Nazar Eshonqul. Ikki hikoya: Tobut & Sharpa

006

      Хонангдаги шарпани сезиб қолганингга анча бўлди. Унинг шарпа эканига энди иймонинг комил эди. У гоҳ ғуслхонада, гоҳ китоб ўқиб ўтирганингда, гоҳ хаёл суриб ётганингда шундай ёнингда пайдо бўлар, совуқ кўзларини сенга тикиб турганини сезиб қолардинг. Дастлаб мен шундай туюлаяпти деб, ўйладинг.

НАЗАР ЭШОНҚУЛ
ИККИ ҲИКОЯ
04

08Назар Эшонқул 1962 йил 15 июнда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Терсота қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1986). Дастлабки асари — «Уруш одамлари» 1988 йилида нашр этилган. Шундан сўнг ёзувчининг «Момо кўшиқ», «Маймун етаклаган одам», «Шамолни тутиб бўлмайди», «Момо қўшиқ» ва бошқа асарлари нашр этилган. «Гўрўғли» романининг журнал варианти эълн қилинган. Хуан Карлос. Онеттининг «Ҳикоялар ва қиссалар»ини, Албер Камюнинг «Эсселар»ини, Чеховнинг «Болохонали уй» ҳикоясини ва бошқа кўплаб дунё адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.
04

ТОБУТ

Номаълум сабабларга кўра ўлим кўпайган чекка музофотдаги олис шаҳарга кетаётган текширув гуруҳига нега айнан мени қўшиб қўйишди, меъморчиликнинг ўлатга қандай алоқаси бор (бизга ҳали сира аниқланмаган ўлат деб тушунтиришди) тўғриси, ҳозиргача ақлим етмайди. Ваҳоланки, меъморчиликда ҳам шунчаки ҳаваскор даражасида эдим, бу соҳада ишлай бошлаганимга уч йилдан ошган бўлса-да, ҳали биронта лойиҳамни қабул қилишмаганди, кун узоғи ишимизга ҳеч бир боғлиқ бўлмаган чизмалар билан машғул бўлардик, биз чизаётган лойиҳаларнинг ҳеч кимга керакги йўқлигини ўзимиз ҳам билар, бироқ бошлиқлар тегирмонида айланиб, тушиб келадиган ва тез муддат ичида бажаришимиз зарурлиги таъкидланган, бир чеккада пора-пора қилинган яловдай илова турган қоғозларни изма-из қабул қилаверар, талабалик йилларимнинг орзуси бўлган шаҳарга кўрк ва улуғворлик бағишлайдиган жимжимадор ва серҳашам бинонинг лойиҳасини мен фақат ҳаёлдагина чизиб юрардим. Аввалига гуруҳга тасодифан қўшишаяпти, бу ерда қандайдир англашилмовчилик бор, деб ўйладим, ижроқўмда ўлим сабаблари ҳар томонлама ўрганишга муҳтож, хусусан, биноларнинг жуғрофий жойлашишидан, об-ҳавога чидамлилигигача яхшилаб текшириб кўриш зарурлигини айтишганда ҳам мен бу ерда бизнинг соҳага боғлиқ бирон нарсани кўрмагандим. «Тажрибали меъморлардан жўнатинг» деган таклифга, хўжакўрсинга мени жўнатишаётганини сезиб турдим. Буйруқни тутқазишгандан сўнг ноилож жўнашга мажбур бўлдим.

— Шаҳар қурилганига унчалик кўп бўлгани йўқ. Унинг ўрнида олдин ёввойи саҳро бор эди, биз уни бўйсундирдик. Ва бошқа шаҳарлар билан рақобат қила оладиган гўзал макон қурдик. Матбуотда ўқиган бўлсаларингиз керак, биз ҳақимизда роса ёзишди, — деди бизни кутиб олган шаҳар бошлиғи. — Одамларимиз тўқ ва фаровон яшаётганди; ҳатто сайёҳлар хориждан атайлаб биноларимизни тамоша қилиш учун келишарди. Уларни ҳам шаҳримиз лол қолдирганига шубҳам йўқ. Ҳамма бало беш ойча бурун бошланди. Одамлар ишлаб турган ёки ухлаб ётган жойларида, баъзан суҳбатлашиб туриб тўсатдан жон таслим қилишаяпти. Аввалига биз булар ҳаммаси шунчаки тасодифий деб ўйлагандик. Бироқ ўлим тобора кўпаявергач, ташвишга тушиб қолдик. Махсус эмлаш ўтказдик, воқеанинг тагига етиш учун барча касалхоналаримизни назорат остига олдик, бир неча марта уйларни ёппасига кўрикдан ўтказдик, аммо натижа бўлмади — ўлим тўхтамади. Аксинча, уйлар аста-секин бўшаб қолаяпти. Одамларни ваҳимага туширмаслик учун бўшаган уйларга янги одамларни кўчириб олиб келдик, барибир фойдаси бўлмади. Ўлим янги кўчиб келганларни ҳам аямаяпти. Марказдан ҳам, музофотдан ҳам маслаҳатчилар чақириб бир неча марта тиббиёт кенгашлари ўтказдик. Бироқ улар ҳам елка қисишдан нарига ўтишмади. Ҳозир ўлим деярли ҳар бир бинода ўзининг асоратини қолдирган. Ўзимизнинг врачлар ҳеч қандай хулосага келишгани йўқ, улар юқумли касалликдан дарак берадиган бирон аломат топишмади. Бутун умид ҳозирча сизлардан…

— Бундай ҳодиса Фарангларда ҳам бир пайтлар бўлган, — деди гуруҳ раҳбари қилиб жўнатилган профессор шаҳар бошлиғининг тугунтиришидан энсаси қотгандек, — ҳамма бало тиббиётимизни саводсиз ва қобилиятсиз одамлар босиб кетганида. Бошқа сабаб йўқ…
— Марказдан келганлар ҳам «Бндайини биринчи учратишимиз», деб ҳайрон бўлганча қайтиб кетишаяпти, — унинг гапининг охиригача эшитмай, ўз қўл остидаги ҳакимларнинг шаънини ҳимоя қилди шаҳар бошлиғи. У бизга ўхшаш текшириш гуруҳларини кўравериб, тоза пишиб кетган эди, чоғи, ўзини жуда эркин тутар ва эркин гаплашарди, шунингдек, профессорга ўхшаш димоғи баланд олимларни ҳам кўп кўрган, гапларида хуфёна осилган қилич каби «жўжани кузда санайсиз», деган писанда бор эди.

— Масалага чуқурроқ қараш зарур. Профессор индамай бошини туйнукка бурди — у ердан пастда ястаниб ётган қип-қизил саҳро кўринарди ва биз бир пайтлар қуш учиб ўтолмас саҳро устидан қушдай учиб ўтаётганимизни сезиб турардик: профессор бошлиқнинг гапларини шунчаки ваҳима деб ўйлайтгани ва уни эътиборсизлик билан тинглаётгани кўзларидан кўриниб турарди. Одатда бутун умри илми-урфон билан ўтган одамлар амалдорлар билан бурнини жийириб гаплашишади, хусусан, чекка музофотдагилар билан. Шундан сўнг бошлиқ жим кетди. У жуда ораста кийинган эди. «Мен унинг кийим-кечаги-ю аъзо-ю баданидан нафасни бўғиб қўядиган ачимсиқ ҳид анқиётганини йўлнинг ярмини босиб ўтганимиздан сўнг сездим, фаҳмимча, бу ҳид гўё ичида кимдир ўлиб қолгандан унинг ичак-чавағидан чиқаётгандай эди: гапирганда оғзидан гуп этиб атрофга кишини лохас қилувчи ҳид тарқаларди. Ҳидни профессор ҳам сезган бўлса керак, бир-икки марта бошлиқнинг қонсиз юзини ва қиррадор ёқали уст-бошини жиркангандек кўздан кечирди.

Биз тушган вертолёт шаҳар чеккасига бориб қўнди: бизни ҳар эҳтимолга қарши эмлаш зарур эди. Шаҳар четига тикилган тиббиёт чодирларига бир-бир кириб чиққач, нарироқда дарвозаси кўриниб турган шаҳарга қараб йўл олдик. Шаҳарга яқинлашганда улкан маҳлуқнинг катта қанотига ўхшайдиган дарвоза бошлиқ мақтаганчалик эканини кўрдик; унинг олдида биз кичкина чумолига ўхшаб қолгандик ва шаҳар шу кўринишида ростдан ҳам учишга чоғланаётган маҳлуққа ўхшарди. Дарвоза олдида турган соқчилар бошлиқни кўриб ғоз қотишди. У ерда бизни бошлиқ назорат бошлиғи ва тиббиёт мудири деб таништирган икки киши кутиб турарди; иккаласи ҳам бошлиққа тақлид қилиб, соқол қўйишган ва иккаласи ҳам тепакал эди.

— Хайрият етиб келдиларингиз, — деди назорат бошлиғи биз билан кўришар экан. — Бу фалокат бизни адои тамом қилди. — Шундай дея у пилдираб олдинга тушди. Мен унинг қисиқ кўзларида таҳлика ва ваҳм тўлиб турганини кўрдим. Балким ҳар қадамда пайдо бўлаётган ўлим уни шу ҳолатга солгандир. Тиббиёт мудирининг кўзларида кўпроқ қувлик ҳукмрон бўлса-да таг-тагида худди шундай таҳлика тўкилиб ётганини сезиш мумкин эди. Девор баланд бўлса ҳам тўзон шаҳар кўчаларигача бостириб кирган, бинолар қанчалар муҳташам бўлмасин, шаҳар файзсиз ва ҳатто андак хароба тус олгандек кўринди менга, эҳтимол, одамларнинг юзларида тўниб қолган умидсизликни кўриб, бизда шундай ҳис пайдо бўлгандир? Ҳаммасидан ҳам шаҳарга киришимиз билан димоғимизга худди бошлиқнинг нафасидан анқиган ҳидга ўхшаш уфунат урилгани бизни бироз шошириб қўйди: «чиркинлик, хазонрезгилик ва бадан ҳиди қоришиб кетган шаҳарда уфунат худди бу манзилга ташриф буюрганларнинг бурнини куйдириб ташлаш учун атайлаб тарқатилаётгандай эди: фақат лаҳаддагина шундай ҳид анқиши мумкин деб ўйладим мен. Эҳтимол, ўликлар кўпайгани сайин шаҳар шу туришича очиқ лаҳадга айлангандир?! Сабабини сўраганимда шаҳар бошлиғи елка қисди.
— Ҳайратомуз, — деди у, — бирон жойда ўлик қолганми деб бутун шаҳарни қадамба-қадам текшириб чиқдик, ҳеч нарса тополмадик. Энди эса кўникиб кетдик.

Ҳақиқатан ҳам шаҳарда бу ҳид бирон одамни ажаблантирмаётган эди. Балким, ўлатни худди мана шу уфунатдан излаш керакдир?!
— Э, йўқ, — деди шаҳар бошлиғи гапимни эшитиб бош чайқаркан, — ҳид шаҳар қурилгандан бери бор. Ўлим эса беш ой олдин пайдо бўлди.
Унинг гапи мени яна кўпроқ ҳайратга солди. Балким тавқи лаънатга йўлиққан одамзотга тангри дўзах қандай бишини мана шаҳар орқали бир кўрсатиб қўймоқчи бўлгандир? Ростдан ҳам шаҳар жазира ва қум тўзони остида қолган серҳашам дўзах остонасига ўхшарди — бир вақтлар гуриллаб кўкарган дарахтлар ҳам қуёш фаввораси остида ҳаёт учун кураша-кураша сўлгандилар. Биз дарвозадан то маъмурий бинога боргунча ҳавоси сўриб олинган лаҳмни кезиб чиққандай ўпкамиз шишиб, ҳолдан тойиб қолдик.
— Шаҳарда яна икки кун турсак бўғилиб ўлишимиз аниққа ўхшайди, — деди биз билан келган химик томоғини қириб йўталар экан.

Профессор дам олмай ўликхонага кетди — унга химик ҳам эргашди. Тушдан сўнг мен назорат бошлиғи ҳамроҳлигида (шаҳар боглиғи уни менинг адашиб кетмаслигим учун қўшиб қўйганди), гарчи ўлатни касбимга алоқаси йўқ ҳисобласам ҳам, ўлим оғушига олган, тўзиб ётган биноларни шунчаки номига кўриб қўйиш учун айланишга чиқдик:
— Сизга ҳеч бир ёрдам беролмаймиз, — деди шаҳар бошлиғи узрхоҳлик билан елкасини қисар экан. — Шаҳримизнинг бош меъмори касал бўлиб олган, ўрнига бирон тузук одам чиқмаяпти. Энди фақат кўз билан кузатишга мажбурсиз.

Мен унинг ҳижолат чекмаслигини ва шаҳар лойиҳасини кўриш учун умуман зарурат йўқлигини билдирдим.
Шундай деб эрталаб бир неча одамнинг ўлиги чиққан, бир-бирига қўуиб қўйгандай ўхшаш яқин орадаги кўп қаватли иморатларга йўл олдим. Бир қарашда уйлар ғоят дид билан қурилгандек кўринар, бошқа томондан эса худди улкан-улкан қоялар оёғингиз остига тўсатдан қўпорилиб туша бошлагандек уларга қараган сайин ичингизда нимадир қулаб кетаётганини сезардингиз. Ним қоронғу зинада шаҳар кўчаларида кезиб урган уфунат яна ҳам бадбйлашган эди, балким бу ерда ҳаво ўтириб қолгани учун шундайдир, зинадан чиққунча нафасим тиқилиб димоғим ачиша бошлади. Ҳид одамни беҳол қилиб қўядиган даражада ўткир ва заққум эди. Хонадонларда бизни индамай кутиб олишар ва ичкарига бошлашар, ҳужраларга олиб киришар, дарвозаларни, деворларни кўрсатишар, сўнг яна бирон сўз айтмай кузатиб қўйишарди.

Уйлар атайлаб ичкарини салқин сақлаш учун уфққа тескари қурилган: деразалардан тушаётган хира шуъла ҳужраларни ёритишга қурби етмай, Ўлмас Дев билан олишавериб, ҳолдан тойган Ботир мисоли бир бурчакда холсиз тўшалиб ётарди. Мен ўлим сабаблари айнан нурни хўплаб ютиб юборган мана шу заҳлик ва зулматда бўлса керак деб ўйладиму, аммо тезда бу ўйим ҳақиқатга ҳеч бир тўғри келмаслигини англадим: «Ўлим тўрт мучаси бут, бақувват, соғлом кишиларни нам комига тортаяпти», деган эди шаҳар бошлиғи. Ўлатинг бу уйларга ҳеч бир алоқаси йўқлигини тушунгач, ҳафсалам пир бўлиб изимга қайтдим.

Бир ҳафтага қолмай ўлим элчиси кезиб юрган барча биноларни деярли бир-бир айланиб чиқдим — ҳамма ўша ҳид, ҳамма ҳужрада ўша зулмат, ҳамма хонадонда юракни сескантирадиган сукунат ҳукмрон эди. Бу сукунат кўчаларда одамларнинг юзларида ҳам кезиб юрарди — уларнинг кўзлари-ю юзларида шунча мусибатдан сўнг ҳам қилт этган ифодани кўрмадим, араваларга ёки замбилларга солинган ўликларни олиб ўтишар экан, улар арава ёки замбилга ҳўмрайиб кўз ташлаб қўйишар ва индамай йўлларида давом этишарди.

Серажин юзларини босиб кетган ва ёниб бўлган ўрмонга ўхшаб қолган мўйлар аро барқиб турган солиқ қиёфалар менга минг йиллардан буён одам қадами етмаган ташландиқ иморатларни эслатган, бу қиёфалардан аёвсиз ёғаётган жаладек, ҳасрат ва мунг ёғилиб турарди: бу юзлардан атрофга бир қаҳрли совуқлик таралар, мен ҳали шу ёшимгача бундайин солиқ қиёфаларни кўрмагандим, шаҳарга келгандан бери ўзимни қоп-қора булутлар остида қолгандек ҳис этар, бу суви қуриган кўлга ёҳуд сўниб бўлган шамга ўхшаб қолган кўзларга қараб туриб, уларда секин-аста сассиз, садосиз бстириб келаётган ўлимга нисбатан кўникма пайдо бўлганини ва бу кўникмани энди ҳеч нарса билан: ҳатто энг қудратли ҳисобланган сеҳру-жодулар билан ҳам қўпориб ташлаш мумкин эмаслигини англагандим; ўшанда шаҳар одамлари менга қулашини билган ҳолда жарга қараб югуриб кетаётган телбадай таассурот қолдирганди. Уларнинг юзларида ҳаёт хуршиди аллақачон сўниб бўлган; энди бу юзларни ажинлар билан бирга тушкунлик, ҳорғинлик чакалаклари қоплаб олган, бутун чеҳраларни умидсизлик тумани босиб кетганди. Муз йўлакда қандай йиқилиб тушсангиз, бу сову чеҳраларда ҳам нигоҳингиз шундай қулаб тушар, ҳўмрайган кўзлар қопоғон ит каби сизни ҳеч қачон ўзига яинлаштирмасди.

Ўзимни кейинги кунларда рўё ҳукмрон бўлган шаҳарга келиб қолгандай ҳис этар ва ҳар бир кўрган манзарам ақл бовар қилмас нарсалар бўлиб туюла бошлаганди; эҳтимол, булар саҳрода рўё салтанатини қуришгандир?! Нима бўлганда ҳам кўрганларим — шаҳар, ўлар, ҳўмрайган одамлар, тепакал бошлиқлар, маҳобатли бинолар, ҳаммаси жоду бўлса-чи ва биз саробни излаб юргандай рўёни кезиб юрган бўрсак-чи, деган шубҳа куч тўплаб, қайта-қайта жангга кираётган лашкардек хаёлимга бот-бот бостириб кирар ва бутун танамни беҳол қилиб қўярди, алоҳа, бу ерга келиб кўрган-кечирганларимнинг ҳаммаси ғайри табиий ва ғайриодатий тус олганди, зеро, кезиб чиққан биноларда касалликдан дарак берувчи ҳид вва сукунатдан бошқа ҳеч қандайзоҳирот учратмадим, ўлимнинг менинг касбимга ёки мана бу маҳобатли биноларга заррача алоқаси йўқлигига кўпроқ ишониб борар, шаҳар кўчаларида қора девнинг арвоҳдай кезиб юрган чангу тўзонни қанча кўп кўрсам, мени бу ёввойи саҳрога жўнатган оромпараст бошлиқларимга ғазабим шунчалик тошиб борарди. Ўша саҳродаёқ ғазаб ва тўзон бир-бирига нақадар ўхшашини ҳис қилгандим: аслида ғазаб ҳам вужуднинг жунбушидан ларзага келган алб тўзонидир; қанчалик ҳашаматли ва улуғвор бўлмасин, ўзининг заҳмкор сиру асрори билан забт этиб бўлмас қалъани қанчалар эслатмасин, кўчаларида фақат жаннатий манзилларгагина хос сурур ва шукуҳ тўшалиб ётмасин, кишандан озод бўлган шердек ажал ҳайқириб юрган шаҳарга нисбатан ғазаб мени тез-тез жунбушга соларди.

Бир куни қуйи кўчаларнинг бирида (дарвоқе, шаҳардаги кўчалар қуйи ва юқори кўчаларга бўлинарди, кийимлари увада, қадди букик, ҳашамдор ва виқорли, шаҳарни атайлаб масхара қилаётгандай доғ-дуғга беланган узун ҳирқа кийган, юзидаги шиш ва ажинлар қишки қабристонни эслатадиган, сочи кал пешонаси узра осилиб тушган, барваста кишини учратдим; гумбаз шаклида қурилган емакхонанинг ўртасида турганча у оғзидан кўпик сачратиб одамларга қўлини бигиз қилиб ўшқирар, чўғи сўнаётган ўчоқдай тафтсиз бўлиб қолган кўзларини далани босиб кетган кузги қарғалар мисоли жазава ва жунун қоплаб олган эди.
— Ҳаммаларинг унинг чангалидасизлар, шаҳар ҳам уники, — бақирарди у лоқайд ва паришон одамларга. — У менга айтиб турди, мен қуриб бердим.

Бирдан иштаҳам бўғилди ва назорат бошлиғидан бу барвастанинг кимлигини сўрадим.
— Шу кўчанинг жинниси, — деди назорат бошлиғи юзига ғамгин тус бериб. Сўнг мен кутмаган жиддийлик билан ҳикоя қила бошлади. — Асли сизга касбдош. Бошлиқ айтган меъмор шу киши бўладилар. Шаҳримиз унинг лойиҳаси асосида қурилган. У бош меъмор, мен эса унга ёрдамчи эдим. Ўзи жуда ғайратли, саводли ва тиниб-тинчимас одам эди. Шаҳарда бирон ғишт ҳам унинг кўрсатмасисиз қуйилмаган. У мен билган меъморларнинг энг улуғи эди. Классик ва замонавий меъморчилик соҳасида унга тенг келадиган билимдонни топиш қийин эди. У Лотин Америкаси, Cингапурдаги бинолар қурилишини ҳам тинимсиз кузатиб борар, ўша юртлардан унга қалин-қалин хатлар келиб турарди. У «дунёга энг улкан ва одамзот ҳали хаёлига келтирмаган шаҳар қурамиз», деб хитоб қилар, қачон қарамай чизмалар ичида ўралашиб ўтирарди. Ростдан ҳам ақл бовар қилмас шаҳар қурилди. Ҳозир ўлат чиққандан бери шаҳримиз файзсиз бўлиб қолди, у пайтлар эса шаҳарни нақ хаёлнинг жилвалари деб ўйлардингиз: нафис гумбазлар, сержило бўёқлар, нозик ва эҳтиросли қалбнинг парчалари каби мармарлар, абадиятни суяр тура оладиган устунлар, қиз боланинг кўз ёшидай фавворалар — ҳаммаси гўзал бир тарзда уйғунлашиб кетганди. Буларнинг ҳаммаси ҳали қурилиб бўлмасданоқ гўзал санъат асарига айланиб улгурганди. Шаҳар қурилиб бўлиш арафасида бошимизга катта кулфат тушди: меъмор тушида алаҳсираб чиқадиган одат чиқарди. Кейин алаҳсираш ўнгига кўчди. У ҳамма нарсадан шубҳаланарди. Унга васвос касали юққан эди. Биз аввалига эътибор бермадик, буларни буюк одамларга хос паришонлик ва инжиқлик деб ўйладик. Аммо бир куни у ўз устахонасини ёқиб юборгач, унинг телба бўлиб қолганини англадик. У «бутун шаҳарга ўт қўяман», деб бақирарди. Шаҳарни ёқиб улгурмай уни телбахонага жўшатишга тўғри келди. Телбахонадан у мутлақо жинни бўлиб чиқди. Шундан бери у шаҳарни ёқиб юбораман деб ўдағайлагани ўдағайлаган. Ўзи яратган асарни ўзи ёқмоқчи бўлган санъаткорни биринчи бор учратишим. Шундан бери уни маъмурий бинога киритмаймиз. Гапи ва васвасаси демаса, ўзи беозор жинни, — назорат бошлиғининг кўзларида телбага нисбатан эҳтиром зуҳур этди.

Назоратчи «касбдошингиз» дегандан сўнг телбага тузукроқ разм солдим: деярли адойи тамом бўлган, кам ухлаганидан қовоқлари осилиб қолган, на кийинишида, на чеҳрасида, на гап-сўзларида аввалги касбидан дарак берувчи бирон аломат қолмаган, фақат олис-олислардан эшитилаётган мусиқа ёхуд вайрон қилинган шаҳар ўртасида харобага шукуҳ ва шавкат бағишлаб ҳилпираб турган ҳарир туғ каби шунча жунбуш ва хаёл тўзонидан сўнг ҳам нозиклигича қолган қўлларигина ўша хушвақт ва дориломон даврларни эслатиб турар, кўзлари ботиб бўлган қуёшнинг шафағидай қизариб кетган, чуқур лаҳмга ўхшаш қора чўғларида йиллар давомида занглаган қилич каби бир телба истеҳзо қотиб қолган, игоҳида олис ўтмишнинг кўланкалари бурдаланган шер каби парча-парча бўлиб ётарди: ўтмиш зулматини ёритолмаган бирпаслик аланга янглиғ бу юзни, бу вужудни ёритишга қурби етмай сассиз-садосиз бўлган эдилар. Хоҳолар экан, ўзига қараб тобора бостириб келатёган шаҳарни эмас, бунда истиқомат қилувчи барча юракларни ҳам аллақачон ишғол қилиб олган сукунат ва қурқувни шу кулгуси билан тор-мор қилиб ташлаётгандек эди ва гарчи телба бўлса-да, шаҳарда мен учратган қиёфалар ичида фақат унинг юзидагина чўғдай табассум ёниб турарди, аммо бу табассум ҳам масхараомуз тиржайишга ўхшаб кетар, ўлимларини жимгина кутиб турган ожиз ва маҳкум одамларнинг, ўлат кезиб юрган шаҳарнинг, қуриб-қовжираб, арвоҳдай сўппайиб қолган дарахтларнинг, сирли ўлим сабабини аниқлаш ва шаҳарга шифо бахш этиш учун келган ва ҳеч нарсанинг уддасидан чиқмай, ҳеч бир сирни ечолмай, шармандаю шармисор бўлиб жимгина жўнаб қолаётган биз каби олифта ва дағдағабоз текширувчиларнинг ва ўзини ўраб турган ҳамда ўзининг бир телба макрига дош беролмай лолу ҳайрон қотган бани башарнинг устидан истеҳзо аралаш кулиб тургандай эди. Учиб юрган ўқдек кўзлари тагидан қўрқа-писа ўқрайиб тикилишларига қараганда, телбани хўрандалар ҳаддан ташқари ёмон кўришар, чоғи, у гапирар экан, ижирғаниб қўйишарди. Бу мени ғоят ажаблантирди. Телбани одатда ҳеч ким яхши кўрмагани каби ҳеч ким ёмон ҳам кўрмайди. Сабабини назорат бошлиғи ҳам изоҳлаб беролмади:
— Тўғрисини айтсам, — деди у, — бу одамлар менга сира ҳам ёқмайди. Ҳамиша нимадандир норози, ҳамиша тнғиллашгани, тўнғиллашган. Ахир шундай жаннатмакон ва гўзал шаҳар қуриб бердик, яна нима керак экан буларга, ҳеч тушунмайман.Назорат бошлиғининг мушти ғазабдан сиқилиб ккетганини кўриб қолдим, ҳозир қўйиб берса қутурган айиқдай бутун шаҳарни вайрон қилиб ташлайдиган важоҳати бор эди юзида.

Телба эса нимадир эсига тушиб қолгандай, шартта изига бурилди ва деярли югуриб емакхонадан чиқиб кетди; кетиб борар экан, у менга денгизда тобора узоқлашиб бораётган ва сўнгги сафарга жўнаб кетаётган хароба кемани эслатган ва изидан узоқ қараб қолган эдим. Унинг телба нигоҳи ва жазавасли қиёфаси хотирам тароқларида узоқ вақт илашиб юрди: шундай ҳолатга тушдимки, биноларни ҳам йиғиштириб қўйиб, касбдошимизнинг қисмати билан таниша бошладим; унинг тақдири ётган ҳужрага кириб борган сари шаҳардаги палапартиш ҳашаматнинг сири ҳам ойдинлаша борди; назаримда, шаҳар бинолари хам жунун ва жазаванинг ҳосиласи эди, гўё бутун шаҳар телбавор маҳобат касб этганди. Аммо телбанинг шов-шуҳрат шоҳсупасига чиқиш арафасида ақлдан озиб қолгани ҳақидаги маълумотдан бошқа ҳеч қандай янги гап ололмадим; кўплар унга очиқ ҳасад қилиб «Аввалдан телбароқ эди» дейишдан нарига ўтмади; бошқа бирлари эса «Шаҳар шу даражада гўзал ва муваффақиятли қуридди-ку, у буни кутмаганди, бирдан ақли шошиб қолди», дейишдиб бироқ шу нарса аён эди-ки, у кўпларнинг хотирасидан буткул ўчиб кетганди. Кейинчалик ҳам телбани ўша кўйи кўчада икки-уч марта кўрдим: у худди ўзидан қолган хотира шамларини қайтадан ёқмоқчидай ўтган одамга тиржайиб тикилар, ўша бир хил гапни такрорларди. Бошқа куни кўрганимда гўё ўз ақлининг суратига боқиб лол тургандай биноларга тикилганча ғоз қотиб турганди.

У менга қараб жаврамоқчи эди, бироқ олдидан тез юриб ўтиб кетдим — тўғриси, унинг алмайи-алжайи гаплари жонимга теккан, бу сўзлар мен учун маънисини йўқотган эди Бу гал у анча чўкиб қолгандай, шаҳар оралаб юрган ўлим унинг ноқисо ақлида ҳам ниҳоят юз кўрсатгандай, жаврашлари ҳам олдингидай ғазабнок эмас, балки мунгли ва ҳасратли оҳанг касб этгандай эди; унинг жаврашлари менга тавба-тазарру қилаётган гуноҳи азимкорнинг минғирлашидай эшитилганди. Балким у мутлақо телба эмасдир, балким телбаликнинг кўчасидан ҳам ўтмагандир, балки бу хаёл жунбушидир, эҳтимол, ундаги жунун ўзи қурган шаҳар ва биноларга қарши ақл қўзғолонидир?! Нима бўлган тақдирда ҳам телба ваҳм, қўрқув, тўзон ва ўлат ҳукмрон шаҳарнинг уйқус иқрорига ўхшарди.

Мен худди онасига ўчакишиб, ерга ўтирганча биғиллаётган гўдакдек нуқул тақиқланган ишларни қилгим ва одамларнинг жиғига тегиб, тақдир билан ўйнашгим келаверганди. Икки томонига турли шаклдаги бинолар қуриб ташланган, ҳар муюлишга ранги кетиб қолган байроқлар илинган, гўё ўтмас шамширнинг тиғидай шаҳарнинг қоқ ўртасида тўшалиб ётган кўчалардан яёв кетиб борарканман, мени ҳар хир туйғулар чулғаб оларди — ҳозир ер ёрилиб тортиб ккетадигандай ҳар қадамда юрагим бир ҳаприқиб тушар — буларнинг ҳаммаси шаҳарга келиб орттирган васвасаларим эди — шунингдек, қанча юрмайин йўл ҳеч қачон тугамайдигандек, бутун умрим чангу-тўзон қоплаган бесамар ҳаётга ўхшайдиган мана шу йўлга изсиз-садосиз сочилиб кетадигандай туюлаверганди.
Бир куни химик хонамга кириб келди-да, кўзларини юмганча, «Ўлай агар ҳеч нарса тушунмаяпман, деди ва сўнг хона бўйлаб юра бошлади, «қаерга келиб қолдим ўзи?! Худди эртакка ёки қўрқинчли тушга ўхшайди. Кунига қанча одам ўлиб бораяпти-ю, лекин ўлимнинг сабаби нималиги ҳанузгача топилмаяпти. Ҳар куни мурда қиёфасидаги навбатдаги мағлубиятни учратиш жонимга тегди, ўзимиз ҳам мурдага айланмасдан бу ердан кетиш керак».

У тўғри айтаётган эди. Унинг ҳам худди ўзим каби ҳолдан тойганини, умидсизлик уни ҳам бешафқатларча чопиб ташлаганини сездим. Биз шаҳарда ҳеч бир ишни охирига етказиш мумкин эмаслигини, ҳамма ишимиз, текширишимиз охир-оқибат натижасизлик билан тугашини, шаҳардаги ҳар бир кўчада, муюлишда, уйда ўлимга маҳкумлик, номаълумлик пойлаб туришини ниҳоят тушуниб етгандик. Жуда ишонч билан келган кекса профессор ҳам кейинги кунларда сувга бўктирилган товуқдай бирдан тушкун бўлиб қолганди; ўзига, қудратига ишонган одамнинг тушкунликка тушиши жуда оғир кечади, у бизни тез-тез жеркиб ташлар, ўликларга ҳафсаласиз кўз югуртирар, энди олдинги кунлардагидай шаҳарнинг у четидан бу четига елиб-югурмасди.

Аммо ҳаммамиз туни билан ўларнинг сабаби нима бўлиши мумкин, дея баҳслашиб чиқар, профессор энди мунозараларга ҳам қатнашмас, саволларимизга қўл силкиб қўя қолар, мен унинг юзини қуюқ ўрмоннинг ичига кириб қолиб, энди ундан қандай чиқишини билмай ётган кишининг юзига ўхшатардим; дарвоқе, бу сирли ўлим бош-бошдоқсиз оқиб бораётган жилға каби бизни ақлимиз ҳам, шууримиз ҳам етмайдиган номаълум томонларга бошлаб кетганди. Балки шаҳардаги боши-ю охири ўлим билан тугайдиган ҳаёт бизни толиқтиргандир. Балки, қўрқинчли ва серғулу кунларимиздан бир маъно, бир мазмун излаб, туннинг сирли ва бепоён мамлакатини хаёл ва савол тулпорида кезиб юргандирмиз. Ўша пайтларда шундай ҳолатда эдикки, одам бўлиб ухлаб, эрталаб шерга айланиб уйғонсак ҳам унчалик ажабланмасдик: шаҳар ҳаёти тасаввуримиз қалъаларини буткул вайрон қилиб ташлаган, у ерда на чегара, на ҳудуд қолган, у ердаги деворлар кучли зилзила остида қолгандек бир-бир қулаб тушганди, баъзан кўксимизда юрак эмас, қатл ноғоралари гурсиллаб урилаётгандек, бир-биримизга қўрқув ва ҳасрат билан тикилиб қолардик.

Эрталаб мени химик уйғотди:
— Эй, Микиланжело туринг, профессор сизга мана бу нарсани бериб юборди.
Ўрнимдан туриб керишдим, қуёш чиқиб, кўчаларда тонгги салқинни ҳайдаб бўлган, ҳамма иш-ишига кетган эди. Нима у?
— Кеча бир телба ўлган экан. Профессор буни ўшанинг чўнтагидан топиб олибди. Шаҳарга тааллуқли бўлса керак деб жўнатибди.
Мен ўзимга касбдош бўлган телбани дарров эсладим.
— қандай телба?! қуйи кўчадаги телба эмасми?
— Ўша, — деди химик қўл силтаб. — Бечора тик турганча қотиб қолибди. Профессор ҳозир мурданинг ёнида. Ўзиям чўнтагида бир умр олиб юрган, чоғи, — у сумкасидан эзилиб, сарғайиб кетган харита нусха қоғоз чиқариб узатди. — Бу шаҳарнинг телбалари ҳам олим бўлади, шекилли.

Мен шошиб қоғозни очдим: аввалига ҳеч нарса тушунмадим. У чўзинчоқ, ясси шаклда чизилгшан, бир неча жойи доира ичига олиб қўйилганди. Уни уч-тўрт марта айлантириб, кўзларим ўзим кезиб чиққан кўчаларнинг белгиларига тушгач, ҳайрат ва даҳшатдан нафасим ичимга тушиб кетди; аввал кўзларимга ишонмадим; бошимни силкиб-силкиб яна қарадим; йўқ, кўзларим алдамаган эди ва мана шу бир неча сония ичида шаҳарда пайдо бўлган ўлатнинг туб сабабини англаб қолган эдим; титраб кетганимдан қўлимдан чизма тушиб кетди ва шу туришда узоқ вақт донг қотиб турдим. Шу куни қаерларда бўлганим эсимда йўқ, афтидан, чизмадаги кўчаларни ўз кўзим билан кўриш учун шаҳар айланган бўлсам керак — чизма айнан шу шаҳарнинг лойиҳаси эди. Яна шу эсимда-ки, мен текширув гуруҳидан эртагаёқ қайтиб кетамиз деб қатъий талаб қилдим. Энди тажрибаларидан натижа чиқишдан умид узган профессор ҳам гапимни маъқуллади:
-Барибир бу ерда ҳеч нарса қила олмаймиз. Кетганимиз тузук.

Ша ҳар бошлиғи аҳдимиздан қайтара олмади, унинг юзида ғолиб қўшиннинг яловидай зафарли истеҳзо пайдо бўлган, профессорнинг жиғига тегиш учун атайлаб бизни яна бир неча кун қолишга ундар, фарангларникига ўхшаш бу ўлатнинг сабабини топиш унчалик қийин эмас, деб товуш чиқариб минғилларди. У профессор устидан ғалаба қилганидан хурсанд эди. Аммо профессор унга ортиқча эътибор бермади: менинг ҳам, фаҳмимча бутун гуруҳнинг ҳам. Бу ўлакса анқиб ётган шаҳарда бир кун ҳам тургимиз келмаётганди. Биз шу пайтгача ўлим каби буюк ва ўлим каби ёвуз иқтидорнинг кўчаларини кезиб юрган эдик.

Эртасига шаҳарнинг улкан дарвозасидан чиқиб кетар эканмиз, мен бу манзилнинг мангу ўлимга юз тутганини, уни энди ҳеч ким қутқариб қололмаслигини, худди қуёш ботгандан сўнг ту келиши муқаррардай, тириклик қуёши ботган, кўчаларида ўлим ва телбалик кезиб юрган бу шаҳарга вайроналик ташриф буюражаги, узоқ йиллар ҳукм сурган эътиқод бирдан харобага юз тутгани каби бу шаҳар ҳам энди таназзул томон оғишмай кетажаги ҳақида ваҳм ва қўрқув билан ўйладим.

* * *

У хонамга кечқурун кириб кетди: жуда ҳорғин эди, кўзларида даҳшат аралаш жунун ўйнарди.
Бир неча кун ичида у муштдай бўлиб қолибди. Мен уни касал юқтирган чоғи деб ўйладим ва уйга таклиф қилдим. У хонам тўрига қўйилган курсига ўзини ташлади ва юзини қўллари орасига анча вақт яшириб ўтирди, сўнг худди ҳамма нарсани босиб янчиб ўтаётган бўрон каби бир телбавор оҳангда пичирлади:
— Бутун шаҳар тобут шаклида қурилганди. Мен буни лойиҳада кўрдим. Биз шунча кун тобутни кезиб юрган эканмиз…

ШАРПА

Хонангдаги шарпани сезиб қолганингга анча бўлди. Унинг шарпа эканига энди иймонинг комил эди. У гоҳ ғуслхонада, гоҳ китоб ўқиб ўтирганингда, гоҳ хаёл суриб ётганингда шундай ёнингда пайдо бўлар, совуқ кўзларини сенга тикиб турганини сезиб қолардинг. Дастлаб мен шундай туюлаяпти деб, ўйладинг. Аммо худди саробдай ёнингда шовур ва жимирлашни сезгач, унинг шарпа эканига шубҳанг қолмади. Ёлғиз қолдинг дегунча у, тўғрироғи, унинг шарпаси пайдо бўлар, у қайдан келади, қайдан пайдо бўлади, билмасдинг. Лекин ёлғиз қолсанг, хонада важоҳат билан кеза бошларди. Албатта, сени ғафлатда қолдириш, сўнг бирдан ташланиш учун пайт пойлаб юрганини, худди бошингда қилич осилиб тургандай унинг пайдо бўлиши сен учун хатарли эканини, унинг ҳар бурчакда ва ҳар хилватда, ҳар қадамда мавжуд эканлигини ҳис қилиб турардинг. Қўлингга бирор тиғдор қурол ушлаб, хоналарни зимдан кузатар, қаерда шарпа сезсанг, ўша томонга ташланар, аммо шарпа жуда маккор, у лип этиб орқангга ўтиб олар, сўнг сенинг хотиржам бўлишингни кута бошларди. Унинг хонангда нафас олаётганини ва сенинг вужудингда пайдо бўлган қўрқув билан бирга кундан-кун каттариб-семириб бораётганини ички хавотир билан сезар, бу шарпани ўлдиришим шарт дея аҳд қилар, у тирик экан, тинчлик бўлмайди ва бир куни у мени ютиб юбориши мумкин, дея ваҳимага тушардинг. Унинг тиши борми ёки заҳарлими, ё бўлмаса Африка илонларига ўхшаб фақат бўғадими, буни ҳам билмасдинг. Билганинг шуки, бу шарпа мавжуд ва у сенга ташаланиш учун қулай пайт излаб юрибди, дея ўйлар, бу фикр сени баттар ваҳимага соларди. Унинг жуда айёр ва маккор эканлиги шундан маълум эдики, агар уйингга биров келса, у сездирмай, қайгадир беркиниб оларди. Шарпа икки кишига ҳужум қилиш қалтис эканини жуда яхши биларди, чоғи. Агар меҳмон бир ҳафта ё икки ҳафта яшаб қолса, у шунча вақт мобайнида ўзи намаён қилмасди. Бироқ меҳмон кетиши биланоқ у яна сени таъқиб қила бошларди. У пайдо бўлганда елкангда унинг нигоҳини туяра, негадир уни суякларинг ва теринг жуда қизиқтирса керак деб ўйлардинг. У сени якка ҳолда даф қилишга уринарди; гўё у ҳам бутун дунёдан кўнгил узиб, худди эски кема энди ортиқ сузолмаслигини билиб, ҳалокатга юз тутгани каби ёлғизликка юз тутганингни билгандай, айнан шунинг учун сени бу узлат ва осойишталикдан қувиб чиқармоқчидай эди. Ойлар ўтиб, бу маккор шарпа хонангда ваҳима чироғини ёқиб бўлганда ва сен бу чироқ шуъласида ожиз, афтода ва ташландиқ алфозда кезиб юрганингда, шарпа яна ҳам ваҳший, ҳайбатли, бетакрор қўрқув манбаи бўлиб туюлар, сен эса уни хонангдан ҳайдаб чиқариш учун беҳуда уринардинг. Ортиқ бундай яшай олмасдинг. Сени кўрганлар нега бунчалар озиб кетдинг, дея сўрар, бироқ уларга шарпа ҳақида ҳеч нарса дея олмасдинг, аммо ростдан ҳам гўё қуриб-қовжирашга юз тутган дарахтдек кунма-кун озиб-тўзиб борар, баданингдан заҳиллик, хазон ҳидлари анқий бошлаганди, хаёлинг пароканда, ичинг бўшаб қолган, у ердаги бўшлиқни шарпа ваҳимаси-ю, вас-васаси тўлдирганди.

Бир куни уни қайдан бўлмасин излаб топишга аҳд қилдинг. Қўлингга ханжарни тутганча аввал бурчакларни, сўнг ошхона ва ювиниш хонасини излаб чиқдинг. Унинг нафасини аниқ эшитиб турардинг, лекин қаерда эканини билиб бўлмасди. Эски кийимларингдан тортиб, стол тортмаларигача титкилаб чиқдинг. У ҳеч жойда йўқ эди. Охири излайвериб ҳолдан тойдинг. Шунда сенга бирдан у шарпа жавондаги китболар ичига яширингандай туюлди; икки-уч китобни олиб варақлаб, бунга шубҳа қилмадинг. Китобда унинг излари қолган эди. Изқуварликни бас қилишга тўғри келди. Чунки барча ҳаракатларинг зоя кетганди. Уни топиш учун ҳар бир китобни бирма-бир варақлаб чиқиш керак эди. Бунинг эса сираям иложи йўқ, бир ой ўтириб изласанг ҳам у шарпани барибир тополмасдинг. У китобдан китобга ўтиб юраверарди. Сен у шарпа билан бир хонада яшаб туришга мажбур эдинг. Лекин унинг таъқиби борган сари кучаяр, кечалари ҳам ухламай ҳушёр ётишингга тўғри келарди. Баъзан ҳаддан ташқари ваҳима чулғаб оларди. “Ҳой, сен шарпа, — дердинг унга товуш чиқариб, — сен мени алдай олмайсан, қайсидир бурчакда мени пойлаб ўтирибсан. Сенинг ниятинг менга маълум, шунинг учун мени доғда қолдиришинг қийин. Кел, яхшиси, менинг хонамни тарк эт, кет, менинг хонамдан. Мен осойишта ва тинч яшашни истайман”. Бироқ шарпа ҳужрангни тарк этмасди. У қайсидир бурчакка ўлжасини пойлаб турган мушукдек пусиб олар, сени ғафлатда қолдириш сониясини кутарди; бу сония ҳар қандай дамда содир бўлиш мумкин, сен қандай содир бўлганини билмай қолишинг ҳам мумкин. Сен шарпанинг шакли-шамойилини кўрганинг йўқ, фақат таъқиб этилаётганингни ва таъқиб этишаётганини ҳис қилиб турардинг. Сенинг безовта бўлишингга, шарпа ҳақида ҳар хил хавотирга боришингга шунинг ўзи етади деб ўйлардинг. Фақат уйда эмас, ҳамма жойда ишда, йўлда, томошахонада, меҳмонда, қаерда бўлма, ўша ерда сени нимадир, кимдир таъқиб қиларди. Таъқиб адоқсиз, сўнгсиз эди. Сен бирдан бу таъқиб туфайли ақлдан озиб қолсам керак деб ўйлардинг. Сенга ҳар доим, ҳар лаҳза қандайдир тожавузкор нигоҳ тикилиб тургандай туюлар, у сенинг ҳар бир ҳаракатингни кузатиб турар, гўё сен қаттиқ қўриқланаётган ва баланд деворлар билан ўраб ташланган, қачон озод бўлишинг, қачон деворлар қўпорилиши, қачон сени қўриқлаб ётган посбонлар кетиши номаълум мангу маҳбусликка ва эрксизликка маҳкум этилган қўрғонга ўхшардинг ва бу қўрғон деворларидан ошиб, ёт бир назар ҳеч қачон ичкарига тушиши мумкин бўлмагани каби сенинг ҳам хавотир ва шубҳалардан дилдираб турган таҳликага маҳкум ичкарингга ҳеч ким шарпани четлаб ўтиб киролмас, аксинча, кунма-кун шарпа таъқиби кучайиб, сени ўзининг ожиз ва забун асирига айлантириб борарди, зеро, шарпа энди хонангда сездирмай ўз салтанатини ўрнатган, сенинг ўзинг яккаю ягона фуқороси бўлишингга қарамай, бу салтанатга ёт бўлиб қолгандинг ва ёт бўлиб борардинг. Шарпа ваҳми эгаллаб олган шууринг энди сени ўз мулкидан аста-секин худди ёт қўшинларни мамлакат ҳудудидан ҳайдаб чиқараётган лашкардек ҳайдарди. Сен ўзингдан ҳайдалардинг. Юрагингнинг қайси бурчагига боқма, у ерда сени беўхшов ва жонҳалок шарпа ваҳми кутиб олар, сен хотиржамлик деразасини қанчалик урма, сени ичкарига киритмасдилар. Сен шарпа ҳақида ўз танишларинг, яқинларингни хабардор қилиш зарурлигини англадинг. Балким кўплашиб шарпадан халос бўлиш чораси топилар? Шарпа ҳақида биринчи бўлиб гапирган дўстинг сенга ажабланиб тикилди- у сени уйдирма қилаяпти деб ўйлаганди. Бироқ кўзларингга боқиб, ёлғон гапирмаётганингга ишонди ва бир неча ҳафта сен билан бирга яшашга, шарпани ўз кўзлари билан кўришга рози бўлди. Кечқурун у хонангда қурол-яроғ-тўр, олов пуркагич, арқон билан пайдо бўлди ва ваъда берганидай сен билан бир неча ҳафта бирга яшади. У сени ухлатиб, тунлари бошингда қоравуллик қилар, яроғларни шайлаб турарди. Бир неча ҳафта дўстинг уйқусизликдан озиб-тўзиб, абгор қиёфага кирди. Сен унинг садоқатидан ичингда ғурурланардинг. У тунлари ҳар бир хилватни пойлаб тонг оттирар, эрталаблари уйғонар экан, унинг уйқусизликдан кўзлари қизарган, қуролини қўлида маҳкам қисганча, эснаб ўтирган ҳолатда кўрардинг. Охири унинг ҳафсаласи пир бўлди. Асбоб-анжомини жойлаб, жўнаб кетар экан, сенга ачиниш ва бироз мазах акс этган кўзларини тикди.
-Биласанми,- деди у эшик олдида сенинг хайрлашишиш учун чўзилган қўлингни қаттиқ қисар экан.- Бу уйда сенинг ўзингдан бошқа ҳеч қандай шарпа йўқ. Шарпа сенсан!

Дўстинг ўлжасиз қайтаётган овчидай зарда билан катта-катта қадам ташлаб сени яна ёлғиз ташлаб кетди. Шунча пайтдан-дўстинг билан бирга яшаётгандан бери сасини ҳам сездирмаган шарпа эшик ёпилиши билан яна елканг оша сени пойлашга тушди: сен ғайри шуурий тарзда унинг пайдо бўлганини сездинг. Дўстингнинг гапларидан сўнг сен шарпа ҳақидаги гапларингга ўзингдан бошқа ҳеч ким ишонмаслигига ва бу шарпа фақат менга кўринишга ва фақат мени маҳкум этишга мустаҳиқ этилган деган қарорга келдинг ва бошқа бу ҳақда ҳеч кимга лом-мим демасликка ва кулгу, масхарага қолмасликка қарор қилдинг.

Сен кечалари туш-у ҳуш аралаш ихрашларни, шовурларни эшитиб қолар экансан, унга қарши чиқишга ўзингда ҳеч бир умид қолмаётганини сезардинг. Барча умидларингни шарпа ваҳми ўғирлаб олганди. Бироқ сен ўзингнинг хонадан бутунлай суриб чиқарилмаслигинг учун товуш чиқариб, унга уруш эълон қилар, бу уруш эълон қилишдан кўра кўпроқ таслим бўлишга ўхшарди. Сен шарпани енгиш ва хонангдан ҳайдаб чиқариш учун ички бир жасорат топишни истар ва шу истаккина сени ҳаёт билан боғлаб турарди. Аввалига сен у шарпанинг жисми ва шамойилини аниқлаш учун ҳар хил тажрибалар ўтказдинг. Ойна олдида соатлаб елканг оша тўкилиб турган зулматга боқиб турар, зора кўзгуда унинг шамойили кўриниб қолса дея умид қилардинг. Аммо шарпа сендан айёрроқ чиқди, у ойна олдида ўтирганингда бирон марта кўзга ташланмади, сенга ҳужум ҳам қилмади. Бу тажриба натижа бермагач, энди шарпани ҳайдаш ва чўчитиш учун сени олис болалигингдан бери ҳалигача тарк этмаган одатингга кўра деворга қушларнинг суратини чиза бошладинг. Сен бу суратлар билан ўзингнинг ҳали тириклигингни ва яшаётганлигингни, сени ҳали ҳам ҳайрат ва шавқ тарк этмаганини шарпага кўрсатиб қўймоқчи эдинг. Суратларинг аввалига анча беўхшов чиқаётганди, бора-бора қушларнинг суратини чизишга шунчалик устаси фаранг бўлиб кетдинг-ки, хонангга тўсатдан келиб қолган киши сурат эканлигини билмаса, девордаги расмини кўриб, қуш учиб юрибди деб ўйлаши мумкин эди. Сен хонада ёлғиз қолмаслик, шарпага буткул асир бўлмаслик учун хонангни қушлар суратига тўлдириб юбординг. Энди қушлар ерда, деворларда, шифтда, тўшакларингда, ошхонада учиб юришарди, улар эркин ва озод эдилар. Сен уларнинг эмин-эркин парвозини кўриб, қувонардинг. Қушлар гўё сен эришолмаган ва бир умр орзу қилган манзаранинг бир парчаси эди; уйинг оқ чағалайлар уя қурган ва парвоз қилиб юрган денгиз ўртасидаги ёлғиз ва мағрур қояга ўхшарди. Қушлар парвози ва қийқириқлари билан денгиз шовуллаши қўшилиб, ажиб бир гўзаллик пайдо қилар, денгиз чайқалар, қушлар тинимсиз қанот қоқарди.

Бир куни қушларнинг галалаб учиб юриши ҳам сенга ҳалақит бераётганини англадинг, хусусан, сен тасаввур қилган шарпа олдида бу қушлар митти ва ожиз эдилар. Шунда барча қушларни ёқиб ташлаб, тўғри деворнинг ўзига хонангни тўлдириб турадиган улкан қушнинг суратини чиздинг. Чизиб бўлгунча улкан тошга улкан қуш аксини ўйиб солган ҳайкалтарошдек ҳориб-толиб қолдинг. Лекин бу ҳорғинлик лаззатли ва фароғатли эди. Қушнинг қанотлари парвоздагидай кенг ёйилган, кўзларида қатъият ва жасорат акс этарди; у шу учишида бутун ер юзини кўтариб учадиган шаҳди бор эди гўё; уни парвоз ва эркидан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмас, у ҳамма нарсадан юксак ва баланд эди. Сенинг-ча уни ҳеч ким ер юзига тортиб туширолмас, парвозидан, эркидан айро қилолмасди; сен қушга қўшилиб, осмонларда учиб юрардинг, ерга қайтиб тушишини истамасдинг. Учиш нақадар завқли ва фароғатли эди. Сен бепоён кенгликда озод ва эркин учиб юрар, юксакликда сенга ҳеч ким дахл қилолмас, ваҳм, қўрқув, ташвишлар, ҳаммаси пастда қолиб кетганди. Сен ўз хонангнинг ва ўз орзуларингнинг қушига айланиб қолганингдан бахтиёр эдинг; уни тўшакда чўзилиб ётганча соатлаб томоша қилар, қушнинг учқур ва бақувват қанотлари хаёлингга парвоз, ўзингга куч ва далда берарди. Бироқ бу қувончинг узоққа чўзилмади; бир куни тонгда кўзингни очганингда қушни қанотлари тўзғоқ, афтода ва забун ҳолатда кўрдинг; унинг патлари хонада тўзиб ётар, ўзи эса жонсиз ва ҳаракатсиз эди; қанотлари юлиб олинган бу қушни кўрганингдан сўнг тунда ухлаб ётганингда шарпа билан мардонавор олишиб ҳалок бўлганини сездинг. Қуш шарпадан сени ҳимоя қилиб, тонггача курашиб, кейин жон таслим қилганини англадинг. Шарпа сенга ўзининг куч-қудратини намойиш қилиш учун ҳам қушни шафқатсизларча ғажиб ташлаганди. У сенинг ёлғиз умидингни ҳам сўриб олишни истаганди. Шарпани енгадиган, уни хонангдан ҳайдаб чиқарадиган куч йўқлигини намоён қилмоқчи бўлганди; бироқ сен бу марта умидсизликка тушишни эп кўрмадинг. Қушнинг ўлими сенда яна умид, қандай бўлмасин ўзингнинг мавжудлигингни, мавжуд бўлиб қолишингни, сени эгиш, бўйсундириш, муте қилиш осон эмаслигини исботлаш истагини уйғотганини шарпа билмасди. Қуш мардонавор ўлими билан сенда қандай бўлмасин шарпага қарши курашиш туйғусини пайдо қилганди. Шарпа эса ёлғиз қолдинг дегунча хонангда кеза бошлар, тунда, айниқса, у яйраб кетарди. Бу эса сендан ҳеч қачон ғафлатда қолмасликни талаб қиларди. Шунинг учун сен хонангдан зулматни ҳайдаб, ҳамиша ёруғ бўлишнинг йўлини ахтара бошладинг. Бу йўлни охири топдинг ҳам. Хонанг шифтига кўм-кўк мовий осмон ва порлаб турган қуёшнинг суратини чизиб қўйдинг; осмон бепоён ва гўзал эди, қуёш эса кеча-ю кундуз ҳеч қачон бу ерларга тун, зулмат келолмаслигидан дарак бериб, порлаб турарди. Сен ўзингнинг кичкина осмонингни ва қуёшингни топган эдинг; хонангда осмон ва қуёш пайдо бўлиши билан шарпа ғойиб бўлди, ниҳоят сен ғалаба қилдинг. Шарпа енгилган эди. Сен шарпадан абадий қутилганингга шубҳа қилмасдинг. Шарпа доимо қуёш нурларига ғарқ хонангга ҳеч қачон ташриф буюролмасди. Шарпа қуёшдан ва осмондан қўрқарди. Сен эса тўшакда ётганча шундай қўл узатса етадиган осмонни, қуёш нурларида ҳам элас-элас кўзга ташланаётган олис юлдузларни томоша қилиб, завқланиб ётардинг. Осмонга яқин, осмон билан бирга яшаш қандай лаззатли эди! Қандайин дилбар эди. Аммо сени бахтсизлик кутиб турганини хаёлингга келтирмасдинг. Ўша куни уйга қайтиб, хонанг зулматга чўкканини кўриб, инграб юбординг. Шарпа қуёшни қопқора бўёққа бўяб қўйган, осмон эса зулматда кўринмай қолганди. Зулмат ичида хонага киришинг билан сени жангга ундовчи шитирлаш эштилди – бу шарпа эди; у сенга оч, ёвуз кўзларини тикиб, уй бурчагида турарди. Энди уни аниқ кўриб турардинг. У зулматга ғарқ бўлгани каби ё зулматнинг бир қисми каби зулмат ичида ғимирлар, озурда, телба, аламзада ва харрос ҳолатда эди; сен уни бир зум кўрдинг-у шу он у яна кўздан йўқолди. Энди у тун-у-кун хонанг бўйлаб тинимсиз кезиб юрар, сени ғафлатда қолдириши учун пайт пойларди. Сен энди маҳкум эдинг, энди у билан бирга бўлишга, унинг ёвуз хавотири ва таъқиби остида бир умр яшашга маҳкум этилгандинг. Гўё тарозининг икки палласидай, шарпа ва сен, бир-бирларингни гоҳ у сени, гоҳ сен уни таъқиб қилиб, сонияларни, лаҳзаларни, дақиқаларни, кунлар ва ойларни қувлаб яшар, шарпа сенга берилган умр тугагунча, ё сен шарпани ё шарпа сени буткул енгмагунча таъқиб ва ваҳм оғушида, у чизиб берган зулматга ғарқ этилган юлдузсиз осмон остида яшашга мустаҳиқ этилгандинг.

089

NAZAR ESHONQUL
IKKI HIKOYA
04

08Nazar Eshonqul 1962 yil 15 iyunda Qashqadaryo viloyati Qamashi tumanidagi Tersota qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1986). Dastlabki asari — «Urush odamlari» 1988 yilida nashr etilgan. Shundan so’ng yozuvchining «Momo ko’shiq», «Maymun yetaklagan odam», «Shamolni tutib bo’lmaydi», «Momo qo’shiq» va boshqa asarlari nashr etilgan. «Go’ro’g’li» romanining jurnal varianti e’ln qilingan. Xuan Karlos. Onettining «Hikoyalar va qissalar»ini, Alber Kamyuning «Esselar»ini, Chexovning «Boloxonali uy» hikoyasini va boshqa ko’plab dunyo adabiyoti namunalarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

04

TOBUT

Noma’lum sabablarga ko’ra o’lim ko’paygan chekka muzofotdagi olis shaharga ketayotgan tekshiruv guruhiga nega aynan meni qo’shib qo’yishdi, me’morchilikning o’latga qanday aloqasi bor (bizga hali sira aniqlanmagan o’lat deb tushuntirishdi) to’g’risi, hozirgacha aqlim etmaydi. Vaholanki, me’morchilikda ham shunchaki havaskor darajasida edim, bu sohada ishlay boshlaganimga uch yildan oshgan bo’lsa-da, hali bironta loyihamni qabul qilishmagandi, kun uzog’i ishimizga hech bir bog’liq bo’lmagan chizmalar bilan mashg’ul bo’lardik, biz chizayotgan loyihalarning hech kimga kerakgi yo’qligini o’zimiz ham bilar, biroq boshliqlar tegirmonida aylanib, tushib keladigan va tez muddat ichida bajarishimiz zarurligi ta’kidlangan, bir chekkada pora-pora qilingan yalovday ilova turgan qog’ozlarni izma-iz qabul qilaverar, talabalik yillarimning orzusi bo’lgan shaharga ko’rk va ulug’vorlik bag’ishlaydigan jimjimador va serhasham binoning loyihasini men faqat hayoldagina chizib yurardim. Avvaliga guruhga tasodifan qo’shishayapti, bu erda qandaydir anglashilmovchilik bor, deb o’yladim, ijroqo’mda o’lim sabablari har tomonlama o’rganishga muhtoj, xususan, binolarning jug’rofiy joylashishidan, ob-havoga chidamliligigacha yaxshilab tekshirib ko’rish zarurligini aytishganda ham men bu erda bizning sohaga bog’liq biron narsani ko’rmagandim. «Tajribali me’morlardan jo’nating» degan taklifga, xo’jako’rsinga meni jo’natishayotganini sezib turdim. Buyruqni tutqazishgandan so’ng noiloj jo’nashga majbur bo’ldim.

— Shahar qurilganiga unchalik ko’p bo’lgani yo’q. Uning o’rnida oldin yovvoyi sahro bor edi, biz uni bo’ysundirdik. Va boshqa shaharlar bilan raqobat qila oladigan go’zal makon qurdik. Matbuotda o’qigan bo’lsalaringiz kerak, biz haqimizda rosa yozishdi, — dedi bizni kutib olgan shahar boshlig’i. — Odamlarimiz to’q va farovon yashayotgandi; hatto sayyohlar xorijdan ataylab binolarimizni tamosha qilish uchun kelishardi. Ularni ham shahrimiz lol qoldirganiga shubham yo’q. Hamma balo besh oycha burun boshlandi. Odamlar ishlab turgan yoki uxlab yotgan joylarida, ba’zan suhbatlashib turib to’satdan jon taslim qilishayapti. Avvaliga biz bular hammasi shunchaki tasodifiy deb o’ylagandik. Biroq o’lim tobora ko’payavergach, tashvishga tushib qoldik. Maxsus emlash o’tkazdik, voqeaning tagiga etish uchun barcha kasalxonalarimizni nazorat ostiga oldik, bir necha marta uylarni yoppasiga ko’rikdan o’tkazdik, ammo natija bo’lmadi — o’lim to’xtamadi. Aksincha, uylar asta-sekin bo’shab qolayapti. Odamlarni vahimaga tushirmaslik uchun bo’shagan uylarga yangi odamlarni ko’chirib olib keldik, baribir foydasi bo’lmadi. O’lim yangi ko’chib kelganlarni ham ayamayapti. Markazdan ham, muzofotdan ham maslahatchilar chaqirib bir necha marta tibbiyot kengashlari o’tkazdik. Biroq ular ham elka qisishdan nariga o’tishmadi. Hozir o’lim deyarli har bir binoda o’zining asoratini qoldirgan. O’zimizning vrachlar hech qanday xulosaga kelishgani yo’q, ular yuqumli kasallikdan darak beradigan biron alomat topishmadi. Butun umid hozircha sizlardan…

— Bunday hodisa Faranglarda ham bir paytlar bo’lgan, — dedi guruh rahbari qilib jo’natilgan professor shahar boshlig’ining tuguntirishidan ensasi qotgandek, — hamma balo tibbiyotimizni savodsiz va qobiliyatsiz odamlar bosib ketganida. Boshqa sabab yo’q…
— Markazdan kelganlar ham «Bndayini birinchi uchratishimiz», deb hayron bo’lgancha qaytib ketishayapti, — uning gapining oxirigacha eshitmay, o’z qo’l ostidagi hakimlarning sha’nini himoya qildi shahar boshlig’i. U bizga o’xshash tekshirish guruhlarini ko’raverib, toza pishib ketgan edi, chog’i, o’zini juda erkin tutar va erkin gaplashardi, shuningdek, professorga o’xshash dimog’i baland olimlarni ham ko’p ko’rgan, gaplarida xufyona osilgan qilich kabi «jo’jani kuzda sanaysiz», degan pisanda bor edi.

— Masalaga chuqurroq qarash zarur. Professor indamay boshini tuynukka burdi — u erdan pastda yastanib yotgan qip-qizil sahro ko’rinardi va biz bir paytlar qush uchib o’tolmas sahro ustidan qushday uchib o’tayotganimizni sezib turardik: professor boshliqning gaplarini shunchaki vahima deb o’ylaytgani va uni e’tiborsizlik bilan tinglayotgani ko’zlaridan ko’rinib turardi. Odatda butun umri ilmi-urfon bilan o’tgan odamlar amaldorlar bilan burnini jiyirib gaplashishadi, xususan, chekka muzofotdagilar bilan. Shundan so’ng boshliq jim ketdi. U juda orasta kiyingan edi. «Men uning kiyim-kechagi-yu a’zo-yu badanidan nafasni bo’g’ib qo’yadigan achimsiq hid anqiyotganini yo’lning yarmini bosib o’tganimizdan so’ng sezdim, fahmimcha, bu hid go’yo ichida kimdir o’lib qolgandan uning ichak-chavag’idan chiqayotganday edi: gapirganda og’zidan gup etib atrofga kishini loxas qiluvchi hid tarqalardi. Hidni professor ham sezgan bo’lsa kerak, bir-ikki marta boshliqning qonsiz yuzini va qirrador yoqali ust-boshini jirkangandek ko’zdan kechirdi.
Biz tushgan vertolyot shahar chekkasiga borib qo’ndi: bizni har ehtimolga qarshi emlash zarur edi. Shahar chetiga tikilgan tibbiyot chodirlariga bir-bir kirib chiqqach, nariroqda darvozasi ko’rinib turgan shaharga qarab yo’l oldik. Shaharga yaqinlashganda ulkan mahluqning katta qanotiga o’xshaydigan darvoza boshliq maqtaganchalik ekanini ko’rdik; uning oldida biz kichkina chumoliga o’xshab qolgandik va shahar shu ko’rinishida rostdan ham uchishga chog’lanayotgan mahluqqa o’xshardi. Darvoza oldida turgan soqchilar boshliqni ko’rib g’oz qotishdi. U erda bizni boshliq nazorat boshlig’i va tibbiyot mudiri deb tanishtirgan ikki kishi kutib turardi; ikkalasi ham boshliqqa taqlid qilib, soqol qo’yishgan va ikkalasi ham tepakal edi.

— Xayriyat etib keldilaringiz, — dedi nazorat boshlig’i biz bilan ko’rishar ekan. — Bu falokat bizni adoi tamom qildi. — Shunday deya u pildirab oldinga tushdi. Men uning qisiq ko’zlarida tahlika va vahm to’lib turganini ko’rdim. Balkim har qadamda paydo bo’layotgan o’lim uni shu holatga solgandir. Tibbiyot mudirining ko’zlarida ko’proq quvlik hukmron bo’lsa-da tag-tagida xuddi shunday tahlika to’kilib yotganini sezish mumkin edi. Devor baland bo’lsa ham to’zon shahar ko’chalarigacha bostirib kirgan, binolar qanchalar muhtasham bo’lmasin, shahar fayzsiz va hatto andak xaroba tus olgandek ko’rindi menga, ehtimol, odamlarning yuzlarida to’nib qolgan umidsizlikni ko’rib, bizda shunday his paydo bo’lgandire Hammasidan ham shaharga kirishimiz bilan dimog’imizga xuddi boshliqning nafasidan anqigan hidga o’xshash ufunat urilgani bizni biroz shoshirib qo’ydi: «chirkinlik, xazonrezgilik va badan hidi qorishib ketgan shaharda ufunat xuddi bu manzilga tashrif buyurganlarning burnini kuydirib tashlash uchun ataylab tarqatilayotganday edi: faqat lahaddagina shunday hid anqishi mumkin deb o’yladim men. Ehtimol, o’liklar ko’paygani sayin shahar shu turishicha ochiq lahadga aylangandire! Sababini so’raganimda shahar boshlig’i elka qisdi.
— Hayratomuz, — dedi u, — biron joyda o’lik qolganmi deb butun shaharni qadamba-qadam tekshirib chiqdik, hech narsa topolmadik. Endi esa ko’nikib ketdik.

Haqiqatan ham shaharda bu hid biron odamni ajablantirmayotgan edi. Balkim, o’latni xuddi mana shu ufunatdan izlash kerakdire!
— E, yo’q, — dedi shahar boshlig’i gapimni eshitib bosh chayqarkan, — hid shahar qurilgandan beri bor. O’lim esa besh oy oldin paydo bo’ldi.
Uning gapi meni yana ko’proq hayratga soldi. Balkim tavqi la’natga yo’liqqan odamzotga tangri do’zax qanday bishini mana shahar orqali bir
ko’rsatib qo’ymoqchi bo’lgandire Rostdan ham shahar jazira va qum to’zoni ostida qolgan serhasham do’zax ostonasiga o’xshardi — bir vaqtlar gurillab ko’kargan daraxtlar ham quyosh favvorasi ostida hayot uchun kurasha-kurasha so’lgandilar. Biz darvozadan to ma’muriy binoga borguncha havosi so’rib olingan lahmni kezib chiqqanday o’pkamiz shishib, holdan toyib qoldik.
— Shaharda yana ikki kun tursak bo’g’ilib o’lishimiz aniqqa o’xshaydi, — dedi biz bilan kelgan ximik tomog’ini qirib yo’talar ekan.
Professor dam olmay o’likxonaga ketdi — unga ximik ham ergashdi. Tushdan so’ng men nazorat boshlig’i hamrohligida (shahar boglig’i uni mening adashib ketmasligim uchun qo’shib qo’ygandi), garchi o’latni kasbimga aloqasi yo’q hisoblasam ham, o’lim og’ushiga olgan, to’zib yotgan binolarni shunchaki nomiga ko’rib qo’yish uchun aylanishga chiqdik:
— Sizga hech bir yordam berolmaymiz, — dedi shahar boshlig’i uzrxohlik bilan elkasini qisar ekan. — Shahrimizning bosh me’mori kasal bo’lib olgan, o’rniga biron tuzuk odam chiqmayapti. Endi faqat ko’z bilan kuzatishga majbursiz.

Men uning hijolat chekmasligini va shahar loyihasini ko’rish uchun umuman zarurat yo’qligini bildirdim.
Shunday deb ertalab bir necha odamning o’ligi chiqqan, bir-biriga qo’uib qo’yganday o’xshash yaqin oradagi ko’p qavatli imoratlarga yo’l oldim. Bir qarashda uylar g’oyat did bilan qurilgandek ko’rinar, boshqa tomondan esa xuddi ulkan-ulkan qoyalar oyog’ingiz ostiga to’satdan qo’porilib tusha boshlagandek ularga qaragan sayin ichingizda nimadir qulab ketayotganini sezardingiz. Nim qorong’u zinada shahar ko’chalarida kezib urgan ufunat yana ham badbylashgan edi, balkim bu erda havo o’tirib qolgani uchun shundaydir, zinadan chiqquncha nafasim tiqilib dimog’im achisha boshladi. Hid odamni behol qilib qo’yadigan darajada o’tkir va zaqqum edi. Xonadonlarda bizni indamay kutib olishar va ichkariga boshlashar, hujralarga olib kirishar, darvozalarni, devorlarni ko’rsatishar, so’ng yana biron so’z aytmay kuzatib qo’yishardi.

Uylar ataylab ichkarini salqin saqlash uchun ufqqa teskari qurilgan: derazalardan tushayotgan xira shu’la hujralarni yoritishga qurbi etmay, O’lmas Dev bilan olishaverib, holdan toygan Botir misoli bir burchakda xolsiz to’shalib yotardi. Men o’lim sabablari aynan nurni xo’plab yutib yuborgan mana shu zahlik va zulmatda bo’lsa kerak deb o’yladimu, ammo tezda bu o’yim haqiqatga hech bir to’g’ri kelmasligini angladim: «O’lim to’rt muchasi but, baquvvat, sog’lom kishilarni nam komiga tortayapti», degan edi shahar boshlig’i. O’lating bu uylarga hech bir aloqasi yo’qligini tushungach, hafsalam pir bo’lib izimga qaytdim.
Bir haftaga qolmay o’lim elchisi kezib yurgan barcha binolarni deyarli bir-bir aylanib chiqdim — hamma o’sha hid, hamma hujrada o’sha zulmat, hamma xonadonda yurakni seskantiradigan sukunat hukmron edi. Bu sukunat ko’chalarda odamlarning yuzlarida ham kezib yurardi — ularning ko’zlari-yu yuzlarida shuncha musibatdan so’ng ham qilt etgan ifodani ko’rmadim, aravalarga yoki zambillarga solingan o’liklarni olib o’tishar ekan, ular arava yoki zambilga ho’mrayib ko’z tashlab qo’yishar va indamay yo’llarida davom etishardi.

Serajin yuzlarini bosib ketgan va yonib bo’lgan o’rmonga o’xshab qolgan mo’ylar aro barqib turgan soliq qiyofalar menga ming yillardan buyon odam qadami etmagan tashlandiq imoratlarni eslatgan, bu qiyofalardan ayovsiz yog’ayotgan jaladek, hasrat va mung yog’ilib turardi: bu yuzlardan atrofga bir qahrli sovuqlik taralar, men hali shu yoshimgacha bundayin soliq qiyofalarni ko’rmagandim, shaharga kelgandan beri o’zimni qop-qora bulutlar ostida qolgandek his etar, bu suvi qurigan ko’lga yohud so’nib bo’lgan shamga o’xshab qolgan ko’zlarga qarab turib, ularda sekin-asta sassiz, sadosiz bstirib kelayotgan o’limga nisbatan ko’nikma paydo bo’lganini va bu ko’nikmani endi hech narsa bilan: hatto eng qudratli hisoblangan sehru-jodular bilan ham qo’porib tashlash mumkin emasligini anglagandim; o’shanda shahar odamlari menga qulashini bilgan holda jarga qarab yugurib ketayotgan telbaday taassurot qoldirgandi. Ularning yuzlarida hayot xurshidi allaqachon so’nib bo’lgan; endi bu yuzlarni ajinlar bilan birga tushkunlik, horg’inlik chakalaklari qoplab olgan, butun chehralarni umidsizlik tumani bosib ketgandi. Muz yo’lakda qanday yiqilib tushsangiz, bu sovu chehralarda ham nigohingiz shunday qulab tushar, ho’mraygan ko’zlar qopog’on it kabi sizni hech qachon o’ziga yainlashtirmasdi.

O’zimni keyingi kunlarda ro’yo hukmron bo’lgan shaharga kelib qolganday his etar va har bir ko’rgan manzaram aql bovar qilmas narsalar bo’lib tuyula boshlagandi; ehtimol, bular sahroda ro’yo saltanatini qurishgandire! Nima bo’lganda ham ko’rganlarim — shahar, o’lar, ho’mraygan odamlar, tepakal boshliqlar, mahobatli binolar, hammasi jodu bo’lsa-chi va biz sarobni izlab yurganday ro’yoni kezib yurgan bo’rsak-chi, degan shubha kuch to’plab, qayta-qayta jangga kirayotgan lashkardek xayolimga bot-bot bostirib kirar va butun tanamni behol qilib qo’yardi, aloha, bu erga kelib ko’rgan-kechirganlarimning hammasi g’ayri tabiiy va g’ayriodatiy tus olgandi, zero, kezib chiqqan binolarda kasallikdan darak beruvchi hid vva sukunatdan boshqa hech qandayzohirot uchratmadim, o’limning mening kasbimga yoki mana bu mahobatli binolarga zarracha aloqasi yo’qligiga ko’proq ishonib borar, shahar ko’chalarida qora devning arvohday kezib yurgan changu to’zonni qancha ko’p ko’rsam, meni bu yovvoyi sahroga jo’natgan oromparast boshliqlarimga g’azabim shunchalik toshib borardi. O’sha sahrodayoq g’azab va to’zon bir-biriga naqadar o’xshashini his qilgandim: aslida g’azab ham vujudning junbushidan larzaga kelgan alb to’zonidir; qanchalik hashamatli va ulug’vor bo’lmasin, o’zining zahmkor siru asrori bilan zabt etib bo’lmas qal’ani qanchalar eslatmasin, ko’chalarida faqat jannatiy manzillargagina xos surur va shukuh to’shalib yotmasin, kishandan ozod bo’lgan sherdek ajal hayqirib yurgan shaharga nisbatan g’azab meni tez-tez junbushga solardi.

Bir kuni quyi ko’chalarning birida (darvoqe, shahardagi ko’chalar quyi va yuqori ko’chalarga bo’linardi, kiyimlari uvada, qaddi bukik, hashamdor va viqorli, shaharni ataylab masxara qilayotganday dog’-dug’ga belangan uzun hirqa kiygan, yuzidagi shish va ajinlar qishki qabristonni eslatadigan, sochi kal peshonasi uzra osilib tushgan, barvasta kishini uchratdim; gumbaz shaklida qurilgan emakxonaning o’rtasida turgancha u og’zidan ko’pik sachratib odamlarga qo’lini bigiz qilib o’shqirar, cho’g’i so’nayotgan o’choqday taftsiz bo’lib qolgan ko’zlarini dalani bosib ketgan kuzgi qarg’alar misoli jazava va junun qoplab olgan edi.
— Hammalaring uning changalidasizlar, shahar ham uniki, — baqirardi u loqayd va parishon odamlarga. — U menga aytib turdi, men qurib berdim.

Birdan ishtaham bo’g’ildi va nazorat boshlig’idan bu barvastaning kimligini so’radim.
— Shu ko’chaning jinnisi, — dedi nazorat boshlig’i yuziga g’amgin tus berib. So’ng men kutmagan jiddiylik bilan hikoya qila boshladi. — Asli sizga kasbdosh. Boshliq aytgan me’mor shu kishi bo’ladilar. Shahrimiz uning loyihasi asosida qurilgan. U bosh me’mor, men esa unga yordamchi edim. O’zi juda g’ayratli, savodli va tinib-tinchimas odam edi. Shaharda biron g’isht ham uning ko’rsatmasisiz quyilmagan. U men bilgan me’morlarning eng ulug’i edi. Klassik va zamonaviy me’morchilik sohasida unga teng keladigan bilimdonni topish qiyin edi. U Lotin Amerikasi, Singapurdagi binolar qurilishini ham tinimsiz kuzatib borar, o’sha yurtlardan unga qalin-qalin xatlar kelib turardi. U «dunyoga eng ulkan va odamzot hali xayoliga keltirmagan shahar quramiz», deb xitob qilar, qachon qaramay chizmalar ichida o’ralashib o’tirardi. Rostdan ham aql bovar qilmas shahar qurildi. Hozir o’lat chiqqandan beri shahrimiz fayzsiz bo’lib qoldi, u paytlar esa shaharni naq xayolning jilvalari deb o’ylardingiz: nafis gumbazlar, serjilo bo’yoqlar, nozik va ehtirosli qalbning parchalari kabi marmarlar, abadiyatni suyar tura oladigan ustunlar, qiz bolaning ko’z yoshiday favvoralar — hammasi go’zal bir tarzda uyg’unlashib ketgandi. Bularning hammasi hali qurilib bo’lmasdanoq go’zal san’at asariga aylanib ulgurgandi. Shahar qurilib bo’lish arafasida boshimizga katta kulfat tushdi: me’mor tushida alahsirab chiqadigan odat chiqardi. Keyin alahsirash o’ngiga ko’chdi. U hamma narsadan shubhalanardi. Unga vasvos kasali yuqqan edi. Biz avvaliga e’tibor bermadik, bularni buyuk odamlarga xos parishonlik va injiqlik deb o’yladik. Ammo bir kuni u o’z ustaxonasini yoqib yuborgach, uning telba bo’lib qolganini angladik. U «butun shaharga o’t qo’yaman», deb baqirardi. Shaharni yoqib ulgurmay uni telbaxonaga jo’shatishga to’g’ri keldi. Telbaxonadan u mutlaqo jinni bo’lib chiqdi. Shundan beri u shaharni yoqib yuboraman deb o’dag’aylagani o’dag’aylagan. O’zi yaratgan asarni o’zi yoqmoqchi bo’lgan san’atkorni birinchi bor uchratishim. Shundan beri uni ma’muriy binoga kiritmaymiz. Gapi va vasvasasi demasa, o’zi beozor jinni, — nazorat boshlig’ining ko’zlarida telbaga nisbatan ehtirom zuhur etdi.

Nazoratchi «kasbdoshingiz» degandan so’ng telbaga tuzukroq razm soldim: deyarli adoyi tamom bo’lgan, kam uxlaganidan qovoqlari osilib qolgan, na kiyinishida, na chehrasida, na gap-so’zlarida avvalgi kasbidan darak beruvchi biron alomat qolmagan, faqat olis-olislardan eshitilayotgan musiqa yoxud vayron qilingan shahar o’rtasida xarobaga shukuh va shavkat bag’ishlab hilpirab turgan harir tug’ kabi shuncha junbush va xayol to’zonidan so’ng ham nozikligicha qolgan qo’llarigina o’sha xushvaqt va dorilomon davrlarni eslatib turar, ko’zlari botib bo’lgan quyoshning shafag’iday qizarib ketgan, chuqur lahmga o’xshash qora cho’g’larida yillar davomida zanglagan qilich kabi bir telba istehzo qotib qolgan, igohida olis o’tmishning ko’lankalari burdalangan sher kabi parcha-parcha bo’lib yotardi: o’tmish zulmatini yoritolmagan birpaslik alanga yanglig’ bu yuzni, bu vujudni yoritishga qurbi etmay sassiz-sadosiz bo’lgan edilar. Xoholar ekan, o’ziga qarab tobora bostirib kelatyogan shaharni emas, bunda istiqomat qiluvchi barcha yuraklarni ham allaqachon ishg’ol qilib olgan sukunat va qurquvni shu kulgusi bilan tor-mor qilib tashlayotgandek edi va garchi telba bo’lsa-da, shaharda men uchratgan qiyofalar ichida faqat uning yuzidagina cho’g’day tabassum yonib turardi, ammo bu tabassum ham masxaraomuz tirjayishga o’xshab ketar, o’limlarini jimgina kutib turgan ojiz va mahkum odamlarning, o’lat kezib yurgan shaharning, qurib-qovjirab, arvohday so’ppayib qolgan daraxtlarning, sirli o’lim sababini aniqlash va shaharga shifo baxsh etish uchun kelgan va hech narsaning uddasidan chiqmay, hech bir sirni echolmay, sharmandayu sharmisor bo’lib jimgina jo’nab qolayotgan biz kabi olifta va dag’dag’aboz tekshiruvchilarning va o’zini o’rab turgan hamda o’zining bir telba makriga dosh berolmay lolu hayron qotgan bani basharning ustidan istehzo aralash kulib turganday edi. Uchib yurgan o’qdek ko’zlari tagidan qo’rqa-pisa o’qrayib tikilishlariga qaraganda, telbani xo’randalar haddan tashqari yomon ko’rishar, chog’i, u gapirar ekan, ijirg’anib qo’yishardi. Bu meni g’oyat ajablantirdi. Telbani odatda hech kim yaxshi ko’rmagani kabi hech kim yomon ham ko’rmaydi. Sababini nazorat boshlig’i ham izohlab berolmadi:
— To’g’risini aytsam, — dedi u, — bu odamlar menga sira ham yoqmaydi. Hamisha nimadandir norozi, hamisha tng’illashgani, to’ng’illashgan. Axir shunday jannatmakon va go’zal shahar qurib berdik, yana nima kerak ekan bularga, hech tushunmayman.Nazorat boshlig’ining mushti g’azabdan siqilib kketganini ko’rib qoldim, hozir qo’yib bersa quturgan ayiqday butun shaharni vayron qilib tashlaydigan vajohati bor edi yuzida.

Telba esa nimadir esiga tushib qolganday, shartta iziga burildi va deyarli yugurib emakxonadan chiqib ketdi; ketib borar ekan, u menga dengizda tobora uzoqlashib borayotgan va so’nggi safarga jo’nab ketayotgan xaroba kemani eslatgan va izidan uzoq qarab qolgan edim. Uning telba nigohi va jazavasli qiyofasi xotiram taroqlarida uzoq vaqt ilashib yurdi: shunday holatga tushdimki, binolarni ham yig’ishtirib qo’yib, kasbdoshimizning qismati bilan tanisha boshladim; uning taqdiri yotgan hujraga kirib borgan sari shahardagi palapartish hashamatning siri ham oydinlasha bordi; nazarimda, shahar binolari xam junun va jazavaning hosilasi edi, go’yo butun shahar telbavor mahobat kasb etgandi. Ammo telbaning shov-shuhrat shohsupasiga chiqish arafasida aqldan ozib qolgani haqidagi ma’lumotdan boshqa hech qanday yangi gap ololmadim; ko’plar unga ochiq hasad qilib «Avvaldan telbaroq edi» deyishdan nariga o’tmadi; boshqa birlari esa «Shahar shu darajada go’zal va muvaffaqiyatli quriddi-ku, u buni kutmagandi, birdan aqli shoshib qoldi», deyishdib biroq shu narsa ayon edi-ki, u ko’plarning xotirasidan butkul o’chib ketgandi. Keyinchalik ham telbani o’sha ko’yi ko’chada ikki-uch marta ko’rdim: u xuddi o’zidan qolgan xotira shamlarini qaytadan yoqmoqchiday o’tgan odamga tirjayib tikilar, o’sha bir xil gapni takrorlardi. Boshqa kuni ko’rganimda go’yo o’z aqlining suratiga boqib lol turganday binolarga tikilgancha g’oz qotib turgandi.
U menga qarab javramoqchi edi, biroq oldidan tez yurib o’tib ketdim — to’g’risi, uning almayi-aljayi gaplari jonimga tekkan, bu so’zlar men uchun ma’nisini yo’qotgan edi Bu gal u ancha cho’kib qolganday, shahar oralab yurgan o’lim uning noqiso aqlida ham nihoyat yuz ko’rsatganday, javrashlari ham oldingiday g’azabnok emas, balki mungli va hasratli ohang kasb etganday edi; uning javrashlari menga tavba-tazarru qilayotgan gunohi azimkorning ming’irlashiday eshitilgandi. Balkim u mutlaqo telba emasdir, balkim telbalikning ko’chasidan ham o’tmagandir, balki bu xayol junbushidir, ehtimol, undagi junun o’zi qurgan shahar va binolarga qarshi aql qo’zg’olonidire! Nima bo’lgan taqdirda ham telba vahm, qo’rquv, to’zon va o’lat hukmron shaharning uyqus iqroriga o’xshardi.

Men xuddi onasiga o’chakishib, erga o’tirgancha big’illayotgan go’dakdek nuqul taqiqlangan ishlarni qilgim va odamlarning jig’iga tegib, taqdir bilan o’ynashgim kelavergandi. Ikki tomoniga turli shakldagi binolar qurib tashlangan, har muyulishga rangi ketib qolgan bayroqlar ilingan, go’yo o’tmas shamshirning tig’iday shaharning qoq o’rtasida to’shalib yotgan ko’chalardan yayov ketib borarkanman, meni har xir tuyg’ular chulg’ab olardi — hozir er yorilib tortib kketadiganday har qadamda yuragim bir hapriqib tushar — bularning hammasi shaharga kelib orttirgan vasvasalarim edi — shuningdek, qancha yurmayin yo’l hech qachon tugamaydigandek, butun umrim changu-to’zon qoplagan besamar hayotga o’xshaydigan mana shu yo’lga izsiz-sadosiz sochilib ketadiganday tuyulavergandi.
Bir kuni ximik xonamga kirib keldi-da, ko’zlarini yumgancha, «O’lay agar hech narsa tushunmayapman, dedi va so’ng xona bo’ylab yura boshladi, «qaerga kelib qoldim o’zie! Xuddi ertakka yoki qo’rqinchli tushga o’xshaydi. Kuniga qancha odam o’lib borayapti-yu, lekin o’limning sababi nimaligi hanuzgacha topilmayapti. Har kuni murda qiyofasidagi navbatdagi mag’lubiyatni uchratish jonimga tegdi, o’zimiz ham murdaga aylanmasdan bu erdan ketish kerak».

U to’g’ri aytayotgan edi. Uning ham xuddi o’zim kabi holdan toyganini, umidsizlik uni ham beshafqatlarcha chopib tashlaganini sezdim. Biz shaharda hech bir ishni oxiriga etkazish mumkin emasligini, hamma ishimiz, tekshirishimiz oxir-oqibat natijasizlik bilan tugashini, shahardagi har bir ko’chada, muyulishda, uyda o’limga mahkumlik, noma’lumlik poylab turishini nihoyat tushunib etgandik. Juda ishonch bilan kelgan keksa professor ham keyingi kunlarda suvga bo’ktirilgan tovuqday birdan tushkun bo’lib qolgandi; o’ziga, qudratiga ishongan odamning tushkunlikka tushishi juda og’ir kechadi, u bizni tez-tez jerkib tashlar, o’liklarga hafsalasiz ko’z yugurtirar, endi oldingi kunlardagiday shaharning u chetidan bu chetiga elib-yugurmasdi.

Ammo hammamiz tuni bilan o’larning sababi nima bo’lishi mumkin, deya bahslashib chiqar, professor endi munozaralarga ham qatnashmas, savollarimizga qo’l silkib qo’ya qolar, men uning yuzini quyuq o’rmonning ichiga kirib qolib, endi undan qanday chiqishini bilmay yotgan kishining yuziga o’xshatardim; darvoqe, bu sirli o’lim bosh-boshdoqsiz oqib borayotgan jilg’a kabi bizni aqlimiz ham, shuurimiz ham etmaydigan noma’lum tomonlarga boshlab ketgandi. Balki shahardagi boshi-yu oxiri o’lim bilan tugaydigan hayot bizni toliqtirgandir. Balki, qo’rqinchli va serg’ulu kunlarimizdan bir ma’no, bir mazmun izlab, tunning sirli va bepoyon mamlakatini xayol va savol tulporida kezib yurgandirmiz. O’sha paytlarda shunday holatda edikki, odam bo’lib uxlab, ertalab sherga aylanib uyg’onsak ham unchalik ajablanmasdik: shahar hayoti tasavvurimiz qal’alarini butkul vayron qilib tashlagan, u erda na chegara, na hudud qolgan, u erdagi devorlar kuchli zilzila ostida qolgandek bir-bir qulab tushgandi, ba’zan ko’ksimizda yurak emas, qatl nog’oralari gursillab urilayotgandek, bir-birimizga qo’rquv va hasrat bilan tikilib qolardik.

Ertalab meni ximik uyg’otdi:
— Ey, Mikilanjelo turing, professor sizga mana bu narsani berib yubordi.
O’rnimdan turib kerishdim, quyosh chiqib, ko’chalarda tonggi salqinni haydab bo’lgan, hamma ish-ishiga ketgan edi. Nima ue
— Kecha bir telba o’lgan ekan. Professor buni o’shaning cho’ntagidan topib olibdi. Shaharga taalluqli bo’lsa kerak deb jo’natibdi.
Men o’zimga kasbdosh bo’lgan telbani darrov esladim.
— qanday telbae! quyi ko’chadagi telba emasmie
— O’sha, — dedi ximik qo’l siltab. — Bechora tik turgancha qotib qolibdi. Professor hozir murdaning yonida. O’ziyam cho’ntagida bir umr olib yurgan, chog’i, — u sumkasidan ezilib, sarg’ayib ketgan xarita nusxa qog’oz chiqarib uzatdi. — Bu shaharning telbalari ham olim bo’ladi, shekilli.

Men shoshib qog’ozni ochdim: avvaliga hech narsa tushunmadim. U cho’zinchoq, yassi shaklda chizilgshan, bir necha joyi doira ichiga olib qo’yilgandi. Uni uch-to’rt marta aylantirib, ko’zlarim o’zim kezib chiqqan ko’chalarning belgilariga tushgach, hayrat va dahshatdan nafasim ichimga tushib ketdi; avval ko’zlarimga ishonmadim; boshimni silkib-silkib yana qaradim; yo’q, ko’zlarim aldamagan edi va mana shu bir necha soniya ichida shaharda paydo bo’lgan o’latning tub sababini anglab qolgan edim; titrab ketganimdan qo’limdan chizma tushib ketdi va shu turishda uzoq vaqt dong qotib turdim. Shu kuni qaerlarda bo’lganim esimda yo’q, aftidan, chizmadagi ko’chalarni o’z ko’zim bilan ko’rish uchun shahar aylangan bo’lsam kerak — chizma aynan shu shaharning loyihasi edi. Yana shu esimda-ki, men tekshiruv guruhidan ertagayoq qaytib ketamiz deb qat’iy talab qildim. Endi tajribalaridan natija chiqishdan umid uzgan professor ham gapimni ma’qulladi:
-Baribir bu erda hech narsa qila olmaymiz. Ketganimiz tuzuk.

Shahar boshlig’i ahdimizdan qaytara olmadi, uning yuzida g’olib qo’shinning yaloviday zafarli istehzo paydo bo’lgan, professorning jig’iga tegish uchun ataylab bizni yana bir necha kun qolishga undar, faranglarnikiga o’xshash bu o’latning sababini topish unchalik qiyin emas, deb tovush chiqarib ming’illardi. U professor ustidan g’alaba qilganidan xursand edi. Ammo professor unga ortiqcha e’tibor bermadi: mening ham, fahmimcha butun guruhning ham. Bu o’laksa anqib yotgan shaharda bir kun ham turgimiz kelmayotgandi. Biz shu paytgacha o’lim kabi buyuk va o’lim kabi yovuz iqtidorning ko’chalarini kezib yurgan edik.

Ertasiga shaharning ulkan darvozasidan chiqib ketar ekanmiz, men bu manzilning mangu o’limga yuz tutganini, uni endi hech kim qutqarib qololmasligini, xuddi quyosh botgandan so’ng tu kelishi muqarrarday, tiriklik quyoshi botgan, ko’chalarida o’lim va telbalik kezib yurgan bu shaharga vayronalik tashrif buyurajagi, uzoq yillar hukm surgan e’tiqod birdan xarobaga yuz tutgani kabi bu shahar ham endi tanazzul tomon og’ishmay ketajagi haqida vahm va qo’rquv bilan o’yladim.

* * *

U xonamga kechqurun kirib ketdi: juda horg’in edi, ko’zlarida dahshat aralash junun o’ynardi.
Bir necha kun ichida u mushtday bo’lib qolibdi. Men uni kasal yuqtirgan chog’i deb o’yladim va uyga taklif qildim. U xonam to’riga qo’yilgan kursiga o’zini tashladi va yuzini qo’llari orasiga ancha vaqt yashirib o’tirdi, so’ng xuddi hamma narsani bosib yanchib o’tayotgan bo’ron kabi bir telbavor ohangda pichirladi:
— Butun shahar tobut shaklida qurilgandi. Men buni loyihada ko’rdim. Biz shuncha kun tobutni kezib yurgan ekanmiz…

SHARPA

Xonangdagi sharpani sezib qolganingga ancha bo‘ldi. Uning sharpa ekaniga endi iymoning komil edi. U goh g‘uslxonada, goh kitob o‘qib o‘tirganingda, goh xayol surib yotganingda shunday yoningda paydo bo‘lar, sovuq ko‘zlarini senga tikib turganini sezib qolarding. Dastlab men shunday tuyulayapti deb, o‘ylading. Ammo xuddi sarobday yoningda shovur va jimirlashni sezgach, uning sharpa ekaniga shubhang qolmadi. Yolg‘iz qolding deguncha u, to‘g‘rirog‘i, uning sharpasi paydo bo‘lar, u qaydan keladi, qaydan paydo bo‘ladi, bilmasding. Lekin yolg‘iz qolsang, xonada vajohat bilan keza boshlardi. Albatta, seni g‘aflatda qoldirish, so‘ng birdan tashlanish uchun payt poylab yurganini, xuddi boshingda qilich osilib turganday uning paydo bo‘lishi sen uchun xatarli ekanini, uning har burchakda va har xilvatda, har qadamda mavjud ekanligini his qilib turarding. Qo‘lingga biror tig‘dor qurol ushlab, xonalarni zimdan kuzatar, qaerda sharpa sezsang, o‘sha tomonga tashlanar, ammo sharpa juda makkor, u lip etib orqangga o‘tib olar, so‘ng sening xotirjam bo‘lishingni kuta boshlardi. Uning xonangda nafas olayotganini va sening vujudingda paydo bo‘lgan qo‘rquv bilan birga kundan-kun kattarib-semirib borayotganini ichki xavotir bilan sezar, bu sharpani o‘ldirishim shart deya ahd qilar, u tirik ekan, tinchlik bo‘lmaydi va bir kuni u meni yutib yuborishi mumkin, deya vahimaga tusharding. Uning tishi bormi yoki zaharlimi, yo bo‘lmasa Afrika ilonlariga o‘xshab faqat bo‘g‘adimi, buni ham bilmasding. Bilganing shuki, bu sharpa mavjud va u senga tashalanish uchun qulay payt izlab yuribdi, deya o‘ylar, bu fikr seni battar vahimaga solardi. Uning juda ayyor va makkor ekanligi shundan ma’lum ediki, agar uyingga birov kelsa, u sezdirmay, qaygadir berkinib olardi. Sharpa ikki kishiga hujum qilish qaltis ekanini juda yaxshi bilardi, chog‘i. Agar mehmon bir hafta yo ikki hafta yashab qolsa, u shuncha vaqt mobaynida o‘zi namayon qilmasdi. Biroq mehmon ketishi bilanoq u yana seni ta’qib qila boshlardi. U paydo bo‘lganda yelkangda uning nigohini tuyara, negadir uni suyaklaring va tering juda qiziqtirsa kerak deb o‘ylarding. U seni yakka holda daf qilishga urinardi; go‘yo u ham butun dunyodan ko‘ngil uzib, xuddi eski kema endi ortiq suzolmasligini bilib, halokatga yuz tutgani kabi yolg‘izlikka yuz tutganingni bilganday, aynan shuning uchun seni bu uzlat va osoyishtalikdan quvib chiqarmoqchiday edi. Oylar o‘tib, bu makkor sharpa xonangda vahima chirog‘ini yoqib bo‘lganda va sen bu chiroq shu’lasida ojiz, aftoda va tashlandiq alfozda kezib yurganingda, sharpa yana ham vahshiy, haybatli, betakror qo‘rquv manbai bo‘lib tuyular, sen esa uni xonangdan haydab chiqarish uchun behuda urinarding. Ortiq bunday yashay olmasding. Seni ko‘rganlar nega bunchalar ozib ketding, deya so‘rar, biroq ularga sharpa haqida hech narsa deya olmasding, ammo rostdan ham go‘yo qurib-qovjirashga yuz tutgan daraxtdek kunma-kun ozib-to‘zib borar, badaningdan zahillik, xazon hidlari anqiy boshlagandi, xayoling parokanda, iching bo‘shab qolgan, u yerdagi bo‘shliqni sharpa vahimasi-yu, vas-vasasi to‘ldirgandi.

Bir kuni uni qaydan bo‘lmasin izlab topishga ahd qilding. Qo‘lingga xanjarni tutgancha avval burchaklarni, so‘ng oshxona va yuvinish xonasini izlab chiqding. Uning nafasini aniq eshitib turarding, lekin qaerda ekanini bilib bo‘lmasdi. Eski kiyimlaringdan tortib, stol tortmalarigacha titkilab chiqding. U hech joyda yo‘q edi. Oxiri izlayverib holdan toyding. Shunda senga birdan u sharpa javondagi kitbolar ichiga yashiringanday tuyuldi; ikki-uch kitobni olib varaqlab, bunga shubha qilmading. Kitobda uning izlari qolgan edi. Izquvarlikni bas qilishga to‘g‘ri keldi. Chunki barcha harakatlaring zoya ketgandi. Uni topish uchun har bir kitobni birma-bir varaqlab chiqish kerak edi. Buning esa sirayam iloji yo‘q, bir oy o‘tirib izlasang ham u sharpani baribir topolmasding. U kitobdan kitobga o‘tib yuraverardi. Sen u sharpa bilan bir xonada yashab turishga majbur eding. Lekin uning ta’qibi borgan sari kuchayar, kechalari ham uxlamay hushyor yotishingga to‘g‘ri kelardi. Ba’zan haddan tashqari vahima chulg‘ab olardi. “Hoy, sen sharpa, — derding unga tovush chiqarib, — sen meni alday olmaysan, qaysidir burchakda meni poylab o‘tiribsan. Sening niyating menga ma’lum, shuning uchun meni dog‘da qoldirishing qiyin. Kel, yaxshisi, mening xonamni tark et, ket, mening xonamdan. Men osoyishta va tinch yashashni istayman”. Biroq sharpa hujrangni tark etmasdi. U qaysidir burchakka o‘ljasini poylab turgan mushukdek pusib olar, seni g‘aflatda qoldirish soniyasini kutardi; bu soniya har qanday damda sodir bo‘lish mumkin, sen qanday sodir bo‘lganini bilmay qolishing ham mumkin. Sen sharpaning shakli-shamoyilini ko‘rganing yo‘q, faqat ta’qib etilayotganingni va ta’qib etishayotganini his qilib turarding. Sening bezovta bo‘lishingga, sharpa haqida har xil xavotirga borishingga shuning o‘zi yetadi deb o‘ylarding. Faqat uyda emas, hamma joyda ishda, yo‘lda, tomoshaxonada, mehmonda, qaerda bo‘lma, o‘sha yerda seni nimadir, kimdir ta’qib qilardi. Ta’qib adoqsiz, so‘ngsiz edi. Sen birdan bu ta’qib tufayli aqldan ozib qolsam kerak deb o‘ylarding. Senga har doim, har lahza qandaydir tojavuzkor nigoh tikilib turganday tuyular, u sening har bir harakatingni kuzatib turar, go‘yo sen qattiq qo‘riqlanayotgan va baland devorlar bilan o‘rab tashlangan, qachon ozod bo‘lishing, qachon devorlar qo‘porilishi, qachon seni qo‘riqlab yotgan posbonlar ketishi noma’lum mangu mahbuslikka va erksizlikka mahkum etilgan qo‘rg‘onga o‘xsharding va bu qo‘rg‘on devorlaridan oshib, yot bir nazar hech qachon ichkariga tushishi mumkin bo‘lmagani kabi sening ham xavotir va shubhalardan dildirab turgan tahlikaga mahkum ichkaringga hech kim sharpani chetlab o‘tib kirolmas, aksincha, kunma-kun sharpa ta’qibi kuchayib, seni o‘zining ojiz va zabun asiriga aylantirib borardi, zero, sharpa endi xonangda sezdirmay o‘z saltanatini o‘rnatgan, sening o‘zing yakkayu yagona fuqorosi bo‘lishingga qaramay, bu saltanatga yot bo‘lib qolganding va yot bo‘lib borarding. Sharpa vahmi egallab olgan shuuring endi seni o‘z mulkidan asta-sekin xuddi yot qo‘shinlarni mamlakat hududidan haydab chiqarayotgan lashkardek haydardi. Sen o‘zingdan haydalarding. Yuragingning qaysi burchagiga boqma, u yerda seni beo‘xshov va jonhalok sharpa vahmi kutib olar, sen xotirjamlik derazasini qanchalik urma, seni ichkariga kiritmasdilar. Sen sharpa haqida o‘z tanishlaring, yaqinlaringni xabardor qilish zarurligini anglading. Balkim ko‘plashib sharpadan xalos bo‘lish chorasi topilar? Sharpa haqida birinchi bo‘lib gapirgan do‘sting senga ajablanib tikildi- u seni uydirma qilayapti deb o‘ylagandi. Biroq ko‘zlaringga boqib, yolg‘on gapirmayotganingga ishondi va bir necha hafta sen bilan birga yashashga, sharpani o‘z ko‘zlari bilan ko‘rishga rozi bo‘ldi. Kechqurun u xonangda qurol-yarog‘-to‘r, olov purkagich, arqon bilan paydo bo‘ldi va va’da berganiday sen bilan bir necha hafta birga yashadi. U seni uxlatib, tunlari boshingda qoravullik qilar, yarog‘larni shaylab turardi. Bir necha hafta do‘sting uyqusizlikdan ozib-to‘zib, abgor qiyofaga kirdi. Sen uning sadoqatidan ichingda g‘ururlanarding. U tunlari har bir xilvatni poylab tong ottirar, ertalablari uyg‘onar ekan, uning uyqusizlikdan ko‘zlari qizargan, qurolini qo‘lida mahkam qisgancha, esnab o‘tirgan holatda ko‘rarding. Oxiri uning hafsalasi pir bo‘ldi. Asbob-anjomini joylab, jo‘nab ketar ekan, senga achinish va biroz mazax aks etgan ko‘zlarini tikdi.
-Bilasanmi,- dedi u eshik oldida sening xayrlashishish uchun cho‘zilgan qo‘lingni qattiq qisar ekan.- Bu uyda sening o‘zingdan boshqa hech qanday sharpa yo‘q. Sharpa sensan!

Do‘sting o‘ljasiz qaytayotgan ovchiday zarda bilan katta-katta qadam tashlab seni yana yolg‘iz tashlab ketdi. Shuncha paytdan-do‘sting bilan birga yashayotgandan beri sasini ham sezdirmagan sharpa eshik yopilishi bilan yana yelkang osha seni poylashga tushdi: sen g‘ayri shuuriy tarzda uning paydo bo‘lganini sezding. Do‘stingning gaplaridan so‘ng sen sharpa haqidagi gaplaringga o‘zingdan boshqa hech kim ishonmasligiga va bu sharpa faqat menga ko‘rinishga va faqat meni mahkum etishga mustahiq etilgan degan qarorga kelding va boshqa bu haqda hech kimga lom-mim demaslikka va kulgu, masxaraga qolmaslikka qaror qilding.

Sen kechalari tush-u hush aralash ixrashlarni, shovurlarni eshitib qolar ekansan, unga qarshi chiqishga o‘zingda hech bir umid qolmayotganini sezarding. Barcha umidlaringni sharpa vahmi o‘g‘irlab olgandi. Biroq sen o‘zingning xonadan butunlay surib chiqarilmasliging uchun tovush chiqarib, unga urush e’lon qilar, bu urush e’lon qilishdan ko‘ra ko‘proq taslim bo‘lishga o‘xshardi. Sen sharpani yengish va xonangdan haydab chiqarish uchun ichki bir jasorat topishni istar va shu istakkina seni hayot bilan bog‘lab turardi. Avvaliga sen u sharpaning jismi va shamoyilini aniqlash uchun har xil tajribalar o‘tkazding. Oyna oldida soatlab yelkang osha to‘kilib turgan zulmatga boqib turar, zora ko‘zguda uning shamoyili ko‘rinib qolsa deya umid qilarding. Ammo sharpa sendan ayyorroq chiqdi, u oyna oldida o‘tirganingda biron marta ko‘zga tashlanmadi, senga hujum ham qilmadi. Bu tajriba natija bermagach, endi sharpani haydash va cho‘chitish uchun seni olis bolaligingdan beri haligacha tark etmagan odatingga ko‘ra devorga qushlarning suratini chiza boshlading. Sen bu suratlar bilan o‘zingning hali tirikligingni va yashayotganligingni, seni hali ham hayrat va shavq tark etmaganini sharpaga ko‘rsatib qo‘ymoqchi eding. Suratlaring avvaliga ancha beo‘xshov chiqayotgandi, bora-bora qushlarning suratini chizishga shunchalik ustasi farang bo‘lib ketding-ki, xonangga to‘satdan kelib qolgan kishi surat ekanligini bilmasa, devordagi rasmini ko‘rib, qush uchib yuribdi deb o‘ylashi mumkin edi. Sen xonada yolg‘iz qolmaslik, sharpaga butkul asir bo‘lmaslik uchun xonangni qushlar suratiga to‘ldirib yubording. Endi qushlar yerda, devorlarda, shiftda, to‘shaklaringda, oshxonada uchib yurishardi, ular erkin va ozod edilar. Sen ularning emin-erkin parvozini ko‘rib, quvonarding. Qushlar go‘yo sen erisholmagan va bir umr orzu qilgan manzaraning bir parchasi edi; uying oq chag‘alaylar uya qurgan va parvoz qilib yurgan dengiz o‘rtasidagi yolg‘iz va mag‘rur qoyaga o‘xshardi. Qushlar parvozi va qiyqiriqlari bilan dengiz shovullashi qo‘shilib, ajib bir go‘zallik paydo qilar, dengiz chayqalar, qushlar tinimsiz qanot qoqardi.

Bir kuni qushlarning galalab uchib yurishi ham senga halaqit berayotganini anglading, xususan, sen tasavvur qilgan sharpa oldida bu qushlar mitti va ojiz edilar. Shunda barcha qushlarni yoqib tashlab, to‘g‘ri devorning o‘ziga xonangni to‘ldirib turadigan ulkan qushning suratini chizding. Chizib bo‘lguncha ulkan toshga ulkan qush aksini o‘yib solgan haykaltaroshdek horib-tolib qolding. Lekin bu horg‘inlik lazzatli va farog‘atli edi. Qushning qanotlari parvozdagiday keng yoyilgan, ko‘zlarida qat’iyat va jasorat aks etardi; u shu uchishida butun yer yuzini ko‘tarib uchadigan shahdi bor edi go‘yo; uni parvoz va erkidan boshqa hech narsa qiziqtirmas, u hamma narsadan yuksak va baland edi. Sening-cha uni hech kim yer yuziga tortib tushirolmas, parvozidan, erkidan ayro qilolmasdi; sen qushga qo‘shilib, osmonlarda uchib yurarding, yerga qaytib tushishini istamasding. Uchish naqadar zavqli va farog‘atli edi. Sen bepoyon kenglikda ozod va erkin uchib yurar, yuksaklikda senga hech kim daxl qilolmas, vahm, qo‘rquv, tashvishlar, hammasi pastda qolib ketgandi. Sen o‘z xonangning va o‘z orzularingning qushiga aylanib qolganingdan baxtiyor eding; uni to‘shakda cho‘zilib yotgancha soatlab tomosha qilar, qushning uchqur va baquvvat qanotlari xayolingga parvoz, o‘zingga kuch va dalda berardi. Biroq bu quvonching uzoqqa cho‘zilmadi; bir kuni tongda ko‘zingni ochganingda qushni qanotlari to‘zg‘oq, aftoda va zabun holatda ko‘rding; uning patlari xonada to‘zib yotar, o‘zi esa jonsiz va harakatsiz edi; qanotlari yulib olingan bu qushni ko‘rganingdan so‘ng tunda uxlab yotganingda sharpa bilan mardonavor olishib halok bo‘lganini sezding. Qush sharpadan seni himoya qilib, tonggacha kurashib, keyin jon taslim qilganini anglading. Sharpa senga o‘zining kuch-qudratini namoyish qilish uchun ham qushni shafqatsizlarcha g‘ajib tashlagandi. U sening yolg‘iz umidingni ham so‘rib olishni istagandi. Sharpani yengadigan, uni xonangdan haydab chiqaradigan kuch yo‘qligini namoyon qilmoqchi bo‘lgandi; biroq sen bu marta umidsizlikka tushishni ep ko‘rmading. Qushning o‘limi senda yana umid, qanday bo‘lmasin o‘zingning mavjudligingni, mavjud bo‘lib qolishingni, seni egish, bo‘ysundirish, mute qilish oson emasligini isbotlash istagini uyg‘otganini sharpa bilmasdi. Qush mardonavor o‘limi bilan senda qanday bo‘lmasin sharpaga qarshi kurashish tuyg‘usini paydo qilgandi. Sharpa esa yolg‘iz qolding deguncha xonangda keza boshlar, tunda, ayniqsa, u yayrab ketardi. Bu esa sendan hech qachon g‘aflatda qolmaslikni talab qilardi. Shuning uchun sen xonangdan zulmatni haydab, hamisha yorug‘ bo‘lishning yo‘lini axtara boshlading. Bu yo‘lni oxiri topding ham. Xonang shiftiga ko‘m-ko‘k moviy osmon va porlab turgan quyoshning suratini chizib qo‘yding; osmon bepoyon va go‘zal edi, quyosh esa kecha-yu kunduz hech qachon bu yerlarga tun, zulmat kelolmasligidan darak berib, porlab turardi. Sen o‘zingning kichkina osmoningni va quyoshingni topgan eding; xonangda osmon va quyosh paydo bo‘lishi bilan sharpa g‘oyib bo‘ldi, nihoyat sen g‘alaba qilding. Sharpa yengilgan edi. Sen sharpadan abadiy qutilganingga shubha qilmasding. Sharpa doimo quyosh nurlariga g‘arq xonangga hech qachon tashrif buyurolmasdi. Sharpa quyoshdan va osmondan qo‘rqardi. Sen esa to‘shakda yotgancha shunday qo‘l uzatsa yetadigan osmonni, quyosh nurlarida ham elas-elas ko‘zga tashlanayotgan olis yulduzlarni tomosha qilib, zavqlanib yotarding. Osmonga yaqin, osmon bilan birga yashash qanday lazzatli edi! Qandayin dilbar edi. Ammo seni baxtsizlik kutib turganini xayolingga keltirmasding. O‘sha kuni uyga qaytib, xonang zulmatga cho‘kkanini ko‘rib, ingrab yubording. Sharpa quyoshni qopqora bo‘yoqqa bo‘yab qo‘ygan, osmon esa zulmatda ko‘rinmay qolgandi. Zulmat ichida xonaga kirishing bilan seni jangga undovchi shitirlash eshtildi – bu sharpa edi; u senga och, yovuz ko‘zlarini tikib, uy burchagida turardi. Endi uni aniq ko‘rib turarding. U zulmatga g‘arq bo‘lgani kabi yo zulmatning bir qismi kabi zulmat ichida g‘imirlar, ozurda, telba, alamzada va xarros holatda edi; sen uni bir zum ko‘rding-u shu on u yana ko‘zdan yo‘qoldi. Endi u tun-u-kun xonang bo‘ylab tinimsiz kezib yurar, seni g‘aflatda qoldirishi uchun payt poylardi. Sen endi mahkum eding, endi u bilan birga bo‘lishga, uning yovuz xavotiri va ta’qibi ostida bir umr yashashga mahkum etilganding. Go‘yo tarozining ikki pallasiday, sharpa va sen, bir-birlaringni goh u seni, goh sen uni ta’qib qilib, soniyalarni, lahzalarni, daqiqalarni, kunlar va oylarni quvlab yashar, sharpa senga berilgan umr tugaguncha, yo sen sharpani yo sharpa seni butkul yengmaguncha ta’qib va vahm og‘ushida, u chizib bergan zulmatga g‘arq etilgan yulduzsiz osmon ostida yashashga mustahiq etilganding.

045

(Tashriflar: umumiy 203, bugungi 1)

Izoh qoldiring