Eshqobil Shukur. Olomon

Ashampoo_Snap_2017.10.24_00h28m14s_006_.png   Ёшликдаги зерикиш хавфли, қариликдагиси аламли бўлади. Зерикиш оламдаги ўз юмушини унутишдир. Инсоният бугун бир-бирига айтар гапи тугаган, муҳташам, аммо файзсиз уйда ўлтирган кекса ота ва ноқобил ўғилга ўхшаб қолди. Иккови икки хонада дилтанг, бемаъно ўтиради. Иккисининг ҳам таоми зерикиш, юрагини ўраган қора туман — эътиқодсизлик. Ғорлардаги номукаммал ҳаётдан ҳар ишни пультда бажариш мумкин бўлган фаровон турмушгача етиб келган одамзод қалбидан бугун Меҳр ва Умид деган олий туйғулар зада қушлардай кўчиб кетаётир. Европа ва Шимолий Америка қитъалари йилига бир-биридан 7сантиметр узоқлашаётган бир пайтда, табиат маромига акс ўлароқ, минтақалар орасидаги масофалар йўқолиб, эллар ва маданиятлар қоришиб кетаётир. Буни оммавий маданият деб атаяпмиз.

Оммавий маданият балоси мавзуси таниқли шоир ва адиб Эшқобил Шукурнинг қуйидаги “Оломон” ҳикоясида ўзининг дардли тарзини, бадиий пишиқ шаклини топган. Муаммони айтмоқ бошқаю унга чора изламоқ бошқа. Ҳикоя йўлидан адашган қавмнинг башарият тарихида қолдиражак доғларини бадиий нур билан ювадиган ёруғ ниятга тўйинган. Ҳикояда тасвирланган воқеа –ўзлигини, тарихи ва келажагини “ейдиган”, оқибат йўқлик қаърига ғарқ бўлишга маҳкум бўлган бир қавмнинг фожеаси, Худодан умиди бор ҳар кимсани сергак этади.

Шодмонқул Салом

Эшқобил Шукур
ОЛОМОН
04

 93a600ea36bb5fbf22a71931865ffc9d.jpg  Эшқобил Шукур 1962 йил Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини битирган (1984). Илк шеърлар тўплами — «Юракни ўрганиш» (1984). Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий китоблари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби нашр этилган. «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор.

04

“Ошанг, афандилар, ошанг, бу хоин иштаҳа сизники”.
Фикрат

1

Уста бехосият туш кўрди: қора бургут унинг бетига қараб ўшқирган эмиш. Қавм бу ишорани азалдан ўлим аломати деб башоратлаган. Им билса, эр ўлмас деган гап бор-ку, лекин қочган қутни қайтариш қийин, бараканг учдими, бас, қудуққа кирсанг ҳам қум ёғар экан.

Беш йилдан бери узлуксиз давом этаётган қурғоқчилик қабилани бутунлай ҳолдан тойдирди. Қариб-қартайганларнинг-ку тамом илиги қуриди, ёш ялангларнинг ҳам этидан сув қочиб, териси суягига ёпишди. Одам боласи пуфлаб шиширилган мешга ўхшайди, оғзи очилиб қолса бўлди, сулаяди, сўлади.

Чор тарафдан бостириб келаётган аччиқ қум тўлқинлари йўлида не дуч келса барини хас-хашакдай ютиб бораётган эди. Қуриб-қақшаган тўқайлардаги сийрак қамишлар қақшоқ қўлларини осмонга чўзиб, тик туриб жон берган қоқсуяк жасадлар каби бўғзигача қумга ботиб борарди. Кейинги пайтларда ўзини бешафқат саҳро ҳукмига топширган бу жойларда жонсарак қирғовуллар ва ҳуркак товушқонларнинг уруғи қуриди. Қақраб ётган ерларда хўрак илинжида судралаётган жони қаттиқ илонлар-у қирқ кунда бир марта сиядиган қумхўр калтакесаклар ва очлик аччиғида ўз жуфтини еб қўядиган гажакдум чўл чаёнлари кўриниб қоларди.

Қай қабиласи неча юз йиллардан бери яшаб келаётган, аждодлари юрт тутган бу ҳудуд саҳро аталмиш сариқ аждаҳонинг комида жон талвасасида типирчиларди.

2

Уста саҳро томондан нохуш ғуборларни учириб келаётган тизгинсиз қуюнлардан безиб, сувсизликдан ўлиб қолиб, ҳовли четида ётган отининг бошида қайғули тураркан, бостириб келаётган балонинг сабабларини ўзича таҳлил қиларди. Қуш қаноти билан эр оти билан. Неча йиллардан бери инисидай бўлиб қолган бу чавкар дўнон Уста юрагининг бир парчасини юлиб кетганди. Талваса пайтида от оғзидан отилган кўпик малларанг тусга кириб, кўпикка ҳам ўхшамасди, ивитилган қумнинг ўзи эди. Саҳронинг дайди қуюнлари қоқсуяк жониворларнинг оғзи-бурнини қум тўзонларига тўлдирганди. Уста бу фожианинг сабабини одамлардан изларди. Чунки, юрт табиати бузилишдан олдин одамларнинг табиати бузилади. Бу икки оламни боғлаб турадиган кўзга кўринмас ришталар бор. Осмонга тупурса, юзга тушар. Муқаддас Сув Муқаддас Ердан юз ўгирди. Шунинг учун келаётган ҳалокатнинг ҳайбати улкан эди.

3

Букур қўрғони пойидаги Тартуқ майдонига элнинг катта-кичигидан тортиб юрт улуғларигача жам бўлишганди. Бекнинг ҳам, қулнинг ҳам оёғи бир чориққа тиқилган, бўйнига бир хил кунда урилган эди. Нон ва сув қайғуси издиҳомни хатарли тусда чайқалтирарди-ки, оломон гўё тўлғоғи бошланаётган вулқондай титраб ётарди. Ҳамма майдон ўртасидаги ибодат қуббаси устига териб қўйилган ёмғир чақирувчи Яда тошига ёлборарди. Башоратчилар ва қушночлар Яда атрофида айланиб, мунгли товушда фарёд қилишар, тинмасдан шамол, булут ва ёмғирни чақиришар, уларнинг шарафига нолавор қўшиқлар куйлашарди. Бироқ, олисда Алтунқан тоғи чўққилари.. боши рўмол кўрмаган хотиндай бир парча булутга зор бўлиб, қорайиб ётарди.

Уста издиҳом орасида икки ҳафта бурун ўз иниси завжасининг қўйнига кириб қўйган Айас исмли бир шармандани кўриб қолди. У ҳеч нарса бўлмагандай одамлар орасида юрар, ёмғир чақиришга жўр бўлар, одамлар ҳам унга ҳеч нарса бўлмагандай қарардилар. Ҳатто, ор-номусни оғиз кўпиртириб мақтаб, куйлаб юрадиган бир жиров у билан сирлашиб турарди. “Тулки ўз уясига қараб ҳурса, қўтир бўлади. Бу беномуснинг башарасини кўрган Яда тоши ёрилиб кетмасмикин, кукунга айланиб қолмасмикин?” деб Уста юзини четга бурди.

Одамлар ёмғир чақириш маросимини тугатгач, майдоннинг кун ботиш томонига, қўрғоннинг ўнг биқинида қад кўтарган улкан Санам сари юрдилар. Узунлиги етти газ келадиган бу муҳташам маъбудага қавм кўп йиллардан бери ибодат қилиб келар ва бу санам элдаги ҳар одам кўнглининг бир парчасига айланиб улгурган эди. Санам ҳайкалини Уста 33 ёшида бундан 35 йил аввал бунёд қилган. У Санамгача ҳам, Санамдан кейин ҳам бундай маҳобатли ва бетакрор ишни амалга оширолмади. Бутун қалби ва меҳрини, бор истеъдоди ва маҳоратини фақат унга, Улуғ Хотин тимсолидаги санамга бағишлади. Уста ҳайкални хурмо, панир, ўсимлик мойи, мол пайи толаси ва хамир қотишмасидан тиклаб, қотишма тош ҳолига келгач, ҳайкални мўмиёлаган ва мўмиё устидан иссиқ-совуқда синмас бўёқлар берган эди. Ҳайкал шундай жойга ўрнатилган эдики, қуёш чиқаётганда ҳам, ботаётганда ҳам тик ва мағрур санамнинг елкасида турарди. Санам олдинга узанган қўлларининг очиқ кафтларини бирлаштирган ҳолда очиб, узоқларга тикилиб турарди. Унинг кўзидан томаётган томчи ёшни ҳам уста садаф ё дур эмас, оқ новвотдан тайёрлаб, ўзига хос ранглаб олмосдай порлатиб юборган эди.Тўлин ойни қўл билан кўрсатмаслар – бу санам ҳам ҳеч қандай таърифу тавсифга муҳтож эмасди.

Маросим бошланди. Майдон атрофини ясавуллар ўради. Юрт беги, шиғовул*, йарғучи*, бўкавул*, ясақчи* ва бошқа мулозимлар олдинги сафга, юлдузчилар, уламолар, оқсуяклар кейинги сафларга, орадаги ўнлаб қаторларга оддий одамлар, охирги сафларга қорабошлар ва табанлиғлар* сафландилар. Маросимга кечикиб келган, эл орасида илонбош лақабини олган тартнақчи*лар беги одамларни уриб-суриб, олдинги қаторга ўтиб олди. Ноғоралар чалинди. Ҳамма Санам сиймосига тобеъ ҳолда тикилди. Ноғоралар садоси остида майдонга бир от-арава елиб кирди. Жиловдор отларни санам қошида тўхтатди. Аравадан тўнининг ўнгирлари очилиб, эчки соқоли селкиллаб, бошидаги бўрки қошигача бостирилган Катта Аба* тушди. Катта Аба санам ҳузуридаги барча маросимларга бош бўларди. Атрофдан халойиқ “Аба! Аба!” дея ҳайқирарди. Катта Аба сафлар олдидаги очиқ жойга ўтиб санамга юз бурди. Ҳамма тинчиб қолди. Аба санам ҳузурида тиз чўкди-да, ер ўпди. Халойиқ ҳам Аба билан баравар Санам пойига йиқилди. Аба ўрнидан турди, омма унга жавобан қўзғолди сўнг тик ҳолда қотди. Аба арава томонга юрди. Жиловдор унга эргашди. Уста жиловдорни таниди. Ундан икки кўча нарида яшайдиган Турумтой экан. Бу Турумтой деганлари хотини билан тил бириктириб, ўтган йили қари онасини Қарғалиғ довонидаги ташландиқ қариялар маконига олиб бориб ташлаган. У энди Катта Абага жиловдор. Турумтой аравадан буғдой билан тўла учта толтовоқни ва бир кўзани туширди. Сўнг толтовоқлардан бирини ўнг қўллаб елкасига олди ва санам ёнидаги тўрт оёқли нарвондан кўтарилди. Халойиқ уни олқишлаб турди. Турумтой нарвоннинг энг тепасига чиқиб, санамнинг очиқ кафтларигача етди ва толтовоқдаги буғдойни маъбуданинг очиқ кафтларига тўкди. Халойиқ гуриллаб овоз берди. Турумтой иккинчи ва учинчи толтовоқдаги буғдойни худди шу тариқа тўкиб, Санамнинг улкан кафтларини буғдойга тўлдиргач, охирида буғдой устидан кўзадаги сувни қуйди. Ҳозироқ мўъжиза содир бўлиб қоладигандай эл яна гуриллаб овоз берди.

4

Маросимлар, илтижолар, даъватлар-у чақириқлар фойда бермади, уларнинг ҳузурини аччиқ қуюнлар кўрди. Одамлар бошсиз тўдалардай ҳалокат гирдобига кириб борарди. Улуғ ағлақ*дан сўнг ҳам бир неча ой ўтди. Лекин одамлар ҳам, табиат ҳам ўз билганидан қолмади.

На инсоф келди, на ёмғир…

Кунларнинг бирида Устанинг уйига Қулуч деган бир ҳайкалтарош келди. Йўнилмаган таёқдай қаққайиб турган чақирилмаган қўноқни кўрган Уста ҳовлисида “олкиш” деса оладиган ити бўлмаганига ачинди. Эшик олдида эгнига юпқа қора тўн ташлаб, бошига қизил бўркни илдирган Қулуч турарди. У мошгуруч соқолини қўлида тараб, заҳарханда қилиб:
-Уста, сенга емак келтирдим. Ўзинг пиширган емак! – деди.

Қулуч қўлидаги усти оқ мато билан ёпилган толкосага қараб минг йиллик душмани устидан ғалаба қозонгандай иршайиб турарди. Қулучнинг майда кўзлари қисилиб, қўшилиб кетган қошлари хунук чимирилди. Уста ишорани тушунмади. Фақат ичи йирингга тўлиб кетган бу одамнинг эшигидан нима ният билан келганини билишга уринди. Иккиси ёшлигидан чиқишолмаган, асов дарёларнинг суви тиниган, лекин буларники бадтар лойқаланаверган. Айниқса, уста санамни яратгандан сўнг ўзига Қулуч деган ашаддий душманни ҳам яратди. Шундан сўнг Қулуч ўнлаб, юзлаб ҳайкаллар ясади, лекин уларнинг бари фил пойидаги кесакдай Уста Санамининг оёқлари остида яксон бўлиб кетаверди. Лекин у бугун нега келди? Ўттиз беш йилдан бери қадам босмаган бу уйда унга энди нима бор? Қўлидаги нарса нима?

5

Уста бўлиб ўтган воқеадан бутунлай бехабар эди.

Очлик ва сувсизликдан қақшаганлар нажот кутгандай эрталабдан қўрғон атрофида тўплана бошладилар. Уларнинг орасида сочини, қулоғини, яноғини кесганлар ҳам талайгина эди. Чунки, камида уч куннинг бирида ҳар уйдан бир ўлик чиқарди. Одамлар ўз Санамига ибодат қилиш билан бирга атрофда бўлаётган воқеаларни гоҳ шивирлаб, гоҳ бақириб муҳокама қилишар: кимдир боласини сотиб юборганини, кимдир отасини урганини, кимдир қизини пуллаганини бир-бирларига айтишарди, бу гапларни мароқ билан қўшиб-чатиб ҳикоя қилгувчилар ҳам бор эди. Кун қия кўтарилгач, майдонда икки шериги билан Турумтой кўриниб қолди. Улар дон излаган қорабовурдай искаланиб юришди-да, қўрғон биқинидаги бостирмадан тўрт оёқли нарвонни олиб чиқишди. Нарвонни санам пойига ўрнатишди. Турумтой нарвондан баландга ўрлади. У шошилганидан нарвоннинг тўртинчи зинасига етганда чап оёғидаги чориғи ерга тушиб кетди. Турумтой бунга парво қилмай юқорига интилди. Ниҳоят у кўзлаган жойи – Санам кафтига етди ва бўз кўйлаги қўлтиғига қўл тиқиб, каноп халтани олди. Сўнг Санам кафтидаги буғдойларни очофатларча халтага сола бошлади. Ахта туянинг юки ош бўлсаям, очга оз кўринади. Турумтой зина устидаги халтани чап қўли билан очиб, ўнг қўли билан буғдойга ютоқиб чангал соларди. Унга ҳозир Санамнинг очиқ кафтлари ёпилиб қоладигандай туюларди. Лекин, Санам “Ол! Олавер! Очофат!” дегандай пинагини бузмай мағрур турарди.У эса ўз илоҳининг насибасига қўрқмасдан тажовуз қиларди.

Турумтой Санам кафтидаги буғдойнинг сўнгги донасигача тортиб олгач, чап қўлидаги халтани елкасига оламан деб қаттиқ силкиниб кетди, пастга қулашига бир баҳя қолди. У чапдастлик билан Санамнинг бошбармоғидан ушлаб қолди. Турумтойнинг оғирлигидан бошбармоқ қирс этиб синди. Лекин худди шу икки-уч сония ичида Турумтой ўзини эплаб олган, нарвон зиналарига суяниб қолган эди. У Санам бошбармоғини бир тортган эди, бармоқ юлиниб кетди. Турумтой қўлидаги бошбармоқни қўйнига солиб қўйди.

Турумтой пастга тушганда, шериклари уни қаҳрамонни кутиб олгандай алқаб қаршиладилар. Чунки, ҳеч кимса журъат қилолмайдиган “буюк иш”ни айнан шу Турумтой эплаган эди. У тоғдан тошни эндиргандай мамнуният билан елкасидаги халтани ерга қўйгач, бирдан нимадир эсига тушиб, қўйнига қўл тиқди ва Санамнинг юлиниб кетган бармоғини қўлига олиб, уни томоша қила бошлади. Унинг қуруқ ва совуқ бақа кўзлари жуда бемаъно боқарди. Турумтой салкам бир кунлик чақалоқдай келадиган бошбармоқни уёқ-буёғидан томоша қиларкан, уни бармоқнинг узилиб кетган жойидаги мўмиё остидаги оқ-сариқ нарса қизиқтириб қолди. Ҳидлаб кўрди, хушбўйгина. Ялаб кўрди, тотлигина. У дарз кетган мўмиёни синдириб ташлади-да, қўлидаги бармоқни ея бошлади. Оғзидаги қаттиқ луқмани ютоқиб чайнай-чайнай оғзидан сўз туфлади: “Тотли! Тотли!”

Дастлаб одамлар ҳайратдан ёқа ушлаб қолдилар. Наҳотки, кўп йиллар давомида ўзлари топиниб келган Санамнинг бармоғини ейиш мумкин бўлса?..

Лекин кўп ўтмай, Турумтойнинг ошналари жонланиб қолди. Улар иршайиб кавшанаётган Турумтойни кўриб, ўзларида кучли рағбат сездилар ва ўлжа ҳидини олган бўрилардай Санам ҳайкалини айлана бошладилар. Биринчи бўлиб Турумтойнинг Қулбақ исмли ошнаси ҳаракатга тушди. У қўрғон биқинидаги бостирмага югуриб кириб, қўлида болта билан чопиб чиқди. Қулбақ Санам пойига келди-ю, тап тортмасдан унинг оёғига болта урди. Сўнг уларнинг бошқа шериклари бу ишга бош қўшдилар. Шундан кейин, бирдан қаттиқ талотўп бошланди. Издиҳом ҳаракатга келди. Бу жаҳолатдан чекинганлардан кўра, унга қўшилганлар кўпроқ эди. Шунинг учун ўн дақиқа ўтмасдан улкан Санам майдон ўртасига гурсиллаб қулади. Кимлардир Санамнинг қўлини, кимлардир оёқлари бўлакларини, кимлардир бошининг бўлакларини кўтариб уйига чопардилар. Оч нималар емайди, тўқ нималар демайди. Бир соат ичида оломон ўз муқаддас Санамининг йиқилган танасини хомталош қилиб кетди.

6

Уста бўлиб ўтган воқеадан бехабар бўлса-да, уйига бу бойўғлининг келиши яхшилик аломати эмаслигини билди. Унинг кўнгли мудҳиш бир хавфни сезди. Бир пайтлар отаси айтганидай “Қора кун келмагунча, қора жилғани кечма!”. Қора жилғани кечиш пайти келганга ўхшайди.

Қулуч изн ҳам сўрамай, ичкарига кирди-да, қўлидаги усти оқ мато билан ёпилган толкосани ҳовли четидаги Устанинг ўзи ясаган нақшинкор курси устига қўйди. Сўнг яна иршайиб деди:
— Тортиқ ўрнини топди.

Қулуч Устага синчков қараб, толкоса устидаги матони секин тортди. Уста ҳам диққат қилди. Толкосага Санамнинг бир кўзи тўлиб турарди. Уста титраб кетди. Манглайидан тер чиқди. Базўр икки қадам олдинга юриб, Санам кўзига тикилиб қолди. Санамнинг киприги остида олмосдай порлаётган тошдай қаттиқ томчи муз сумалагидай эриб борарди.


Изоҳлар:

шиғовул — ҳукмдор саройида тадбирлар ва маросимларни ўтказишга масъул шахс
йарғучи — судья, қози
бўкавул  — бозорларда нархни белгиловчи амалдор
ясақчи — солиқчилар бошлиғи, божмон
табанлиғлар – тобеъ кишилар
тартнақчи — тарозибон
Аба — Ота, бу сўз она маъносида ҳам қўлланган
Улуғ ағлақ  — Наврўздан сўнг

angelo-musco-1.jpg Yoshlikdagi zerikish xavfli, qarilikdagisi alamli bo‘ladi. Zerikish olamdagi o‘z yumushini unutishdir. Insoniyat bugun bir-biriga aytar gapi tugagan, muhtasham, ammo fayzsiz uyda o‘ltirgan keksa ota va noqobil o‘g‘ilga o‘xshab qoldi. Ikkovi ikki xonada diltang, bema’no o‘tiradi. Ikkisining ham taomi zerikish, yuragini o‘ragan qora tuman — e’tiqodsizlik. G‘orlardagi nomukammal hayotdan har ishni pultda bajarish mumkin bo‘lgan farovon turmushgacha yetib kelgan odamzod qalbidan bugun Mehr va Umid degan oliy tuyg‘ular zada qushlarday ko‘chib ketayotir. Yevropa va Shimoliy Amerika qit’alari yiliga bir-biridan 7santimetr uzoqlashayotgan bir paytda, tabiat maromiga aks o‘laroq, mintaqalar orasidagi masofalar yo‘qolib, ellar va madaniyatlar qorishib ketayotir. Buni ommaviy madaniyat deb atayapmiz.

Ommaviy madaniyat balosi mavzusi taniqli shoir va adib Eshqobil Shukurning quyidagi “Olomon” hikoyasida o‘zining dardli tarzini, badiiy pishiq shaklini topgan. Muammoni aytmoq boshqayu unga chora izlamoq boshqa. Hikoya yo‘lidan adashgan qavmning bashariyat tarixida qoldirajak dog‘larini badiiy nur bilan yuvadigan yorug‘ niyatga to‘yingan. Hikoyada tasvirlangan voqea –o‘zligini, tarixi va kelajagini “yeydigan”, oqibat yo‘qlik qa’riga g‘arq bo‘lishga mahkum bo‘lgan bir qavmning fojeasi, Xudodan umidi bor har kimsani sergak etadi.

Shodmonqul Salom

Eshqobil Shukur
OLOMON
04

0_1bbda2_c6b10400_orig.jpg Eshqobil Shukur 1962 yil Surxondaryo viloyatining Qumqo‘rg‘on tumanidagi Boymoqli qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDUning filologiya fakultetini bitirgan (1984). Ilk she’rlar to‘plami — «Yurakni o‘rganish» (1984). Shundan so‘ng uning «Sochlari sumbul-sumbul» (1988), «Tungi gullar» (1989), «Yashil qushlar» (1995), «Hamal ayvoni» (2003) she’riy kitoblari va 2005 yilda «Ko‘hna bog‘ rivoyatlari» nasriy kitobi nashr etilgan. «Naqshband», «Ibtido xatosi» kabi dostonlari, «Nasoyim ul-muhabbatga sayr» turkumi, shuningdek, «Oqibat oqshomi», «Dunyoning ko‘chishi» kabi qissalari ham bor.

04

“Oshang, afandilar, oshang, bu xoin ishtaha sizniki”.
Fikrat

1

Usta bexosiyat tush ko‘rdi: qora burgut uning betiga qarab o‘shqirgan emish. Qavm bu ishorani azaldan o‘lim alomati deb bashoratlagan. Im bilsa, er o‘lmas degan gap bor-ku, lekin qochgan qutni qaytarish qiyin, barakang uchdimi, bas, quduqqa kirsang ham qum yog‘ar ekan.

Besh yildan beri uzluksiz davom etayotgan qurg‘oqchilik qabilani butunlay holdan toydirdi. Qarib-qartayganlarning-ku tamom iligi quridi, yosh yalanglarning ham etidan suv qochib, terisi suyagiga yopishdi. Odam bolasi puflab shishirilgan meshga o‘xshaydi, og‘zi ochilib qolsa bo‘ldi, sulayadi, so‘ladi.

Chor tarafdan bostirib kelayotgan achchiq qum to‘lqinlari yo‘lida ne duch kelsa barini xas-xashakday yutib borayotgan edi. Qurib-qaqshagan to‘qaylardagi siyrak qamishlar qaqshoq qo‘llarini osmonga cho‘zib, tik turib jon bergan qoqsuyak jasadlar kabi bo‘g‘zigacha qumga botib borardi. Keyingi paytlarda o‘zini beshafqat sahro hukmiga topshirgan bu joylarda jonsarak qirg‘ovullar va hurkak tovushqonlarning urug‘i quridi. Qaqrab yotgan yerlarda xo‘rak ilinjida sudralayotgan joni qattiq ilonlar-u qirq kunda bir marta siyadigan qumxo‘r kaltakesaklar va ochlik achchig‘ida o‘z juftini yeb qo‘yadigan gajakdum cho‘l chayonlari ko‘rinib qolardi.

Qay qabilasi necha yuz yillardan beri yashab kelayotgan, ajdodlari yurt tutgan bu hudud sahro atalmish sariq ajdahoning komida jon talvasasida tipirchilardi.

2

Usta sahro tomondan noxush g‘uborlarni uchirib kelayotgan tizginsiz quyunlardan bezib, suvsizlikdan o‘lib qolib, hovli chetida yotgan otining boshida qayg‘uli turarkan, bostirib kelayotgan baloning sabablarini o‘zicha tahlil qilardi. Qush qanoti bilan er oti bilan. Necha yillardan beri inisiday bo‘lib qolgan bu chavkar do‘non Usta yuragining bir parchasini yulib ketgandi. Talvasa paytida ot og‘zidan otilgan ko‘pik mallarang tusga kirib, ko‘pikka ham o‘xshamasdi, ivitilgan qumning o‘zi edi. Sahroning daydi quyunlari qoqsuyak jonivorlarning og‘zi-burnini qum to‘zonlariga to‘ldirgandi. Usta bu fojianing sababini odamlardan izlardi. Chunki, yurt tabiati buzilishdan oldin odamlarning tabiati buziladi. Bu ikki olamni bog‘lab turadigan ko‘zga ko‘rinmas rishtalar bor. Osmonga tupursa, yuzga tushar. Muqaddas Suv Muqaddas Yerdan yuz o‘girdi. Shuning uchun kelayotgan halokatning haybati ulkan edi.

3

Bukur qo‘rg‘oni poyidagi Tartuq maydoniga elning katta-kichigidan tortib yurt ulug‘larigacha jam bo‘lishgandi. Bekning ham, qulning ham oyog‘i bir choriqqa tiqilgan, bo‘yniga bir xil kunda urilgan edi. Non va suv qayg‘usi izdihomni xatarli tusda chayqaltirardi-ki, olomon go‘yo to‘lg‘og‘i boshlanayotgan vulqonday titrab yotardi. Hamma maydon o‘rtasidagi ibodat qubbasi ustiga terib qo‘yilgan yomg‘ir chaqiruvchi Yada toshiga yolborardi. Bashoratchilar va qushnochlar Yada atrofida aylanib, mungli tovushda faryod qilishar, tinmasdan shamol, bulut va yomg‘irni chaqirishar, ularning sharafiga nolavor qo‘shiqlar kuylashardi. Biroq, olisda Altunqan tog‘i cho‘qqilari.. boshi ro‘mol ko‘rmagan xotinday bir parcha bulutga zor bo‘lib, qorayib yotardi.

Usta izdihom orasida ikki hafta burun o‘z inisi zavjasining qo‘yniga kirib qo‘ygan Ayas ismli bir sharmandani ko‘rib qoldi. U hech narsa bo‘lmaganday odamlar orasida yurar, yomg‘ir chaqirishga jo‘r bo‘lar, odamlar ham unga hech narsa bo‘lmaganday qarardilar. Hatto, or-nomusni og‘iz ko‘pirtirib maqtab, kuylab yuradigan bir jirov u bilan sirlashib turardi. “Tulki o‘z uyasiga qarab hursa, qo‘tir bo‘ladi. Bu benomusning basharasini ko‘rgan Yada toshi yorilib ketmasmikin, kukunga aylanib qolmasmikin?” deb Usta yuzini chetga burdi.

Odamlar yomg‘ir chaqirish marosimini tugatgach, maydonning kun botish tomoniga, qo‘rg‘onning o‘ng biqinida qad ko‘targan ulkan Sanam sari yurdilar. Uzunligi yetti gaz keladigan bu muhtasham ma’budaga qavm ko‘p yillardan beri ibodat qilib kelar va bu sanam eldagi har odam ko‘nglining bir parchasiga aylanib ulgurgan edi. Sanam haykalini Usta 33 yoshida bundan 35 yil avval bunyod qilgan. U Sanamgacha ham, Sanamdan keyin ham bunday mahobatli va betakror ishni amalga oshirolmadi. Butun qalbi va mehrini, bor iste’dodi va mahoratini faqat unga, Ulug‘ Xotin timsolidagi sanamga bag‘ishladi. Usta haykalni xurmo, panir, o‘simlik moyi, mol payi tolasi va xamir qotishmasidan tiklab, qotishma tosh holiga kelgach, haykalni mo‘miyolagan va mo‘miyo ustidan issiq-sovuqda sinmas bo‘yoqlar bergan edi. Haykal shunday joyga o‘rnatilgan ediki, quyosh chiqayotganda ham, botayotganda ham tik va mag‘rur sanamning yelkasida turardi. Sanam oldinga uzangan qo‘llarining ochiq kaftlarini birlashtirgan holda ochib, uzoqlarga tikilib turardi. Uning ko‘zidan tomayotgan tomchi yoshni ham usta sadaf yo dur emas, oq novvotdan tayyorlab, o‘ziga xos ranglab olmosday porlatib yuborgan edi.To‘lin oyni qo‘l bilan ko‘rsatmaslar – bu sanam ham hech qanday ta’rifu tavsifga muhtoj emasdi.

Marosim boshlandi. Maydon atrofini yasavullar o‘radi. Yurt begi, shig‘ovul*, yarg‘uchi*, bo‘kavul*, yasaqchi* va boshqa mulozimlar oldingi safga, yulduzchilar, ulamolar, oqsuyaklar keyingi saflarga, oradagi o‘nlab qatorlarga oddiy odamlar, oxirgi saflarga qoraboshlar va tabanlig‘lar* saflandilar. Marosimga kechikib kelgan, el orasida ilonbosh laqabini olgan tartnaqchi*lar begi odamlarni urib-surib, oldingi qatorga o‘tib oldi. Nog‘oralar chalindi. Hamma Sanam siymosiga tobe’ holda tikildi. Nog‘oralar sadosi ostida maydonga bir ot-arava yelib kirdi. Jilovdor otlarni sanam qoshida to‘xtatdi. Aravadan to‘nining o‘ngirlari ochilib, echki soqoli selkillab, boshidagi bo‘rki qoshigacha bostirilgan Katta Aba* tushdi. Katta Aba sanam huzuridagi barcha marosimlarga bosh bo‘lardi. Atrofdan xaloyiq “Aba! Aba!” deya hayqirardi. Katta Aba saflar oldidagi ochiq joyga o‘tib sanamga yuz burdi. Hamma tinchib qoldi. Aba sanam huzurida tiz cho‘kdi-da, yer o‘pdi. Xaloyiq ham Aba bilan baravar Sanam poyiga yiqildi. Aba o‘rnidan turdi, omma unga javoban qo‘zg‘oldi so‘ng tik holda qotdi. Aba arava tomonga yurdi. Jilovdor unga ergashdi. Usta jilovdorni tanidi. Undan ikki ko‘cha narida yashaydigan Turumtoy ekan. Bu Turumtoy deganlari xotini bilan til biriktirib, o‘tgan yili qari onasini Qarg‘alig‘ dovonidagi tashlandiq qariyalar makoniga olib borib tashlagan. U endi Katta Abaga jilovdor. Turumtoy aravadan bug‘doy bilan to‘la uchta toltovoqni va bir ko‘zani tushirdi. So‘ng toltovoqlardan birini o‘ng qo‘llab yelkasiga oldi va sanam yonidagi to‘rt oyoqli narvondan ko‘tarildi. Xaloyiq uni olqishlab turdi. Turumtoy narvonning eng tepasiga chiqib, sanamning ochiq kaftlarigacha yetdi va toltovoqdagi bug‘doyni ma’budaning ochiq kaftlariga to‘kdi. Xaloyiq gurillab ovoz berdi. Turumtoy ikkinchi va uchinchi toltovoqdagi bug‘doyni xuddi shu tariqa to‘kib, Sanamning ulkan kaftlarini bug‘doyga to‘ldirgach, oxirida bug‘doy ustidan ko‘zadagi suvni quydi. Hoziroq mo‘jiza sodir bo‘lib qoladiganday el yana gurillab ovoz berdi.

4

Marosimlar, iltijolar, da’vatlar-u chaqiriqlar foyda bermadi, ularning huzurini achchiq quyunlar ko‘rdi. Odamlar boshsiz to‘dalarday halokat girdobiga kirib borardi. Ulug‘ ag‘laq*dan so‘ng ham bir necha oy o‘tdi. Lekin odamlar ham, tabiat ham o‘z bilganidan qolmadi.

Na insof keldi, na yomg‘ir…

Kunlarning birida Ustaning uyiga Quluch degan bir haykaltarosh keldi. Yo‘nilmagan tayoqday qaqqayib turgan chaqirilmagan qo‘noqni ko‘rgan Usta hovlisida “olkish” desa oladigan iti bo‘lmaganiga achindi. Eshik oldida egniga yupqa qora to‘n tashlab, boshiga qizil bo‘rkni ildirgan Quluch turardi. U moshguruch soqolini qo‘lida tarab, zaharxanda qilib:
-Usta, senga yemak keltirdim. O‘zing pishirgan yemak! – dedi.

Quluch qo‘lidagi usti oq mato bilan yopilgan tolkosaga qarab ming yillik dushmani ustidan g‘alaba qozonganday irshayib turardi. Quluchning mayda ko‘zlari qisilib, qo‘shilib ketgan qoshlari xunuk chimirildi. Usta ishorani tushunmadi. Faqat ichi yiringga to‘lib ketgan bu odamning eshigidan nima niyat bilan kelganini bilishga urindi. Ikkisi yoshligidan chiqisholmagan, asov daryolarning suvi tinigan, lekin bularniki badtar loyqalanavergan. Ayniqsa, usta sanamni yaratgandan so‘ng o‘ziga Quluch degan ashaddiy dushmanni ham yaratdi. Shundan so‘ng Quluch o‘nlab, yuzlab haykallar yasadi, lekin ularning bari fil poyidagi kesakday Usta Sanamining oyoqlari ostida yakson bo‘lib ketaverdi. Lekin u bugun nega keldi? O‘ttiz besh yildan beri qadam bosmagan bu uyda unga endi nima bor? Qo‘lidagi narsa nima?

5

Usta bo‘lib o‘tgan voqeadan butunlay bexabar edi.

Ochlik va suvsizlikdan qaqshaganlar najot kutganday ertalabdan qo‘rg‘on atrofida to‘plana boshladilar. Ularning orasida sochini, qulog‘ini, yanog‘ini kesganlar ham talaygina edi. Chunki, kamida uch kunning birida har uydan bir o‘lik chiqardi. Odamlar o‘z Sanamiga ibodat qilish bilan birga atrofda bo‘layotgan voqealarni goh shivirlab, goh baqirib muhokama qilishar: kimdir bolasini sotib yuborganini, kimdir otasini urganini, kimdir qizini pullaganini bir-birlariga aytishardi, bu gaplarni maroq bilan qo‘shib-chatib hikoya qilguvchilar ham bor edi. Kun qiya ko‘tarilgach, maydonda ikki sherigi bilan Turumtoy ko‘rinib qoldi. Ular don izlagan qorabovurday iskalanib yurishdi-da, qo‘rg‘on biqinidagi bostirmadan to‘rt oyoqli narvonni olib chiqishdi. Narvonni sanam poyiga o‘rnatishdi. Turumtoy narvondan balandga o‘rladi. U shoshilganidan narvonning to‘rtinchi zinasiga yetganda chap oyog‘idagi chorig‘i yerga tushib ketdi. Turumtoy bunga parvo qilmay yuqoriga intildi. Nihoyat u ko‘zlagan joyi – Sanam kaftiga yetdi va bo‘z ko‘ylagi qo‘ltig‘iga qo‘l tiqib, kanop xaltani oldi. So‘ng Sanam kaftidagi bug‘doylarni ochofatlarcha xaltaga sola boshladi. Axta tuyaning yuki osh bo‘lsayam, ochga oz ko‘rinadi. Turumtoy zina ustidagi xaltani chap qo‘li bilan ochib, o‘ng qo‘li bilan bug‘doyga yutoqib changal solardi. Unga hozir Sanamning ochiq kaftlari yopilib qoladiganday tuyulardi. Lekin, Sanam “Ol! Olaver! Ochofat!” deganday pinagini buzmay mag‘rur turardi.U esa o‘z ilohining nasibasiga qo‘rqmasdan tajovuz qilardi.

Turumtoy Sanam kaftidagi bug‘doyning so‘nggi donasigacha tortib olgach, chap qo‘lidagi xaltani yelkasiga olaman deb qattiq silkinib ketdi, pastga qulashiga bir bahya qoldi. U chapdastlik bilan Sanamning boshbarmog‘idan ushlab qoldi. Turumtoyning og‘irligidan boshbarmoq qirs etib sindi. Lekin xuddi shu ikki-uch soniya ichida Turumtoy o‘zini eplab olgan, narvon zinalariga suyanib qolgan edi. U Sanam boshbarmog‘ini bir tortgan edi, barmoq yulinib ketdi. Turumtoy qo‘lidagi boshbarmoqni qo‘yniga solib qo‘ydi.

Turumtoy pastga tushganda, sheriklari uni qahramonni kutib olganday alqab qarshiladilar. Chunki, hech kimsa jur’at qilolmaydigan “buyuk ish”ni aynan shu Turumtoy eplagan edi. U tog‘dan toshni endirganday mamnuniyat bilan yelkasidagi xaltani yerga qo‘ygach, birdan nimadir esiga tushib, qo‘yniga qo‘l tiqdi va Sanamning yulinib ketgan barmog‘ini qo‘liga olib, uni tomosha qila boshladi. Uning quruq va sovuq baqa ko‘zlari juda bema’no boqardi. Turumtoy salkam bir kunlik chaqaloqday keladigan boshbarmoqni uyoq-buyog‘idan tomosha qilarkan, uni barmoqning uzilib ketgan joyidagi mo‘miyo ostidagi oq-sariq narsa qiziqtirib qoldi. Hidlab ko‘rdi, xushbo‘ygina. Yalab ko‘rdi, totligina. U darz ketgan mo‘miyoni sindirib tashladi-da, qo‘lidagi barmoqni yeya boshladi. Og‘zidagi qattiq luqmani yutoqib chaynay-chaynay og‘zidan so‘z tufladi: “Totli! Totli!”

Dastlab odamlar hayratdan yoqa ushlab qoldilar. Nahotki, ko‘p yillar davomida o‘zlari topinib kelgan Sanamning barmog‘ini yeyish mumkin bo‘lsa?..

Lekin ko‘p o‘tmay, Turumtoyning oshnalari jonlanib qoldi. Ular irshayib kavshanayotgan Turumtoyni ko‘rib, o‘zlarida kuchli rag‘bat sezdilar va o‘lja hidini olgan bo‘rilarday Sanam haykalini aylana boshladilar. Birinchi bo‘lib Turumtoyning Qulbaq ismli oshnasi harakatga tushdi. U qo‘rg‘on biqinidagi bostirmaga yugurib kirib, qo‘lida bolta bilan chopib chiqdi. Qulbaq Sanam poyiga keldi-yu, tap tortmasdan uning oyog‘iga bolta urdi. So‘ng ularning boshqa sheriklari bu ishga bosh qo‘shdilar. Shundan keyin, birdan qattiq taloto‘p boshlandi. Izdihom harakatga keldi. Bu jaholatdan chekinganlardan ko‘ra, unga qo‘shilganlar ko‘proq edi. Shuning uchun o‘n daqiqa o‘tmasdan ulkan Sanam maydon o‘rtasiga gursillab quladi. Kimlardir Sanamning qo‘lini, kimlardir oyoqlari bo‘laklarini, kimlardir boshining bo‘laklarini ko‘tarib uyiga chopardilar. Och nimalar yemaydi, to‘q nimalar demaydi. Bir soat ichida olomon o‘z muqaddas Sanamining yiqilgan tanasini xomtalosh qilib ketdi.

6

Usta bo‘lib o‘tgan voqeadan bexabar bo‘lsa-da, uyiga bu boyo‘g‘lining kelishi yaxshilik alomati emasligini bildi. Uning ko‘ngli mudhish bir xavfni sezdi. Bir paytlar otasi aytganiday “Qora kun kelmaguncha, qora jilg‘ani kechma!”. Qora jilg‘ani kechish payti kelganga o‘xshaydi.

Quluch izn ham so‘ramay, ichkariga kirdi-da, qo‘lidagi usti oq mato bilan yopilgan tolkosani hovli chetidagi Ustaning o‘zi yasagan naqshinkor kursi ustiga qo‘ydi. So‘ng yana irshayib dedi:
— Tortiq o‘rnini topdi.

Quluch Ustaga sinchkov qarab, tolkosa ustidagi matoni sekin tortdi. Usta ham diqqat qildi. Tolkosaga Sanamning bir ko‘zi to‘lib turardi. Usta titrab ketdi. Manglayidan ter chiqdi. Bazo‘r ikki qadam oldinga yurib, Sanam ko‘ziga tikilib qoldi. Sanamning kiprigi ostida olmosday porlayotgan toshday qattiq tomchi muz sumalagiday erib borardi.


Izohlar:

shig‘ovul — hukmdor saroyida tadbirlar va marosimlarni o‘tkazishga mas’ul shaxs
yarg‘uchi — sudya, qozi
bo‘kavul — bozorlarda narxni belgilovchi amaldor
yasaqchi — soliqchilar boshlig‘i, bojmon
tabanlig‘lar – tobe’ kishilar
tartnaqchi — tarozibon
Aba — Ota, bu so‘z ona ma’nosida ham qo‘llangan
Ulug‘ ag‘laq — Navro‘zdan so‘ng

07

(Tashriflar: umumiy 125, bugungi 1)

Izoh qoldiring