Ozod Sharafiddinov. Shavkat Rahmonning «Rangin lahzalar» to’plami haqida

011

«Рангин лаҳзалар» тўпламининг муаллифи Шавкат Раҳмон ҳам ўзига хос ўткир шоирона нигоҳ эгаси. У дунёни нозик ва оригинал поэтик образлар орқали идрок этади. Унинг лирик қаҳрамони ҳам фикрловчи шахс. У замон ҳақида, истиқбол ҳақида, инсон табиатининг зиддиятлари ҳақида ўйлайди. Лирик қаҳрамон характери орқали биз шоирнинг дунёга муносабати билан танишамиз, унинг беором ўйлари ва изтиробли дардларига шерик бўламиз. Шоир инсонни севади, лекин уни идеаллаштирмайди.

05
Озод Шарафиддинов
ШАВКАТ РАҲМОННИНГ «РАНГИН ЛАҲЗАЛАР»
ТЎПЛАМИ ҲАҚИДА

02

…Сўнгги йилларда биз умумиттифоқ миқёсида ҳам, республикамизда ҳам ёш ижодкорларнинг беқиёс фаоллашганини кузатмоқдамиз. Ёшлар бугунги адабий жараёнда тобора сезиларли роль ўйнамоқда. Уларнинг асарлари умуммаданий хазинамизни бойитмоқда ва кўплаб адабиёт, санъат мухлисларининг муҳаббатини қозонмоқда.

Дадил айтиш мумкинки, адабиётимиз тарихида ҳали ҳеч қачон ёш ижодкорлар адабиёт майдонига бугунгидай зич сафлар билан, шахдам қадамлар билан кириб келмаган эди. Бу тасодифий эмас. Халқ маънавий ҳаётининг мислсиз ривожи, ижод булоқларининг жўшиб қайнаши давримизнинг муҳим белгиларидан биридир. Албатта, бугун шеърлари ёхуд ҳикоялари босилиб турган, ҳатто битта-яримта китоби чиққан ёшларнинг ҳаммаси ҳам эртага муқаррар тарзда катта шоир ёки катта адиб бўлиб қолмайди. Лекин келажакнинг атоқли сўз санъаткорлари айни бугунги ёшлар орасидан етишиб чиқмоғи шубҳасиздир. Ёшлар ичида чинакам истеъдод эгаларининг мўллиги бу фикрни комил ишонч билан, баралла айтишга имкон беради. Фақат бир ҳақиқатни чуқур англаб олиш керак — ҳолва деган билан оғиз чучимаслиги бадиий ижодга ҳам тааллуқли. Одамда истеъдод бўлгани жуда яхши нарса, албатта, лекин ижодда «фалончи истеъдодли» дейиш билан иш битмайди. Йўл бошида турган ёш ижодкорнинг истеъдоди очиламан деб . турган ғунчадай гап — уни авайлаб, парваришлаб вояга етказиш керак. Ҳар бир ёш ижодкор ўз истеъдоди учун адабиёт олдида, халқ ва жамият олдида чуқур масъулият туйғусини ҳис этиб меҳнат қилгандагина, ўз истеъдодини ҳаёт тошида тинимсиз чархлаб боргандагина унинг ўсиб-улғайиши учун зарур шароит вужудга келади.

Бугунги адабиётимизда тобора сезиларли роль ўйнаётган ижодкор ёшларни шартли равишда «70- йиллар авлоди» деб аташ мумкин. Улар — Усмон Азимов, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Солиҳ, Муҳаммаджон Раҳмон, Хуршид Даврон ва яна бир қатор ёш шоирлар.  Маълумки, биз «адабий авлод» деганда, биринчи навбатда, адабиёт ривожида янги саҳифа очишга қодир бўлган, ўзидан аввалги авлодларга нисбатан янги гап айта оладиган, ўз қиёфасига эга бўлган ижодкорлар гуруҳини тушунамиз. Шу маънода 70- йиллар авлоди қандай авлод? Уларнинг ижодий қиёфаси қанақа? Шоирнинг ўрнини, шеъриятнинг моҳиятини, сўзнинг қадрини қандай тушунадилар? Улар қайси ижодий принципларни муқаддас билишади? Бу авлод шеъриятимизнинг мисқоллаб тўпланган тажрибасидан нималарни олмоқда-ю, уни нималар билан бойитмоқда? Беором, серташвиш, сертаҳлика XX аср ҳаётининг қай жиҳатлари уларни кўпроқ қизиқтиради? Уларнинг асарларида инсон қандай ўрин тутади ва қандай талқин қилинади? Бу авлоднинг ҳаётни мустақил кўришга имкон берадиган ўз кўзи ва китобхонни ларзага соладиган ўз сўзи борми?..

«Рангин лаҳзалар» тўпламининг муаллифи Шавкат Раҳмон ҳам ўзига хос ўткир шоирона нигоҳ эгаси. У дунёни нозик ва оригинал поэтик образлар орқали идрок этади. Унинг лирик қаҳрамони ҳам фикрловчи шахс. У замон ҳақида, истиқбол ҳақида, инсон табиатининг зиддиятлари ҳақида ўйлайди. Лирик қаҳрамон характери орқали биз шоирнинг дунёга муносабати билан танишамиз, унинг беором ўйлари ва изтиробли дардларига шерик бўламиз. Шоир инсонни севади, лекин уни идеаллаштирмайди. Шоир наздида инсон ҳали мукаммалликдан хийла узоқ. Дарҳақиқат, инсоннинг мураккаблиги шундаки, у фақат гўзалликлар ижодкори, олижаноблик, эзгулик тимсолигина эмас. Унинг табиатида ҳали кемтиклар кўп. Бугун инсон ақлий тараққиётнинг бениҳоя юксак чўққиларига кўтарила бораётган бир шароитда бу кемтикларнинг хунуклиги, ножоизлиги борган сари аён бўлмоқда. Бугун ёвузлик, зўравонлик ёмон ният каби иллатлар инсоният истиқболига таҳдид соладиган бир кучга айланмоқда. Шунинг учун ҳам шоир изтиробли ҳаяжон билан, теран бир юрак дарди билан инсоннинг инсондай бўлишини истайди, яхшилик, эзгулик, олижаноблик, меҳр-муҳаббат, шафқат ва мурувват ғалаба қозонишини қўмсайди. Шоир бу туйғуларини ихчам, лекин мазмундор ва таъсирчан поэтик образларда мужассамлаштиради. Бу жиҳатдан «Венеция» шеъри диққатга лойиқ.

Аста-секин чўкиб бораётган Венеция шоир қалбида яна инсон ҳақидаги ташвишли ўйларни қўзғайди. Ҳа, минг йиллик тарихга эга бўлган Венеция, инсон даҳосининг буюклигига тимсол бўлган Венеция чўкиб боряпти. Бу — ёмон. Лекин бугун дунёда бундан ҳам ёмонроқ, бундан ҳам даҳшатлироқ ҳодисалар содир бўлмоқда-ку! XX асрда ҳали муҳтожлар кўп, қонталаш яралар мавжуд. Инсониятнинг муқаддас ҳислари, муқаддас орзулари, гўзал туйғулари чўкиб бормоқда. Бу шоирни ларзага солади. У Венеция тили билан ўз асрига мурожаат қилади:

Йигирманчи аср!
Мени ўйлама,
Тумшуғимга тиқма лираларингни,
Муҳтожларга бергин, камингни яма,
Шифола қонталаш яраларингни!

Жуда изтиробли, ғоят дардли ва айни чоқда жуда мардона мисралар! Фақат одамзод қалбининг Троясини халос кўришни истаган, инсон юрагининг венециялари чўкиб кетишини хоҳламаган одамгина муҳтожларни, очларни ўйламай, камига қарамай, жароҳатларини даволамай, одамлар яратаётган бойликларни қурол-яроққа сарфлаётган, кўкка совураётган XX асрга шундай мурожаат қилиб, унинг юзига шафқатсиз, лекин ҳаққоний гапларни айта олади. Бугунги одамнинг — истиқбол ташвишини чекаётган, урушни, вайроналикларни истамаётган, тинч, осуда, бахтиёр турмушни қўмсовчи одамнинг кайфиятлари, туйғулари «Венеция» шеърида яхши ифодаланган.

Шавкатнинг шеърлари авлоддошлари каби чуқур гражданлик руҳи билан суғорилган. Тўғри, бу руҳ Шавкат шеърларида бевосита публицистик шаклларда эмас, кўпроқ лирик шаклларда ифодаланади. Шавкатдаги гражданлик пафоси — лоқайдликни, бепарволикни тан олмасликда, мешчанлик психологиясини эҳтирос билан қоралашда, одамларни ижтимоий активликка ундашда кўринади. Унинг лирик қаҳрамони елкасида «қақшаган асрлар юки — кишанлар, фарёдлар, сўнгсиз урушлар…» билан чайқалиб, секин олға боради. У оғриқдан юзлари буришса ҳам олға одимлашдан тўхтамайди, чунки унинг ҳар қадами муқаддас, ҳар қадами ўлимга қарши. Шавкатнинг лирик қаҳрамони ўз ҳаётининг мазмунини ифтихор билан шундай тасдиқлайди:

Биз заминни меҳрга ўраб,
Олов чизиқ тортганча тунга,
Бурчимизни оқлаб тобора
Яқинлашиб боряпмиз кунга.

Шавкатнинг қаҳрамони зиёдан қамашиб оғриса ҳам, очиқлиги туфайли яшаш қийинроқ бўлса ҳам кўзни очиб яшаш тарафдори. У ҳар қандай оғриқда лаззат бор деб ҳисоблайди ва ўз оғриқларини «беғам, бўғриққан, оғриқсиз юзларга отади». Унинг яшаш принципи қуйидаги мисраларда ифодаланган:

Қийнанг, ўз ҳолига қўйманг юракни —
Яшамаслик учун юраксиз.

Шавкатнинг яна бир шеърида яшамоқнинг маъноси ҳаётга фаол муносабатда бўлмоқ экани яхши айтилган. Шавкатнинг бошқа шеърлари каби бунда ҳам асосий ғоя яланғоч тарзда баён этилмайди, балки қалб қаъридан чиққан туйғу сифатида ифодаланади:

Яшамоғим зарур
Ҳар дақиқани
Ғазаб билан, севги билан тўлдириб.
Дунёдаги барча қора нарсани
Ерур лаҳзаларда ўлдириб.
Токим
Бош кўтариб қарай қуёшга,
Токим кўзларимда ёнсин ҳақиқат,
Токим тош мисоли тегмасин бошга
Мен яшай олмаган
Ҳар бир дақиқа…

Шавкатнинг лирик қаҳрамони жуда юксак маънавият кишиси — у тинимсиз покликка, ҳалолликка, виждонийликка интилади, чунки ноҳалол қўллар билан дунёни меҳрга ўраб бўлмаслигини яхши билади. Ана шу юксак маънавият унга бошқалар қаршисида ҳам юксак талаблар қўйишга асос беради. Шу юксак маънавият туфайли у ҳаётдаги ҳар қандай виждонсизликни, нопокликни, ёмон ниятларни чиқиштиролмайди, уларни эҳтирос билан қоралайди:

Чидамак мумкинмас, мумкинмас сира,
Ҳамоқат ҳайқирса, боқилса ўғри;
Фаҳш юрса менман, деб, тоза, бокира,
Тўғрилиги учун қийналса тўғри.

Ҳали жуда кўпдир каламушният —
Дунёни кемириб сотиб юрганлар.
Умрида ўтқазмай бирорта дарахт,
Занчалиш кўксига муштнн урганлар.

Бу шеърда ҳам шоир шафқатсиз ҳаққонийлик билан виждонсизликни, маънавиятсизликни туғдирувчи бош иллатни — фаолиятсизлик, лоқайдлик, бепарволикни фош қилади:

Қотиллик қилганлар қотил-ку, лекин
Кузатиб турганлар асил қотилднр.

Шавкат шеърларида Кун ва Тун, Нур ва Зулмат, Зиё ва Қоронғилик образлари кўп учрайди. Булар мавҳум романтик образлар эмас, балки реал ҳаётий мазмунга тўла образлардир. Нур, Зиё, Қуёш шоир учун гўзаллик тимсоли, инсон фаолиятининг моҳиятини нур таратиб яшаш ташкил қилмоғи керак. Зулмат, қоронғилик, тун эса жамики инсоний иллатлар рамзидир. Уларга қарши муросасиз кураш ҳам инсон ҳаётининг мазмунини ташкил этмоғи керак. Шу тарзда, Шавкат шеърларида юксак маънавият эгаси бўлган, ҳаётда ўзининг фаол мавқеи бор, турли-туман иллатларга қарши муросасиз курашга интилувчи қаҳрамон мавжудки, унда замондошларимизнинг энг муҳим сифатларини кўрамиз.

1980

033
Шавкат Раҳмон
«РАНГИН ЛАҲЗАЛАР» ТЎПЛАМИДАН ШЕЪРЛАР
021

ОРЗУ ТАСБЕҲИ

Ажойиб кунларнинг бирида
уйғониб кетаман уйқудан,
юракнинг энг чуқур ерида
оғриққа айланган туйғудан.

Бир қўшиқ бўламан дарёдай
юракнинг энг чуқур ерида,
боқаман дунёга дунёдай
ажойиб кунларнинг бирида…

* * *

Кел, яшириб қўяйин сени
юракнинг энг чуқур ерига.
Кейин сен ҳам яширгин мени
юракнинг энг чуқур ерига.

Тополмасин бизларни биров!

ЭСДАЛИК

Унутганим йўқдир ҳали
ўрикзорни, асов сойни,
сой бўйида кўздан холи
бақатерак ўсган жойни.

Унутганим йўқдир ҳали
ўйинқароқ зилол сувни,
тол тагида шом маҳали
ғира-шира икки қувни.

Ёдимдадир ўшал дамлар,
кулгуларинг эди сўлим,
ҳали йироқ эди ғамлар,
дунёда йўқ эди ўлим.

Қовжирадим ёз гулидай
соғинганча ўшал жойни,
холи кеча, етим ҳулво,
ярқираган улкан ойни…

* * *

Мен йўғимда…
Гуллар очилар
ташна бўлиб салқин елларга.
Майин, тиниқ бўйлар сочилар
ёлғизоёқ, сокин йўлларга.

Мен йўғимда…
Тикилиб йўлга
хўрсингайдир яланг қоратол.
Хотирлардан фаромуш бўлган
булоқларнинг кўзида малол.

Мен йўғимда…
Ёвқур шамоллар
оғушида райҳон кулади.
Гузарларда мудраган чоллар
бир кечада ғойиб бўлади.

Мен йўғимда…
Фиғон этармиш
кўкка қараб карнай-сурнайлар.
Мен йўғимда ташлаб кетармиш
фарғонани оппоқ турналар.

* * *

Эртага қийналиб сени топаман,
сен ҳамон ўйноқи, дилбар, расида.
Бўхтлиман, кучлиман, дея чопаман,
мовий кўзларингнинг доирасида.

Шаҳарга сачрайди севгининг бўйи,
сўнг қучоқ очади бахтиёр хонанг.
Даданг чиқиб кетар қовоғин уйиб,
жилмайиб қўяди меҳрибон онанг.

* * *

Мен келаман навбаҳор бўлиб,
гулга тўлган танҳо сўқмоқлар.
Мен келаман сойлардай тўлиб,
етилганда саратон, боғлар…

Мен келаман, келаман сўзсиз,
кўзингизни яширманг зинҳор.
Пешвоз чиқинг йўлларимга сиз,
баҳор бўлиб келаман, баҳор…

Саҳифа пастида «Рангин лаҳзалар» тўпламини тўлиқ мутолаа қилишингиз мумкин

007

05
Ozod Sharafiddinov
SHAVKAT RAHMONNING «RANGIN LAHZALAR»
TO’PLAMI HAQIDA

02

…So’nggi yillarda biz umumittifoq miqyosida ham, respublikamizda ham yosh ijodkorlarning beqiyos faollashganini kuzatmoqdamiz. Yoshlar bugungi adabiy jarayonda tobora sezilarli rol` o’ynamoqda. Ularning asarlari umummadaniy xazinamizni boyitmoqda va ko’plab adabiyot, san’at muxlislarining muhabbatini qozonmoqda.

Dadil aytish mumkinki, adabiyotimiz tarixida hali hech qachon yosh ijodkorlar adabiyot maydoniga bugungiday zich saflar bilan, shaxdam qadamlar bilan kirib kelmagan edi. Bu tasodifiy emas. Xalq ma’naviy hayotining mislsiz rivoji, ijod buloqlarining jo’shib qaynashi davrimizning muhim belgilaridan biridir. Albatta, bugun she’rlari yoxud hikoyalari bosilib turgan, hatto bitta-yarimta kitobi chiqqan yoshlarning hammasi ham ertaga muqarrar tarzda katta shoir yoki katta adib bo’lib qolmaydi. Lekin kelajakning atoqli so’z san’atkorlari ayni bugungi yoshlar orasidan yetishib chiqmog’i shubhasizdir. Yoshlar ichida chinakam iste’dod egalarining mo’lligi bu fikrni komil ishonch bilan, baralla aytishga imkon beradi. Faqat bir haqiqatni chuqur anglab olish kerak — holva degan bilan og’iz chuchimasligi badiiy ijodga ham taalluqli. Odamda iste’dod bo’lgani juda yaxshi narsa, albatta, lekin ijodda «falonchi iste’dodli» deyish bilan ish bitmaydi. Yo’l boshida turgan yosh ijodkorning iste’dodi ochilaman deb . turgan g’unchaday gap — uni avaylab, parvarishlab voyaga yetkazish kerak. Har bir yosh ijodkor o’z iste’dodi uchun adabiyot oldida, xalq va jamiyat oldida chuqur mas’uliyat tuyg’usini his etib mehnat qilgandagina, o’z iste’dodini hayot toshida tinimsiz charxlab borgandagina uning o’sib-ulg’ayishi uchun zarur sharoit vujudga keladi.

Bugungi adabiyotimizda tobora sezilarli rol` o’ynayotgan ijodkor yoshlarni shartli ravishda «70- yillar avlodi» deb atash mumkin. Ular — Usmon Azimov, Shavkat Rahmon, Muhammad Solih, Muhammadjon Rahmon, Xurshid Davron va yana bir qator yosh shoirlar. Ma’lumki, biz «adabiy avlod» deganda, birinchi navbatda, adabiyot rivojida yangi sahifa ochishga qodir bo’lgan, o’zidan avvalgi avlodlarga nisbatan yangi gap ayta oladigan, o’z qiyofasiga ega bo’lgan ijodkorlar guruhini tushunamiz. Shu ma’noda 70- yillar avlodi qanday avlod? Ularning ijodiy qiyofasi qanaqa? Shoirning o’rnini, she’riyatning mohiyatini, so’zning qadrini qanday tushunadilar? Ular qaysi ijodiy printsiplarni muqaddas bilishadi? Bu avlod she’riyatimizning misqollab to’plangan tajribasidan nimalarni olmoqda-yu, uni nimalar bilan boyitmoqda? Beorom, sertashvish, sertahlika XX asr hayotining qay jihatlari ularni ko’proq qiziqtiradi? Ularning asarlarida inson qanday o’rin tutadi va qanday talqin qilinadi? Bu avlodning hayotni mustaqil ko’rishga imkon beradigan o’z ko’zi va kitobxonni larzaga soladigan o’z so’zi bormi?..

«Rangin lahzalar» to’plamining muallifi Shavkat Rahmon ham o’ziga xos o’tkir shoirona nigoh egasi. U dunyoni nozik va original poetik obrazlar orqali idrok etadi. Uning lirik qahramoni ham fikrlovchi shaxs. U zamon haqida, istiqbol haqida, inson tabiatining ziddiyatlari haqida o’ylaydi. Lirik qahramon xarakteri orqali biz shoirning dunyoga munosabati bilan tanishamiz, uning beorom o’ylari va iztirobli dardlariga sherik bo’lamiz. Shoir insonni sevadi, lekin uni ideallashtirmaydi. Shoir nazdida inson hali mukammallikdan xiyla uzoq. Darhaqiqat, insonning murakkabligi shundaki, u faqat go’zalliklar ijodkori, olijanoblik, ezgulik timsoligina emas. Uning tabiatida hali kemtiklar ko’p. Bugun inson aqliy taraqqiyotning benihoya yuksak cho’qqilariga ko’tarila borayotgan bir sharoitda bu kemtiklarning xunukligi, nojoizligi borgan sari ayon bo’lmoqda. Bugun yovuzlik, zo’ravonlik yomon niyat kabi illatlar insoniyat istiqboliga tahdid soladigan bir kuchga aylanmoqda. Shuning uchun ham shoir iztirobli hayajon bilan, teran bir yurak dardi bilan insonning insonday bo’lishini istaydi, yaxshilik, ezgulik, olijanoblik, mehr-muhabbat, shafqat va muruvvat g’alaba qozonishini qo’msaydi. Shoir bu tuyg’ularini ixcham, lekin mazmundor va ta’sirchan poetik obrazlarda mujassamlashtiradi. Bu jihatdan «Venetsiya» she’ri diqqatga loyiq.

Asta-sekin cho’kib borayotgan Venetsiya shoir qalbida yana inson haqidagi tashvishli o’ylarni qo’zg’aydi. Ha,
ming yillik tarixga ega bo’lgan Venetsiya, inson dahosining buyukligiga timsol bo’lgan Venetsiya cho’kib boryapti. Bu — yomon. Lekin bugun dunyoda bundan ham yomonroq,
bundan ham dahshatliroq hodisalar sodir bo’lmoqda-ku! XX asrda hali muhtojlar ko’p, qontalash yaralar mavjud. Insoniyatning muqaddas hislari, muqaddas orzulari, go’zal tuyg’ulari cho’kib bormoqda. Bu shoirni larzaga soladi. U Venetsiya tili bilan o’z asriga murojaat qiladi:

Yigirmanchi asr!
Meni o’ylama,
Tumshug’imga tiqma liralaringni,
Muhtojlarga bergin, kamingni yama,
Shifola qontalash yaralaringni!

Juda iztirobli, g’oyat dardli va ayni choqda juda mardona misralar! Faqat odamzod qalbining Troyasini xalos ko’rishni istagan, inson yuragining venetsiyalari cho’kib ketishini xohlamagan odamgina muhtojlarni, ochlarni o’ylamay, kamiga qaramay, jarohatlarini davolamay, odamlar yaratayotgan boyliklarni qurol-yaroqqa sarflayotgan, ko’kka sovurayotgan XX asrga shunday murojaat qilib, uning yuziga shafqatsiz, lekin haqqoniy gaplarni ayta oladi. Bugungi odamning — istiqbol tashvishini chekayotgan, urushni, vayronaliklarni istamayotgan, tinch, osuda, baxtiyor turmushni qo’msovchi odamning kayfiyatlari, tuyg’ulari «Venetsiya» she’rida yaxshi ifodalangan.

Shavkatning she’rlari avloddoshlari kabi chuqur grajdanlik ruhi bilan sug’orilgan. To’g’ri, bu ruh Shavkat she’rlarida bevosita publitsistik shakllarda emas, ko’proq lirik shakllarda ifodalanadi. Shavkatdagi grajdanlik pafosi — loqaydlikni, beparvolikni tan olmaslikda, meshchanlik psixologiyasini ehtiros bilan qoralashda, odamlarni ijtimoiy aktivlikka undashda ko’rinadi. Uning lirik qahramoni yelkasida «qaqshagan asrlar yuki — kishanlar, faryodlar, so’ngsiz urushlar…» bilan chayqalib, sekin olg’a boradi. U og’riqdan yuzlari burishsa ham olg’a odimlashdan to’xtamaydi, chunki uning har qadami muqaddas, har qadami o’limga qarshi. Shavkatning lirik qahramoni o’z hayotining mazmunini iftixor bilan shunday tasdiqlaydi:

Biz zaminni mehrga o’rab,
Olov chiziq tortgancha tunga,
Burchimizni oqlab tobora
Yaqinlashib boryapmiz kunga.

Shavkatning qahramoni ziyodan qamashib og’risa ham, ochiqligi tufayli yashash qiyinroq bo’lsa ham ko’zni ochib yashash tarafdori. U har qanday og’riqda lazzat bor deb hisoblaydi va o’z og’riqlarini «beg’am, bo’g’riqqan, og’riqsiz yuzlarga otadi». Uning yashash printsipi quyidagi misralarda ifodalangan:

Qiynang, o’z holiga qo’ymang yurakni —
Yashamaslik uchun yuraksiz.

Shavkatning yana bir she’rida yashamoqning ma’nosi hayotga faol munosabatda bo’lmoq ekani yaxshi aytilgan. Shavkatning boshqa she’rlari kabi bunda ham asosiy g’oya yalang’och tarzda bayon etilmaydi, balki qalb qa’ridan chiqqan tuyg’u sifatida ifodalanadi:

Yashamog’im zarur
Har daqiqani
G’azab bilan, sevgi bilan to’ldirib.
Dunyodagi barcha qora narsani
Yerur lahzalarda o’ldirib.
Tokim
Bosh ko’tarib qaray quyoshga,
Tokim ko’zlarimda yonsin haqiqat,
Tokim tosh misoli tegmasin boshga
Men yashay olmagan
Har bir daqiqa…

Shavkatning lirik qahramoni juda yuksak ma’naviyat kishisi — u tinimsiz poklikka, halollikka, vijdoniylikka intiladi, chunki nohalol qo’llar bilan dunyoni mehrga o’rab bo’lmasligini yaxshi biladi. Ana shu yuksak ma’naviyat unga boshqalar qarshisida ham yuksak talablar qo’yishga asos beradi. Shu yuksak ma’naviyat tufayli u hayotdagi har qanday vijdonsizlikni, nopoklikni, yomon niyatlarni chiqishtirolmaydi, ularni ehtiros bilan qoralaydi:

Chidamak mumkinmas, mumkinmas sira,
Hamoqat hayqirsa, boqilsa o’g’ri;
Fahsh yursa menman, deb, toza, bokira,
To’g’riligi uchun qiynalsa to’g’ri.

Hali juda ko’pdir kalamushniyat —
Dunyoni kemirib sotib yurganlar.
Umrida o’tqazmay birorta daraxt,
Zanchalish ko’ksiga mushtnn urganlar.

Bu she’rda ham shoir shafqatsiz haqqoniylik bilan vijdonsizlikni, ma’naviyatsizlikni tug’diruvchi bosh illatni — faoliyatsizlik, loqaydlik, beparvolikni fosh qiladi:

Qotillik qilganlar qotil-ku, lekin
Kuzatib turganlar asil qotildnr.

Shavkat she’rlarida Kun va Tun, Nur va Zulmat, Ziyo va Qorong’ilik obrazlari ko’p uchraydi. Bular mavhum romantik obrazlar emas, balki real hayotiy mazmunga to’la obrazlardir. Nur, Ziyo, Quyosh shoir uchun go’zallik timsoli, inson faoliyatining mohiyatini nur taratib yashash tashkil qilmog’i kerak. Zulmat, qorong’ilik, tun esa jamiki insoniy illatlar ramzidir. Ularga qarshi murosasiz kurash ham inson hayotining mazmunini tashkil etmog’i kerak. Shu tarzda, Shavkat she’rlarida yuksak ma’naviyat egasi bo’lgan, hayotda o’zining faol mavqei bor, turli-tuman illatlarga qarshi murosasiz kurashga intiluvchi qahramon mavjudki, unda zamondoshlarimizning eng muhim sifatlarini ko’ramiz.

1980

033
Shavkat Rahmon
«RANGIN LAHZALAR» TO’PLAMIDAN SHE’RLAR
021

ORZU TASBEHI

Ajoyib kunlarning birida
uyg’onib ketaman uyqudan,
yurakning eng chuqur yerida
og’riqqa aylangan tuyg’udan.

Bir qo’shiq bo’laman daryoday
yurakning eng chuqur yerida,
boqaman dunyoga dunyoday
ajoyib kunlarning birida…

* * *

Kel, yashirib qo’yayin seni
yurakning eng chuqur yeriga.
Keyin sen ham yashirgin meni
yurakning eng chuqur yeriga.

Topolmasin bizlarni birov!

ESDALIK

Unutganim yo’qdir hali
o’rikzorni, asov soyni,
soy bo’yida ko’zdan xoli
baqaterak o’sgan joyni.

Unutganim yo’qdir hali
o’yinqaroq zilol suvni,
tol tagida shom mahali
g’ira-shira ikki quvni.

Yodimdadir o’shal damlar,
kulgularing edi so’lim,
hali yiroq edi g’amlar,
dunyoda yo’q edi o’lim.

Qovjiradim yoz guliday
sog’ingancha o’shal joyni,
xoli kecha, yetim hulvo,
yarqiragan ulkan oyni…

* * *

Men yo’g’imda…
Gullar ochilar
tashna bo’lib salqin yellarga.
Mayin, tiniq bo’ylar sochilar
yolg’izoyoq, sokin yo’llarga.

Men yo’g’imda…
Tikilib yo’lga
xo’rsingaydir yalang qoratol.
Xotirlardan faromush bo’lgan
buloqlarning ko’zida malol.

Men yo’g’imda…
Yovqur shamollar
og’ushida rayhon kuladi.
Guzarlarda mudragan chollar
bir kechada g’oyib bo’ladi.

Men yo’g’imda…
Fig’on etarmish
ko’kka qarab karnay-surnaylar.
Men yo’g’imda tashlab ketarmish
farg’onani oppoq turnalar.

* * *

Ertaga qiynalib seni topaman,
sen hamon o’ynoqi, dilbar, rasida.
Bo’xtliman, kuchliman, deya chopaman,
moviy ko’zlaringning doirasida.

Shaharga sachraydi sevgining bo’yi,
so’ng quchoq ochadi baxtiyor xonang.
Dadang chiqib ketar qovog’in uyib,
jilmayib qo’yadi mehribon onang.

* * *

Men kelaman navbahor bo’lib,
gulga to’lgan tanho so’qmoqlar.
Men kelaman soylarday to’lib,
yetilganda saraton, bog’lar…

Men kelaman, kelaman so’zsiz,
ko’zingizni yashirmang zinhor.
Peshvoz chiqing yo’llarimga siz,
bahor bo’lib kelaman, bahor…

02

06

0111

(Tashriflar: umumiy 229, bugungi 1)

Izoh qoldiring