Hamid Olimjon. She’rlar & Hamid Olimjon. Tanlangan asarlar (1951) & Hamid Olimjon she’rlariga bastalangan uch o’lmas qo’shiq

0412 декабрь — Ҳамид Олимжон таваллудининг 110 йиллиги

   Ўзбек халқининг атоқли фарзанди – дилбар шоир, талантли драматург, йирик олим ва танқидчи Ҳамид Олимжон ўзидан ўлмас мерос қолдирган. У ўзбек шеъриятида жўшқин лиризмга асосланган шеърият мактабини яратган шоир.

09

  Истеъдодли шоир, драматург,таржимон, адабиётшунос ва фольклоршунос олим, давлат ва жамоат арбоби Ҳамид Олимжон 1909 йил 12 декабрда Жиззах шаҳрида дунёга келди. Наримонов номидаги бошланғич мактабни тугатгач, Самарқанд педагогика билим юртида (1923-1926) Ўзбек Педакадемиясида (1926-1931) ўқиди.

Ҳамид Олимжон талабалик йилларидаёқ шеър ёзди. Унинг асарлари 1926 йилдан «Зарафшон» газетасида чиқа бошлади. 1927 йилда шоир мазкур рўзнома муҳарририятига ишга ўтди. Ҳамид Олимжоннинг «Кўклам» номли илк шеърий тўплами 1929 йилда босилиб чиқди. Шундан сўнг «Олов сочлар» (1931), «Ўлим ёвга» (1932), «Пойга» (1932) каби шеърий тўпламлари нашр этилди.

Ashampoo_Snap_2016.11.23_11h15m36s_027_.pngЎзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси (1943) Ҳамид Олимжон ўзбек адабиётпнинг долзарб масалалари бўйича қатор илмий-танқидий асарлар яратди. У А.С. Пушкин, Л.Н. Толстой, М. Горкий, В. Маяковский, А. Серафимович, Т. Шевченко, М. Лермонтов, Н. Островский, А. Корнейчук асарларга таржима қилди ва улар ҳақида мақолалар ёзди.

Ўзбек халқ оғзаки ижодининг ажойиб дурдона асари «Алпомиш» достони биринчи марта Ҳамид Олимжон томонидан нашрга тайёрланиб, сўз боши билан (1938) чоп этилди. У Алишер Навоийнинг 500 йиллигини ўтказиш юбилейи комитетининг аъзоси сифатида улуғ шоир ҳаёти ва ижоди юзасидан илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. 1939 йилдан то 1944 йилда автомобил ҳалокатига учраб дунёдан кўз юмганига қадар Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасига раҳбарлик қилди.

Шоир ўзининг «Дарё кечаси» (1936), «Чирчиқ соҳилларида» (1937), «Ўлка» (1939), «Бахт» (1940) тўпламлари, «Икки қизнинг ҳикояси» (1935-1937), «Ойгул билан Бахтиёр» (1937), «Зайнаб ва Омон» (1938), «Семурғ» (1939) достонлари билан новатор шоир сифатида даврининг илғор ғояларини тараннум этди.

Иккинчи жаҳон урушиннинг оловли йилларида унинг «Муқанна» номли шеърий драмаси яратилдики, у ҳанузгача драматургиямизнинг гултожи бўлиб келаётир.Истеъдодли шоир Ҳамид Олимжоннинг кўпчилик асарлари қардош халқлар ва хорижий халқлар тилларига таржима қилинган.

09
Ҳамид Олимжон
ШЕЪРЛАР
09

ЎРИК ГУЛЛАГАНДА

Ashampoo_Snap_2016.11.23_01h26m16s_015_.png

Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…

Новдаларни безаб ғунчалар,
Тонгда айтди ҳаёт отини
Ва шаббода қурғур илк саҳар
Олиб кетди гулнинг тотини.

Ҳар баҳорда шу бўлар такрор,
Ҳар баҳор ҳам шундай ўтади,
Қанча тиришсам ҳам у беор
Еллар мени алдаб кетади.

Майли, дейман ва қилмайман ғаш,
Хаёлимни гулга ўрайман;
Ҳар баҳорга чиққанда яккаш,
Бахтим борми, дея сўрайман.

Юзларимни силаб, сийпалаб,
Бахтинг бор, деб эсади еллар.
Этган каби гўё бир талаб,
Бахтинг бор, деб қушлар чийиллар…

Ҳамма нарса мени қаршилар,
Ҳар бир куртак менга сўйлар роз,
Мен юрганда боғларга тўлар
Фақат бахтни мақтаган овоз:

«Мана сенга олам-олам гул,
Этагингга сиққанича ол,
Бунда толе ҳар нарсадан мўл,
То ўлгунча шу ўлкада қол.

Умрида ҳеч гул кўрмай, йиғлаб
Ўтганларнинг ҳаққи ҳам сенда,
Ҳар баҳорни йиғлаб қаршилаб
Кетганларнинг ҳаққи ҳам сенда…»

Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…

ХАЁЛИМДА БЎЛДИНГ УЗУН КУН…

Хаёлимда бўлдинг узун кун,
Сени излаб қирғоққа бордим.
Оч тўлқинлар пишқирган тунда,
Топиб бер, деб ойга ёлвордим.

Ишон, бунда сени доимо
Эсга солар чиройли тунлар,
Шўх юлдузлар, салқин саҳарлар,
Эсга солар бахтиёр кунлар.

Толеимнинг ошиноси сен,
Сен севгимнинг кўкарган боғи.
Сенинг билан бирга иқболим,
Ишончимнинг сен вафо тоғи.

Мени қуршар салқин бир ҳаво,
Сув устидан тун қуюлади.
Шунда қанча-қанча гапларни
Эсга солиб ой ҳам тўлади.

Кеча жим-жит, ёлғиз тўлқинлар
Пишқиради билмай тинимни.
Ҳийлагар ой, сеҳргар дилбар,
Солиб қўйдинг ёдимга кимни?..

* * *

Севги десам, фақат сен десам,
Сенинг билан яшаса қалбим;
Сен десам-у, бутун дунёнинг
Шўришига қулоқ солсам жим…

Қуюн каби айланар бошим,
Қарайман-у, кўзим тинади
Ва жилвангдан кўнгил кўзгуси
Парча-парча бўлиб синади.

Шу қарашга борми ниҳоя,
Бўларманми мақсадга восил?
Топарманми бир янги ғоя,
Бўлармикан бир мурод ҳосил?

Топиларми унда бир чора,
Агар мени қуршаса жунун:
Бўлиб қолса сирим ошкора,
Атасалар номимни Мажнун?

ҲОЛ

Қайдан келдинг, фикримни бўлдинг,
Нега этдинг мени паришон?
Нега буздинг мунис ҳолимни,
Ўйларимни нечун бемакон?

Эҳтирослар, ҳислар, ёнишлар
Ўлкасини кезарди хаёл,
Ҳоким эди менинг руҳимда
Шундай латиф илҳомий бир ҳол.

Бир кичик тор, бир ёниқ парда
Қанча гапни айтиб берарди…
Онасидан ўрганганини
Чумчуқ чувлаб қайтиб берарди…

Тиккан эдим қалб қулоғини
Ва фикримга берган эди жон,
Чивин учса келарди малол,
Шунга эди садоқат, имон.

Халал берма, озроқ қўниб тур,
Тамом қилай шу гул суратни,
Қўйгил мени, юракнинг қони
Билан тортай энг сўнгги хатни.

* * *

Тинимсиздир ёлғиз шабода,
Майсаларнинг сочи силкинар,
Мана, ҳозир чирқираб турган
Паррандалар, қушлар ҳам тинар…

Ҳамма ухлар ва фақат тунни
Менинг ўзим қарши олурман.
Қарши олур ва тонгга қадар
Менинг ўзим уйғоқ қолурман.

Қулоғимга секин шивирлаб
Тун уйқуни ўргатар менга,
Бўлганмисан тунда саҳрода?
Бўлмаса кел, сўйлайин сенга…

ОФЕЛИЯНИНГ ЎЛИМИ

1
Орзунг бор куйлашга, лекин қалбингдан
Тарқалар бир маъюс ва ғамгин сазо.
Қўйнингда бир қучоқ оқ ва нафис гул,
Лекин руҳинг тўла мотам ва азо.

2

Фойда йўқдир, гўзал, золим фалакдан
Қанча дод қилсанг-у қанча шикоят,
Қанча ёлворсанг, қанча тўксанг ёш,
Барибир, аламга бўлмас ниҳоят.

Қанча маъсум бўлсанг, қанча вафодор,
Қордай оқ бўлсанг-у, муз қадар тоза,
Ҳеч замон кор этмас, шум фалак бадкор.
Ўқилур севгингга қора жаноза.

Нега керак эди шу чирой, шу ўт,
Шу ёниқ юлдузни кўзга яширмоқ?
Нега лабларингдан ҳусн олди ёқут,
Нега сийнанг бўлди қор тоғидай оқ?

Ҳусн балосига ким этди дучор?
Ҳолбуки, бусиз ҳам қанчалар алам,
Ҳолбуки, бусиз ҳам қизнинг бошида
Сўнгсиз мусибатлар, дунё-дунё ғам.

Ҳолбуки, бусиз ҳам қийналарди жон,
Бусиз ҳам йетарди фалокат, азоб,
Фақат гўзал эмас, ҳатто хунук қиз
Кўз очиб кўрарди ёлғиз изтироб.

Орзунг бор куйлашга, лекин қалбингдан
Тарқалар бир маъюс ва ғамгин сазо.
Қўйнингда бир қучоқ оқ ва нафис гул,
Лекин руҳинг тўла мотам ва азо.

Шундайин латофат, шу оқ кўкракка
Наҳот муносибдир шу ғамгин либос.
Онанг шунинг учун суюнганмиди —
Наҳотки, шу сифат гўзалликна хос.

Жавоб бериб кўр-чи, номард табиат,
Бунчалик гўзални нечун яратдинг?!
Ўзинг гуноҳкорсан, осийсан беҳад,
Нечун яратдинг-у ўтларга отдинг?

Ҳали севишмоқдан шумидир маъно?
Фақат азоб бордир қисматда, наҳот?
Наҳотки, севгига шудир таманно?
Наҳот гўзал учун фақат, фақат дод!..

3

Ҳамлет севар эди, унинг қалбини,
Гўёки икки чўғ, иккита оташ
Бўлиб ёндирарди кўзинг тун-куни,
У ҳам қилмас эди бу оташга ғаш.

Ҳамлет юрагига берарди ҳаёт
Сенинг у оташин, гулбарг лабларинг,
Жасур хаёлига бўларди қанот
Боғидан бир кезиб ўтганинг сенинг.

Фақат нетмак керак,бордир на чора,
Севгувчи юракни қуршаса бало?
Бутун олам кўзга эса қоронғи,
Балоларга Ҳамлет эса мубтало?

Шубҳа оташида ёнар тафаккур,
Дунё бир ғамхона, Дониё* — зиндон.
Йўқдир юракларни ёритгали нур,
Занжирдадир севги, қафасдадир жон.

Ишқий туғёнларга қайнаб, юракдан
Чиқолмас бир товуш, бир сазо, бир ун,
Этмишдир ердаги оддий азоблар
Аллақачонларким Ҳамлетни мажнун.

Ҳосил бўлмас мурод, ҳеч нарса насиб,
Қанча йиғласанг-у қанча чексанг оҳ;
Севгувчи йигитни солмишдир йўлга
Тунда эртак айтган бир мудҳиш арвоҳ.

Жаннат, фаришталар, тоза малаклар,
Бир пулдир энг маъсум ва энг пок ўпиш,
Дўзах ичра Ҳамлет ёниб алаклар,
Бутун олам кўринади гўё туш.

4

Кўнгил гулшанини қоплади хазон,
Йўқолди шунчалик бебаҳо севги.
Шу бўлди бокира, дунё кўрмаган
У ёқут лабларнинг қора тақдири.

Севги кўкларида учувчи лочин
Аршидан йиқилди ва кўҳна дунё —
Бутун армонларни қул қилган оташ
Ўзи бўлиб қолди севгига гадо.

1936 йил.

*Дониё — Дания (мамлакат маъносида)

ЖАНУБ КЕЧАСИДА

Сен бўлмасанг, шу оч тўлқинлар
Кўринмасди сира кўзимга,
Сен бўлмасанг ўзимнинг кўнглим
Кирмас эди айтган сўзимга.

Сен бўлмасанг, этмасди хурсанд
Сув устида сузиб юрган ой.
Ҳамиша шўх, доимо баланд,
Юлдуздаги жон ёқар чирой.

Қарашларинг тинчимни олиб,
Чертиб кетди қалбим торини,
Шундан кейин сездим юракда
Шунча кучли ўтнинг борини.

Айтиб бер-чи, шунча севганлар
Бўлганмикин менча бахтиёр?
Айтиб бер-чи, қайси қиз бурун
Севиб бўлган умид билан ёр

1936 йил.

ҲОЛБУКИ, ТУН…

Шағирлайди бетиним дарё,
Шағирлайди ваҳм тўлган жар,
Шағирлайди қоронғи дунё,
Шағирлайди водий, даралар.

Шағирлайди… Бермайди уйқу,
Хаёлларим бўлар паришон,
Бир изланиш бошланар менда
Тушунчамга яна кирар жон.

Ҳолбуки, тун — бунда одатда,
Бутун борлиқ ухлардай сокин,
Бутун ер осмонга ўраниб
Олар кеби кундузидаи тин…

Сойга тушдим, кўкда чиқди ой,
Нур ёғилди оқ булутларга.
Нурга тўлди дара, тўлди сой,
Нур ёғилди қоронғи жарга.

Кезар эдим, мени тинмайин
Таъқиб этар бир узун соя,
Билмадимким, бормидир иши,
Ё истарми айтмоқ ҳикоя.

Кўзларимда ёнар учқунлар,
Зилол сувга ой эди сирдош,
Ялтирарди, доим товланар,
Ой нурига чўмилувчи тош.

Кўзни тикдим, парқув булутлар,
Кўчар эди зилол ва тоза.
Лочин каби самолёт учар,
Учар эди солиб овоза.

Тикилганди кўзим қоғозга,
Қўлларимда югурар қалам.
Қуршамишди уни ҳаяжон,
Бир интилиш, бир орзу бу дам.

Шағирларди осмон ва ҳаво.
Шағирларди бутун коинот,
Шағирларди бетиним дарё,
Шағирларди дарёда ҳаёт…

Ҳолбуки, тун…

1936 йил.

БЎЛСАМ

На бўлғай бир нафас мен ҳам ёноғинг узра хол бўлсам,
Лабинг япроғидан томганки гўё қатра бол бўлсам.

Бутоғингга қўниб булбул каби хониш қилиб тунлар,
Ўпиб ғунчангни очмоқлиққа тонг чоғи шамол бўлсам.

Бўйингни тарқатиб оламни қилсам масту мустағриқ,
Ўзимнинг санъатимга сўнг ўзим ҳайратда лол бўлсам.

Сенинг бирла қолиб бу масту лол оламда мен ёлғиз,
Ўзимни ҳам тополмай, майлига, охир хаёл бўлсам.

Агар боғингда гул бўлмоқ менинг-чун нораво бўлса —
Ки, минг бор розиман қасрингга ҳаттоким дувол бўлсам.

Бошим ҳеч чиқмаса майли маломат бирла бўҳтондин,
Рақиблар рашкига кўкрак керай, майли, камол бўлсам.

Кезиб саҳрою водийлар етишсам бир висолингга,
Фидо жонимни қилдим йўлингга, майли, увол бўлсам.

1943 йил.

ҲАР ЮРАКНИНГ БИР БАҲОРИ БОР

Муҳаббат-ул ўзи эски нарса,
Лекин ҳар бир юрак
Они ёнғорта…
Ҳоди Тоқтош

Ҳар юракнинг бир баҳори бор,
Ҳар бир қалбга
ишқ бўлар меҳмон.
Ҳар юракда гуллар муҳаббат,
Бўстон этар уни бегумон.

Лекин Лайли бошига келган
Қора кунлар бизга ёт бугун;
Бизга ётдир ширин бахтини
Поймол этган у қоп-қора тун.

1936 йил

ЭНГ ГУЛЛАГАН ЁШЛИК ЧОҒИМДА…

Энг гуллаган ёшлик чоғимда,
Сен очилдинг кўнгил боғимда.

Шунда кўрди кўзим баҳорни,
Шунда қалбим таниди ёрни.

Қушлар сайрар жонимга пайваст,
Мен севгининг бўйи билан маст.

Куни билан далада қолдим,
Лолазорлар ичра йўқолдим.

Қучоқ-қучоқ гуллар терганим
Ва келтириб сенга берганим

Кечагидай ҳамон эсимда,
Ҳар сония, ҳар он эсимда.

Шундан бери тилимда отинг,
Шундан бери дилимда отинг.

Энг гуллаган ёшлик чоғимда,
Сен очилдинг кўнгил боғимда.

1937 йил

12 dekabr — Hamid Olimjon tavalludining 110 yilligi

 O’zbek xalqining atoqli farzandi – dilbar shoir, talantli dramaturg, yirik olim va tanqidchi Hamid Olimjon o’zidan o’lmas meros qoldirgan. U o’zbek she’riyatida jo’shqin lirizmga asoslangan she’riyat maktabini yaratgan shoir. 

09

 Iste’dodli shoir, dramaturg,tarjimon, adabiyotshunos va fol`klorshunos olim, davlat va jamoat arbobi Hamid Olimjon 1909 yil 12 dekabrda Jizzax shahrida dunyoga keldi. Narimonov nomidagi boshlang’ich maktabni tugatgach, Samarqand pedagogika bilim yurtida (1923-1926) O’zbek Pedakademiyasida (1926-1931) o’qidi.

Hamid Olimjon talabalik yillaridayoq she’r yozdi. Uning asarlari 1926 yildan «Zarafshon» gazetasida chiqa boshladi. 1927 yilda shoir mazkur ro’znoma muharririyatiga ishga o’tdi. Hamid Olimjonning «Ko’klam» nomli ilk she’riy to’plami 1929 yilda bosilib chiqdi. Shundan so’ng «Olov sochlar» (1931), «O’lim yovga» (1932), «Poyga» (1932) kabi she’riy to’plamlari nashr etildi.

Ashampoo_Snap_2016.11.23_11h10m51s_025_.pngO’zbekiston Fanlar akademiyasining muxbir a’zosi (1943) Hamid Olimjon o’zbek adabiyotpning dolzarb masalalari bo’yicha qator ilmiy-tanqidiy asarlar yaratdi. U A.S. Pushkin, L.N. Tolstoy, M. Gorkiy, V. Mayakovskiy, A. Serafimovich, T. Shevchenko, M. Lermontov, N. Ostrovskiy, A. Korneychuk asarlarga tarjima qildi va ular haqida maqolalar yozdi.

O’zbek xalq og’zaki ijodining ajoyib durdona asari «Alpomish» dostoni birinchi marta Hamid Olimjon tomonidan nashrga tayyorlanib, so’z boshi bilan (1938) chop etildi. U Alisher Navoiyning 500 yilligini o’tkazish yubileyi komitetining a’zosi sifatida ulug’ shoir hayoti va ijodi yuzasidan ilmiy-tadqiqot ishlarini olib bordi. Hamid Olimjon 1939 yildan to 1944 yilda avtomobil halokatiga uchrab dunyodan ko’z yumganiga qadar O’zbekiston Yozuvchilari uyushmasiga rahbarlik qildi.

Hamid Olimjon o’zining «Daryo kechasi» (1936), «Chirchiq sohillarida» (1937), «O’lka» (1939), «Baxt» (1940) to’plamlari, «Ikki qizning hikoyasi» (1935-1937), «Oygul bilan Baxtiyor» (1937), «Zaynab va Omon» (1938), «Semurg’» (1939) dostonlari bilan novator shoir sifatida davrining ilg’or g’oyalarini tarannum etdi.

Ikkinchi jahon urushinning olovli yillarida uning «Muqanna» nomli she’riy dramasi yaratildiki, u hanuzgacha dramaturgiyamizning gultoji bo’lib kelayotir.Iste’dodli shoir Hamid Olimjonning ko’pchilik asarlari qardosh xalqlar va xorijiy xalqlar tillariga tarjima qilingan.

09
Hamid Olimjon
SHE’RLAR
09

O’RIK GULLAGANDA

Ashampoo_Snap_2016.11.23_01h27m54s_018_.png

Derazamning oldida bir tup
O’rik oppoq bo’lib gulladi…

Novdalarni bezab g’unchalar,
Tongda aytdi hayot otini
Va shabboda qurg’ur ilk sahar
Olib ketdi gulning totini.

Har bahorda shu bo’lar takror,
Har bahor ham shunday o’tadi,
Qancha tirishsam ham u beor
Yellar meni aldab ketadi.

Mayli, deyman va qilmayman g’ash,
Xayolimni gulga o’rayman;
Har bahorga chiqqanda yakkash,
Baxtim bormi, deya so’rayman.

Yuzlarimni silab, siypalab,
Baxting bor, deb esadi yellar.
Etgan kabi go’yo bir talab,
Baxting bor, deb qushlar chiyillar…

Hamma narsa meni qarshilar,
Har bir kurtak menga so’ylar roz,
Men yurganda bog’larga to’lar
Faqat baxtni maqtagan ovoz:

«Mana senga olam-olam gul,
Etagingga siqqanicha ol,
Bunda tole har narsadan mo’l,
To o’lguncha shu o’lkada qol.

Umrida hech gul ko’rmay, yig’lab
O’tganlarning haqqi ham senda,
Har bahorni yig’lab qarshilab
Ketganlarning haqqi ham senda…»

Derazamning oldida bir tup
O’rik oppoq bo’lib gulladi…

XAYOLIMDA BO’LDING UZUN KUN…

Xayolimda bo’lding uzun kun,
Seni izlab qirg’oqqa bordim.
Och to’lqinlar pishqirgan tunda,
Topib ber, deb oyga yolvordim.

Ishon, bunda seni doimo
Esga solar chiroyli tunlar,
Sho’x yulduzlar, salqin saharlar,
Esga solar baxtiyor kunlar.

Toleimning oshinosi sen,
Sen sevgimning ko’kargan bog’i.
Sening bilan birga iqbolim,
Ishonchimning sen vafo tog’i.

Meni qurshar salqin bir havo,
Suv ustidan tun quyuladi.
Shunda qancha-qancha gaplarni
Esga solib oy ham to’ladi.

Kecha jim-jit, yolg’iz to’lqinlar
Pishqiradi bilmay tinimni.
Hiylagar oy, sehrgar dilbar,
Solib qo’yding yodimga kimni?..

* * *

Sevgi desam, faqat sen desam,
Sening bilan yashasa qalbim;
Sen desam-u, butun dunyoning
Sho’rishiga quloq solsam jim…

Quyun kabi aylanar boshim,
Qarayman-u, ko’zim tinadi
Va jilvangdan ko’ngil ko’zgusi
Parcha-parcha bo’lib sinadi.

Shu qarashga bormi nihoya,
Bo’larmanmi maqsadga vosil?
Toparmanmi bir yangi g’oya,
Bo’larmikan bir murod hosil?

Topilarmi unda bir chora,
Agar meni qurshasa junun:
Bo’lib qolsa sirim oshkora,
Atasalar nomimni Majnun?

HOL

Qaydan kelding, fikrimni bo’lding,
Nega etding meni parishon?
Nega buzding munis holimni,
O’ylarimni nechun bemakon?

Ehtiroslar, hislar, yonishlar
O’lkasini kezardi xayol,
Hokim edi mening ruhimda
Shunday latif ilhomiy bir hol.

Bir kichik tor, bir yoniq parda
Qancha gapni aytib berardi…
Onasidan o’rganganini
Chumchuq chuvlab qaytib berardi…

Tikkan edim qalb qulog’ini
Va fikrimga bergan edi jon,
Chivin uchsa kelardi malol,
Shunga edi sadoqat, imon.

Xalal berma, ozroq qo’nib tur,
Tamom qilay shu gul suratni,
Qo’ygil meni, yurakning qoni
Bilan tortay eng so’nggi xatni.

* * *

Tinimsizdir yolg’iz shaboda,
Maysalarning sochi silkinar,
Mana, hozir chirqirab turgan
Parrandalar, qushlar ham tinar…

Hamma uxlar va faqat tunni
Mening o’zim qarshi olurman.
Qarshi olur va tongga qadar
Mening o’zim uyg’oq qolurman.

Qulog’imga sekin shivirlab
Tun uyquni o’rgatar menga,
Bo’lganmisan tunda sahroda?
Bo’lmasa kel, so’ylayin senga…

OFELIYANING O’LIMI

1
Orzung bor kuylashga, lekin qalbingdan
Tarqalar bir ma’yus va g’amgin sazo.
Qo’yningda bir quchoq oq va nafis gul,
Lekin ruhing to’la motam va azo.

2

Foyda yo’qdir, go’zal, zolim falakdan
Qancha dod qilsang-u qancha shikoyat,
Qancha yolvorsang, qancha to’ksang yosh,
Baribir, alamga bo’lmas nihoyat.

Qancha ma’sum bo’lsang, qancha vafodor,
Qorday oq bo’lsang-u, muz qadar toza,
Hech zamon kor etmas, shum falak badkor.
O’qilur sevgingga qora janoza.

Nega kerak edi shu chiroy, shu o’t,
Shu yoniq yulduzni ko’zga yashirmoq?
Nega lablaringdan husn oldi yoqut,
Nega siynang bo’ldi qor tog’iday oq?

Husn balosiga kim etdi duchor?
Holbuki, busiz ham qanchalar alam,
Holbuki, busiz ham qizning boshida
So’ngsiz musibatlar, dunyo-dunyo g’am.

Holbuki, busiz ham qiynalardi jon,
Busiz ham yetardi falokat, azob,
Faqat go’zal emas, hatto xunuk qiz
Ko’z ochib ko’rardi yolg’iz iztirob.

Orzung bor kuylashga, lekin qalbingdan
Tarqalar bir ma’yus va g’amgin sazo.
Qo’yningda bir quchoq oq va nafis gul,
Lekin ruhing to’la motam va azo.

Shundayin latofat, shu oq ko’krakka
Nahot munosibdir shu g’amgin libos.
Onang shuning uchun suyunganmidi —
Nahotki, shu sifat go’zallikna xos.

Javob berib ko’r-chi, nomard tabiat,
Bunchalik go’zalni nechun yaratding?!
O’zing gunohkorsan, osiysan behad,
Nechun yaratding-u o’tlarga otding?

Hali sevishmoqdan shumidir ma’no?
Faqat azob bordir qismatda, nahot?
Nahotki, sevgiga shudir tamanno?
Nahot go’zal uchun faqat, faqat dod!..

3

Hamlet sevar edi, uning qalbini,
Go’yoki ikki cho’g’, ikkita otash
Bo’lib yondirardi ko’zing tun-kuni,
U ham qilmas edi bu otashga g’ash.

Hamlet yuragiga berardi hayot
Sening u otashin, gulbarg lablaring,
Jasur xayoliga bo’lardi qanot
Bog’idan bir kezib o’tganing sening.

Faqat netmak kerak,bordir na chora,
Sevguvchi yurakni qurshasa balo?
Butun olam ko’zga esa qorong’i,
Balolarga Hamlet esa mubtalo?

Shubha otashida yonar tafakkur,
Dunyo bir g’amxona, Doniyo* — zindon.
Yo’qdir yuraklarni yoritgali nur,
Zanjirdadir sevgi, qafasdadir jon.

Ishqiy tug’yonlarga qaynab, yurakdan
Chiqolmas bir tovush, bir sazo, bir un,
Etmishdir yerdagi oddiy azoblar
Allaqachonlarkim Hamletni majnun.

Hosil bo’lmas murod, hech narsa nasib,
Qancha yig’lasang-u qancha cheksang oh;
Sevguvchi yigitni solmishdir yo’lga
Tunda ertak aytgan bir mudhish arvoh.

Jannat, farishtalar, toza malaklar,
Bir puldir eng ma’sum va eng pok o’pish,
Do’zax ichra Hamlet yonib alaklar,
Butun olam ko’rinadi go’yo tush.

4

Ko’ngil gulshanini qopladi xazon,
Yo’qoldi shunchalik bebaho sevgi.
Shu bo’ldi bokira, dunyo ko’rmagan
U yoqut lablarning qora taqdiri.

Sevgi ko’klarida uchuvchi lochin
Arshidan yiqildi va ko’hna dunyo —
Butun armonlarni qul qilgan otash
O’zi bo’lib qoldi sevgiga gado.

1936 yil.

*Doniyo — Daniya (mamlakat ma’nosida)

JANUB KECHASIDA

Sen bo’lmasang, shu och to’lqinlar
Ko’rinmasdi sira ko’zimga,
Sen bo’lmasang o’zimning ko’nglim
Kirmas edi aytgan so’zimga.

Sen bo’lmasang, etmasdi xursand
Suv ustida suzib yurgan oy.
Hamisha sho’x, doimo baland,
Yulduzdagi jon yoqar chiroy.

Qarashlaring tinchimni olib,
Chertib ketdi qalbim torini,
Shundan keyin sezdim yurakda
Shuncha kuchli o’tning borini.

Aytib ber-chi, shuncha sevganlar
Bo’lganmikin mencha baxtiyor?
Aytib ber-chi, qaysi qiz burun
Sevib bo’lgan umid bilan yor

1936 yil.

HOLBUKI, TUN…

Shag’irlaydi betinim daryo,
Shag’irlaydi vahm to’lgan jar,
Shag’irlaydi qorong’i dunyo,
Shag’irlaydi vodiy, daralar.

Shag’irlaydi… Bermaydi uyqu,
Xayollarim bo’lar parishon,
Bir izlanish boshlanar menda
Tushunchamga yana kirar jon.

Holbuki, tun — bunda odatda,
Butun borliq uxlarday sokin,
Butun yer osmonga o’ranib
Olar kebi kunduzidai tin…

Soyga tushdim, ko’kda chiqdi oy,
Nur yog’ildi oq bulutlarga.
Nurga to’ldi dara, to’ldi soy,
Nur yog’ildi qorong’i jarga.

Kezar edim, meni tinmayin
Ta’qib etar bir uzun soya,
Bilmadimkim, bormidir ishi,
YO istarmi aytmoq hikoya.

Ko’zlarimda yonar uchqunlar,
Zilol suvga oy edi sirdosh,
Yaltirardi, doim tovlanar,
Oy nuriga cho’miluvchi tosh.

Ko’zni tikdim, parquv bulutlar,
Ko’char edi zilol va toza.
Lochin kabi samolyot uchar,
Uchar edi solib ovoza.

Tikilgandi ko’zim qog’ozga,
Qo’llarimda yugurar qalam.
Qurshamishdi uni hayajon,
Bir intilish, bir orzu bu dam.

Shag’irlardi osmon va havo.
Shag’irlardi butun koinot,
Shag’irlardi betinim daryo,
Shag’irlardi daryoda hayot…

Holbuki, tun…

1936 yil.

BO’LSAM

Na bo’lg’ay bir nafas men ham yonog’ing uzra xol bo’lsam,
Labing yaprog’idan tomganki go’yo qatra bol bo’lsam.

Butog’ingga qo’nib bulbul kabi xonish qilib tunlar,
O’pib g’unchangni ochmoqliqqa tong chog’i shamol bo’lsam.

Bo’yingni tarqatib olamni qilsam mastu mustag’riq,
O’zimning san’atimga so’ng o’zim hayratda lol bo’lsam.

Sening birla qolib bu mastu lol olamda men yolg’iz,
O’zimni ham topolmay, mayliga, oxir xayol bo’lsam.

Agar bog’ingda gul bo’lmoq mening-chun noravo bo’lsa —
Ki, ming bor roziman qasringga hattokim duvol bo’lsam.

Boshim hech chiqmasa mayli malomat birla bo’htondin,
Raqiblar rashkiga ko’krak keray, mayli, kamol bo’lsam.

Kezib sahroyu vodiylar yetishsam bir visolingga,
Fido jonimni qildim yo’lingga, mayli, uvol bo’lsam.

1943 yil.

HAR YURAKNING BIR BAHORI BOR

Muhabbat-ul o’zi eski narsa,
Lekin har bir yurak
Oni yong’orta…
Hodi Toqtosh

Har yurakning bir bahori bor,
Har bir qalbga
ishq bo’lar mehmon.
Har yurakda gullar muhabbat,
Bo’ston etar uni begumon.

Lekin Layli boshiga kelgan
Qora kunlar bizga yot bugun;
Bizga yotdir shirin baxtini
Poymol etgan u qop-qora tun.

1936 yil

ENG GULLAGAN YOSHLIK CHOG’IMDA…

Eng gullagan yoshlik chog’imda,
Sen ochilding ko’ngil bog’imda.

Shunda ko’rdi ko’zim bahorni,
Shunda qalbim tanidi yorni.

Qushlar sayrar jonimga payvast,
Men sevgining bo’yi bilan mast.

Kuni bilan dalada qoldim,
Lolazorlar ichra yo’qoldim.

Quchoq-quchoq gullar terganim
Va keltirib senga berganim

Kechagiday hamon esimda,
Har soniya, har on esimda.

Shundan beri tilimda oting,
Shundan beri dilimda oting.

Eng gullagan yoshlik chog’imda,
Sen ochilding ko’ngil bog’imda.

1937 yil

043

 

(Tashriflar: umumiy 122 894, bugungi 60)

33 izoh

  1. Rahmat! Hamid Olimjonning ijodini judayam yoqtiraman. Hamma she’rlarini yaxshi köraman, ayniqsa «Eng gullagan yoshlik chog’imda» she’rini.

  2. ✋✋Hamid Olimjonning hamma she’rlari yoqadi ayniqsa kôklam sheri

  3. Хамид олимжон шеърияти олдида тил ожиз.шоирни сабрига,матонатига койил колмасликдан бошка илож йук.шеърларидаги жушкинлик,юмшоклик,кези келганда дават уни бошка замондош ижод ахлидан ажратиб туради.койил колмасликни иложи йук.

  4. Bahor kuychisi desak mubolag’a bo’lmas.Hamid Olimjon qishda muzlagan qalblar uchun chinakam iliqlikni ,muhabbat taftini olib kiradigan shoirdir.Uning ijodi o’rganishga, his qilishga ,ibrat olishga arzigulik ijodd namunasidir.

  5. Menga Hamid olimjonning,ishq,holbuki,eng,gullagan,yoshlik choģinda,sheri,yoqadi.

  6. HAMID OLIMJON juda otkir qalam sohibi gozal muhabbat egasi u oz hissiyotlarini o’z she’rlarida to’liq ochib beroladi . Uning Zulfiyaga bo’lgan sevgisining kuchliligi she’rlaridan shundoq sezilib turadi.Men Hamid Olimjonning barcha she’rlarini sevib o’qiyman.

  7. Hamid Olimjonning she’rlarini mazza qilib o’qiyman. Menga juda ham yoqadi. Ayniqsa ,,HAR YURAKNING BIR BAHORI BOR» she’ri yoqadi.

  8. Hamid Olimjon òzbek zamonaviy she’riyatini yana bir poģonaga yuksaltirgan, qalblarda muhabbat olovini jòshqinlantirgan va mangu barhayot òzbek farzandi.

  9. Менга шоирнинг хамма ижоди ёқади, хозир пиёла хақида ёзган шеъри керак эди тополмаяпман, юқоридаги шеърларини ичида йўқ экан

  10. Хамид Олимжонни мен Усмон Носирга ухшатаман, уларда оташин калб, куркмас юрак ва истедод бор эди, уларни рухини яна кайтарсин миллат ёшлари рухига илойим

  11. Bolalik sherini chiqaringlar iltimos bolalik kunlarimda.Uyqusiz tunlarimda.

  12. Ha.barchangizni fikringizga qoʻshilaman.chiroyli sherlar.Ayniqsa Janub kechasi deb atalgani yaxshi ekan❤️

Izoh qoldiring