ул икки қуш шул, — деди.

Тўхтамишдай улуғ хон
Ўнгига туриб бир боқди,
Сўлига туриб бир боқди,
Кунгула бўздай бўзариб,
Кўзи қур(5)дай қизариб
Шунда туриб буни айтди:
— Самарқандда ўтирган
Амир Барлос Шоҳ Темур;
Нарида ўтирган ул бўлса,
Берида ўтирган ман бўлсам,
“Қора лочин Тукли Оёқ
Тўққиз юртга донг бўлса,
Уни менга топширгил”, — деб
Буюриб турган ул бўлса,
Унинг сўзин олмаган
Тўхтамишхон мен бўлсам,
Ов қушимга қараган,
Қутликия сен бўлсанг,
Солган икки юмуртқа (6)син
Уядан олган-да сен экан!
Бедаяк қуш юмуртқасин
Уяга солган-да сен экан!
Лочинимнинг тухумини
Шоҳ Темурга берган-да сен экан!
Оёғи туксиз бедаяк –
Боласини кўтариб
Маним қошима келган-да
Сен экан, ҳей, сен экан!

Тўхтамишхон яна айтди:
— Ҳой, Қутлика, Қутлика,
Кунинг қутсиз, Қутлика!
Даврон кимнинг даврони?
Тўхтамишнинг даврони!
Замон кимнинг замони?
Тўхтамишнинг замони!
Жавобинг бер, Қутлика!
Тўхтамишхон яна айтди:
— Эй, Қутлика, Қутлика!
Шоҳ Темур суққан сум олтин,
Сум олтинга сотилдинг!
Бир бошингни икки этдинг,
Икки хонга бош урдинг,
Жавобинг бер, Қутлика!

Қутликия бий айтди:
— Эй, хониям, хониям,
Хос душманинг Шоҳ Темур,
Шоҳ Темурга сотилсам,
Бир бошим икки этсам,
Икки хонга бош урсам –
Сиздан давлат кетгани,
Биздан-да бахт кетгани.
Бошимиздаги қора кун
Ул шул экан, хоним-ей,
Ул шул экан, хоним-ей!

Азамат эр Тўхтамиш
Эрлаб-хўрлаб буни айтди:
— Ҳой, Қутлика, Қутлика!
Кунинг қутсиз, Қутлика!
Даврон кимнинг даврони?
Тўхтамишнинг даврони!
Замон кимнинг замони?
Тўхтамишнинг замони!
Қўш қанотли олтин тож,
Кўз ўрнинда гавҳар тош,
Чингиздан қолган давлат – қуш
Бу бошимдан кетарми?
Олти ойлик донгли юрт,
Этагимда ётган юрт,
Солиғидан солиғин,
Ўрдасидан ўрдасин
Ўнгариб тортган мен экан,
Тўрасиз қолган кенг юртнинг
Тўраси бўлган мен экан, —
Мен билан Чингиз тугарми?
Мендан давлат кетганин,
Сендан омад кетганин
Жўясини айтиб бер, — деди.

Қутлика бий айтди:
— Айтмоқ биздан, эй хоним,
Эшитмоқ сиздан, эй хоним,
Ер ўртаси Кўк тепа,
Кўк тепада Оқ сарой;
Ўша Сарой қалъада
Тўрт дарвоза бор эди,
Иккиси бекик бўлганда,
Иккиси очиқ экандир;
Биридан кирган карвон
Бирига етиб борар;
Юрса йўли кенг бўлиб,
Ётса ери кенг бўлиб,
Юрт-ер омон экан-да;
Ўзи билан замони
Эл фаровон экан-да,
Закотдан олган закоти,
Казна(7)сидан казнаси,
Ўзи билан сонсиз мол,
Ўзи-да билмас экан-да,
Сонсиз олтин бу казна
Умрга етмас экан-да,
Бизнинг кунга келганда
Ул-да етмас экан-да!

Билар бўлсанг, эй хоним,
Камаймас давлат бу эди,
Олтин Ўрда, Оқ ўрда
Олтмиш юртга йўл эди,
Ҳозирги кунингда-чи,
Карвонлар ҳам келолмас,
Дарвозангдан киролмас.
Дарвозангдан кирганда
Молин бўлиб беролмас.
Сендан давлат кетгани
Шу эмасми, эй хоним?
Яна туриб яна айтсам
Эдил усти Сари Тоғ
Элим қўнган юрт эди,
Элим юртда қўймадинг,
Эдилни икки кечирдинг,
Ундан-да уни қўймадинг,
Қурай билан шўр босган
Қуруқ чўлга кетирдинг,
Қумкент деган қалъамни
Қумга кўмиб битирдинг!

Эй, хониям, хониям,
Бир бияда икки эмчак,
Бири битса, бирининг сути йўқ,
Бир туяда икки ўркач –
Бири кетса, бирининг кучи йўқ.
Юртдан юртим кўчгани, —
Биздан омад кетгани,
Қушинг кучдан қолгани –
Сиздан давлат кетгани.
Бир бошимни икки этиб,
Икки хонга бош урсам,
Шундай бўлса, эй хоним,
Юртдан обрўй кетгани,
Чопмоқ бўлсанг, бош – мана!
Сўймоқ бўлсанг, қон – мана!
Буни айтиб Қутликия
Хон олдида юқунди.

Тўхтамишхон шунда айтди:
— Ҳой, сен татар, ҳой, татар,
Манғитдан бўлган чол татар!
Сен-да кеча бор бўлдинг,
Сен-да бугун йўқ бўлдинг!
Сен-да кеча бий бўлдинг,
Бугун келиб сен-да бир
Ўлим билан тенг бўлдинг –
Тухуминг қуритайин!

Азамат эр Тўхтамиш
Икки бийин чақирди;
Чақмоғиш бий, Дўрмон бий
Унга келиб бош урди.
— Эй, Дўрмон бий, Дўрмон бий,
Ойболтангни тут, — деди, —
Ойпичоғинг тақ, — деди, —
Қутликия ёлғон бийни
Бўйни ора чоп, — деди, —
Паридан олган хотини,
Бешикда ётар боласи;
Уни-да ташлаб қолдирган
Паридан бўлган онаси –
Ул болани топ! – деди, —
Бешиги ора чоп! – деди, —
Сен-да бўлсанг, Чақмоғиш,
Чақмоқ чаққан Чақмоғиш,
Қутликия ёлғон бийни
Чанғароқ(8)ин чоп! – деди, —
Чопиб ўтда ёқ! – деди.

Шунда турган Жонтемир –
Кенг қулочли Жонтемир –
Олти ўғлонли эр эди;
Отағи – катта оталиқ,
Юртда машҳур пир эди:
Тўхтамишнинг қошинда
Қулочи кенг келбатли,
Сўзи ўтган бий эди;
Қутликия бий билан
Қон томизиб оқ сутга
Онт ичишган эр эди.

Туриб келиб Жонтемир
Хон олдида юкунди:
— Эй хониям, хониям,
Ер кетарда не қолур?
Еридан тонган эл қолур!
Эл кетарда не қолур?
Эл кетганда юрт қолур!
Юрт кетарда сут қолур,
Оқ кўкракдан сут эмган
Сўзи тотли тил қолур!
Тил кетарда не қолур?
Ёзиб кетган хат қолур?
Бош кетарда не қолур?
Бўйинга тепган қон қолур,
Бўйинидан чопилса
Ул чоғинда не қолур?
Юрт ўрнинда ёв қолур;
Ёв чопганда не қолур?
Ёлғиз боши гангираб,
Қўйдай бўлиб мангираб,
Чўл-далада тентираб
Ёлғиз бўлиб хон қолур.

Сенинг қушинг асраган
Қутликия бий эди,
Ул-да бўлса эр эди;
Бир бобоси ёв эди,
Бир бобоси эл эди.
Бир бобоси қул эди,
Бир бобоси бий эди.
Унинг-да улкан бобоси –
Бобо Тўқлас Хўжа Аҳмад
Авлиёлар пири эди.

Эй, хониям, хониям,
Қул гуноҳин бий кечар,
Бий гуноҳин хон кечар,
Оталиғим ҳаққина
Хатолиғин кеч, — деди, —
Оталиғим ҳаққина
Хатолиғин кечмасанг,
Бешикда ётган боласин
Қошиқ қонин кеч, — деди, —
Бўйниндан тепган қон қолсин,
Боладан қўлинг торт, — деди, —
Қонидан унинг қайт, — деди.
Жонтемир бий айтганда,
Тўхтамишдай улуғ хон
Унинг сўзин олмади,
Сўзига қулоқ солмади.
Аччиғи унинг қаттиқ эди,
Кучуги ундан юмшоқ эди,
Қутликайни тутдирди,
Қўлига қил ип тақдирди;
Сарой деган қалъаси,
Саксон кўча ораси –
Сариқ мармар Олтин Тош.
Олтин тошдан Салқин тош (9),
Салқин тошга тортдирди.
Бир ёғида осгулик,
Бир ёғида чопгулик,
Чопгуликка индириб,
Чўнг кундага чўктириб
Ойболтали Дўрмонбий
Унда бошин чоптирди.

Жонтемирдай отага
Хон қулоғин солмади,
Хон қулоғин солмаса
Ул-да қараб қолмади,
Не қилишин англади,
Уйига қараб йўл олди.
Жонтемирда олти ўғил,
Олтинчи ўғил – Қобоғил.
Олиб келиб ўшани
Қутлика бий уйига
Солиб қўйиб бешикка,
Қутликанинг боласин
Кенг қулочли Жонтемир
Қучоғида яшириб
Ўз уйига келтирди.

Қутликия уйига
Шунда Дўрмон бий келди:
— Сен дунёда юргунча
Хон буйруғи юрсин, деб,
Хон буйруғи юрганда
Отангга етган ойболта
Энди сенга етсин, деб
Қобоғилга қўл солди.

Шунда келиб Чақмоғиш
Уй-ўтовни синдириб,
Чақмоқ чақиб ўт солди.
Хон буйруғи ўтмади,
Хон буйруғи ўтганда
Тангридан ўзиб кетмади –
Отага етган ойболта
Боласига етмади,
Болтаси чопиб чопмади,
Қил бўйнига ўтмади.
У ўлмасдан бу ўлди,
Хоннинг айтган сўзи ўлди;
Бирови ўлди, бирови қолди –
Тангри ҳукми шу эди.

Ул болани Жонтемир
Этагимдан олдим деб,
Этагимдан олганда
Элсиз-кунсиз қолдинг, деб
Отин қўйди Эдигей.

ИЗОҲЛАР

1. Қур – қимиз ачитқиси
2. Тўғри – ов қушлари қўнадиган устуннинг номи.
3. Сум – соф, бошқа нарса аралашмаган маъносида.
4. Бедаяк – қарчиғайнинг бир тури
5. Қур – қимиз ачитқисининг номи.
6. Юмуртқа – тухум.
7. Казна – хазина.
8. Чанғароқ – ўтов устидаги туйнук чамбараги.
9. Салқин тош – жазо майдони бўлган жой.

Таржима учун достоннинг 1988 йили Қозонда нашр этилган китоб нусхаси асос бўлди.

09

Mashhur «Idigey» dostoni XIV asrning 50 yillaridan e’tiboran Oltin O’rdada boshlangan siyosiy jarayonlar aks etgan epik asardir.Sohibqiron Amir Temur ko’magida o’rda taxtini egallagan To’xtamish va ayrim tarixiy ma’lumotlarga ko’ra,amir Temurning qaynisi bo’lgan,Sohibqironning To’xtamishga qarshi yurishlarida lashkarboshilardan biri hisoblangan amir Idigey bu dostonning yorqin qahramonlaridir.
«Idigey» dostonining hozircha birinchi bobini (Keyinchalik boshqa boblarni ham) sizga taqdim etamiz. Ammo, odatimizni tark qilmagan holda, oldin doston va doston qahramoni bo’lmish tarixiy shaxs haqida O’zbekiston milliy entsiklopediyasida berilgan ma’lumotlar bilan tanishtirishni ma’qul ko’rdik.

09

IDIKU ibn Qutlug’ Qabo  (rus solnomalarida — Edigey, Yedigey) (1352— 1419) — No’g’ay O’rda xoni (1396 y. dan), Oltin O’rdada amiri lashkar (1397 y. dan), uning amaldagi hukmdori (1399— . 1412). Mang’it biy (bek)laridan bo’lmish I. 1377 y. Oltin O’rda xoni O’rusxon ta’qibidan qochib Amir Temur huzuriga kelgan va uning qo’shinida amirlik qila boshlagan. 1391 y. Amir Temurning To’xtamishta qarshi yurishida ishtirok etgan. So’ng, 1396 y. Idil (Volga) va Yoyiq (Ural) daryolari oralig’idagi hududda Oltin O’rdadan mustaqil No’g’ay O’rda davlatini tashkil qilgan. 1397 y. Oltin O’rdani zabt etib, O’rusxonningnabirasi Temur Qutlug’ni rasman taxtga o’tqazgan bo’lsa-da, amalda davlatni o’zi idora qilgan, hokimiyatni qo’ldan chiqarmaslik maqsadida 20 ta o’g’lini Oltin O’rdaning turli viloyatlariga noib etib tayinlagan. Temur Qutlug’ vafot etgach (1399), I. taxtga uningo’g’li Shodibekni o’tqazgan. Ammo, Shodibek To’xtamish b-n til biriktirib I.ga qarshi jang qilgan, yengilgach, Darbandga qochgan. Shundan keyin I. Oltin O’rda taxtiga Shodibekning o’g’li Po’lod Sultonni o’tqazib, Litva knyazi Vitol`d (Vitovt) (1350–1430) va uning panohiga qochib borgan To’xtamishga qarshi yurish qilgan hamda ularning birlashgan qo’shinini Vorskla daryosi bo’yidagi jangda tor-mor keltirgan (1399). 1408 y. I. Oltin O’rdaga xiroj to’lamay qo’ygan Rusga bostirib kirib, uning ko’plab shaharlari (Serpuxov, Dmitrov, Rostov, Pereyaslavl`, Nijniy Novgorod va b.) ni vayron qilgan, Moskvani esa qurshab olib, katta tovon evazigagina vayron etmay ortiga kaytgan. I. 1410—12 y.larda Oltin O’rda shahzodalari o’rtasida bo’lgan taxt uchun kurash oqibatida hokimiyatdan ajrab, Xorazmga qochgan, lekin Shohrux tomonidan u yerdan quvib chiqarilgan (1414). So’ng, u To’xtamishning o’g’illari Karimberdi va Qodirberdi b-n bo’lgan jang (1419) da o’ldirilgan. O’zbek, qozoq, turkman, no’g’ay, tatar va b. turkiy xalklar orasida tarqalgan «Idiku» («Edigey») dostoni I. xususidadir.

Ad.: Grekov B. D., YA kubovskiy A. YU., Oltin O’rda va uning qulashi, T., 1964; Ibn Arabshoh, Amir Temur tarixi, T., 1992.

«IDIKU» — amir Idiku Qutlug’ Qabo (rus yilnomalarida — Edigey, Yedigey) (1352—1419) haqida 15—16-a.lar-da turkiy xalklar tomonidan yaratilgan doston. Mang’itlar amiri Idikuning tarix maydonida paydo bo’lishi va uning Oltin O’rda xoni To’xtamishga qarshi (14-a.ning 90-y.lari) Temur ishtirokida kurashi b-n bog’liq voqealar «Idiku» dostonining asosini tashkil etadi. Dostonda, ayniqsa Idikuning yordam so’rab Samarqandga — Amir Temur huzuriga kelishi, Sohibqironning unga o’z yaqinidek yordam berishi tasvirlab berilgan. Dostonda va b. rivoyatlarda Idikuning ajdodi Xoja Ahmad Yassaviyga bog’lanishi aytilgan. «Idiku», asosan, Volga bo’yidagi turkiy xalklar orasida mashhurdir. Doston Qozonda 1990 y.da kitob holida nashr etilgan.

Tarjimondan: Shu o’rinda qayd etib o’tish lozimki,dostonning turli nashrlarida asar qahramoni goh Idigey,goh Edigey tarzida berilgan va bu nomlarning ikkilasini ham to’g’ri deb qabul qilish kerak.

I D I G YE Y
Tatar xalq dostonidan
Tatarchadan Xurshid Davron tarjimasi
09

I. TO’XTAMISHXON BILAN SHOH TEMUR NIZOSI HAM QUTLIKIYA BIY BILAN IDIGEYNING O’LIMGA HUKM ETILGANI

Burun o’tgan zamonda,
Bulg’or bilan Saroyda,idegey
Yoyiq bilan Edilda,
Oltin O’rda, Oq O’rda –
Dongli Qipchoq elida
To’xtamish degan xon bo’ldi;
El bo’lganga – el bo’ldi,
Yov bo’lganga – yov bo’ldi.
Yovlashgani qul bo’ldi,
Haydagani mol bo’ldi.
Saroy degan qal’asi,
Sakson ko’cha orasi,
Sariq marmar Oltin Tosh
Sakkiz yurtga dong bo’ldi,
Ularda dong bo’lmadi;
O’rdak ila g’oz olgan
Qora lochin Tukli Oyoq –
Ov lochini bor edi,
To’qqiz yurtga dong bo’ldi.
Azamat er To’xtamish
Oqbo’z oti ostida,
Lochini iyar qoshida.
Ko’l ustida qush uchirgan,
Davron surgan xon bo’ldi.

Ul daryo-da, bu daryo,
Ul daryodan Sirdaryo,
Sirdaryodan Samarqand,
Samarqandda o’tirgan
Amir Barlos Shoh Temur
To’xtamishga xat bitdi,
Ul xatida bu dedi:
“Yoyiqdan oshib Oq tepa,
Edildan oshib Ko’k tepa,
Ko’ktepada Oq saroy,
Unda o’tirgan To’xtamish –
Ul To’xtamish sen bo’lsang,
Qurimni(1) ichgan sen bo’lsang,
Seni boqqan men bo’lsam,
To’g’ri(2)da o’tirgan Tukli Oyoq
To’qqiz yurtga dong bo’lsa,
Uni menga topshirgil”.

To’xtamishday ulug’ xon
O’qigan so’ng bu xatni
O’ngiga turib bir boqdi,
So’liga turib bir boqdi,
Ichiga suyuq bo’z tushdi,
Tunj temirday ko’k bo’ldi,
Ichiga qizg’in o’t tushdi,
Sum(3) temirday qizardi.

Qizargach so’ng o’t bo’ldi,
Undan-da o’tib oq bo’ldi.
Azamat er To’xtamish
Unga javob xat bitdi,
Ul xatida bu dedi:
“Ul daryo-da bu daryo,
Ul daryodan Sirdaryo,
Sirdaryodan – Samarqand,
Samarqandda o’tirgan
Oyog’i cho’ntiq Shoh Temur,
Amir Barlos sen bo’lsang,
Narigi otasi Chingizxon,
Berigi otasi To’yxo’ja,
Alp o’g’loni To’xtamish,
Ul To’xtamish men bo’lsam,
Ko’ktepada Oq saroy,
Unda o’tirgan xon bo’lsam,
El bo’lganga el bo’lsam,
Yov bo’lganga yov bo’lsam,
Qora lonchin Tukli Oyoq
Senga bo’lmas, Shoh Temur!
To’qqiz yurtga dong bo’lgan
Qora lochin – ov qushim
Senga bo’lmas, Shoh Temur!
Undan past qush – Bo’z Toyg’in –
Ul ham bo’lmas Shoh Temur!
Ey, Shoh Temur, Shoh Temur,
Tishing o’tsa, tosh kemir!
Sakkiz yurtga sig’mading,
To’qqiz yurtni qo’ymading,
Sichqon tepgan bedayak (4)
Senga bo’lsin, Shoh Temur!”

Xat bitildi, so’z bitdi,
Oy bitdi-da kun bitdi,
Yel ortidan yoz keldi,
Ko’l ustiga qush keldi,
Uya bosgan Tukli Oyoq –
Ul-da bola chiqardi,
Qush oviga payt yetdi.
Ov qushlariga qaragan
Qutlikiya biy edi.

Azamat er To’xtamish
Uni o’zina chaqirdi:
“Ey Qutlikam, kel, — dedi, —
To’qqiz yurtga dong bo’lgan
Tuxum bosgan Tukli Oyoq
Ikki bola chiqarsa,
Ikkisin bir sinaylik,
Uni menga ber, — dedi.
Qutqikiya biy keldi,
Oppoq bog’ich bo’yninda –
Ikki bir teng bola qush,
Ikkisiyam qo’lingda.
Ul qushlarni berganda,
To’xtamishxon olmadi,
Bir ortiq ko’z solmadi.

— Ey Qutlika biy, — dedi, —
Bulg’or bilan Saroyda
Men To’xtamish xon ekan,
To’g’rima qo’ngan Tukli Oyoq
To’qqiz yurtga dong ekan,
Uni boqqan sen ekan,
Uni kutgan men ekan,
Undan bo’lgan ikki qush –
Ani menga ber, — dedi.
Qutlikiya biy shunda
Yana kelib yuqundi,
Ul ikkisin yana berganda,
To’xtamishxon uni oldi.
Tirnoq uchina qo’ndirib,
Birovin soldi to’rg’ayga,
Birovin soldi ko’galga –
Ikkoviyam uchmadi
Tirnog’ining uchidan.

Shunda bildi To’xtamish
Ikki bir teng bola qush
Tukli Oyoqdan bo’lmagan,
Tumshug’i yassi yaralgan
Tuksiz oyoq – bedayak.
Azamat er To’xtamish
Shunda ko’ngli buzilib,
Qutlikiya biyga aytdi:
“To’qqiz yurtga dong bo’lgan
Qora lochin Tukli Oyoq –
Uni solgan men ekan,
Uni boqqan sen ekan,
So’rab turgan men ekan,
Menga sunib turganing
Oyog’i tuksiz bedayak –
Uni o’zingga ol – dedi, —
O’z qushlarim ber, — dedi.

Qutlikiya biy aytdi:
— Ey, xoniyam, xoniyam,
To’g’ringga qo’ngan Tukli Oyoq
To’qqiz yurtga dong bo’lsa,
Sening bilan dong bo’ldi.
Kecha sen-da chol bo’lding,
Bugun-da ul chol bo’ldi.
Tuxumini solganda
Qartligidan u o’ldi.
Undan bo’lgan ikki qush
Bedayakka teng bo’ldi,
Ul ikki qush shul, — dedi.

To’xtamishday ulug’ xon
O’ngiga turib bir boqdi,
So’liga turib bir boqdi,
Kungula bo’zday bo’zarib,
Ko’zi qur(5)day qizarib
Shunda turib buni aytdi:
— Samarqandda o’tirgan
Amir Barlos Shoh Temur;
Narida o’tirgan ul bo’lsa,
Berida o’tirgan man bo’lsam,
“Qora lochin Tukli Oyoq
To’qqiz yurtga dong bo’lsa,
Uni menga topshirgil”, — deb
Buyurib turgan ul bo’lsa,
Uning so’zin olmagan
To’xtamishxon men bo’lsam,
Ov qushimga qaragan,
Qutlikiya sen bo’lsang,
Solgan ikki yumurtqa (6)sin
Uyadan olgan-da sen ekan!
Bedayak qush yumurtqasin
Uyaga solgan-da sen ekan!
Lochinimning tuxumini
Shoh Temurga bergan-da sen ekan!
Oyog’i tuksiz bedayak –
Bolasini ko’tarib
Manim qoshima kelgan-da
Sen ekan, hey, sen ekan!

To’xtamishxon yana aytdi:
— Hoy, Qutlika, Qutlika,
Kuning qutsiz, Qutlika!
Davron kimning davroni?
To’xtamishning davroni!
Zamon kimning zamoni?
To’xtamishning zamoni!
Javobing ber, Qutlika!
To’xtamishxon yana aytdi:
— Ey, Qutlika, Qutlika!
Shoh Temur suqqan sum oltin,
Sum oltinga sotilding!
Bir boshingni ikki etding,
Ikki xonga bosh urding,
Javobing ber, Qutlika!

Qutlikiya biy aytdi:
— Ey, xoniyam, xoniyam,
Xos dushmaning Shoh Temur,
Shoh Temurga sotilsam,
Bir boshim ikki etsam,
Ikki xonga bosh ursam –
Sizdan davlat ketgani,
Bizdan-da baxt ketgani.
Boshimizdagi qora kun
Ul shul ekan, xonim-yey,
Ul shul ekan, xonim-yey!

Azamat er To’xtamish
Erlab-xo’rlab buni aytdi:
— Hoy, Qutlika, Qutlika!
Kuning qutsiz, Qutlika!
Davron kimning davroni?
To’xtamishning davroni!
Zamon kimning zamoni?
To’xtamishning zamoni!
Qo’sh qanotli oltin toj,
Ko’z o’rninda gavhar tosh,
Chingizdan qolgan davlat – qush
Bu boshimdan ketarmi?
Olti oylik dongli yurt,
Etagimda yotgan yurt,
Solig’idan solig’in,
O’rdasidan o’rdasin
O’ngarib tortgan men ekan,
To’rasiz qolgan keng yurtning
To’rasi bo’lgan men ekan, —
Men bilan Chingiz tugarmi?
Mendan davlat ketganin,
Sendan omad ketganin
Jo’yasini aytib ber, — dedi.

Qutlika biy aytdi:
— Aytmoq bizdan, ey xonim,
Eshitmoq sizdan, ey xonim,
Yer o’rtasi Ko’k tepa,
Ko’k tepada Oq saroy;
O’sha Saroy qal’ada
To’rt darvoza bor edi,
Ikkisi bekik bo’lganda,
Ikkisi ochiq ekandir;
Biridan kirgan karvon
Biriga yetib borar;
Yursa yo’li keng bo’lib,
Yotsa yeri keng bo’lib,
Yurt-yer omon ekan-da;
O’zi bilan zamoni
El farovon ekan-da,
Zakotdan olgan zakoti,
Kazna(7)sidan kaznasi,
O’zi bilan sonsiz mol,
O’zi-da bilmas ekan-da,
Sonsiz oltin bu kazna
Umrga yetmas ekan-da,
Bizning kunga kelganda
Ul-da yetmas ekan-da!

Bilar bo’lsang, ey xonim,
Kamaymas davlat bu edi,
Oltin O’rda, Oq o’rda
Oltmish yurtga yo’l edi,
Hozirgi kuningda-chi,
Karvonlar ham kelolmas,
Darvozangdan kirolmas.
Darvozangdan kirganda
Molin bo’lib berolmas.
Sendan davlat ketgani
Shu emasmi, ey xonim?
Yana turib yana aytsam
Edil usti Sari Tog’
Elim qo’ngan yurt edi,
Elim yurtda qo’ymading,
Edilni ikki kechirding,
Undan-da uni qo’ymading,
Quray bilan sho’r bosgan
Quruq cho’lga ketirding,
Qumkent degan qal’amni
Qumga ko’mib bitirding!

Ey, xoniyam, xoniyam,
Bir biyada ikki emchak,
Biri bitsa, birining suti yo’q,
Bir tuyada ikki o’rkach –
Biri ketsa, birining kuchi yo’q.
Yurtdan yurtim ko’chgani, —
Bizdan omad ketgani,
Qushing kuchdan qolgani –
Sizdan davlat ketgani.
Bir boshimni ikki etib,
Ikki xonga bosh ursam,
Shunday bo’lsa, ey xonim,
Yurtdan obro’y ketgani,
Chopmoq bo’lsang, bosh – mana!
So’ymoq bo’lsang, qon – mana!
Buni aytib Qutlikiya
Xon oldida yuqundi.

To’xtamishxon shunda aytdi:
— Hoy, sen tatar, hoy, tatar,
Mang’itdan bo’lgan chol tatar!
Sen-da kecha bor bo’lding,
Sen-da bugun yo’q bo’lding!
Sen-da kecha biy bo’lding,
Bugun kelib sen-da bir
O’lim bilan teng bo’lding –
Tuxuming quritayin!

Azamat er To’xtamish
Ikki biyin chaqirdi;
Chaqmog’ish biy, Do’rmon biy
Unga kelib bosh urdi.
— Ey, Do’rmon biy, Do’rmon biy,
Oyboltangni tut, — dedi, —
Oypichog’ing taq, — dedi, —
Qutlikiya yolg’on biyni
Bo’yni ora chop, — dedi, —
Paridan olgan xotini,
Beshikda yotar bolasi;
Uni-da tashlab qoldirgan
Paridan bo’lgan onasi –
Ul bolani top! – dedi, —
Beshigi ora chop! – dedi, —
Sen-da bo’lsang, Chaqmog’ish,
Chaqmoq chaqqan Chaqmog’ish,
Qutlikiya yolg’on biyni
Chang’aroq(8)in chop! – dedi, —
Chopib o’tda yoq! – dedi.

Shunda turgan Jontemir –
Keng qulochli Jontemir –
Olti o’g’lonli er edi;
Otag’i – katta otaliq,
Yurtda mashhur pir edi:
To’xtamishning qoshinda
Qulochi keng kelbatli,
So’zi o’tgan biy edi;
Qutlikiya biy bilan
Qon tomizib oq sutga
Ont ichishgan er edi.

Turib kelib Jontemir
Xon oldida yukundi:
— Ey xoniyam, xoniyam,
Yer ketarda ne qolur?
Yeridan tongan el qolur!
El ketarda ne qolur?
El ketganda yurt qolur!
Yurt ketarda sut qolur,
Oq ko’krakdan sut emgan
So’zi totli til qolur!
Til ketarda ne qolur?
Yozib ketgan xat qolur?
Bosh ketarda ne qolur?
Bo’yinga tepgan qon qolur,
Bo’yinidan chopilsa
Ul chog’inda ne qolur?
Yurt o’rninda yov qolur;
Yov chopganda ne qolur?
Yolg’iz boshi gangirab,
Qo’yday bo’lib mangirab,
Cho’l-dalada tentirab
Yolg’iz bo’lib xon qolur.

Sening qushing asragan
Qutlikiya biy edi,
Ul-da bo’lsa er edi;
Bir bobosi yov edi,
Bir bobosi el edi.
Bir bobosi qul edi,
Bir bobosi biy edi.
Uning-da ulkan bobosi –
Bobo To’qlas Xo’ja Ahmad
Avliyolar piri edi.

Ey, xoniyam, xoniyam,
Qul gunohin biy kechar,
Biy gunohin xon kechar,
Otalig’im haqqina
Xatolig’in kech, — dedi, —
Otalig’im haqqina
Xatolig’in kechmasang,
Beshikda yotgan bolasin
Qoshiq qonin kech, — dedi, —
Bo’ynindan tepgan qon qolsin,
Boladan qo’ling tort, — dedi, —
Qonidan uning qayt, — dedi.
Jontemir biy aytganda,
To’xtamishday ulug’ xon
Uning so’zin olmadi,
So’ziga quloq solmadi.
Achchig’i uning qattiq edi,
Kuchugi undan yumshoq edi,
Qutlikayni tutdirdi,
Qo’liga qil ip taqdirdi;
Saroy degan qal’asi,
Sakson ko’cha orasi –
Sariq marmar Oltin Tosh.
Oltin toshdan Salqin tosh (9),
Salqin toshga tortdirdi.
Bir yog’ida osgulik,
Bir yog’ida chopgulik,
Chopgulikka indirib,
Cho’ng kundaga cho’ktirib
Oyboltali Do’rmonbiy
Unda boshin choptirdi.

Jontemirday otaga
Xon qulog’in solmadi,
Xon qulog’in solmasa
Ul-da qarab qolmadi,
Ne qilishin angladi,
Uyiga qarab yo’l oldi.
Jontemirda olti o’g’il,
Oltinchi o’g’il – Qobog’il.
Olib kelib o’shani
Qutlika biy uyiga
Solib qo’yib beshikka,
Qutlikaning bolasin
Keng qulochli Jontemir
Quchog’ida yashirib
O’z uyiga keltirdi.

Qutlikiya uyiga
Shunda Do’rmon biy keldi:
— Sen dunyoda yurguncha
Xon buyrug’i yursin, deb,
Xon buyrug’i yurganda
Otangga yetgan oybolta
Endi senga yetsin, deb
Qobog’ilga qo’l soldi.

Shunda kelib Chaqmog’ish
Uy-o’tovni sindirib,
Chaqmoq chaqib o’t soldi.
Xon buyrug’i o’tmadi,
Xon buyrug’i o’tganda
Tangridan o’zib ketmadi –
Otaga yetgan oybolta
Bolasiga yetmadi,
Boltasi chopib chopmadi,
Qil bo’yniga o’tmadi.
U o’lmasdan bu o’ldi,
Xonning aytgan so’zi o’ldi;
Birovi o’ldi, birovi qoldi –
Tangri hukmi shu edi.

Ul bolani Jontemir
Etagimdan oldim deb,
Etagimdan olganda
Elsiz-kunsiz qolding, deb
Otin qo’ydi Edigey.

IZOHLAR

1. Qur – qimiz achitqisi
2. To’g’ri – ov qushlari qo’nadigan ustunning nomi.
3. Sum – sof, boshqa narsa aralashmagan ma’nosida.
4. Bedayak – qarchig’ayning bir turi
5. Qur – qimiz achitqisining nomi.
6. Yumurtqa – tuxum.
7. Kazna – xazina.
8. Chang’aroq – o’tov ustidagi tuynuk chambaragi.
9. Salqin tosh – jazo maydoni bo’lgan joy.

Tarjima uchun dostonning 1988 yili Qozonda nashr etilgan kitob nusxasi asos bo’ldi.

067

(Tashriflar: umumiy 2 586, bugungi 4)

1 izoh

Izoh qoldiring