Яқиндан бошлаб ўзбекча интернет тармоғида тасаввуф.уз сайти иш бошлади. Мазкур сайт иш бошлаганидан хабардор қилиш мақсадида унинг саҳифасида эълон қилинган Халқаро Аҳмад Яссавий мукофоти совриндори Сайфиддин Сайфуллоҳнинг «Тасаввуф моҳияти» мақоласини диққатингизга ҳавола этмоқдамиз.
ТАСАВВУФ МОҲИЯТИ
Сайфиддин Сайфуллоҳ
Филология фанлари номзоди
Яратган ва ўзини танитган Парвардигоримизга беадад ҳамду санолар бўлсин! Унинг энг маҳбуб бандаси, севикли пайғамбаримиз — Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга, хонадон аҳллари ва саҳобаларига чексиз салоту саломлар бўлсин! Ислом дини ва маданиятининг руҳи, тамал асоси бўлган тасаввуф илми, яъни ислом тасаввуфи ўз тарихи, шаклланиш ва такомиллашиш жараёнига эга. Машойихи изом ва авлиёи киромларни ҳақиқат манзилига етаклаган исломий тасаввуф — эътиқод, ахлоқ, фикр, адабиёт, санъат, фалсафа, борингки, ҳаётнинг турли-туман жабҳаларидан чуқур жой олиб келди. Тасаввуф ва тариқат масаласи ўтмишдаги каби бугунги кунда ҳам кўп баҳсларга сабаб бўлган мавзулардан биридир. Унинг ўзига хос илм соҳаси, амалий ва назарий ҳамда руҳий ва тажрибавий хусусиятлари мавжуд. Жумладан:
1. Тасаввуф тажриба орқали ҳис қилиб, яшаб, англашиладиган ҳол илмидир.
2. Тасаввуф амалда қўлланадиган бир илм бўлганидан муршид ёки шайх (ёки пири комил) дейиладиган устоз ҳузурида ва унинг тарбияси остида ўрганилади.
3. Тасаввуф илмининг мавзуси маърифатуллоҳдир.
4. Тасаввуф сирларини ўргатган муршид ёки шайх (ёки пир) деган кишининг ҳазрати пайғамбаримизга уланадиган узилиб, қолмаган бир силсилага соҳиб бўлиши керакдир.
5. Тасаввуф китобий бир илм эмас. Яъни бирор киши тасаввуфга доир ёзилган китобларни ўқиб, (пир ва унинг кўрсатмасини бажармасдан) шайх ва сўфий бўлолмайди.
6. Тасаввуф моварои ақл (ақлдан устун) бир илмдир.
7. Тасаввуф кўз билан кўрадиган бу шаҳодат ва носут (биз кўрмайдиган) оламидан ташқари, ҳар замон ғайб оламидан баҳс этади.
8. Тасаввуфга, тариқат деб аталган ва Аллоҳга еткарадиган ўзига хос йўллар билан кирилади. ҳазрати расулуллоҳдан бизгача етиб келган бу таълимот, шариатга асосланиши билан бирга, айрим сирли ва пардали жиҳатларга, ўзига хос хусусиятларга ҳам эга бўлганлигидан, бу соҳага нисбатан турли-туман қарашлар, нуқтаи назарлар ҳам пайдо бўлган…
Бу соҳа тарихига назар ташласак, Қуръони карим ва ҳадиси шарифга таянган тасаввуф бағрида қодирия, яссавия, кубравия, суҳравардия, нақшбандия, шозалия, халватия, мавлавия, бадавия, дасуқия, жалватия каби бир қанча тариқатлар шаклланди, ривожланди. Мусулмон миллатлари шу каби тариқатлар таъсирида маънавий камолот ҳосил қилиб келдилар ва келаётирлар. Ислом дунёси фан ва маданиятдан муносиб ўрин олган ҳазрат Имом Аъзам, Хожа Аҳмад Яссавий, Имом Ғаззолий, Юнус Эмро, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Румий, Баҳоуддин Нақшбанд, Фақиҳ Абуллайс Самарқандий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий Сўфи Оллоёр, Муҳаммад Зоҳид Қўтқу каби улуғ сиймоларга тасаввуфнинг маънавий етуклик пиллапояси бўлиб хизмат қилганлиги шоёни диққатдир. Шунинг учун ҳам бу табаррук зотлар руҳан пок, ахлоқан комил, маърифатли, муҳаббатли, тақволи, солиҳ, мухлис, муҳсин, мушфиқ ва ҳикмат сохиби эдилар. Улар ҳар жабҳада: дунёвий ва ухравий ишларда Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳазратларига эргашганликлари учун ҳам номларини эҳтиром билан тилга оламиз. Зотан тасаввуф ғояларига, у илгари сурган талабларга назар ташласак, қайсидир оят ва ҳадисга асосланганлигини кўрамиз. Афсуски, бу ҳақиқатни тан олмайдиган, тасаввуфга бадбинлик назари билан қарайдиган ёки унинг қайсидир жиҳатини танқид қиладиган кишилар ҳар бир даврда бўлганидек, бугунги кунда ҳам бор. Хўш, нега “Ислом руҳонийлигини зоҳир этадиган унумдор бир майдон” (Абул Аъло ал-Афифий) бўлган тасаввуфга қарши кучлар пайдо бўлишган? Мухолифчиларнинг мақсад ва иддаолари нимадан иборат эди? — деган савол туғилади. Аслида бу савол алоҳида тадқиқотни талаб қилса-да, биз жузъий мулоҳазаларимизни баён этишни лозим деб топдик.
Дарҳақиқат машҳур дин олимларидан Имом Фахр Розий, Ибн Таймия (ваф. 728/1327), унинг шогирди Ибн Қаййим Жавзия (ваф. 790/1388) кабилар “фиқҳи зоҳир” бўлган шаръий илмларни пухта эгаллаган бўлсалар-да, “фиқҳи ботин”* бўлган тасаввуф илмига майл ва рағбат кўрсатишмаган. Сайру сулукнинг амалий ҳаётида яшамаганликлари учун уларга тасаввуфнинг сир пардаси очилмай қолган… Зеро, илмли бўлиш ҳали том маънода фазилатли бўлиш дегани эмас. Баъзи саҳобалар авом эдилар, аммо ихлос, самимиятлари туфайли Аллоҳнинг инояти ила сирлар оламидан воқиф бўлардилар, басират кўзи ила ашёлар моҳиятини кўрардилар… Машҳур мутасаввиф Ибн Арабий (в. 638/1290) Фахриддин Розийнинг “Тафсири Кабир”и муносабати билан ёзган мактубида ўқиб, ўрганиладиган илмдан ташқари, Аллоҳдан келадиган илм, илҳом, кашфу ҳоллар борлигини айтади. Бундай илмнинг ҳар қандай илмдан юксак эканлиги ва бу илмнинг асосан тариқат йўли билан қўлга киритилишини таъкидлайди ҳамда Имом Розийни тариқатга киришга ундайди.
Ибн Арабийнинг ўзи “Фусусул ҳикам” ва “Футуҳоти Маккийя” асарларини илоҳий илҳом, завқу шавқ билан ёзганини асар муққадимасида қайд этиб ўтган.
1. Мутасаввифлар эса “шариатсиз тариқатга кириб бўлмас”лигини яхши билган ҳолда аввало шаръий илмларни пухта эгаллашган, ҳатто баъзилари бу соҳада замонининг пешқадам уламоларидан ҳисобланишган. Аҳли тариқат бўлган, авлиёуллоҳлардан бири: “Мен уч хил илм ҳосил қилдим: биринчиси оммага хос бўлган шариат илми; иккинчиси фақат аҳли тариқат англайдиган “хос” илм; учинчиси ўзим ва Аллоҳ ўртасидаги “хос-ал-хос” илм деб илму маърифат даражаларидан хабар берган…”
2. Мазкур олимлар сохта шайхлар, ботил тариқатлар, қаллоб дарвишларни кўриб: “Тасаввуф шундай бўладиган бўлса, бундай тасаввуфнинг бизга кераги йўқ!” деб ҳақли эътироз билдиришган. Мутасаввифларимиз ҳам асарларида сохта шайх ва дарвешларни бот-бот танқид қилиб туришган. Султонул орифин, пири Туркистон Хожа Аҳмад Яссавий бир ҳикматларида: Тариқатга шариатсиз кирганларни, Шайтон келиб, имонини олор эрмиш. десалар, муножотларида ёзадилар:
Ўзини шайх олур кулбори холи,
Йигирма бешга етмай они соли.
Насиҳатлар қилур пиру жавонни,
Ўзи фаҳм этмайин яхши ямонни.
Аларни сўзлари золлу музилдур,
Шариат аҳли бу элдин хижилдур.
Инонсун деб муни бир неча беақл,
Қилурлар авлиёлардан муни нақл.
Қўюб домин гузаргоҳларға бепир,
Тили макру ҳиял, қилғони тазвир.
Ани макри эрур Шайтондин аъло,
Қўпар юзи қаро, маҳшарда танҳо.
Аларни кўрмангиз юзини ҳаргиз,
Анингдек лаънатидин айланг парҳиз.
Нақшбандия тариқатининг мансуби, унинг фаол тарғиботчиси, улуғ мутафаккир ва мутасаввиф шоиримиз Алишер Навоий ҳазратлари ҳам асарларида тез-тез сохта шайх, қаландар ва дарвишларни, “риёйи хирқапўшларни” қаттиқ танқид қилганлар. Масалан, “Маҳбубул қулуб”да: “Сурати дарвишваш ва маъниси саросар ғаш” шайхни шаклу шамойили, риёси ва юриш туришини ҳажв қилиб бундай дейдилар: “ҳайҳот-ҳайҳот, уят, юз минг уят! Турфа бу ким бу мазҳарға муридлар ҳам бор, хизматида барча шефтау беқарор. Ул бу дуконни юрутуб тадбир била ва бу маъракани қуруб тазвир билаким, шаётинға ҳайратдур ва деви лаъийнға мужиби ибрат ва нафратдур”.2 Юқоридаги мисоллардан ҳам кўриниб турибдики, Мутасаввифларимизнинг ўзлари ҳам тасаввуфни “сунний” ва “ботил” тариқатларга ажратиб, ботилини кескин танқид қилган ҳолда, қарши кураш чораларини излаганлар. Тасаввуфга баъзи ташқи муҳит, ўзга маданият ва одатлар, фалсафалар таъсир қилганини рўкач қилиб, унга эътироз билдирганлар ҳам бор. Китобларда бу масала баҳс этилган ва сўнгги хулоса сифатида Ислом тасаввуфининг манбаи Қуръон ва ҳадис эканлиги, унинг руҳи, йўналиши ўзига хослиги исботланган.
1. Профессор Мустафо Қара тасаввуфда ташқи муҳит ва маданиятларнинг таъсири ва исломлашиши, муштарак инсоний туйғуларнинг сўфиёна шаклда ифодаланиши ва бошқа қатор сабабларни ўрганиб бундай хулосага келади: Булардан қатъий назар Ислом тасаввуфи Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар йўналтирган ўзига хос бир усулга эга бўлган ҳаракатдир. Кейинги манба ва таъсирлар аҳамияти иккинчи даражалидир. А. Никольсон, А. Шиммел каби Оврупо шарқшунослари ҳам шу фикрдалар.
2. Баъзи Оврупо шарқшунослари исломни заифлаштирмоқчи бўлиб, атайин тасаввуфни исломга қарши қўйдилар. Улар “тасаввуфга ташқи таъсир масаласини” ва унинг “ҳол”, “мақом”ларидаги нозик нуқталарни нотўғри талқин қилиб, кўпларни чалғитдилар. Афсуслар бўлсинким, баъзи, ислом олимлари ҳам улар изидан боришди. Диёримизда эса бу ҳол шўролар даврида кенг авж олди. Худога шукрки, бугун биз ўзлигимизни таниб, ғаразли мақсадда ёзилган тадқиқотларга жавоб бериш имконига эгамиз! Тўғри, Расулуллоҳ (с.а.в.) замонида тасаввуф деган сўз ёки илм соҳаси йўқ эди. Ахир, бу даврда тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид каби илмлар ҳам тасниф қилинмаган эди-ку? Расулуллоҳ (с.а.в.) замонларида бу илмларнинг барчаси бир бутун шаклда мавжуд эди. Эҳтиёжманд киши Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ёки айрим улуғ саҳобалардан илмнинг барча соҳасида жавоб олиши мумкин эди. Шунингдек, тасаввуф ҳам у замонларда “ҳол” сифатида мавжуд эди. Кейинчалик эҳтиёж туфайли бу илмларни уламоларимиз тасниф қилишиб ривожлантирдилар.
Тариқатларнинг кўплиги ҳам эътирозга сабаб бeлмайди. Аҳли тасаввуф орасида “Аллоҳга олиб борадиган йeллар махлуқотнинг нафаси саноғича” деган сeз машҳур. ҳар бир тариқат соҳибининг зикр ва одоб дарслари бошқа-бошқа бeлса-да, мақсади битта: Аллоҳ розилигини топиш, Аллоҳнинг севган ва рози бeлган бандаси eлароқ, жаннати ва жамолига мушарраф бeлиш… Қолаверса, бошқа фан соҳаларида ҳам қанчадан-қанча кашфиётлар, топилмалар, услуб ва методлар мавжуд-ку?! Баъзилар тариқатлар орасидаги жузъий тафовут ва мунозаралардан кир ахтарадилар. Биз биламизки, “ваҳдати вужуд” ва “ваҳдати шуҳуд”чилар орасида “тавҳид”, “Аллоҳ ва олам” “Аллоҳнинг исму сифатлари” орасида мунозаралар бeлиб eтган.1 Содда қилиб айтганда, улар мунозарасини, фиқҳий масалада ҳанафий ва шофииъйларнинг баҳсига ўхшатиш мумкин… Олимлар илмдаги бундай мунозараларни таназзул эмас, тараққиёт аломатларидан деб биладилар. Аммо “ваҳдати вужуд” ғояларини тeғри англаш учун кимда шаръий билим бeлмаса оёғи тойиб кетиши мумкинлиги, нақшбандийликда асосан ваҳдати шуҳуд қарашлари мавжуд ва ҳукмрон эканлиги илмий манбаларда қайд этилган.1 Авлиё (“валий”нинг кўплиги)лар — Аллоҳнинг дўстлари. Улар Аллоҳнинг назарига тушган, айрича илтифотга ноил бўлган, кароматли, тақволи, солиҳ, мухлис, муслиҳ кишилардир. Мусулмон оламида кароматлари саҳиҳ зоҳир бўлган, халқ томонидан авлиё деб тан олинган кишиларнинг аксари аҳли тариқат бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Каромат эса ҳар кимга берилмайди. Муҳаққақ, у Аллоҳнинг инояти бўлиб, илму амали, тақвоси, хайру эҳсони, марҳамат-шафқати, ихлос-самимияти, эътиқоди кучли бўлган кишиларгагина берилган.
Энди мантиқан ўйлаб кўринг: Агар тариқат, унинг одоб-арконлари, зикру тасбиҳотлари заррача бўлса ҳам шариатга зид бўлганда эди, аҳли тариқат бўлмиш валийларга каромат берилмас эди… Аҳли суннат вал жамоат тоифаси кароматни, валийликни ҳақ деб билади. Оят ва ҳадисларда улар ҳақида айтиб ўтилган. Абу ҳурайра (р.а.) ривоят қилган бир ҳадисга кўра, расулуллоҳ (с.а.в.) бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳу таоло буюради: ким менинг валиларим (дўстларим)дан бирортасига душманлик қилса, шубҳасиз, мен унга уруш эълон қиламан”. “Бандам ўзига фарз қилинган ибодатлардан кўра яхшироқ нарса билан менга яқинлаша олмайди. Бандам тинмасдан нафл ибодатлар билан менга яқинлашади, ниҳоят мен уни севаман. Уни севгач, эса, эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, юрадиган оёғи бўламан… Мендан нима истаса, истаганини бераман. Менга сиғинганида уни қўриқлайман. Ўлимни хуш қаршиламаган бандамнинг жонини олишда иккиланмаганим каби, қилган ҳеч бир ишимда иккиланмадим. Чунки уни хафа қилишни истамайман”. Валийларга берилган имтиёз, фавқулодда ҳолатлар уларнинг амали ва тақвосига ҳам боғлиқ, дедик. Бишр ибни ҳорис ҳофий деган машҳур сўфий (в. 227/841) тушида расулуллоҳ (с.а.в.)ни кўргач, унга: “Эй Бишр, биласанми, Аллоҳ сени нега бошқалардан устун қилди?” дебдилар. “Йўқ, билмайман ё расулуллоҳ“, дебди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга: “Суннатимга тобе бўлдинг, солиҳ инсонларга хизмат этдинг, диндош биродарларингга насиҳат қилдинг, асҳобим ва аҳли байтимни севдинг” шу сабабдан устун қилди дебдилар. Валийларга билиб-билмай тил тегизишдан эҳтиёт бўлиш керак, чунки улар “Аллоҳнинг нури билан боқади” дейдилар. Диёримизда етишиб чиққан, ўтган XIX-аср охирларида яшаб ижод этган Азим Хожа Эшон “ҳикмат”ларининг бирида бундай деб огоҳлантиради:
Билур билмас, ақлингизга бино қўюб,
Эранларга тил текизманг дўстларимо.
Қўрқарманким, йиқилғайсиз, йўлдин тойиб,
Эранларга тил текизманг, дўстларимо.
Юз ихлосдан ортуқ эрур пир ризоси,
Бўлур бўлса ҳидояти, муддаоси.
Пир ризоси — нафс изоси, руҳ ғизоси,
Эранларга тил текизманг, дўстларимо.
Башир ҳофи яланг оёқ қорни бости,
“Ҳу-ҳу” тею чўллар кезиб, хорни бости,
Мундоғ этиб, ҳирсу ҳаво, орни бости,
Эранларга тил текизманг, дўстларимо.
Азизларни синагунча ўзни синанг,
Борму сизда ҳирсу ҳаво номусу нанг?
Ўз ҳолини ўзи билмас улдур гаранг,
Эранларга тил текизманг, дўстларимо.
Насимийнинг ҳикоятин билмасмусиз,
Шайх Мансурдин эштиб ибрат олмасмусиз,
Фурсат қўлдин кетмай ўзга келмасмусиз,
Эранларга тил текизманг, дўстларимо.
Ноқисликда комил ишин қилиб бўлмас,
Бақоликлар асрорларин билиб бўлмас,
Фано бўлмай бақо мулкин олиб бўлмас,
Эранларга тил текизманг, дўстларимо.
Шаръу тариқ эранларнинг равишлари,
Тажрид, тафрид, тафвиз, таслим бўлишлари,
Ладун илми эрмиш фаҳму донишлари,
Эранларга тил текизманг, дўстларимо.
Мискин Азим, ориф кўнгли гулзор эрмиш,
Ҳар гулида минг дафтари асрор эрмиш.
Номаҳрамдин пинҳон ани асрор эрмиш,
Эранларга тил текизманг, дўстларимо.
Ашраф ўғли Румий деган шоир ва мутасаввиф, муршиди комилларнинг икки вазифаси борлигини таъкидлайди:
1. Аллоҳни бандаларга севдирмоқ
2. Бандаларни Аллоҳга севдирмоқ.
Албатта, Аллоҳни бандаларга севдирмоқ — қулай ва осон. Лекин бандаларга Аллоҳни қандай севдириш мумкин? Шайх Румий Қуръони каримдаги “-Айтинг (Эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади” оятига ишора қилиб бундай жавоб беради: Муридларни Аллоҳга севдириш учун уларни расулуллоҳга эргаштираман, ҳазрати Пайғамбаримизнинг суннати санийясига тобе қиламан ва шу йўл билан уларни етиштираман”. Ўшанда Аллоҳ уларни севади… Муршиди комиллар муридни нафақат фарзу вожиб, ҳатто адабга жиддий эътибор беришни талаб қилганлар. Баданан ва руҳан чиниқтириш, камолотга еткариш воситаларини амалда қўллаганлар. Муридни қуйидаги икки хил тарбия орқали мақсадга йўналтирганлар:
1. Инсон ўз иродасини, нафс деган борлиғини йўлга солиш учун унга мустаҳкам таълим-тарбия, ҳарбийларга хос бўлган интизом лозим. Бу интизомга “риёзат” деб айтилади. Руҳий бир риёзат…
2. Тағин ишқ, севги ва муҳаббат йўли бор. Бири “ҳарбий интизом” билан, машаққатли тарбиялар воситасида етиштирса, иккинчи йўл инсонда севги, ишқ уйғотиб, уни муҳиб, ошиқ инсонга айлантиради. Яхши ишлар қилиш учун кучли бир ҳолатга келтиради.
Хулоса қилиб айтганда, ҳақни таниш, унга ибодат қилишга буюрилган бандани тасаввуф тарбияси юксак маънавий мақомга кўтаради. ҳақнинг розилиги ва абадий саодатга ноил қилиш учун “нафсни тарбиялаш, ахлоқни гўзаллаштириш, ботин ва зоҳирни нурлантириш, сийрат ва суратни поклаш ҳақида тавсиялар беради. Инсон руҳи, хулқи, руҳоний ҳаётидан баҳс юритиб комиликка чорлайди. Ориф, комил инсонлардан ўрнак олишга даъват этади. Шунинг учун бир пири комилнинг этагини тутмай, зикру ибодатда, тасбиҳу тоатда, мужоҳадаю муроқабада бўлмаган, бир сўз билан айтганда тасаввуфий ҳаётда яшамаган кишининг тасаввуфдан дам уриши сохта ва янглишдир. Саййид Қосимий айтганидек:
Ичинг тошинг била эрмас мувофиқ,
Тасаввуфдин дам урма, эй мунофиқ.
Умрида асални кўрмаган ва яламаган кишининг асални таърифлаши қанчалик юзаки бўлса, тариқатга кирмаган кишининг “ҳол” ва “мақом”лардан баҳс этиши ана шундай юзаки ва бетаъсир бўлади… Биз айрим сабабларга кўра, асосан, тасаввуф тарбиясининг шаръий асосга таянгани, унга нисбатан хуруж ва эътирозларнинг сабаби ҳақида мухтасар тўхталдик. Тасаввуф ҳақидаги теран маълумотларни бошқа манбалардан, жумладан, қўлингиздаги китобдан ҳам олишингиз мумкин. Ўзига хос тадқиқот бўлган ушбу китоб, тасаввуф тарихига бағишланган. Тасаввуф тарихи — исломнинг руҳоний ва маънавий ҳаёти бўлган тасаввуфнинг юзага келиши, муассасалари, улуғ мутафаккирлар ва мутасаввифларини, тариқат ва уларнинг асосчиларини, бошқа исломий муассасалар билан муносабатини тарихий жараёни билан тадқиқ қилган илмдир.
Манба: http://tasavvuf.uz/
Yaqindan boshlab o’zbekcha internet tarmog’ida tasavvuf.uz sayti ish boshladi. Mazkur sayt ish boshlaganidan xabardor qilish maqsadida uning sahifasida e’lon qilingan Xalqaro Ahmad Yassaviy mukofoti sovrindori Sayfiddin Sayfullohning «Tasavvuf mohiyati» maqolasini diqqatingizga havola etmoqdamiz.
TASAVVUF MOHIYATI
Sayfiddin Sayfulloh
Filologiya fanlari nomzodi
Yaratgan va o’zini tanitgan Parvardigorimizga beadad hamdu sanolar bo’lsin! Uning eng mahbub bandasi, sevikli payg’ambarimiz — Muhammad Mustafo sallallohu alayhi vasallamga, xonadon ahllari va sahobalariga cheksiz salotu salomlar bo’lsin! Islom dini va madaniyatining ruhi, tamal asosi bo’lgan tasavvuf ilmi, ya’ni islom tasavvufi o’z tarixi, shakllanish va takomillashish jarayoniga ega. Mashoyixi izom va avliyoi kiromlarni haqiqat manziliga yetaklagan islomiy tasavvuf — e’tiqod, axloq, fikr, adabiyot, san’at, falsafa, boringki, hayotning turli-tuman jabhalaridan chuqur joy olib keldi. Tasavvuf va tariqat masalasi o’tmishdagi kabi bugungi kunda ham ko’p bahslarga sabab bo’lgan mavzulardan biridir. Uning o’ziga xos ilm sohasi, amaliy va nazariy hamda ruhiy va tajribaviy xususiyatlari mavjud. Jumladan:
1. Tasavvuf tajriba orqali his qilib, yashab, anglashiladigan hol ilmidir.
2. Tasavvuf amalda qo’llanadigan bir ilm bo’lganidan murshid yoki shayx (yoki piri komil) deyiladigan ustoz huzurida va uning tarbiyasi ostida o’rganiladi.
3. Tasavvuf ilmining mavzusi ma’rifatullohdir.
4. Tasavvuf sirlarini o’rgatgan murshid yoki shayx (yoki pir) degan kishining hazrati payg’ambarimizga ulanadigan uzilib, qolmagan bir silsilaga sohib bo’lishi kerakdir.
5. Tasavvuf kitobiy bir ilm emas. Ya’ni biror kishi tasavvufga doir yozilgan kitoblarni o’qib, (pir va uning ko’rsatmasini bajarmasdan) shayx va so’fiy bo’lolmaydi.
6. Tasavvuf movaroi aql (aqldan ustun) bir ilmdir.
7. Tasavvuf ko’z bilan ko’radigan bu shahodat va nosut (biz ko’rmaydigan) olamidan tashqari, har zamon g’ayb olamidan bahs etadi.
8. Tasavvufga, tariqat deb atalgan va Allohga yetkaradigan o’ziga xos yo’llar bilan kiriladi. hazrati rasulullohdan bizgacha yetib kelgan bu ta’limot, shariatga asoslanishi bilan birga, ayrim sirli va pardali jihatlarga, o’ziga xos xususiyatlarga ham ega bo’lganligidan, bu sohaga nisbatan turli-tuman qarashlar, nuqtai nazarlar ham paydo bo’lgan…
Bu soha tarixiga nazar tashlasak, Qur’oni karim va hadisi sharifga tayangan tasavvuf bag’rida qodiriya, yassaviya, kubraviya, suhravardiya, naqshbandiya, shozaliya, xalvatiya, mavlaviya, badaviya, dasuqiya, jalvatiya kabi bir qancha tariqatlar shakllandi, rivojlandi. Musulmon millatlari shu kabi tariqatlar ta’sirida ma’naviy kamolot hosil qilib keldilar va kelayotirlar. Islom dunyosi fan va madaniyatdan munosib o’rin olgan hazrat Imom A’zam, Xoja Ahmad Yassaviy, Imom G’azzoliy, Yunus Emro, Najmiddin Kubro, Jaloliddin Rumiy, Bahouddin Naqshband, Faqih Abullays Samarqandiy, Abdurahmon Jomiy, Alisher Navoiy So’fi Olloyor, Muhammad Zohid Qo’tqu kabi ulug’ siymolarga tasavvufning ma’naviy yetuklik pillapoyasi bo’lib xizmat qilganligi shoyoni diqqatdir. Shuning uchun ham bu tabarruk zotlar ruhan pok, axloqan komil, ma’rifatli, muhabbatli, taqvoli, solih, muxlis, muhsin, mushfiq va hikmat soxibi edilar. Ular har jabhada: dunyoviy va uxraviy ishlarda Rasululloh (s.a.v.) hazratlariga ergashganliklari uchun ham nomlarini ehtirom bilan tilga olamiz. Zotan tasavvuf g’oyalariga, u ilgari surgan talablarga nazar tashlasak, qaysidir oyat va hadisga asoslanganligini ko’ramiz. Afsuski, bu haqiqatni tan olmaydigan, tasavvufga badbinlik nazari bilan qaraydigan yoki uning qaysidir jihatini tanqid qiladigan kishilar har bir davrda bo’lganidek, bugungi kunda ham bor. Xo’sh, nega “Islom ruhoniyligini zohir etadigan unumdor bir maydon” (Abul A’lo al-Afifiy) bo’lgan tasavvufga qarshi kuchlar paydo bo’lishgan? Muxolifchilarning maqsad va iddaolari nimadan iborat edi? — degan savol tug’iladi. Aslida bu savol alohida tadqiqotni talab qilsa-da, biz juz’iy mulohazalarimizni bayon etishni lozim deb topdik.
Darhaqiqat mashhur din olimlaridan Imom Faxr Roziy, Ibn Taymiya (vaf. 728/1327), uning shogirdi Ibn Qayyim Javziya (vaf. 790/1388) kabilar “fiqhi zohir” bo’lgan shar’iy ilmlarni puxta egallagan bo’lsalar-da, “fiqhi botin”* bo’lgan tasavvuf ilmiga mayl va rag’bat ko’rsatishmagan. Sayru sulukning amaliy hayotida yashamaganliklari uchun ularga tasavvufning sir pardasi ochilmay qolgan… Zero, ilmli bo’lish hali tom ma’noda fazilatli bo’lish degani emas. Ba’zi sahobalar avom edilar, ammo ixlos, samimiyatlari tufayli Allohning inoyati ila sirlar olamidan voqif bo’lardilar, basirat ko’zi ila ashyolar mohiyatini ko’rardilar… Mashhur mutasavvif Ibn Arabiy (v. 638/1290) Faxriddin Roziyning “Tafsiri Kabir”i munosabati bilan yozgan maktubida o’qib, o’rganiladigan ilmdan tashqari, Allohdan keladigan ilm, ilhom, kashfu hollar borligini aytadi. Bunday ilmning har qanday ilmdan yuksak ekanligi va bu ilmning asosan tariqat yo’li bilan qo’lga kiritilishini ta’kidlaydi hamda Imom Roziyni tariqatga kirishga undaydi.
Ibn Arabiyning o’zi “Fususul hikam” va “Futuhoti Makkiyya” asarlarini ilohiy ilhom, zavqu shavq bilan yozganini asar muqqadimasida qayd etib o’tgan.
1. Mutasavviflar esa “shariatsiz tariqatga kirib bo’lmas”ligini yaxshi bilgan holda avvalo shar’iy ilmlarni puxta egallashgan, hatto ba’zilari bu sohada zamonining peshqadam ulamolaridan hisoblanishgan. Ahli tariqat bo’lgan, avliyoullohlardan biri: “Men uch xil ilm hosil qildim: birinchisi ommaga xos bo’lgan shariat ilmi; ikkinchisi faqat ahli tariqat anglaydigan “xos” ilm; uchinchisi o’zim va Alloh o’rtasidagi “xos-al-xos” ilm deb ilmu ma’rifat darajalaridan xabar bergan…”
2. Mazkur olimlar soxta shayxlar, botil tariqatlar, qallob darvishlarni ko’rib: “Tasavvuf shunday bo’ladigan bo’lsa, bunday tasavvufning bizga keragi yo’q!” deb haqli e’tiroz bildirishgan. Mutasavviflarimiz ham asarlarida soxta shayx va darveshlarni bot-bot tanqid qilib turishgan. Sultonul orifin, piri Turkiston Xoja Ahmad Yassaviy bir hikmatlarida: Tariqatga shariatsiz kirganlarni, Shayton kelib, imonini olor ermish. desalar, munojotlarida yozadilar:
O’zini shayx olur kulbori xoli,
Yigirma beshga yetmay oni soli.
Nasihatlar qilur piru javonni,
O’zi fahm etmayin yaxshi yamonni.
Alarni so’zlari zollu muzildur,
Shariat ahli bu eldin xijildur.
Inonsun deb muni bir necha beaql,
Qilurlar avliyolardan muni naql.
Qo’yub domin guzargohlarg’a bepir,
Tili makru hiyal, qilg’oni tazvir.
Ani makri erur Shaytondin a’lo,
Qo’par yuzi qaro, mahsharda tanho.
Alarni ko’rmangiz yuzini hargiz,
Aningdek la’natidin aylang parhiz.
Naqshbandiya tariqatining mansubi, uning faol targ’ibotchisi, ulug’ mutafakkir va mutasavvif shoirimiz Alisher Navoiy hazratlari ham asarlarida tez-tez soxta shayx, qalandar va darvishlarni, “riyoyi xirqapo’shlarni” qattiq tanqid qilganlar. Masalan, “Mahbubul qulub”da: “Surati darvishvash va ma’nisi sarosar g’ash” shayxni shaklu shamoyili, riyosi va yurish turishini hajv qilib bunday deydilar: “hayhot-hayhot, uyat, yuz ming uyat! Turfa bu kim bu mazharg’a muridlar ham bor, xizmatida barcha sheftau beqaror. Ul bu dukonni yurutub tadbir bila va bu ma’rakani qurub tazvir bilakim, shayoting’a hayratdur va devi la’iyng’a mujibi ibrat va nafratdur”.2 Yuqoridagi misollardan ham ko’rinib turibdiki, Mutasavviflarimizning o’zlari ham tasavvufni “sunniy” va “botil” tariqatlarga ajratib, botilini keskin tanqid qilgan holda, qarshi kurash choralarini izlaganlar. Tasavvufga ba’zi tashqi muhit, o’zga madaniyat va odatlar, falsafalar ta’sir qilganini ro’kach qilib, unga e’tiroz bildirganlar ham bor. Kitoblarda bu masala bahs etilgan va so’nggi xulosa sifatida Islom tasavvufining manbai Qur’on va hadis ekanligi, uning ruhi, yo’nalishi o’ziga xosligi isbotlangan.
1. Professor Mustafo Qara tasavvufda tashqi muhit va madaniyatlarning ta’siri va islomlashishi, mushtarak insoniy tuyg’ularning so’fiyona shaklda ifodalanishi va boshqa qator sabablarni o’rganib bunday xulosaga keladi: Bulardan qat’iy nazar Islom tasavvufi Qur’oni karim va hadisi shariflar yo’naltirgan o’ziga xos bir usulga ega bo’lgan harakatdir. Keyingi manba va ta’sirlar ahamiyati ikkinchi darajalidir. A. Nikol`son, A. Shimmel kabi Ovrupo sharqshunoslari ham shu fikrdalar.
2. Ba’zi Ovrupo sharqshunoslari islomni zaiflashtirmoqchi bo’lib, atayin tasavvufni islomga qarshi qo’ydilar. Ular “tasavvufga tashqi ta’sir masalasini” va uning “hol”, “maqom”laridagi nozik nuqtalarni noto’g’ri talqin qilib, ko’plarni chalg’itdilar. Afsuslar bo’lsinkim, ba’zi, islom olimlari ham ular izidan borishdi. Diyorimizda esa bu hol sho’rolar davrida keng avj oldi. Xudoga shukrki, bugun biz o’zligimizni tanib, g’arazli maqsadda yozilgan tadqiqotlarga javob berish imkoniga egamiz! To’g’ri, Rasululloh (s.a.v.) zamonida tasavvuf degan so’z yoki ilm sohasi yo’q edi. Axir, bu davrda tafsir, hadis, fiqh, aqoid kabi ilmlar ham tasnif qilinmagan edi-ku? Rasululloh (s.a.v.) zamonlarida bu ilmlarning barchasi bir butun shaklda mavjud edi. Ehtiyojmand kishi Rasululloh (s.a.v.)dan yoki ayrim ulug’ sahobalardan ilmning barcha sohasida javob olishi mumkin edi. Shuningdek, tasavvuf ham u zamonlarda “hol” sifatida mavjud edi. Keyinchalik ehtiyoj tufayli bu ilmlarni ulamolarimiz tasnif qilishib rivojlantirdilar.
Tariqatlarning ko’pligi ham e’tirozga sabab belmaydi. Ahli tasavvuf orasida “Allohga olib boradigan yellar maxluqotning nafasi sanog’icha” degan sez mashhur. har bir tariqat sohibining zikr va odob darslari boshqa-boshqa belsa-da, maqsadi bitta: Alloh roziligini topish, Allohning sevgan va rozi belgan bandasi elaroq, jannati va jamoliga musharraf belish… Qolaversa, boshqa fan sohalarida ham qanchadan-qancha kashfiyotlar, topilmalar, uslub va metodlar mavjud-ku?! Ba’zilar tariqatlar orasidagi juz’iy tafovut va munozaralardan kir axtaradilar. Biz bilamizki, “vahdati vujud” va “vahdati shuhud”chilar orasida “tavhid”, “Alloh va olam” “Allohning ismu sifatlari” orasida munozaralar belib etgan.1 Sodda qilib aytganda, ular munozarasini, fiqhiy masalada hanafiy va shofii’ylarning bahsiga o’xshatish mumkin… Olimlar ilmdagi bunday munozaralarni tanazzul emas, taraqqiyot alomatlaridan deb biladilar. Ammo “vahdati vujud” g’oyalarini teg’ri anglash uchun kimda shar’iy bilim belmasa oyog’i toyib ketishi mumkinligi, naqshbandiylikda asosan vahdati shuhud qarashlari mavjud va hukmron ekanligi ilmiy manbalarda qayd etilgan.1 Avliyo (“valiy”ning ko’pligi)lar — Allohning do’stlari. Ular Allohning nazariga tushgan, ayricha iltifotga noil bo’lgan, karomatli, taqvoli, solih, muxlis, muslih kishilardir. Musulmon olamida karomatlari sahih zohir bo’lgan, xalq tomonidan avliyo deb tan olingan kishilarning aksari ahli tariqat bo’lganligi hech kimga sir emas. Karomat esa har kimga berilmaydi. Muhaqqaq, u Allohning inoyati bo’lib, ilmu amali, taqvosi, xayru ehsoni, marhamat-shafqati, ixlos-samimiyati, e’tiqodi kuchli bo’lgan kishilargagina berilgan.
Endi mantiqan o’ylab ko’ring: Agar tariqat, uning odob-arkonlari, zikru tasbihotlari zarracha bo’lsa ham shariatga zid bo’lganda edi, ahli tariqat bo’lmish valiylarga karomat berilmas edi… Ahli sunnat val jamoat toifasi karomatni, valiylikni haq deb biladi. Oyat va hadislarda ular haqida aytib o’tilgan. Abu hurayra (r.a.) rivoyat qilgan bir hadisga ko’ra, rasululloh (s.a.v.) bunday marhamat qilganlar: “Allohu taolo buyuradi: kim mening valilarim (do’stlarim)dan birortasiga dushmanlik qilsa, shubhasiz, men unga urush e’lon qilaman”. “Bandam o’ziga farz qilingan ibodatlardan ko’ra yaxshiroq narsa bilan menga yaqinlasha olmaydi. Bandam tinmasdan nafl ibodatlar bilan menga yaqinlashadi, nihoyat men uni sevaman. Uni sevgach, esa, eshitadigan qulog’i, ko’radigan ko’zi, yuradigan oyog’i bo’laman… Mendan nima istasa, istaganini beraman. Menga sig’inganida uni qo’riqlayman. O’limni xush qarshilamagan bandamning jonini olishda ikkilanmaganim kabi, qilgan hech bir ishimda ikkilanmadim. Chunki uni xafa qilishni istamayman”. Valiylarga berilgan imtiyoz, favqulodda holatlar ularning amali va taqvosiga ham bog’liq, dedik. Bishr ibni horis hofiy degan mashhur so’fiy (v. 227/841) tushida rasululloh (s.a.v.)ni ko’rgach, unga: “Ey Bishr, bilasanmi, Alloh seni nega boshqalardan ustun qildi?” debdilar. “Yo’q, bilmayman yo rasululloh“, debdi. Rasululloh (s.a.v.) unga: “Sunnatimga tobe bo’lding, solih insonlarga xizmat etding, dindosh birodarlaringga nasihat qilding, as’hobim va ahli baytimni sevding” shu sababdan ustun qildi debdilar. Valiylarga bilib-bilmay til tegizishdan ehtiyot bo’lish kerak, chunki ular “Allohning nuri bilan boqadi” deydilar. Diyorimizda yetishib chiqqan, o’tgan XIX-asr oxirlarida yashab ijod etgan Azim Xoja Eshon “hikmat”larining birida bunday deb ogohlantiradi:
Bilur bilmas, aqlingizga bino qo’yub,
Eranlarga til tekizmang do’stlarimo.
Qo’rqarmankim, yiqilg’aysiz, yo’ldin toyib,
Eranlarga til tekizmang, do’stlarimo.
Yuz ixlosdan ortuq erur pir rizosi,
Bo’lur bo’lsa hidoyati, muddaosi.
Pir rizosi — nafs izosi, ruh g’izosi,
Eranlarga til tekizmang, do’stlarimo.
Bashir hofi yalang oyoq qorni bosti,
“Hu-hu” teyu cho’llar kezib, xorni bosti,
Mundog’ etib, hirsu havo, orni bosti,
Eranlarga til tekizmang, do’stlarimo.
Azizlarni sinaguncha o’zni sinang,
Bormu sizda hirsu havo nomusu nang?
O’z holini o’zi bilmas uldur garang,
Eranlarga til tekizmang, do’stlarimo.
Nasimiyning hikoyatin bilmasmusiz,
Shayx Mansurdin eshtib ibrat olmasmusiz,
Fursat qo’ldin ketmay o’zga kelmasmusiz,
Eranlarga til tekizmang, do’stlarimo.
Noqislikda komil ishin qilib bo’lmas,
Baqoliklar asrorlarin bilib bo’lmas,
Fano bo’lmay baqo mulkin olib bo’lmas,
Eranlarga til tekizmang, do’stlarimo.
Shar’u tariq eranlarning ravishlari,
Tajrid, tafrid, tafviz, taslim bo’lishlari,
Ladun ilmi ermish fahmu donishlari,
Eranlarga til tekizmang, do’stlarimo.
Miskin Azim, orif ko’ngli gulzor ermish,
Har gulida ming daftari asror ermish.
Nomahramdin pinhon ani asror ermish,
Eranlarga til tekizmang, do’stlarimo.
Ashraf o’g’li Rumiy degan shoir va mutasavvif, murshidi komillarning ikki vazifasi borligini ta’kidlaydi:
1. Allohni bandalarga sevdirmoq
2. Bandalarni Allohga sevdirmoq.
Albatta, Allohni bandalarga sevdirmoq — qulay va oson. Lekin bandalarga Allohni qanday sevdirish mumkin? Shayx Rumiy Qur’oni karimdagi “-Ayting (Ey Muhammad): “Agar Allohni sevsangiz, menga ergashinglar. Shunda Alloh sizlarni sevadi va gunohlaringizni mag’firat qiladi” oyatiga ishora qilib bunday javob beradi: Muridlarni Allohga sevdirish uchun ularni rasulullohga ergashtiraman, hazrati Payg’ambarimizning sunnati saniyyasiga tobe qilaman va shu yo’l bilan ularni yetishtiraman”. O’shanda Alloh ularni sevadi… Murshidi komillar muridni nafaqat farzu vojib, hatto adabga jiddiy e’tibor berishni talab qilganlar. Badanan va ruhan chiniqtirish, kamolotga yetkarish vositalarini amalda qo’llaganlar. Muridni quyidagi ikki xil tarbiya orqali maqsadga yo’naltirganlar:
1. Inson o’z irodasini, nafs degan borlig’ini yo’lga solish uchun unga mustahkam ta’lim-tarbiya, harbiylarga xos bo’lgan intizom lozim. Bu intizomga “riyozat” deb aytiladi. Ruhiy bir riyozat…
2. Tag’in ishq, sevgi va muhabbat yo’li bor. Biri “harbiy intizom” bilan, mashaqqatli tarbiyalar vositasida yetishtirsa, ikkinchi yo’l insonda sevgi, ishq uyg’otib, uni muhib, oshiq insonga aylantiradi. Yaxshi ishlar qilish uchun kuchli bir holatga keltiradi.
Xulosa qilib aytganda, haqni tanish, unga ibodat qilishga buyurilgan bandani tasavvuf tarbiyasi yuksak ma’naviy maqomga ko’taradi. haqning roziligi va abadiy saodatga noil qilish uchun “nafsni tarbiyalash, axloqni go’zallashtirish, botin va zohirni nurlantirish, siyrat va suratni poklash haqida tavsiyalar beradi. Inson ruhi, xulqi, ruhoniy hayotidan bahs yuritib komilikka chorlaydi. Orif, komil insonlardan o’rnak olishga da’vat etadi. Shuning uchun bir piri komilning etagini tutmay, zikru ibodatda, tasbihu toatda, mujohadayu muroqabada bo’lmagan, bir so’z bilan aytganda tasavvufiy hayotda yashamagan kishining tasavvufdan dam urishi soxta va yanglishdir. Sayyid Qosimiy aytganidek:
Iching toshing bila ermas muvofiq,
Tasavvufdin dam urma, ey munofiq.
Umrida asalni ko’rmagan va yalamagan kishining asalni ta’riflashi qanchalik yuzaki bo’lsa, tariqatga kirmagan kishining “hol” va “maqom”lardan bahs etishi ana shunday yuzaki va beta’sir bo’ladi… Biz ayrim sabablarga ko’ra, asosan, tasavvuf tarbiyasining shar’iy asosga tayangani, unga nisbatan xuruj va e’tirozlarning sababi haqida muxtasar to’xtaldik. Tasavvuf haqidagi teran ma’lumotlarni boshqa manbalardan, jumladan, qo’lingizdagi kitobdan ham olishingiz mumkin. O’ziga xos tadqiqot bo’lgan ushbu kitob, tasavvuf tarixiga bag’ishlangan. Tasavvuf tarixi — islomning ruhoniy va ma’naviy hayoti bo’lgan tasavvufning yuzaga kelishi, muassasalari, ulug’ mutafakkirlar va mutasavviflarini, tariqat va ularning asoschilarini, boshqa islomiy muassasalar bilan munosabatini tarixiy jarayoni bilan tadqiq qilgan ilmdir.
Manba: http://tasavvuf.uz/