Firuza Bo’riyeva. Faxriyor she’riyatida an’ana, novatorlik, modernizm & Faxriyor. Izlam. Yoshlar Faxriyor she’rini o’qiydilar

85Фахриёр шеърияти деганда аксарият ҳолларда истиқлол даври адабиётида ўзгача шакл ва мазмуний янгиликлар киритиб модернистик шеърият намуналарини яратган шоир тушунилади.

ФАХРИЁР ШEЪРИЯТИДА АНЪАНА,
НОВАТОРЛИК, МОДEРНИЗМ
Фируза Нормуротовна Бўриева, ассистент ўқитувчи,
Ўзбекистон-Финландия педагогика институти, Самарқанд


   Фахриёр шеърияти деганда аксарият ҳолларда истиқлол даври адабиётида ўзгача шакл ва мазмуний янгиликлар киритиб модернистик шеърият намуналарини яратган шоир тушунилади. Чунки унинг ижоди билан батафсил ва яқиндан таниш бўлмаган кенг китобхон оммаси шоир шеърияти ҳақида мактаб дарсликлари киритилган маълумотлар билан шорнинг бир қаторлик “Ой – болта” каби шеърлари ёки тиниш белгиси ва бош ҳарфларга амал қилинмай ёзилган шеърлари мавжудлигидан хабардордирлар. Озроқ бўлса-да бу маълумотлар ҳам шоирнинг ижоди ҳақида бир қадар тушунчага эга бўлишга имкон беради, албатта. Шоирнинг шакл ва мазмун борасида жиддий изланишлар олиб бориб шеъриятда ўзига хос янгиликлар қилгани ва бутун ижодий индивидуаллиги билан модернистик адабиёт вакили эканлиги ҳам кўринади. Лекин 80-йиллар адабиёти вакили ҳисобланган шоир ижодининг дастлабки паллаларидаёқ, ҳали модернизм ўзбек адабиётига оқим сифатида кенг кириб келмаган пайтлардаёқ янгиликларга, ижодий кашфиётларга масъуллик билан ёндашганини кузатиш мумкин. Масалан, унинг “Дарднинг шакли” (1997), Геометрик баҳор (2004), “Аёлғу” (2000) каби тўпламларига турли йиллардаги шеърлари киритилганлиги учун таҳлил ва талқин натижасида унинг ижодини ўн йилликларга бўлиб, 80-йиллар, 90-йиллар ҳамда 2000-йилдан кейинги шеърияти тарзида ўрганилса мақсадга мувофиқ бўлиши кўринади. Чунки шоирнинг 80-йиллардаги шеърияти ижодининг даслабки паллалари ҳисобланиб, мазкур йилларда яратилган ижод намуналари шакл борасида ХХ аср анъанавий шеърияти қабилида эканлиги ҳамда уларда фикрийликдан кўра ҳиссийлик, некбинликнинг устун эканлигига кўра медитатив лирика намуналари дейиш мумкин. Аслида, бу таърифни кўпчилик шоирларга нисбатан ҳам айтса бўлади. Аксарият шоирлар ижод оламига покиза ҳислар, тиниқ туйғулар билан кириб келади. Лекин Фахриёрнинг ўша йиллардаёқ ижодга, дунёга зукколик ва теран нигоҳ билан боққанлигини, ўхшатишлар ва кўчимларни сунъий яратмаганлиги, балки мавжудларини излаб топганлигини кўриш мумкин:

Тахир бир шаробсан, о ширин ҳаёт,
Сабрим косасига сени қуярман,
Ичарман кўзёшни ичганим каби.

Ушбу мисраларда шоир анъанавий рамз-у тимсолларга новаторлик билан ёндашади, яъни Шарқ адабиётида май ва шаробнинг Умар Хайём рубоийлари ва Ҳофиз ғазалларидан бошлаб ҳаётнинг рамзи сифатида ишлатилгани бизга маълум. Ўзининг машҳур “Вақт” шеърида

Ҳаёт шаробидан бир қултум ютай,
Дамлар ғаниматдир умрзоқ соқий.
Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди,
Умримиз боқийдир, умримиз боқий…

–, дея бу анъанани давом эттирганди ўзбек адабиётининг отахон шоири Ғафур Гулом. Шунингдек, сабр косаси, кўз ёшларни ичиш каби бирикмалар ҳам кўп шоирлар ижоди ҳамда халқ оғзаки ижоди намуналаида ишлатилган, аммо сабр косасига ҳаёт шаробини қуйиб кўз ёшидек ичиш янгича, новаторона талқин.

Ёки изтиробнинг тасвири бўлган ушбу жумладаги аслида ўлим ва яшашнинг бир-бирига қарама-қарши қўйилганидек ифодаланса-да, икки ҳолатнинг бир эканлиги, яни ўлимнинг енгиб бориши ва яшашнинг қийнаши бир руҳий ҳолат эканлиги ҳам ўзига хос:

Мени енгиб бормоқда ўлим,
Сени эса қийнайди яшаш…

Ёки

Баҳор ҳеч нарсани эсдан чиқармас.
Ҳар сафар гул қўяр
ҳар бир қабр пойига.

Шоир ҳамма одамлар ҳаётида учрайдиган оддий, лекин бошқалар эътибор қилмаган ҳолатлар ҳақида ёзади:

Энди, ҳатто, ҳеч қачон, ҳеч гап
бўлмагандай ўртада худди
нафақахўр муҳаббат ҳақда
сўзлаш мумкин бемалол, жиддий.

Шоир ижодининг дастлабки паллаларида ёзилган шеърлар сирасида унинг “Она соғинчи” шеъри ҳисларнинг самимийлиги, тасвирнинг тиниқлиги билан ажралиб туради. Айниса, мазкур шеърдаги шоирнинг кузатишлари ва ҳиссиётлари ҳосиласи сифатида юзага келган кўчимлар бетакрорлиги билан кишининг ёдида қолади:

Кўзлари тўрт бўлган онам ёнидан
Томларга югуриб чиқар қизғалдоқ
Менга йўл қарайди уйнинг томидан.
Тўрт қиблага туташ йўл. Бари алдоқ.

Баҳорда қизғалдоқларнинг лойсувоқ қилинган томларда ўсиши табиий ҳол. Шоир эса бунга онанинг фарзандига бўлган соғинч қийноқларни кўришга чидолмаганликни далил қилиб кўрсатади ва бу билан мумтоз адабиётда кенг қўлланиб келинган ҳусни таълил санъатининг гўзал намунасини яратади. Шунингдек, йўлларга “алдоқ” сифатининг берилиши ҳам оригиналдир.

Шоирнинг изланишларини фақат мазмун ва тасвирда эмас, балки шакл борасида ҳам кўзга ташланади. Унинг мумтоз адабиётда кўп қўлланган лавзий- маънавий санъатлар тажнис ва ийҳомни шеърларида қўллаб бетимсол анъаналарни давом эттирганлигини кўришимиз мумкин: “Танга эмас, ситам-у зорни зарб этади юрак зарбларим” , “Ўйинг юрагимни боради ўйиб” , “Юрагим товондир, ёрилар, Юрагим товондир тўлайман” , “Ёдимни ёдингга солмассан” , “Ҳаволар етмайди ҳавойи ҳолатимга” , “Сен куймидинг куймасдан аввал” Шоир ижодидаги сўз ўйинлари орқали ҳам мазминий, ҳам шаклий мукаммалликка интилиш унинг ижодидаги алоҳида хусусият бўлиб, бу ҳақда шоир ижоди ўрганилган бошқа тадқиқотларда ҳам атрофлича фикр юритилган. Масалан, адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошевнинг “Инжа туйғулар жилоси” мақоласида ҳам шоирнинг сўз шакли ва маъносига доир изланишлари борасида тўхталиниб, бу унинг ижодидаги алоҳида ўзига хослик эканлиги таъкидланган.

Шоир сўзга нисбатан ҳам янгиликларга интилади. Ижодкорларнинг баъзан поэтик мажбурият важидан айрим сўзлар “кашф этиши” кузатилиб туради. Фахриёр ижодида эса бундай ҳолатлар кўпроқ кўзга ташланиб, ижодидаги ўзига хос хусусиятлардан бири сифатида аҳамият касб этади. Унинг биргина “Геометрик баҳор” тўпламига киритилган шеърлари сўзлик жиҳатдан таҳлил этилганда, шоирнинг омонимона, мусибатпаноҳ, куйгу (туйғуга ўхшаш), кунланди, ойланди (ўйландига ўхшаш), кимланиш, сайрам (тишлам, ялам каби сўзларга ўхҳаш), вақтланиш (фахрланишга ўхшаш), паризор, аламзор(дарахтзорга монанд), борлаш (йўқлашга ўхшаш), , сўлли(гулли, ақллига монанд), муҳаббатжўй, ойлоқ (овлоққа нисбатан), борсадим, кўрсадим (қўмсадимга нисбатан)каби сўзлар яратилганини кўриш мумкин.

90-йиллардан бошлаб шоир ижодида ҳиссийликдан кўра интеллектуал фалсафийлик устунроқ бўлганлиги кузатилади. Буни ўша йиллар шеъриятида модернистик услубнинг етакчи бўлиб бораётганлиги билан изоҳласа бўлади. Дастлаб шеърларда модернизм услубини эслатувчи, яъни фикрларнинг совуққонлик билан хулосалар тарзида бериб шеърлар яратган шоирнинг кейинчалик шакл борасида ҳам бир қадар янгиликларга интилганини кузатиш мумкин. Адабий танқидда оқловчи ва инкор этувчи қизғин аудиториясига эга бўлган модернизм услуби Фахриёр ижодининг етакчи хусусияти эканлиги адабиётшуносликда кўп бора тилга олинган бўлса-да, назаримизда, унинг маҳорати, шоирона машҳурлиги шеърларида сочилган ноёб ташбеҳлари, анъанавий мумтоз сўз ўйинлари, ишқ ва ошиқлик, ҳижрон ва висол мазмунидаги сонетлари сабабдир. Дарвоқе, Асқад Мухтор томонидан “шеъриятнинг олифта камзули” деб номланган сонетлар шоир ижодида кенг қўлланган жанр ҳисобланади. Ҳақиқатдан ҳам, сўз санъатига, шоирликка ўзгача назокат билан ёндашган “инжа туйғулар” соҳиби бўлган шоир ижоди учун ушбу жанр жуда мос бўлиб, у баъзан алоҳида сонетлар яратади, шунингдек, унинг ижодида “Сонетарий” деб номланган сонетлар туркуми ҳам мавжуд. Ўзбек шеъриятига Ғарб адабиётидан кириб келган ушбу жанр Фахриёр ижодида мумтоз ишқ талқини учун шакл вазифасини ўтаб, янгича имкониятларини намоён этди. Сонетларда қўлланган сўзлар ҳам мумтоз шеъриятни ёдга солиши билан аҳамиятли:

Ҳаёт юрагимни тилкалар
Сочларингдан ханжарлар ясаб.
Вайронкўнгил отли ўлкалар,
Севги билан ичаман қасам!

Сочинг ханжаридан озорлар
Келур дилга, ўзинг келмассан.
Юракда умидлар мозори
Ортар фақат, карам қилмассан.

Сонетнинг ушбу катрен бандларида юракнинг тилкаланиши, кўнгилнинг вайронлиги, ошиқнинг карам қилмаслиги каби бирикмалар мумтоз ишқ талқинларини эслатади. Шеърнинг терцет бандларида ҳам шарқона оҳангларда давом эттирилади:

Музлаб қолган юрак чатнайди
Чақнаб ётар ҳажринг юлдузи.
Кўнгил сен тарафга қатнайди.

Мен тоғ эмас, армонга ботдим,
Тўлқинлари кўмар юзимни,
Мавжларининг остида ётдим.

Шоир ижодидаги деярли барча сонетлар ҳижрон мавзусидадир. Ҳатто унинг бир туркум сонетлари “Сенсизлик” деб номланади.

Демак, сўз танлашда мумтозликка интилиш, анъанавий ташбеҳларга новаторона ёндашув, ишқ талқинларида шарқоналик шоир интим лирикасининг ўзига хослиги ҳисобланади. Умуман олганда, шоир ижодида мумтоз адабиёт намояндаларига эргашиш, шунингдек, замондош устоз шоирлардан Усмон Азим, Абдували Қутбиддин, Хуршид Даврон шеъриятига ўхшашликлар ҳам бир қадар кузатилади. Масалан, унинг халқона услубда Усмон Азим бахшиёнаси монанд достон яратиб Элбек бахши каби Собир бахши образини яратганлиги , шеъриятида тақлид ва ундов сўзларни туйғулар талқини воситаси сифатида кўп бора қўллаган Абдували Қутбиддин шеърларини эслатувчи мисраларини , Хуршид Даврон “Учбитик”лари сингари учлик шеърларни кўришимиз мумкин. Буларнинг бари шоир ижодидаги анъанавийлик тушунчалари кенг қамровли эканлигини кўрсатади.

Юқорида таъкидланганидек, шоир ижодида фалсафий интеллектуаллик яна бир муҳим қирра ҳисобланиб, бу мазмундаги шеърлар учун эркин вазнли қофиясиз шеърлар шакл вазифасини ўтаган. Адабиётшуносликда унинг бундай шеърлари модернистик услубда эканлиги айтилади. “Ўзбек модерн шеъриятининг яна бир ёрқин намояндаси сифатида шоир Фахриёр эътироф этилади. Фахриёр ўзбек шеърхонини янгича образлар олами билан таништирган, ўз ташбиҳлари билан замонавий ўқувчи дидини ўстира олган саноқли ижодкорлардан бири. Шоир чизган манзаралар ўзига хослиги, ёрқинлиги, асосийси, ноодатийлиги билан ажралиб туради:

кўйлагини ечаётган аёлдай
тунни йиғиштириб олар табиат
борлиқ устидан
ва уни
фаришталар тахмонига солиб қўяди
тун худонинг омонати
юлдузлар омонатга тушган куядир
тунни илма-тешик қилиб ташлар юлдузлар”

Кўринадики, иқтибосда шоирнинг модерн услубида ёзилган шеъри сифатида эътироф этилган парчада шеърий вазн ва қофияларгина эмас, оддий имло ва тиниш белги қоидаларига ҳам амал қилинмаган. Яна бир адабиётшунос олима Н.Маматқулова ўзининг “Модерн шеърият ва абсурд фалсафаси” мақоласида Фахриёр қаламига мансуб ушбу шеърий мисраларни мисол келтириб, унда инсон жисмини руҳ билан уйғунлаштириш фалсафаси мавжуд эканлигини таъкидлайди:

“Одамни
Қамаб қўйса бўлар бемалол,
Сургун қилса бўлар, ҳаттоки…
Ўзига!”

Одатда ижодкорнинг адабий қарашлари унинг шеърий мисралари қатидан изланади. Фахриёр шеърларининг биридаги ўхшатишда модерн қофияни “илвираган” деб таърифлайди. Яна бир шеърида эса “Ишқни армон эмас, фикр ўлдирар” деб ёзган шоир вазн ва қофиясиз шеърлари асосан фикрлар, фалсафий мушоҳадаларни беришга ҳаракат қилади. Демакки, ушбу ижод намуналарининг шеър дейилиши учун ҳис-туйғулар ифодаси ҳам мавжуд эмас. Шоир иодида бу каби шеърлар анчагина бўлиб, уларда аксарият тириклик, дунё ва жамият ҳақидаги чуқур фалсафий қарашлар акс этган. Масалан, шоирнинг “Кечинма” шеъри шундай фикрлар билан бошланади:

ким ўйлаб топган экан бу сўзни
идишга ўхшаш бир сўз
нимани жойласанг жойлашаверар

бемор иштаҳасидай
нозик эмас сўзнинг таъби у қадар

Кўринадики, шеърда кечинманинг идишга, нозикликнинг бемор иштаҳасига ўхшатилиб, бир қадар бадиий образлилилик юзага келтирилган бўлса-да уларни кечинманинг ҳар қандай мазмунда бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикр бирлаштириб турибди. Демак, шеърий парчада ҳиссиётдан кўра фикрийлик устунлиги кўринади. Шорнинг бундай шаклдаги шеърлари сирасида яна унинг “Ўнгарилган тушлар” туркумига кирувчи “Тонг ташбиҳлари”, “Қишки ин”, “Тунги ҳовуз”, “Қайрағоч”, “Вақт”, “Ёлғизлик”, “Қора шуъла”, “Гул атри”, “Дам олиш куни”, “Навбат”, “Изтироб тенгкучлилиги” каби бир қатор шеърларни санаш мумкин. Уларда шеърий қоидаларнинг ҳеч бирига амал қилинмай ёзилганлиги, фикрийлик, совуққон ўй-кечнмаларнинг тиғиз келганлиги шеърий ҳиссиёт, оҳанг мусиқийлигининг ёқлиги ўқувчини ақлан зўриқтиради. Аслида модернистик йўналишда ижод этаётган шоирлар ижод намуналари бирхиллик кузатилади. Бу каби шеърлардан услубий индивидуаллик излаш ҳам ноўриндек. Мисол тариқасида ўзбек шеъриятида модернистик услубда ижод этиб келаётган ҳамда ўз мақолалари орқали ҳам шеъриятдаги ушбу ўқим ҳақида қарашларини билдириб келган шоир ва адабиётшунос Баҳром Рўзимуҳаммаднинг бир шеъридан парча келтирамиз:

Сиз байроқни йиртиб
жароҳатингизни боғлаб қўйдингиз
сиз энг эзма киши нутқини фавқулодда қизиқиш билан тингладингиз
сиз одам кўзига қараган янглиғ
ўта жиддий ҳолда нигоҳ ташадингиз бўшлиққа.

Кўринадики, икки шоир шеъриятидан келтирилган парча шаклан ҳам, мазмун ифодаси жиҳатдан ҳам деярли бир хил бўлиб, уларда ижодкорлар индивидуаллигини кўришнинг имкони йўқ. Эътибор берилса, инсоният ва жамиятларнинг янгиликларга интилишлари пироварди ҳар доим шундай кечган. Аввало, турли миллатларда либослар, яшаш тарзи, кейинчалик гўзалликка интилиш туфайли қиёфаларнинг бирхиллашиб кетаётганлиги каби шоирларнинг модернистик оқимга эргашлари туфайли услублари ва ижод намуналари фарқланмай қолармикан, деган мулоҳазалар ҳам туғилади кишида. Лекин Фахриёр ижодида модерн шеърий шакллар борасида ҳам ўзигача бўлган ҳозирги замон шоирларининг ҳеч бирида учрамаган баъзи ўзига хосликлар кузатилади.

Буларнинг бари ижодкорнинг шеъриятга кириб келган дастлабки паллалардан бошлаб шу кунгача ҳар доим ижодий янгиликларга интилганини, мазмун ва шакл, образлар, фалсафий қарашларнинг ноёблигига интилганини, серқирра ижодига ғоят масъуллик билан қараганлигини кўрсатади.

Faxriyor she’riyati deganda aksariyat hollarda istiqlol davri adabiyotida o‘zgacha shakl va mazmuniy yangiliklar kiritib modernistik she’riyat namunalarini yaratgan shoir tushuniladi.

FAXRIYOR SHE’RIYATIDA AN’ANA,
NOVATORLIK, MODERNIZM
Firuza Normurotovna Buriyeva, assistent o‘qituvchi,
O‘zbekiston-Finlandiya pedagogika instituti, Samarqand


044 Faxriyor she’riyati deganda aksariyat hollarda istiqlol davri adabiyotida o‘zgacha shakl va mazmuniy yangiliklar kiritib modernistik she’riyat namunalarini yaratgan shoir tushuniladi. Chunki uning ijodi bilan batafsil va yaqindan tanish bo‘lmagan keng kitobxon ommasi shoir she’riyati haqida maktab darsliklari kiritilgan ma’lumotlar bilan shorning bir qatorlik “Oy – bolta” kabi she’rlari yoki tinish belgisi va bosh harflarga amal qilinmay yozilgan she’rlari mavjudligidan xabardordirlar. Ozroq bo‘lsa-da bu ma’lumotlar ham shoirning ijodi haqida bir qadar tushunchaga ega bo‘lishga imkon beradi, albatta. Shoirning shakl va mazmun borasida jiddiy izlanishlar olib borib she’riyatda o‘ziga xos yangiliklar qilgani va butun ijodiy individualligi bilan modernistik adabiyot vakili ekanligi ham ko‘rinadi. Lekin 80-yillar adabiyoti vakili hisoblangan shoir ijodining dastlabki pallalaridayoq, hali modernizm o‘zbek adabiyotiga oqim sifatida keng kirib kelmagan paytlardayoq yangiliklarga, ijodiy kashfiyotlarga mas’ullik bilan yondashganini kuzatish mumkin. Masalan, uning “Dardning shakli” (1997), Geometrik bahor (2004), “Ayolg‘u” (2000) kabi to‘plamlariga turli yillardagi she’rlari kiritilganligi uchun tahlil va talqin natijasida uning ijodini o‘n yilliklarga bo‘lib, 80-yillar, 90-yillar hamda 2000-yildan keyingi she’riyati tarzida o‘rganilsa maqsadga muvofiq bo‘lishi ko‘rinadi. Chunki shoirning 80-yillardagi she’riyati ijodining daslabki pallalari hisoblanib, mazkur yillarda yaratilgan ijod namunalari shakl borasida XX asr an’anaviy she’riyati qabilida ekanligi hamda ularda fikriylikdan ko‘ra hissiylik, nekbinlikning ustun ekanligiga ko‘ra meditativ lirika namunalari deyish mumkin. Aslida, bu ta’rifni ko‘pchilik shoirlarga nisbatan ham aytsa bo‘ladi. Aksariyat shoirlar ijod olamiga pokiza hislar, tiniq tuyg‘ular bilan kirib keladi. Lekin Faxriyorning o‘sha yillardayoq ijodga, dunyoga zukkolik va teran nigoh bilan boqqanligini, o‘xshatishlar va ko‘chimlarni sun’iy yaratmaganligi, balki mavjudlarini izlab topganligini ko‘rish mumkin:

Taxir bir sharobsan, o shirin hayot,
Sabrim kosasiga seni quyarman,
Icharman ko’zyoshni ichganim kabi.

Ushbu misralarda shoir an’anaviy ramz-u timsollarga novatorlik bilan yondashadi, ya’ni Sharq adabiyotida may va sharobning Umar Xayyom ruboiylari va Hofiz g‘azallaridan boshlab hayotning ramzi sifatida ishlatilgani bizga ma’lum. O‘zining mashhur “Vaqt” she’rida

Hayot sharobidan bir qultum yutay,
Damlar g‘animatdir umrzoq soqiy.
Quyosh-ku falakda kezib yuribdi,
Umrimiz boqiydir, umrimiz boqiy…

–, deya bu an’anani davom ettirgandi o‘zbek adabiyotining otaxon shoiri G‘afur Gulom. Shuningdek, sabr kosasi, ko‘z yoshlarni ichish kabi birikmalar ham ko‘p shoirlar ijodi hamda xalq og‘zaki ijodi namunalaida ishlatilgan, ammo sabr kosasiga hayot sharobini quyib ko‘z yoshidek ichish yangicha, novatorona talqin.

Yoki iztirobning tasviri bo‘lgan ushbu jumladagi aslida o‘lim va yashashning bir-biriga qarama-qarshi qo‘yilganidek ifodalansa-da, ikki holatning bir ekanligi, yani o‘limning yengib borishi va yashashning qiynashi bir ruhiy holat ekanligi ham o‘ziga xos:

Meni yengib bormoqda o’lim,
Seni esa qiynaydi yashash…

Yoki

Bahor hech narsani esdan chiqarmas.
Har safar gul qo’yar
har bir qabr poyiga.

Shoir hamma odamlar hayotida uchraydigan oddiy, lekin boshqalar e’tibor qilmagan holatlar haqida yozadi:

Endi, hatto, hech qachon, hech gap
bo’lmaganday o’rtada xuddi
nafaqaxo’r muhabbat haqda
so’zlash mumkin bemalol, jiddiy.

Shoir ijodining dastlabki pallalarida yozilgan she’rlar sirasida uning “Ona sog‘inchi” she’ri hislarning samimiyligi, tasvirning tiniqligi bilan ajralib turadi. Aynisa, mazkur she’rdagi shoirning kuzatishlari va hissiyotlari hosilasi sifatida yuzaga kelgan ko‘chimlar betakrorligi bilan kishining yodida qoladi:

Ko‘zlari to‘rt bo‘lgan onam yonidan
Tomlarga yugurib chiqar qizg‘aldoq
Menga yo‘l qaraydi uyning tomidan.
To‘rt qiblaga tutash yo‘l. Bari aldoq.

Bahorda qizg‘aldoqlarning loysuvoq qilingan tomlarda o‘sishi tabiiy hol. Shoir esa bunga onaning farzandiga bo‘lgan sog‘inch qiynoqlarni ko‘rishga chidolmaganlikni dalil qilib ko‘rsatadi va bu bilan mumtoz adabiyotda keng qo‘llanib kelingan husni ta’lil san’atining go‘zal namunasini yaratadi. Shuningdek, yo‘llarga “aldoq” sifatining berilishi ham originaldir.

Shoirning izlanishlarini faqat mazmun va tasvirda emas, balki shakl borasida ham ko‘zga tashlanadi. Uning mumtoz adabiyotda ko‘p qo‘llangan lavziy- ma’naviy san’atlar tajnis va iyhomni she’rlarida qo‘llab betimsol an’analarni davom ettirganligini ko‘rishimiz mumkin: “Tanga emas, sitam-u zorni zarb etadi yurak zarblarim” , “O‘ying yuragimni boradi o‘yib” , “Yuragim tovondir, yorilar, Yuragim tovondir to‘layman” , “Yodimni yodingga solmassan” , “Havolar yetmaydi havoyi holatimga” , “Sen kuymiding kuymasdan avval” Shoir ijodidagi so‘z o‘yinlari orqali ham mazminiy, ham shakliy mukammallikka intilish uning ijodidagi alohida xususiyat bo‘lib, bu haqda shoir ijodi o‘rganilgan boshqa tadqiqotlarda ham atroflicha fikr yuritilgan. Masalan, adabiyotshunos olim Qozoqboy Yo‘ldoshevning “Inja tuyg‘ular jilosi” maqolasida ham shoirning so‘z shakli va ma’nosiga doir izlanishlari borasida to‘xtalinib, bu uning ijodidagi alohida o‘ziga xoslik ekanligi ta’kidlangan.
Shoir so‘zga nisbatan ham yangiliklarga intiladi. Ijodkorlarning ba’zan poetik majburiyat vajidan ayrim so‘zlar “kashf etishi” kuzatilib turadi. Faxriyor ijodida esa bunday holatlar ko‘proq ko‘zga tashlanib, ijodidagi o‘ziga xos xususiyatlardan biri sifatida ahamiyat kasb etadi. Uning birgina “Geometrik bahor” to‘plamiga kiritilgan she’rlari so‘zlik jihatdan tahlil etilganda, shoirning omonimona, musibatpanoh, kuygu (tuyg’uga o‘xshash), kunlandi, oylandi (o‘ylandiga o‘xshash), kimlanish, sayram (tishlam, yalam kabi so‘zlarga o‘xhash), vaqtlanish (faxrlanishga o‘xshash), parizor, alamzor(daraxtzorga monand), borlash (yo‘qlashga o‘xshash), , so‘lli(gulli, aqlliga monand), muhabbatjo‘y, oyloq (ovloqqa nisbatan), borsadim, ko‘rsadim (qo‘msadimga nisbatan)kabi so‘zlar yaratilganini ko‘rish mumkin.

90-yillardan boshlab shoir ijodida hissiylikdan ko‘ra intellektual falsafiylik ustunroq bo‘lganligi kuzatiladi. Buni o‘sha yillar she’riyatida modernistik uslubning yetakchi bo‘lib borayotganligi bilan izohlasa bo‘ladi. Dastlab she’rlarda modernizm uslubini eslatuvchi, ya’ni fikrlarning sovuqqonlik bilan xulosalar tarzida berib she’rlar yaratgan shoirning keyinchalik shakl borasida ham bir qadar yangiliklarga intilganini kuzatish mumkin. Adabiy tanqidda oqlovchi va inkor etuvchi qizg‘in auditoriyasiga ega bo‘lgan modernizm uslubi Faxriyor ijodining yetakchi xususiyati ekanligi adabiyotshunoslikda ko‘p bora tilga olingan bo‘lsa-da, nazarimizda, uning mahorati, shoirona mashhurligi she’rlarida sochilgan noyob tashbehlari, an’anaviy mumtoz so‘z o‘yinlari, ishq va oshiqlik, hijron va visol mazmunidagi sonetlari sababdir. Darvoqe, Asqad Muxtor tomonidan “she’riyatning olifta kamzuli” deb nomlangan sonetlar shoir ijodida keng qo‘llangan janr hisoblanadi. Haqiqatdan ham, so‘z san’atiga, shoirlikka o‘zgacha nazokat bilan yondashgan “inja tuyg‘ular” sohibi bo‘lgan shoir ijodi uchun ushbu janr juda mos bo‘lib, u ba’zan alohida sonetlar yaratadi, shuningdek, uning ijodida “Sonetariy” deb nomlangan sonetlar turkumi ham mavjud. O‘zbek she’riyatiga G’arb adabiyotidan kirib kelgan ushbu janr Faxriyor ijodida mumtoz ishq talqini uchun shakl vazifasini o‘tab, yangicha imkoniyatlarini namoyon etdi. Sonetlarda qo‘llangan so‘zlar ham mumtoz she’riyatni yodga solishi bilan ahamiyatli:

Hayot yuragimni tilkalar
Sochlaringdan xanjarlar yasab.
Vayronko‘ngil otli o‘lkalar,
Sevgi bilan ichaman qasam!

Soching xanjaridan ozorlar
Kelur dilga, o‘zing kelmassan.
Yurakda umidlar mozori
Ortar faqat, karam qilmassan.

Sonetning ushbu katren bandlarida yurakning tilkalanishi, ko‘ngilning vayronligi, oshiqning karam qilmasligi kabi birikmalar mumtoz ishq talqinlarini eslatadi. She’rning terset bandlarida ham sharqona ohanglarda davom ettiriladi:

Muzlab qolgan yurak chatnaydi
Chaqnab yotar hajring yulduzi.
Ko‘ngil sen tarafga qatnaydi.

Men tog‘ emas, armonga botdim,
To‘lqinlari ko‘mar yuzimni,
Mavjlarining ostida yotdim.

Shoir ijodidagi deyarli barcha sonetlar hijron mavzusidadir. Hatto uning bir turkum sonetlari “Sensizlik” deb nomlanadi.

Demak, so‘z tanlashda mumtozlikka intilish, an’anaviy tashbehlarga novatorona yondashuv, ishq talqinlarida sharqonalik shoir intim lirikasining o‘ziga xosligi hisoblanadi. Umuman olganda, shoir ijodida mumtoz adabiyot namoyandalariga ergashish, shuningdek, zamondosh ustoz shoirlardan Usmon Azim, Abduvali Qutbiddin, Xurshid Davron she’riyatiga o‘xshashliklar ham bir qadar kuzatiladi. Masalan, uning xalqona uslubda Usmon Azim baxshiyonasi monand doston yaratib Elbek baxshi kabi Sobir baxshi obrazini yaratganligi , she’riyatida taqlid va undov so‘zlarni tuyg‘ular talqini vositasi sifatida ko‘p bora qo‘llagan Abduvali Qutbiddin she’rlarini eslatuvchi misralarini , Xurshid Davron “Uchbitik”lari singari uchlik she’rlarni ko‘rishimiz mumkin. Bularning bari shoir ijodidagi an’anaviylik tushunchalari keng qamrovli ekanligini ko‘rsatadi.

Yuqorida ta’kidlanganidek, shoir ijodida falsafiy intellektuallik yana bir muhim qirra hisoblanib, bu mazmundagi she’rlar uchun erkin vaznli qofiyasiz she’rlar shakl vazifasini o‘tagan. Adabiyotshunoslikda uning bunday she’rlari modernistik uslubda ekanligi aytiladi. “O‘zbek modern she’riyatining yana bir yorqin namoyandasi sifatida shoir Faxriyor e’tirof etiladi. Faxriyor o‘zbek she’rxonini yangicha obrazlar olami bilan tanishtirgan, o‘z tashbihlari bilan zamonaviy o‘quvchi didini o‘stira olgan sanoqli ijodkorlardan biri. Shoir chizgan manzaralar o‘ziga xosligi, yorqinligi, asosiysi, noodatiyligi bilan ajralib turadi:

ko‘ylagini yechayotgan ayolday
tunni yig‘ishtirib olar tabiat
borliq ustidan
va uni
farishtalar taxmoniga solib qo‘yadi
tun xudoning omonati
yulduzlar omonatga tushgan kuyadir
tunni ilma-teshik qilib tashlar yulduzlar”

Ko‘rinadiki, iqtibosda shoirning modern uslubida yozilgan she’ri sifatida e’tirof etilgan parchada she’riy vazn va qofiyalargina emas, oddiy imlo va tinish belgi qoidalariga ham amal qilinmagan. Yana bir adabiyotshunos olima N.Mamatqulova o‘zining “Modern she’riyat va absurd falsafasi” maqolasida Faxriyor qalamiga mansub ushbu she’riy misralarni misol keltirib, unda inson jismini ruh bilan uyg‘unlashtirish falsafasi mavjud ekanligini ta’kidlaydi:

“Odamni
Qamab qo‘ysa bo‘lar bemalol,
Surgun qilsa bo‘lar, hattoki…
O‘ziga!”

Odatda ijodkorning adabiy qarashlari uning she’riy misralari qatidan izlanadi. Faxriyor she’rlarining biridagi o‘xshatishda modern qofiyani “ilviragan” deb ta’riflaydi. Yana bir she’rida esa “Ishqni armon emas, fikr o‘ldirar” deb yozgan shoir vazn va qofiyasiz she’rlari asosan fikrlar, falsafiy mushohadalarni berishga harakat qiladi. Demakki, ushbu ijod namunalarining she’r deyilishi uchun his-tuyg‘ular ifodasi ham mavjud emas. Shoir iodida bu kabi she‘rlar anchagina bo‘lib, ularda aksariyat tiriklik, dunyo va jamiyat haqidagi chuqur falsafiy qarashlar aks etgan. Masalan, shoirning “Kechinma” she’ri shunday fikrlar bilan boshlanadi:

kim o‘ylab topgan ekan bu so‘zni
idishga o‘xshash bir so‘z
nimani joylasang joylashaverar

bemor ishtahasiday
nozik emas so‘zning ta’bi u qadar

Ko‘rinadiki, she’rda kechinmaning idishga, noziklikning bemor ishtahasiga o‘xshatilib, bir qadar badiiy obrazlililik yuzaga keltirilgan bo‘lsa-da ularni kechinmaning har qanday mazmunda bo‘lishi mumkinligi haqidagi fikr birlashtirib turibdi. Demak, she’riy parchada hissiyotdan ko‘ra fikriylik ustunligi ko‘rinadi. Shorning bunday shakldagi she‘rlari sirasida yana uning “O‘ngarilgan tushlar” turkumiga kiruvchi “Tong tashbihlari”, “Qishki in”, “Tungi hovuz”, “Qayrag‘och”, “Vaqt”, “Yolg‘izlik”, “Qora shu’la”, “Gul atri”, “Dam olish kuni”, “Navbat”, “Iztirob tengkuchliligi” kabi bir qator she’rlarni sanash mumkin. Ularda she’riy qoidalarning hech biriga amal qilinmay yozilganligi, fikriylik, sovuqqon o‘y-kechnmalarning tig‘iz kelganligi she’riy hissiyot, ohang musiqiyligining yoqligi o‘quvchini aqlan zo‘riqtiradi. Aslida modernistik yo‘nalishda ijod etayotgan shoirlar ijod namunalari birxillik kuzatiladi. Bu kabi she’rlardan uslubiy individuallik izlash ham noo‘rindek. Misol tariqasida o‘zbek she’riyatida modernistik uslubda ijod etib kelayotgan hamda o‘z maqolalari orqali ham she’riyatdagi ushbu o‘qim haqida qarashlarini bildirib kelgan shoir va adabiyotshunos Bahrom Ro‘zimuhammadning bir she’ridan parcha keltiramiz:

Siz bayroqni yirtib
jarohatingizni bog‘lab qo‘ydingiz
siz eng ezma kishi nutqini favqulodda qiziqish bilan tingladingiz
siz odam ko‘ziga qaragan yanglig‘
o‘ta jiddiy holda nigoh tashadingiz bo‘shliqqa.

Ko‘rinadiki, ikki shoir she’riyatidan keltirilgan parcha shaklan ham, mazmun ifodasi jihatdan ham deyarli bir xil bo‘lib, ularda ijodkorlar individualligini ko‘rishning imkoni yo‘q. E’tibor berilsa, insoniyat va jamiyatlarning yangiliklarga intilishlari pirovardi har doim shunday kechgan. Avvalo, turli millatlarda liboslar, yashash tarzi, keyinchalik go‘zallikka intilish tufayli qiyofalarning birxillashib ketayotganligi kabi shoirlarning modernistik oqimga ergashlari tufayli uslublari va ijod namunalari farqlanmay qolarmikan, degan mulohazalar ham tug‘iladi kishida. Lekin Faxriyor ijodida modern she’riy shakllar borasida ham o‘zigacha bo‘lgan hozirgi zamon shoirlarining hech birida uchramagan ba’zi o‘ziga xosliklar kuzatiladi.

Bularning bari ijodkorning she’riyatga kirib kelgan dastlabki pallalardan boshlab shu kungacha har doim ijodiy yangiliklarga intilganini, mazmun va shakl, obrazlar, falsafiy qarashlarning noyobligiga intilganini, serqirra ijodiga g‘oyat mas’ullik bilan qaraganligini ko‘rsatadi.

021

(Tashriflar: umumiy 1 041, bugungi 1)

Izoh qoldiring