Orziqul Ergash. Shohsanam. Qissa. Ikkinchi parcha & Darxon qissalari (onlayn)

Ashampoo_Snap_2017.01.07_21h54m36s_002_a.png     Ёзувчи Орзиқул Эргашнинг икки қиссаси: «Олис юлдузлар»,»Шоҳсанам» (қайта ишланган нусхаси) ва ҳикоялари жамланган янгми китоби «Ўзбекистон» нашриёти томонидан чоп этилди. Ёзувчи туғилган куни арафасида сизга қайта ишланган, инсонни гўзаллаштирадиган, кучли қиладиган азалий муҳаббат туйғуси билан йўғрилган қиссани тақдим этишни бошладик.

Орзиқул ЭРГАШ
ШОҲСАНАМ
Қиссадан иккинчи парча
009

* * *

Шийпондаман.

Ёмғир ёғаяпти. Дала кимсасиз. Шийпон биқинидаги хона деразасидан ёмғирли дала манзарасини кузатиб турибман. Ортимда, хонтахта устидаги қоғозда янги қораланган шеър. Мен ана шу шеър завқи билан мастман. Уни шивирлаб ўқийман. Хона бўйлаб оҳиста юраман…

Ёмғир ёғар. Борлиқ қунишган,
Босилади йўлларнинг чанги.
Ёмғир ёғар,
Шеър ёзгим келар —
Гўё ёмғир янги, шеър янги.
Ёмғир ёғар,
Хаёл сураман,
Тинглаб самовотнинг мунгин жим.
Неча мингинчи ёмғирдир бу
Ва мен шоир неча мингинчи.
Шаррос жалаларни куйлайман
Чамандек анвойи шеърларда.
Ақлим етмас,
Қандай севарлар
Ёмғир ёғмайтурган ерларда?..
Ёмғир ёғар,
Ҳаёт бахш этиб
Менинг қақроқ эътиқодимга.
Ёмғир ёғар.
Ҳеч ким сололмас
Сени ёмғирчалик ёдимга…

Шеър ўқирканман, қай бир кўкламларнинг, қай бир замонларнинг унут бўлаёзган рангин сувратлари кўз олдимда басма-бас жонлана бошлади… Шу тобда сен қаерда бўлсанг?.. Балки сен ҳам мен каби аллақайси бир дала чеккасидаги омонат бараклар деразасидан ёмғирни кузатиб тургандирсан. Мени ўйлаётгандирсан? Мени кутаётгандирсан? Ҳар бир кўринган қорага умидвор кўз тикаётгандирсан?!.
Хонага ёмғирда ивиган Сафар амаки кириб келди.

Илҳом сархушлиги билан унга қараб бош ирғадим.
— Ёмғир зўр бўлди-да, амаки.
У ҳайрат ва ҳайронликда қолди. Нима деярини билмади.
— Қаранг, ҳаммаёқни яшартириб юборди. Баҳор келди-қўйди.
— Ҳа жиян, чанг босди бўлгани тузук-ку, бемавридлиги чатоқ-да! Икки-уч кунсиз далага кириб бўлмайди энди…

Сафар амакининг ташвишли юзига тикилиб қолдим. Анча ерга тушдим. Хонтахта устидаги қоғозни руҳсиз олиб, буклаб чўнтагимга тиқдим.
— Жиян, биров келди чоғи.
Дераза рўпарасига келиб тўхтаган машинадан раис муовини билан Козим оғайнимиз тушди. Козим зонтигини ёйиб, муовинни ёмғирдан пана қилганча шийпонга бошлади.

* * *

— Маҳмуд Маърупович, қалайсиз энди?! — деди муовин хонтахта ёнидаги кўрпачага омонат чўкаркан.
— Раҳмат, Шариф Ҳодиевич, — дедим тилим келишмайроқ. — Кўриб турганингиздай…
— Ишингиз зўр, Маҳмуд жўра, бўш келмаяпсиз, — деди Козим елкамга қоқиб қўйиб.
— Ўмғир ишди белига тепди-да, эсиз, — деди Сафар амаки дастурхонга унналаркан.
— Да, да!.. — афсус чеккан каби бош ирғади муовин. — Но прогноз ёмон эмас. Очилиб кетиши керак!

Сафар амаки чой дамлаб кирди. Муовин биқинига болиш тортиб, ёнбошлади.
— Чарчамаяпсизми, иним?! — деди Сафар амаки унга чой қуйиб узатар экан.
— Э, нимасини айтасиз! Раис бовонинг соясида ялло қилиб юрган эканмиз. Бир ҳафтада эзилиб кетдик…
— Ҳа, раис бовонинг жонига тўзим берсин. Йигирма беш йилдан бери колхозди елкасида кўтариб келади! — деди Сафар амаки беғараз соддалик билан.
— Шариф Ҳодиевич ҳам анойи эмаслар, амаки,— деди Козим Сафар амакининг олдидаги чойнакни ўзига оларкан. — Ўша раис бовонгизнинг дарсини олганлар.
— Ҳа, тўғри, барака топсинлар… Бу, ҳалиги, раис бовонинг ўзлариям беш-ўн кунда чиқиб қоларлар, а, — деди Сафар амаки нонни ушатаркан, — Бир кўргани борсам, киритишмади. Кейин ўзимдан ортиб қайтиб боролмадим.

Муовин Сафар амакининг гапига ортиқ эътибор қилмай, муддаога кўчди.
— Энди, ука, гап бундай: ҳашарчи келяпти.
— Олдиндан айтиб қўяй, менга бермайсиз! Жон ака, ҳашарчи керак эмас! — дедим астойдил зорланиб.
— Кимга керак?.. Қизиқ гапирасиз-а?!
— ўирт даҳмаза-да, Шариф ака…
— Сизга даҳмазаси йўғидан тўғирлаганмиз, жўра, парво қилманг, — дея Козим орага суқилди.
— Шундай. Козим Фармоновичга раҳмат денг. Қаттиқ илтимос қилиб туриб олди, — деди муовин, ке¬йин пиёласини узатаркан, буюрди: — Чойдан қу¬йинг!..
— Бор-йўғи йигирмата одам, — деди Козим муовинга назокат билан чой қуйиб бераркан.
— Ейиш-ичиши ўзи билан, — дея муовин давом этди. — Продукта, қозон-товоқ демайсиз. Сиздан битта бошпана лозим бўлади, мана шу шийпонни берасиз. Кейин… — у шундай дея Козимга юзланди.
— Бўлди. Бошқа нарса керак эмас, — деди Козим ҳозиржавоблик билан.
— Улар ҳатто термоқчи ҳам эмас, — деб юборди муовин беихтиёр.
— Ў товбангдан! — деди Сафар амаки ҳайратланиб.
— Шариф ака, тўғри тушунтиринг-да. Улар килолаб эмас, тонналаб теради демоқчилар, — дея изоҳлади Козим оғайнимиз.
— Тушунмадим?!.
— Бу ёғига бошингизди қотирманг, жўра, — деди Козим елкамга дўстона қўл ташлаб. — Ишингиз зўр бўлади… Қисқаси, ҳашарчилар менинг бўлажак ҳамкасбларим. Савдо ходимлари.
— Ана шунақа, Маҳмуд Маърупович, ўша бечораларга ҳам зарил эмас. Тинчгина савдосини қилиб юраверишса бўлади. Лекин сиёсатга бўйсуниш керак. Шу жумладан биз ҳам. Так что, ортиқча гапга ҳожат йўқ!

* * *

Идорада айтарлик ишим бўлмаса-да, не маҳалгача ўралашиб юрдим. Йўлда ҳам мотоциклимдан тушиб, Кўксой бўйида узоқ ўтирдим. Сой тубига тушиб қолган сувнинг тўлин ой шуъласида жимирлабгина оқиб боришига маъносиз кўз тикканча, қайта-қайта чекдим.
Уйга етиб келганимда ярим тун эди. Тахминимча аям ухлаган бўлиши керак эди. Уйғоқ экан, хонамга киришим билан аввал ҳовлида, кейин ошхонада чироқ ёнди. Кўп ўтмасдан аям дастурхон кўтариб кирди. Чой ва овқат келтирди. Тилар-тиламас овқатлана бошладим. Қўл артишга чўчирдим: худди аям шуни кутиб тургандай, мен қўл артишим билан нохуш бир гапни бошлаб қоладигандай…
Ниҳоят, у оҳиста томоқ қириб олди.
— Маҳмуджон, бугун Хосият холангизлар боришганди, — дея чўчинқираган алфозда гап бошлади.

Мен индамадим. Пиёламга чой қуйиб олиб, дастурхондан кўз узмай ўтиравердим. Аммо, аямнинг гап оҳангиданоқ нохуш бир нарса туюб, ичимда титроқ қўзғалди.
— Нимагадир Маъмура холангиз рўйхушлик бермабди. Ҳеч тушунмадим. Нимага экан-а?..
— Қаёқдан билай?.. — ичимдаги титроқ ўзини сездирди.
— Сийним сўраттирган эди, дебди. Бу гап қаёқдан чиқиб қолди, ҳайронман.
«Ҳайрон бўлманг, аяжон. Бу ҳаммаси баҳона. Бу ерда бошқа гап бор. Лекин ўша бошқа гапни қай тил билан айтайин, аяжон?!»
— Ҳали ўн беш кун бўлгани йўқ, бир гап қўзғасам, бўпти, сийнижон, сиз оғиз соласизу, йўқ деб бўладими! Фақат қалинига чидасангиз бас, деб ҳазилам қип қўйганди. Бугун тўнини чаппа кийиб ўтирганмиш… Хосият шунақа деса, ёқамни ушлабман. Товба, одам боласиям шунақа турланарканми?!

Аям гапидан тўхтаб, оҳиста уф тортиб олди. Юз-бошларим оловдек чатнай бошлади.
— Шоҳсанам билан гаплашиб кўрасизми ё, унинг хабари йўққа ўхшайди.
— Нима деб гаплашаман, аяси йўқ деган бўлса, у нимаям дерди.
— Ҳар ҳолда, болам…

Аямнинг эзилиб бораётганини кўриб ўзимни бепарво тутишга уриндим.
— Аяжон, сиз хафа бўлманг, — дедим унинг елкасига оҳиста қўлимни қўйиб. — Шошиб нима қилдик. Бир-икки йил ишлайин. Ўқишим битсин. Кейин ихтиёр сизда. Кимни десангизам, майли… мен розиман.
— Мен Шоҳсанамни дегандим-да!..
У бу гапни шунчалар хўрланиб айтдики, ўзимни тутолмай қолдим.
— Ахир бермайман дебди-ку!.. — бўғзимга бир нима қадалиб, овозим бўғилиб чиқди. — Энди ялинишимиз керакми?
Ўрнимдан сапчиб туриб, ташқарига отилдим.

* * *

Шоҳсанам, бир сафар тасодифан аяларимиз суҳбати устидан чиқиб қолганман. Унда ҳали мактабда ўқиб юрган болалар эдик.
— Шоҳсанамойга битта сиз эмас, менам онаман, — дерди аям астойдил куйиб-пишиб. Маъмура холам бўлса завқланиб куларди. — Сиз уни тўққиз ой қорнингизда кўтарган бўлсангиз, мен юраккинамда олиб юрганман. Шоҳсанам қиз юрагимнинг туб-тубидан туғилган тилагим!
Ҳа, сен аямнинг ягона тилаги эдинг. Ўлғиз ўғлининг бахтини, келажагини сенсиз тасаввур қилолмасди. Шундай бўлгач, сендан осонликча умид узиши маҳол эди. Шундай бўлди ҳам: ҳар уч-тўрт кунни ўтказиб совчи юбораверди. Лекин энди менга ҳеч нарса демас, менам сўрамасдим. Охири ўзи ҳам бориб келди сизларникига… Ва ўша куни кечаси билан хонасида чироқ ўчмади. Тонг азонда эса дарёнинг нариги томонига — синглисиникига жўнаб кетди. Қишлоққа сиғмай қолганидан шундай қилди, кўнглини ёзиб келар, деб қўяқолдим…

* * *

Худди ўша куни Хосият холам аямни излаб келди. Кайфияти чоғ, ҳовлиққан.
— Маҳмуджон, ҳозиргина Шоҳи қиз билан гаплашиб келяпман, — дея шоша-пиша янгиликни айтишга киришди. — Биласиз-а, мен унга она қаториман. Кўкрак берганман. Мен ўлгир, дабдурустдан уни қи¬йин-қистовга олибман. Менга ростингни айт, ўқишингда бирортаси билан топишиб олганмисан, дебман. Шундай дейишим билан, бечорагинам, йиғлаб юборса бўладими! Нимага унақа дейсиз, холажон, мен тентак бўпманми, дейди… Бўлмаса аянг нимага оёқ тираб олди?.. Қаёқдан билай, шунча зорландимам айтмайдилар дейди шўрликкина. Ўзиям бўлари бўлиб ўтирган экану, мен аччиқ устида нималар деб юборибман. Кўнгил душман-да, Маҳмуджон… Кейин айтдимки, бўлмаса, ҳамма гап аянгди ўзида. Уни битта ярим ғаламис айнитган, дедим…
— Э, ким айнитарди, хола?! — дедим беҳафсала қўл силтаб.
— Маҳмуджон, шундай дейсиз-да! Ҳозир тузувчидан бузувчи кўп… Ҳа, Шоҳи қизимнинг ақлига қойил қоп келябман. Бу ёғини эшитинг… Аввалига Амиржонни сўради, хат-хабар борми, деди. Бир ойдан ошди, жим-жит дедим. Шундай десам, Амиржоннинг ўрни шу кунларда билиняпти-да, дейди. Нимасини айтасан, қизим, Амиржон бағримизни ҳувиллатиб кетди, дебман. Кейин амакисини сўради. Э, амакингам носқовоғини йўқотган бангидай гаранг, минг қилсаям бош ўғил-да, дебман дардимни дастурхон қилишга чоғланиб. У нимадир демоқчи бўлаётган экану, мен лақма тушунмасдан ўзимча сайрайверибман.

Амакимни соғинибман, деди у охири маъюсгина бўлиб. Мен бўлсам, бундай айланиб борсанг бўлмайдими, қизим, гаплашиб келасан, дедим. Кейин бечора қизгина мени қучоқлаб олди-да, йиғлагудай бўлиб, қулоғимга шивирлади. Амаким келсинлар, бўлмаса, барибир иш битмайди, аям кўнмайдилар, деди. Шундагина миям ярқ этиб очилди-да, шошиб қолдим.
Ҳа, ҳа, келади амакинг. Шу бугуноқ амакинг билан, Сафар тоғангни юборамиз, дедим бечорагинани тинчитиб… Қаранг-да, Маҳмуджон, бир ойдан бери Умида иккимиз қатнабмизу, эркак юборишни ўйламабмиз. Ақлимиз олмабди. Қизгина шўрликни кўрсангиз эди, рангини олдириб қўйганки, қўяверасиз!.. У ёғини сўрасангиз, бечора Маъмура холангизам ўлмабди, совумабди. Қайси бир уйинг куйгур уни йўлдан урган-да. Бу мардум тинч¬гина орзу ҳавас қилгани ҳам қўймайди. Ҳа, уларгаям боққан бало бордир. Иш тутманг, Маҳмуджон, ҳали шунақа тўйлар қилайлик, душманлар куйиб кул бўлсин!.. Майли, мен тезроқ бориб, амакингизни топиб жўнатай!..

* * *

Эртаси чошгоҳ пайти.
Кўча эшигимиз қаршисида енгил машина тўхтади. Қарасам, аям қўлида тугунча билан тушиб келяпти. Она-бола эшикда юзма юз келдик. Қучоқлашиб кўришдик. Иккимизнинг ҳам кайфиятимиз яхши. Сандал ёнида ўтирдик.
— Аяжон, соғинтириб қўйдингиз-ку?! — дедим илжайиб.
— Бир ғайратим тутиб кетди-да, болам.
— Яхши қилдингиз, жуда сиқилиб кетгандингиз.
— Холангиз, язнангиз, бўлаларингиз — ҳаммалари сўраб юборишди. Ўзиям бормаганингизга анча бўп кетди-я, болам. Иш иш деб…
— Охирги марта ўша армиядан қайтганимдан ке¬йин бориб келганим-да.

Аям менга синчков тикилди. Маъюс жилмайди. Менам илжайиб ерга қарадим.
— Маҳмуджон болам… — овозлари хиёл титраб чиқди. — Бошингизга қўнган бахт қуши муборак бўлсин!
— Қуллуқ, ая, сизга ҳам муборак бўлсин, — дедим ҳаяжонимни аранг босиб. — Эшитибсиз-да?..
Аям сергакланди.
— Нимани, болам?..
— Янгиликни-да!.. — дедим тушуниксиз бир хавотир билан ҳовлиқиб.
— Қанақа янгилик? — ҳайратлари ортди аямнинг.
Юрагим ҳаприқиб, безовта урди.
— Кеча кечқурун Темур амакимлар боришди… — дедим ўзимни босишга уриниб. — Холам рози бўптилар.

Аям шўрлик неча йиллар кутгани, ўнгу тушини банд қилиб келгани — розилик хушхабарини эшитиши билан ўрнидан туриб кетди. Кўзлари қувончдан порлаб, жиққа ёшга тўлди. Мендаги тушуниксиз хавотиру қўрқув ҳам бир лаҳзада йўқолди. Хаёл қилсамки, аямни маҳкам қучиб олсам…
— Вой, росттанми?! Холангиз рози бўптими?! Э, Худога шукур-е!.. Бир ойда ўлиб бўлдим-а! Нима учун амакингизни эртароқ юбормабмиз-а, болажоним.
— Шоҳининг ўзи айтибди, амаким келсинлар, дебди…

Хосият холамнинг кеча шу маҳаллар ҳовлиқиб кеп қолганини кула-кула айтиб бермоққа чоғланган еримда тилдан қолдим. Сабаби, аямнинг ранги қумдай оқариб, жойига қайтиб ўтирди. Ўзи билан ўзи бўлиб, нимадир деганча бошини сараклатди. Анграйиб юзига тикилдим.
— Ҳа, қуриб кетсин-а… — деди бемажол бош тебратганча.
— Ая, тобингиз қочдими?.. Мен ҳозир!..

Бир қултум сув ичиб, хиёл ўзига келгач, изтироб билан менга кўз тикди. Яна алам билан бош ирғади. Лаблари титради.
— Ая, сизга нима қилди?
— Рози бўпти, денг?..
— Ҳа, Темур амаким, Сафар амаки боришибди…
— Рози бўлмай кетсин-а, сенларди бахтингга зомин бўлиб-а!..
— Ая!..
— Барибир берар экан, ноз қилмаса ўлармиди?!
— Ая, унақа деманг, ноз қилгани йўқ… — дедим кўнглим нохуш бир нарса туюб.
— Ноз қилганми, қилмаганми, энди ўзидан кўрсин. Менам бопладим. У мендан сийнисини авло кўрдими, менам сийнимга бордим. Тўйни пишириб келдим. Бугун эрталаб оқ ўратиб, қишлоққа шоён қилиб келдим!..
— Ая, аяжон, тез қайтаринг! — дея ўрнимдан туриб кетдим. — Ҳозир қайтиб боринг. Ўзим обораман. — Беихтиёр аямнинг қўлтиғидан тутиб, ўрнидан турғаздим. — Жон, аяжон, борайлик! Бўлинг!..
Аям бош ирғади. Жойига қайтиб ўтирди.
— Йўқ, болам. Мен ўзим айтиб, ўзим қайтадиганлардан эмасман!.. Анави Маъмура холангиз шунақа қилади!.. Йигирма йил умидвор қип келди-я!..
У бирдан жимиб қолди-да, пиқ-пиқ йиғлашга тушди. Менам индамай елкасига бошимни қўйдим. Аямнинг бутун вужуди мисдай қизиб кетган, кифтлари оҳиста титрарди.

Она-бола шу тахлит анча ўтирдик. Унинг бир оз совуганини пайқаб, аста гап бошладим.
— Аяжон, бир иложини қилинг!
У индамади.
— Аяжон!
У бош ирғади.
— Болажоним, энди кеч бўлди. Уларни бебурд қилолмайман.
— Темур амакимлар бебурд бўлиб қолишса майлими?..

Аям илкис ўрнидан қўзғалди.
— Ҳозир бориб айтаман. Ими-жимида қайтаради.
— Аяжон! — дея ёш боладек бўзладим.
— Энди иложи йўқ, болам, иложи йўқ!..
Аям жаҳд билан эшикдан чиқди. Ортидан югуриб чиқиб оёқлари остига йиқилиб ёлворай, тиззаларига ёпишиб олиб, кўчага чиқармай дедиму, лекин… Лекин бирданига ниятимдан қайтдим. Жо¬йимга бемажол ўтирдим. Сочларимни чангаллаганча, ўкраб йиғлаб юбордим…

* * *

Ўзимни тақдир йўриғига топширдим.
Нон ушатиб келишди, фотиҳа тўйини ўтказишди. Аралашмадим. Қиш бекорчилигида ҳеч кимга кўринмай, кўчага чиқмай, дуч келган китобни ўқиб ётавердим…
Шундай кунларнинг бирида нима иш биландир идорага чақиришди. Чилла ўтириб чиққан одамдай қовушмайроқ йўлга тушдим. Мотоциклимда шошилмай кетаётсам, олдинда сен кўриндинг. Эгнингда оқ ёмғирпўш, қўлингда дипломат, ўқишдан келаётган эдинг… Боз боягидек юрагим ҳаприқиб, оёғимдан қувват кетди. Ўл, дейдиган одам йўқ…

Мотоциклимни анча берида тўхтатиб, ёрдамчи оёғига тикладим-да, сенга рўпара бўлдим. Жилма¬йишга уриндим. Сен эса… ерга қадалиб, юзларинг лахча чўғ, аллатўсин бир кўйда ёнимдан ўта бошладинг. На тўхтатишни биламан, на бир нарса де¬йишни…
— Шоҳсанам!.. — дедим илтижо билан.
Сарғиш этикчалар юриши хиёл секинлашди. Хайрият!.. Бироқ шу зумда улар яна жадаллади. Жадаллаб бораверди. Кейин югуришга тушди…

* * *

Марказга қандай бориб келганимни билмайман. Шуниси ёдимдаки, уйимга сиғмадим. Ярим тунга қадар кўчада юрдим. Сенинг дарвозанг олдидан неча қайта ҳуш-беҳуш ўтиб қайтдим. Назаримда, дарвозанг олдига яқинлаб келишим билан у ғий¬қиллаб очиладию, сен чиқиб келасан. Тўғри олдинг¬га бориб, қўлингдан тутаман-да, чеккароққа судрайман. Бир оғизгина гапим бор, шуни айтиб олай. Кейин нима қилсанг, нима десанг — ихтиёринг, дейман… Бироқ, зил-замбил дарвоза, соқов дарвоза очилай демайди. Ўтиб кетолмай кўча ўртасида туриб қоламан. Олдиндан ё орқадан оёқ товуши эшитилади. Ноилож жиламан. Ўткинчини узоқлатиб, ортга қайтаман. Мабодо чиқиб, қайтиб кириб кетмасин деб шошиламан. Дарвоза ёпиқ. Дераза пардасига кимларнингдир сояси тушади. Юрагим қалқиб кетади, томоғим бўғилади. Эҳ, бу ёққа чиқсанг бўлмайдими! Ҳафтада бир келасану, уйга қамалиб олганинг нимаси, дейман алам билан…
Ҳали кундузи ёнгинамдан лахча чўғ бўлиб, тўлиқсиниб ўтиб кетганинг кўз ўнгимдан кетмайди. Ҳозир ҳам бир чеккада маъюсгина бўлиб ўтиргандирсан…
Охири хонадаги чироқ ҳам ўчди. Деразалар мунғайиб қолди.

Барибир кўнгил узиб кетолмадим. У ёқ, бу ёққа қараб олиб секин деразанг тагига бордим. Юрак ютиб оҳиста чертдим. Жавоб бўлмади. Яна секин тақиллатдим. Жимлик.
— Фойдаси йўқ, — деган овоз келди ортимдан.
Аввалига бир учиб тушдим. Кейин гап нимадалигини англаб, ортиқ эътибор бермадим. Ичкарига қулоқ тутиб туравердим. Яна чертмоқчи бўлдим. Овоз такрорланди.
— Барибир эшитмайди. У аясининг ёнида. Ичкари хонада…

Кўча юзига қайтиб чиқдим. Бир мудом таъқиб этгувчи шарпа мендан кўз узмай турарди.
— Нима дейсан?! — дедим зарда билан.
— Нима қип юрибсан? — деди у саволимга савол билан. — Кап-катта одам, яхшими шу ишинг?!
— Ақл ўргатма! У билан гаплашиб олишим керак. Гуноҳимни айтиб, кечирим сўрашим керак.
— Нима фойдаси бор?
— Менинг кимлигимни билиб қўйсин… Эртага техникумига бораман. Топиб гаплашаман.
— Бир каминг шу эди, ўзи!..
— Йўлдан урма! Бор, йўқол!..
— Ўйлаб кўр.
— Йўқол, дедим!

* * *

Эртаси куни ўқишингга излаб бордим. Ҳар бир кўринган қизга умидвор тикилдим. Ўнлаб йигит-қизлар ўтиб-қайтиб турибди. Сен йўқсан. Кейинги кун ҳам техникум дарвозаси олдида кўзим тешилди… Икки кун ҳам ҳалиги таъқибкор шарпа айланишиб юрди. Бироқ важоҳатимдан ҳайиқиб яқин келмади. Охири умидсизланиб, бўшашиб, бир ўтир¬ғичга чўкканимдан кейингина журъатланиб менга яқинлашди.
— Маҳмудхон, бу нима юриш?.. Ранг-рўйингга қара! Эс-ҳушингни йиғиб олсанг-чи! Бригадир отинг бор, қирқ-эллик одамга раҳбарсан. Шу юришингни биров билиб қолса нима деган одам бўласан?!
У билан баҳслашишга мажолим йўқ эди. Индамай бош эгиб ўтиравердим.
— Агар танангда иссиғинг бўлганида отингни аввалроқ қамчилаган бўлардинг. Гуноҳ қилдингми, шартта бўйнингга олардинг. Энди ҳайит ўтди, биродар! Пешонангга бир уриб, орқангга қайтавер!

Эътироз қилмай эшитдим. Сўнг яна техникум дарвозаси олдига бориб, ҳовлига тикилдим. Бино деразаларига бир-бир қараб чиқдим. Кўзларим жиққа ёшга тўлиб бораверди. Кейин шартта орқамга қайрилдим-да, йўлга тушдим. Автобус бекатигача орқамга қарамадим. Назаримда ортимдан эргашиб келаётгандай бўлавердинг. Бардошим етмасдан ўгирилдим. Интизор кўзларим, умидвор кўзларим сени яна узоқ излади…

* * *

Аям тўйни бошлаш тараддудига тушиб қолди. Мени кўндиролмагач, Ҳайдаров раисни ўртага қўйди. Кўклам аввалида, чигит экиш олдидан тўйни ўтказдик. Қишлоқнинг катта-кичиги хизматда бўлди. Елиб-югурган Умарони, бошқа дугоналарингни кўриб, сени қўмсайвердим. Келиб қолармикансан, деб эшикка минг чиқиб, қайтдим. Умародан сўраб билмоқчи бўлиб неча бор оғиз ўнгладим, сўрай олмадим.
… Чимилдиққа, келиннинг олдига киритишди: чинчалоқда асал ялатиш керак экан, ялатдим. Узук тақиш керак экан, тақдим. Кўзгуга қараб уни кўришим керак экан, қарадим, кўрдим. Билардим, холамнинг қизи чиройли эди, тиллақош, зебигардонларда янаям хушрўй бўлиб кетибди…

Ана энди олиб қайтаяпмиз.
Қирқ чоғли куёвжўра кўчани бошларига кўтариб ёр-ёр айтиб боришяпти. Кўпчилиги яқинда ҳарбийдан қайтган ёки талабаликда юрган йигитлар. Тўйни, ёр-ёру пояндоз тортишларни соғинишган. Бунинг устига четда, бегона жойда куёвнавкар ўзини кўрсатиши, қойил қолдириши керак.
Орқамизда, чанг-тўзонимизда ҳаворанг «Волга»— Ҳайдаровнинг машинаси келяпти. Унда келинчагим ва унинг янгалари. «Волга»дан кейинда иккита юк машинаси: бировига хотин-халаж чиқиб олган, бирови бўш…
Қишлоқдан чиқаверишда йўлни боғлашди.
Йўл ўртасида курсича, унда иккита нон, ликопчада туз. Курсича ёнида ўрта яшар бир киши, орқасида йигитлар, йигитчалар…
Куёвжўраларим уларга қадалиб тўхташди. Ўр-ёр ҳам тинди. Тўйбошимиз Сафар амаки машинадан тушиб келди.

— Хў-ўп, қани, ким билан гаплашамиз?! — дея чўнтагига қўл солди.
— Бизминан, ақсақал, — деди курсича ёнидаги қирғиз қовоқ киши.
— Яшанглар, расмини қилиш керак… Мана, иним… — Сафар амаки пул узатди.
— Менгамас, ақсақал, анов жерга қўйинг. Нан билан тузди ҳақи…
— Тўппа-тўғри, иним. Мана, бўлдими?..
— Қўшинг, ақсақал, жичча қўшинг. Қоттиқлик қилманг!..
— Шунақа денг!.. — қизиққон Сафар амаки қўлига илашиб чиққан пулларнинг ҳаммасини курсича устига ташлади. — Бўлдими?!
— Вой-боёв, ақсақал, бу не қилганингиз, кўп-ку?!. Бўпти, омин, қўша қоришсин!..
Ўртадан курсича кўтарилди.

Жўраларим ёр-ёр бошлашди. Бироқ олдингга силжишмади. Йўл ҳали очилмаган, йўлни тўсганлар қимир этмасдан туришарди.
— Йўлимизди беринглар, биз кетайлик! — деди Сафар амаки.
Улардан садо чиқмади. Сафар амаки четга чиққан тўдабошини чақирди.
— Ҳўв, иним, айтинг болаларингизга. Кўнгли тўлмаган бўлса, айтишсин, пул қўшайлик яна!..
— Э, жўғ-е, ақсақал, бизда қизни пулга сатишмайди.
— Пулингиз керак эмас бизга! — деди тўдадан биттаси.
— Бўлмаса нима керак, а, нима керак деяпман?!— дея бақириб берди Сафар амаки.

У ёқдан жавоб бўлмади. Сафар амакининг ёнига уч-тўртта ёши катта қўшилди. Бизникилар ўртасида ғала-ғовур қўди. Пичингу киноя, дўқ-пўписалар бошланди. Худди шу маҳал бир барака топгур ёр-ёр бошлади.

Бир ёстиққа икки бош,
ёр-ёр, ёроне,
Иккиси ҳам қалам қош,
ёр-ёр, ёроне!..

Сафар амакилар билан йўл тўсувчилар орасида нима гап-сўзлар ўтяпти, эшитилмасди. Тахминимча, фақат бизникилар гапирар, улар миқ этмасдан туришарди. Йигитларга разм солдим. Бир-иккитаси кўз таниш кўринди. Анови дўппили новчаси, кейин матросча кўйлаклиси ҳам. Ўзи нима ўйлагани бор буларнинг? Жанжал қўзғашмоқчими, маст-аластми? Ҳа, шунақага ўхшаб қолди. Четдан келин олишнинг ўзи бўларканми?!
Бизникилар ёр-ёр аралаш ҳуштагу қийқириқларни авжга чиқаришди. Демак, бу бошланиши!..

Мезбонлар тўдабошиси уялдими ё чўчиб кетдими, ўртага отилиб кириб, ҳалиги матросча кўйлаклининг қўлидан силтаб тортди. Бошқаларини туртиб-нуқиб четга чиқарди.
Йўл очилди.
— Қани, юрдик, болалар, — деди Сафар амаки хийла хотиржам тортиб. — Лекин мошинга чиқиш йўқ. Ёйилиб олинглар. «Волга»ни ўраб юринглар.
Сафар амакининг хавотирида жон бор эди. Ҳалиги йўлтўсар йигитлар қишлоққа қайтиб киришмаганди.

Тош кўчадан кетяпмиз. Кўчанинг икки чети эндигина япроқ ёзаётган тутқатор. Нарёғи чигит экишга тахтлаб қўйилган далалар… Жўраларим ҳамон ёр-ёр айтиб боришарди. Лекин ёйилиб юришганидан ёр-ёр аввалгидай қовушмасди. Айтмай қўйишди. Тош кўча тугади. Билқиллаган тупроқдан кетяпмиз. Чанг кўтарилди. Атрофимдагилар сийраклашди. Йўлни териб юрабошлашди. Бировига (Козимга шекилли) шипшидим: Сафар амакига айтгин, мошинга чиқсак бўлар энди…
Гапим Сафар амакига етиб улгурмади.

Қаршимизда лоп этиб олов пайдо бўлди-да, бутун йўлни тўсди. Назаримда, ҳамма бир сесканиб олди. Хотин-халаж қий-чуви қулоққа чалинди. Бензинга бўктирилган ўрик танаси гуриллаб ёнар, яқин-атрофда ҳеч ким кўринмас, одамлар аланг-жаланг эди: тош-пош келиб тегсами!..
Машиналардан темир-таёқлар топиб келишди. Кўплашиб ўрикни сувсиз ариққа суриб туширишди. Дарахт оппоқ тутун буруқситиб қолаверди, биз йўлда давом этдик.
Йигитларда ҳарбий жаҳд уйғонган, жиддий, камгап, енглар шимарилган, йўлида учраган кимсани тепкилаб ташлагудек важоҳатда олдинлаб боришарди… Дайравот бошланди. Йўлимиз илон изи бўлиб, қуюқ чангалзорни оралаб кетди. Бўш машина олдинга ўтди. Сафар амакининг қистови билан унга чиқиб олдик. «Волга» икки юк машинасининг ўртасида борди.

Чангалзор адоғидан анҳор оқади. Анҳор кўпригидан ўтиб олсак, нарёғи ўзимизнинг ерлар… Бироқ, кўприк устида бир тўп йигит кўринди. Йигирма чоғлиқ. Бу энди ҳаддан ошиш эди. Энди ўзларидан кўришсин. Машинадан таппа-таппа ташладик-да, кўприкка қараб югурдик. Мен ҳам энди куёвмас, ғазабга минган шерикларимнинг биттаси эдим.
Йўл тўсувчилар икки қатор, қўлтиқма-қўлтиқ бўлиб тизилишган.
Улар билан юзма-юз келдик.
Чўзсак, қўлларимиз етади. Нафас олишларимиз баралла эшитилади. Ҳимога маҳталмиз.
Жиққа терга тушиб, чакка томирлари бўртиб кетган Сафар амаки апил-тапил орага ёриб кирди.
— Ҳовлиқманг!.. Тўхта, тўхта, деяпман! Жим!

Сафар амаки бизникиларни тинчитгач, кўприкдагиларга юзланди.
— Қани, ўғилларим, ўзи нима гап? Мақсад нима?!
Жимлик.
— Нимага индамайсизлар? Йўлни беринглар, эсон-омон манзилимизга етиб олайлик!..
Тавба, миқ этмасдан эшитишади-да, туришаверишади.
Булар ўзи одам боласими ё жин-алвастими!..

Шу чоқ хаёлимга лоп этиб бир гап келдию, бўшашиб тушдим.
«Наҳотки!.. Йўғ-е, унақамасдир?!.»
Лекин ҳар қанча чиранмай ўша совуқ гап миямдан кетмай қолди.
Секин сирғалиб тўдадан чиқдим…
Анҳор тубидан оқиб бораётган сув аранг жимирлаб кўринар, қирғоқдаги ҳали барг ёзиб улгурмаган толлар сукут сақлар, орқамизда қолган улкан чангалзор алланечук сирли оқариб кўринар, ўн тўрт кунлик ой эса баҳайбат қора булутлар ёриғидан мўралашга уриниб ётарди. Ҳаммаси худди тушдагидек. Кошки эди туш бўлса…

Олдинда турган машина ҳайдовчиси бақирди.
— Менга қаранглар, ҳой йўлтўсарлар! Яхшиликча йўлди очсанг, очдинг, бўлмаса устингга ҳайдавораман, онангди кўрасан ҳамманг!..
Кабина эшиги қарсиллаб ёпилди. Машина вағиллаб бостириб келди. Бироқ бизникилар ҳам четга чиқмагач, уларга тақалиб тўхтади. Босиб сигнал бера бошлади. Сафар амакининг ҳайҳайлашига қарамай, куёвжўраларим яна олдинга ташланишди. Лекин йўлтўсарларнинг ҳеч бир қаршиликсиз, қимир этмай туришганини кўриб, ўз-ўзидан тўхтаб қолишди.
Мен юрак ҳовучлаб турибман. Ҳозир биттаси бир нарса деб юборади-да, шармандам чиқади. Йигитлигим бир пул бўлади. Бахтимга йўлтўсарлардан садо чиқмасди. Лекин қачонгача?..
Тоқати тоқ бўлган Сафар амаки дўппили новчага рўпара бўлди.
— Ҳўв мусулмонни боласи, инсоф борми сенда?! Ёки бир камбағалди тўйини азага айлантирмоқчимисан, а?! Мақсадингни айт!..

Бундай қарасам, Темур амаким орага кириб келяпти. Қалин қошлари чимирилган, қорача юзлари бўғриққан. Уни кўрганлар ўз-ўзидан четланиб йўл бера бошлади.
«Ҳа, ана, Темур амакидек одамнинг бардоши тугабдими, кульминация дегани шу бўлади!»
Беихтиёр унинг орқасидан тўдага интилдим.
Сафар амаки дўстининг йўлини тўсди.
— Темуржон, сиз аралашманг, — деди-да, ке¬йин важоҳат билан новчага бақирди. — Четга чиқасанми, йўқми! Охирги марта айтаяпман!

Вужудим музлаб кетди: ана ҳозир, ҳозир… бир оғиз гапирадию, кейин тамом!..
Йўқ, новча бошини эгди. Кейин ёнидагиларга қаради. Ёнидагилар ҳам индамай ерга кўз тикишди.
— Нега индамайсан?!

Шу пайт сафдан қизил катак кўйлакли, озғин, тиканак сочли йигит узилиб чиқди. Бизникиларни оралаб ўтди-да, «Волга»нинг ёнида тўхтади. Унга бир зум тикилиб қолди.
«Тамом! Ҳаммаси равшан! Бўлди, уйланиб бўлдим. Энди орқага қайтариш керак. Менга бундай хотиннинг кераги йўқ. Керак эмас!.. Сафар амакига айтайин, қайтарсин. Уни олиб кетмайлик, керак эмас!..»
Қанча уринмай, бу гаплар сиртимга чиқмас, карахт бўлиб турардим.
Йигит бошини осилтириб, «Волга» ёнидан узоқлаша бошлади.
«Мен ўзим бадбахтман, бировниям бадбахт қиляпман, уни тўхтатиш керак!..»

Йўқ, бировнинг бахтини қайтиб беришга барибир ўзимда куч топа олмадим. Катак кўйлакли йигит чангалзорга кириб ғойиб бўлди. Уни илгари кўрмагандим. Аммо бир кўрганим ўзида кўзларимга шундоқ ўрнашдики, энди ҳеч қачон унутолмасам керак.
Қаршимиздаги саф тўзиди. Кўприкда таранг тортилган пўлат симларгина ялтираб қолди. Симлар қирқилди — йўл очилди. Жўраларим машиналар томон юришди. Ер остидан уларга эргашдим.
Уйимиз олдида ловуллаган, кўкка ўрлаган гулхан кутиб олди бизни.

* * *

Шоҳсанам, ўша гулханни эслайсанми?
Жуда улкан, маҳобатли эди. Уйимиз олдидаги шамшодлар билан бўйлашиб ловулларди. Ишонсанг, шу олов ичига тўғри кириб бораверсам-чи, деган ўй хаёлимдан кечибди.
Гулханни ўраган қиз-жувонларга, уларнинг оловланиб турган юзларига анча кейин кўзим тушди. Кўзим тушганики, сени излай бошлагандим.
Ҳайдаровнинг «Волга»сини бола-бақра ўраб олди. Гуриллаган ёр-ёрни уларнинг ҳайқириғи босиб кетди.
— Ололмайсан! Ҳоҳ! Ололмайсан! Ҳоҳ!..

Болакайлар мени дадилликка, келинчакни янгалар қучоғидан юлиб олиб, гулханни айлантиришга, йигитлик қудратимни кўрсатишга даъват этишяпти. Ён-веримдаги жўраларимнинг ҳам даъваткор гап-сўзлари, ҳазил-ҳузуллари қулоғимга чалинади. Лекин уларга қараёлмайман, ҳазилларига жавоб қилолмайман…
Сафар амаки «Волга» ёнида. У машинадаги янгалардан, келинчакнинг ёнидаги болакайдан келинни «сотиб олиш» билан овора. Нафасим сиқиб, бўғилиб боряпман. Ҳаммаси тезроқ тугаса эди, дейман. Бетоқат аланглайман, сени излайман. Қадрдон оғайниларим қуршовида эканлигим, Сафар амакимнинг отам бўлиб куйманишлари — ҳеч бири юпанч беролмаётган эди. Бу ғужғон оломон ичида якка-ёл¬ғиз эдим. Менга фақат сен керак эдинг. Агар кўриниб қолганингда югуриб бориб, қўлларингдан тутармидим, билмадим! Келин бу ёқда қолиб, сени кўтарганча гулханни айлантирармидим, билмадим?!
Лекин, сени излаётган эдим…

Мени қуршаб, қўлтиқлаб «Волга» эшигига рўпара қилишди. Эшик ланг очилди. Илжайган болакай машинадан тушиб, йўл берди. Рўпарамда ҳарир парда ёпинган келинчак, мен учун дунёга келган, менга бир умр ҳамроҳ бўлгувчи инсон!.. (Ахир??!)
Қоши ўсмали, зулфи тўзиган кулча юзли жувон уни қучоқлаб, жилмайиб турибди. Қийғоч, сурмали кўзлари: олинг, бу сизники, деяпти. Ўзи эса: осонликча бермайман, куёвтўра, овора бўласиз, дея шарақлаб кулади.
Эҳ, бермаса кошки эди. Кўтариб олодмасам-да, қизларини қайтиб олиб кетишса кошки эди! Майли эди, шунча шармандалик устига шармандалик, иснод устига иснод бўлсин эди!..
Йўқ, болакайлар бақир-чақири қувват бердими ёки аламлар кучими, келинчакни бир силтаб ташқарига олдим. Бояги жувон қувонч билан ҳай-ҳайлаганча машинадан сирғалиб тушиб кетди. Болалар қийқириғи авжига чиқди.
Пардай енгил, нозик вужудни (Санамжон, кечир, бу томошаларни кўриб турганмидинг?!) кўтариб, гулханни иккими, учми айлантирибман. Шовқин-сурондан қулоғим битган. Чўғдай ёнган юзлар лип-лип ёнимдан ўтади. Мен лапанглаб гулхан айланаман. Билмайман, нечанчи бор айланишимда биров енгимдан тортгандай бўлдими, ўзимга келдим. Келинчакни янгаларига топширдим… ўала-ғовур пасайди. Гулханга ғўзапоя ташлаб яна ловуллатишди. Янгалар келинчакни яна бир қур олов айлантиришди-да, дарвозамизга рўпара бўлиб тўхташди. Онам каловланиб келиб, келинини ўпди…
Кейин мен сени излаб кетдим.

Эшигинг олдида мени қувиб етишди. Козим ҳансираганча йўлимни тўсди.
— Ҳа, куёвтўра, йўл бўлсин?! — деди у хушчақчақлик билан.
— Билмайсанми? — дедим ҳўмрайиб.
— Биламан, биламан, — деди сирли илжайиб оғайним.
— Билсанг, йўлимдан қоч!
— Қойил-е, жўра, бир пасда қаёқдан уриб олдингиз? — дея шанғиллади Козим. — Менсиз-а, яхши эмас!
— Мен ичибманми, мен-а? Қани, бу ёққа кел-чи, — дея ёқасидан тортиб, оғзига куҳладим. — Ичибманми?!
— Йўқ, йўқ, адашибман, жўра.
— Бўлмаса, йўлимни тўсма!

Козим баттар ёпишиб, аврашга тушди. Меҳмонлар қараб қолишди, яхшимас, деб шериги билан қўлтиғимдан олмоқчи бўлди. Лекин бўй бермадим. Бўпти, шу ерда қараб тур, бир оғиз гапимни айтаману, қайтиб чиқамаг, дедим. Майлику-я, лекин Шоҳсанам йўқ-ку, деди уйларинг тарафга қараб олиб. У шаҳардан келмаган, келганида тўйга борган бўларди, тўғрими?.. Атайин келмаган, кўрма¬йинам, куймайинам деган. Тушундингизми?.. Қизлар шунақа бўлади, жўра… Бўпти, бу сафар ҳам гапингга ишонтирдинг, дедим. Кейин тирсагидан тутиб, ўзимга тортдим.
— Менга қара.
— Қарадим, жўра, нима дейсиз?

Юзига тарсаки тортдим. Козим чайқалиб кетди.
— Бу нима қилиқ?! — деди алам билан.
— Бўлди, бошқа гапим йўқ, — дея қўлтиғидан олдим. — Кетдик.

* * *

Козимга ишониб, бу сафар ҳам алданибман.
Сен келган экансан, Санамжон. Тўйга борибсан. Умаро билан, яна уч-тўртта дугонанг билан ҳовлимизда роса ўйин қилибсизлар. Аям ният қилиб олган сарупо — чопоним, дўппимни кийиб, қийиқчамни боғлаб, даврани роса қиздирибсан. Худди ўша маҳалларда мен у ёқда, холамнинг ҳовлисида куёвлик сарпосида бўлганимни, чимилдиқда кифтим унинг кифтига тегиб турганини, бармоғига узук таққаниму, чинчалоғимда бол ялатганимни, ҳуснини ойнада кўриб энтикканиму, юрагим қизиганларини наҳотки, сен кўриб тургандинг, туйиб тургандинг, Санамжон?!

Умарога қўшиқ айттириб, дугоналарингни даврага олиб чиқиб, роса ўйнатибсан, тиндирмабсан. Ўзинг ҳам тинмабсан. Дўппинг атрофига чамбарак қилинган сочинг сирғалиб тушиб, орқа-олдингни тутиб кетибди. Юзларинг лахча чўғ бўлиб, кўзларинг аллатўсин чақнаб, дам бадам ёшланиб даврада чарх урибсан. Сезганлар ниманидир сезибди, сезмаганлар, акасининг тўйида яйраяпти, дебди.

Уҳ!.. Кошки эди, шундай бўлганида, синглим бўлиб яйраганингда!.. Ўшанда, чақалоқ пайтингда, сенга Хосият холам эмас, аям кўкрак тутса бўлмасмиди, менга сингил бўлиб қолсанг бўлмасмиди?!
Чопоним ушоққина танангни, қийиқчам нозик белингни сиқиб, қучиб турган. Йўқ, сиқмаган, қучмаган, олов бўлиб куйдирган, олов бўлиб ўртаган. Бу қадар ўртанмасанг бўларди, Санамжон!.. Мен… Мен бунга арзимас эдим.

* * *

Азоб экан, азоб!.. Ёнингда сулувгина қайлиғинг бўлсаю, у билан ўйнаб кулолмасанг. Ўйнаб-кулгинг келсаю, ориятинг йўл бермаса!.. Дала-тўшда юраман, туйқусдан юрагим орзиқиб қолади. Уйимдаги келинчагим ёдимга тушади. Унинг жовдираган кўзлари, ингичка, туташ қошлари, хиёл маллатоб майда ўрим кокиллари, нозик бармоқлари, майин билаклари лаппа-лаппа кўз олдимга келаверади. Вужудим қизийди. Тезроқ кун ботишини ичикиб кута бошлайман. Баъзида шу заҳоти мотоциклимга ўтириб, қишлоққа жўнайман. Лекин уйга етар-етмас юрагим музлайди. Уловдан беҳол тушаман. Олдга босишни ҳам, ортга қайтишни ҳам билмай, аросатда туриб қоламан… Шунда йўқ ердан у пайдо бўлади. У деяпману, аслида уям менинг ўзим, менинг иккиланганим…
«Бунча зиқна бўлмасанг, Маҳмуд!» дейди у ғижиниб.
— Хўш, нима қилай?! — дейман зарда билан.

«Нодон, бундай ўйнаб-кулсанг-чи! Кўз очиб-юмгунингча бари ўтиб кетади. Уни бировдан қаери кам?.. Одобли, ҳаёли бўлса. Эшикда кўринишинг билан дик этиб таъзимга турса… Хизматкашлигини айтмайсанми, шўрлик аянг эндигина тиним топди. Қўлини совуқ сувга урдирмай қўйди. «Аяжон» деб жони ҳалак. Чой узатишларини, қизариб-қимтиниб гапиришларини қара!».
— Ҳаммаси сохта бўлса-чи, алдов бўлса-чи!..
«Ҳечам ўхшамайди. Кўзларини қара, худди оҳуникидек ҳуркак, уятчан. Балки, шунинг учунам ундан гумонда бўлсанг керак-да? Ҳали ёш қизча-ку у! Кечагина онасининг бағридан чиқиб келган қизча уялади-да! Бордию, кўзлари тошдеккина бўлиб қадалиб турганида гумон қилмасдинг-а?..»
— Ахир, ҳамманинг кўз олдида шарманда бўлдим, ҳалигилар ўлиб-тирилиб йўл боғлашди!..

«Йўл боғлаш — удум!..»
— Фақат удум бўлса, кошки эди. Кўприкни симпеч қилишди, майли, нон-туз кўтариб чиқишди, майли. Дарахтни нега ёқиб ташлашди?! Бу нима дегани? Мени куйдириб кетаяпсан, дегани эмасми?! Бундан чиқади, анови болага сўз берган-да!..
«Қўйсанг-чи!.. Сўз берган бўлса, тегарди. Сенга розилик бермасди. Аянгнинг бир марта боришидаёқ, иш битди-ку. Унда кўнгли бўлганида оёқ тираб, тегмайман, деб туриб олмасмиди?! Кейин, қиз болага неча биттаси кўнгил қўяди, ортидан сургалади, гап ташлайди. Лекин, биттага тақдир қилади. Мана, сен ўзинг, Шоҳсанамни муштдай бошидан яхши кўрдинг. Бирор марта қўл теккизишга ҳаддинг сиғмади-ку!..»
— Ҳаммаям мендек латта эмас-да!.. Мен сира ишонмайман, лоақал ўша нозик бармоқларидан, билакларидан бирор бор ушламаганига!.. Лабларидан…
«Э, бас қил-е! Нималар деяпсан, хотинингни-я!»
— Уф!.. Қандай кунларга қолдим-а!

«Тўхта-чи, нега Шоҳсанамни эсламай қўйдинг? Нуқул ўзинг билан ўзинг оворасан. Ҳозир у қандай аҳволда экан? Унга аталган чимилдиққа бошқа биров кирди. Унга аталган тўшаклар бошқага насиб этди. У суйган йигит бошқа бировни бағрига босди!.. Шўрлик Санамжонинг бунга қандай бардош бераётганикин?!»
Мулзам тортиб, жим қоламан. У энди юпатишга ўтади.
«…Сени тушунаман, лекин ўтганни қайтариб бўлмайди. Энди кўпроқ оилангни, Зумрадни ўйлаганинг маъқул. Лекин, бунақа аҳволда яшаб бўлмайди, шубҳа гумонлар сени хароб қилади. Масалани тезроқ бир ёқлик қилишинг керак. Зумрад билан очиқчасига гаплашиб ол. Бақир-чақир қилмасдан, майин-майин сўраб олгин. Шоирсан-ку, соддагина бир қизалоқнинг кўнглига киришинг шунчалар қи¬йинми, ҳе омон бўлгур-а!..»

…Ниҳоят, бир тўхтамга келаман-да, остона ҳатлайман. Бироқ кечаси аям ётоғига кетиб, Зумрад билан ёлғиз қолишим билан шаҳдим сўнади. Ниятимни ке¬йинга сураман. Кўп ўтмасдан яна азоб, изтироб бошланади. Ўзимни бебурд ҳам дейман, орсиз, номуссиз ҳам дейман…
Ёзнинг охирларида сенинг тўйинг бўлди. Тўйдан қоврилиб, жизғанагим чиқиб қайтдиму, на қулай фурсатни, на омади гапни кутиб хотинимни қийин-қистовга олдим…

* * *

Шоҳсанам, менга у ҳақда кўп гапирардинг.
Сенинг гапларингдан уни жуда тиришқоқ, ўқишдан бошқа нарсани билмайдиган, русча мактабда ўқиганидан тилиям, феълиям ўрисча бўлиб кетган ва яна негадир озғин, новча, рангпар бир болани тасаввур қилардим. Биринчи гал Актюбинскдаги Авиация институтидан йиқилиб қайтганида «Рустам ака энди ўшаққа бориб ётиб олмоқчи, ўқишга кирмасдан қайтмайман, деяптилар», деб мақтаганингда ғашим келганди. Шароитим кўтарганида менам шундай қилмасмидим, Тошкентга кетиб, бир-икки йил ҳаракат қилсам, қўлимдан келмасмиди! Унинг отаси мактаб директори, онаси боғча мудираси экан. Ҳар қанча ҳаракат қилса, тиришса ярашади. Ортига қарайдиган одами йўқ!.. Шуларни кўра била туриб уни мақтаб ётибсан, деб ўзимча дилим оғриганди… Лекин шунга қарамай, унга ич-ичимдан тан берардим. Ҳатто сенга айтган бир гапи учун кейинчалик ғойибона ҳурмат қила бошлагандим. Ўша пайтларда бизда ўн бешта учувчига атиги битта ё иккита ўзбек учувчи тўғри келаркан. Ўша битта, иккита учувчи ҳам фақат маҳаллий йўналишларда учишган экан. Бунинг сабаби, биринчидан, Ўзбекис¬тонда авиацияга алоқадор билим юртининг, институтнинг йўқлиги бўлса, иккинчидан, йигитларимизнинг соғлиғи кўтармас экан. Кўпчилик Оренбургга, Саратовга, Актюбинскка борган болаларнинг аксари тиббий кўрикдан ўтолмай қайтишаркан. «Битта ўзбек кўпайиши учунам ўқишга киришим керак!» деган гапи менга жуда ёқиб кетганди. Ва ўқишга кирганини эшитиб, очиғи, қувонгандим. Қувонгандиму, лекин ўша тиришқоқ учувчи бола бир кун келиб менинг Шоҳсанамимга (!)… эга чиқиши етти ухлаб ҳам тушимга кирмаган эди.

Шу тобда ёнимда бўлганингда худди шундай гапни балки сен ҳам менга айтган бўлармидинг: сиз ҳам бир кун келиб холангизнинг қизига индамайгина уйланиб оларсиз, деб ўйламагандим, деб таъна қилармидинг, Санамжон?! Таъна қилишга ҳақли эдинг!..

Лекин битта нарса юрагимни бетиним кемирарди: нега у институтни битирмаёқ уйланишга розилик берибди? Демак, сенга кўнгли бор экан-да. Сен уларникида туриб ўқирдинг. Бундан чиқади, ҳар таътилга келганида сен билан учрашган, икковларинг юзма-юз ўтириб, узоқ-узоқ суҳбат қургансизлар. У ўрисча-ўзбекча аралаш қизиқ гаплари билан сени кулдирган, ҳатто гап орасида ўрисча қилиб сендан «қўлингни сўраган» ҳам бўлиши мумкин… Ахир, Санамжон, бу даҳшат-ку! Наҳотки, мендан бекитган сиринг бўлган?!.
Шундай ўй-хаёллар ичимни итдек тирнаб юрганида Хосият холамнинг бир гапи мени хиёл юпатди: Рустамнинг совчилари келганида сен Умароларнинг уйида бўлгансан. Хосият холам кўнглингни билгани олдингга кирса, юм-юм йиғлаб ётган эмишсан. «Холамнинг ўғли тугул етти ёт бегонадан келгандаям энди менга барибир, холажон», деб унинг бўйнига осилиб йиғлабсан. Шундан кейингина менинг худбинона гумонларим тарқалди. Чунки, ўшанда сенинг Умароларникига қамалиб олиб, қон йиғлаб ётишинггаям, шаҳарлик совчиларга ўйлаб-нетиб ўтирмасдан розилик бериб юборишингга ҳам яна менинг навбатдаги гумроҳлигим сабаб бўлган эди. Мен гумроҳ бўлмасам, келиб-келиб ўз Санамжонимнинг уйига ўзим совчи (!) бўлиб бораманми?! Йўқ, йўқ, бундай кўргулик ҳеч бир йигитнинг бошига тушмасин!..

* * *

Ўшанда август аввали эди.
Далада иш хийла санжоблашган, бир оз енгил нафас ола бошлаган эдик. Пешинда уйга келиб, ювиниб турсам, дарвоза тақиллаб қолди. Елкамда сочиқ билан чиқсам, Сафар амакининг ўғли турибди.
— Отам чақиряптилар, бораркансиз, — деди.
— Тинчликми, Собиржон, отанг тузукми ўзи?— дедим ҳовлиқиб. Сафар амаки бугун далада кўринмаганди.
— Ҳа, тузуклар, бошқа гап бор шекилли?! — деди нохушгина.
— Нима гап, айтавер?!
— Ҳа, шу, — деди чайналиб, — Умарога одам келибди.
— Бўпти, ҳозир орқангдан етиб бораман.

«Ҳойнаҳой, Амиржондан келган, хизматдан қайтгунича оёғини боғлаб қўйишмоқчидир», деган хаёлга бордим мен.
Сафар амакининг эшиги олдида иккита «Волга» турарди. Бири Ҳайдаровники, иккинчиси нотаниш. Тараддуд билан ичкари кирдим.
Меҳмонлар садақайрағоч тагидаги чорпояда экан. Сафар амаки ўрнидан туриб, мени қарши олди.

— Кел, жиян.
— Қани, келинг-чи, Маҳмудбой, — деди раис бобо. — Ваалайкум. Яхшимисиз, ишлар қандоқ?..
Ҳайдаровнинг ёнида худди ўзидек басавлат киши, яна новчагина йигит, чамаси меҳмоннинг ҳайдовчиси. Каравотга тақалган ўтирғичда эса Талъат ака — раис бобомизнинг ҳайдовчиси ўтирарди. Талъат аканинг ёнига чўкмоқчи бўлгандим, раис бобо мени юқорига таклиф қилди. Кейин ёнидаги басавлат меҳмонга ўгирилди.
— Ўртоқ Сайдиев, қишлоқди каттаси ана шу йигит бўлади. Қанча арзингиз, илтимосингиз бўлса айтаверасиз.
— Жуда яхши-да, — деди меҳмон кулиб.

Бу одамни қаерда кўрган эканман, деб турувдим, фамилиясини эшитишим билан эсладим.
— Қизни боққан, катта қилган — Сафарбой. Лекин, инон-ихтиёрди бир чеккаси бу йигитгаям тақалади. Тўғрими, Сафарбой?
— Албатта, раис бово. Каттамиз десак, арзийди. Маъруфхон жўрамдан қолган битта ёдгорлик шу бизга. Барака топсин, жўрамди чироғини ўчирмади, — деди Сафар амаки.
— Маҳмуд, ўртоқ Сайдиевни танийсан-а? — раис бобо негадир дам сизлаб, дам сенлаб гапираётганди. — «Коммуна»нинг раиси. Лекин, раислиги ўзига-ку, бу одамди бизга ўтқазиб қўйган жери бор, — деди меҳмоннинг шевасига тақлид қилиб. — Бир окопда ётганмиз. Манов желкасида уч чақирим жайға ортмоқлаб борган бизни. Шунақа биродармиз, билсанг…

Ҳайдаровнинг кайфи чоғ, бунақа ҳазиломуз гапларини биринчи марта эшитиб турардим. У яна давом этди.
— Мана бу ёғигаям елкама-елка боряпмиз. Дарё¬нинг нарёғида бу, бу ёғида биз. Ҳечам ортда қолгиси келмайди.
— Ўртоқ Ҳайдаров, сал нотўври гап қилдингиз. Сиз ҳалига довур желкамиздасиз. Баъзи-баъзида бошимизгаям чиқиб кетасиз-ов! — дея аския қилди Сайдиев.
Раислар хохолаб кулишди. Ҳайдовчилар яйраб кулишди. Мен кулдим. Сафар амаки кулимсираб қўйди. У ўйловда қолгандай эди. Гурунг қизиди. Ош-об ейилди.
— Энди, гап бундай, — деди Сайдиев охирида.— Ўртоқ Ҳайдаров, биргад иним, Сапарбой иним… Бу келишим совчилик эмас. Бир танишув. Шу баҳана мана Рустам ўртоқ билан гурунг қилдик. Калхозди ишига алмаштириб қўйган бу ёру ошнони… Ҳали совчилар келади. Расм-русумини қиласизлар. Мана бу биргад иним бизга куяв экан. Бизди кенжатой, насиб қилса, сизларга куяв бўлади. Хуллас, олди-бердимиз азалдан бор, яна довам этаберади… Майли, энди бизга рухсат…
Фотиҳадан сўнг қўзғалишдик.

Кўчага чиққанимизда Сайдиев:
— Яна бир нарса яддан чиқай дебди-ку, — деди-да, Ҳайдаровнинг қўлтиғидан олиб, чеккага бошлади. Бир пас ўтиб, Ҳайдаров мени ёнига имлади.
— Раис бовонгни Маъмура холангникига бошлаб борасан, хўпми, — деди-да кейин дўстига хайрлашгани қўл чўзди. — Ўртоқ Сайдиев, мана шу йигитти сизга топшираман. Хафа бўлмайсиз. Бизди мажлис бор,— деди.

* * *

Сайдиевнинг машинасидан тушиб, эшикларингга рўпара бўлганимда даставвал сенга кўзим тушди. Умаро билан ҳовли юзида гаплашиб турган экансизлар. Тезгина ўзларингни ичкарига олдиларинг. Маъмура холам бизни кутиб олиб, чорпояга ўтқазди. Холамга қараёлмай бош солиб ўтирдим. Сен чой дамлаб келтирдинг. Бош кўтармасдан, бир қур кўз ташлаб олишга ўзимда куч топдим. Аслида нари-берисини суриштирмасдан, Сайдиев билан бошлашиб келаверишдан ҳам илинжим шу эди: узоқдан бўлса-да, сени бир кўриш эди. Узоқданмас, қўл етгулик масофадан кўриб турардим сени. Юпқа лабларинг бир оз қимтилган, бошқа ҳеч кимникига ўхшамайдиган камон қошларинг устида бир тутамгина кокилларинг чиройли тўзғиб турар, бир оз синиққан кўринса-да, чеҳранг ўша-ўша нафис, латофатли эди. Кўзларинг эса ердан узилмади. Улар мендан ниманидир бекитди: аразними, нафратними…
Аянг менга қарадилар.

— Хола, бу киши Сайдиев бўладилар. Раис бово, «Коммуна»нинг раиси, — дея бошлаб келган меҳмонимни таништирган бўлдим.
— Хуш келибсиз, раис бово, — деди холам кулимсираб.
— Хушвақт бўлинг, сийним, — сўзамол қария бир қўзғалиб ўрнига ўрнашиб оларкан, давом этди.— Андак бемаврид кеп қолдик. Фақат илтимос, ҳеч нарсага уринмайсиз. Ҳазиргина Сапарбай инимдикида зияпатда эдик. Сийним, аслида Ҳайдаров ўртағим билан бошлашиб келмоқчи эдик. Ўртоқди мажлиси чиқиб қолди. Районга кетди. Ўрнига мана биргад инимизди қўшиб юборди. Ўзи ёш бўлсаям шу қишлоқди каттаси, деди. Буни қарангки, Маҳмуджон бизга куяв чиқиб қолдилар… Хўш, энди сийним, муддаога кўчаверсак-а… — қария чойдан ҳўплаб олиб, томоқ қириб қўйди. — Биз бу эшикка қулчиликка кеп турибмиз!

Аянг иккимиз бараварига ялт этиб унга қарабмиз. Шу чоқ ичкарида Умаро бақириб юборди.
— Нима деди?!
Аянг хона деразасига қараб олди-да, Сайдиевга ўгирилди.
— Қулчиликка дедингизми?!— деди ажабланиб.

Менинг этим музлаб, Сайдиевга қараб анграйиб қолгандим.
— Ҳа, сийним, шундай бир яхши ниятда кеп туриппиз, — деди бизнинг аҳволимиздан бехабар қария илжайиб. — Боғингизда бир гул бўй кўрсатибди. Шунинг исини олиб, харидор бўлиб келдик…
Ҳалигина муз қотган этим бир зумда қизиб, юз-бошларим чатнай бошлади. Вужудимда уят, алам, изтироб, нафрат туйғулари жунбушга келиб, ҳаммаси бирлашиб томоғимга қадалгандай бўлди. Нафасим қайтаётганини сездим.
— Лекин, ажабки, булбул ҳам ўзларингда…
Сайдиевнинг бу гапидан бирдан ҳушёр тортдим. Аянг ҳам ажабсиниб аввал менга, кейин қарияга қаради. Жимлик. Деразага ёпишиб қулоқ тутаётган Умаронинг қорасини илғаб қолдим.

Содда қария сирни ошкор этишга ошиқмади. Илжайиб сукут сақлади.
— Қулоғим сизда, раис бово, — деди аянг вазминглигини йўқотмай.
— Ҳа, сизга айтсам, сийним, ўзи шу элди боласи. Менинг орага тушиб юрганим сабаби — тегар томирман. Ҳам кенжатайимди ўртоғи, икки жўра бирга ўқишади. Шу десангиз, қачандан бери ғингшийди, жон тоғажон, шу ишга бош қўшинг, дейди. Ўзимдан ортиб чиқолмайман, денг. Худди раис боволарингиздақа менинг бошимдаям мингта ғалва. Охири айтдим, бу дунёнинг иши битмайди. Борсам, борай, икки яшти башини қовуштирсам, савол бўлар-ку, деб кеп турган жайим-да, сийнижон…

Миямда биттагина сўз виз-виз айланади: ким? ким? ким?..
— Йигит ким экан, раис бово? — деди аянг секингина.
Сайдиев ўйланиб қолди-да, хижолатли кулди.
— Э-ҳа, эсим қурсин, қарилик-да, — эслолмай яна давом этди. — Йигит ўзи таг-туглик. Отаси эл устида юрганлардан. Унга жияним тушган… Фарида пошшо.
— Э, шундайми, Фармон биргад куёвингиз бўладилами?.. — деди аянг қарияни хижолатдан қут¬қарган бўлиб.
— Ҳа-да, ўша минг йиллик Фармон биргадларингиз бизга куяв бўлади, деди Сайдиев жонланиб.— Хотини менинг опамди қизи. Қарилик-да, сийним, айбга буюрмайсиз, ўғлининг оти ёдимдан чиқиброқ турибди…

Миямда чақмоқ чаққандай бир нарса қарсиллаб кетди. Демак..
— Козим, — деди аянг қарияга ёрдам бериб.
— Ҳа, Козимбой!.. Хуллас, сийним, қулчиликка кеп турибмиз… — деди-да, мадад истагандай менга қараб қўйди. Унинг наздида менам қувватлаб юборишим керакдай. Чунки, Ҳайдаровдай одамнинг топшириғи билан келиб ўтирибман-да!

Аянг фаросатли аёл. У аллақачон вазиятни тушуниб етганди. Шу боис содда қариянинг ҳурматини жойига қўйишга интилди. Мен бошимни кўтаролмай қолгандим. Худди оғир гуноҳга йўл қўйиб, жазосини кутаётган маҳкум ҳолида эдим. Маъмура холамнинг оҳиста хўрсинганини туюб сергакландим. Мана ҳозир ҳукм ўқилади!..
— Аввали, раис бово, катта бошингизни кичик қилиб келибсиз, катта раҳмат, — деди аянг хотиржам гап бошлаб. Лекин барибир овози тагидаги ботин бир титроқни мен сездим. — Майли, бу ишлар маслаҳат-кенгаш билан аста-секин бўлар. Ҳозир мен қизларга айтиб бир чуқим овқат қилдирсам…
— Йў, йў, сийним, овора бўлманг, — деди қария астойдил ҳовлиқиб.
— Овораси йўқ, бир баҳонаи сабаб билан кеп қопсиз, эмасам қўй сўйиб чақирсам ҳам келолмасдингиз, йўқ деманг…
— Сийним, барака топинг, кўп одобли жувон экансиз, — деди Сайдиев энди ўзини анча тутиб олиб. — Лекин таом, насиб этса, кейинги сафар. Ҳозир эса қайтсак… Ҳа, бу келишимди бир тонишув деб билинг. Айтмоқчи, иш катта сийним. Сапарбой, иним билан ишимиз битиб қолди ҳисоб…
Бу гапларни Умаро эшитиб турганмиди, йўқми, ҳартугул дераза ортидан шовур эшитилмади… Сайдиев ишонч билан давом этди:
— Кейин мана сизлар билан қариндош бўлсак, олдимизда тўй кўп. Қариндош-уруғ билан кенгашинглар, рози-ризочилик олинглар…

Сайдиев жавоб кутиб сукут сақлади. Жимлик. Дераза ортида ҳам нафас ютиб кутаётганларингни ҳис турибман. Шўрлик Санамжон, сенинг хаёлингдан нималар кечди экан ўша дақиқаларда!..
— Раис бобо, сизди овора қип қўйишибди-да, — деди аянг мен томон қараб олиб.
— Савоб ишди оворагарчилиги бўлмайди, — деди кўпни кўрган қария аянгнинг сўзларини шунчаки омади гапга йўйиб.
— Овора қилишибди-да, — деди аянг энди қатъийроқ қилиб. — Хўп, ана Козимбой жиянингиз билмаган бўлишлари мумкин. Лекин ўзимизди жондай жигаримиз, — аянг гапидан тўхтаб яна менга қараб олди, — … куёвингиз бехабармидилар?!

Сайдиев аланглаб менга қараб олди.
— Нимадан, сийним?
— Қизимизди боши боғлиқ-ку!
— Э, э, шунақами? — Сайдиев ялт этиб менга қаради. Мен бош кўтармадим. — Афсус, афсус… Ундай бўлса…
— Ёким сийнимга ўзим совчи бўлиб борсам, юзимдан ўтолмайдилар, деб ўйлаган бўлсалар керак-да, — дея аянг менга тиғли нигоҳларини қададилар. Кўзим ерга қадалган эса-да, бечора холамнинг наштарли боқишларини ҳис этдим. Эсимни танибманки, бу нигоҳлар мени эркаларди, меҳр-ла силаб-сийпарди. Ҳозир эса…
— Йўқ, йўқ, сийним, Маҳмуджон инимда айб йўқ,— қария ўзини қалқон қилишга уринди.
— Агар шу ниятда келганман десалар, майли, нима деймиз, йигитти сазаси ўлмасин, — Маъмура холамнинг овозидаги титроқ кучайди. — Қизимизни Козим жўраларига берамиз…
У тескари қараб жимиб қолди. Кўз ёшларини артди.

Шундан сўнг Сайдиев яна алланималар деб ғудрангани, фотиҳа ўқиб ўрнидан қўзғалгани ва унга эргашиб судралгудай бўлиб кўчага чиққанимни элан-қаран эслайман. Бир вақт қарасам, уйимда, холодильник ёнида чордана қилиб ўтирганча аччиқ пиёз билан бостириб-бостириб ароқ ичяпман. Хотиним олиб кирган овқатга ҳам, унинг ўзига ҳам эътибор қилмасдим. Кейин диванга чалқанча тушиб ётдим. Шифтдаги ялтир-йўлтир қандилга тикилганча истеҳзоли кулдим.
— Ана шунақа гаплар, Маҳмудбой!.. Охири сов¬чи ҳам бўлдингиз!.. — дедим баралла овоз чиқариб.

* * *

Жимирлаб турган қандилга узоқроқ тикилиб қолганимданми, кўзларим қамашиб, жиққа ёшга тўлди. Юзимга ёстиқ босдим. Кейин ўрнимга туриб ўтириб, кўзёшларимни артдим. Шишада қолганини қу¬йиб ичдим-да, шартта ўрнимдан турдим. Мотоциклимни етаклаб дарвозадан чиқаётсам, хотиним эргашди.

— Нима дейсан?
— Маҳмуд ака, ичгансиз, қўйинг! — деди ўтинч¬ли оҳангда.
— Аям қаердалар! — дедим дағаллик билан.
— Хосият янганикига кетгандилар. Ўғилларидан хат келмай қўйибди, шунга…
— И-ҳм, Амирдан хат-хабар йўқ. Бу ёқда Умишвойи совчибосди бўп ётибди… Совчилик ҳам зўр нарса бўларкан, — дея ўз-ўзимдан илжайдим. — Қотирдим лекин…

Зумрад тушунмай жовдиради. Унга илжайган куйи кўз қисиб қўйдим-да, мотоцикл тепкисини босдим. Жонивор учишга тайёр турган эканми, гуриллаб ўт олди.
— Маҳмуд ака, илтимос, борманг!..
— Қаёққа бормай, хотинжон?
— Қаёқдан билай?.. — деди бечора мўлтираб.
— Билмасанг, нега борманг, дейсан? — дедим хохолаб кулиб.

* * *

Эътибор қилсам, ҳамон илжайганча кетиб бор¬япман. «Ие!» дедим-да, лаб-лунжимни йиғиштирдим. Тишимни тишимга босиб, уловимни тезлатдим.
— Ҳозир бориб оёқларига йиқиламан, мени кечиринг, холажон, дейман. Мени кечир, Санамжон, дейман. Йиғлаб-ёлвораман, — дея ғудраниб борардим энди…

Уйларинг олдида турган янги русумли оппоқ «Волга»га кўзим тушиб, шаҳдим пасайди. Мотоциклимни кўча юзида қолдириб, қия очиқ дарвозага яқин бордим. Ишкомларинг остидаги сўрида ўтирган тўрт-бешта эркак-аёлга кўзим тушди. Фақат Малика холангнигина танидим. Тавба-тазаррунинг мавриди эмасди. Изимга қайтдим. Умида янгага дуч келдим.

— Ҳа, укажон, эшикдан қайтдингиз?
— Меҳмонлари бор экан. Шоҳсанамда ишим бор эди, — дея ғудрандим.
— Шоҳи бизникида. Ишингиз бўлса боринг… Қизгина хафа, йиғлаб олган, — деди янга овозини пастлатиб.
— Йиғлаб олган?..

Янга унсиз бош чайқади. Оҳиста уф тортди.
— Бир ёқда Умаро сийнингиз тўпалон қилиб ётибди.
— Нимага? — дедим ажабланиб.
— Ҳали раис боволар келувди-ку. Ўлдирсангизам тегмайман, дейди.
— Тегмайман, деса, берманглар, вассалом, — дедим дағаллик билан.

— Амакингиз-да… Ҳашакалло берамиз, дейди. Биласиз-ку, у кишини отасиям, оғасиям Ҳайдаров. Гапини икки қилолмайди… Уф!.. Ичимни ит тирнаб боряпти. Бу қизгина ўзини бир нарса қип қўйишданам тоймайди. Яшшамагурди сўз бергани борми нима бало!.. Шоҳи қиздан сўрай десам уни ўзиям бир аҳволда. Мана шулардан қочиб бориб ўтирибди…
— Нимага қочади? — дедим сергакланиб. — Холаси-ку?
— Холаси совчи бўп кепти-да!..
— Йўғ-е, кимга, ўғлигами?! — деб юборибман дафъатан.

Янга бош ирғади.
— Ўғли ўқишда-ку ҳали?! — дедим баттар ҳовлиқиб.
— Э, ким билсин, — деди Умида янга ҳафсаласиз қўл силтаб. — Якка ўғил, оёғини боғлаб қўйишмоқчи бўлишганми!.. Уни қаранг-да, опа-сингил иккисига бир кунда одам кеп ўтирибди. Иккисиям йиғлаб қон бўп кетди. Шўрликкиналарди дардини сўрайдиган одами йўқ!

* * *

— Нега дардини сўрайдигани одам йўқ экан, бор одами, бор!..
Яхши тулпор эгасининг кайфиятини билиб туради, дейишади. Назаримда, менинг уловим ҳам юрагим тошиқиб кетаётганини сезгандай қоронғу кўчалардан қушдай учириб кетди.
— Нега одами йўқ экан!? Мен-чи, мен нима қилиб юрибман, дунёда!..

Шоҳсанам, мен сенинг ҳузурингга ошиқаётган эдим. Оёғингга бош ургани, йиғлаб ёлворгани ва сен нима десанг муҳайё қилгани, керак бўлса жонимниям бергани бораётган эдим. Бир оғиз айтсанг, бас, сениям, Умарониям бошим оққан томонларга олиб кетишга тайёр эдим… Лекин, ҳузурингга етолмадим. Арзимас бир тасодиф азму қароримни йўққа чиқарди…
Шу ўринда айтиб ўта қолай: сен ҳақиқий Шоҳсанам эдинг — ҳусну жамолда ҳам, меҳру садоқатда ҳам онам орзу қилган ўша Шоҳ Аббоснинг қизидек, ундан-да зиёда эдинг. Лекин мен Ошиқ ўариб бўлолмадим. Ошиқ бўлдиму, ўариб бўлолмадим!..

Елдек учиб бораётган уловимни Умаролар кўчасига қайрилишда секинлатдим. Кўчани кўндаланг кесган саёз ариқча бор эди. Худди шу ерда рўпарамдан келаётган «Жигули» ҳам секинлади. Машина билан ёнма-ён келдим. Ва… тасодифан рулда ўтирган ҳайдовчига кўзим тушди: Козим!
Бўлди. Шу оннинг ўзида ҳамма нарсани унутдим. Юрагимда тош қотиб ётган аламу адоват ҳай¬қириқ бўлиб отилиб чиқди.
— Козим, тўхта!!!
У эътибор қилмай машинасини тезлатди. Ор¬қамга шитоб қайрилиб, мотоциклимни ариқчадан ҳатлатдим-да, ғазаб билан тезликни оширдим…

* * *

Чироғимни ёқиб-ўчириб, бақириб-чақириб ҳозиргина ўзим ўтиб келган йўллар билан учқур машинани қувлаб боряпман. Бир пасда қишлоқ ортда қолди. «Коммуна» йўлига тушиб олдик. Тушунарли У Сайдиев раисникига ошиқаяпти!..
— Ҳа-а, тоғангди олдигами?! Хушхабар эшитганими?! Мана мендан эшитасан хушхабарни!..

Аламли бир қувонч билан хохолаб кулдим-да, уловим устига ётиб олгудай бўлиб газни бурадим. Мотоциклим қолган-қутган кучини тўплаб, ғазабли ўкириб, олға интилди. Нақ анҳор кўприги устида машина йўлига кўндаланг бўлдим. Бу ўша — келинчагимни олиб қайтаётганимизда симпеч қилинган, йўлимиз тўсилган кўприк эди…
«Жигули» тўхтади.

Жимлик чўкди. Атроф кимсасиз. Анҳор суви оғзи-бурнидан тўлиб, қоп-қорайиб оқиб ётибди.
Уловимни кўприк устида тикрайтириб қўйиб, ҳансираганча машина олига бордим. Козим ўтирган ерида кабинадан бош чиқарди. Тилла тишларини ярқиратиб тиржайди.
— Ҳа, йўлтўсар!..
— Нега тўхтамадинг?— дедим ўзимни босишга уриниб.
— Пайқамабман, ошна. Шошиб турибман.

— Шошиб турибсан, қаёққа? — дедим истеҳзоли кулишга уриниб, лекин эплолмадим. ғазабим устун келди. — Жавобни билмоқчи бўлсанг керак-да! Мана мен айтишим мумкин, мен! — дея кўкрагимга урдим. — Ўша Сайдиев тоғанг билан совчиликка мен бордим. Шоҳсанамни Козимга берасан, дедим. У менинг дўстим, дедим. Тўғрими, дўстиммисан?!
— Албатта, бўлмасам-чи!.. — деди Козим илжайиб. Унинг кўз қарашларидан яхши хабардан умидворлик ҳам йўқ эмас эди.
— Шоҳсанамни менга бермадинг, лекин унга бергин, дедим. У шуни кутиб, ўлиб юрган экан, дедим!..
— Маҳмуд!..
— Улар нима деди, биласанми? Биласанми?! — дея қайта ўшқирдим.

У миқ этмай кутди. Бошмалдоғимни икки бармоғим орасига тиқиб, тумшуғига қададим.
— Дўстинг ҳам, сен ҳам мана шуни ебсанлар, де¬йишди! Раис тоғангдиям, мениям кетимизга тепиб ҳайдашди! — Унинг билагидан силтаб тортдим. — Чиқ бияққа!
— Маҳмуд, жиннилик қилма!
— Чиқ, деяпман! Шоҳсанамга одам қўйишни сенга кўрсатиб қўяман!
— Маҳмуд, яхшиликча жўна! — деди Козим қўлини тортиб олиб.

Машина эшигини силтаб очиб, унинг ёқасидан олдим.
— Бияққа чиқ, сен билан гаплашиб олишим керак!
— Бўпти, чиқаман-е! Ол қўлингди!
Козим билан кўприк устида юзма-юз бўлдик.

Машинадан тушиб келган икки йигит эса кўприк тўсинига суянганча бепарво чека бошлашди. Қорон¬ғуда уларни танимадим.
— Шоҳсанам менга ким бўлади? — дедим зуғум билан.
— Ҳеч ким, — деди у чўрт кесиб.
— Нима?!
— Ҳа, хеч кимсан! Унинг тирноғигаям арзимайсан!
«Ие, янгилик-ку! Мудом сиз-сизлаб, силаб-сийпаб юргучи супурги…»

Шаппа ёқасидан олдим.
— Торт қўлингни, э, сўтак! — дея қўлимни силтаб ташлади.
Ҳангу манг бўлиб турганим устига қарасам, ўровда қолибман. Ҳалиги икки йигит ортимда ҳайкалдай қотиб туришибди. Лабларидаги сигареталар чўғи совуқ ялтирайди.

— Гапир, яна нима дейсан? — оғайним ғолибона тиржайди.
— Сен дўст эмас, илон экансан! — дедим аламдан титраб.
— Тўғри, илонман. Лекин, сен тўнкасан!
«Ҳа, тўнкасан!» деган ички сас унинг гапини тасдиқлади. Лекин, буни тан олгим келмади.
— Мана сега тўнка!..

Улгурмадим. Қулочкашлаб туширишга чоғланган қўлим забт билан орқамга қайрилди. Букчайиб қолдим. Қўлимни хиёл бўшатиб, қаддимни ростлашди. Козим билан тумшуқма-тумшуқ бўлдик. Шу чоқ машинадан яна биров чиқиб келганини илғаб қолдим.
— Яна нима дейсан, айтарингни айтиб қол!..
«Ўҳ-ҳў, оғайнимда гап катта-ку?!»

Тумшуғига калла солдим. «Уҳ!» дея юзини чангаллаб, нари кетди, ўазабли ўкириб силтанишим иш бермади. Исканжадаги қўлларим қисирлаб, инграб юбордим. Ажабки, қўлимдан тутган қора ҳайкаллар ҳамон миқ этмай туришар, афтидан, оғайнимнинг ўзи ҳисоб-китоб қилиб олгунича қўйиб беришмоқчи эди.
Козим сўкина-сўкина қайтиб келди-да, олатасир муштлай кетди. Менинг қараб туришим ҳам инсофдан эмасди: чоти орасига тепиб қолдим. Оғайнимнинг дами ичига тушиб, секин тиззалади. Шундан сўнггина ҳайкалларнинг сабри битди. Мени ерпарчин қилиб, тепкилай кетишди. Энди Козим аралашдими, йўқми, билолмадим. Ҳар ҳолда уч-тўртта учли туфлининг бетартиб зарбини еб турдим. Катта кўприкнинг у ёғидан бу ёғига думалатиб, беармон копток қилишди. Ўлғон бўлмасин, ора-орада кимнингдир «Бас қилинглар, бўлди, ўлдириб қўясизлар!» деб бақир-чақир қилаётганини ҳам эшитиб қолардим. Бу овоз ўз-ўзидан пасайиб бориб, охири тинди. Тепкилаётган оёқлар эса тиним билмас, аммо энди уларнинг зарбидан оғриқ эмас, роҳат туя бошлагандим. Ва шу аснода вужудим пардай енгиллашиб, осмону фалакка кўтарилиб кетаётганимни ҳам ҳис этдим…

* * *

Мени оппоқ соқолли бир қария қарши олди.
Индамай бағрига босди. Кейин:
— Юринг, бўтам, — дея қўлимдан тутди.
— Қаёққа борамиз? — дедим қариянинг жуда таниш юзига тикилиб.
— Бобонгизнинг ҳузурига, — деди у мулойим жилмайиш билан.
— Бобом… ким у киши?
— Ҳай-ҳай, бўтам, ёдингиздан кўтарилдими? — деди қария беозор танбеҳ берган бўлиб. Изза тортиб, бошимни эгдим. — Ул зотни Ҳақнинг ошиғию, ошиқлар султони, дейдилар… Эсладингизми?..

Унга қараёлмай бош ирғадим.
— Юринг, бўтам…
Мен энди уни таниб турардим. Бу ўша, биз сен билан туман марказидаги эски даҳма ёнида учратган қария эди… Демак, у ҳам дунёдан ўтган экан-да. Унда жулдур кийимли дарвеш эди. Ҳозир эса… Ўз-ўзидан қўрқувга тушдим: мен қай юз билан бобомга кўриниш бераман?! Ўшанда у ҳақда нималар демагандим! Шаккоклик қилгандим-ку?!.

Қариянинг қўлидан тутдим.
— Ота, қўйинг, бормайлик…
— Нега, бўтам, бобонгиз сизни чорлаяптилар…
— Ўтинаман, отажон, олиб борманг! Мени қайтаринг, бобожон, қайтаринг! У ёқда ишларим бор… Онам ёлғиз! Менсиз аҳволи не кечади?!

Чолнинг пойига тиз чўкиб, ёлворишга тушдим. Ёш боладай изиллаб йиғладим.
— Гуноҳим кўп, жудаям кўп!.. Бобожон, мени ор¬қага қайтаринг!..
У мени тушунди.
— Майлингиз, бўтам. Шундай ниятда экансиз, майли қайтамиз, — деди юзимга жиддий тикилиб.

* * *

Кўзимни очиб, рўпарамда сени кўрдим.
— Шоҳсанам, Санамжон… — дея инградим. — Мени кечир…
— Маҳмуд ака… Мен Зумрадман.
— А?!

Ҳушёр тортиб алангладим. Қарасам, ёнгинамда хотиним, оёқ тарафимда қайним Зарифжон ва яна нотаниш бир йигит ўтирибди. Касалхонадаман.
Қолганини кейин эшитдим.

Мен ғалати-ғалати илжайиб, мотоциклда кўчага чиқиб кетаман. Зумрад ёлғиз ўзи нима қиларини билмасдан эшикдан чиқиб, кириб тургани устига акаси Зарифжонни Худо етқазади. Ака-сингил машинада мени излаб кетишади. Кимдир уларга қандайдир машина кетидан қувиб кетганимни айтади. Анҳор кўприги устида уймалашган одамлар қорасини кўришиб, машинани тезлатишади. Бироқ, улар етиб келганида кўприк устида ағанаб ётган мотоцикл, жонсиз жасад ва унинг оёғига ёпишиб олган бир йигитгина қолган бўлади. Бу йигит Сайдиевнинг кенжаси — Умарога совчи қўйиб юрган Латифжон бўлиб чиқади. Маълум бўлишича, мени анҳорга ташлаб юбориб, бира тўла қутилишмоқчи бўлишибди. Бироқ, Латифжон жон ваҳимада ёпишиб, уларга халақит берибди… Ўшанда бу сирни ошкор қилдирмадим. Ҳаммамиз бир юртди боласимиз, ҳеч ким билмасин, деб туриб олдим. Аслида гап бошқа ёқда эди: келиб-келиб Козим гушнадан калтак ебдими, деган маломатдан ор қилгандим.

* * *

Касалхонадан чиқишим сенинг тўйинг кунига тўғри келди.
Бригадирман, тўй бошида турдим. Бригадир бўлмаганимда ҳам тўйингга борардим, елиб-югуриб хизматингни қилардим…

Куёвжўралар қуршовидаги куёв бўлмишга бир-икки қур кўз ташладим. ўайирлик қилибмас, нуқсон қидирибмас, кўз ташлагим келди, ташладим. Менинг Шоҳсанамим (менинг эмиш!) кимга чиқаяпти, кўриб қўймоқчи бўлдимми… Тасаввуримча у новчадан келган, рангпаргина бола бўлиши керак эди. Йўқ, уям мендан қолишмайдиган барваста қоматли, сочлари ҳам меникидек тимқора, жингалак экан. Чиройли мўйлови бор экан, менда эса бунга ҳавас камроқ. Фақат унинг устун ери — бахти бор экан. Сен менинг бахтим эдинг, мен учун яралган эдинг. Мен сени қўшқўллаб бошқага узат¬япман.
Куёвни дарвоза олдига бошлаб боришди.

Улкан нақшин дарвоза, тушларимда кўрган дарвоза. Пояндоз ҳатлаб, юзимни гулдор, хушбўй рўмолча билан тўсганча ичкари кириб бораётганимни қайта-қайта тушларимда кўрардим. Ҳозир эса бошқа бир йигит, эҳтимол, ҳеч қачон бу дарвозани туш кўрмаган йигит… Ана у пояндоздан ҳатлаб ўтди. Икки дўсти қўлтиғига кирди. Учовлашиб ичкарига, сенинг ҳузурингга (!) йўл олишди. Ўзимни тутолмадим, уларга эргашдим. Йўқ, ўзиммас (тана-тўшим остонада қолди), руҳим эргашди. У баъзан куёв қаршисида туриб олади, туртиб четга чиқаришади. У барибир қайсарлик билан олдинга интилаверади. Лекин чимилдиқли хона эшигида Маъмура холам йўлини тўсди: ҳай-ҳай, орқангга қайтгин, ҳаққинг йўқ, дегандай бош ирғади. Холамнинг кўксидан итаролмади, четлаб ўтолмади. Додлаб, бўзлаб остонага қайтиб келди. Танамга жон кирди. Ортимга юрдим.

* * *

Икки томон йигитлари олатасир пояндоз тортиб ётишибди. Овунай, алаҳсий деб, уларга яқинлашдим. Орага суқилмадим, бригадирман-а!.. Кўз-қулоқ бўлиб, пояндозчилар атрофида айланишиб турдим. Йигитлар тортиша-тортиша тўйхонадан олислашди. Тўйхона ёруғи ортда қолди. Чанг-тўзон кўтарилган, қоронғуда биров бировни танимайди. Бир маҳал тўда чеккасида ғимирлаган икки бола диққатимни тортди. Чўнтак кавлаяптими!.. Секин бориб, бировининг билагидан тутдим.
— Нима қиляпсан?
— Нима қиляпман?!

Чеккага олиб чиқиб қарасам, қудалардан.
— Бу ишинг яхшимас, меҳмон экансан, — дедим қўлини бўшатиб.
— Кечирасиз, акахон, — қўлини кўксига қўйиб тисланди у.

Ёнида шериклари пайдо бўлди.
— Нима гап? Нима бўлди?
— Ҳеч гап, ҳеч гап… Ҳозир тушунтираман, ҳозир, — деди-да, ҳалиги йигитча турган ерида коптокдек сакраб, юзимга тарсаки туширди. Қолгани жуда тез бўлиб ўтди. Иккинчи йигит, ҳов урма, қизиқмисан, урма, дея уни четлатган бўлди-да, ўзи қарсиллатиб тушириб қолди. Мен содда уни айиради, деб ўтирибман-а!.. Довдираб турганим устига яна бири, ҳой, жиннилар, бас, бас, деганча қулоғим аралаш тарсаки берди. Бироқ, тўртинчиси улгурмади, муштимдан тош кўчага учиб тушди. Бир пасда оломонга қўшилиб кетишди. Уларнинг кетидан бормадим. Ўзимни тийдим. Тиймасам, бошқалар хабар топса, тўполон катта бўларди. Мен эса буни истамасдим: шу чоққача етказган озорларим етарли эди. Энди лоақал тўйингдаги нохушликка сабабчи бўлиб қолмай!..

Зумрашалар-ей, ўзлари нимдошгинаю, қўллари қаттиқ экан. Юзларимнинг олови чиқиб кетди. Ҳавасга, ўрганишга уришдими ўзлариям!..
(Кўнглимга келгани шу бўлдики, бу ҳам менга тақдирнинг тарсакилари, ҳали бу дастлабкилари. Топиб айтган эканман, кейин ҳам кўп марталаб тарсакилар едим. Ва улар тобора залворли бўлиб борди).

Ялтираб турган автобуслар қишлоғимиз кўчасидан кетиб боряпти. Олдинда эса сен ўтирган оппоқ «Волга»… Унинг қаршисига ҳеч ким нон-туз кўтариб чиқмади. Ловуллаб ёнган ўрик танасини кўндаланг қилмади. Қўлтиқма-қўлтиқ бўлиб йўлни тўсишгани, кўприкларни симпеч қилишгани йўқ. Куёвнавкарлар шинам автобусларда ястаниб ўтирганча ҳуш-хандон, ўйнаб-кулиб сени ўз шаҳарларига олиб кетдилар…
Менинг қўлимдан келгани шу бўлдики, жизғанагим чиқиб уйга қайтдим-да, босиб-босиб ичиб олиб, хотинимни қийин-қистовга олдим.

* * *

У ким эди? У билан нима гапинг бор эди? Нега ўлиб-тирилиб йўл боғлашди? Нега йўлимизга дарахтни ёқиб ташлашди?!
Зумраднинг ранги қув учиб, бирдан йиғлаб юборди. Эҳтимол, умрида биринчи марта бунақа дўқ-пўписа эшитганидан хўрлиги келгандир. Эҳтимол, босиқ, мулоҳазали бўлиб кўринган эрининг нохосдан бунақанги важоҳатли, енгилтак бўлиб кетганидан довдираб қолгандир… билмадим. Лекин, у ҳеч нарса демасдан пиқ-пиқ йиғлаб ётди-да, не маҳалларда ухлаб қолди.

Тонгда кўзимни очсам, ёнгинамда юзимга термулиб ўтирибди. Тескари ўгирилиб ётдим.
— Маҳмуд ака, нега шу пайтгача сўрамадингиз,— деди у журъатсизгина қўлини елкамга қў¬йиб.— Ўзингизни шунча қийнадингиз…
— Нега ўзинг айтмадинг? — дедим тўнғиллаб.
— Ўзимдан ўзим нима дейман?
— Хўп, гапир-чи, ким эди у бола?
— У… ҳалиги, ҳамқишлоғимиз. Ўзи яхши бола…

Хуллас, ўша «яхши бола» армияда икки йил хизмат қилган бўлса, икки йил унга тўхтовсиз хат ёзибди. Лекин, Зумрад (раҳми келса ҳам) бирорта хатига жавоб қайтармабди. Уни умидвор қилишни истамабди. Чунки, у негадир менга турмушга чиқишига ишонар экан. Аяси мен тўғримда дадасига, унинг ўзига ҳам кўп гапиргани учун, сени ўшанга берамиз, деётгандек туюларкан унга. Шу важдан мен ҳақимда кўп ўйларкан. Ҳов бирда акасининг тўйига борганимда ҳамма тўй билан овора экану, биргина мен қўлимда китоб билан қишлоқ тепасидаги чорвоққа чиқиб кетган эмишман. Китобдан айрилмабман. Мен ҳақимда ўйлай бошладими, ўша кун ёдига тушаркан. Ва яна Тошкентдаги газета-журналларда чиқиб келган шеърларимни ўқийвериб ёд қилиб юборган, сирдош дугоналарига ҳам ёдлатиб, мактабдаги адабий йиғинларда дарсликларга кирган катта шоирлар қаторида менинг шеърларимни ҳам ўқиб беришаркан…
— Яхши бўлди, Маҳмуд ака, — деди у елкамга юзини суйкаб, — очиқча гаплашиб олдик. Эмасам жуда қийналиб кетгандингиз…

Мен шифтга тикилганча унсиз ётардим. Хижолат эдим. Бу кўнгилқорачилик бир бўлди, охиргиси ҳам шу бўлади, деб ўзимга сўз бердим.
Лекин сўз бериш осон экан.

* * *

Сайдиевнинг совчилари яна келди: бир бор, икки бор, уч бор…
Бироқ, Умаро бўйин берадиганга ўхшамасди. Сов¬чилар тўртинчи бор ҳам келишди. Сайдиевнинг кенжаси икки оёғини бир этикка тиқиб олиб, шу қиздан бошқасини олмайман, деб туриб олганмиш…

Эсингда бўлса, ўша йилнинг май ойларида Умаро тушмагур ҳаваскор қўшиқчиларнинг телевизион кўригида биринчи ўринни олиб, ҳаммамизни қувонтирган эди. Лекин бу биринчилик ҳали қанчалар ташвишлар келтиришини ўшанда ким билибди, дейсан. Хуллас, қўшиқчи қизимизга ишқи тушиб қолган Латифжон уни ўқиш жойига излаб боради. Умаро яқин йўлатмайди. Йигит елим экан, эргашиб юраверади. Охири из олиб келса, Умаро уларга шундоқ қўшни колхозда яшар экан.

Аҳвол жиддий эди. Сайдиев кенжасининг раъйини қайтара олмайди. Ҳайдаров эса Сайдиевнинг юзидан ўтолмайди. Сафар амаки учун Ҳайдаровнинг гапи гап. Мен «қишлоқнинг каттаси» бўла туриб, четдаман… Тўғри, бир-икки марта чоғландим, Темур амакимгами, Хосият холамгами учраб, Амиржон билан Умаронинг яқинлигини билдириб қўймоқчи бўлиб оғиз ўнгладим, лекин айтолмадим. Нега десанг, ўша пайтлар уларнинг юрагига қил сиғмас, Амиржон дом-дараксиз кетган эди. (Унинг афғонда эканлигини мен билан Темур амакидан бўлак ҳеч кимса билмас, Амирнинг ўзи бир хатида шуни илтимос қилган эди).

Охири нон ушатилди.
Умаро тақдирга тан берган бўлдию, бироқ шарт қўйди. Тўйни олти ойдан кейин, ўқишим тамом бўлгач, ўтказасизлар, деди. Кейинчалик эшитсам, бу гап сендан чиққан, қалмоқ алпларидан муҳлат олган Барчинойдек иш тутишни, сабр қилишни сен маслаҳат берган экансан.

* * *

Муҳлат охирлагач, тўй куни белгиланди. Орада бор-йўғи йигирма кун қолди.

Ўша йилги кўклам серёғин келган, чигитни қайта-қайта экавериб, аранг кўкартириб олгандик… Темур амакимнинг чеҳраси тунд. Ўзи камгап одам, бировга дил ёрай демайди. Аламини ишдан олади. Тонг саҳарда тракторини далага ҳайдаб чиқиб, қорон¬ғу шомгача тин олмайди. Овқатга бир амаллаб чақириб оламиз. Дастурхон бошида ҳам бош солиб ўтиргани ўтирган. На тузук-қуруқ тотинади, на биров билан очилиб гаплашади. Унга ачинаман. Лекин нима деб юпатишни билмайман. Ростданам жиддий бир нарса бўлганки, жимиб кетди. Ярадор бўлганида, госпиталда ётганида лоақал бирортасига айттириб, икки энлик хат жўнатган бўларди. Иш-қилиб, жони омон бўлсин-да…

Бир маҳал қарасам, дала бошига чиққан трактор жойида туриб қолди. Мотори ўчди. Темур амаким бўлса қандайдир машинага ўтириб, ошиғич жўнади. Юрагимга олов тушиб, мотоциклимга қараб чопдим.
«Ишқилиб, тинчлик бўлсин!..»
Паст-баланд демай уловимни қичаб боряпман. Йўлим унмайди. Юрагим қинидан чиқиб кетгудай бўлиб типирчилайди. Кўз олдимда эса совуқдан совуқ манзара туриб қолган: ҳовли юзида темир тобут, унинг устига ҳушсиз чўзилган Хосият холам, ерга бош солиб ўтириб қолган Темур амаким, довдираб турган ноилож аскар болалар… «Эй Худо, ўзинг асрагин!» дейман ич-ичимдан титраб-қақшаб.
Қишлоқ хотиржам қарши олди. Балки, бехабардир. Акс ҳолда дувва кўчиб ётган бўларди. Э, нималар деяпман, тинчлик бўлса кераг-е!.. Ана, Амиржонлар ҳовлиси. Кўча четида ҳали Темур амакини олиб қайтган машина. Машина атрофида болакайлар чопқиллаб юришибди. Бирдан енгил тортдим: хайрият, яхшиликка ўхшайди.

Уловимдан тушар-тушмас болалар чувиллаб ёпишди.
— Суюнчи бейинг! Суюнчи!..
Овозингдан айланайлар!.. Бир нечасини бир йўла кўтариб олиб, ичкари кирдим. Ўҳ-ҳў, худди тўйхонага кириб қолдимми, дейман. Темур амаким яхши кўрадиган ҳофизнинг овози ҳовлини тўлдирган, «жонон бўламан, деб ҳаммани куйдирасанми…» дея хониш қилиб ётибди. Йигит-қизчалар елиб югурган, ҳовли супурган қайси, сув сепган қайси. Яна неча бири гулзор оралаб гул дасталаган, узун равонни тўлдириб кўрпача тўшаган… Оппоқ рўмоллар ёпинган хотин-халаждан тўрт-бештаси каравотни тўлдириб ўтирибди, ҳаммаси хушу хурсанд, Маъмура холам, аям… Темур амаким майкачан бўлиб олиб ювиняпти, Хосият холам обдастадан сув қуйиб турибди.
Қўлимдаги чуғурчуқлардан бири чуғурлади: амаки, энди тўй бўлади-я?.. Бўлади, болам, бўлади, дедим уни чўлпиллатиб ўпиб. Вуй, қитиғим келди, дея типирчилади болакай…

Болакайларни бағримдан бўшатиб, Темур амаким томон юрдим.
— Амиржон кеп қоптими, холажон?!.
— Келди, келди, — Хосият холам эрига сочиқ тут¬қазиб, пешвозимга юрди. Кўзлари жиққа ёшга тўлганча, мени бағрига босаркан, — укажонингиз келди. Омон экан, болажоним, — дея йиғлаб юборди.
Холам билан кўришарканман, кўзларим Амиржонни изларди.
— Қани ўзи, Амиржон қани? — дедим аланглаб.
— Ҳозир кеп қолади, келинг, ювиниб олинг, — деди холам мени ҳайрон қолдириб.

* * *

Сафар амаки хотини билан бошлашиб кириб келди.
— Келинжон, азамат кеп қопти, муборак бўлсин!..
— Қуллуқ, қуллуқ, — деди Хосият холам ва Умида янга билан хушламайроқ кўришиб, чорпояга таклиф қилди. — Қани, чиқинглар…
— Аввал аскар билан кўришмаймизми?! — деди Сафар амаки атрофга аланглаб.
— Келавер, Сафарбой, кейин кўришасан, — деди Темур амаким ўтирган еридан. — Биз ўзимиз ҳам ҳали кўришмадик.
— Э, ана бўлмаса, — дея Сафар амаки хотинига қаради. — Сен айтмадингми, аниқ кўрдим, таксида ўтиб кетди деб?..
— Аниқ-таниқ кўрдим, Амиржон укам эдилар!..
— Келди, келди, Худога шукур, — деди Хосият холам хиёл очилиб. — Лекин, ўша таксида қайтиб кетди. Озгина ишим бор, ҳал қилиб келаман, деб кетди.
— Оббо, азамат-е, шунча зарур эканми? — дея Сафар амаки ажабланиб бош ирғаганча ёнимизга чиқиб келди. — Қани, омин, шу уйларда катта тўйлар бўлсин. Болаларди роҳатини кўриб юрайлик. Оллоҳ акбар!.. Темуржон, келин, муборак бўлсин!..
— Қуллуқ… Амакиларига муборак бўлсин… — деди Темур амаким кўз остидан кулимсираб қараб қўйиб. Қо¬йил-е, бунча оғир бўлмаса бу одам. Дўпписини осмонга отмайдими!.. Унинг ғирт акси бўлган

Сафар амаки гапга тушиб кетди.
— Ишқилиб, эсон-омон келди. Энг кераги шу. Замонни қаранг, алғов-далғов бўлиб ётибди. Аф¬ғонни айтмайсизми… Нечталар нобуд бўп келаётганмиш. Ўзи нима нияти бор афғонни, тушунмайсан! Тинчгина яшаб юрсанг бўлмайдими?!.
— Амиржон келса тушунтириб беради нималар бўлганини, — деди Темур амаки дафъатан. Ялт этиб унга қарадим: сирни очиб қўйди-ку!..
— Э, ичида бўлмаган одам барибир тагига етолмайди, — деди Сафар амаки бепарво қўл силтаб.
— Худди ичидан чиқиб келяпти-да!
— Нима? Амиржон-а?! — деди Сафар амаки ишонқирамай.

Ҳамма ҳайратда қолди. Темур амаким кулимсираб турибди. Хосият холам чорпояга яқинлашди. Ранги қув учган.
— Отаси, нима дедингиз?
— Эшитганинг. Бўлди, ҳаммаси ўтди. Худога шукур қил!

* * *

Темур амаки шундан бўлак гап айтмади. Бундан бошқа нарса билмасди ҳам. Амиржоннинг контужин бўлиб асирга тушиб қолгани, сал кам бир йил тутқунликда яшагани, тасодифан афғонлик бир ўзбек билан топишиб, унинг ёрдамида бу ёққа қочиб ўтгани кейин маълум бўлади. Унинг дом-дараксиз йўқолгани ҳақидаги расмий хабар эса Ориф почтачи билан Темур амаки ўртасида сир бўлиб келган экан.

* * *

Ёш бошидан не-не сир-синоатларни ўтказиб қайтган Амиржон қишлоққа етиб-етмай ҳамма гапдан хабар топади. Уйига кириб, онаси билан бирров кўришади-да, яна янги саргузаштлар кетига тушиб, шаҳарга қайтади.

Умаро йиғлаб-сиқтайди. Опқочиб кетмасангиз, ўзимни бир нарса қип қўяман, дейди. Амиржон кулади. Бўлмаса, Панжшеронга1 қочиб кетарканмизда, дейди. Кейин таксига ўтқазиб, қишлоққа қайтади. Лекин, қишлоқда тўхтамай, «Коммуна»га ўтиб кетишаётганини кўрган Умаро ваҳимага тушади.
— Қўрқма, келин бўлиб тушадиган уйингни кўрсатиб келаман, — дейди Амиржон жиддий қиёфада.

Сайдиев билан хотини аскар йигитни хизматдаги набиралари ёнидан келган меҳмон деб билиб, яхши қарши олишади. Дастурхон тузалган стол ёнига ўтқазишади.
— Раис бово, ўғлингизни чақирсангиз, — дейди Амиржон.

Ичкаридан Латифжонни чақириб чиқишади. Унинг ортидан Козимбой оғайнимиз ҳам чиқиб келади. Амиржон раиснинг кенжасини ёнига ўтқазади-да, кейин босиқлик билан гап бошлайди.
— Раис бово, сиз машҳур одамсиз. Янга, сизам тушунган аёл экансиз. Латиф ака, сиз маданиятли йигит кўринасиз. Энди бир очиқчасига гаплашиб олсак, — дейди.
— Хўп, хўп, нима гап экан, болам, — дейди Сайдиев хавотирга тушиб.
— Гап шундаки, айб ошда бўптими, мошда бўптими, хатолик ўтибди, энди шуни тузатайлик.
— Хўш, хўш?..
— Вақт борида обрў борида тўйни қайтаринг.
— Вой ўлай, нима деяпсан? — дейди раиснинг аёли ҳовлиқиб кетиб.
— Амир, оғзингга қара, — дейди нарироқда серрайиб турган Козим. Амиржон хотиржамликни йўқотмай давом этади.
— Қайтармасангиз бўлмайди, раис бово, акс ҳолда йигирма кун олдин эмас, бир ҳафта олдин ҳам эмас, ўша тўй куни келинни опқочиб кетаман.

Раиснинг хотини қарғаниб кетади. Козим, бу болани мелисага бериб юборинг, тоға, деб пўписа қилади. Латифжон ҳангу манг бўлиб ўтираверади. Амиржон раисдан кўз узмай, жавоб кутади.
Сайдиев бир пас унга тикилиб қолади-да, кейин исмини сўрайди.
— Амир болам, ичкари кирайлик, — дейди сўнгра ўрнидан қўзғалиб. Бошқалар ташқарида қолади. Кўп ўтмасдан иккиси чиқиб келади-да, кўча эшиги томон юришади.
— Ўғлим, дадангга салом де, бу ёғидан хотиржам бўл, — дейди Сайдиев кўчага чиқишгач. Машинада жовдираб ўтирган қизга билинар-билинмас бош ирғаб қўяди-да:
— Бахтингни берсин, болам, — дейди Амиржоннинг елкасига қоқиб.

* * *

Кўчада болалар шовқини эшитилди. Ўрнимиздан қўзғалдик.
Қишлоқда одам қолмай ёприлиб келганга ўхшарди.
Амиржонни аввал бола-бақра ўради. Кейин катталарга навбат тегди. Хосият холам қайтадан кўришди. «Худойим қайтиб берган болам!» деб бўйнига осилиб йиғлади. Охирида Амиржоннинг кўзи бир чеккада жимгина кутиб турган отасига тушди. Одамлар четланиб йўл беришди.
Ота-бола бир-бирига қараб юрди.
Амиржоннинг сабри чидамади. «Ота!» деб бақириб юборди-да, ўзини алпқомат отаси бағрига отди. Йиғламаган одам қолмади.
Умаро бўлса ҳамон машинадан тушмай ўтирар, афтидан, тўйиб-тўйиб йиғларди.

* * *

Ҳайдаров раиснинг каравоти ёнида ўтирибман. Елкамда оқ халат. У бир ой муқаддам кабинетида йиқилиб қолган эди. Шундан бери касалхонада. Ёнига ҳеч кимни қўйишмаётган эди. Кечадан рухсат беришди.

Раис бобомиздан ўсиқ, қалин қошлару, тийрак кўзларгина қолибди. Юзларидан эт қочиб, ёноғидан иякларигача ботиқ излар пайдо бўлибди…
Ҳайдаров деразадан кўриниб турган кекса чинорларга бир зум тикилиб қолиб, сўнгра давом этди.
— Носир ака бир кун кечга томон бригадамга келиб қолди. Кун пар-пар бўлиб турибди. Аёллар қишлоққа кетган. Йигитлар шийпон олдида тўпланишиб, ювиниб-тараниб туришибди. Носир ака улар билан биттама-битта кўришиб, сўрашди. Кайфи чоғ эди. Хайрлашиб орқага қайтаётганимизда эса: Рустам, эсинг жо¬йидами ўзи, деб қолди бехосдан. Нега буларди шийпонда олиб қолдинг?.. Нима деяримни билмай анграйиб қолдим. Ҳозир раҳмат айтади, мақтов эшитаман, деган хаёлда эдим-да. Бу билан нимага эришмоқчисан, хўш дейди. Эрталаб ишни вақтли бошлаймиз, ўзим бирга қоламан, дегандим, жеркиб берди. Ўзингни қўшмай тур, кечаси чигит экмайсизлар-а? Йўқ. Бўлмаса, бу азаматлар кечаси шийпон қўриқлайдими? Ҳа, йўқ. Анови Мурод деганинг хотин олганига бир ой ҳам бўлмади. Сенингча, кечаси билан болиш қучоқлаб ётадими?.. Ярим кечада сени ғафлатга қўйиб, қишлоққа кетади. Тонг азонда қочиб-писиб келиб ётади. На уйқуга тўяди, на хотинга. Кейин ишида барака бўладими, кун бўйи мудраб юради-ку?!. Кундузи ишлаганча ишласин, кечаси рухсат бер, бола-чақаси олдига бориб ётсин ҳаммаси. Вақти чоғ, тани соғ бўлса, булардан иш қолармиди!.. Урушда бўлдик ҳаммамиз, не кунларни кўрмадик. Энди бир-биримизнинг қадримизга етайлик-да.. Носир аканинг иккита гапидан бири шу эди: одамларди қадрига етайлик, дер эди раҳматли. Узоққа бормаслигини билган эканми, ким билсин… Ҳамма гаплари васиятдай туюлади энди менга. Охири нима бўлганини эшитгансан-а?
— Ҳа, эшитганман. Туҳмат билан кетган эканлар-а?

Раисни яна хаёл олиб кетди. Деразага тикилиб жим қолди.
Иброҳимов туҳмат билан қамалган. Ҳаммасига оддий бир ўтирғич — кабинетидаги кресло сабаб бўлган экан. Ажаб замонлар…
Вилоятдан келган вакил раиснинг креслосини ёқтириб қолади. Бир кун гап орасида, шу тахтиравонингизни бизга бермайсизми, дейди дабдурустдан.
— Майли, олинг, — дейди Иброҳимов кулиб.
— Унда шопирингизга айтинг, шаҳарга, бизнинг ҳовлига ташлаб келсин, — дейди ҳукмфармолик билан.

Вакил келганидан бери маишатхўрлигию, бепарда гаплари билан ҳамманинг ғашига тегиб юрган экан. Буниси ошиб тушибди. Ўзига етгулик тиксўз бўлган Иброҳимов, бўпти, дейди босиқлик билан. Эртага умумий йиғилиш. Кресло масаласини ҳам қўямиз. Йиғилиш қарор чиқариб берса, олиб кетасиз!.. Тўғрими, Рустамжон? (Рустам Ҳайдаров ўшанда бригадирликдан муовинликка эндигина ўтган пайт¬лар экан). Иброҳимов қизариб-бўзариб кетган вакилга қаттиқ тикилиб, «маъқулми?» дейди. Бунақа муомалага кўникмаган вакил миқ этмай жўнаб қолади. Шундан сўнг устма-уст ревизия босиб, йўқ ердан ишкал чиқаришади-да, раисни ишдан бўшатишади. Бўшатишадигина эмас, қаматиб ҳам юборишади…
— ўалати ишлар бўлиб ўтганди бир пайтлар, — деди Ҳайдаров хаёлимдан кечиб турган гапларни сезгандек.

Палатага кираётганимда, кўп ўтириб қолманг, деб тайинлашган эди. Лекин ярим соатдан ошдики, чиқиб кетолмайман. Қаёққа шошасан, деб рухсат бермайди.
— Сиз чарчаб қолманг, бир пас дам олинг, — дейман.
— Ҳали дам олишга улгурарман, — дейди раис ўйчан кулимсираб.

Касалхона ҳовлисида Маҳтоб янгамиз бир ҳамшира қиз билан ҳасратлашиб турган экан. Уларга яқинлашдим. Янга менга юзланди. Кўзлари жиққа ёш.
— Янгажон, кечирасиз, анча ўтириб қолдим, қўймадилар, — дедим хижолат бўлиб.
Янга ғамгин бош ирғади.
— Ҳаммага шунақа қиляптилар…
У дастрўмолчаси билан кўзёшларини артаркан, ёнимда жимгина турган ҳамшира қизга қарадим: Шоҳсанам!..
— Яхшимисиз?! — деб юборибман беихтиёр сизлаб.
Сен маъюсгина бош ирғадинг-да, Маҳтоб янганинг қўлтиғидан олдинг.
— Янгажон, хафа бўлманг, тузалиб кетадилар, — дедим орқаларингдан.

Янга тўхтаб, менга изтироб билан тикилди.
— Кошки эди, укажон. Тунов куни ўғлимга телеграмма берайлик, десам, дўхтирлар қўйишмаганди. Бугун эрталаб, майли, чақиртиринглар, дейишди.
— Йўғ-е, — дедим қулоқларимга ишонқирамай.— Кўринишлари ёмонмас-ку!.. Бемалол гаплашиб ўтирибдилар…
— Кунига неча бор турланадилар. Турланган касалдан қўрққулик…

Беихтиёр учинчи қаватга, ҳозиргина ўзим чиқиб тушган палата деразасига тикилдим. Ичимда титроқ қўзғалди. «Нега бир пас ўтирмадим-а, қаёққа бунча шошилдим?!»
Сенинг овозинг хаёлимни бўлди.
— Янга, ичкарига кирайлик!

* * *

Кетолмадим. Касалхона ҳовлисида узоқ айланишиб юрдим. Сени кутдим. Ичимдаги титроқ тўхтам билмас, томоғимга алланима қадалар, ўкраб-ўкраб йиғлагим келарди. Қани энди бунинг иложи бўлса…
Босиб-босиб чекаман. Ким биландир дардлашсам, юрагимни тўкиб солсам, дейман. Йўқ, ким биландир эмас, фақат сен билан дардлашишим, фақат сенга юрагимни тўкиб солишим керак эди.

* * *

Шоҳсанам, бу гап-сўзлар икки йил муқаддам бўлиб ўтган эди. Ўша кезлар сен олисда — пахта ҳашарида эдинг. Ҳайдаров эса оғриб қолиб, касалхонага тушди. Тўғри, у кўп ётмади, ўн кунда қайтиб чиқди. Лекин, ана шу ўн кун ҳаётимни алғов-далғов қилиб юборишга етарли бўлди. Шайтон йўлдан урди, дейишади-ку. Шайтон ўшанда Шариф Ҳодиевич қиёфасида, Козим оғайним қиёфасида мени йўлдан урди.

Раислик вазифасини бажариб турган Шариф Ҳодиевич, камтарлик қилибми, ҳайиқибми, «Волга»ни минмаётганди. Аксари Козим оғайним олиб юрарди уни. Мен ҳайрон қолардим, бу бола институтда ўқийдими, ҳайдовчилик қиладими деб… Козимнинг келгусидаги ҳамкасблари — савдо ходимлари бригадамга келиб тушгандан бери бу иккиси ҳам кунда-шунда. Ҳашарчилар шийпон ёнида ўзларига иккита чодир тиклашди. Биздан овқатлик ҳам олишмади. Қўяверинг, битта қорин бўлса, амаллармиз, дейишди.

Ҳашарчилар келиб тушганининг эртаси эди, шекилли, муовин билан Козим иккиси мени далага излаб келиб, қўярда қўймай машиналарига чиқариб олишди. Эрталаб бориб келганман, десам ҳам қутилмадим. Ҳашарчи халқи нозик бўлади, дам-бадам хабар олиб туриш керак, дейишди.

Ҳашарчилар сой бўйида тушлик қилиб туришган экан. Бизни дарҳол давра тўрига олишди. Оппоқ халат кийган ошпаз қиз пахта гулли косаларда шўрва келтирди. Яхшироқ танишиб олайлик, деб митти рюмкаларда коняк тутишди. Сўнгра ҳаммага сихларда жизиллаб турган жигар кабоб тарқатилди. Дастурхон тўкин эди. Очиғи, мен даладаги, ҳашардаги бунақа ўтиришдан ҳайратда эдим. Кечаги ҳаракатларимдан кулгим қистади: ҳашарчиларимга деб макарон, карам, сабзи-пиёзга ўхшаган нарсалар учун фактура ёздирмоқчи бўлиб юрибман-а!..

Эртаси кечқурун Шариф Ҳодиевич кабинетида мажлисни ўтқазди-да, кейин мени олиб қолди.
— Биргад бово, ҳашарчиларингиздан хабар олмасак бўлмас, — деди илжайиб.

Идорадан чиқиб, унинг уйига бордик. Дарвоза олдида юк машинаси турарди. Ичкаридан бир неча қовун-тарвуз, қўйнинг ярим танасини олиб чиқиб, кузовга юкладик. Шариф Ҳодиевич бир қутида аллақанча ичимлик олди. Машинани ўзи ҳайдади. Қишлоққа яқинлашганимизда, уйимиз олдида тўхтаб ўтсак, ул-бул нарса олардик, дедим.
— Масалан?! — деди у илжайиб.
— Олма, узум… Нон ёпгандилар, иссиққина…
У бепарво қўл силтади.

* * *

Чодирда ўтирдик. Шийпондан сим тортиб, чироқ ёқишибди. Телевизор қўйилган. Ўртада йиғма столлар, атрофида стулчалар.
Биринчи қадаҳ сўзини Шариф Ҳодиевич гапирди. Ҳаловатидан, бола-чақасидан кечиб кўмакка келган ҳашарчиларга раҳмат айтди. Мени умидли, ўсадиган ёшлардан, Ҳайдаровнинг энг яқин кадрларидан деб таништирди. Кейинги қадаҳда ҳашарчилар раҳбари Акобир Шодиев ўз шерикларини таништирди, номма-ном, касб-коригача айтиб ўтди. Кўпчилик номлар ўша заҳоти ёдимдан кўтарилди. Фақат биттасиники, Шодиевнинг ёнбошида мен билан кўз уриштириб ўтирган малласоч қизнинг номи дарҳол хотирамда қолди.

Шодиев, мен билан Наташани бу ердаги асосий, ҳал қилувчи фигуралардан деди негадир навбатдаги қадаҳдан олдин. Бу киши бригадир, бизнинг Наташамиз эса ҳисобчи. Ана шу икковлари тезроқ тил топишишлари учун ичамиз, деди.
Наташа чиройли кўзларини сузиб жилмайди.

— Мен фақат сен учун ичаман, Серёжа, — деди қадаҳ уриштира туриб. — Серёжа Есенинни биласан-а, сен менга ўшани эслатдинг!
Шариф Ҳодиевич кейинги кун ҳам мени ҳашарчилар зиёфатига бошлаб келди. Ҳар ҳолда мен унинг — раис ўрнидаги катта бир раҳбарнинг бу ерда айланишаётганидан ниманидир фаҳмлай бошлагандим. Кўнглим ғаш эди. Лекин кўра билатуриб, очиқ кўз билан у қўйган тузоққа қараб бораётган эдим.

* * *

Ниҳоят, очиқча гаплашиб олинди: шундай, шундай. Хавотирли ери йўқ. Шундоқ бармоқ босиб турсангиз, бас, қолганини ўзимиз ҳал қиламиз, дейишди. Бир ёғимда Козим ошнам, бир ёнимда Наташа қувватлаб, далда бериб туришди.
Кейинги кунлар кўргазма тахтасидаги менга тегишли рақамлар сакраб-сакраб юқорилади. Шу билан бир вақт¬да икки-уч йилда мисқоллаб йиққан обрўйим тушиб кетганини пайқадим. Мени орқа-олдимда ҳурматлаб, олқаб юрадиган кекса-кекса бригадирлар (отамнинг тенгқурлари!) ётсираб қарайдиган, ўзларини мендан тортадиган бўлиб қолишди. Демак, ишларим яхши эмас. Лекин, нима қилайки, жиловни бериб қўйгандим!

* * *

Ҳайдаров ишга чиққан куниёқ мени чақиртирди.
— Қани, гапир?! — деди саломимга қуруққина бош ирғаб қўйиб.

Кўзимни қаёққа олиб қочишни билмай қолдим. Нажот истаб Шариф Ҳодиевичга қарадим.
— Гапиринг, — деди у ҳам ҳўмрайиб.
— Нимани гапирай? — дедим гангиб. — Ўзингиз…
— Нима ўзим?! Хўш?! — деди қаттиқ тикилиб.— Мени нима алоқам бор? Мен фақат план талаб қилганман сиздан!..

Миямга қон урди. Ўрнимдан туриб кетишимга оз қолди. Стулим ғижирлаб кетди. Муовин важоҳатимдан чўчиб, кўзини олиб қочди. Олдидаги қоғозларни титкилашга тушди. Ҳайдаров телефон дастагини кўтариб, рақам тера бошлади. Муовини қараган эди, сенга рухсат, дегандай бош ирғади. Кейин ўрнидан туриб, хона бўйлаб юра бошлади. Бу унинг жаҳлга мингани аломати эди. Бундай пайтда шапалоқ тортиб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. Юзлари бўғриқиб, чакка томирлари бўртиб боряпти. У столи ёнида тўхтаб, тортмасидан дори олиб оғзига ташлади. Устидан яхна чой ҳўплади. Яна асабий юра бошлади. Ҳамон бир сўз демасди. Бундан кўра тарсаки тортиб-тортиб юборгани аъло эди. Ниҳоят, рў¬парамда тўхтади. Бош кўтармай ўтиравердим.
— Қани, гапир?!
— Раис бово, мен аралашганим йўқ.
— Аралашганинг йўқ?! Ана уларда кимнинг қўли?

— Айтмоқчиманки, пул…
— Биламан, олмагансан. Лекин, осмондан тушган тонналарга миқ этмасдан қўл қўйгансан, тўғрими! Ким ўргатди сенга бу лўттибозликни?! А? Сен боладан умидим шумиди ҳали?

Қоронғу кўчалардан елдек ўтиб боряпман. Қулоғим остида уловим овозимас, Ҳайдаровнинг сўзлари гумбирлайди… Сендан умидим шумиди ҳали? Мени ўйламабсан, майли, раҳматли Маъруфхоннинг рўй-хотирини қилмадингми?! Онангни-чи?.. Унинг юзига қандай қараб юрибсан?! Муштипар аянг мисқоллаб йиғиб сени одам қилди. Ўзи емай едирди, киймай кийдирди. Эртага номинг ўғрига чиқса, унинг аҳволи нима кечади!!!

* * *

Бегонанинг тош отганидан ўзингники пахта отгани ёмон тегади, дейишади. Ҳайдаров мени ўз ўғлидай кўрарди, хиёнатим унга оғир ботди…
У фронтдан қайтганида катта-кичик йўлига чиқади. Одамлар билан кўришаркан, аланглаб онасини излайди. Онаси кўринмайди. Кейин билса, онаизори урушнинг биринчи йилидаёқ оламдан ўтган, қўшни қиз Маҳтоб эса унинг номидан тўхтовсиз хат йўллаб турган экан… Кейинчалик Ҳайдаров бир ерда айтади: дунёда ягона суянчим онам эди. Ундан ҳам ажралганимни эшитиб, қаттиқ ўксидим. Қишлоққа сиғмай қолиб, бош олиб кетишимга сал қолди. Бугунга келиб, қариндош-уруғларим беш минг жондан ошди. Ота-онам, ака-укаларим мана шу хўжалик аҳли.

Айтишларича, у ёшлигида жудаям ўктам, полвонсифат йигит бўлган. Бригадирлик, ҳатто янги раислик пайтлари ҳам кураш тушиб юрган. Кураги ер кўрмаган экан. Энди бўлса?!
Биласанми, Шоҳсанам, уни бу аҳволга ўзимиз олиб келдик. Туғишганларим, қариндошларим деб билганлари: Шариф Ҳодиевич каби илон ёғини ялаганлар, менга ўхшаган субутсизлар.

* * *

Эсимда, ўша куни касалхонадан ёлғиз қайтаяпману, дам-бадам ортимга қарайман. Худди ҳар дақиқада унинг ҳаворанг «Волга»си келиб қоладигандай… У одатдагидай бешарпа келади-да, ёнгинамда тўхтайди. Орқа эшиги ширқ этиб очилиб, раис бобо овоз беради.
— Қани, чиқинг.

Отасини кўрган болакайдай қувониб ҳайдовчи ёнидаги ўриндиққа ўтираман. Суянчиққа бемалол ястаниб, бир қўлини эшик тепасидаги қайишдан ўтказиб олган, бутун Ўзбекистонга донғи кетган маш¬ҳур раис Рустам Ҳайдаров гап ташлайди.
— Ишлар қандоқ, Маҳмудбой?
— Ишларим яхши, — дейман мактабдан беш олиб қайтган ўқувчи боладек яйраб. — План тўлди бугун!..

Бироқ, шу тобда касалхонадан қайтаётганим, ҳаворанг «Волга» тўхтаб мени олгандаям, энди орқамда тоғдай бўлиб раис бобом ўтирмаслигини худди ёш боладек тан олгим келмасди.
Ҳайдаров раис менинг орқам экан, тоғдай суянчиғим экан. Вафотидан кейин сал фурсат ўтмасдан ўрни билинди.

* * *

Терим қизиган кунларнинг бири.
Кунига икки-уч фоиздан пахта бериб турибмиз. Шу зайлда кетса бир ҳафта нари-берисида режани бажарамиз.
«Шотутли» бошида сутранг «Волга» ярқираб кўринди. Янги раис Шариф Ҳодиевичнинг машинаси. У Ҳайдаровдан қолган машинани минмади, янги русумлисидан олдирди.
Ярақлаган машина дала бошида турибди. Раис тупроқ йўлдан битта-битта қадам босиб хирмон тарафга келяпти. У ҳам Ҳайдаров сингари тана-тўшли, қоматдор. Раисликка қўйишдан олдин гавдага ҳам қарашса керак-да. Лекин барибир Шариф Ҳодиевичда савлат бору, салобат камроқ. Менимча, Ҳайдаровнинг салобати кўз қарашларида, гап-сўзларида эди. Тутаб турганингда ҳам кўзингга бир қараб қўйса бўлди, ҳовуринг тушиб қоларди. Бу оламда эса кўз қараш, гап-сўзда салобатликка уриниш бору, уқув йўқ… Баъзан шунақа гаплар билан ўзимча унинг устидан кулган бўламан. Балки, ғайрлигим келганидандир. Нима бўлгандаям шу одамга кўнглим илимаяпти.

— Биргад бобо, ишлар қалай?..
— Яхши, саломалайкум…
— Хў-ўш, бугун қанча бўлади, план тўладими?
— Тўлади, Шариф ака, ҳосил яхши.

У раис бўлибдики, шу тарзда гаплашаман. Жуда бўлмай кетса, раис ака дейман, раис бобо деёлмайман.
— Яхшилиги яхши, — давом этди у истеҳзоли кулиб. — Лекин, ноябрга ўтиб тўлган план менга керак эмас. Менга бугун-эрта бажариб берасиз.
Дилим оғриди. Бунақа муомалага кўниколмаяпти-да. Ҳисобчилик қилдим, бригадирлик қилдим, мудом ўғлим, азаматим деб олқашарди. Ёш демай, ғўр демай маслаҳатга тортиб туришарди… Ҳа, майли, ёш гўдак эмасман-ку аразлаб ўтирсам. Лекин, бу одам нега томдан тараша қабилида гап қиляпти? Нияти нима?.. Тумтайиброқ қолибман, шекилли, дағал овоз хаёлимни бўлди.

— Ҳа, дамингиз чиқмайди? Шу ўн кунликда тўлдириб берасизми?
— Ҳазиллашяпсизми, Шариф ака?
— Ёш боламисиз ҳазиллашиб ўтирсам!
— Эмасам…
— Нима, эмасам?..

Зардам қайнаб кетди. Ўзимни босдим.
— Раис ака, — дедим хокисорлик билан, — ўн кунлик битишига икки кун қолди. Менга ҳали ўттиз тонна керак.
— Йўлини қилинг. Мен байроқ олишим керак. Гап тамом!
Тушундим. Мени яна ўз гирдобларига тортишмоқчи.
Очиғига кўчдим.
— Раис ака, мен бу ишни қилолмайман.
— Қилолмайсизми, қилмайсизми?!

Шу чоқ ёнгинамда шарпа туйдим. «Муроса. Муроса қил!» дея зўр бериб шивирлашга тушди у… Аммо, бу дафъа қатъият кўрсатдим. Раисга ҳам, ёнимдаги шарпага ҳам бир йўла жавоб бердим.
— Қилмайман!
Шариф Ҳодиевич кутганимдек бақириб-чақириб ўтирмади.
— А-ҳа, яхши, — дея илжайиб қўйди-да, катта-катта одим отиб жўнаб кетди. Ҳайдаровга ўхшаб дала айланмади. Теримчиларимдан аҳвол сўрамади. Болакайларни олқамади.
«Ҳайдаровга ўхшаб эмиш! — заҳарханда овоз эшитдим ёнгинамдан. — Ҳайдаров йўқ энди. Раис бовонг йўқ!.. Энди у — раис. Энди унинг даври келди. Унинг этагини тутгин энди. Ҳалиям кеч эмас, орқасидан бор…»

— Бас қил!.. — дея жеркиб бердим-да, ҳалиги кўрсатган қатъиятимни эслаб кулимсирадим. — Лекин, бир маза қилдим-да!..
— Ҳали кўп афсус ейсан, нодон. Кўрдингми, масхара қип кетди.
— Қўлидан ҳеч нарса келмайди. Таги нотоза…
— Кўкартирмайди. Ҳам ишлатади, ҳам нуқиб туради. Алам қилмайдими?..
— Ишини топшираман, вассалом.

— Кейин-чи? Тошкентга кетарсан, балки?!
— Йўқ, нега, чопиқ қиламан, ғўза суғораман, пахта тераман.
— А-ҳа, олий маълумотли кетмончи, дегин!
— Зарари йўқ… Қолаверса, униям боғлаб қўйишмас бу ишга.
— Қизиқ устида айтаяпсан бу гапларни. Ҳадемай совуйсан-да, пушаймон қиласан.
— Асло!

— Ҳалиям кеч эмас, орқасидан бор. Эгилган бошни қилич кесмайди. Узрнамо бир нарса десанг, кек сақламайди. Чунки, унга байроқ керак, шон-шуҳрат керак. Майли, олса олсин ўша байроғини. Хурсанд бўлсин. Униям тушуниш керак. Биринчи йил раислик қиляпти. Ўзинг ҳам озмунча елиб-югурганмидинг бригадир бўлган йилинг. Тўғри, тўғри, сеники ҳалол пешона-теринг билан бўлди. Майли-да, бировнинг ризқи ҳалолдан, бошқаники ҳаромдан бўларкан… Уни ҳурмат қилолмасанг, ихтиёринг. Лекин, сиртингга чиқарма. Юзига али-бали деб, ишингни битказиб юравер. Тўрт кунлик дунёда аҳмоқлар билан талашиб барака топмайсан. Ахир, энди сенам ёлғизмас, мунчоқдек ўғилчанг бор. Яна фарзанд кутяпсизлар… Онанг-чи… Энди-энди кун кўряпти онанг бечора. Уям ғанимат…
Эътибор қилсам, секин-аста бўшашиб, унинг йўриғига тушиб боряпман. Ўрнимдан илкис қўзғалдим. Лекин, аввалгидек бақир-чақир қип уни ҳайдашга уринмадим. Э, бас қилсанг-чи, деб жеркиб бердим-да, ғўзаларни босиб-янчиб, пахтазор оралаб кетдим.

Давоми бор

0-7a.jpgOrziqul ERGASH
SHOHSANAM
Qissadan ikkinchi parcha
009

* * *

Shiypondaman.

Yomg‘ir yog‘ayapti. Dala kimsasiz. Shiypon biqinidagi xona derazasidan yomg‘irli dala manzarasini kuzatib turibman. Ortimda, xontaxta ustidagi qog‘ozda yangi qoralangan she’r. Men ana shu she’r zavqi bilan mastman. Uni shivirlab o‘qiyman. Xona bo‘ylab ohista yuraman…

Yomg‘ir yog‘ar. Borliq qunishgan,
Bosiladi yo‘llarning changi.
Yomg‘ir yog‘ar,
She’r yozgim kelar —
Go‘yo yomg‘ir yangi, she’r yangi.
Yomg‘ir yog‘ar,
Xayol suraman,
Tinglab samovotning mungin jim.
Necha minginchi yomg‘irdir bu
Va men shoir necha minginchi.
Sharros jalalarni kuylayman
Chamandek anvoyi she’rlarda.
Aqlim yetmas,
Qanday sevarlar
Yomg‘ir yog‘mayturgan yerlarda?..
Yomg‘ir yog‘ar,
Hayot baxsh etib
Mening qaqroq e’tiqodimga.
Yomg‘ir yog‘ar.
Hech kim sololmas
Seni yomg‘irchalik yodimga…

She’r o‘qirkanman, qay bir ko‘klamlarning, qay bir zamonlarning unut bo‘layozgan rangin suvratlari ko‘z oldimda basma-bas jonlana boshladi… Shu tobda sen qayerda bo‘lsang?.. Balki sen ham men kabi allaqaysi bir dala chekkasidagi omonat baraklar derazasidan yomg‘irni kuzatib turgandirsan. Meni o‘ylayotgandirsan? Meni kutayotgandirsan? Har bir ko‘ringan qoraga umidvor ko‘z tikayotgandirsan?!.
Xonaga yomg‘irda ivigan Safar amaki kirib keldi.

Ilhom sarxushligi bilan unga qarab bosh irg‘adim.
— Yomg‘ir zo‘r bo‘ldi-da, amaki.
U hayrat va hayronlikda qoldi. Nima deyarini bilmadi.
— Qarang, hammayoqni yashartirib yubordi. Bahor keldi-qo‘ydi.
— Ha jiyan, chang bosdi bo‘lgani tuzuk-ku, bemavridligi chatoq-da! Ikki-uch kunsiz dalaga kirib bo‘lmaydi endi…

Safar amakining tashvishli yuziga tikilib qoldim. Ancha yerga tushdim. Xontaxta ustidagi qog‘ozni ruhsiz olib, buklab cho‘ntagimga tiqdim.
— Jiyan, birov keldi chog‘i.
Deraza ro‘parasiga kelib to‘xtagan mashinadan rais muovini bilan Kozim og‘aynimiz tushdi. Kozim zontigini yoyib, muovinni yomg‘irdan pana qilgancha shiyponga boshladi.

* * *

— Mahmud Ma’rupovich, qalaysiz endi?! — dedi muovin xontaxta yonidagi ko‘rpachaga omonat cho‘karkan.
— Rahmat, Sharif Hodiyevich, — dedim tilim kelishmayroq. — Ko‘rib turganingizday…
— Ishingiz zo‘r, Mahmud jo‘ra, bo‘sh kelmayapsiz, — dedi Kozim yelkamga qoqib qo‘yib.
— O‘mg‘ir ishdi beliga tepdi-da, esiz, — dedi Safar amaki dasturxonga unnalarkan.
— Da, da!.. — afsus chekkan kabi bosh irg‘adi muovin. — No prognoz yomon emas. Ochilib ketishi kerak!

Safar amaki choy damlab kirdi. Muovin biqiniga bolish tortib, yonboshladi.
— Charchamayapsizmi, inim?! — dedi Safar amaki unga choy quyib uzatar ekan.
— E, nimasini aytasiz! Rais bovoning soyasida yallo qilib yurgan ekanmiz. Bir haftada ezilib ketdik…
— Ha, rais bovoning joniga to‘zim bersin. Yigirma besh yildan beri kolxozdi yelkasida ko‘tarib keladi! — dedi Safar amaki beg‘araz soddalik bilan.
— Sharif Hodiyevich ham anoyi emaslar, amaki,— dedi Kozim Safar amakining oldidagi choynakni o‘ziga olarkan. — O‘sha rais bovongizning darsini olganlar.
— Ha, to‘g‘ri, baraka topsinlar… Bu, haligi, rais bovoning o‘zlariyam besh-o‘n kunda chiqib qolarlar, a, — dedi Safar amaki nonni ushatarkan, — Bir ko‘rgani borsam, kiritishmadi. Keyin o‘zimdan ortib qaytib borolmadim.

Muovin Safar amakining gapiga ortiq e’tibor qilmay, muddaoga ko‘chdi.
— Endi, uka, gap bunday: hasharchi kelyapti.
— Oldindan aytib qo‘yay, menga bermaysiz! Jon aka, hasharchi kerak emas! — dedim astoydil zorlanib.
— Kimga kerak?.. Qiziq gapirasiz-a?!
— o‘irt dahmaza-da, Sharif aka…
— Sizga dahmazasi yo‘g‘idan to‘g‘irlaganmiz, jo‘ra, parvo qilmang, — deya Kozim oraga suqildi.
— Shunday. Kozim Farmonovichga rahmat deng. Qattiq iltimos qilib turib oldi, — dedi muovin, ke¬yin piyolasini uzatarkan, buyurdi: — Choydan qu¬ying!..
— Bor-yo‘g‘i yigirmata odam, — dedi Kozim muovinga nazokat bilan choy quyib berarkan.
— Yeyish-ichishi o‘zi bilan, — deya muovin davom etdi. — Produkta, qozon-tovoq demaysiz. Sizdan bitta boshpana lozim bo‘ladi, mana shu shiyponni berasiz. Keyin… — u shunday deya Kozimga yuzlandi.
— Bo‘ldi. Boshqa narsa kerak emas, — dedi Kozim hozirjavoblik bilan.
— Ular hatto termoqchi ham emas, — deb yubordi muovin beixtiyor.
— O‘ tovbangdan! — dedi Safar amaki hayratlanib.
— Sharif aka, to‘g‘ri tushuntiring-da. Ular kilolab emas, tonnalab teradi demoqchilar, — deya izohladi Kozim og‘aynimiz.
— Tushunmadim?!.
— Bu yog‘iga boshingizdi qotirmang, jo‘ra, — dedi Kozim yelkamga do‘stona qo‘l tashlab. — Ishingiz zo‘r bo‘ladi… Qisqasi, hasharchilar mening bo‘lajak hamkasblarim. Savdo xodimlari.
— Ana shunaqa, Mahmud Ma’rupovich, o‘sha bechoralarga ham zaril emas. Tinchgina savdosini qilib yuraverishsa bo‘ladi. Lekin siyosatga bo‘ysunish kerak. Shu jumladan biz ham. Tak chto, ortiqcha gapga hojat yo‘q!

* * *

Idorada aytarlik ishim bo‘lmasa-da, ne mahalgacha o‘ralashib yurdim. Yo‘lda ham mototsiklimdan tushib, Ko‘ksoy bo‘yida uzoq o‘tirdim. Soy tubiga tushib qolgan suvning to‘lin oy shu’lasida jimirlabgina oqib borishiga ma’nosiz ko‘z tikkancha, qayta-qayta chekdim.
Uyga yetib kelganimda yarim tun edi. Taxminimcha ayam uxlagan bo‘lishi kerak edi. Uyg‘oq ekan, xonamga kirishim bilan avval hovlida, keyin oshxonada chiroq yondi. Ko‘p o‘tmasdan ayam dasturxon ko‘tarib kirdi. Choy va ovqat keltirdi. Tilar-tilamas ovqatlana boshladim. Qo‘l artishga cho‘chirdim: xuddi ayam shuni kutib turganday, men qo‘l artishim bilan noxush bir gapni boshlab qoladiganday…
Nihoyat, u ohista tomoq qirib oldi.
— Mahmudjon, bugun Xosiyat xolangizlar borishgandi, — deya cho‘chinqiragan alfozda gap boshladi.

Men indamadim. Piyolamga choy quyib olib, dasturxondan ko‘z uzmay o‘tiraverdim. Ammo, ayamning gap ohangidanoq noxush bir narsa tuyub, ichimda titroq qo‘zg‘aldi.
— Nimagadir Ma’mura xolangiz ro‘yxushlik bermabdi. Hech tushunmadim. Nimaga ekan-a?..
— Qayoqdan bilay?.. — ichimdagi titroq o‘zini sezdirdi.
— Siynim so‘rattirgan edi, debdi. Bu gap qayoqdan chiqib qoldi, hayronman.
«Hayron bo‘lmang, ayajon. Bu hammasi bahona. Bu yerda boshqa gap bor. Lekin o‘sha boshqa gapni qay til bilan aytayin, ayajon?!»
— Hali o‘n besh kun bo‘lgani yo‘q, bir gap qo‘zg‘asam, bo‘pti, siynijon, siz og‘iz solasizu, yo‘q deb bo‘ladimi! Faqat qaliniga chidasangiz bas, deb hazilam qip qo‘ygandi. Bugun to‘nini chappa kiyib o‘tirganmish… Xosiyat shunaqa desa, yoqamni ushlabman. Tovba, odam bolasiyam shunaqa turlanarkanmi?!

Ayam gapidan to‘xtab, ohista uf tortib oldi. Yuz-boshlarim olovdek chatnay boshladi.
— Shohsanam bilan gaplashib ko‘rasizmi yo, uning xabari yo‘qqa o‘xshaydi.
— Nima deb gaplashaman, ayasi yo‘q degan bo‘lsa, u nimayam derdi.
— Har holda, bolam…

Ayamning ezilib borayotganini ko‘rib o‘zimni beparvo tutishga urindim.
— Ayajon, siz xafa bo‘lmang, — dedim uning yelkasiga ohista qo‘limni qo‘yib. — Shoshib nima qildik. Bir-ikki yil ishlayin. O‘qishim bitsin. Keyin ixtiyor sizda. Kimni desangizam, mayli… men roziman.
— Men Shohsanamni degandim-da!..
U bu gapni shunchalar xo‘rlanib aytdiki, o‘zimni tutolmay qoldim.
— Axir bermayman debdi-ku!.. — bo‘g‘zimga bir nima qadalib, ovozim bo‘g‘ilib chiqdi. — Endi yalinishimiz kerakmi?
O‘rnimdan sapchib turib, tashqariga otildim.

* * *

Shohsanam, bir safar tasodifan ayalarimiz suhbati ustidan chiqib qolganman. Unda hali maktabda o‘qib yurgan bolalar edik.
— Shohsanamoyga bitta siz emas, menam onaman, — derdi ayam astoydil kuyib-pishib. Ma’mura xolam bo‘lsa zavqlanib kulardi. — Siz uni to‘qqiz oy qorningizda ko‘targan bo‘lsangiz, men yurakkinamda olib yurganman. Shohsanam qiz yuragimning tub-tubidan tug‘ilgan tilagim!
Ha, sen ayamning yagona tilagi eding. O‘lg‘iz o‘g‘lining baxtini, kelajagini sensiz tasavvur qilolmasdi. Shunday bo‘lgach, sendan osonlikcha umid uzishi mahol edi. Shunday bo‘ldi ham: har uch-to‘rt kunni o‘tkazib sovchi yuboraverdi. Lekin endi menga hech narsa demas, menam so‘ramasdim. Oxiri o‘zi ham borib keldi sizlarnikiga… Va o‘sha kuni kechasi bilan xonasida chiroq o‘chmadi. Tong azonda esa daryoning narigi tomoniga — singlisinikiga jo‘nab ketdi. Qishloqqa sig‘may qolganidan shunday qildi, ko‘nglini yozib kelar, deb qo‘yaqoldim…

* * *

Xuddi o‘sha kuni Xosiyat xolam ayamni izlab keldi. Kayfiyati chog‘, hovliqqan.
— Mahmudjon, hozirgina Shohi qiz bilan gaplashib kelyapman, — deya shosha-pisha yangilikni aytishga kirishdi. — Bilasiz-a, men unga ona qatoriman. Ko‘krak berganman. Men o‘lgir, dabdurustdan uni qi¬yin-qistovga olibman. Menga rostingni ayt, o‘qishingda birortasi bilan topishib olganmisan, debman. Shunday deyishim bilan, bechoraginam, yig‘lab yuborsa bo‘ladimi! Nimaga unaqa deysiz, xolajon, men tentak bo‘pmanmi, deydi… Bo‘lmasa ayang nimaga oyoq tirab oldi?.. Qayoqdan bilay, shuncha zorlandimam aytmaydilar deydi sho‘rlikkina. O‘ziyam bo‘lari bo‘lib o‘tirgan ekanu, men achchiq ustida nimalar deb yuboribman. Ko‘ngil dushman-da, Mahmudjon… Keyin aytdimki, bo‘lmasa, hamma gap ayangdi o‘zida. Uni bitta yarim g‘alamis aynitgan, dedim…
— E, kim aynitardi, xola?! — dedim behafsala qo‘l siltab.
— Mahmudjon, shunday deysiz-da! Hozir tuzuvchidan buzuvchi ko‘p… Ha, Shohi qizimning aqliga qoyil qop kelyabman. Bu yog‘ini eshiting… Avvaliga Amirjonni so‘radi, xat-xabar bormi, dedi. Bir oydan oshdi, jim-jit dedim. Shunday desam, Amirjonning o‘rni shu kunlarda bilinyapti-da, deydi. Nimasini aytasan, qizim, Amirjon bag‘rimizni huvillatib ketdi, debman. Keyin amakisini so‘radi. E, amakingam nosqovog‘ini yo‘qotgan bangiday garang, ming qilsayam bosh o‘g‘il-da, debman dardimni dasturxon qilishga chog‘lanib. U nimadir demoqchi bo‘layotgan ekanu, men laqma tushunmasdan o‘zimcha sayrayveribman.

Amakimni sog‘inibman, dedi u oxiri ma’yusgina bo‘lib. Men bo‘lsam, bunday aylanib borsang bo‘lmaydimi, qizim, gaplashib kelasan, dedim. Keyin bechora qizgina meni quchoqlab oldi-da, yig‘laguday bo‘lib, qulog‘imga shivirladi. Amakim kelsinlar, bo‘lmasa, baribir ish bitmaydi, ayam ko‘nmaydilar, dedi. Shundagina miyam yarq etib ochildi-da, shoshib qoldim.
Ha, ha, keladi amaking. Shu bugunoq amaking bilan, Safar tog‘angni yuboramiz, dedim bechoraginani tinchitib… Qarang-da, Mahmudjon, bir oydan beri Umida ikkimiz qatnabmizu, erkak yuborishni o‘ylamabmiz. Aqlimiz olmabdi. Qizgina sho‘rlikni ko‘rsangiz edi, rangini oldirib qo‘yganki, qo‘yaverasiz!.. U yog‘ini so‘rasangiz, bechora Ma’mura xolangizam o‘lmabdi, sovumabdi. Qaysi bir uying kuygur uni yo‘ldan urgan-da. Bu mardum tinch¬gina orzu havas qilgani ham qo‘ymaydi. Ha, ulargayam boqqan balo bordir. Ish tutmang, Mahmudjon, hali shunaqa to‘ylar qilaylik, dushmanlar kuyib kul bo‘lsin!.. Mayli, men tezroq borib, amakingizni topib jo‘natay!..

* * *

Ertasi choshgoh payti.
Ko‘cha eshigimiz qarshisida yengil mashina to‘xtadi. Qarasam, ayam qo‘lida tuguncha bilan tushib kelyapti. Ona-bola eshikda yuzma yuz keldik. Quchoqlashib ko‘rishdik. Ikkimizning ham kayfiyatimiz yaxshi. Sandal yonida o‘tirdik.
— Ayajon, sog‘intirib qo‘ydingiz-ku?! — dedim iljayib.
— Bir g‘ayratim tutib ketdi-da, bolam.
— Yaxshi qildingiz, juda siqilib ketgandingiz.
— Xolangiz, yaznangiz, bo‘lalaringiz — hammalari so‘rab yuborishdi. O‘ziyam bormaganingizga ancha bo‘p ketdi-ya, bolam. Ish ish deb…
— Oxirgi marta o‘sha armiyadan qaytganimdan ke¬yin borib kelganim-da.

Ayam menga sinchkov tikildi. Ma’yus jilmaydi. Menam iljayib yerga qaradim.
— Mahmudjon bolam… — ovozlari xiyol titrab chiqdi. — Boshingizga qo‘ngan baxt qushi muborak bo‘lsin!
— Qulluq, aya, sizga ham muborak bo‘lsin, — dedim hayajonimni arang bosib. — Eshitibsiz-da?..
Ayam sergaklandi.
— Nimani, bolam?..
— Yangilikni-da!.. — dedim tushuniksiz bir xavotir bilan hovliqib.
— Qanaqa yangilik? — hayratlari ortdi ayamning.
Yuragim hapriqib, bezovta urdi.
— Kecha kechqurun Temur amakimlar borishdi… — dedim o‘zimni bosishga urinib. — Xolam rozi bo‘ptilar.

Ayam sho‘rlik necha yillar kutgani, o‘ngu tushini band qilib kelgani — rozilik xushxabarini eshitishi bilan o‘rnidan turib ketdi. Ko‘zlari quvonchdan porlab, jiqqa yoshga to‘ldi. Mendagi tushuniksiz xavotiru qo‘rquv ham bir lahzada yo‘qoldi. Xayol qilsamki, ayamni mahkam quchib olsam…
— Voy, rosttanmi?! Xolangiz rozi bo‘ptimi?! E, Xudoga shukur-ye!.. Bir oyda o‘lib bo‘ldim-a! Nima uchun amakingizni ertaroq yubormabmiz-a, bolajonim.
— Shohining o‘zi aytibdi, amakim kelsinlar, debdi…

Xosiyat xolamning kecha shu mahallar hovliqib kep qolganini kula-kula aytib bermoqqa chog‘langan yerimda tildan qoldim. Sababi, ayamning rangi qumday oqarib, joyiga qaytib o‘tirdi. O‘zi bilan o‘zi bo‘lib, nimadir degancha boshini saraklatdi. Angrayib yuziga tikildim.
— Ha, qurib ketsin-a… — dedi bemajol bosh tebratgancha.
— Aya, tobingiz qochdimi?.. Men hozir!..

Bir qultum suv ichib, xiyol o‘ziga kelgach, iztirob bilan menga ko‘z tikdi. Yana alam bilan bosh irg‘adi. Lablari titradi.
— Aya, sizga nima qildi?
— Rozi bo‘pti, deng?..
— Ha, Temur amakim, Safar amaki borishibdi…
— Rozi bo‘lmay ketsin-a, senlardi baxtingga zomin bo‘lib-a!..
— Aya!..
— Baribir berar ekan, noz qilmasa o‘larmidi?!
— Aya, unaqa demang, noz qilgani yo‘q… — dedim ko‘nglim noxush bir narsa tuyub.
— Noz qilganmi, qilmaganmi, endi o‘zidan ko‘rsin. Menam bopladim. U mendan siynisini avlo ko‘rdimi, menam siynimga bordim. To‘yni pishirib keldim. Bugun ertalab oq o‘ratib, qishloqqa shoyon qilib keldim!..
— Aya, ayajon, tez qaytaring! — deya o‘rnimdan turib ketdim. — Hozir qaytib boring. O‘zim oboraman. — Beixtiyor ayamning qo‘ltig‘idan tutib, o‘rnidan turg‘azdim. — Jon, ayajon, boraylik! Bo‘ling!..
Ayam bosh irg‘adi. Joyiga qaytib o‘tirdi.
— Yo‘q, bolam. Men o‘zim aytib, o‘zim qaytadiganlardan emasman!.. Anavi Ma’mura xolangiz shunaqa qiladi!.. Yigirma yil umidvor qip keldi-ya!..
U birdan jimib qoldi-da, piq-piq yig‘lashga tushdi. Menam indamay yelkasiga boshimni qo‘ydim. Ayamning butun vujudi misday qizib ketgan, kiftlari ohista titrardi.

Ona-bola shu taxlit ancha o‘tirdik. Uning bir oz sovuganini payqab, asta gap boshladim.
— Ayajon, bir ilojini qiling!
U indamadi.
— Ayajon!
U bosh irg‘adi.
— Bolajonim, endi kech bo‘ldi. Ularni beburd qilolmayman.
— Temur amakimlar beburd bo‘lib qolishsa maylimi?..

Ayam ilkis o‘rnidan qo‘zg‘aldi.
— Hozir borib aytaman. Imi-jimida qaytaradi.
— Ayajon! — deya yosh boladek bo‘zladim.
— Endi iloji yo‘q, bolam, iloji yo‘q!..
Ayam jahd bilan eshikdan chiqdi. Ortidan yugurib chiqib oyoqlari ostiga yiqilib yolvoray, tizzalariga yopishib olib, ko‘chaga chiqarmay dedimu, lekin… Lekin birdaniga niyatimdan qaytdim. Jo¬yimga bemajol o‘tirdim. Sochlarimni changallagancha, o‘krab yig‘lab yubordim…

* * *

O‘zimni taqdir yo‘rig‘iga topshirdim.
Non ushatib kelishdi, fotiha to‘yini o‘tkazishdi. Aralashmadim. Qish bekorchiligida hech kimga ko‘rinmay, ko‘chaga chiqmay, duch kelgan kitobni o‘qib yotaverdim…
Shunday kunlarning birida nima ish bilandir idoraga chaqirishdi. Chilla o‘tirib chiqqan odamday qovushmayroq yo‘lga tushdim. Mototsiklimda shoshilmay ketayotsam, oldinda sen ko‘rinding. Egningda oq yomg‘irpo‘sh, qo‘lingda diplomat, o‘qishdan kelayotgan eding… Boz boyagidek yuragim hapriqib, oyog‘imdan quvvat ketdi. O‘l, deydigan odam yo‘q…

Mototsiklimni ancha berida to‘xtatib, yordamchi oyog‘iga tikladim-da, senga ro‘para bo‘ldim. Jilma¬yishga urindim. Sen esa… yerga qadalib, yuzlaring laxcha cho‘g‘, allato‘sin bir ko‘yda yonimdan o‘ta boshlading. Na to‘xtatishni bilaman, na bir narsa de¬yishni…
— Shohsanam!.. — dedim iltijo bilan.
Sarg‘ish etikchalar yurishi xiyol sekinlashdi. Xayriyat!.. Biroq shu zumda ular yana jadalladi. Jadallab boraverdi. Keyin yugurishga tushdi…

* * *

Markazga qanday borib kelganimni bilmayman. Shunisi yodimdaki, uyimga sig‘madim. Yarim tunga qadar ko‘chada yurdim. Sening darvozang oldidan necha qayta hush-behush o‘tib qaytdim. Nazarimda, darvozang oldiga yaqinlab kelishim bilan u g‘iy¬qillab ochiladiyu, sen chiqib kelasan. To‘g‘ri olding¬ga borib, qo‘lingdan tutaman-da, chekkaroqqa sudrayman. Bir og‘izgina gapim bor, shuni aytib olay. Keyin nima qilsang, nima desang — ixtiyoring, deyman… Biroq, zil-zambil darvoza, soqov darvoza ochilay demaydi. O‘tib ketolmay ko‘cha o‘rtasida turib qolaman. Oldindan yo orqadan oyoq tovushi eshitiladi. Noiloj jilaman. O‘tkinchini uzoqlatib, ortga qaytaman. Mabodo chiqib, qaytib kirib ketmasin deb shoshilaman. Darvoza yopiq. Deraza pardasiga kimlarningdir soyasi tushadi. Yuragim qalqib ketadi, tomog‘im bo‘g‘iladi. Eh, bu yoqqa chiqsang bo‘lmaydimi! Haftada bir kelasanu, uyga qamalib olganing nimasi, deyman alam bilan…
Hali kunduzi yonginamdan laxcha cho‘g‘ bo‘lib, to‘liqsinib o‘tib ketganing ko‘z o‘ngimdan ketmaydi. Hozir ham bir chekkada ma’yusgina bo‘lib o‘tirgandirsan…
Oxiri xonadagi chiroq ham o‘chdi. Derazalar mung‘ayib qoldi.

Baribir ko‘ngil uzib ketolmadim. U yoq, bu yoqqa qarab olib sekin derazang tagiga bordim. Yurak yutib ohista chertdim. Javob bo‘lmadi. Yana sekin taqillatdim. Jimlik.
— Foydasi yo‘q, — degan ovoz keldi ortimdan.
Avvaliga bir uchib tushdim. Keyin gap nimadaligini anglab, ortiq e’tibor bermadim. Ichkariga quloq tutib turaverdim. Yana chertmoqchi bo‘ldim. Ovoz takrorlandi.
— Baribir eshitmaydi. U ayasining yonida. Ichkari xonada…

Ko‘cha yuziga qaytib chiqdim. Bir mudom ta’qib etguvchi sharpa mendan ko‘z uzmay turardi.
— Nima deysan?! — dedim zarda bilan.
— Nima qip yuribsan? — dedi u savolimga savol bilan. — Kap-katta odam, yaxshimi shu ishing?!
— Aql o‘rgatma! U bilan gaplashib olishim kerak. Gunohimni aytib, kechirim so‘rashim kerak.
— Nima foydasi bor?
— Mening kimligimni bilib qo‘ysin… Ertaga texnikumiga boraman. Topib gaplashaman.
— Bir kaming shu edi, o‘zi!..
— Yo‘ldan urma! Bor, yo‘qol!..
— O‘ylab ko‘r.
— Yo‘qol, dedim!

* * *

Ertasi kuni o‘qishingga izlab bordim. Har bir ko‘ringan qizga umidvor tikildim. O‘nlab yigit-qizlar o‘tib-qaytib turibdi. Sen yo‘qsan. Keyingi kun ham texnikum darvozasi oldida ko‘zim teshildi… Ikki kun ham haligi ta’qibkor sharpa aylanishib yurdi. Biroq vajohatimdan hayiqib yaqin kelmadi. Oxiri umidsizlanib, bo‘shashib, bir o‘tir¬g‘ichga cho‘kkanimdan keyingina jur’atlanib menga yaqinlashdi.
— Mahmudxon, bu nima yurish?.. Rang-ro‘yingga qara! Es-hushingni yig‘ib olsang-chi! Brigadir oting bor, qirq-ellik odamga rahbarsan. Shu yurishingni birov bilib qolsa nima degan odam bo‘lasan?!
U bilan bahslashishga majolim yo‘q edi. Indamay bosh egib o‘tiraverdim.
— Agar tanangda issig‘ing bo‘lganida otingni avvalroq qamchilagan bo‘larding. Gunoh qildingmi, shartta bo‘yningga olarding. Endi hayit o‘tdi, birodar! Peshonangga bir urib, orqangga qaytaver!

E’tiroz qilmay eshitdim. So‘ng yana texnikum darvozasi oldiga borib, hovliga tikildim. Bino derazalariga bir-bir qarab chiqdim. Ko‘zlarim jiqqa yoshga to‘lib boraverdi. Keyin shartta orqamga qayrildim-da, yo‘lga tushdim. Avtobus bekatigacha orqamga qaramadim. Nazarimda ortimdan ergashib kelayotganday bo‘laverding. Bardoshim yetmasdan o‘girildim. Intizor ko‘zlarim, umidvor ko‘zlarim seni yana uzoq izladi…

* * *

Ayam to‘yni boshlash taraddudiga tushib qoldi. Meni ko‘ndirolmagach, Haydarov raisni o‘rtaga qo‘ydi. Ko‘klam avvalida, chigit ekish oldidan to‘yni o‘tkazdik. Qishloqning katta-kichigi xizmatda bo‘ldi. Yelib-yugurgan Umaroni, boshqa dugonalaringni ko‘rib, seni qo‘msayverdim. Kelib qolarmikansan, deb eshikka ming chiqib, qaytdim. Umarodan so‘rab bilmoqchi bo‘lib necha bor og‘iz o‘ngladim, so‘ray olmadim.
… Chimildiqqa, kelinning oldiga kiritishdi: chinchaloqda asal yalatish kerak ekan, yalatdim. Uzuk taqish kerak ekan, taqdim. Ko‘zguga qarab uni ko‘rishim kerak ekan, qaradim, ko‘rdim. Bilardim, xolamning qizi chiroyli edi, tillaqosh, zebigardonlarda yanayam xushro‘y bo‘lib ketibdi…

Ana endi olib qaytayapmiz.
Qirq chog‘li kuyovjo‘ra ko‘chani boshlariga ko‘tarib yor-yor aytib borishyapti. Ko‘pchiligi yaqinda harbiydan qaytgan yoki talabalikda yurgan yigitlar. To‘yni, yor-yoru poyandoz tortishlarni sog‘inishgan. Buning ustiga chetda, begona joyda kuyovnavkar o‘zini ko‘rsatishi, qoyil qoldirishi kerak.
Orqamizda, chang-to‘zonimizda havorang «Volga»— Haydarovning mashinasi kelyapti. Unda kelinchagim va uning yangalari. «Volga»dan keyinda ikkita yuk mashinasi: biroviga xotin-xalaj chiqib olgan, birovi bo‘sh…
Qishloqdan chiqaverishda yo‘lni bog‘lashdi.
Yo‘l o‘rtasida kursicha, unda ikkita non, likopchada tuz. Kursicha yonida o‘rta yashar bir kishi, orqasida yigitlar, yigitchalar…
Kuyovjo‘ralarim ularga qadalib to‘xtashdi. O‘r-yor ham tindi. To‘yboshimiz Safar amaki mashinadan tushib keldi.

— Xo‘-o‘p, qani, kim bilan gaplashamiz?! — deya cho‘ntagiga qo‘l soldi.
— Bizminan, aqsaqal, — dedi kursicha yonidagi qirg‘iz qovoq kishi.
— Yashanglar, rasmini qilish kerak… Mana, inim… — Safar amaki pul uzatdi.
— Mengamas, aqsaqal, anov jerga qo‘ying. Nan bilan tuzdi haqi…
— To‘ppa-to‘g‘ri, inim. Mana, bo‘ldimi?..
— Qo‘shing, aqsaqal, jichcha qo‘shing. Qottiqlik qilmang!..
— Shunaqa deng!.. — qiziqqon Safar amaki qo‘liga ilashib chiqqan pullarning hammasini kursicha ustiga tashladi. — Bo‘ldimi?!
— Voy-boyov, aqsaqal, bu ne qilganingiz, ko‘p-ku?!. Bo‘pti, omin, qo‘sha qorishsin!..
O‘rtadan kursicha ko‘tarildi.

Jo‘ralarim yor-yor boshlashdi. Biroq oldingga siljishmadi. Yo‘l hali ochilmagan, yo‘lni to‘sganlar qimir etmasdan turishardi.
— Yo‘limizdi beringlar, biz ketaylik! — dedi Safar amaki.
Ulardan sado chiqmadi. Safar amaki chetga chiqqan to‘daboshini chaqirdi.
— Ho‘v, inim, ayting bolalaringizga. Ko‘ngli to‘lmagan bo‘lsa, aytishsin, pul qo‘shaylik yana!..
— E, jo‘g‘-ye, aqsaqal, bizda qizni pulga satishmaydi.
— Pulingiz kerak emas bizga! — dedi to‘dadan bittasi.
— Bo‘lmasa nima kerak, a, nima kerak deyapman?!— deya baqirib berdi Safar amaki.

U yoqdan javob bo‘lmadi. Safar amakining yoniga uch-to‘rtta yoshi katta qo‘shildi. Biznikilar o‘rtasida g‘ala-g‘ovur qo‘di. Pichingu kinoya, do‘q-po‘pisalar boshlandi. Xuddi shu mahal bir baraka topgur yor-yor boshladi.

Bir yostiqqa ikki bosh,
yor-yor, yorone,
Ikkisi ham qalam qosh,
yor-yor, yorone!..

Safar amakilar bilan yo‘l to‘suvchilar orasida nima gap-so‘zlar o‘tyapti, eshitilmasdi. Taxminimcha, faqat biznikilar gapirar, ular miq etmasdan turishardi. Yigitlarga razm soldim. Bir-ikkitasi ko‘z tanish ko‘rindi. Anovi do‘ppili novchasi, keyin matroscha ko‘ylaklisi ham. O‘zi nima o‘ylagani bor bularning? Janjal qo‘zg‘ashmoqchimi, mast-alastmi? Ha, shunaqaga o‘xshab qoldi. Chetdan kelin olishning o‘zi bo‘larkanmi?!
Biznikilar yor-yor aralash hushtagu qiyqiriqlarni avjga chiqarishdi. Demak, bu boshlanishi!..

Mezbonlar to‘daboshisi uyaldimi yo cho‘chib ketdimi, o‘rtaga otilib kirib, haligi matroscha ko‘ylaklining qo‘lidan siltab tortdi. Boshqalarini turtib-nuqib chetga chiqardi.
Yo‘l ochildi.
— Qani, yurdik, bolalar, — dedi Safar amaki xiyla xotirjam tortib. — Lekin moshinga chiqish yo‘q. Yoyilib olinglar. «Volga»ni o‘rab yuringlar.
Safar amakining xavotirida jon bor edi. Haligi yo‘lto‘sar yigitlar qishloqqa qaytib kirishmagandi.

Tosh ko‘chadan ketyapmiz. Ko‘chaning ikki cheti endigina yaproq yozayotgan tutqator. Naryog‘i chigit ekishga taxtlab qo‘yilgan dalalar… Jo‘ralarim hamon yor-yor aytib borishardi. Lekin yoyilib yurishganidan yor-yor avvalgiday qovushmasdi. Aytmay qo‘yishdi. Tosh ko‘cha tugadi. Bilqillagan tuproqdan ketyapmiz. Chang ko‘tarildi. Atrofimdagilar siyraklashdi. Yo‘lni terib yuraboshlashdi. Biroviga (Kozimga shekilli) shipshidim: Safar amakiga aytgin, moshinga chiqsak bo‘lar endi…
Gapim Safar amakiga yetib ulgurmadi.

Qarshimizda lop etib olov paydo bo‘ldi-da, butun yo‘lni to‘sdi. Nazarimda, hamma bir seskanib oldi. Xotin-xalaj qiy-chuvi quloqqa chalindi. Benzinga bo‘ktirilgan o‘rik tanasi gurillab yonar, yaqin-atrofda hech kim ko‘rinmas, odamlar alang-jalang edi: tosh-posh kelib tegsami!..
Mashinalardan temir-tayoqlar topib kelishdi. Ko‘plashib o‘rikni suvsiz ariqqa surib tushirishdi. Daraxt oppoq tutun buruqsitib qolaverdi, biz yo‘lda davom etdik.
Yigitlarda harbiy jahd uyg‘ongan, jiddiy, kamgap, yenglar shimarilgan, yo‘lida uchragan kimsani tepkilab tashlagudek vajohatda oldinlab borishardi… Dayravot boshlandi. Yo‘limiz ilon izi bo‘lib, quyuq changalzorni oralab ketdi. Bo‘sh mashina oldinga o‘tdi. Safar amakining qistovi bilan unga chiqib oldik. «Volga» ikki yuk mashinasining o‘rtasida bordi.

Changalzor adog‘idan anhor oqadi. Anhor ko‘prigidan o‘tib olsak, naryog‘i o‘zimizning yerlar… Biroq, ko‘prik ustida bir to‘p yigit ko‘rindi. Yigirma chog‘liq. Bu endi haddan oshish edi. Endi o‘zlaridan ko‘rishsin. Mashinadan tappa-tappa tashladik-da, ko‘prikka qarab yugurdik. Men ham endi kuyovmas, g‘azabga mingan sheriklarimning bittasi edim.
Yo‘l to‘suvchilar ikki qator, qo‘ltiqma-qo‘ltiq bo‘lib tizilishgan.
Ular bilan yuzma-yuz keldik.
Cho‘zsak, qo‘llarimiz yetadi. Nafas olishlarimiz baralla eshitiladi. Himoga mahtalmiz.
Jiqqa terga tushib, chakka tomirlari bo‘rtib ketgan Safar amaki apil-tapil oraga yorib kirdi.
— Hovliqmang!.. To‘xta, to‘xta, deyapman! Jim!

Safar amaki biznikilarni tinchitgach, ko‘prikdagilarga yuzlandi.
— Qani, o‘g‘illarim, o‘zi nima gap? Maqsad nima?!
Jimlik.
— Nimaga indamaysizlar? Yo‘lni beringlar, eson-omon manzilimizga yetib olaylik!..
Tavba, miq etmasdan eshitishadi-da, turishaverishadi.
Bular o‘zi odam bolasimi yo jin-alvastimi!..

Shu choq xayolimga lop etib bir gap keldiyu, bo‘shashib tushdim.
«Nahotki!.. Yo‘g‘-ye, unaqamasdir?!.»
Lekin har qancha chiranmay o‘sha sovuq gap miyamdan ketmay qoldi.
Sekin sirg‘alib to‘dadan chiqdim…
Anhor tubidan oqib borayotgan suv arang jimirlab ko‘rinar, qirg‘oqdagi hali barg yozib ulgurmagan tollar sukut saqlar, orqamizda qolgan ulkan changalzor allanechuk sirli oqarib ko‘rinar, o‘n to‘rt kunlik oy esa bahaybat qora bulutlar yorig‘idan mo‘ralashga urinib yotardi. Hammasi xuddi tushdagidek. Koshki edi tush bo‘lsa…

Oldinda turgan mashina haydovchisi baqirdi.
— Menga qaranglar, hoy yo‘lto‘sarlar! Yaxshilikcha yo‘ldi ochsang, ochding, bo‘lmasa ustingga haydavoraman, onangdi ko‘rasan hammang!..
Kabina eshigi qarsillab yopildi. Mashina vag‘illab bostirib keldi. Biroq biznikilar ham chetga chiqmagach, ularga taqalib to‘xtadi. Bosib signal bera boshladi. Safar amakining hayhaylashiga qaramay, kuyovjo‘ralarim yana oldinga tashlanishdi. Lekin yo‘lto‘sarlarning hech bir qarshiliksiz, qimir etmay turishganini ko‘rib, o‘z-o‘zidan to‘xtab qolishdi.
Men yurak hovuchlab turibman. Hozir bittasi bir narsa deb yuboradi-da, sharmandam chiqadi. Yigitligim bir pul bo‘ladi. Baxtimga yo‘lto‘sarlardan sado chiqmasdi. Lekin qachongacha?..
Toqati toq bo‘lgan Safar amaki do‘ppili novchaga ro‘para bo‘ldi.
— Ho‘v musulmonni bolasi, insof bormi senda?! Yoki bir kambag‘aldi to‘yini azaga aylantirmoqchimisan, a?! Maqsadingni ayt!..

Bunday qarasam, Temur amakim oraga kirib kelyapti. Qalin qoshlari chimirilgan, qoracha yuzlari bo‘g‘riqqan. Uni ko‘rganlar o‘z-o‘zidan chetlanib yo‘l bera boshladi.
«Ha, ana, Temur amakidek odamning bardoshi tugabdimi, kulminatsiya degani shu bo‘ladi!»
Beixtiyor uning orqasidan to‘daga intildim.
Safar amaki do‘stining yo‘lini to‘sdi.
— Temurjon, siz aralashmang, — dedi-da, ke¬yin vajohat bilan novchaga baqirdi. — Chetga chiqasanmi, yo‘qmi! Oxirgi marta aytayapman!

Vujudim muzlab ketdi: ana hozir, hozir… bir og‘iz gapiradiyu, keyin tamom!..
Yo‘q, novcha boshini egdi. Keyin yonidagilarga qaradi. Yonidagilar ham indamay yerga ko‘z tikishdi.
— Nega indamaysan?!

Shu payt safdan qizil katak ko‘ylakli, ozg‘in, tikanak sochli yigit uzilib chiqdi. Biznikilarni oralab o‘tdi-da, «Volga»ning yonida to‘xtadi. Unga bir zum tikilib qoldi.
«Tamom! Hammasi ravshan! Bo‘ldi, uylanib bo‘ldim. Endi orqaga qaytarish kerak. Menga bunday xotinning keragi yo‘q. Kerak emas!.. Safar amakiga aytayin, qaytarsin. Uni olib ketmaylik, kerak emas!..»
Qancha urinmay, bu gaplar sirtimga chiqmas, karaxt bo‘lib turardim.
Yigit boshini osiltirib, «Volga» yonidan uzoqlasha boshladi.
«Men o‘zim badbaxtman, birovniyam badbaxt qilyapman, uni to‘xtatish kerak!..»

Yo‘q, birovning baxtini qaytib berishga baribir o‘zimda kuch topa olmadim. Katak ko‘ylakli yigit changalzorga kirib g‘oyib bo‘ldi. Uni ilgari ko‘rmagandim. Ammo bir ko‘rganim o‘zida ko‘zlarimga shundoq o‘rnashdiki, endi hech qachon unutolmasam kerak.
Qarshimizdagi saf to‘zidi. Ko‘prikda tarang tortilgan po‘lat simlargina yaltirab qoldi. Simlar qirqildi — yo‘l ochildi. Jo‘ralarim mashinalar tomon yurishdi. Yer ostidan ularga ergashdim.
Uyimiz oldida lovullagan, ko‘kka o‘rlagan gulxan kutib oldi bizni.

* * *

Shohsanam, o‘sha gulxanni eslaysanmi?
Juda ulkan, mahobatli edi. Uyimiz oldidagi shamshodlar bilan bo‘ylashib lovullardi. Ishonsang, shu olov ichiga to‘g‘ri kirib boraversam-chi, degan o‘y xayolimdan kechibdi.
Gulxanni o‘ragan qiz-juvonlarga, ularning olovlanib turgan yuzlariga ancha keyin ko‘zim tushdi. Ko‘zim tushganiki, seni izlay boshlagandim.
Haydarovning «Volga»sini bola-baqra o‘rab oldi. Gurillagan yor-yorni ularning hayqirig‘i bosib ketdi.
— Ololmaysan! Hoh! Ololmaysan! Hoh!..

Bolakaylar meni dadillikka, kelinchakni yangalar quchog‘idan yulib olib, gulxanni aylantirishga, yigitlik qudratimni ko‘rsatishga da’vat etishyapti. Yon-verimdagi jo‘ralarimning ham da’vatkor gap-so‘zlari, hazil-huzullari qulog‘imga chalinadi. Lekin ularga qarayolmayman, hazillariga javob qilolmayman…
Safar amaki «Volga» yonida. U mashinadagi yangalardan, kelinchakning yonidagi bolakaydan kelinni «sotib olish» bilan ovora. Nafasim siqib, bo‘g‘ilib boryapman. Hammasi tezroq tugasa edi, deyman. Betoqat alanglayman, seni izlayman. Qadrdon og‘aynilarim qurshovida ekanligim, Safar amakimning otam bo‘lib kuymanishlari — hech biri yupanch berolmayotgan edi. Bu g‘ujg‘on olomon ichida yakka-yol¬g‘iz edim. Menga faqat sen kerak eding. Agar ko‘rinib qolganingda yugurib borib, qo‘llaringdan tutarmidim, bilmadim! Kelin bu yoqda qolib, seni ko‘targancha gulxanni aylantirarmidim, bilmadim?!
Lekin, seni izlayotgan edim…

Meni qurshab, qo‘ltiqlab «Volga» eshigiga ro‘para qilishdi. Eshik lang ochildi. Iljaygan bolakay mashinadan tushib, yo‘l berdi. Ro‘paramda harir parda yopingan kelinchak, men uchun dunyoga kelgan, menga bir umr hamroh bo‘lguvchi inson!.. (Axir??!)
Qoshi o‘smali, zulfi to‘zigan kulcha yuzli juvon uni quchoqlab, jilmayib turibdi. Qiyg‘och, surmali ko‘zlari: oling, bu sizniki, deyapti. O‘zi esa: osonlikcha bermayman, kuyovto‘ra, ovora bo‘lasiz, deya sharaqlab kuladi.
Eh, bermasa koshki edi. Ko‘tarib olodmasam-da, qizlarini qaytib olib ketishsa koshki edi! Mayli edi, shuncha sharmandalik ustiga sharmandalik, isnod ustiga isnod bo‘lsin edi!..
Yo‘q, bolakaylar baqir-chaqiri quvvat berdimi yoki alamlar kuchimi, kelinchakni bir siltab tashqariga oldim. Boyagi juvon quvonch bilan hay-haylagancha mashinadan sirg‘alib tushib ketdi. Bolalar qiyqirig‘i avjiga chiqdi.
Parday yengil, nozik vujudni (Sanamjon, kechir, bu tomoshalarni ko‘rib turganmiding?!) ko‘tarib, gulxanni ikkimi, uchmi aylantiribman. Shovqin-surondan qulog‘im bitgan. Cho‘g‘day yongan yuzlar lip-lip yonimdan o‘tadi. Men lapanglab gulxan aylanaman. Bilmayman, nechanchi bor aylanishimda birov yengimdan tortganday bo‘ldimi, o‘zimga keldim. Kelinchakni yangalariga topshirdim… o‘ala-g‘ovur pasaydi. Gulxanga g‘o‘zapoya tashlab yana lovullatishdi. Yangalar kelinchakni yana bir qur olov aylantirishdi-da, darvozamizga ro‘para bo‘lib to‘xtashdi. Onam kalovlanib kelib, kelinini o‘pdi…
Keyin men seni izlab ketdim.

Eshiging oldida meni quvib yetishdi. Kozim hansiragancha yo‘limni to‘sdi.
— Ha, kuyovto‘ra, yo‘l bo‘lsin?! — dedi u xushchaqchaqlik bilan.
— Bilmaysanmi? — dedim ho‘mrayib.
— Bilaman, bilaman, — dedi sirli iljayib og‘aynim.
— Bilsang, yo‘limdan qoch!
— Qoyil-ye, jo‘ra, bir pasda qayoqdan urib oldingiz? — deya shang‘illadi Kozim. — Mensiz-a, yaxshi emas!
— Men ichibmanmi, men-a? Qani, bu yoqqa kel-chi, — deya yoqasidan tortib, og‘ziga kuhladim. — Ichibmanmi?!
— Yo‘q, yo‘q, adashibman, jo‘ra.
— Bo‘lmasa, yo‘limni to‘sma!

Kozim battar yopishib, avrashga tushdi. Mehmonlar qarab qolishdi, yaxshimas, deb sherigi bilan qo‘ltig‘imdan olmoqchi bo‘ldi. Lekin bo‘y bermadim. Bo‘pti, shu yerda qarab tur, bir og‘iz gapimni aytamanu, qaytib chiqamag, dedim. Mayliku-ya, lekin Shohsanam yo‘q-ku, dedi uylaring tarafga qarab olib. U shahardan kelmagan, kelganida to‘yga borgan bo‘lardi, to‘g‘rimi?.. Atayin kelmagan, ko‘rma¬yinam, kuymayinam degan. Tushundingizmi?.. Qizlar shunaqa bo‘ladi, jo‘ra… Bo‘pti, bu safar ham gapingga ishontirding, dedim. Keyin tirsagidan tutib, o‘zimga tortdim.
— Menga qara.
— Qaradim, jo‘ra, nima deysiz?

Yuziga tarsaki tortdim. Kozim chayqalib ketdi.
— Bu nima qiliq?! — dedi alam bilan.
— Bo‘ldi, boshqa gapim yo‘q, — deya qo‘ltig‘idan oldim. — Ketdik.

* * *

Kozimga ishonib, bu safar ham aldanibman.
Sen kelgan ekansan, Sanamjon. To‘yga boribsan. Umaro bilan, yana uch-to‘rtta dugonang bilan hovlimizda rosa o‘yin qilibsizlar. Ayam niyat qilib olgan sarupo — choponim, do‘ppimni kiyib, qiyiqchamni bog‘lab, davrani rosa qizdiribsan. Xuddi o‘sha mahallarda men u yoqda, xolamning hovlisida kuyovlik sarposida bo‘lganimni, chimildiqda kiftim uning kiftiga tegib turganini, barmog‘iga uzuk taqqanimu, chinchalog‘imda bol yalatganimni, husnini oynada ko‘rib entikkanimu, yuragim qiziganlarini nahotki, sen ko‘rib turganding, tuyib turganding, Sanamjon?!

Umaroga qo‘shiq ayttirib, dugonalaringni davraga olib chiqib, rosa o‘ynatibsan, tindirmabsan. O‘zing ham tinmabsan. Do‘pping atrofiga chambarak qilingan soching sirg‘alib tushib, orqa-oldingni tutib ketibdi. Yuzlaring laxcha cho‘g‘ bo‘lib, ko‘zlaring allato‘sin chaqnab, dam badam yoshlanib davrada charx uribsan. Sezganlar nimanidir sezibdi, sezmaganlar, akasining to‘yida yayrayapti, debdi.

Uh!.. Koshki edi, shunday bo‘lganida, singlim bo‘lib yayraganingda!.. O‘shanda, chaqaloq paytingda, senga Xosiyat xolam emas, ayam ko‘krak tutsa bo‘lmasmidi, menga singil bo‘lib qolsang bo‘lmasmidi?!
Choponim ushoqqina tanangni, qiyiqcham nozik belingni siqib, quchib turgan. Yo‘q, siqmagan, quchmagan, olov bo‘lib kuydirgan, olov bo‘lib o‘rtagan. Bu qadar o‘rtanmasang bo‘lardi, Sanamjon!.. Men… Men bunga arzimas edim.

* * *

Azob ekan, azob!.. Yoningda suluvgina qaylig‘ing bo‘lsayu, u bilan o‘ynab kulolmasang. O‘ynab-kulging kelsayu, oriyating yo‘l bermasa!.. Dala-to‘shda yuraman, tuyqusdan yuragim orziqib qoladi. Uyimdagi kelinchagim yodimga tushadi. Uning jovdiragan ko‘zlari, ingichka, tutash qoshlari, xiyol mallatob mayda o‘rim kokillari, nozik barmoqlari, mayin bilaklari lappa-lappa ko‘z oldimga kelaveradi. Vujudim qiziydi. Tezroq kun botishini ichikib kuta boshlayman. Ba’zida shu zahoti mototsiklimga o‘tirib, qishloqqa jo‘nayman. Lekin uyga yetar-yetmas yuragim muzlaydi. Ulovdan behol tushaman. Oldga bosishni ham, ortga qaytishni ham bilmay, arosatda turib qolaman… Shunda yo‘q yerdan u paydo bo‘ladi. U deyapmanu, aslida uyam mening o‘zim, mening ikkilanganim…
«Buncha ziqna bo‘lmasang, Mahmud!» deydi u g‘ijinib.
— Xo‘sh, nima qilay?! — deyman zarda bilan.

«Nodon, bunday o‘ynab-kulsang-chi! Ko‘z ochib-yumguningcha bari o‘tib ketadi. Uni birovdan qayeri kam?.. Odobli, hayoli bo‘lsa. Eshikda ko‘rinishing bilan dik etib ta’zimga tursa… Xizmatkashligini aytmaysanmi, sho‘rlik ayang endigina tinim topdi. Qo‘lini sovuq suvga urdirmay qo‘ydi. «Ayajon» deb joni halak. Choy uzatishlarini, qizarib-qimtinib gapirishlarini qara!».
— Hammasi soxta bo‘lsa-chi, aldov bo‘lsa-chi!..
«Hecham o‘xshamaydi. Ko‘zlarini qara, xuddi ohunikidek hurkak, uyatchan. Balki, shuning uchunam undan gumonda bo‘lsang kerak-da? Hali yosh qizcha-ku u! Kechagina onasining bag‘ridan chiqib kelgan qizcha uyaladi-da! Bordiyu, ko‘zlari toshdekkina bo‘lib qadalib turganida gumon qilmasding-a?..»
— Axir, hammaning ko‘z oldida sharmanda bo‘ldim, haligilar o‘lib-tirilib yo‘l bog‘lashdi!..

«Yo‘l bog‘lash — udum!..»
— Faqat udum bo‘lsa, koshki edi. Ko‘prikni simpech qilishdi, mayli, non-tuz ko‘tarib chiqishdi, mayli. Daraxtni nega yoqib tashlashdi?! Bu nima degani? Meni kuydirib ketayapsan, degani emasmi?! Bundan chiqadi, anovi bolaga so‘z bergan-da!..
«Qo‘ysang-chi!.. So‘z bergan bo‘lsa, tegardi. Senga rozilik bermasdi. Ayangning bir marta borishidayoq, ish bitdi-ku. Unda ko‘ngli bo‘lganida oyoq tirab, tegmayman, deb turib olmasmidi?! Keyin, qiz bolaga necha bittasi ko‘ngil qo‘yadi, ortidan surgaladi, gap tashlaydi. Lekin, bittaga taqdir qiladi. Mana, sen o‘zing, Shohsanamni mushtday boshidan yaxshi ko‘rding. Biror marta qo‘l tekkizishga hadding sig‘madi-ku!..»
— Hammayam mendek latta emas-da!.. Men sira ishonmayman, loaqal o‘sha nozik barmoqlaridan, bilaklaridan biror bor ushlamaganiga!.. Lablaridan…
«E, bas qil-ye! Nimalar deyapsan, xotiningni-ya!»
— Uf!.. Qanday kunlarga qoldim-a!

«To‘xta-chi, nega Shohsanamni eslamay qo‘yding? Nuqul o‘zing bilan o‘zing ovorasan. Hozir u qanday ahvolda ekan? Unga atalgan chimildiqqa boshqa birov kirdi. Unga atalgan to‘shaklar boshqaga nasib etdi. U suygan yigit boshqa birovni bag‘riga bosdi!.. Sho‘rlik Sanamjoning bunga qanday bardosh berayotganikin?!»
Mulzam tortib, jim qolaman. U endi yupatishga o‘tadi.
«…Seni tushunaman, lekin o‘tganni qaytarib bo‘lmaydi. Endi ko‘proq oilangni, Zumradni o‘ylaganing ma’qul. Lekin, bunaqa ahvolda yashab bo‘lmaydi, shubha gumonlar seni xarob qiladi. Masalani tezroq bir yoqlik qilishing kerak. Zumrad bilan ochiqchasiga gaplashib ol. Baqir-chaqir qilmasdan, mayin-mayin so‘rab olgin. Shoirsan-ku, soddagina bir qizaloqning ko‘ngliga kirishing shunchalar qi¬yinmi, he omon bo‘lgur-a!..»

…Nihoyat, bir to‘xtamga kelaman-da, ostona hatlayman. Biroq kechasi ayam yotog‘iga ketib, Zumrad bilan yolg‘iz qolishim bilan shahdim so‘nadi. Niyatimni ke¬yinga suraman. Ko‘p o‘tmasdan yana azob, iztirob boshlanadi. O‘zimni beburd ham deyman, orsiz, nomussiz ham deyman…
Yozning oxirlarida sening to‘ying bo‘ldi. To‘ydan qovrilib, jizg‘anagim chiqib qaytdimu, na qulay fursatni, na omadi gapni kutib xotinimni qiyin-qistovga oldim…

* * *

Shohsanam, menga u haqda ko‘p gapirarding.
Sening gaplaringdan uni juda tirishqoq, o‘qishdan boshqa narsani bilmaydigan, ruscha maktabda o‘qiganidan tiliyam, fe’liyam o‘rischa bo‘lib ketgan va yana negadir ozg‘in, novcha, rangpar bir bolani tasavvur qilardim. Birinchi gal Aktyubinskdagi Aviatsiya institutidan yiqilib qaytganida «Rustam aka endi o‘shaqqa borib yotib olmoqchi, o‘qishga kirmasdan qaytmayman, deyaptilar», deb maqtaganingda g‘ashim kelgandi. Sharoitim ko‘targanida menam shunday qilmasmidim, Toshkentga ketib, bir-ikki yil harakat qilsam, qo‘limdan kelmasmidi! Uning otasi maktab direktori, onasi bog‘cha mudirasi ekan. Har qancha harakat qilsa, tirishsa yarashadi. Ortiga qaraydigan odami yo‘q!.. Shularni ko‘ra bila turib uni maqtab yotibsan, deb o‘zimcha dilim og‘rigandi… Lekin shunga qaramay, unga ich-ichimdan tan berardim. Hatto senga aytgan bir gapi uchun keyinchalik g‘oyibona hurmat qila boshlagandim. O‘sha paytlarda bizda o‘n beshta uchuvchiga atigi bitta yo ikkita o‘zbek uchuvchi to‘g‘ri kelarkan. O‘sha bitta, ikkita uchuvchi ham faqat mahalliy yo‘nalishlarda uchishgan ekan. Buning sababi, birinchidan, O‘zbekis¬tonda aviatsiyaga aloqador bilim yurtining, institutning yo‘qligi bo‘lsa, ikkinchidan, yigitlarimizning sog‘lig‘i ko‘tarmas ekan. Ko‘pchilik Orenburgga, Saratovga, Aktyubinskka borgan bolalarning aksari tibbiy ko‘rikdan o‘tolmay qaytisharkan. «Bitta o‘zbek ko‘payishi uchunam o‘qishga kirishim kerak!» degan gapi menga juda yoqib ketgandi. Va o‘qishga kirganini eshitib, ochig‘i, quvongandim. Quvongandimu, lekin o‘sha tirishqoq uchuvchi bola bir kun kelib mening Shohsanamimga (!)… ega chiqishi yetti uxlab ham tushimga kirmagan edi.

Shu tobda yonimda bo‘lganingda xuddi shunday gapni balki sen ham menga aytgan bo‘larmiding: siz ham bir kun kelib xolangizning qiziga indamaygina uylanib olarsiz, deb o‘ylamagandim, deb ta’na qilarmiding, Sanamjon?! Ta’na qilishga haqli eding!..

Lekin bitta narsa yuragimni betinim kemirardi: nega u institutni bitirmayoq uylanishga rozilik beribdi? Demak, senga ko‘ngli bor ekan-da. Sen ularnikida turib o‘qirding. Bundan chiqadi, har ta’tilga kelganida sen bilan uchrashgan, ikkovlaring yuzma-yuz o‘tirib, uzoq-uzoq suhbat qurgansizlar. U o‘rischa-o‘zbekcha aralash qiziq gaplari bilan seni kuldirgan, hatto gap orasida o‘rischa qilib sendan «qo‘lingni so‘ragan» ham bo‘lishi mumkin… Axir, Sanamjon, bu dahshat-ku! Nahotki, mendan bekitgan siring bo‘lgan?!.
Shunday o‘y-xayollar ichimni itdek tirnab yurganida Xosiyat xolamning bir gapi meni xiyol yupatdi: Rustamning sovchilari kelganida sen Umarolarning uyida bo‘lgansan. Xosiyat xolam ko‘nglingni bilgani oldingga kirsa, yum-yum yig‘lab yotgan emishsan. «Xolamning o‘g‘li tugul yetti yot begonadan kelgandayam endi menga baribir, xolajon», deb uning bo‘yniga osilib yig‘labsan. Shundan keyingina mening xudbinona gumonlarim tarqaldi. Chunki, o‘shanda sening Umarolarnikiga qamalib olib, qon yig‘lab yotishinggayam, shaharlik sovchilarga o‘ylab-netib o‘tirmasdan rozilik berib yuborishingga ham yana mening navbatdagi gumrohligim sabab bo‘lgan edi. Men gumroh bo‘lmasam, kelib-kelib o‘z Sanamjonimning uyiga o‘zim sovchi (!) bo‘lib boramanmi?! Yo‘q, yo‘q, bunday ko‘rgulik hech bir yigitning boshiga tushmasin!..

* * *

O‘shanda avgust avvali edi.
Dalada ish xiyla sanjoblashgan, bir oz yengil nafas ola boshlagan edik. Peshinda uyga kelib, yuvinib tursam, darvoza taqillab qoldi. Yelkamda sochiq bilan chiqsam, Safar amakining o‘g‘li turibdi.
— Otam chaqiryaptilar, borarkansiz, — dedi.
— Tinchlikmi, Sobirjon, otang tuzukmi o‘zi?— dedim hovliqib. Safar amaki bugun dalada ko‘rinmagandi.
— Ha, tuzuklar, boshqa gap bor shekilli?! — dedi noxushgina.
— Nima gap, aytaver?!
— Ha, shu, — dedi chaynalib, — Umaroga odam kelibdi.
— Bo‘pti, hozir orqangdan yetib boraman.

«Hoynahoy, Amirjondan kelgan, xizmatdan qaytgunicha oyog‘ini bog‘lab qo‘yishmoqchidir», degan xayolga bordim men.
Safar amakining eshigi oldida ikkita «Volga» turardi. Biri Haydarovniki, ikkinchisi notanish. Taraddud bilan ichkari kirdim.
Mehmonlar sadaqayrag‘och tagidagi chorpoyada ekan. Safar amaki o‘rnidan turib, meni qarshi oldi.

— Kel, jiyan.
— Qani, keling-chi, Mahmudboy, — dedi rais bobo. — Vaalaykum. Yaxshimisiz, ishlar qandoq?..
Haydarovning yonida xuddi o‘zidek basavlat kishi, yana novchagina yigit, chamasi mehmonning haydovchisi. Karavotga taqalgan o‘tirg‘ichda esa Tal’at aka — rais bobomizning haydovchisi o‘tirardi. Tal’at akaning yoniga cho‘kmoqchi bo‘lgandim, rais bobo meni yuqoriga taklif qildi. Keyin yonidagi basavlat mehmonga o‘girildi.
— O‘rtoq Saydiyev, qishloqdi kattasi ana shu yigit bo‘ladi. Qancha arzingiz, iltimosingiz bo‘lsa aytaverasiz.
— Juda yaxshi-da, — dedi mehmon kulib.

Bu odamni qayerda ko‘rgan ekanman, deb turuvdim, familiyasini eshitishim bilan esladim.
— Qizni boqqan, katta qilgan — Safarboy. Lekin, inon-ixtiyordi bir chekkasi bu yigitgayam taqaladi. To‘g‘rimi, Safarboy?
— Albatta, rais bovo. Kattamiz desak, arziydi. Ma’rufxon jo‘ramdan qolgan bitta yodgorlik shu bizga. Baraka topsin, jo‘ramdi chirog‘ini o‘chirmadi, — dedi Safar amaki.
— Mahmud, o‘rtoq Saydiyevni taniysan-a? — rais bobo negadir dam sizlab, dam senlab gapirayotgandi. — «Kommuna»ning raisi. Lekin, raisligi o‘ziga-ku, bu odamdi bizga o‘tqazib qo‘ygan jeri bor, — dedi mehmonning shevasiga taqlid qilib. — Bir okopda yotganmiz. Manov jelkasida uch chaqirim jayg‘a ortmoqlab borgan bizni. Shunaqa birodarmiz, bilsang…

Haydarovning kayfi chog‘, bunaqa hazilomuz gaplarini birinchi marta eshitib turardim. U yana davom etdi.
— Mana bu yog‘igayam yelkama-yelka boryapmiz. Daryo¬ning naryog‘ida bu, bu yog‘ida biz. Hecham ortda qolgisi kelmaydi.
— O‘rtoq Haydarov, sal noto‘vri gap qildingiz. Siz haliga dovur jelkamizdasiz. Ba’zi-ba’zida boshimizgayam chiqib ketasiz-ov! — deya askiya qildi Saydiyev.
Raislar xoxolab kulishdi. Haydovchilar yayrab kulishdi. Men kuldim. Safar amaki kulimsirab qo‘ydi. U o‘ylovda qolganday edi. Gurung qizidi. Osh-ob yeyildi.
— Endi, gap bunday, — dedi Saydiyev oxirida.— O‘rtoq Haydarov, birgad inim, Saparboy inim… Bu kelishim sovchilik emas. Bir tanishuv. Shu bahana mana Rustam o‘rtoq bilan gurung qildik. Kalxozdi ishiga almashtirib qo‘ygan bu yoru oshnoni… Hali sovchilar keladi. Rasm-rusumini qilasizlar. Mana bu birgad inim bizga kuyav ekan. Bizdi kenjatoy, nasib qilsa, sizlarga kuyav bo‘ladi. Xullas, oldi-berdimiz azaldan bor, yana dovam etaberadi… Mayli, endi bizga ruxsat…
Fotihadan so‘ng qo‘zg‘alishdik.

Ko‘chaga chiqqanimizda Saydiyev:
— Yana bir narsa yaddan chiqay debdi-ku, — dedi-da, Haydarovning qo‘ltig‘idan olib, chekkaga boshladi. Bir pas o‘tib, Haydarov meni yoniga imladi.
— Rais bovongni Ma’mura xolangnikiga boshlab borasan, xo‘pmi, — dedi-da keyin do‘stiga xayrlashgani qo‘l cho‘zdi. — O‘rtoq Saydiyev, mana shu yigitti sizga topshiraman. Xafa bo‘lmaysiz. Bizdi majlis bor,— dedi.

* * *

Saydiyevning mashinasidan tushib, eshiklaringga ro‘para bo‘lganimda dastavval senga ko‘zim tushdi. Umaro bilan hovli yuzida gaplashib turgan ekansizlar. Tezgina o‘zlaringni ichkariga oldilaring. Ma’mura xolam bizni kutib olib, chorpoyaga o‘tqazdi. Xolamga qarayolmay bosh solib o‘tirdim. Sen choy damlab keltirding. Bosh ko‘tarmasdan, bir qur ko‘z tashlab olishga o‘zimda kuch topdim. Aslida nari-berisini surishtirmasdan, Saydiyev bilan boshlashib kelaverishdan ham ilinjim shu edi: uzoqdan bo‘lsa-da, seni bir ko‘rish edi. Uzoqdanmas, qo‘l yetgulik masofadan ko‘rib turardim seni. Yupqa lablaring bir oz qimtilgan, boshqa hech kimnikiga o‘xshamaydigan kamon qoshlaring ustida bir tutamgina kokillaring chiroyli to‘zg‘ib turar, bir oz siniqqan ko‘rinsa-da, chehrang o‘sha-o‘sha nafis, latofatli edi. Ko‘zlaring esa yerdan uzilmadi. Ular mendan nimanidir bekitdi: araznimi, nafratnimi…
Ayang menga qaradilar.

— Xola, bu kishi Saydiyev bo‘ladilar. Rais bovo, «Kommuna»ning raisi, — deya boshlab kelgan mehmonimni tanishtirgan bo‘ldim.
— Xush kelibsiz, rais bovo, — dedi xolam kulimsirab.
— Xushvaqt bo‘ling, siynim, — so‘zamol qariya bir qo‘zg‘alib o‘rniga o‘rnashib olarkan, davom etdi.— Andak bemavrid kep qoldik. Faqat iltimos, hech narsaga urinmaysiz. Hazirgina Saparbay inimdikida ziyapatda edik. Siynim, aslida Haydarov o‘rtag‘im bilan boshlashib kelmoqchi edik. O‘rtoqdi majlisi chiqib qoldi. Rayonga ketdi. O‘rniga mana birgad inimizdi qo‘shib yubordi. O‘zi yosh bo‘lsayam shu qishloqdi kattasi, dedi. Buni qarangki, Mahmudjon bizga kuyav chiqib qoldilar… Xo‘sh, endi siynim, muddaoga ko‘chaversak-a… — qariya choydan ho‘plab olib, tomoq qirib qo‘ydi. — Biz bu eshikka qulchilikka kep turibmiz!

Ayang ikkimiz baravariga yalt etib unga qarabmiz. Shu choq ichkarida Umaro baqirib yubordi.
— Nima dedi?!
Ayang xona derazasiga qarab oldi-da, Saydiyevga o‘girildi.
— Qulchilikka dedingizmi?!— dedi ajablanib.

Mening etim muzlab, Saydiyevga qarab angrayib qolgandim.
— Ha, siynim, shunday bir yaxshi niyatda kep turippiz, — dedi bizning ahvolimizdan bexabar qariya iljayib. — Bog‘ingizda bir gul bo‘y ko‘rsatibdi. Shuning isini olib, xaridor bo‘lib keldik…
Haligina muz qotgan etim bir zumda qizib, yuz-boshlarim chatnay boshladi. Vujudimda uyat, alam, iztirob, nafrat tuyg‘ulari junbushga kelib, hammasi birlashib tomog‘imga qadalganday bo‘ldi. Nafasim qaytayotganini sezdim.
— Lekin, ajabki, bulbul ham o‘zlaringda…
Saydiyevning bu gapidan birdan hushyor tortdim. Ayang ham ajabsinib avval menga, keyin qariyaga qaradi. Jimlik. Derazaga yopishib quloq tutayotgan Umaroning qorasini ilg‘ab qoldim.

Sodda qariya sirni oshkor etishga oshiqmadi. Iljayib sukut saqladi.
— Qulog‘im sizda, rais bovo, — dedi ayang vazmingligini yo‘qotmay.
— Ha, sizga aytsam, siynim, o‘zi shu eldi bolasi. Mening oraga tushib yurganim sababi — tegar tomirman. Ham kenjatayimdi o‘rtog‘i, ikki jo‘ra birga o‘qishadi. Shu desangiz, qachandan beri g‘ingshiydi, jon tog‘ajon, shu ishga bosh qo‘shing, deydi. O‘zimdan ortib chiqolmayman, deng. Xuddi rais bovolaringizdaqa mening boshimdayam mingta g‘alva. Oxiri aytdim, bu dunyoning ishi bitmaydi. Borsam, boray, ikki yashti bashini qovushtirsam, savol bo‘lar-ku, deb kep turgan jayim-da, siynijon…

Miyamda bittagina so‘z viz-viz aylanadi: kim? kim? kim?..
— Yigit kim ekan, rais bovo? — dedi ayang sekingina.
Saydiyev o‘ylanib qoldi-da, xijolatli kuldi.
— E-ha, esim qursin, qarilik-da, — eslolmay yana davom etdi. — Yigit o‘zi tag-tuglik. Otasi el ustida yurganlardan. Unga jiyanim tushgan… Farida poshsho.
— E, shundaymi, Farmon birgad kuyovingiz bo‘ladilami?.. — dedi ayang qariyani xijolatdan qut¬qargan bo‘lib.
— Ha-da, o‘sha ming yillik Farmon birgadlaringiz bizga kuyav bo‘ladi, dedi Saydiyev jonlanib.— Xotini mening opamdi qizi. Qarilik-da, siynim, aybga buyurmaysiz, o‘g‘lining oti yodimdan chiqibroq turibdi…

Miyamda chaqmoq chaqqanday bir narsa qarsillab ketdi. Demak..
— Kozim, — dedi ayang qariyaga yordam berib.
— Ha, Kozimboy!.. Xullas, siynim, qulchilikka kep turibmiz… — dedi-da, madad istaganday menga qarab qo‘ydi. Uning nazdida menam quvvatlab yuborishim kerakday. Chunki, Haydarovday odamning topshirig‘i bilan kelib o‘tiribman-da!

Ayang farosatli ayol. U allaqachon vaziyatni tushunib yetgandi. Shu bois sodda qariyaning hurmatini joyiga qo‘yishga intildi. Men boshimni ko‘tarolmay qolgandim. Xuddi og‘ir gunohga yo‘l qo‘yib, jazosini kutayotgan mahkum holida edim. Ma’mura xolamning ohista xo‘rsinganini tuyub sergaklandim. Mana hozir hukm o‘qiladi!..
— Avvali, rais bovo, katta boshingizni kichik qilib kelibsiz, katta rahmat, — dedi ayang xotirjam gap boshlab. Lekin baribir ovozi tagidagi botin bir titroqni men sezdim. — Mayli, bu ishlar maslahat-kengash bilan asta-sekin bo‘lar. Hozir men qizlarga aytib bir chuqim ovqat qildirsam…
— Yo‘, yo‘, siynim, ovora bo‘lmang, — dedi qariya astoydil hovliqib.
— Ovorasi yo‘q, bir bahonai sabab bilan kep qopsiz, emasam qo‘y so‘yib chaqirsam ham kelolmasdingiz, yo‘q demang…
— Siynim, baraka toping, ko‘p odobli juvon ekansiz, — dedi Saydiyev endi o‘zini ancha tutib olib. — Lekin taom, nasib etsa, keyingi safar. Hozir esa qaytsak… Ha, bu kelishimdi bir tonishuv deb biling. Aytmoqchi, ish katta siynim. Saparboy, inim bilan ishimiz bitib qoldi hisob…
Bu gaplarni Umaro eshitib turganmidi, yo‘qmi, hartugul deraza ortidan shovur eshitilmadi… Saydiyev ishonch bilan davom etdi:
— Keyin mana sizlar bilan qarindosh bo‘lsak, oldimizda to‘y ko‘p. Qarindosh-urug‘ bilan kengashinglar, rozi-rizochilik olinglar…

Saydiyev javob kutib sukut saqladi. Jimlik. Deraza ortida ham nafas yutib kutayotganlaringni his turibman. Sho‘rlik Sanamjon, sening xayolingdan nimalar kechdi ekan o‘sha daqiqalarda!..
— Rais bobo, sizdi ovora qip qo‘yishibdi-da, — dedi ayang men tomon qarab olib.
— Savob ishdi ovoragarchiligi bo‘lmaydi, — dedi ko‘pni ko‘rgan qariya ayangning so‘zlarini shunchaki omadi gapga yo‘yib.
— Ovora qilishibdi-da, — dedi ayang endi qat’iyroq qilib. — Xo‘p, ana Kozimboy jiyaningiz bilmagan bo‘lishlari mumkin. Lekin o‘zimizdi jonday jigarimiz, — ayang gapidan to‘xtab yana menga qarab oldi, — … kuyovingiz bexabarmidilar?!

Saydiyev alanglab menga qarab oldi.
— Nimadan, siynim?
— Qizimizdi boshi bog‘liq-ku!
— E, e, shunaqami? — Saydiyev yalt etib menga qaradi. Men bosh ko‘tarmadim. — Afsus, afsus… Unday bo‘lsa…
— Yokim siynimga o‘zim sovchi bo‘lib borsam, yuzimdan o‘tolmaydilar, deb o‘ylagan bo‘lsalar kerak-da, — deya ayang menga tig‘li nigohlarini qadadilar. Ko‘zim yerga qadalgan esa-da, bechora xolamning nashtarli boqishlarini his etdim. Esimni tanibmanki, bu nigohlar meni erkalardi, mehr-la silab-siypardi. Hozir esa…
— Yo‘q, yo‘q, siynim, Mahmudjon inimda ayb yo‘q,— qariya o‘zini qalqon qilishga urindi.
— Agar shu niyatda kelganman desalar, mayli, nima deymiz, yigitti sazasi o‘lmasin, — Ma’mura xolamning ovozidagi titroq kuchaydi. — Qizimizni Kozim jo‘ralariga beramiz…
U teskari qarab jimib qoldi. Ko‘z yoshlarini artdi.

Shundan so‘ng Saydiyev yana allanimalar deb g‘udrangani, fotiha o‘qib o‘rnidan qo‘zg‘algani va unga ergashib sudralguday bo‘lib ko‘chaga chiqqanimni elan-qaran eslayman. Bir vaqt qarasam, uyimda, xolodilnik yonida chordana qilib o‘tirgancha achchiq piyoz bilan bostirib-bostirib aroq ichyapman. Xotinim olib kirgan ovqatga ham, uning o‘ziga ham e’tibor qilmasdim. Keyin divanga chalqancha tushib yotdim. Shiftdagi yaltir-yo‘ltir qandilga tikilgancha istehzoli kuldim.
— Ana shunaqa gaplar, Mahmudboy!.. Oxiri sov¬chi ham bo‘ldingiz!.. — dedim baralla ovoz chiqarib.

* * *

Jimirlab turgan qandilga uzoqroq tikilib qolganimdanmi, ko‘zlarim qamashib, jiqqa yoshga to‘ldi. Yuzimga yostiq bosdim. Keyin o‘rnimga turib o‘tirib, ko‘zyoshlarimni artdim. Shishada qolganini qu¬yib ichdim-da, shartta o‘rnimdan turdim. Mototsiklimni yetaklab darvozadan chiqayotsam, xotinim ergashdi.

— Nima deysan?
— Mahmud aka, ichgansiz, qo‘ying! — dedi o‘tinch¬li ohangda.
— Ayam qayerdalar! — dedim dag‘allik bilan.
— Xosiyat yanganikiga ketgandilar. O‘g‘illaridan xat kelmay qo‘yibdi, shunga…
— I-hm, Amirdan xat-xabar yo‘q. Bu yoqda Umishvoyi sovchibosdi bo‘p yotibdi… Sovchilik ham zo‘r narsa bo‘larkan, — deya o‘z-o‘zimdan iljaydim. — Qotirdim lekin…

Zumrad tushunmay jovdiradi. Unga iljaygan kuyi ko‘z qisib qo‘ydim-da, mototsikl tepkisini bosdim. Jonivor uchishga tayyor turgan ekanmi, gurillab o‘t oldi.
— Mahmud aka, iltimos, bormang!..
— Qayoqqa bormay, xotinjon?
— Qayoqdan bilay?.. — dedi bechora mo‘ltirab.
— Bilmasang, nega bormang, deysan? — dedim xoxolab kulib.

* * *

E’tibor qilsam, hamon iljaygancha ketib bor¬yapman. «Ie!» dedim-da, lab-lunjimni yig‘ishtirdim. Tishimni tishimga bosib, ulovimni tezlatdim.
— Hozir borib oyoqlariga yiqilaman, meni kechiring, xolajon, deyman. Meni kechir, Sanamjon, deyman. Yig‘lab-yolvoraman, — deya g‘udranib borardim endi…

Uylaring oldida turgan yangi rusumli oppoq «Volga»ga ko‘zim tushib, shahdim pasaydi. Mototsiklimni ko‘cha yuzida qoldirib, qiya ochiq darvozaga yaqin bordim. Ishkomlaring ostidagi so‘rida o‘tirgan to‘rt-beshta erkak-ayolga ko‘zim tushdi. Faqat Malika xolangnigina tanidim. Tavba-tazarruning mavridi emasdi. Izimga qaytdim. Umida yangaga duch keldim.

— Ha, ukajon, eshikdan qaytdingiz?
— Mehmonlari bor ekan. Shohsanamda ishim bor edi, — deya g‘udrandim.
— Shohi biznikida. Ishingiz bo‘lsa boring… Qizgina xafa, yig‘lab olgan, — dedi yanga ovozini pastlatib.
— Yig‘lab olgan?..

Yanga unsiz bosh chayqadi. Ohista uf tortdi.
— Bir yoqda Umaro siyningiz to‘palon qilib yotibdi.
— Nimaga? — dedim ajablanib.
— Hali rais bovolar keluvdi-ku. O‘ldirsangizam tegmayman, deydi.
— Tegmayman, desa, bermanglar, vassalom, — dedim dag‘allik bilan.

— Amakingiz-da… Hashakallo beramiz, deydi. Bilasiz-ku, u kishini otasiyam, og‘asiyam Haydarov. Gapini ikki qilolmaydi… Uf!.. Ichimni it tirnab boryapti. Bu qizgina o‘zini bir narsa qip qo‘yishdanam toymaydi. Yashshamagurdi so‘z bergani bormi nima balo!.. Shohi qizdan so‘ray desam uni o‘ziyam bir ahvolda. Mana shulardan qochib borib o‘tiribdi…
— Nimaga qochadi? — dedim sergaklanib. — Xolasi-ku?
— Xolasi sovchi bo‘p kepti-da!..
— Yo‘g‘-ye, kimga, o‘g‘ligami?! — deb yuboribman daf’atan.

Yanga bosh irg‘adi.
— O‘g‘li o‘qishda-ku hali?! — dedim battar hovliqib.
— E, kim bilsin, — dedi Umida yanga hafsalasiz qo‘l siltab. — Yakka o‘g‘il, oyog‘ini bog‘lab qo‘yishmoqchi bo‘lishganmi!.. Uni qarang-da, opa-singil ikkisiga bir kunda odam kep o‘tiribdi. Ikkisiyam yig‘lab qon bo‘p ketdi. Sho‘rlikkinalardi dardini so‘raydigan odami yo‘q!

* * *

— Nega dardini so‘raydigani odam yo‘q ekan, bor odami, bor!..
Yaxshi tulpor egasining kayfiyatini bilib turadi, deyishadi. Nazarimda, mening ulovim ham yuragim toshiqib ketayotganini sezganday qorong‘u ko‘chalardan qushday uchirib ketdi.
— Nega odami yo‘q ekan!? Men-chi, men nima qilib yuribman, dunyoda!..

Shohsanam, men sening huzuringga oshiqayotgan edim. Oyog‘ingga bosh urgani, yig‘lab yolvorgani va sen nima desang muhayyo qilgani, kerak bo‘lsa jonimniyam bergani borayotgan edim. Bir og‘iz aytsang, bas, seniyam, Umaroniyam boshim oqqan tomonlarga olib ketishga tayyor edim… Lekin, huzuringga yetolmadim. Arzimas bir tasodif azmu qarorimni yo‘qqa chiqardi…
Shu o‘rinda aytib o‘ta qolay: sen haqiqiy Shohsanam eding — husnu jamolda ham, mehru sadoqatda ham onam orzu qilgan o‘sha Shoh Abbosning qizidek, undan-da ziyoda eding. Lekin men Oshiq o‘arib bo‘lolmadim. Oshiq bo‘ldimu, o‘arib bo‘lolmadim!..

Yeldek uchib borayotgan ulovimni Umarolar ko‘chasiga qayrilishda sekinlatdim. Ko‘chani ko‘ndalang kesgan sayoz ariqcha bor edi. Xuddi shu yerda ro‘paramdan kelayotgan «Jiguli» ham sekinladi. Mashina bilan yonma-yon keldim. Va… tasodifan rulda o‘tirgan haydovchiga ko‘zim tushdi: Kozim!
Bo‘ldi. Shu onning o‘zida hamma narsani unutdim. Yuragimda tosh qotib yotgan alamu adovat hay¬qiriq bo‘lib otilib chiqdi.
— Kozim, to‘xta!!!
U e’tibor qilmay mashinasini tezlatdi. Or¬qamga shitob qayrilib, mototsiklimni ariqchadan hatlatdim-da, g‘azab bilan tezlikni oshirdim…

* * *

Chirog‘imni yoqib-o‘chirib, baqirib-chaqirib hozirgina o‘zim o‘tib kelgan yo‘llar bilan uchqur mashinani quvlab boryapman. Bir pasda qishloq ortda qoldi. «Kommuna» yo‘liga tushib oldik. Tushunarli U Saydiyev raisnikiga oshiqayapti!..
— Ha-a, tog‘angdi oldigami?! Xushxabar eshitganimi?! Mana mendan eshitasan xushxabarni!..

Alamli bir quvonch bilan xoxolab kuldim-da, ulovim ustiga yotib olguday bo‘lib gazni buradim. Mototsiklim qolgan-qutgan kuchini to‘plab, g‘azabli o‘kirib, olg‘a intildi. Naq anhor ko‘prigi ustida mashina yo‘liga ko‘ndalang bo‘ldim. Bu o‘sha — kelinchagimni olib qaytayotganimizda simpech qilingan, yo‘limiz to‘silgan ko‘prik edi…
«Jiguli» to‘xtadi.

Jimlik cho‘kdi. Atrof kimsasiz. Anhor suvi og‘zi-burnidan to‘lib, qop-qorayib oqib yotibdi.
Ulovimni ko‘prik ustida tikraytirib qo‘yib, hansiragancha mashina oliga bordim. Kozim o‘tirgan yerida kabinadan bosh chiqardi. Tilla tishlarini yarqiratib tirjaydi.
— Ha, yo‘lto‘sar!..
— Nega to‘xtamading?— dedim o‘zimni bosishga urinib.
— Payqamabman, oshna. Shoshib turibman.

— Shoshib turibsan, qayoqqa? — dedim istehzoli kulishga urinib, lekin eplolmadim. g‘azabim ustun keldi. — Javobni bilmoqchi bo‘lsang kerak-da! Mana men aytishim mumkin, men! — deya ko‘kragimga urdim. — O‘sha Saydiyev tog‘ang bilan sovchilikka men bordim. Shohsanamni Kozimga berasan, dedim. U mening do‘stim, dedim. To‘g‘rimi, do‘stimmisan?!
— Albatta, bo‘lmasam-chi!.. — dedi Kozim iljayib. Uning ko‘z qarashlaridan yaxshi xabardan umidvorlik ham yo‘q emas edi.
— Shohsanamni menga bermading, lekin unga bergin, dedim. U shuni kutib, o‘lib yurgan ekan, dedim!..
— Mahmud!..
— Ular nima dedi, bilasanmi? Bilasanmi?! — deya qayta o‘shqirdim.

U miq etmay kutdi. Boshmaldog‘imni ikki barmog‘im orasiga tiqib, tumshug‘iga qadadim.
— Do‘sting ham, sen ham mana shuni yebsanlar, de¬yishdi! Rais tog‘angdiyam, meniyam ketimizga tepib haydashdi! — Uning bilagidan siltab tortdim. — Chiq biyaqqa!
— Mahmud, jinnilik qilma!
— Chiq, deyapman! Shohsanamga odam qo‘yishni senga ko‘rsatib qo‘yaman!
— Mahmud, yaxshilikcha jo‘na! — dedi Kozim qo‘lini tortib olib.

Mashina eshigini siltab ochib, uning yoqasidan oldim.
— Biyaqqa chiq, sen bilan gaplashib olishim kerak!
— Bo‘pti, chiqaman-ye! Ol qo‘lingdi!
Kozim bilan ko‘prik ustida yuzma-yuz bo‘ldik.

Mashinadan tushib kelgan ikki yigit esa ko‘prik to‘siniga suyangancha beparvo cheka boshlashdi. Qoron¬g‘uda ularni tanimadim.
— Shohsanam menga kim bo‘ladi? — dedim zug‘um bilan.
— Hech kim, — dedi u cho‘rt kesib.
— Nima?!
— Ha, xech kimsan! Uning tirnog‘igayam arzimaysan!
«Ie, yangilik-ku! Mudom siz-sizlab, silab-siypab yurguchi supurgi…»

Shappa yoqasidan oldim.
— Tort qo‘lingni, e, so‘tak! — deya qo‘limni siltab tashladi.
Hangu mang bo‘lib turganim ustiga qarasam, o‘rovda qolibman. Haligi ikki yigit ortimda haykalday qotib turishibdi. Lablaridagi sigaretalar cho‘g‘i sovuq yaltiraydi.

— Gapir, yana nima deysan? — og‘aynim g‘olibona tirjaydi.
— Sen do‘st emas, ilon ekansan! — dedim alamdan titrab.
— To‘g‘ri, ilonman. Lekin, sen to‘nkasan!
«Ha, to‘nkasan!» degan ichki sas uning gapini tasdiqladi. Lekin, buni tan olgim kelmadi.
— Mana sega to‘nka!..

Ulgurmadim. Qulochkashlab tushirishga chog‘langan qo‘lim zabt bilan orqamga qayrildi. Bukchayib qoldim. Qo‘limni xiyol bo‘shatib, qaddimni rostlashdi. Kozim bilan tumshuqma-tumshuq bo‘ldik. Shu choq mashinadan yana birov chiqib kelganini ilg‘ab qoldim.
— Yana nima deysan, aytaringni aytib qol!..
«O‘h-ho‘, og‘aynimda gap katta-ku?!»

Tumshug‘iga kalla soldim. «Uh!» deya yuzini changallab, nari ketdi, o‘azabli o‘kirib siltanishim ish bermadi. Iskanjadagi qo‘llarim qisirlab, ingrab yubordim. Ajabki, qo‘limdan tutgan qora haykallar hamon miq etmay turishar, aftidan, og‘aynimning o‘zi hisob-kitob qilib olgunicha qo‘yib berishmoqchi edi.
Kozim so‘kina-so‘kina qaytib keldi-da, olatasir mushtlay ketdi. Mening qarab turishim ham insofdan emasdi: choti orasiga tepib qoldim. Og‘aynimning dami ichiga tushib, sekin tizzaladi. Shundan so‘nggina haykallarning sabri bitdi. Meni yerparchin qilib, tepkilay ketishdi. Endi Kozim aralashdimi, yo‘qmi, bilolmadim. Har holda uch-to‘rtta uchli tuflining betartib zarbini yeb turdim. Katta ko‘prikning u yog‘idan bu yog‘iga dumalatib, bearmon koptok qilishdi. O‘lg‘on bo‘lmasin, ora-orada kimningdir «Bas qilinglar, bo‘ldi, o‘ldirib qo‘yasizlar!» deb baqir-chaqir qilayotganini ham eshitib qolardim. Bu ovoz o‘z-o‘zidan pasayib borib, oxiri tindi. Tepkilayotgan oyoqlar esa tinim bilmas, ammo endi ularning zarbidan og‘riq emas, rohat tuya boshlagandim. Va shu asnoda vujudim parday yengillashib, osmonu falakka ko‘tarilib ketayotganimni ham his etdim…

* * *

Meni oppoq soqolli bir qariya qarshi oldi.
Indamay bag‘riga bosdi. Keyin:
— Yuring, bo‘tam, — deya qo‘limdan tutdi.
— Qayoqqa boramiz? — dedim qariyaning juda tanish yuziga tikilib.
— Bobongizning huzuriga, — dedi u muloyim jilmayish bilan.
— Bobom… kim u kishi?
— Hay-hay, bo‘tam, yodingizdan ko‘tarildimi? — dedi qariya beozor tanbeh bergan bo‘lib. Izza tortib, boshimni egdim. — Ul zotni Haqning oshig‘iyu, oshiqlar sultoni, deydilar… Esladingizmi?..

Unga qarayolmay bosh irg‘adim.
— Yuring, bo‘tam…
Men endi uni tanib turardim. Bu o‘sha, biz sen bilan tuman markazidagi eski dahma yonida uchratgan qariya edi… Demak, u ham dunyodan o‘tgan ekan-da. Unda juldur kiyimli darvesh edi. Hozir esa… O‘z-o‘zidan qo‘rquvga tushdim: men qay yuz bilan bobomga ko‘rinish beraman?! O‘shanda u haqda nimalar demagandim! Shakkoklik qilgandim-ku?!.

Qariyaning qo‘lidan tutdim.
— Ota, qo‘ying, bormaylik…
— Nega, bo‘tam, bobongiz sizni chorlayaptilar…
— O‘tinaman, otajon, olib bormang! Meni qaytaring, bobojon, qaytaring! U yoqda ishlarim bor… Onam yolg‘iz! Mensiz ahvoli ne kechadi?!

Cholning poyiga tiz cho‘kib, yolvorishga tushdim. Yosh boladay izillab yig‘ladim.
— Gunohim ko‘p, judayam ko‘p!.. Bobojon, meni or¬qaga qaytaring!..
U meni tushundi.
— Maylingiz, bo‘tam. Shunday niyatda ekansiz, mayli qaytamiz, — dedi yuzimga jiddiy tikilib.

* * *

Ko‘zimni ochib, ro‘paramda seni ko‘rdim.
— Shohsanam, Sanamjon… — deya ingradim. — Meni kechir…
— Mahmud aka… Men Zumradman.
— A?!

Hushyor tortib alangladim. Qarasam, yonginamda xotinim, oyoq tarafimda qaynim Zarifjon va yana notanish bir yigit o‘tiribdi. Kasalxonadaman.
Qolganini keyin eshitdim.

Men g‘alati-g‘alati iljayib, mototsiklda ko‘chaga chiqib ketaman. Zumrad yolg‘iz o‘zi nima qilarini bilmasdan eshikdan chiqib, kirib turgani ustiga akasi Zarifjonni Xudo yetqazadi. Aka-singil mashinada meni izlab ketishadi. Kimdir ularga qandaydir mashina ketidan quvib ketganimni aytadi. Anhor ko‘prigi ustida uymalashgan odamlar qorasini ko‘rishib, mashinani tezlatishadi. Biroq, ular yetib kelganida ko‘prik ustida ag‘anab yotgan mototsikl, jonsiz jasad va uning oyog‘iga yopishib olgan bir yigitgina qolgan bo‘ladi. Bu yigit Saydiyevning kenjasi — Umaroga sovchi qo‘yib yurgan Latifjon bo‘lib chiqadi. Ma’lum bo‘lishicha, meni anhorga tashlab yuborib, bira to‘la qutilishmoqchi bo‘lishibdi. Biroq, Latifjon jon vahimada yopishib, ularga xalaqit beribdi… O‘shanda bu sirni oshkor qildirmadim. Hammamiz bir yurtdi bolasimiz, hech kim bilmasin, deb turib oldim. Aslida gap boshqa yoqda edi: kelib-kelib Kozim gushnadan kaltak yebdimi, degan malomatdan or qilgandim.

* * *

Kasalxonadan chiqishim sening to‘ying kuniga to‘g‘ri keldi.
Brigadirman, to‘y boshida turdim. Brigadir bo‘lmaganimda ham to‘yingga borardim, yelib-yugurib xizmatingni qilardim…

Kuyovjo‘ralar qurshovidagi kuyov bo‘lmishga bir-ikki qur ko‘z tashladim. o‘ayirlik qilibmas, nuqson qidiribmas, ko‘z tashlagim keldi, tashladim. Mening Shohsanamim (mening emish!) kimga chiqayapti, ko‘rib qo‘ymoqchi bo‘ldimmi… Tasavvurimcha u novchadan kelgan, rangpargina bola bo‘lishi kerak edi. Yo‘q, uyam mendan qolishmaydigan barvasta qomatli, sochlari ham menikidek timqora, jingalak ekan. Chiroyli mo‘ylovi bor ekan, menda esa bunga havas kamroq. Faqat uning ustun yeri — baxti bor ekan. Sen mening baxtim eding, men uchun yaralgan eding. Men seni qo‘shqo‘llab boshqaga uzat¬yapman.
Kuyovni darvoza oldiga boshlab borishdi.

Ulkan naqshin darvoza, tushlarimda ko‘rgan darvoza. Poyandoz hatlab, yuzimni guldor, xushbo‘y ro‘molcha bilan to‘sgancha ichkari kirib borayotganimni qayta-qayta tushlarimda ko‘rardim. Hozir esa boshqa bir yigit, ehtimol, hech qachon bu darvozani tush ko‘rmagan yigit… Ana u poyandozdan hatlab o‘tdi. Ikki do‘sti qo‘ltig‘iga kirdi. Uchovlashib ichkariga, sening huzuringga (!) yo‘l olishdi. O‘zimni tutolmadim, ularga ergashdim. Yo‘q, o‘zimmas (tana-to‘shim ostonada qoldi), ruhim ergashdi. U ba’zan kuyov qarshisida turib oladi, turtib chetga chiqarishadi. U baribir qaysarlik bilan oldinga intilaveradi. Lekin chimildiqli xona eshigida Ma’mura xolam yo‘lini to‘sdi: hay-hay, orqangga qaytgin, haqqing yo‘q, deganday bosh irg‘adi. Xolamning ko‘ksidan itarolmadi, chetlab o‘tolmadi. Dodlab, bo‘zlab ostonaga qaytib keldi. Tanamga jon kirdi. Ortimga yurdim.

* * *

Ikki tomon yigitlari olatasir poyandoz tortib yotishibdi. Ovunay, alahsiy deb, ularga yaqinlashdim. Oraga suqilmadim, brigadirman-a!.. Ko‘z-quloq bo‘lib, poyandozchilar atrofida aylanishib turdim. Yigitlar tortisha-tortisha to‘yxonadan olislashdi. To‘yxona yorug‘i ortda qoldi. Chang-to‘zon ko‘tarilgan, qorong‘uda birov birovni tanimaydi. Bir mahal to‘da chekkasida g‘imirlagan ikki bola diqqatimni tortdi. Cho‘ntak kavlayaptimi!.. Sekin borib, birovining bilagidan tutdim.
— Nima qilyapsan?
— Nima qilyapman?!

Chekkaga olib chiqib qarasam, qudalardan.
— Bu ishing yaxshimas, mehmon ekansan, — dedim qo‘lini bo‘shatib.
— Kechirasiz, akaxon, — qo‘lini ko‘ksiga qo‘yib tislandi u.

Yonida sheriklari paydo bo‘ldi.
— Nima gap? Nima bo‘ldi?
— Hech gap, hech gap… Hozir tushuntiraman, hozir, — dedi-da, haligi yigitcha turgan yerida koptokdek sakrab, yuzimga tarsaki tushirdi. Qolgani juda tez bo‘lib o‘tdi. Ikkinchi yigit, hov urma, qiziqmisan, urma, deya uni chetlatgan bo‘ldi-da, o‘zi qarsillatib tushirib qoldi. Men sodda uni ayiradi, deb o‘tiribman-a!.. Dovdirab turganim ustiga yana biri, hoy, jinnilar, bas, bas, degancha qulog‘im aralash tarsaki berdi. Biroq, to‘rtinchisi ulgurmadi, mushtimdan tosh ko‘chaga uchib tushdi. Bir pasda olomonga qo‘shilib ketishdi. Ularning ketidan bormadim. O‘zimni tiydim. Tiymasam, boshqalar xabar topsa, to‘polon katta bo‘lardi. Men esa buni istamasdim: shu choqqacha yetkazgan ozorlarim yetarli edi. Endi loaqal to‘yingdagi noxushlikka sababchi bo‘lib qolmay!..

Zumrashalar-yey, o‘zlari nimdoshginayu, qo‘llari qattiq ekan. Yuzlarimning olovi chiqib ketdi. Havasga, o‘rganishga urishdimi o‘zlariyam!..
(Ko‘nglimga kelgani shu bo‘ldiki, bu ham menga taqdirning tarsakilari, hali bu dastlabkilari. Topib aytgan ekanman, keyin ham ko‘p martalab tarsakilar yedim. Va ular tobora zalvorli bo‘lib bordi).

Yaltirab turgan avtobuslar qishlog‘imiz ko‘chasidan ketib boryapti. Oldinda esa sen o‘tirgan oppoq «Volga»… Uning qarshisiga hech kim non-tuz ko‘tarib chiqmadi. Lovullab yongan o‘rik tanasini ko‘ndalang qilmadi. Qo‘ltiqma-qo‘ltiq bo‘lib yo‘lni to‘sishgani, ko‘priklarni simpech qilishgani yo‘q. Kuyovnavkarlar shinam avtobuslarda yastanib o‘tirgancha hush-xandon, o‘ynab-kulib seni o‘z shaharlariga olib ketdilar…
Mening qo‘limdan kelgani shu bo‘ldiki, jizg‘anagim chiqib uyga qaytdim-da, bosib-bosib ichib olib, xotinimni qiyin-qistovga oldim.

* * *

U kim edi? U bilan nima gaping bor edi? Nega o‘lib-tirilib yo‘l bog‘lashdi? Nega yo‘limizga daraxtni yoqib tashlashdi?!
Zumradning rangi quv uchib, birdan yig‘lab yubordi. Ehtimol, umrida birinchi marta bunaqa do‘q-po‘pisa eshitganidan xo‘rligi kelgandir. Ehtimol, bosiq, mulohazali bo‘lib ko‘ringan erining noxosdan bunaqangi vajohatli, yengiltak bo‘lib ketganidan dovdirab qolgandir… bilmadim. Lekin, u hech narsa demasdan piq-piq yig‘lab yotdi-da, ne mahallarda uxlab qoldi.

Tongda ko‘zimni ochsam, yonginamda yuzimga termulib o‘tiribdi. Teskari o‘girilib yotdim.
— Mahmud aka, nega shu paytgacha so‘ramadingiz,— dedi u jur’atsizgina qo‘lini yelkamga qo‘¬yib.— O‘zingizni shuncha qiynadingiz…
— Nega o‘zing aytmading? — dedim to‘ng‘illab.
— O‘zimdan o‘zim nima deyman?
— Xo‘p, gapir-chi, kim edi u bola?
— U… haligi, hamqishlog‘imiz. O‘zi yaxshi bola…

Xullas, o‘sha «yaxshi bola» armiyada ikki yil xizmat qilgan bo‘lsa, ikki yil unga to‘xtovsiz xat yozibdi. Lekin, Zumrad (rahmi kelsa ham) birorta xatiga javob qaytarmabdi. Uni umidvor qilishni istamabdi. Chunki, u negadir menga turmushga chiqishiga ishonar ekan. Ayasi men to‘g‘rimda dadasiga, uning o‘ziga ham ko‘p gapirgani uchun, seni o‘shanga beramiz, deyotgandek tuyularkan unga. Shu vajdan men haqimda ko‘p o‘ylarkan. Hov birda akasining to‘yiga borganimda hamma to‘y bilan ovora ekanu, birgina men qo‘limda kitob bilan qishloq tepasidagi chorvoqqa chiqib ketgan emishman. Kitobdan ayrilmabman. Men haqimda o‘ylay boshladimi, o‘sha kun yodiga tusharkan. Va yana Toshkentdagi gazeta-jurnallarda chiqib kelgan she’rlarimni o‘qiyverib yod qilib yuborgan, sirdosh dugonalariga ham yodlatib, maktabdagi adabiy yig‘inlarda darsliklarga kirgan katta shoirlar qatorida mening she’rlarimni ham o‘qib berisharkan…
— Yaxshi bo‘ldi, Mahmud aka, — dedi u yelkamga yuzini suykab, — ochiqcha gaplashib oldik. Emasam juda qiynalib ketgandingiz…

Men shiftga tikilgancha unsiz yotardim. Xijolat edim. Bu ko‘ngilqorachilik bir bo‘ldi, oxirgisi ham shu bo‘ladi, deb o‘zimga so‘z berdim.
Lekin so‘z berish oson ekan.

* * *

Saydiyevning sovchilari yana keldi: bir bor, ikki bor, uch bor…
Biroq, Umaro bo‘yin beradiganga o‘xshamasdi. Sov¬chilar to‘rtinchi bor ham kelishdi. Saydiyevning kenjasi ikki oyog‘ini bir etikka tiqib olib, shu qizdan boshqasini olmayman, deb turib olganmish…

Esingda bo‘lsa, o‘sha yilning may oylarida Umaro tushmagur havaskor qo‘shiqchilarning televizion ko‘rigida birinchi o‘rinni olib, hammamizni quvontirgan edi. Lekin bu birinchilik hali qanchalar tashvishlar keltirishini o‘shanda kim bilibdi, deysan. Xullas, qo‘shiqchi qizimizga ishqi tushib qolgan Latifjon uni o‘qish joyiga izlab boradi. Umaro yaqin yo‘latmaydi. Yigit yelim ekan, ergashib yuraveradi. Oxiri iz olib kelsa, Umaro ularga shundoq qo‘shni kolxozda yashar ekan.

Ahvol jiddiy edi. Saydiyev kenjasining ra’yini qaytara olmaydi. Haydarov esa Saydiyevning yuzidan o‘tolmaydi. Safar amaki uchun Haydarovning gapi gap. Men «qishloqning kattasi» bo‘la turib, chetdaman… To‘g‘ri, bir-ikki marta chog‘landim, Temur amakimgami, Xosiyat xolamgami uchrab, Amirjon bilan Umaroning yaqinligini bildirib qo‘ymoqchi bo‘lib og‘iz o‘ngladim, lekin aytolmadim. Nega desang, o‘sha paytlar ularning yuragiga qil sig‘mas, Amirjon dom-daraksiz ketgan edi. (Uning afg‘onda ekanligini men bilan Temur amakidan bo‘lak hech kimsa bilmas, Amirning o‘zi bir xatida shuni iltimos qilgan edi).

Oxiri non ushatildi.
Umaro taqdirga tan bergan bo‘ldiyu, biroq shart qo‘ydi. To‘yni olti oydan keyin, o‘qishim tamom bo‘lgach, o‘tkazasizlar, dedi. Keyinchalik eshitsam, bu gap sendan chiqqan, qalmoq alplaridan muhlat olgan Barchinoydek ish tutishni, sabr qilishni sen maslahat bergan ekansan.

* * *

Muhlat oxirlagach, to‘y kuni belgilandi. Orada bor-yo‘g‘i yigirma kun qoldi.

O‘sha yilgi ko‘klam seryog‘in kelgan, chigitni qayta-qayta ekaverib, arang ko‘kartirib olgandik… Temur amakimning chehrasi tund. O‘zi kamgap odam, birovga dil yoray demaydi. Alamini ishdan oladi. Tong saharda traktorini dalaga haydab chiqib, qoron¬g‘u shomgacha tin olmaydi. Ovqatga bir amallab chaqirib olamiz. Dasturxon boshida ham bosh solib o‘tirgani o‘tirgan. Na tuzuk-quruq totinadi, na birov bilan ochilib gaplashadi. Unga achinaman. Lekin nima deb yupatishni bilmayman. Rostdanam jiddiy bir narsa bo‘lganki, jimib ketdi. Yarador bo‘lganida, gospitalda yotganida loaqal birortasiga ayttirib, ikki enlik xat jo‘natgan bo‘lardi. Ish-qilib, joni omon bo‘lsin-da…

Bir mahal qarasam, dala boshiga chiqqan traktor joyida turib qoldi. Motori o‘chdi. Temur amakim bo‘lsa qandaydir mashinaga o‘tirib, oshig‘ich jo‘nadi. Yuragimga olov tushib, mototsiklimga qarab chopdim.
«Ishqilib, tinchlik bo‘lsin!..»
Past-baland demay ulovimni qichab boryapman. Yo‘lim unmaydi. Yuragim qinidan chiqib ketguday bo‘lib tipirchilaydi. Ko‘z oldimda esa sovuqdan sovuq manzara turib qolgan: hovli yuzida temir tobut, uning ustiga hushsiz cho‘zilgan Xosiyat xolam, yerga bosh solib o‘tirib qolgan Temur amakim, dovdirab turgan noiloj askar bolalar… «Ey Xudo, o‘zing asragin!» deyman ich-ichimdan titrab-qaqshab.
Qishloq xotirjam qarshi oldi. Balki, bexabardir. Aks holda duvva ko‘chib yotgan bo‘lardi. E, nimalar deyapman, tinchlik bo‘lsa kerag-ye!.. Ana, Amirjonlar hovlisi. Ko‘cha chetida hali Temur amakini olib qaytgan mashina. Mashina atrofida bolakaylar chopqillab yurishibdi. Birdan yengil tortdim: xayriyat, yaxshilikka o‘xshaydi.

Ulovimdan tushar-tushmas bolalar chuvillab yopishdi.
— Suyunchi beying! Suyunchi!..
Ovozingdan aylanaylar!.. Bir nechasini bir yo‘la ko‘tarib olib, ichkari kirdim. O‘h-ho‘, xuddi to‘yxonaga kirib qoldimmi, deyman. Temur amakim yaxshi ko‘radigan hofizning ovozi hovlini to‘ldirgan, «jonon bo‘laman, deb hammani kuydirasanmi…» deya xonish qilib yotibdi. Yigit-qizchalar yelib yugurgan, hovli supurgan qaysi, suv sepgan qaysi. Yana necha biri gulzor oralab gul dastalagan, uzun ravonni to‘ldirib ko‘rpacha to‘shagan… Oppoq ro‘mollar yopingan xotin-xalajdan to‘rt-beshtasi karavotni to‘ldirib o‘tiribdi, hammasi xushu xursand, Ma’mura xolam, ayam… Temur amakim maykachan bo‘lib olib yuvinyapti, Xosiyat xolam obdastadan suv quyib turibdi.
Qo‘limdagi chug‘urchuqlardan biri chug‘urladi: amaki, endi to‘y bo‘ladi-ya?.. Bo‘ladi, bolam, bo‘ladi, dedim uni cho‘lpillatib o‘pib. Vuy, qitig‘im keldi, deya tipirchiladi bolakay…

Bolakaylarni bag‘rimdan bo‘shatib, Temur amakim tomon yurdim.
— Amirjon kep qoptimi, xolajon?!.
— Keldi, keldi, — Xosiyat xolam eriga sochiq tut¬qazib, peshvozimga yurdi. Ko‘zlari jiqqa yoshga to‘lgancha, meni bag‘riga bosarkan, — ukajoningiz keldi. Omon ekan, bolajonim, — deya yig‘lab yubordi.
Xolam bilan ko‘risharkanman, ko‘zlarim Amirjonni izlardi.
— Qani o‘zi, Amirjon qani? — dedim alanglab.
— Hozir kep qoladi, keling, yuvinib oling, — dedi xolam meni hayron qoldirib.

* * *

Safar amaki xotini bilan boshlashib kirib keldi.
— Kelinjon, azamat kep qopti, muborak bo‘lsin!..
— Qulluq, qulluq, — dedi Xosiyat xolam va Umida yanga bilan xushlamayroq ko‘rishib, chorpoyaga taklif qildi. — Qani, chiqinglar…
— Avval askar bilan ko‘rishmaymizmi?! — dedi Safar amaki atrofga alanglab.
— Kelaver, Safarboy, keyin ko‘rishasan, — dedi Temur amakim o‘tirgan yeridan. — Biz o‘zimiz ham hali ko‘rishmadik.
— E, ana bo‘lmasa, — deya Safar amaki xotiniga qaradi. — Sen aytmadingmi, aniq ko‘rdim, taksida o‘tib ketdi deb?..
— Aniq-taniq ko‘rdim, Amirjon ukam edilar!..
— Keldi, keldi, Xudoga shukur, — dedi Xosiyat xolam xiyol ochilib. — Lekin, o‘sha taksida qaytib ketdi. Ozgina ishim bor, hal qilib kelaman, deb ketdi.
— Obbo, azamat-ye, shuncha zarur ekanmi? — deya Safar amaki ajablanib bosh irg‘agancha yonimizga chiqib keldi. — Qani, omin, shu uylarda katta to‘ylar bo‘lsin. Bolalardi rohatini ko‘rib yuraylik. Olloh akbar!.. Temurjon, kelin, muborak bo‘lsin!..
— Qulluq… Amakilariga muborak bo‘lsin… — dedi Temur amakim ko‘z ostidan kulimsirab qarab qo‘yib. Qo¬yil-ye, buncha og‘ir bo‘lmasa bu odam. Do‘ppisini osmonga otmaydimi!.. Uning g‘irt aksi bo‘lgan

Safar amaki gapga tushib ketdi.
— Ishqilib, eson-omon keldi. Eng keragi shu. Zamonni qarang, alg‘ov-dalg‘ov bo‘lib yotibdi. Af¬g‘onni aytmaysizmi… Nechtalar nobud bo‘p kelayotganmish. O‘zi nima niyati bor afg‘onni, tushunmaysan! Tinchgina yashab yursang bo‘lmaydimi?!.
— Amirjon kelsa tushuntirib beradi nimalar bo‘lganini, — dedi Temur amaki daf’atan. Yalt etib unga qaradim: sirni ochib qo‘ydi-ku!..
— E, ichida bo‘lmagan odam baribir tagiga yetolmaydi, — dedi Safar amaki beparvo qo‘l siltab.
— Xuddi ichidan chiqib kelyapti-da!
— Nima? Amirjon-a?! — dedi Safar amaki ishonqiramay.

Hamma hayratda qoldi. Temur amakim kulimsirab turibdi. Xosiyat xolam chorpoyaga yaqinlashdi. Rangi quv uchgan.
— Otasi, nima dedingiz?
— Eshitganing. Bo‘ldi, hammasi o‘tdi. Xudoga shukur qil!

* * *

Temur amaki shundan bo‘lak gap aytmadi. Bundan boshqa narsa bilmasdi ham. Amirjonning kontujin bo‘lib asirga tushib qolgani, sal kam bir yil tutqunlikda yashagani, tasodifan afg‘onlik bir o‘zbek bilan topishib, uning yordamida bu yoqqa qochib o‘tgani keyin ma’lum bo‘ladi. Uning dom-daraksiz yo‘qolgani haqidagi rasmiy xabar esa Orif pochtachi bilan Temur amaki o‘rtasida sir bo‘lib kelgan ekan.

* * *

Yosh boshidan ne-ne sir-sinoatlarni o‘tkazib qaytgan Amirjon qishloqqa yetib-yetmay hamma gapdan xabar topadi. Uyiga kirib, onasi bilan birrov ko‘rishadi-da, yana yangi sarguzashtlar ketiga tushib, shaharga qaytadi.

Umaro yig‘lab-siqtaydi. Opqochib ketmasangiz, o‘zimni bir narsa qip qo‘yaman, deydi. Amirjon kuladi. Bo‘lmasa, Panjsheronga1 qochib ketarkanmizda, deydi. Keyin taksiga o‘tqazib, qishloqqa qaytadi. Lekin, qishloqda to‘xtamay, «Kommuna»ga o‘tib ketishayotganini ko‘rgan Umaro vahimaga tushadi.
— Qo‘rqma, kelin bo‘lib tushadigan uyingni ko‘rsatib kelaman, — deydi Amirjon jiddiy qiyofada.

Saydiyev bilan xotini askar yigitni xizmatdagi nabiralari yonidan kelgan mehmon deb bilib, yaxshi qarshi olishadi. Dasturxon tuzalgan stol yoniga o‘tqazishadi.
— Rais bovo, o‘g‘lingizni chaqirsangiz, — deydi Amirjon.

Ichkaridan Latifjonni chaqirib chiqishadi. Uning ortidan Kozimboy og‘aynimiz ham chiqib keladi. Amirjon raisning kenjasini yoniga o‘tqazadi-da, keyin bosiqlik bilan gap boshlaydi.
— Rais bovo, siz mashhur odamsiz. Yanga, sizam tushungan ayol ekansiz. Latif aka, siz madaniyatli yigit ko‘rinasiz. Endi bir ochiqchasiga gaplashib olsak, — deydi.
— Xo‘p, xo‘p, nima gap ekan, bolam, — deydi Saydiyev xavotirga tushib.
— Gap shundaki, ayb oshda bo‘ptimi, moshda bo‘ptimi, xatolik o‘tibdi, endi shuni tuzataylik.
— Xo‘sh, xo‘sh?..
— Vaqt borida obro‘ borida to‘yni qaytaring.
— Voy o‘lay, nima deyapsan? — deydi raisning ayoli hovliqib ketib.
— Amir, og‘zingga qara, — deydi nariroqda serrayib turgan Kozim. Amirjon xotirjamlikni yo‘qotmay davom etadi.
— Qaytarmasangiz bo‘lmaydi, rais bovo, aks holda yigirma kun oldin emas, bir hafta oldin ham emas, o‘sha to‘y kuni kelinni opqochib ketaman.

Raisning xotini qarg‘anib ketadi. Kozim, bu bolani melisaga berib yuboring, tog‘a, deb po‘pisa qiladi. Latifjon hangu mang bo‘lib o‘tiraveradi. Amirjon raisdan ko‘z uzmay, javob kutadi.
Saydiyev bir pas unga tikilib qoladi-da, keyin ismini so‘raydi.
— Amir bolam, ichkari kiraylik, — deydi so‘ngra o‘rnidan qo‘zg‘alib. Boshqalar tashqarida qoladi. Ko‘p o‘tmasdan ikkisi chiqib keladi-da, ko‘cha eshigi tomon yurishadi.
— O‘g‘lim, dadangga salom de, bu yog‘idan xotirjam bo‘l, — deydi Saydiyev ko‘chaga chiqishgach. Mashinada jovdirab o‘tirgan qizga bilinar-bilinmas bosh irg‘ab qo‘yadi-da:
— Baxtingni bersin, bolam, — deydi Amirjonning yelkasiga qoqib.

* * *

Ko‘chada bolalar shovqini eshitildi. O‘rnimizdan qo‘zg‘aldik.
Qishloqda odam qolmay yoprilib kelganga o‘xshardi.
Amirjonni avval bola-baqra o‘radi. Keyin kattalarga navbat tegdi. Xosiyat xolam qaytadan ko‘rishdi. «Xudoyim qaytib bergan bolam!» deb bo‘yniga osilib yig‘ladi. Oxirida Amirjonning ko‘zi bir chekkada jimgina kutib turgan otasiga tushdi. Odamlar chetlanib yo‘l berishdi.
Ota-bola bir-biriga qarab yurdi.
Amirjonning sabri chidamadi. «Ota!» deb baqirib yubordi-da, o‘zini alpqomat otasi bag‘riga otdi. Yig‘lamagan odam qolmadi.
Umaro bo‘lsa hamon mashinadan tushmay o‘tirar, aftidan, to‘yib-to‘yib yig‘lardi.

* * *

Haydarov raisning karavoti yonida o‘tiribman. Yelkamda oq xalat. U bir oy muqaddam kabinetida yiqilib qolgan edi. Shundan beri kasalxonada. Yoniga hech kimni qo‘yishmayotgan edi. Kechadan ruxsat berishdi.

Rais bobomizdan o‘siq, qalin qoshlaru, tiyrak ko‘zlargina qolibdi. Yuzlaridan et qochib, yonog‘idan iyaklarigacha botiq izlar paydo bo‘libdi…
Haydarov derazadan ko‘rinib turgan keksa chinorlarga bir zum tikilib qolib, so‘ngra davom etdi.
— Nosir aka bir kun kechga tomon brigadamga kelib qoldi. Kun par-par bo‘lib turibdi. Ayollar qishloqqa ketgan. Yigitlar shiypon oldida to‘planishib, yuvinib-taranib turishibdi. Nosir aka ular bilan bittama-bitta ko‘rishib, so‘rashdi. Kayfi chog‘ edi. Xayrlashib orqaga qaytayotganimizda esa: Rustam, esing jo¬yidami o‘zi, deb qoldi bexosdan. Nega bulardi shiyponda olib qolding?.. Nima deyarimni bilmay angrayib qoldim. Hozir rahmat aytadi, maqtov eshitaman, degan xayolda edim-da. Bu bilan nimaga erishmoqchisan, xo‘sh deydi. Ertalab ishni vaqtli boshlaymiz, o‘zim birga qolaman, degandim, jerkib berdi. O‘zingni qo‘shmay tur, kechasi chigit ekmaysizlar-a? Yo‘q. Bo‘lmasa, bu azamatlar kechasi shiypon qo‘riqlaydimi? Ha, yo‘q. Anovi Murod deganing xotin olganiga bir oy ham bo‘lmadi. Seningcha, kechasi bilan bolish quchoqlab yotadimi?.. Yarim kechada seni g‘aflatga qo‘yib, qishloqqa ketadi. Tong azonda qochib-pisib kelib yotadi. Na uyquga to‘yadi, na xotinga. Keyin ishida baraka bo‘ladimi, kun bo‘yi mudrab yuradi-ku?!. Kunduzi ishlagancha ishlasin, kechasi ruxsat ber, bola-chaqasi oldiga borib yotsin hammasi. Vaqti chog‘, tani sog‘ bo‘lsa, bulardan ish qolarmidi!.. Urushda bo‘ldik hammamiz, ne kunlarni ko‘rmadik. Endi bir-birimizning qadrimizga yetaylik-da.. Nosir akaning ikkita gapidan biri shu edi: odamlardi qadriga yetaylik, der edi rahmatli. Uzoqqa bormasligini bilgan ekanmi, kim bilsin… Hamma gaplari vasiyatday tuyuladi endi menga. Oxiri nima bo‘lganini eshitgansan-a?
— Ha, eshitganman. Tuhmat bilan ketgan ekanlar-a?

Raisni yana xayol olib ketdi. Derazaga tikilib jim qoldi.
Ibrohimov tuhmat bilan qamalgan. Hammasiga oddiy bir o‘tirg‘ich — kabinetidagi kreslo sabab bo‘lgan ekan. Ajab zamonlar…
Viloyatdan kelgan vakil raisning kreslosini yoqtirib qoladi. Bir kun gap orasida, shu taxtiravoningizni bizga bermaysizmi, deydi dabdurustdan.
— Mayli, oling, — deydi Ibrohimov kulib.
— Unda shopiringizga ayting, shaharga, bizning hovliga tashlab kelsin, — deydi hukmfarmolik bilan.

Vakil kelganidan beri maishatxo‘rligiyu, beparda gaplari bilan hammaning g‘ashiga tegib yurgan ekan. Bunisi oshib tushibdi. O‘ziga yetgulik tikso‘z bo‘lgan Ibrohimov, bo‘pti, deydi bosiqlik bilan. Ertaga umumiy yig‘ilish. Kreslo masalasini ham qo‘yamiz. Yig‘ilish qaror chiqarib bersa, olib ketasiz!.. To‘g‘rimi, Rustamjon? (Rustam Haydarov o‘shanda brigadirlikdan muovinlikka endigina o‘tgan payt¬lar ekan). Ibrohimov qizarib-bo‘zarib ketgan vakilga qattiq tikilib, «ma’qulmi?» deydi. Bunaqa muomalaga ko‘nikmagan vakil miq etmay jo‘nab qoladi. Shundan so‘ng ustma-ust reviziya bosib, yo‘q yerdan ishkal chiqarishadi-da, raisni ishdan bo‘shatishadi. Bo‘shatishadigina emas, qamatib ham yuborishadi…
— o‘alati ishlar bo‘lib o‘tgandi bir paytlar, — dedi Haydarov xayolimdan kechib turgan gaplarni sezgandek.

Palataga kirayotganimda, ko‘p o‘tirib qolmang, deb tayinlashgan edi. Lekin yarim soatdan oshdiki, chiqib ketolmayman. Qayoqqa shoshasan, deb ruxsat bermaydi.
— Siz charchab qolmang, bir pas dam oling, — deyman.
— Hali dam olishga ulgurarman, — deydi rais o‘ychan kulimsirab.

Kasalxona hovlisida Mahtob yangamiz bir hamshira qiz bilan hasratlashib turgan ekan. Ularga yaqinlashdim. Yanga menga yuzlandi. Ko‘zlari jiqqa yosh.
— Yangajon, kechirasiz, ancha o‘tirib qoldim, qo‘ymadilar, — dedim xijolat bo‘lib.
Yanga g‘amgin bosh irg‘adi.
— Hammaga shunaqa qilyaptilar…
U dastro‘molchasi bilan ko‘zyoshlarini artarkan, yonimda jimgina turgan hamshira qizga qaradim: Shohsanam!..
— Yaxshimisiz?! — deb yuboribman beixtiyor sizlab.
Sen ma’yusgina bosh irg‘ading-da, Mahtob yanganing qo‘ltig‘idan olding.
— Yangajon, xafa bo‘lmang, tuzalib ketadilar, — dedim orqalaringdan.

Yanga to‘xtab, menga iztirob bilan tikildi.
— Koshki edi, ukajon. Tunov kuni o‘g‘limga telegramma beraylik, desam, do‘xtirlar qo‘yishmagandi. Bugun ertalab, mayli, chaqirtiringlar, deyishdi.
— Yo‘g‘-ye, — dedim quloqlarimga ishonqiramay.— Ko‘rinishlari yomonmas-ku!.. Bemalol gaplashib o‘tiribdilar…
— Kuniga necha bor turlanadilar. Turlangan kasaldan qo‘rqqulik…

Beixtiyor uchinchi qavatga, hozirgina o‘zim chiqib tushgan palata derazasiga tikildim. Ichimda titroq qo‘zg‘aldi. «Nega bir pas o‘tirmadim-a, qayoqqa buncha shoshildim?!»
Sening ovozing xayolimni bo‘ldi.
— Yanga, ichkariga kiraylik!

* * *

Ketolmadim. Kasalxona hovlisida uzoq aylanishib yurdim. Seni kutdim. Ichimdagi titroq to‘xtam bilmas, tomog‘imga allanima qadalar, o‘krab-o‘krab yig‘lagim kelardi. Qani endi buning iloji bo‘lsa…
Bosib-bosib chekaman. Kim bilandir dardlashsam, yuragimni to‘kib solsam, deyman. Yo‘q, kim bilandir emas, faqat sen bilan dardlashishim, faqat senga yuragimni to‘kib solishim kerak edi.

* * *

Shohsanam, bu gap-so‘zlar ikki yil muqaddam bo‘lib o‘tgan edi. O‘sha kezlar sen olisda — paxta hasharida eding. Haydarov esa og‘rib qolib, kasalxonaga tushdi. To‘g‘ri, u ko‘p yotmadi, o‘n kunda qaytib chiqdi. Lekin, ana shu o‘n kun hayotimni alg‘ov-dalg‘ov qilib yuborishga yetarli bo‘ldi. Shayton yo‘ldan urdi, deyishadi-ku. Shayton o‘shanda Sharif Hodiyevich qiyofasida, Kozim og‘aynim qiyofasida meni yo‘ldan urdi.

Raislik vazifasini bajarib turgan Sharif Hodiyevich, kamtarlik qilibmi, hayiqibmi, «Volga»ni minmayotgandi. Aksari Kozim og‘aynim olib yurardi uni. Men hayron qolardim, bu bola institutda o‘qiydimi, haydovchilik qiladimi deb… Kozimning kelgusidagi hamkasblari — savdo xodimlari brigadamga kelib tushgandan beri bu ikkisi ham kunda-shunda. Hasharchilar shiypon yonida o‘zlariga ikkita chodir tiklashdi. Bizdan ovqatlik ham olishmadi. Qo‘yavering, bitta qorin bo‘lsa, amallarmiz, deyishdi.

Hasharchilar kelib tushganining ertasi edi, shekilli, muovin bilan Kozim ikkisi meni dalaga izlab kelib, qo‘yarda qo‘ymay mashinalariga chiqarib olishdi. Ertalab borib kelganman, desam ham qutilmadim. Hasharchi xalqi nozik bo‘ladi, dam-badam xabar olib turish kerak, deyishdi.

Hasharchilar soy bo‘yida tushlik qilib turishgan ekan. Bizni darhol davra to‘riga olishdi. Oppoq xalat kiygan oshpaz qiz paxta gulli kosalarda sho‘rva keltirdi. Yaxshiroq tanishib olaylik, deb mitti ryumkalarda konyak tutishdi. So‘ngra hammaga sixlarda jizillab turgan jigar kabob tarqatildi. Dasturxon to‘kin edi. Ochig‘i, men daladagi, hashardagi bunaqa o‘tirishdan hayratda edim. Kechagi harakatlarimdan kulgim qistadi: hasharchilarimga deb makaron, karam, sabzi-piyozga o‘xshagan narsalar uchun faktura yozdirmoqchi bo‘lib yuribman-a!..

Ertasi kechqurun Sharif Hodiyevich kabinetida majlisni o‘tqazdi-da, keyin meni olib qoldi.
— Birgad bovo, hasharchilaringizdan xabar olmasak bo‘lmas, — dedi iljayib.

Idoradan chiqib, uning uyiga bordik. Darvoza oldida yuk mashinasi turardi. Ichkaridan bir necha qovun-tarvuz, qo‘yning yarim tanasini olib chiqib, kuzovga yukladik. Sharif Hodiyevich bir qutida allaqancha ichimlik oldi. Mashinani o‘zi haydadi. Qishloqqa yaqinlashganimizda, uyimiz oldida to‘xtab o‘tsak, ul-bul narsa olardik, dedim.
— Masalan?! — dedi u iljayib.
— Olma, uzum… Non yopgandilar, issiqqina…
U beparvo qo‘l siltadi.

* * *

Chodirda o‘tirdik. Shiypondan sim tortib, chiroq yoqishibdi. Televizor qo‘yilgan. O‘rtada yig‘ma stollar, atrofida stulchalar.
Birinchi qadah so‘zini Sharif Hodiyevich gapirdi. Halovatidan, bola-chaqasidan kechib ko‘makka kelgan hasharchilarga rahmat aytdi. Meni umidli, o‘sadigan yoshlardan, Haydarovning eng yaqin kadrlaridan deb tanishtirdi. Keyingi qadahda hasharchilar rahbari Akobir Shodiyev o‘z sheriklarini tanishtirdi, nomma-nom, kasb-korigacha aytib o‘tdi. Ko‘pchilik nomlar o‘sha zahoti yodimdan ko‘tarildi. Faqat bittasiniki, Shodiyevning yonboshida men bilan ko‘z urishtirib o‘tirgan mallasoch qizning nomi darhol xotiramda qoldi.

Shodiyev, men bilan Natashani bu yerdagi asosiy, hal qiluvchi figuralardan dedi negadir navbatdagi qadahdan oldin. Bu kishi brigadir, bizning Natashamiz esa hisobchi. Ana shu ikkovlari tezroq til topishishlari uchun ichamiz, dedi.
Natasha chiroyli ko‘zlarini suzib jilmaydi.

— Men faqat sen uchun ichaman, Seryoja, — dedi qadah urishtira turib. — Seryoja Yeseninni bilasan-a, sen menga o‘shani eslatding!
Sharif Hodiyevich keyingi kun ham meni hasharchilar ziyofatiga boshlab keldi. Har holda men uning — rais o‘rnidagi katta bir rahbarning bu yerda aylanishayotganidan nimanidir fahmlay boshlagandim. Ko‘nglim g‘ash edi. Lekin ko‘ra bilaturib, ochiq ko‘z bilan u qo‘ygan tuzoqqa qarab borayotgan edim.

* * *

Nihoyat, ochiqcha gaplashib olindi: shunday, shunday. Xavotirli yeri yo‘q. Shundoq barmoq bosib tursangiz, bas, qolganini o‘zimiz hal qilamiz, deyishdi. Bir yog‘imda Kozim oshnam, bir yonimda Natasha quvvatlab, dalda berib turishdi.
Keyingi kunlar ko‘rgazma taxtasidagi menga tegishli raqamlar sakrab-sakrab yuqoriladi. Shu bilan bir vaqt¬da ikki-uch yilda misqollab yiqqan obro‘yim tushib ketganini payqadim. Meni orqa-oldimda hurmatlab, olqab yuradigan keksa-keksa brigadirlar (otamning tengqurlari!) yotsirab qaraydigan, o‘zlarini mendan tortadigan bo‘lib qolishdi. Demak, ishlarim yaxshi emas. Lekin, nima qilayki, jilovni berib qo‘ygandim!

* * *

Haydarov ishga chiqqan kuniyoq meni chaqirtirdi.
— Qani, gapir?! — dedi salomimga quruqqina bosh irg‘ab qo‘yib.

Ko‘zimni qayoqqa olib qochishni bilmay qoldim. Najot istab Sharif Hodiyevichga qaradim.
— Gapiring, — dedi u ham ho‘mrayib.
— Nimani gapiray? — dedim gangib. — O‘zingiz…
— Nima o‘zim?! Xo‘sh?! — dedi qattiq tikilib.— Meni nima aloqam bor? Men faqat plan talab qilganman sizdan!..

Miyamga qon urdi. O‘rnimdan turib ketishimga oz qoldi. Stulim g‘ijirlab ketdi. Muovin vajohatimdan cho‘chib, ko‘zini olib qochdi. Oldidagi qog‘ozlarni titkilashga tushdi. Haydarov telefon dastagini ko‘tarib, raqam tera boshladi. Muovini qaragan edi, senga ruxsat, deganday bosh irg‘adi. Keyin o‘rnidan turib, xona bo‘ylab yura boshladi. Bu uning jahlga mingani alomati edi. Bunday paytda shapaloq tortib yuborishi ham hech gap emas. Yuzlari bo‘g‘riqib, chakka tomirlari bo‘rtib boryapti. U stoli yonida to‘xtab, tortmasidan dori olib og‘ziga tashladi. Ustidan yaxna choy ho‘pladi. Yana asabiy yura boshladi. Hamon bir so‘z demasdi. Bundan ko‘ra tarsaki tortib-tortib yuborgani a’lo edi. Nihoyat, ro‘¬paramda to‘xtadi. Bosh ko‘tarmay o‘tiraverdim.
— Qani, gapir?!
— Rais bovo, men aralashganim yo‘q.
— Aralashganing yo‘q?! Ana ularda kimning qo‘li?

— Aytmoqchimanki, pul…
— Bilaman, olmagansan. Lekin, osmondan tushgan tonnalarga miq etmasdan qo‘l qo‘ygansan, to‘g‘rimi! Kim o‘rgatdi senga bu lo‘ttibozlikni?! A? Sen boladan umidim shumidi hali?

Qorong‘u ko‘chalardan yeldek o‘tib boryapman. Qulog‘im ostida ulovim ovozimas, Haydarovning so‘zlari gumbirlaydi… Sendan umidim shumidi hali? Meni o‘ylamabsan, mayli, rahmatli Ma’rufxonning ro‘y-xotirini qilmadingmi?! Onangni-chi?.. Uning yuziga qanday qarab yuribsan?! Mushtipar ayang misqollab yig‘ib seni odam qildi. O‘zi yemay yedirdi, kiymay kiydirdi. Ertaga noming o‘g‘riga chiqsa, uning ahvoli nima kechadi!!!

* * *

Begonaning tosh otganidan o‘zingniki paxta otgani yomon tegadi, deyishadi. Haydarov meni o‘z o‘g‘liday ko‘rardi, xiyonatim unga og‘ir botdi…
U frontdan qaytganida katta-kichik yo‘liga chiqadi. Odamlar bilan ko‘risharkan, alanglab onasini izlaydi. Onasi ko‘rinmaydi. Keyin bilsa, onaizori urushning birinchi yilidayoq olamdan o‘tgan, qo‘shni qiz Mahtob esa uning nomidan to‘xtovsiz xat yo‘llab turgan ekan… Keyinchalik Haydarov bir yerda aytadi: dunyoda yagona suyanchim onam edi. Undan ham ajralganimni eshitib, qattiq o‘ksidim. Qishloqqa sig‘may qolib, bosh olib ketishimga sal qoldi. Bugunga kelib, qarindosh-urug‘larim besh ming jondan oshdi. Ota-onam, aka-ukalarim mana shu xo‘jalik ahli.

Aytishlaricha, u yoshligida judayam o‘ktam, polvonsifat yigit bo‘lgan. Brigadirlik, hatto yangi raislik paytlari ham kurash tushib yurgan. Kuragi yer ko‘rmagan ekan. Endi bo‘lsa?!
Bilasanmi, Shohsanam, uni bu ahvolga o‘zimiz olib keldik. Tug‘ishganlarim, qarindoshlarim deb bilganlari: Sharif Hodiyevich kabi ilon yog‘ini yalaganlar, menga o‘xshagan subutsizlar.

* * *

Esimda, o‘sha kuni kasalxonadan yolg‘iz qaytayapmanu, dam-badam ortimga qarayman. Xuddi har daqiqada uning havorang «Volga»si kelib qoladiganday… U odatdagiday besharpa keladi-da, yonginamda to‘xtaydi. Orqa eshigi shirq etib ochilib, rais bobo ovoz beradi.
— Qani, chiqing.

Otasini ko‘rgan bolakayday quvonib haydovchi yonidagi o‘rindiqqa o‘tiraman. Suyanchiqqa bemalol yastanib, bir qo‘lini eshik tepasidagi qayishdan o‘tkazib olgan, butun O‘zbekistonga dong‘i ketgan mash¬hur rais Rustam Haydarov gap tashlaydi.
— Ishlar qandoq, Mahmudboy?
— Ishlarim yaxshi, — deyman maktabdan besh olib qaytgan o‘quvchi boladek yayrab. — Plan to‘ldi bugun!..

Biroq, shu tobda kasalxonadan qaytayotganim, havorang «Volga» to‘xtab meni olgandayam, endi orqamda tog‘day bo‘lib rais bobom o‘tirmasligini xuddi yosh boladek tan olgim kelmasdi.
Haydarov rais mening orqam ekan, tog‘day suyanchig‘im ekan. Vafotidan keyin sal fursat o‘tmasdan o‘rni bilindi.

* * *

Terim qizigan kunlarning biri.
Kuniga ikki-uch foizdan paxta berib turibmiz. Shu zaylda ketsa bir hafta nari-berisida rejani bajaramiz.
«Shotutli» boshida sutrang «Volga» yarqirab ko‘rindi. Yangi rais Sharif Hodiyevichning mashinasi. U Haydarovdan qolgan mashinani minmadi, yangi rusumlisidan oldirdi.
Yaraqlagan mashina dala boshida turibdi. Rais tuproq yo‘ldan bitta-bitta qadam bosib xirmon tarafga kelyapti. U ham Haydarov singari tana-to‘shli, qomatdor. Raislikka qo‘yishdan oldin gavdaga ham qarashsa kerak-da. Lekin baribir Sharif Hodiyevichda savlat boru, salobat kamroq. Menimcha, Haydarovning salobati ko‘z qarashlarida, gap-so‘zlarida edi. Tutab turganingda ham ko‘zingga bir qarab qo‘ysa bo‘ldi, hovuring tushib qolardi. Bu olamda esa ko‘z qarash, gap-so‘zda salobatlikka urinish boru, uquv yo‘q… Ba’zan shunaqa gaplar bilan o‘zimcha uning ustidan kulgan bo‘laman. Balki, g‘ayrligim kelganidandir. Nima bo‘lgandayam shu odamga ko‘nglim ilimayapti.

— Birgad bobo, ishlar qalay?..
— Yaxshi, salomalaykum…
— Xo‘-o‘sh, bugun qancha bo‘ladi, plan to‘ladimi?
— To‘ladi, Sharif aka, hosil yaxshi.

U rais bo‘libdiki, shu tarzda gaplashaman. Juda bo‘lmay ketsa, rais aka deyman, rais bobo deyolmayman.
— Yaxshiligi yaxshi, — davom etdi u istehzoli kulib. — Lekin, noyabrga o‘tib to‘lgan plan menga kerak emas. Menga bugun-erta bajarib berasiz.
Dilim og‘ridi. Bunaqa muomalaga ko‘nikolmayapti-da. Hisobchilik qildim, brigadirlik qildim, mudom o‘g‘lim, azamatim deb olqashardi. Yosh demay, g‘o‘r demay maslahatga tortib turishardi… Ha, mayli, yosh go‘dak emasman-ku arazlab o‘tirsam. Lekin, bu odam nega tomdan tarasha qabilida gap qilyapti? Niyati nima?.. Tumtayibroq qolibman, shekilli, dag‘al ovoz xayolimni bo‘ldi.

— Ha, damingiz chiqmaydi? Shu o‘n kunlikda to‘ldirib berasizmi?
— Hazillashyapsizmi, Sharif aka?
— Yosh bolamisiz hazillashib o‘tirsam!
— Emasam…
— Nima, emasam?..

Zardam qaynab ketdi. O‘zimni bosdim.
— Rais aka, — dedim xokisorlik bilan, — o‘n kunlik bitishiga ikki kun qoldi. Menga hali o‘ttiz tonna kerak.
— Yo‘lini qiling. Men bayroq olishim kerak. Gap tamom!
Tushundim. Meni yana o‘z girdoblariga tortishmoqchi.
Ochig‘iga ko‘chdim.
— Rais aka, men bu ishni qilolmayman.
— Qilolmaysizmi, qilmaysizmi?!

Shu choq yonginamda sharpa tuydim. «Murosa. Murosa qil!» deya zo‘r berib shivirlashga tushdi u… Ammo, bu daf’a qat’iyat ko‘rsatdim. Raisga ham, yonimdagi sharpaga ham bir yo‘la javob berdim.
— Qilmayman!
Sharif Hodiyevich kutganimdek baqirib-chaqirib o‘tirmadi.
— A-ha, yaxshi, — deya iljayib qo‘ydi-da, katta-katta odim otib jo‘nab ketdi. Haydarovga o‘xshab dala aylanmadi. Terimchilarimdan ahvol so‘ramadi. Bolakaylarni olqamadi.
«Haydarovga o‘xshab emish! — zaharxanda ovoz eshitdim yonginamdan. — Haydarov yo‘q endi. Rais bovong yo‘q!.. Endi u — rais. Endi uning davri keldi. Uning etagini tutgin endi. Haliyam kech emas, orqasidan bor…»

— Bas qil!.. — deya jerkib berdim-da, haligi ko‘rsatgan qat’iyatimni eslab kulimsiradim. — Lekin, bir maza qildim-da!..
— Hali ko‘p afsus yeysan, nodon. Ko‘rdingmi, masxara qip ketdi.
— Qo‘lidan hech narsa kelmaydi. Tagi notoza…
— Ko‘kartirmaydi. Ham ishlatadi, ham nuqib turadi. Alam qilmaydimi?..
— Ishini topshiraman, vassalom.

— Keyin-chi? Toshkentga ketarsan, balki?!
— Yo‘q, nega, chopiq qilaman, g‘o‘za sug‘oraman, paxta teraman.
— A-ha, oliy ma’lumotli ketmonchi, degin!
— Zarari yo‘q… Qolaversa, uniyam bog‘lab qo‘yishmas bu ishga.
— Qiziq ustida aytayapsan bu gaplarni. Hademay sovuysan-da, pushaymon qilasan.
— Aslo!

— Haliyam kech emas, orqasidan bor. Egilgan boshni qilich kesmaydi. Uzrnamo bir narsa desang, kek saqlamaydi. Chunki, unga bayroq kerak, shon-shuhrat kerak. Mayli, olsa olsin o‘sha bayrog‘ini. Xursand bo‘lsin. Uniyam tushunish kerak. Birinchi yil raislik qilyapti. O‘zing ham ozmuncha yelib-yugurganmiding brigadir bo‘lgan yiling. To‘g‘ri, to‘g‘ri, seniki halol peshona-tering bilan bo‘ldi. Mayli-da, birovning rizqi haloldan, boshqaniki haromdan bo‘larkan… Uni hurmat qilolmasang, ixtiyoring. Lekin, sirtingga chiqarma. Yuziga ali-bali deb, ishingni bitkazib yuraver. To‘rt kunlik dunyoda ahmoqlar bilan talashib baraka topmaysan. Axir, endi senam yolg‘izmas, munchoqdek o‘g‘ilchang bor. Yana farzand kutyapsizlar… Onang-chi… Endi-endi kun ko‘ryapti onang bechora. Uyam g‘animat…
E’tibor qilsam, sekin-asta bo‘shashib, uning yo‘rig‘iga tushib boryapman. O‘rnimdan ilkis qo‘zg‘aldim. Lekin, avvalgidek baqir-chaqir qip uni haydashga urinmadim. E, bas qilsang-chi, deb jerkib berdim-da, g‘o‘zalarni bosib-yanchib, paxtazor oralab ketdim.

Davomi bor

005

(Tashriflar: umumiy 553, bugungi 1)

Izoh qoldiring