Xursandbek To’liboyev. She’r — ruh muhofazasi

71Қобилиятли инсонлар учун РУҲнинг муҳофазаси шеърдир. Унда шахсиятга эш кўплаб жиҳатлар уйғунлик касб этадики, ижодкорнинг тафаккур тарзи билан юзага чиқади…

ШЕЪР – РУҲ МУҲОФАЗАСИ
Хурсандбек ТЎЛИБОЕВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Ренессанс таълим университети доценти


    Яна овоз чиқариб, жўшқин бир кайфиятда шеър ўқиш, эшитиш даврларига қайтишни хоҳлаб қолиш, демак, ичимизда “нимадир” етмишаётган, ҳали ўлмаган, тирик бир руҳимиз, эҳтиёжимизга бўлган бандилик борлигини англаб қоласан экан киши. Чунки овоз чиқариб ўқилган, бутун ақлбовар қилмас лаҳзалар, тафаккурнинг беҳад сарҳадлари орасида яшаб келаётган мажнунликни кашф этиш, фақирона (Аллоҳга талпиниш) умр кечириш ҳам биз билан бирга эканлигини ёдимизга солиб туради. Айниқса, тиниқлашган сувнинг биллурдек товланиши, қуёш нурларида жимирлаши, улғайганинг сайин билмаган ҳақиқатларни тушунтириб бермоқдалигини ўйлаганимиз худди шеърни мириқиб ҳис қилишдай жараёнлигига шубҳа қилмайсиз. Мен бундан йигирма йиллар олдин ҳали талабаликнинг беғам ола-тасирлари орасида учиб юрган пайтларимиз “ой болта”ни ҳазм қилолмаган руҳимиз осмонида янги “изм” (аслида янгиланишга доим маҳкум модернизм!)ни баъзи тенгдошларимиз жини суймай бурилиб кетар, ижара хонамизга келиб муҳокама қилган дамларга қайтиб, кўз ўнгимда жонли тасаввур қилишга уриндим. Ҳарчанд уринмайин, у тасаввурлар лойқалари шовуллаб оқаётган Амударёнинг соҳиллари, қорақалпоқ диёрининг яйдоқ, шўрлари иси уфуриб турган пахта далаларида қолиб кетган экан! Бугун эса бошқа бир кайфиятда, технологик дунёда шеърга худди дастурчи сифатида ёндашиб қолибмиз. Қофия, вазн, ритм ва пафосни руҳимизга сингиб, бу ҳиссий мамлакатни ишғол этаётган – модернизмни ҳали тўлақонли тушуниб етишга тафаккуримиз, тасаввуримиз дош беролмаслигини тан олибмиз. Ваҳоланки, ўзимиз яшаётган мавжуд дунёмизда Олам жумбоқларини билиш даражасида руҳ ва қалб тайёрлигини ўйлаб ҳам кўрмабмиз. Менга яқинда Фахриёр оғамизнинг “Излам” китобини (Фахриёр. Излам. –Т.: “Akademnashr”. 2023) ўз қўлларидан олиш насиб қилди. Икки кун бир нимадир ёзиш кайфиятида юрдим, чунки атроф-жавонибда куз фасли ҳукм сурмоқда! Дунёнинг турли бурчакларида бўлаётган зиддиятлар, интернет оламидаги бир-бирини инкор қилувчи “шум” хабарлар киши кўнглига қаттиқ таъсир қилмай қўймайди экан…

57Орадан йигирма йил ўтиб кетди. Мен шоир билан илк бор танишувим Олий таълим остонасида бошланди. Эслайман, университетнинг газета-журналлар ўқиладиган залида ЎзАСнинг ҳар жума куни янги сонини илҳақ бўлиб кутардик. “Танқид ва адабиётшунослик” бўлимида О.Шарафиддинов, И.Ғафуров, А.Расулов, Қ.Йўлдошев, Б.Рўзимуҳаммад, Э.Очиловнинг, Қ.Йўлдошевнинг, С.Мелиев, Д.Қуронов, У.Ҳамдамов, Р.Қўчқор каби янги замон мунаққид, шоирларининг чиқишларини мароқ билан мутолаа қилардик. Баҳслар кўпинча кўп нуқта билан якунланарди. Демак, сукут аломати – ризо! Бу баҳсларнинг мантиқий давоми бордек эди. Мана ҳозир “Излам” бизни яна баҳсга чорламоқда. Шаклга яширинган маънининг, аслида ўзимизнинг руҳиятимиз кўп ҳам ҳазм қилолмайдиган тафаккурга бориб туташувини унутиб қўйганмиз. Шеърдаги жимжимадор оҳанг, жозиба, эстетик таъсир, кучли ҳаяжонни ҳис қилавериб қотиб қолган ақидаларга унчалик ҳам бўйин сунмай қолишимизда кўринади. Негаки, шеърда Арасту замонидан буён келаётган “чўғ” ҳамон бор. Қандай шаклда бўлишидан қатъий назар бўлган ва, яшаб келмоқда.

Бугун Фахриёр (Фахриддин Низамов) қутлуғ 60 ёшга тўлди. Юқорида айтганимиздек, 20 йил олдинги кайфият шоир шеърларида даражама-даража, шаклма-шакл, тафаккурма-тафаккур ўсди! Эътиқод ва иймон, руҳ ва қалб бирлиги, Аллоҳни ўзига хос шакл ва метафорада сўз орқали англаш, ҳис қилиш, яшашнинг олтин ва эскирмас мантиқи эканлигини далолатлаб турибди:

мени шамолларга берма, азизим,
мени олиб қолса бўлар бемалол
шамоллар чангалидан.
шамол вақт эмас .

Шеърга эътибор берилса, аввалги шаклий “ўйин”ларга яширинган маънидан бошқа бир очиқ қатламнинг борлигини топиш мумкин. Айнан кўнгилга яқин бир ҳабибга, ўз қадрини билагн инсон, ўз оламини “кашф” қилган ижодкор шундай изҳор қилади. Унда йиллар мундарижаси аксланади. Тафаккурнинг чуқур бир идрок ўлароқ юзага чиқаётгани аёнлашади. Шоир ташқаридаги ҳаётга осонгина мослашувчанлиги йўқ бир қавм. Мослашиш эса замона зайли билан ўзгариб, йўқликка маҳкум бўлиши табиий. Шоирнинг умрбоқийлиги ҳам ташқарининг шовқинларига мослашиб кетмаганлигида, абадийлиги – эътиқоднинг замонга эмас, Аллоҳга эканлигида сезилади. Фахриёр шеърларида аввал шакллар симфонияси, кейин мантиқ коллизияси теранлиги кузатилади. Шаклий “ўйин”да ҳам анча-мунча маъни гизланганди. Уни камтарлик билан ўзи кўп суҳбатларида очиқлашни ёқтирмайди. Лекин шеърга эҳтиёж ўлароқ яқиналшсангиз Европа модернистлари босиб ўтган –адабий-бадиий тафаккурининг бизда юз йилдан кейин орзиқиб кутилган истиқлолда кўкракдаги чуқур нафасни ҳис қилган қадар куйлаш шартлигини тушуниб етасиз. Бу эҳтиёж замирида кўп муаммолар аралашиб, қоришиб ётибди. Инсон бўлиб яшашнинг олий саодат эканлигини чуқур англаш модификацияси қабариб кўринади:

юзига ажин тушиб
онанг каби сўзнинг ҳам
қариб қолгани ёмон

сакта бўлиб тилдан қолгани
ундан ҳам баттар

энди айта олмас дардини
фақат кўзидан
ғилтиллайди ёш .

Шеърдаги мусиқий бир оҳангнинг номи – изтироб!.. Шоир шу қадар жонлантириш қилганки, вақтида айтилмаган изҳорнинг эртага бефойдалигини тушунтирмоқчи. Сўз қариши мумкинми? Ўхшатишнинг, топилманинг оргиналлиги ҳам шу ерда жамланган. Ҳа, сўз албатта қарийди. Шоирнинг пайтгача айтмаган – сўзи нима? Наҳотки, бундай ўтлиғ дардни бошқача айтишнинг иложи бўлмаса? Наҳотки, шунча изтироблар беҳуда қоғозга тушган бўлса? Ичкарида бир таниш овоз ўзини юпатишга етаклайди: фақат “кўз ёшнинг ғилтиллаши” даҳшатли хавотирлидир. Шоир ўзи мансуб авлоднинг орасида “билиниш”ни хоҳларкан, (ҳамма ижодкорни орзуси!) умрнинг ўтишини худди изҳор қилинмаган муҳаббат каби қадрлайди. Қариб қолишлик бу иккинчи масала, жисм эмас, Ватан олдидаги қарздорлик ҳисси уни қийнайди. Ҳа, айнан Ватан олдидаги! Нега шоир шу пайтгача ўша сўзни айтмай яшади? Кутиш инсоннинг, ижодкорнинг, аниқроғи тафаккурли шоирнинг олий матлаби бўлса, не ажаб!

“Излам”га киритилган шеърларнинг жуда кўпчилиги оргинал ташбеҳлардан иборат:

тонг ўрнига қайғулар отар
кимни

Хотиржамлиги бор инсоннинг қайғуси борми? Кунини фақат қорин ғами билан ўтказаётган одамларнинг фикрлашга лаёқати ҳам сўниб боради. Шоирни отаётган гўзал тонг титроғи ўйлантиради. Қайғунинг отиши (ортиши) кундан-кун асру бўлаверса, у вужудга қамалган, бу дунёда яшаш учун банди қилинган руҳнинг парвози ҳам сусайиши табиий. Хилма-хил ифодалар негизида руҳий парвоз етти иқлимга етишини исташликдир. Шеърдаги шаклга яширинган маъни – ақл-идрокнинг нечоғли яшовчанлигидан шаҳодат беради. Шоир сўз ўйинларида шунчаки сўз қўлламайди. Ундан ўқувчи ўзи учун керак ҳикматни кашф қилади. “Ўқилиши шарт бўлмаган иловалар” туркумида айнан мантиқ модусларига эътибор қаратади. Мантиқ тугамаслиги керак шоир наздида. У эркни соғиниб, интиқ кутганлиги билан ўлчанади. Бу иловаларнинг ёзилганига ўттиз йилдан ошди. Ўттиз йил! Мустақилликнинг ҳали расман қўлга киритилмаган, фуқароларнинг ҳадик ва хавотир ичида яшаши озодликка интилган қатламнинг “оҳ”идир булар:

қарсак шоҳнинг мулозими
саройда яшар

Мадҳ этилаётган ҳар қандай ўткинчи ҳаваслар куни келиб, шоирнинг ўзига қимматга тушишига ҳаётий ишора. Мазкур қайтармада шоир тарихдан сабоқ чиқариш муҳимлигини таъкидламоқда. Буюк Соҳибқирон Амир Темур ўзи ҳақида мадҳ қилиб ёзилган ҳамма китобларни йўқ қилдирганлиги тарихдан маълум. У ёлғон хушомад орқасида дорулсалтанатга бойлик ва нафс илинжида қадам қўяётган шоирларни ҳам тартибга чақириб, ҳақиқий дин ва диёнатни куйлашга буюрган. Шоир Фахриёр ана шу жиҳатга катта эътибор қаратади. Биргина Низомидидн Шомийнинг “Зафарнома” асаридан кўнгли тўлган Амир Темурда. Шоир тарихдан сабоқ чиқаришни уқтирмоқда. Оддий сўз бирикмаларида қанчадан-қанча ҳикмат яширин.
Дунёда моҳият битта маънога етаклайди. Аллоҳни излаш, уни англаш ҳар қандай ижодкор инсоннинг буюк орзуси, аъмоли. Англашнинг узун ва оғир изтироблари инсонни моҳиятга олиб боришга ундайди. Бу гўзал тадбир изтироб билан тиниқлашади. Ўша мавҳум саналган ҳар қандай ўлчов одамзоднинг руҳини туртиб туради:

қулоқ қизимас ортиқ,
чолғуга айланар
кун сайин одам
ва кутиб ўтирар
келиб чалмоғини ким ёки нима .

Техноген дунёда одамларнинг истеъмолчи ўлароқ яшашга кўникиб, руҳи, вужуди ва ҳисларини технология дастури эгаллаб олиши ҳар биримизни ташвишга солади. Бинобарин, ЎЗГАРАЁТГАН ДУНЁНИНГ равишида қайси бири устун келса, ғолиб ўша эканлиги кундек аён. Замонавий одам кузатилади, бошқарилади, шоир ана шу жиҳатлардан хавотирда. Яратган уни қандай соҳиб-кароматли қилиб зуваласига кўплаб сирларни яширмасин, ўзида ички эҳтиёж бўлмаса, фикрламаса, у техногеннинг қурбони, қулига айланади. Демак, у катта эҳтимол билан бошқарилишга маҳкум, жони бор зотдек яшашга мажбур. Бу кўпроқ ривожланган давлатларга қараб ўзимизни олди-орқамизга қараб, ўнгланиш метаморфозасида сезиб қоляпмиз. Демак, инсон ҳар қандай шароитда ўзини тарбиялаши лозим, деган ўткир хулоса кўз олдимизга келади. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, шоир шеърларида мавҳумиятдан – зафар манзили сари йўлга чиққан лирик қаҳрамонни кўрамиз. У ўз оламида ўқувчи – ҳамроҳини ҳам бирга баландликка етаклайди. У тафаккур, билиш, англаш, излаш шаҳодатидир.

Миллатнинг хотирасини – музейларга қиёслайди. Уни ҳар қанақа кўринишда талқин қилиш мумкин:

ватан
сўнгги мустамлака жароҳатларин
музейлар қолиб
сақлар миллат хотирасида

Миллатнинг хотирасига банди қилинмаган (оғриқлар, изтироблар, афсуслар) нималар қолди ўзи деган саволга мана шу битиклардан хос жавоб ахтарса бўлади. Жадидларнинг олиб борган ислоҳатчилиги негизида Туркистоннинг бирлигини сақлаб қолиш мумкин эди. Бунинг учун ҳамма нарса етарли эди. Бироқ бунга изм ва имкон бермаган мутелик деб билади шоир. Муте ва қарам бўлган ҳар қандай эзгу иш (Аллоҳдан бошқага) инқирозга юз тутади. Буни тарих тимсолида, яқин ўтмиш ҳам исботини топиб беради. Миллатнинг миллат ўлароқ яшаб қолиши, ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканлигига боғлиқ. Уни ҳис қилиб яшаш эса ундан ҳам катта масъулият. Миллатнинг хотирасида қолган жароҳат асло ўчмайди. Болаликдаги каби ўнгланишга интилаётган одамнинг (зулм кўриши) келажакка интилиши шундай белгилар билан тафаккурда улғая боради. Миллатнинг зулмга ташланиши оқибатида авлодлар азият чекади. Бу азият аста-секин қон-қонга сингиб, кўплаб ютуқларга эришувида ШАХСни ривожланишини кечиктиради. Шеърдаги миллат хотираси ҳам катта масала. Тобе, қулликка гирфтор бўлган ШАХС ўзлигини нетиб топа олади. Шоир ана шу ҳақда чуқур изтироб тортади…

Қобилиятли инсонлар учун РУҲнинг муҳофазаси шеърдир. Унда шахсиятга эш кўплаб жиҳатлар уйғунлик касб этадики, ижодкорнинг тафаккур тарзи билан юзага чиқади. Айниқса, комил инсон бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Комиллик сари интилиш ҳам бугунги технология дунёсида ўта камёб ҳодиса. Дарҳақиқат, Фахриёр буни “Излам” китоби билан исботлай олган. Шундан кейин ҳам, излаш – саодат эканлигини, Румий, сўфийлар, тасаввуф алломалари интилган манзилу маконларда деб, тушунади асл ҳақиқатни. Вақтнинг ўзгариши, одамларнинг шукронаси билан қадрланади. Шоир шеърларида тушкунлик орқасида бир улкан мақсад сари йўлга чиққан фақир образни, дунё молига зиғирча қизиқмаган эътиқодли бир овоз соҳибини кўрамиз. Ўзини таниган, қадрини билган инсон (шоир)гина бундай баландликни забт эта олади. Бу баландлик қутлуғ олтмиш ёшга қадам қўйган устозга муборак бўлсин, деймиз!

Qobiliyatli insonlar uchun RUHning muhofazasi she’rdir. Unda shaxsiyatga esh ko‘plab jihatlar uyg‘unlik kasb etadiki, ijodkorning tafakkur tarzi bilan yuzaga chiqadi…

ShЕ’R – RUH MUHOFAZASI
Xursandbek TO‘LIBOYEV,
filologiya fanlari bo‘yicha falsafa doktori (PhD)
Renessans ta’lim universiteti dots.nti


  Yana ovoz chiqarib, jo‘shqin bir kayfiyatda she’r o‘qish, eshitish davrlariga qaytishni xohlab qolish, demak, ichimizda “nimadir” yetmishayotgan, hali o‘lmagan, tirik bir ruhimiz, ehtiyojimizga bo‘lgan bandilik borligini anglab qolasan ekan kishi. Chunki ovoz chiqarib o‘qilgan, butun aqlbovar qilmas lahzalar, tafakkurning behad sarhadlari orasida yashab kelayotgan majnunlikni kashf etish, faqirona (Allohga talpinish) umr kechirish ham biz bilan birga ekanligini yodimizga solib turadi. Ayniqsa, tiniqlashgan suvning billurdek tovlanishi, quyosh nurlarida jimirlashi, ulg‘ayganing sayin bilmagan haqiqatlarni tushuntirib bermoqdaligini o‘ylaganimiz xuddi she’rni miriqib his qilishday jarayonligiga shubha qilmaysiz. Men bundan yigirma yillar oldin hali talabalikning beg‘am ola-tasirlari orasida uchib yurgan paytlarimiz “oy bolta”ni hazm qilolmagan ruhimiz osmonida yangi “izm” (aslida yangilanishga doim mahkum modernizm!)ni ba’zi tengdoshlarimiz jini suymay burilib ketar, ijara xonamizga kelib muhokama qilgan damlarga qaytib, ko‘z o‘ngimda jonli tasavvur qilishga urindim. Harchand urinmayin, u tasavvurlar loyqalari shovullab oqayotgan Amudaryoning sohillari, qoraqalpoq diyorining yaydoq, sho‘rlari isi ufurib turgan paxta dalalarida qolib ketgan ekan! Bugun esa boshqa bir kayfiyatda, texnologik dunyoda she’rga xuddi dasturchi sifatida yondashib qolibmiz. Qofiya, vazn, ritm va pafosni ruhimizga singib, bu hissiy mamlakatni ishg‘ol etayotgan – modernizmni hali to‘laqonli tushunib yetishga tafakkurimiz, tasavvurimiz dosh berolmasligini tan olibmiz. Vaholanki, o‘zimiz yashayotgan mavjud dunyomizda Olam jumboqlarini bilish darajasida ruh va qalb tayyorligini o‘ylab ham ko‘rmabmiz. Menga yaqinda Faxriyor og‘amizning “Izlam” kitobini (Faxriyor. Izlam. –T.: “Akademnashr”. 2023) o‘z qo‘llaridan olish nasib qildi. Ikki kun bir nimadir yozish kayfiyatida yurdim, chunki atrof-javonibda kuz fasli hukm surmoqda! Dunyoning turli burchaklarida bo‘layotgan ziddiyatlar, internet olamidagi bir-birini inkor qiluvchi “shum” xabarlar kishi ko‘ngliga qattiq ta’sir qilmay qo‘ymaydi ekan…

Oradan yigirma yil o‘tib ketdi. Men shoir bilan ilk bor tanishuvim Oliy ta’lim ostonasida boshlandi. Eslayman, universitetning gazeta-jurnallar o‘qiladigan zalida O‘zASning har juma kuni yangi sonini ilhaq bo‘lib kutardik. “Tanqid va adabiyotshunoslik” bo‘limida O.Sharafiddinov, I.G‘afurov, A.Rasulov, Q.Yo‘ldoshev, B.Ro‘zimuhammad, E.Ochilovning, Q.Yo‘ldoshevning, S.Meliyev, D.Quronov, U.Hamdamov, R.Qo‘chqor kabi yangi zamon munaqqid, shoirlarining chiqishlarini maroq bilan mutolaa qilardik. Bahslar ko‘pincha ko‘p nuqta bilan yakunlanardi. Demak, sukut alomati – rizo! Bu bahslarning mantiqiy davomi bordek edi. Mana hozir “Izlam” bizni yana bahsga chorlamoqda. Shaklga yashiringan ma’nining, aslida o‘zimizning ruhiyatimiz ko‘p ham hazm qilolmaydigan tafakkurga borib tutashuvini unutib qo‘yganmiz. She’rdagi jimjimador ohang, joziba, estetik ta’sir, kuchli hayajonni his qilaverib qotib qolgan aqidalarga unchalik ham bo‘yin sunmay qolishimizda ko‘rinadi. Negaki, she’rda Arastu zamonidan buyon kelayotgan “cho‘g‘” hamon bor. Qanday shaklda bo‘lishidan qat’iy nazar bo‘lgan va, yashab kelmoqda.

Bugun Faxriyor (Faxriddin Nizamov) qutlug‘ 60 yoshga to‘ldi. Yuqorida aytganimizdek, 20 yil oldingi kayfiyat shoir she’rlarida darajama-daraja, shaklma-shakl, tafakkurma-tafakkur o‘sdi! E’tiqod va iymon, ruh va qalb birligi, Allohni o‘ziga xos shakl va metaforada so‘z orqali anglash, his qilish, yashashning oltin va eskirmas mantiqi ekanligini dalolatlab turibdi:

meni shamollarga berma, azizim,
meni olib qolsa bo‘lar bemalol
shamollar changalidan.
shamol vaqt emas .

She’rga e’tibor berilsa, avvalgi shakliy “o‘yin”larga yashiringan ma’nidan boshqa bir ochiq qatlamning borligini topish mumkin. Aynan ko‘ngilga yaqin bir habibga, o‘z qadrini bilagn inson, o‘z olamini “kashf” qilgan ijodkor shunday izhor qiladi. Unda yillar mundarijasi akslanadi. Tafakkurning chuqur bir idrok o‘laroq yuzaga chiqayotgani ayonlashadi. Shoir tashqaridagi hayotga osongina moslashuvchanligi yo‘q bir qavm. Moslashish esa zamona zayli bilan o‘zgarib, yo‘qlikka mahkum bo‘lishi tabiiy. Shoirning umrboqiyligi ham tashqarining shovqinlariga moslashib ketmaganligida, abadiyligi – e’tiqodning zamonga emas, Allohga ekanligida seziladi. Faxriyor she’rlarida avval shakllar simfoniyasi, keyin mantiq kolliziyasi teranligi kuzatiladi. Shakliy “o‘yin”da ham ancha-muncha ma’ni gizlangandi. Uni kamtarlik bilan o‘zi ko‘p suhbatlarida ochiqlashni yoqtirmaydi. Lekin she’rga ehtiyoj o‘laroq yaqinalshsangiz Yevropa modernistlari bosib o‘tgan –adabiy-badiiy tafakkurining bizda yuz yildan keyin orziqib kutilgan istiqlolda ko‘krakdagi chuqur nafasni his qilgan qadar kuylash shartligini tushunib yetasiz. Bu ehtiyoj zamirida ko‘p muammolar aralashib, qorishib yotibdi. Inson bo‘lib yashashning oliy saodat ekanligini chuqur anglash modifikatsiyasi qabarib ko‘rinadi:

yuziga ajin tushib
onang kabi so‘zning ham
qarib qolgani yomon

sakta bo‘lib tildan qolgani
undan ham battar

endi ayta olmas dardini
faqat ko‘zidan
g‘iltillaydi yosh .

She’rdagi musiqiy bir ohangning nomi – iztirob!.. Shoir shu qadar jonlantirish qilganki, vaqtida aytilmagan izhorning ertaga befoydaligini tushuntirmoqchi. So‘z qarishi mumkinmi? O‘xshatishning, topilmaning orginalligi ham shu yerda jamlangan. Ha, so‘z albatta qariydi. Shoirning paytgacha aytmagan – so‘zi nima? Nahotki, bunday o‘tlig‘ dardni boshqacha aytishning iloji bo‘lmasa? Nahotki, shuncha iztiroblar behuda qog‘ozga tushgan bo‘lsa? Ichkarida bir tanish ovoz o‘zini yupatishga yetaklaydi: faqat “ko‘z yoshning g‘iltillashi” dahshatli xavotirlidir. Shoir o‘zi mansub avlodning orasida “bilinish”ni xohlarkan, (hamma ijodkorni orzusi!) umrning o‘tishini xuddi izhor qilinmagan muhabbat kabi qadrlaydi. Qarib qolishlik bu ikkinchi masala, jism emas, Vatan oldidagi qarzdorlik hissi uni qiynaydi. Ha, aynan Vatan oldidagi! Nega shoir shu paytgacha o‘sha so‘zni aytmay yashadi? Kutish insonning, ijodkorning, aniqrog‘i tafakkurli shoirning oliy matlabi bo‘lsa, ne ajab!

“Izlam”ga kiritilgan she’rlarning juda ko‘pchiligi orginal tashbehlardan iborat:

tong o‘rniga qayg‘ular otar
kimni

Xotirjamligi bor insonning qayg‘usi bormi? Kunini faqat qorin g‘ami bilan o‘tkazayotgan odamlarning fikrlashga layoqati ham so‘nib boradi. Shoirni otayotgan go‘zal tong titrog‘i o‘ylantiradi. Qayg‘uning otishi (ortishi) kundan-kun asru bo‘laversa, u vujudga qamalgan, bu dunyoda yashash uchun bandi qilingan ruhning parvozi ham susayishi tabiiy. Xilma-xil ifodalar negizida ruhiy parvoz yetti iqlimga yetishini istashlikdir. She’rdagi shaklga yashiringan ma’ni – aql-idrokning nechog‘li yashovchanligidan shahodat beradi. Shoir so‘z o‘yinlarida shunchaki so‘z qo‘llamaydi. Undan o‘quvchi o‘zi uchun kerak hikmatni kashf qiladi. “O‘qilishi shart bo‘lmagan ilovalar” turkumida aynan mantiq moduslariga e’tibor qaratadi. Mantiq tugamasligi kerak shoir nazdida. U erkni sog‘inib, intiq kutganligi bilan o‘lchanadi. Bu ilovalarning yozilganiga o‘ttiz yildan oshdi. O‘ttiz yil! Mustaqillikning hali rasman qo‘lga kiritilmagan, fuqarolarning hadik va xavotir ichida yashashi ozodlikka intilgan qatlamning “oh”idir bular:

qarsak shohning mulozimi
saroyda yashar

Madh etilayotgan har qanday o‘tkinchi havaslar kuni kelib, shoirning o‘ziga qimmatga tushishiga hayotiy ishora. Mazkur qaytarmada shoir tarixdan saboq chiqarish muhimligini ta’kidlamoqda. Buyuk Sohibqiron Amir Temur o‘zi haqida madh qilib yozilgan hamma kitoblarni yo‘q qildirganligi tarixdan ma’lum. U yolg‘on xushomad orqasida dorulsaltanatga boylik va nafs ilinjida qadam qo‘yayotgan shoirlarni ham tartibga chaqirib, haqiqiy din va diyonatni kuylashga buyurgan. Shoir Faxriyor ana shu jihatga katta e’tibor qaratadi. Birgina Nizomididn Shomiyning “Zafarnoma” asaridan ko‘ngli to‘lgan Amir Temurda. Shoir tarixdan saboq chiqarishni uqtirmoqda. Oddiy so‘z birikmalarida qanchadan-qancha hikmat yashirin.
Dunyoda mohiyat bitta ma’noga yetaklaydi. Allohni izlash, uni anglash har qanday ijodkor insonning buyuk orzusi, a’moli. Anglashning uzun va og‘ir iztiroblari insonni mohiyatga olib borishga undaydi. Bu go‘zal tadbir iztirob bilan tiniqlashadi. O‘sha mavhum sanalgan har qanday o‘lchov odamzodning ruhini turtib turadi:

quloq qizimas ortiq,
cholg‘uga aylanar
kun sayin odam
va kutib o‘tirar
kelib chalmog‘ini kim yoki nima .

Texnogen dunyoda odamlarning iste’molchi o‘laroq yashashga ko‘nikib, ruhi, vujudi va hislarini texnologiya dasturi egallab olishi har birimizni tashvishga soladi. Binobarin, O‘ZGARAYOTGAN DUNYONING ravishida qaysi biri ustun kelsa, g‘olib o‘sha ekanligi kundek ayon. Zamonaviy odam kuzatiladi, boshqariladi, shoir ana shu jihatlardan xavotirda. Yaratgan uni qanday sohib-karomatli qilib zuvalasiga ko‘plab sirlarni yashirmasin, o‘zida ichki ehtiyoj bo‘lmasa, fikrlamasa, u texnogenning qurboni, quliga aylanadi. Demak, u katta ehtimol bilan boshqarilishga mahkum, joni bor zotdek yashashga majbur. Bu ko‘proq rivojlangan davlatlarga qarab o‘zimizni oldi-orqamizga qarab, o‘nglanish metamorfozasida sezib qolyapmiz. Demak, inson har qanday sharoitda o‘zini tarbiyalashi lozim, degan o‘tkir xulosa ko‘z oldimizga keladi. Shuni alohida qayd etish lozimki, shoir she’rlarida mavhumiyatdan – zafar manzili sari yo‘lga chiqqan lirik qahramonni ko‘ramiz. U o‘z olamida o‘quvchi – hamrohini ham birga balandlikka yetaklaydi. U tafakkur, bilish, anglash, izlash shahodatidir.

Millatning xotirasini – muzeylarga qiyoslaydi. Uni har qanaqa ko‘rinishda talqin qilish mumkin:

vatan
so‘nggi mustamlaka jarohatlarin
muzeylar qolib
saqlar millat xotirasida

Millatning xotirasiga bandi qilinmagan (og‘riqlar, iztiroblar, afsuslar) nimalar qoldi o‘zi degan savolga mana shu bitiklardan xos javob axtarsa bo‘ladi. Jadidlarning olib borgan islohatchiligi negizida Turkistonning birligini saqlab qolish mumkin edi. Buning uchun hamma narsa yetarli edi. Biroq bunga izm va imkon bermagan mutelik deb biladi shoir. Mute va qaram bo‘lgan har qanday ezgu ish (Allohdan boshqaga) inqirozga yuz tutadi. Buni tarix timsolida, yaqin o‘tmish ham isbotini topib beradi. Millatning millat o‘laroq yashab qolishi, har bir fuqaroning muqaddas burchi ekanligiga bog‘liq. Uni his qilib yashash esa undan ham katta mas’uliyat. Millatning xotirasida qolgan jarohat aslo o‘chmaydi. Bolalikdagi kabi o‘nglanishga intilayotgan odamning (zulm ko‘rishi) kelajakka intilishi shunday belgilar bilan tafakkurda ulg‘aya boradi. Millatning zulmga tashlanishi oqibatida avlodlar aziyat chekadi. Bu aziyat asta-sekin qon-qonga singib, ko‘plab yutuqlarga erishuvida SHAXSni rivojlanishini kechiktiradi. She’rdagi millat xotirasi ham katta masala. Tobe, qullikka girftor bo‘lgan SHAXS o‘zligini netib topa oladi. Shoir ana shu haqda chuqur iztirob tortadi…

Qobiliyatli insonlar uchun RUHning muhofazasi she’rdir. Unda shaxsiyatga esh ko‘plab jihatlar uyg‘unlik kasb etadiki, ijodkorning tafakkur tarzi bilan yuzaga chiqadi. Ayniqsa, komil inson bo‘lish har kimga ham nasib etmaydi. Komillik sari intilish ham bugungi texnologiya dunyosida o‘ta kamyob hodisa. Darhaqiqat, Faxriyor buni “Izlam” kitobi bilan isbotlay olgan. Shundan keyin ham, izlash – saodat ekanligini, Rumiy, so‘fiylar, tasavvuf allomalari intilgan manzilu makonlarda deb, tushunadi asl haqiqatni. Vaqtning o‘zgarishi, odamlarning shukronasi bilan qadrlanadi. Shoir she’rlarida tushkunlik orqasida bir ulkan maqsad sari yo‘lga chiqqan faqir obrazni, dunyo moliga zig‘ircha qiziqmagan e’tiqodli bir ovoz sohibini ko‘ramiz. O‘zini tanigan, qadrini bilgan inson (shoir)gina bunday balandlikni zabt eta oladi. Bu balandlik qutlug‘ oltmish yoshga qadam qo‘ygan ustozga muborak bo‘lsin, deymiz!

032

(Tashriflar: umumiy 188, bugungi 1)

Izoh qoldiring