Nazar Eshonqul: Iste’dod — yaratganning nigohi

nazar eshonqul


Ҳазрат Нақшбанд “қўлинг ишда, кўнглинг Оллоҳда бўлсин” деганида, шунчаки тақводорликни назарда тутмаган. Балки завқни назарда тутган. Чунки инсон қўли билан нарса яратаётган пайтдаги завқ Оллоҳнинг олам ва нарсаларни яратиш завқи билан уйғунлашсагина, бу қониқиш коинот билан уйғунлашади. Мен Нақшбандий ҳикматини шундай тушунаман. Ҳайратланмай қўйиш нимани билдиради? Бу ўша жамиятда ижод, яратувчилик, адолат, эртанги кунга умид, инсоний ҳиссиётлар ўлганини билдиради. Инсон Яратганнинг яратиқларидан ва ўзи яратганлардан завқ ҳамда ҳайратга тушади. Ана шу завқ ва ҳайрат айни пайтда ҳайратланувчига қувват ва куч беради. Ҳайрат ижоднинг бошланиши, яратишнинг бошланишидир.

калам

ИСТЕЪДОД – ЯРАТГАННИНГ НИГОҲИ
«Жаннатмакон» журналида (март,2012) босилган ёзувчи Назар Эшонқул билан суҳбатнинг қисқартирилмаган тўлиқ нусхаси

Гоҳо таниқли шоир-ёзувчилар, санъаткорлар билан қилинган суҳбатларни ўқирканмиз, улар пистирмани усталик билан четлаб ўтаётган суворийга ўхшаб кетадилар. Яъни, улар ўзларига маъқул бўлмаган ёки дидларига ўтирмаган саволларни айланиб ўтиб, ўзларини ўйлантираётган, ботинини ҳаяжону ҳайратга кўмаётган ўй-фикрларини ўртага ташламоқчи бўладилар. Аслида-ку, тўғриси ҳам шу: ҳеч қайси мухбир чинакам ижодкорнинг уммондай теран қалби қаърига, тоғ чўққисидай юксак шуури зирвасига бўйлай олмайди. Улкан истеъдод эгалари ўзларини фақат ўзлари сўроққа тутишлари, ўзлари берган саволларга ўзлари жавоб топиб-тополмасдан, бир тўхтамга келишлари мумкин. Ўзбек адабиётида ўз ўрни, ўз услубига эга бўлган истеъдодли ёзувчи Назар Эшонқул билан суҳбатлашишни ният қиларканмиз, юқоридаги мулоҳазаларимиздан келиб чиққан ҳолда, сал бошқачароқ услуб танладик. Яъни, саволларни биз эмас, ёзувчининг ўзи беради!  Аниқроғи, бу борада бизга Назар Эшонқул қаламига мансуб бўлган “Тун панжаралари” қиссасининг қаҳрамони ёрдамга келади. Биз эса саволни қисқача изоҳлаймиз, холос. Албатта, қисса қаҳрамони – бу ёзувчининг айнан ўзи эмас, лекин у муаллифга мутлақо бегона одам, десак ҳам янглишамиз. Хуллас, биз ёзувчи ва қаҳрамонни юзма-юз қўйиб, уларнинг ўзаро эътироф ва эътирозларига, мулоқотига қулоқ бермоқчимиз. Назаримизда, бундай ўзига хос услуб орқали суҳбатдошимизни яқиндан кашф қиламиз, унинг маънавий-руҳий дунёсига чуқурроқ кириб борамиз. Демак, тинглаймиз…

ҚИССА ҚАҲРАМОНИ: — Кимдир, одам – тилсим, деган. Менга болалик ҳаётим балки мана шундай тилсимли бўлгани учун ҳам сирли ва мафтункор туюлар? Балким, ўша пайтларда мен ҳаётга худди тилсимга қарагандай шайдо бўлиб қараганим учун шундай туюлгандир?
Изоҳ: — Болалик ижодкорнинг шаклланишида, унинг кейинги ижодида қандай аҳамиятга эга деб ўйлайсиз? Сизнингча, истеъдод эгаларининг болалиги бошқаларникидан нимаси билан фарқ қилади? Ўз болалигингиз ҳақида нималар дея оласиз?

Н.ЭШОНҚУЛ: — Иқтибос келтирилаётган қисса бундан 22-23 йил аввал ёзилган. 22-23 йил олдин замон қандай экани ўзингизга маълум. Бу саволга жавоб бериш учун ўша даврга қайтиш, ўша ҳиссиётларни, ҳолатларни қайта бошдан кечириш, ҳеч қурганда, хотирлаш керак бўлади. Ҳарқалай, чорак аср давомида одамнинг ўзи сингари қараш ва ёндашувлар ҳам ўзгариши табиий. Тўғри, адабиёт кўпроқ ўзгармай қоладиган қарашларга суянади. Аммо барибир асар қаҳрамони қарашларида ўша давр руҳи асосий ўринни тутади. Шўро тузуми ўзининг ёлғонлари билан моҳиятни англаган ҳар бир одамни бездириб бўлганди. Тузумнинг ёлғонига фаросати бор киши борки, ишонмайди. Аммо тузум машинаси ёлғон ишлаб чиқариш, уни ўз фуқароларига “ҳазм қилдириш” билан шуғулланаверади, атроф-жавонибда адабиётни ҳам, одамни ҳам маънан қашшоқлаштиришни мақсад қилган бўҳтон ва ёлғон урчиб кетади. Ёлғоннинг фожеаси ҳам шунда. У “менинг ёлғонимга ҳамма ишоняпти” деб ўйлайди, аммо аллақачон ёлғонга қарши инсоннинг ички кураши бошланган бўлади. Асар қаҳрамони ҳам шундай, ёлғонга ўзича кураш бошлаган бир оддий қаламкаш. У ўзини, қалбини, хотирасини, туйғуларини, хаёлларини, орзуларини, дардини ёлғондан яшириш учун ўз қобиғига, сиз айтмоқчи бўлган “ёлғизлик” қобиғига ўраниб олди. У шу йўл билан ёлғонга қарши курашишга тушди. Ёлғон ўзининг ёлғонларини урчитиб ётганда у ўзининг хотирлари, туйғулари, орзулари, изтироблари билан яшади, шу йўл билан ўзининг қиёфасини сақлаб қолишга уринди. Ҳа, асар қаҳрамони маълум маънода ёзувчининг ўзи. Аммо ундан ёзувчининг юз фоиз таржимаи ҳолини излаш ҳам ноўрин. Бироқ барибир ҳақсиз, асардаги болалик хотиралари – ¬менинг ўз болалигим хотиралари. Айнан эмас, лекин ўша манзаралар, ўша ҳиссиётлар, ўша деталлари билан болалигимга ўхшайди. Қолгани сайқал ва ишлов берилган бадиий деталлар. Умуман олганда, бизни инсонга ижтимоий ҳодиса сифатида қарашга ўргатишган. Ўша даврнинг санъат ва адабиёти ҳам шу қарашни сингдиришга хизмат қилган. Бу мастабид тузумга хос жараён. Гап шундаки, одам фақат ижтимоий ҳодиса эмас. У ўзида табиат, ҳайвонот, илоҳиёт, ғайб ва коинот ҳодисаларини мужассамлаштиради. У айни пайтда ёвузлик ва эзгуликни, шайтон ва раҳмонни, ақл ва нафсни, ҳидоят ва гуноҳни, равнақ ва таназзулни ўз қиёфасида бирлаштиради. Ҳатто иблис ҳам ўз ҳолича ҳеч нарса. У инсон ичига киргач, “инсонга” айлангач, хатарли кучга айланади. Зулм ва зўрлик ҳам, Ёвузлик ҳам ўз ҳолича ҳеч қандай моҳиятга эга эмас. У инсон билан бирлашгач, инсон ҳаётига аралашгач, кучга айланади, инсон билан муайян моҳият касб этади. Инсон бўлмаган жойда унинг ҳеч қандай маъноси йўқ. Демак, эзгулик ва ёвузлик тушунчалари ҳам, эзгулик ва ёвузликнинг ўзи ҳам инсоннинг ўзидир. Жониворлар ичида фақат инсонгагина цивилизация яратиш, бани оламни англаш, илм қилиш, кашф қилиш, коинотни ва табиатни бўйсундириш, ундан ўз манфаатида фойдаланиш имкони берилган. Таассуфки, бани оламни вайрон қилиш имкони ҳам унинг қўлида. Инсон бир қўлида юксакликни, бир қўлида тубанликни ушлаб турибди. Қай бирини танлашни ҳали–ҳануз ҳал қилиб олгани йўқ. Мана шунинг ўзи инсоннинг тилсим эканини билдирмайдими?! Инсон қайси йўлни танлайди? Санъат, адабиёт унга бани олам билан уйғунлашиш йўлларини таклиф қилади. Уни огоҳлантиради, унинг қалбини, руҳини ҳимоя қилади, унга бани олам уйғунлигига олиб борадиган йўлларни, фалакий гўзалликни тавсия қилади. Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, чинакам санъат асари ана шу фалакий гўзалликнинг, фалакий уйғонишнинг заминга хос кичик намуналаридир.
Саволингизнинг болаликка дахлдор қисмига қайтсак, болалик ижодкор учун истеъдод маъносида ё ҳаёт, ё мамот масаласини ҳал қилиб беради. Болаликда бирон асар ёзмаслик, ижодий қобилиятини кўрсатмаслик мумкин, аммо ижодкорлик аслида ўша чоғлари бола руҳига кириб олади, кейин ҳал қилувчи паллада юзага чиқади. Болалигимда китобхўрлигимдан бошқа ҳеч қандай эътиборли фазилатим бўлмаган. 6-синфгача ўртача ўқирдим. Мактабга бормасдан хийла катта ўзбек халқ эртаклари тўпламини ўқиб чиққанман. Эртаклар менинг тасаввуримга эзгулик ва ёвузлик чегарасини аниқ кўрсатиб берган. Ўша пайтдан бошлаб то ҳозиргача ҳаёт якуни ёруғ ва фожеали, тугалланган ёки тугалланмаган эртаклардан иборатдай туюлади менга. Айни давргача нимадир ёзган бўлсам, ўша болаликда ўқиган эртакларимга бир тақлид сифатида, бугуннинг эртакларини ёзишга уриндим. Ҳозир эса болаларим билан, айниқса, ўзимга ўхшаб эртакларни яхши кўрадиган ўғлим Исомиддин билан турли эртаклар тўқиймиз, турли саргузаштлар яратамиз. Ўғлим пластилиндан ясаб ёки чизиб, мен эса – оғзаки тарзда. Кўпинча ўзимиз учун, кўнглимиз учун машғул бўламиз бу иш билан. Эртак қаҳрамонларининг ҳаммаси биз яшаётган даврнинг қаҳрамонлари бўлишади. Аслида ҳам ҳаёт қайси маънодадир эртакка ўхшайди. Унда ҳамон ёвузлик ва эзгулик кураш тушаяпти. Унда абадиятга дахлдор тимсоллар бор. Биз бу тимсолларни ақлимиз етганича ечаяпмиз. Ечолмаётганларимиз эса ундан ҳам кўп. Ҳаётнинг эртаклигини, ўзимизнинг Тириклик аталмиш китобда бир саҳифа эканимизни англасак, мангулик ва абадийликни ҳис қиламиз, эҳтимол, шунда биз қанчалик ақлли ва қудратли бўлмайлик, улкан коинотнинг бир зарраси, улкан уммоннинг бир томчиси эканимизни, биз неки қилмайлик, ё эзгу ёки ёвуз бўлсин, ўша умумийликка бориб туташишимизни, ўша умумийликнинг ё бор, ё йўқ бўлишига хизмат қилишимизни англармиз. 6-синфда “Минг бир кеча”нинг иккинчи томини ўқиб чиқиб, ўқитувчимиздан танбеҳ эшитганман. Кейин қўлимга тушган китобларни ўқидим. Болалигимнинг кўп қисми кераксиз китобларни ўқиш билан ўтганига афсусланаман. Лекин нимаям қилардик. Бизга адабиёт шу деб тақдим қилишарди. Болалигимда китоблардан кўп нарса олганман, афсуски, улардан олган нарсаларимни ҳали ўзига қайтаролганим йўқ. Мени кўп қийнайдиган нарса шу. Менинг китоблар олдида қарзларим кўп.

ҚИССА ҚАҲРАМОНИ: — Мен ҳозир бахт ва бахтсизлик ҳақида гапирмоқчиман. Одам ҳаётида ўз ўрнини билиши учун бу саволларга жавоб топиши зарур деб биламан. Лекин негадир менинг бу саволим кўпларнинг кулгисини қистатди, улар ошкора ва яширин менинг устимдан кулдилар. Шундай бўлса ҳам, мен бугун бахт ҳақида гаплашишга аҳд қилдим…
Изоҳ: — Сиз учун бахт ва бахтсизлик нима?

Н.ЭШОНҚУЛ: — Ҳозир эсимда йўқ. Қайсидир ғарблик ёзувчи “Мен учун одамлар Достоевскийни ўқиганлар ва ўқимаганларга бўлинади” деганди. “Тун панжаралари” асари қаҳрамонининг ва шахсан менинг ҳам назаримда, одамлар юқоридаги савол жавобларига қараб, иккига бўлинади. Биров учун қорнини тўйдириб юриши ёки ҳашаматли уй-жойи бўлиши, сўнгги русумдаги машина миниши, умуман, моддий эҳтиёжини қондириши бахт ҳисобланади. Умуман, бахтни моддий ҳолат билан боғлаб тушунувчилар ҳамда бахтни маънавий-руҳий қониқиш билан боғловчилар ўртасида абадий ихтилоф мавжуд. Бугунги инсоният эришган равнақ ва у бошдан кечираётган таназзул ҳам ана шу ихтилоф билан чамбарчас боғлиқ. Чунки гап бахт ёки бахтсизлик ҳақида эмас, уни қандай тушунишда, унга қандай амал қилишда, бир сўз билан айтганда гап эътиқод-иймон ҳақида бораяпти. Шунинг учун асар қаҳрамони учун бу саволга жавоб топиш жуда муҳим эди. У шу савол жавобига қараб ўзига ҳамдард, маслакдош излаганди. Шу саволни ўқиганимда ҳамиша бир воқеа эсимга тушади. 80-йиллар охирида тил, миллат, эркинлик, ҳурлик, ватан деб шеърлар ёзиб, анча танилиб қолган шоирлар билан бир иқтисодчиникида меҳмон бўлганмиз. Ўша меҳмондорчиликда ҳам шоирлар айнан ўзларини тўлқинлантирган мавзулар ҳақида ёниб-куйиб баҳслашишган. Меҳмондорчилик охирида иқтисодчи меҳмон шундай деганди: “Биласизларми, икки соатдан бери сизларнинг гап-сўзларингизни эшитиб ўтириб, ўзимнинг тўғри йўлдан кетаётганимга амин бўлдим. Сизлар улкан ватан, миллат, тил, эркинлик дейсизлар. Шу нарсалар қорин тўйдирадими? Мана, менинг кичик ватанимга – шу уйга ҳар куни нимадир олиб келмасам, кўнглим тинчимайди. Бутун ҳаётим шу кичкина ватанга хизмат қилиш, ташиш билан ўтди. Ҳамма нарсани шу кичик ватан учун қилдим. Кўриб турибсизлар, ҳеч кимдан кам жойим йўқ. Машинам, ҳашаматли иморатим, етарли пулим бор. Қўлим етмаган жой йўқ. Хўш, сизларда нима бор? Эшитиб турдим, ҳатто болаларингнинг қоринлари ҳам тўймас экан. Кўпларингнинг бошларингда бошпананинг ўзи йўғу, ватан деб сафсата сотишларингга ўлайми?! Бундай яшашнинг, бундай бахтнинг нима кераги бор?! Ўзларингни шу баландпарвоз гаплар билан алдаб юрибсизлар, холос. Шахсан менга, сизлар айтган бахтнинг ҳам, эркинлигу ҳурликнинг ҳам кераги йўқ. Менга ўзимнинг бахтим, ўзимнинг шу кичкина ватаним етади. Менга каттаси керак эмас”. Ўша гап ҳозиргача қулоғим тагида жаранглайди. Қиссага бу савол айнан шу воқеа таъсирида киритилган. Қисса қаҳрамони айнан шу саволга жавоб излаш орқали одамларни икки тоифага бўлади. Ўзини тушунган ва тушунмаганларга. Қаҳрамоннинг бахт ҳақидаги тушунчасини ҳеч ким ҳазм қилолмайди. Шундан сўнг у бу давралардан ўзини тортади. Маънавий тарихимиз гувоҳлик беради, шу пайтгача ўтган даврда ҳам одамлар иккига бўлинади: самовий одамлар, ер одамлари. Ер одамларининг ўй-хаёллари, орзулари шу ер билан бирга, шу заминга мос. Осмон одамлари эса инсониятга ёқмаса ҳам, барибир самовий фикрлар ва орзуларни ўртага ташлайди. Адабиёт ҳам шундай. Инсонни самовий орзу, самовий завқ, самовий уйғунлик билан яшашга ундаб келган. Сиз берган савол мени 23 йил аввал қандай қийнаган бўлса, ҳозир ҳам шундай қийнайди.

ҚИССА ҚАҲРАМОНИ: — Дунёда чақалар ҳисобига яшайдиганлар борлигини хаёлига ҳам келтирмайдиган киши бахтлими ёки ҳеч нарсадан омади кулмаган одамми?
(Изоҳга ҳожат йўқ)

Н. ЭШОНҚУЛ: — Бу савол юқоридаги саволнинг давоми, жавоби ҳам ўша жавобнинг давоми бўлади. Менимча, бадавлат Иадмондан кўра Эзоп бахтли бўлиб туюлади. Ҳаётнинг ўйинини қарангки, зебу зарга кўмилган хожа бутун афсонавий Юнонистонни сотиб олишга етадиган тилласи билан эмас, ўзи бир чақага олмайдиган қули Эзоп билан тарихда қолди. Эзопнинг масалларигина эмас, унинг тақдири ҳам инсониятга бир умр сабоқ бўлишга етади…

ҚИССА ҚАҲРАМОНИ: — Муҳаббат ҳам одамга омадини синаб кўриш учун умр каби бир марта берилади. Ундан олдин ёки кейин содир бўладиган туйғулар бу сирли юртга бориш ёки ундан қайтиш йўллари, холос. Биринчи ёки шунчаки муҳаббат дейишлар “яна севиб қолармиканман” дея ўзини овунтириб яшашдан бошқа нарса эмас…
Изоҳ: — Сизнинг наздингизда севги-муҳаббат қандай ҳодиса? У чиндан ҳам одамга бир марта бериладими? Наҳотки, бу сирли, ҳаётбахш кучга такроран йўлиқиб бўлмаса?

Н.ЭШОНҚУЛ: — Муҳаббат, яъни чинакам ишқ, самовий ҳодиса. Йигит-қиз ўртасидаги муҳаббат ўша самовий муҳаббатнинг заминдаги кўринишидир. Йўқ, мен тасаввуф фалсафасини сиқиштирмоқчи эмасман. Сўфиёна муҳаббатда дунёвий севги кўпам муҳим ўрин тутмайди. Кейин сўфийларда тимсоллар кўпроқ. Мен чинакам заминий севги ҳам асл, самовий севгининг қалбимиздаги инъикоси деб биламан. У бир даъват. Ошиқ севгилиси учун нималар қилмайди ва нималар қилишга қодир бўлмайди! У аслида инсонга инсонни қандай ардоқлаш, қандай муносабатда бўлиш, қандай юксакликка кўтарилиш, ичида қандай қудрат мавжудлигини, агар шу қувват тўғри йўналтирилса, инсон қандай буюк ва қудратли ишлар қила олишини билдириш учун бир марта бўлса ҳам берилади. Ошиқ ва маъшуқлик бир тимсол, бир ундов. Ошиқ маъшуқасини дунёдаги энг гўзал, энг ақлли ва энг меҳрибон инсон деб билади. Маъшуқасининг хато-нуқсонлари унга кўринмайди. Аксинча, фазилат бўлиб туюлади. Бир-биримизни худди севишганлардай ардоқлай олсаккина, бир-биримизга ошиқ кўзи билан қарай олсаккина, чинакам инсоний муҳаббат ғалабасига, самовий муҳаббат уйғунлигига эришишимиз мумкинлигини билдириш учун бизга муҳаббат берилади. Қиз ва йигит, аёл ва эркак ўртасида пайдо бўладиган муҳаббат ана шу самовий муҳаббатнинг асли қандай эканини бизга билдириб туриш учун берилган. Талабалик йилларим “Тун эртаклари” деб номланган туркум эртаклар ёзгандим. Бу туркумда юнон мифологияси таъсири кўпроқ эди. Ўша эртаклардан бирида худди Прометей каби Одам Ато ва Момо Ҳаво ҳам кўнгилларига фалакдаги муқаддас оловни яшириб олиб чиқишади. Улар буни Яратган билмайди деб ўйлашади. Аммо бу қисмат эди. Шу билан самодаги муқаддас олов ҳам ўчади, тўғрироғи, у Одам Ато ва Момо Ҳаво кўнглига кўчади. Улардан эса болаларига ўтади. Ҳар бир болага бир чимдимдан ўтиш насиб қилади. Аслида Яратган одамга ўша муқаддас оловни яна меҳробга қайтариш қисматини битиб қўйган эди. Одамзотга фалакдаги оловни қайтариб жойига қўйиш ва ёқиш қисмати берилган. Ўша олов бугун Одам Ато ва Момо Ҳаво болаларининг кўнгилларига қўшилиб-майдалашиб кетган. Қачон у улканлашади ва муқаддас олов тусини олади? Бунинг учун улар фақат бир нарсани исташлари, бир эътиқодга келишлари керак. Ўшанда муқаддас олов яна аланга олади ва фалакда ёғду беради. Хуллас, шунга ўхшаш эртак эди. Прометейнинг оловни ўғирлаши ҳақидаги афсона таъсир қилиб, шу эртак пайдо бўлганди. Энди ўйлаб қарасам, ўша эртак ҳам аслида муҳаббат ҳақида экан. Умуман, олов билан муҳаббат бежизга бир-бирига синоним эмас. Буюк санъат асарлари муҳаббат туфайли дунёга келган. Буни ҳамма билади. Ҳамма, жумладан, сиёсатчилар, ҳарбийлар, саркардалар муҳаббатнинг қанчалар ижодий, яратувчи куч эканини ҳис этсалар эди, уруш ва қирғинга ҳожат қолмасди. Бироқ ҳалигача муҳаббат билан эмас, куч билан бўйсундириш, куч билан тан олдиришга майл инсониятда кучли. Куч эса, санъат, тафаккур нуқтаи-назаридан маданиятсизлик ҳисобланади. Зулмни маданиятсиз одамлар, худбин кимсалар амалга оширади. Муҳаббат эса ҳамиша зулм бузган ва вайрон қилган нарсаларни тиклаб юради. Мен муҳаббатни руҳнинг санитарлари, ҳамширалари деган бўлардим.

ҚИССА ҚАҲРАМОНИ: — Эркак киши учун бирдан бир ҳамдам аёл бўлиши мумкин. Мен шаҳват маъносида айтмоқчи эмасман. Инсондаги шаҳватпарастлик, гарчи табиат қонуни бўлса ҳам, одамнинг ҳайвоний қиёфасини намоён этувчи хусусиятдир. Мен кўнгил маъносида айтаяпман. Кўнглингиз ёлғизлик зардобига тўлганида, бу зардобни фақат аёл даволай олиши мумкин…
Изоҳ: — Хўш, айтинг-чи, аёл зотидаги эркакларда йўқ бу сеҳрли кучнинг, фазилатнинг манбаи нима? Умуман, ижодкорнинг қисматида аёл зоти қандай ўрин тутади, деб ўйлайсиз?

Н.ЭШОНҚУЛ: — Асарга бу жумла ўша даврда “таъсирланиш” мода бўлган Фрейд қарашларига қўшилмаслигимни билдиришим учун киритилганди. Илгарироқ ёзилган “Уруш одамлари” да ўзим ҳам анча таъсирланганим фрейдчиликдан дарров қайтдим. Мен инсонни коинот маҳсули деб тушунаман. Унинг яралишида коинотдаги барча оламлар иштирок этган. Унинг майллари илдизини ҳам шундан излаш керак. Фрейд эса ҳамма нарсани жинсий майлга тақайверади. У буюк олим, психолог. Бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас. Мен ҳамиша уни ўқийман, ҳозир ҳам. Ундан кўп нарса ўрганиш мумкин. Аммо унинг қарашларига қўшилмайман. Аёлга майл кўзи билан эмас, уни аёл деб, гўзал, илоҳий бир хилқат деб қараш тарафдориман. Гулни кўрганда қанчалик завқланасиз, унга қанчалар мафтун бўласиз, аёл ҳам шундай, гулдай нозик, мафтункор ва жозибали. Бор гап шу. Эркак ва аёл – бир бутуннинг иккита қисми. Аёл эркакнинг қовурғасидан яратилган, дейишади. Бир бутун бўлиниб иккиликка айлангач, дунёда биз ҳаёт дейдиган тириклик бошланган. Агар бўлинмаганида эди, тирикликнинг ўзи бўлмасди. Тўғри, асарда қаҳрамон бу масалада бироз фалсафахўрлик қилмоқчи бўлган. Яъни ўша даврда мода бўлган конфуцийлик ғояларини илгари сурган. Яъни, ҳаёт ин ва яндан иборат. Улар бири-бирисиз яшолмайди, бир-бирига абадий интилишда. Соғинчда, бир-бирига яқин келиши билан яна ажралиб кетади, худди юнон мифологиясидаги абадий чанқашга маҳкум этилган Тантал каби, демоқчи бўлади. Тантал ҳам то лабигача сувда туради. Аммо ичаман деб тиз букиб пасайса, сув ҳам шунча пасаяди. У бу жазога абадий маҳкум этилган. Ин ва ян ҳам Конфуцийга кўра шунақа маҳкумликдан иборат. Қаҳрамон буни аёл ва эркак деб ҳисоблайди. Аслида ҳам Ҳаёт, Тириклик шундай яратилган. Икки қисм қачон бир-бирини топа олса, яхлитлаша олса, одам, оила (коинот), ҳаёт яхлит бўлади. Аммо яхлит ҳаёт инсонга камдан-кам ато қилинади. Инсон ўз ёнида турган ярмини қўмсаб, ўша ярми ёнида турганини билмасдан ёки бошқача айтганда, ўзини ўзидан эмас, ўзга жойдан излаб умр ўтказиши мумкин. Аксарият ҳолда шундай бўлади. Инсон ўз ичидагини ўзга жойлардан излаб юришга маҳкум қилинган. Аёлдаги сеҳрли куч эркак унга қараб ўзининг тўлиқ эканини, бутун эканини ҳис қилишида бўлса керак. Аёл аслида эркаклар учун кўзгудир. Биз уларда ўзимизнинг қалбимиз, кўнглимизни, хато ва ютуғимизни, мағлубият ва зафаримизни, бахт ва бахтсизлигимизни кўрамиз. Шунинг учун ҳам улар биз учун ҳамиша сирли ва сеҳрли бўлиб туюлади.

ҚИССА ҚАҲРАМОНИ: — Мен ўзимни тушунадиган биронта дўст излаб турли давраларга суқилиб киришга ҳаракат қилдим. Лекин ҳамиша қандайдир бешафқат куч мени улар орасидан суриб чиқариб ташлайверди. Бу давралар ва умуман мен болаликда орзу қилган ҳаёт – пўлат деворлар билан тўсилган сирли қўрғон эди. Йўқ, мен бу қўрғонга ёриб кира олмадим…
Изоҳ: — Маълумки, истеъдод эгалари кўп ҳолларда ўзларини ёлғиз ҳис этишган. Гўёки ота-онаси, оила аъзолари, ён-веридаги одамлар уларни ҳеч қачон тушунолмагандай. Бу ҳолни сиз қандай изоҳлайсиз? Нима учун улар бошқалар ўзларини эркин ҳис қиладиган бу “қўрғон”га кира олмайдилар?

Н.ЭШОНҚУЛ: — Сиз келтирган иқтибос ҳам асар қаҳрамонининг ўша давр руҳиятини билдиради. Қаҳрамон ўз ўрнини тополмаяпти. Ўз ўрнини тополмагани учун жамият айбдорми ёки унинг ўзими, бу энди бошқа масала. Агар қисса синчиклаб ўқилса, бунга жавоб топилади, деб ўйлайман. Энди истеъдодли одамларнинг ёлғизлигига келсак, бу бошқа масала. Мен асар қаҳрамонини истеъдодли бўлгани учунгина жамиятда ўзини ёлғиз ҳис қиларди деб ҳисобламайман Асар қаҳрамонининг ёлғизлиги билан истеъдоднинг ёлғизликни ҳис қилиши – бошқа-бошқа нарса. Хусусан, асар қаҳрамони фаолиятсиз, у атрофидаги адолатсизликка фаолиятсизлиги билан қарши курашади. Истеъдоднинг ёлғизлигида эса катта дард ётади. Истеъдод оддий одамлар кўрмаган фожеани, кўрмаган муаммони ва кўролмаган оқибатни кўради. Бошқача айтганда, ёки юқорида таъкидлаганимдек, Истеъдод одамлар орасидаги Яратганнинг нигоҳларига ўхшайди. Бу нигоҳлар қараган нарсасини худди рентгендек кўриб, билиб туришади, моҳиятини англашади, бундан изтироб чекади, қувонади, огоҳлантиради. Унинг ёлғизлиги ўзи кўрган нарсани, ўзи тушунган нарсани бошқалар тушунмаганидан, кўрмаётганидан келиб чиқади. Жамият қиёфасини, эртаси ва бугунини истеъдодлар белгилайди. Истеъдодлар, ижодкорлар хор қилинган жамиятнинг эртаси – ҳам қоронғу, ҳам фожеали. Буни тарих бир неча марта исботлади. Истеъдодни қадрлаш – бу, ижодни, фикрни, эркинликни қадрлаш дегани. Чунки истеъдод буларсиз содир бўлмайди. Ижод, фикр, эркинлик –истеъдоднинг ўзини намоён қилиш майдони. Истеъдод ўзини ёлғиз ҳис этаяптими, ўзини узлатга ураяптими, уни нимадир қониқтирмаяпти, демак ўша жамиятда ҳаёт адолатли ва тўлақонли бўлиши учун нимадир етишмаяпти. Бу асрлар оша синалган ташхисдир.

ҚИССА ҚАҲРАМОНИ: — Дунёдаги ҳеч нарсадан ҳайратланмай қўйиш даҳшат! Агар сен сиғиниб, эътиқод қўйиб келган нарсанг бир куни пуч ва сохта нарса бўлиб чиқса, бу – даҳшат! Унда ҳаётда мазмун қолмайди…
Изоҳ: — Афсуски, ҳаётда ҳеч нарсадан ҳайратланмасдан, сохта эътиқодларидан мосуво бўлиб яшаётганлар ҳам йўқ эмас. Хўш, уларни ҳаётда нима ушлаб турибди? Ёки ҳаётда биз билмайдиган бошқа ришталар ҳам бормикан?

Н.ЭШОНҚУЛ: — Машҳур табиблардан бири бемордан сўрабди: “Сиз мўъжизага ишонасизми?!” Бемор ажабланибди: “Мўъжизанинг касалимга нима алоқаси бор?”. “Агар мўъжизага ишонмай қўйган бўлсангиз, сизни тузатиб бўлмайди”, дебди табиб. Ҳайратланмай қўйган одамни ҳам, ҳайратланмай қўйган инсониятни ҳам тузатиб бўлмайди. Ҳайрат ҳамма нарсанинг – орзунинг, умиднинг, ижоднинг, илҳомнинг, кашфиётнинг, оддий муҳаббатдан тортиб самовий туйғуларга, самовий ҳисларга мубтало бўлишнинг, дунёни, оламни англашнинг бошланишидир. Ана шу ибтидо бўлмаса, ижод ҳам, равнақ ҳам, юксалиш ҳам, орзу ҳам, завқ ҳам бўлмайди. Ҳайрат ва завқ бизнинг ҳали “машина”га айланмаганимизни билдириб турувчи ягона ҳиссиёт. Ҳатто гарчи идроки бўлмаса-да, ҳайвон ва жониворлар ҳам ҳайратланади. Фақат роботлар, машиналар ҳайратланмайди. Ҳайрат ва завқсизлик эътиқодсизликнинг дастлабки кўринишидир. Ҳазрат Нақшбанд “қўлинг ишда, кўнглинг Оллоҳда бўлсин” деганида, шунчаки тақводорликни назарда тутмаган. Балки завқни назарда тутган. Чунки инсон қўли билан нарса яратаётган пайтдаги завқ Оллоҳнинг олам ва нарсаларни яратиш завқи билан уйғунлашсагина, бу қониқиш коинот билан уйғунлашади. Мен Нақшбандий ҳикматини шундай тушунаман. Ҳайратланмай қўйиш нимани билдиради? Бу ўша жамиятда ижод, яратувчилик, адолат, эртанги кунга умид, инсоний ҳиссиётлар ўлганини билдиради. Инсон Яратганнинг яратиқларидан ва ўзи яратганлардан завқ ҳамда ҳайратга тушади. Ана шу завқ ва ҳайрат айни пайтда ҳайратланувчига қувват ва куч беради. Ҳайрат ижоднинг бошланиши, яратишнинг бошланишидир. Ҳайратланмай қўйиш билан яратмай қўйиш мен учун айнан бир маънони билдиради. Инсон эса бу дунёга яратиш учун юборилган, вайрон қилиш учун эмас. Агар биз ана шу миссиямизни теран англаганимизда эди, инсоният тарихида кўп нарса бошқача бўларди, ўз навбатида бугунги тараққиёт, тафаккур ҳам бошқача бўларди. Йигирма уч йил олдин асар қаҳрамонини қийнаган бу муаммо бугун ҳам кун тартибида тургандай. Глобаллашган тараққиёт, тезлашган ахборот, маълумот беришдан кўра кўпроқ оммани манипуляцияда ушлаб туришга мўлжалланган ахборотлар бизнинг ичимиздаги ҳайратларни сўндириб қўяётгандай, суғуриб олаётгандай, бизни ҳеч нарсадан ҳайратланмайдиган жониворлар, яъни “биологик машиналар” тўдасига айлантириб қўяётгандай. Бу – ташвишли ҳол. Мени бугун ҳам шу савол қийнайди: биз қалбимиз ва юрагимизни ахборот асрида, телекоммунакация имкониятлари орқали мўр-малахдай бостириб келаётган, қалбимизни, ўзлигимизни, қиёфамизни, ҳайратимизни йўқ қилишни мақсад қилган маданият қиёфасидаги маданиятсизликдан сақлаб қола олаяпмизми? Ундан халос бўлиш имкони, йўли борми? Бор. У ҳам бўлса, Буюк Кулол яратган кулолчилар эканимизга ишонч, асрлар оша ота-боболаримиз ардоқлашни ўргатган меҳр, инсонпарварлик, ўзликдир. Биз ана шу нарсаларни сақлаб тура оларканмиз, ичимизга қора шарпа кира олмайди, бир-биримиздан, яратган ижод намуналаримиздан завқ олишда давом этамиз.

ҚИССА ҚАҲРАМОНИ: — Азоб тугаган жойда фаолиятсизлик бошланади: худбинлик, хиёнат, лоқайдлик бошланади. Йўқ, бундайларни кўришга кўзим йўқ. Ё улар одамларни ҳеч қачон севмаган, ё одамлар уларни севишмаган. Одамзотга бу сўзлардан ҳам ортиқ фалокат йўқ…
Изоҳ: — Инсон зотини тубан иллатлардан асровчи АЗОБ қандай ҳодиса ўзи? Унинг одамлар наздидаги машаққат, ғам-қайғудан фарқи нимада?

Н.ЭШОНҚУЛ: — Бу аламзадлик азоби эмас, бу алам эмас, бу бадбинлик азоби эмас. Бу – инсон ҳақидаги азоб. Уни севиб, ундан хавотирланиб, унинг келажаги ва бугунидан қайғуланган азоб. Болангизнинг бугуни ҳам, эртаси ҳам сизни ташвишга солади, ундан хавотирлансиз, уни кўп нарсадан асрайсиз, асраш йўлларини ўргатасиз, иймонли, қобил бўлиб тарбияланишини истайсиз. Мана шу истак аслида дард, азоб. Адабиёт инсонни ўз боласини севгандай севишни, боласини деб азоблангандай азобланишни тарғиб қилади. Биз юқорида ошиқ-маъшуқлик ҳақида гапирдик. Сиз айтган азоб санъаткорнинг азоби, шахснинг азоби ҳам ўша ошиқликнинг ўзидир. Фақат бу ошиқликда маъшуқа ўрнида инсон туради. Инсонга ошуфта бўлган қалб ҳамиша оғрийди, азоб чекади, уни ҳалокатдан халос қилиш йўлларини излайди, унга йўл кўрсатади, чора тақдим қилади, унинг ҳар бир қадамидан хавотирланади. Ана шу азоб дунё адабиётида “гуманизм” деб аталади. Сўфийлар буни “олий ишқ” деб аташган.

ҚИССА ҚАҲРАМОНИ: — Адабиёт инсоннинг оғриқларидир… Қачонлардир уни бир-бирларига юракларидаги оғриқларини айтиш ва ибрат қилиб кўрсатиш учун ўйлаб топишган…
Изоҳ: — Адабиёт фақат изтиробдан иборатми? Инсоннинг ёруғ орзу-интилишларини қўллаб-қувватлайдиган, ўқувчига ҳаётбахш куч ато этувчи гўзал ҳиссиётлар адабиётга бегонами?

Н.ЭШОНҚУЛ: — Йўқ, фақат изтиробдан иборат эмас, агар сиз қайғу ва ғамни назарда тутаётган бўлсангиз. Адабиётдаги изтироб оддий ғамдан фарқ қилади, юқорида айтганимдек, инсонни севганидан, уни мукаммал кўришни истаганидан, аммо истаклари амалга ошмаганидан, инсон мукаммал бўлиш ўрнига адашиш йўлларни танлаганидан, танлаётганидан туғиладиган изтироб бу. Адабиёт келажак ва инсон ҳақидаги гўзал изтироблар, қайғулар, ҳиссиётлар акс этадиган ҳамда бу туйғулар, кечинмалар орқали инсоннинг тафаккурини бетиним халос бўлишга ундайдиган бир восита. Адабиёт одамни халос бўлишга ундайди. У чақирмайди, у ичдан, ҳис туйғуларга таъсир этиш орқали ундайди. Адабиётда оқимлар кўпайди, адабиёт янгиланди, буюк эврилишлар бўлди, аммо унинг вазифаси ўзгаргани йўқ. Қадим даврларда ҳам, ҳозир ҳам адабиёт барибир адаб вазифасини ўтаган ва ўтайди. Адаб учун хизмат қилмайдиган адабиётни мен тушунмайман. Адаб – бу, насиҳатгўйлик эмас. Адаб хизмати – туйғулар, ҳиссиётлар, образлар, метафоралар, сўз ўйинлари, кечинмалар, тимсоллар билан сабаб ва оқибатни кўрсатишдир. Ўз даврининг одами қандай ўйлаётгани, қандай яшаётгани, қандай фикрлаётгани, нимадан изтироб чекаётгани, нима уни қайғуга солаётгани, унинг ички дунёси қандай экани ҳамиша ижодкор олдидаги асосий вазифалардан биридир. Тасаввур қилайликки, бугунги ёшлар жиноятчи тўдалар ҳақидаги ёки уларга маълум маънода хайрихоҳ бўлиб ёзилган асарни ўқияпти ва давр қаҳрамонлари шулар, деб ўйлаяпти, бу одамларнинг маънавий дунёси ва яшаш тарзи уларнинг онгига таъсир қиляпти. Ҳақиқий адабиёт нималигини фарқламайдиган ёшлар бу одамларни давр қаҳрамонлари сифатида қабул қилиши шубҳасиз. Бугун ўқилаётган ва ўзини адабиёт намунаси деб атаётган аксарият “асар”лардан чиқадиган хулоса бу. Яъни, “доимо гўзаллик ва эзгуликни, Ватан ва миллатни тараннум этиб келган адабий дид кимнинг қўлида?” деган саволга жавоб топиш вақти келди. Гап адабиётни теран тушунадиган зиёли ҳақида бораётгани йўқ. Гап омманинг адабий диди кимнинг ва қандай асарларнинг қўлида эканлигида. Миллат диди унинг келажакдаги эзгулик ва ёвузлик тушунчасини, миллат ва ватан тушунчасини белгилайди. Бугунги дид эртанги онгимизнинг қандай бўлишига замин яратади. Хўш, бугун омма диди қайси асарлар таъсирида шаклланмоқда? Ахир, бугун ҳар бир ижодкор адабий дидни юксак даражада сақлаб қола олиш борасида қайғурадиган пайт келди. Буни тадбирлар ўтказиб, ёки декоратив қаҳрамонлар билан йўқ қилиб бўлмайди. Буни ҳақиқий маънодаги адабий асар ёзиб, ҳақиқий одам образини яратиб, бугуннинг одамини таҳлил этган, сиз айтмоқчи ҳаётбахш, гўзал ҳиссиётлар акс этган асарлар билангина енгиб бўлади. Шу маънода дид масаласига барчамиз масъулмиз.

ҚИССА ҚАҲРАМОНИ: — Тўғри, бу ҳикоялар ҳар жиҳатдан тарқоқ, асосланмаган, қурилмаси сунъий. Лекин ўша пайтлари аниқ феъллару, аниқ воқеалар шўр сувдай меъдамга теккан эди. Мен “ҳаётий воқеаларни” шунчалик ёмон кўриб қолган эдимки, бу ҳикояларни ҳам ана шу ўта даражадаги аниқликка қарши ўзим учун ёзгандим… Муҳаррир бу ҳикояларни кимларгадир, албатта, бошқа юртликларга, масалан, модернистларга тақлид деб тушунганди…
Изоҳ: — Бу муаллифнинг ўзига тегишли бўлган дил иқрорими? Бу фикрларни инкор қилиб ёки қўшимча тарзда нима дея оласиз?

Н.ЭШОНҚУЛ: — Бу ерда ҳеч қандай иқрор йўқ. Адабиётдан қуруқ ижтимоий юк, вазифа излаганларга бир ишора эди. Асар бадиий жиҳатдан кўра кўпроқ ижтимоий нуқтаи назардан баҳоланарди. Шу анъанани бузишга интилганларни “модернистлар” деб баҳолашарди. Гўё шу билан ўзларини ҳимоя қилган бўлишарди. Аммо биз барибир бахтли авлодмиз. Чунки биздан олдин адабиётга кириб келган авлод аллақачон адабий стериотипга дарз кеткизиб бўлишганди, бизга эса уни сал четлаб ўтиш қолганди. Шунинг учун 80-йилларда адабиётга кириб келганлар ичида ўзини турли йўналишда, турли оқимларда синаб кўрганлар кўпчиликни ташкил қилади. Аммо адабиётни оқимларга бўлиш, “модернист”, “анъанавий” деб иддао қилишлар менга ёқмайди. Бу хил бўлишлар, айиришлар орқасида ўзларининг истеъдодсизликларини яшириш ётгандай туюлади. Мен учун Адабиёт деган битта оқим бор, Истеъдод деган битта атама бор. Истеъдод йўқ жойда уни нима деб аташнинг фарқи йўқ, у ерда адабиёт бўлмайди. (Айтайлик, бугун машҳур ҳофизлар айтган қўшиқлар орқали танилган шоирларни мен умуман шоир деб айтолмайман. Улар ҳали адабиётнинг машаққатини татиб кўришгани йўқ, улар шунчаки шоирликнинг илк қадами – оҳанг яратишни зўрға ўзлаштиришган, холос) Ҳар бир истеъдод адабий усул, шаклларнинг чегарасини бузгиси, уни янгилагиси, ўзига хос услуб топгиси келади. Ўзини намоён қиладиган йўл, услуб ахтаришга бўлган интилишларни, истеъдодни юзага чиқарган адабий шакл ва усулларни адабиётшунослар оқим деб баҳолашади. Бошқачароқ ёзишга бўлган интилиш – бу ўз услубини топиш сари ташланган қадам. Бу ҳар бир ёзувчининг ўзини топишга бўлган ҳаракати. Бу интилиш гоҳида муваффаққият келтиради, гоҳида мағлубият. Менга қай бири ато қилганини бошқалар айтгани маъқул.

ҚИССА ҚАҲРАМОНИ: — Мен ўзимни ахтариб тақдирнинг бесаноқ кўчаларига тариқдай сочилиб кетдим, гўё вужудимдан ҳам сон-саноқсиз “мен”лар чиқиб, шаҳарнинг “юҳо” кўчаларига кириб ғойиб бўлгандай…
Изоҳ: — Турмуш ташвишлари, йиллар суронида инсон шахси майдаланиб, турли бўлакларга бўлиниши кузатилади. Бунга қарши тура оладиган куч борми, сизнингча?

Н.ЭШОНҚУЛ: — Агар шахс майдаланса, бу фожеа. Бу миллат учун, ватан учун, мамлакат учун фожеа. Шахссизлик – бу, қиёфасизлик дегани. Шахссизлик бефарқлик, лоқайдлик, маънавий танбаллик дегани. Буюк давлат арбоблари ҳамиша жамиятни қуллар жамиятига эмас, шахслар жамиятига айлантириш учун ҳаракат қилган. Шахси майда жамиятда ҳамма нарса майда бўлади, тараққиёт ҳам, виждон ҳам, фикр ҳам, эркинлик ҳам. Кучли жамиятни кучли шахслар яратади. Кучли шахслар тарихий жараённи ҳам ўз қўлига олиши мумкин. Биз агар тарихни кўздан кечирсак, катта шахслар етишган даврлар мамлакат учун тараққиёт ва гуллаб яшнаш даври бўлган. Шахслар майдалашган пайтларда ватан ҳам, миллат ҳам майда-чуйда нарсаларга ўралашиб қолган. Шунинг учун эртани ўйлаган мафкура албатта катта шахсларнинг шаклланишига имконият яратиши керак. Бошқа томондан олганда, шахс ва шахссизлик ўртасида доим кураш кетади. Фаросатли ва ақлли инсонга ҳамиша оғир бўлган. У бир томондан, ўзининг виждони билан, иккинчи томондан эса, атрофидаги виждонсизликлар билан курашиб яшайди. Бу йўлда у минг бўлакка бўлинади, ўзи билан кураш тушади, ўзини суд қилади, ўзига ҳукм ўқийди, ўзига ўзи жазо беради, ўзини турли томонга, турли бурчакларга сочиб юборади, кейин яна ўзини бирлаштириб, яхлитлаштириб олади. Бу бир умрлик кураш, бир умрлик қисмат. Улар шунга маҳкум қилинган. Виждонли одамларга ҳамиша оғир бўлган. Қарши тура оладиган куч бор. Бу – унинг ўзи. Яъни, унинг кўнглидаги маърифат. Инсон қай даражада маърифатли бўлса, унинг майдаланиши шунча қийин бўлади. Маърифатли одам бу майдаланмайдиган одамдир. У нимагадир ён бериши мумкин. Аммо ичини, ботинини ҳеч нарсага алиштирмайди. Унинг ичида ўзлик барибир сақланиб қолади. Маърифат шундай куч, шундай қудрат. Одам ўзининг кимлигини англаса, фикр ўсади. Ўзини англаш учун боболаримиз айтганидек, маърифатга бир марта бўлса-да чўмилиб кўриш керак. Фикрни маърифат уйғотади, маърифат ўстиради, маърифат янгилайди, кераксиз бўлиб қолганда, алмаштиради. Фақат маърифатгина, билимгина, китобгина, китобга бўлган муҳаббатгина бизни қуюндай бостириб келаётган, онгимиз ва дидимизни саёзлаштираётган, санъат, гўзаллик, дид ҳақидаги тушунчаларимизни, аждодларимиздан мерос бўлиб қолган ва ўзимиз шакллантирган юксак қадриятларни емиришга киришган оломон маданияти ва дидидан, бошқача айтганда, фикрсизлик ва дидсизликдан, яъни оломончиликдан асрай олади. ХХI асрда биз катта тараққиётга эришиш баробарида оломон маданияти чоҳига бутунлай қулаб тушиш хатари билан юзма-юз турибмиз. Бизни бу хатардан маърифат, дид ва фикр қутқара олади. Ёзувчининг қисмати бошқаларникидан оғирлиги шундаки, у ичига ўзига хиёнат қиладиган туйғуларни киритишга ҳаққи йўқ. Ясунари Кавабатанинг бир хотираси менга ёқади. 1939-1945 йиллар японлар империячилик васвасаси билан урушга кирганди. Бутун миллат урушни ёқлаб, урушни олқишлаб турарди. Уруш – бировларни ўлдириш дегани. “Уруш кетаётганда мен урушни ичимга киритмаслик учун қадимги япон ҳикматларини ўқиб, уни таҳлил қилиш билан шуғулландим”, дейди улуғ ёзувчи. Ёзувчининг қисмати – ўзи билан ўзи курашишга, ўзини ўзи енгишга, ўзлигини шу курашлар ичида сақлаб қолишга маҳкум этилганида. Ким бу курашда енгилса, у ижодкор бўлолмайди. Манфаат унинг ичига кириб олса, ёзувчи, ижодкор у ердан чиқиб кетади. Ижод, истеъдод шунақа нарса. Бойиб кетишни ўйлаб ижод қилганлар ҳамиша ютқазганлар. Аммо оламшумул асар ёзиш учун ўзини, ҳаётини, умрини қурбон қилганлар ичида бойиб кетганлар кўп. Санъат ёлғон билан, сохталик билан келишмайди. Агар уни мадҳия қуролига, манфаат қуролига айлантираман деса, у ерда санъат йўқолади, қуруқ сафсата ва чиройли сўз қолади, санъат қолмайди. Бу Яратган томонидан белгиланган қисмат. Шунинг учун ҳақиқий санъаткорлар, ҳақиқий ижодкорлар фақат санъатни танлаган, шунинг орқасидан машҳур бўлишган ва даҳо деган номни олишган.

ҚИССА ҚАҲРАМОНИ: — Мен ҳам ўзимни гоҳида кимдир кузатиб юрганини сезаман. Баъзан қандайдир нуроний чеҳрани, баъзан тепамда диққат билан кузатиб турган кўзларни кўргандай бўламан ва ҳар доим қилган гуноҳларимни унга тортинмай айтиб бераман, ундан кечиришни, шафқат қилишни, мадад беришни сўрайман. Балким, бу одамдаги эзгу туйғуларнинг ва имону шафқатнинг кўзларидир?!
(Изоҳга ҳожат йўқ)

Н.ЭШОНҚУЛ: — Саволга жавобдан олдин бир нарса ҳақида тўхталишим зарур деб ўйлайман. Бу ҳам бўлса – художўйлик. Асар ёзилган пайтда художўйлик нақ модага айланганди. Умрида тақво нималигини билмаганлар, ҳатто номдор коммунистлар ҳам бирдан тақводор бўлиб қолишди. Сиз билан ишлаб туради-да, бирдан бутун хона, иложи бўлса, кўчадагилар ҳам эшитадиган овозда “Мен жума намозига кетяпман”, деб чиқиб кетади. Мабодо мажлисга кечикса, зал тўла одам уни кутиб, пойлаб турган бўлса, у кириб келади-да, “Мен намоздан келаётгандим”, дейди. Узр йўқ, хижолат бўлиш йўқ. Аксинча, ҳар бир ҳаракатида “Сенлар бу ерда йиғилиб турганларингда, мен намоз ўқидим” деган иддао бор. “Коммунистик тақводорлик” шу даражага етдики, бу қатламга мансуб кишилар бирор меҳмондорчиликка борса, олдин гўштдан тортиб, сувгача суриштирадиган, кейин “ҳалол эмас экан” деб ҳаммани хижолат қилиб, туриб кетадиган бўлишди. Ўзини кўз-кўз қилувчи бундай “тақвочи”лар жуда кўпайиб қолганди. Улар ҳатто одамларни дўзахи ва жаннатига ажрата бошладилар, гўё у ерларга бориш чипталари ўзларининг қўлларида тургандай. Бунақа иддаолар, айтиш мумкинки, мақтанчоқликка асосланган тақволар дил учун эмас, аксинча, обрў қозониш учун қилинарди. Бу эса уйидаги гиламни, устидаги кийимни мақтангандай гап эди. Менинг отам, Мулла Соли оддий, умрида бировга баҳо бермаган, кўп илмли одам эди. Ҳеч қачон муллалигини кўз-кўз қилмаган, бирон нарсага даъво қилмаган, унинг муллалиги фақат маърака, диний маросимлардагина эсга тушарди. Ҳаётда кўп нарсани кўрган, ўттизинчи йиллар қатағонида отаси ва амакисини ўзи Сибирга кузатган Авлиёқули деган кекса бригадирнинг гапи ҳалигача ёдимда. “Қишлоқда олтита мулла бор, аммо ичида фақат Солигина ҳақиқий мулла”. Нега шунақа деган эди? Отам бировнинг дастурхонидаги таомни муҳокама қилмасди. Отам ҳеч қачон бировни “дўзахисан”, ё “жаннатисан” деб ҳукм чиқармасди. Отамдан қолган сабоқ шу эдики, Яратган билан бандаси орасига ҳеч ким тушолмайди, орада ҳеч ким йўқ. Бандасига ҳукм қилиш фақат Оллоҳ измида. Бошқа ҳеч кимнинг бу ҳукмга аралашишга ҳаққи йўқ. Шундай экан, тақво мақтаниш учун эмас, Яратган олдида тавба қилиш учун, кўнгилга зеб бериш учун қилинади. Бу банда билан Яратган ўртасидаги ўта интим, ўта яширин мулоқотдир. Бунақа мулоқот ёки сиз парча келтираётган қиссадаги муножотлар сингари кечинмалар ҳар биримизнинг кўнглимиздан ўтади. Қиссада келтирилган муножот гўё асарга алоқаси йўқдай, ҳар беш-ўн варақда бир пайдо бўлади. Агар қаҳрамоннинг Сулаймонга айтган гапини ўқимаса, бу муножотни ким айтаётгани, бу гаплар кимга тааллуқли экани номаълумлигича қолади. Асар қаҳрамоннинг монологига қурилган. Бироқ мени сиз кўплаб иқтибос келтираётганингиз монолог қониқтирмаган. Бу монологга нимадир етишмасди. Назаримда, қаҳрамоннинг яна бир ҳеч кимга айтмаган, у айтиб бераётган хотиралар, орзулар, кечинмалар ичида кўринмай ётган яна бир монологи бордай туюлаверди. Охири, бу шу муножотлар эканини сездим. Чунки инсон – микроолам, у макрооламсиз яшай олмайди, уларни боғлаб турадиган нимадир бор, шуни топишим керак эди. Кейин шу муножотлар топилди, асарга киритилди. Аслида бу муножотлар менинг ичимда ҳар куни айтиладиган ўй-хаёл, кечинмалар, иқрорлар эди. Гўё шу билан мен ўзимни катта олам билан боғлагандай бўлардим. Қолаверса, бу муножот инсон – коинот маҳсулоти, деган, энди шаклланаётган, мустаҳкамланаётган қарашларимга тўғри келарди. Бу рост. Ичимиздаги руҳдан ташқарида ундан кучли ва ундан улуғроқ Руҳ бор. Келинг, буни виждон, имон, эътиқод, руҳият, илоҳият деб атай қолайлик. Унинг номи турлича бўлиши мумкин, аммо моҳияти ўзгармайди. Аслида иккаласи ҳам ичимиздадидр. Биз коинотни, фалакни англашимиз учун осмонга тикилишимиз шарт эмас. Кўзимизни юмиб ичимизга қарасак, микрооламни ҳам, макрооламни ҳам кўрамиз. “Ичиндаги ичиндадир” деган ҳазрат Румий. Ҳаммаси ичимизда. Бу ерда ҳаммаси – ўзимиз. Кузатувчи ҳам, кузатилувчи ҳам ўзимиз. Чунки Яратган ичимизга жимитдай руҳ – кўз бериб қўйган, биз руҳ орқали ичимизга боқсак, коинотдан улканроқ дунёларни кўрамиз, улканроқ қудратни сезамиз, улканроқ вужудни ҳис этамиз. Ичимиздаги бу олам катта оламнинг инъикосидир, руҳимиз катта руҳнинг аксидир. Нима учун биз ғарб дунёсига кўра маънан мустаҳкамроқмиз? Чунки бизда ана шу ишонч бор, ана шу руҳ билан бирлашув, руҳ билан мулоқот, руҳ билан боғланиш бор. Биз ўша Улуғ Руҳнинг зарраларимиз. Бу ерда бегона йўқ. Табиат ҳам, наботот ҳам, ҳайвонот ҳам, коинот ҳам ўзимиз. Биз бани олам билан биргамиз. Шу биргаликни унутган пайтимиздаёқ ғарб фалсафаси ва адабиёти тинимсиз муҳокама қилаётган бегоналашиш, ётлашиш бошланади. Менсимасдан босиб-янчилган митти ҳашорат ҳам асли бизга бегона эмас. Бу янчиш билан биз ўзимизнинг нимамизнидир босиб-янчдик, нимамизнидир бой бердик, олам бирлигининг қаеригадир дарз кетказдик. Биз Руҳдан келдик, яна Руҳга қайтамиз. Бу нарса бизга, инсонга катта масъулият юклайди. Ҳаёт ана шу келиш ва қайтиш оралиғидаги маънодан иборат. Биз шу оралиқда керакли хулосани чиқара олдикми? Инсоннинг, заминннинг, фалакнинг тозариши учун бирон нарса қила олдикми? Ҳамма гап шунда. Қиссадаги муножотда ана шу қарашлар бор эди. Бу қарашлар ҳамон эскиргани йўқ. Фақат янада теранлашди. 23 йил олдин бу қарашлар шунчаки муножот бўлган бўлса, бугун бу қарашни ҳаётнинг, оламнинг мақсади, деб ҳисоблайман. Биз бўлиниш сари кетмаслик учун ҳам ана шу бирлик йўлини тутишимиз керак, деб ўйлайман.

Тингловчи: Нодир Жонузоқ

 «Жаннатмакон» журналида босилган суҳбатнинг (март,2012) қисқартирилмаган тўлиқ нусхаси

(Tashriflar: umumiy 37, bugungi 1)

Izoh qoldiring