Nazar Eshonqul. Ma’naviyatimizni ko’z qorachig’imizdek asraylik

nazar-eshonqul

«Маърифат гулшани» газетасида адабиётдаги ахлоқсизликлар ҳақидаги мақола босилгандан кейин ўзбек матбуоти  ва  интернет тармоғи саҳифаларида бошланган баҳс-мунозара давом этмоқда. Ахлоқсизликни тарғиб этувчи китоблар муаллифларини ҳимоя қилувчилар ҳам пайдо бўлди. Бу ҳимоячиларнинг айримлари танқид қилинган муаллифларни юртдошлик,яъни бир тумандан ёки қўшни тумандан эканликлари сабаб уларнинг илтимосларини рад этолмай баҳсга киришга мажбур бўлган бўлсалар,яна бирлари ҳатто бир мунча муддат аввал ўзлари адабиёт газетасида ахлоқсиз китоблар кўпайиб боряпти деб бонг уриб мақола ёзганларини унутиб,узоқ йиллар ахлоқсиз китоблар муаллифи билан шахмат ўйнаб юргани учунгина «шатранждошлик» туйғусидан келиб чиқиб  ҳимоя қилмоқда. «Карвон қўнғироғи» газетаси эса «шов-шув»дан фойдаланиб тиражини кўпайтириш мақсадида ахлоқсиз китоблар муаллифларини ҳимоя қилаётганларга саҳифа ажратмоқда. Бу газетани ўртага ташланган масаланинг моҳияти умуман қизиқтирмайди.
Бу ўринда,баҳсу мунозарага киришмай,четда турган яна бир томон борлигини айтиб ўтиш керак.Уларнинг фикрича,кўтарилган масалага диққат қаратилса,бу ахлоқсиз китобларни ва уларнинг муаллифларини рекламасига айланиб кетиши мумкин. Бу фикрда жон борга ўхшайди. Аммо, бу фикр тарафдорлари бугун миллий маънавиятимиз дарёсини булғашга қаратилган дастлабки заиф уринишлар эртага  — охир оқибатда улкан тажовузга,маънавий ҳалокатга олиб боришини унутмасликлари керак. Орол денгизи бирдан қуриб қолгани йўқ.Орол фожиаси дастлабки бир томчи томчи сувни ўйловсиз исроф қилишдан бошланган.
Адабиётимизнинг бугунги аҳволига жавобгар,мамлакатдаги адабиёт соҳасида кечаётган жараёнларга бош-қош бўлиши лозим бўлган яна бир томон бор.Бу томон бошланган баҳсу мунозарадан кўзини юмиб,қулоғига пахта тиқиб олган.Бу томон ҳақида босилажак мақолаларимиздан бирида гапириб ўтамиз…

Ҳозирча биз таниқли ёзувчи Назар Эшонқулнинг турли йилларда матбуотда босилган мақолаларининг ҳар бирида ўқтомир бўлиб ўтган маънавий қадриятларимиз борасида айтилган фикрларидан олинган иқтибосларни бир жойда жамлаб,сизга тақдим этишдан кўзлаган мақсадимиз битта: миллий қадриятлар ҳамиша ва ҳамма замонларда ҳимоя қилинган.Ҳимоя қилингандаям,ватан сарҳадларини душмандан муҳофиза этгандек мардона ва фидойи тарзда оғир,бешафқат жангларда ҳимоя қилинган.

Хуршид Даврон

назар

Назар Эшонқул

ҲОЗИР  КЎЗ ҚОРАЧИҒИМИЗДЕК АСРАШИМИЗ  ШАРТ БЎЛГАН НАРСА  —  МАЪНАВИЯТИМИЗ

Мақолалардан иқтибослар

…Биз ўзимиздан йироқлашганимиз сайин маданиятсизлашиб борамиз. Балким замонавийлишармиз, аммо ўзликдан йироқлашиш бизни маданиятсизлик чоҳига етаклаб кетаверади. Чунки маданият, аслида, ўзликдир.

Бу ўзликда Одам Атодан тортиб бугунгача бўлган аждодларимиз тажрибаси, ҳиссиёти ва анъаналари, қалби ётади. Ўзликдан чекинганимиз сайин биз ана шу қалбдан – аждодлар қалбидан чекиниб борамиз. Замонавийлик дегани маданият деганимас. Агар ўзимиз ишлатаётган, фойдаланаётган нарса, буюмни ўзимиз яратмаган эканмиз, у бизнинг ўзлигимизга айланмаган экан, бу борада фақат истеъмолчи бўлиб қоларканмиз, биз маданиятли эмасмиз. Чунки маданият бу ютуқ – моддий-маънавий ютуқдир. Ютуқдан фойдаланиш, ютуққа истеъмолчи бўлиш маданиятли бўлди деганимас. Биз бугун ютуқлар истеъмолчисимиз, холос. Истеъмолчи маълум маънода бировга қарам одам бўлади. Биз ҳам шу товарни ишлаб чиқараётганлар олдида қараммиз. Демак, биз тўлиқ мустақил эмасмиз. Ҳаётимизнинг катта қисми шу товарни ишлаб чиқараётганларга боғлиқ экан, биз уларга қараммиз. Қарамлик эса маданиятни билдирмайди. Маданият моддийлик ва маънавиятнинг уйғунлашуви, қалб ва дидининг, ақл ва идрок эркинлиги, озодлигидир. Қарамлик бор экан, бу уйғунлик бўлмайди. Бу уйғунлик йўқ жойда маданият ҳам бўлмайди. Демак, маданият ҳам одамдан, биздан ўзликни талаб қилади.

Фикрсизлик фақат ижтимоий плюрализм кушандасигина эмас. Фикрсизлик маданият кушандасидир. Фикр йўқ жойда маданият яратилмайди, фақат маданият яратган маҳсулотлар истеъмол қилинади, холос. Фикр йўқ жойда маданият яратилмайдигина эмас, ўзигача бўлган маданият ҳам узилади, тараққиётнинг занжирли ҳалқалари сочилиб кетади. Бу ҳалқалар ўрнини фикрсизлик ва маданиятсизлик оқибатида туғилган маданиятга зид тушунчалар, қарашлар эгаллаб олади.

Фикр – бу ботиний қиёфа, одамнинг, шахснинг ички қиёфасини кўрсатиб турувчи кўзгу. Фикри йўқ одамнинг қиёфаси ҳам бўлмайди. Фикр одамнинг ўзлигини, ўзига хослигини билдириб, мавжудлигини кўрсатиб, талаб қилиб туради. Фикр, аслида, «мен мавжудман» дегани. Фикр йўқ жойда оломончилик ва жоҳиллик кўпчийди. Менинг фикрим – бу менинг қиёфам. У бошқаникига ўхшамаслиги мумкин, бировга ёқмаслиги мукмкин, аммо у менинг қиёфам. Агар у фикр дейишга арзиса, албатта. Фикр одамнинг бармоқ излари каби ўта хусусий, ўта шахсий бўлади. Биз фақат мазкур фикрни ўз муҳитимиз ва яшаш тарзимизга мослаб ифода этамиз, шу муҳитни фикримиз билан янгилашни, ўзгартиришни, мослаштиришни, оммалаштиришни истаймиз. Аммо йўқ фикрни оммалаштириш имконсиз. Оммалашиши ва жамиятнинг маълум эътирофига эришиш учун олдин шу фикрнинг ўзи бўлиши керак.

Келинг, бир латифани эслайлик. Ўтган тузумнинг латифаси. Жамият “кетаётган”, аслида тўхтаб қолган поездни шундай лиқиллатиб турингларки, гўё жамият олдинга кетаётгандай туюлсин деган латифа. Демак, фикр – бу тараққиёт мезони ҳам экан. У тўхтаган ва ҳамма бир хил фикрлаб қолган жойда тараққиёт ҳам тўхтайди, фақат «тараққий этаяпмиз» деган алдамчи тассаввур бўлади. Фикрнинг тараққиёт учун асос экани, фикр ранг-баранглиги жамиятнинг ранг-баранглиги, тараққиёт ва ақл-идрокнинг ранг-баранглиги эканини бугун салгина ўқимишли одам билади. Дунё фикр қилиб бугунги тараққиётга эришди. Дунё фикр қилса, эртага тараққиётга эришади. Фикр тўхтаган жамиятда ботиний таназзул бошланади.

ХVII асрдан ХХ аср бошларигача бўлган Туркистон бизга кўп нарсадан сабоқ бериши керак. Бу даврда фикр тўхтаб қолди, шунинг учун биз мазкур даврда йирик ва катта маданият обидаларига – маданий яратувчанликка дуч келмаймиз. Фикр турғунлиги маданий турғунликка олиб келади. Бир-икки шоир ёки донишманд бу турғунликни енгаман деб кўрди, аммо уларнинг яратувчилиги ўта хусусий яратувчилик бўлиб қолди, ижтимоий яратувчилик ижтимоий маданият эмасди.

Фикр ва қалб Яратган ичимизга солган руҳнинг ўзини намоён қилишидир. Қалб ҳис этиш ва муҳаббат орқали намоён бўлади, фикр билим ва билишга интилиш орқали. Фикрнинг боши ҳам Яратган эди, охири ҳам Яратган бўлади. Биз фақат ана шу оралиқда даражамизга мос идрок жилваларини яратамиз. Бизга ана шу оралиқда ўзимизни таниш ва ўзликка эришиш имконияти берилган, холос. Қалб ва фикр мувозанатига эришиш-комилликнинг ўзидир. Шу пайтгача ўтган фалсафий ва фикрий оқимлар ўша комилликка эришишнинг турли йўлларини тарғиб қилиб келди. Фуқароларининг ана шу бирлиги – мувозанати ҳақида қайғурсагина ўша жамият маърифий жамиятдир.

…Анъаналар ва миллий қадриятлар ҳар бир миллатнинг юзи, қиёфаси, сарчашмасидир. Умуман олганда, дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳар қандай анъана, қадрият миллатга қувват берса, уни ўзини намойиш этишга куч берса, яшаб қолади. Ана шундай қадриятлар миллий қувватнинг манбалари бўлади. Қадрият ва анъаналарга шунчаки экспонат сифатида қараш керакмас. Улар ўзларида халқнинг ташаббуси, ижодий салоҳиятини яшириб ётади. Агар мазкур қадриятлар тўғри ташвиқ қилинса, миллатнинг ижодий салоҳияти янаям ошади, ўз замонига маҳсулотлар бера бошлайди. Биз ҳаммамиз буни кўриб, билиб турибмиз.

Ҳозир кўз қорачиғимиздай асрашимиз шарт бўлган нарса – маънавиятимиз. Биз меҳр-оқибат, бир-биримизга, ота-онамизга муносабат борасида Ғарб одамларидан тубдан фарқ қиламиз. Ғарб тафаккур жиҳатдан, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган, биздан анча ўзиб кетган деймиз, лекин ўша тараққиётнинг ҳам ўз фожиалари мавжуд. Масалан, Америка дунёда энг илғор мамлакат бўлса, унда оилани сақлаш муаммоси ҳозир биринчи ўринга чиққан. Ғарбда ҳамма нарса манфаат нуқтаи назаридан ҳал этилади. Масалан, сизнинг фирмангиз хонавайрон бўлиб, кўчада қашшоқ қолсангиз, сизга на қариндошингиз, на дўстингиз ёрдам беради, сиз ўзгалар наздида омадсиз одамга айланасиз. Бизда эса бировнинг бошига мусибат тушса, унинг ёнида суянчиқлари, ҳамдардлари албатта бўлади, ёрдам қўлини чўзади. Бизда инсоний муносабатлар кучлироқ. Ҳозир видео орқали, телевизор орқали кириб келаётган мафкурани ҳушёр тарзда, онгли равишда қабул қилиш лозим.

Мен тафаккурни юксалтирадиган нарсаларнинг барчасини қўллаб-қувватлашга ҳозирман. Яъни дунёқараш бойийди, савия ўсади, дид ўткирлашади, кўзингиз очилади. Шу билан бирга, ўша мафкуранинг бошқа жиҳати ҳам бор. Масалан, муҳаббатга муносабатни олайлик. Намойиш қилинаётган Ғарб фильмларида қанақа муҳаббат-у, бизда, Шарқда қанақа муҳаббат? Шарқда муҳаббатга муносабат бутунлай бошқача. Ана шу нарсани сақлаб қолиш муҳим.

Мен ахлоқ борасида консервативман. Мен ҳар хил газеталар орқали кириб келаётган ахлоқни қабул қилолмайман. Кимдир буни демократиянинг бир кўриниши деб ўйлаши мумкин. Лекин унинг эртанги фожиалари бор. Шукрки, бизда ҳозирча гўзал ҳаё сақланиб келяпти. Ана шу ҳаёни емириб қўйсак, ҳаё деворини бузиб ташласак, одамлар ўша газеталардаги, кинолардаги ҳаёсиз турмуш тарзига кўникиб қолса, даҳшатли фожиаларга дучор бўламиз. Россияда (балоғатга етмаган) минг-минглаб қизларнинг аборт қилдириши ўша ҳаёсизлик психологиясининг онгга ўтганидан далолат беради.

«Ўткан кунлар» романини гўзал ахлоқий асар деб биламан. Ота-онага, муҳаббатга муносабат борасида у тенги йўқ ахлоқий асар. Бу ахлоқни тинимсиз ўзимизга сингдираверишимиз керак. Шу нуқтаи назардан телевидение бугун ўша деворни мустаҳкамлайдиган тарғибот кўрсатувларини бериб бориши лозим.

Миллатнинг эстетик савияси, диди давлат чегараси каби қаттиқ ҳимоя қилиниши шарт бўлган ҳудуд деб ўйлайман. Шу жумладан, бугунги китобхоннинг ҳам дидини ўлдирмаслик, уни бестселлерга ўргатмаслик, эрмак учун ўқийдиган китобхонга айлантирмаслик лозим. Олди-қочди китоблар тижорат адабиёти ҳисобланади, яъни улар бугун учун ёзилган, эртага йўқолиб кетадиган асарлар. Санъат эса оммавийликдан биқиқлашиб, чекланиб бораверади. ХIХ асрда француз адабиёти вакиллари санъатнинг оммавиймаслигини уқтиришганди. Айтиш мумкинки, санъат бир ҳовуч закий, яъни зеҳни ва диди ўткир одамлар учун экани тан олинган. Бу санъатдан заковатли одамларгина завқ олиши мумкин. Бундай инсонлар қул бўлмайдилар. Аксинча, ўзининг кимлигини билмайдиган ва бу ҳақда фикр қилмайдиган киши қулдир. Аммо мазкур ҳолга объектив ёндашиш керак. Масалан, Америкада Фолкнерни мутлақо билмайдиган одамлар 70–80 фоизни ташкил этади. Кафкани вақтида ҳеч ким танимаган, кейинчалик, анча йиллар ўтиб унинг даҳо ёзувчи эканини билишди. Жеймс Жойсга ҳам шундай муносабатда бўлишган. Машҳур «Улисс» романини дастлаб минг нусхада чоп этишиб, шуям асар бўлдими дея қайтариб беришган. Қисқаси, бундай ҳоллар кўп.

Миллатнинг эртанги тақдирини омма эмас, бир гуруҳ зиёлилар белгилайди. Шуни унутмаслигимиз, ўзимиздаги китобхонлик руҳини тарбиялашимиз муҳим. Афсуски, техника тараққиёти одамларда тафаккурга бўлган эҳтиёжни сўндириб ташлаяпти, ёшларни фикрий дангасага айлантиряпти. Биз бундай ҳолни инкор этиб яшашимиз даркор.

…Адабиёт келажак ва инсон ҳақидаги гўзал изтироблар, қайғулар, ҳиссиётлар акс этадиган ҳамда бу туйғулар, кечинмалар орқали инсоннинг тафаккурини бетиним халос бўлишга ундайдиган бир восита. Адабиёт одамни халос бўлишга ундайди. У чақирмайди, у ичдан, ҳис-туйғуларга таъсир этиш орқали ундайди. Адабиётда оқимлар кўпайди, адабиёт янгиланди, буюк эврилишлар бўлди, аммо унинг вазифаси ўзгаргани йўқ. Қадим даврларда ҳам, ҳозир ҳам адабиёт барибир адаб вазифасини ўтаган ва ўтайди. Адаб учун хизмат қилмайдиган адабиётни мен тушунмайман. Адаб насиҳатгўйлик эмас. Адаб хизмати туйғулар, ҳиссиётлар, образлар, метафоралар, сўз ўйинлари, кечинмалар, тимсоллар билан сабаб ва оқибатни кўрсатишдир.

Ўз даврининг одами қандай ўйлаётгани, қандай яшаётгани, қандай фикрлаётгани, нимадан изтироб чекаётгани, нима уни қайғуга солаётгани, унинг ички дунёси қандай эканини англаш ҳамиша ижодкор олдидаги асосий вазифалардан биридир. Тасаввур қилайликки, бугунги ёшлар жиноятчи тўдалар ҳақидаги ёки уларга маълум маънода хайрихоҳ бўлиб ёзилган асарни ўқияпти ва давр қаҳрамонлари шулар деб ўйлаяпти, бу одамларнинг маънавий дунёси ва яшаш тарзи уларнинг онгига таъсир қиляпти. Ҳақиқий адабиёт нималигини фарқламайдиган ёшлар мазкур одамларни давр қаҳрамонлари сифатида қабул қилиши шубҳасиз. Бугун ўқилаётган ва ўзини адабиёт намунаси деб атаётган аксарият «асар»лардан чиқадиган хулоса бу. Яъни доимо гўзаллик ва эзгуликни, Ватан ва миллатни тараннум этиб келган адабий дид кимнинг қўлида деган саволга жавоб топиш вақти келди. Гап адабиётни теран тушунадиган зиёли ҳақида бораётгани йўқ. Гап омманинг адабий диди кимнинг ва қандай асарларнинг қўлида эканлигида.

Миллат диди унинг келажакдаги эзгулик ва ёвузлик тушунчасини, миллат ва Ватан тушунчасини белгилайди. Бугунги дид эртанги онгимизнинг қандай бўлишига замин яратади. Хўш, бугун омма диди қайси асарлар таъсирида шаклланмоқда? Ахир, бугун ҳар бир ижодкор адабий дидни юксак даражада сақлаб қола олиш борасида қайғурадиган пайт келди. Буни тадбирлар ўтказиб ёки декоратив қаҳрамонлар билан йўқ қилиб бўлмайди. Буни ҳақиқий маънодаги адабий асар ёзиб, ҳақиқий одам образини яратиб, бугуннинг одамини таҳлил этган, ҳаётбахш, гўзал ҳиссиётлар акс этган асарлар билангина енгиб бўлади. Шу маънода дид масаласига барчамиз масъулмиз.

…Ижод эркинлиги мавзуси 20 йил муқаддам долзарб эди. Бугун назаримда у кам эсланаяпти. Сабаби шундаки, бугун ким нимани хоҳласа ёзиб ётибди, ҳеч ким, ҳеч нарса тўсиқ бўлаётгани йўқ. Ҳатто шу даражада эркинлашиб кетдикки, адабиётга, эстетик нормаларга, этик тамойилларга зид бўлган, ота-боболаримиз бизни миллат, халқ қилиш учун мисқоллаб йиғган ва бизга шу йўллардан бошқасида юриш инсоният таназзули эканини қатъий қилиб белгилаб кетган қоидалардан воз кечилган, инсоннинг ҳайвоний қиёфасини акс эттирадиган, ҳирс, эҳтирос тасвирлари батафсил тасвирланаётган, демак тарғиб қилинаётган олди-қочди, тижорат, фисқ-фасод чўпчакларни ҳам газеталаримиз, ҳам нашриётларимиз янги адабий воқелик сифатида эътироф этишаяпти, бунақа асар ёзаётганлардан янги давр Де Садини яратишаяпти. Ҳатто шу даражага боришдики, яқинда бир хусусий ношир бир машваратда уялмай-нетмай “Фалончи ҳирсни бадиий воқелик даражасига кўтариб, адабий кашфиёт қилди” деган гап билан мақтанибди ҳам. Ношир назарда тутган “асарлар” ёзаётган “кашфиётчи” адибнинг китоблари бугун китоб савдосида бозори чаққон.

Мен ўйлаб қоламан, шундай “ҳирсли кашфиёт” қилаётган ҳам, шундай китобни нашр этаётган ҳам шу асарларни ўз фарзандлари, ўз қизлари, набиралари ўқишини, ана шу “батафсил тасвирланган”, “ адабий воқеликка айлантирилган” “ҳирс” тасвирлари фарзандларининг одоб ва ахлоқига таъсир қилиши, ўзгартириши мумкинлигини ўйлармикин?! Ё фарзандлари, қизлари билан ҳам бу мавзуда худди асарларидаги тасвирлар каби бемалол гаплашарверармикин?! Агар шундай бўлса, унда бу ҳолатни адабий танқидчилик эмас, тиббиёт ходимлари муҳокама қилиши керак. Менимча, қўлига қалам олувчи ҳар бир одам олдин ёзганларини фарзандларига ўқиб бера оладиган, асарини қизлари ва келажак олдида ахлоқий нуқтаи назардан уялмайдиган қилиб ёзиши керак. Мабодо ўз асарларини фарзандларига ўқиб беришга уялса, унда нега уни бутун миллатга тақдим қилиши керак? Мақсад нима? Миллат ахлоқига путур етказишми? Биз ҳар ёзганимиз учун болаларимиз олдида жавоб берамиз. Уларнинг ахлоқи, инсонгарчилиги, дунёқараши олдида ёзган ҳар бир сўзимиз билан жавобгармиз. Адабиёт, қалам бизга ана шундай маъсулият юклайди.

Қайсидир газетада ўқиб қолдим. Бир “ёзувчи” укамиз ҳар куни бир босма тобоқдан икки босма тобоққача “асар” ёзар экан. Шунинг учун унинг ёзганлари газетларда тинимсиз босилади, уни ҳатто “давримизнинг таниқли ва истеъдодли ёзувчиси” деб таништиришади. Лекин бу укамиз оддий адабий жумла тузишни билмайди. Эга-кесим ва уюшиқ бўлакларидан бошқа поэтик оҳордан дарак йўқ. Шундай пайтда истеъдод деган сўздан ҳам, ёзувчиликдан ҳам одамнинг кўнгли қолиб кетади. Бошқа бир тоифа бугунги эркинликдан фойдаланиб, адабиётимизга Де Сад анъаналарини олиб кираяптики, бундай эркинлик ота-боболаримиз қарши курашиб келган иллатиларнинг кенг илдиз отишига замин яратаяпти. Умуман, масалага қайтадиган бўлсак, эркинлик ижодкорга сув билан ҳаводай зарур. Мустақиллик бу эркинликни берди. Худога шукур. Балиқ сувсиз яшай олмагани каби ижодкор эркинликсиз яшай олмайди. Бу исботланган. Аммо эркинликни ота-боболаримиз биз учун мисқоллаб йиғиб қолдирган гуманизм ва ахлоқдан воз кечиш, анъана ва қадриятларни менсимаслик, уни вайрон қилиш, фахш ва тубан манзараларни тавсифлаш деб тушуниш вулгаризим ва варваризмдан бошқа нарса эмас. Бундай эркинлик охир-оқибат миллатни ҳам, инсониятни ҳам таназзул ёқасига олиб боради.

Инсоният жуда кўплаб цивилизцияларни бошидан кечирган. Ана шулардан энг буюги, ҳатто оловнинг кашф этилишидан ҳам аҳамиятлироғи — бу уятли жойини ёпиб юришни ўрганган, ўргатган цивилизациядир. Иккинчи буюк ютуқ гуманизм, ана шу гуманизмга боғлиқ равишда шаклланган, инсонни улуғлашга, уни ахлоқий ва маънан гўзаллаштиришга хизмат қилувчи ахлоқдир. Бу икки ютуқсиз инсоннинг ҳайвондан ҳеч қандай фарқи қолмайди. Бугун Де Сад каби жинсий ва ахлоқий эркинликни адабиётга олиб кириш билан бу буюк ютуқларга зарар келтираётганлар ўзлари билиб-билмай инсониятнинг, миллатнинг таназзулига хизмат қилишаётганини англашаётгани йўқ. Ғарб адабиёти ахлоқсиз Де Сад ва унинг издошлари туфайли эмас, адабий истеъдодлар ва улуғ гуманизм ғояларини тараннум этгани ҳисобига тараққий этган. Адабиёт ҳамиша ҳур фикр, ҳур тараққиёт, ҳур имон, виждон учун курашиб келган. У истибдоднинг, зулмнинг, зўрвонликнинг, ёвузликнинг ҳар қандай кўриниши билан келиша олмайди, уларга қарши курашади, уларга қарши курашиб туриб, эркинлик тарафида туради, аммо инсоният мисқоллаб йиғган ахлоқ ва гуманистик фазилатлардан ҳеч қачон воз кечмайди, гарчи бу гуманизм ва ахлоқ кимларгадир ва қайсидир ҳатти-ҳаракатларга таъқиқ, эркинликни буғиш бўлса ҳам, у булардан воз кечолмайди. Чунки айни шу нарсалар инсонни ҳайвондан ажратиб, уни санъат ва маданият сари бошлаб келган. Инсони авратини ёпган кунидан бошлаб санъатни ҳис қилиб, нафосат сари юксала бошлаган. Энди бу авратни очиб кўрсатиш одамни ҳайвонот каби ялонғоч юришга ундовдан бошқа нарса эмас.

Ахлоқсиз ва инсонпарварликсиз санъат бўлмайди. Ҳирс ва жунбушни шавқ билан батафсил тасвирлаш — уни тарғиб қилишдан бошқа нарса эмас. Мабодо тарғиб қилинаётган экан, унга соғлом ақл кўзи ва қонун кўзи билан қараш зарур бўлади. (Бу менинг шахсий фикрим: кимки ҳирс ва жунбушни ўқувчида рағбат ва ҳавас уйғотадиган, унинг онг ости туйғуларига таъсир қиладиган даражадаги тафсилот билан ёзаётган экан, бу ерда нимадир бордай, хусусан, қандайдир миссионерлик ғояси бордай туюлади. Бугунги ғаразли дунёда оммавий маданиятнинг тазийқига сабот билан дош бериб келаётган Шарқни моддий ва маънавий синдириш учун аввал унинг ахлоқини, қадриятларини, оила ва жамият ҳақидаги тушунчаларини путурдан кеткизишга, йўққа чиқаришга уриниб ётган кучлар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди.)

(Tashriflar: umumiy 131, bugungi 1)

Izoh qoldiring