Dilrabo Mingboyeva. Ikki hikoya va 10 she’r

ой

   Боғда сайр этардим. Ям-яшил боғ худди меҳрибон онамга ўхшар, бағрида ўзимни гулдек ҳис этардим. Боғда расм чизиб ўтирган йигитнинг қўллари бўёқ, атрофида ғижимланган қоғозлар сочилиб ётар, ўзи ҳам ўша қоғозлари каби эди. У берилиб ишлаётганидан ёнидан ўтганимни илғамади.

Дилрабо Мингбоева
ИККИ ҲИКОЯ ВА ЎН ШЕЪР
09

077Дилрабо Мингбоева 1981 йили Самарқанд вилояти Пойариқ туманида туғилган.Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факултетини бакалавриатини (2003), магистратурасини (2008) тамомлаган. Олий адабиёт курсида таълим олган.»Ёмғирзор» шеърий тўплами, «Тимсоллар тилсими» илмий-оммабоп китоби чоп этилган.

09

ЯШИЛ ТУШЛАР

Илк бор учратганимда у жуда таниш туюлди.

Боғда сайр этардим. Ям-яшил боғ худди меҳрибон онамга ўхшар, бағрида ўзимни гулдек ҳис этардим. Боғда расм чизиб ўтирган йигитнинг қўллари бўёқ, атрофида ғижимланган қоғозлар сочилиб ётар, ўзи ҳам ўша қоғозлари каби эди. У берилиб ишлаётганидан ёнидан ўтганимни илғамади.

Атрофидаги манзарага ҳайрат билан тикилар, синчиклаб кузатар ва яна қоғозга энгашарди. Суратга зимдан қарадим — ям-яшил боғ ўрнига ҳар хил ранглар чаплаб ташланган манзарани кўрдим. Бу мен учун ўтакетган бемаънилик эди. Хаёлидаги бўлмағур нарсаларни чизмоқчи экан, ҳар бир ниҳолга, ҳар бир япроққа мафтун бўлиб тикилишнинг нима кераги бор, дея ўйладим.

Аслида, ўшанда бир сўз демасдан кетсам бўларкан. Лекин шеърларимга айланган қадрдон дарахтларни хўрлашига чидаб туролмадим. Табиатни масхаралашга ҳаққи йўқлигини айтиб, уни сўқирликда айбладим. У эса:
— Нима? Ҳамма нарсани гўзал дегувчи, ҳақиқатни кўргани кўзи йўқ шоиралар тоифасиданмисиз? — деди киприк қоқмай.
— Сиз “Бу суратимда ҳақиқатни тасвирлаганман”, дея даъво қилаяпсизми? Мана, боғнинг ям-яшил бўлиб товланиб тургани — ҳақиқат! Ахир, бу гўзаллик бўлмай нима?

— Аммо сиз дарахтларнинг қалбини — орзу-умиди, изтироби, хўрсиниғи, шодланишини кўрмаяпсиз-ку? Бу ранглар уларнинг юрагини очиб бераётганини тушунмаяпсизми?
— Мен осмонга узоқ тикилиб тураман-да, ўзимни поклашга интиламан. Лекин сиз уни бақрайиб турган кўз шаклида тасвирласангиз керак. Қанақа ранглар ишлатишингизни эса, ақлимга сиғдиролмаяпман.
— Ҳали расм чизиб тураман ҳам, денг.
— Ҳеч қачон, — дедим асабий тарзда.

Аслида эса ҳамма нарсани одам шаклига ўхшатиброқ чизишни хуш кўрардим.
— Ҳа, осмонни бақрайиб турган кўзга, қуёшни қоп-қора қорачиққа ўхшатиб чизган бўлардим. Умуман, менга осмон эркин яшашим учун халақит беради. У хоҳлагандек расм чизишимга ҳам халал беради.

Йигит мен қадрлайдиган ҳар бир нарсани пучга чиқараётган эди. Кўнглим оғриб, кетдим.

У жуда таниш туюлар эди. Ҳамма нарсанинг аслини кўришга интилар, на ўзига, на рангларга шафқат қиларди. Борлиқни кўриб турганимиздан фарқли равишда тасвирлар, шунинг учун ундан қаттиқ ранжигандим. Мен ҳамма нарсанинг юраги борлигини тан олишни истамас, ҳақиқатга нисбий ҳол деб қарар, шеърларимда ҳам журъатсиз эдим. Менга романтика ёқарди. Шу тарзда яшаш, шу каби шеърлар ёзиш қулайроқ эди.

Ўшандан бери боққа чиққаним йўқ. Чунки энди дарахтларни ҳар хил рангда, якка-ёлғиз кўра бошлагандим. Осмон эса ўшандан бери бақрайиб қарарди. Бу кўз олдида дўстларимга қилган хушомадларим, кўзгу олдида узоқ ўтиришим, ўқиган китобларим, ёзган шеърларим учун хижолат тортардим. Мендаги бу ҳолат дунёдаги яна биргина одамга — ўша йигитга ҳам тегишли эканлиги таскин берарди.

У билан гаплашгим келди. Яна боққа бордим.

Ёнидан бепарводек ўтиб кетаётганимда:
— Мен ўз ватанимнинг суратини чизаяпман. Бу сизнинг ҳам юртингиз бўлиши мумкин, — деди туйқусдан.
— Биз битта жойда туғилган бўлишимиз мумкин эмас, — заҳарханда қилдим мен ҳам.
— Иккимизнинг ҳам ватанимиз битта — қоғоз. Ҳа, дарвоқе, сиз хориждан келиб қолгансиз-а…

Кулиб юбордим.

У айтган “ватан” бўроннинг сурати эди. Ундан:
— Нега ҳамма нарсага қаршисиз? — деб сўрадим.
— Сизга ҳам бу туйғулар бегона эмас, тўғрими? Лекин сиз уларни жиловлай оласиз, дунёни чиройли, яшноқ рангда кўра биласиз.
— Ўзимни жиловлай олганим учун эмас, қўрқоқлигим, шундай яшаш осонроқ бўлгани учун оламни гўзал кўришга ҳаракат қиламан.
— Тасаввур қилинг-а, бутун мавжудот қарийди, йўқ бўлиб кетади, бўм-бўш олам худди оппоқ қоғоз каби қолади. Шундай экан, чизишдан нима наф? Балки, ҳамма одамлар кўриб турганларини эмас, кўра олмайдиганларини чизиш-англатиш керакдир.

Унга шеърларимни ўқиб бердим. Шеърлар унга таниш туюлди. Унинг суратлари эса борган сари кўнглимга яқин, ҳатто ўзимникидек бўлиб борарди.
Биз узоқ суҳбатлашдик. Кейин менга устахонаси ҳақида гапириб берди.
— Кўринарли жойга суратингизни илиб қўяман.
— Суратимни чизмагансиз-ку, — дедим.

Шу кундан бошлаб у лола расмини чиза бошлади.

* * *

Мен энди журъатли эдим, у ҳам баъзан суратларида яшил рангдан фойдаланарди.

Бир куни уни боғдан тополмадим. Кейинги кун яна…

Қидириб ҳар куни боққа чиқаман. Фасллар алмашди, йиллар ўтди. Уни кўриш умидидан эса воз кечолмадим.

Устахонаси ҳақидаги гапларини эслаб, қидиришга тушдим. Таниган-танимаган рассомларнинг устахонасига бориб, уни излаб йилларимни елга совурдим.

Ниҳоят, уни устахонасида топдим. Қўллари бўёқ, атрофида ғижимланган қоғозлар сочилиб ётар, ўзи ҳам ўша қоғозлари каби эди.

Ўтиришга таклиф қилди. Мулозамат кўрсатди, нозу неъматлар билан сийлади. “Сиз соҳибжамол қиз экансиз”, деди. Шунда унинг мени танимаётганини сезиб қолдим. Йигит хушмуомала, сермулозамат, донишмандларга хос қиёфада ҳаётдан миннатдор эди. Мен бирор сўз деёлмай, ажабланиб боқардим, холос.

Кейин суратларини кўрсатди. Деворга осилган ягона суратда оддийгина қизил лола тасвирланган эди. Бу сурат ярим йил олдин чизилганини айтди. Мен эса уни излай бошлаганимга етти йилдан ошди. Рассом дарахтларни яшил рангда, осмонни ҳаворангда, юртини бетон уй шаклида, қуёшни порлаб турган ҳолида — ҳамма нарсани қандай бўлса, шундай тасвирлаганди. Шунда билдимки, у бегона эди. Кетдим. Йигит кимлигимни билмай, ташрифимнинг боисини ҳам тушунмай, ортимдан жилмайиб қолди.

Ҳамон уни тушларимда кўраман, ҳар сафар эҳтиётсизлик қилиб яшил бўёқни тўкиб юборади..

ДИЛБАНД

Биз уйимизга етай деб қолдик. Икки-учта ит бемаврид ўткинчидан жаҳли чиқиб, ҳура бошлади. Сен итнинг овозидан қўрқма. Бу ҳам дунёдаги товушлардан бири.
Мана, ёнимизга келиб, менинг этакларимни ялай бошлади. Сезаяпсанми, мен итларнинг кўзларига қарамаяпман. Кўзларида милтираётган ожиз ғазабни кўрмаганимиз маъқул. Сен уларни ёмон кўрма, улар танимаганларга шундай муомала қилади.
Бу – бизнинг уйимиз. Бу – эндигина бўй чўзаётган тераклар билан шивирлашаётган ариғимиз. Биздан хавотир олиб ҳовлига шошилиб чиқаётган, бу меҳрибон одам – сенинг отанг. Ажиб қўшиқлар куйлаётган қушлар – сенинг ака-укаларинг. Тепамизда жимгина термулаётган хилқат – осмон. Севсанг, соғинсанг, нафратлансанг, унга тикил.
Бу – сенинг хонанг. Бу рангли қоғозлар, қўғирчоқлар, ёстиқчалар, китобчалар, дискларга қамалиб қолган мултфилмлар – сенинг мулкинг.
Юрақол, овқатланамиз. Овқатнинг сарасини бизга илинаётган отангга қара-я! Кўнглим беҳузур бўлиб, уйдан отилиб чиқдим. Оҳ, эркатойим, сенга бу емак ҳам ёқмадими? Ошхонага кириб олма еяқолайлик! Кўпроқ еймиз-а, юзлари тип-тиниқ соҳибжамол бўласан! Фақат бошқа тўполон қилиш йўқ!

* * *

Бозор тўла лўли аёллар ва болалар. Бу ерда болалар сотилаяпти, нарх-наво устидаги талашиб-тортишишлар авжига чиққан. Мен бозор оралаб сени қидирдим. Сени топдим. Сен шу қадар ўзгачасан. “Қизалоғим”, дедим. Сен қарамадинг. “Юр, уйга”, десам, танимадинг. “Ойим келса, ундан олиб кетасиз”, дединг. “Сенинг ойинг менман-ку?” дедим. “Йўқ, ойимдан рухсат олинг, кейин сиз билан кетаман”, дединг. “Юрақол, ойингни топа қолайлик, у менга сени берармикин? Оҳ, ойинг қани-я сенинг?”. Биз ойингни излаб, бозорни неча бор кездик, қани топила қолса?! Қани ойинг? Қани-я, ўша ойинг?
Тўлғониб уйғониб кетдим. Сен эса қорнимда ти¬нимсиз тепаяпсан! Ахир, сен вужудимдасан-ку? Мен¬ман-ку, сенинг онанг! Сени қайлардан қидириб юрибман-а.
Отанг ҳамон уйғоқ. Ўйга ботган. У ярим тунда нималарни ўйлайди? Ҳалиям севармикин ўша аёлни?! Ҳа, ҳа, у баъзида менга гуноҳкорона жилмайиб қўяди. Юрагини нима тирнаётганини наҳот ҳис қилмасам?!
Унинг қўлини олиб қорнимга қўйдим. Шаддод қиз, яна тепдинг. Сезаяпсанми, бу отангнинг илиқ тафти, дун¬ёдаги энг ғамхўр инсоннинг қўли. У сени шу қўллари билан кўтариб юради, ҳимоя қилади. “Тепишини қаранг-а”, дедим. У “Ҳа, ҳа, ажойиб”, деди. Аммо бу менинг кўнглим учунгина айтилган сўз эди…

* * *

Юзларимдаги доғлар тобора бўртиб, семириб қол¬дим. Биласанми, дунёдаги энг гўзал аёл ким? Мен – сенинг онанг! Кўз остимга тушган майда ажинлар сен учун гўзаллик белгиси бўлиб қолади. Сен эса менинг бутун орзуларим, муҳаббатим, ҳисларимни ўзига жо қилган фариштадай қиз бўласан!
Вужудимда ўсаётган гулим! Сени гуллар билан таништирайми? Кел, яхшиси, мусиқа тинглаб, гулларни тасаввур қилиш ўйинини ўйнаймиз. Ёки чигиртканинг овозини суратга соламиз. Балки биз учратган барча гўзал қизларнинг қиёфасини уйғунлаштириб, табиат тасвирини яратармиз. Балки дала айланармиз! Юр!

* * *

Нега биздан дўхтирга боришни талаб қилишади? Бизнинг аҳволимиз яхши, ҳатто жуда зўр. Қорним тобора катталашиб, сенинг дунёга келишингга оз қолди. Сен шундоқ юрагим остида яшаяпсан. Дилимни муҳаббат билан пайвандлаган – Сен! Ўзинг уларга, ўз боласини қарғайдиган қўшни хотиндан тортиб китобларда акс этган идеал қаҳрамонларгача, менинг кўнглимдан то энг катта оламгача бўлган йўлни билишингни айт! Бутун олам сени тасдиқлайди, дилбандим!

* * *

Куз, қиш ўтиб, баҳор охирлаб қолди. Уч фасл қандай сеҳрли кечди! Сен билан бирга фаслларни қайтадан танидим. Бугун оғриқ жонимдан ўтди. Сен билан дийдорлашсак керак.
Оғриқ яна исканжага олди. Бизни шошилинч туғруқхонага келтиришди. Қорни қаппайган, тўлғоқ азобида ўзини қаёққа қўйишни билмаётган севилган ва севилмаган аёллар… Ҳар доимгидай ҳасадим келди.
Юрак-юрагимдан ўтиб кетаётган изтироб додга айланди. Бутун оламни – севмаслигини сир тутиш учун бизни меҳрга кўмиб ташлаган отанг, юзларига армонлар аямай нақш солган онам, барча гуноҳларимни жимгина кечиргувчи отамни унутиб чинқира бошладим.
Дард тутгандан тутди. Жонимдан ўтди. Ҳарчанд жонимдан олма, ўлмайман, ўлишни хоҳламайман. Дилбандимни кўришим, дийдорига тўйишим керак. Ягонам… Гўзалим… Гулим… Дилбандим…
Дард ўтиб кетди. Мен боламни ўзимга беришларини талаб қила бошладим. Дояларнинг ранги бўздек оқариб, сўзлагани сўз тополмайди. Тоғорага ишора қилишади, холос. Унда эса фақат сув… Фақат сув бор эди.
Чинқиришдан тўхтадим. Сукунат қаърига сингиб кетаётган эдим…

“Ёшлик” журналининг 2011-йил, 6-сонидан олинди.

ЎН ШЕЪР

* * *

08

Нега кўзларимга қарамайсиз
ахир
Киприкларингизда
қалқиб тургани келаман
кўтариб Ерни
учаётган бошим кўксингизга
қўнар экан
майсалар тебранишида оқаётган
кўзларимга нега қарамайсиз
ахир
Қорачўғларингизда
ўзимни кўргани келаман
оёқларимга боламдай ёпишган
дунёни судраб…
нега кўзларимга қарамайсиз…

СИЗ

I. Бирма бир қадам ташлаб
юрагимдан ўтасиз —
Кўчамдан ўтаётиб…

II. Сиз сочларим силайсиз,
Бегим,
Мен дилингизни…

III. Юраклар кўпкарисида
Тортқиланар кўнглим
улоқдек
Чавандозим,
Қачон келасиз?!

* * *

Тонгдан юлиб олдим қуёшни,
итқитаман юлдуз — кўз ёшни,
кўксимда офтоб куяр — қон…

Кўнглимда зардоб соғинч — армон.

Тундан тортиб олдим ҳилолни,
У кўксимда энди ол-олдир,
Ҳаёт нима !? Қақшашми зор-зор…

Ёшим томар… Юрак — ёмғирзор..

Ой меники, меники қуёш,
Ойим, қуёшим ҳам ўксинар,
она, сени соғинди улар!

Она, сени соғинди улар…

СЕН

1.
Томоша қиляпти йўловчилар
Деразангга
Осиб қўйилган кўзларимни

2.
Менинг хонам совуқ, палтом юлқа,
Сенинг қайноқ юрагингни ёпиниб
Жон сақлайман қишда

3.
Деразам музга қопланган,
Исминг ёздим унга
Ва дунёни томоша қила бошладим

* * *

Сувлар олиб қочади кўзимни
умримни
ўйнайди Ой нури
осилиб қоламан туйғуларимга
нафас олаётган ёнимда Тунми?
Яшаш
дарахт шитиридек шунчаки
телефон овозига суяниш
Фақат
менга бахт бермоқчи бўласиз
қўлларингиз шунча узунми!?

* * *

Қайга кетмай
кўзларини қадайди осмон
бундаги еллар
Ўйинга тушади елкаларимда

Узилган япроқпар
қитиқлаб ётади оёқларимни

СИЗ

узоқдан қарайсиз менга
Қотиб
суратга айланар дунё
кўксимга қўниб ўтган
лаҳзалик нафас
суғуриб кетади жонимни
Ҳозир қуёш қулайди
ва ҳаммаси тугайди
Сиз узоқда қоласиз энди..

СЕН

Сен — юрагимни икки ёртига
бўлиб қоқ ўртасидан ўсиб чиққан тошсан.
Кўкка кўтарилгани қўймаган,
эрга киргизиб юбораётган оғирликсан.
Илдизларинг юрагимга шу қадар чирмашганки,
Сени юлиб ташламоқ бўлсам, юрагим-да юлингай.
Йўқ, сени яхши кўраман деяётганим йўқ.
Сен шунчаки… Юрагимда юксан!

* * *

Чопдим кўксингга кўмилган юрак
мурдаларига туртина-туртина…
Бахт замини осмонида эдик
Мен сени суя-суя,
Сен қалбим ея-эя.
Бердим борим сенга,
йўғим сенга, кўзларингдан қабр бер менга!

* * *

Бўм-бўш ҳовучларим сен — Сукунатдан
Бир томчигина севги тиланди.
Сенда севги кў-ўп эди.

Ҳаммага улашдинг.
Мендан қизғандинг-а?!
Бўм-бўш ҳовучларим…

05

Dilrabo Mingboeva
IKKI HIKOYA VA O’N SHE»R
09

Dilrabo Mingboeva 1981 yili Samarqand viloyati Pоyariq tumanida tug’ilgan.O’zbekiston Milliy Universitetining jurnalistika fakultetini bakalavriatini (2003), magistraturasini (2008) tamomlagan. Oliy adabiyot kursida ta’lim olgan.»Yomg’irzor» she’riy to’plami, «Timsollar tilsimi» ilmiy-ommabop kitobi chop etilgan.

09

YASHIL TUSHLAR

Ilk bor uchratganimda u juda tanish tuyuldi.

Bog‘da sayr etardim. Yam-yashil bog‘ xuddi mehribon onamga o‘xshar, bag‘rida o‘zimni guldek his etardim. Bog‘da rasm chizib o‘tirgan yigitning qo‘llari bo‘yoq, atrofida g‘ijimlangan qog‘ozlar sochilib yotar, o‘zi ham o‘sha qog‘ozlari kabi edi. U berilib ishlayotganidan yonidan o‘tganimni ilg‘amadi.

Atrofidagi manzaraga hayrat bilan tikilar, sinchiklab kuzatar va yana qog‘ozga engashardi. Suratga zimdan qaradim — yam-yashil bog‘ o‘rniga har xil ranglar chaplab tashlangan manzarani ko‘rdim. Bu men uchun o‘taketgan bema’nilik edi. Xayolidagi bo‘lmag‘ur narsalarni chizmoqchi ekan, har bir niholga, har bir yaproqqa maftun bo‘lib tikilishning nima keragi bor, deya o‘yladim.

Aslida, o‘shanda bir so‘z demasdan ketsam bo‘larkan. Lekin she’rlarimga aylangan qadrdon daraxtlarni xo‘rlashiga chidab turolmadim. Tabiatni masxaralashga haqqi yo‘qligini aytib, uni so‘qirlikda aybladim. U esa:
— Nima? Hamma narsani go‘zal deguvchi, haqiqatni ko‘rgani ko‘zi yo‘q shoiralar toifasidanmisiz? — dedi kiprik qoqmay.
— Siz “Bu suratimda haqiqatni tasvirlaganman”, deya da’vo qilayapsizmi? Mana, bog‘ning yam-yashil bo‘lib tovlanib turgani — haqiqat! Axir, bu go‘zallik bo‘lmay nima?
— Ammo siz daraxtlarning qalbini — orzu-umidi, iztirobi, xo‘rsinig‘i, shodlanishini ko‘rmayapsiz-ku? Bu ranglar ularning yuragini ochib berayotganini tushunmayapsizmi?
— Men osmonga uzoq tikilib turaman-da, o‘zimni poklashga intilaman. Lekin siz uni baqrayib turgan ko‘z shaklida tasvirlasangiz kerak. Qanaqa ranglar ishlatishingizni esa, aqlimga sig‘dirolmayapman.
— Hali rasm chizib turaman ham, deng.
— Hech qachon, — dedim asabiy tarzda.
Aslida esa hamma narsani odam shakliga o‘xshatibroq chizishni xush ko‘rardim.
— Ha, osmonni baqrayib turgan ko‘zga, quyoshni qop-qora qorachiqqa o‘xshatib chizgan bo‘lardim. Umuman, menga osmon erkin yashashim uchun xalaqit beradi. U xohlagandek rasm chizishimga ham xalal beradi.

Yigit men qadrlaydigan har bir narsani puchga chiqarayotgan edi. Ko‘nglim og‘rib, ketdim.

U juda tanish tuyular edi. Hamma narsaning aslini ko‘rishga intilar, na o‘ziga, na ranglarga shafqat qilardi. Borliqni ko‘rib turganimizdan farqli ravishda tasvirlar, shuning uchun undan qattiq ranjigandim. Men hamma narsaning yuragi borligini tan olishni istamas, haqiqatga nisbiy hol deb qarar, she’rlarimda ham jur’atsiz edim. Menga romantika yoqardi. Shu tarzda yashash, shu kabi she’rlar yozish qulayroq edi.
O‘shandan beri boqqa chiqqanim yo‘q. Chunki endi daraxtlarni har xil rangda, yakka-yolg‘iz ko‘ra boshlagandim. Osmon esa o‘shandan beri baqrayib qarardi. Bu ko‘z oldida do‘stlarimga qilgan xushomadlarim, ko‘zgu oldida uzoq o‘tirishim, o‘qigan kitoblarim, yozgan she’rlarim uchun xijolat tortardim. Mendagi bu holat dunyodagi yana birgina odamga — o‘sha yigitga ham tegishli ekanligi taskin berardi.

U bilan gaplashgim keldi. Yana boqqa bordim.
Yonidan beparvodek o‘tib ketayotganimda:
— Men o‘z vatanimning suratini chizayapman. Bu sizning ham yurtingiz bo‘lishi mumkin, — dedi tuyqusdan.
— Biz bitta joyda tug‘ilgan bo‘lishimiz mumkin emas, — zaharxanda qildim men ham.
— Ikkimizning ham vatanimiz bitta — qog‘oz. Ha, darvoqe, siz xorijdan kelib qolgansiz-a…
Kulib yubordim.

U aytgan “vatan” bo‘ronning surati edi. Undan:
— Nega hamma narsaga qarshisiz? — deb so‘radim.
— Sizga ham bu tuyg‘ular begona emas, to‘g‘rimi? Lekin siz ularni jilovlay olasiz, dunyoni chiroyli, yashnoq rangda ko‘ra bilasiz.
— O‘zimni jilovlay olganim uchun emas, qo‘rqoqligim, shunday yashash osonroq bo‘lgani uchun olamni go‘zal ko‘rishga harakat qilaman.
— Tasavvur qiling-a, butun mavjudot qariydi, yo‘q bo‘lib ketadi, bo‘m-bo‘sh olam xuddi oppoq qog‘oz kabi qoladi. Shunday ekan, chizishdan nima naf? Balki, hamma odamlar ko‘rib turganlarini emas, ko‘ra olmaydiganlarini chizish-anglatish kerakdir.

Unga she’rlarimni o‘qib berdim. She’rlar unga tanish tuyuldi. Uning suratlari esa borgan sari ko‘nglimga yaqin, hatto o‘zimnikidek bo‘lib borardi.

Biz uzoq suhbatlashdik. Keyin menga ustaxonasi haqida gapirib berdi.
— Ko‘rinarli joyga suratingizni ilib qo‘yaman.
— Suratimni chizmagansiz-ku, — dedim.
Shu kundan boshlab u lola rasmini chiza boshladi.

* * *

Men endi jur’atli edim, u ham ba’zan suratlarida yashil rangdan foydalanardi.

Bir kuni uni bog‘dan topolmadim. Keyingi kun yana…

Qidirib har kuni boqqa chiqaman. Fasllar almashdi, yillar o‘tdi. Uni ko‘rish umididan esa voz kecholmadim.

Ustaxonasi haqidagi gaplarini eslab, qidirishga tushdim. Tanigan-tanimagan rassomlarning ustaxonasiga borib, uni izlab yillarimni yelga sovurdim.

Nihoyat, uni ustaxonasida topdim. Qo‘llari bo‘yoq, atrofida g‘ijimlangan qog‘ozlar sochilib yotar, o‘zi ham o‘sha qog‘ozlari kabi edi.

O‘tirishga taklif qildi. Mulozamat ko‘rsatdi, nozu ne’matlar bilan siyladi. “Siz sohibjamol qiz ekansiz”, dedi. Shunda uning meni tanimayotganini sezib qoldim. Yigit xushmuomala, sermulozamat, donishmandlarga xos qiyofada hayotdan minnatdor edi. Men biror so‘z deyolmay, ajablanib boqardim, xolos.

Keyin suratlarini ko‘rsatdi. Devorga osilgan yagona suratda oddiygina qizil lola tasvirlangan edi. Bu surat yarim yil oldin chizilganini aytdi. Men esa uni izlay boshlaganimga yetti yildan oshdi. Rassom daraxtlarni yashil rangda, osmonni havorangda, yurtini beton uy shaklida, quyoshni porlab turgan holida — hamma narsani qanday bo‘lsa, shunday tasvirlagandi. Shunda bildimki, u begona edi. Ketdim. Yigit kimligimni bilmay, tashrifimning boisini ham tushunmay, ortimdan jilmayib qoldi.

Hamon uni tushlarimda ko‘raman, har safar ehtiyotsizlik qilib yashil bo‘yoqni to‘kib yuboradi..

DILBAND

Biz uyimizga yetay deb qoldik. Ikki-uchta it bemavrid o‘tkinchidan jahli chiqib, hura boshladi. Sen itning ovozidan qo‘rqma. Bu ham dunyodagi tovushlardan biri.
Mana, yonimizga kelib, mening etaklarimni yalay boshladi. Sezayapsanmi, men itlarning ko‘zlariga qaramayapman. Ko‘zlarida miltirayotgan ojiz g‘azabni ko‘rmaganimiz ma’qul. Sen ularni yomon ko‘rma, ular tanimaganlarga shunday muomala qiladi.
Bu – bizning uyimiz. Bu – endigina bo‘y cho‘zayotgan teraklar bilan shivirlashayotgan arig‘imiz. Bizdan xavotir olib hovliga shoshilib chiqayotgan, bu mehribon odam – sening otang. Ajib qo‘shiqlar kuylayotgan qushlar – sening aka-ukalaring. Tepamizda jimgina termulayotgan xilqat – osmon. Sevsang, sog‘insang, nafratlansang, unga tikil.
Bu – sening xonang. Bu rangli qog‘ozlar, qo‘g‘irchoqlar, yostiqchalar, kitobchalar, disklarga qamalib qolgan multfilmlar – sening mulking.
Yuraqol, ovqatlanamiz. Ovqatning sarasini bizga ilinayotgan otangga qara-ya! Ko‘nglim behuzur bo‘lib, uydan otilib chiqdim. Oh, erkatoyim, senga bu yemak ham yoqmadimi? Oshxonaga kirib olma yeyaqolaylik! Ko‘proq yeymiz-a, yuzlari tip-tiniq sohibjamol bo‘lasan! Faqat boshqa to‘polon qilish yo‘q!

* * *

Bozor to‘la lo‘li ayollar va bolalar. Bu yerda bolalar sotilayapti, narx-navo ustidagi talashib-tortishishlar avjiga chiqqan. Men bozor oralab seni qidirdim. Seni topdim. Sen shu qadar o‘zgachasan. “Qizalog‘im”, dedim. Sen qaramading. “Yur, uyga”, desam, tanimading. “Oyim kelsa, undan olib ketasiz”, deding. “Sening oying menman-ku?” dedim. “Yo‘q, oyimdan ruxsat oling, keyin siz bilan ketaman”, deding. “Yuraqol, oyingni topa qolaylik, u menga seni berarmikin? Oh, oying qani-ya sening?”. Biz oyingni izlab, bozorni necha bor kezdik, qani topila qolsa?! Qani oying? Qani-ya, o‘sha oying?
To‘lg‘onib uyg‘onib ketdim. Sen esa qornimda ti¬nimsiz tepayapsan! Axir, sen vujudimdasan-ku? Men¬man-ku, sening onang! Seni qaylardan qidirib yuribman-a.
Otang hamon uyg‘oq. O‘yga botgan. U yarim tunda nimalarni o‘ylaydi? Haliyam sevarmikin o‘sha ayolni?! Ha, ha, u ba’zida menga gunohkorona jilmayib qo‘yadi. Yuragini nima tirnayotganini nahot his qilmasam?!
Uning qo‘lini olib qornimga qo‘ydim. Shaddod qiz, yana tepding. Sezayapsanmi, bu otangning iliq tafti, dun¬yodagi eng g‘amxo‘r insonning qo‘li. U seni shu qo‘llari bilan ko‘tarib yuradi, himoya qiladi. “Tepishini qarang-a”, dedim. U “Ha, ha, ajoyib”, dedi. Ammo bu mening ko‘nglim uchungina aytilgan so‘z edi…

* * *

Yuzlarimdagi dog‘lar tobora bo‘rtib, semirib qol¬dim. Bilasanmi, dunyodagi eng go‘zal ayol kim? Men – sening onang! Ko‘z ostimga tushgan mayda ajinlar sen uchun go‘zallik belgisi bo‘lib qoladi. Sen esa mening butun orzularim, muhabbatim, hislarimni o‘ziga jo qilgan farishtaday qiz bo‘lasan!
Vujudimda o‘sayotgan gulim! Seni gullar bilan tanishtiraymi? Kel, yaxshisi, musiqa tinglab, gullarni tasavvur qilish o‘yinini o‘ynaymiz. Yoki chigirtkaning ovozini suratga solamiz. Balki biz uchratgan barcha go‘zal qizlarning qiyofasini uyg‘unlashtirib, tabiat tasvirini yaratarmiz. Balki dala aylanarmiz! Yur!

* * *

Nega bizdan do‘xtirga borishni talab qilishadi? Bizning ahvolimiz yaxshi, hatto juda zo‘r. Qornim tobora kattalashib, sening dunyoga kelishingga oz qoldi. Sen shundoq yuragim ostida yashayapsan. Dilimni muhabbat bilan payvandlagan – Sen! O‘zing ularga, o‘z bolasini qarg‘aydigan qo‘shni xotindan tortib kitoblarda aks etgan ideal qahramonlargacha, mening ko‘nglimdan to eng katta olamgacha bo‘lgan yo‘lni bilishingni ayt! Butun olam seni tasdiqlaydi, dilbandim!

* * *

Kuz, qish o‘tib, bahor oxirlab qoldi. Uch fasl qanday sehrli kechdi! Sen bilan birga fasllarni qaytadan tanidim. Bugun og‘riq jonimdan o‘tdi. Sen bilan diydorlashsak kerak.
Og‘riq yana iskanjaga oldi. Bizni shoshilinch tug‘ruqxonaga keltirishdi. Qorni qappaygan, to‘lg‘oq azobida o‘zini qayoqqa qo‘yishni bilmayotgan sevilgan va sevilmagan ayollar… Har doimgiday hasadim keldi.
Yurak-yuragimdan o‘tib ketayotgan iztirob dodga aylandi. Butun olamni – sevmasligini sir tutish uchun bizni mehrga ko‘mib tashlagan otang, yuzlariga armonlar ayamay naqsh solgan onam, barcha gunohlarimni jimgina kechirguvchi otamni unutib chinqira boshladim.
Dard tutgandan tutdi. Jonimdan o‘tdi. Harchand jonimdan olma, o‘lmayman, o‘lishni xohlamayman. Dilbandimni ko‘rishim, diydoriga to‘yishim kerak. Yagonam… Go‘zalim… Gulim… Dilbandim…
Dard o‘tib ketdi. Men bolamni o‘zimga berishlarini talab qila boshladim. Doyalarning rangi bo‘zdek oqarib, so‘zlagani so‘z topolmaydi. Tog‘oraga ishora qilishadi, xolos. Unda esa faqat suv… Faqat suv bor edi.
Chinqirishdan to‘xtadim. Sukunat qa’riga singib ketayotgan edim…

O’N SHE’R

* * *

03

Nega ko’zlarimga qaramaysiz
axir
Kipriklaringizda
qalqib turgani kelaman
ko’tarib Yerni
uchayotgan boshim ko’ksingizga
qo’nar ekan
maysalar tebranishida oqayotgan
ko’zlarimga nega qaramaysiz
axir
Qoracho’g’laringizda
o’zimni ko’rgani kelaman
oyoqlarimga bolamday yopishgan
dunyoni sudrab…
nega ko’zlarimga qaramaysiz…

SIZ

I. Birma bir qadam tashlab
yuragimdan o’tasiz —
Ko’chamdan o’tayotib…

II. Siz sochlarim silaysiz,
Begim,
Men dilingizni…

III. Yuraklar ko’pkarisida
Tortqilanar ko’nglim
uloqdek
Chavandozim,
Qachon kelasiz?!

* * *

Tongdan yulib oldim quyoshni,
itqitaman yulduz — ko’z yoshni,
ko’ksimda oftob kuyar — qon…

Ko’nglimda zardob sog’inch — armon.

Tundan tortib oldim hilolni,
U ko’ksimda endi ol-oldir,
Hayot nima !? Qaqshashmi zor-zor…

Yoshim tomar… Yurak — yomg’irzor..

Oy meniki, meniki quyosh,
Oyim, quyoshim ham o’ksinar,
ona, seni sog’indi ular!

Ona, seni sog’indi ular…

SEN

1.
Tomosha qilyapti yo’lovchilar
Derazangga
Osib qo’yilgan ko’zlarimni

2.
Mening xonam sovuq, paltom yulqa,
Sening qaynoq yuragingni yopinib
Jon saqlayman qishda

3.
Derazam muzga qoplangan,
Isming yozdim unga
Va dunyoni tomosha qila boshladim

* * *

Suvlar olib qochadi ko’zimni
umrimni
o’ynaydi Oy nuri
osilib qolaman tuyg’ularimga
nafas olayotgan yonimda Tunmi?
Yashash
daraxt shitiridek shunchaki
telefon ovoziga suyanish
Faqat
menga baxt bermoqchi bo’lasiz
qo’llaringiz shuncha uzunmi!?

* * *

Qayga ketmay
ko’zlarini qadaydi osmon
bundagi yellar
O’yinga tushadi yelkalarimda

Uzilgan yaproqpar
qitiqlab yotadi oyoqlarimni

SIZ

uzoqdan qaraysiz menga
Qotib
suratga aylanar dunyo
ko’ksimga qo’nib o’tgan
lahzalik nafas
sug’urib ketadi jonimni
Hozir quyosh qulaydi
va hammasi tugaydi
Siz uzoqda qolasiz endi..

SEN

Sen — yuragimni ikki yortiga
bo’lib qoq o’rtasidan o’sib chiqqan toshsan.
Ko’kka ko’tarilgani qo’ymagan,
erga kirgizib yuborayotgan og’irliksan.
Ildizlaring yuragimga shu qadar chirmashganki,
Seni yulib tashlamoq bo’lsam, yuragim-da yulingay.
Yo’q, seni yaxshi ko’raman deyayotganim yo’q.
Sen shunchaki… Yuragimda yuksan!

* * *

Chopdim ko’ksingga ko’milgan yurak
murdalariga turtina-turtina…
Baxt zamini osmonida edik
Men seni suya-suya,
Sen qalbim yeya-eya.
Berdim borim senga,
yo’g’im senga, ko’zlaringdan qabr ber menga!

* * *

Bo’m-bo’sh hovuchlarim sen — Sukunatdan
Bir tomchigina sevgi tilandi.
Senda sevgi ko’-o’p edi.

Hammaga ulashding.
Mendan qizg’anding-a?!
Bo’m-bo’sh hovuchlarim…

012

(Tashriflar: umumiy 1 062, bugungi 1)

1 izoh

  1. Бу ҳикоялар ҳикоя эмас, дилрабо шеър экан.
    Бу шеърлар шеър эмас, тубсиз осмондай кенг ҳикоялар экан.
    Бу ҳикояларни ўқиб юрагимнинг торлари таранг тортилиб кетди. Дилрабо, кўпроқ ҳикоялар ёзинг — ўқисам, ўша таранг торлар узилмай, соғ қолади.
    Бу шеърларни ўқиб сочларим пахтадай оқариб кетди. Дилрабо, кўпроқ шеърлар ёзинг — уларни ўқисам, юрагим тунги зулмат кетидан келган тонгдай оқариб бораверади…
    Миллий адабиётимиздаги шеър ва проза гўзал тарзда уйғунлашган ҳодисанинг сақланиб қолиши ва камол топиши Сизга боғлиқ. Кўпроқ ёзинг, Дилрабо!

Izoh qoldiring