Maqsud Shayxzoda nega qamalgan? & Ikki xalq farzandi. Hujjatli film

091     Мақсуд Шайхзода… Озарбайжон диёрида туғилган, фалакнинг гардиши билан ўзбек тупроғига келиб қолиб, мустабид тузумнинг тазйиқ ва таҳдидларига қарамай, завқу шавқ билан ижод қилган, замонавий ўзбек тили ва адабиёти тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшган бу буюк ижодкорнинг муборак номи ҳеч қачон халқимиз хотирасидан ўчмаслиги лозим.

Хуршид Даврон
ШАЙХЗОДА ХОТИРАСИГА
091

Кўкка зийрак қулоқ тутарди
Тутмоқ бўлиб тун овозини,
Ёр юзига энгашган каби
Эгиларди қоғозга бирдан.

Кечалари ойнинг шуъласи
Ёритаркан шеър қоғозини,
Тутатарди папиросини
Ёниб турган қалами билан.

1983

МАҚСУД ШАЙХЗОДА НЕГА ҚАМАЛГАН?
Наим Каримов
Ўзбекистон фан арбоби,профессор
021

081Камина билган, яқиндан таниган улуғ ёзувчилар, шоирлар, ижод аҳиллари қаторида Мақсуд Шайхзоданинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Ойбек домла, Миртемир сингари адибларимизни қанчалик яқиндан таниган бўлсам, Шайх аканинг руҳиятидаги ўзига хосликлар ҳам мен учун бегона эмас. Албатта, бу авлиёсифат зотлар қаторига Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат ва Усмон Носирларни ҳам киритишимиз мумкин. Афсуски, жадид адабиётининг улкан сиймолари билан бақамти бўлиш биз тенги авлод вакилларига насиб этмади.

Мақсуд Шайхзодага бўлган юксак ҳурмат, эҳтиромимининг боиси шундаки, у йирик кўламдаги ижодий меҳнатларининг эвазига ҳеч қандай эътироф, тақдирланиш, роҳат-фароғат кўрмасдан дунёдан ўтиб кетди.

Бўлғуси шоир 1908 йили Озарбайжоннинг Оқтош шаҳрида дунёга келган. Бу ер Бокудан бироз узоқроқда, Тбилисига яқинроқда жойлашган. Аслини олганда Шайхзоданинг ота-онаси оқтошлик эмас. Улар Озарбайжоннинг бошқа жойида вояга етиб, Тбилисига бориб ўқишган. Шайхзода ота-онасининг талабалик даврларида туғилган. Шахсини тасдиқловчи ҳужжатини эса Оқтошда олгани боис, ўзини шу ерда дунёга келган, деб билади.

У бошланғич мактабни тамомлаганидан сўнг Бокуга бориб, дорулмуаллиминда ўқийди. Шайхзода бу ердаги таҳсилни ҳам ниҳоясига етказгач, ўзи хоҳлагани туфайлими ёки бошқа сабаблими Доғистоннинг Дарбанд шаҳрига юборилади. Ўша пайтлари Доғистон Озарбайжон таркибига киритилган эди. Шайхзода бу ердаги озор тилида гаплашувчи аҳоли вакилларининг фарзандлари таҳсил оладиган ўрта мактабда дарс беради. Сўнг орадан бир йил ўтиб, ота-онасини кўргани келади. Бу ерда маълум муддат тургач, яна Бокуга қайтади. Маориф комиссарлигига учрашиб, Дарбандга эмас, Бўйноқ шаҳрига юборишларини сўраб мурожаат қилади. Унинг талабини ўрганиб чиққан мутасаддилар розилик билдиради.

Шундай қилиб, у ўша ердаги техникумга ишга киради.

Бу йиллар мобайнида рус, туркий ва бошқа тилларни мукаммал ўзлаштиради. Гап шундаки, ўша пайтлари Доғистон энди шўролаша бошлаганди. Албатта, бундай пайтда фикран тараққий этган, зиёли кишилар бу жараёнга панжа ортидан қараб туролмаслиги табиий.

Ана шулардан бири Манназар Файзий эди. Ижоди энди гуркирай бошлаган, тафаккур олами янги ғоялар билан тўлиб-тошган Шайхзода бу дунё кўрган маърифатпарвар сиймо билан доимий мулоқотларни йўлга қўяди. Ана шу ўзаро учрашувларнинг маҳсули ўлароқ, Шайхзодада мавжуд тузум билан муроса қилмайдиган фикрлар уйғонади. У ҳам бўлса, Доғистон ва Озарбайжон бошқа ўлкалар қатори яқин ўн йил ичида миллий хусусиятини йўқотиб қўяди, деган ташвиши эди. Ана шундай юрт қайғуси билан боғлиқ жараёнда ўзаро йиғинлар, тадбирлар ўтказилган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Таъкидлаш жоизки, ўша пайтлари бундай ҳодисалар аксилшўровий хатти-ҳаракат сифатида баҳоланар, бундай кайфиятдаги кишиларни таъқиб ва қийноқлар кутарди. Шайхзодани дастлаб ГПУ тасарруфидаги қурилишларнинг бирига юборишади. Лекин шу ҳақиқат аёнки, у собиқ шўро давлатининг олдида тайинли жиноят содир қилмаганди. Уни айбли деб топадиган далиллар йўқ эди. Фақатгина маълум бир гапларни айтган бўлиши мумкин. Шу боис зийрак фикрлаш тарзига эга бўлган Шайхзода ўзини ноҳақ ушлаб турилгани юзасидан юқори ташкилотларга ариза билан мурожаат қилади.

Буни қарангки, унинг ҳақли эътирози кўриб чиқилиб, стратегик аҳамиятга эга бўлмаган шаҳарлар сирасига кирувчи Тошкентга – уч йил сургунга ҳукм қилинади. Қизиғи шундаки, Тошкентда Шайхзоданинг отаси билан қалин ўртоқ бўлган бир киши яшар экан. У Шайхзоданинг онасига: “Тошкентга борса, ўзим ёрдам бераман”, дея ваъда берган.

Тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган шоир дастлаб вокзал яқинидаги Наримонов номли озарбайжон мактабида дарс бера бошлайди. Орадан маълум вақт ўтгач, педагогик фаолиятни вақтинча тарк этиб, “Шарқ ҳақиқати”, “Гулистон” сингари газета-журналларда шеърлари билан қатнаша бошлайди.

1929 йили “Трактор” номли шеъри чоп этилади. Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир сингари ўзбек адиблари билан дўстлашади. Илгари ёзган шеърларида турк, озор тилига хос унсурлар кўзга ташланиб турган бўлса, энди соф ўзбекча оҳанглар юзага қалқий бошлайди.

Шайхзода фаолиятида икки муҳим қирра мавжуд. Бири ижодкор, аниқроғи, шоир, публицист, драматург сифатидаги ўрни бўлса, иккинчи томони унинг педагоглигидир. Ўзбек мумтоз адабиётини, жаҳон бадиияти дурдоналарини, қолаверса, ўша давр адабий жараёнини ниҳоятда дақиқлик билан ўзлаштирган адиб ва олимнинг педагоглик фаолияти бевосита Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институти (ҳозир университет) билан чамбарчас боғлиқ. Ўзидаги мураббийлик, устозлик иқтидорини ижодкорлик, тўғрироғи, шоирлик билан уйғунлаштирган Шайхзода урушга қадар энг пешқадам адиблар сирасидан ўрин олганди. Айниқса, унинг адабий жамоатчилик эътиборини қозонишига “Жалолиддин Мангуберди” асарининг яратилиши сабабчи бўлди. Табиийки, бундай кенг кўламдаги ютуқлар унинг айрим ҳамкасбларига хуш ёқавермасди.

1951 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг навбатдаги котибият йиғилиши ўтказилади. Кун тартибидаги асосий масала — Шайхзодани уюшмадан ўчиришга қаратилганди. Эътиборлиси шундаки, ўша пайтлари уюшмадан ўчирилиш камида йигирма беш йиллик қамоқ ёки отишга ҳукм қилиш билан якун топарди. Аммо йиғилишда ўтирганлар айни шу аччиқ ҳақиқатни била туриб муҳокамага қўйилган масалани қўл кўтариб тасдиқлаб беради.

Хўш, Шайхзодага қўйилган айбловнинг асосий моҳиятини нима ташкил этарди? Гап шундаки, Ҳамид Олимжоннинг фожиали вафотидан сўнг, уюшмага раҳбарлик қилиш Ойбек домла зиммасига юклатилган эди. У бир вақтнинг ўзида собиқ Иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси раиси А.Фадеевнинг ўринбосари ҳисобланади. Табиийки, “Ёш гвардия” муаллифи раҳбар сифатида Ойбек домлани турли масалалар юзасидан Москвага чақиртириши табиий. Ана шундай вазиятларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига етакчилик қилиш Шайхзоданинг чекига тушарди.

Шундай кунларнинг бирида Светлана Сомова Шайхзода ўтирган кабинетга кириб, “Биз комфирқа йиғилишини ўтказмоқчимиз, хонани бўшатиб берсангиз”, дейди. Вақтинча раис вазифасини бажарувчи эса, “Шу хонадан бошқаси қуриб қолибдими, йиғилиш учун бошқа хоналар бор-ку”, дея жавоб қайтаради. Ўша пайтлари бирор кишига сиёсий айб қўйиш учун бундай далилнинг ўзи етарли эди. Шунинг учун ҳам Шайхзоданинг рақиблари пашшадан фил ясашга киришиб кетишади. Унга “Ширин ва Шакар” достонини нашрга тайёрлашда феодал ўтмишни улуғлагани, «Озарбайжон халқининг жаллоди» ҳисобланган Жалолиддин Мангубердини миллий қаҳрамон сифатида тасвирлагани, ижодкор сифатида феодал ўтмишни қўмсайдиган одам эканлиги каби айблар тиркалади.

Шайхзоданинг бошига ана шундай қора кунлар тушишида Уйғун, Мильчаков сингари уюшма раҳбариятидаги вакилларнинг қўли борлигидан ҳам кўз юма олмаймиз.

Ёзувчилар уюшмасидан ўчирилган, руҳиятида кескин ўзгаришлар кечаётган Шайхзода икки ой ўтар-ўтмас қамоққа олинади. Судгача бўлган тергов жараёнлари ҳам 1937 — 38 йиллардаги дастлабки қатағон даврларидан сира кам бўлган эмас. Кечаю кундуз сўроқлар, сохта гувоҳлар билан юзлаштиришлар, бесабаб таҳқирлар унинг иродасини бука олмайди. Яна шуни айтиш мумкинки, ўша давр ҳаётини акс эттирувчи архив ҳужжатлари билан яқиндан танишганимизда кўпгина адибларимиздан ихлосингиз қайтиб кетади. Аммо Шайхзодагина бундан мустасно, чунки у ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам гард юқтирмасдан, чалчасавод терговчиларнинг бемаъни саволларига аниқ-тиниқ жавоб қайтаради. Уларни ўзининг закийлиги билан мот қилиб қўяди. Лекин шунга қарамасдан у кишини йигирма беш йил озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарилади. Жазони ўташ учун эса Иркутскдаги жазо лагерларидан бири белгиланади.

Агар 1953 йили И.В.Сталин вафот этмаганида Шайхзода ва унга ўхшаган беайб жазога тортилган адибларнинг умри Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Усмон Носир сингари ниҳоятда фожиали кечиши мумкин эди. Худо баъзан севимли бандаларини ана шундай бахт билан сийлар экан. Шайхзодага хос тантилик, бағрикенглик, олижанобликни қарангки, қамоқдан қайтиб келганидан кейин ҳам бирон кишига: “Мен сен туфайли жазо тортдим, сен менинг қамалишимга айбдор бўлгансан”, демаган.

Қамоқда тортган азоблари, руҳий қийноқлар эвазига Шайхзода 60 ёшга ҳам етиб кела олмади. 1968 йил 9 февралдаги ўлим уни орамиздан олиб кетди. У киши ҳар гал таъкидларканки, “Агар мен вафот этадиган бўлсам, Мильчаков, Шевердин, Зинат Фатхулин сингари кишилар видо сўзларини сўзламасин!” Аммо ўша пайтлари уюшмага раҳбарлик қилиб турган Комил Яшинга ўтказилган босим туфайлими ёки бошқа сабаб боисми, Шайхзоданинг қабри тепасида ана шу кишилар видо сўзларини айтишган. Унинг қабри тепасига ўрнатилган ёдгорлик ҳам Шайхзоданинг укаси Фуад томонидан тайёрланган лойиҳа асосида бунёд этилганини айтишимиз мумкин.

Бир сўз билан айтганда, Шайхзода салмоқли ижодий меҳнат билан шуғулланиши баробарида рўшнолик, ёруғлик кўрмай ўтган адибларимиздан. Ҳатто, айрим ҳамкасблари ўша қатағон даврларидан сўз очган лаҳзаларда ҳам “Замон шундай эди”, дея гапни муҳтасар қилиши ҳам унинг олижаноб ҳисларга лиммо-лим эканлигидан далолат беради.

MAQSUD SHAYXZODA NEGA QAMALGAN?
Naim Karimov
O’zbekiston fan arbobi,professor
021

081Kamina bilgan, yaqindan tanigan ulug’ yozuvchilar, shoirlar, ijod ahillari qatorida Maqsud Shayxzodaning o’rni alohida ahamiyat kasb etadi. Oybek domla, Mirtemir singari adiblarimizni qanchalik yaqindan tanigan bo’lsam, Shayx akaning ruhiyatidagi o’ziga xosliklar ham men uchun begona emas. Albatta, bu avliyosifat zotlar qatoriga Mahmudxo’ja Behbudiy, Abdulla Qodiriy, Abdulhamid Cho’lpon, Abdurauf Fitrat va Usmon Nosirlarni ham kiritishimiz mumkin. Afsuski, jadid adabiyotining ulkan siymolari bilan baqamti bo’lish biz tengi avlod vakillariga nasib etmadi.

Maqsud Shayxzodaga bo’lgan yuksak hurmat, ehtiromimining boisi shundaki, u yirik ko’lamdagi ijodiy mehnatlarining evaziga hech qanday e’tirof, taqdirlanish, rohat-farog’at ko’rmasdan dunyodan o’tib ketdi.

Bo’lg’usi shoir 1908 yili Ozarbayjonning Oqtosh shahrida dunyoga kelgan. Bu yer Bokudan biroz uzoqroqda, Tbilisiga yaqinroqda joylashgan. Aslini olganda Shayxzodaning ota-onasi oqtoshlik emas. Ular Ozarbayjonning boshqa joyida voyaga yetib, Tbilisiga borib o’qishgan. Shayxzoda ota-onasining talabalik davrlarida tug’ilgan. Shaxsini tasdiqlovchi hujjatini esa Oqtoshda olgani bois, o’zini shu yerda dunyoga kelgan, deb biladi.

U boshlang’ich maktabni tamomlaganidan so’ng Bokuga borib, dorulmualliminda o’qiydi. Shayxzoda bu yerdagi tahsilni ham nihoyasiga yetkazgach, o’zi xohlagani tufaylimi yoki boshqa sabablimi Dog’istonning Darband shahriga yuboriladi. O’sha paytlari Dog’iston Ozarbayjon tarkibiga kiritilgan edi. Shayxzoda bu yerdagi ozor tilida gaplashuvchi aholi vakillarining farzandlari tahsil oladigan o’rta maktabda dars beradi. So’ng oradan bir yil o’tib, ota-onasini ko’rgani keladi. Bu yerda ma’lum muddat turgach, yana Bokuga qaytadi. Maorif komissarligiga uchrashib, Darbandga emas, Bo’ynoq shahriga yuborishlarini so’rab murojaat qiladi. Uning talabini o’rganib chiqqan mutasaddilar rozilik bildiradi.

Shunday qilib, u o’sha yerdagi texnikumga ishga kiradi.

Bu yillar mobaynida rus, turkiy va boshqa tillarni mukammal o’zlashtiradi. Gap shundaki, o’sha paytlari Dog’iston endi sho’rolasha boshlagandi. Albatta, bunday paytda fikran taraqqiy etgan, ziyoli kishilar bu jarayonga panja ortidan qarab turolmasligi tabiiy.

Ana shulardan biri Mannazar Fayziy edi. Ijodi endi gurkiray boshlagan, tafakkur olami yangi g’oyalar bilan to’lib-toshgan Shayxzoda bu dunyo ko’rgan ma’rifatparvar siymo bilan doimiy muloqotlarni yo’lga qo’yadi. Ana shu o’zaro uchrashuvlarning mahsuli o’laroq, Shayxzodada mavjud tuzum bilan murosa qilmaydigan fikrlar uyg’onadi. U ham bo’lsa, Dog’iston va Ozarbayjon boshqa o’lkalar qatori yaqin o’n yil ichida milliy xususiyatini yo’qotib qo’yadi, degan tashvishi edi. Ana shunday yurt qayg’usi bilan bog’liq jarayonda o’zaro yig’inlar, tadbirlar o’tkazilgan bo’lishi ham ehtimoldan holi emas.

Ta’kidlash joizki, o’sha paytlari bunday hodisalar aksilsho’roviy xatti-harakat sifatida baholanar, bunday kayfiyatdagi kishilarni ta’qib va qiynoqlar kutardi. Shayxzodani dastlab GPU tasarrufidagi qurilishlarning biriga yuborishadi. Lekin shu haqiqat ayonki, u sobiq sho’ro davlatining oldida tayinli jinoyat sodir qilmagandi. Uni aybli deb topadigan dalillar yo’q edi. Faqatgina ma’lum bir gaplarni aytgan bo’lishi mumkin. Shu bois ziyrak fikrlash tarziga ega bo’lgan Shayxzoda o’zini nohaq ushlab turilgani yuzasidan yuqori tashkilotlarga ariza bilan murojaat qiladi.

Buni qarangki, uning haqli e’tirozi ko’rib chiqilib, strategik ahamiyatga ega bo’lmagan shaharlar sirasiga kiruvchi Toshkentga – uch yil surgunga hukm qilinadi. Qizig’i shundaki, Toshkentda Shayxzodaning otasi bilan qalin o’rtoq bo’lgan bir kishi yashar ekan. U Shayxzodaning onasiga: “Toshkentga borsa, o’zim yordam beraman”, deya va’da bergan.

Taqdir taqozosi bilan yurtimizga kelib qolgan shoir dastlab vokzal yaqinidagi Narimonov nomli ozarbayjon maktabida dars bera boshlaydi. Oradan ma’lum vaqt o’tgach, pedagogik faoliyatni vaqtincha tark etib, “Sharq haqiqati”, “Guliston” singari gazeta-jurnallarda she’rlari bilan qatnasha boshlaydi.

1929 yili “Traktor” nomli she’ri chop etiladi. Oybek, G’afur G’ulom, Abdulla Qahhor, Mirtemir singari o’zbek adiblari bilan do’stlashadi. Ilgari yozgan she’rlarida turk, ozor tiliga xos unsurlar ko’zga tashlanib turgan bo’lsa, endi sof o’zbekcha ohanglar yuzaga qalqiy boshlaydi.

Shayxzoda faoliyatida ikki muhim qirra mavjud. Biri ijodkor, aniqrog’i, shoir, publitsist, dramaturg sifatidagi o’rni bo’lsa, ikkinchi tomoni uning pedagogligidir. O’zbek mumtoz adabiyotini, jahon badiiyati durdonalarini, qolaversa, o’sha davr adabiy jarayonini nihoyatda daqiqlik bilan o’zlashtirgan adib va olimning pedagoglik faoliyati bevosita Nizomiy nomidagi Toshkent Davlat pedagogika instituti (hozir universitet) bilan chambarchas bog’liq. O’zidagi murabbiylik, ustozlik iqtidorini ijodkorlik, to’g’rirog’i, shoirlik bilan uyg’unlashtirgan Shayxzoda urushga qadar eng peshqadam adiblar sirasidan o’rin olgandi. Ayniqsa, uning adabiy jamoatchilik e’tiborini qozonishiga “Jaloliddin Manguberdi” asarining yaratilishi sababchi bo’ldi. Tabiiyki, bunday keng ko’lamdagi yutuqlar uning ayrim hamkasblariga xush yoqavermasdi.

1951 yili O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining navbatdagi kotibiyat yig’ilishi o’tkaziladi. Kun tartibidagi asosiy masala — Shayxzodani uyushmadan o’chirishga qaratilgandi. E’tiborlisi shundaki, o’sha paytlari uyushmadan o’chirilish kamida yigirma besh yillik qamoq yoki otishga hukm qilish bilan yakun topardi. Ammo yig’ilishda o’tirganlar ayni shu achchiq haqiqatni bila turib muhokamaga qo’yilgan masalani qo’l ko’tarib tasdiqlab beradi.

Xo’sh, Shayxzodaga qo’yilgan ayblovning asosiy mohiyatini nima tashkil etardi? Gap shundaki, Hamid Olimjonning fojiali vafotidan so’ng, uyushmaga rahbarlik qilish Oybek domla zimmasiga yuklatilgan edi. U bir vaqtning o’zida sobiq Ittifoq Yozuvchilar uyushmasi raisi A.Fadeevning o’rinbosari hisoblanadi. Tabiiyki, “Yosh gvardiya” muallifi rahbar sifatida Oybek domlani turli masalalar yuzasidan Moskvaga chaqirtirishi tabiiy. Ana shunday vaziyatlarda O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasiga yetakchilik qilish Shayxzodaning chekiga tushardi.

Shunday kunlarning birida Svetlana Somova Shayxzoda o’tirgan kabinetga kirib, “Biz komfirqa yig’ilishini o’tkazmoqchimiz, xonani bo’shatib bersangiz”, deydi. Vaqtincha rais vazifasini bajaruvchi esa, “Shu xonadan boshqasi qurib qolibdimi, yig’ilish uchun boshqa xonalar bor-ku”, deya javob qaytaradi. O’sha paytlari biror kishiga siyosiy ayb qo’yish uchun bunday dalilning o’zi yetarli edi. Shuning uchun ham Shayxzodaning raqiblari pashshadan fil yasashga kirishib ketishadi. Unga “Shirin va Shakar” dostonini nashrga tayyorlashda feodal o’tmishni ulug’lagani, «Ozarbayjon xalqining jallodi» hisoblangan Jaloliddin Manguberdini milliy qahramon sifatida tasvirlagani, ijodkor sifatida feodal o’tmishni qo’msaydigan odam ekanligi kabi ayblar tirkaladi.

Shayxzodaning boshiga ana shunday qora kunlar tushishida Uyg’un, Mil`chakov singari uyushma rahbariyatidagi vakillarning qo’li borligidan ham ko’z yuma olmaymiz.

Yozuvchilar uyushmasidan o’chirilgan, ruhiyatida keskin o’zgarishlar kechayotgan Shayxzoda ikki oy o’tar-o’tmas qamoqqa olinadi. Sudgacha bo’lgan tergov jarayonlari ham 1937 — 38 yillardagi dastlabki qatag’on davrlaridan sira kam bo’lgan emas. Kechayu kunduz so’roqlar, soxta guvohlar bilan yuzlashtirishlar, besabab tahqirlar uning irodasini buka olmaydi. Yana shuni aytish mumkinki, o’sha davr hayotini aks ettiruvchi arxiv hujjatlari bilan yaqindan tanishganimizda ko’pgina adiblarimizdan ixlosingiz qaytib ketadi. Ammo Shayxzodagina bundan mustasno, chunki u o’ziga ham, o’zgalarga ham gard yuqtirmasdan, chalchasavod tergovchilarning bema’ni savollariga aniq-tiniq javob qaytaradi. Ularni o’zining zakiyligi bilan mot qilib qo’yadi. Lekin shunga qaramasdan u kishini yigirma besh yil ozodlikdan mahrum etish to’g’risida hukm chiqariladi. Jazoni o’tash uchun esa Irkutskdagi jazo lagerlaridan biri belgilanadi.

Agar 1953 yili I.V.Stalin vafot etmaganida Shayxzoda va unga o’xshagan beayb jazoga tortilgan adiblarning umri Abdulla Qodiriy, Fitrat, Cho’lpon, Usmon Nosir singari nihoyatda fojiali kechishi mumkin edi. Xudo ba’zan sevimli bandalarini ana shunday baxt bilan siylar ekan. Shayxzodaga xos tantilik, bag’rikenglik, olijanoblikni qarangki, qamoqdan qaytib kelganidan keyin ham biron kishiga: “Men sen tufayli jazo tortdim, sen mening qamalishimga aybdor bo’lgansan”, demagan.

Qamoqda tortgan azoblari, ruhiy qiynoqlar evaziga Shayxzoda 60 yoshga ham yetib kela olmadi. 1968 yil 9 fevraldagi o’lim uni oramizdan olib ketdi. U kishi har gal ta’kidlarkanki, “Agar men vafot etadigan bo’lsam, Mil`chakov, Sheverdin, Zinat Fatxulin singari kishilar vido so’zlarini so’zlamasin!” Ammo o’sha paytlari uyushmaga rahbarlik qilib turgan Komil Yashinga o’tkazilgan bosim tufaylimi yoki boshqa sabab boismi, Shayxzodaning qabri tepasida ana shu kishilar vido so’zlarini aytishgan. Uning qabri tepasiga o’rnatilgan yodgorlik ham Shayxzodaning ukasi Fuad tomonidan tayyorlangan loyiha asosida bunyod etilganini aytishimiz mumkin.

Bir so’z bilan aytganda, Shayxzoda salmoqli ijodiy mehnat bilan shug’ullanishi barobarida ro’shnolik, yorug’lik ko’rmay o’tgan adiblarimizdan. Hatto, ayrim hamkasblari o’sha qatag’on davrlaridan so’z ochgan lahzalarda ham “Zamon shunday edi”, deya gapni muhtasar qilishi ham uning olijanob hislarga limmo-lim ekanligidan dalolat beradi.

033

Xurshid Davron
SHAYXZODA XOTIRASIGA
091

KO‘KKA ZIYRAK QULOQ TUTARDI
TUTMOQ BO‘LIB TUN OVOZINI,
YOR YUZIGA ENGASHGAN KABI
EGILARDI QOG‘OZGA BIRDAN.

KECHALARI OYNING SHU’LASI
YORITARKAN SHE’R QOG‘OZINI,
TUTATARDI PAPIROSINI
YONIB TURGAN QALAMI BILAN.

1983

033

(Tashriflar: umumiy 506, bugungi 1)

Izoh qoldiring