Рафиқам уйдан кетиб қолди. У: «Оғайнингизнинг оқланишида ёрдам беришингиз мумкин эди. Нима учун судга бормадингиз?» – деб сўради. Унга бундай ниятим умуман бўлмаганлигини айтмоқчи бўлдим. Бироқ бунинг ўрнига у тушуниши мумкин бўлган ягона ҳолатни рўкач қилгим келди: «Ўша пайтда фалон асаримни ёзаётгандим, судга боришни унутибман. Ўзинг биласан-ку, ёзаётганимда ҳамма нарсани унутаман», – деб қўяқолдим.
Дилрабо Мингбоева
ТАЛАНТ
Дилрабо Мингбоева 1981 йили Самарқанд вилояти Пойариқ туманида туғилган.Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факултетини бакалавриатини (2003), магистратурасини (2008) тамомлаган. Олий адабиёт курсида таълим олган.»Ёмғирзор» шеърий тўплами, «Тимсоллар тилсими» илмий-оммабоп китоби чоп этилган.
Навбатдаги асарим нашр этилди. Сокинлик тилсимли, сукунат сирларини оламга ёювчи бўронлар эса ундан қудратли. Менинг асарларим – бўронлар.
Ижодкор танишларимиздан бири янги китобим билан табриклади. У яхши инсон ва ўртамиёна шоир. Шеърларига нисбатан суҳбатлари ҳаяжонлироқ. Устига-устак бутун вужуди билан рўзғор кишиси. Унинг нафис шеърлар ёзишига мана шу хислати монелик қилади.
У билан учрашиб, суҳбатлашдик. Одатдагидек тингладим. Аммо ҳамдард бўлолмадим. Мен учун ҳар қандай танишувлар, учрашувлар, суҳбатлар ёзилажак асарларим учун «материал»гина бўлиб қолади.
Ўша учрашувимиздан сўнг уни қайта кўрмадим. Чунки орамизда бўлиб ўтган суҳбатни тегишли жойларга етказишни адабиёт олдидаги бурчим, деб ҳисобладим. Адабиёт эса ҳеч нарса йўқотмади. Эҳтимол, унинг нимагадир қурбон этилганлиги йиллар ўтиб қаҳрамонлик деб баҳоланар, балки бу унинг учун катта мукофот ҳам бўлар. Бироқ адабиётда унинг унутилиши ҳозирги ўлимидан-да ачинарлироқ эмасми?
Ўзи билан сўзи бир ёзувчи дўстим бор. Учрашиб қолсак, гуноҳкордек юрагим безовталанади. У истеъдодли ёзувчи, гўё боғида бирор бегона ўт ўсмайдиган боғбон. Ёзганлари ёруғ асарлар, менинг романларим каби шуҳрат қозонганича йўқ. Китобхонлар – ўзларини бағишлаб яшашни хуш кўрувчи, ниманидир ахтараётган кишилар. Уларни олий ҳақиқатлар эмас, номаълум бахт, жавоби йўқ саволлар, орзу қилинган хаёлий қаҳрамонлар қизиқтиради. Китобхонлар нимани хоҳласа, шуларни ёзаяпман ва уларнинг олқишларига сазовор бўлаяпман.
Афсуски, дўстимнинг шуҳрат топишга иштиёқи йўқ. У ижоддан-да муҳим ва зарур ҳақиқатни биладигандек ҳамиша хотиржам яшайди. Унинг бу кўнгил тўқлиги юрагимга ғулғула солади. Суҳбатларимиз ҳам доим мунозарали. Дўстим:
– Ёзувчи эътиқоди асар моҳиятини белгилайди, – дейди.
Мен эса:
– Ёзувчи учун адабиётнинг ўзи иймон-эътиқод бўлиши ҳам мумкин, – дейман.
– Адабиёт, жумладан, ҳар қандай илм ҳаётдаги мавжуд ҳақиқатларни тасдиқлайди, холос, ўз ҳолича яратувчи бўлолмайди.
– Қалбни баркамолликка элтувчи, фаровон яшашни ўргатувчи китобларга нима дейсиз? Адабиёт – абадий ва у идеал қаҳрамонларни яратади, ёзувчиларга умрбоқийлик бағишлайди.
– Сўзларингизни адабиётга бўлган фидойилик деб тушуниш мумкиндир, эҳтимол. Аммо унинг абадийлигига ишонолмайман. Сиз назарда тутган фаровон ҳаёт эса бизни ҳаётни англаш имконидан маҳрум қилиши ҳам мумкин.
– Шунингдек, йўқчиликда ҳам инсонлар яхшироқ, фаровонроқ яшашга интилиб, умрини бой бериши мумкин. Бундай кишиларда ҳатто «Ҳаёт нима учун берилган?» деган саволни ўз-ўзига бериш фурсати бўлмайди. Чунки «Қандай қилсам, яхшироқ яшайман?» деган ўй уларнинг ҳаёт мазмунига айланган.
– Аслини олганда, фаровон ва ночор ҳаёт муҳим эмас. Уларнинг мезони битта – қаноат билан белгиланади.
– Лекин адабиётда қаноат тушунчаси бўлиши мумкин эмас. У юксалиши керак, тамом-вассалом.
Дўстим ижод ҳақиқатни англаш учун бир восита, деб ҳисоблайди. Мен ҳақиқат ҳам, ҳаёт ҳам адабиётнинг ўзи, деб биламан.
Дўстимнинг янги романи нашрдан чиқиб, ўқувчилар орасида кенг тарқалди. Ўқиб чиқиб, кўнглим ғашланди. Асарнинг «ғоявий бузуқлиги, шубҳа уйғотувчи» эканлиги ҳақидаги фикримни атрофимдагиларга, танқидчиларга уқтира бошладим. Кейин кўпгина воқеалар ўз-ўзидан рўй берди – бу роман ҳақида ёзувчига хавфли айбномалар қўяётган мақолалар босилиб чиқа бошлади. Бу талотўпни бошлаб қўйиб, ўзим томошабинга айланиб қолдим. Охирги дақиқаларда нимадир чора кўришим зарур эди. Ва шундай қилдим ҳам. Мақолам чоп этилгач, дўстимнинг қамоққа олинишини кутган эдим. Бундай бўлмади. Дўстим тилдан қолди.
Ижодкор дўстларимизнинг кўпидан айрилдик. Ҳа, ботир ботир эмас, жон сақлаган ботир.
* * *
Рафиқам уйдан кетиб қолди.
У: «Оғайнингизнинг оқланишида ёрдам беришингиз мумкин эди. Нима учун судга бормадингиз?» – деб сўради. Унга бундай ниятим умуман бўлмаганлигини айтмоқчи бўлдим. Бироқ бунинг ўрнига у тушуниши мумкин бўлган ягона ҳолатни рўкач қилгим келди: «Ўша пайтда фалон асаримни ёзаётгандим, судга боришни унутибман. Ўзинг биласан-ку, ёзаётганимда ҳамма нарсани унутаман», – деб қўяқолдим. У биринчи марта бундан ҳайратлангандек кўзларини катта-катта очиб қаради. Кейин кўзини олиб қочди. Назаримда, ёлғон гапирганим учун уялиб кетди. Ҳа, бундан бошқа вазиятларда ҳам уни алдасам, сўзларимга ишонмаётганини сезиб қолмаслигим учун кўзларини олиб қочарди.
Кейин бир сўз демасдан нарсаларини йиғиштира бошлади. Бир куни келиб ажрашиб кетишимизни ич-ичимдан ҳис қилиб яшардим. Лекин бирон сўз демасдан ташлаб кетиши алам қиларкан. Чидолмадим. «Бугун қаттиқ асабийлашганга ўхшайсан, дамингни ол, эртага кетарсан?» – дедим. Унинг эса менга қайрилиб қарагиси ҳам йўқ эди. Назаримда, гапирганим сайин ожизлигимни фош қилиб қўяётгандек эдим. Шунда эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетдим. Кетса кетаверсин.
Аслида унинг ёнимдалиги кўпроқ азоб беради. Унинг ҳар бир сўзи, қарашлари, ҳаракатларида менга нисбатан муҳаббат зоҳир эди. Асарларимни биринчи бўлиб ва айрича меҳр билан ўқирди. Уйга кеч келсам, ухламай кутар, кўзларидаги ҳадик ва хавотирни мендан яширар, саволларга кўмиб ташламас, гўёки қачон кириб келган бўлсам-да, шу келганимнинг ўзиёқ унга етарлидек тутарди ўзини. Дастлаб бу ҳолат виждонимни қийнади, кейинчалик нафратимни қўзитадиган бўлди. У гўёки мени парваришлаш, севиш ва ардоқлаш учун юборилган бир фаришта эди-ю, мен унинг қалбидан озиқланиб, изтиробларига сиёҳ ботириб асарлар ёзаётган, ёзаётиб жазавага тушаётган иблис эдим. Оҳ, бу ажойиб фикр! Бу ҳақида шоҳ асар ёзаман!!!
Навбатдаги шуҳрат қозонган романимдан сўнг юзлаб мактуб олдим. Уларнинг аксарида: «Китобингизни ўқиб қаттиқ таъсирланганимдан кўз ёш тўкдим», деб ёзилганди. Мен эса, яқинларимнинг муҳаббати ва ҳаёти асарим учун бор-йўғи «хомашё» бўлиб хизмат қилганига ўзимга ачиниб кетдим.
* * *
Сизга ҳаётимда кечган баъзи воқеаларни рўй-рост ҳикоя қилиб бердим. Туйғуларимни кам сўзладим. Чунки бу воқеалар қалбимда рўй бергани йўқ, ҳаммасини ақл билан қилдим, адабиётни дедим. Қалбимга қулоқ солмадим, у мени хароб қилади, деб билдим. Ҳиссиётларимга ишонмадим, улар ўзгарувчан, ўтади-кетади, дедим. Ақлимга кўра яшадим. Ақл барҳаёт, деб ўйладим. Айниқса, адабиётнинг абадийлиги қизиқтирарди мени. Ёзиш – ҳақиқий ҳаёт эди. Аслида эса туйғуларим билан ақлга етиб келишим ва шундай ёзишим керак экан.
Осойишталик ҳукм сурди. Асарларим – бўронлар унутила бошлади. Ҳозир ақлим етгани шуки, ёш авлодни қўллаб-қувватлашим, қўлимдан келганича яхшиликлар қилишим, бошини силашим керак. Шунда яна бир авлод яхши ном билан эслаб юриши мумкин.
Асарларим қанчалик узоқ яшайди? Билмайман. Аммо ёзишим шарт.
Манба: «Ёшлик» журналининг 2011-йил, 6-сони
Dilrabo Mingboeva
TALANT
Dilrabo Mingboeva 1981 yili Samarqand viloyati Pоyariq tumanida tug’ilgan.O’zbekiston Milliy Universitetining jurnalistika fakultetini bakalavriatini (2003), magistraturasini (2008) tamomlagan. Oliy adabiyot kursida ta’lim olgan.»Yomg’irzor» she’riy to’plami, «Timsollar tilsimi» ilmiy-ommabop kitobi chop etilgan.
Navbatdagi asarim nashr etildi. Sokinlik tilsimli, sukunat sirlarini olamga yoyuvchi bo‘ronlar esa undan qudratli. Mening asarlarim – bo‘ronlar.
Ijodkor tanishlarimizdan biri yangi kitobim bilan tabrikladi. U yaxshi inson va o‘rtamiyona shoir. She’rlariga nisbatan suhbatlari hayajonliroq. Ustiga-ustak butun vujudi bilan ro‘zg‘or kishisi. Uning nafis she’rlar yozishiga mana shu xislati monelik qiladi.
U bilan uchrashib, suhbatlashdik. Odatdagidek tingladim. Ammo hamdard bo‘lolmadim. Men uchun har qanday tanishuvlar, uchrashuvlar, suhbatlar yozilajak asarlarim uchun “material”gina bo‘lib qoladi.
O‘sha uchrashuvimizdan so‘ng uni qayta ko‘rmadim. Chunki oramizda bo‘lib o‘tgan suhbatni tegishli joylarga yetkazishni adabiyot oldidagi burchim, deb hisobladim. Adabiyot esa hech narsa yo‘qotmadi. Ehtimol, uning nimagadir qurbon etilganligi yillar o‘tib qahramonlik deb baholanar, balki bu uning uchun katta mukofot ham bo‘lar. Biroq adabiyotda uning unutilishi hozirgi o‘limidan-da achinarliroq emasmi?
O‘zi bilan so‘zi bir yozuvchi do‘stim bor. Uchrashib qolsak, gunohkordek yuragim bezovtalanadi. U iste’dodli yozuvchi, go‘yo bog‘ida biror begona o‘t o‘smaydigan bog‘bon. Yozganlari yorug‘ asarlar, mening romanlarim kabi shuhrat qozonganicha yo‘q. Kitobxonlar – o‘zlarini bag‘ishlab yashashni xush ko‘ruvchi, nimanidir axtarayotgan kishilar. Ularni oliy haqiqatlar emas, noma’lum baxt, javobi yo‘q savollar, orzu qilingan xayoliy qahramonlar qiziqtiradi. Kitobxonlar nimani xohlasa, shularni yozayapman va ularning olqishlariga sazovor bo‘layapman.
Afsuski, do‘stimning shuhrat topishga ishtiyoqi yo‘q. U ijoddan-da muhim va zarur haqiqatni biladigandek hamisha xotirjam yashaydi. Uning bu ko‘ngil to‘qligi yuragimga g‘ulg‘ula soladi. Suhbatlarimiz ham doim munozarali. Do‘stim:
– Yozuvchi e’tiqodi asar mohiyatini belgilaydi, – deydi.
Men esa:
– Yozuvchi uchun adabiyotning o‘zi iymon-e’tiqod bo‘lishi ham mumkin, – deyman.
– Adabiyot, jumladan, har qanday ilm hayotdagi mavjud haqiqatlarni tasdiqlaydi, xolos, o‘z holicha yaratuvchi bo‘lolmaydi.
– Qalbni barkamollikka eltuvchi, farovon yashashni o‘rgatuvchi kitoblarga nima deysiz? Adabiyot – abadiy va u ideal qahramonlarni yaratadi, yozuvchilarga umrboqiylik bag‘ishlaydi.
– So‘zlaringizni adabiyotga bo‘lgan fidoyilik deb tushunish mumkindir, ehtimol. Ammo uning abadiyligiga ishonolmayman. Siz nazarda tutgan farovon hayot esa bizni hayotni anglash imkonidan mahrum qilishi ham mumkin.
– Shuningdek, yo‘qchilikda ham insonlar yaxshiroq, farovonroq yashashga intilib, umrini boy berishi mumkin. Bunday kishilarda hatto “Hayot nima uchun berilgan?” degan savolni o‘z-o‘ziga berish fursati bo‘lmaydi. Chunki “Qanday qilsam, yaxshiroq yashayman?” degan o‘y ularning hayot mazmuniga aylangan.
– Aslini olganda, farovon va nochor hayot muhim emas. Ularning mezoni bitta – qanoat bilan belgilanadi.
– Lekin adabiyotda qanoat tushunchasi bo‘lishi mumkin emas. U yuksalishi kerak, tamom-vassalom.
Do‘stim ijod haqiqatni anglash uchun bir vosita, deb hisoblaydi. Men haqiqat ham, hayot ham adabiyotning o‘zi, deb bilaman.
Do‘stimning yangi romani nashrdan chiqib, o‘quvchilar orasida keng tarqaldi. O‘qib chiqib, ko‘nglim g‘ashlandi. Asarning “g‘oyaviy buzuqligi, shubha uyg‘otuvchi” ekanligi haqidagi fikrimni atrofimdagilarga, tanqidchilarga uqtira boshladim. Keyin ko‘pgina voqealar o‘z-o‘zidan ro‘y berdi – bu roman haqida yozuvchiga xavfli aybnomalar qo‘yayotgan maqolalar bosilib chiqa boshladi. Bu taloto‘pni boshlab qo‘yib, o‘zim tomoshabinga aylanib qoldim. Oxirgi daqiqalarda nimadir chora ko‘rishim zarur edi. Va shunday qildim ham. Maqolam chop etilgach, do‘stimning qamoqqa olinishini kutgan edim. Bunday bo‘lmadi. Do‘stim tildan qoldi.
Ijodkor do‘stlarimizning ko‘pidan ayrildik. Ha, botir botir emas, jon saqlagan botir.
* * *
Rafiqam uydan ketib qoldi.
U: “Og‘ayningizning oqlanishida yordam berishingiz mumkin edi. Nima uchun sudga bormadingiz?” – deb so‘radi. Unga bunday niyatim umuman bo‘lmaganligini aytmoqchi bo‘ldim. Biroq buning o‘rniga u tushunishi mumkin bo‘lgan yagona holatni ro‘kach qilgim keldi: “O‘sha paytda falon asarimni yozayotgandim, sudga borishni unutibman. O‘zing bilasan-ku, yozayotganimda hamma narsani unutaman”, – deb qo‘yaqoldim. U birinchi marta bundan hayratlangandek ko‘zlarini katta-katta ochib qaradi. Keyin ko‘zini olib qochdi. Nazarimda, yolg‘on gapirganim uchun uyalib ketdi. Ha, bundan boshqa vaziyatlarda ham uni aldasam, so‘zlarimga ishonmayotganini sezib qolmasligim uchun ko‘zlarini olib qochardi.
Keyin bir so‘z demasdan narsalarini yig‘ishtira boshladi. Bir kuni kelib ajrashib ketishimizni ich-ichimdan his qilib yashardim. Lekin biron so‘z demasdan tashlab ketishi alam qilarkan. Chidolmadim. “Bugun qattiq asabiylashganga o‘xshaysan, damingni ol, ertaga ketarsan?” – dedim. Uning esa menga qayrilib qaragisi ham yo‘q edi. Nazarimda, gapirganim sayin ojizligimni fosh qilib qo‘yayotgandek edim. Shunda eshikni qarsillatib yopib chiqib ketdim. Ketsa ketaversin.
Aslida uning yonimdaligi ko‘proq azob beradi. Uning har bir so‘zi, qarashlari, harakatlarida menga nisbatan muhabbat zohir edi. Asarlarimni birinchi bo‘lib va ayricha mehr bilan o‘qirdi. Uyga kech kelsam, uxlamay kutar, ko‘zlaridagi hadik va xavotirni mendan yashirar, savollarga ko‘mib tashlamas, go‘yoki qachon kirib kelgan bo‘lsam-da, shu kelganimning o‘ziyoq unga yetarlidek tutardi o‘zini. Dastlab bu holat vijdonimni qiynadi, keyinchalik nafratimni qo‘zitadigan bo‘ldi. U go‘yoki meni parvarishlash, sevish va ardoqlash uchun yuborilgan bir farishta edi-yu, men uning qalbidan oziqlanib, iztiroblariga siyoh botirib asarlar yozayotgan, yozayotib jazavaga tushayotgan iblis edim. Oh, bu ajoyib fikr! Bu haqida shoh asar yozaman!!!
Navbatdagi shuhrat qozongan romanimdan so‘ng yuzlab maktub oldim. Ularning aksarida: “Kitobingizni o‘qib qattiq ta’sirlanganimdan ko‘z yosh to‘kdim”, deb yozilgandi. Men esa, yaqinlarimning muhabbati va hayoti asarim uchun bor-yo‘g‘i “xomashyo” bo‘lib xizmat qilganiga o‘zimga achinib ketdim.
* * *
Sizga hayotimda kechgan ba’zi voqealarni ro‘y-rost hikoya qilib berdim. Tuyg‘ularimni kam so‘zladim. Chunki bu voqealar qalbimda ro‘y bergani yo‘q, hammasini aql bilan qildim, adabiyotni dedim. Qalbimga quloq solmadim, u meni xarob qiladi, deb bildim. Hissiyotlarimga ishonmadim, ular o‘zgaruvchan, o‘tadi-ketadi, dedim. Aqlimga ko‘ra yashadim. Aql barhayot, deb o‘yladim. Ayniqsa, adabiyotning abadiyligi qiziqtirardi meni. Yozish – haqiqiy hayot edi. Aslida esa tuyg‘ularim bilan aqlga yetib kelishim va shunday yozishim kerak ekan.
Osoyishtalik hukm surdi. Asarlarim – bo‘ronlar unutila boshladi. Hozir aqlim yetgani shuki, yosh avlodni qo‘llab-quvvatlashim, qo‘limdan kelganicha yaxshiliklar qilishim, boshini silashim kerak. Shunda yana bir avlod yaxshi nom bilan eslab yurishi mumkin.
Asarlarim qanchalik uzoq yashaydi? Bilmayman. Ammo yozishim shart.
Manba: “Yoshlik” jurnalining 2011-yil, 6-soni