Mavlono Jaloliddin Rumiy. «Ma’naviy Masnaviy». Birinchi kitobdan uchinchi parcha.

044     Мавлоно Жалолиддин Румий инсониятга қолдирган ўлмас хазина — «Маънавий Маснавий»нинг иқтидорли шоир ва мутаржим Одил Икром таржима қилган биринчи китобининг давомини — учинчи парчани сизга тақдим этамиз…

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
МАЪНАВИЙ МАСНАВИЙ
Биринчи китобдан учинчи парча
Одил Икром таржимаси
06

МУҲАММАД МУСТАФО САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ
НОМИ ИНЖИЛДА МАДҲ ЭТИЛГАНЛИГИ

Мустафонинг зикри бор Инжил аро,
Барча пайғамбарга бош, баҳри сафо.

Зикри бор суврат, қиёфа, рангининг,
Зикри бор савму таому жангининг.

Ул Исо қавми ўқиркан, эзгу зот
Ном-хитобин англабон етган заҳот,1

Этдилар ёд пок, улуғвор номини,
Чўкдилар тиз, таъриф айлаб шонини. 730

Биз баён қилган ғаразга бул гуруҳ
Дахли йўқлиги сабаб, топди шукуҳ.

Ул амирларким, вазир макрига ёт,
Аҳмад исмин пок тутиб, топмиш нажот.2

Насли ҳам ортди уларнинг беадад,
Бўлди Аҳмаднинг ёруғ нури мадад.

Сўнг Исо қавминда бир тўп нобакор,
Билди Аҳмад номин абгор ҳамда хор.3

Бўлди хор-зор бори фитна заҳридан,
Шум вазирнинг фикри бирла макридан.4 735

Бўлди маҳрум дийну ҳукмин аслидан,
Бир-бирига зид ҳукмлар дастидан.

Номи гар бўлмиш мададкор шул қадар,
Асрагай пок нури нечоғ, қанчалар?

Бўлса номи қалъадай маҳкам, буюк,
Бўлгуси Руҳуламин зоти нечук?5

—————————
1 – “…Улар шундай кишилардирки, уммий (саводсиз) Пайғамбарга – номини ўз олдиларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолда топишадиган – элчимизга (Ҳазрати Муҳаммад алайҳис-саломга) эргашадилар…”. (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 157-оят).

2 – “Эсланг, Ийсо бинни Марям: “Эй бани Исроил, албатта мен Оллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир Пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи бўлган ҳолда (юборилдим)”, деган эди. Бас, қачонки (Ийсо) уларга (ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигига) аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, улар: “Бу очиқ сеҳр”, дедилар”. (Қуръони карим, «Саф» сураси, 6-оят).

3-4 – “Улар Ерда мутакаббирлик қилган ва (пайғамбарга қарши) ёмон макр-ҳийла қилган ҳолларида (ҳидоятдан узоқлашдилар). Ёмон макр-ҳийла эса фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур…” (Қуръони карим, «Фотир» сураси, 43-оят).

5 – “Модомики, Сиз уларнинг ораларида экансиз, Оллоҳ уларни ҳаргиз азобламас ва улар мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Оллоҳ уларни азоблагувчи эмасдир!” (Қуръони карим, «Анфол» сураси, 33-оят).

ИСО ДИНИНИ ҲАЛОК ЭТМОҚЧИ БЎЛГАН
БОШҚА БИР ЖУҲУД ПОДШОҲИ ҲАҚИДА ҲИКОЯТ

Бедаво, қонхўр вазир касри етиб,
Бераҳм подшоҳ кейин тахтдан кетиб,

Ўзга бир шоҳ ул жуҳуд шоҳ зотидин,
Чиқди Ийсо қавмига қайраб тишин. 740

Билмасанг қонхўр хуружин сен агар,
“Ва-с-саман зоти-л-буруж”1 бергай хабар.

Неки шум одат эрур ул шоҳда жам,
Қўйди бул ҳам ул ёвуз йўлда қадам.

Кимга одат бўлса гар кийну ғараз,
Ортидан лаънат ёғилгай ҳар нафас.2

Яхшилар ўтди хуш одат қолдириб,
Кетди золим зулму лаънат қолдириб.

Ким уларнинг жинсидан бўлгай агар,
Ўхшагай унга қиёматга қадар. 745

Томиринда шўр-ширин сувлар оқар,
Сур чалингач барчаси сиртга чиқар.3

Пок учун мерос бу сувлар поку ноб,
Бизга не мерос? Бу – “Аврасна-л-китоб”.4

Қилди толиблар талаб, солсанг назар,
Анбиёлар гавҳариндан шуълалар.

Шуълалар гавҳарга парвона эрур,
Унда бўлгай, гарчи ҳар ёна эрур.

Шуълаларким айланар уй ичра тез,
Буржма-бурж кезгай қуёш ҳам ушбу кез. 750

Ҳар кишин юлдузга боғлиқ қисмати,
Ҳар кима ўз юлдузин бор хислати.

Кимки буржи Зуҳрадир — шодликпараст,
Кулгига мойил эрур, ишқ бирла маст.

Қон тўкар Миррих эрур ким буржи гар,
Жанг, хусумат ҳам ғараз ичра яшар.

Неча юлдузлар аро юлдуз ниҳон,
Йўқ тутилмоқлик ва шумликдан нишон.

Ўзга осмон ичра сайр айлар бари,
Етти қат машҳур бу осмондан нари. 755

Пойдорларга сочар нурин Худо,
На бириккай, бир-бириндан на жудо.

Бўлса кимнинг толеи гар ул нужум,
Нафси-ла айлайди кофирга ҳужум.5

Қаҳри Миррих қаҳрига мансуб эмас,
Гоҳида ғолиб, гаҳи мағлуб эмас.

Ғолиб ул нур холи зулмат, нуқсидан,
“Исбаъайни”6 ора Оллоҳ нуридан.7

Берди Ҳақ ҳар жонга нурдан йўғириб,
Ҳар валий олмиш этогин тўлдириб. 760

Кимгаким Ҳақ нурлари бўлмиш нисор,
Бурмади Ҳақдин бўлакка рухсор.8

Кимда ишқнинг домани бўлмас агар,
Ўша нурдан маҳрум ул бечоралар.

Жузвлар бургай юзини кулл томон,
Булбул ишқи ҳам йўналгай гул томон.9

Мол алоси ичда бўлмас, ташдадир,
Одамийнинг ранг-тусин ичдан қидир.

Пок ранглар кўзаси ҳам тозадир,
Носафо ранглар жафо ҳам лойқа-кир. 765

“Сибғатуллоҳ” ул латиф ранг номи, лек,
“Лаънатуллоҳ” ул ғализ ранг атридек.10

Улки дарёдан кетар дарё томон,
Келса қайдан, боргай ул маъво томон.11

Тўкилар тоғ бошидан селлар чунон,
Кет чиқиб, эй, ишқ ила омухта жон!

—————————
1 – “Буржлар эгаси бўлмиш осмонга қасам; Ваъда қилинмиш (Қиёмат) кунига қасам; (Ўша Кунда) гувоҳ бўлгувчи (барча халойиққа) ва гувоҳ бўлингувчи (барча воқеа-ҳодисалар)га қасамки; Чоҳ эгалари лаънат қилингайлар! (У чоҳ ўзига итқитилган одамларнинг таналаридан иборат бўлган) “ўтин”ли оловдир! Ўшанда улар ўша (чоҳ)нинг устида ўтириб олган ва мўминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ булган эдилар”. (Қуръони карим, «Буруж» сураси, 1-7-оятлар).

2 – “Билгин, эй, Билол: Мендан кейин амалдан қолган бир суннатимни кимки тирилтирса (йўлга қўйса), у одамга шу суннатга амал қилган одамларнинг савоби, уларники камаймаган ҳолда ёзилади. Кимки Оллоҳ ва расули рози бўлмайдиган бир ёмон бидъатни чиқарса, унга амал қилган ҳамма одамларнинг гуноҳича гуноҳ ёзилади, уларнинг гуноҳлари бу билан камаймайди”. (Ҳадис).

3 – “Сур чалинди-ю, осмонлар ва Ердаги бор жонзот ўлди, магар Оллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бир чалинди-да, баногоҳ улар (яъни, барча халойиқ қайта тирилди ва қабрларидан) туриб, (Оллоҳнинг амрига) кўз тутарлар”. (Қуръони карим, «Зумар» сураси, 68-оят).

4 – “Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни, Сизнинг умматингизни) ворис қилдик. Бас, уларнинг орасида (Қуръонни ўқиса-да, унга амал қилмай, гуноҳлардан четланмай) ўз жонига жабр қилгувчи ҳам бор ва уларнинг орасида ўртача амал қилгувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Оллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилгувчи ҳам бордир. Ана ўша (яъни, Қуръонга ворис бўлиш Оллоҳнинг) катта марҳаматидир”. (Қуръони карим, «Фотир» сураси, 32-оят).

“Аврасна-л-китоб” – “Бу Китобга бандаларимизни ворис қилдик”.

5 – “Дарҳақиқат, Биз энг яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик. Биз улар (шайтонлар) учун (Охиратдаги) олов-дўзах азобини ҳам тайёрлаб қўйгандирмиз”. (Қуръони карим, «Мулк» сураси, 5-оят).

6 – “Исбаъайни” – “Икки бармоғи”

7 – “Одам фарзандларининг қалби Парвардигорнинг икки бармоғи ўртасидаги бир қалб мисолидир. Оллоҳ қандай хоҳласа, шундай ишлатади”. (Ҳадис)

8 – “Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло ўз бандаларини зулматда яратди ва унга Ўзининг нуридан сочди. Кимгаки бу нур тушган бўлса, у Тўғри Йўлни танлади, кимгаки бу нур тушмаган бўлса, у адашганлардан бўлди”. (Ҳадис).

9 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бирор мусибат келганда: «Албатта биз Оллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз», дейдиган сабрли кишиларга хушхабар беринг!” (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 156-оят).

10 – “Оллоҳнинг ранги-ла (рангинмиз). Оллоҳдан ҳам гўзалроқ ранг бергувчи борми? Бизлар Унгагина ибодат қилгувчилармиз”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 138-оят).

Сибғатуллоҳ – Оллоҳнинг ранги.
Лаънатуллоҳ – Оллоҳнинг лаънати.

11 – “Албатта охирги чегара Ёлғиз Парвардигорингиз олдига (бормоқлик)дир”. (Қуръони карим, «Ва-н-Нажм» сураси, 42-оят).

ЖУҲУД ПОДШОҲНИНГ ОЛОВ ЁҚҚАНИ
ВА ОЛОВ ЁНИГА БУТ ЎРНАТИБ: “КИМКИ БУТГА СИFИНСА,
ОЛОВДАН ОМОН ҚОЛАДИ” — ДЕГАНИ

Кўр, на фитна ўйламишдир ит жуҳуд,
Катта гулхан ёнига қурдирди бут.

Деб: Сиғингай бутга ким, сақлайди жон,
Тортса бош, ўт қаъридан қолмас омон. 770

Тиймайин нафсин бутин, билмай ҳудуд,
Нафси қўзғаб, қилди пайдо бошқа бут.1

Барча бутлар онаси нафс, бедаво,
Бут илон гар, нафс бутидир аждаҳо.

Тошу темир бўлса гар нафс, бут – шарор,
Ҳар шарор сув бирла ўчгай беқарор.

Сув йўқотмас, неки тош, темирга хос,
Одамий бўлгайми бундан ҳеч халос?

Кўзада бут лойқа сувдир шўр, тахир,
Барча лойқа сувга нафс сарчашмадир. 775

Гар ясалган бут қаро селдай ютоқ,
Буттарошнинг нафси, лек, тинмас булоқ.2

Битта тош юз кўзани синдиргуси,
Лек, булоқни, айт, нечук тиндиргуси?

Бутни синдирмоқ жуда осон мудом,
“Нафс синар осон” дегай нодон мудом.

Истасанг нафс сувратин, ўғлон, агар,
Етти қат дўзах берар бундан хабар.3

Ҳар нафас алдоқ, унинг ҳар макридан,
Чўкди юз Фиръавну фиръавн аҳли ҳам. 4 780

Сен паноҳ сўргин Мусо ҳам Раббидан,
Тўкмагил иймон сувин алдоқ билан.5

Тут Аҳад, Аҳмад қўлин, эй, аҳли хос,
Токи тан Бу Жаҳл6идан бўлгин халос.

————————
1 – “Хабар беринг-чи, ким ҳавойи нафсини илоҳ қилиб олган (яъни, нафс бандаси бўлиб қолган) бўлса Сиз унинг устида вакил – қўриқчи бўлурмисиз?!..” (Қуръони карим, «Фурқон» сураси, 43-оят).

2 – “Ўзларингиз йўниб-ясаб олган нарсаларга ибодат қилурмисизлар?!” (Қуръони карим, “Вас-саффот” сураси, 95-оят).

3 – “У кимсаларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, шак-шубҳасиз жаҳаннамдир. Унинг етти дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозага уларнинг бир тўдаси бўлинур”. (Қуръони карим, «Ҳижр» сураси, 43-44-оятлар).

4-5 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга айтинг): «Бас, Оллоҳга (иймон келтириш учун) чопинглар-шошинглар! Албатта мен сизлар учун У Зот(нинг азоби)дан очиқ огоҳлантиргувчидирман”. (Қуръони карим, «Ваз-Зориёт» сураси, 50-оят).

6 – Бу Жаҳл – Амр бин Ҳишом ал Муғийратул Махзумий. Ислом ва Муҳаммад (с.а.в)нинг ашаддий душманларидан. Бадр жангида мўминлар томонидан қатл этилган.

БИР ГЎДАКНИНГ ОЛОВ ИЧИДА
ТИЛГА КИРГАНИ ВА ХАЛҚНИ
ОЛОВГА ТАШЛАНИШГА ДАЪВАТ ЭТГАНИ

Бир аёлни гўдаги бирлан жуҳуд
Элтди бутнинг олдига, гурларди ўт.1

Ўтга отди гўдагин шоҳ, шу маҳал
Онасин иймонига дарз кетди сал.

Айламоққа эрди шай бутга сужуд,
Гўдаги дод солди: “Инни лам амут!”2 785

Она, кел, ўт қаърида мен куймадим,
Гарчи, ёнгай ўт аро бул сувратим.

Бир ҳижобдир ўт, унинг ёлғони фош,
Ёқадан шафқат чиқаргай бунда бош.

Кел, кириб Ҳақ ҳужжатин кўргин, она,
Аҳли хослар ишратин кўргин ёна!

Кел, кириб кўр, бунда сувдир ўтсимон,
Ул жаҳонданким, сувинда ўт ниҳон.

Келгин, Иброҳим сирин кўр бунда то,
Сарву ёсмин топмиш ул оташ аро. 3 790

Мен туғилмоқни ўлим ўйлар эдим,
Сени тарк этгум дея қўрқар эдим.

Айладим зиндонни тарк, бўлгач бино,
Хушҳаво ҳилқат бериб турфа жило.

Бир раҳим эркан азалдан бул жаҳон,
Ўт аро лаззат туяркан унда жон.

Ўт аро дунёни кўрдим беғараз,
Бунда ҳар бир заррадир Ийсонафас.

Бул жаҳоннинг шакли йўқдир, асли бор,
Ул жаҳоннинг асли йўқдир, шакли бор. 795

Оналик ҳақ-ҳурмати, кел, мен томон,
Тортмагай озор бу оташ ичра жон!

Она, кел, иқбол кулиб, кетди алам,
Давлатингни бермагин қўлдан бу дам.

Бунда кўрдинг итсифат шоҳ қурбини,
Энди кўр Ҳақ қудратин ҳам лутфини.

Меҳр ила қилгум сени ўтга дучор,
Шодлигимдан сенга бермай эътибор.

Кел ўзинг, ҳам ўзгаларни чорла тез,
Ўт аро Шоҳ ёзди дастурхон бу кез! 4 800

Эй, мусулмонлар, тушинг оташ аро,
Дин азобиндан бўлак бори – жазо!5

Эй, турингиз бунда жам, парвонаваш,
Юз баҳор бунда фараҳ айлайди бахш!”.

Урди бонг, тинглаб гўдакни ул гуруҳ,
Тўлди халқнинг жонига бирдан шукуҳ.

Олди халқнинг ихтиёрин ушбу ҳол,
Ўзни отмиш ўт аро эркак-аёл.6

Амру қистовмас бу ҳол, Дўст ишқи чин,
Неки шўрдир, сўнг Ўзи айлар ширин. 805

Ушбу ҳол авжинда посбонлар, бироқ,
Айта олмасди: “Кетинг ўтдан йироқ!”

Юзқаро бўлганди подшоҳ, қолди лол,
Қилмишиндан бўлди пушмон, хастаҳол.7

Бўлди халқ ишққа яқин, иймон етиб,
Бўлди содиқ, жисмидан буткул кечиб.

Тушди иблис ўзи қазган чоҳ аро,
Шукр, шайтон ўзни кўрмиш юзқаро.

Не қаролик халқ юзига суркамиш,
Бори қайтиб, ўз юзин ҳам булғамиш. 810

Ким бировнинг йиртди тўнин кеча-кун,
Ўз тўни йиртилди, халқ тўни бутун.8
——————————-
1 – “Чоҳ эгалари лаънат қилингайлар! (У чоҳ ўзига итқитилган одамларнинг таналаридан иборат бўлган) «ўтин»ли оловдир! Ўшанда улар ўша (чоҳ)нинг устида ўтириб олган ва мўминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ булган эдилар”. (Қуръони карим, «Буруж» сураси, 4-8-оятлар).

2 – “Инни лам амут!” – “Чиндан ўлганим йўқ!”.

3 – “Биз айтдик: «Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!” (Қуръони карим, «Анбиё» сураси, 69-оят).

4-5 – “У зотлар Оллоҳ ўз фазлу карами билан уларга берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар ва ҳали ортларидан етиб келмаган биродарларига ҳеч қандай хавфу хатар йўқлиги ва ғамгин бўлмасликлари ҳақида хушхабар бермоқдалар”. (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 170-оят).

6 – “(Яҳудийлар) макр қилдилар. Оллоҳ ҳам «макр» қилди. Оллоҳ “Маккорроқдир”. (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 54-оят).

7 – “Улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлдилар (яъни, уни ёндириб юбормоқчи бўлдилар). Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўргувчи қилиб қўйдик”. (Қуръони карим, «Анбиё» сураси, 70-оят).

8 – “Ёмон макр-ҳийлалар қиладиган кимсалар учун эса қаттиқ азоб бордир ва уларнинг макрлари ҳам ҳалок бўлур (яъни, беҳуда кетур)”. (Қуръони карим, «Фотир» сураси, 10-оят).

МУҲАММАД САЛЛАЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ
НОМИНИ МАСХАРА ҚИЛИБ ТИЛГА ОЛГАН
КИМСАНИНГ ОFЗИ ҚИЙШАЙИБ ҚОЛГАНИ

Кимдир Аҳмад номини айлаб мазоқ,
Оғзи қийшайди, бўлиб ҳоли чатоқ.

Деди: “Авф айла, Муҳаммад, мен забун,
Сенга Ҳақ илми атодир “мин ладун”.1

Айладим нодонлигим боис мазоқ,
Мен ўзим лойиқ мазахга энди, боқ.

Эрса Ҳақ йиртмоқчи кимнинг пардасин,
Қўзғатар унда улуғлар таънасин. 2 815

Ҳақ яширмоқ истаса айбини, бас,
Ул майиблар дардин ошкор айламас.

Қўлламоқчи бўлса гар бизни Худо,
Майлимиз қилмайди зорликдан жудо.3

Ҳақ учун гирёна кўзни бахтли бил,
Бил муборак, Ҳақни деб ёнганда дил.4

Ҳар йиғи, ҳар нола сўнги хандадир,
Сўнгини кўрган муборак бандадир.

Қайда сув оққай равон, гул очилар,
Анда раҳмат, қайда кўз ёш сочилар. 820

Чарх мисол ёш тўк ва ингра ҳар сафар,
Яшнасин жон ичра токи майсалар.

Ёшли кўзларга ачин, кўз ёш десанг,
Ёғилар раҳминг, заиф раҳмин есанг.5

—————————
1 – “Бас, бандаларимиздан бир бандани топдиларки, Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат (яъни, пайғамбарлик) ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик”. (Қуръони карим, «Каҳф» сураси, 65-оят).

“Мин ладун” – Оллоҳ ҳузуридан берилган илоҳий илмлар.

2 – “Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай”. (Қуръони карим, «Ҳумаза» сураси, 1-оят).

3 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), маълумки, Сиздан аввалги миллатларга ҳам элчилар юборганмиз. (Элчиларимизни улар ёлғончи қилишган), шояд тавба-тазарруъ қилсалар, деб уларни бало ва зиёнлар билан ушлаганмиз”. (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 42-оят).

4 – “Бас, ўзларининг касб қилган нарсалари (яъни, кофирликни танлаганлари) жазосига улар (бу дунёда) озгина кулсинлар, (сўнгра Охиратда) кўп – абадий йиғласинлар!” (Қуръони карим, «Тавба» сураси, 82-оят).

5 – “Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло раҳмдил бандаларига раҳм қилади”. (Ҳадис).

“Оллоҳ раҳмсиз бандаларига раҳм қилмас”. (Ҳадис).

ЖУҲУД ПОДШОҲИНИНГ ОЛОВГА FАЗАБ ҚИЛГАНИ

Деди шоҳ ўтга қараб: “Эй, феъли тез,
Қайда қолди куйдириш хулқинг бу кез?

Нега ёқмайсан? Қани ул даҳшатинг?
Бахтимиздан юз буришми мақсадинг?

Сенга ёр оташпараст ёнгай, наҳот,
Сенга ёт қандай қилиб топмиш нажот? 825

Сенга хосмас, эй, олов, собирлигинг,
Нега ёқмайсан? Қани қодирлигинг?

Воажаб, ақлу ҳушим ё берди панд?
Ёнмагай ўт, шуъласи гарчи баланд.

Қилди жоду ким сени ё симиё?
Бахтимизга қаршилик қилдингми ё?”

Деди оташ: “Мен ўшал ўтман ҳамон,
Менга кир, тафтим бўлар сенга аён.

Ўшаман, таъбимда оташ таъбидир,
Ҳаққа тиғман, дастурим Ҳақ амридир. 830

Ҳар ўтовда туркман ити пилдирар,
Келса меҳмон, суйкалиб дум силкитар.

Ўтса бегона ўтов ёнга агар,
Барча итлар унга шердай ташланар.

Бандаликда мен эмас итдан-да кам,
Кам эмас туркдан ҳаётда Тангри ҳам”.

Сенга гар таъбинг ўти ғам келтирур,
Ёнмагинг Дин Шоҳининг амри эрур.

Қилса таъбинг ўти гар шодликка ёр,
Улни ҳам Дин Шоҳи топдиргай қарор. 835

Ғамга ботсанг, қил тазарру, тавба қил,
Ғамни Холиқ йўллагай, сабр айлагил.1

Хоҳласа, мунглиғ юракни шод этар,
Ким кишанбанддир, уни озод этар.

Қилгуси ўт, сув, ҳаво, хок бандалик,
Бизга жонсиз, Ҳақ учун жонли, тирик.2

Ўт мудом тургай қиёмда Ҳақ учун,
Айланар ошиқ мисоли кеча-кун.

Тошни ур темирга, учқун сачрагай,
Сачрар учқун, гар Худо амр айлагай. 840

Урса темирга зулм тошини гар,
Эр-хотиндай зурриёдин тарқатар.

Бўлса тош, темир бу ҳолга гар сабаб,
Сен баландроқларга боқ, эй, эзгу қалб!

Бул сабабдан ул сабаб пайдо эрур,
Бесабаб ҳар бир сабаб қайдан келур?

Ул сабабким, анбиёга бўлди ёр,
Бул сабабдан ул сабаблар барқарор.

Бул сабабни ул сабаб бедор қилар,
Бесамар айлаб гаҳи бекор қилар. 845

Бул сабабнинг маҳрами ақлу зиё,
Ул сабаблар маҳрамидир анбиё.

Бул сабаб недир? “Расан” дермиш араб,
Бул расанни айламиш чоҳ ичра касб.

Ул расандан айланар чарх эрта-кеч,
Кимки кўр, чарх эгасин кўрмайди ҳеч.

Даҳр аро сен бул сабаблар риштасин,
Айланувчи чархидан деб билмагин.

Токи сен айланмасанг чарх ҳолидай,
Ёнмагайсан токи чўлнинг толидай. 850

Ел олов ичгай Худонинг амридан,
Иккиси маст Ҳақ шаробин таъмидан.

Сувда ҳилм, ўт қаҳри Ҳақдан, эй, ўғил!
Кўзни очсанг, сўнг кўрингай сенга, бил.

Ел хабардор бўлмаса Ҳақ амридан,
Ўзгани фарқлармиди Од қавмидан?3

————————-
1 – “Бизнинг балойимиз етганда ҳам тазарруъ қилмадиларми?! (Албатта тавба-тазарруъ қилишлари лозим эди), лекин уларнинг диллари қотиб қолган ва шайтон уларга ўзлари қилиб юрган ишларини чиройли кўрсатиб қўйгандир”. (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 43-оят).

2 – “Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот (Оллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса (Оллоҳга) ҳамду сано айтиш билан У Зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар) уларнинг тасбеҳ айтишларини – поклашларини англамассизлар…” (Қуръони карим, «Ал-Исро» сураси, 44-оят).

3 – “Энди Од (қабиласига келсак), бас, улар бир даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар. У (бўронни Оллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳоким қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни худди чириб – ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб — ҳалок бўлиб ётганларини кўрурсиз”. (Қуръони карим, «Ал-Ҳаққа» сураси, 6-7-оятлар).

ҲУД АЛАЙҲИССАЛОМ ЗАМОНИДА
ОД ҚАВМИНИ ҲАЛОК ЭТГАН ШАМОЛ ҚИССАСИ

Барча мўмин гирдига хат тортди Ҳуд,
Сустлатар эрди шамолни бул ҳудуд.

Кимки хатдан нари бўлса ногаҳон,
Бурдалаб ташларди тўфон беомон. 855

Гоҳида Шайбон Роъий1 чизди хат,
Қўйларин атрофига тикларди ҳад.

Айлагай жумъа намозин то адо,
Бўлмасин деб бўрига қўй мубтало.

Ичкари кирмасди ҳеч бир бўри ҳам,
Ташқари қўймасди қўйлар бир қадам.

Бўри бирлан қўй ҳавоси бирма-бир,
Ҳақ элин ҳадди аро бўлмиш асир.

Ҳаққа ёрларга ажал боди чунон,
Хуш ёқар, худди, Юсуф атрисимон.2 860

Кўрмади ўт ора Иброҳим зарар,3
Не зарар? Ҳақ танлаган бўлса агар?4

Кетмагай ҳирс ўти дин аҳлин йиқиб ,
Ўзгани ер қаърига ташлар тиқиб.

Тошди денгиз ичра мавж Ҳақ амридан,
Қилди фарқ қибтий5ни Мусо аҳлидан.6

Етди тупроққа хабар, Ҳақ амридан,
Ютди ер Қорунни тож-тахти билан.7

Хок ва сув Ийсо дамин кўргач татиб,
Қуш мисол учмиш қанотин силкитиб.8 865

Зикру тасбеҳ хоку сув ҳоврида жо,
Жаннатий қуш – қалбдаги сидқу садо.9

Рақс тушди Тур, таратгач нур Мусо,
Бўлдисўфий, нуқсидан буткул жудо.10

Не ажаб, тоғ бўлса сўфий, муҳтарам,
Эрди тупроқдан Мусонинг жисми ҳам.11

—————————
1 – Шайбон Роъий – машҳур авлиё, зоҳид ва каромат соҳиби бўлиб, Муҳаммад бин Идрис Шофеъий билан замондош эди. Авлиё чўпонлик билан машғул бўларди. Ҳар гал жума намозига бораркан, бўридан ҳимоя қилиш учун қўйлар атрофига хат тортарди.

2 – “Ўлим – мўминлар учун хушбўйдир, чунки, мўмин юзида тер билан ўлади”. (Ҳадис). Ривоятга кўра, ўлим мўминнинг кўзига чиройли кийинган, хуш бўй анқиб турадиган Юсуфдай гўзал, ёш йигит қиёфасида намоён бўларкан.

3 – “(Иброҳимнинг ҳақ таъна ва дашномларига бирон жавоб топа олмай қолган подшоҳ Намруд бошчилигидаги мушриклар) дедилар: “Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар (мана шу иш билан) ўз худоларингизга ёрдам қилинглар”. Биз айтдик: “Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!” (Қуръони карим, “Анбиё” сураси, 68-69-оятлар).

4 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Биз Сиздан илгари ҳам пайғамбарларни ўз қавмларига юборганмиз. Бас, улар (қавмларига) аниқ-равшан ҳужжатлар келтирганлар. Сўнг Биз жиноят қилган (яъни ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган) кимсалардан интиқом олганмиз ва иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган”. (Қуръони карим, «Рум» сураси, 47-оят).

5 – Қибтий – мисрликларнинг қадимда шундай деб аталарди. Улар илгари юлдузларга сиғинарди ва уларни тирилтиргувчи ва ўлдиргувчи, ризқ бергувчи ва ёмғир ёғдиргувчи Илоҳ деб билган.

6 – “Бас, Биз улардан интиқом олдик – оятларимизни ёлғон деганлари ва у (оят-мўъжизалардан) ғофил бўлиб олганликлари сабабли Биз уларни денгизга ғарқ қилдик”. (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 136-оят).

“(Уларнинг қилмишлари) худди Фиръавн одамлари ва улардан олдинги кимсаларнинг қилмишларига ўхшайди. Улар Парвардигорларининг оятларини ёлғон дейишгач, Биз уларни ўзларининг гуноҳлари сабабли ҳалок қилдик ва Фиръавн одамларини (денгизга) ғарқ этдик. (Чунки) ҳаммалари золим кимсалар эдилар”. (Қуръони карим, “Анфол” сураси, 54-оят)

7 – “Бас, Биз (Қорунни) ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам Ерга ютдирдик. Сўнг унинг учун Оллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирон жамоат бўлмади ва унинг ўзи ҳам ғолиблардан бўлмади”. (Қуръони карим, «Қасас» сураси, 81-оят).

8 – “… Мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясайман, сўнг унга пуфласам, у Оллоҳнинг изни-иродаси билан ҳақиқий қуш бўлади…” (Қуръони карим, “Ол-и-имрон” сураси, 49-оят).

9 – “Кимки “Ло илоҳа иллаллоҳ” деса, Оллоҳ сўзининг ҳар жумласидан тумшуқлари тилладан, панжалари маржондан бўлган қушни яратур”. (Ҳадис).

“Ўзларингиз ва сизлардан кейин келувчи кишилар учун хушхабар шуки, кимки сидқидилдан “Ло илоҳа иллаллоҳ” калимасини айтса, албатта жаннатга киради”. (Ҳадис).

10-11 – “Қачонки Мусо ваъдалашган вақтимизда (Тур тоғига) келиб, Парвардигори унга (бевосита) сўзлагач, у: “Парвардигорим, менга (жамолингни) кўрсатгин. Сенга бир қарай”, деди. (Оллоҳ) айтди: “Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан. Аммо мана бу тоққа боқ. (Мен унга кўринурман). Бас, агар у (Мен кўринганимда) ўрнашган жойида тура олса, сен ҳам Мени кўражаксан”. Қачонки Парвардигори у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади ва (бу ҳолни кўрган) Мусо ҳушсиз ҳолда йиқилди. Ўзига келганидан кейин эса деди: “Пок Парвардигор (ноўрин савол сўрашдан), Ўзингга тавба қилдим. Энди мен (Сенинг нақадар Буюк Зот эканингга) иймон келтиргувчиларнинг аввали-пешқадамиман”. (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 143-оят).

ЖУҲУД ШОҲИНИНГ ИНКОРИ ВА
ЎЗ ЯҚИНЛАРИ НАСИҲАТИНИ ҚАБУЛ ҚИЛМАГАНИ

Кўрди золим шоҳ бу ҳолнинг борини,
Қўймади, лек, таъна ҳам инкорини.

Сўнг насиҳат қилдилар: “Ҳаддингни бил,
Бунча зулм отин жадал чоптирмагил”. 870

Банди айлаб бор насиҳатгўйларин,
Ортди зулмин ортидан зулми тағин.

Шунда ғойибдан таралмиш бир садо:
“Тўхта, эй, ит, сабримиз бўлмиш адо!”

Шунда ўт қирқ газ баландга ўрмалаб,
Бор жуҳудлар жисмини олмиш ўраб.

Насли ўт эрмиш азалдан барчасин,
Оқибат ўз аслига қайтмиш тағин.

Ул тўда ўтдан яралмиш, шул сабаб,
Жузви юргай доимо куллга қараб. 1 875

Эрди ўт, мўъминни куйдирган нуқул,
Хасдайин бўлмиш, куйиб ўт ичра кул.2

Бўлса ким гар”Уммуҳу алҳовия”,
Сўнгида унга макондир “Зовия”.3

Она фарзанд васлини қўмсар мудом,
Ҳар асил ўз наслини йўқлар мудом.

Сув ҳовузда гарчи зиндоний эрур,
Жазб этар ел сувни, арконий эрур.

Тортадир, элтар уни маъдан қадар,
Элтадир оз-оз, қоларсан бехабар. 880

Жонимиздан ҳам нафас ҳар онидан,
Кам-кам ўғирлар жаҳон зиндонидан.

То “илайҳи ясъад атёбу-л-калийм,
Соидан минно ило ҳайсу алийм.4

Тартақи анфосуно билмунтақо,
Мутҳафан минно ило дорилбақо.5

Сумма таътино мукофоту-л-мақол,
Зиъфа зока раҳматан мин зилжалол.6

Сумма юлжино ило амсолиҳо,
Кай янолу-л-абду мимо нолаҳо. 7 885

Ҳоказо таъруж ва танзил доимо,
Зо фало золат алайҳи қоимо”. 8

Форсча айтсам, неки жазб айлар бу дам,
Ул тарафдан келди, бергай тоту таъм.

Термулар ҳар қавм у ёнга, қай тараф,
Берса завқ, келтирса лаззат бирла наф.

Жинсидин жинс олгуси завқ, шубҳасиз,
Жузв этар ўз куллининг завқини ҳис.

Бошқа жинс, гарчанд, уни айлар қабул,
Айланар жинсдошига, боғланса ул. 890

Сув ва нон эрмасди бизнинг жинсимиз,
Бизга жинсдош бўлди, бўлгач ризқимиз.

Нону сув жинслик сиёғи йўқдайин,
Жинс эрур ул оқибатда, англагин.

Ўзга жинсга гар йўналгай завқимиз,
Унга ўхшаш бўлса бизнинг шаклимиз.

Неки ўхшаш бўлса, бўлгай орият,
Орият ҳам мангумасдир оқибат.

Келтирар қуш завқини сохта садо,
Топмагач ўз аҳлини, бўлгай адо. 895

Завқу шавқ олса саробдан ташналар,
Етса гар, қочса сароб, сув ахтарар.

Ҳар фақирни сохта зар шайдо қилар,
Лек, уни зарбхоналар расво қилар.

Топмагил зарринлигинг боис завол,
Тиқмасин чоҳга сени қинғир хаёл.

Қайтадин тинглаб “Калийла”9 қиссасин,
Қил талаб ул қиссадин сўнг ҳиссасин.

—————————
1-2 – “(Кофирлар кўришлари учун) ўша Кунда жаҳаннамни ҳам (яқин) келтириб қўйилганда – ана ўша Кунда инсон (бу кўрганларидан) эслатма-ибрат олур! (Аммо у Кунда) бу эслатма-ибрат(нинг фойдаси) қаёқдан тегсин?!” (Қуръони карим, «Вал-Фажр» сураси, 23-оят).

3 – “Бас, энди (у Кунда) кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўша (киши ҳар бир инсон) рози бўладиган – орзу қиладиган ҳаётда бўлур. Энди кимнинг тортилган (яхши амаллари) енгил кеса, унинг жойи “жарлик”дир!” (Қуръони карим, «Ал-Қориа» сураси, 6-9-оятлар).

Уммуҳу алвоҳия – жар онаси.

Зовия – ҳужра.

4 – “Ким куч-қудратни истайдиган бўлса, бас, барча куч-қудрат Оллоҳникидир. Хуш Сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Оллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур…” (Қуръони карим, «Фотир» сураси, 10-оят).

“Илайҳи ясъад атёбу-л-калийм,
Соидан минно ило ҳайсу алийм” – “Хуш сўзлар атри Оллоҳга юксалур, биздан чиқиб ўша ергаким, У билур”.

5 – “Тартақи анфосуно билмунтақо,
Мутҳафан минно ило дорилбақо” – “Тоза феъл ва нафасимиз юксалиб, боқий дунёга биздан ҳадя бўлади”.

6 – “Сумма таътино мукофоту-л-мақол,
Зиъфа зока раҳматан мин зилжалол” – “Шундан сўнг бизга мақолимиз (Худога зикримиз) мукофоти етади. Зикримизга Зулжалолдан икки баробар раҳмат қайтади”.

7 – “Сумма юлжино ило амсолиҳо,
Кай янолу-л-абду мимо нолаҳо” – “У бизни хуш сўзларга йўллайди, токи бандаси эришган нарсасига яна эришсин”.

8 – “Ҳоказо таъруж ва танзил доимо,
Зо фало золат алайҳи қоимо” – “Кўтарилмоқ ва тушмоқ ҳамиша юз бераверсин, сен бу раҳмат учун ҳамиша қойим бўл”.

9 – “Калийла” – “Калила ва Димна”, ҳинд халқ эртаклари.

ОВ ҲАЙВОНЛАРИНИНГ ШЕРНИ ТАВАККУЛ 1 ҚИЛИБ,
ЖАҲД 2 ЭТМАСЛИККА ДАЪВАТ ЭТГАНЛАРИ БАЁНИДА

Бир тўда ҳайвон яшаб водий аро,
Шер сабаб, жанжаллашармиш доимо. 900

Шер қилиб пистирмадан ногоҳ ҳужум,
Айламиш ўтлоқни нохуш, кўп зуғум.

Ҳийла ўйлаб келдилар шер ён дадил,
Деб: “Бўлармиз тўқлигингга биз кафил.

Ўлжа излаб сен овора бўлмагин,
Токи ўтлоқ бизга нохуш бўлмасин”.

—————————
1 – Таваккул – ўзини Оллоҳ иродасига топшириш, фақат У берадиган ризққа умид боғлаш.

2 – Жаҳд – тиришиш, астойдил ҳаракат қилиш.

ШЕРНИНГ ҲАЙВОНЛАРГА ЖАВОБИ
ВА ЖАҲД ФОЙДАСИ ҲАҚИДА СЎЙЛАГАНИ

Деди: “Маъқул, ҳийламас, кўрсам вафо,
Поку нопок айламиш макру жафо.

Чарчадим мен одамий феъл, макридан,
Не чаёну ҳам илонлар заҳридан. 905

Нафс ичимда доимо пойлаб турар,
Макри кўпдир, ҳаммадан баттар улар.1

Айладим “ла юлдағу-л-мўмин”2ни ёд,
Бўлди Пайғамбар каломи бир нажот”.

—————————
1 – “(Юсуф деди): ”Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс – агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса – албатта ёмонликка буюргувчидир…” (Қуръони карим, «Юсуф» сураси, 53-оят).

“Икки биқининг орасида турган нафс энг ёвуз душманингдир”. (Ҳадис).

2 – “Ло юлдағул мўъмину мин журъин воҳидин маррамайн” – “ Мўмин одам бир газанда инида икки марта чақилмайди (яъни, кўр ҳассасини бир марта йўқотади). (Ҳадис).

ҲАЙВОНЛАРНИНГ ТАВАККУЛНИ ЖАҲДДАН
ВА КАСБ-КОР ҚИЛИШДАН УСТУН ҚЎЙГАНИ

Деди барча: «Эй, ҳаким, огоҳназар,
“Алҳазар даъ, лайса юғни ъан қадар”.1

Бор ҳазар фитна-фасод, ғавғо эрур,
Бур таваккулга юзинг, аъло эрур.

Сен Қазо бирлан талашма, дарғазаб,
То Қазо ўқ отмасин сенга қараб. 910

Мурда бўл, Ҳақдан ҳукм келса агар,2
Етмасин Раббулфалақдан то зарар.

————————-
1 – “Алҳазар даъ, лайса юғни ъан қадар” – “Эҳтиёткорлик қазои қадар олдида бенафдир. Аммо, дуо фойдалидир, у бошга тушадиган ва тушмайдиган нарсалардан сақлайди. Шунинг учун Оллоҳга сажда қилинг, дуо қилинг”. (Ҳадис)

2 – Манбаларда таъкидланишича, бу сатр Абу Муҳаммад Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий (тахминан 818-896)нинг фикрига ҳамоҳанг. Унинг фикрича, олам яралишидан аввал инсонларнинг руҳлари ва Худо ўртасида “битим” (мийсоқ) имзоланган; руҳлар Худони ўзларининг Эгаси, Рабби деб эътироф этишган ва ўзларини Унинг паноҳига топширишган. Бунинг эвазига уларга Қиёмат куни Ҳақнинг жамолини кўриш ато этилган.

ШЕРНИНГ ЖАҲД ВА КАСБ-КОР ҚИЛИШНИ
ТАВАККУЛ ВА ТАСЛИМДАН УСТУН ҚЎЙГАНИ

Шер деди: “Тўғри, таваккул – раҳнамо,
Ҳамда Пайғамбарга бўлмишдир раво.

Деди Пайғамбар баланд овозда, бил:
“Тевани боғлаб, таваккул айлагил”.1

Англа “ал-косиб ҳабибуллаҳ”2 уқиб,
Ҳам таваккул чорасин турма кутиб”.

—————————
1 – “Уловингни аввал боғла, кейин Оллоҳга топшир (яъни, таваккул қил). (Ҳадис)

2 – “Ал-косиб ҳабибуллаҳ” – “Косиб – Оллоҳнинг дўсти”. (Шориҳларнинг фикрига кўра, бу иборанинг ҳадис эканлиги манбада кўрсатилмаган, кўпроқ, мақолга ўхшаш).

“Ва инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас). Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур”. (Қуръони карим, «Ва-н-Нажм» сураси, 39-40-оятлар).

ҲАЙВОНЛАРНИНГ ТАВАККУЛНИ
ЖИДДУ ЖАҲДДАН УСТУН ҚЎЙГАНИ

Қавм дерди: “Касб ила ожиз башар,
Макри унга луқмадир бўғзи қадар. 915

Йўқ таваккулдай бирор касб яхшироқ,
Кимки таслимда эрур, ул бахтлироқ.1

Ким балодан қочса, дуч келгай бало,
Ким илондан қочса, учрар аждаҳо.

Бўлди сиртмоқ унга ҳийла қилгани,
Эрди қонхўр, жон берар деб билгани.

Ёпди эшик, душман эрди хонада,
Эрди Фиръавн макри бул афсонада.2

Улки, юз минглаб гўдак бошин еди,
Кимниким ахтарди, ул уйда эди. 3 920

Дийдамиз иллатлидир, кўргай хато,
Айла Дўстнинг кўзига кўзни фано.

Дийдамизда эрса Ундан бир назар,
Унда бор мақсад-муродлар акс этар.

То гўдакнинг ўзи юрмас, ҳар сафар
Ул бобосин кифти узра мингашар.

Улғайиб, қўйгач замин узра оёқ,
Турли заҳмат остида қолгай, бироқ.

Қўл-оёқ битмай бурун халқ жонида,
Ул учар поклик, вафо осмонида. 925

“Иҳбиту”4 амрига бўлгач мубтало,
Қолди завқу қаҳру нафс доми аро.

Бизлар ул Ҳазрат аёли, ризқхоҳ,
Деди: “Ал-халқу иёлун ли-л-илоҳ”.5

Улки, ёмғир айлагай кўкдан раво,
Раҳмати бирла қилар ризқ ҳам ато”.

————————-
1 – “Ким Оллоҳга таваккул қилса, бас, (Оллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир”. (Қуръони карим, «Талоқ» сураси, 3-оят).

2-3 – “Тоҳа” — 39-40, “Бақара” — 49, “Шуаро” — 18-19-оятларига ишора.

4 – “Бас, уларни шайтон йўлдан оздириб, масканларидан чиқарди ва айтдик: “Тушингиз (жаннатдан Ерга! Сизлар – инсон ва шайтон) бир-бирингизга душмансиз. Энди маълум вақтгача (ажалларингиз етгунча) Ерда маскан тутиб яшайсиз”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 36-оят).

“У жойдан (жаннатдан) ҳаммангиз тушингиз”, дедик. “Бас, сизларга Мен тарафдан Ҳидоят келганида, кимлар Менинг Ҳидоятимга эргашса, ана ўшаларга ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар”. (Қуръони карим, “Бақара” сураси, 38-оят).

Иҳбиту – тушингиз

5 – “Ал-халқу иёлун ли-л-Илоҳ” – “Барча яралмиш Оллоҳнинг оиласидир. Оллоҳ таолога бандалар ичида севимлиси оила аъзоларига манфаати кўп тегадиган кишидир”. (Ҳадис).

ШЕРНИНГ ЖАҲДНИ ТАВАККУЛДАН УСТУН ҚЎЙГАНИ

Шер деди: “Ҳа, қилди, лек, Рабб-ул-ибод
Пойимиз остига норвонни ижод.1

Томга чиқмоқлик зарур бир-бир, секин,
Жабрий2 ўлмоқ хомтамаъликдир, лекин. 930

Бор оёқ, оқсайди деб қилдинг гумон,
Гар қўлинг бор, не учун панжанг ниҳон?

Хожа берса белкурак қулга қачон,
Муддаосин айлагай сўзсиз аён.

Қўл куракдек бир ишорат Ўзидан,
Оқибат билмоқ, иборат Ўзидан.

Жон аро берса ишоратлар жило,
Айлагайсан сидқ учун жонинг фидо,

Сўнг ишоратларни айлар ошкор,
Юкларинг олгай, ишинг топгай барор. 935

Ҳомил3 эрдинг, айлагай маҳмул4 сени,
Қобил эрдинг, айлагай мақбул сени.

Айласанг амрин қабул, комил ўзинг,
Изласанг васлин агар, восил ўзинг.

Саъйу неъмат шукри қудрат ёридир,
Жабр эса Ҳақ неъматин инкоридир.

Қурбига шукр айласанг қурбинг ошар,5
Жабр эса бор неъматинг қўлдан олар.

Ухламак жабр ўлди, йўлда олма тин,
Кўрмагунча ўша даргоҳ эшигин. 940

Ухласанг, эй, жабрий, айла шулни ёд,
Мевалик ҳар бир дарахт остинда ёт.

Чунки, силкитгай унинг шохин шамол,
Ухлаган ризқи ёғилгай бемалол.

Жабру ухлаш ўғрилар-ла ёнма-ён, –
Бемаҳал қичқирган ул хўрозсимон.

Ҳар ишоратни десанг беҳуда иш,
Ўзни эр билсанг-да, сен – хотинчалиш.

Қанча ақлинг бўлса, бори гум бўлар, 945
Ақлидан айрилса калланг, дум бўлар.

Ношукурликдир тубанлик ҳам зарар,
Элтадир дўзах тубин қаъри қадар.

Гар таваккул айласанг, ҳар ишни бил,
Эк экин, сўнгра Худога такя қил.6

————————-
1 – “…Уйларга эшикларидан кирингиз! Ва Оллоҳдан қўрқингиз! Шояд нажот топсангиз”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 189-оят).

2 – Жабрий – жабарийлар, У11 аср охири , У111 аср бошида ислом илоҳиётида пайдо бўлган оқим тарафдорлари. Жабарийлар исломда тақдир масаласида адашган деб тан олинган фирқалардан бири ҳисобланади. Улар аҳли сунна вал жамоатда тан олинган тақдир масаласини инкор қилади. Жабарийлар инсон тақдирини Худо мутлақ олдиндан белгилаб қўйган, инсонда ҳеч қандай ирода ва фаолият эркинлиги йўқ, булар, фақат, Худода мавжуд, инсон эса, ана шу фаолиятни ўзлаштириб олиш имкониятига эга, деган ақидаларни илгари сурган. (“Ислом энциклопедияси”, Тошкент, 2004)

3 – Ҳомил – ҳаммол, юк элтувчи.

4 – Маҳмул – юкли, ҳомиладор

5 – “Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: “Қасамки, агар сизлар (Менинг берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфрона (неъмат) қилсангизлар, албатта азобим ҳам жуда қаттиқдир”. (Қуръони карим, «Иброҳим» сураси, 7-оят).

6 – “… Энди ( маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Оллоҳга таваккал қилинг – суянинг! Албатта Оллоҳ Ўзига таваккал қилгувчиларни севади”. (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 159-оят).

ҲАЙВОНЛАРНИНГ ЯНА ТАВАККУЛНИ
ЖАҲДДАН УСТУН ҚЎЙГАНЛАРИ

Барча ҳайвон солди сўнг шовқин-сурон,
Экди важ тухмин ҳарислар деб чунон.

Неча юз минглаб аёл-эр иш-ла банд,
Не учун бўлмас замондан баҳраманд?

Неча юз минглаб асрлар изма-из,
Очди аждарҳосимон юзлаб оғиз. 950

Макри-ла доно гуруҳлар ҳар қадам,
Таг-туби бирлан қулатмиш тоғни ҳам.

Макрини васф айламишдир Зулжалол:
“Литазула минҳу ақлолу-л-жибол”.1

Не битилган эрса қисматда азал,
Ундан ўзга бермади юз ҳеч амал.

Бурди юз тадбир, амалдан барча жон,
Кирдигор аъмоли, ҳукми – жовидон.

Эй, улуғ, касб битта ном деб ўйла, бас,
Эй, иёр,2 жаҳд ўй-гумондан ўзгамас. 955

———————
1 – “Дарҳақиқат, улар (яъни, Макка мушриклари) ўзларининг макр-ҳийлаларини қилдилар. (Лекин) агар уларнинг макрлари сабабли тоғлар емирилиб кетадиган бўлса-да, уларнинг (бу) макр-ҳийлалари Оллоҳ ҳузурида (маълумдир)”. (Қуръони карим, «Иброҳим» сураси, 46-оят).

“Литазула минҳу ақлолу-л-жибол” – “Уларнинг макридан тоғлар емирилиб кетса-да”

2 – Иёр – маҳак, олтин, кумуш каби буюмларнинг софлиги (сара-носаралиги)ни аниқлаш даражаси.

04

JALOLIDDIN RUMIY
MA’NAVIY MASNAVIY
Birinchi kitobdan 3-chi parcha
Odil Ikrom tarjimasi
06

MUHAMMAD MUSTAFO SALLALLOHU ALAYHI VA SALLAMNING
NOMI INJILDA MADH ETILGANLIGI

Mustafoning zikri bor Injil aro,
Barcha payg’ambarga bosh, bahri safo.

Zikri bor suvrat, qiyofa, rangining,
Zikri bor savmu taomu jangining.

Ul Iso qavmi o’qirkan, ezgu zot
Nom-xitobin anglabon yetgan zahot,1

Etdilar yod pok, ulug’vor nomini,
Cho’kdilar tiz, ta’rif aylab shonini. 730

Biz bayon qilgan g’arazga bul guruh
Daxli yo’qligi sabab, topdi shukuh.

Ul amirlarkim, vazir makriga yot,
Ahmad ismin pok tutib, topmish najot.2

Nasli ham ortdi ularning beadad,
Bo’ldi Ahmadning yorug’ nuri madad.

So’ng Iso qavminda bir to’p nobakor,
Bildi Ahmad nomin abgor hamda xor.3

Bo’ldi xor-zor bori fitna zahridan,
Shum vazirning fikri birla makridan.4 735

Bo’ldi mahrum diynu hukmin aslidan,
Bir-biriga zid hukmlar dastidan.

Nomi gar bo’lmish madadkor shul qadar,
Asragay pok nuri nechog’, qanchalar?

Bo’lsa nomi qal’aday mahkam, buyuk,
Bo’lgusi Ruhulamin zoti nechuk?5

—————————
1 – “…Ular shunday kishilardirki, ummiy (savodsiz) Payg’ambarga – nomini o’z oldilaridagi Tavrot va Injilda yozilgan holda topishadigan – elchimizga (Hazrati Muhammad alayhis-salomga) ergashadilar…”. (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 157-oyat).

2 – “Eslang, Iyso binni Maryam: “Ey bani Isroil, albatta men Ollohning sizlarga (yuborgan) payg’ambaridirman. (Men) o’zimdan oldingi Tavrotni tasdiqlaguvchi va o’zimdan keyin keladigan Ahmad ismli bir Payg’ambar haqida xushxabar berguvchi bo’lgan holda (yuborildim)”, degan edi. Bas, qachonki (Iyso) ularga (o’zining haq payg’ambar ekanligiga) aniq-ravshan hujjat-mo»jizalar keltirgach, ular: “Bu ochiq sehr”, dedilar”. (Qur’oni karim, «Saf» surasi, 6-oyat).

3-4 – “Ular Yerda mutakabbirlik qilgan va (payg’ambarga qarshi) yomon makr-hiyla qilgan hollarida (hidoyatdan uzoqlashdilar). Yomon makr-hiyla esa faqat o’z egalarini o’rab halok qilur…” (Qur’oni karim, «Fotir» surasi, 43-oyat).

5 – “Modomiki, Siz ularning oralarida ekansiz, Olloh ularni hargiz azoblamas va ular mag’firat so’rab turgan hollarida ham Olloh ularni azoblaguvchi emasdir!” (Qur’oni karim, «Anfol» surasi, 33-oyat).

ISO DININI HALOK ETMOQCHI BO’LGAN
BOSHQA BIR JUHUD PODSHOHI HAQIDA HIKOYAT

Bedavo, qonxo’r vazir kasri yetib,
Berahm podshoh keyin taxtdan ketib,

O’zga bir shoh ul juhud shoh zotidin,
Chiqdi Iyso qavmiga qayrab tishin. 740

Bilmasang qonxo’r xurujin sen agar,
“Va-s-saman zoti-l-buruj”1 bergay xabar.

Neki shum odat erur ul shohda jam,
Qo’ydi bul ham ul yovuz yo’lda qadam.

Kimga odat bo’lsa gar kiynu g’araz,
Ortidan la’nat yog’ilgay har nafas.2

Yaxshilar o’tdi xush odat qoldirib,
Ketdi zolim zulmu la’nat qoldirib.

Kim ularning jinsidan bo’lgay agar,
O’xshagay unga qiyomatga qadar. 745

Tomirinda sho’r-shirin suvlar oqar,
Sur chalingach barchasi sirtga chiqar.3

Pok uchun meros bu suvlar poku nob,
Bizga ne meros? Bu – “Avrasna-l-kitob”.4

Qildi toliblar talab, solsang nazar,
Anbiyolar gavharindan shu’lalar.

Shu’lalar gavharga parvona erur,
Unda bo’lgay, garchi har yona erur.

Shu’lalarkim aylanar uy ichra tez,
Burjma-burj kezgay quyosh ham ushbu kez. 750

Har kishin yulduzga bog’liq qismati,
Har kima o’z yulduzin bor xislati.

Kimki burji Zuhradir — shodlikparast,
Kulgiga moyil erur, ishq birla mast.

Qon to’kar Mirrix erur kim burji gar,
Jang, xusumat ham g’araz ichra yashar.

Necha yulduzlar aro yulduz nihon,
Yo’q tutilmoqlik va shumlikdan nishon.

O’zga osmon ichra sayr aylar bari,
Yetti qat mashhur bu osmondan nari. 755

Poydorlarga sochar nurin Xudo,
Na birikkay, bir-birindan na judo.

Bo’lsa kimning tolei gar ul nujum,
Nafsi-la aylaydi kofirga hujum.5

Qahri Mirrix qahriga mansub emas,
Gohida g’olib, gahi mag’lub emas.

G’olib ul nur xoli zulmat, nuqsidan,
“Isba’ayni”6 ora Olloh nuridan.7

Berdi Haq har jonga nurdan yo’g’irib,
Har valiy olmish etogin to’ldirib. 760

Kimgakim Haq nurlari bo’lmish nisor,
Burmadi Haqdin bo’lakka ruxsor.8

Kimda ishqning domani bo’lmas agar,
O’sha nurdan mahrum ul bechoralar.

Juzvlar burgay yuzini kull tomon,
Bulbul ishqi ham yo’nalgay gul tomon.9

Mol alosi ichda bo’lmas, tashdadir,
Odamiyning rang-tusin ichdan qidir.

Pok ranglar ko’zasi ham tozadir,
Nosafo ranglar jafo ham loyqa-kir. 765

“Sibg’atulloh” ul latif rang nomi, lek,
“La’natulloh” ul g’aliz rang atridek.10

Ulki daryodan ketar daryo tomon,
Kelsa qaydan, borgay ul ma’vo tomon.11

To’kilar tog’ boshidan sellar chunon,
Ket chiqib, ey, ishq ila omuxta jon!

—————————
1 – “Burjlar egasi bo’lmish osmonga qasam; Va’da qilinmish (Qiyomat) kuniga qasam; (O’sha Kunda) guvoh bo’lguvchi (barcha xaloyiqqa) va guvoh bo’linguvchi (barcha voqea-hodisalar)ga qasamki; Choh egalari la’nat qilingaylar! (U choh o’ziga itqitilgan odamlarning tanalaridan iborat bo’lgan) “o’tin”li olovdir! O’shanda ular o’sha (choh)ning ustida o’tirib olgan va mo’minlarga qilayotgan ishlariga o’zlari guvoh bulgan edilar”. (Qur’oni karim, «Buruj» surasi, 1-7-oyatlar).

2 – “Bilgin, ey, Bilol: Mendan keyin amaldan qolgan bir sunnatimni kimki tiriltirsa (yo’lga qo’ysa), u odamga shu sunnatga amal qilgan odamlarning savobi, ularniki kamaymagan holda yoziladi. Kimki Olloh va rasuli rozi bo’lmaydigan bir yomon bid’atni chiqarsa, unga amal qilgan hamma odamlarning gunohicha gunoh yoziladi, ularning gunohlari bu bilan kamaymaydi”. (Hadis).

3 – “Sur chalindi-yu, osmonlar va Yerdagi bor jonzot o’ldi, magar Olloh xohlagan zotlargina (tirik qoldilar). So’ngra u ikkinchi bir chalindi-da, banogoh ular (ya’ni, barcha xaloyiq qayta tirildi va qabrlaridan) turib, (Ollohning amriga) ko’z tutarlar”. (Qur’oni karim, «Zumar» surasi, 68-oyat).

4 – “So’ngra Biz bu Kitobga bandalarimizdan O’zimiz tanlagan zotlarni (ya’ni, Sizning ummatingizni) voris qildik. Bas, ularning orasida (Qur’onni o’qisa-da, unga amal qilmay, gunohlardan chetlanmay) o’z joniga jabr qilguvchi ham bor va ularning orasida o’rtacha amal qilguvchi ham bor va ularning orasida Ollohning iznu irodasi bilan mudom yaxshiliklarga shoshilguvchi ham bordir. Ana o’sha (ya’ni, Qur’onga voris bo’lish Ollohning) katta marhamatidir”. (Qur’oni karim, «Fotir» surasi, 32-oyat).

“Avrasna-l-kitob” – “Bu Kitobga bandalarimizni voris qildik”.

5 – “Darhaqiqat, Biz eng yaqin osmonni chiroqlar (yulduzlar) bilan bezadik va ularni shaytonlarga otiladigan toshlar qilib qo’ydik. Biz ular (shaytonlar) uchun (Oxiratdagi) olov-do’zax azobini ham tayyorlab qo’ygandirmiz”. (Qur’oni karim, «Mulk» surasi, 5-oyat).

6 – “Isba’ayni” – “Ikki barmog’i”

7 – “Odam farzandlarining qalbi Parvardigorning ikki barmog’i o’rtasidagi bir qalb misolidir. Olloh qanday xohlasa, shunday ishlatadi”. (Hadis)

8 – “Darhaqiqat, Olloh taolo o’z bandalarini zulmatda yaratdi va unga O’zining nuridan sochdi. Kimgaki bu nur tushgan bo’lsa, u To’g’ri Yo’lni tanladi, kimgaki bu nur tushmagan bo’lsa, u adashganlardan bo’ldi”. (Hadis).

9 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), biror musibat kelganda: «Albatta biz Ollohning (bandalarimiz) va albatta biz U Zotga qaytguvchilarmiz», deydigan sabrli kishilarga xushxabar bering!” (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 156-oyat).

10 – “Ollohning rangi-la (ranginmiz). Ollohdan ham go’zalroq rang berguvchi bormi? Bizlar Ungagina ibodat qilguvchilarmiz”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 138-oyat).

Sibg’atulloh – Ollohning rangi.
La’natulloh – Ollohning la’nati.

11 – “Albatta oxirgi chegara Yolg’iz Parvardigoringiz oldiga (bormoqlik)dir”. (Qur’oni karim, «Va-n-Najm» surasi, 42-oyat).

JUHUD PODSHOHNING OLOV YOQQANI
VA OLOV YONIGA BUT O’RNATIB: “KIMKI BUTGA SIFINSA,
OLOVDAN OMON QOLADI” — DEGANI

Ko’r, na fitna o’ylamishdir it juhud,
Katta gulxan yoniga qurdirdi but.

Deb: Sig’ingay butga kim, saqlaydi jon,
Tortsa bosh, o’t qa’ridan qolmas omon. 770

Tiymayin nafsin butin, bilmay hudud,
Nafsi qo’zg’ab, qildi paydo boshqa but.1

Barcha butlar onasi nafs, bedavo,
But ilon gar, nafs butidir ajdaho.

Toshu temir bo’lsa gar nafs, but – sharor,
Har sharor suv birla o’chgay beqaror.

Suv yo’qotmas, neki tosh, temirga xos,
Odamiy bo’lgaymi bundan hech xalos?

Ko’zada but loyqa suvdir sho’r, taxir,
Barcha loyqa suvga nafs sarchashmadir. 775

Gar yasalgan but qaro selday yutoq,
Buttaroshning nafsi, lek, tinmas buloq.2

Bitta tosh yuz ko’zani sindirgusi,
Lek, buloqni, ayt, nechuk tindirgusi?

Butni sindirmoq juda oson mudom,
“Nafs sinar oson” degay nodon mudom.

Istasang nafs suvratin, o’g’lon, agar,
Yetti qat do’zax berar bundan xabar.3

Har nafas aldoq, uning har makridan,
Cho’kdi yuz Fir’avnu fir’avn ahli ham. 4 780

Sen panoh so’rgin Muso ham Rabbidan,
To’kmagil iymon suvin aldoq bilan.5

Tut Ahad, Ahmad qo’lin, ey, ahli xos,
Toki tan Bu Jahl6idan bo’lgin xalos.

————————
1 – “Xabar bering-chi, kim havoyi nafsini iloh qilib olgan (ya’ni, nafs bandasi bo’lib qolgan) bo’lsa Siz uning ustida vakil – qo’riqchi bo’lurmisiz?!..” (Qur’oni karim, «Furqon» surasi, 43-oyat).

2 – “O’zlaringiz yo’nib-yasab olgan narsalarga ibodat qilurmisizlar?!” (Qur’oni karim, “Vas-saffot” surasi, 95-oyat).

3 – “U kimsalarning barchalari uchun va’da qilingan joy, shak-shubhasiz jahannamdir. Uning yetti darvozasi bo’lib, har bir darvozaga ularning bir to’dasi bo’linur”. (Qur’oni karim, «Hijr» surasi, 43-44-oyatlar).

4-5 – “(Ey Muhammad alayhis-salom, ularga ayting): «Bas, Ollohga (iymon keltirish uchun) chopinglar-shoshinglar! Albatta men sizlar uchun U Zot(ning azobi)dan ochiq ogohlantirguvchidirman”. (Qur’oni karim, «Vaz-Zoriyot» surasi, 50-oyat).

6 – Bu Jahl – Amr bin Hishom al Mug’iyratul Maxzumiy. Islom va Muhammad (s.a.v)ning ashaddiy dushmanlaridan. Badr jangida mo’minlar tomonidan qatl etilgan.

BIR GO’DAKNING OLOV ICHIDA
TILGA KIRGANI VA XALQNI
OLOVGA TASHLANISHGA DA’VAT ETGANI

Bir ayolni go’dagi birlan juhud
Eltdi butning oldiga, gurlardi o’t.1

O’tga otdi go’dagin shoh, shu mahal
Onasin iymoniga darz ketdi sal.

Aylamoqqa erdi shay butga sujud,
Go’dagi dod soldi: “Inni lam amut!”2 785

Ona, kel, o’t qa’rida men kuymadim,
Garchi, yongay o’t aro bul suvratim.

Bir hijobdir o’t, uning yolg’oni fosh,
Yoqadan shafqat chiqargay bunda bosh.

Kel, kirib Haq hujjatin ko’rgin, ona,
Ahli xoslar ishratin ko’rgin yona!

Kel, kirib ko’r, bunda suvdir o’tsimon,
Ul jahondankim, suvinda o’t nihon.

Kelgin, Ibrohim sirin ko’r bunda to,
Sarvu yosmin topmish ul otash aro. 3 790

Men tug’ilmoqni o’lim o’ylar edim,
Seni tark etgum deya qo’rqar edim.

Ayladim zindonni tark, bo’lgach bino,
Xushhavo hilqat berib turfa jilo.

Bir rahim erkan azaldan bul jahon,
O’t aro lazzat tuyarkan unda jon.

O’t aro dunyoni ko’rdim beg’araz,
Bunda har bir zarradir Iysonafas.

Bul jahonning shakli yo’qdir, asli bor,
Ul jahonning asli yo’qdir, shakli bor. 795

Onalik haq-hurmati, kel, men tomon,
Tortmagay ozor bu otash ichra jon!

Ona, kel, iqbol kulib, ketdi alam,
Davlatingni bermagin qo’ldan bu dam.

Bunda ko’rding itsifat shoh qurbini,
Endi ko’r Haq qudratin ham lutfini.

Mehr ila qilgum seni o’tga duchor,
Shodligimdan senga bermay e’tibor.

Kel o’zing, ham o’zgalarni chorla tez,
O’t aro Shoh yozdi dasturxon bu kez! 4 800

Ey, musulmonlar, tushing otash aro,
Din azobindan bo’lak bori – jazo!5

Ey, turingiz bunda jam, parvonavash,
Yuz bahor bunda farah aylaydi baxsh!”.

Urdi bong, tinglab go’dakni ul guruh,
To’ldi xalqning joniga birdan shukuh.

Oldi xalqning ixtiyorin ushbu hol,
O’zni otmish o’t aro erkak-ayol.6

Amru qistovmas bu hol, Do’st ishqi chin,
Neki sho’rdir, so’ng O’zi aylar shirin. 805

Ushbu hol avjinda posbonlar, biroq,
Ayta olmasdi: “Keting o’tdan yiroq!”

Yuzqaro bo’lgandi podshoh, qoldi lol,
Qilmishindan bo’ldi pushmon, xastahol.7

Bo’ldi xalq ishqqa yaqin, iymon yetib,
Bo’ldi sodiq, jismidan butkul kechib.

Tushdi iblis o’zi qazgan choh aro,
Shukr, shayton o’zni ko’rmish yuzqaro.

Ne qarolik xalq yuziga surkamish,
Bori qaytib, o’z yuzin ham bulg’amish. 810

Kim birovning yirtdi to’nin kecha-kun,
O’z to’ni yirtildi, xalq to’ni butun.8
——————————-
1 – “Choh egalari la’nat qilingaylar! (U choh o’ziga itqitilgan odamlarning tanalaridan iborat bo’lgan) «o’tin»li olovdir! O’shanda ular o’sha (choh)ning ustida o’tirib olgan va mo’minlarga qilayotgan ishlariga o’zlari guvoh bulgan edilar”. (Qur’oni karim, «Buruj» surasi, 4-8-oyatlar).

2 – “Inni lam amut!” – “Chindan o’lganim yo’q!”.

3 – “Biz aytdik: «Ey olov, sen Ibrohim uchun salqin va omonlik bo’l!” (Qur’oni karim, «Anbiyo» surasi, 69-oyat).

4-5 – “U zotlar Olloh o’z fazlu karami bilan ularga bergan ne’matlardan xushnud hollarida bahramand bo’lmoqdalar va hali ortlaridan yetib kelmagan birodarlariga hech qanday xavfu xatar yo’qligi va g’amgin bo’lmasliklari haqida xushxabar bermoqdalar”. (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 170-oyat).

6 – “(Yahudiylar) makr qildilar. Olloh ham «makr» qildi. Olloh “Makkorroqdir”. (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 54-oyat).

7 – “Ular (Ibrohimga) makr qilmoqchi bo’ldilar (ya’ni, uni yondirib yubormoqchi bo’ldilar). Biz esa ularning o’zlarini ko’proq ziyon ko’rguvchi qilib qo’ydik”. (Qur’oni karim, «Anbiyo» surasi, 70-oyat).

8 – “Yomon makr-hiylalar qiladigan kimsalar uchun esa qattiq azob bordir va ularning makrlari ham halok bo’lur (ya’ni, behuda ketur)”. (Qur’oni karim, «Fotir» surasi, 10-oyat).

MUHAMMAD SALLALOHU ALAYHI VA SALLAM
NOMINI MASXARA QILIB TILGA OLGAN
KIMSANING OFZI QIYSHAYIB QOLGANI

Kimdir Ahmad nomini aylab mazoq,
Og’zi qiyshaydi, bo’lib holi chatoq.

Dedi: “Avf ayla, Muhammad, men zabun,
Senga Haq ilmi atodir “min ladun”.1

Ayladim nodonligim bois mazoq,
Men o’zim loyiq mazaxga endi, boq.

Ersa Haq yirtmoqchi kimning pardasin,
Qo’zg’atar unda ulug’lar ta’nasin. 2 815

Haq yashirmoq istasa aybini, bas,
Ul mayiblar dardin oshkor aylamas.

Qo’llamoqchi bo’lsa gar bizni Xudo,
Maylimiz qilmaydi zorlikdan judo.3

Haq uchun giryona ko’zni baxtli bil,
Bil muborak, Haqni deb yonganda dil.4

Har yig’i, har nola so’ngi xandadir,
So’ngini ko’rgan muborak bandadir.

Qayda suv oqqay ravon, gul ochilar,
Anda rahmat, qayda ko’z yosh sochilar. 820

Charx misol yosh to’k va ingra har safar,
Yashnasin jon ichra toki maysalar.

Yoshli ko’zlarga achin, ko’z yosh desang,
Yog’ilar rahming, zaif rahmin yesang.5

—————————
1 – “Bas, bandalarimizdan bir bandani topdilarki, Biz unga O’z dargohimizdan rahmat (ya’ni, payg’ambarlik) ato etgan va O’z huzurimizdan ilm bergan edik”. (Qur’oni karim, «Kahf» surasi, 65-oyat).

“Min ladun” – Olloh huzuridan berilgan ilohiy ilmlar.

2 – “Barcha (kishilarga dilozorlik qilib, ularning obro’larini to’kib yuradigan) bo’htonchi-g’iybatchiga halokat bo’lgay”. (Qur’oni karim, «Humaza» surasi, 1-oyat).

3 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), ma’lumki, Sizdan avvalgi millatlarga ham elchilar yuborganmiz. (Elchilarimizni ular yolg’onchi qilishgan), shoyad tavba-tazarru’ qilsalar, deb ularni balo va ziyonlar bilan ushlaganmiz”. (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 42-oyat).

4 – “Bas, o’zlarining kasb qilgan narsalari (ya’ni, kofirlikni tanlaganlari) jazosiga ular (bu dunyoda) ozgina kulsinlar, (so’ngra Oxiratda) ko’p – abadiy yig’lasinlar!” (Qur’oni karim, «Tavba» surasi, 82-oyat).

5 – “Darhaqiqat, Olloh taolo rahmdil bandalariga rahm qiladi”. (Hadis).

“Olloh rahmsiz bandalariga rahm qilmas”. (Hadis).

JUHUD PODSHOHINING OLOVGA FAZAB QILGANI

Dedi shoh o’tga qarab: “Ey, fe’li tez,
Qayda qoldi kuydirish xulqing bu kez?

Nega yoqmaysan? Qani ul dahshating?
Baxtimizdan yuz burishmi maqsading?

Senga yor otashparast yongay, nahot,
Senga yot qanday qilib topmish najot? 825

Senga xosmas, ey, olov, sobirliging,
Nega yoqmaysan? Qani qodirliging?

Voajab, aqlu hushim yo berdi pand?
Yonmagay o’t, shu’lasi garchi baland.

Qildi jodu kim seni yo simiyo?
Baxtimizga qarshilik qildingmi yo?”

Dedi otash: “Men o’shal o’tman hamon,
Menga kir, taftim bo’lar senga ayon.

O’shaman, ta’bimda otash ta’bidir,
Haqqa tig’man, dasturim Haq amridir. 830

Har o’tovda turkman iti pildirar,
Kelsa mehmon, suykalib dum silkitar.

O’tsa begona o’tov yonga agar,
Barcha itlar unga sherday tashlanar.

Bandalikda men emas itdan-da kam,
Kam emas turkdan hayotda Tangri ham”.

Senga gar ta’bing o’ti g’am keltirur,
Yonmaging Din Shohining amri erur.

Qilsa ta’bing o’ti gar shodlikka yor,
Ulni ham Din Shohi topdirgay qaror. 835

G’amga botsang, qil tazarru, tavba qil,
G’amni Xoliq yo’llagay, sabr aylagil.1

Xohlasa, munglig’ yurakni shod etar,
Kim kishanbanddir, uni ozod etar.

Qilgusi o’t, suv, havo, xok bandalik,
Bizga jonsiz, Haq uchun jonli, tirik.2

O’t mudom turgay qiyomda Haq uchun,
Aylanar oshiq misoli kecha-kun.

Toshni ur temirga, uchqun sachragay,
Sachrar uchqun, gar Xudo amr aylagay. 840

Ursa temirga zulm toshini gar,
Er-xotinday zurriyodin tarqatar.

Bo’lsa tosh, temir bu holga gar sabab,
Sen balandroqlarga boq, ey, ezgu qalb!

Bul sababdan ul sabab paydo erur,
Besabab har bir sabab qaydan kelur?

Ul sababkim, anbiyoga bo’ldi yor,
Bul sababdan ul sabablar barqaror.

Bul sababni ul sabab bedor qilar,
Besamar aylab gahi bekor qilar. 845

Bul sababning mahrami aqlu ziyo,
Ul sabablar mahramidir anbiyo.

Bul sabab nedir? “Rasan” dermish arab,
Bul rasanni aylamish choh ichra kasb.

Ul rasandan aylanar charx erta-kech,
Kimki ko’r, charx egasin ko’rmaydi hech.

Dahr aro sen bul sabablar rishtasin,
Aylanuvchi charxidan deb bilmagin.

Toki sen aylanmasang charx holiday,
Yonmagaysan toki cho’lning toliday. 850

Yel olov ichgay Xudoning amridan,
Ikkisi mast Haq sharobin ta’midan.

Suvda hilm, o’t qahri Haqdan, ey, o’g’il!
Ko’zni ochsang, so’ng ko’ringay senga, bil.

Yel xabardor bo’lmasa Haq amridan,
O’zgani farqlarmidi Od qavmidan?3

————————-
1 – “Bizning baloyimiz yetganda ham tazarru’ qilmadilarmi?! (Albatta tavba-tazarru’ qilishlari lozim edi), lekin ularning dillari qotib qolgan va shayton ularga o’zlari qilib yurgan ishlarini chiroyli ko’rsatib qo’ygandir”. (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 43-oyat).

2 – “Etti osmon, Yer va ulardagi bor jonzot (Ollohni) poklar. Mavjud bo’lgan barcha narsa (Ollohga) hamdu sano aytish bilan U Zotni poklar. Lekin sizlar (ey insonlar) ularning tasbeh aytishlarini – poklashlarini anglamassizlar…” (Qur’oni karim, «Al-Isro» surasi, 44-oyat).

3 – “Endi Od (qabilasiga kelsak), bas, ular bir dahshatli, quturgan bo’ron bilan halok qilindilar. U (bo’ronni Olloh) ularning ustiga paydar-pay yetti kecha va sakkiz kunduz hokim qilib qo’ydiki, endi u joydagi qavmni xuddi chirib – ichi bo’shab qolgan xurmo daraxtining tanasidek qulab — halok bo’lib yotganlarini ko’rursiz”. (Qur’oni karim, «Al-Haqqa» surasi, 6-7-oyatlar).

HUD ALAYHISSALOM ZAMONIDA
OD QAVMINI HALOK ETGAN SHAMOL QISSASI

Barcha mo’min girdiga xat tortdi Hud,
Sustlatar erdi shamolni bul hudud.

Kimki xatdan nari bo’lsa nogahon,
Burdalab tashlardi to’fon beomon. 855

Gohida Shaybon Ro’iy1 chizdi xat,
Qo’ylarin atrofiga tiklardi had.

Aylagay jum’a namozin to ado,
Bo’lmasin deb bo’riga qo’y mubtalo.

Ichkari kirmasdi hech bir bo’ri ham,
Tashqari qo’ymasdi qo’ylar bir qadam.

Bo’ri birlan qo’y havosi birma-bir,
Haq elin haddi aro bo’lmish asir.

Haqqa yorlarga ajal bodi chunon,
Xush yoqar, xuddi, Yusuf atrisimon.2 860

Ko’rmadi o’t ora Ibrohim zarar,3
Ne zarar? Haq tanlagan bo’lsa agar?4

Ketmagay hirs o’ti din ahlin yiqib ,
O’zgani yer qa’riga tashlar tiqib.

Toshdi dengiz ichra mavj Haq amridan,
Qildi farq qibtiy5ni Muso ahlidan.6

Yetdi tuproqqa xabar, Haq amridan,
Yutdi yer Qorunni toj-taxti bilan.7

Xok va suv Iyso damin ko’rgach tatib,
Qush misol uchmish qanotin silkitib.8 865

Zikru tasbeh xoku suv hovrida jo,
Jannatiy qush – qalbdagi sidqu sado.9

Raqs tushdi Tur, taratgach nur Muso,
Bo’ldiso’fiy, nuqsidan butkul judo.10

Ne ajab, tog’ bo’lsa so’fiy, muhtaram,
Erdi tuproqdan Musoning jismi ham.11

—————————
1 – Shaybon Ro’iy – mashhur avliyo, zohid va karomat sohibi bo’lib, Muhammad bin Idris Shofe’iy bilan zamondosh edi. Avliyo cho’ponlik bilan mashg’ul bo’lardi. Har gal juma namoziga borarkan, bo’ridan himoya qilish uchun qo’ylar atrofiga xat tortardi.

2 – “O’lim – mo’minlar uchun xushbo’ydir, chunki, mo’min yuzida ter bilan o’ladi”. (Hadis). Rivoyatga ko’ra, o’lim mo’minning ko’ziga chiroyli kiyingan, xush bo’y anqib turadigan Yusufday go’zal, yosh yigit qiyofasida namoyon bo’larkan.

3 – “(Ibrohimning haq ta’na va dashnomlariga biron javob topa olmay qolgan podshoh Namrud boshchiligidagi mushriklar) dedilar: “Uni yoqib yuboringlar! Agar uddalay olsanglar (mana shu ish bilan) o’z xudolaringizga yordam qilinglar”. Biz aytdik: “Ey olov, sen Ibrohim uchun salqin va omonlik bo’l!” (Qur’oni karim, “Anbiyo” surasi, 68-69-oyatlar).

4 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), aniqki, Biz Sizdan ilgari ham payg’ambarlarni o’z qavmlariga yuborganmiz. Bas, ular (qavmlariga) aniq-ravshan hujjatlar keltirganlar. So’ng Biz jinoyat qilgan (ya’ni o’z payg’ambarlarini yolg’onchi qilgan) kimsalardan intiqom olganmiz va iymon keltirgan zotlarni g’olib qilish Bizning zimmamizdagi haq bo’lgan”. (Qur’oni karim, «Rum» surasi, 47-oyat).

5 – Qibtiy – misrliklarning qadimda shunday deb atalardi. Ular ilgari yulduzlarga sig’inardi va ularni tiriltirguvchi va o’ldirguvchi, rizq berguvchi va yomg’ir yog’dirguvchi Iloh deb bilgan.

6 – “Bas, Biz ulardan intiqom oldik – oyatlarimizni yolg’on deganlari va u (oyat-mo»jizalardan) g’ofil bo’lib olganliklari sababli Biz ularni dengizga g’arq qildik”. (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 136-oyat).

“(Ularning qilmishlari) xuddi Fir’avn odamlari va ulardan oldingi kimsalarning qilmishlariga o’xshaydi. Ular Parvardigorlarining oyatlarini yolg’on deyishgach, Biz ularni o’zlarining gunohlari sababli halok qildik va Fir’avn odamlarini (dengizga) g’arq etdik. (Chunki) hammalari zolim kimsalar edilar”. (Qur’oni karim, “Anfol” surasi, 54-oyat)

7 – “Bas, Biz (Qorunni) ham, uning hovli-joyini ham Yerga yutdirdik. So’ng uning uchun Ollohdan o’zga yordam beradigan biron jamoat bo’lmadi va uning o’zi ham g’oliblardan bo’lmadi”. (Qur’oni karim, «Qasas» surasi, 81-oyat).

8 – “… Men sizlarga loydan qush timsolini yasayman, so’ng unga puflasam, u Ollohning izni-irodasi bilan haqiqiy qush bo’ladi…” (Qur’oni karim, “Ol-i-imron” surasi, 49-oyat).

9 – “Kimki “Lo iloha illalloh” desa, Olloh so’zining har jumlasidan tumshuqlari tilladan, panjalari marjondan bo’lgan qushni yaratur”. (Hadis).

“O’zlaringiz va sizlardan keyin keluvchi kishilar uchun xushxabar shuki, kimki sidqidildan “Lo iloha illalloh” kalimasini aytsa, albatta jannatga kiradi”.
(Hadis).

10-11 – “Qachonki Muso va’dalashgan vaqtimizda (Tur tog’iga) kelib, Parvardigori unga (bevosita) so’zlagach, u: “Parvardigorim, menga (jamolingni) ko’rsatgin. Senga bir qaray”, dedi. (Olloh) aytdi: “Sen Meni (bu dunyoda) hargiz ko’rolmaysan. Ammo mana bu toqqa boq. (Men unga ko’rinurman). Bas, agar u (Men ko’ringanimda) o’rnashgan joyida tura olsa, sen ham Meni ko’rajaksan”. Qachonki Parvardigori u toqqa ko’ringan edi, uni mayda-mayda qilib tashladi va (bu holni ko’rgan) Muso hushsiz holda yiqildi. O’ziga kelganidan keyin esa dedi: “Pok Parvardigor (noo’rin savol so’rashdan), O’zingga tavba qildim. Endi men (Sening naqadar Buyuk Zot ekaningga) iymon keltirguvchilarning avvali-peshqadamiman”. (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 143-oyat).

JUHUD SHOHINING INKORI VA
O’Z YAQINLARI NASIHATINI QABUL QILMAGANI

Ko’rdi zolim shoh bu holning borini,
Qo’ymadi, lek, ta’na ham inkorini.

So’ng nasihat qildilar: “Haddingni bil,
Buncha zulm otin jadal choptirmagil”. 870

Bandi aylab bor nasihatgo’ylarin,
Ortdi zulmin ortidan zulmi tag’in.

Shunda g’oyibdan taralmish bir sado:
“To’xta, ey, it, sabrimiz bo’lmish ado!”

Shunda o’t qirq gaz balandga o’rmalab,
Bor juhudlar jismini olmish o’rab.

Nasli o’t ermish azaldan barchasin,
Oqibat o’z asliga qaytmish tag’in.

Ul to’da o’tdan yaralmish, shul sabab,
Juzvi yurgay doimo kullga qarab. 1 875

Erdi o’t, mo»minni kuydirgan nuqul,
Xasdayin bo’lmish, kuyib o’t ichra kul.2

Bo’lsa kim gar”Ummuhu alhoviya”,
So’ngida unga makondir “Zoviya”.3

Ona farzand vaslini qo’msar mudom,
Har asil o’z naslini yo’qlar mudom.

Suv hovuzda garchi zindoniy erur,
Jazb etar yel suvni, arkoniy erur.

Tortadir, eltar uni ma’dan qadar,
Eltadir oz-oz, qolarsan bexabar. 880

Jonimizdan ham nafas har onidan,
Kam-kam o’g’irlar jahon zindonidan.

To “ilayhi yas’ad atyobu-l-kaliym,
Soidan minno ilo haysu aliym.4

Tartaqi anfosuno bilmuntaqo,
Muthafan minno ilo dorilbaqo.5

Summa ta’tino mukofotu-l-maqol,
Zi’fa zoka rahmatan min ziljalol.6

Summa yuljino ilo amsoliho,
Kay yanolu-l-abdu mimo nolaho. 7 885

Hokazo ta’ruj va tanzil doimo,
Zo falo zolat alayhi qoimo”. 8

Forscha aytsam, neki jazb aylar bu dam,
Ul tarafdan keldi, bergay totu ta’m.

Termular har qavm u yonga, qay taraf,
Bersa zavq, keltirsa lazzat birla naf.

Jinsidin jins olgusi zavq, shubhasiz,
Juzv etar o’z kullining zavqini his.

Boshqa jins, garchand, uni aylar qabul,
Aylanar jinsdoshiga, bog’lansa ul. 890

Suv va non ermasdi bizning jinsimiz,
Bizga jinsdosh bo’ldi, bo’lgach rizqimiz.

Nonu suv jinslik siyog’i yo’qdayin,
Jins erur ul oqibatda, anglagin.

O’zga jinsga gar yo’nalgay zavqimiz,
Unga o’xshash bo’lsa bizning shaklimiz.

Neki o’xshash bo’lsa, bo’lgay oriyat,
Oriyat ham mangumasdir oqibat.

Keltirar qush zavqini soxta sado,
Topmagach o’z ahlini, bo’lgay ado. 895

Zavqu shavq olsa sarobdan tashnalar,
Yetsa gar, qochsa sarob, suv axtarar.

Har faqirni soxta zar shaydo qilar,
Lek, uni zarbxonalar rasvo qilar.

Topmagil zarrinliging bois zavol,
Tiqmasin chohga seni qing’ir xayol.

Qaytadin tinglab “Kaliyla”9 qissasin,
Qil talab ul qissadin so’ng hissasin.

—————————
1-2 – “(Kofirlar ko’rishlari uchun) o’sha Kunda jahannamni ham (yaqin) keltirib qo’yilganda – ana o’sha Kunda inson (bu ko’rganlaridan) eslatma-ibrat olur! (Ammo u Kunda) bu eslatma-ibrat(ning foydasi) qayoqdan tegsin?!” (Qur’oni karim, «Val-Fajr» surasi, 23-oyat).

3 – “Bas, endi (u Kunda) kimning tortilgan (yaxshi amallari) og’ir kelsa, ana o’sha (kishi har bir inson) rozi bo’ladigan – orzu qiladigan hayotda bo’lur. Endi kimning tortilgan (yaxshi amallari) yengil kesa, uning joyi “jarlik”dir!” (Qur’oni karim, «Al-Qoria» surasi, 6-9-oyatlar).

Ummuhu alvohiya – jar onasi.

Zoviya – hujra.

4 – “Kim kuch-qudratni istaydigan bo’lsa, bas, barcha kuch-qudrat Ollohnikidir. Xush So’z Unga yuksalur va yaxshi amalni ham (Olloh O’z dargohiga) ko’tarur…” (Qur’oni karim, «Fotir» surasi, 10-oyat).

“Ilayhi yas’ad atyobu-l-kaliym,
Soidan minno ilo haysu aliym” – “Xush so’zlar atri Ollohga yuksalur, bizdan chiqib o’sha yergakim, U bilur”.

5 – “Tartaqi anfosuno bilmuntaqo,
Muthafan minno ilo dorilbaqo” – “Toza fe’l va nafasimiz yuksalib, boqiy dunyoga bizdan hadya bo’ladi”.

6 – “Summa ta’tino mukofotu-l-maqol,
Zi’fa zoka rahmatan min ziljalol” – “Shundan so’ng bizga maqolimiz (Xudoga zikrimiz) mukofoti yetadi. Zikrimizga Zuljaloldan ikki barobar rahmat qaytadi”.

7 – “Summa yuljino ilo amsoliho,
Kay yanolu-l-abdu mimo nolaho” – “U bizni xush so’zlarga yo’llaydi, toki bandasi erishgan narsasiga yana erishsin”.

8 – “Hokazo ta’ruj va tanzil doimo,
Zo falo zolat alayhi qoimo” – “Ko’tarilmoq va tushmoq hamisha yuz beraversin, sen bu rahmat uchun hamisha qoyim bo’l”.

9 – “Kaliyla” – “Kalila va Dimna”, hind xalq ertaklari.

OV HAYVONLARINING SHERNI TAVAKKUL 1 QILIB,
JAHD 2 ETMASLIKKA DA’VAT ETGANLARI BAYONIDA

Bir to’da hayvon yashab vodiy aro,
Sher sabab, janjallasharmish doimo. 900

Sher qilib pistirmadan nogoh hujum,
Aylamish o’tloqni noxush, ko’p zug’um.

Hiyla o’ylab keldilar sher yon dadil,
Deb: “Bo’larmiz to’qligingga biz kafil.

O’lja izlab sen ovora bo’lmagin,
Toki o’tloq bizga noxush bo’lmasin”.

—————————
1 – Tavakkul – o’zini Olloh irodasiga topshirish, faqat U beradigan rizqqa umid bog’lash.

2 – Jahd – tirishish, astoydil harakat qilish.

SHERNING HAYVONLARGA JAVOBI
VA JAHD FOYDASI HAQIDA SO’YLAGANI

Dedi: “Ma’qul, hiylamas, ko’rsam vafo,
Poku nopok aylamish makru jafo.

Charchadim men odamiy fe’l, makridan,
Ne chayonu ham ilonlar zahridan. 905

Nafs ichimda doimo poylab turar,
Makri ko’pdir, hammadan battar ular.1

Ayladim “la yuldag’u-l-mo’min”2ni yod,
Bo’ldi Payg’ambar kalomi bir najot”.

—————————
1 – “(Yusuf dedi): ”Men nafsimni oqlamayman. Chunki nafs – agar Parvardigorimning O’zi rahm qilmasa – albatta yomonlikka buyurguvchidir…” (Qur’oni karim, «Yusuf» surasi, 53-oyat).

“Ikki biqining orasida turgan nafs eng yovuz dushmaningdir”. (Hadis).

2 – “Lo yuldag’ul mo»minu min jur’in vohidin marramayn” – “ Mo’min odam bir gazanda inida ikki marta chaqilmaydi (ya’ni, ko’r hassasini bir marta yo’qotadi). (Hadis).

HAYVONLARNING TAVAKKULNI JAHDDAN
VA KASB-KOR QILISHDAN USTUN QO’YGANI

Dedi barcha: «Ey, hakim, ogohnazar,
“Alhazar da’, laysa yug’ni ‘an qadar”.1

Bor hazar fitna-fasod, g’avg’o erur,
Bur tavakkulga yuzing, a’lo erur.

Sen Qazo birlan talashma, darg’azab,
To Qazo o’q otmasin senga qarab. 910

Murda bo’l, Haqdan hukm kelsa agar,2
Yetmasin Rabbulfalaqdan to zarar.

————————-
1 – “Alhazar da’, laysa yug’ni ‘an qadar” – “Ehtiyotkorlik qazoi qadar oldida benafdir. Ammo, duo foydalidir, u boshga tushadigan va tushmaydigan narsalardan saqlaydi. Shuning uchun Ollohga sajda qiling, duo qiling”. (Hadis)

2 – Manbalarda ta’kidlanishicha, bu satr Abu Muhammad Sahl ibn Abdulloh Tustariy (taxminan 818-896)ning fikriga hamohang. Uning fikricha, olam yaralishidan avval insonlarning ruhlari va Xudo o’rtasida “bitim” (miysoq) imzolangan; ruhlar Xudoni o’zlarining Egasi, Rabbi deb e’tirof etishgan va o’zlarini Uning panohiga topshirishgan. Buning evaziga ularga Qiyomat kuni Haqning jamolini ko’rish ato etilgan.

SHERNING JAHD VA KASB-KOR QILISHNI
TAVAKKUL VA TASLIMDAN USTUN QO’YGANI

Sher dedi: “To’g’ri, tavakkul – rahnamo,
Hamda Payg’ambarga bo’lmishdir ravo.

Dedi Payg’ambar baland ovozda, bil:
“Tevani bog’lab, tavakkul aylagil”.1

Angla “al-kosib habibullah”2 uqib,
Ham tavakkul chorasin turma kutib”.

—————————
1 – “Ulovingni avval bog’la, keyin Ollohga topshir (ya’ni, tavakkul qil). (Hadis)

2 – “Al-kosib habibullah” – “Kosib – Ollohning do’sti”. (Shorihlarning fikriga ko’ra, bu iboraning hadis ekanligi manbada ko’rsatilmagan, ko’proq, maqolga o’xshash).

“Va inson uchun faqat o’zi qilgan harakatigina bo’lur (ya’ni, o’zgalarning qilgan yaxshi amallaridan unga biron foyda yetmas). Uning qilgan sa’y-harakati esa yaqinda (Qiyomat Kunida) ko’rinur”. (Qur’oni karim, «Va-n-Najm» surasi, 39-40-oyatlar).

HAYVONLARNING TAVAKKULNI
JIDDU JAHDDAN USTUN QO’YGANI

Qavm derdi: “Kasb ila ojiz bashar,
Makri unga luqmadir bo’g’zi qadar. 915

Yo’q tavakkulday biror kasb yaxshiroq,
Kimki taslimda erur, ul baxtliroq.1

Kim balodan qochsa, duch kelgay balo,
Kim ilondan qochsa, uchrar ajdaho.

Bo’ldi sirtmoq unga hiyla qilgani,
Erdi qonxo’r, jon berar deb bilgani.

Yopdi eshik, dushman erdi xonada,
Erdi Fir’avn makri bul afsonada.2

Ulki, yuz minglab go’dak boshin yedi,
Kimnikim axtardi, ul uyda edi. 3 920

Diydamiz illatlidir, ko’rgay xato,
Ayla Do’stning ko’ziga ko’zni fano.

Diydamizda ersa Undan bir nazar,
Unda bor maqsad-murodlar aks etar.

To go’dakning o’zi yurmas, har safar
Ul bobosin kifti uzra mingashar.

Ulg’ayib, qo’ygach zamin uzra oyoq,
Turli zahmat ostida qolgay, biroq.

Qo’l-oyoq bitmay burun xalq jonida,
Ul uchar poklik, vafo osmonida. 925

“Ihbitu”4 amriga bo’lgach mubtalo,
Qoldi zavqu qahru nafs domi aro.

Bizlar ul Hazrat ayoli, rizqxoh,
Dedi: “Al-xalqu iyolun li-l-iloh”.5

Ulki, yomg’ir aylagay ko’kdan ravo,
Rahmati birla qilar rizq ham ato”.

————————-
1 – “Kim Ollohga tavakkul qilsa, bas, (Ollohning) O’zi unga yetarlidir”. (Qur’oni karim, «Taloq» surasi, 3-oyat).

2-3 – “Toha” — 39-40, “Baqara” — 49, “Shuaro” — 18-19-oyatlariga ishora.

4 – “Bas, ularni shayton yo’ldan ozdirib, maskanlaridan chiqardi va aytdik: “Tushingiz (jannatdan Yerga! Sizlar – inson va shayton) bir-biringizga dushmansiz. Endi ma’lum vaqtgacha (ajallaringiz yetguncha) Yerda maskan tutib yashaysiz”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 36-oyat).

“U joydan (jannatdan) hammangiz tushingiz”, dedik. “Bas, sizlarga Men tarafdan Hidoyat kelganida, kimlar Mening Hidoyatimga ergashsa, ana o’shalarga hech qanday xavfu xatar yo’q va ular g’amgin bo’lmaydilar”. (Qur’oni karim, “Baqara” surasi, 38-oyat).

Ihbitu – tushingiz

5 – “Al-xalqu iyolun li-l-Iloh” – “Barcha yaralmish Ollohning oilasidir. Olloh taologa bandalar ichida sevimlisi oila a’zolariga manfaati ko’p tegadigan kishidir”. (Hadis).

SHERNING JAHDNI TAVAKKULDAN USTUN QO’YGANI

Sher dedi: “Ha, qildi, lek, Rabb-ul-ibod
Poyimiz ostiga norvonni ijod.1

Tomga chiqmoqlik zarur bir-bir, sekin,
Jabriy2 o’lmoq xomtama’likdir, lekin. 930

Bor oyoq, oqsaydi deb qilding gumon,
Gar qo’ling bor, ne uchun panjang nihon?

Xoja bersa belkurak qulga qachon,
Muddaosin aylagay so’zsiz ayon.

Qo’l kurakdek bir ishorat O’zidan,
Oqibat bilmoq, iborat O’zidan.

Jon aro bersa ishoratlar jilo,
Aylagaysan sidq uchun joning fido,

So’ng ishoratlarni aylar oshkor,
Yuklaring olgay, ishing topgay baror. 935

Homil3 erding, aylagay mahmul4 seni,
Qobil erding, aylagay maqbul seni.

Aylasang amrin qabul, komil o’zing,
Izlasang vaslin agar, vosil o’zing.

Sa’yu ne’mat shukri qudrat yoridir,
Jabr esa Haq ne’matin inkoridir.

Qurbiga shukr aylasang qurbing oshar,5
Jabr esa bor ne’mating qo’ldan olar.

Uxlamak jabr o’ldi, yo’lda olma tin,
Ko’rmaguncha o’sha dargoh eshigin. 940

Uxlasang, ey, jabriy, ayla shulni yod,
Mevalik har bir daraxt ostinda yot.

Chunki, silkitgay uning shoxin shamol,
Uxlagan rizqi yog’ilgay bemalol.

Jabru uxlash o’g’rilar-la yonma-yon, –
Bemahal qichqirgan ul xo’rozsimon.

Har ishoratni desang behuda ish,
O’zni er bilsang-da, sen – xotinchalish.

Qancha aqling bo’lsa, bori gum bo’lar, 945
Aqlidan ayrilsa kallang, dum bo’lar.

Noshukurlikdir tubanlik ham zarar,
Eltadir do’zax tubin qa’ri qadar.

Gar tavakkul aylasang, har ishni bil,
Ek ekin, so’ngra Xudoga takya qil.6

————————-
1 – “…Uylarga eshiklaridan kiringiz! Va Ollohdan qo’rqingiz! Shoyad najot topsangiz”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 189-oyat).

2 – Jabriy – jabariylar, U11 asr oxiri , U111 asr boshida islom ilohiyotida paydo bo’lgan oqim tarafdorlari. Jabariylar islomda taqdir masalasida adashgan deb tan olingan firqalardan biri hisoblanadi. Ular ahli sunna val jamoatda tan olingan taqdir masalasini inkor qiladi. Jabariylar inson taqdirini Xudo mutlaq oldindan belgilab qo’ygan, insonda hech qanday iroda va faoliyat erkinligi yo’q, bular, faqat, Xudoda mavjud, inson esa, ana shu faoliyatni o’zlashtirib olish imkoniyatiga ega, degan aqidalarni ilgari surgan. (“Islom entsiklopediyasi”, Toshkent, 2004)

3 – Homil – hammol, yuk eltuvchi.

4 – Mahmul – yukli, homilador

5 – “Yana Parvardigoringiz bildirgan (bu so’zlarni) eslangiz: “Qasamki, agar sizlar (Mening bergan ne’matlarimga) shukr qilsangizlar, albatta (ularni yanada) ziyoda qilurman. Endi agar kufrona (ne’mat) qilsangizlar, albatta azobim ham juda qattiqdir”. (Qur’oni karim, «Ibrohim» surasi, 7-oyat).

6 – “… Endi ( maslahat qilgach, biron ishni) qasd qilsangiz, Ollohga tavakkal qiling – suyaning! Albatta Olloh O’ziga tavakkal qilguvchilarni sevadi”. (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 159-oyat).

HAYVONLARNING YANA TAVAKKULNI
JAHDDAN USTUN QO’YGANLARI

Barcha hayvon soldi so’ng shovqin-suron,
Ekdi vaj tuxmin harislar deb chunon.

Necha yuz minglab ayol-er ish-la band,
Ne uchun bo’lmas zamondan bahramand?

Necha yuz minglab asrlar izma-iz,
Ochdi ajdarhosimon yuzlab og’iz. 950

Makri-la dono guruhlar har qadam,
Tag-tubi birlan qulatmish tog’ni ham.

Makrini vasf aylamishdir Zuljalol:
“Litazula minhu aqlolu-l-jibol”.1

Ne bitilgan ersa qismatda azal,
Undan o’zga bermadi yuz hech amal.

Burdi yuz tadbir, amaldan barcha jon,
Kirdigor a’moli, hukmi – jovidon.

Ey, ulug’, kasb bitta nom deb o’yla, bas,
Ey, iyor,2 jahd o’y-gumondan o’zgamas. 955

———————
1 – “Darhaqiqat, ular (ya’ni, Makka mushriklari) o’zlarining makr-hiylalarini qildilar. (Lekin) agar ularning makrlari sababli tog’lar yemirilib ketadigan bo’lsa-da, ularning (bu) makr-hiylalari Olloh huzurida (ma’lumdir)”. (Qur’oni karim, «Ibrohim» surasi, 46-oyat).

“Litazula minhu aqlolu-l-jibol” – “Ularning makridan tog’lar yemirilib ketsa-da”

2 – Iyor – mahak, oltin, kumush kabi buyumlarning sofligi (sara-nosaraligi)ni aniqlash darajasi.

04

(Tashriflar: umumiy 709, bugungi 1)

Izoh qoldiring