Temir Qurbon. O’lim sharpasi.

122
Таҳликали тунни ҳали ўн саккизга ҳам тўлмаган Қоракўзбегим билан ўтказган Умаршайх мирзо ўз овозидан чўчиб уйғониб кетди. Хайрият, туши экан. У ҳали ҳам темирчининг босқонидек кўтарилиб тушаётган сержун кўкрагига туфлаб, ёнига ўгирилиб қаради. Мирзонинг эҳтиросли эркалашларидан толиққан Қоракўзбегим ҳеч нарсадан бехабар ширин уйқуда эди. У бегимнинг тим қора кўзларига соя ташлаб турган қалин киприкларига меҳр билан нигоҳ ташларкан, яна ўша бехосият туш эсига тушди. Тавба, туш ҳам шунчалик аниқ-тиниқ бўладими? Ахир, у сувларнинг ой нурида жимирлашини, ҳуркович оҳунинг тим қора кўзларини худди ўнгидагидек кўриб, ўт-ўланларнинг шитирлашини, хунук ириллаган товушни ўз қулоқлари билан эшитди-ку…

07
Темир Қурбон
ЎЛИМ ШАРПАСИ
08

Умаршайх мирзо Сайхун бўйига бемурод чўккалади. У тўлин ой жилваланаётган сокин дарё жозибасидан кўнгил чигилини ёзмоқчимиди ё ётлар қолиб, ўз қариндошлари ёвга айланганидан озурда дил достонини беозор сувларга айтмоқчимиди? Буни ўзи ҳам билмайди. Ўргимчак тўридек ҳар томондан қисиб келаётган ёғий ҳалқаси уни бир қадар фаромуш қилган эди.

Шундоққина Ахси қўрғонига бош уриб оқаётган Сайхун чиндан-да гўзал эди. Айниқса, тўлин ойнинг соҳир нурлари уни янада сеҳрли қилиб кўрсатарди. Атрофда бўлаётган воқеаларга беэътибор Сайхун шошилмасдан, бир маромда оқар, тун сукунатини бузгиси келмагандай шовуллашни ҳам ўзига эп кўрмасди.

Умаршайх мирзо билан бирга келган ўн-ўн беш чоғли мулозим ва беклар бир-бирларига сўз қотмас, дамини ичига ютганча уни узоқдан кузатишарди. Эгар-жабдуқларидан озод бўлган отлар ҳам эркинлик нашидасини суриш ўрнига эгалари каби атроф-жавонибга сергак боқишарди.

Сўнгсиз ўйлар уммонига ғарқ бўлган Умаршайх мирзо сокинлик ҳукмрон сув сатҳида жимирлаётган нурлар рақсини ҳайрат тўла нигоҳи билан томоша қиларкан, йигирма-ўттиз қадамлар чамаси қуйирокда тизза бўйи келадиган ўтларнинг шитирлагани эшитилди. Ички бир ҳадик билан ортига ўгирилган эди, хизматига шай турган мулозимларига кўзи тушди. Унинг хавотири ҳали буткул аримай, шитирлаш яна такрорланди. Сал фурсат ўтиб, Сайхуннинг яланг қирғоғида сув ичаётган оҳу кўринди. Унинг тим қора кўзлари Умаршайх мирзога суюкли кенжа хотини Қоракўзбегимни эслатди. У на ўрнидан туришни ва на бошқа бир ҳаракат қилишни билмай, оҳунинг сув ичишини томоша қиларди. Оҳу эса серрайиб турган мулозимларга ҳам, унга ҳам эътибор бермай, чанқоғини қондирарди. Эҳтимол, оҳу ўзига таҳдид қилиши мумкин бўлган хавфни сезгандир-у, лекин саратоннинг жон олғучи иссиғига дош беролмай, дарё бўйига келгандир.

Қизиқ, нега у ёлғиз, тўдадан ажралиб бир ўзи келган? Ундай деса, Умаршайх мирзо ёлғиз эмасми? Айниқса, ҳамма қариндошлари бирлашиб, бир ўзига ҳамла қилишаётган-да… Шунинг учунми, мирзо ҳатто мулозиму қўрчилари қуршовида ҳам ўзини ёлғиз сезарди. Эҳтимол, табиатнинг бу тилсиз жонивори ҳам ўз тўдадагилари билан тил топиша олмагандир…

Оҳу сув ичиб бўлиб ҳам бошини кўтармади. Сув юзида жимирлаётган ранглар жилвасига бир муддат тикилиб турди-да, кейин қуралай кўзларини тўлин ойга қадади. Худди ой билан сўйлашаётгандай ва сўзларини тасдиқлаётгандай бошини силкитиб-силкитиб қўйди. Сўнгра лойга ботиб қолган олд оёқларини ялаб, ела кетди.

Оҳу ўзидан узоқлашган сайин Умаршайх мирзода уни тутиб олиш иштиёқи ортди. У ўйлаб ҳам ўтирмай, дуч келган биринчи отга яйдоқ минди-ю оҳуни қува бошлади. Таъқибни сезган оҳу бошини буриб қараган эди, унинг тим қора кўзлари яна Қоракўзбегимни эслатди. Нима қилиб бўлса ҳам, уни тутиб олиш қасдида Умаршайх мирзо отига пайдар-пай қамчи босди. Аммо сезгир оҳу ундан олдинроқ ҳаракатини қилиб дашт сари юзланди. Шамолдай елиб бораётган оҳудан ортда қолмай, изма-из келаётган мирзонинг оти хунук ириллаган товушдан ҳуркиб илкис тўхтади. Ўзини ўнглаб ололмаган мирзо от устидан учиб тушди. Олд оёқларини осмон бўйи кўтарган от ҳам мувозанатини йўқотиб, унинг устига қулади. Оғриқнинг зўридан дунё кўзига қоронғи кўриниб, шердек ўкириб юборди…

Таҳликали тунни ҳали ўн саккизга ҳам тўлмаган Қоракўзбегим билан ўтказган Умаршайх мирзо ўз овозидан чўчиб уйғониб кетди. Хайрият, туши экан. У ҳали ҳам темирчининг босқонидек кўтарилиб тушаётган сержун кўкрагига туфлаб, ёнига ўгирилиб қаради. Мирзонинг эҳтиросли эркалашларидан толиққан Қоракўзбегим ҳеч нарсадан бехабар ширин уйқуда эди. У бегимнинг тим қора кўзларига соя ташлаб турган қалин киприкларига меҳр билан нигоҳ ташларкан, яна ўша бехосият туш эсига тушди. Тавба, туш ҳам шунчалик аниқ-тиниқ бўладими? Ахир, у сувларнинг ой нурида жимирлашини, ҳуркович оҳунинг тим қора кўзларини худди ўнгидагидек кўриб, ўт-ўланларнинг шитирлашини, хунук ириллаган товушни ўз қулоқлари билан эшитди-ку…

Умаршайх мирзо зарбининг зўридан не-не баҳодир йигитлар ер ўпган забардаст қўллари билан сержун кўксини ғижимларкан, раҳматли отаси Султон Абусаид мирзонинг (аллоҳ ундан рози бўлсин!) овози қулоқлари остида жаранглаб кетди: “Ўғлим, тушда яйдоқ от кўрсанг, эҳтиёт чорасини кўрмоқ лозим. Илло, у ўлим шарпасидир…”.

Умаршайх мирзо тўшакда ўтирганча тушини яна бир бор бошдан-охир эслаб кўрди-да, шахт билан ўрнидан турди. Ҳаво дим бўлгани учун одатдагидан енгилроқ кийинди ва сармаст уйқуда ётган Қоракўзбегимни ёлғиз қолдириб ҳарамдан чиқди. Эшик олдида турган қўрчиларга эътибор ҳам бермай, саройнинг кунчиқар қисмига қараб юрди.

Неча йилдан буён садоқат билан хизмат қилаётган офтобачи мирзонинг ташрифини интиқлик билан кутаётган эди. Умаршайх мирзо мушк-анбарлар қўшилиб махсус тайёрланган сувда роҳатланиб чўмиларкан, бир зумга бўлса-да, хаёлини банд қилган бадбин ўйлар гирдобидан халос бўлди. Лекин бу оний лаҳзалар узоққа чўзилмади. Пахтадай момиқ сочиққа артаётган юзларини кўзгуга солган мирзо негадир унда ўзини эмас, балки қанчалик гўзал бўлса, шунчалик қаҳри қаттиқ Фотима султон оғани кўргандек бўлди. Эҳтимол, уни қийнаётганларнинг бошида айнан Фотима султон оға тургандир. Унда эндигина бир мучалга тўлган Бобур мирзонинг ҳоли не кечади?! Ота-боболари унга ишониб топширган салтанатнинг-чи?

Саодатли кунлари тугаб, қабоҳатли тунлар яқинлашаётганини ич-ичидан ҳис қилган Умаршайх мирзо машварат чақиргани эсига тушиб, шошилди.
Тонг отишига ҳали анча бўлса-да, машваратхона эшиги олдида гурунглашиб турган сарой аъёнлари кўринди. Мирзо уларнинг уйқусизликдан киртайган кўзларига, ҳорғинлик муҳр босган юзларига қараб, бу тун сарой аҳлининг ухламаганига амин бўлди. Ўзи тунни қизи тенгги Қоракўзбегим билан ўтказганини эслаб, ичидан ғижиниб қўйди.
Умаршайх мирзо танобий хона тўрига қўйилган нақшинкор курсига ўтираркан, бекларга қўли билан ўтиришга ишорат қолди. Анъанага кўра, ҳар ким ўз мавқеига қараб жойлашди. Аъёнларнинг ўтиришини кутган Умаршайх мирзо бир муддат нигоҳларини бўшлиққа қадаб турди-да, кейин машваратга йиғилганларнинг ҳар бирини зимдан кузата бошлади.

Эшик оға Ҳофиз Муҳаммадбек дўлдой мирзонинг маъноли қарашларига тоб беролмай, рапидадек кенг юзида зўрға кўринадиган бит кўзларини оёғи остидаги қип-қизил чўғдек туркман гиламларига тикди. Кўринишидан бекка ҳам ўхшамайдиган, доимо фақир одамлардек одми кийиниб юрадиган Хожа Ҳусайнбекнинг рангпаргина юзидан мирзо ҳеч қандай маъно уқиб ололмади.
Саройда энг юқори мартаба ва мавқега эга бўлган шайх Мазидбек эса ҳали у қарамасдан олдинроқ мудом ёшланиб турадиган кўзларини четга олиб қочди. Унинг равиш-рафторини кўрган мирзонинг юрагини совуқ ўйлар шириллатиб ўтди.
Наҳотки, туғишган биродаридан ортиқ ишонган одамлари, бор давлатини бўлиб берган беклари, содиқликка қасам ичган аҳли умароси энг қийин паллада унга хиёнат қилса?! Наҳотки, тушида аён бўлган ўлим шарпаси мана шу танобий хонада кезиб юрибди?! Унинг ҳар бир сўзини амри вожиб деб билувчи бу беклардан қай бири мирзони мавҳ этиши мумкин? Бир эмас, икки марта ёвлашган Али Мазидбекми?! Ё қанчалик мардона бўлса, шунчалик фитнага ўч Ҳасан Ёқуббекми?!

Садоқати зоҳир Қосимбек қавчиндан гумон қилиш густоҳликкина эмас, ақли кўтоҳлик ҳам бўлур эди. Шунинг учун ҳам мирзо ундан сакратган нигоҳини Бобоқули Бобо Алибекка қадади. Йўқ, гарчанд, рўза тутмаса-да, бенамоз юрса-да, унга ҳар қачон ва ҳар қаерда ишонса бўлади.

Оға-ини Али Дўст ва Мирғиёс бугун ҳаммадан кўра хотиржамроқ кўринарди. Эҳтимол, сиртига сув юқтирмай ўтирган ана шу мўғул амирзодалари унга панд беришни мўлжаллашаётгандир? Ахир, хотин томонидан мирзога уруғ саналган оға-иниларнинг ҳар иккаласи ҳам хулқ-атворию совуқ қилиқлари билан ҳаммага отнинг қашқасидек маълум-ку. Айниқса, мунофиқлигу фитнакорликда уларнинг олдига тушадиган одам зоти йўқ. Ундай деса, куракда турмайдиган беъмани ишларини билса-да, падари бузруквори замонидагидек ҳар иккаласининг ҳурматини жойига қўйиб келяпти-ку.

Пойгакдан жой олган Али Дарвеш билан Қанбар Алидан мирзонинг кўнгли тўқ. Али Дарвеш илгари отаси Султон Абусаид мирзо хизматида бўлган, кейин Умаршайх мирзо хизматига ўтган, содиқ беклардан эканини бир неча бор исботлаган. Қанбар Али мўғуллардан бўлиб, Ахтачидан эди. Қайнотаси Юнусхон қошида офтобачалик қилиб, кейин беклик рутбасига эришган. Бундай одамдан ёмонлик чиқишини мирзо хаёлига ҳам келтиролмасди.

Аммо кўнгли сезиб турибди: фитна эҳтимолдан холи эмас. Унга суиқасд қилмоқни дилига тукканлар ҳам шу ерда, рўпарасида ўтиришибди. Лекин ким бўлиши мумкин? Эҳтимол, улар кўпчиликдир…

Умаршайх мирзо иккинчи бор, фақат бу гал олдингисидан тезкор, йиғилганларни кўздан кечира бошлади. Нигоҳи, ногаҳон Али Мазидбекда тўхтаганда, эҳтимол, буни кутмагандир, беихтиёр типирчилаб қолди. Гўштдор бурни, кенг пешонасида реза-реза тер кўринди. Қозондай катта салласи остидан дўнг пешонаси орқали кўзларига тушаётган шўр томчиларни артишга ҳам ҳоли бўлмай ўтирган ўрнига сингиб кетди.
Хавотирга тушган шайх Мазидбек нигоҳи билан далда бериш учун Али Мазидбекдан кўзини узмасди. Бироқ, у оғир жиноят устида қўлга тушган одамдек бошини кўтаролмас, нафақат рўпарасида ўтирган шайх Мазидбекка қарашга, ҳатто чуқурроқ нафас олишга ҳам ҳадиксирарди.
Орага тушган узоқ жимликни бартараф этиш ҳамда шошилинч кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирларни келишиб олиш учун Умаршайх мирзо забардаст муштумига қисқа йўталиб олди-да, бекларга юзланди:

– Хўжанд суйининг жануб жонибидан черик тортган Султон Аҳмад мирзо ва шимол тарафидан бостириб келаётган Султон Маҳмудхон қўшинлари кун сайин пойтахтга яқинлашаётгани сизга аёндир. Ҳозиргина Исфара ҳам ёғий илкига ўтгани ҳақида хабар олдик. Энди Марғилондан чопар келишига илҳақмиз. Агар Марғилон ҳам ёвга таслим бўлса, Андижон қўрғони хавф остида қолади.

Ҳамма бирдек сукутга чўмди. Фақат биринчи вазир даражасидаги эшикоға Ҳофиз Муҳаммадбек дўлдойгина сўз қотишга жазм этди:

– Ҳазрати олийлари, эҳтимол, тағин бошқа чопар юборурмиз?
Умаршайх мирзо эшик оғанинг сўзларини эшитмагандек унга жавоб қилмади. Нафсиламрини айтганда, янги чопар юборгандан не наф? Униям ё йўлда душманлар ушлаб олишади ё ўзи ёғий томонга ўтиб кетади.
– Эрталабгача кутамиз. Агар Марғилондан бирор хабар бўлмаса, унда… унда “қанотли чопарлар”ни юборамиз. Машварат тамом. Ҳаммага ижозат.

Аъёнлар озодлик теккан мактаб болаларидек “гур” этиб ўринларидан қўзғалишди-ю, кейин нима қилишларини билмай тек тураверишди. Одатда, машварат тугагач, танобий хонани биринчи бўлиб Умаршайх мирзо тарк этар, сўнгра бошқа беклар чиқишарди. Ҳозир эса мирзо нақшинкор курсидан қўзғалмас, ўз хаёлларига шунчалик берилиб кетгандики, ҳатто атрофи жавонибида нималар бўлаётганини ҳам илғамас эди.

Ноилож қолган аъёнлар олдин эшик оға Ҳофиз Муҳаммадбек дўлдойга, кейин шайх Мазидбекка савол назари билан қарашди. Эшик оға бир муддат тараддудланиб тургач, тўрда ўтирган Умаршайх мирзога таъзим бажо келтириб, орқаси билан эшик томонга тисарилди. Шайх Мазидбекнинг унга таассуб қилгани бошқаларга ҳам далда бўлди-ю, ҳамма бирин-кетин машваратхонани тарк этди.

Умаршайх мирзо хаёлот денгизига шунчалар шўнғиган эдики, аъёнлар қачон чиқиб кетишганини ҳам сезмай қолди. Нигоҳини бўшлиқдан узиб, эрон ва туркман гиламлари устига осиб қўйилган турли яроғ-аслаҳалар, севимли машғулоти бўлган шикорлардан эсдалик бўлиб қолган ҳар хил мўйналарга қадаркан, дафъатан уни сўнгсиз ваҳима чулғади. Назарида, деворга илиғлиқ камон ўқлари уни нишонга олаётгандек, ўткир тиғли найзалар кўксига санчилаётгандек туюлди. Ҳадик тўла нигоҳини қаерга яширишни билмай оёғи остига тикилди. Нақшу нигорлари ҳар тусда товланиб турган чўғдек гилам уни яна хаёлот уммонига ғарқ қилди…

Ўшанда Умаршайх ўттиз ёшли қарчиғай йигит эди. Неча бор жанг қилиб, тахту юрт талашиб, талофат кўрган бўлса-да, тавбасига таянмаган жувонбахт мирзо яна акасига қарши жангга кирганди. Қайноғасининг мададига таянган Умаршайх мирзонинг бу гал Самарқанд тахтини эгаллашига ишончи комил эди. Ўзининг ўн беш минг аскарига қўшилган Султон Маҳмуднинг ўттиз минг кишилик қўшинига акаси Султон Аҳмаднинг дош бериши амри маҳол…

Уч томондан баравар сафар бошлаган черик Шоҳруҳияда тўқнашиши лозим эди. Аммо мағлубият муқаррар эканини билган Султон Аҳмад пири муршиди Хожа Аҳрорга одам юборган экан. Беҳуда қон тўкилишини сезган фуқаро ва акобирлар пуштипаноҳи ҳазрати эшон шошилинч йўлга чиққанлар. Замоннинг аъжубаси бўлган Каъбаи мақсуднинг келишидан хабар топган хон ҳам, мирзолар ҳам юрак ютиб қонли жангга киришолмадилар.

Илоҳий сирлар орифи ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ ўшанда яна бир бор каромат кўрсатган эдилар. Муҳораба майдонига етиб келган Хожа Аҳрор Султон Маҳмудхонни ҳам, ака-ука мирзоларни ҳам қошига чорлади. Улар етиб келганда муборак ёшлари саксондан ошган бўлса-да, бақувват, нур балқиб турган юзлари-ю оппоқ яхтаги енгларидан чиқиб турган забардаст қўлларининг узун-узун бармоқлари демаса, қордан яралгандай бошдан-оёқ оппоқ либосга бурканган ҳазрати эшон ерга тўшалган чоғроққина бир гилам устида тасбеҳ ўгириб ўтирардилар.

Каромати бисёр эшон жаноблари аввал Султон Маҳмудхонни, сўнгра уришқоқ ака-укаларни гиламга таклиф қилди. Табиийки, ўшанда улар нималар бўлаётганини англамаётган эдилар. Эшон ҳазратлари уларнинг саросима тўла кўзларига бир-бир боқиб шундай дегандилар:

– Нечун шу кичик бир гиламга сиғишган одамлар неча минглаб гилам тўшалса жойлашадиган кенгликка сиғмайди. Башарти, учовингиз бир гиламга сиғишиб ўтира олсангиз, беҳуда қон тўкмоклик нечун?!

Султон Маҳмудхон ҳазратнинг бу жўяли саволига не деб жавоб қилишни билмасди. Султон Аҳмад муршиди комили эшон ҳазратларининг кароматларига ичида таҳсин ўқиб ўтирса-да, қилган ишидан мулзам эди. Умаршайх мирзо бошини эгиб сукут сақлашдан ўзга чора тополмади.
Умаршайх мирзони бирда эшон ҳазратлари, бошқа сафар эса, қайнотаси Юнусхон не-не муқаррар мағлубиятлардан асраб қолган эди. Афсуски, энди ҳар иккиси орада йўқ – охират сафарида…

Ўзини ожизу нотавон сезган Умаршайх мирзонинг юраги сиқилди. Назарида кенг-мўл танобий хона ҳам торлик қилаётгандай, кўкрагидан зилдек юк босиб, нафас олиши қийинлашди. Яна бир оз ўтирса, шифт босиб қоладигандек илкис ирғиб турди.

Умаршайх мирзо чорпахил гавдасига қараганда енгилроқ қадам ташлаб ташқарига чиқди. Паст бўйи ва қўба юзига мос тегирма соқоллик иягини қашлай туриб кўзлари ногаҳон милтираётган юлдузга тушди. У бир кўзга ташланар, бир яна йўқликка юз тутарди. Негадир ҳозирги ҳолатини ана шу бемажол ва бенажот юлдузга менгзаб, кўнгли бузилди. Ғайришуурий тарзда хотирада яна ўша бехосият туш жонланди: тим қора кўзли оҳуни яқиндагина никоҳига олган Қоракўзбегимга, яйдоқ отни эса бош хотини Фотима Султон оғага қиёс қилди. Бу ўхшатишдан ўзи ҳам қўрқиб кетди. Ахир, яйдоқ от ўлим шарпаси-ку!

Эҳтимол, унга томирида мўғул қони оқаётган Фотима Султон оға чоҳ қазиётгандир. Ахир, кўз очиб кўргани бўлса-да, Бобур мирзодек валиаҳднинг онаси Қутлуғ Нигорхонимнинг саройдаги мавқеи нафсониятига тегаётгани кундек аён-ку! Эҳтимол, у зимдан Умаршайх мирзога қўшиб Бобур мирзони ҳам маҳв этиш ва ўғли Жаҳонгир мирзони тахтга ўтқазиш режасини тузатаётгандир. Агар ўн ёшли гўдак подшоҳ деб эълон қилинса, давлат тизгини онаси Фотима Султон оға қўлида бўлади-да…

Умаршайх мирзо ваҳимали хаёлларини унутиш учун Ахсикат қўрғонининг баланд деворларига қаради. Уларга ёғийнинг илки етмаслигидан мамнунлик туйди. Айниқса, кўкка бўй чўзган бу салобатли деворлар орти тубсиз жарликлардан иборат эканлиги ҳадик тўла кўнглига таскин берди. Узоқни кўзлаб қўрғоннинг даштга туташ шимол томонидан ҳам икки-уч жарлик ковлатгани яхши бўлган экан. Мана энди ҳамма томондан берк қўрғон деворига тармашган ёғий учун бу жарликлар очиқ мозор бўлажак, иншооллоҳ…

Умаршайх мирзо баланд деворларга боқиб кўнгли ўсганча қўрғоннинг ғарбий жавонибига қараб юрди…

* * *

Айни шу дамда шайх Мазидбек эндигина оёққа турган бемордек бўшашиб қолган Али Мазидбекнинг қўлтиғидан олиб, уни қўрғоннинг кунчиқар томонига бошлаётган эди. Бу дарвозахонага олиб борадиган йўлак бўлиб, у ерда ҳеч зоғ кўринмасди.

– Намунча шалвирамасангиз, – норози оҳангда тўнғиллади шайх Мазидбек. – Рўзани бузиб қўйиб, мухтасибнинг қўлига тушиб қолган мўминдек кўзингиз жавдирагани-жавдираган. Сал бўлмаса, мирзо жаноблари сезиб қолиши ҳеч гап эмас эди.
– Айтишга осон, – ўзини оқлашга уринди Али Мазидбек. – Ахир, биз ўз валинеъматимизга қарши бош кўтаряпмиз. Буни бандаям, худоям кечирмайди.
– Бўлар иш бўлиб, бўёғи синиб бўлди, – хотиржам қўл силтади шайх Мазидбек. – Энди туямижозлик қилишингиздан ҳеч бир наф йўқ. Ҳатто валинеъматингизга бориб иқрор бўлсангиз ҳам барибир бошингиз кетиши тайин.
– Мен иқрор бўлайлик деётганим йўқ, – дарҳол эътироз билдирди Али Мазидбек. – Сир очилиб қолса-чи! Унда нима бўлади. Ана шундан хавотирдаман.

Али Мазидбек овозида қанчалик ҳадигу хавотир бўлса, шайх Мазидбекда шунчалик хотиржамлик ҳукмрон эди.

– Худо хоҳласа, сир очилмағай. Аввали худо, аммо камина ҳам вақтида тадоригини кўриб қўйганман.
– Қандай қилиб?!
– Авваламбор, менинг қўрғонимда сизни кўрганлар аллақачон Сайхундаги балиқларга ем бўлган. Сониян, биз мирзони қатл этмаймиз. У ўз ажали билан ўлади.
– Ўз ажали билан ўлади? – Али Мазидбекнинг ҳайронлиги ортди. – Қачон Азроил келиб, жонини олади деб кутиб ўтирсак, Султон Аҳмад мирзо билан Султон Маҳмудхон иккимизнинг ҳам бошимизни силамас.
– Боракалло, – мамнун жилмайди шайх Мазидбек. – Шуни яхши биларкансиз, нечун мунчалар саросимага тушасиз. Ҳеч нима бўлмагандек бемалол юраверинг. Фақат менга ваъда қилган олтинларни беришни унутмасангиз бас…

Бир ҳафта бурун ярим тунда Шайх Мазидбек шаҳар чеккасидаги қўрғонига Али Мазидбекни чақиртирганди. Хавф-хатар ҳаддан ортиқ бўлса-да, у бекникига ёлғиз боришни маъқул кўрганди. Қолаверса, Шайх Мазидбек ҳам шуни тайин қилган экан. Иккаласи хуфия учрашиб, Султон Аҳмад мирзо билан Султон Маҳмудхоннинг таклифларини маслаҳатлашмоқчи, маъқул бўлса, аниқ бир режа тузиб олишмоқчи эди. Улар тонггача мубоҳаса қилиб, оқибат Умаршайх мирзони орадан кўтариш билан ўз мақсадларига етишга келишиб олишди. Фақат Умаршайх мирзони кўрарга кўзи, отарга ўқи бўлмаган Али Мазидбек негадир, бу ишда қанча харажат бўлса кўтаришни, аммо ўзи шахсан иштирок этмасликни лозим кўрди.

Ҳозир ўша суҳбатни эслаган шайх Мазидбек Али Мазидбекнинг мурданикидек оқариб кетган юзини кўриб кулгисини тиёлмади.

– Биров ўламан деса, сиз куладирсиз, – бадтар аччиқланди Али Мазидбек.
– Асабни асранг, биродар, асабни, – истеҳзоли илжайди шайх Мазидбек. – Ўладиган ахир сиз эмас, Умаршайх мирзо-ку.
– Секин сўзланг, – қўрқиб кетди Али Мазидбек, – деворнинг ҳам қулоғи бор-а…
– Хавотир олманг, ҳамма беклар биз томонда. Сиздан кейин эшикоғадан тортиб Бобо Алигача ҳар бири билан алоҳида гаплашдим. Уларга ҳам бизнинг режа маъқул бўлди.

Нафсиламрини айтганда, шайх Мазидбек бекларни кўндириши осон бўлмади. Бошда Султон Аҳмаднинг одамига ўзи ҳам рад жавобини берганди. Аммо гоҳ Султон Маҳмуд, гоҳ Султон Аҳмад юборган одамлар келавериб, минг турли ваъдалар беравериб, ҳоли-жонига қўйишмади.

Шайх Мазидбек Умаршайх мирзо даврида кўнгли тусаган неки бўлса, борига эришиб, давру даврон суриб юрса-да, ботинан уни ёқтирмасди. Шунинг учун таклифларга рози бўлгиси келар, аммо оқибатини ўйлаб иккиланарди. Ахир, нима бўлганда ҳам хоинлар бегона эмас: бири хонга жондек жигар, иккинчиси қайноға. Эртага улар суиқасд иштирокчиларини, ҳеч бўлмаса эл кўзига, қатл этмаслигига ким кафолат бера олади?!

Шайх Мазидбек кўнглидан кечган шубҳаю гумонларни такрор этиб, бошқа беклар ҳам бошда оёқ тираб туриб олишди. Аммо у ким билан қандай муомала қилишни яхши биларди. Кимга мирзонинг сархуш пайти етказган озорини, кимга ботиний душманлигини эслатиб, ахийри, айтганига кўндирди. Кажбаҳслик қилганлари ҳам Умаршайх мирзонинг куни битганини, агар бирор тасодиф билан яна тахтда қолса-да, шу бадфеъллиги-ю, уришқоқлиги омон бўлса, бир вақтлар Юнусхонга тақдим қилиб юборганидек, бутун Фарғонани бўлак-бўлаклаб бошқаларга инъом этиб юборишини айтганда, шайх Мазидбек томонга ўтишдан ўзга чора топа олишмади.
Ҳамон нимадир Али Мазидбекка тинчлик бермасди.

– Маъқул, бек жаноблари. Аммо ўйланган режани қандай амалга оширурмиз. Боз устига, ўзимиз четда қолурмиз?
Шайх Мазидбек юзига тантанавор тус бериб, шодон ишшайди.

– Бир ҳафта ичинда Марғилон билан Қўқонга неча бор чопар юборишди. Яна денг, энг учқур отларда, энг тезкор чопарлар. Аммо улардан нечтаси қайтиб келди? Буни ҳеч ўйлаб кўрмадингизми, бек? – Али Мазидбекнинг диққати ортди. Шайх Мазидбек энди унга эътибор қилмасдан давом этди. – Йўлга ўз одамларимиздан қўйиб қўйганман. Агар чопарлар хушхабар олиб келаётган бўлишса, гумдон қилишади. Акси бўлса, ўтказиб юборишади. Тўрт оёқли жониворларни миниб кетган икки оёқли хабарчилар қайтиб келмагач, мирзойингиз “қанотли чопарлар”ини юборишга мажбур бўлади…

– Буни яхши ўйлабсиз, – деди Али Мазидбек, сал тинчланиб. – Лекин суиқасдга бу тадбирнинг нима алоқаси бор?
– Бўлганда қандоқ, – жонланиб кетди шайх Мазидбек. – Биласиз, кабутархона жарлик лабига қурилган. Ишонган одамларимга кабутархона остини қулашига бир баҳя қолгунга қадар ковлаб, томидаги ёғочларни арралаб қўйишни буюрганман. Мирзо жаноблари кабутарларни ўз қўллари билан учиришни ёқтиришлари сизга аён. Агар омадимиз келиб, бу гал ҳам мирзо кабутархона томига чиқсалар, том қулаб тушади. Унинг зилдай гавдасини кўтаролмаган омонатгина кабутархона кучли зарбдан пастга ағанаши турган гап.

– Салоҳиятингизга салламно. Лекин…
– Ҳеч қандай лекин-пекини йўқ, – унинг гапини чўрт бўлди шайх Мазидбек. – Кабутар боқувчи ҳам одам эканини, унинг ҳам сизникидек оғзи борлигини унутманг. Қолаверса, бу оламда олтиндек сариқ иблисга сотилмайдиган бани одамнинг ўзи йўқ. Худо хоҳласа, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади. Мана энди ўйлаган режамизнинг ипидан-игнасигача хабардорсиз. Ҳарқалай, бир оз бўлса ҳам ўпкангиз босилгандир.
– Бек жаноблари, мен қуёнюрак эмасман. Бироқ бу тузлуққа тупуриш бўлмасми? Хавотирим шундан, холос.
– Э, Али Мазидбек, – яна унинг кўзларида истеҳзо учқунлади, – ҳали шу юрак билан Хонзодабегимдек шернинг урғочисига эгалик қилмоқчимисиз?
– Бек жаноблари, ҳаддингиздан ошманг, – Али Мазидбекнинг қўллари беихтиёр камарига осилган яроққа югурди.
– Бўпти, бўпти, – шайх Мазидбек қалтис ҳазили зилга айланиб кетишини сезиб бир оз ён берди. – Тонг ҳам оқариб қолди. Бориб саҳарлик қилайлик. Ҳадемай мирзо ҳазратлари йўқлаб қоладилар…

* * *

Кун чошгоҳдан ошгунга қадар сабр қилган Умаршайх мирзонинг охири тоқати тоқ бўлди. Аммо на Марғилон ва на Қўқондан чопар келди. Ноилож қолган мирзо сўнгги чорани қўллаб, “қанотли чопарлар”ини юборишга жазм этди.

Умаршайх мирзо ўн-ўн беш чоғли мулозим ва беклари билан жанубий дарвозадан чиққанда қуёш заминни забтига олиб бўлган эди. Мирзонинг негадир тихирлик қилаётган отига қамчи босиш учун кўтарилган қўли ҳавода муаллақ қолди. Наҳотки, туши ўнгидан келса?! Наҳотки, ҳали қирчиллама қирққа ҳам тўлмай бу фоний дунёни тарк этса?! Эҳтимол, остидаги арғумоғи ҳам ўша тушида аён бўлган ўлим шарпасидир ва уни муқаррар ўлим сари олиб кетаётгандир…

Отлиқлар жар лабига етиб келишганда кабутарларнинг безовталиги янада ортди. Ўзи шундай ҳам улар кечадан буён сувга ҳам, донга ҳам қарамас, юз бериши мумкин бўлган қандайдир хавф-хатарни сезгандек, ўзларини кабутархона деворига уришар, ташқарига чиқиш йўлларини излашарди. Кабутар боқувчи ҳам нимадандир безовталаниб, оёғи куйган товуқдек типирчилаб, ўзини қўйгани жой тополмасди.

Ҳалиям тинимсиз хаёлларини бир жойга йиғолмаган Умаршайх мирзо Марғилонга учадиган кабутарнинг бошини силаганча кабутархона томига кўтарилди. У залворли қадамлари зўридан ғичирлаб турган зинадан юқорилагани сайин шайх Мазидбекдан тортиб кабутар боқувчисигача ҳамма боши эгилиб, ердан кўзларини узолмай туришди. Фақатгина Қосимбек қавчингина бу ҳолдан ҳайратда эди. Нега улар бу қадар безовта? Бу ерда қандай сиру асрор бўлиши мумкин?!

Қосимбек қавчин саволларига жавоб топгунча нимадир қарсиллаб синди-ю, қўлларига кабутар ушлаган Умаршайх мирзо кўз очиб-юмгунча кабутархона ичига қулаб тушди. Қосимбек ўрнидан қўзғалишга улгурмай, жар лабига ўрнатилган кабутархона пастга қараб инди. Таги нураган қирғоқ ҳам унга қўшилиб жар тубига қулади. Саросимада қолган Қосимбек шер наърасига монанд ҳайқириқни баралла эшитди-да, бошини сараклади. Умаршайх мирзо кабутархона ичида ётганича пастга қуларкан, хаёлида раҳматли отаси айтган сўзларнинг охири бот-бот такрорланарди: “Ўлим шарпаси… Ўлим шарпаси…”.

Манба: «Шарқ юлдузи» журнали,2011-6

07

06
Adham Arslonov
ARSLON CHORLAGANDA
05

Umarshayx mirzo Sayxun bo‘yiga bemurod cho‘kkaladi. U to‘lin oy jilvalanayotgan sokin daryo jozibasidan ko‘ngil chigilini yozmoqchimidi yo yotlar qolib, o‘z qarindoshlari yovga aylanganidan ozurda dil dostonini beozor suvlarga aytmoqchimidi? Buni o‘zi ham bilmaydi. O’rgimchak to‘ridek har tomondan qisib kelayotgan yog‘iy halqasi uni bir qadar faromush qilgan edi.
Shundoqqina Axsi qo‘rg‘oniga bosh urib oqayotgan Sayxun chindan-da go‘zal edi. Ayniqsa, to‘lin oyning sohir nurlari uni yanada sehrli qilib ko‘rsatardi. Atrofda bo‘layotgan voqealarga bee’tibor Sayxun shoshilmasdan, bir maromda oqar, tun sukunatini buzgisi kelmaganday shovullashni ham o‘ziga ep ko‘rmasdi.
Umarshayx mirzo bilan birga kelgan o‘n-o‘n besh chog‘li mulozim va beklar bir-birlariga so‘z qotmas, damini ichiga yutgancha uni uzoqdan kuzatishardi. Egar-jabduqlaridan ozod bo‘lgan otlar ham erkinlik nashidasini surish o‘rniga egalari kabi atrof-javonibga sergak boqishardi.
So‘ngsiz o‘ylar ummoniga g‘arq bo‘lgan Umarshayx mirzo sokinlik hukmron suv sathida jimirlayotgan nurlar raqsini hayrat to‘la nigohi bilan tomosha qilarkan, yigirma-o‘ttiz qadamlar chamasi quyirokda tizza bo‘yi keladigan o‘tlarning shitirlagani eshitildi. Ichki bir hadik bilan ortiga o‘girilgan edi, xizmatiga shay turgan mulozimlariga ko‘zi tushdi. Uning xavotiri hali butkul arimay, shitirlash yana tak­rorlandi. Sal fursat o‘tib, Sayxunning yalang qirg‘og‘ida suv ichayotgan ohu ko‘rindi. Uning tim qora ko‘zlari Umarshayx mirzoga suyukli kenja xotini Qorako‘zbegimni eslatdi. U na o‘rnidan turishni va na boshqa bir harakat qilishni bilmay, ohuning suv ichishini tomosha qilardi. Ohu esa serrayib turgan mulozimlarga ham, unga ham e’tibor bermay, chanqog‘ini qondirardi. Ehtimol, ohu o‘ziga tahdid qilishi mumkin bo‘lgan xavfni sezgandir-u, lekin saratonning jon olg‘uchi issig‘iga dosh berolmay, daryo bo‘yiga kelgandir.
Qiziq, nega u yolg‘iz, to‘dadan ajralib bir o‘zi kelgan? Unday desa, Umarshayx mirzo yolg‘iz emasmi? Ayniqsa, hamma qarindoshlari birlashib, bir o‘ziga hamla qilishayotgan-da… Shuning uchunmi, mirzo hatto mulozimu qo‘rchilari qurshovida ham o‘zini yolg‘iz sezardi. Ehtimol, tabiatning bu tilsiz jonivori ham o‘z to‘dadagilari bilan til topisha olmagandir…
Ohu suv ichib bo‘lib ham boshini ko‘tarmadi. Suv yuzida jimirlayotgan rang­lar jilvasiga bir muddat tikilib turdi-da, keyin quralay ko‘zlarini to‘lin oyga qadadi. Xuddi oy bilan so‘ylashayotganday va so‘zlarini tasdiqlayotganday boshini silkitib-silkitib qo‘ydi. So‘ngra loyga botib qolgan old oyoqlarini yalab, yela ketdi.
Ohu o‘zidan uzoqlashgan sayin Umarshayx mirzoda uni tutib olish ishtiyoqi ortdi. U o‘ylab ham o‘tirmay, duch kelgan birinchi otga yaydoq mindi-yu, ohuni quva boshladi. Ta’qibni sezgan ohu boshini burib qaragan edi, uning tim qora ko‘zlari yana Qorako‘zbegimni eslatdi. Nima qilib bo‘lsa ham, uni tutib olish qasdida Umarshayx mirzo otiga paydar-pay qamchi bosdi. Ammo sezgir ohu undan oldinroq harakatini qilib dasht sari yuzlandi. Shamolday yelib borayotgan ohudan ortda qolmay, izma-iz kelayotgan mirzoning oti xunuk irillagan tovushdan hurkib ilkis to‘xtadi. O’zini o‘nglab ololmagan mirzo ot ustidan uchib tushdi. Old oyoqlarini osmon bo‘yi ko‘targan ot ham muvozanatini yo‘qotib, uning ustiga quladi. Og‘riqning zo‘ridan dunyo ko‘ziga qorong‘i ko‘rinib, sherdek o‘kirib yubordi…
Tahlikali tunni hali o‘n sakkizga ham to‘lmagan Qorako‘zbegim bilan o‘tkazgan Umarshayx mirzo o‘z ovozidan cho‘chib uyg‘onib ketdi. Xayriyat, tushi ekan. U hali ham temirchining bosqonidek ko‘tarilib tushayotgan serjun ko‘kragiga tuflab, yoniga o‘girilib qaradi. Mirzoning ehtirosli erkalashlaridan toliqqan Qorako‘zbegim hech narsadan bexabar shirin uyquda edi. U begimning tim qora ko‘zlariga soya tashlab turgan qalin kipriklariga mehr bilan nigoh tashlarkan, yana o‘sha bexosiyat tush esiga tushdi. Tavba, tush ham shunchalik aniq-tiniq bo‘ladimi? Axir, u suvlarning oy nurida jimirlashini, hurkovich ohuning tim qora ko‘zlarini xuddi o‘ngidagidek ko‘rib, o‘t-o‘lanlarning shitirlashini, xunuk irillagan tovushni o‘z quloqlari bilan eshitdi-ku…
Umarshayx mirzo zarbining zo‘ridan ne-ne bahodir yigitlar yer o‘pgan zabardast qo‘llari bilan serjun ko‘ksini g‘ijimlarkan, rahmatli otasi Sulton Abusaid mirzoning (alloh undan rozi bo‘lsin!) ovozi quloqlari ostida jaranglab ketdi: “O’g‘lim, tushda yaydoq ot ko‘rsang, ehtiyot chorasini ko‘rmoq lozim. Illo, u o‘lim sharpasidir…”.
Umarshayx mirzo to‘shakda o‘tirgancha tushini yana bir bor boshdan-oxir eslab ko‘rdi-da, shaxt bilan o‘rnidan turdi. Havo dim bo‘lgani uchun odatdagidan yengilroq kiyindi va sarmast uyquda yotgan Qorako‘zbegimni yolg‘iz qoldirib haramdan chiqdi. Eshik oldida turgan qo‘rchilarga e’tibor ham bermay, saroyning kunchiqar qismiga qarab yurdi.
Necha yildan buyon sadoqat bilan xizmat qilayotgan oftobachi mirzoning tashrifini intiqlik bilan kutayotgan edi. Umarshayx mirzo mushk-anbarlar qo‘shilib maxsus tayyorlangan suvda rohatlanib cho‘milarkan, bir zumga bo‘lsa-da, xayolini band qilgan badbin o‘ylar girdobidan xalos bo‘ldi. Lekin bu oniy lahzalar uzoqqa cho‘zilmadi. Paxtaday momiq sochiqqa artayotgan yuzlarini ko‘zguga solgan mirzo negadir unda o‘zini emas, balki qanchalik go‘zal bo‘lsa, shunchalik qahri qattiq Fotima sulton og‘ani ko‘rgandek bo‘ldi. Ehtimol, uni qiynayotganlarning boshida aynan Fotima sulton og‘a turgandir. Unda endigina bir muchalga to‘lgan Bobur mirzoning holi ne kechadi?! Ota-bobolari unga ishonib topshirgan saltanatning-chi?
Saodatli kunlari tugab, qabohatli tunlar yaqinlashayotganini ich-ichidan his qilgan Umarshayx mirzo mashvarat chaqirgani esiga tushib shoshildi.
Tong otishiga hali ancha bo‘lsa-da, mashvaratxona eshigi oldida gurunglashib turgan saroy a’yonlari ko‘rindi. Mirzo ularning uyqusizlikdan kirtaygan ko‘zlariga, horg‘inlik muhr bosgan yuzlariga qarab, bu tun saroy ahlining uxlamaganiga amin bo‘ldi. O’zi tunni qizi tenggi Qorako‘zbegim bilan o‘tkazganini eslab, ichidan g‘ijinib qo‘ydi.
Umarshayx mirzo tanobiy xona to‘riga qo‘yilgan naqshinkor kursiga o‘tirarkan, beklarga qo‘li bilan o‘tirishga ishorat qoldi. An’anaga ko‘ra, har kim o‘z mavqeiga qarab joylashdi. A’yonlarning o‘tirishini kutgan Umarshayx mirzo bir muddat nigohlarini bo‘shliqqa qadab turdi-da, keyin mashvaratga yig‘ilganlarning har birini zimdan kuzata boshladi.
Eshik og‘a Hofiz Muhammadbek do‘ldoy mirzoning ma’noli qarashlariga tob berolmay, rapidadek keng yuzida zo‘rg‘a ko‘rinadigan bit ko‘zlarini oyog‘i ostidagi qip-qizil cho‘g‘dek turkman gilamlariga tikdi. Ko‘rinishidan bekka ham o‘xshamaydigan, doimo faqir odamlardek odmi kiyinib yuradigan Xoja Husaynbekning rangpargina yuzidan mirzo hech qanday ma’no uqib ololmadi.
Saroyda eng yuqori martaba va mavqega ega bo‘lgan shayx Mazidbek esa hali u qaramasdan oldinroq mudom yoshlanib turadigan ko‘zlarini chetga olib qochdi. Uning ravish-raftorini ko‘rgan mirzoning yuragini sovuq o‘ylar shirillatib o‘tdi.
Nahotki, tug‘ishgan birodaridan ortiq ishongan odamlari, bor davlatini bo‘lib bergan beklari, sodiqlikka qasam ichgan ahli umarosi eng qiyin pallada unga xiyonat qilsa?! Nahotki, tushida ayon bo‘lgan o‘lim sharpasi mana shu tanobiy xonada kezib yuribdi?! Uning har bir so‘zini amri vojib deb biluvchi bu beklardan qay biri mirzoni mavh etishi mumkin? Bir emas, ikki marta yovlashgan Ali Mazidbekmi?! Yo qanchalik mardona bo‘lsa, shunchalik fitnaga o‘ch Hasan Yoqubbekmi?!
Sadoqati zohir Qosimbek qavchindan gumon qilish gustohlikkina emas, aqli ko‘tohlik ham bo‘lur edi. Shuning uchun ham mirzo undan sakratgan nigohini Boboquli Bobo Alibekka qadadi. Yo‘q, garchand, ro‘za tutmasa-da, benamoz yursa-da, unga har qachon va har qaerda ishonsa bo‘ladi.
Og‘a-ini Ali Do‘st va Mirg‘iyos bugun hammadan ko‘ra xotirjamroq ko‘rinardi. Eh­timol, sirtiga suv yuqtirmay o‘tirgan ana shu mo‘g‘ul amirzodalari unga pand berishni mo‘ljallashayotgandir? Axir, xotin tomonidan mirzoga urug‘ sanalgan og‘a-inilarning har ikkalasi ham xulq-atvoriyu sovuq qiliqlari bilan hammaga otning qashqasidek ma’lum-ku. Ayniqsa, munofiqligu fitnakorlikda ularning oldiga tushadigan odam zoti yo‘q. Unday desa, kurakda turmaydigan be’mani ishlarini bilsa-da, padari buzrukvori zamonidagidek har ikkalasining hurmatini joyiga qo‘yib kelyapti-ku.
Poygakdan joy olgan Ali Darvesh bilan Qanbar Alidan mirzoning ko‘ngli to‘q. Ali Darvesh ilgari otasi Sulton Abusaid mirzo xizmatida bo‘lgan, keyin Umarshayx mirzo xizmatiga o‘tgan, sodiq beklardan ekanini bir necha bor isbotlagan. Qanbar Ali mo‘g‘ullardan bo‘lib, Axtachidan edi. Qaynotasi Yunusxon qoshida oftobachalik qilib, keyin beklik rutbasiga erishgan. Bunday odamdan yomonlik chiqishini mirzo xayoliga ham keltirolmasdi.
Ammo ko‘ngli sezib turibdi: fitna ehtimoldan xoli emas. Unga suiqasd qilmoqni diliga tukkanlar ham shu yerda, ro‘parasida o‘tirishibdi. Lekin kim bo‘lishi mumkin? Ehtimol, ular ko‘pchilikdir…
Umarshayx mirzo ikkinchi bor, faqat bu gal oldingisidan tezkor, yig‘ilganlarni ko‘zdan kechira boshladi. Nigohi, nogahon Ali Mazidbekda to‘xtaganda, ehtimol, buni kutmagandir, beixtiyor tipirchilab qoldi. Go‘shtdor burni, keng peshonasida reza-reza ter ko‘rindi. Qozonday katta sallasi ostidan do‘ng peshonasi orqali ko‘zlariga tushayotgan sho‘r tomchilarni artishga ham holi bo‘lmay o‘tirgan o‘rniga singib ketdi.
Xavotirga tushgan shayx Mazidbek nigohi bilan dalda berish uchun Ali Mazidbekdan ko‘zini uzmasdi. Biroq, u og‘ir jinoyat ustida qo‘lga tushgan odamdek boshini ko‘tarolmas, nafaqat ro‘parasida o‘tirgan shayx Mazidbekka qarashga, hatto chuqurroq nafas olishga ham hadiksirardi.
Oraga tushgan uzoq jimlikni bartaraf etish hamda shoshilinch ko‘rilishi lozim bo‘lgan chora-tadbirlarni kelishib olish uchun Umarshayx mirzo zabardast mushtumiga qisqa yo‘talib oldi-da, beklarga yuzlandi:
– Xo‘jand suyining janub jonibidan cherik tortgan Sulton Ahmad mirzo va shimol tarafidan bostirib kelayotgan Sulton Mahmudxon qo‘shinlari kun sayin poytaxtga yaqinlashayotgani sizga ayondir. Hozirgina Isfara ham yog‘iy ilkiga o‘tgani haqida xabar oldik. Endi Marg‘ilondan chopar kelishiga ilhaqmiz. Agar Marg‘ilon ham yovga taslim bo‘lsa, Andijon qo‘rg‘oni xavf ostida qoladi.
Hamma birdek sukutga cho‘mdi. Faqat birinchi vazir darajasidagi eshikog‘a Hofiz Muhammadbek do‘ldoygina so‘z qotishga jazm etdi:
– Hazrati oliylari, ehtimol, tag‘in boshqa chopar yuborurmiz?
Umarshayx mirzo eshik og‘aning so‘zlarini eshitmagandek unga javob qilmadi. Nafsilamrini aytganda, yangi chopar yuborgandan ne naf? Uniyam yo yo‘lda dushmanlar ushlab olishadi, yo o‘zi yog‘iy tomonga o‘tib ketadi.
– Ertalabgacha kutamiz. Agar Marg‘ilondan biror xabar bo‘lmasa, unda… unda “qanotli choparlar”ni yuboramiz. Mashvarat tamom. Hammaga ijozat.
A’yonlar ozodlik tekkan maktab bolalaridek “gur” etib o‘rinlaridan qo‘z­g‘alishdi-yu, keyin nima qilishlarini bilmay tek turaverishdi. Odatda, mashvarat tugagach, tanobiy xonani birinchi bo‘lib Umarshayx mirzo tark etar, so‘ngra boshqa beklar chiqishardi. Hozir esa mirzo naqshinkor kursidan qo‘zg‘almas, o‘z xayollariga shunchalik berilib ketgandiki, hatto atrofi javonibida nimalar bo‘layotganini ham ilg‘amas edi.
Noiloj qolgan a’yonlar oldin eshik og‘a Hofiz Muhammadbek do‘ldoyga, keyin shayx Mazidbekka savol nazari bilan qarashdi. Eshik og‘a bir muddat taraddudlanib turgach, to‘rda o‘tirgan Umarshayx mirzoga ta’zim bajo keltirib, orqasi bilan eshik tomonga tisarildi. Shayx Mazidbekning unga taassub qilgani boshqalarga ham dalda bo‘ldi-yu, hamma birin-ketin mashvaratxonani tark etdi.
Umarshayx mirzo xayolot dengiziga shunchalar sho‘ng‘igan ediki, a’yonlar qachon chiqib ketishganini ham sezmay qoldi. Nigohini bo‘shliqdan uzib, eron va turkman gilamlari ustiga osib qo‘yilgan turli yarog‘-aslahalar, sevimli mashg‘uloti bo‘lgan shikorlardan esdalik bo‘lib qolgan har xil mo‘ynalarga qadarkan, daf’atan uni so‘ngsiz vahima chulg‘adi. Nazarida, devorga ilig‘liq kamon o‘qlari uni nishonga olayotgandek, o‘tkir tig‘li nayzalar ko‘ksiga sanchilayotgandek tuyuldi. Hadik to‘la nigohini qaerga yashirishni bilmay oyog‘i ostiga tikildi. Naqshu nigorlari har tusda tovlanib turgan cho‘g‘dek gilam uni yana xayolot ummoniga g‘arq qildi…
O’shanda Umarshayx o‘ttiz yoshli qarchig‘ay yigit edi. Necha bor jang qilib, taxtu yurt talashib, talofat ko‘rgan bo‘lsa-da, tavbasiga tayanmagan juvonbaxt mirzo yana akasiga qarshi jangga kirgandi. Qaynog‘asining madadiga tayangan Umarshayx mirzoning bu gal Samarqand taxtini egallashiga ishonchi komil edi. O’zining o‘n besh ming askariga qo‘shilgan Sulton Mahmudning o‘ttiz ming kishilik qo‘shiniga akasi Sulton Ahmadning dosh berishi amri mahol…
Uch tomondan baravar safar boshlagan cherik Shohruhiyada to‘qnashishi lozim edi. Ammo mag‘lubiyat muqarrar ekanini bilgan Sulton Ahmad piri murshidi Xoja Ahrorga odam yuborgan ekan. Behuda qon to‘kilishini sezgan fuqaro va akobirlar pushtipanohi hazrati eshon shoshilinch yo‘lga chiqqanlar. Zamonning a’jubasi bo‘lgan Ka’bai maqsudning kelishidan xabar topgan xon ham, mirzolar ham yurak yutib qonli jangga kirisholmadilar.
Ilohiy sirlar orifi hazrati Xoja Ubaydulloh o‘shanda yana bir bor karomat ko‘rsatgan edilar. Muxoraba maydoniga yetib kelgan Xoja Ahror Sulton Mah­mudxonni ham, aka-uka mirzolarni ham qoshiga chorladi. Ular yetib kelganda muborak yoshlari saksondan oshgan, qordan yaralganday boshdan-oyoq oppoq libosga burkangan hazrati eshon yerga to‘shalgan chog‘roqqina bir gilam ustida tasbeh o‘girib o‘tirardilar.
Karomati bisyor eshon janoblari avval Sulton Mahmudxonni, so‘ngra urishqoq aka-ukalarni gilamga taklif qildi. Tabiiyki, o‘shanda ular nimalar bo‘layotganini anglamayotgan edilar. Eshon hazratlari ularning sarosima to‘la ko‘zlariga bir-bir boqib shunday degandilar:
– Nechun shu kichik bir gilamga sig‘ishgan odamlar necha minglab gilam to‘shalsa joylashadigan kenglikka sig‘maydi. Basharti, uchovingiz bir gilamga sig‘ishib o‘tira olsangiz, behuda qon to‘kmoklik nechun?!
Sulton Mahmudxon hazratning bu jo‘yali savoliga ne deb javob qilishni bilmasdi. Sulton Ahmad murshidi komili eshon hazratlarining karomatlariga ichida tahsin o‘qib o‘tirsa-da, qilgan ishidan mulzam edi. Umarshayx mirzo boshini egib sukut saqlashdan o‘zga chora topolmadi.
Umarshayx mirzoni birda eshon hazratlari, boshqa safar esa, qaynotasi Yunusxon ne-ne muqarrar mag‘lubiyatlardan asrab qolgan edi. Afsuski, endi har ikkisi orada yo‘q – oxirat safarida…
O’zini ojizu notavon sezgan Umarshayx mirzoning yuragi siqildi. Nazarida keng-mo‘l tanobiy xona ham torlik qilayotganday, ko‘kragidan zildek yuk bosib, nafas olishi qiyinlashdi. Yana bir oz o‘tirsa, shift bosib qoladigandek ilkis irg‘ib turdi.
Umarshayx mirzo chorpaxil gavdasiga qaraganda yengilroq qadam tashlab tash­qariga chiqdi. Past bo‘yi va qo‘ba yuziga mos tegirma soqollik iyagini qashlay turib ko‘zlari nogahon miltirayotgan yulduzga tushdi. U bir ko‘zga tashlanar, bir yana yo‘qlikka yuz tutardi. Negadir hozirgi holatini ana shu bemajol va benajot yulduzga mengzab, ko‘ngli buzildi. G’ayrishuuriy tarzda xotirada yana o‘sha bexosiyat tush jonlandi: tim qora ko‘zli ohuni yaqindagina nikohiga olgan Qorako‘zbegimga, yaydoq otni esa bosh xotini Fotima Sulton og‘aga qiyos qildi. Bu o‘xshatishdan o‘zi ham qo‘rqib ketdi. Axir, yaydoq ot o‘lim sharpasi-ku!
Ehtimol, unga tomirida mo‘g‘ul qoni oqayotgan Fotima Sulton og‘a choh qaziyotgandir. Axir, ko‘z ochib ko‘rgani bo‘lsa-da, Bobur mirzodek valiahdning onasi Qutlug‘ Nigorxonimning saroydagi mavqei nafsoniyatiga tegayotgani kundek ayon-ku! Ehtimol, u zimdan Umarshayx mirzoga qo‘shib Bobur mirzoni ham mahv etish va o‘g‘li Jahongir mirzoni taxtga o‘tqazish rejasini tuzatayotgandir. Agar o‘n yoshli go‘dak podshoh deb e’lon qilinsa, davlat tizgini onasi Fotima Sulton og‘a qo‘lida bo‘ladi-da…
Umarshayx mirzo vahimali xayollarini unutish uchun Axsikat qo‘rg‘onining baland devorlariga qaradi. Ularga yog‘iyning ilki yetmasligidan mamnunlik tuydi. Ayniqsa, ko‘kka bo‘y cho‘zgan bu salobatli devorlar orti tubsiz jarliklardan iborat ekanligi hadik to‘la ko‘ngliga taskin berdi. Uzoqni ko‘zlab qo‘rg‘onning dashtga tutash shimol tomonidan ham ikki-uch jarlik kovlatgani yaxshi bo‘lgan ekan. Mana endi hamma tomondan berk qo‘rg‘on devoriga tarmashgan yog‘iy uchun bu jarliklar ochiq mozor bo‘lajak, inshoolloh…
Umarshayx mirzo baland devorlarga boqib ko‘ngli o‘sgancha qo‘rg‘onning g‘arbiy javonibiga qarab yurdi…

* * *

Ayni shu damda shayx Mazidbek endigina oyoqqa turgan bemordek bo‘shashib qolgan Ali Mazidbekning qo‘ltig‘idan olib, uni qo‘rg‘onning kunchiqar tomoniga boshlayotgan edi. Bu darvozaxonaga olib boradigan yo‘lak bo‘lib, u yerda hech zog‘ ko‘rinmasdi.
– Namuncha shalviramasangiz, – norozi ohangda to‘ng‘illadi shayx Mazidbek. – Ro‘zani buzib qo‘yib, muxtasibning qo‘liga tushib qolgan mo‘mindek ko‘zingiz javdiragani-javdiragan. Sal bo‘lmasa, mirzo janoblari sezib qolishi hech gap emas edi.
– Aytishga oson, – o‘zini oqlashga urindi Ali Mazidbek. – Axir, biz o‘z valine’matimizga qarshi bosh ko‘taryapmiz. Buni bandayam, xudoyam kechirmaydi.
– Bo‘lar ish bo‘lib, bo‘yog‘i sinib bo‘ldi, – xotirjam qo‘l siltadi shayx Mazidbek. – Endi tuyamijozlik qilishingizdan hech bir naf yo‘q. Hatto valine’matingizga borib iqror bo‘lsangiz ham baribir boshingiz ketishi tayin.
– Men iqror bo‘laylik deyotganim yo‘q, – darhol e’tiroz bildirdi Ali Mazidbek. – Sir ochilib qolsa-chi! Unda nima bo‘ladi. Ana shundan xavotirdaman.
Ali Mazidbek ovozida qanchalik hadigu xavotir bo‘lsa, shayx Mazidbekda shunchalik xotirjamlik hukmron edi.
– Xudo xohlasa, sir ochilmag‘ay. Avvali xudo, ammo kamina ham vaqtida tadorigini ko‘rib qo‘yganman.
– Qanday qilib?!
– Avvalambor, mening qo‘rg‘onimda sizni ko‘rganlar allaqachon Sayxundagi baliqlarga yem bo‘lgan. Soniyan, biz mirzoni qatl etmaymiz. U o‘z ajali bilan o‘ladi.
– O’z ajali bilan o‘ladi? – Ali Mazidbekning hayronligi ortdi. – Qachon Azroil kelib, jonini oladi deb kutib o‘tirsak, Sulton Ahmad mirzo bilan Sulton Mahmudxon ikkimizning ham boshimizni silamas.
– Borakallo, – mamnun jilmaydi shayx Mazidbek. – Shuni yaxshi bilarkansiz, nechun munchalar sarosimaga tushasiz. Hech nima bo‘lmagandek bemalol yuravering. Faqat menga va’da qilgan oltinlarni berishni unutmasangiz bas…
Bir hafta burun yarim tunda Shayx Mazidbek shahar chekkasidagi qo‘rg‘oniga Ali Mazidbekni chaqirtirgandi. Xavf-xatar haddan ortiq bo‘lsa-da, u beknikiga yolg‘iz borishni ma’qul ko‘rgandi. Qolaversa, Shayx Mazidbek ham shuni tayin qilgan ekan. Ikkalasi xufiya uchrashib, Sulton Ahmad mirzo bilan Sulton Mahmudxonning takliflarini maslahatlashmoqchi, ma’qul bo‘lsa, aniq bir reja tuzib olishmoqchi edi. Ular tonggacha mubohasa qilib, oqibat Umarshayx mirzoni oradan ko‘tarish bilan o‘z maqsadlariga yetishga kelishib olishdi. Faqat Umarshayx mirzoni ko‘rarga ko‘zi, otarga o‘qi bo‘lmagan Ali Mazidbek negadir, bu ishda qancha xarajat bo‘lsa ko‘tarishni, ammo o‘zi shaxsan ishtirok etmaslikni lozim ko‘rdi.
Hozir o‘sha suhbatni eslagan shayx Mazidbek Ali Mazidbekning murdanikidek oqarib ketgan yuzini ko‘rib kulgisini tiyolmadi.
– Birov o‘laman desa, siz kuladirsiz, – badtar achchiqlandi Ali Mazidbek.
– Asabni asrang, birodar, asabni, – istehzoli iljaydi shayx Mazidbek. – O’ladigan axir siz emas, Umarshayx mirzo-ku.
– Sekin so‘zlang, – qo‘rqib ketdi Ali Mazidbek, – devorning ham qulog‘i bor-a…
– Xavotir olmang, hamma beklar biz tomonda. Sizdan keyin eshikog‘adan tortib Bobo Aligacha har biri bilan alohida gaplashdim. Ularga ham bizning reja ma’qul bo‘ldi.
Nafsilamrini aytganda, shayx Mazidbek beklarni ko‘ndirishi oson bo‘lmadi. Boshda Sulton Ahmadning odamiga o‘zi ham rad javobini bergandi. Ammo goh Sulton Mahmud, goh Sulton Ahmad yuborgan odamlar kelaverib, ming turli va’dalar beraverib, holi-joniga qo‘yishmadi.
Shayx Mazidbek Umarshayx mirzo davrida ko‘ngli tusagan neki bo‘lsa, boriga erishib, davru davron surib yursa-da, botinan uni yoqtirmasdi. Shuning uchun takliflarga rozi bo‘lgisi kelar, ammo oqibatini o‘ylab ikkilanardi. Axir, nima bo‘lganda ham xoinlar begona emas: biri xonga jondek jigar, ikkinchisi qaynog‘a. Ertaga ular suiqasd ishtirokchilarini, hech bo‘lmasa el ko‘ziga, qatl etmasligiga kim kafolat bera oladi?!
Shayx Mazidbek ko‘nglidan kechgan shubhayu gumonlarni takror etib, boshqa beklar ham boshda oyoq tirab turib olishdi. Ammo u kim bilan qanday muomala qilishni yaxshi bilardi. Kimga mirzoning sarxush payti yetkazgan ozorini, kimga botiniy dushmanligini eslatib, axiyri, aytganiga ko‘ndirdi. Kajbahslik qilganlari ham Umarshayx mirzoning kuni bitganini, agar biror tasodif bilan yana taxtda qolsa-da, shu badfe’lligi-yu, urishqoqligi omon bo‘lsa, bir vaqtlar Yunusxonga taqdim qilib yuborganidek, butun Farg‘onani bo‘lak-bo‘laklab boshqalarga in’om etib yuborishini aytganda, shayx Mazidbek tomonga o‘tishdan o‘zga chora topa olishmadi.
Hamon nimadir Ali Mazidbekka tinchlik bermasdi.
– Ma’qul, bek janoblari. Ammo o‘ylangan rejani qanday amalga oshirurmiz. Boz ustiga, o‘zimiz chetda qolurmiz?
Shayx Mazidbek yuziga tantanavor tus berib, shodon ishshaydi.
– Bir hafta ichinda Marg‘ilon bilan Qo‘qonga necha bor chopar yuborishdi. Yana deng, eng uchqur otlarda, eng tezkor choparlar. Ammo ulardan nechtasi qaytib keldi? Buni hech o‘ylab ko‘rmadingizmi, bek? – Ali Mazidbekning diqqati ortdi. Shayx Mazidbek endi unga e’tibor qilmasdan davom etdi. – Yo‘lga o‘z odamlarimizdan qo‘yib qo‘yganman. Agar choparlar xushxabar olib kelayotgan bo‘lishsa, gumdon qilishadi. Aksi bo‘lsa, o‘tkazib yuborishadi. To‘rt oyoqli jonivorlarni minib ketgan ikki oyoqli xabarchilar qaytib kelmagach, mirzoyingiz “qanotli choparlar”ini yuborishga majbur bo‘ladi…
– Buni yaxshi o‘ylabsiz, – dedi Ali Mazidbek, sal tinchlanib. – Lekin suiqasdga bu tadbirning nima aloqasi bor?
– Bo‘lganda qandoq, – jonlanib ketdi shayx Mazidbek. – Bilasiz, kabutarxona jarlik labiga qurilgan. Ishongan odamlarimga kabutarxona ostini qulashiga bir bahya qolgunga qadar kovlab, tomidagi yog‘ochlarni arralab qo‘yishni buyurganman. Mirzo janoblari kabutarlarni o‘z qo‘llari bilan uchirishni yoqtirishlari sizga ayon. Agar omadimiz kelib, bu gal ham mirzo kabutarxona tomiga chiqsalar, tom qulab tushadi. Uning zilday gavdasini ko‘tarolmagan omonatgina kabutarxona kuchli zarbdan pastga ag‘anashi turgan gap.
– Salohiyatingizga sallamno. Lekin…
– Hech qanday lekin-pekini yo‘q, – uning gapini cho‘rt bo‘ldi shayx Mazidbek. – Kabutar boquvchi ham odam ekanini, uning ham siznikidek og‘zi borligini unutmang. Qolaversa, bu olamda oltindek sariq iblisga sotilmaydigan bani odamning o‘zi yo‘q. Xudo xohlasa, hammasi ko‘ngildagidek bo‘ladi. Mana endi o‘ylagan rejamizning ipidan-ignasigacha xabardorsiz. Harqalay, bir oz bo‘lsa ham o‘pkangiz bosilgandir.
– Bek janoblari, men quyonyurak emasman. Biroq bu tuzluqqa tupurish bo‘lmasmi? Xavotirim shundan, xolos.
– E, Ali Mazidbek, – yana uning ko‘zlarida istehzo uchqunladi, – hali shu yurak bilan Xonzodabegimdek sherning urg‘ochisiga egalik qilmoqchimisiz?
– Bek janoblari, haddingizdan oshmang, – Ali Mazidbekning qo‘llari beixtiyor kamariga osilgan yaroqqa yugurdi.
– Bo‘pti, bo‘pti, – shayx Mazidbek qaltis hazili zilga aylanib ketishini sezib bir oz yon berdi. – Tong ham oqarib qoldi. Borib saharlik qilaylik. Hademay mirzo hazratlari yo‘qlab qoladilar…

* * *

Kun choshgohdan oshgunga qadar sabr qilgan Umarshayx mirzoning oxiri toqati toq bo‘ldi. Ammo na Marg‘ilon va na Qo‘qondan chopar keldi. Noiloj qolgan mirzo so‘nggi chorani qo‘llab, “qanotli choparlar”ini yuborishga jazm etdi.
Umarshayx mirzo o‘n-o‘n besh chog‘li mulozim va beklari bilan janubiy darvozadan chiqqanda quyosh zaminni zabtiga olib bo‘lgan edi. Mirzoning negadir tixirlik qilayotgan otiga qamchi bosish uchun ko‘tarilgan qo‘li havoda muallaq qoldi. Nahotki, tushi o‘ngidan kelsa?! Nahotki, hali qirchillama qirqqa ham to‘lmay bu foniy dunyoni tark etsa?! Ehtimol, ostidagi arg‘umog‘i ham o‘sha tushida ayon bo‘lgan o‘lim sharpasidir va uni muqarrar o‘lim sari olib ketayotgandir…
Otliqlar jar labiga yetib kelishganda kabutarlarning bezovtaligi yanada ortdi. O’zi shunday ham ular kechadan buyon suvga ham, donga ham qaramas, yuz berishi mumkin bo‘lgan qandaydir xavf-xatarni sezgandek, o‘zlarini kabutarxona devoriga urishar, tashqariga chiqish yo‘llarini izlashardi. Kabutar boquvchi ham nimadandir bezovtalanib, oyog‘i kuygan tovuqdek tipirchilab, o‘zini qo‘ygani joy topolmasdi.
Haliyam tinimsiz xayollarini bir joyga yig‘olmagan Umarshayx mirzo Mar­g‘ilonga uchadigan kabutarning boshini silagancha kabutarxona tomiga ko‘tarildi. U zalvorli qadamlari zo‘ridan g‘ichirlab turgan zinadan yuqorilagani sayin shayx Mazidbekdan tortib kabutar boquvchisigacha hamma boshi egilib, yerdan ko‘zlarini uzolmay turishdi. Faqatgina Qosimbek qavchingina bu holdan hayratda edi. Nega ular bu qadar bezovta? Bu yerda qanday siru asror bo‘lishi mumkin?!
Qosimbek qavchin savollariga javob topguncha nimadir qarsillab sindi-yu, qo‘llariga kabutar ushlagan Umarshayx mirzo ko‘z ochib-yumguncha kabutarxona ichiga qulab tushdi. Qosimbek o‘rnidan qo‘zg‘alishga ulgurmay, jar labiga o‘rnatilgan kabutarxona pastga qarab indi. Tagi nuragan qirg‘oq ham unga qo‘shilib jar tubiga quladi. Sarosimada qolgan Qosimbek sher na’rasiga monand hayqiriqni baralla eshitdi-da, boshini sarakladi. Umarshayx mirzo kabutarxona ichida yotganicha pastga qularkan, xayolida rahmatli otasi aytgan so‘zlarning oxiri bot-bot takrorlanardi: “O’lim sharpasi… O’lim sharpasi…”.

“Sharq yulduzi” jurnalining 2011-yil, 6-sonidan olindi.

05

(Tashriflar: umumiy 137, bugungi 1)

Izoh qoldiring