Faxriddin Nizom. She’rlar & Suv ostidagi gulzor (Shoir haqida suhbat) & «Geometrik bahor» kitobi

Ashampoo_Snap_2017.06.10_15h16m26s_006_.png    Ижодкорнинг дунёси ўзини ифода этиш, ўзини инкор этиш орқали қайта кашф этиш оқибатида пайдо бўлган тушунчалар ва тассаввур оламидир. Ҳар бир асар тасаввурнинг метофарсидир. Метафора фикрнинг бадиий ифодасидир. Фикр қилинаётган метафора ўзини излаётган идрокдир. (Фахриёрнинг «Геометрик баҳор» китоби ҳақида Назар Эшонқулнинг «Тасаввурга дош берсанг бўлди» мақоласидан. Уни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

Фахриддин НИЗОМ
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
09

   Фахриддин Низом (Фахриёр) 1963 йилда Самарқанд (ҳозирги Навоий) вилояти Хатирчи туманидаги Сангижумон қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тугатган (1988). «Дарднинг шакли» (1987), «Аёлғу» (2000), «Геометрик баҳор» (2004) шеърий тўпламлари, «Янгиланиш анъаналари» (1998) публицистик мақолалар тўплами нашр этилган. Унинг таржимасида Т. Уинтер (Абдулҳаким Мурод)нинг «21-асрда ислом: постмодерн дунёда қиблани топиш» (2001) диний-фалсафий китоби нашр этилган.

09

эгасиз ва хулосасиз

Шомирза акага

одам атонингindex.jpg
ҳаво энамизга кундош ясай олмаган
ҳилол қобирғасини
пуфлаб шиширади ўн тўрт кун
мардикорга кетган тоҳирни
йиллаб кутаётган
кўрпаси булут
ўтови қаро тун
зуҳро юлдузга
болиш ясаб бермоқ учун

кул тортган ўчоқни қўзғайди
косов телеминора билан
учқун юлдузлар
ҳар томонга сачрар
кобул бозоридаги бангининг кўнглагидай
илматешик бўлар тунги осмон
тунни ёпиб ухлаётган адирлар
жунжикади чошгоҳга қадар

темирқозиқ юлдузига боғлар
зиндонбанд алпомишнинг
эгасиз қолган бойчиборини
отнинг зиналанган кишноқларидан
нарвон ясаб зиндонга ташлар
ботирни қутқариб олмоққа

абадият дарёсининг тубидан
бир қайроқтош топиб чиқар сангижумонлик
сафо махсумнинг
нафасини қайраб ўткирламакка
оҳанрабо майдони қилиб
теваракка ёймоқ учун дамини
кўзлардан
қарғишдан
илон
чаён
қорақуртларнинг
чақишидан асрамоққа жамоатини

қалдирғочга
сураларни ёдлатади тунбўйи
фаранг мусулмонлардай
тонгни фрак кийиб қарши олади
симёғочга қатор тизилган қалдирғочлар
валфажрни куйлаб а’капелла
ҳали сўфитўрғай уйғонмасидан
булбул жўр бўлар кулранг тўнида

вақтни оқизади тескари
ҳижрон адо қилган мажнунни
етиштирмоқ учун лайлининг висолига
у вужудини кийимдай ечиб
қирғоқда қолдирар
ва чўмади вақт дарёсига

кўкка жияк қилиб
тикиб чиқар томонларни
чиқиш
ботиш
кунгай
терскай деб
қолган томонларга от етмайди
уловсиз қолади от етмаган томонлар

юлдуз

товушини занг босиб қолган
эшик очилади ғийқиллаб

уйда биқиниб
ётган хира фонус шуъласи
қаровсиз қолган
болакайдай чопиб чиқар ташқарига
сарпойчан

эшик ёпилади яна ғийқиллаб

ташқарида қолган фонус шуъласи
бирпас ўйнар супада
айланиб гир-гир

бирдан ит ҳуради

зовдан қайтаётган акс-садодай
жўр бўлади қишлоқ итлари

шуъла учиб тушади
ғужанак бўлиб
нима қиларини билмай туради бирпас
сўнгра
айланиб олади тиллақўнғизга

у эшикнинг ғийқиллашини
чигиртканинг чириллашига
эвириб олар
онасини йўқотиб қўйиб
овлоқда йиғлаган болакайдайин

ичкарида милтиллаётган қари фонус
кар
боёқиш сезмайди ҳатто
қулоқлари қизиётганин

нурдан бино бўлган қанотларини қоқиб
тиллақўнғиз ҳайдамоқчи бўлар қўрқувни

эшик ғирчиллашидан
итнинг ҳуришига айланган қўрқув
қуршаб олар тиллақўнғизни
зим-зиё тун бўлиб

юлдузларга сочилиб кетган кундуз
кўмак бера олмас унга
фақат милтиллаб чорлар ёнига

тиллақўнғиз учиб чиқар
юлдузлар қаторига
гўбалакка дўнган ипак қуртидай

юлдуз
нурнинг зулмат парчалаган учқуни

дўст

бозор айланаман бекорчиликдан
қандолат расталари оралаб

бирдан кўзим тушар пештахтадаги
улкан новвот бўлагидай кристалланиб
турган ўзимга

аста болға билан ушатиб
ва тарози палласига ташлаб
қайтиб олиб ошиқчасини
сотар бир дўстим мени
чакана нархда

шукр
харидорим бор экан
менинг ҳам

ҳафсала

ҳафсала кун етиб
пир бўлди охир

этагидан тутди
эгатларда
бекатларда
расталарда
хасталанган кўй
адашиб юрган миллат

этагини силкди
ҳафсала
тутдай тўкилди миллат
ҳафсаланинг пойига

лойиқ келган муридлардан бир жуфтини
кафш қилиб илиб кетди у
оёқларига

яна танлаб бешта олтитасин
қўйнига ҳам солиб олди
сайилларда алиштириб кийгани
ё бергани болаларига

* * *

баҳор такрорланмас – ҳар йили ўзга,
севилган кўнгилдай инжиқ ва сарсар.
атиргул бошқача гуллайди. кўзга
бошқача кўринар бинафша, сафсар.

бултурги сайроғин ўғирламайди –
янгитдан басталар булбул навосин.
япроқлар шитирин тўғриламайди –
борича эсади кўклам ҳавоси.

ўтган йил бодомнинг шохида келган
ялпиз ҳиди билан киради баҳор
отамнинг боғига – ташрифин элга
сандувоч жория қилади наҳор.

майсадан наф олар ҳар каснинг жони,
умид алмаштирар жомакорини.
фақат янгиланмас гулнинг армони,
фақат кураб бўлмас сочнинг қорини…

* * *

кунлар ҳали исимай
камарлардан қочиб-пусиб келган баҳорни
бодом гуллаб қўяр оғзидан
аямажузга

ниҳолларни сийпалаб
куртакларни бўрттирар еллар

қуёш ўйинқароқ шумтакадайин
тортар майсаларнинг сочидан

жилғалар чулдирар
ҳали тили чиқмаган
қизалоқнинг тилида

ёмон туш кўриб
кўнгли хижил бўлган ошиқдай
майсаларга ботмай турар
харсанглар

кўклам гандираклар наврўз кунлари
қаён юрмоғини билмасдан
энди оёқланган қулундай

малол ва мажол

қушлар учиб ўтди жанубга
қурқурлашиб
видо туркуларин айта
малолинг не эди
мажолинг бўлмади ёзмоққа

юлдузлар тўкилди самога
сўз бўлиб порлади ҳар битта юлдуз
лекин шеър бўлмади
малолинг не эди
мажолинг бўлмади ёзмоққа

сўзларни синдириб
қадрсизлантирибLucie_Jirku_19.jpg
дарахтлардан тўкди тийрамоҳ
япроқлар қилиб
териб олмадинг
малолинг не эди
мажолинг бўлмади ёзмоққа

хазонлаган
ёмонлаган кузнинг устидан
армонини ёмғир қилиб элади осмон
лойларга қорилди куйгулар
малолинг не эди
мажолинг бўлмади ёзмоққа

тушларингни ёрар туйғулар
ўкинчлар ситами оғир келади
кўнглинг яроларига
малҳам йўқтурур
малолинг не эди
мажолинг бўлмади ёзмоққа

куз ҳам аста-аста қадамини
тортиб борар кунлардан
ортиб борар шеърсизлик юки
малолинг не эди
мажолинг бўлмади ёзмоққа

кутиш

узоқ кутдинг: тинсиз, узлуксиз,
йўл қарадинг кўзинг тўрт бўлиб.
на бир сўзсиз, на бир кўзликсиз,
рангинг минг сарғайиб, минг сўлиб…

кутавердинг, кутмаслигингнинг
беҳудлигин кўра туриб ҳам.
энди кутиш ўтмаслигини
билсанг ҳамки. бир илинж – мубҳам

умид бўлиб отмоққа куртак
шайланади ғамларинг аро.
бир қатим нур йўқдир туртмакка –
тун сингари кўнглинг ҳам қаро.

умидворсан кўнгилни ёқиб,
қидирмоққа тун оралаб йўл,
зулмат дарвозасини қоқиб,
тонглар сари узатасан қўл.

ҳали қизимаган тандирдай
тонг қизармас, топиб бўлмайди.
чор тарафинг қоп-қора бирдай –
умидларни ёпиб бўлмайди.

ёпилгани пушт ташлаб қолар,
кўмоч каби беланиб кулга.
армонларни ёдингга солар –
баттол улги ва қаттол улги.

эрганак ҳам эмасдир умид
эртанинг йўлини ёпгали.
ташлагали ё уни кўмиб,
нимарса ҳам эмасдир ҳали.

сондиратар отсиз бир туйғу,
ўнгни тушларингга улайди.
на бедорсан, на тортар уйқу,
борлиқ хаёлингга қулайди.

яна неларнидир кутасан,
кутмаганинг келади фақат.
сен эсанг, сен вақтдан ўтасан,
вужудинг еб битирар авқот.

вақт нишхўрдга чиқармайди ҳеч
на сен, на ҳаётинг – барини.
вужудингдан кўнглакдай ечиб
олар идроқ умидларингни.

сен эсанг, сен яшайсан кутиб
вақт дарёси оқизиб кетган
муҳаббатинг армонлар ютиб.
вақт ҳаммасин солади бетга,

ҳаммасини олади сўнгра,
кўнгилга бир бўшлиқ солади.
инчкириб, синграниб ва мунграб,
мавҳумотни кутмоқ қолади.

Ijodkorning dunyosi o‘zini ifoda etish, o‘zini inkor etish orqali qayta kashf etish oqibatida paydo bo‘lgan tushunchalar va tassavvur olamidir. Har bir asar tasavvurning metofarsidir. Metafora fikrning badiiy ifodasidir. Fikr qilinayotgan metafora o‘zini izlayotgan idrokdir. (Faxriyorning «Geometrik bahor» kitobi haqida Nazar Eshonqulning “Tasavvurga dosh bersang bo‘ldi” maqolasidan. Uni mana bu sahifada o‘qishingiz mumkin).

Faxriddin NIZOM
YANGI SHE’RLAR
09

Faxriddin Nizom (Faxriyor) 1963 yilda Samarqand (hozirgi Navoiy) viloyati Xatirchi tumanidagi Sangijumon qishlog‘ida tug‘ilgan. Samarqand davlat universitetining o‘zbek filologiyasi fakultetini tugatgan (1988). «Dardning shakli» (1987), «Ayolg‘u» (2000), «Geometrik bahor» (2004) she’riy to‘plamlari, «Yangilanish an’analari» (1998) publitsistik maqolalar to‘plami nashr etilgan. Uning tarjimasida T. Uinter (Abdulhakim Murod)ning «21-asrda islom: postmodern dunyoda qiblani topish» (2001) diniy-falsafiy kitobi nashr etilgan.

09

egasiz va xulosasiz

Shomirza akaga

odam atoningLucie_Jirku_19a.jpg
havo enamizga kundosh yasay olmagan
hilol qobirg‘asini
puflab shishiradi o‘n to‘rt kun
mardikorga ketgan tohirni
yillab kutayotgan
ko‘rpasi bulut
o‘tovi qaro tun
zuhro yulduzga
bolish yasab bermoq uchun

kul tortgan o‘choqni qo‘zg‘aydi
kosov teleminora bilan
uchqun yulduzlar
har tomonga sachrar
kobul bozoridagi bangining ko‘nglagiday
ilmateshik bo‘lar tungi osmon
tunni yopib uxlayotgan adirlar
junjikadi choshgohga qadar

temirqoziq yulduziga bog‘lar
zindonband alpomishning
egasiz qolgan boychiborini
otning zinalangan kishnoqlaridan
narvon yasab zindonga tashlar
botirni qutqarib olmoqqa

abadiyat daryosining tubidan
bir qayroqtosh topib chiqar sangijumonlik
safo maxsumning
nafasini qayrab o‘tkirlamakka
ohanrabo maydoni qilib
tevarakka yoymoq uchun damini
ko‘zlardan
qarg‘ishdan
ilon
chayon
qoraqurtlarning
chaqishidan asramoqqa jamoatini

qaldirg‘ochga
suralarni yodlatadi tunbo‘yi
farang musulmonlarday
tongni frak kiyib qarshi oladi
simyog‘ochga qator tizilgan qaldirg‘ochlar
valfajrni kuylab a’kapella
hali so‘fito‘rg‘ay uyg‘onmasidan
bulbul jo‘r bo‘lar kulrang to‘nida

vaqtni oqizadi teskari
hijron ado qilgan majnunni
yetishtirmoq uchun laylining visoliga
u vujudini kiyimday yechib
qirg‘oqda qoldirar
va cho‘madi vaqt daryosiga

ko‘kka jiyak qilib
tikib chiqar tomonlarni
chiqish
botish
kungay
terskay deb
qolgan tomonlarga ot yetmaydi
ulovsiz qoladi ot yetmagan tomonlar

yulduz

tovushini zang bosib qolgan
eshik ochiladi g‘iyqillab

uyda biqinib
yotgan xira fonus shu’lasi
qarovsiz qolgan
bolakayday chopib chiqar tashqariga
sarpoychan

eshik yopiladi yana g‘iyqillab

tashqarida qolgan fonus shu’lasi
birpas o‘ynar supada
aylanib gir-gir

birdan it huradi

zovdan qaytayotgan aks-sadoday
jo‘r bo‘ladi qishloq itlari

shu’la uchib tushadi
g‘ujanak bo‘lib
nima qilarini bilmay turadi birpas
so‘ngra
aylanib oladi tillaqo‘ng‘izga

u eshikning g‘iyqillashini
chigirtkaning chirillashiga
evirib olar
onasini yo‘qotib qo‘yib
ovloqda yig‘lagan bolakaydayin

ichkarida miltillayotgan qari fonus
kar
boyoqish sezmaydi hatto
quloqlari qiziyotganin

nurdan bino bo‘lgan qanotlarini qoqib
tillaqo‘ng‘iz haydamoqchi bo‘lar qo‘rquvni

eshik g‘irchillashidan
itning hurishiga aylangan qo‘rquv
qurshab olar tillaqo‘ng‘izni
zim-ziyo tun bo‘lib

yulduzlarga sochilib ketgan kunduz
ko‘mak bera olmas unga
faqat miltillab chorlar yoniga

tillaqo‘ng‘iz uchib chiqar
yulduzlar qatoriga
go‘balakka do‘ngan ipak qurtiday

yulduz
nurning zulmat parchalagan uchquni

do‘st

bozor aylanaman bekorchilikdan
qandolat rastalari oralab

birdan ko‘zim tushar peshtaxtadagi
ulkan novvot bo‘lagiday kristallanib
turgan o‘zimga

asta bolg‘a bilan ushatib
va tarozi pallasiga tashlab
qaytib olib oshiqchasini
sotar bir do‘stim meni
chakana narxda

shukr
xaridorim bor ekan
mening ham

hafsala

hafsala kun yetib
pir bo‘ldi oxir

etagidan tutdi
egatlarda
bekatlarda
rastalarda
xastalangan ko‘y
adashib yurgan millat

etagini silkdi
hafsala
tutday to‘kildi millat
hafsalaning poyiga

loyiq kelgan muridlardan bir juftini
kafsh qilib ilib ketdi u
oyoqlariga

yana tanlab beshta oltitasin
qo‘yniga ham solib oldi
sayillarda alishtirib kiygani
yo bergani bolalariga

* * *

bahor takrorlanmas – har yili o‘zga,
sevilgan ko‘ngilday injiq va sarsar.
atirgul boshqacha gullaydi. ko‘zga
boshqacha ko‘rinar binafsha, safsar.

bulturgi sayrog‘in o‘g‘irlamaydi –
yangitdan bastalar bulbul navosin.
yaproqlar shitirin to‘g‘rilamaydi –
boricha esadi ko‘klam havosi.

o‘tgan yil bodomning shoxida kelgan
yalpiz hidi bilan kiradi bahor
otamning bog‘iga – tashrifin elga
sanduvoch joriya qiladi nahor.

maysadan naf olar har kasning joni,
umid almashtirar jomakorini.
faqat yangilanmas gulning armoni,
faqat kurab bo‘lmas sochning qorini…

* * *

kunlar hali isimay
kamarlardan qochib-pusib kelgan bahorni
bodom gullab qo‘yar og‘zidan
ayamajuzga

nihollarni siypalab
kurtaklarni bo‘rttirar yellar

quyosh o‘yinqaroq shumtakadayin
tortar maysalarning sochidan

jilg‘alar chuldirar
hali tili chiqmagan
qizaloqning tilida

yomon tush ko‘rib
ko‘ngli xijil bo‘lgan oshiqday
maysalarga botmay turar
xarsanglar

ko‘klam gandiraklar navro‘z kunlari
qayon yurmog‘ini bilmasdan
endi oyoqlangan qulunday

malol va majol

qushlar uchib o‘tdi janubga
qurqurlashib
vido turkularin ayta
maloling ne edi
majoling bo‘lmadi yozmoqqa

yulduzlar to‘kildi samoga
so‘z bo‘lib porladi har bitta yulduz
lekin she’r bo‘lmadi
maloling ne edi
majoling bo‘lmadi yozmoqqa

so‘zlarni sindirib
qadrsizlantirib
daraxtlardan to‘kdi tiyramoh
yaproqlar qilib
terib olmading
maloling ne edi
majoling bo‘lmadi yozmoqqa

xazonlagan
yomonlagan kuzning ustidan
armonini yomg‘ir qilib eladi osmon
loylarga qorildi kuygular
maloling ne edi
majoling bo‘lmadi yozmoqqa

tushlaringni yorar tuyg‘ular
o‘kinchlar sitami og‘ir keladi
ko‘ngling yarolariga
malham yo‘qturur
maloling ne edi
majoling bo‘lmadi yozmoqqa

kuz ham asta-asta qadamini
tortib borar kunlardan
ortib borar she’rsizlik yuki
maloling ne edi
majoling bo‘lmadi yozmoqqa

kutish

uzoq kutding: tinsiz, uzluksiz,
yo‘l qarading ko‘zing to‘rt bo‘lib.
na bir so‘zsiz, na bir ko‘zliksiz,
ranging ming sarg‘ayib, ming so‘lib…

kutaverding, kutmasligingning
behudligin ko‘ra turib ham.
endi kutish o‘tmasligini
bilsang hamki. bir ilinj – mubham

umid bo‘lib otmoqqa kurtak
shaylanadi g‘amlaring aro.
bir qatim nur yo‘qdir turtmakka –
tun singari ko‘ngling ham qaro.

umidvorsan ko‘ngilni yoqib,
qidirmoqqa tun oralab yo‘l,
zulmat darvozasini qoqib,
tonglar sari uzatasan qo‘l.

hali qizimagan tandirday
tong qizarmas, topib bo‘lmaydi.
chor tarafing qop-qora birday –
umidlarni yopib bo‘lmaydi.

yopilgani pusht tashlab qolar,
ko‘moch kabi belanib kulga.
armonlarni yodingga solar –
battol ulgi va qattol ulgi.

erganak ham emasdir umid
ertaning yo‘lini yopgali.
tashlagali yo uni ko‘mib,
nimarsa ham emasdir hali.

sondiratar otsiz bir tuyg‘u,
o‘ngni tushlaringga ulaydi.
na bedorsan, na tortar uyqu,
borliq xayolingga qulaydi.

yana nelarnidir kutasan,
kutmaganing keladi faqat.
sen esang, sen vaqtdan o‘tasan,
vujuding yeb bitirar avqot.

vaqt nishxo‘rdga chiqarmaydi hech
na sen, na hayoting – barini.
vujudingdan ko‘nglakday yechib
olar idroq umidlaringni.

sen esang, sen yashaysan kutib
vaqt daryosi oqizib ketgan
muhabbating armonlar yutib.
vaqt hammasin soladi betga,

hammasini oladi so‘ngra,
ko‘ngilga bir bo‘shliq soladi.
inchkirib, singranib va mungrab,
mavhumotni kutmoq qoladi.

Faxriyor — Geometrik Bahor — Xurshid Davron Kutubxonasi by Khurshid Davron on Scribd


09

(Tashriflar: umumiy 1 585, bugungi 3)

Izoh qoldiring