Nodir Jonuzoq. Qalb qadrdoni

shavkat
    Шоирнинг “Сайланма”сини бир бошдан варақларкансиз, дарадаги шаффоф булоқ бўйида гўзал табиат манзараларидан завқланиб юрган сайёҳнинг қандай қилиб хатарнок, илонизи сўқмоқлар орқали тоғ чўққисидаги даҳшатли вулқонлар қошигача чиқиб борганини кўрасиз. У бу йўлчилик мобайнида сокин кузатувчидан ёвқур жангчига айланиб боради.

shavkat

Нодир Жонузоқ
ҚАЛБ ҚАДРДОНИ

Шавкат Раҳмон билан учрашиш, афсуски, менга насиб қилмаган.
Шавкат Раҳмон билан ҳар куни биргаман.
Бирон ножўя иш қилиб қўйсам, ярашиқсиз сўз сўйласам, кўнглимдан ёмон ўй ўтса, шоирнинг ўткир нигоҳи кўксимга қадалгандай бўлади: “Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир!” то тавба-тазарру қилиб ўзимни бир қадар покламагунимча қиличдай кескир нигоҳ мени тинч қўймайди…

* * *

“Сўзларни қайрайлик, обдон тоблайлик…”
Кўз олдимизда сўзни қиличдай қайраётган шоир қиёфаси намоён бўлади.
Шоир фақат ўз шеърларида эмас, балки таржималарида ҳам сўзларни тоблайди. Хусусан, Федерико Гарсиа Лорканинг “Ғар” номли шеъридаги ушбу мисраларни ҳар гал ўқирканман, беихтиёр ҳайратланаман:

Ялтир-юлтур, кофур бадан –
нард гулидан форам, нафис –
шандир шабий ойнакларда
сузган ойнинг нури каби.

“Кофур бадан”, “нард гули”, “форам”, “шабий ойнаклар” каби сўзлар, иборалар – ўзимизники, бироқ тан олайлик, омма тугул шоирлар, сўз усталарининг ҳам назаридан четроқда туради. Шоир, айнан, ана шундай сўзларни териб олади ва Лорка шеъриятига хос бўлган сирлилик, фусункорликни пайдо қилади. Гоҳо ўйлайман: бу мисралар испанчада қандай янграркин? Афсуски, тил билмаслигим панд беради. Бироқ рус таржимони билан қиёслаш имконимиз йўқ эмас:

Ее жасминная кожа
светилась жемчугом теплым,
нежнее лунного света,
когда скользит он по стеклам…

Ўзбекча ва русча матндаги айрим тафовутлар эътиборингизни тортган бўлса ажаб эмас.
Русчада бошқачароқ-ку, деб шошилинч хулоса чиқарманг. Негаки, иккинчи рус
таржимонида ушбу мисралар яна-да, бошқачароқ тарзда янграйди:

Нардом, жемчугом ракушки
тело женское сверкало.
Так вовеки не блестели
ни хрусталь, ни лунный камень…

Умуман олганда, қиёсий таржима – алоҳида, катта иш. Бунинг учун таржимон ўзбек, рус ва испан тилини мукаммал билиши ва устига-устак, нозик поэтик дидга ҳам эга бўлиши лозим. Лекин, нима бўлганда ҳам, бир нарсани тан олиш керак, шеърнинг ўзбекча таржимасида табиий оҳангдорлик, мусиқийлик кучлироқ. Мисралар испан романслари каби ўйноқилаб оқади. Ва, беихтиёр тилингизга ўрнашиб қолади. Ўзингиз билиб-билмай хиргойи қила бошлайсиз:

Шандир шабий ойнакларда…

* * *

Ҳар бир истеъдодли шоирнинг ижодида бевосита ўз қисматига дахлдор, ўз ёзуғини башорат қилувчи, ҳеч бўлмаса, битта шеъри бўлади, деб ўйлайман. Шавкат Раҳмонда бундай шеърлар кўп. Бироқ, унинг “Авж” деб номланган, бошқа асарларига нисбатан қисқароқ – тўрт бандли шеъри шоир қисматини тўлиқ белгилаб берган, назаримда.

Ҳа, белгилаб берган, деяпман.

Негаки, бу шеър шоир айни кучга тўлган, шеър сарлавҳасига мутаносиб тарзда авж нуқтада ижод қилаётган паллада – ҳали зулмат элчилари бўй кўрсатмаган, ажал қўнғироғи сукунат қаърида мудраб ётган, уйғоқ тоғлар дунёга довруқ солаётган кезларда ёзилган эди.

Шеър шундай бошланади:

Мен, шубҳасиз, парчаланаман, —
Шундай тугар буюк хизматим.
Кимга кўзим, кимга пешонам,
Кимга тегар қизиқ қисматим.

Шоир сохта камтарлик қилиб ўтирмайди. У “…хизматим”дан олдин “ажиб”, “сирли” каби бетараф сифатларни ҳам ишлатиши мумкин эди. Аммо, у ўз қисматининг бошқаларникидан кўра қизиқ, фавқулодда кечаётганини ҳис қилади ва, англайдики, тақдир уни буюк хизматга сафарбар қилмоқда. Бу хизматнинг сўнгида, шубҳасиз, у парчаланиб, бор-будини эл-юртга бўлиб, топшириб кетади.

Ғалаёнга тўла вужуддан,
Охир, дунё бўладир, халос.
Ер остига кириб кетарман
барча мўмин бандаларга хос.

Бу ерда изоҳга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Фақат икки хил товланишга эга бўлган, охир, сўзига эътиборингизни тортмоқчиман. Мустақил тарзда у ғалаёнга тўла вужуд қисмати якунини билдиради. Аммо, ёнидаги дунё сўзига уриларкан, охирзамон бирикмасини эслата бошлайди. Зотан, ғалаёнга тўла вужуддан халос бўлишга охирдунё интиқ эди. Шу боис, шоир бўлади сўзини бўладир тарзида Р ундоши билан мустаҳкамлаб тамбалайдики, бу интиқлик тугалроқ, яққолроқ акс этади. Зеро шоирнинг нафосат, эзгулик, ор-номус ҳақидаги ўйлари охирдунё табиатига мос эмас, демакким, шоирнинг ўзи ҳам унга бегонадир.

* * *

“Шавкат Раҳмоннинг илк шеърлари гўзал!” дейди кимдир.
“Шавкат Раҳмоннинг сўнгги шеърлари ўтли!” дейди бошқа биров.
Иккаласи баҳслашади. Гўё иккита шоирнинг тарафдорларидек.
Уларни жим кузатаман. Нимаям дердим: иккаласи ҳам ҳақ.
Ўзимга келсак, кайфиятимга қараб, гоҳ шоирнинг илк шеърларини, гоҳ кейинги даврда ёзганларини ўқийман.

Шоирнинг “Сайланма”сини бир бошдан варақларкансиз, дарадаги шаффоф булоқ бўйида гўзал табиат манзараларидан завқланиб юрган сайёҳнинг қандай қилиб хатарнок, илонизи сўқмоқлар орқали тоғ чўққисидаги даҳшатли вулқонлар қошигача чиқиб борганини кўрасиз. У бу йўлчилик мобайнида сокин кузатувчидан ёвқур жангчига айланиб боради. Олдин Сўз унинг учун мўйқалам бўлган бўлса, энди шамширга дўнади. Ортидан келаётган маънавият аскарларига қарата хитоб қила бошлайди: “Сўзларни қайрайлик, обдон тоблайлик – идрок-ла совутиб тағин қайрайлик – ўзбекнинг қоракўз болаларига – битта дунё қолсин ҳайратлик…” Негадир шоир ўзидан олдингиларга эмас, кўпроқ ортидагиларга суянади. Навқирон авлодга ишонгиси келади: “Ҳозирги ёшларда покизалик бор — тирик қалбларига диёнат эга – гўё пок табиат ёмон кўзлардан – асраб қўйганларин шуларга берган…”

У энг қўрқадиган нарса бу – хиёнат, фитна. Негаки, “жангда ўлган эмас бирор баҳодир – бари ҳалок бўлган хиёнатлардан…” Шу боис шоир бетўхтов тарзда аҳли мардумни мард бўлишга, сўнгги сонияда ҳам сабот кўрсатишга чақиради. Бироқ дунёнинг буқаламунлиги, чиркин иғво-бўҳтонларнинг сассиқ оқаваси очиққалб жангчини баъзан толиқтиради: у яна бир пайтлардаги беғам ёшлигини, мусаффо табиат қўйнидаги тоза, рангин лаҳзаларни қўмсаб қолади.

Бир ойким
арчазор тоғлар бағрида
бир ўктам арчадай яшнадим қасддан.
Бир синиқ булоқдай кунга қарадим,
 файласуфлик қилдим
бамисли харсанг…

Ҳа, у яна зулмсиз, беғубор боладай кунларга дил бергиси келади. Бироқ, бу вақтинчалик ҳолат. Негаки, ўзи ҳам яхши билади, энди ортга йўл йўқ: кўксидаги гулханни бешафқат шамоллардан ҳимоя қилганча, олдга интилади у. Бераҳм қасирғаларга юз тутар экан, ўзига хайрихоҳ ахтаради. Аммо қани ўша жавонмард?! Ойга қараб увлаган бўридай нола чекади шоир: “Жувонмарг бўлгурлар, жўмардинг борми?!” Ҳадеганда сас-садо келавермайди. Ниҳоят, у афсус-надомат комида тан олади: “Мен жангчи эмасдим – мен шоир эдим, дилимни қаритди бесамар жанглар…” Унинг кўз олдида оқ сукунат портлаган саҳарда ялангоёқ чопиб юрган яшил дарахтлар жонланади. “Яшил шажар эдим… Қандоқ соғиндим… Кўзимни яшнатса рубобий ранглар…” – деб ич-ичидан ўксийди. Бир пайтлар ошиқлар бошидан тангачалар сочган шохларига қарар экан, эмранади; энди сокин туйғулар пинжидан асло ҳаловат тополмаслигини англаб тақдирга тан беради: “Воҳ, яланг шохларим қиличдай кескир – бир япроқ қолмаптир шивирлайтурғон…”

* * *

“Шоир” сўзи “виждон” атамасининг синонимига ўхшайди.

Шу боис виждонига хиёнат қилган шоир яхши шеър ёзолмай қолади.
Яхши шоирлар ҳамиша виждон кўзгусига тик боқиб яшайдилар.
Шавкат Раҳмон каби…
Бундай шоирлар жисман йўқ бўлсалар-да, маънан ҳамиша сафимизда. Уларнинг овози, нигоҳи бизни ҳамиша ҳалолликка чорлаб, мард яшашга ундаб туради.
Йўлдан тойсак, биздан аввал “оҳ” тортади.
Тушларимизга кириб безовта қилади.
Қулоқларимизга пахта тиқсак ҳам, хитоби қалбимизда акс-садо бераверади. Жумладан, бу хитобга мен ҳам бот-бот дуч келаман. Ҳарқанча чап беришга уринмай, у кўзимга санчилаверади. Нима қилишни билмай, охири уни шеърга айлантириб, қоғозга ҳибсламоқчи бўламан. Аммо у қолипга сиғмайди, сирғалиб кўк сари ўрлайди. Менга насиб қилгани – унинг кўзгудаги акси, сояси, холос. Кўринг-чи, балки, у сизга ҳам бегона эмасдир…

нодир

Нодир Жонузоқ
ЎЗИМ ҲАҚИМДА

Мен 1976 йилнинг 14 мартида Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги “Килдон” фуқаролар йиғинига қарашли Сартюзи қишлоғида туғилганман.
Қишлоғимиз кичкина бўлиб, ўша пайтлари табиий газ, тоза ичимлик суви бормаган, 20-25 чоғли хонадон учта ҳовуз сувидан фойдаланар эди. Ўша ҳовузлардан бири бизнинг ҳовлимиз олдида жойлашган. Ҳали ҳам одамларнинг корига яраб турибди. Ёз кечалари ҳовуз четига ўтирволиб, сувдаги ойнинг акси-ю, юлдузларнинг жимир-жимирини томоша қилиш жуда мароқли эди.
Илк машқларимни 12-13 ёшимда, ўша пайтлари шеърлари «Ғунча», «Гулхан» каби журналларда чоп этилган тенгдошларимга ҳавас қилиб қоралаганман. Гарчи у битикларни шеър деб бўлмаса-да, оила а]золаримиз – дадам, аям, ука-сингилларим томонидан фавқулодда ҳодиса сифатида қабул қилингани эсимда. Ахир, яқин аждодларимиз, қавм-қариндошлар орасида қофия тизгувчи одам бўлмаган-да! Хуллас, шу-шу, қофиябозлик касалига чалиндим. Сал кейинроқ — қалбга муҳаббат оралагач, битикларимда тафт пайдо бўла бошлади…

Шоир ким? Шеър нима учун ёзилади? Ҳақиқий шеър қандай бўлиши лозим? Бу саволларга ўтган йиллар мобайнида кўп жавоб излаганман. Ҳар гал жавоб топгандай бўламан-у, бироз ўтиб, фикримдан қониқмайман. Ўйлаб қарасам, шеър ёзаман дея, сўзларни кўп увол қилибман — гуноҳидан қўрқаман энди. Ҳарҳолда, шеър ёзиш шунчаки эрмак ҳам, панд-насиҳат ёки тарғибот қуроли ҳам эмас. Ижод – шоирнинг ўзига ҳам бўйсунмайдиган фавқулодда зиддиятли жараён. Бу ҳолат осмону-фалакка ўрлаётган қуюнга ўхшайди: шоирни бир лаҳза юксакка олиб чиқиб, у бехабар бўлган уфқларни кўрсатади.
Бир гал ёндафтаримга ёзиб қўйгандим: «Шоир худди дарахтга ўхшайди. Дарахт карбонат ангидридни ютиб атрофга кислород тарқатгани каби, шоир ҳам одамларнинг дард-аламларини ҳазм қилиб, теваракка ёруғ туйғуларни, орзу-умид бўйларини сочади». Ҳали ҳам шу фикрдаман.

Шеърларим — безовта юрагимнинг кардиограммаси. Навоий, Машраб каби буюк шоирлари бор халққа ўзингни шоир дея танитиш жуда ҳам ноқулай. Лекин ўзингча бирон нарса қоралагандан кейин уни ўқимасликнинг, чоп этмасликнинг ҳам иложи йўқ. Ҳеч бўлмаганда, биронта шеърим кимгадир маъқул бўлса — бахтиёрман. Нима бўлганда ҳам, н.жонузоқ@маил.ру электрон почтаси фикр-мулоҳазаларингиз учун ҳамиша очиқ. Сизга ёруғ туйғулар тилаб,

Нодир Жонузоқ

(Tashriflar: umumiy 26, bugungi 1)

Izoh qoldiring